Никоҳ узуги (ҳикоя) [Tohir Shomurodov]

Никоҳ узуги (ҳикоя) [Tohir Shomurodov]
Никоҳ узуги (ҳикоя) [Tohir Shomurodov]
...Тўртинчи қаватдаги уйнинг деразасидан мўралаган тонгги қуёшнинг заррин нурлари ётоқда мириқиб ухлаётган Валижоннинг бетини беозор қиздирди. Валижон эринибгина кўзларини очди. Сўнг нимадир эсига тушгандек сесканиб кетди ва ўрнидан учиб турганча столда соатга қаради. Соат миллари роса етти яримни кўрсатарди.
Валижон ноз уйқуда ётган хотинига разм соларкан:
– Тамом, кечикдим, – дея пичирлади беихтиёр. – Бунинг ухлашини-чи.
— Кечаси билан уйқу бермаганингиздан кейин ухлайман-да, – деган овози келди Ойпопукнинг.
Валижон шоша-пиша кийиниб, даҳлизга чиқди. Оёқ кийимини кияётган маҳал ичкаридан хотинининг:
– Валижон ака, – деб чақиргани эшитилди.
– Нима?
– Валижон ака.
– Гапирақол, – деб бақирди бу сафар Валижон асабийлашиб.
– Нега бақирасиз? – деди мулойим оҳангда даҳлиз остонасида пайдо бўлган Ойпопук эрига ҳайрон боқиб. – Чой-пой ичмайсизми?
– Ярим соатда ишхонада бўлмасам, иш пачава!
Валижон деярли чопиб чиқиб кетди.

* * *
Валижон автобуснинг орқа ўриндиқларидан бирига ўтириб олганча кетиб бораётган эди. Шу пайт тирбанд йўловчилар орасидан бир жувон чиқиб келдию, Валижоннинг нақ биқинида туриб олди. Жувон йигитга аввалдан танийдигандай қаттиқ тикилди. Ноқулай аҳволга тушган Валижон уни эслолмади, аммо ҳар эҳтимолга қарши сўради:
– Кечирасиз, мени кимгадир ўхшатяпсизми, хола?
Жувон ғазаб билан ҳаммага эшиттиргудай тарзда ўшқирди:
– Хотин кишига жой берсанг ўласанми?!
Йўловчиларнинг бир қисми ялт этиб шу томонга қарашди.
Валижон ер ёрилмайдию, ерга кириб кетмади. У шоша-пиша ўрнидан туриб, аёлга жой бераркан, хижолат аралаш:
— Марҳамат... марҳамат... — дея олди.
Тик туриб олган Валижонга шопмўйлов, баҳайбат, эллик ёшлардаги, кўзлари атрофга олазарак боқаётган йўловчи қапишиб турарди. Валижон бир-икки марта унинг гавдасини сал нари сурган бўлди. Аммо хўмрайиб олган шопмўйлов атай қилаётгандай баттар унга тиқилгани тиқилган эди.
«Бунгаям жой керакка ўхшайди, — деган ўй ўтди Валижоннинг кўнглидан. — Худди мен еб, у қуруқ қолгандай ўқрайишини...»
Валижон парво қилмасликка уриниб, ойнадан ташқарини кузатиб кетаверди. Аммо йўловчи ҳадеб оғирлигини солавергач, тутқични ушлаган қўллари толиб кетган йигит ахийри чидай олмай бир амаллаб бошини орқага бурди-да:
— Сал ўзингизни ушлаб туринг, амаки, — деди.
Аммо «амаки» гап таъсир қилмайдиганлар хилидан экан, шекилли, Валижонга еб қўйгудай бўлиб тикиларкан, палағда овозда вишиллади:
— Бу автобус, катта холангнинг машинаси эмас. Ёқмаса, ана, таксида кет, ука!
Баттар дили хира тортган Валижон ноилож тишини тишига босди.
Йигит шу алфозда бир амаллаб зарур бекатга қадар етиб келди ва йўловчилар орасидан аранг сирғалиб ўтиб, автобусдан тушиб қолди. У оёқ излари қолган поябзалига, ғижим бўлган шимига ҳам қарамасдан ишхонаси томон югурди.
Қанча ҳаракат қилмасин, Валижон ишга беш дақиқа кечикиб келди. Йигитнинг бахтига бугун нимагадир бошлиқ шахсан ўзи ходимларнинг вақтида ишга етиб келишини текшириб чиқмабди.
Ҳа, ғалати одам-да бу Акобир ака. Ўрни келса-келмаса:
— Меҳнатнинг асоси — тартиб-интизом! — деб такрорлашни хуш кўрадиган бу раҳбар кунда-кунора дарвоза ёнида семиз дафтарни кўтариб олган кадрлар бўлими бошлиғи Ҳанифа опа билан туриб олар ва кимнинг қачон ишга келганини белгилаб қоларди.
Бундай кунлари ишга кеч қолган ходимнинг бошида калтак синарди. Акобир ака кабинетига келасола барча ўринбосарию бўлим бошлиқларини ҳамда кечиккан ходимларни чақириб, дарҳол ўзи «пятиминутка» деб атаган йиғилишни бошлар ва одатда камида бир ярим-икки соат давом этадиган бу йиғинда ҳамма бошини қуйи эгганча интизом меҳнатнинг асоси эканлиги ҳақидаги эски, сийқаси чиққан, деярли ёд бўлиб кетган маърузани тингларди. Раҳбар йиғилишни ўзи очар, ўзи давом эттирар ва, табиийки, ўзи якунларкан, ишга кечикиб келган ходимларга ҳайфсан эълон қилишни таклиф этар ва бу таклифини бир овоздан маъқуллатиб олгач, мамнуният ила мажлис баённомасини эринмай ёзиб ўтирган Ҳанифа опага қарата:
— Мажлис қарорини албатта протоколга киритиб қўйинг, — деб таъкидлашни унутмасди.
Ходимларнинг кўпчилиги ишга кечикишдан эмас, раҳбарнинг мана шу маърузасини эшитмаслик учуноқ вақтидан буруноқ ўз хоналарига етиб келардилар.
Шу билан... тамом эди. Яъни Акобир ака ходимлар кун бўйи нима иш билан машғул бўлиши билан унчалик қизиқмас, тўғрироғи, раҳбарнинг ўзи кун бўйи давом этадиган қандайдир бош-кети йўқ йиғинлардан бери келмасди.
Инжиқ раҳбарнинг «еътибори»дан қутулиб қолганидан мамнун бўлган Валижон ўрганиб қолган одати бўйича бармоғидаги никоҳ узугини айлантириб ўйнамоқчи бўлди. Аммо тўсатдан йигитнинг ранги докадай оқариб кетди. У шошиб бармоғига қаради. Ҳа, узук йўқ эди!
Юзини совуқ тер босган Валижон нимагадир киссаларини титкилади, ғижимланган пулларинию дастрўмолини ҳам столга олиб, ҳар бирини бирма-бир пайпаслаб чиқди. Кейин «Балки шу ерга тушгандир» деган ўйда полга тўшалган кулранг кигизга чўкка тушганча эмаклаб узукни излашга тушди.
Узук йўқ эди.
Валижоннинг кўз олди қоронғулашиб кетди.
Хонага кириб келган Рамазон ҳамкасбини мана шундай аҳволда кўрдию, қўрқиб кетди.
– Нима гап, Валижон? – деб сўради у жон ҳолатда.
Валижон Рамазоннинг саволини эшитмагандай унга гаранг аҳволда тикилди. Сўнг:
– Узук... – дея пичирлади мажолсиз тарзда.
– Қанақа узук? — деди Рамазон ҳайрон бўлиб.
Валижон жавоб ўрнига никоҳ узуги ўрни муздай бўлиб турган бармоғини кўрсатди.
– Ҳа, тушунарли... Йўқолмасидан аввал шу ерда эдими? – деб сўради Рамазон.
Валижон унсиз бош ирғади.
– Шунгаям ота гўри қозихонами? – деди Рамазон. – Йўқолган бўлса топилади. Топилмаса, ана, марҳамат, бозор тўла узук.
– Нималар деяпсан? — деди Валижон. – Ахир у хотинимдан совға-ку. Унақасини қаердан топаман?
– Пул бўлса чангалда шўрва, – деди Рамазон.
– Барибир унақасини тополмайман-да, – Валижон чуқур хўрсинди. – Хотиним билса яхши бўлмайди. Кейин, ўзинг биласан, бор пулни тўйга совуриб бўлганман.
– Нима, уйланганингга уч ой бўлмай туриб, хотинингдан қўрқиб қолдингми, а? – қувлик билан сўради Рамазон.
– Нега қўрқар эканман? Мен уни ҳурмат қиламан, холос.
– Яшавор, Валижон! – деди Рамазон кулимсираб. – Биз эркаклар аёлларни албатта ҳурмат қилишимиз керак.
– Кўп гапирмай, узукни топишимга ёрдам берсанг яхши бўларди, – деди Валижон жиддий оҳангда.
Рамазон бир муддат ўйланиб тургач:
– Қарз ол, – деди.
– Кимдан?
– Мендан эмас, албатта. Ишхонада бирортасидан.
– Бе, қўйсанг-чи, – деди Валижон. – Битта уйлангулик ҳоли бор экан-ку дейишмайдими? Ўзимизникилардан сўролмайман.
– Тўғри айтасан, – деди Рамазон бошини қашлаб. – Унда бошқа йўли бор. Фақат айтганимни қиласан, майлими?
Валижоннинг кўнглида умид чироқлари ёнди.
– Сен айт, айтавер, – деди у. – Узук топилса бўлгани.
– Бўлмаса, иккаламиз бир жойга бориб келамиз.
– Қаёққа?
– Юр, – деди Рамазон эшик томон йўналиб.
– Иш-чи? – деди Валижон столига кўз ташлаб.
– Сенга иш керакми, узукми?
Валижон шошиб Рамазонга эргашди.

* * *
Кўп қаватли уйнинг учинчи қаватига кўтарилгач, Рамазон тўғридаги эшик қўнғироғини босди. Бир муддат ўтгач ичкаридан аёл кишининг:
– Ким? – деган овози эшитилди.
Eшик хиёл очилиб бошяланг, шунинг учун сочларига оралаган оқ шундоқ кўриниб турган кексароқ аёл кўринди.
– Сизларга ким керак?
— Ассалому алайкум, — дегач Рамазон шеригига ишора қилди: – Ишимиз тушиб келувдик олдингизга.
Аёлнинг овози юмшади.
– Нега ҳайкал бўп турибсизлар, ичкарига киринглар, — деди у хижолат тортгандек. – Мен сизларни солиқчиларми деб ўйлабман.
Икковлон аёлнинг ортидан ичкарига киришди.
– Бу ерда кундузи сизларга ўхшаган иши тушиб келган ҳожатталабларни қабул қиламан, – дея изоҳ берган бўлди аёл меҳмонларга. – Ўзим дачада яшайман. Қани, ўтиринглар.
Рамазон билан Валижон хона четидаги стол ёнидаги иккита стулга ўтиришди.
– Шаҳарнинг манаман деган кишилари менинг олдимга келишади. Мен сизларга айтсам, бир пайтлар катта-катта ишларда ишлаганман. Лекин ичи кир, кўролмас бир-иккита каззоб кимсалар уюштирган туҳмат касрига қолиб, ишдан бўшашга мажбур бўлганман. Мана энди, пенсияга чиққач ҳам одамларга нафим тегсин деб савоб иш билан шуғулланяпман. Ўтган куни бир жувоннинг қимматбаҳо тақинчоғини топиб бердим. Аёл бечоранинг йиғлайвериб, кўзлари шишиб кетган экан. Ундан: «Тақинчоғингни ўзингдан бошқа яна ким тақарди?» деб сўраганимни биламан, зип этганча уйимдан чиқиб кетиб юборса бўладими. Орадан бирон соатлар ўтиб, олдимга қайтиб келди. Ҳа, эгачи, нима бўлди, хайрниям насия қилиб кетдингиз-у десам, нима дейди денглар. Сизга минг раҳмат, опажон, тақинчоғимни топиб бердингиз. Уни қизим тушмагур ўртоқларимга бир мақтанайин деб мактабига тақиб кетган экан, дейди-я. – Аёл пича тин олгач, яна гапида давом этди. – Ҳозир одамлар шунақа паришон бўлиб қолишган... Хўш, сизлар қанақа иш бўйича келдингиз? – У меҳмонларга савол назари билан қаради.
Рамазон «ўзинг гапир» дегандай шеригини туртди. Аёл:
– Шошманг, – деди, – ўзим айтаман. Сизлар мол йўқотгансизлар.
– Мол эмас, – деди Валижон ҳайрон бўлиб. – Узук... никоҳ узуги.
– Жим бўл, – деди аёл столга косада сув келтириб қўяркан.– Узук мол бўлмай нима? Айтдим-ку шаҳарнинг казо-казолари менга келишади деб.
Аёл косадаги сувга синчиклаб тикилди. Валижон ҳам унга қўшилиб косага кўз ташлади, бироқ унда сувдан бўлак ҳеч нарсани кўрмагач, ҳайрон бўлиб Рамазонга қаради.
– Ана! – деб бирдан қичқириб юборди аёл йигитларнинг капалагини учириб.
– Қани? – деди Валижон шоша-пиша косани қўлига оларкан.
Аёл ундан косани қайтариб олди ва сувга диққат билан тикилишда давом этди.
– Ҳисоб-китобли ерда ишларкансан, – деди у Валижоннинг кўзларига тикилиб. – Қўлинг ҳар ойда пул кўраркан, тўғрими?
– Тўғри, – тан олди Валижон.
Кутилмаганда аёлнинг авзойи бузилиб:
– Латта! – дея бақирди. – Нима қилиб узукни йўқотиб юрибсан!
Валижон аёлнинг дашномидан чўчиб, тили айланмай қолди.
– Мен... мен билганим йўқ, – деди у дудуқланиб. – Кечагина ўзимда эди. Ишга келиб билдим йўқлигини..
Аёл енгил тин олди.
– Вой содда-эй, – деди у энди кулимсираб. – Узукни йўлда йўқотибсан-ку.
– Қайдам...
Аёл яна косадаги сувга разм солди.
– Ишга кўпчилик орасида келибсан.
– Ҳа, автобусда одам кўп эди, – деди Валижон аёлнинг топқирлигидан ҳайратини яширолмай.
– У ерда кимдир сенга ёмон назар билан қараганмиди?
Валижон ниманидир эслашга уриниб пешонасини қашлади.
– Бор эди, – деди у нимадир эсига тушгандай. – Автобусда, шундоқ биқинимда бир одам бекатимгача менга хўмрайиб қараб келди.
Аёл узукни аллақачон топиб бергандай мағрур йўталиб қўйди.
– Одам боласиям шунчалик содда бўладими? – деди аёл ўрнидан тураркан. – Хўмрайса жим кетавердингми? Бор, энди уни излаб топ. Гумоним ўшандан. Ўғри ҳозир сен тушиб қолган бекатда шериги билан автобус кутиб ўтирибди.
Валижон шошиб ўрнидан турасола эшикка қараб юрди.
– Тўхта! – деди аёл унинг ортидан. – Хизмат ҳаққи-чи?
Валижон хижолат бўлиб ортга қайтди ва киссасидан бир дона минг сўмлик чиқариб, столга ташлади.
Аёлнинг бети тиришди.
– Ҳой йигитча, – деди у қатъий оҳангда. – Мен сенга тиланчиманми? Зиқналик қилмасдан ташла.
Валижон ҳамкасбига қаради. Афти буришиб кетган Рамазон ғоят норози тарзда киссасидан иккита минг сўмлик чиқариб, столга улоқтирди.

* * *
Рамазон бекатга қадар Валижонга эргашиб келди. Сўнг негадир юраги дов бермай:
– Балки излашни бас қилармиз, – деди. – Ўғрини топганимиз билан икки дунёдаям бўйнига олмайди. Чунки сенда уни ўғри демоққа асос йўқ. Бекорчи гап-сўзларни нима кераги бор?
– Қўрқаяпсанми? – пичинг қилди Валижон. – Сени ушлаб турганим йўқ. Истамасанг кетавер. Ана мен тушган бекат.
Валижоннинг қадамлари тезлашди. Рамазон ноилож унинг ортидан юрди.
Бекатда одам гавжум эди. Валижон йўловчиларга диққат билан назар солиб чиқди. Йўловчилардан бири унинг ҳаракатига ҳайрон қолиб, бармоғини пешонасига ниқтаб айлантириб қўйди.
Валижон бирдан елкасига каттакон сумка осиб олган, ўзига таксида кетишни маслаҳат берган ўша шопмўйлов йўловчини ва унинг ёнида турган айнан ўша, унинг жойини тортиб олган аёлни кўрди! Ҳа, йигит адашиши мумкин эмас эди. Иккаловчи чеккароқда туриб, паст овозда ниманидир гаплашишар эди.
«Демак, булар шерик экан! — деган қарорга борди Валижон. — Бири чалғитиб туради, иккинчиси...»
Валижон шошиб уларнинг ёнига яқин борди ва эркакка ўқрайиб қараркан:
– Қалайсанлар, ўғрилар? – деди.
Шопмўйлов аввал шошиб қолди, сўнг қаҳр билар:
– Нималар деяпсан? – деди. — Мастмисан, нима бало!
– Ўзини гўлликка олишини кўряпсанми бунинг? – деди Валижон жанжал кўтарилишидан чўчиб турган ҳамкасбига қараб. Сўнг яна шопмўйловга ўгирилди: – Узукни қаерга гумдон қилдинг?
– Қанақа узук? – деди ҳамон гап нима ҳақидалигини англай олмаётган йўловчи. – Сен мени кимгадир ўхшатяпсан шекилли?
– Шекилли эмас, – деди Валижон йўловчининг ёқасидан олиб. – Аниқ сен олгансан. Кўзларинг бежо эди. Чиқар узукни. Яхшиликча чиқарсанг милисага айтиб ўтирмайман. Бўлмаса қаматиб юбораман шеригинг билан қўшиб!
Шопмўйлов бўш келмади.
— Бор, қўлингдан келганини қил! Агар милиса чақир¬санг, туҳмат қилганинг учун аввал ўзингни қамата¬ман!
Шу пайтга қадар нима бўлаётганини тушунол¬маётгандай буларга анграйиб қараб турган аёл тўсатдан чинқириб юборди ва дод солганча Валижоннинг юзига чанг солди.
— Одамлар! Ушланглар туҳматчини! Қип-қизил жинни-ку бу!
Валижон то ўзига келиб олгунича аёлнинг ўткир тирноқлари бўйнини тилиб ўтди.
Шопмўйлов ҳам тек турмади. Ногаҳон у бўлаётган томошани ҳайрон кузатиб турган Рамазоннинг юзига мушт туширди. Ўзиям гурзидай мушт экан, бўшашибгина турган Рамазон икки қадам нарига учиб кетди.
Аёл киши билан тенг келиб бўлармиди!
Валижон ноилож ортга чекинди.
Бекатдаги йўловчилар буларни қизиқиш билан кузатиб туришарди.
Шопмўйлов бокс илмидан хабари борми ё кўча жанглари ҳадисини олганми, ишқилиб, туйқус чаққонлик билан Валижоннинг қорнига икки марта тепиб қулатди.
Сўнг шундоқ ёнидан ўтиб бораётган такси машина¬сини тўхтатди. Шопмўйлов билан аёл худди келишгандай чаққонлик билан машинага чиқишди.
Машина силтаниб олға интилди.
Шарманда бўлган Валижон ихраб ўрнидан турди.
Рамазоннинг аҳволи ҳам уникидан яхшироқ эмасди. Икковлон чеккароққа ўтишди.
– Босқинчилар! – дея пишиллади Валижон. – Бориб милисага ариза бериш керак.
– Тентак бўлма. Бир ками узук қолиб, энди мелисага қатнаш қолувди, — деди Рамазон тўнғиллаб.
– Узукни шулар ўғирлагани аниқ...
– Э, ўша узугингниям!.. – дағдаға қилди Рамазон асабийлашиб. – Ҳаммасига ўзинг айбдорсан. Кетса кетар битта узук. Эркак деган ҳам хотинидан шунча қўрқадими?
Валижоннинг кўзлари пирпиради.
– Мен хотинимдан қўрқмайман, – деди у оҳиста.
– Сен яхши одамсан, Валижон, – дея ҳамкасбини юпатишга уринди Рамазон. – Лекин ўлгудек соддасан. Фолбиннинг гапи эсингдами, у сени «соддасан» деди. Сен бўлсанг, унинг гапларига лаққа ишониб ўтрибсан. Ахир сен бармоғингдаги узукни олдириб қўйиб, сезмай қоладиган даражада аҳмоқ эмассан-ку.
Валижон бўш келмади.
– Унда мени нега унинг олдига етаклаб бординг?
– Мен ҳам сенга ўхшаб соддадирман-да, – илжайди Рамазон. – Энди бундоқ, ҳозир сен билан бошқа жойга борамиз.
– Қаёққа? Яна фолбингами?
– Борганда биласан. Юравер, қўрқма, бу гал ҳеч ким дўппосламайди. Қарз олиб турамиз, қарз.

* * *
Рамазон улкан, нақшинкор ёғоч дарвозанинг қўнғироғини босгач, эшикни бир мўйсафид очди.
– Келинглар, – деди у тавозе билан.
Икковлон қарияга салом бериб, унинг ортидан ҳовлига киришди. Сиртидан оддийгина кўринган ҳовлининг ичкарисидаги ҳашамат Валижонни ҳайратга солди. Рамазон эса илгариям бу ерга келиб-кетиб юргандек эътибор қилмади.
Қария бахмал кўрпача тўшалган сўрига чиқиб ўтириб, фотиҳа қилди ва ҳол-аҳвол сўрашгач, меҳмон¬ларга чой узатди.
– Ишларинг яхшими? – деди у Рамазонга. – Бундоқ келай ҳам демайсан?
– Иш кўп, – деди Рамазон пиёлани қўлига олиб.
Қария дўпписини олиб, тепакал бошини қашлади.
– Хўш, иним, бизга нима хизмат? – деди у чой ҳўпларкан.
– Бир илтимос билан келувдик олдингизга. – Рамазон Валижонга ишора қилди. – Дўстимга пича пул керак бўлиб қолувди. Ўзи яқинда уйланиб, борини сочиб бўлган. Шунга бир ёрдам қилиб юборсангиз. Агар иложи бўлса, албатта.
Қария Рамазоннинг гапига тушунмагандай ҳайрон бўлди.
– Бу нима деганинг, иним? – деди у дўпписини қайтадан кийиб. – Қани, сен менга айт-чи, бу даргоҳдан кимнингдир норизо бўлиб қайтганини ҳеч кўрганмисан?
Рамазон қовун тушириб қўйгандай, ўзини ноқулай ҳис қилди.
– Йўғ-э. Сизнинг қанақа одамлигингизни ҳамма билади. Шу дўстимизгаям ўша сахийлигингизни кўрсатсангиз, девдим, холос.
– Қанча? – деди қария боядан бери одоб сақлаб жимгина ўтирган Валижонга кўз ташлаб.
Рамазон «гапир» дегандек уни секин туртади.
– Юз минг, – деди Валижон минг хижолат билан эшитилар-эшитилмас овозда.
– Юз минг сал кўплик қилмасмикин? – деб сўради қария овозини секинлаштириб. — Ё бизнес-план аниқми?
— Юз минг сўм, ака, – дарҳол изоҳ берди Рамазон. – Ўзимизнинг пулда.
Қария Рамазонга «Кимни олиб келдинг?» деган маънода ўқрайиб қараб қўйди ва ҳафсаласи пир бўлгандай пиёладаги чой тагини нарига сочди.
– Олимбой! – дея овоз берди чол ичкарига қараб . – Олимчик!
Уй ичкарисидан:
– Лаббай, буважон! – деган овоз эшитилди.
Сўнг уйдан қилтириққина ўспирин чиқиб келди.
У меҳмонларга одоб билан салом бериб, бувасига юзланди.
– Мана бу амакиларингга ёрдам беришимиз керак, – деди қария меҳмонларга ишора қилиб. – Бувингга айт, юз минг олиб берсин.
– «Кўк»иданми, бува?
– Сўмда, – деб юборди Валижон шоша-пиша.
Бола ичкарига кириб, бир зумда қайтиб чиқди ва бир тутам йирик пул чиқариб, бирпасда санаб ҳам берди.
– Мана, бува, – дея у қарияга қўлидагини тутқазди.
Қария пулни олиб, Валижонга узатди.
– Аҳ, эсим қурсин, – деди у бирдан неварасига қараб. – Қари чолнинг хотираси чатоқ-да. Олимбой, бу олди-бердингнинг шарти қанақа эди?
Бола ҳафсала билан кўрпачага чордона қуриб ўтирди.
– Ҳозир тушунтираман. – У меҳмонларга бир-бир кўз югуртирди. – Қўлингизда юз минг сўм пул. Бувам гувоҳликка ўтадилар. Тўғрими, бува? –– Қария тасдиқ маъносида бош тебратди. – Муддати ўн беш кун. Йигирма фоиз устамаси билан шу ерда санаб оламан.
Валижонни титроқ босди. Овози қалтираб:
– Қанча?.. – деди. – Сал камайтиришнинг иложи йўқми?
Валижон ўтинч тўла нигоҳини қарияга қаратди. Чол «ундан сўранглар» деган маънода болага ишора қилди.
– Мен битта гапираман, – деди бола катталарга хос қатъий оҳангда. – Ёқмаса, ана, катта кўча...
Икковлон қария билан хайр-хўш қилгач, ташқа¬рига чиқишди. Валижон суюнишини ҳам, куйишини ҳам билмай аросатда қолганди.
Йўлни тўғри бозор томон солишди. Заргарлик дўконида Валижон ойнаванд расталарга кўз югуртириб, айнан ўзининг никоҳ узугига ўхшаш узукни узоқ қидирди.
Сабри чидамаган Рамазон:
– Нима, сеникидақа узук дунёда битта эканми? – деди тўнғиллаб. – Биттасини танласанг-чи.

Valijon axiyri bir uzukni tanladi. Ammo koʻngli unchalik toʻlmayotgani nigohidan sezilib turardi. Qolaversa, bolakaydan olgan qarzi ham uzukka yetmaydi. U Ramazonga jovdirab qaradi.

Чўнтагидан сўнгги пулларини чиқарган Рамазон:
– Жин урсин! – деди худди жонини суғуриб бераётгандай. – Билиб қўй, бу пул меники эмас, хотин аканики. Бир нарса буюрганди. Бир кун алдарман, икки кун. Лекин учинчи куни пул қўлимда бўлиши шарт!
Валижон шоша-пиша бош ирғади.
Барибир, бир олам ишлар йиғилиб қолган экан. Шу сабабли Валижон билан Рамазон юмуш вақти тугаган¬дан кейин ҳам қолиб, икки соатча ишлашга мажбур бўлишди.
Ахийри ҳаммаси тугади.
Икковлон шошиб кўчага чиқишди.
Валижон бу сафар йўловчи кам, ўриндиқлар деярли бўш автобусда қайтди. Шундай бўлса ҳам йўл бўйи узук тақилган қўлини маҳкам мушт қилиб тугиб келди.
Мана, қадрдон уй. Қадрдон эшик. Қадрдон эшик қўнғироғи.
Ойпопук яйраб-яшнаб эшикни очаркан, ўпкалаган оҳангда деди:
— Вой, намунча кечикдингиз? Хавотирга тушдим...
– Мана, келдим-ку, – дея жилмайишга уринди Валижон.
– Сизга нима бўлди? –Ойпопук эрининг чарчоқдан киртайиб қолган кўзларига диққат билан тикилди.
– Иш кўпайиб кетди, – ўзини оқлашга уринди Валижон.
– Ишингиз эрта тугарди...
– Ишдан кейин ҳам ишлашга тўғри келди.
Тўсатдан Ойпопук эрининг қўлига қараганча донг қотиб қолди.
Келинчак ичида нимадир «чўрт» этиб узилгандай эрига гарангсиб, карахт аҳволда, ўз кўзларига ишонмаётгандай тикилди.
Ойпопук баногоҳ «оҳ» тортиб юборди ва эрининг қўлидаги узукка ишора қиларкан:
— Демак, яна битта оилангиз бор экан-да... — дея беҳол шивирлади ранги қув ўчиб.
— Ҳа, буми? — бепарво оҳангда гапиришга уринди Валижон. — Бу ўзинг совға қилган узук-ку.
Ойпопук ҳамон карахт аҳволда халати чўнтагини тимирскилаб, ниҳоят тилла никоҳ узугини чиқарди ва оҳиста пичирлади:
— Ўзим совға қилганни кеча кечаси ҳазиллашай деб олиб қўйгандим. Мана у. Бармоғингиздаги бошқа...

Валижон жон-жаҳди билан изоҳ беришга чоғланди. Аммо Ойпопук тўсатдан ҳўнграб йиғлаб юборди ва иккала кафти билан юзини беркитганча ичкарига чопиб кириб кетиш олдидан темир эшикни эрининг юзига қарсиллатиб ёпди...
Mualifning boshqa asaralari
1 Nikoh uzugi (hikoya) [Tohir Shomurodov] 469
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика