Фаришталар кирадиган хонадон [Umid Ali] |
Бугун эрта уйғондим. Ҳар кунгидан-да вақтлироқ. Соат миллари 5 га қараб силжимоқда эди. Қуёш ҳам энди мўралаб, заррин нурларини таратишга тараддудланиб турган экан. Ўрнимдан туриб, дераза дарчасини очдим. Хонага тонгги майин, ёқимли шабада елиб кирди. Танам роҳатланди. Ҳовлига чиқдим. Мушаклар чигилини ёзиш, ҳали ҳам мудраётган танани «уйғотиш» учун пича машқ қилдим, кейин водопровод қулоғини бураб, совуқ сувда ювиндим. Эрта уйғонишда гап кўп дейишади ота-боболаримиз. Барака, ризқ ортаркан. Шунданми, бизнинг халқимиз саҳармардонлаб туриб, иш бошлашга одатланган. Деҳқон кетмонини елкасига олиб, далага, чўпон қўй-қўзиларини ўтлатиш учун қир-адирга отланади. Хуллас, йигиту эркак, хотин-халаж ризқи униши, уйига файз-барокат кириб келиши учун енг шимариб, ишга киришади. Келинчаги бор хонадоннинг файзи мўл бўлади дейишади. Чин. Ҳеч кузатганмисиз, ўзга хонадонга келган келинчак илк кунлариёқ қўли тўрт, оёғи олти бўлиб, бетин хизматда бўлади. Орасталик, тозалик, саранжом-саришталикни ўрнига қўйиб, ҳамма ёқни ёғ тушса ялагудек қилади. У энг дастлабки юмушини дарвоза олдини супириб, сув сепишдан бошлайди. Бу ҳам фаросатнинг гўзал намунаси. Дарвоза тагидан ўтиб кетаётган йўловчилар орасталикдан, озодаликдан дили яшнаб кетади. Бу покдомон хонадон соҳибу соҳибаларига ҳавас қилишади. Ҳеч эсимдан чиқмайди. Раҳматли бувим ҳаммамизни эрта уйғонишга чорлар, ўзлари эса биринчилардан бўлиб туриб, қўл-бетларини ювиб, сўнг дарвозанинг бир табақасини ланг очиб қўярдилар: -Уйга фаришталар келади, ризқ улашиб кетади. Ўшанда фикри-зикри ҳалоллик, покдомонлик бўлган, тилидан «худо», «фаришта», «нариги дунё» каби илоҳий каломлар тушмайдиган нурсиймо, художўй бувимнинг гапларини унча тушунмасдик (бола эдик-да). Биз ўз шўхлигимиздан, ўзимизникини маъқуллашдан қолмасдик. Бувим эса дилидагини тилига чиқаришдан, кўнглидаги гапларни бизга тушунтиришдан чарчамасди. -Саҳар туринглар, худо эрта турганнинг ризқини кўпайтиради. Бугун улғайдик. Тасаввуримда болафеъл, соддалигича қолган, ҳалол, виждони пок бувимнинг сўзлари нақадар ҳақиқат эканлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб боряпти. Яқин кунларгача тунга қадар телевизор томоша қилиб, кун ёйилганда кўзларим қизариб, қовоқларим шишиб уйғонардим. Ишга кеч қолмаслик учун апил-тапил нонушта қилиб, шошиб чиқиб кетардим. Ишхонада ҳам тинчим йўқ эди:ланжлик, кайфиятсизлик... Дам олиш куни аҳвол баттар танг оларди: пешингача уйқу. Зеҳн солсам, ҳаёт бир хилда кечяпти: эрталаб ишга бораман, кечқурун келаман. Овқатланаман, сўнг яна уйқу. Ҳаётимда ранг йўқ, жозиба йўқдек туюларди. На унумдорлик бор, на файз-барака. Бир куни кенжа амакимнинг видеога туширилган никоҳ тўйини оиламиз билан томоша қилиб тургандик. Лавҳаларнинг бирида раҳматли бувим кўриниб қолди. Ёши саксондан ошган бўлса-да (саксон саккиз ёшида вафот этган) ҳамон тетик, бардам, жилмайиб турибдилар. Кўзлари эса ўша бетакрор, оҳори кетмас ўгитларни айтиб турибди: «Эрта туришда гап кўп» Мен калаванинг учини топгандек бўлдим. Ахир болалигимда йўқотганим-ўшандан буён уйимизга келмай қўйган фаришталарни соғингандим. Кўнглимга тугдим: «Эртадан бошлаб барвақт тураман...» Орадан йигирма йил ўтиб, раҳматли бувим ўргатган ишни бажардим: қуёшни уйғотдим. Нонушта маҳалигача бир дунё ишларни дўндириб қўйдим: томорқадаги тешаси чала қолган уч эгат картошканинг тагини юмшатдим; сигирга ем ташлаб, тезагини чиқариб ташладим, бўшаган челакларни сувга тўлдирдим, газга чойнакда чой қўйдим. Ишга уйдан ҳар кунгидан чорак соат олдин чиқиб, бироз яёв юрдим. Ҳаво очиқ эди. Кўкда нур таратиб турган офтоб ҳам наздимда менга жилмайиб қараётгандек туюлди. Шу куни ўзимни ҳар кунгидан-да тетик ҳис қилдим. Яйрадим. Англадим: демак, эрта туришда гап кўп. Кўп ўтмади. Уйимизга фаришталар ташриф буюрди: тўнғич қизим дунёга келди, укам уйланди. Ишхонада ҳам ишларим юришиб кетди. Мен ҳозир бувимдан мерос қолган бир юмушни давом эттиряпман. Ҳар тонгда уйғониб, дарвозани очаман. Қуёшнинг мўралаб чиқишини завқ билан томоша қиламан. У уйимизга энди том оша эмас, эшикдан, бўсағадан кириб келади. Инчунун, фаришталар ҳам. Сизлардан ҳам истагим шу, эрта саҳардан эшигингиз очиқ турсин, ишларингиз бароридан келади. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Farishtalar kiradigan xonadon [Umid Ali] 431 |
2 | Nega doʻppi kiymay qoʻydik? [Umid Ali] 0 |
3 | Нега дўппи киймай қўйдик? [Umid Ali] 0 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62387 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57620 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36535 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23276 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23160 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21581 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19509 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18633 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |