Ярим тун (ҳикоя) [Pak In Suk]

Ярим тун (ҳикоя) [Pak In Suk]
Ярим тун (ҳикоя) [Pak In Suk]
Ҳар куни ўн бирдан эллик беш дақиқа ўтган пайт мен учун жуда муҳим. Шундай пайтда мен ва ойим бир-биримиздан узоқда бўламиз. Тунги навбатда ишлаганим боис, ҳар сафар 11:55 да ойимга телефон қилиш менинг одатимга айланган.
– Ойи, менман, ҳе-ҳе. Мендан хавотир олмай, ухлайверинг, ойижон, – дейман мен.
– Тезроқ келгин, ўғлим. Мен яхшиман, ўзингни асра. ўайрат билан ишла.
– Xўп, ойи.
Менинг бу қўнғироғим онамга бир олам қувонч беради, гўё кун бўйи мадорсиз юрган-у, гаплашганимиздан сўнг ойим кучга тўлгандек бўларди.
– Ойижон, хавотир олманг, мен тезда бораман, – дейман баъзан бепарво.
Доим уйга кириб борганимда, авайлаб ўстирган фарзандини ҳеч кимга ишона олмай, туни билан ухламай мени кутиб ўтирган ойимнинг ҳолатини кўриб юрагим ачишади.
– Ин Сук, келдингми? – дейди ойим юз йилдан буён кўрмагандек меҳр билан тикилиб. У менинг келишимни кутиб, мижжа қоқмагани учун кўзлари қизариб, ўзи толиқиб ўтирарди.
– Ҳали ҳам ухламадингизми?
– Сенинг келганингни кўрсам тинч ухлайман-да, ўғлим. Чарчагандирсан?
– Ойижон...
Мен меҳрсиз фарзанд, баъзан ҳатто онамга бир қўнғироқ қилишга ҳам эринаман. Ишим тугагач, саҳарда уйга кириб келаман. Бир куни келсам, онам мудраб ўтирган экан. Уни уйғотиб юбормаслик учун эшикни оҳиста очдим-у енгил қадамлар билан ичкарига кирдим. Ойим телевизорни ёққан кўйи столга суяниб ухлар эди. «Яхшиям шу телевизор бор», дедим мен ўзимга. Шу пайт ойимнинг қўлидан полга нимадир тушиб кетди. Телефон ва рақамлар ёзилган дафтар эди бу. Унда иш жойимнинг телефон рақами ёзилган эди. Ойим менинг қўнғироғимни кутиб, ўзим қўнғироқ қилсаммикан, дея иккиланган ва ухлаб қолган кўринади. Столга суяниб ухлаб қолган ойимнинг ажин тушган юзларига қараб, ичимдан отилиб чиқишга уринаётган йиғини тутиб тура олмадим. Қишда баргларини тўкиб кўримсиз бўлиб қолган дарахт каби ҳувиллаб қолган эди ойимнинг юзи. У кишини оҳиста кўтариб, кароватига ётқиздим ва кўрпани авайлабгина ёпиб қўйдим. Шу пайт онам уйғониб қолди.
– Ин Сук, келдингми...
– Ойи кечиринг.
– Кечиринг, деганинг нимаси, ахир фақатгина ўн икки бўлишидан олдин телефон қилиб қўйсанг бўлар эди-ку. Тинчликми ўзи? Қўнғироқ қилмаганинг учун хавотир олдим. Яна...
Ойим уйқусираб, ҳорғин овозда гапирди. Сўнг чуқур нафас олиб, бир энтикиб олди. Доим ўзини ўйлайдиган, менга бор меҳрини тортиқ қиладиган онам ўзимдан ҳеч нарса сўрамасди. Фақатгина бир чимдим меҳр... бир оғиз ширин сўз кифоя онамга. Шунда ҳар куни ойимга меҳр улашишга қасам ичдим. Қандай ишим бўлишидан қатъи назар, албатта ойимга телефон қилиб, уни ширин сўзлар билан сийлашга ўз-ўзимга сўз бердим.
...Ойимнинг вафот этганига бир йилдан ошди, мен ўз одатимча иш тутаман. Қўлимга телефонни оламан-у осмонга қараб шундай дейман:

– Ойижон, сизни яхши кўраман...
Mualifning boshqa asaralari
1 Yarim tun (hikoya) [Pak In Suk] 505
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика