Мен сизга айцам (ҳажвия) [Adham Damin] |
Очиғи эсламай дейман-у, лекин туриб-туриб алам қиларкан-да, кишига. Сиз унинг мушугини «пишт» демасангиз-у, у сиз ҳақингизда кўпчилик ўртасида бўлмағур гапларни қилса, Шодивойнинг бугунги мажлисдаги гапларини айтаман-да. «Ёшсиз ука, мундоқ кўкракни кўтариб юринг! Одамлар билан муомалада ўз қадрингизни ерга урманг! Лаганбардорлик – илоннинг ёғини ялаган, муттаҳам, лўттибоз одамлар иши», дейди-я, уялмай-нетмай. Гапини қаранг: чаёндек чақади. Дўст бўлсанг, секин қулоғимга айт! Тил суяксиз деб оғзингга сиққанини саннайверасанми? Ўша гап деганнинг ҳам нуқта, вергули бўлади. Одамзодда эса юз-хотир. Лаганбардор эмишман... патхалим эмишман... Вой, бировни кўролмайдиган-ей! Мана, билим юртига ишга келганимдан буён ўтган ярим йиллик умримни, одамлар билан қилган муомалаларимни бирин-сирин эслаяпман, сира қинғир жойи йўқ. ...Аслида ўзим кўнгилчан, мулойим табиат, хушфеъл, сертакаллуф одамман. Билим юртида ҳаммани – директордан тортиб пол ювувчи хотинларгача ҳурматини жой-жойига қўяман. Xўш, бунинг нимаси ёмон? Қолаверса, оддий ўқитувчи бўлсам... токи бирор каттароқ одам бўлгунча, энди... Директор басавлат, серсоқол киши. Тўғриси, билим юртида ундан илмсиз одам йўқдек туюлади менга. Лекин, уни кўрдим дегунча қўлларим ўз-ўзидан букилиб кўкрагимга келиб қолади, гавдам олдинга эгилиб, тилим мулойимлашади, кўзларимга, лабларимга кулги қўнади. Бу қўрқоқликдан эмас, қўрқоқларни ўзим ёмон кўраман. Бу салобат босиш, сир босишдан бўлса керак. Бўлмаса, директорни зиғирча жиним суймайди. Бироқ ҳурмат қиламан. Айниқса, у билан шахмат ўйнаганда. Тош терилдими, ютқазиш йўлларини ўйлайман. Бу ҳам осон эмас. Шахматни энг ёмон ўйнайдиган ҳам у киши. Лекин бир менгина эмас, ҳали бирорта ўқитувчи, «мастер» ҳам, туппа-тузук ўйновчи қоровул чол ҳам уни ютмаган. Мен ҳам ўзимга етгулик ҳушёрман – шароитни тезда илғаб олдим. Ёдимда, янги келганимда билмасдан ютиб қўйиб, роса бир ой директорнинг шафқациз таъқибига дучор бўлганман: ўтирсам ўпоқ дейди, турсам сўпоқ. Базўр қайта ишонч қозониб, катталарни ҳурматлашни ўрганиб олдим. Директор ўринбосари бор – Маъруф ака. Мексикаликларга ўхшаб саватдай шляпа кийиб ғўдайиб юради. Шляпа ярашса ўлай агар! Тағин ўзини билағондек тутади. Кулиб гапирса ҳам менга шубҳали кўринади. Уни ҳам ҳурмат қиламан. Ахир директор йўғида (баъзан турли хил шахсий ишлар билан йўқолиб кетиш одатимиз бор) у кишидан сўраймиз-да узримизни... Илмий бўлим мудири бор – паканагина, юзлари арчилган пиёздек силлиқ. Қарашлари-ю, гапиришларигача совуқ – қишнинг ўзи. Лақаби «антарктида». Умрида кулмаган экан. Унга кўзим тушса, танамни титроқ босади. Ўзи ҳам мушукники сингари қўрқинчли, зангори кўзларини лўқ қилиб, тўтиқушга ўхшаб сўрайдиган гапи бир хил: «Конспект борми? Ишга нега кечикдингиз? Иш куни охиригача шу ерда бўлинг! Бугун мажлис бор». Уни ҳам ҳурмат қиламан. Ахир доим конспект бўлавермайди, уйқуни яхши кўраман, мажлисбозликка тоқатим йўқ, дарсдан сўнг бир жойда туролмасам... Битта ўзим тенги бола бор – активист! Мирқуруқ. Биринчи сорт эзма! Айтишларича, бир институтда бизнинг соҳа бўйича олим акаси бормиш. Ишимни ўзгартириш ниятим ҳам йўқ эмас. Ўқитувчилик ҳам подачидек бир гап экан, жонга тегяпти. Подачига маза, мол-қўй гапирмайди. Бу ерда-чи?! Бай-бай, токайгача кап-катта одам муштдек болачаларнинг бемаъни саволларига жавоб бериб юраман? Юсуфжон дегани бор, оғзи нақд бир қарич. Ўлгудек боқибеғам. Гапиргани футбол. Аммо ўта ташкилотчи, ҳар куни «тушдан кейин ошдан гапир, ошдан», деб барчани кулдирганча пул йиғиб юради. Қурғур, оғзи катта бўлгани учунми, аскиябоз. Дўст бор, душман бор демайди: дуч келган жойда олаверади. Ўрин-ноўрин олиб қолмасин дейман-у, ундан ҳам ҳурматимни дариғ тутмайман. Бир-иккитасини ҳисобга олмаганда қолгани давлатнинг олтин, кумуш, суякларидан ола-була қилиб турнақатор тишлар қўйдирган, кўзлари чақчайган, ҳиринглаб гапирадиган кекса бир муаллим бор. Ҳеч ким менсимайди уни. Лекин мен анчадан буён уни ҳам ҳеч иккиланмай ҳурмат қиляпман. Эшитишимча, таги-зоти пишиқ одамлардан экан. Кейин чиройликкина бўйи етган қизи бормиш. Ҳали бўйдоқмиз, бошимизда Xудонинг қарзи... Ошпазимиз бор, ҳамма уни «шеф» деб чақиради. Дунёнинг хушчақчақлиги унда. Сўраганингни болаларнинг ҳақи демай бир пасда ҳозиру нозир қилади. Тили шакардан ширин. «Домлажон нима керак? Гўштми, ёғми? Ҳеч бўлмаса тухум ола кетинг, қақиллаб-шақиллаб юрасиз...» Сертакаллуфликни қаранг, мендан ҳам ўтади-я! Шундай одамни ҳурмат қилмай бўладими?.. Хуллас, қиссадан ҳисса деганларидек, ҳозирча кичкина одам бўлсак-да, барчанинг оғзидамиз (Кўз тегмасин!). Ўтган куни бир ўтиришда директор ҳам, илмий бўлим мудири ҳам кайф устида мени тоза мақтади. «Ёш, ўсадиган, чаққон, зийрак кадр» деб. Ҳатто илмий бўлим мудири тескари қараб турганда директор қулоғимга пичирлаб: «стажингиз етганда-ку завучликни олиб берардим» дейди. Шу кетишимиз бўлса, келажакда орзумиз ушалиб, оз-моз кўтарилиб қолсак ажаб эмас. Энди ўзингиздан қолар гап йўқ – Шодивой бекорларни бештасини айтибди. Xарактеримда ҳам, муомаламда ҳам бир грамм ортиқча жойи йўқ: ҳаммаси шароитга мос. Ахир ўсаман деган одам... Тўғрими?.. Ҳайтовур дардим анчайин енгиллашди. Шуни айца керак-да, «гапни гапир уққанга, жонни жонга суққанга», деб. Ҳа, айтмоқчи, ёддан кўтарилишига оз қолибди. Сўзларимни бўлмай эшитганингиз учун сизга ҳам ҳурматим ошиб кетяпти... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62720 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 60000 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40604 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37053 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24075 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23734 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23416 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19905 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18939 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14698 |