Хат (ҳикоя) [Roʻziboy Qulmat]

Хат (ҳикоя) [Roʻziboy Qulmat]
Хат (ҳикоя) [Roʻziboy Qulmat]
Олим ишдан кеч қайтди. Даҳлиз тўридаги хонтахта атрофида болалари – ўғли билан қизи бурчакдаги телевизорга тикилиб ўтиришарди. Олим хонтахта ёнига ўтирди, этигини ечди.
– Болам, этикни нарёққа олиб бориб қўй, – деди Олим ўғли Шоҳруҳга.
Шоҳруҳ синглисини туртиб:
– Сенга айтяпти, – деди.
– Менга эмас, ўзингга, тур.
– Менга эмас.
– Тортишмасдан обқўяқолсаларинг-чи, ҳозир ошни сузаман, – деди идишларни чаяётган хотини.
Олим пойгакка бориб қўлини ювди, келиб кўрпачага ўтирди. Болалар бирин-кетин бориб қўлларини ювиб келишди. Аёл ош тўла лаганни олиб келди.
– Гўштни тўғраларинг, – деди.
Шоҳруҳ отасининг гапи унга тегишлимасдай индамай ўтираверди.
– Болангни қайсарлигини кўр, –деди Олим.
– Сиз ҳали бунинг ҳолини сўранг. Ўқитувчиси уришибди.
– Нега уришади?
Хотини бир нималар деб жавоб берди, лекин Олимнинг қулоғига кирмади.
Олим ўғлини имлаб чақириб ёнига ўтқазди.
– Х-ў-ш, нега уришади, сабаб нима, нима гуноҳ қилувдинг?
– Ҳеч нима қилмадим. Ўзидан-ўзи келиб уришади.
Қизи гапга аралашди:
– Шовқин солган эмишсан-ку.
– Ким айтди сенга?
– Синфингдагилар.
– Шовқин солганим йўқ, ўзидан-ўзи.
Олим жаҳл билан сўради:
– Шовқин солди деб уришаверадими? Бошқа болаларни хам уришдими?
Ўғлининг ўрнига хотини жавоб берди:
– Нуқул буни уришармиш. Бири ҳисобчининг ўғли, бири раиснинг арзандаси. Уларга тегармиди, тегиб кўрсин-чи. Буни бечора кўради. Фермангиздан нари ўтмайсиз. Бориб гаплашинг сиз ҳам, бечорага кун йўқми, денг.
Олимга хотинининг гапи қаттиқ таъсир қилди. Фақат унинг ўғлини уришадиган ўша ўқитувчини ёмон кўриб кетди. Бошланғич синфда ўқийдиган Шоҳруҳнинг ўқитувчисини яхши танимасди. Хотинидан у ҳақда суриштирди. Хотини мактабга бир-икки борган, ўша ўқитувчи билан гаплашганди.
– Сиз уни кўча-кўйда кўрган бўлишингиз керак. У қорачадан келган, узун бўйли, гавдали йигит.
– Ҳа, ҳа, эсимга тушди, анавими? Шошма-чи, у нариги кўчадаги Мирза оққошларга қариндош бўлади-а?.
– Ҳа-да, ҳозир айтмоқчи бўлиб турувдим, Мирза оққош унинг тоғаси бўлади.
– Тушунарли, – деди Олим маънодор бош чайқаб. – Мана гап қаерда экан. Ўғрининг жияни, дегин. Эсингдами, Мирза омбор мудири бўлиб ишлагани?
– Нега эсламай, яқин-яқингача ишларди-ку. Бўшаганига кўп бўлса уч-тўрт йил бўлгандир.
– Хўжаликни еди. Кишининг ҳақидан қўрқмайди, харомхўр, – деди Олим нафрат билан. – Шунинг жияни нима бўларди.
Болаларнинг шовқини Олимнинг нутқини бўлди.
– Бер буёққа, бер, – бақирарди Шоҳруҳ синглисига ёпишиб.
– Нимани талашяпсанлар, бас қилларинг! – бақириб берди Олим.
– Манави менинг нарсамни олди, берсин.
Қизча акасининг гапга чалғиганидан фойдаланиб унинг чангалидан қутулиб олди, қиқирлаб кулганча югуриб тўрдаги хонага кириб кетди. Шоҳруҳ сапчиб ўрнидан турди, чопиб унинг ортидан йўл олди.
– Шоҳҳи, тўхта! – деди Олим.
Бола отасининг гапини эшитмагандай ичкари хонага кириб кетди. У ердан бақир-чақир овозлар эшитилди.
Олим хонага отилди. Шоҳруҳ синглисининг қўлидаги нарсага ёпишганди, қизалоқ чириллаб йиғларди.
Олим Шоҳруҳни даст кўтариб турғазди. Уни елкасидан силкитиб:
– Калланг борми сен боланинг?! – дея бақириб юборди.
Қўрқиб кетган Шоҳруҳ жим бўлиб қолди. У гоҳ отасига, гоҳ онасига жавдираб қарарди.
– Шунчалик ҳам уришасизми? – деди аёл эрига таънали боқиб.
– Ўзи нимага қирпичоқ бўлдиларинг? – сўради Олим.
Маълум бўлишича, болалар бир ялтироқ тугмани талашишган экан.
Буни эшитган Олим тутақиб кетди:
– Шунга шунчами?
Орага хотин қўшилди:
– Ўзингиз берган тарбия.
Жаҳл зўридан эр қизариб кетди:
– Нега энди менинг тарбиям бўларкан. Ўзингники!
Хотин ҳам бўш келмади:
– Сизники! Сизники!
Хона шовқинга тўлди. Эр-хотин бир-бирларини айблаб қичқиришарди:
– Ўзингизники...
– Сеники...
Можаро телевизорда сериал бошлангандан кейингина босилди.
Филм тугагач, ўзини босиб олган аёл ётиш учун жой соларкан, деди:
– Ўқитувчиман деб уришаверадими?
Чордона қуриб бош эгганча ўтирган Олим ҳам шу ҳақда ўйлаётганди: «Нега фақат менинг боламни уришади».
– Биламан, барибир мактабга бормайсиз. Сиз уйда шерсиз. Икки кишининг ёнида гапингизни йўқотиб қўясиз.
– Бас қил! – ўшқириб бери Олим.
– Нима, ёлғонми?
– Жаврама, ундан кўра қоғоз-қалам келтир.
– Қоғоз-қаламни нима қиласиз?
– Келтир, дедим.
– Ҳа-а, – деди хотини тушуниб, сўнг сирли оҳангда давом этди: – Ўқитувчисига ёзмоқчимисиз?
Олим индамади. Юзидан гапи хотинига ёққанидан мамнунлиги сезилиб турарди. Аёл «ҳозир» деб чиқиб кетди, кўп ўтмай қизидан қоғоз ва ручка олиб келди. Олим тиззалари устига фанер бўлагини қўйиб ушбу хатни битди:
«Ўқитувчига хат.
Сиз менинг боламни нима учун уришасиз? Ўқитувчи болани уришмаслиги керак, гап билан тушунтириши керак. Мактабда болани уришиш мумкин эмас, билдингизми? Шоҳруҳ ўзи яхши бола, яхши гап билан тушунтирсангиз, тушунади. Болани уришмаслик керак. Мана мен болаларимни ҳеч уришмайман, яхши гап билан тушунтираман. Ўқитувчи болани уришмаслиги керак, гап билан тушунтириши керак, тушундингизми?..»

Хоразм
«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 5-сонидан олинди.
Mualifning boshqa asaralari
1 Xat (hikoya) [Roʻziboy Qulmat] 421
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика