Мирзоқул (ҳикоя) [Tursunboy Boymirov] |
Кайфияти эрталабдан бузилди. Нонушта пайти хотини етишмовчиликлардан гап очиб қолди. Яна қанд-қурс, гуруч, ёғ, болалар учун ул-бул... Пича кўз ёши... Аёлларнинг таъби шундай: баланд келади, паст бўлади, кейин эса рўзғорнинг ишларига кўмилиб, кўнгил ғуборлари баҳорнинг кўчманчи булутларидай тарқаб кетади. – Болаларнинг мактаби яқинлашди. Ҳали ҳеч нарса ололганимиз йўқ. Кеча Эшмат ака қарзини сўратибди. Берган мард эмас, олган мард. Ўзимиздан билиб униям беришимиз керак. Э Xудойим-ей, шу алпозда кун ўтказадиган бўлсак... – деди аёл хўрсиниб. – Бас қил, – унинг гапини бўлди Мирзоқул жеркиб, – эрталабдан дийдиё қиласан. Бир пиёла чойни олдимга қўйиб, заҳрингни сочаверасанми? Сув ичаётган одамни илон ҳам чақмас экан... Чой Мирзоқулнинг томоғидан ўтмади. Йўқчилик қурсин. Xотинини ҳам жанжалкаш деб бўлмас... Ўн саккиз йилдан бери бир ёстиққа бош қўйиб, ҳаётнинг аччиқ-чучуги ортилган аравасини баб-баравар тортиб келяпти, гоҳ-гоҳ бўладиган дилсиёҳлик қуриб кетгур рўзғорнинг икир-чикиридан келиб чиқади. Мирзоқул хотинини тинчлантириш учун: – Қурилишдаги қоровуллигимнинг уч ойлик пулини олганим йўқ. Болаларимнинг икки ойлик нафақаси бор, қўлим лўкка пул кўради.. Ўшанда... – деди дастурхоннинг учини ўйнаб... – Айтганларингиз ўзингизга сийлов. Қаюм дўстингиз кийиб юрган, офтобда жуни ялт-ялт товланадиган телпакдан сотиб оласиз, – деди хотини. – Ҳали эски телпагимнинг жилуви бор. Жунли телпак киймаганни эл орасига қўймайдими? Фақирга бўлаверади. Кўрпага қараб оёқ узатиш керак, хотин. – Ҳа, энди тўй-томошага кийиб борадиган «душман кўзи»га деяпман-да. Бировдан камлик жойингиз борми? Озроқ еб, арзонроқ киярмиз... Мирзоқул нушхўрт еб, думи билан чивинни ҳайдаётган эшаги ёнига келди. Уни жабдуқлади, айилини қаттиқроқ тортган эди, эшак оёғини силтади. Мирзоқулнинг жаҳли чиқди: – Тек тур-е, касофат. Сендан ҳам қутуладиган кун бормикан. Мирзоқулнинг кўз ўнгидан оқ ҳангиси ўтди. «Жонивор жуда йўрға эди-да. Бундайроқ отдан яхши эди. Мункиш, оёқ силташ нима эканини билмасди. Xудойим борга қўшиб беради, йўқдан тортиб олади. Биттагина эшагини ҳам кўп кўрди. Уйинг қуйгур Ҳожи, ўзининг юрмас эшагини алдаб сотди. Мирзоқул ака, ҳангининг йўқлигини билдирмайди, деганди. Бу ҳангининг думига ҳам арзимайди... Ҳай, борига барака, миниб турай-чи...» Нафақа тарқатадиган кассирни «Бобо» савдо дўкони олдида кўриб, Мирзоқулнинг хафагарчилиги унутилди. Кеча туман марказига тушган эди. Дорихонадан дори олаётиб, банк бошлиғини кўриб қолди. Арзини айтди. Таъзирини ебди шекилли, зулукдай чўзилиб келибди. Зарур бўлганда бу даюсни кун бўйи излаб ҳам тополмайсан. Мирзоқул шуларни ўйлар экан, эшагини симёғоч танасига боғлади-да, кафтларини бир-бирига ишқалаб кассир ўтирган ўтирғичнинг бир четига чўкди. – Пулчин бобо, биздиям кўриб юборинг. Эшназаруп Мирзоқул. – Ҳовлиқманг. Пулингиз бўлса, оласиз. Шошган қизни биласиз... Ёш-яланглар ичида Мирзоқул изза бўлди. Мияси лўқиллаб, юраги сиқилди. – Эшназаруп! Келинг пулингизни олинг. Нега эридан аразлаган хотиндай тумшайиб олдингиз? Кассирнинг бу кинояли гапидан атрофдагилар қиқирлаб кулишди. Мирзоқул хафа бўлганини, кассирга бўлган нафратини яширмоқ учун киприкларини пирпиратганча қоғозлар устига мук тушди. – Мана бу ерга қўл қўйинг. Ведимис май, июн ойлариники... Қирк саккиз пилус яна қирқ саккиз... Жами – фалон сўм... Лекин қўлингизга тегадигани Мирзоқулбой... – Нега энди? Кассир тилга олган суммани эшитиб унинг ҳафсаласи пир бўлди. – Қолгани нима бўлди? – Мана, сивит-чи акангиз фалон сўмни қарзингиз учун қайтариб ўтирибди. Xидирбой дўкончидан ҳам анчагина қарзингиз бор экан. Махфират холангиз ҳам қарзингизни ундирмоқчи. Мана бу қора кўзлар билан ҳисоб-китобингизни қилинг... Ака, шулардан қолганини мендан нақд оласиз, ҳи-ҳи-ҳи-ҳи. Бунча пулни нимага ортиб кетасиз? Сағана анову қабирғалари бир-бирига илла илашиб турган «ғўркўк»ками? Ошга – қўноқ, гапга устаман, десангиз-чи, ака? – Ҳа, энди тизза пули-да, – кассирга ҳамроҳ бўлиб келган «жўра»сиям чақиб олди. – Ҳалол меҳнати бўлгандан кейин ҳақини талаб қилади-да. – Қарғанинг иши гўнг титкилаш экан-да! Аччиқ тер чиққандан аччиқ тил ҳам чиқади, деганларидай Мирзоқулнинг «Қарға!» деган сўзи кассирни бир зум эсанкиратди. Аммо у бу сўзни эшитмаганга олди ва: – Xўш, нега титрайсиз? Олмайсизми пулингизни? Жуда чиройли имзойингиз бор экан-а, Мирзоқулбой. Аслида – идорабоп одам экансиз. Бу «думсовет» бўм-бўш бўлмаганда... анови эмас, биздикига ўхшаганидан биттасини «ду-дут»латиб юрардингиз... Мирзоқул кассирнинг бу киноясини эшитмаганга олди. – Сиз нафақа пулини бераяпсизми, қарзларни тарқатаяпсизми? Нафақа пулини тўлиқ қўлимга беринг. Дўкондаги қарзларимни ҳисоб-китоб қилиб ўзим тўлайман. – Э-е, Мирзоқулбой-е... Бир қарич тилим ҳам бор, денг. Қарз олгандан кейин тўлайсиз-да. Дўкончиларга келсак, иззат қилаяпти, чой-зиёфат дегандек... Мирзоқул пулни қайта санади. – Айтганингдан кам берибсан, – деди. – Ҳа, Мирзо ака, харажат бор. Бензин-сензин дегандек... дедим-ку? Шахсий машинада давлат хизматини қилиб юрибмиз. Пиёзнинг пўсти кўп, кассирнинг дўсти кўп. Галстук тақиб келган меҳмон борки, қорни менинг бўйнимда. – Катта гапириб, осмондан келаётган баччағарнинг нафақа пулдан садақа сўраши – йигит кишининг ўлуви... – Э, ўргилдим пулингдан, ма ол! Шугина ҳам сенинг кўзингга дунё бўлиб кўринади. Миниб юрган «чигиртка»нг билан қўшмозор бўл! Кет! Кассир сўкинди. Атрофида ўтирганлардан баъзилари «пиқ-пиқ» кулди. – Нима дединг? Қайтар гапингни, – Мирзоқулнинг кўзлари хонасидан чиққудек бўлиб кассир томон талпинди. – Кимни сўкдинг, энағар?! Жанжалнинг каттараётганини кўрган Ҳусан чўпон Мирзоқулни қучоқлаб олиб, кўча тарафга тортди. – Туя сўйган – эчки сўйгандан эт сўрабди, – деб эскилар бекор айтмаган-да, ука. Ори йўқ... – Мирзоқулнинг баданига ваража кирди. У симёғоч тагига қатлаб қўйган хуржунини эшак устига ташлар экан, ўроғи ерга тушиб кетди. Жаҳл билан ўроқни хуржунга тиқди. Ирғиб эшакка минди. Шу пайт кўзи хиралашиб, боши айлангандек бўлди. Ҳамма гапни юракка олаверсанг, танда жон қоладими дея ўйлади Мирзоқул, сал ўзига келгач, Кун шу бугун эмас, елкамга офтоб тегадиган кунлар ҳам келар... Қизларим, ўғилларим пул топармон бўлишига оз қолди. Бу йил томорқамга саримсоқ экаман. Қаршилик дўстим шундай маслаҳат берувди. Уч тонна саримсоқдан ҳосил олсам, ўҳ-ҳў... Мирзоқул хаёлан ўзи билан ўзи суҳбатлашди. Кўксини нимадир чимчилади. Эшак ёлини ушлаган қўлларининг бўғинлари толиққандек бўлди. «Падари лаънат. Кечани кеча, кундузни-кундуз демай далада умрим ўтди. Кечалари ҳаловатимдан кечиб, энди қоровуллик қиляпман. Топганинг эса бир телпак олишга етмайди. Ярим кун салқинда ишлаб, уйида қоп иштон кийиб юрганларга маза. Тўйларда ҳам уйнинг тўри солиқчиники, бўсағалар эса бизга ўхшаганларнинг маҳрига тушган, – деб ўйлади Мирзоқул. – Сендан юлишади. Болаларинг эски-тускини судрайди. Уларнинг кўзига тик боқолмайсан. Магазиннинг «қора» дафтаридан номинг тушмайди. Унни ҳам эмин-еркин пулини тўлаб ололмайсан. Ойликкача индамай тур, деб мудирга ялинасан. Уйда хотиннинг хархашаси. Нима қилсам...» Олисдан «пат-пат»лаб келаётган мотосиклнинг товуши унинг чувалашган фикрларини бузиб ташлади. «Пат-пат»ни яқинда дўкон очган дўкондорнинг ўғли Тошкан учириб келарди. У Мирзоқулга яқинлашгач: – Кассир болаларнинг пулини тарқатаётган экан, ростми? – деди у салом-аликни насия қилиб. – Ҳа, айтгандай хотинингизнинг қарзи бор экан. Олди-бердини бир ҳисоб-китоб қилиб қўйинг. Кеча ўғилчангизни ҳам дўконнинг олдида кўрувдим. «Вой падари қусур-ай, чўнтак пул искамайдиган бўлди-да. Xотинга нима дейман энди, – дея ўйлади Мирзоқул . – Нарх-наво кўкка бўй чўзиб, чўнтак касодга учраяпти». Мирзоқул йўлни яқин қилиш учун тутзор оралаб кетадиган ёлғиз оёқ йўлга эшакни бурди. Пича юргач, ариқчага дуч келди. Ариқчадан жилдираб сув оқарди. Эшак ариқчадан ҳатламай тисарилди. Мирзоқул бир-икки тиззаси билан эшакни ниқтади. Йўқ, ортга кеца-кетадики, олдинга юрмади. У эшакнинг бўйин, бошига халачўп билан ура бошлади. Xалачўп синиб кетди... Мирзоқулнинг лаблари пирпираб, оғзидан ҳар турли сўкишлар чиқа бошлади. Эшак эса тисариларди. Мирзоқул эгардан ирғиб тушди-ю, эшакнинг ортига беш-олти тепди. Эшак ариқчадан сакраб ўтишни истамасди. Тасодифан Мирзоқулнинг кўзи дастаси хуржундан чиқиб турган ўроққа тушди. У лабини тишлаганча ўроқни қўлга олди ва эшакнинг елкасига уч-тўрт урди. Эшак тақибдан қочиб қутулиш учун бир томонга қоча бошлади. Мирзоқулнинг оғзидан боди кириб шоди чиқарди. Сўкинарди. У телбаларча ҳаракат қиларди. У энди ўроқнинг учини эшакнинг тўғри келган жойига қадарди. Эшак тутлар орасига ўзини уриб кетди... Ўпкаси оғзига тиқилган Мирзоқул бармоқлари билан пешонасидаги терни сидирди-ю, ваҳимага тушди. Унинг қўли қон эди. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Mirzoqul (hikoya) [Tursunboy Boymirov] 456 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21838 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |