Давр унинг тақдирида [Saydi Umirov]

Давр унинг тақдирида [Saydi Umirov]
Давр унинг тақдирида [Saydi Umirov]
Аҳмаджон Мелибоев ижодига назар
Унинг мақола, очерк, китобларини ўқиш, маъруза, ҳикояларини тинглаш мароқли, майин юморга бой, ичакузди ҳангомаларини бир эшитган одам яна эшицам, ҳамсуҳбат бўлсам дейди, бош муҳаррирлик маҳоратига бошқа бош муҳаррирлар ҳавас қилишади, у юртимиз зиёлиларини – адиб, олим, санъаткор, мусаввир, журналист, матбаачи, ношир, турли касб соҳибларини яхши танийди, зиёли аҳли ҳам, табиийки, уни яхши билади, ҳурмат қилади. Сал кам қирқ йил давомида қаламкаш, муҳаррир, раҳбар сифатида юрт кезишлар, беҳисоб учрашувлар, мулоқотлар самараси бу, албатта.
Аҳмаджон Мелибоевни яқин ва узоқ хорижда ҳам биладиганлар анча, у Қирғизистоннинг Олабуқа туманида туғилиб ўсди, Ўшда ўқитувчилар курсида таҳсил олиб, ўзбек, рус тилларида сабоқ берди, қирғизча гапириш, ёзишни ўрганди, Қозоғистонда Бойқўнғирда ҳарбий хизматда бўлди, у ердан газеталарга «Солдат мактублари» юбориб турди. Ўзбекистонда ўқиди, ишлади, танилди, Россияга ҳам бир неча топқир борди, Америкасини ҳам икки марта кўриб келди, Белгия, Миср ва бошқа давлатларда бўлди, таассуротларини сафарномаларида рўй-рост, холис ёритишга интилди.
Аҳмаджон Мелибоев билими кучли, савияси юқорилиги, дунёқараши кенглиги, хушмуомаласи боис, турли касб соҳиблари билан уларнинг ўз тилида сўзлаша, савол-жавоб қила олади. Уни яхши биладиганлар гурунг, мулоқотларини эслашади, ўзларича таъриф-тавсиф қилишади.
Мен ҳам бир-икки воқеани келтирай. Ўн тўрт йил муқаддам билимдон олим, моҳир педагог Бойбўта Дўстқораевнинг эллик ёшини нишонлаш учун бир гуруҳ ижодкорлар Чироқчига боргандик. У ўқиган мактабда учрашув, қариндош – уруғ, дўст-биродарлари даврасида гурунглар бўлди. Қаерда бўлмайлик, Аҳмаджон нуқтадон нотиқ, ҳазил, аския, латифа устаси сифатида барчани оғзига қаратди, давранинг гули бўлди, туманнинг ўзида ҳам мухлислари, таниш-билишлари кўплигига амин бўлдик. Кетиш олдидан Чияли бозорга кирдик. Чироқчиликлар одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса бор, ўғриси йўқ, дея фахрланиб юрадиган Чияли бозорини айландик. Гўшт растасидаги тартиб, айниқса, ҳавас қилгулик эди. «Бунинг баҳоси қанча бўлди», - деди «ЎзАС» бош мухаррири семиз қўй гўштию дириллаб турган оқ қуйруқ эгасига ишора қилиб.
– Сизга текин, Аҳмаджон ака деди сотувчи йигит жилмайиб, - Телевизорларда кўриб, газетангизни ўқиб турамиз.» Аҳмаджон мутаассир бўлди.
Хаёл беихтиёр яна узоқларга олиб кетди. Ўттиз етти йил бурун бўлғуси талабалардан кириш имтиҳони олиб турибмиз. Саволларга бошқалардан уч-тўрт ёш каттароқ, бўйи тикроқ, кўзлари чақноқ йигитнинг она-тили ва адабиётидан саволларга бурро ва тўлиқ жавоблари бизни тўлиқ қаноатлантирди, қўшимча саволларга ҳам шариллатиб жавоб берди. Шеригим билан баҳомиз якдил - «5» бўлди. Камоли хурсанд бўлганимдан «Сиздан келажакда ўткир журналист, зўр муҳаррир чиқади», деб юборибман. «Яхши гап яхши-да, фаришталар омин дер экан», дея баъзан ушбу воқеани эслатиб туради Аҳмаджон.
Аҳмаджон талабалик йилларидаёқ матбуотда бот-бот чиқиб турарди. Журфакни тугатиши биланоқ ёшлар газетасига ишга ўтди, қалами янада чархланди, кейин «Ёш гвардия» нашриётида бош муҳаррир ўринбосари сифатида кўплаб китоблар юзага келишига бош қўшди, ўзи ҳам «Бир заминда яшаймиз», «Умидли дунё», «Иккинчи истеъдод» , «Салим буванинг саргузаштлари (икки тилда)» номли китоблар чиқарди.
Кузатувчанлик, синчковлик, бошқалар эътибор бермаган нарсаларга эътибор бериш, кўрмаган нарсаларни кўриш, долзарб мавзу, муаммолар топиш, «ески» мавзуларнинг янгича қирраларини кўра билиш, матнга майин илиқ юмор сингдириб юбориш Аҳмаджон Мелибоев асарларига хос фазилатларданки, бу илк мақолаларидаёқ намоён бўлган эди. Газетага энди ишга ўтган кезлари «Бир нарса ёзувдим, кўриб фикрингизни айцангиз», деб қолди. Қишлоқда ўтган бир тўй ҳақида экан. Бу мавзуда қанча нарса ёзилган, ёзилаяпти, ёзилажак, бирор янги гап айтиб бўлармикан, дея фикр ўтди ҳаёлимдан бошда. Ўқиб кўрсам, чиндан ҳам, янги, маъқул, мақбул гап айтибди. Кечки базм. Бир гуруҳ қаламкашлар вақт ажратиб, йўл босиб шаҳардан боришади. «Янги меҳмонлар келишди, ашуладан бўлсин», дейишади тўй соҳиблари хонандаларга. Кўзлари сузилиб, эснаб турган «санъаткор» бошлаб юборади:


Насиҳатим эшит, эй ўғлон,
Тўйингга келади яхши ҳам ёмон

«Чарчаб келиб, энди нонга, чойга қўл узатган эдик, ҳушёр тортиб бир-биримизга қарадик», ёзади муаллиф. Иккинчи «санъаткор» эса хирқироқ овозда авжини олади.
Баъзилар ошингни ер,
Андин кейин бошингни ер.
«Энди ошга қўл узатган эдик, дарҳол лагандан қўл тортдик». Бири-биридан саёз, савияси паст ашулалардан ҳамманинг энсаси қотгани, тўй соҳиблари ҳижолатда қолгани мақолада афсус-надомат билан тавсифланади. Ишни тугатиб, тўйга келган шу ерлик шофёр йигит, илтимосларга кўра, рубобни қўлга олиб мумтоз ашулалардан бирини ширали, майин овози билан шу қадар гўзал ижро этадики, ёш-яланг, ҳатто чол-кампирлар беихтиёр ўйинга тушиб кетишади, отарчилар – пул бандалари секингина жуфтакни ростлаб қолишади.
Ёш муаллиф оддий, ҳаётий воқеани шу тарзда гоҳ жиддий, гоҳ ҳазил оҳангларда табиий, самимий тасвирлашга уринган эди, сарғайиб кетган газета варағини ҳали-ҳозир талабаларга намуна сифатида кўрсатаман.
Публицист мақоладан мақолага, китобдан китобга ўсиб, қалами қайралиб борди.
Аҳмаджон Мелибоев йирик, салмоқли мақола, очерклар ёзишга ҳам (Чингиз Айтматов билан қурган суҳбатлари, ижоди, фаолияти ҳақидаги туркум мақолалари, хорижий сафарнома, эсселари, экология, маънавият, қадриятларнинг долзарб, оғриқли муаммоларини дадил кўтарган ўткир чиқишларини эслайлик), бир чимдим ичакузди қатралар, қизиқ ҳангомалар ёзишга ҳам (адиб, санъаткорлар ҳаёти ижодига оид мароқли воқеа, кулгили ҳикоялари бунга мисол) бирдек моҳир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигига бош муҳаррирлик қилган 1988-2000 йиллар Аҳмаджон Мелибоев ҳаёти, ижодий фаолиятида энг қизғин, самарали давр бўлди. Қайта қуриш, ошкоралик, турфа фикрлик, ҳур фикрликни энг кўп ва хўп акс эттирган жасоратли, маҳоратли нашр, шубҳасиз, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» бўлди. Ижтимоий ҳаёт, тарих, адабиёт, тил, дин, экология, маънавий қадриятларнинг долзарб, оғриқли муаммоларига оид ўткир чиқишлар кўпроқ шу газетада чоп этилди, адади 1988 йилдаги 220.000 нушадан 1990 йилда 900.000 нушага етди. Энг сара мақолалардан тартиб берилган икки жилдлик «Фитна санъати» китоби бадиий публицистикамизнинг гултожи бўлди. Орада масъул лавозимда тўрт йилча ишлаб, яна қадрдон нашри раҳбарлигига қайтгач, тез орада газета янада мароқлироқ, мазмунлироқ чиқа бошлади. Газетанинг ўтган йил, 21 октябр – Тил байрамига бағишланган сони ҳақида «Ҳар сонинг қадр ўлубон, ҳар саҳифанг ўқишли бўлсин» номли матбуот обзори мақомида бир нарса ёзиб, «Ҳуррият»да чиққан эдим. Дарҳақиқат, ҳар бир сонида энг ками икки-учта воқеа бўладиган, ўқимаса армон бўлиб қоладиган материал берилади. Эътиборга, эътирофга лойиқ, қизиқиб ўқиладиган материалларда бири «Муҳаррир минбари» рукни остида берилаётган туркум мақолалардир. Ҳозир улар сони 100 дан ошди. Аксарияти Аҳмаджон Мелибоев қаламига мансуб ушбу мақолаларни, таъбир жоиз бўлса, бошловчи мақола деб атаган бўлардим. Шўролар замонида бош мақола кенг урф бўлган, айниқса, «Правда» бош мақолаларининг ўзи ёзган эди. Ҳукмрон мафкуранинг карнайи бўлган, расмий, зерикарли услубда ёзилган ушбу дабдабали, дағдағали бош мақолалар иттифоқчи республикалар газеталарида кўчирилиб, таржима қилиб босилар, унинг кўрсатмалари билан ҳисоблашмай илож йўқ эди. СССР парчаланиб компартия барҳам топиб, собиқ республикалар мустақилликка эришгач, даъваткор, «доно» бош мақолаларга ҳам зарурат, ҳожат қолмади, улар ўрнини «Муҳаррир минбари» рукнидаги жонли, табиий ёзилган, ўқувчини муаммони бирга ўйлашга, ижодий ҳамкорликка ундайдиган мароқли бошловчи мақолалар эгалламоқда, «ЎзАС»да босилган бундай мақолалардан таркиб топган «Ҳуштакни ким чалади?» китоби тезроқ чиқишини орзиқиб кутамиз. Яқинда 50 йиллигини нишонлаган «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» да шеъри, ҳикояси, очерки, суҳбати, таржимаси, сурати билан чиқишни ҳар бир ижодкор шараф деб билади. Газетанинг савияси анча баланд, талаб ҳам шунга яраша юқори. Жиддий чиқишлари билан жамоатчиликни ўйлантирадиган, ҳазил-мутойибалари билан кулдирадиган, салкам қирқ йил давомида журналистиканинг қаттиқ нонини еб, имтиёзу имкониятларидан баҳраманд бўлиб келаётган ҳамкасбимиз ўзини аямай, тунни кунга улаб меҳнат қилишлари, муҳаррир сифатида баъзан юмшоқ гиламлар устидан оҳиста юриб бориб қаттиқ гап эшитишлари, матбуотнинг тўғри, тўқмоқли сўзига чидай олмаган амалдорлар билан тортишишлар, суд жараёнларида қатнашишлар, ўтмайдиган матоҳини ўтказиш учун ҳол-жонига қўймайдиган қалам аҳли билан дод-муомалалар, ҳатто ширин ёлғонлар айтишга тўғри келишлар, ёлғиз ўзигагина аён нуқсонлар, бари-бариси, пировардида юракка оғир тушади, гоҳи-гоҳида безовта қилиб, огоҳлантириб туради.
Хомсут эмган бандамиз. Баъзан ҳамкасбимизнинг ўзидан ҳам ўтади, меъёрни сал оширган, ҳазил қиламан деб таъби нозик одамнинг дилини оғритиб, қизиқ гап айтаман деб қовун тушириброқ, кишини ўйлантириброқ қўйган ҳоллар ҳам бўлиб туради. Ҳазилни биров тўғри тушунади, кўнглига олмайди, биров зоҳиран сездирмайди-ю, дилига тугиб қўяди. Биз-ку узоқ йиллик қадрдонмиз, бир-биримизга устозу шогирдмиз, ҳар қанча ҳазил бўлса кўтарамиз, лекин эътирозли фикрлар, танқидий гаплар бўлса юзимизга айтамиз. Айтамиз-у кўп ўтмай ширин суҳбатлари, ҳазил-мутойибалари, мароқли мақолаларини соғиниб қоламиз.

Аҳмаджон Мелибоевнинг илк китоби «Бир заминда яшаймиз» деб, ҳозир нашриётга топширган китоби «Ёлғиз яшаб бўлмайди» деб аталади. Китоблар номи ёзувчи ижодий кредосига ишора қилиб туради. Солижон Шарипов кузатганидек, Абдулла Орипов лутф этганидек, фазодан «Қуванинг анорича» кўринадиган она сайёрамизни эъзозлайлик, тинч-тотув яшаб ҳамкору ҳамдаст бўлиб уни яшнатайлик.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика