Тилни тийган яхши (қатралар) [Rahim Qodirov] |
Ер Меҳри – Намунча ерга ёпишмасанг, – дебди Шамол. – Ернинг меҳри, бағри иссиқ-да, – дебди Қор. Шакл – Кўп сиқмагин, эзилдим-ку! – зорланибди Лой. – Сиқмасам, ғишт шаклига кириб бўпсан! – деб жавоб қилибди қолип. Гўзаллик – Одамлар нега доим сенга интилади? Сиринг нимада?– сўрабди Жар. – Уларни бошимга кўтариб, дунёни кўрсатаман, – дебди Чўққи. Алам Ва Ғам Алам шериги Ғамга дебди: – Табассум билан гаплашма, у бизни кўролмайди. Бағри Иссиқ – Тошкўмир бунча қоп-қора, хунук бўлмаса? – дебди Кесак. – Сиртдан баҳо бермагин, унинг бағри нақадар иссиқ, – дебди Тош. Гул Ва Зарпечак Зарпечак Гулга ўшқирибди: – Қуриб кетгур. Одамлар бўйи-бастинг учун доим бизни юладилар!.. – Э, нодон, шунга қуритадилар, деб ўйланасанми? Ахир, барча нарсани бўғиб кўкартирмайсан-ку?!. Тўғрилик Учун Болға эгри михни тўғрилашга ҳаракат қиларди. Шунда эгри Михдан нидо чиқибди: – Раҳминг келсин... – Бўлмаса, тўғри тур-да, – дебди Болға. Қўнимсизлик – Мени нега шамол қувлагани қувлаган? – сўрабди Сомон. – Илдизингдан айрилгансан! Шунга қўниминг йўқ, – жавоб берибди Чинор. Улуғ Бахт – Оқибатинг шу экан: бир зум ёниб, кейин кераксиз бўлиб қолдинг-ку! – дебди Кулга Кесак. – Ахир, олов бўлиб, одамларнинг хизматини ўтаб, бурчимни адо этдим. Бундан улуғ бахт борми! – дебди Кул. Вазифа – Кўп гапириб, бошимизни оғритиб юбординг, – деди Тишлар. – Вазифам гапириш-да, – дея ялтоқланибди Тил. – Тилни тийиш ҳам бизнинг вазифамиз доирасига киради! Тишлар бирлашиб, оғизни очирмабди. Девор – Одамлар ғалати-да, деворнинг қулоғи бор, секин гапиринглар, деб мени гуноҳкор қилишади, – дебди Девор. – Эътибор берма, улар бир-бирларидан қўрққанларидан сендан хавотирланишади, – дебди шифт. Қадр – Қисқич ўзи нима-ю, хизмати қанча бўларди? – Хизматини қадрлаймиз. Бизларни бирлаштириб турса, бўлгани, – изоҳ берибди Қоғоз. Бағри Кенглик Тошлардан ўтаётган иссиқ ҳарорат тупроқни қиздирарди. – Тошбағирсан, дейишарди. Ҳақ экан, бунчалик куйдирмасанг? – Нима қилай, Қуёшни кўрдим дегунча тафтида ёнаман, – дебди тош. Алҳазар – Бошни мен омон сақлаб турибман, – дебди Тил. – Алҳазар! Тавба! – деб ҳайрон қолибди Ақл. Оқибат Фарзин Филга изоҳ берибди: – Руҳ ўзини тўғриликка уравериб, оқибат ўрнини четдан топди-ку. – Ундоқ эмас. Шоҳимиз унинг садоқатини билиб, ўз ўрнини топширган, – дебди Фил. «Ёшлик» журналининг 2011-йил, 7-сонидан олинди. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Tilni tiygan yaxshi (qatralar) [Rahim Qodirov] 461 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62387 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57615 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36530 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21575 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19508 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |