Мириам (ҳикоя) [Rene Aviles Fabila]

Мириам (ҳикоя) [Rene Aviles Fabila]
Мириам (ҳикоя) [Rene Aviles Fabila]
Рене Авилес ФАБИЛА - 1940 йилда Мехико шаҳрида туғилган. Мутахассислиги бўйича халқаро ҳуқуқшунос. Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб асарлари эълон қилина бошлаган.Уни дунёга машҳур қилган асарлари: «Ўйинлар» (1967), «Қиёмат сари» (1969), «Ёмиғир гулларни ўлдиролмайди» (1970), «Саройдан чиққан буюк дарвеш» (1971), «Голливуднинг йўқолиши» (1973). Шунингдек «Уйга қайтиш», «Бўри одам», «Мириам» сингари қиссалари жаҳонннинг кўплаб тилларига таржима қилинган.
Мириам уйига етиб келгач, дарҳол ичкарига кирди: у ҳеч қачон қўшнилар билан ёки хизматчи аёл билан лақиллашиб олиш учун тўхтамасди; саломлашди ва ўз салтанатини дунёдан ажратиб турувчи эшик ортида ғойиб бўлди. Одамлар унинг доим ёлғизлигини, ҳамма вақт қаёққадир шошилиб жўнашини, ўзи эса гўзал ҳамда мағрурлигини, чиройли кийинишини кўриб турли хил тахминлар қилишарди: бу аёл – киноактриса, йўқ у телевидениеда ишлайди, э йўқ, у модалар уйида ишлайди; кўпчилик ҳатто унинг чиқишларини ўз кўзим билан кўрганман, деб қасам ичарди.
Мириам олиб келган ҳамма нарсасини – сут, нон, консерваларни ошхонадаги столга қўйди. Сўнгра ётоғига ўтди ва мўъжазгина чорпоя устида турган чироқни ёқди. У кўзни қамаштирадиган ёруғликни ёқтирмасди, тунги чироқларни – уларнинг хира ва майин ёғдусини хуш кўрарди; унга нимқоронғуликда, шикаста нур ва соялар қуршовида яшаш ёқимли эди. Сўнгра ошхонага қайтиб келди ва совутгичга сутни қўйётиб кимдир ёзув машинкасини чиқиллатаётганини эшитди. Қўшнилардан кимдир, студентми, ёзувчими бўлса керак. Йўқ, жуда яқинда чиқиллатишяпти, бундай аниқ овоз бошқа квартирадан келиши мумкин эмас, Мириам совутгични ёпди. Ёзув машинкасининг чиқиллаши сира тинмасди, яна яқин жойда. Овоз худди унинг меҳмонхонасидан келаётгандай. Мириам ошхонадан туриб қаради. Унга қандайдир эркак киши – у фақат шарпасинигина ажрата олди - ўтириб машинкада ёзаётгандай туюлди. Лекин Мириамда машинка ҳам, ёзув столи ҳам, бунақа катта китоб жавони ҳам – ҳозир кўриб турган нарсаларнинг ҳеч қайси ҳеч қачон бўлмаган. У нимқоронғу хонада ўзига орқасини қилиб ўтирган жинси шим ва кўк-қизил катак кўйлакдаги ёш йигитни аниқ кўрди, у машинкадан қоғозни чиқариб олаётганди. Мириам унинг юзини кўролмади. Ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ: Кимдир унинг уйига кириб олган, ахир унинг кўзлари алдамайдику, бу туш ёки хаёл эмас-ку. У иккиланган куйи юқоридаги чироқни ёқди. Ҳаммаси бир зумда ғойиб бўлди. На ёзув столи, на машинка ва на китоб жавони бор. Ҳаммаси илгаригидай: замонавий пардалар ва йигитни қуршаб турган қадимги буюмлар ўрнида креслолар.
Мириам бунга алоҳида эътибор бериб ўтирмади. Восвос касаллиги-ку унга бегона, лекин кинолар ва у ўқиган китоблар, якка-ёлғиз аёлнинг ўй ва изтироблари, унинг узоқ вақт хаёлга қаттиқ берилишлари соҳир орзуларини кўзига мавжуд ва эришилгандай қилиб, суратлар шаклида кўрсатиши мумкин. У Касарес[1]нинг бир неча фантастик ҳикоясини эслади: масалан унинг «Паулина» ҳикоясида ўтган асрлардаги манзараларни, аллақачон йўқ бўлиб кетган нарсалар ва мавжудотларни инсон хаёлан қайта яратиши мумкинлиги ҳақида гап боради. Бироз ўтиб, Мириам бу нарсалар ҳақида ўйламай қўйди, у ишда ўлгудай чарчаганлиги учун ухлагани ётди.
Ҳаммаси унутилиб орадан бир неча кун ўтгач, Мириам кечқурун уйга келиб ётоқхонасида чироқ ёқилганини кўрди; қандайдир сирли нур бошқа хоналарни ҳам ёритиб турарди. Бироз иккиланиб ичкарига кирди, у бойлик излаб ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб ётган ўғрини кўрсам керак деб ўйлаганди. Лекин меҳмонхона худди у илгари машинкада ёзаётган йигитни кўрганидаги ҳолатда жиҳозланган эди. Бу сафар оёқ остига ям-яшил гилам ҳам тўшалибди. Айниқса китоблар унинг диққатини жалб қилди, китоб ҳаддан ташқари кўп эди. Ётоқдан шовқин эшитилди, у оёқ учида ўша томонга юрди, қадам товушини юмшоқ, қалин гилам ютарди. У ерда гилос дарахтидан ясалган, ўриндиғи чирмовуқдан тўқилган тебранма курсида кимдир чайқалиб китоб ўқиб ўтирарди, китоб унинг юзини тўсган эди. Мириам секингина унга яқинлашди. Йигит китобни туширди ва Мириам бир лаҳза бўлса ҳам унинг юзини кўришга улгурди. Йигит ва уни ўраб турган ҳамма нарса кўздан йўқолди, фақат курсининг тебранишидан чиққан овоз бир неча дақиқа ҳавода акс-садо каби туриб қолди.
Мириам энди бу ёзувчини (йигитнинг ёзувчи эканлигига унинг шубҳаси йўқ эди) юзидан таний олади: йигирма саккиз ёшларда, сочлари қора, юз тузилиши кишини ўзига тортади, хотиржам боқувчи кўзлари порлаб туради. У ўз таниш-билишлари орасидан унга ўхшайдиганини эслай олмади.
Кейинги ҳафталарда ҳеч қандай янгилик юз бермади. Мириам ўша, кўзга кўринган манзаранинг такрорланишини жуда хоҳларди, шунинг учун кўпинча уйида бўлишга ҳаракат қилди, барибир бефойда. У китоб дўконларидан излаб кўришга қарор қилди, нимани излаётганлигини ўзи ҳам яхши тушунмасди. Адабий журналларни варақлар, муқоваларини кўздан кечирарди – балки хонасида кўрган йигитнинг сурати чиқиб қолар. Лекин ҳаммаси бегона чеҳралар ёки машҳур ёзувчиларнинг сурати эди. Уйига қайтаётиб хизматчи аёлни учратди, у бу ерда яшовчиларнинг шахсий ҳаётини ипидан-игинасигача биларди. Мириам ундан йигитни суриштириб кўрди, у илгари ҳақиқатан ҳам бу уйда бир ёш йигит яшаганини, хомушлигиданми, тундлигиданми доим жим юришини, кўчага аҳён-аҳёнда чиқишини, доим бир олам китоб кўтариб юришини айтди.
– Биласизми хоним, менимча у ёзувчи эди, чунки машинка чиқиллаётгани доим эшитилиб турарди.
Мириам хизматчи аёл айтган исмни эслаб қолди, унинг уйига тез-тез келиб турадиган хатларда бу исмни учратган эди, лекин у конвертлар билан қизиқиб ўтирмас, изига қайтариб юборар ёки дарбонга қолдирарди. Навбатдаги хат келганда манзилини ўқиди: Хуан Пабло Касалга. Минотауро 509-4. Мексика.12, Марказ. Муаллифи – аёл киши. Мириам хатни очмоқчи бўлди. Конвертни бузмасликка шунча ҳаракат қилса ҳам бўлмади, йиртилди. У хатни очаётиб шундай хижолат чекдики, гўё бировнинг нарсасидан фойдаланаётгандай, ўғирлик қилаётгандай сезди ўзини. Мириам ўзининг қаршисида пайдо бўлиш қудоати ёхуд сеҳрига эга бўлган, шу уйдан кетиб, шу уйда қолган кишининг шахсий ҳаётига аралашаётган эди. Пабло Касал хоҳлаган ҳар дақиқада пайдо бўлиши ва унинг қилмиши учун жавоб талаб қилиши мумкин эди, буни Мириам ҳис қиларди. Йўқ уни ҳеч ким безовта қилмади. Хат Лили Мюратдан эди, у жавоб ёзишини ўтиниб сўраганди. Орадан бир йил ўтган бўлса ҳам, у ҳақда ҳеч нарса билмаслигидан ҳасрат қилганди. У ҳеч бўлмаса бир неча сатр хат ёки телеграмма билан жавоб беришни ўтинган эди. Сўнгги бор учрашишганига анча вақт бўлган бўлса ҳам, ҳамон уни севишига қасам ичганди. Ҳаяжон билан, асабий ёзилган, кўнгилга урадиган даражада хунук дастхат, деб ўйлади Мириам. Ишқилиб бу мактуб Хуан Пабло ҳақида бирор хабар эшита олмаётган аёлнинг беқиёс соғинчу изтиробларидан дарак бериб турарди. Хат Гаванадан келган эди.
Мириам мактубни ўзининг шахсий қоғозлари орасига яшириб қўйди ва орадан кўп ойлар ўтса ҳамки Хуан Пабло Касални кўра олмади, ҳолбуки у буни жуда истаётган эди. Аммо бир куни тунги соат учларда ўзи ухлаб ётган хонада кимнингдир бесаранжом ҳаракат қилаётганини сезди, гўё биров ухлай олмай ғазаб билан ўрнида у ёқдан бу ёққа ағанаётгандай эди. Лекин каравотда ёлғиз унинг ўзи ётганди; Мириам ўрнидан қимирламасдан қоронғуликка диққат билан тикилди. Қараса, ётоқда яна битта каравот турибди. Мириам секин қўлини чўзиб чироқнинг тугмачасини босди. Хона нурга тўлди. У каравотнинг устидаги ғижимланган чойшабларга кўз ташлади; бошининг тепасида, деворда Босханнинг «Ҳузур-ҳаловат боғи» триптихидан ҳамда Ремедиос Варо, Рене Матритт ва Кичик Брейгелнинг суратларидан кўчирилган нусхалар осиғлиқ турарди, ерда эса бир неча китоб сочилиб ётарди.
Мириам ўрнидан туриб хонанинг ўртасига келди. Брейгелнинг «Исёнкор фаришталарнинг қулаши» асарини томоша қилди. Овозлар энди меҳмонхонадан эшитила бошлади, кимдир буюмларни тарақлатиб юрарди. Мириам меҳмонхонага кирди. Хуан Пабло Касал – ҳа, бу худди ўшанинг ўзи эди – баҳайбат китоб жавонидан ниманидир изларди.
– Сиз кимсиз? Бу ерда нима қиляпсиз? – дадилланиб сўради Мириам.
Йигит гўё ҳеч нарсани эшитмаётгандай эди, у қандайдир китобни излаётганди, ҳаракатларидан жуда ҳаяжонланаётгани сезилиб турарди. У китобни топгач варақлади ва саҳифаларидан бирига тикилиб қолди. Қиз унинг юзини кўролмади, чунки Мириамга орқа ўгириб турарди. Йигит ғолибона қичқириб юборди ва машинка қопқоғини олиб ташлаб тез-тез чиқиллатишга тушди.
– Марҳамат қилиб айтингчи, сиз Хуан Пабло Касалмисиз?
Машинканинг чиқиллаши қизнинг хаёлидагина эшитила бошлади ва қизнинг кўз ўнгини қуюқ бир туман қоплади. Мириам уйғониб – бу вақтда қуёшнинг ёруғ нурлари парда ораларидан хонага сизиб кираётганди, – тунда юз берган воқеани эслади. Иккинчи каравот турган томонга қаради, нигоҳи билан суратларни, катта китоб жавонини, ёзув машинкасини излади... Лекин фақат ўз буюмларини, одатдаги жиҳозларни кўрди холос. Касалдан ном-нишон йўқ эди; сўнгра у китоб дўконларидан бетиним ахтарганим, хизматчи аёл билан суҳбатлашганим, хатни очиб ўқиганлигим натижасида туш кўрганман, умуман ўша йигитни кўп эслайдиган бўлиб қолибман ўзи, деб ўйлади. Ҳар ҳолда бу туш эмас эди, юз берган воқеа жуда аниқ, шундоққина кўз ўнгида турибди ахир. Қиз қандай қилиб яна ўз ўрнида пайдо бўлиб қолганлигини эслолмади холос, қолганлари аниқ – қўл билан ушлаб кўрса бўладиган даражада мавжуд эди. Воқеа овоз эшитилганидан бошлаб то қизнинг унга савол бергунига қадар шундай мантиқий равишда ривожландики, орада бир дақиқа ҳам узилиш ёки чалкашлик бўлмади.
– Мантиқий ва бехато воқеалар ривожи, – деди қиз овозини чиқариб.
Кейинги кунларда Мириам жуда банд бўлди. Реклама агентлигидаги иши уни бутунлайича ютиб юборгандай эди. Барибир у йигитни тез-тез эслаб турди ва турли хил тахмину тасаввурларга асосланиб унинг ҳаёт йўлини ўзича тиклади. Менимча, бу йигит илгари шу уйда яшаган Хуан Пабло Касалнинг ўзи бўлса керак. У – ёзувчи; жиҳозлар, китоб ва суратлар ҳам унинг нарсалари. Гўё квартира унинг хотирасини, вақти-вақти билан пайдо бўладиган тимсолини, қиёфасини сақлаётгандай, ҳаётининг унутилмас онлари бўлган адабий фаолиятига қайтадан жон бағишлаётгандай эди. У олий маълумотли, хизматчи аёл айтганидек одамларга аралашмайди, кўп саёҳат қилган, Лили Мюратининг хатлари ҳам бунга исбот бўла олади; у қиз билан Кубада танишганига шубҳа йўқ.
Мириам яна китоб дўконларидан излашга тушди. У пештахта ва токчаларда турган нарсани диққат ва чидам билан варақлаб чиқди. У энди йигитнинг исмини билар, сотувчилардан унинг асарларини сўраши мумкин эди. Лекин Хуан Пабло Касал ҳақида ҳеч ким эшитмаган экан. Бир дўконда катта каталогни титкилаб чиқди, бу ҳам ҳеч қандай натижа бермади. У ташналик билан излаётган исм ҳеч қаерда учрамасди. Бу уни ҳаддан ташқари гангитиб қўйди. Бир хушмуомала ва кўнгилчан сотувчи, ҳали у йигит асарларини адабий журналларда ва тўпламларда чиқариб юргандир, алоҳида китоб қилиб нашр эттиришга улгурмагандир, деб айтди. На илож, Мириам учун ягона йўл қолди. У интеллектуал ёзувчилардан бирортасини ҳам билмаслигидан афсусланди.
Мириам яна хизматчи аёлнинг ёнига борди.
Ундан ҳам бирор янгилик эшитолмади. Лекин бир воқеа уни ҳайратда қолдирди. Хуан Пабло Касал кетаётган жойини ҳам айтмай, бирорта ҳам манзил қолдирмай уйдан тўсатдан ғойиб бўлган. Кунларнинг бирида у нарсаларини йиғиштирган ва икки соатдан сўнг квартирани бўшатган. Хатларни олиш учун ойда бир марта ўзи келишини айтган холос.
– У-чи хоним, кетганидан буён фақат бир марта келди.
Мириам нима қилишини билмасди; у тунлари Хуан Паблони излаб хонама-хона бедор юриб чиқар, ҳеч бўлмаса машинканинг тиқиллашини эшитаман деб умид қиларди, лекин ҳаммаси бефойда эди. Бир куни ҳамкасабаларидан бири туғилган куни муносабати билан бўладиган ўтиришга уни таклиф қилди. Мириам зерикаётган эди, кинога боргиси ҳам, китоб ўқигиси ҳам келмаётганди. У меҳмондорчиликда кўнглим ёзилар деб ўйлади.
Мириамнинг кўзи бошқалардан ажралиб турган, таниш чеҳрага тушгунга қадар даврадан даврага ўтиб юрди. У ғайриихтиёрий равишда жилмайди, лекин унинг жилмайиши жавобсиз қолди. Мириам ҳайрон бўлди, юзи жуда ҳам таниш бўлган бу одамни у илгари қаерда кўрганикин-а: мактабдами, илгари ишлаган жойидами... Эслади! Тўсатдан, қандайдир ғайришуурий бир туйғунинг кучи билан: унинг хонасида пайдо бўлган ана шу-ку, ана шу Хуан Пабло Касал, қизиқ, фақат энди бу ерда, шунча одамларнинг орасида, чироқларнинг кўзни қамаштирадиган ёруғида... Қиз хавотирланиб – у яна кўзга кўринаётган бўлиши ҳам мумкин-да – йигитга яқинлашди.
– Салом.
– Салом, - деди у бироз ҳайрон бўлиб.
– Мени танияпсизми?
– Кечирасиз, нагадир таниёлмай турибман.
Мириамнинг ҳафсаласи пир бўлди, буни яшириб ҳам ўтирмади.
Атрофда хурсандчилик авжига чиқаётган эди.
– Буни қаранг, – деди Мириам бироз ўзини қўлга олиб, – мен эса сизни жуда яхши биламан. Исми шарифингиз Хуан Пабло Касал, ёзувчисиз, Минотауродаги беш юз тўққизинчи уйнинг тўртинчи хонасида яшагансиз. Шундай эмасми?
Йигит ҳайратланиб унга тикилди. Нега энди умрида бирор марта кўрмаган бу аёл – хотираси ҳам чакки эмас – у ҳақда шунчалик кўп нарса нарса билади?
– Шундай, лекин сиздан узр сўрашим керак: мен... сизни биринчи марта кўриб турибман.
Мириам жилмайди. Йигит ҳақ эди, қиз ўзини ўнғайсиз сезди. Ноқулай вазиятдан чиқиш учун деди:
– Шуни билиб қўйингки, мен Шерлок Холмснинг шогирдиман; қаршимдаги одам ҳақида тўла маълумотга эга бўлиш учун унга бир бор кўз ташласам кифоя.
Мириам Хуан Паблони иш устида ҳам, китоб ўқиётганда ҳам кўрган эди, унинг одатдарини ҳам, тасвирий санъатга қизиқишини ҳам биларди ва у йигитдан тортинмасди, ҳазиллашишга ҳам ботинарди.
– Юринг, четроққа чиқамиз, ўша ерда гаплашаверамиз. – Хуан Пабло уни эргаштириб кетди.
– Ҳаммасини бир бошдан эшитишни хоҳлайсизми?
– Албатта-да.
– Кулмасликка сўз беринг.
– Сўз бераман.
Шовқин-сурон солаётганлардан имкони борича узоқлашиб, залнинг охирига боришди ва суҳбатлаша бошлашди. Хуан Пабло ҳайратда эди. Мириам кўзига кўринган нарсалар ҳақида батафсил гапириб бергач, йигит жилмайди ва устимдан кулмаяптимикин, деб унинг кўзига тикилди.
Ниҳоят у бу воқеа жуда ажойиб, ҳатто мўъжизавий эканлигига иқрор бўлди ва зўр бир фантастик ҳикояга сюжет бўла олишини ўйлади.
– Тушунарли, мен у ерда узоқ, қарийб беш йил яшаганман, лекин огоҳлантириб қўяйки, мен инсон танаси маълум бир жойда ўзидан чиқариб қолдирадиган нурларга ҳам, психологик токларга ҳам ишонмайман, руҳу арвоҳларга ҳам ишонмайман, ашаддий материалистман. Лекин санъатнинг кучига ва севгининг сеҳрига ишонаман. Буни қаранг, болалигимда ярим одам, ярим ҳайвон ёки хаёлий махлуқларнинг борлигига, уларнинг кўзга кўринишига қаттиқ ишонар эдим, чиройли, нозиккина бир қизча сабаб бўлдию кўзга кўринадиган махлуқлар мени тинч қўядиган бўлди.
– Энди эса қарашларингизни ўзгартиришга ва мен айтган гапларнинг ҳаммасига ишонишингизга тўғри келади. Қасам ичаман, мен сизнинг борлигингизни ва ёзишингизни қандай айтган бўлсам ўшандай кўрганман ва билганман, сиз билан мана шу ўтиришда борлигимиз ва гаплашаётганлигимиз қанчалик ҳақиқат бўлса айтганларимнинг ҳаммаси шундай ҳақиқат. Мен битта нарсани ҳеч тушунолмасдим, саволларимга жавоб бермасдан, мени пайқамасдан сиз нега, қандай қилиб ғойиб бўлардингиз.Сиз ўзингизнинг ёзувчилик ишингизга бошингиз билан шўнғиб кетган эдингиз.
– Шундай гўзал қиз сен билан гаплашиб турган пайтда бунақа нарсаларга, ҳатто адабиётга ҳам эътиборни қаратиб ўтириш ақлсизликдан бошқа нарса эмас. Демак мўъжиза учун, Минотаурадаги хонадонлардан бирида мен вужудимнинг нурларини қолдирганим учун ичиш керак, балки ўша менинг соямдир. Гарчи соям шу ерда бўлса ҳам қаранг, у туфлиларингизга тушиб турибди.
Қўшилиб кулишди.
— Сиз ҳеч қачон кулмайдиган, жиддий одам бўлсангиз керак, деб ўйловдим, – деди Мариам.
– Менинг руҳим жиддий, ўзим эса ҳазилкаш ва қувноқ одамман. Нима деб аталишини билмайману, лекин ўша ғайритабиий воқеа туфайли сиз билан танишиш имкониятига эга бўлганимга қаттиқ ишонаман. Юринг, бирор нарса ичамиз.
Улар ичишди. Сўнгра яна ичишди ва атрофдагиларни бутунлай унутиб рақсга тушишди. Иккаласи ҳам ҳаяжонда, бошларини бир-бирларининг елкаларига қўйган куйи рақсга тушишарди. Сўнгра «сиз»ни «сен»га алмаштиришди, сўнгра ўзларининг ҳавас ва қизиқишлари ҳақида гаплашишди. Мириам зиёфатга келганидан бахтиёр эди. Хуан Пабло эса шундай латофатли, гўзал аёлни қучиб туриб, ўзига омад кулиб боққанлиги ҳақида ўйларди.
Соат иккига занг урди, Мириам аторофга аланглади: меҳмонлар жуда оз қолган эди.
– Кеч бўлди шекилли. Кетиш керак.
– Сени кузатиб қўйишга рухсат бер.
– Мен машинадаман.
– Мен эса пиёда, барибир сени кузатиб қўймоқчиман. Менинг аввалги – сенинг ҳозирги уйинггача бораман-да, кейин сен билан хайрлашаман, яшайдиган жойим унча узоқ эмас.
– Менимча, бу ажойиб бўлади.
Машинада кетаётиб Мириам, нега у хатларини олмаслигини сўради.
– Ўзим ҳам билмайман, балки вақт бўлмагандир, балки эрингандирман, ким билади.
– Сен бирорта муҳим хат кутаётганинг йўқми?
– Менимча йўқ.
– Ишонасанми, – деди Мириам бироз ўнғайсизланиб, – мен сенга келган хатлардан биттасини очдим. У Гаванадан, Лили Мюрат исмли аёлдан келган экан.
– Бунинг аҳамияти йўқ, қайтага бу хат сени бориб кўришимга баҳона бўлади.
Мириам машинани тўхтатди.
– Сен учун баҳона бўлишига ҳожат йўқ... Хоҳласанг ҳозир кириб, хатни олишинг мумкин...
Хуан Пабло унинг лабларидан ўпди, ўпишиш узоқ давом этди. Ниҳоят қиз янги дўстининг овозини эшитди:
– Ҳа, мен сенинг уйингга киришни хоҳлайман.
Етиб келгунча Хуан Пабло нега квартирасини ўзгартирганини, китобларни жойлаштиролмай қийналганини айтиб берди ва қўшни аёл ҳақида сўради.
– Сендан юқоридаги квартирада яшайди. Жуда ажойиб аёл. Кичкина қизчаси бор. Эри йилда бир келади ва хиёнат қилмаслиги учун дўппослаб кетади.
– Менимча у ҳозир бу ерда яшамаса керак.
Мириам эшикни очди ва Хуан Паблога йўл берди.
– Ҳамма нарса ўзгариб кетибди!
– Биламан. Мана бу ерда катта китоб жавони турарди, мана бу ерда ёзув машинкаси, бу деворда агар адашмасам Матрит, Ремедиос Варо ва Брейгелнинг суратларидан кўчирмалар осилган, гилам эса ям-яшил бўлган.
– Ишонгинг келмайди! Ҳақиқатан ҳам ишонгинг келмайди! Ахир мен бу ерда яшаганимда ҳаммаси шундай эди.
Мириам виски чиқарди ва стаканларга оз-оздан қуйди, улар ўтиришди ва тонггача адабиёт, кино, мусиқа, тасвирий санъат ҳақида, ўзлари борган мамлакатлар ҳақида гаплашиб ўтиришди. Баъзан улардан бири Хуан Паблонинг ҳайратланарли равишда пайдо бўлиб қолганлигини эслар, лекин улар дарҳол ўзлари учун мўъжизавий бўлиб туюлаётган умумий мавзуга қайтишарди.
Қуёшнинг ўткир нурлари деразадан хонага қуйилиб киргач, электр чироғининг нури хиралашиб қолди, Мириам ҳеч бир гапни кўнглига келтирмай, табиий бир оҳангда ётиб ухлашни таклиф қилди. Хуан Пабло рози бўлди ва гўё енгил кийимини топмоқчи бўлгандай ҳазиллашиб шкафнинг эшигини очди.
– Э, қандай кўнгилсизлик! Фақат аёлларнинг тунги кўйлаклари. О қани энди қачонлардир шу ерда осиғлик турган менинг кўйлакларим пайдо бўлиб қолса. Кўряпсанми нарсаларнинг бир лаҳзада пайдо бўлишининг ўзи етмайди, улар узоқ вақт сақланиб ҳам туриши керак экан. Биласанми, менинг бир ғаройиб одам ҳақида ҳикоям бор: у нимани кўз олдига келтирса, шу ондаёқ пайдо бўлади. Бирор вақт сенга ўша ҳикояни ўқиб бераман.
– Ажойиб экан. Жон деб эшитган бўлардим.
Улар кулишди, сўнгра ётиб, дарров ухлаб қолишди. Қучоқлашиб.
Соат бирлардан кейин Хуан Пабло уйғонди ва Мириамга тикилиб қолди. У узоқ вақт нигоҳини узолмади. Қизнинг қизғиш-буғдойранг баданига, қоп-қора сочларига қараб завқланарди. Мириам унинг нигоҳини ҳис қилди ва кўзини очди.
– Сен энди тасаввур эмассан, сен тириксан.
Хуан Пабло ўз квартирасига қайтиб келди. Буни Мириам хоҳлади. Чунки у энди Хуан Паблосиз яшай олмасди.
– Агар сен шу ерда бўлсанг, бу уй менинг салтанатим бўлади. Сенинг уйма-уй изғиб юрадиган соянг энди менга камлик қилади, сен менга тирик, бор бўй-бастинг билан кераксан.
Хуан Пабло йўқ демади ва бир куни кечга томон сумка тўла китоб ва ёзув машинкасини кўтарган ҳолда кириб келди, машинкани у кичкина чорпояга ўрнатди.
Энди улар бирга эдилар. Мириам ҳам доимгидай ишга борар ва кеч соат олтидан кейин қайтиб келарди. Шанба ва якшанбаларда куни бўйи уйдан чиқишмасди. Мириам бир хилда кечаётган ҳаётларига ўзгариш киритмоқчи бўлди: у тушликни ҳам бирга қилишни истаган эди.
– Сен менинг ишхонамга келсанг бўларди.
Лекин Хуан Пабло буни хоҳламади.
У ишга кетган пайтда Хуан Паблонинг нима билан шуғулланиши Мириамга сир бўлиб қолди. Қиз кетаётганда у машинкага ўтирар, қайтганида ҳам худди ўша ҳолатда кўрарди, гўё йигит кун узоғи ўрнидан турмагандай туюларди. Лекин Мириам бундай эмаслигига, йигит доим ишламаслигига ишонч ҳосил қилди. Бир куни эрталаб саҳифанинг рақамига қаради: бир юз йигирманчи; кечқурун Хуан Пабло тишини тозалагани кетганида машинкада юз йигирма биринчи саҳифа турганлигини кўрди, у ҳам ярмигача ёзилган.
– Бугун кўп ишлай олмабсан-а? – деди у хонага қайтиб кирган Хуан Паблога синовчан назар ташлаб.
– Ҳа, мен ўқидим. Ўқиш – бу ёзувчи учун озиқ. Мен оч эдим, ҳозир ҳам очман, сени еб қўяман...
У Мириамга ташланди, қувноқ «кураш» бўлди. Йигит ўзини тишламоқчидай қилиб кўрсатди. У эса қўлидан чиқиб қочишга ҳаракат қилди. Хуан бирданига ўйинни тўхтатди ва телевизор томон юрди.
– Эсимдан чиқай дебди, ахир мен Эдит Питер ҳақидаги кўрсатувни кўрмоқчи эдим-ку.
Хуан Пабло телевизорни созлади, Мириам эса ўзининг саволига йигит жавоб бермаганлигини ўйлади. Юрагига шубҳа ўрмалади. Хуан Пабло франтсуз қўшиқчисига бағишланган кўрсатувни кўргунча, у йўқ пайтида йигит нима билан шуғулланиши мумкинлигини ўзича тахмин қила бошлади, бу ҳақда ўзидан сўрасам ўнғайсиз бўлмасмикан деб ўйлади. Ахир у Хуан Пабло Касалнинг кимлигини билмайди-ку. Унинг фақат нима иш қилишини, нима билан шуғулланишини, севишини оз-моз билади холос. У илгари уйланганми, болалари, ота-онаси борми, нима ёзяпти? Хўш буларни суриштириб аниқлашнинг ўзида бирор маъно борми? Ахир қизнинг ўзи уни бу ерга келишга, бирга яшашга таклиф қилди-ку, бирорта савол ҳам бергани йўқ. Айниқса, энди савол бериб ўтиришнинг маъниси йўқ. Асосий нарса унинг таржимаи ҳоли эмас, унинг шу ерда эканлиги. Барибир қиз секин-секин, эҳтиёткорлик билан сўраб-суриштира бошлади, унинг севимли кишиси ҳақидаги ҳамма нарсани билгиси келарди. Хуан Паблода эса Мириамнинг ўтмиши ҳақида билиш истаги йўқдай кўринарди, маълум бўлишича у ҳамма нарсадан хабардор экан.
– Романинг қандай кетяпти? – бир куни кечки овқатдан сўнг идиш-товоқларни бирга ювишаётганда Мириам сўради.
– Ёмон. Озгина силжиди холос. Ақлинг бовар қилмайди, сюжетини бошдан охиригача ўйлаб чиқдим, қаҳарамонларимнинг ёшини, характерини, келиб чиқишини, кўринишини, ҳаммасини биламан... Лекин иш жойидан силжимайди. Бош оғриқнинг ўзи, романни ёза бошлаганимда сен бу уйда яшамасдинг, ота-онангнинг ёнида эдинг, журналистикани ўрганаётган ва қандайдир Педро Ривасининг қаллиғи эдинг. Мана, қачондан буён бунинг устида тиришиб ётибман. Менимча, энг асосийси – керакли оҳангни топиш, романнинг услубини танлаш.
Хуан Пабло ниҳоясига етмаган иши ҳақида роса гапирди. Мириам ўзини эшитаётгандай қилиб кўрсатса ҳам Хуан Паблонинг Педрони қаердан билишини, унга бу ҳақда ҳеч нарса демаганлигини ўйларди. Ҳақиқатан ҳам Мириам ўзи ҳақида ҳеч қачон, ҳеч нарса демаган, бу ҳақда гап кетганда ноаниқ бир ишоралар билан чекланган эди. Ўзи бунга ҳожат ҳам бўлмаганди: уларнинг иккаласи ҳам шахсан ўзларига тегишли бўлмаган мавзуларда суҳбатлашишни маъқул кўришарди. Мириам Хуан Паблонинг сўзларини ҳеч англаёлмаётган эди. У эса ўз романи ҳақида берилиб гапирарди.
Улар уйларидан аҳён-аҳёнда бирга чиқишарди. Фақат кинога ёки китоб дўконига боришарди холос. Ҳа уларнинг ўзлари айтганидай атрофдаги воқеликка чуқур киришиб кетишнинг ҳожати ҳам йўқ эди.
– Шу деворлар қуршовида қамалиб ўтириш бизни ҳозирги ифлос жамиятдан қутқаради. – Дарҳол қўшиб қўйди: – Биласанми, Мириам, мен ўзимни ҳозирги замоннинг одами деб сира ҳис қилолмайман. Бугунги воқелик мени даҳшатга солади. Замон расво бўлди. Мен китоблардан ўқиб билган илгариги даврларни, ўтмишни соғинаман, агар термоядро уруши йўқ қилиб юбормаса инсониятни ажойиб келажак кутяпти, ўша кунларда яшай олмаслигим алам қилади.
– Менда ҳам қарийб шунақа туйғулар кечади. «Қарийб» деяпман, чунки мен ана шу воқеликка, шу мамлакатга ва шу жамият тузумига кўникканман.
– Мен ҳеч қачон кўниколмасдим. Бу ноқис, номукаммал жамиятдан мен ҳеч нарса олмайман ва уни ўзгартириш учун ҳам ҳеч нарса қилолмаслигимдан афсусланаман. Адабиёт билан эса инсон тасаввур қилиш, хаёл суриш туйғусини йўқотмаган ҳолда ўзлигини англаши, топиши мумкин бўлган мўъжизавий бир дунё яратиш учун; вақт, ҳаёт ва ўлим билан ўйнаш мумкин бўлган, имконсиз нарсаларни ҳам амалга ошириш мумкин бўлган бошқача дунё яратиш учун шуғулланаман; мен худога ўхшаб ўз шаклу-шамойилига эга, аниқроғи, ўзимдан ҳам мукаммалроқ жонли мавжудот яратишни хоҳлайман.
– Буни ҳақиқатдан қочиш деб айтадилар.
– Биламан, – Хуан Пабло ғамгин жавоб қилди.
Мириамда унинг ўтмишига нисбатан бироз гумонсираб қараш майли бўлсаям, ўзини у чин дилдан севишига асло шубҳаланмасди. Мириамга унинг севгиси мўъжизадай туюларди, балки бу сўз қулоққа сийқароқдай эшитилар, лекин уни бошқача номлаб бўлмайди; баъзан қиз бирданига ўйлаб қоларди: айнан шу севги туфайлигина Хуан Пабло хаёлий, кўзга кўринадига шаклдан реал, мавжуд инсонга айланди, зиёфатдаги учрашув эса мантиқий муқаррарлик натижаси, яъни юз бериши шарт бўлган воқеа эди.
Кунлар ўтиб борарди, лекин уларнинг оташин муҳаббатлари заррача сусайгани йўқ. Мириам ҳар куни ўзини ишга боришга мажбур қилар, у ерда вақтнинг тезроқ ўтишини, Хуан Паблонинг ёнига тезроқ қайтишни сабрсизлик билан кутарди. Йигит эса кўп ёзарди, энди ишлари ҳам жўнашиб кетганди. Бир куни у қарийиб тугаб қолаёзган бобни Мириамга ўқиб бериб: «Бу муваффақият учун сендан қарздорман,» деди.
Аммо Мириамнинг муҳаббатигина эмас, ундаги Хуан Пабло ҳақидаги ҳамма нарсани билиш истаги ҳам кундан-кунга алангаланиб борарди, у йигитдан қандай қилиб ёзувчи бўлганлигини, неча ёшда ёзишни бошлаганини, ота-онасининг ҳам таъсири борми йўқлигини, адабиётни махсус ўрганганми йўқмилигини, бирор нарсасини нашр эттирганми эттирмаганлигини сўраб-суриштира бошлади.
У Мириамга истеҳзо билан, лекин беозоргина кулиб тикилар ва саволларига эҳтиёткорлик билан, ўзининг келиб чиқишига нур ташлайдиган ҳамма нарсани четлаб ўтиб жавоб берарди, лекин қандай қилиб ёзувчи бўлганлигини батафсил гапириб берди. У телевизор ҳали эндигина чиқаётган пайтларда китоблар ичида ўсганлигини, уларни ўқиб – адабиёт ўзининг қисмати эканлигини англаганини айтди. У асосан ҳикоялар ёзган (баъзилари эски, аллақчон унутилган журналларда босилган), мана энди романга қўл урди. Таъсирми? Чексиз рўйхат тузса бўлади: ёзаётганларимга ёки дунёқарашимнинг шаклланишига таъсир кўрсатган ажойиб китоблар дунёда жуда кўп, мен уларнинг ҳаммасини яхши кўраман.
– Устозинг ҳам бўлганми?
– Йўқ. Ёшлигимда баъзи ёзувчилар билан яқинлашганман, лекин тезда алоқани уздим. Улар билан гаплашгандан кўра асарларини ўқиган тузукроқ. Менимча адабиёт – ниҳоятда шахсий, айтиш мумкинки махфий иш: сен оппоқ қоғоз билан яккама-якка қолдинг, атрофингда – китоблар, уларнинг сассиз овозлари; сенга яна нима керак?
– Сен гўё одамлардан нафратланадигандай гапирасан. Ахир жамият сенга тил, онг, маънавий бойлик берган-ку, романингни ёзиб бўлгач ўша ишчилар уни теради, нашр қилади-ку. Бунга нима дейсан?
– Не чоғли қайғули бўлмасин, ҳеч нарса деёлмайман. Вақтим кам, ниҳоятда чекланган, сенга ва романимга ажратишгагина етади холос.
– Бу беъманилик, – жаҳли чиққан Мириам биринчи марта овозини баландлатди. – Сендай истеъдодга, маданиятга эга бўлган, фаросатли, энг қийин муаммоларни ҳам ҳал қила олдиган, мулоҳазакор, санъаткор – яъни таъсирчан ва чуқур ҳис қила олиш қобилиятига эга бўлган инсоннинг романлар ёзиш ва бир аёлни севиш учунгина яшашга ҳаққи йўқ.
– Яхши, мен достонлар ҳам ёза бошлайман ва кўп аёлларни севаман, – бу суҳбатни, аниқроғи сўроқни тугатиш учун Хуан Пабло ҳазил қилди.
Бошқа бир сафар улар қизил вино ичиб хурсанд ўтиришганди, Мириам ундан ота-онаси ҳақида гапириб беришни сўради. Паблонинг юзи ўзгарди, норозилик ифодалари пайдо бўлди, дарҳол рад қилмоқчи бўлди-ю лекин ўзини тутди ва яна вино қуйди.
– Улар ҳақида кўп нарса айтолмайман. Иккаласи ҳам автомобил ҳалокатидан вафот этишган, мен бобом билан бувимнинг қўлида қолганман. Улғайишим билан уларни менинг ташвишларимни чекишдан озод қилганман, мустақил ҳаёт кечириш учун тезда ишга кирдим. Мен ана шу романим учун ўзимни жуда узоқ тайёрлаб келдим. Асосийси ҳам шу.
У сўнгги сўзларини алоҳида таъкидлаб айтди, Мириам ҳам қўшилди:
– Гапинг тўғри.
Лекин у ҳеч нарса ҳақида сўрамаслик, бировнинг ўтмишини ковлаштирмаслик ҳақидаги сўзсиз келишилган шартномани, қасамни бузганлигини билди, ҳолбуки у шу пайтгача бу қарорга итоаткорона бўйсуниб келар, ҳеч нима билан қизиқмас, фақатгина: ишларинг қалай, кўпдан буён шуғулланяпсанми, дўстларинг ким? деган оддийгина саволлар билан кифояланарди. Янада шахсийроқ бўлган бошқа нарсалар ҳақида лом-мим демасди. У Хуан Пабло билан ўзи ўртасида ўтиб бўлмас девор чегара бўлиб турганлигини ҳис қила бошлади ва севги ҳамма сирларни юзага чиқаради, деган ишончи емирила бошлади. Қизиқувчанлик ўрнини қандайдир бир ғамгин туйғу эгаллади. Мириам Хуан Пабло нимани яшираётган бўлиши мумкин деб узоқ ўйлади. Унга гўё йигит бир даҳшатли нарсани сир сақлаётгандай туюларди, балки у қамоқхонада ёки ахлоқ тузатиш колониясида бўлгандир, балки бирор фожеали воқеани бошидан кечиргандир, балки отаси рашк қилиб аввал хотинини, сўнгра ўзини ўлдиргандир. Шунинг учун у қариялар билан яшашга мажбур бўлгандир.
Муносабатларида нимадир ўзгарди. Мириам ишдан қайтиб, кийиниб бўлиши билан сўроқлашга тушарди: кўп ёздими йўқми? Бугун ташқарига чиқдими? Қаёққа борди?
Хуан Пабло қўлёзмасидан бошини кўтариб, ёқинқирамай – иложи борича қисқа қилиб бўлсада жавоб берарди. Энди у романига бутунлай шўнғиб кетган эди. Кам гапирар, тезгина овқатланар ва дарҳол машинкасининг ёнига қайтарди. Шошилмасдан, диққат билан нималарнидир қайд қилиб қўяр, луғатларни варақлар ва ўқир эди. Мириам ҳам унга халақит бермас, ухлашга ётаётганда агар Хуан Пабло ҳалиям ишлаётган бўлса, чой дамлаб берарди холос. У роман тугагач бошқача яшашларига умид қилиб, ҳозирча бу аҳволга кўниккан эди. Энди улар аҳён-аҳёнда бир-бирларини суйиб эркалашар, тунлари Мириам Хуан Паблонинг ўрнидан туриши ва яна қайта машинкага ўтиришларини эшитиб – сезиб ётарди. Мириамнинг кўзига тунлари ўрнида безовталаниб, тўлғаниб ётадиган ва калласига келган фикрни ёзиш учун сакраб туриб кетадиган номаълум кишининг руҳи қайтадан кўринётгандай туюла бошлади. Баъзан у уйғониб кетар ва Хуан Паблонинг ишлашини кузатарди: йигит эса унинг борлигини гўё сезмас, ўз машғулотини хотиржам давом эттираверарди. Гангиб, довдираб қолган Мириам кўзларида ёш билан ўрнига қайтар ва у эшитиб қолмасин, деб жимгина йиғлар эди. Бундай хафагарчиликнинг сабаби нима? Ҳаммага гап шундаки, Мириамга ўхшаш аёллар бундай ҳолларда ўзларини ҳеч нарса билан оқлай олмайдилар.
У ҳеч кимга муҳтож бўлмасдан бир ўзи яшашга ўрганган, характери ҳам мустақил ва қатъий эди. Балки Хуан Паблонинг оз-моз сезиладиган мавжудлигининг ўзиёқ уни таъсирчан қилиб қўйган, одатдаги характерини ўзгартириб юборгандир. Хуан Пабло гўё қачонлардир квартирада пайдо бўлиб, шу ерда қолган шарпага, кўзга кўринган руҳга ўхшарди: у аввалгидай қизни кўрмайди, эшитмайди, фақат ўз ишини қилади – ёзади. Хуан Паблонинг бутунлай ўзиники бўлмаслиги, умрбод ёнида қолмаслиги ҳақидаги фикр Мириамни тинч қўймас, асабийлаштирар, қийнар ва яралар эди. Ҳаммасининг сабаби, деб ўйлар эди у, йигит ҳақида менга ҳеч нарсанинг маълум эмаслигида. Турли хил саволлар унга бетиним азоб берарди: агар кунларнинг бирида у қайтиб келмаса нима бўлади? Уни қаердан излаш керак, қариндош-уруғлари қаерда яшайди? У қандай қилиб пул топади? Қизиқувчанлиги ғолиб келиб Хуан Паблонинг нарсаларини кавлаштирди, китобларини титкилади, чўнтакларини ағдарди. Ҳеч нарса йўқ. Фақат китоб ҳошияларидаги ёзувлар, белги қўйилган сатрлар. Кимлигини кўрсатадиган бирорта ҳужжат ҳам йўқ. Мириам қилмишидан ўзи уялди, лекин уялганини кулгу билан яшириб титкилашда давом этди. Хуан Пабло худди сезгандай севгилисига қизиқиш... ва ғамгинлик билан тикилди.
Шанба кунларининг бирида почталон телефон қилди. Мириам чиқиб, қўлида хат билан қайтиб келди.
– Гаванадан. Наполеонча фамилияли танишингдан.
Хуан Пабло мактубни жимгина олди, бироз қўлида тутиб турди ва очишга қарор қилди. Мириамнинг саволларга тўла кўзлари ўзига қадалиб турганини гўё сезмаётгандек секин, эҳтиёткорлик билан конвертни йиртди.
– Эслайсанми, сен фақатгина ўша қиздан келагн хат учун биринчи марта мен билан шу уйга киргансан?
– Жуда яхши эслайман, – деди Хуан Пабло ва мактубни ўқий бошлади.
У бир минутми, икки минутми ўқиди, лекин бу Мириамга ниҳоясиздай туюлди.
– Ўйланманки, унинг нима деб ёзганлигини билишни истайсан.
Мириам аччиғланди, гапирмади.
– Демак шундай, у сен очиб ўқиган хатда нима деган бўлса ўша гапларни қайтариб ёзган. Соғлигимни сўраган, ҳалиям кутяпти экан, охирида – бу менинг сўнгги мактубим, бошқа ёзмайман, деб огоҳлантирган.
– Нега сен унга жавоб ёзмайсан? Ахир бу тентакликку.
Иккаласи ҳам жим қолишди. Мириам нима қилишини билмай магнитофон ёнига келди ва таваккал қилиб Холстнинг «Сайёралар»ини қўйди. Куй янграши билан овозини кўтарди. Хуан Пабло курсига ўтирди, Мириам ҳамон тикка турарди.
– Бери кел, ёнимга ўтир, менимча сен Лили ҳақида билмоқчи эдинг. Гаванага боргандим. Ёзувчилар учрашувида қатнашдим. Бир куни кечқурун шаҳарда айланиб юриб уни учратдим, аниқроғи – у мени учратди. Чет элликмисиз, деб сўради. Чет элликман, деб жавоб бердим. Бўлмаса нега худди уларга ўхшаб гапиришимни сўради. Менинг чет элдан эканлигимни кийимимдан билибди. Мен унга чилилик эмас, мексикалик эканлигимни тушунтирдим. У мени уйига таклиф қилди. Унинг ота-онаси билан, акалари билаен танишдим. Икки кундан сўнг биз қандайдир байрамга бирга бордик, у жуда ҳам ёш эди, шунинг учунми мени севиб қолганлигини айтди. Мен уни фикридан қайтаришга ҳаракат қилдим, лекин қўлимдан келмади. Ниҳоят, ҳозирча хат ёзишиб турайлик, ўқишингни тугатганингдан сўнг, мен яна Кубага келаман, деб айтдим. Биз бирмунча вақт ҳақиқатан ҳам хат ёзишиб турдик, сўнгра бу ёзишмани давом эттиришга имконим қолмади. Ёзаётган романим мени ютиб юборди.
– Қизга икки қатор ҳам жавоб ёза олмайдиган даражадами? Кулгили, яхшиси унга қизиқмай қўйганман де, болаларга ўхшаб баҳона ўйлаб топишнинг нима кераги бор.
Мириамнинг овозидан жанжаллашадиган сиёғи бор эди. Майли, бу гап-ку ҳеч нарсага арзимас, асосийси, у Хуан Паблонинг ўтмиши ҳақида биринчи марта эшитди ва энди ўзини таҳқирлангандай, ҳақоратлангандай ҳис қилаётганди.
– Лекин бу ҳақиқат, мен унга ёза олмагандим, ҳозир ҳам ёзолмайман, романимни тугатишим керак...
Хуан Паблонинг ҳам жаҳли чиқди. Бу суҳбат унга чидаб бўлмайдиган даражада беъмани ва сохта туюлаётганди. Шу кеч у ёзмади, Мириам эса у билан бошқа гаплашмади. Улар гўё ўзларини қизиқаётгандай тутиб телевизордаги ҳамма аҳмоқона кўрсатувларни охиригача, жимгина томоша қилишди. Эрталаб Мириам кечирим сўрашга ҳаракат қилди.
– Ҳечқиси йўқ, – Хуан Пабло соувуққина жавоб қилди, Мириамнинг бўйнидан ўпиб қўйди ва овқатланиш учунгина холи қўйган машинкасининг ёнига қайтиб борди.
Мириам энди тушунди: агар Хуан Паблодан ажралишни истамаса уни ўз ҳолига қўйиши лозим, қанча хоҳласа шунча ёзсин; у беш-олти кун бирор ёққа кетишга қарор қилди. Ана шундагина улар бир-биридан дам олиш ва озодликда мулоҳаза қилиб олиш имкониятига эга бўлишади. Ишдан у жавоб сўради, Хуан Паблога эса фирманинг топшириғи билан кетяпман, деди. Кетаётиб у ёзилган қоғозлар тахлами анча кўпайиб қолганлигига диққат қилди ва усиз Хуан Пабло романни тугатиши ҳамда кейин ўзига кўпроқ вақт ажрата олиши мумкинлигини ўйлади.
Жўнаб кетишдан олдинги тунни бир-бирларининг қучоқларида ўтказишди, Мириамнинг кўзлари ёшга тўлди.
– Мен йиғлаяпман, чунки сен билан бўлиш мен учун мўъжиза, чунки фақат сен туфайлигина мен севги нима эканлигини билдим, – Хуан Паблонинг саволларига Мириам ана шундай жавоб қилди.
Хуан Паблонинг бўғзига бир нима тиқилгандай бўлди ва унинг сочларидан, бўйнидан, лабларидан, елкаларидан... ўпа бошлади.
– Сен мени ташлаб кетмайсанми, тўғрисини айт? – Мириам соғинч билан сўради.
– Нималар деяпсан, албатта, йўқ, – деди Хуан Пабло, аммо иккови ҳам бу сўзларда қатъий ишонч йўқлигини ҳис қилишди.
Ўша беъманиликнинг ўзи. Хуан Пабло аввалги квартирасини эгаллаган, Мириам эса ота-онасиникига боришгаям, бирорта саёҳатчилар қўналғасига боришгаям ҳайрон; ниҳоят у кейингисини танлади.
Мириам беш кундан сўнг Хуан Паблони эҳтирос билан қучиш, романини тугатганми йўқлигини билиш истагига тўлиб-тошган ҳолда қайтиб келди. Асарининг албатта муваффақият қозонишини, энди Хуан Паблонинг ҳаёти ҳақида ҳамма нарса унга маълумлигини, бундан буён ҳеч нарсани сўраб-суриштирмаслигини у ўз-ўзига қайта-қайта таъкидлар эди, йигитнинг ёнида эканлиги, унинг қандай ёзаётганлигини кўриб туриш, у билан бирга китоб ўқиш, гаплашиш, биргаликда мусиқа тинглашнинг ўзи етиб ортади. Мириам кечқурун соат тўққизларда квартирага кириб келганда барча жиҳозлар гўё уники эмас, Хуан Паблоникидай туюлди.
– Хуан Пабло!
Акс-садо бўм-бўш хоналарда қалқиб қолди. У қўрқиб кетди, хоналардан ўтаётган ҳамма чироқларни ёқди. Ювиниш хонасига, ошхонага қаради. Бўм-бўш. Емакхонадаги ҳамма нарса одатдагидай турарди. Ичидан бир нима узилгандай бўлиб кичкина чорпоянинг ёнига борди. Ёзув машинкаси жойида эди, ёнида қора папкага ўраб боғланган роман қўлёзмаси турарди. Мириам уни кўздан кечириб роман якунланганини билди. Хуан Пабло ўзининг биринчи романини яратди. Муқаддас орзусини амалга оширди. Ҳозир бирор нарса ичгани ёки сотиб олгани ташқарига чиққан бўлса керак, балки бошини шамоллатмоқчидир: шу беш кун давомида ўрнидан турмай ишлагандир.
У кийимларини алмаштирди, магнитофонни қўйди ва Хуан Паблони кута бошлади. Бекорчиликдан романни қўлига олди. Биринчи саҳифада бағишлов: «Ушбу китобнинг яратилишига сабабчи бўлган Мириамга мангу муҳаббат билан бағишлайман.» Мириам қаттиқ таъсирланиб кетди. Хуан Пабло тезроқ қайтса эди, уни қучоқлаб оларди, биргаликда хурсандчилик қилишарди. Аммо вақт ўтиб борарди, соат учда Мириам ухлашга қарор қилди. Уйга кирса, эшитиб уйғонаман.
Соат ўнларда Мириам кўзини очди. У ёлғиз эди, аммо Хуан Пабло ҳозир қайтиб қолади, деб ишонарди. Ахир унинг ҳамма нарсалари шу ерда-ку: романи, ёзув машинкаси, китоблари. Лекин Хуан Пабло бу кеч ҳам, ундан кейин ҳам қайтиб келмади. Унинг қалбини яна соғинч, ғам эгаллади, илгариги гумонли саволлар қайта уйғонди: Хуан Паблони қаердан излаш керак? Кимдан сўраб-суриштириш керак? Энг қўрқинчлиси у йигитни қаердан излашни билмасди. Аҳмоқона саволлар билан унинг жонига текканлиги учун, ўзини тентакларча тутганлиги учун Мириам ўзини лаънатларди. Хизматчи аёл билан ҳам бекорга гаплашган экан, энди у буни ақлдан озган деб ўйлаши ҳеч гап эмас. Хуан Пабло ҳақида ўйламаслик учун ўзининг одатдаги ишига боши билан шўнғиб кетди.
Азбаройи жонига текканидан Мириам маълум пайт квартирасини алмаштирмоқчи бўлиб юрди. Лекин юрагининг туб-тубидан Хуан Паблонинг бир куни қайтиб келишига ишонарди. Наҳотки унинг тентаклиги йигитнинг шунчалик ғазабини қўзғаганки, Мириамни ташлаб кетган бўлса? Биз ахир келишишимиз, имкони бўлган ҳамма нарсани тузатишимиз мумкин эди-ку. Бизнинг севгимиздақа севгининг емирилиши осон эмас.
У нима қилишини билмасди. Хуан Пабло қайтиб келмади.
Кунлар сувдай оқиб ўтарди. Бир куни Мириам ишдан қайтаётиб лифтда зиёфатга таклиф қилган танишини учратиб қолди, у ўша ерда Хуан Пабло билан танишган эди. Юрагида яна умид уйғонди, Хуан Пабло ҳақида ҳозирнинг ўзида сўрамоқчи бўлди, лекин бегона одамлар халақит берди. Кечқурун уйдан телефон қилишга тўғри келади. Мириам соат ўнларда телефон қилди. Хуан Паблога келган бир қоғозни топшириши кераклигини баҳона қилиб, уни қаердан топсам бўлади, деб сўради. Таниши бу исмни биринчи марта эшитаётганлигини, ўтиришга ҳам Хуан Паблони дўстларидан бири олиб келган бўлиши мумкинлигини айтди. У ҳатто ўша куни Мириамнинг шу одам билан кетиб қолганлигини ҳам эслолмас экан. Эндигина туғилаётган умиди чилпарчин бўлди. Мириам телефонни жойига қўйди ва эсанкираган ҳолда хонама-хона юра бошлади, у Хуан Паблонинг романи, китоблари, ёзув машинкасини қайта-қайта кўздан кечирарди – булар унинг мавжуд эканлигини исботлайдиган ашёвий далиллар-ку.
Бир куни Мириам газеталар қўйиладиган залга кирди – ишига керакли қандайдир маълумотни топиш зарур эди. Ўтган уч-тўрт йиллик тахламларни беришларини сўради ва қайдни бултурги йилнинг газеталаридан бошлади. Биринчи тахламдаёқ хабарлар бўлимидаги таъзияномага кўзи тушди: Хуан Пабло Касалнинг исми катта қора ҳарфлар билан терилган эди, давомида бундай ҳолларда ёзиладиган одатдаги гаплар ва ёш ҳамда беқиёс истеъдод эгаси бўлган ёзувчининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирилган эди. Вафотининг сабаби кўрсатилмаган эди. Мириам ҳушини йўқотаётганлигини сезди, нафаси қисди, одамлар қаёққадир ғойиб бўлди, зал бўшаб қолди, стол ва стуллар кўздан йўқолди, фақат яланғоч деворларгина қолди, улар шунчалик ифлос эдики, қайтаргинг келарди. Мириамнинг юрагидаги ҳамма нарса бўғзига келди: у ўкириб йиғлаб юбормаслик учун оғзини қўли билан ёпиб хабарни қайта-қайта ўқиди, Мириам ҳамон ундаги даҳшатли маънони охиригача англай олмасди. У газеталар қўйиладиган зал ёпилади, деб огоҳлантиргунларига қадар йиғлади. Шундан сўнг у тахламларни ҳам қайтиб топширмасдан кўчага чиқди ва ўткинчиларга туртиниб-суртиниб секин-секин юриб кетди, қаёққалигини ўзи ҳам билмасди.
Ўзига нима бўлганлигини англай олмасдан бир неча соат юрди, ниҳоят ўз-ўзидан оёқлари уни уйининг ёнига олиб келди. Боши тинимсиз айланарди. Мириам ўзини қўлга олиши зарурлигини ва бу калаванинг учини топиши кераклигини тушунди. У воқеалар қандай бошланганини, яъни Хуан Паблонинг борлигини қачондан бошлаб билиб келганлигини эслашга ҳаракат қилди. Аммо бу ерда ҳеч нарсани ўйлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди: у шарпани, кўзга кўринган кўланкани севиб қолганди; Хуан Паблонинг ўзи ҳам, унинг жиҳозлари, унинг суратлари ҳам ҳаммаси – унинг орзу-истаклари ҳамда ўлим тўхтатиб қўйган ишини ниҳоясига етказиш учун ҳаётга қайтишга бўлган иштиёқининг мужассами эди. Фақат Мириам туфайлигина ушбу қайтиш амалга ошди. Аммо шу ерда Мириамнинг юрагига даҳшатли бир шубҳа ўрмалади: Хуан Пабло уни севармиди ёки фақат ўз мақсади йўлида ундан фойдаландими? Нега у қайтиб келди? Ўзининг адабий қисматига бўйсуниб романини ёзиб тугатиш учунгинами? Ёки уни мен таъсирчанлигим билан ўзимга тортдимми? Балки иккала сабабда ҳам жон бордир: Хуан Пабло ўз асарини тугатиш учун қайтган ва ёзаётиб Мириамни севиб қолган? Тугалланган қўлёзма ва биринчи саҳифадаги ёқимли бағишлов Мириамни ўзининг сўнгги тахминига ишонишга мажбур қилди.
У квартирани алмаштириш фикридан воз кечди. Мўъжиза қайта такрорланишига умид қилди. Ойлар ўтди, лекин унинг йигитнинг исмини тинимсиз такрорлашлари, романнинг моҳиятига етиш учун, қаҳрамонлари дунёсини англаш учун юзлаб маротаба қайта ўқишлари, ҳар битта сўзни минг бир маънода шарҳлашлари ҳамма-ҳаммаси беҳуда эди. Хуан Пабло илгаригидай қаердадир жуда узоқда эди – ҳар ҳолда қайтиб келмасди. Бир куни кечқурун Хуан Паблонинг пайдо бўлишини кутиб, ёки ҳеч бўлмаса машинканинг тиқиллашини эшитиш умидида хонама-хона кезиб юриб кичкина чорпояда унутиб қолдирилган китоблардан бирини олиб варақлади: бу Эдгар Аллан Понинг ҳикоялар тўплами эди. «Легейя»нинг Жозеф Гленвеллдан олинган эпиграфи остига чизилган эди: «Ва ўлим ҳукмронлик қилолмайдиган эркинлик – ана шунда. Эркинликнинг сирини унинг бутун қудрати билан ким англай олади?»
Мириам бу сўзлар юз берган воқеага жуда мос келишини қайғу билан хаёлидан кечирди, Хуан Пабло бекорга остини чизиб қўймаган, сўнгсиз саволларимга жавоб, сирларнинг тагига етишимга ёрдам берадиган калит балки ана шу сўзлар замиридадир.
Кейинги сафар Мириамнинг қўлига Лилининг мактуби тушиб қолди. У хатни қайта ўқиб чиқди. Шаҳло кўзларига ёш қуйилиб келди, у кейинги пайтларда тез-тез йиғлайдиган бўлиб қолган эди. Хуан Паблонинг кубалик қизга нега жавоб ёзмаганлигини у энди тушунди: Хуан Паблонинг муддати қатъий белгиланган бўлган, ҳатто унча узоқ ҳам эмас, тириклар орасида юриш, улар билан дўстона алоқлар қилиш унинг учун қайтариб бўлмас вақтни йўқотиш бўларди. Кубалик қизнинг безовталанишлари ва изтиробларини, севган ва кутган кишисидан хабар йўқлигидан зорланиб қилган сўнгсиз ҳасратларини Мириам биринчи марта тушунди. У қоғоз ва қалам олиб олисдаги ҳамдард дугонасига хат ёзишга ўтирди. У Хуан Паблонинг вафот этганлигини, энди тақдирнинг ҳукмига бўйсуниш кераклигини ёзди, сендан ёшим катта, марҳумнинг қариндошиман деб қўшиб ҳам қўйди. Конвертни елимлади ва ухлашга ётаётиб қўлёзмани бирорта ноширга олиб бориш керак, деб ўйлади. У Хуан Пабло билан бўлган бир суҳбатни жуда яхши эсларди. «Ҳеч ким фақат ўзи учун ёзмайди. Бадиий асар қачонки нашр этилса ва танқидчи ҳамда ўқувчиларнинг қўлига етиб борсагина мазмун кашф этади.»
Эртаси куни Мириам аввал почтага, сўнгра нашриётга кирди. Қайтаётиб йўлда Готенинг сўзларини эслади: «... менинг севгим ўлимдан кучли ва у охир-оқибатда ғалаба қилади.» Хуан Пабло кўздан ғойиб бўлган пайтларда ва Гленвеллдан олинган эпиграфни ўқиган чоғида у ҳам ўзи ҳақида худди шундай дея олган бўларди.
Мириам яна ўзининг сокинлик ва синган соялар салтанатида ёлғиз қолгач, йигирма олти ёшга кирган бўлса ҳам чарчаган, жамики нарсаларга қизиқиши йўқолган қари аёлга айланиб қолганини тушунди, йўли ниҳоясига етганини, кечинмалар ва туйғуларга бой бўлса-да жуда узоқ ва машаққатли ҳаёт кечирганини англаб етди; энди Хуан Пабло билан бирикиб, уйғунлашиб кетиш учун ўлимни кутиши кераклигини ҳам тушунди. У ўзига саволлар берарди: бу учрашув юз беришига неча йил қолди? Балки кунлардир? Яхшиси, – деб ўйлади Мириам, – кутиш керак эмас, акс ҳолда Хуан Пабло қоқшаган бир кампирни кўриши мумкин. Ўлим уни юзларида гўзаллик барқ уриб турган пайтида олиб кетиши лозим.
У ўз қайғусини ана шу қарор билан бироз юмшатди ва ноширдан бирор жавоб эшитгунга қадар бир неча ҳафта кутиб туришни маъқул кўрди. Мен, – деди у овозини чиқариб, узоқ вақтлар ичида биринчи марта ҳаяжонланган ва жилмайган ҳолда, Хуан Паблонинг ёнига хушхабар билан боришни истайман.


<references>
Mualifning boshqa asaralari
1 Miriam (hikoya) [Rene Aviles Fabila] 514
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика