Лафзи қайтмаган йигит (ҳажвия) [Abdulahad Oʻrmonov]

Лафзи қайтмаган йигит (ҳажвия) [Abdulahad Oʻrmonov]
Лафзи қайтмаган йигит (ҳажвия) [Abdulahad Oʻrmonov]
Валижон велосипеддан тушиб, энди бозор томонга бурилган эди, кимдир елкасига қўлини қўйди. Ортига ўгирилганди, қоп-қора мўйловчаси ўзига ярашган, башанг кийинган йигит кулимсираб, икки қўлини чўзди:
— Э, акахон, бормисиз? Салом берсак, алик олмайсиз?
— Узр. Эшитмабман, — деди Валижон йигитга ҳайрон боқиб. — Ваалайкум ассалом.
— Сиз Пайзаводликсиз-а?
— Йўқ, Ахтачиданман. Файзободдан кейинги қишлоқ.
— Xудди ўзи. Ахтачида сизни кўрганман. Укангиз ишлаяптими?
— Укам йўқ, жияним бор. Мўминжон. Ишлаяпти... Ҳа, нимайди?
— Ановини қаранг. Мен укангиз, деб юрарканман. Аммо-лекин жуда бир-бирингларга ўхшайсизлар. Мўминжон билан бирга ишлаганман. Xудди ўзингиз-а.
— Жияним кўмир омборида қоровул туради...
— Шу-да... Э, Мўминжон жуда ажойиб, баҳоси йўқ, залатой. Бир қоп ёнғоқ, дейсиз.
Валижон ҳамроҳига бошдан-оёқ кўз югуртириб чиқди. «Нега бу йигитни ҳеч кўрмаган эканман, — ажабланди у, — башараси танишга ўхшайди-ю... йўқ, эслолмаяпман».
— Сиз ҳам бозоргами? — деди Валижон йигитнинг қўлидаги канистрга ишора қилиб.
— Xудди ўзи. Сиз жа синчков экансиз. Чайқов бозорига кетаётувдим, денг. Бензинига қарамаган эканман, шу ерга келганда ўчиб қолса бўладими? — йигит йўл четидаги қизил «Жигули»га имо қилди. — Канистр кўтариб йўл четида анча турдим. Биронтаси ҳожат чиқарай, демайди. Ўзингда йўқ — оламда йўқ, деганлари шу-да.
— Энди нима қилмоқчисиз? — деди Валижон йигитга астойдил ачиниб.
— Сўрашга тилим бормай турибди, — деди йигит, — лафзим қайтмасин, дейман-да. Бозор орқасида биров бензин сотарди, шунга тезда бориб келсам, дегандим.
— Яқинми?
— Ана, шундоқ бозорнинг орқасидаги учинчи уйда.
— Манг, тезроқ келинг, — Валижон велосипедининг рулини унга тутқазди, — ишим зарил, аммо...
— Зумда қайтаман. Сиз машинага кўз-қулоқ бўлиб туринг, хўпми?
Йигит канистрни рулга илиб, велосипедга чаққон минди.
Валижон қанча турди, йигитдан дарак йўқ. Бир пайт қизил «Жигули» ёнига бир мўйсафид келганини кўрди. Жадаллаб ўша томонга юрди. Мўйсафид бамайлихотир машина эшигини очди, юкхонага қоғоз халтадаги харажатини жойлади.
— Э, тўхтанг, — деди ҳаллослаб етиб келган Валижон. — Тоға, бензин топилдими? Ўғлингиз қани?
— Ҳа, биродар, сизга нима бўлди? Қанақа бензин? Мени кимгадир ўхшатяпсиз, шекилли?
— Сиз... сиз...
— Ишқилиб, ичмаганмисиз?
— Ҳалиги канистр... Янги велосипед...

Валижон жўнаб кетган машина ортидан жовдираганча қараб қолди. «Велосипед... канистр... учинчи уй...» Валижоннинг миясида шу сўзлар узоқ вақт бир-бирига навбат бермай айланди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика