Курантил кўчаси, 28 (ҳикоя) [Pramudya Ananta Tur]

Курантил кўчаси, 28 (ҳикоя) [Pramudya Ananta Tur]
Курантил кўчаси, 28 (ҳикоя) [Pramudya Ananta Tur]
Индонезиянинг замонавий йирик ёзувчиси Прамудя Ананта Тур 1925 йилда туғилган. Ёшлик йилларида қўлида қурол билан мамлакат мустақиллиги учун курашган. Миллий адабиёт ривожига қўшган катта хизматлари учун Индонезиянинг бир қатор адабий мукофотларига сазовор бўлган. Л.Толстой, А.Куприн, М.Горкий, М.Шолохов асарларини индонез тилига таржима қилган. Кўплаб ҳикоялар, «Бу Жанубий Бентенда юз берган эди» қиссаси ва «Бекаси наҳри соҳилида» романи муаллифидир.
Шаҳар бўйлаб бир маромдаги ҳорғин, қисқа одимлар билан аскар ботинка кийган киши борарди.
Бир неча йил бурун бу ботинкалар яп-янги эди, ялтираб турарди. Жанг майдонлари бўйлаб, ўлдирилган турли миллат аскарлари танасини таҳқирлаб, музаффарона юриб ўтганди. Лекин у пайтлар ўтиб кетди. Ботинкалар ўз оҳорини йўқотди: пошналари ейилиб, усти сарғайиб йиртилди, учи айрилиб кетди.
Ботинкалар ичида ингичка ва қоқшоқ оёқлар кўзга ташланарди. Бир неча йил бурун бу оёқлар бақувват ва толмас эди, лекин уруш уларнинг аввалги кучини сўриб олган эди.
Каттакон ботинкалар ва унинг ичидаги гугурт чўпидай ингичка оёқлар кўпчиликнинг кулгисини қистатарди. Ўткинчилар ҳалиги кишини кижанг1 ёки Буратино деб майна қилардилар. Аммо у ўткинчиларга эътибор бермай йўлида давом этарди.
Қачонлардир унинг оёқларини узун шими беркитиб турарди. Лекин шим аста-секин қисқариб борди, чунки соҳиби почаси титилган сайин уни кесиб ташларди. Охир-оқибат, шим калта иштонга айланди ва соҳибининг озғин орқасини зўрға беркитадиган бўлиб қолди. Аммо бу калта иштоннинг тарихи анча узун эди: зеро, у Ҳиндистонни айланиб чиқди, Сардинияда ва Болонеда бўлди ва яна Явага қайтиб келди.
Унинг ориқ ва қоқсуяк баданини зўрға қоплаб турган гуркхларнинг яшил тўрли аскар кўйлагидан унинг оёқлари каби ингичка қўллари ва бўйни чиқиб турарди.
Бу одамни Маҳмуд Асван дейишарди. Бир пайтлар у ким биландир танишар экан, машҳур песа қаҳрамони сингари номини ўзи айтарди: «Мен рожаман. Исмим — Индра Первира. Мен Деҳли султониман». Лекин ҳозир бу одам индамайди. Ўз номини айтишнинг нима кераги бор? Буни бошқалар айтгани маъқул.
Белбоғига осиб олган бўхчада унинг бор-буди жойланганди: у ҳам бўлса Гарут2 даги тўқимачилик фабрикасида тайёрланган жигарранг ористонлик кўйлагидан иборат эди. Мазкур бўхчани бундан беш соат бурун қамоқхонада олган эди. Озодликка бўшатилаётган барча маҳбусларга жигарранг кўйлакдан ташқари ўн килограммдан гуруч ҳам беришарди, лекин у гуручни олмади, уни юк қилиб кўтариб юришни истамади. Кўйлакнинг чўнтагида ўн рупий бор эди, лекин у буни ҳозирча эсламас эди.
Маҳмуд Асван ҳашамдор дўконлар, идоралар, хусусий уйлар ёнидан ўтиб борарди. Бир вақтлар улар Маҳмудни ҳайратга соларди, энди бўлса, ўзи ўзига савол берарди:
«Ўша дўкон, идора, уйларнинг кимга фойдаси бор?» — лекин бу саволга жавоб тополмасди. Унинг қалбида ҳеч нарсага, ҳеч кимга шафқат қолмаганди. У ҳамма мени янчиб ташлашга, йўқ қилишга интилаяпти деб гумон қиларди. У фақат одамларнигина эмас, жониворларни, ўсимликларни, машиналарни, ҳатто тошларни ҳам кўргани кўзи йўқ эди. Уларнинг ҳаммаси уни йўқ қилишга интилаётгандек кўринарди. Бахтсизлигининг чеки-чегараси йўқ эди, дийдаси шу қадар қотиб кетган эдики, ўзидан ҳам, ҳатто кўзлари, қўллари, лабларидан ҳам нафратлана бошлаганди. Буларнинг нима кераги бор ўзи? У ҳаммадан ҳам худодан нафратланарди, чунки унга ҳаётни фақат азобларга маҳкум қилиш учунгина берган эди.
Бирдан унинг онгида хотиралари ғужғон ўйнай бошлади.
Мана, у Крамат кўчасида, қурол-яроғ яширинган қутилар ортилган юк машинасида кетаяпти. Унинг қўл-оёқлари маҳкам боғлаб ташланган. Нигоҳи уни кузатиб бораётган қўриқчида. Бир минг тўққиз юз қирқ бешинчи йил. «Шунинг нима кераги бор эди ўзи?» — дея сўради у ўз-ўзидан ва яна жавоб тополмади.
Ёлланма аскарнинг қисмати жуда оғир, айниқса, атрофидаги одамлар тилини тушунмаса. Агар ярадор оёғи зирқираётган ва ҳарорати кўтарилиб, аъзои бадани олов бўлиб ёнаётган бўлса янада оғир!..
Ўшанда у казармада яшарди. Лекин бу унинг ҳаётидаги энг оғир дамлар эмасди. Энг оғир кунлари Глодок турмасига тушганидан кейин бошланди. Унинг кўз ўнгидан маҳбусларни таҳқирлаш, жеркиш, сўкиш, уриш ва отишлар бир-бир ўта бошлади.
Глодок турмасидан уни Чипинанг, ундан Ганг Тенгах қамоқхонасига ўтказишди. Бу ерда оч маҳбуслар орасида чангалзор қонуни ҳукм сурарди — ким зўр бўлса ўша яшаб қоларди...
Онруст — Эдам — Тангеранг — Нуса Камбанган — Семаранг. Ҳар бир янги лагер унга янги-янги изтироблар олиб келарди. У ўзига қайта-қайта савол берарди: буларнинг ҳаммаси нимага керак? Жавоб эса ҳамон топилмасди. У бу саволни маҳбус жўраларига берганда эса, улар мағрур жавоб қайтаришарди: «Эрк учун курашчиларнинг қисмати шундай!» Дарвоқе, ҳамма ҳам шундай деб жавоб бермасди. Уйланганлар унга мўминлик билан итоаткорона жавоб қилишарди: «Изтироб чекиш барчанинг қисматида бор. Тангрига ибодат қил!»
Аммо бу жавоблар уни қаноатлантирмасди. Мудҳиш томони шунда эдики, у ҳаётда асосий мақсади нима эканини билмасди. Ҳолбуки, бу мақсад ҳозир жудаям зарур эди, чунки япон ҳукмронлиги тугаб бормоқда, янги давр бошланмоқда эди...
У ҳали ёш йигит, умид ва орзулари кўп эди. Лекин уйланиб улгурмаганди. Рафиқаси айрим камчиликларига, жумладан, иродаси бўшлигига қарамай ёқимтой аёл эди. Улар бир хонада яшашар ва битта каравот1 да ухлашарди. Оилавий турмуш уни кўп нарсага ўргатганди. У инсон тинч ва осуда ҳаётга нақадар эҳтиёж сезишини тушуниб етганди...
У бутун қалби билан унинг тинч турмушини бузганларни ёмон кўриб қолганди. Маҳмуднинг улардан ёвузроқ душмани йўқ эди.
Кейин инқилоб2 бошланди. Уларнинг уйини ёндириб юборишди. Маҳмуд босқинчилардан ўч олишга аҳд қилди, лекин қўлга тушиб қолди... Тўрт йил қамоқхоналар ва лагерларда азоб чекди. Уни фақат афв қутқариб қолди. Мана у озодликда. Лекин яшашга имкон бўлмагандан кейин, бундай озодликдан не фойда?..
Хотини қаерда экан? Унинг Марниси қаерларда юрган экан?.. Ўлиб кетганмикин ёки Сенен бозорида сасиган гўшт сотиб юрганмикин? Буни у билмасди, фақат шуни билардики, рафиқаси иродаси бўш аёл эди.
Курантил кўчасигача ҳали икки километрча бор. У айнан ўша ёққа борарди. У жуда толиққан, бефарқ одимлаб борарди. Бир вақтлар ҳамиша ҳафсала билан тараб юриладиган сочлари тўзиб кетганди. Кўкраги оғриқдан зирқирарди.
У вақтнинг қанча бўлганини билиш учун соатлар дўкони олдида бир неча дақиқа тўхтаб қолди. Соат миллари тўртни кўрсатарди. Унинг озодликка чиққанига бор-йўғи беш соат бўлибди. Бугун эрталаб соат ўн бирда у Полока лагеридан чиқди. Бошқа лагерлар билан биргаликда бу қамоқхона унинг тўрт йиллик умрини ўғирлади. Йўқотилган тўрт йил! Ҳолбуки, унинг ҳаёти бутунлай бошқача бўлиши мумкин эди. Эҳтимол, у шу пайтгача Марни билан яшаган бўлур эди, балки болалари бўларди...
«Нега мунча омадим юришмади?» — ўйларди у, кечирган азоб-уқубатларини эслаб. Жавоб эса биттагина эди: «Ҳаммасига одамлар айбдор! Уларнинг ҳар бири фақат ўзини ўйлайди!» Маҳмуд бошқалардангина эмас, ўзидан ҳам нафратланиб кетди. Баъзан қон томирини кесиб, ўзини тинчитгиси келарди. Фақат дунё олдидаги, оиласи олдидаги бурчи уни бу қалтис ниятидан тўхтатиб қоларди. Энг муҳими — рафиқаси олдидаги бурчи. «Марни иффатини менга бағишлади», — дерди у ўзига-ўзи. Иффатни ҳеч қанақа пулга сотиб олиб бўлмайди! Йўқ, у ҳеч бўлмаса, Марни учун яшаши керак. Шунинг учун ўзини ўлдиришга ҳаққи йўқ!
Курантил кўчаси босқин1 пайтидагидан анча чиройли кўринарди. Унда машиналарнинг оқими тинмайди. Кўчанинг ҳар икки томонида аввалгига нисбатан янада ҳашаматли дўконлар саф тортиб турибди. Дўконлар ва идораларнинг номлари битилган лавҳалар ҳам энди япон тилида эмас, голланд тилида эди. Сартарошхонанинг лавҳаси — у ҳам голланд тилида — тагида «Курантил кўчаси, 28» ёзув и ўзини кўз-кўз қиларди.
У шиша дераза орқали ичкари қаради. Ичкари озода, чиройли қопламали жиҳозлар ялтираб турар, йирик кўзгулар чарақларди. Сартарошхона соҳиби стулда ўтириб газета ўқирди. Ўтган йиллар ичида у қарийб ўзгармабди, ҳатто олдингидан ёшроқ кўринарди. Бир вақтлар Маҳмуд бу сартарош билан шоҳмот ўйнашни яхши кўрарди.
Мижозлар йўқлигидан кетишга тараддудланган сартарош газетани буклаб, бир четга қўйди, ўрнидан туриб эшикка йўналди. Яқинлашиб келаётган одамни кўриб, қотиб қолди. Кўзлари катта-катта очилди ва у:
— Маҳмуд! — деди секингина.
Қандайдир сония ичида Маҳмуд унга бир қараб олди-да, йўлида давом этди. Бу одам билан гаплашишдан нима фойда? У ҳам бир алдамчи бўлса керак-да, қабоҳатдан бошқа нимани кутиш мумкин.
— Маҳмуд! — эшитилди орқадан.
Сартарош унга етиб олди-да, енгидан тортди, дўконига таклиф қилди.
— Мени нега чақираяпсан, Мамат? — сўради Маҳмуд, собиқ дўстига эргашар экан.
— Ўтир. Сен билан гаплашмоқчиман.
Маҳмуд ҳеч нарса демади. Лабларида ишончсиз илжайиш пайдо бўлди. Улар думалоқ мармар стол атрофидаги оромкурсига ўтиришди. Маҳмуд кўзларини юмиб, ҳорғин бир ҳолатда курси суянчиғига ястанди.
— Демак, соғ-саломат экансан-да?
— Ҳа, соппа-соғман.
— Мен бўлсам...
Маҳмуд кўзларини очиб, Маматнинг орқасидаги кўзгуда ўз аксини кўрди. У ўзини таниёлмай қолди!
Ўтган тўрт йил ичида у бирор марта ҳам ойнага қарамаганди. Бир вақтлар доно ва меҳрибон чеҳра ўрнида унга ажин босган ва соч-соқоли ўсган башара бақрайиб қараб турарди.
— Жуда ўзгариб кетибсан... — деди Мамат гапни нимадан бошлашни билмай. — Қаердан келаяпсан?
— Лагердан, — хоҳламай минғирлади Маҳмуд.
— Мен бўлсам...
Маҳмуд ўрнидан турди, кетмоқчи бўлди, лекин Мамат унинг қўлидан ушлаб қўйиб юбормади.
— Нима демоқчисан Мамат?
— Тўхтаб тур. Мен сенинг дўстингман, ахир. Худди аввалгидай... Маҳмуд мен сени... Крамат кўчасидаги жангда ўлгансан деб ўйлагандим. Менга таниш бўлган бир политсиячи айтувди; сенинг бошингга портловчи ўқ текканини... — У тутилиб, кўзини дастрўмоли билан арти-да, — сўзини давом эттирди: — Ўша одамни сенинг номинг билан кўмишибди.
— Сен ҳақсан, Мамат. Мен бундан тўрт йил олдин ўлганман. Энди мен уй-жойсиз дайди руҳман. Сен мен билан гаплашмаслигинг керак.
— Оилангдан хабаринг борми?
— Йўқ.
— Ахир сен менинг эски дўстимсан, Маҳмуд. — Сартарош жим қолди. Сўнг бирдан сўради: — Сенга нима бўлди? Нега бунақа ўзгариб кетдинг?
— Энди мен фақат дайди руҳман, — такрорлади Маҳмуд.
— Қаёққа боряпсан? — сўради сартарош.
— Ўзим ҳам билмайман. Эски уйимни бир кўрсаммикин?
— Ундан ном-нишон ҳам қолмаган. Ҳозир унинг ўрнида саноат корхонаси қуришган.
— Ахир у ер меники-ку. Менинг уйим ўша ерда турганди.
— Ерни сотиб олишди.
— Уни ким сотди?
— Кечирасан, Маҳмуд... Ахир мен сени ўлган деб ўйлагандим.
— Энди бўлса сен бизнинг дўстлигимиз туфайли мен ўз ерим ва вайрон бўлган уйимдан воз кечишимни хоҳлаяпсан, шундайми?
— Ундаймас, Маҳмуд... Менинг ҳунарим яхши даромад бермаяпти... Мен ерни сенинг боланг учун сотдим.
— Менинг болам учун? — ҳаяжонланиб қайта сўради Маҳмуд ва қаттиқ кула бошлади. — Менинг болам учун, деяпсанми?
— Ҳа. — Сартарош тасдиқлаб бош эгди.
— У менинг болам бор, деяпти! — хитоб қилди Маҳмуд нотаниш учинчи шахсга. — Буни қаранглар-а, мен дайдида бола бор эмиш. Балки, битта эмас, кўпдир?
— Ҳа, кўп. Улар иккита. Шунинг учун ҳам мен ерни ва уйинг қолдиқларини сотдим. Сен тушунадиган одам эдинг. Ҳозир ҳам мени тўғри тушунасан деб умид қиламан.
— Мен сени яхши тушуниб турибман. Шунинг учун ҳам сенга ҳеч қанақа даъвойим йўқ.
Шу пайт сартарошхонага бир қизча кириб келди, баҳслашаётганлар бараварига жимиб қолишди.
— Дада! — деди қизча қийқириб. Лекин нотаниш одамни кўриб, қўрқиб кетди-да, оғзини очганича қотиб қолди.
— Буёққа кел, Нани!
Нани сартарошнинг тиззаларига ўтиргач:
— Нега қўрқасан? — деди Мамат. — Бу Маҳмуд амаки-ку.
Қизча нотаниш кишига яна бир қараб олди-да:
— Дада, ойим қалампирга пул сўраяптилар, — деди.
Маҳмуд кўйлаги чўнтагига қўл солиб, ўн рупий чиқарди-да, Нанига узатди.
Қизча қўрққанидан чинқириб юборди.
— Обор пулингни, Маҳмуд! — бақирди сартарош ҳам. У қизчанинг юзини силар экан, деди: — Бу сенинг боланг, Маҳмуд.
Қизча юзини сартарошнинг кўксига яширганча столга ёпишиб турарди.
— Қўрқма! Бу яхши амаки, — дея тинчлантирарди Мамат.
Маҳмуд пулни стол устига қўйди. Унинг юзи тағин ҳам озғин ва қаригандай кўриниб кетди.
— Шу ростдан ҳам менинг қизимми?
Мамат юзини Нанининг сочларига босди:
— Ёлғиз худога аён, — деди аянч билан. — Агар сенинг қизинг бўлмаса, демак у менинг қизим.
Маҳмуд ўтирган оромкурсисидан дик этиб турди, собиқ дўстига ўткир нигоҳини қадади:
— Мамат, Марни шу ердами?
Мамат «ҳа» дегандай бош ирғади, Маҳмуд ўрнига ўтирди.
— Энди сен ҳамма нарсадан воқифсан, Маҳмуд. Бу бола кимники эканлигини ишонч билан айтиш қийин. У ҳам меники, ҳам сеники.
— Энди ҳаммаси тушунарли, — деди Маҳмуд. — Мени бу ерга шунинг учун чақирдингми?
— Ҳа. Ўйлашимча, бу воқеани сенга гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Гап нимадалигини ўзинг тушуниб турибсан. Одамлар сени ўлган деб ўйлашарди. Эҳтимол,сен бу дунё биз иккаламизга торлик қилади, деб ўйлаётгандирсан?
Маҳмуд қўлларини столга қўйди.
— Кўраяпсанми?
— Қўлларинг жуда ҳам озғин.
— Ҳа, жуда озғин... Йўқ, Мамат, дунё иккаламиз учун унчалик тор эмас. Мен ҳали яшашни истайман, лекин яна йигирма йилга чидайманми, йўқми. Марни эса, Марни... бу ерда яхши яшаётганга ўхшайди. Менинг кетганим маъқул, — шундай деб Маҳмуд ўрнидан турди. Мамат уни тўхтатди:
— Шошма! Наҳотки сен Нани қизингни тиззангга олиб бирпас эркалашни истамайсан? Наҳотки Марни билан кўришишни хоҳламасанг?
У парда билан тўсилган эшикка ўгирилди-да, баланд овозда чақирди:
— Марни!
«Марни билан учрашиб нима қиламан? — ўйлади ҳаяжонланган Маҳмуд. — Учрашсам нима қилибди? Ахир, ҳар нима бўлганда ҳам у менинг хотиним-ку».
— Мени бу ерда меҳмон деб ҳисоблайвер, Маҳмуд, сен эса уй соҳибисан. Чунки буларнинг ҳаммаси сенинг пулингга —сотилган ер эвазига олинган. Агар истасанг, мен кетишим мумкин.
— Нега? Ахир менинг ҳаётим барбод бўлган-ку.
— Сен ноҳақсан, Маҳмуд. Манманлигингни қўй. Менинг маслаҳатимга кир: хотининг билан кўриш. — Мамат янада баландроқ овозда чақирди:
— Марни!
— Тангри гувоҳ, — давом этди у, — сенинг ўлганинг ҳақидаги хабардан кейин Марнига жуда қийин бўлди. Унга жуда ҳам раҳмим келди. Ахир эркакка аёл керак-да. Марни менинг ёрдамимга муҳтож эди. Шунинг учун ҳам унга уйландим.
— Раҳмдиллик — энг бемаъни баҳона, Мамат! Одамнинг аёлга раҳми келганидан уйланишини сира хаёлимга сиғдира олмайман.
Сартарош жим. Нани йиғларди. Остонада аёл кўринди.
— Мени чақирдингизми? — сўради у Маматдан.
— Меҳмонимиз бор, — жавоб берди Мамат. — Мундоқ ўтир.
Шошиб қолган аёл сал ўзига келгач, оромкурсига ўтирди. У меҳмонни диққат билан кўздан кечирди. Унинг бўғзидан бир нидо отилиб чиқди:
— Маҳмуд!
У қўлларини чўзди, гўё собиқ эрини бағрига босмоқчи эди, лекин бирдан қўлларини туширди ва алам билан ўксиб-ўксиб йиғлади.
Мамат ҳам йиғларди. Унинг кўз ёшлари қучоғида қисиниб турган Нанининг бошига тушарди. Қизча эса индамасди. У нималар бўлаётганини яхши тушунмасди, кимнинг боласи эканлиги унга барибир эди. Йиллар ўтади, у улғаяди, ўшанда бу масала унинг олдида кўндаланг бўлади. Лекин ҳаётининг охиригача у бу саволга жавоб тополмайди. Ҳозир эса ҳеч нарсани ўйламасди. У Маматнинг қучоғидан сирғаниб чиқди-да, онасининг тиззасига ўтирди.
Марни ғоят бахтсиз эди. Тақдир ўйинини қарангки, у икки эрли бўлиб қолди. Унинг хаёллари паришон, юраги тарс ёрилай дерди. Марни бирор сўз айтишга мажолсиз, фақат ўкириб йиғларди.
— Кетдик бу ердан, Маҳмуд, — деди сартарош ичкари эшикка йўналаркан.
— Қаёққа? — сўради хижолат бўлиб Марни. Мамат унга жавоб қайтармасдан, Маҳмудни хосхонага бошлаб кирди: — Бегоналарнинг кўрмагани маъқул, — деди.
Кутилмаганда эшик очилиб, остонада калта шим кийган эркак пайдо бўлди.
— Не кунларга қолдик, Мамат! — хитоб қилди у. — Велосипедга ҳам солиқ жорий қилишибди.
Ҳамманинг нигоҳи унга қадалди. Гангиб қолган киши бош эгиб кечирим сўради. Бирдан меҳмонни таниб қолди.
— Маҳмуд!
Калта шимли киши Маҳмудни қучоқлаб бағрига босди-да, қулоғига шивирлади:
— Мен сени ўлган деб ўйлагандим...
Маҳмуд қўлларини ёйиб, жавоб қилди:
— Мен энди сенинг дўстинг бўлган Маҳмуд эмасман.
У кўчага чиқди ва жўнаворди.
— Маҳмуд! — қичқирди Марни.
— Маҳмуд! — чақирди Мамат.
— Маҳмуд! — эшитилди калта шимли кишининг овози.
— Уни қайтаринглар! — ялинди Марни.
Икки эркак унинг орқасидан югурди.
Маҳмуд одам гавжум кўча бўйлаб, ҳеч нарсага парво қилмай шошиб борарди.
— Қаёққа кетаяпсан, Маҳмуд? Уйинг шу ерда, ахир. Хотининг шу ерда. У сени ҳалиям севади. Қизчанг — Нани шу ерда. Яхшиси, мен кета қоламан, — дерди сартарош такрорлаб.
— Мен билан ишларинг бўлмасин.
— Аҳволинг не кечади, Маҳмуд?
— Сенга нима? Сенинг ишинг бор, оиланг, пулинг бор. Менда эса ҳеч вақо йўқ. Ҳатто умид ҳам йўқ. Мен ўзимга ҳам, худога ҳам ишонмайман.
— Қайт орқангга, — ялинарди Мамат. — Акс ҳолда ҳаётингдан ҳеч қандай фойда йўқ.
— Энди мен ҳаётимдан қандай фойда бўлишини яхши биламан.
— Сен буни зиндонларда англадингми?
— Йўқ, ҳозиргина тушундим.
— Нима, ғурурланиб кетдингми?
— Йўқ.
— Сенингча, ҳаётнинг маъниси нима?
— Ҳайронман, мен нега буни шунчалар кеч тушундим, — деди жилмайиб Маҳмуд.
— Хўш, нима учун яшаяпмиз, ахир?
— Солиқларни вақтида тўлаб туриш учун.
Маҳмуд кўприкнинг темир панжарасига яқинлашди ва тўхтаб қолди.
— Пастга қаранглар, — деди у. — Мен у оламнинг мўъжазгина парчасиман. Худди сув ва тошлар мисол. Балиқлар сингари. Йўқ, мен табиатни бўйсиндирувчилардан эмасман.
Ва бирдан у панжара оша пастга сакради...
— Ёрдам беринглар! Одам чўкаяпти! Ёрдам бе-ринг-ла-ар! — бақиришарди кўприкдаги икки киши.
Уларнинг атрофини ўткинчилар ўраб олишди. Дарё бўйлаб қайиқ сузиб ўтди. Ундаги кишилар сувга шўнғишди, чўккан одамни қидиришди. Лекин бефойда.

Кеч кирди — Одам Ато давридан бери барча оқшомларга ўхшаш оддий кеча. Эртага тонг отади. Лекин Маҳмуд бу тонгни бошқа кўрмайди. Унинг учун тун бошланди, сўнгсиз тун.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика