Тош (ҳикоя) [Ulugʻbek Hamdam]

Тош (ҳикоя) [Ulugʻbek Hamdam]
Тош (ҳикоя) [Ulugʻbek Hamdam]
Негадир юрагим сиқилаверади. Йўқ, чамаси, нима учун бу ҳолга тушишимни биладигандекман. Лекин гап бунда эмас, балки давомийликда. Ахир биз одамзод қалби шаббодага тутилган япроқ мисол айланиб – ўзгариб туради, дея биламиз, модомики шундай экан, нега тушкун кайфият менинг бағримга танда қўйди? Нега у кетмайди, мени тинч қўймайди?.. Билмайман. Аксинча: вақт ўтган сари тушкунлик юрагимнинг туб-тубига иниб, мустаҳкамланиб, аллақандай жинсга, масалан, тошга айланиб бораётгандек. Табиийки, мен ҳам бошқалар сингари баъзан у ёки бу баҳона сабаб юзароқдаги бир дамлик қувончларга чалғийман, бироқ кейин барибир, қаърда ётган ўша тошга – ўша кайфиятга қоқилиб тушавераман, тушавераман... Шунда мен кўпинча ва асосан ўзимни бир ёну, қолган барча одамларни иккинчи томон дея қабул қиламан: гўё улар ҳайқириб оқаётган дарёнинг нариги тарафида бўлса, менинг бир ўзим бу ёқда қолиб кетганман. Устига устак, қош қорайиб бораётгандек. Ажабланарлиси шундаки, мен ёлғизлик ваҳмидан даҳшатга тушсам-да, негадир одамлар билан лиқ тўла иккинчи қирқоққа ўтиб, халос бўлишни хоҳламайман. Гўё мен бир оғир, тузалмас дардга чалинганману улар соппа-соғ. Ва мана шу дард мени улардан ажратиб қўйиб, узлатга абадул-абад парчинлаб ташлаган каби, энди у ҳузурга бориш, одамларга қўшилиб кулиш ва йиғлаш менга бир умрга манъ этилган сингари...
Мана, қаранг, неча фурсатдир қандай кайфият сиртмоғида талваса қиламан мен. Товба-товба, на жоним узиладию ва на лаънати сиртмоқ!..
Бугун ҳам унинг исканжасида тоқатим тоқ бўлганда шартта кийиндим-да, ташқарига чиқдим-кетдим. Чунки кўксимдаги тошнинг залвори тобора тош босаётганини сезиб, бундан тараддудга туша бошлагандим. Кўчада одамларнинг яхшиликларига, мурувватларига рўбарў келсаму зора тош ҳам эрий қолса. Масалан, буйракдаги туз мисол... Ахир, у ҳам овқат, сув ва ҳоказоларни нотўғри истеъмол қилишдан йиллар давомида инсон аъзосида йиғилган тошдек туз-да. Ёки туздек тош... Нима бўлгандаям бунинг ҳам вақтида олди олинмаса, соҳибини алал-оқибат турли азобларга, балоларга гирифтор айлайди. Шунга ўхшаб мен ҳам ичимдаги тош билан узоқ муддат юришни ўзим ва ўзгаларнинг ҳаётига хатар, деб ўйлаб қолдим. У буйракдаги тошдек эримаса ҳам, аримаса ҳам, лоақал ичда - ичкарида қолсин. Шундай дедиму ўзимни ташқарига урдим...
Одатдагидек, катта кўчага ёндош йўлакка тушиб олдим, мақсадим яқиндаги паркка кириш ва дарахтларнинг кузги қўшиғини бирров тинглаб қайтиш эди... Мен жуда оҳиста одимлаб борардим. Шу пайт орқадан қадам товуши эшитилди. Зум ўтмай ёнгинамдан муаттар бўй таратиб, аллақандай ялтироқ либосга чулғанган нотаниш аёл ўтиб қолди. Кайфиятим таъсиридами, билмадим, унга берилиброқ эътибор қилдим. Ҳаммасидан олдин унинг хуш бўйи аллақачон димоғимни қитиқлаб улгурганди, айни чоғда аёлнинг қадди-қоматига кўз солдим: энтиктирадиган даражада гўзал! Одимларим беихтиёр тезлашиб, аёлга мос юра кетдим. Анча муддат шу кўйи йўл босдик. Секин-аста вужудимни ёқимли титроқ қамрай бошлади. Юрак... юрак ўлгурнинг «така-пука»си бир пасда шунчалар бўлдики, энди қадамимни андак секинлатишга ва шу йўсин ҳаяжонимнинг аёл қулоғига етмаслигига тиришдим.
Ботаётган қуёшнинг алвон рангига аёлнинг нимпушти либосию ундаги қирмизи доначалар пайдо қилган манзара шундай ярашиб тушгандики, асти қўяверинг: олам аро мутаносиблик, ҳамоҳанглик деганлари шу бўлса керак деб ўйлаб қоласан. Очиқ елкаларини тўлдириб, дам у, дам бу ёнига чулғаниб бораётган қўнғир сочлар қараган кишининг нашъу намосини қўзғаб, жувоннинг борлиғига хаёлгагина келиши мумкин бўлган афсонавий ҳусн бағишларди. Атрофга тўр солган шафақ тўлқинида аёл гўё қирмизиранг кемадек мағрур сузиб борар, мен эса кўзимни ундан узолмай йўрғалардим.
Оёқлар!.. Навбат уларга етганда нафасим чиндан-да қайтиб кетади ва бироз ўзимга келиб олиш учун нигоҳимни, албатта, атрофга чалғитаман. Ахир улар шунчалар бежирим ва жон олғучи эдики, бунақасини ҳатто чизиб ҳам уҳдасидан чиқиб бўлмасди. Ё қудратингдан!.. Мен томоман асир бўлгандим. Ўзимдан беш-олти одим илгарида кетаётган гўзал мавжудот борлиғига учиб борганча сингиб кетиш истагида ёнардим. Яна бағримда шунақа қаноатни ҳис этардимки, унга кўра мен йиллардир озурда бўлган жонимни шу жононга бахшида қилгим, аниқроқ айтсам, унинг учун ширин жонимни Жабборга топширгим келарди. Ниҳоят энди топгандек эдим ўша қимматни, жон тикишга арзигулик ўша борлиқни! Энди уни қочириб юбориб, қисматим томонидан ҳадя этилган қулай имконни бой бергим келмасди. Ахир, мен кўплар қатори қариб-чуриб тўшакда - яқинлар ҳузурида осуда жон беришдан нафратланардим-да...
Хуллас, мен ҳамон унинг ортидан соядек эргашиб борардим, Раззоқ деб борардим, «Ёрдам эт!» деб ёлборардим... Аёл оёқлари юрагимга гўё кўринмас ришталар билан боғлангандек эди, у ҳар қадам олганида кўкрак қафасим ўйноқлаб кетарди. Хаёлимга «хиром айлаб борарди» ибораси урилди. Мен қаердадир ўқигандим: чамамда гўзал аёлларнинг чиройли қадам олишлари шундай таърифланарди. Ҳа-ҳа, у юрмасди, балки айнан хиром айларди: навозиш ила, сеҳр ва афсун ичра... Бир муддат кўзим тиниб, бошим айланиб кетди. Қадамимни секинлатмоқчи, гўзаллик таратаётган нурдан хиёл узоқлашмоқчи ва шу тариқа ичимдаги мувозанатни қайта тикламоқчи бўлдим. Бироқ оёқларим менга бўйсунмасди. Оёқ не, энди менинг бутун борлиғим, тақдирим аёлнинг измида, ундан таралаётган аллақандай чексиз даражадаги ҳузурбахш куйнинг, овозсиз бир қўшиқнинг етагида банди эди. Ҳа-ҳа, банди эди!..
Мен керакли сўзни – моҳиятни очиб бергувчи калитни топиб олганга ўхшардим: аёлнинг шу туриши, шу кетиши, шу қиёфа-ю шу ҳоли ажиб бир қўшиқ эдики, мен жон қулоқларим билан уни эшитардим, бутун борлиғим - жисму жоним қўшиқ измида, унга мутаносиб тебранарди. Шунда менинг ўзим ҳам шафақ рангида чўмилаётган дарахтзор (биз паркка кириб боргандик) ичра сузиб борардим. Атрофни, атроф не, оламни, ботинимдаги оғриқли оламимни – бадбин кайфиятимни – бағримда чўкиб ётган тошни, унинг залворли азобини унутгандим. Ҳайҳот, дунёда шундай саодатлар ҳам бор экану биз ғафлат босиб қаёқларда юрган эканмиз!..
Дарахтзор тугаб биз яна катта йўл ёқасига чиқиб қолдик. Аёл чапда кўринган бозор томон юрди. Мен унга эргашдим. Кейин у одамлар тўпланиб турган жойда тўхтади. Мен ҳам яқинлашиб оёқ илдим, узоқроқда эмас, йўқ-йўқ, аёлнинг шундоқ биқинида. Хушбўйлари аримасдан уфуриб турадиган масофада тўхтагандим. Қандай бунга журъат этдим - ўзим ҳам билмайман. Билиб-сезиб турганим: аёл ўз борлиғи билан мени тобора маҳв этиб борар, мен эса шамдек эриб битаётгандим...
Шу асно аёл ён томонга бир-икки одим ташлаб нимагадир қизиқсиниб қарай бошлади. Шунда мен унинг тўлин ойдек юзини, узун киприкларини, камон қошларини, ғунча лабларини кўрдим. Ҳаяжонимга чегара йўқ эди. Беихтиёр иккала қўлим билан кўкрагимни чангалладим: назаримда юрак ўлгур қафасни ёриб чиққудек талвасада қолганди...
— Юрмайсизми? – кимдир елкамдан енгил туртди. Мен бехосдан олдинга мункиб кетдим ва шундоқ рўпарамда каттакон идишда қалашиб ётган балиқларга дуч келдим. Улар тирик эди! Сувсизликдан қийналиб, дам униси, дам буниси потраб осмонга сапчирди! Негадир шошиб аёлга қарадим: ёпирай, унинг кўзларида ёввойи бир шавқ ўйнарди!.. Айниқса, балиқлар ҳар сапчиганида сичқонга ташланиш олдида турган мушукдек нимагадир шайланарди, дўндиқ лабларини ялаб, тамшанарди. Шунда менинг кўзимга унинг оғзи қип-қизил қонга ботгандек кўринди. Аслида лабдаги бўёққа тегиб кетгандир менинг нигоҳим ёки шафақнинг ол рангида шундай туюлгандир у. Ёки қирмизи либосининг кўз соққаларимда қолдирган сояси бўлиши ҳам мумкин-ку... Лекин мен учун аёл лаблари шу тобда барибир қон эди. Ҳа-ҳа, эндигина қотиллик қилган йиртқичнинг тумшуғидек қон эди унинг оғзи...
Аёл сотувчига нимадир деди. Сотувчи эса жавобан иккита каттагина балиқни олиб тарози палласига қўйди ва вазн кўрсатгичига қаради. Шу асно палладаги балиқлардан бири думини «тап-тап» этиб паллага урди. Аёлнинг кўзлари йилтиллаб, дамодам ютинди. Сотувчи эса балиқни бармоқлари билан босди, тинчлангандек бўлгач яна кўрсатгичга қаради. Балиқ яна потради. Тарози кўрсатгичи яна ўйнади. Сотувчининг сабри тошди, балиқни палладан стол устига олди-да, тарози тоши билан – худди пачоқроқ одамнинг кичикроқ калласидек келадиган думалоқ, қоп-қора тош билан нақ бошига жиққиллатиб туширди...
...Бирдан кўнглим айниди, ич-ичимдан нимадир отилиб келди. Мен ўзимни четга олишга улгуролмадим, аёлнинг шундоқ оёқлари остига қайт қилдим. Балиққа навбатда турганлар худди вабодан қочгандек ўзларини четга олдилар, жумладан аёл ҳам. Бироқ ҳеч ким балиқ харид қилмасдан кетиб қолмади. Ҳатто аёл ҳам... Қусуқ унинг оёқларига, оппоқ туфлисига сачраган экан, ғудранганча (ҳар ҳолда мени сўкди) сумкачасидан салфетка чиқариб артти-да, сотувчи узатган халтага мамнун қўл чўзди...
Кимдир «Нима бўлди сизга?» дея менга ҳамдардлик билдирди, кўпчилик эса уришди. Сотувчи бўлса ҳайдашга уринди: «Боринг, кетинг бу ердан, савдониям ўлдирдингиз!.. – Кейин сансиради: - Обкет анави мағзавангни!..»
Лекин бу вақтда кекса бир киши қусқи устига тупроқ сепаётганди... Тузукроқ разм солсам, мўйсафид жудаям ўзимга ўхшарди. Фақат ёшимизда катта фарқ бор эди, холос... Бошқа ҳеч нимани эслай олмайман: у ерда яна қанча муддат қолдим, аёл қаёққа кетди, қандай кетди – билмайман. Чунки мен бағримнинг туб-тубида чўкиб ётган ўша азим Тошга яна бошим билан урилгандим: дунё унга, яъни бошимга қўшилиб айланарди. Энди борлиғимда чалинаётган куй-қўшиқ ғойиб бўлганди, унинг ўрнида яна аввалги бадбин кайфият ҳукмрон эди ва мен унинг мустаҳкам тўрлари чангалида ўзимни бениҳоя ночор ва ғариб сезардим...
Ўша куни кечаси мижжа қоқмай тўлғониб чиқдим. Тонгга яқин эса кўзим илинибди. Кейин туш... Унда мен қўлимда тош билан кўчаларни кезар, дуч келган одамнинг бошига у билан урар, қонатар эканман. “Ахир бу... ахир бу тош менинг ичимда эди-ку, қачон, қандай қилиб қўлимга тушиб қолди? Нега у чиқиб кетди? Нима учун?..”, дея ўйлаб сиқиларканману негадир даҳшатли юмушдан ўзимни тўхтатмас, тўғрироғи, тўхтатолмасмишман. Йўлимда учраган эркагу аёл, каттаю кичик - бари-барининг юз-кўзини шафақ янглиғ қонга бўяб бўлгач, ҳов узоқда кўриниб турган тоққа шиддат билан йўналибман. Кўнглимга қулоқ тутсам, тоғнинг энг баланд чўққисига чиқиб, ҳаёт дебочаси - қуёшни тошбўрон қилишдек ёвуз ниятда ёнаётган эканман. Хаёлимда эса фақат бир манзара - сотувчининг балиқ бошини уриб мажағлагани ва аёлнинг қип-қизил оғзи айланар, айланар ва яна айланармиш...

1997
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика