Олатўнлик (ҳикоя) [Saidvafo Boboyev]

Олатўнлик (ҳикоя) [Saidvafo Boboyev]
Олатўнлик (ҳикоя) [Saidvafo Boboyev]
Холматнинг юрагига ғулғула тушди. У новча бўй, сочлари ўсиқ, чармкамзул кийган йигитнинг анчадан бери кузатиб турганини пайқаб қолган эди.
«Пулга эҳтиёт бўлиш керак, пулга», — хаёлидан ўтказди Холмат лаш-лушларини апил-тапил йиғиштираркан. Унинг пишиқ матодан тикилган халтаси пулга тўла. Нақд тўрт юз минг сўм. Сал кам олти юз кило олманинг пули бу!
Қўйлиқ бозорига ғира-шира шом қоронғуси инди. Лекин теварак ҳали гавжум. Шовқин-сурон, бақир-чақир авжида.
Холмат яна зимдан ўша ёққа кўз ташлади. Йигит ҳануз писта чаққан кўйи пиёзфурушларнинг «КаМАЗ»и ёнида безовта турарди.
Холмат тиканакдек ўсиб қолган соқол-муртини қашлаб теваракка разм солди. Бу ярамаснинг кўзини шамғалат қилиб қочиб қолиш керак.
Холмат олатўнлик. Ҳа, бу ўзининг ўригию олмаси билан машҳур қишлоқ. Олиб сотарлар ҳар куз Олатўнга ёпирилиб бориб, чорбоғ эгаларидан арзон-гаровга мева-чева ундириш пайида бўлишади. Лекин олатўнликлар ҳам анойи эмас. Осонликча уларнинг найрангига учмайди. Мева-чевани ё қимматига пуллашади, ё ўзлари машинага юклаб пойтахтга олиб келишади. Лекин қишлоқ электр стантсиясида қоровул бўлиб ишлайдиган Холматнинг бундай олди-сотдиларга кўп ҳам уқуви йўқ. Шу боис боғидаги мева-чеваларни олибсотарларга арзон-гаров бериб қўя қолади.
Бироқ бу мавсум режа андак ўзгарди. Холмат кенжа ўғлининг хатна тўйини қиш олдига мўлжалланган. Аммо қўл қурмағур — юпқа, бел — ингичка. У қишлоқ кайвониларига дардини дастурхон қилди, маслаҳат сўради.
«Бинойидеккина боғингиз бор, — деди Иброҳим оқсоқол, — олибсотарларнинг сариқ чақасига кўз тикмай, мева-чевани йиғиб, ўзингиз Тошкентга боринг. Ана, сизга даромад, мулла Холмат».
Ҳамқишлоқлари Олқор полвон билан Сайфулла ҳам оқсоқолнинг гапини маъқуллашди.
«Ҳеч ғам чекманг, — деди Олқор полвон тил тагига бир чимдим нос ташлаб, — какраз бизга ҳамроҳ бўласиз. Худо хоҳласа, Сайфулла икковимиз бу ҳафта Тошкентни кўзлаб турибмиз. Сиз ҳам тараддуд кўринг».
Холмат тараддуд кўрди, ўз боғидан чиққан олма роппа-роса икки юз эллик кило бўлди. Пойтахт сафари учун бу кам. Камига қўни-қўшниларидан олма йиғди. Сотиб келгач, пулини узишга келишишди. Ҳамсоялар андак оғринишса-да, рози бўлишди. Ниҳоят, олти юз кило юк билан йўлга отланди.
Келди, кўрди. Шаҳар деганлари шу экан — ғиж-ғиж одам...
Холмат оғир сўлиш олди. Шунинг баробарида бояги шубҳали нусха томон ошкора кўз ташлади. Йигит ҳам зимдан Холматга тикилиб турган экан. Ногоҳ кўзлари тўқнашди-ю, у дарров нигоҳини олиб қочди.
«Уҳ, ярамас, текинхўр», — ҳаёлан сўкинди Холмат.
Қоронғулик тобора қуюқлашмоқда. Одамлар оқими анча сийраклашиб қолган. Бозор дарвозаси ёнида уймаланиб турган оғир-энгил автоуловлар бетоқат чинқиради. Кенг кўча бўйидаги, бозор ичи-ташидаги чироқлар бирин-кетин ёнабошлади. Бироқ Холматнинг кўнгли зим-зиё. Юраги безовта.
«Агар ёлғиз бўлса, бир амаллаб тинчитаман», ўйлади у камарига осилган пичоғини пайпаслаб қўяркан.
Аслида, Холмат дўпписини осмонга отиб, қувончдан қийқирса арзийди. Ахир, унинг омади чопди. Беш кундан бери жойидан жилмаган йигирма беш қути олмаси шом олди бирваракайига «оптом» сотилди. Шерикларининг ҳоли не кечди — Худо билади.
Олқор полвон билан Сайфулло, очиқ гап, савдонинг пири бўлиб кетишган экан. Улар Тошкентга етиб келишгач, юкни Қўйлиқ бозорига туширишди. Шу орада корейс кампирнинг торгина ҳовлисидан бир ҳужрани ижрага олишди.
«Ҳали Худо билади, Тошканда қанча турамиз, — деди Олқор полвон. — Ҳарқалай, бошпанамиз бўлгани яхши-да».
Олқор полвон авлиёлик қилган экан. Чиндан ҳам икки кун бир дона ҳам олма сотишмади. Бундан Холматнинг ҳафсаласи пир бўлиб, тушкунликка туша бошлади. Лекин шерикларининг сиртига сув юқмасди. Афтидан, охир-оқибат кўнгилдагидек савдо бўлишига уларнинг ишончи комил эди.
«Черняевкага кетамиз, — деб қолди Олқор полвон учинчи куни эрталаб, — у ёқда олма Қўйлиқдан кўра қиммат. Икки ҳисса фойда кўрамиз».
Холмат бир сапчиб тушди. Сайфулло эса полвонни қўллаб-қувватлади.
«Тўғри, Черняевкада клиент кўп. Кетдик, Олқор ака».
«Мен ҳеч қаёққа бормайман, — деди Холмат аранг, шерикларига норизо кўз югуртираркан, — мазам йўқ. Нима бўлсам шу ерда бўлай».
Шериклари уни кўндиришга ҳаракат қилишди. Лекин Холмат оёқ тираб туриб олди.
«Бўпти, — деди Олқор полвон охири, — кейин пушаймон чекмасанг бўлди. Сен қолавер. Икки кундан сўнг учрашамиз».
Йўқ. Холмат пушаймон эмас. Қўлинг ўргулсин савдо бўлди-да, ўзиям. Фойданинг ҳам чўғи тузук. Аммо... кўзга тушган чўпдек манави ғурбатни қаранг.
Холмат билинар-билинмас титраётган қўллари билан у ёқ-бу ёғини саришталаган бўлди. Ҳануз қоққан қозиқдай турган ўғринусха томон кўз ташлади.
«Мен унга олатўнлик кимлигини кўрсатиб қўяман. Ҳув, «Зил»нинг панасига ўтиб олсам бўлди, квартирга қараб югураман. Ишқилиб, бир амаллаб кампирникига етиб олсам бўлди. Шериклар ҳам келиб қолишгандир».
Холмат атай олиб қолган бир-икки кило олмани пул солинган тўрва устига тўкди. Ҳалигина нон сотувчи боладан олиб қолган тўрт дона оби нонни ҳам тўрвага тиқиштирди. Хуллас, ўзича пул устини бекитган бўлди. Аммо олатўнлик улгурмади. Йигит туйқус у томон юрди. Холмат сергакланди, зимдан бир қўлни биқинидаги пичоғи устига қўйди.
— Ассалому алайкум, ака, — йигит ногоҳ тавозе билан салом берди.
Холмат азбаройи шошиб қолганидан аранг, узуқ-юлуқ алик олди.
— Ва алай...
Тавба, қўрққанга қўш кўринар деганлари чин экан, манави боягина кўзига чайир, бақувват йигит бўлиб кўринганди. Ориқ-озғин ўспирин экан-ку, ёши нари борса ўн саккизда. Одоб-ахлоқи ҳам тузукка ўхшайди.
— Кечирасиз, безовта қилдим. Ака, сиз олатўнликмисиз?
— Ҳа, — деди Холмат ҳануз ҳадик-хавотир исканжасида.
— Мен ҳам шундай деб ўйладим-а... Лекин иккиландим, бироз сизни кузатиб турдим. Охири, сизни танидим ака, истантсияда қоровул бўлиб ишлайсиз-а, исмингиз Холмат, Холмат ака.
— Ҳа, шундай, — деб ғудранди Холмат юзи андак ёришиб, — сен мени қаердан танийсан?
Гўё кўпдан бери излаб юрган одамини учратгандай, йигитнинг юз-кўзига қувонч қалқди.
— Мен хумчалик Икром миробнинг ўғлиман. Исмим Аҳад. Сизни кўп кўрганман, ака.
— Ҳа-а, шундай дегин, — деди Холмат кулимсираб.
Унинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Хумча шундоққина қўшни қишлоқ. Лекин Холмат Икром деганни тузук танимайди, бир-икки у-бу давраларда кўрган, холос. Лекин манави йигитча худди қон-қариндошига йўлиққандай, хушхандон илжайиб турибди.
— Бу ерларда нима қилиб юрибсан, Аҳад? — сўради Холмат.
— Бу йил ўқишга кирдим, университетга.
— Ўҳ-ў, зўр-ку. Табриклаймиз.
—Раҳмат, лекин, — деб чайналди Аҳад, — са-ал ташвиш чиқиб қолди. Мен контрактга зўрға илашганман Холмат ака. Контракт пулини тўлаб қўйишим керак. Эртага охирги муддат. Агар тўламасам...
— Отанг... хабардорми?
— Ҳа, — деди Аҳад каловланиб. Отам билан телефонда гаплашгандим.
Унинг гоҳ ҳаяжонланиб, гоҳ ҳижолатланиб тушунтиришича, Аҳад отаси билан телефонда гаплашган. Отаси ҳозир иложим йўқ дебди. Лекин ўн-ўн беш кун ичида албатта пул топармиш.
«Сен унгача, — дебди отаси, — Қўйлиқ бозорига чиқиб қара. У ерда хумчалик, олатўнлик мевафурушлар кўп, бирортасидан пул олиб, контрактни тўла. Ўша одамга мен қишлоққа келгач, пулини қайтараман».
— Шунинг учун бозорга чиққандим, — деди Аҳад энтикиб, — сизни менга Худо етказди.
Олатўнликнинг дами ичига тушиб кетди. «Об-бо, ўғридан баттарига йўлиқдим-ку, қарз сўрамоқчи...»
— Ҳа, шунақа де, — аранг пўнғиллади Холмат.
— Ака, — деди Аҳад олатўнликнинг юзига босгудек яқинлашиб. — Энди ўзингиз ёрдам бериб юборасиз-да, илтимос.
Талаба шартнома суммасини айтди. Бунча пул Холматнинг тўрвасида бор эди. Лекин аллақандай хумчалик Икром деганнинг мишиқи боласига шунча ақчани ҳе йўқ, бе йўқ бериб юбораверадими?
— Энди-и, ука-а, — деб гап бошлади олатўнлик салмоқлаб.
— Қўни-қўшнилардан насияга олиб келганини, улар билан дарҳол ҳисоб-китоб қилмаса бўлмаслигини айтиб талабадан юмшоққина қутулмоқчи бўлди.
— Энди-и, укам, гап бундай, — дея тағин такрорлади у томоқ қириб. Лекин томоғига ногоҳ суяк тиқилгандай жимиб қолди. Хаёлида пишитиб турган гаплари тумтарақай тарқаб кетди. Йигитча унга умид билан термулиб турарди. Афтидан у мушкулининг осон бўлишига сўзсиз ишонарди.
— Мен... мен сенинг қўлингга мунча пулни бериб юборолмайман... ҳарҳолда... ҳали ёшсан.
Аҳад Холматни астойдил қўлтиқлаб олди.
— Ака, пулни менга беришингиз шартмас. Ҳозир бизнинг ётоқхонага борамиз. Яхшилаб дам оласиз. Эртага эрталаб университет кассасига тўлаймиз.
— Йў-ў... — деди Холмат яна бир баҳона топганидан қувониб, — сен билан кетолмайман. Ҳув, сомонбозор ёнида квартирамиз бор. Шериклар Черняевкага кетган. Уларнинг хонасига қараб турибман. Мен... квартирага боришим керак.
Аҳад туйқус тўхтаб олатўнликнинг юзига тикилди.
— Ака, ўзи ёрдам беришни хоҳлайсизми, ё...
Холмат йигитчанинг нигоҳлари билан тағин тўқнашдию яна каловланди. Чунки бу нигоҳлар ҳануз ўша-ўша қувонч ва умидга лиммо-лим.
— Бўпти, — деб ғудранди Холмат, — розиман, шунга юқиниб кепсан...
— Лекин ҳозир квартирага бормасак бўлмайди. Сен адресингни айт, эртага эрталаб ўша жойга етиб бораман. Қолганига Худо пошшо...
— Раҳмат, ака, — деди Аҳад қувончдан ял-ял яшнаб, — ёрдам беришингизни билардик. Чунки сиз олатўнликсиз...
Талаба Холматни яна бирмунча алқаб тургач, манзилини ҳижжалаб тушунтирди, ҳатто бир парча қоғозга ёзиб-чизиб ҳам берди. Холмат ҳам ўз манзилини тушунтирган бўлди.
— Ака, сизга ишондим, — деди у, ниҳоят қуюқ-суюқ хайрлашаркан. — Эрталаб соат тўққизда сизни ўша ерда кутаман.
— Бўпти, келишдик.
Аҳад кўздан йўқолар-йўқолмас Холматнинг кўнгли буткул хира тортиб қолди. Бўшанглик қилиб, розилик бериб юборганига ўзини роса койиди.
Шериклари аллақачон қайтишган экан. Торгина ҳужра ўртасида дастурхон ясатиб қарта ўйнашарди. Дастурхон устида мева-чева, нон, ярим шиша ароқ, табака.
Холмат улар билан ҳол-аҳвол сўрашгач, ҳовлидаги кран сувида ювиниб-чайиниб қайтди. Лекин кўнглидаги хираликдан қутулолмади. Бу хиралик хумчалик талаба билан хайрлашганидаёқ унинг ичига ёпирилиб кирган эди. Ахир одам дегани ҳам шундай бўшанг бўладими? Ҳе йўқ, бе йўқ аллақандай мишиқига ваъда бериб юборди-я?! Иложи йўқ, ука, пулим ўзимга ҳозир керак, фалон нарсани олиб кетишим керак, деса, уни биров койирмиди? Хўш, энди нима бўлади? Кўр бўлиб аллақандай хумчалик талабанинг шартнома пулини тўлайди. Кейин-чи? Балки Аҳадбой ғирт ёлғон гапиргандир. Қарз қиёматга қолса-чи?
Холматнинг боши ғовлаб кетди. У ола-чалпоқ ёритилган кўча бўйлаб кампирнинг ҳовлисига қандай қайтиб келганини-ю, шериклари билан қандай ҳол-аҳвол сўрашганини ҳам билмайди. Бир-биридан ваҳимали ўйлар унинг ич-ичини ғижимлар эди.
— Холматбой, — деди Олқор полвон ёнбошлаб ётган жойидан гўштдор калласини аранг буриб, — савдони қойиллатган бўлсангиз ҳам негадир шаштингиз паст?
Сайфулло ҳам қўлидаги картадан кўз узмай минғиллади.
— Ҳа, тўғри, негадир таъби тирриқ Холматбойнинг.
— Э, чарчадим-да, — деди Холмат паришон қўл силтаб.
У бир интилиб дастурхон устидаги шишадан ароқ қуйиб ичди. Бир бўлак яхни гўштдан газак қилди. Ичи яйраб, ўй-фикрлари бироз тиниқлашгандай бўлди.
— Олқор ака, — деди у, иккинчи гал пиёлани тўлғизаркан, — хумчалик Икром миробни танийсизми?
— Ҳа, танийман, — деб қўйди полвон қартадан кўз узмай. — Нима гап?
— Шунинг бир ўғли ўқишга кирибди.
Холмат шу орада иккинчи пиёлани узуқ-юлуқ бўшатди-ю, шом чоғи кўрган-кечирганларини бир бошидан айтиб берди. Шериклар сергакланди. Қарта ўйини тўхтади.
— Эсинг жойидами? — деди Олқор полвон Холмат томон андак сурилиб, — ростдан ҳам пулингни бердингми?
— Ваъда бердим-да.
— Ўв, — деди полвон, — сен пул топгани келдингми ё топганингни ҳавога совурганими?
Холмат пўнғиллади:
— Нега совурарканман? Қарз бу, эрта-индин отаси қайтаради.
— Об-бо, овсар-эй, — деб пиқиллаб кулди Сайфулло, — ҳали шу пайтгача ҳеч ким хумчаликдан қарзини ундириб ололмаган. Улар ғирт фирибгар. Қанча одамни лаққа тушириб кетишган.
— Ўша Икром деганинг ўзи, — деди полвон бармоғини бигиз қилиб, — итдан бир суяк қарз. Кўринганни гангитиб, чув тушириб юради.
Холмат ҳузурланиб кўзларини бир зум юмди. Шерикларининг танбеҳи унга мойдек ёқиб кетди.
«Тавба, бу Икром деганлари хўб ғалати одам экан-ку. Бозорга бор, олатўнлик мевафурушларни топ, улардан пул ол, дебди-я?! Худди олатўнликларга ошириб қўйгандай. Қизиқ, нега Икром мироб бундай деди экан? Бизнинг ёрдам беришимизга шунчалар ишонганми? Ўғли-чи? Ортиқча ялиниб-ёлворгани ҳам йўқ. Шунчаки, пул беришим шартдай сўради-қўйди. Ғирт сурбет экан-ку! Мен унинг кўзларига қараб шамдай эриб ўтирибман-а! Эҳ, галварс, яхшиям шериклар кўзимни очди».
— Ўв, ухлаб қолдингизми нима бало? Холмат Сайфуллонинг товушидан илкис кўзини очди.
— Йўғ-э... ўзим шунчаки...
— Бошингизни қотирманг, — деди Сайфулло — хаёлдан чиқариб ташланг ундай бемаъни ёрдамларни.
— Ваъда бериб қўйдим-да, — деб минғирлади Холмат.
Олқор полвон истеҳзоли илжайиб пиёлани тўлғазиб ароқ қуйди.
— Мана буни ичиб юборинг, — ваъдани ювиб кетади, тамом вассалом, — деди у пиёлани узатиб.
Холмат пиёлани олдию аллақандай ташналик билан ароқни сипқориб юборди. Чиндан ҳам енгил тортгандек бўлди. Кўз ўнги жимирлаб кетди.
«Тамом. Худога шукур, қутулдим. Қандайдир мишиқини деб сарсон бўлиб юрмайман. Бунинг ҳаммаси фирибгарлик. Энди билдим. Номард хумчалик мени боплаб чув туширмоқчи бўлган. Овора бўлади. Улар шохида юрса, биз баргида чопқиллаймиз...»
Холмат сархуш ёстиққа бош қўйди. Ҳужранинг пастак шипи кўз ўнгида лоп-лоп силкинди. Яна қарта ўйнашга чоғланган шерикларининг товуши ғира-шира эшитила бошлади...
...У илкис кўзини очганида ҳануз ўша манзара эди. Олқор полвон билан Сайфулло зўр бериб қарта ўйнашарди. Ўртада тўзғин дастурхон.
— Ҳа, калла пишдими? — деб сўради Сайфулло ғимирлаб қолган Холматга кўз қирини ташлаб.
— Соат неча бўлди?
— Ўн икки.
— Вой-бў-ў, ҳали ётмадиларингми?
Шу пайт эшик ғийқиллаб қия очилди, бека кампир бош суқди.
— Эй, кто из вас Холмат?
— Мен...
— Иди, сени чақиряпти.
Кампир лип этиб кўздан йўқолди. Холмат «ким», «қаерда» деб сўрашга улгурмай, ҳовлиққанча беканинг ортидан чопқиллади. Шериклари унинг изидан таажжуб билан қараб қолишди.
Холмат кузнинг салқин эпкинидан сергак тортди. Бўй чўзиб дарвоза томон аланглади. Қия очиқ дарвозада кимнингдир шарпаси кўринди.
— Ассалому алайкум, ака.
У мулойим тавозе билан салом бериб, Холмат томон юрди.
Холмат қаршисида хумчалик талабани кўриб ҳангу манг қотди.
— Ия, Аҳад! Нима қилиб юрибсан кечаси?
— Кечирасиз, ака. Бир соатча олдин отам оғайнимнинг телефонига қўнғироқ қилиб қолди. Пул топибди. Эртага етиб келаркан. Шуни... сизга айтиб қўяй, безовта бўлманг, эртага сарсон бўлиб юрманг, демоқчи эдим.
Холмат каловланиб қолди.
— Ҳечқиси йўқ, — дея аранг ғудранди у. — Бекор овора бўп келибсан.
Аҳад кулиб Холматнинг қўлини самимий қисди.
— Ака, ёрдам бермоқчи бўлганингиз учун сизга катта раҳмат. Ҳақиқий олатўнлик экансиз.

Холмат саросималаниб ерга қаради.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика