Қайтиш (ҳикоя) [Salim Abdurahmon]

Қайтиш (ҳикоя) [Salim Abdurahmon]
Қайтиш (ҳикоя) [Salim Abdurahmon]
Оқ тулпор булутлар узра парвоз қилармиш. Исмат фермер ёлларидан маҳкам тутиб, «чу, жонивор, чу!» деб бақирармиш. Икки ёнидан қанот ўсиб чиққан тулпор яна ва яна юқорига кўтарилармиш. Лекин шу пайт қанотлари йўқолиб, қуйига шўнғиган эмиш.
«Чу, жонивор, чу» деганча уйғониб кетди. Тепасида хотини турарди.
– Тушингизда ҳам от чоптириб юрибсизми? – жилмайди у.
Ҳамон гарангсиб турган Исмат фермер ўзини от устида учиб юргандек ҳис қилар, тушидаги ҳолати юзида яққол акс этиб турарди.
Фермер ҳовлига чиқди. Тонг ёришиб келарди. Уй олдидаги ўрик ғарқ пишган, ерга тўкилиб ётарди. Майин шабада эсар, дарахтлар шохида чумчуқлар чириллар, юз қадамча наридан оқиб ўтувчи сойнинг шовуллаши эшитилар, қурбақалар вақилларди. Оғил ёнидаги катакда хўроз қичқирди. Хўтикдай келадиган ит бошини кўтариб қаради-да, яна аввалгидай ётаверди...
Фермер супада турган обдастадан юз-қўлини ювиб, ўрик шохига илинган сочиққа артинди. Оғилга тушиб, мол-ҳолдан хабар олди. Сигирлар кавш қайтариб ётар, сим тўрдан қилинган қўрада бузоқчалар мўлтираб қараб турарди. Отхонада саман қашқа беда чайнарди. Қашов билан яхшилаб қашлаб чиқди. Отга бу хуш ёқиб, қулоқларини динг қилганча кишнади. Кейин қозиққа илиғлиқ турган жубдуқни олиб эгарлади. Қизилқош эгар қашқага ярашиб тушди.
Исмат фермер отига бошқача кўз билан қарайди. Саман биясининг боласи. Ёшлигидан тарбия қилган. Ҳеч кимга ишонмайди. Ўтган йилдан бошлаб кўпкарига ҳам қўшди. Қишлоқдаги моҳир чавандоз – Ботир полвон чопиб, зўр-зўр совринларни оладиган бўлди.
Ортига қайтди. Хотини ўрик остидаги чорпояга кўрпача солиб, ўртадаги хонтахтани тузаб қўйибди.
Енгил нонушта қилиб, достурхонга фотиҳа ўқиди. Энди ўрнидан турмоқчи эди, кўча эшикдан кириб келаётган Ғулом оқсоқолга кўзи тушди. «Бир балони бошлаган. Бекорга келмайди бу чол», дея ичида тўнғиллади. Кайфияти бадтар бузилди. Чорпоядан тушиб, қўл бериб кўришди. Бир пиёладан чой ичишгач, оқсоқол муддаога ўтди.
– Шу, ука, сен билан маслаҳатлашгани келдим.
«Яна қандай маслаҳат? – ўйлади фермер. – Ўтган йили қишлоқ аҳли ҳашар қилиб шифохонани таъмирлаган, камина шиферини янгилаб бергандим. Яна гарданимга нима юкламоқчи бу?!».
Ғулом оқсоқол ҳар йили маҳаллага бош бўлиб, бирор савоб ишни бошлар, якунига етмагунча қўймасди. Ҳамма оқсоқол ишидан мамнун, оғиз очишини пойлаб турар, айтганини жон деб бажарарди. Биронтаси маърака қилса, албатта олдидан ўтарди. Бу биргина Исмат фермерга ёқмас: «Ҳемиринг йўғ-у, осмондан келишингга ўлайми?» – деб ичидан ғижинарди. «Қўлим узатган жойга етади, оқсоқоллик менга ярашади», – хиёл қиларди у. Буни сиртига чиқармас, оқсоқол олдида мулойим кулиб турарди.
Исмат фермер авваллари юк машина ҳайдар, ем-хашак ташиб кун кўрарди. Хизмат қилиш савоб деб ҳар ким берган пулни олиб кетаверарди. Фермер бўлди-ю, давлати кўпайиб, уч-тўрт йилдан бери батамом ўзгарди. Орқаворотдан «кўрмаганнинг кўргани қурсин» деган гаплар бўлди...
– Хўш, бизга қандай хизмат бор экан, Ғулом ака?
– Мачитни таъмирлаётганимизни биласан. Устини гумбаз қилиб, дарвозасини янгилашга ёрдам берсанг. Қолганлар ҳам қўлдан келгунича ҳаракат қилаяпти.
Ғулом оқсоқол икки ойдан бери эски мачитни созлашга киришганди. Олдини айвон қилдирди. Кимдир тахтаси, кимдир шиферига қарашди. Бирови дарвозасигача тош тўктириб берди. Кўчадан ким ўтса, оқсоқол икки-уч замбил шағални ичкарига ташитиб қолар, савоб бўлади дерди. Исмат фермер илк маслаҳатга борган, кейин ўз ташвиши билан бўлиб, кўриниш бермай қўйганди.
– Ғулом ака, шу десангиз, машинага навбатга ёзилиб қўювдим. – тўсатдан шу гап оғзидан чиқиб, юзи дув қизарди. – Э-э, бу унча шартмас. Бу йил ният қилгандим. Ҳаж сафарига... гумбазга ҳазилакам пул...
Оқсоқол ортиқ ҳеч нарса демай, ўрнидан турди.
Фермер ерга тикилганча жим қолди. Ичидан зил кетди. Саман қашқани миниб даласига жўнаркан, хато гапириб қўйганидан юраги хижил тортарди.
– Э, – деди охири, – нима, мендан бошқа гумбаз қилдириб берадиган қуриб кетибдими? Кафиллигини олганманми? Нима бўлса Исмат фермер деб келишади.
Даласига етиб келгач, кўзлари бир оз қувонди. Буғдой ғарқ пишган, белдан келади. Азобли хаёллардан қутулгандай бўлди. Беш-ўн қадам юргач, бирдан тутақди. От излари. Кечаси отлар оралаб, истаганча еб, кўп жойни пайҳон қилиб кетибди. Экинни яна бир сидра кўздан кечириб, жаҳл билан ортига қайтди.
У ҳар куни туш вақти ўрик сояси тушиб турадиган чорпояда ухлайди. Уйда ётай деса, чивин талаб, тинч қўймайди.
Фермер ўзини тўшакка ташлади. Бир оздан кейин кўзи илинди. Туш кўрибди. Тушида яна ўша оқ от булутлар узра парвоз қилармиш, лекин қанотлари қайрилган эмиш. У эса ҳайқирармиш.
– Отаси, тўғри ётинг, босинқираяпсиз.
– О, жонивор! – сакраб туриб кетди фермер.
Хотини бош чайқаганча нари жилди. Фермер ётган жойида калима қайтарди. Ухлашга ҳаракат қилди-ю, бўлмади. Кўзини юмди дегунча кўз олдида ўша қаноти қайрилган оқ от пайдо бўлиб, оромини ўғирларди.
Қўшниси Абдибой жанозасидан бери айниқса тинч ухлолмайди. Абдибой маҳалланинг энг бадавлат одами эди. Ажал бунга қараб ўтирмади. Мол-дунёсининг ҳам фойдаси тегмади. Оққон экан... У ҳам қабристонга борди. Дўппайиб турган қабрга тикиларкан, сесканиб кетди. «Эртага бир кун мен ҳам...». Уйига келди. Ўтиролмади. Худди деразадан азроил мўралаётгандай юраги така-пука эди. Янги қазилаётган қудуқ ёнида ўғли Шавкат ва мардикор йигит турарди. Борди.
– Сув чиқиб кетди, – деди йигит. – Иложи бўлмаяпти.
– Челакда тортиб ташлаб қазинглар.
– Фойдаси йўқ.
– Ўзим тушаман.
Шавкат ҳайрон бўлди. «Отамга нима бўлаяпти?», деб ўйлади. Лекин феълини билгани учун индамади. Белига арқон боғлаб туширди. Челакни тўлдиргач, тепадан тортишди. Аста-секин баландлаб бораётган челакка тикиларкан, ўтакаси ёрилди. Арқон узилиб тушиб кетса-чи? Пешонасини совуқ тер қоплади. Иккинчи гал фермерни тортиб олишди...
Қоронғи тушганда овқат пишди, хотини еб кетинг деганига ҳам қарамай, қўшотарини елкасига илиб, даласига жўнади. Саман қашқа қозиғини экинга етмайдиган жойга қоқди-да, ўзи анча нари бориб, хашаклар устига чўзилди. Қайсар феъли бор эди. Қандайдир иш бошласа, охирига етказмагунча қўймасди. Бугун ҳам экинни пайҳон қилган отларни бир ёқли қилмагунча кўнгли жойига тушмайди.
Зим-зиё тун. Саноқсиз юлдузлар жилва қилар, ҳар-ҳар замонда бирор юлдуз кучли нур сочарди-ю, бирдан сўниб, кўринмай қоларди. Яқинида чегиртка чириллайди. Сал нарида бошқаси жўр бўлади. Шабада эсиб, танга ҳузур бағишлайди. Нақадар гўзал. Бундай кечада юлдузларга тикилганча дунёни унутгинг келади. Лекин кўзига бу гўзаллик кўринмайди. Кўнглига қил сиғмайди. Фиғони кўкка чиқиб, отларни кутади. Кўзи илиниб кетай дейди. Ўрнидан туриб ўтиради. Қовоқларини уқалаб, ухламасликка ҳаракат қилади. Бир оздан сўнг боши оғади-ю, чўчиб тушади, сал ўтмай яна шу аҳвол. Идишдаги муздек сувга юзини чайди. Қўрқинчли хаёллар яна исканжага олди. Ўлим шарпаси таъқиб этаётгандай ҳадиксираб милтиғини бағрига босди. Кўз олдига яна Абдибойнинг мағрур нигоҳи келди. Шундай одам ўтиб кетди-я. Одамлар ҳам унута бошлади. Маҳаллага бирор иш қилиб қўйган бўлсаки... Қирқи ўтмай катта ўғли ичиб юрганини ҳам эшитди. «Эрта бир кун мен ҳам... Абдибойнинг куни бошимга тушса-я. Нима қилиб қўйдимки, одамлар эсласа. Ғулом оқсоқол халқнинг қалбида абадий яшайди. Шунча ўзгариб кетдимми?». Ўтган йили уйига қовун туширгани ёдига келди. Одамларнинг ишини қилиб кун кўриб юрадиган ёлғиз қария – Бектош аканикига бир-иккита чиқариб беринглар демабди ҳам. Қудуғини дастлаб шу киши қазиб берганди. Бу одамга қанча қарашсанг ҳам давлатинг кетмасди. Натижада нима бўлди? Бозорда сотаётганда бир одам билан тортишиб қолиб, қовуннинг бор пулини бериб қутилди...
Йўқ, энди ундай бўлмайди. Эртаданоқ айбини ювади. Аввало садақа қилиб юборади. Мачит гумбазини тиклашга киришади...
Ёнида нимадир шитирлади. Илон бўлса-я. Сакраб туриб кетди. Қовжираб қолган қўзиқулоқ танаси шабадада қимирлаб турарди. Худога шукур. Тепа тугмалари ечилган кўйлагининг ёқасидан тутиб, кўксига туфлади: «Бунча талвасага тушмасам. Ажал тепамда тургандай безовтаман».
Ногоҳ экинзорда қандайдир шарпа пайдо бўлди. Бирдан сергакланди. Ўзи сезмаган ҳолда қўшотарини тўғирлади. Шарпа бемалол экинни оралаб, курт-курт овоз чиқариб, у томон бостириб келарди.
Тун сукунатини гумбурлаган овоз бузди...
Ўғли Шавкат билан қўшниси Иброҳим етиб борганда ҳушидан кетган, экин ичида саман қашқа ўлиб ётарди. От арқондан ечилиб, экинни оралаган экан. Ўқ пешонасини тешиб ўтган, фермер мўлжални аниқ олганди...
Исмат фермер аҳволи оғир эди. Шавкат қишлоқ врачи Қосим акани айтиб келди. У керакли муолажани қилгач, тонг отгунча ўнгланмаса, шифохонага олиб кетамиз деб тепасида ўтирди.
Ярим кечадан ошганда қимирлади. Кўзлари пирпираб, нималардир деб пичирлади.
– Алаҳлаяпти, – деди доктор. – Худо хоҳласа кўрмагандай бўлиб кетади.
– От, оқ от, – деб бақириб юборди Исмат фермер. – У қайтаяпти. Осмондан тушиб келаяпти.
Доктор тинчлантиришга ҳаракат қилди:
– Ҳа, отингиз шу ерда. Отхонада.
– Йўқ, ана у, мени олиб кетса керак!
Тинчлантирувчи уколдан кейин жим бўлиб қолди. Тонгга яқин кўзларини оҳиста очди.
Тепасида хотини, ўғли ва Қосим докторни кўриб ажабланди. Шавкат бошини хиёл кўтариб пиёлада сув тутди. Қулт этган овоз эшитилди-ю, бир неча томчи лаблари орасидан сизиб чиқиб, ёстиқни ҳўл қилди.
– Бир-икки сўм топдим деб, энг катта бойлигим – иймонимни йўқотган эканман, ўғлим. Минг осмонда бўлсанг ҳам бир кун ерга тушаркансан. Энг ёмони, бошингга ажал соя солганда... Гапларимни ёдингда тут. Халқ билан бўл. Мачитни гумбаз қилдириб, дарвоза ўрнатиб бер. Ҳеч қачон элдан чиқма. Шундагина мен сендан рози...
Исмат фермер ортиқ гапира олмади. Боши шилқ этиб ёстиққа тушди.
– Нима деяпсиз, ота? Сиз ҳали кўп яшайсиз.
Шавкат ҳўнграб йиғлаб юборди...

«Шарқ юлдузи» журналининг 2010-йил, 5-сонидан олинди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика