Электр стулдаги тавба (ҳикоя) [Richard Stark] |
Женисни ўлдиришга қачон қарор қилганимни аниқ айта олмайман. Албатта, бу ҳақда бир неча ойлар давомида ўйлагандим, аммо айнан қачон орзуларим пухта ўйлаб чиқилган режага айланганини эслай олмайман. Эҳтимол, бу Женис менга индамай сотиб олган мўйнали пўстин учун ҳисоб варағини олиб келишганида юз бергандир. Деярли икки минг доллар-йиллик даромадимнинг бешдан бир қисмини сарфлашим лозим бўлган бу матоҳга кўз ташламоқчи бўлганимда эса у Бешинчи авенюдаги дўконларни айланиб чарчагани учун поездда келаётиб пўстинни унутиб қолдирганини айтиб мени ўлдираёзганди. Балки бу анча олдинроқ, ишдан ўлгудек чарчаб шаҳар марказидаги уйимизга қайтганимда Женис Коннектикутдан уй сотиб олганини айтганида бўлгандир. Биз энди Манхеттендаги тош деворлар ичида яшамас эканмиз. Қишлоқнинг тоза ҳавоси бизга куч берар экан. Бундан ташқари, ҳар куни одатдагидан бир соат эрта туриб тонгги поездда ишга боришим мен учун жудаям фойдали экан. Балки ҳаммаси ўша куни, қишлоқдаги уйимизда харажатларимизни ҳисоб-китоб қилаётиб кейинги ярим йилда банк кредитларини миқдоридан ошириб юборганимиз учун тўлаган жарималаримиз ейиш-ичишимизга кетган пулдан ҳам кўпайиб кетганлигини билганимда бошлангандир. Бу ҳақда унга норозилик билдирганимда Женис хотиржамлик билан ҳамма айбни менга ағдарганди. Ростдан ҳам, у кутилмаганда сарфлайдиган пулларни вақтида топиб беролмаганим учун уни айблаш мумкинми? Балки гап унда эмасдир. Балки буларнинг барига Карен сабабчидир. Карен, оҳ Карен! Ниҳоят менинг лавозимим кўтарилди. Бу лавозим менга Жениснинг харажатлари учун кўпроқ пул, шу билан бирга шахсий кабинет ва котиба берди. Ва бу котиба Карен эди. Умуман олганда, бу анча ғалати воқеа. Уйда доимий жанжаллар ва асабийлашишлар манбаи бўлган хотин кутади. Ишда эса ақлли, гўзал, гаплашсанг ҳаёт ташвишларини унуттирадиган котиба. Мен бора-бора иш кўпайиб кетганлигини баҳона қилиб шаҳарда узоқроқ қолиб кетадиган бўлдим ва охир-оқибат ўша нарса юз берди. Биз Карен билан бир-биримизни севиб қолдик. Бизнинг муносабатларимиз раҳбар ва котиба орасидаги ишқий ўйинга айланиши ҳам мумкин эди. Аммо Карен софдил қиз эди. Мен Женис билан ажрашишим ва Каренга уйланишим кераклигини тушундим. Аввалига ажрашиш ҳақида ўйладим. Мен Жениснинг бунга рози бўлишига шубҳа қилмасдим, чунки ўша пайтларда ажрашишлар урфга кирган, Женис эса замон билан ҳамнафас қадам ташлашга интиларди. Аммо кейин алимент эсимга тушиб қолди. Ажрашишга нима сабаб бўлмасин, ҳуқуқий жиҳатдан мен жавобгар, Женис эса даъвогар бўларди. Бу эса алимент дегани. Мен Жениснинг пулга ниҳоятда ўчлигини жуда яхши билардим. Шундоқ ҳам иккимиз учун зўрға пул топардим. Бунга Каренни ҳам қўшинг, қарабсизки ярим йилда мен қарздорлик ботқоғига ботишим тайин. Йўқ, ажрашиш фикри шу заҳоти четга сурилди ва қанчадир вақт бу муаммонинг ечими йўқдай туюлди. Сўнгра Женис машина сотиб олди ва мен уларнинг иккаласи-Женис ҳам, машинаси ҳам Мерит Паркуей атрофида мажақланиб кетишини Худодан сўрадим. Аммо вақт ўтиб борар ва ҳеч қандай бахтсиз ҳодиса юз бермасди. Уйимизнинг деворлари ғиштли, ичи сувоқ қилинган, демак, ёнғин эҳтимоли жуда кам эди. Поездлар баъзан релсдан чиқиб кетади, аммо Жениснинг поезд ҳалокатига учраб ўлишига умид қилишнинг ўзи кулгили эди. Охир-оқибат ҳаммасини ўз зиммамга олишга мажбур бўлдим. Женис Карен билан бахтли ҳаёт кечиришимга тўсиқ бўлаётган экан, демак, бу тўсиқни олиб ташлаш керак. Вақт ўтгани сари бу фикр мустаҳкамланиб борди, борган сари кучайди ва ниҳоят мен Каренга оғиз очдим. Аввалига у бу таклифимдан қўрқиб кетди. Лекин Женис тирик экан, биз ҳеч қачон турмуш қура олмаслигимиз ҳақида унга узоқ гапирганимдан кейин у менинг режамни қайғули зарурият сифатида қабул қилди. Энди «қачон» ва «қандай қилиб» деган масалани ҳал қилиш керак эди. Ихтиёримда қотилликнинг тўрт хил усули бор эди: бахтсиз ҳодиса кўринишидаги қотиллик, ўз жонига қасд қилиш кўринишидаги қотиллик, табиий ўлим кўринишидаги қотиллик ва қотиллик кўринишидаги қотиллик. Бахтсиз ҳодисани дарҳол миямдан чиқариб ташладим. Женис учун турли хил бахтсиз ҳодисалар ҳақида ойлаб бош қотирган ва охир-оқибат уларнинг ҳаммаси ишонарсиз бўлиб чиқишини тушунгандим. Мен ишонмаган нарсага политсиянинг ҳам ишониши қийин. Ўз жонига қасд қилиш борасида эса Жениснинг барча дугоналари бир овоздан ундан бахтли ва ўз ҳаётидан мамнун аёл бўлмагани, шунинг учун ўзини ўлдиришига ҳеч қандай асос йўқ эканлигини айтишларига шубҳа қилмасдим. Табиий ўлим ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмасди. Қотиллик қилиш қолганди. Қотиллик кўринишидаги қотиллик. Мен шунга мос режа тузишга киришдим. Имконият майнинг охирги чоршанбасида бўлиши мумкин эди. Ўша ҳафтанинг пайшанба ва жума кунлари Чикагода муҳим мажлис бўлиши режалаштирилганди. Мажлис бизнинг энг йирик мижозларимиздан бирининг реклама кампаниясига бағишланган ва унда иштирок этишим зарур эди. Энди Карен мен билан бирга кетишини ташкиллаштиришим керак эди ва бу қийин бўлмади. У менга ёрдамчи сифатида сафарга бирга чиқадиган бўлди. Режам аста-секин пишиб-этилди. Режа қуйидагича эди: мен соат учда Чикагога йўл оладиган ва эртасига эрталаб 8:40да у ерга етиб борадиган поездга чипта оламан. Карен ҳар икки чиптани ўзи билан олади ва поездга ўтиради. Биз иккаламиз ишхонадан туш пайти бирга чиқамиз ва ҳамманинг кўз ўнгида марказий шоҳбекатга йўл оламиз. Аслида эса, Карен марказий шоҳбекатга кетган пайтда мен 125-кўчадаги бекатга бораман ва 12:55да Коннектикутга кетадиган поездга ўтириб, 2:10да у ерга етиб келаман. Бу пайтда мен сохта мўйлов, кўзойнак тақиб олган, умримда киймаган шляпа ва палто кийиб олган бўламан. Уйимиз бекатдан унча узоқ эмас. У ерга пиёда бораман. Женисни икки ҳафта илгари Ист-Сайдда номаълум бир шахсдан сотиб олган ўттиз иккинчи калибрли тўппончам билан ўлдириб, уйни ағдар-тўнтар қиламан. Сўнгра соат бешдаги поездда шаҳарга қайтаман, оқшомни бирор ерда ўтказиб, 00:45да Чикагога учадиган самолётга ўтираман. 3:40да аеропортда бўламан, 8:40да эса Каренни темир йўл шоҳбекатида кутиб оламан. Биз қайтиш учун олинган чипталарни Ню-Ёркка самолётда қайтишимизни айтиб, кассага топширамиз. Натижада менинг қўлимда темир йўл компанияси томонидан тўлдирилган расмий қоғоз бўлади. Мутлақ алиби. Сўнг, кўмиш маросимларини ўтказгач, Каренга уйланаман ва биз бир умр бахтли ҳаёт кечирамиз. Шундай қилиб, ўша кун келди. Мен чамадонимни олиб ишга бордим. Туш пайти биз Карен билан ажралишдик ва мен йўл-йўлакай палто ва шляпа сотиб олиб, 125-кўчага шошилдим. Чамадонни юк сақлаш камерасида қолдириб, поездга ўтирдим ва вагонлардан бирининг ҳожатхонасига кириб сохта мўйлов билан кўзойнак тақиб чиқдим. Соат 2:15да поезддан тушдим. Бекат одатда куннинг бу вақтида бўм-бўш бўлади. Йўлда бирорта ҳам танишимни учратмадим. Мен чўнтагимдаги тўппончанинг оғирлигини ҳис қилганча аста уй эшигини очдим. Женис меҳмонхонада эди. У янги, пули ҳали тўлиқ тўланмаган диванда ўтирар ва ҳеч шубҳасиз, менинг эшакдек ишлаб топган пулимни қандай қилиб тез ва самарали сарфлаш ҳақида маслаҳатлар берилган аёллар журналини ўқирди. Аввалига у мени танимади. Фақат кўзойнак ва шляпамни олганимдан кейингина қичқириб юборди: -Буни қара-я! Мен бўлсам сени Чикагода деб ўйлабман. -Мен Чикагодаман,-дедим мен мўйловимни силаб ва пардаларни ёпиш учун дераза томонга қадам ташладим. -Мўйлов нимага керак?-сўради у.-Умуман ярашмабди. Мен унга ўгирилдим ва чўнтагимдан тўппончани чиқардим. -Ошхонага кир, Женис. Режамга кўра, талончи орқа эшикдан ошхонага кирган, Женис шовқинни эшитиб у ерга мўралаган ва талончи уни отиб ташлаган бўлиши керак эди. У тўппончага бақрайиб қаради, сўнг кўзларини катта-катта очганча юзимга тикилди: -Фредди, нима бўляпти?.. -Ошхонага кир, Женис,-қайтардим мен. -Фредди,-деди у жаҳл билан,-бу яна сенинг ҳазилларингдан бири бўлса... -Мен ҳазиллашаётганим йўқ, Женис,-ўшқирдим мен. Бирдан унинг кўзлари қувончдан порлади ва ҳар доим навбатдаги харидни мўлжаллаган пайтда қилганидек болаларча чапак чалди. -Фредди, азизим!-қичқирди у.-Сен менга янги идиш ювадиган машина сотиб олибсан-да! У ошхонага югургилади. Ҳатто умрининг охирги дақиқаларида ҳам у нарса сотиб олиш ҳақида ўйлаётганди. Ошхонада у ҳайрон бўлганча менга ўгирилди: -Идиш ювадиган машина йўқ-ку... Мен унга қарата ўқ уздим. У чинқиришга оғиз жуфтлаган пайтда иккинчи ўқ уни йиқитди. Нақд уч сония жимжитлик ҳукм сурди. Тўртинчи сонияда эса бошим устида турган эшик қўнғироғи сукунатни бузиб жиринглади. Мен даҳшатдан қотиб қолдим. Нима қилишни билмасдим. Аввалига «келган одам қўнғироқ чалавериб зерикиб қайтиб кетгунича жойимда қотиб тураверсаммикин» деб ўйладим. Аммо кейин Жениснинг машинаси ҳовлида турганини, бу эса унинг уйда эканлигини билдиришини ўйлаб фикримдан қайтдим. Агар эшикни очмасам, келган одам шубҳаланиб қўшниларни ёки политсияни ёрдамга чақиради ва у ҳолда бу ердан чиқиб кетолмайман. Шунинг учун мен эшикни очишга қарор қилдим. Бу кўзойнак, сохта мўйлов ва ўзгарган овозимда туққан онам ҳам мени танимайди. Мен ўзимни хусусий шифокор деб таништиришим ва Женис касаллиги учун ҳеч кимни қабул қила олмаслигини айтишим мумкин. Мен бу ҳақда ўйлагунимча нафақат даҳшатдан қотиб турган одамни, балки тош ҳайкални ҳам ҳаракатга келтирадиган эшик қўнғироғи иккинчи марта жиринглади. Тўппончани шошиб-пишиб чўнтагимга солдим ва эшик олдига бордим. Чуқур нафас олиб ва титроғимни сал босиб, эшикни қия очдим. Остонада жигарранг портфел тутган савдо агенти турарди. У ғижим кулранг костюм, оқ кўйлак кийиб, мовий галстук тақиб олганди. У ўттиз икки тишини кўрсатиб илжайди. -Хайрли кун, сер. Уй бекаси борми? -У касал,-жавоб қайтардим мен овозимга бўғиқлик бериб. -У ҳолда, сер,-бидирлади у,-балки сиз менга икки дақиқа вақт ажратарсиз, албатта агар банд бўлмасангиз? -Вақтим йўқ. Узр. -Лекин бу сизни қизиқтиришига ишончим комил, сер. Мен таништирмоқчи бўлган компания фарзанди бор ҳар бир оилани ўйлайди. -Менинг болам йўқ. -О!-Унинг табассуми йўқолди, аммо шу заҳоти яна пайдо бўлди.-Аммо менинг компаниям фақат ота-оналарнигина ўйламайди. Бир сўз билан айтганда, мен «Универсал энтсиклопедия» нашриётиданман. Мен савдо агенти эмасман. Гап шундаки, биз маҳаллий бозордаги талабни ўрганиш билан шуғулланяпмиз ва... -Кечирасиз. Бу мени қизиқтирмайди,-унинг сўзини бўлдим. -Лекин сиз энг асосийсини билмайсиз!-қайсарлик қилди у. -Жин урсин!-Мен «агар Женисни икки дақиқа олдин отиб ташламаганимда у мана шу «Универсал энтсиклопедия»ни сотиб олган бўларди» дея ўйлаганча эшикни қарсиллатиб ёпдим. Мен ишимни охирига етказишим лозим эди. Бутун уйни ағдар-тўнтар қилиш, чамадонлар, жавонлардаги нарсаларни сочиб ташлашим керак эди. Сўнг эса поездимга қараб югураман. Эндигина ётоқхона томон қадам ташлаганимда телефон жиринглади. Мен яна жойимда қотиб қолдим. Жавоб берайми ёки йўқми? Бу сафар ҳам жавоб беришга қарор қилдим. Гўшакни кўтариб саломлашганимдан сўнг қандайдир аёлнинг овози келди: -«Мажилл» компаниясининг статистика бўлимидан безовта қиляпмиз. Айни пайтда телевизор кўряпсизми? Мен гўшакни қулоғимга тутганча қотиб турардим. -Сер? -Йўқ.-Гўшакни жойига қўйдим ва ётоқхона томон йўл олдим. Бу сафар у ерга киришга муваффақ бўлдим. Жавон ғаладонларини бирин-кетин суғуриб олдим ва полга ағдара бошладим. Бармоқ изларимга тупургандим. Ўз уйимда менинг бармоқ изларим бўлиши аниқ-ку. Политсия талончи қўлқопда кирган деб тахмин қилаверади. Учинчи ғаладонни ағдариб, уч жуфт узук ва битта соатни чўнтагимга солган пайтимда яна эшик қўнғироғи жиринглади. Уф тортганча эшикни очгани югурдим. Бу сафар ташқарида бемаъни табассум қилганча семиз жувон турарди. Мени кўриб, у гап бошлади: -Сал-лом! Мен Тернер хонимман, штат протестантлик черкови фойдаси учун автомобил лотереяси сотяпман. -Ҳеч қанақа лотерея керакмас,-жавоб қайтардим мен. -Лекин бу автомобил лотереяси,-деди у. -Ҳеч қандай автомобилнинг кераги йўқ,-дедим ва эшикни ёпдим. Сўнг яна эшикни очиб, қўшиб қўйдим:-Машинам бор. Ётоқхонага қайтарканман, суҳбат миямда айланарди. Гапларим ғалати чиқмадими ишқилиб? Балки асабийлашганим учун менга шунақа туюлаётгандир? Аҳамияти йўқ. Бирпасдан кейин бу ерни тарк этаман ва Ню-Ёрк поездида хотиржам кетаман. Ҳаяжондан бирин-кетин иккита сигарет чекдим ва яна ишга киришдим. Жавон ва столни бир ёқли қилиб, энди шкафга ўтмоқчи бўлганимда телефон жиринглади. Телефон қўнғироғининг овози бунчалик ўткир ва қулоқни қоматга келтирувчи бўлишини илгари тасаввуримга ҳам келтирмаган эканман. Бунинг устига, узоқ ва тез-тез жиринглайди. Э Худо, мен ўрнимдан туриб телефон олдига етиб боргунимча лаънати уч марта жиринглаб улгурди. Гўшакни кўтаришим билан эркак кишининг овози янгради: -Салом, Энди! -Энди? У яна қайтарди: -Салом, Энди! Ҳаммаси режадагидай кетмаётганди. Мен сўрадим: -Ким керак? У жавоб қайтарди: -Энди. -Рақам теришда адашибсиз,-дедим ва гўшакни қўйдим. Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглади. Мен бир сакраб тушдим ва телефонни ерга тушириб юбордим. Телефонни жойига қўйгунимча эшик қўнғироғи яна чалинди. Мен эшик томон ташландим ва эҳтиёткорликни ҳам унутиб катта очдим. Рўпарамда сочларига оқ оралаган, юзидан ўзига ишонч ҳисси билиниб турган киши турарди. У қора портфел ушлаб олганди. -Жаноб Уит келдими? -Ким?! -Жаноб Уит,-деди у.-Келдими? -Унақа одамни умримда эшитмаганман,-дедим.-Адашибсиз. -Нимаям қилардик,-деди у,-у ҳолда сиз билан ўзим гаплашишимга тўғри келади.-Мен нима бўлаётганини идрок қилгунимча у ёнимдан сирғалиб ўтди ва меҳмонхонага кириб у ёқ-бу ёққа аланглай кетди.-Қойил! Ажойиб меҳмонхона! -Эй, менга қаранг...-сўз бошладим мен. -Семпсон,-деди у.-«Универсал энтсиклопедия». Бекамиз кўринмайдилар? -У касал,-жавоб қайтардим.-Унга шўрва тайёрлаяпман. Товуқ... э-э-э... шўрва! Балки бошқа сафар... -Тушунаман,-деди у ва худди ниманидир ўйлаётгандай қовоғини уйди, сўнг илжайди:-Майли, сер, сиз шўрвангизни тайёрлашингиз мумкин. Мен унгача таништирув учун ҳамма нарсани тайёрлаб оламан. Кўз очиб-юмгунча у диванга астойдил жойлашиб олди. Оғзимни очмоқчи эдим, у мендан кўра чаққонлик қилди ва портфелини очиб, қўлини елкасигача тиқиб ичидан бир тахлам қоғоз чиқарди. Қоғозлардан бирига қора рангда катта ҳарфларда «Қутулинг!» деб ёзилганди. Яна бирига қизил рангда «Эҳтиёт бўлинг!» деб ёзилганди. Яна бошқасида «Уриниб кўринг!» деган ёзув турарди. Жаноб Семпсон энгашди ва ҳарсиллаганча қоғозларни гиламга бир текисда тера бошлади. -Бу бизнинг янги дастуримиз,-тушунтирди у жилмайганча ва энгашиб имкони борича кўпроқ қоғоз ёйишга киришди. Мен унга анграйганча қараб турардим. У ўтирган дивандан атиги беш фут нарида, ошхонада хотиним Женис жонсиз ҳолда ётарди. Ётоқхона ағдар-тўнтар қилиб ташланган эди. Мени шаҳардан олиб кетадиган поезд кетишига бир соатдан озроқ вақт қолганди. Бунинг устига, тўппончамни бирор жойдаги ахлат қутисига ташлашим керак. Кейин эса Чикагога учаман ва Каренни кўраман. Гўзал Каренни. Севгилим Каренни. Мана бу лаънати лақма эса менга бемаъни энтсиклопедиясини ўтказмоқчи! Мен хотиржамлик билан дедим: -Йўқолинг. У илжайганча менга қаради. -Тушунмадим? -Йўқолинг,-қайтардим мен. У лабларини йиғиштирди. -Лекин, э-э-э... сиз ҳали... -Даф бўлинг!-дедим бу сафар баландроқ овозда. Қўлим билан эшик томонга ишора қилдим.-Даф бўлинг! Туёғингизни шиқиллатинг! У нимадир дейишга оғиз жуфтлади. -Йўқол!!! Мен унинг қоғозларини эзиб-тепкилай бошладим. Сўнгра эшик томонга югурдим. Эшикни очиб, полда ётган қоғозларни қучоғимга сиққанича олдим ва ташқарига улоқтирдим. Оёғим остига тўкилган қоғозларни суриб ташқарига чиқариб ташладим. Қўрқувдан ранги оқариб кетган жаноб Семпсон ташқарига югурди. Эшикни ёпдим ва чуқур уф тортиб сигарет туташтирдим. Кейин яна битта сигарет чекдим. Яхшилаб сўкиниб олгач, учинчисини тутатдим. Кейин эса ётоқхонага ўқдек учиб кирдим ва завқ билан кийим шкафини пачоқлашга тушдим. Уни синдиргач, каравотга ўтдим. Тўшак ва чойшабларни бурда-бурда қилгач, хона ўртасига ўтдим-да қилган меҳнатимнинг «ҳосили»ни томоша қилдим. Шу лаҳзада эшик қўнғироғи жиринглади. -Агар бу яна жаноб Семпсон бўлса,-дедим ўзимга ўзим,-унга ўзинг ёрдам бер, эй Худо! Яна жиринглаган овоз эшитилди. Менимча, эшигимиз қўнғироғининг овози жудаям баланд эди. Қизиқ, нима учун буни илгари пайқамаган эканман. Эшикка етиб боргунимча қўнғироқ яна бир марта жиринглади. Ташқарида турган кимсага бақиришдан ўзимни зўрға тутиб қолдим. Эшик тутқичини ушлаганимда ўзимни анча босиб олгандим. Яшил кийимли жуссаси кичкинагина қиз қўлида пишириқлар солинган қути билан турарди. Шу лаҳзада мен ҳаёт жудаям мураккаб ва шафқатсиз эканлигига ишонч ҳосил қилдим. -Биз ҳамма нарсани сотиб олдик, қизалоғим,-дедим ва эшикни секин ёпдим. Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Мен эшик кесакисига суянганча хаёлга эрк бердим. Бу менга ёқди, лекин айни пайтда вақт ўтиб бораётганини тушуниб турардим. Лаънати телефон тинмай жирингларди. Гўшакни кўтармагунимча у жиринглашдан тўхтамайди. Агар дарҳол олсам, лаънатининг овози ўчади. Яхши фикр. Анчадан бери миямга яхши фикр келмай қўйганди. Мен бориб гўшакни кўтардим. -Салом, қўшни!-қичқирди аллақандай эркак.-Мен «Кунлик кўнгилочар дастур»дан Денг ЎТулман. Бош қичқирувчи бўлишни истайсанми? -Нима? -Қўшни, наҳотки ҳеч нарсадан хабаринг йўқ? Бу ажойиб радиоўйин-ку! Ҳамма фақат шу ҳақда гапиряпти! Демак, агар сен ҳаммадан баланд қичқирсанг.... У бир нарсалар деб валақлаб кетди, лекин мен уни эшитмасдим. Гўшакни қўйиб қўйдим. Мен яна битта сигарет чекмоқчи бўлдим, аммо вақтида ўзимни тўхтатдим. Кейин эса ўзимни босиб олишга, фикримни бир жойга йиғишга ва вазиятни таҳлил қилишга уриндим. Уйда менинг оғир нафасимдан бошқа ҳеч қандай товуш эшитилмасди. Бир оз ўзимга келгач, политсия кўз ўнгида намоён бўлиши керак бўлган манзарага кўз ташладим. Ошхонада хотинимнинг жасади, қолган хоналар остин-устин қилиб ташланган. Энди ошхона эшиги қулфини бузсам бўлди эди. Бу ёғига режамни амалга оширишим учун бошқа ҳеч нарса тўсқинлик қилолмасди. Мутлақо ҳеч нарса. Ошхонага етай деганимда кутилмаганда режам амалга ошмаётганини тушуниб қолдим. Ҳаётнинг ўзи менга қарши фитна тайёрлаб қўйганини англаб етдим. Ва Жениснинг ҳаёти даҳшатли азоб-уқубатдан иборат бўлганини, у пул сарфлаш орқали ўзини бу азобдан чалғитганини шу пайтгача сезмаганимни тушундим. Ошхона эшиги олдида атрофга қулоқ солдим ва «ешик қўнғироғи ёки телефон жиринглаб қолмасмикин» деган ўйда бирпас туриб қолдим. Аммо ҳаммаёқ жимжит эди. Шунда эшикни очдим. Бирдан ортимга ўгирилдим. Ортимда қўлида чинни идиш ушлаганча қўшни кампир турарди. У менга ҳайратланиб қаради, кейин эса нигоҳини ошхонада ётган жасадга бурди. Унинг кўзлари катта-катта очилди, чинқириб юборди, қўлидаги идишни ташлаганча ортига бурилиб қочди. Унинг чинқириғидан жойимда қотиб қолдим. Мен худди сеҳрлангандай унинг қўлидан тушиб кетган идишга қараб турардим. Менга у ерга етиб боргунча худди соатлар ўтаётгандай туюлди. Идиш ниҳоят ерга тушиб парча-парча бўлиб кетди. Менинг ҳам оёқларим букилди ва деворга суянганча ерга ўтириб қолдим. Кейин эса жойимда ўтирганча ҳаммаси тугашини кутдим. Бу пайтда уйимга турли одамлар келиб-кетишди-аҳолини рўйхатга олиш хизмати ходими ва почтачи; кирхона хизматчиси ва темир йўл компанияси ходими; кимёвий тозалаш хизматидан ва маҳаллий мерликка номзод; макулатура излаб юрган бир гуруҳ ёшлар; хайрия учун пул йиғиб юрган қари аёл ва коллежга кириш учун пул тўплаш мақсадида журнал сотиб юрган йигитча; манзилда адашиб қолган беш-олтита йигит ва политсиячилар... |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Elektr stuldagi tavba (hikoya) [Richard Stark] 423 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62387 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57615 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36530 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23275 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21576 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19508 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |