Халоскор қоғозлар (ҳикоя) [Qilichbek Mustafo]

Халоскор қоғозлар (ҳикоя) [Qilichbek Mustafo]
Халоскор қоғозлар (ҳикоя) [Qilichbek Mustafo]
Марғуба остона ҳатладию, меҳмонхонадан келаётган таниш овозларга сергак тортиб қулоқ солди.
— Етти минг сўм камми?
— Еттитангиз киссангизда турсин, Мавлонбек! — бу тўнғич ака бўлмиш Тўлқиннинг товуши. — Бу ҳовли аслида тўнғич ўғилники бўлиши керак, бир вақтлар сал аҳмоқлик қилиб чиқиб кетганман, ҳозир шу хатони тўғрилаш пайти, нега ундан фойдаланмаслигим керак? Ҳовли эвазига ўзим ўн минг бераман.
— Аҳмоқлик қилгансизми, бошқами, бир мартага бу ҳовлидан воз кечгансиз, — деди дағаллик билан Мавлонбек, — энди сизнинг даъвогарликка ҳаққингиз йўқ. Туфлаган тупукни қайтиб оғизга олса шармандалик-ку?!
Кенжа ука Шокир гапга аралашди:
— Бу туришда келишолмаймиз... Келинглар, яхшиси, қуръа ташлайлик, ютуқ кимга чиқса, ҳовли ўшаники, нархини кейин келишамиз.
— Чўпчагингни ўзингга айт, укагинам, — деди Тўлқин овозини баландлатиб, — қонун ҳам, бошқаси ҳам мен тарафда.
Марғуба ака-укалар нима устида гаплашаётганини сезгач, бир зум карахт туриб қолди. Сўнг беҳол ётоқхонага кириб кетди. Юраги бемеҳр ака-укалар баҳсидан эзилиб, тобора изтиробга тўлиб-тошарди.
Eшик ғийқ этиб очилди. Марғуба у ер-бу ерини тўғрилади. Ётоқхонага кирган қайнонаси экан.
— Қайнағаларингиз келганди, — деди Ҳамробуви бўсағада туриб, — Асқаримнинг қирқида қабрига тош қўйишмоқчи эканлар, қандайини қўяйлик деб сизнинг олдингиздан ўтишмоқчи.
Марғубанинг юраги эзгин хаёлдан сирқираб кетди: «Ҳозиргина ҳовлини савдолашиб туришганди-ку, ака-укалар?! Бу юзсизликни кўрган кўзлар кўр, эшитган қулоқлар кар бўлиб қолмайдими?..»
— Акаларимга раҳмат айтинг, — деди Марғуба дилидагини тилига кўчирмай, — укамизнинг қабрига қанақа тош қўяйлик дея бошлари оғримасин, топганда болаларим билан ўзимиз қўямиз...
— Ниятингиз кўп яхши, — деди Ҳамробуви, — фақат акаларингизга бунақа дея ўтирманг, ҳар ҳолда урф-одатни ҳам ўйланг. Акаларингизнинг кўзи тирик туриб уч бола билан сизнинг югуриб юрганингизни кўрган қишлоқ нима дейди? Бордию болаларингиздан орттириб, уч-тўрт сўм берсангиз, унинг йўриғи бошқа...
Марғуба қайнонасининг гапини эшитгиси келмай:
— Яхши... Бораверинг, ҳозир чиқаман, — дея минғирлади.
Марғуба мактабда муаллима. Бошланғич синфлар билан шуғулланади. Мана, кўргилик экан, — ўттиздан ўтар-ўтмас эридан айрилиб, тул қолди. Эри Асқаржон туман газ идорасининг бошлиғи эди. Топиш-тутиши тузуккина, қариндош-уруғ тугул, етти ёт бегоналарга ҳам меҳрибон, имкон қадар ёрдам қўлини чўзар эди. Аммо яхшининг умри қисқа деганлари чин экан. Бундан бир ой аввал у автоҳалокатга учради. Оғир аҳволда, касалхонага келтиришди. Қишлоқ туман марказидан хийла узоқ бўлгани учунми, ҳарқалай бу шумхабар оиласига анча кеч етиб келди. Ҳалокатдан сўнг роппа-роса бир кеча-кундуз ўтгандан сўнг, Марғуба чошгоҳга яқин касалхона йўлагида пайдо бўлди. Юраги қўрқув ва таҳликадан гурс-гурс урмоқда. Кўзларида ғилт-ғилт ёш.
— Кечирасиз, кириш мумкин эмас, — дея оппоқ либосдаги врач аёлни тўхтатди.
— Мен... Исматип Асқарнинг оиласиман... — аранг ғўлдиради Марғуба.
— Биламан... лекин у кишининг олдига кириш мумкин эмас. Аҳволлари оғир...
— Қачон кирсам бўлади эса? — сўради аёл юраги така-пука бўлиб.
— Тўғриси, — деб чайналди врач, — ҳозир олдида одам бор. Қани, ўша... чиқсин-чи, кейин, кўрамиз.
Марғуба касалхона йўлагидаги чарм қопламали курсилардан бирига омонат чўкди. Икки кўзи эри ётган палатада. «Ё, Худо, ўзинг асра. Болаларимга раҳминг келсин, эримни бағримизга қайтар».
Орадан ярим соатча вақт ўтди. Ниҳоят, палата эшиги қия очилдию, у ердан чиққан калта сочли, калта кўйлак кийган аёлни кўриб Марғубанинг бутун вужудига ғазабми, аламми шунга ўхшаш шилимшиқ туйғу ўрмалади: «Наҳотки...»
Шу хира туйғу Марғубани буткул қамраб олди. Бироқ эрининг олдига кириб видолашишга улгурмади. Врачлар унинг жони узилганини айтишди. Марғуба ув тортиб йиғлаб юборди.
Дафн маросими, еттилик худойи эл қатори ўтказилди. Асқаржоннинг ака-укалари бел боғлаб хизмат қилишган бўлди. Ўшанда Марғуба қайнағаларидан хурсанд бўлган эди. Аммо бугунги хуфёна суҳбат... Шусиз ҳам тилка-пора бўлиб юрган аёл юрагини баттар нимталади. Устига-устак, Марғуба ўша чошгоҳ касалхонада кўрган манзара-чи?! Ким ўша аёл?! Асқар акага қандай яқинлиги бўлган? У ўз ўлими олдидан нега ўша жувон билан учрашди. Наҳотки, у Асқар акага Марғубадан ҳам азиз бўлса?!.
Бу хил савол-жумбоқлар Марғубани ўша чошгоҳдан бери қийнайди. Ҳатто дафн маросими, мангу айрилиқ ҳам уни юпатолмади. Ўша калта сочли, калта кўйлакли жувон ҳар гал кўз ўнгида жонланаркан, беихтиёр ич-ичида яна ўша туйғу — ғазаб ва алам, шилимшиқ рашк ғимирлаб қолади.
«Бу хонадонда мени ушлаб турадиган ҳеч нарса йўқ, — шу ўй Марғубанинг тез-тез хаёлидан ўтарди, — тўғрироғи ҳеч қачон бўлмаган экан...»
Шу сабаб қайноғаларининг хуфёна маслаҳати фақатгина унинг нафратини қўзғади. Бор аччиқ ҳақиқатни, ака-укаларнинг юзсизлигини очиқ-ошкор этиб бу хонадондан бош олиб кетишга ўзича қарор қилди.

* * *
Марғуба кириши билан Тўлқин қўлини фотиҳага ёзди. Уйдагилар унинг ортидан қўлларини юзларига суришди...
Тўлқин олдидаги пиёлани қўлига олиб:
— Энди, келин, — дея узоқдан гап бошлади.— Инсон яралибдики — ўлим ҳақ! Биз истаймизми-йўқми, ҳаммамиз бу дунёни тарк этамиз. Шундай экан, ҳа деб ўзингизни қийнаманг, сиз ҳали болаларингиз учун ҳам кераксиз. Тўғри, эрта келган, эрта кетмак керак, нима дейсиз, энди қийналиш эмас, уриб бошимизни ёрганимиздаям Асқаржон тирилиб келмайди. Ўша учун тақдирга тан беришимиздан, тирикларнинг эртасини ўйлашимиздан бошқа чорамиз йўқ. Сизни чақиришимиздан мақсадимиз Асқаржоннинг эртадан кейин қирқини ўтказишни ўйлаб турибмиз. Қирқига уч юз кило гуруч олмоқчимиз. Ошнинг тагига Жомнинг бозоридан тўрт-беш пудлик қора қўчқор олмоқчимиз. Абдурашид мойчига юз кило зиғир ёғ тайинладик. Ака-укалар эл-улусга аралашиб юрибмиз, кейин Асқаржон ҳам эгарнинг устида эди, одамлар гапирмасин деймиз-да... Галатепалик Холиқ сангтарошга тош буюриб қўйганмиз, агар оғир ботмаса, Собиржон билан шу тошни бориб кўриб келсангиз. Худойи куни тошниям укажонимнинг қабрига қўйсак. Ҳозир тилга олганларимни чўтга солса, беш-олти сўмга бориб қолади. Буёқда биримизда бешта, бошқамизда олтита қоракўз берсанг ейман, урсанг ўламан деб қараб турибди...
Марғуба унинг гапини бўлди.
— Беш-олти сўмингиз қанча бўлади?
Уйдагилар «ялт» бир-бирига қараб олишди.
— Гап харажатда эмас, келин..., — бироз ўйланиб қолган Тўлқин мақсадга кўчди. — Ростини айтганда, сизга «берди»сини айтиш учун гапни узоқдан бошлагандим. Бундан бу ёғига, сизнинг топганингиз уч қора кўзга етиб турса, шунинг ўзи бизга катта давлат. Бу ёқда, ёши бир жойга бориб қолган энамам бор... ҳар нарсани тановул қилавермайди: сиз қарайсиз, қарамайсиз эмас, кундуз куни ишдасиз, энамнинг иссиқ-совуғидан хабар олишга вақтингиз етадими-йўқми, мана гап қаерда. Ўша учун энам энди меникида...
— Йўқ, меникида... — Мавлонбек шарт акасининг гапини кесди.
— Бир пасгина сабр қил! — Тўлқин укасига ялинганнамо қараб олиб, давом этди. — Болаларингиз, бу ёқда энам, унинг устига ҳовли, сизга оғирлик қилмасмикан деймизда, а?..
— Гапни майдаламай, дангалини айтаверинг? — деди Марғуба шартта. — Гулдайгина эрини тупроққа бериб чидаган инсон, бошқа кўргуликларгаям чидайди.
— Биз сизнинг ташвишингизни ўйлаяпмиз...
— Менинг ташвишимни?.. — Марғуба Тўлқиннинг гапини оғзидан олди. — Менинг ташвишимни ўйлайдиган одамлар, эримнинг тупроғи совумай, бола-чақаси билан ҳовлидан қувиб чиқариш ташвишида бўлмасди. Мени ўйламаслигингиз мумкин, ўйлайдиганим энди йўқ. Аммо укангиздан қолган уч қора кўзни ўйламаслик, боя сиз тилга олган на шариатга, на шароитга тўғри келади. Биласизларми, ҳозир сизларни кўриб, эшитиб туриб, нима алам қилаяпти. — Марғуба уйдагиларга бир-бир қараб чиқди. — Мабодо биз, сизларни бирор муддат сўраб бормасак, силар ўқимишли, мансабларинг бор, дея хафа бўлардинглар. Ўша пайти мен, акаларингиз хафа бўлмасин, уларни тез-тез йўқлаб турайлик, десам, укангиз, сен акамларнинг у гапларига унчалик ҳам ишонаверма, ҳозир биздан олаётган ёрдами туфайли, бизни сўраб турибди, эрта бир куни биздан борадиган ёрдам тўхтаган куни, акамлар саломини насия қилади, десалар уларни койирдим. Койиб нотўғри қилар эканман, мана нимаси алам қилади.
— Тугадими? — Мавлонбек Марғубага ўқрайиб қаради.
— Йўқ! — Марғуба бошини кескин чайқади. — Қўрқманг, савдоларингга халал бермайман, гапим тугаши билан бу уйдан чиқиб кетаман.
Шу пайт дарвоза қаттиқ тақиллади. Меҳмонхонада ўтирганлар бир-бирига хавотирли кўз ташлашди.
— Ким экан-а? — деб тўнғиллади Мавлонбек, машварат бузилаётганидан норизо.
Кенжа Шокир бўсағада бир бурдагина бўлиб ўтирган онасига им қоқди.
— Эна, чиқиб қаранг-чи, ким экан?
Ҳамробуви шарпадек сидрилиб ташқари чиқди. Меҳмонхонага ўлик сукунат чўкди. Дераза ойнасидан кулранг, гезарган осмон парчаси ғира-шира кўзга ташланади.
Бир пайт Ҳамробуви калта сочли, қизғиш, енг-ёқасиз, калта кўйлак кийган, қош-кўзлари обдон бўялган жувонни бошлаб келди.
Марғуба аёлни таниб беихтиёр қалқиб тушди:
«Шу етмай турувди. Бу ҳам ҳозир бошлайди, шарманда бўлдим.»
— Кечирасизлар, — деди нотаниш аёл, — мен Холтўраева Санобарман, туман нотариал идорасида ишлайман. Исматов Асқар ўлими олдидан баъзи нарсаларни расмийлаштирган эди. Шуни сизларга маълум қилмоқчиман.
— Нимани расмийлаштирган? — беихтиёр оғзидан чиқиб кетди Тўлқиннинг.
Санобар индамай сумкасидан бир даста қоғоз чиқарди.
— Аввало, марҳум Асқар Исматов ўз ҳовлисини хотини Марғуба Исматова номига ўтказди.
— А?..
— Нима?!
Ака-укалар чаён чаққандай сапчиб ўринларидан туриб кетишди.

Марғубанинг кўзларидан эса милт-милт ёш оқарди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика