Франсуз тили сабоқлари (ҳикоя) [Valentin Rasputin]

Франсуз тили сабоқлари (ҳикоя) [Valentin Rasputin]
Франсуз тили сабоқлари (ҳикоя) [Valentin Rasputin]
Қизиқ, нима учун худди ота-онамиз олдидагидек ўқитувчиларимиз олдида ҳам ўзимизни доим айбдор ҳис этамиз? Мактаб даврида рўй берган воқеаларни деб эмас, йўқ, кейинги ҳаётимиз учун ҳам...

* * *
Бешинчи синфга мен 1948 йили борганман. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсам: қишлоғимизда фақат бошланғич мактаб бор эди, ўқишни давом эттириш учун эса уйимиздан эллик чақиримча нарига – туман марказига бориш керак. Мен кетишимдан бир ҳафталар олдин онам туманга бориб бир таниши билан гаплашиб келди – ўша аёлнинг уйида яшайдиган бўлдим. Августнинг сўнгги куни қишлоғимизда ягона «полуторка» мошинасининг ҳайдовчиси Ваня амаки Подкаменная кўчасидаги мен яшашим лозим бўлган уй олдида юкларимни туширди ва кўрпа-тўшагим ўралган тугунни уйга олиб киришга қарашиб юборди. Хайрлашаётиб елкамга дўстона бир қоқиб қўйдию жўнаб қолди. Шундай қилиб, ўн бир ёшимда мустақил ҳаётга қадам қўйдим.
Ҳали очарчилик йиллари, биз эса оилада уч фарзанд эдик. Мен онамнинг тўнғичи эдим. Баҳор ойлари, айниқса, иликузилди маҳали очликдан картошка муртаги, сули, жавдар донини ютган ва бунга синглимни ҳам мажбур қилган вақтларим бўлган. Биз гўёки қорнимизга уруғ экардик ва шу билан ўзимизни чалғитардик, ҳадеб обу овқат ҳақида ўйлайвермасдик-да. Кейин ёз бўйи бамисоли шу эккан уруғимизни Ангаранинг чучук суви билан обдон суғорардик, аммо ҳосилдан ҳадеганда дарак бўлавермас ёки у жуда секин ўсаётганиданми, биз буни пайқамас эдик. Шунга қарамай, мен, бу уринишим чакки эмас, бир кун келиб албатта одамларга нафи тегади, биз эса тажрибасизлигимиз сабабли ниманидир нотўғри қилган бўлсак керак, деб ўйлар эдим.
Қандай қилиб онам мени туманга (туман марказини ҳамма қисқагина «туман» деб қўя қоларди) юборишга қарор қилган экан, ҳеч ақлимга сиғмайди. Бошимизда отамиз йўқ, турмушимиз жуда абгор эди. Афтидан, онам обдон ўйлаб кўргану бундан баттари бўлмаслигига кўзи етган. Мен яхши ўқирдим, мактабга ҳам жон-жон деб борардим. Умуман олганда, қишлоқда энг саводли бола ҳисобланардим. Кампирларга келган хатларни ўқиб, жавоб ёзиб берардим, ғарибгина кутубхонамиздаги бор китобни аллақачон ўқиб чиққан эдим. Кеч¬қурунлари болаларга ўқиган китобларимдаги ҳар хил воқеаларни ўзимдан ҳам қўшиб-чатиб гапириб берардим. Айниқса, облигатсия масаласида қишлоқ аҳли менга қаттиқ ишонарди. Уруш йиллари одамларнинг қўлида анча-мунча заём йиғилиб қолган, ютуқ жадваллари ҳам тез-тез эълон қилинар, шунда ҳамма облигатсиясини кўтариб менинг олдимга келар эди. Уларнинг айтишича, менинг қўлим омад келтирармиш. Тўғри, ютуқ ҳам чиқиб турарди-ю, кўпинча бу арзимаган бир чақа-чуқа эди. Аммо ўша йиллари одамлар шунга ҳам хурсанд бўларди, тағин денг, кутилмаган бу омадга гўё мен сабабчи эдим. Беихтиёр бу хурсандчилик менга ҳам юқарди. Бошқа болалардан мени арзанда қилиб, ҳатто қорнимни тўйдириб ҳам туришарди. Бир гал Иля отага – асли зиқнароқ, хасис чолга тўрт юз сўм ютуқ чиқиб қолди. Қизиқ устида у менга бир челак картошка бериб юборса денг – айни кўклам чоғи буни нақд кўзимизга суртган эдик.
Айнан шу – облигатсия рақамларининг фар¬қига борганим учун ҳам одамлар онамга, «Ўғлинг зеҳн-фаросатли бола, сен уни албатта ўқитгин. Билимли одам ҳеч вақт хор бўлмайди», дер эди.
Шу гаплар ҳам туртки бўлдими, билмадим, ҳар қандай қийинчиликка қарамай онам мени туманга ўқишга юбориш ҳаракатига тушиб қолди. Шу чоққача қишлоғимиздан бирорта бола туманда ўқимаган, мен биринчиси эдим. Қолаверса, у ерда мен бечорагинани қандай синову машаққатлар кутаётганини ҳали тасаввур ҳам қилолмас эдим-да.
Тумандаги мактабда ҳам яхши ўқий бошладим. Бошқа нима ҳам қилардим – ўқигани келдим-ку бу ерга, шундан ўзга ташвишим бўлмаса! Яна денг, у вақтларда ҳали зиммамдаги вазифага ҳафсаласизлик билан қараёлмасдим. Агар бирор фандан тузукроқ тайёрланмаган бўлсам, мактабга бўйнимдан боғлагандек зўрға борардим. Шунинг учун ҳам франтсуз тилидан бошқа барча фандан баҳоларим «аъло» эди.
Франтсуз тилини эса дуруст ўзлаштиролмасдим. Мен сўзларни ва уларни қўллашни яхши эслаб қолар, тезда таржима ҳам қилар, имло қоидаларига доир мураккабликларни-да осонгина енгиб ўтган эдим-у, талаффузга келганда, сочимдан то тирноғимгача асл ангаралик эканим фош бўлиб қоларди. Ахир, биз томонларда умри бино бўлиб бирорта одам чет тилда гапирмоқ тугул, ҳатто унинг борлигини билган бўлса, шунинг ўзи ҳам катта гап саналар эди-да. Мен франтсуз тилида ўзимизнинг қишлоқча бидиллашга ўхшатиб жуда тез гапирар, бўлар-бўлмасга товушларнинг ярмини ютиб юборар, иккинчи ярмини эса хирилдоқ овозда қалаштириб ташлар эдим. Буни кўриб франтсуз тили муаллимамиз Лидия Михайловна умидсизликдан пешонаси тиришиб, кўзларини юмиб оларди. Албатта, бунақасига у биринчи марта дуч келиши. Ўқитувчим кейин ундош товушлар бирикуви, бурун товушлари талаффузини қайта-қайта тушунтириб берарди-да, такрорлашимни сўрарди. Мен эса баттар довдирар, тилим танглайимга ёпишиб қолгандек миқ этмай тураверар эдим. Барча уринишлар бесамар эди. Ҳаммасидан ёмони эса уйга келганда билинарди, мактабда-ку беихтиёр чалғийсан – болалар бир-бирини итариб-туртади, хоҳлайсанми-йўқми, улар билан ўйнайсан, чопиб-югурасан, дарс пайтида – ўқийсан, ёзасан, хуллас, доим нима биландир банд бўласан. Ёлғиз қолдим дегунча, соғинчдан жинни бўлаёзардим, уйимни, қишлоғимизни қўмсаб кетардим. Илгари бир кун ҳам уйдан узоқда юрмаган, табиийки, бегоналар орасида яшашга ҳали тайёр эмас эдим. Касал одамдан бешбаттар қийналар, изтироб чекар эдим. Фикру хаёлим, ягона истагим ҳам шу эди – тезроқ уйга кетсам! Сентябр ойининг охирларида онам келган эди, мени кўриб капалаги учиб кетди. Озиб чўп бўлиб қолган эмишман. Онамнинг олдида ўзимни базўр тутиб турдим, арз-ҳол қилмадим, йиғламадим, аммо у кетаётганида чидаёлмадим – ҳўнгиллаганча мошина ортидан югурдим. Мошинанинг устида тик туриб кетаётган онам, қол, мени ҳам, ўзингни ҳам шарманда қилма, дегандек қўл силтади, лекин қани энди ўзимни тиёлсам! Шунда бир қарорга келди шекилли, онам мошинани тўхтатди:
– Бўпти, лаш-лушингни йиғиштир, – деди буйруқ оҳангида мен етиб боришим билан. – Ўқиб бўлдингиз, кетдик!
Дарҳол эсимни йиғиб олдим – изимга қайтдим.
Мен уйни соғинганимдангина эмас, қорним тўйиб овқат емаганимдан озиб кетган эдим. Куз кунлари Ваня амаки туман яқинидаги ғаллахонага буғдой ташиб юрганида онам менга мунтазам, чамаси, ҳафтада бир марта ул-бул егулик юбориб турарди. Аммо шу ҳам менга кам эди. Онам асосан нон билан картошка жўнатарди. Аҳён-аҳёнда банкага творог солиб берворарди. Буни у бировдан нимагадир алмаштириб олган, албатта, чунки, ўзимиз сигир боқмас эдик. Келган куни кўзимга бир дунё кўринган нарсадан икки кун ўтмай ҳеч вақо қолмасди. Иттифоқо, онам юборган нон сирли равишда ғойиб бўлаётганини сезиб қолдим. Атай кузата бошладим ҳам: ҳа, бугун бор-у, эртаси ўз-ўзидан йўқ бўлиб қоларди. Картошка ҳам шу тарзда камайиб борарди. Ким ўғирлаяпти, уч боласини зўрға боқаётган бақироқ Надя холамикан? Қизларидан бирортасими ёки кенжаси Федкамикан – билмайман, уларни пойлаш у ёқда турсин, бу ҳақда ўйлагим ҳам келмасди. Онам укам ва синглимнинг луқмасидан қийиб менга юборса-ю, бунинг ҳузурини бошқалар кўрса – шуниси менга алам қиларди. Қўлимдан нима ҳам келарди, тақдирга тан бериб юравердим, турган гапки, онам буни эшитса жуда хафа бўлади.
Бу ерда ҳаёт қишлоқдагидан фарқ қиларди: қишлоқда доим, айниқса, куз кунлари албатта егулик бирор нима топилади, дейлик, боғда мева-чева, томор¬қада сабзавот бўлади, уларни йиғиб-териш, кавлаб олиш мумкин. Ҳеч қурса, Ангарага бориб балиқ, ўрмонда эса қуш овлаш мумкин. Бу ерда эса теварак-атрофим гўё бўм-бўш эди: еттиёт одамлар, бегона жой, бегона томорқалар. Бир дарёчаси бор эди-ю, қачон қараманг, ўн қават тўр ташлаб қўйилган бўларди. Бор-йўқ балиғи сузиб олинган бўлса керак, ҳойнаҳой. Якшанба кунларининг бирида эртадан кечгача қармоқ ташлаб ўтириб, атиги уч дона чойқошиқдек келадиган тангабалиқ тутибман. Бу билан қорин тўйдириб бўлмаса. Қайтиб балиқ овлагани бормадим – вақтимни беҳуда сарфлаб нима қилдим! Кечқурунлари кўпинча ошхоналар олдида, нарх-навони билиш учун бозор оралаб айланиб юрар, кейин эса сўлагим оққанча икки қўлимни бурнимга тиқиб уйга қайтар эдим. Надя холанинг ошхонасида доим чойдиш қайнаб турарди, доғ сувдан ичиб олиб ошқозонни алдардиму ухлагани ётардим. Эрталаб яна оч-наҳор мактабга чопардим. Шу тариқа то юк мошина келиб, Ваня амаки эшик тақиллатадиган кунгача амал-тақал қилиб етардим. Очликдан силлам қуригани, боз устига, ҳар қанча тежаб-тергамайин, озиқ-овқатим барибир кўпга етмаслигини билганим учун қорним ёрилгудек тўйиб олардим-да, икки-уч кундан кейин яна тишимнинг кирини сўриб юраверардим.

* * *
Сентябрнинг охирларимиди, бир куни Федка менга:
– «Чикка» ўйнагани юрагинг дов берадими, қўрқмайсанми? – деб қолди.
– Нима у, «чикка» деганинг?
– Шунақа бир ўйин бор-да, пул тикилади. Пулинг бўлса, юр, ўйнаймиз.
– Пулим йўқ-да.
– Мендаям йўқ. Майли, юр, ҳеч бўлмаса томоша қилармиз. Кўрасан, зўр ўйин!
Федка мени томорқа ортига бошлади. Икковлон тепалик ёқалаб кетдик, қуриган, ҳиди димоқни ёргудек уруғлари осилиб ётган қичитқи ўт босган чангалзор дўнгликдан ошгач, сакраб-сакраб эски ахлаттепалардан ўтдик, шунда этакдаги текис, яйдоқ майдончада ғала-ғовур қилиб ўйнаётган бир тўп болага кўзим тушди. Биз уларнинг олдига тушиб бордик. Болалар бирдан ҳушёр торт¬ди. Биттасидан бошқа ҳаммаси деярли мен тенги эди. Баланд бўйли, бақувват, олд сочлари тиккайган бу сариқ боланинг барчага сўзи ўтиши аён кўриниб турарди. Эсладим, у еттинчи синфда ўқирди.
– Буни нимага етаклаб келдинг? – деди у Федкага қараб норози оҳангда.
– Бегона эмас, Вадик, қариндошимиз, – дея ўзини оқлай кетди Федка. – Бизникида яшайди.
– Ўйнайсанми? –деб сўради Вадик мендан.
– Пулим йўқ-да.
– Ундай бўлса, бизни бу ерда кўрганингни бировга гуллаб юрма.
– Э, шуниси етмай турувди! – дедим хафа бўлиб.
Болалар менга ортиқ эътибор қилмай ўйинга берилиб кетишди. Бир чеккада ўтириб уларни кузата бошладим. Ўйинда ҳамма иштирок этмасди: гоҳ олти, гоҳ етти бола ўйнарди, холос. Қолганлар томошабин эди, улар асосан Вадикка тарафгир. Унинг бу ерда тўпбоши эканини бошданоқ сезган эдим.
Ўйин унчалик мураккаб эмас экан. Ҳар бир ўйинчи ўн тийиндан тикади, «ғазна»дан икки метрлар наридаги йўғон чизиқ билан чегараланган майдончага танга пукка тарафи билан ташланади, кейин бошқа ёқдан, яъни ярми ерга кўмилган ва оёққа тиргак вазифасини ўтовчи харсанг олдида туриб юмалоқ тош – «шайба» ирғитилади. Уни иложи борича чизиққа яқинроқ жойга, аммо чизиқдан чиқиб кетмаслигини кўзлаб отмоқ лозим. Ана шунда биринчи бўлиб «ғазна»ни бузиш имкони туғилади. Яна шу тош билан уриб танганинг чикка тарафини ўгириш керак, агар эплай олсанг – марра сеники, ўйнайверасан, йўқса – бошқа ўйинчига навбатни берасан. Энг муҳими, қўлингдаги тошни ирғитганда унинг танга тўпи устига тушишини мўлжаллаш даркор, бирор танганинг чиккасини ўгира олсанг ҳам ҳеч қандай гап-сўзсиз ҳамма пул сеники бўлади. Ўйин эса қайта бошланади.
Вадик ғирром экан. У тиргак тош ёнига ҳаммадан сўнг, ким-кимдан кейин эканини кўриб олгачгина келарди. Табиийки, у ютиб чиқиш учун қаерга уриш кераклигини ҳам билволган бўларди. Лекин Вадикнинг ғирром ўйнаётганини ҳамма билиб турса-да, ҳеч ким оғиз очишга ботинолмас эди. Тўғри, у ёмон ўйнамасди. Тиргак ёнига келганда тиззасини сал букиб олар, бир кўзини қисиб қўлидаги тошни мўлжалга тўғрилар эди-да, сўнг шошилмай қаддини ростларди – «шайба» ҳам гўё қўлидан сирғалиб чиқиб айнан кўзлаган жойига бориб тушарди. У бошини кескин бир силкиб, кўзига тушиб турган сочини орқага ташлардию бепарволик билан четга «чирт» этказиб тупуриб, гўёки иш ҳал бўлди, дегандек эринибгина, атай соллана-соллана босиб пул ётган жойга борарди. Агар чақа тўп бўлиб уюлиб ётса, қаттиқ урар, тангалар жаранглаб кетар эди, сочилиб ётган бўлса, ҳар ёнга қапчиб кетмай оҳиста чиккаси ўгирилиши учун «шайба»ни шунчаки теккизиб қўя қоларди. Бошқа ҳеч ким бундай қилолмасди. Болалар ўйлаб ҳам ўтирмай чўнтагидан яна танга чиқарар, пули йўқлар эса секингина томошабинлар қаторига қўшилар эди.
Пулим бўлганида мен ҳам ўйнай олардим, деб ўйладим. Қишлоқда биз ошиқ ўйнардик, бунда ҳам албатта зийраклик талаб этилади. Қолаверса, мен мерганликни оширадиган ҳар хил эрмаклар ўйлаб топишга ишқибоз эдим. Дейлик, бир тўп тош йиғиб олардим-да, қалтисроқ бир жойни мўлжал қилиб туриб, токи тўлиқ натижага эришмагунча, яъни ўну ўн бўлмагунча отаверардим. Тошни тепадан, елкам оша ёки пастдан мўлжалга тўғрилаб олиб ирғитаверар эдим. Шунинг учун ҳам бу борада оз-моз маҳоратим ортган. Аммо ҳозир пул йўқ эди.
Пул бўлмагани учун ҳам онам менга нон жўнатар эди-да. Йўқса, нонни шу ердан ҳам сотиб олиш мумкин-ку. Колхозда пул нима қилсин! Шундай бўлса-да, онам икки марта конвертга беш сўмдан солиб юборибди, сут оласан деб. Ҳозирги пулда бу эллик тийин дегани. Унча кўп эмас-у, барибир пул-да. Бозордан бунга биттаси бир сўм турадиган ярим литрлик беш банка сут олиш мумкин эди. Камқонлигим сабабли туриб-туриб бирдан бошим айлана бошлар, бу ҳол тез-тез такрорлангани учун ҳам доим сут ичиб юришим керак эди.
Онам учинчи марта бешталик жўнатганида мен унга сут олмадим. Пулни майдаладиму ахлаттепага югурдим. Бу жой жуда билиб танланган эди ўзиям: қир-адирлар ўртасидаги майдонча атрофдан кўзга ташланмасди. Агар бундай ўйин ўйнаётганимизни қишлоқда бирор одам кўриб қолса, бизни қувиб солар, миршаб ёки мактаб директорини чақираман, деб қўрқитган бўлар эди. Бу ерда эса бизга ҳеч ким халақит бермайди. Кейин, узоқ ҳам эмас, ўн дақиқалик йўл.
Биринчи мартасига тўқсон тийин, иккинчисида эса олтмиш тийин тикдим. Албатта, пулимга ачинардим, аммо ўйнаганим сайин қўлим анча келишиб бораётганини сезардим. У «шайба»ни тўғри йўналтириш учун керагича куч сарф¬лашга мослашди, кўзим ҳам тошнинг қаерга тушиб қаергача думалаб боришини олдиндан чамалашга ўрганди. Кечқурунлари ҳеч ким қолмаганда майдончага қайтиб келар, харсанг тагидан Вадик яшириб кетган «шайба»ни олар ва чўнтагимдан чақа чиқариб, то қоронғи тушгунча машқ қилар эдим. Бора-бора ўн марта тош отганда уч ёки тўрттасини аниқ мўлжалга туширадиган бўлдим.
Ниҳоят, мен ҳам ўйинда ютадиган кун келди.
Куз кунлари илиқ, ёғин-сочинсиз, октябр ойи бўлишига қарамай битта кўйлакда юриш мумкин эди. Онда-сонда ёмғир ёғиб қоларди. Бу ҳам дайди шамол қаерлардандир тасодифан олиб келган ёмғир эди. Осмон ёз кунларидагидек кўм-кўк-у, аммо у қадар чексиз эмас, гўё аллақандай торайиб қолгандек туюларди. Қуёш ҳам эрта ботарди. Адирлар устида эрталаблари ҳаво топ-тоза, мусаффо бўларди. Атрофда аччиқ, бошни айлантирувчи шувоқ ҳиди кезар, узоқ-узоқлардан ҳар хил товушлар аниқ эшитилар, учиб кетаётган қушларнинг чаҳ-чаҳи қулоқни қоматга келтирар эди. Майдончамизда ўт-ўлан сарғайган бўлса-да, ҳали буткул қуриб битмаган, ўйинда иштирок этмаётган, тўғрироғи, ютқазиб қўйган болалар у ерда думалашиб ўйнаб ётар эди.
Ҳар куни мактабдан кейин тўғри шу ерга келишга одатланиб қолдим. Ўйинчилар тез-тез ўзгариб турар, эскилар ўрнини янгилар эгаллар эди. Фақат Вадик бирорта ҳам ўйинни қолдирмасди. Усиз ўйин ҳам бўлмас эди-да ўзи. Птаха деган хумкалла, сочи мошинкада олинган калтабақай бир бола доим Вадикнинг ортидан соядек эргашиб юрарди. Мен шу вақтгача уни мактабда бирон мартаям кўрмаган эдим, олдинлатиб бўлсаям айтаверай, учинчи чоракда у қўққисдан бизнинг синфда пайдо бўлиб қолди. Бешинчи синфда қолиб кетган ва бир нималарни баҳона қилиб январга қадар «таътил»да юрган экан. Ўйинда кўпинча Птаха ҳам ютарди, Вадикчалик эмасдир-у, лекин ҳар қалай зиён кўрмасди. Ҳойнаҳой, Вадикнинг шериги бўлгани учундир. Вадик ҳам бошқаларга билдирмайгина Птахага қарашиб турарди-да.
Майдончада гоҳо бизнинг синфдаги Тишкин – ҳовлиқма, кўзи ўйнаб турадиган, дарсларда қўл кўтариб ўтиришни яхши кўрадиган бола ҳам пайдо бўлиб қоларди. У бир нимани билса-билмаса қўл кўтараверар, ўқитувчи доскага чиқаргудек бўлса, мум тишлаб қолар эди.
– Нега қўл кўтардинг бўлмаса? – деб сўрарди ўқитувчи. Шунда у кичкинагина кўзларини пирпиратиб:
– Ҳозиргина эсимда эди, доскага чиққунча унутиб қўйдим, – дерди.
Мен Тишкин билан унчалик яқин эмас эдим. Тортинчоқлигим, камгаплигим, қишлоқиларга хос одамовилигим ва энг аввало, бошқа нарсага ўрин қолдирмайдиган соғинч ҳисси, яъни уйни ниҳоятда қаттиқ қўмсаётганим сабаблими, ҳалигача синфдошларимнинг ҳеч бири билан тузукроқ чиқишиб кетолмаган эдим. Болаларнинг ҳам мен билан иши йўқ эди. Доим ёлғиз юрардим. Қишлоқда, ўз уйимда эмаслигим учун ёлғизман-да, у ерда дўстларим кўп эди-ку, дея ўзимга-ўзим тасалли берардим. Лекин ўлгудек эзилиб юрганимдан ёлғизлигимни сезмас, буни ҳатто англаб ҳам етмас эдим.
Тишкин майдончада мени гўё кўрмас ёки кўрмаганга оларди. У дарровгина ютқазиб қўяр ва ғойиб бўлар, шу билан анчагача бедарак кетар эди.
Менинг эса ўйинда омадим чопиб қолди. Доим қўлим баланд келадиган, деярли ҳар куни ютадиган бўлдим. Менинг бу ўйинда ҳам хос қоидаларим бор эди: биринчи бўлиш учун «шайба»ни майдон бўйлаб айлантирмаслик лозим; ўйинчи кўп бўлганда бу жуда мушкул – чизиққа қанча яқин келинса, уни босиб олиш ва охирда қолиб кетиш хавфи шунча ортади. Тошни ирғитганда «ғазна» устига тушишини аниқ мўлжал қилмоқ керак. Мен шундай қилардим. Албатта, бу таваккалчилик эди, аммо эпчиллигим қўл келарди. Мен ўйинда кетма-кет уч-тўрт марта ютқазишим мумкин эди. Бироқ бешинчи мартасида «ғазна»ни албатта қўлга киритардим, ютқазганимни уч баробар қилиб қайтариб олардим. Кейин яна ютқазар ва яна ютиб олаверардим. Камдан-кам ҳоллардагина тош билан тангани уришимга тўғри келарди. Аммо бу борада ҳам менинг ўз усулим бор эди: агар Вадик танга ўзи томон юмалашини чамалаб урса, мен аксинча, зарб билан урардим – бу қўпол ҳаракат эди, албатта. Лекин шунда тош танганинг айланиб кетишига йўл қўймасди, танга бир сапчирдию орқаси билан ўгирилиб тушарди.
Шу тариқа чойчақали ҳам бўлиб қолдим. Бироқ кечгача майдончада юриб ўйинга берилиб кетишдан ўзимни тиярдим. Ҳар куни бир сўмдан ютиб олсам шу менга кифоя эди. Бир сўмни қўлга киритишим билан ўйинни ташлаб бозорга югурардим, бир банка сут сотиб олиб (менинг бу пачоқ, қийшиқ, сийқаланиб кетган чақаларимни кўриб сутчи холалар жаврай-жаврай сут қуйиб берарди) тушлик қилардиму дарс тайёрлагани ўтирардим. Ҳамон қорним тўйиб овқат емасдим-у, аммо сут ичиб турибман-ку, деган ўйнинг ўзиёқ менга куч берар, очлигим унча эсимга келмас эди. Ҳатто энди бошим айланиши ҳам камайгандек туюларди.
Аввалига Вадик менинг ғалабаларимга чандон эътибор бермаган эди. Чунки бундан у ҳеч зиён кўрмасди, яъни унинг чўнтагидан бир тийин ҳам чиқмасди. Баъзан у «Ҳой нўноқлар, қандай уриш кераклигини мана бундан ўрганинг¬лар», деб мени алқаб ҳам қўярди. Лекин кўп ўтмай ўйинни тез тарк этаётганимни пайқаб қолди ва бир куни мени тўхтатиб:
– Нима, пулни олибоқ қочиш экан-да? Жа абжирсан-у! Кетмайсан, ўйнайсан, – деб қолди.
– Дарс тайёрлашим керак, Вадик, – деб баҳона қилдим.
– Дарс қиладиган одам бу ерга келмайди.
Птаха ҳам ялтоқилик билан гапга аралашди:
– Пул тикилганда шундай қилиш мумкин деб ким айтди сенга? Агар билсанг, бу қилмишинг учун боплаб таъзирингни бериш керак. Тушундингми?
Шу-шу, Вадик сира ўзидан олдин «шайба»ни менга бермайдиган, тиргак тош олдига ҳам ҳаммадан кейин қўядиган бўлди. У мўлжални яхши оларди, мен эса «шайба» қўлимга тушмаёқ неча марталаб чўнтак кавлашимга тўғри келарди. Бироқ имкон туғилди дегунча ундан яхшироқ ўйнардим, тош ҳам гўё оҳанрабодек тўппа-тўғри бориб тўп бўлиб ётган танга устига тушарди. Мерганлигимга ўзим ҳам қойил қолардим. Буни сездирмаслик, бошқаларнинг эътиборини тортмай ўйнаш лозимлигига фаҳмим етмаганини қаранг. Соддалик билан ҳар сафар аямай «ғазна»ни мўлжалга олаверибман. Ўз ишининг устаси бўлган, доим қўли баланд келадиган одам ҳеч қачон шафқат кўрмаслигини мен қайдан билибман дейсиз! Бундай вақтда шафқат кутиш ҳам, бирорта ҳимоячи чиқиб қолар, деб хомтама бўлиш ҳам бефойда. Ҳамма сени маҳмадона деб билади, холос, айниқса, орқангдан келаётганларнинг сени кўрарга кўзи йўқ. Ўша кузда айнан шу нарса менга сабоқ бўлди.
Мен ўша гал ҳам мўлжални аниқ нишонга олган эдим. Чақаларни йиғиб олмоқчи бўлиб яқинлашганимда атрофга сочилиб ётган тангалардан бирини Вадик оёғи билан босиб турганини пайқадим. Қолган тангалар пукка тарафи билан ётарди. Бундай ҳолларда одатан «ғазна»га деб бақириш керак, негаки танга ўнг тарафи билан тушмаган бўлса, қайтадан уриш учун бир жойга тўпланади. Мен эса ҳар доимгидек омадимга ишониб, жар солиб ўтирмадим.
– «Ғазна»га эмас! – дея эълон қилди Вадик.
Вадикнинг ёнига бордим-да, оёғи тагидаги тангани кўрмоқчи бўлиб уни сал туртган эдим, у мени силтаб ташлади. Дарҳол оёғи остидаги тангани олиб, менга чап тарафини кўрсатди. Аслида унинг чикка ётганини мен кўрган эдим. Акс ҳолда Вадик ҳам бундай найранг қилмаган бўларди.
– Ғирромлик қилма, – дедим. – Ўнг тарафи билан ётган эди, ўзим кўрдим-ку.
У бурнимнинг тагига муштумини тираб:
– Мана буни-чи, буни ҳам кўрганмисан? – деди.
Индаёлмай қолавердим. Сўзимда туриб олишдан маъни йўқ эди: жанжал чиққудек бўлса, ҳеч ким, бирор тирик жон, ҳатто шу атрофда ўралашиб юрган Тишкин ҳам ёнимни олмаслиги аниқ.
Вадикнинг ғазабнок қисилган кўзлари менга ўқдек қадалиб турарди. Энгашиб, яқинроқ ётган тангани секингина урдим, у ўнглангач, бошқасини урдим. «Барибир ҳаммаси ўзимга тегишли-ку», деб ўйлардим. Мўлжаллаб туриб тошни яна урмоқчи эдим – улгуролмадим, орқамдан кимдир тиззаси билан қаттиқ тепиб юборди. Ўзимни ўнглай олмай ерга бошим билан тушдим. Гурра кулги кўтарилди.
Орқамда безбетларча тиржайиб Птаха турарди. Мен довдираганча:
– Бу нима қилганинг?! – дедим.
– Мен эканми, ким айтди сенга? – деди у талмовсираб. – Нима, ё туш-пуш кўрдингми?
– Қани, бер-чи бу ёққа! – Вадик «шайба»га қўл узатди, аммо мен уни бермадим.
Алам қўрқувдан устун келган эди, энди ҳеч кимдан чўчимасдим. Нега? Нима учун ахир? Мен уларга нима ёмонлик қилибман?
– Бер деяпман! – дея дўқ урди Вадик.
– Боя тангани ўгириб қўйдинг-ку! – дея қичқирдим мен ҳам. – Ўзим кўрдим, ўзим.
– Қани, яна бир марта қайтар-чи, – деди у яқинроқ келиб.
– Тангани ўгириб қўйдинг, – дедим мен энди босиқ овозда – ҳозир нима рўй беришини билиб турардим.
Биринчи бўлиб яна орқадан Птаха тушириб қолди, Вадикка бориб урилдим. У чамалаб ҳам ўтирмай эпчиллик билан юзимга шундай калла урдики, ағанаб тушдим, бурнимдан тирқираб қон отилди. Базўр ўрнимдан турган эдим, тағин Птаха ташланиб қолди. Ҳалиям бўлса қочиб қутулиш имкони бор эди, аммо шу тобда буни ўйламабман ҳам. Мен ўзимни деярли ҳимоя қилолмай Вадик билан Птаханинг ўртасида коптокдек бориб-келардим. Шариллаб қон оқаётган бурнимни чангаллаганча, алам устида баттар уларнинг жиғига тегиб қайсарлик билан битта гапни такрорлардим:
– Тангани сен ўгирдинг! Ўгирдинг! Сен ўгирдинг!
Улар мени галма-галдан дўппосларди. Бир пайт кичкинагина-ю, аммо сержаҳл яна бирови оёқларимга тепиб қолса бўладими! Тепкидан оёғимнинг соғ жойи қолмади, кўкариб, мўматалоқ бўлиб кетди-ёв. Мен жон-жаҳдим билан йиқилмасликка тиришардим. Шу аҳволда буларнинг олдида яна йиқилиб тушиш ўлим билан баробар эди. Охир-оқибат мени ерга ётқизибгина тинчишди.
– Жонинг борида бу ердан туёғингни шиқиллатиб қол! – деб амр қилди Вадик. – Бўл, бўл!
Мен ўрнимдан туриб, ҳиқиллаганча, ҳеч балони сезмай қолган бурнимни торта-торта тепалик томон судралиб кета бошладим.
– Чурқ этиб бировга оғиз очгудек бўлсанг, ўлдим деявер! – дея қичқириб қолди Вадик ортимдан.
Индамадим. Аламдан бутун вужудим гўё жонсиз эди, қўл-оёқларим ҳам қотиб қолгандек карахт. Ҳатто лабимни қимирлатишга ҳам мажолим йўқ. Тепаликка чиқиб олгачгина, чидаб туролмай, худди ақлдан озгандек бор овозда қичқирдим:
– Тангани ўгириб қўйдинг! Ўгирди-инг! – Овозим бутун шаҳарчага эшитилди-ёв.
Птаха ортимдан югуришга бир шайланди-ю, негадир яна изига қайтди, чамаси, Вадик мени тинч қўйиш керак деган қарорга келиб уни тўхтатган. Ҳиқиллаганча майдончани бир оз кузатиб турдим, у ерда ўйин қизғин эди. Кейин тепаликнинг бошқа томонидан айланиб, қоп-қора қичитқи ўт билан қопланган сойликка тушдим-да, заранг чимзор устига ўзимни отдим. Аламимнинг зўридан ҳўнграб юбордим.
Ўша куни бу ёруғ оламда мендан бахтсизроқ кимса йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмасдек эди.

* * *
Эрталаб ойнада аксимни кўриб, рости, капалагим учиб кетди: бурун ўрнида шишган, қўпол бир бало, чап кўзимнинг таги кўкарган, чаккамда эса шилиниб, қуюқ қон қотиб қолган чандиқ кўзга ташланарди. Шу аҳволда мактабга қандай бораман энди – буни ҳатто тасаввур ҳам қилолмасдим. Аммо бориш керак, нима бўлмасин, барибир дарсни қолдиролмайман. Ахир, аслан бурундор одамлар ҳам бор-ку, шуларнинг олдида меники унча ваҳимали эмас. Агар кўзга ташланиб турадиган жойда бўлмаганида буни биров ҳатто бурун ўрнида ҳам кўрмасди. Бироқ шилинган, кўкарган жойларни яширишнинг иложи йўқ – мендан сўровсиз шундоқ кўз-кўз бўлиб турибди-да, ахир.
Кўзимни кафтим билан тўсганча лип этиб синфхонага кирдим, ўрнимга ўтирдиму бошимни эгиб олдим. Аксига олгандек, биринчи дарс франтсуз тили эди. Синф раҳбари эмасми, Лидия Михайловна бошқа ўқитувчиларга нисбатан бизга кўпроқ эътибор берар, ундан ҳеч нимани яшириб бўлмас эди. Синфхонага кириб саломлашгач, ўтиришга изн беришдан аввал, гўё камчиликларимизни рўй-рост айтмоқчидек, ҳар биримизга синчиклаб қараб чиқиш одати бор эди. Юзимдаги тамғани-ку, яширишга ҳар қанча уринмайин, у шу заҳотиёқ кўрди, буни болаларнинг ҳаммаси мен томонга ўгирилганидан билдим.
– Мана, – деди Лидия Михайловна журнални очаркан, – бугун орамизда ярадорлар ҳам бор экан.
Болалар кулиб юборишди. Лидия Михайловна яна менга тикилиб қаради. Унинг кўзи ғилайроқ эди ва гўё менга эмас, бошқа ёққа боқиб тургандек туюларди. Аммо бу вақтга келиб биз унинг қай тарафга қараётганини дурустгина фарқлайдиган бўлиб қолган эдик.
– Хўш, нима бўлди? – деб сўради у мендан.
– Йиқилиб тушдим, – дедим тўнғиллаб. Олдиндан бирор жўялироқ баҳона ҳам тўқиб қўймабман-а, қаранг.
– Аттанг, жуда ўсал тушибсан-ку. Кечами, бугун?
– Бугун. Йўқ, кеча кечаси, қоронғида.
– Ҳе, йиқилганмиш! – дея шанғиллаб қолди бир вақт Тишкин хурсандлигидан энтикиб. – Еттинчи синфдаги Вадикнинг иши бу. Улар пул тикиб ўйнайди. Бунингиз ўша Вадик билан тортишиб қолди, кейин роса таъзирини еди ўзиям. Йиқилдим дейди-я тағин!
Бундай чақимчиликни асло кутмаган эдим, қотиб қолдим. Жинни бўлганми у ёки атай қилдими? Пул тикиб ўйнайдиганларнинг мактабда дарров ковушини тўғрилаб қўйишлари ҳеч гап эмас, ахир. Мана, сенга ўйин! Қўрққанимдан миямда ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетди, каллам ғувиллай бошлади: бўлди, бари тамом.
Ҳаҳ, Тишкин-а! Билдик, қанақа экан бу Тишкин деганлари. Боплади-ку. Оққизмай-томизмай ҳаммасини айтди-қўйди-я, касофат!
– Сендан, Тишкин, мен бошқа нарсани сўрамоқчи эдим, – деди Лидия Михайловна бу гапларга унча ҳайрон бўлмагандек, ўша-ўша вазмин оҳангда. – Ўзинг бошлаб қолдинг, қани, энди доскага марҳамат, жавоб беришга тайёрмисан? –У ўзини йўқотиб бирдан шалпайиб қолган Тишкин доска ёнига чиққунча кутиб турди-да, кейин менга қараб: – Сен дарсдан кейин қоласан, – деб қўйди.
Лидия Михайловна мени директор ҳузурига олиб киради деб жуда қўрққан эдим. Бу дегани, у ерда кечажак машмашадан ташқари, директор эртага мактаб линейкасида ўртага чиқариб, нима учун бундай ярамас ишга қўл урганинг¬ни айтиб беришга мажбур этади. Директоримиз Василий Андреевич бирор бола айб иш қилиб қўйса – у ойна синдирганми, муштлашганми ёки ҳожатхонада чекканми, бундан қатъи назар, айнан шу саволни берарди: «Бундай ярамас ишга сени нима мажбур этди?» Василий Андреевич қўлларини кўкрагида чалиштирганча гавдасини ғоз тутиб, катта-катта қадамлар билан тизилишиб турган ўқувчилар олдида у ёқдан-бу ёққа бориб-келаркан, эгнидаги тугмалари қадалган қаппайма қора френчи ундан олдинроқ ҳаракатланаётгандек туюларди. «Жавоб бер, хўш, кутяпмиз. Қара, бутун мактаб кутяпти, бизга айтадиган гапинг бордир?» дея қистовга оларди у. Гуноҳкор ўзини оқламоқ учун бир нима деб ғўлдирай бошласа, директор унинг гапини шартта бўлиб қўярди: «Сен саволга жавоб бер, ҳа, саволга. Қандай савол берилди?» «Мени нима мажбур қилдими?» «Худди шундай: нима мажбур этди? Гапир, қулоғимиз сенда».
Хуллас, бу сингари машмашалар кўпинча йиғи-сиғи билан тугар, шундагина директорнинг кўнгли жойига тушар ва ҳамма синф-синфига тарқалар эди. Юқори синф ўқувчиларига келганда вазият қийинроқ кечарди. Улар унча-мунчага йиғламасди-ю, аммо Василий Андреевичнинг саволига ҳам жавоб бермай безрайиб тураверарди.
Бир гал ҳатто биринчи соат дарсимиз ўн дақиқача кечикиб бошланган, чунки директор тўққизинчи синф ўқувчисини узундан-узоқ сўроқ қилиб, тайин¬ли бир гап ололмагач, охири уни хонасига олиб кириб кетган эди.
Мен энди нима дейман унга? Ундан кўра дарровгина паттамни қўлимга тутқазганлари яхши. Бу ҳақда ўйларканман, ана шунда уйга кетсам ҳам бўлади, деган фикр миямда ярқ этди. Аммо шу заҳотиёқ бошимдан қайноқ сув қуйилгандек бўлди: йўғ-э, уйга бундай шарманда бўлиб боргандан кўра... Ўқишни ўзим ташлаб кетсам-ку бошқа гап эди. Шунда ҳам мени бўшанг бола экан-да, кўзлаган ниятига эришолмабди, дейишлари турган гап. Мактабда эса, ана кейин кўрасиз аҳволни, ҳамма мендан ўзини тортиб юрадиган бўлади. Йўқ, буниси менга тўғри келмайди. Бу ерда-ку, хўп, чидарман, кўникарман, бироқ шу аҳволда уйга боришим асло мумкин эмас.
Дарсдан кейин йўлакда юрак ҳовучлаб Лидия Михайловнани кутдим. У ўқитувчилар хонасидан чиқиб, бош қимтиб, синфга кир, дея имо қилди. Лидия Михайловна одатдагидек ўз жойига ўтирди. Мен эса иложи борича ундан нарироқ – учинчи партага ўрнашмоқчи бўлиб турган эдим, муаллима нақд пешонаси – биринчи партани кўрсатди, ўтиришим билан:
– Пулга ўйнаркансан, шу ростми? – деди. Унинг овози баралла янграб кетди. Ахир, бу ҳақда мактабда жуда секин, шивирлаб гапириш керак-ку? Мени баттар ваҳима босди.
Инкор қилишдан ҳеч бир маъни йўқ эди, негаки Тишкин ипидан-игнасигача сотиб бўлган.
– Ҳа, рост, – дедим бўйнимни эгиб.
– Хўш, қалай бўляпти – ютяпсанми ёки ютқазяпсанми?
Нима дейишни билмай чайналиб қолдим.
– Қани, бор гапни бир бошдан айтиб бер-чи. Ҳойнаҳой, кўпроқ ютқазсанг керак, а?
– Ю...ютаман.
– Тузук, ҳарқалай ютаркансан-ку. Хўш, пулни нима қиласан кейин?
Мактабга энди келган вақтларим анчагача Лидия Михайловнанинг овозига кўниколмай юрдим, уни эшитдим дегунча довдираб қолардим. Бизда – қишлоқда нафасни ич-ичига тортиб гапирилади, шунинг учун ҳам овоз баралла чиқади. Лидия Михайловнанинг товуши эса қандайдир майин, бунинг устига, жуда бўғиқми-эй, астойдил қулоқ тутмасангиз эшитиш ҳам маҳол. Аммо бу ҳол унинг дармонсизлиги ёки нозиклигидан деб бўлмасди. Негаки, у баъзида ғоят берилиб гапирар, ўшанда овози ҳам жаранглаб чиқар эди. Менга у гўё овозини баралла қўйиб юбормай, атайдан аяётгандек туюларди. Мен бор кучимни франтсуз тилини ўрганишга сарфламоққа ҳам тайёр эдим; албатта, бегона бир тилга мослашгунча овозим қафасдаги қушнинг товушидек заифлашиб, гоҳо бўғилиб ҳам қоларди. Кейин яна аввалги ҳолига қайтишини, тикланишини кутишга тўғри келарди. Айни тобда Лидия Михайловна менга савол берган бўлса-да, ўзи бошқа муҳим бир нарса ҳақида ўйлаб ўтирганга ўхшарди. Шундай бўлса ҳам унинг саволига жавоб беришдан бўйин товлашнинг ҳеч иложи йўқ эди.
– Хўш, гапирсанг-чи, ютиб олган пулингни нима қиласан? Конфет олиб ейсанми? Ёки китобми? Ё бирор нима сотиб олиш учун йиғяпсанми? Эҳтимол, анча-мунча йиғиб ҳам қўйгандирсан?
– Йўқ, кўп эмас, атиги бир сўмгина ютаман.
– Кейин ўйнамайсанми?
– Йўқ.
– Бир сўмгина-я? Нега бир сўм? Уни нима қиласан?
– Сут оламан.
– Сут?
Ақлли, озода-ораста, ҳар томонлама тўкис, кийим-боши ҳам ўзига ярашган, латофат бобида баркамол (мен буни сал-пал ҳис қилардим) Лидия Михайловна рўпарамда ўтирибди. Ундан таралаётган хушбўй атир исини унинг нафаси деб туярдим, қолаверса, у қандайдир арифметика ёки тарих ўқитувчиси эмас, сирли-сеҳрли франтсуз тили муаллимаси эди. Ахир, франтсуз тилининг ўзи аллақандай эртакнамо тил, унинг бўлакча бир таровати борки, буни ҳамма ҳам мендек ҳис этавермаса керак. Кўзларига қарашга журъат қилолмаганимдек, муаллимамни алдашга ҳам ботинолмасдим. Умуман олганда, ёлғон гапириб нима қилдим?
Лидия Михайловна жимгина ўтириб, мени бошдан-оёқ кузатарди ва мен унинг синчков нигоҳи қаршисида барча кўргиликларим, бемаъниликларим янада бўртиб, фош бўлиб турганини бутун борлиғим билан сезардим. Аҳволим томошага арзигулик эди: Лидия Михайловнанинг рўпарасида нимжон, ёввойисифат, афт-ангори дабдала бир бола тиришибгина ўтирибди. Ота-она бағрида эмас, қаровсиз бир нотавон экани аён кўриниб турибди – палапартиш кийинган, эгнида ювилаверганидан елкалари осилиб тушган, гавдасига лойиқдек кўринса-да, енги тирсагига келиб қолган эски камзул, отасининг галифесидан кичрайтириб тикилган кирчил оч яшил тусли, кечаги муштлашувдан қон изи қолган, доғ-дуғ чалвор, устига-устак, почаси чориққа тиқиб қўйилган. Лидия Михайловна поябзалимга ачиниб қарашини аввалдан сезиб юрардим. Бутун синф бўйича биргина мен шунақа чориқ киярдим. Кейинги йил кузда бу оёқ кийимда мактабга бормайман, деб оёқ тираб туриб олганимдан сўнг онам бор-йўқ бойлигимиз ҳисобланган тикув мошинасини сотиб, менга кирза этик олиб берди.
– Барибир ҳам пул тикиб ўйнаш яхши эмас, – деди ўйчанлик билан Лидия Михайловна. – Бошқа бир йўлини топсанг бўларди-ку, тўғрими?
Ишнинг бу тарзда осон кўчганига ишониб-ишонмай, ўйлаб ҳам ўтирмай ваъда бериб юбордим:
– Топса бўлади.
Рости, бу гапни юрак-юракдан айтган эдим. Аммо доим ҳам берган ваъдамизнинг устидан чиқолмаймиз-ку, шундай экан, қўлимиздан нима ҳам келарди!
Тўғрисини айтишим керакки, ўша кунлар жуда қийин аҳволда эдим. Куз ёғин-сочинсиз келгани учун колхозимиз ғалла топшириш режасини эрта бажарган ва Ваня амаки энди келмай қўйган эди. Уйда онам мени ўйлаб ўзини қўярга жой тополмай ўтирганини билардим, аммо бундан менга бирор наф бўлса экан. Ваня амаки охирги марта келганида ташлаб кетган бир халта картошка шунчалик тез тугаб қолдики, нима бало, мол еб қўйдими, дейсиз. Яхшиямки, каллам ишлаб, вақтида ҳовлидаги ташландиқ омборга озроқ яшириб қўйганим, мана, ҳозир кунимга шу яраб турибди. Мактабдан қайтгач, худди ўғри мушукдек омборга лип этиб кираману уч-тўртта картошкани чўнтагимга тиқиб, кўча адоғидаги тепаликка қараб чопаман. У ерда ҳеч кимнинг кўзи тушмайдиган хилватроқ бирор жойни топиб олов ёқаман. Қорним доим оч бўлганидан ҳатто ухлаб ётганимда ҳам титраб-қақшаб, ошқозоним гулдираётганини сезар эдим.
Яна бирор ўйинчи болалар гуруҳини учратиб қоларман деган умидда қўшни маҳаллаларни сездирмайгина кузата бошладим; харобазорларни кезардим, тепаликларга қараб кетаётган болаларнинг орқасидан борардим. Ҳаммаси бекор, мавсум охирлаган эди. Тез орада октябрнинг изғиринли шамоли ҳам бошланди. Фақат ўзимизнинг майдончагина аввалгидек гавжум эди. Мен яқин-атрофда ўралашиб юрар, қуёш нурида «шайба»нинг ялтираб кўзга ташланишини, Вадикнинг қўлларини силкитиб ўйинбошилик қилишини, «ғазна» бошида уймалашиб турган таниш қиёфаларни кузатар эдим.
Охир-оқибат чидаёлмай бир куни уларнинг олдига тушиб бордим. Яна таҳқирланишимни билардим, аммо калтак еб ҳайдалганим ва бунга индамай кетавериш менга кўпроқ алам қиларди. Борсам, Вадик билан Птаха қандай муносабатда бўлади, мен ўзимни тутиб тура оламанми – ана шу ўй ҳозир менга тинч¬лик бермасди. Очиғи, мени бу ерга очлик етаклаб келган эди. Менга бир сўмгина керак эди – сутга эмас, энди нонга. Нон сотиб олиш учун шундан бошқа ҳеч бир чорам қолмаган эди.
Табиийки, боришим билан ўйин тўхтади, ҳамма менга қаради. Птаха бошига қулоқлари қайирмали шапка кийган, енги калта катак-катак кўйлагини шимидан чиқариб олган эди. Унинг энгил-боши қуйиб қўйгандек ўзига мос, ўзидек беғам, ўзидек дадил кўринарди. Вадик бежиримгина, шир-шир занжирли қалин курткада кеккайиб турарди. Бир чеккада палто ва пахталиклар тўп бўлиб уюлиб ётар, уларнинг устида беш-олти яшар бир болакай шамолдан жунжикиб ўтирар эди.
Биринчи бўлиб мени Птаха қарши олди:
– Нимага келдинг? Ё калтакни соғиниб қолдингми?
– Ўйнагани келдим, – дея иложи борича босиқлик билан жавоб қайтардим, Вадикка кўз қиримни ташларканман.
– Нега энди биз билан ўйнаркансиз? – деди Птаха шалоқ сўкиниб. – Ким айтди буни сизга?
– Ҳеч ким...
– Хўш, Вадик, ҳозироқ таъзирини бериб қўямизми ёки озроқ кутамизми?
– Нега бунга ёпишиб олдинг, Птаха? – деди Вадик кўзларини қисинқираб менга боқаркан. – Ўйнагани келибди, билдингми? Балки бу сену мендан ўн сўмдан ютиб олмоқчи бўлиб келгандир...
– Кошки ўн сўмингиз бўлса сизнинг! – дедим мен ҳам тап тортмай.
– Вой-вой, керак бўлса, пулимиз ундан ҳам кўп – сен ҳатто тушингда ҳам кўрмагансан! Кўп вайсамагин-да, Птаханинг жаҳли қўзғамай борингни тика қол. Биласан, у жуда қизиққон.
– Бир туширайми, Вадик?
– Қўй, майли, ўйнай қолсин. – Вадик болаларга кўз қисиб қўйди. – Ўйинни қийиб қўяди-ку, биз бунинг тирноғигаям арзимаймиз, шундайми?
Мен ҳам энди анча-мунчасини билиб қолган эмасманми, Вадикнинг бу ҳиммати сабабини англаб турардим. Афтидан, бир хил, зерикарли ўйин жонига теккан, шу боис ҳам асабларини қитиқлаш ва чинакам лаззат туйиш учунгина у мени сафга қўшмоқчи эди. Лекин Вадикнинг иззат-нафсига тегишим биланоқ яна кўрадиганимни кўраман. У нимага тирғалишни билади, боз устига, ёнидаги Птаха ҳам уни гиж-гижлаб туради.
Мен иложи борича эҳтиёткорлик билан ўйнашга, «ғазна»га кўз олайтирмасликка қарор қилдим. Бошқа болалар каби бехосдан танга тўпига тегиб кетмай деб «шайба»ни секин айлантирардим. Тангаларни ҳам астагина бир-бир уриб чиқардим. Орқамдан Птаха келиб қолмасмикан, дея аланглаб жоним ҳалак эди. Ўйинга қайта қўшилган дастлабки кунларим мен бир сўм ютишга атай ҳаракат қилмадим. Менга йигирма-ўттиз тийин ҳам кифоя эди, бир бўлак нонга етса бўлгани, шунисига ҳам шукрлар қилар, шунисига ҳам жон дер эдим.
Аммо эртами-кечми рўй беришидан қўрқиб юрганим, барибир, рўй берди. Ўйинга қўшилганимнинг тўртинчи куни бир сўм ютиб олгач, кетаман деб турганимда яна дўппослаб қолишса бўладими! Тўғри, бу гал осонроқ қутулдим, бироқ асорати қолди: лабим шишиб, осилиб кетди. Мактабда уни тишлаб юришга тўғри келарди. Лекин яширишга ҳар қанча уринмайин, Лидия Михайловна разм солибоқ сезди. У мени атай доскага чиқариб, франтсуз тилида матн ўқитди. Лабим ўн карра соғ бўлганида ҳам уни ўхшатиб ўқий олмаслигим аён-ку. Шундай экан, матнни қандай ўқиганимни айтмоққа ҳожат бормикан?
– Бас, бўлди-этар! – деди капалаги учган Лидия Михайловна худди инс-жинсни қувлагандек менга қўл силтаб. – Бу нима деган гап, ахир? Сен билан алоҳида шуғулланмасам бўлмайди, шекилли...

* * *
Шу тариқа мен учун мушкул, азобли кунлар бошланди. Лидия Михайловна билан ёлғиз қолиб, талаффузига тил келишмайдиган, фақат жазо учунгинами ўйлаб топилган сўзларни унинг ортидан такрорлайдиган фурсатни эрталабдан ҳадик-ла кутадиган бўлдим. Учта унлини биттагина чўзиқ товушга бирлаштиришнинг нима кераги бор ўзи? Масалан, «веаисоир» (кўп) сўзидаги «о» ҳарфини талаффуз қилгунча кишининг жони ҳиқилдоғига келади. Э, бу одамни таҳқирлаш эмасми? Товушни бурун орқали алламбало қилиб чийиллабми-эй талаффуз этиш шартмикан? Ахир, бурун инсонга бошқа нарса учун керак-ку! Ҳар нарсанинг ҳам чек-чегараси бор-да! Мен терлаб, бўғриқиб кетардим, Лидия Михайловна эса ҳеч аямай, тин ҳам бермай шўрлик тилимни қавартиргани қавартирган. Нега энди фақат мени? Мактабда франтсуз тилини менчалик ҳам билмайдиган болалар қанча! Бироқ улар бемалол, ялло қилиб юрибди. Мен эса худди қарғиш теккандек, бошқалар учун ҳам бир ўзим азоб тортиб ўтирибман.
Буниси ҳали ҳолва экан. Бир куни Лидия Михайловна иккинчи смена дарс¬лари бошлангунча вақтимиз жуда кам, шунинг учун энди кечқурунлари уйимга келасан, деб қолса бўладими! У мактаб ёнидаги ўқитувчиларга ажратилган уйда яшар эди. Бу уйнинг қолган каттароқ қисмида мактаб директорининг ўзи турарди.
Лидия Михайловнанинг уйига бўйнимдан судрагандек зўрға борардим. Шундоғам бўлар-бўлмас нарсага ўзини йўқотиб қўядиган, тортинчоқ бола эмасманми, аввал-бошда ўқитувчимнинг тоза-озода уйига қадам босганимда гўё жоним танамни тарк этар, нафас олишга ҳам қўрқардим. Менга ечин, хонага кир, деб бирма-бир айтиб туриш керак эди. У мени ҳатто ўзи ўтқизиб қўйиши ва гапни ҳам ичимдан суғириб олиши даркор. Бу уринишларнинг ҳам франтсуз тилини пухтароқ ўрганишимга ҳеч нафи бўлмади. Аммо шуниси ажабланарлики, ўқитувчимнинг уйида биз мактабдагидан (гўёки у ерда иккинчи смена халақит берарди) кўра камроқ дарс қилардик. Яна денг, Лидия Михайловна уйида куйманиб юраркан, мени ҳар хил саволга тутар ёки ўзи ҳақида гапириб берар эди. Айтишича, мактабда у ҳам менга ўхшаб франтсуз тилини яхши ўзлаштиролмаган, кейин қасдма-қасдига айнан шу соҳани танлаб, ўзининг ҳеч кимдан кам эмаслигини кўрсатиб қўймоқчи бўлган. Албатта, бу гапларни Лидия Михайловна мен учунгина ўйлаб топган эди, бунга ақлим етиб турарди.
Хона бурчагига биқинганча унинг сўзларини тингларканман, қачон мени қўйиб юбораркан, дея тоқатим тоқ бўлиб кутардим. Хонада китоб жуда кўп эди, дераза тагидаги тумбочкада ўша вақтларда ғоят ноёб саналган, мен учун эса нақд мўъжизанинг ўзи – каттакон, бежирим радиоприёмник турарди. Лидия Михайловна унга пластинка қўяр ва бийрон бир киши франтсуз тили сабоғини бошлар, хоҳлайманми-йўқми, буни тингламоққа мажбур эдим. Ўқитувчим одмигина хонаки кўйлакда, оёғида юмшоқ кигиз паябзал, хонада у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. У менга яқинлашгудек бўлса, бир сапчиб тушардиму яна серрайиб қолардим. Лидия Михайловнанинг уйида ўтирганимга ҳали ҳам ишонолмас, бу ердаги ҳамма нарса мен учун кутилмаган ва ҳайратомуз туюлар эди. Ҳатто уйнинг ўзгача бир ифори бор эдики, умрим бино бўлиб бундай ҳидни туймаган эдим. Мен бу ҳаётни бамисоли четдан кузатар ва ўзимдан, ночору ночор аҳволимдан уялиб тор камзулимга баттар ўралиб олар эдим.
Менимча, ўша кезлар Лидия Михайловна йигирма беш ёшлар атрофида эди. Унинг хушрўй ва шу боисми суратдек жонсизроқ туюладиган чеҳрасини, ғилайини билинтирмаслик учун салгина қисилиб турадиган кўзларини, камдан-кам ҳоллардагини пайдо бўладиган нимтабассумини, калта кесилган қоп-қора сочларини яхши эслайман. Аммо шунга қарамай, унинг юзида (мен ке¬йинчалик кўп бор кузатган) ўқитувчилик касбига хос, ҳатто уларнинг табиатан майин ва кўнгилчанларида ҳам кўзга ташланадиган совуқ бир қатъиятдан асар ҳам йўқ эди. Лидия Михайловнанинг қиёфасида алланечук хавотир, муғомбирона бир ҳайрат ҳам бор эдики, гўё ўзига ўзи «қизиқ, мен бу ерга қандай келиб қолдим, нима қилиб юрибман ўзи» деяётгандек туюларди. Эндиги тахминимча, ўша вақт¬да у бир марта эрга тегиб чиққан эди. Овозидан, енгил, лекин қатъият билан эркин қадам ташлашлари, умуман, ўзини тутишидан унинг анча тажрибали экани сезилиб турарди. Бундан ташқари, мен доим франтсуз ёки испан тилини ўрганадиган қизлар ўз тенгдошлари, дейлик, рус ёки немис тилини ўрганадиганларига нисбатан анча илгари вояга етади, деб ўйлардим.
Машғулотни тугатганимиздан кейин Лидия Михайловна мени овқатланишга таклиф қилганида қанчалик ўзимни йўқотиб, довдираб қолганимни ҳозир эсласам, уялиб кетаман. Очликдан қорним таталаб кетаётган бўлса-да, бундай вақтда иштаҳам ғиппа бўғиларди-қоларди. Лидия Михайловна билан бир дастурхонда ўтириш! Йўқ, асло! Ундан кўра эртагача франтсуз тилини бошдан-оёқ ёдлаб чиққаним яхши, қайтиб шу уйга келмасам бўлгани. Мабодо у билан овқатланган тақдиримда ҳам нон бўлаги томоғимга тиқилиб қоларди, бу аниқ. Шу вақтгача мен Лидия Михайловна ҳам бизга ўхшаб оддий таомлардан тановул қилади деб ўйламас эканман. Менга у бошқаларга ўхшамайдиган, шу қадар ҳайратомуз одам бўлиб туюлардики, унинг овқат ейишини тасаввур ҳам қилолмасдим.
Мен сапчиб туриб, қорним тўқ, емайман, дея ғўлдираганча кўча эшик томон тисарилдим. Лидия Михайловна ажабланиб, ранжигандек тикилиб қолди, аммо ҳозир мени зўрлик билан ҳам тўхтатиб бўлмасди. Орқа-олдимга қарамай югуриб чиқиб кетдим. Бу ҳол бир неча бор такрорлангандан сўнг ҳафсаласи пир бўлган Лидия Михайловна ортиқ мени дастурхонга таклиф қилмай қўйди. Ниҳоят, эркин нафас ола бошладим.
Бир куни пастки қаватдаги ечиниш хонасида бир киши менга нимадир қолдириб кетганини айтишди. Албатта, колхозимиз ҳайдовчиси Ваня амаки-да, бошқа ким ҳам бўларди! Уйда ҳеч ким йўқ, эшиклар қулф, менинг мактабдан қайтишимни кутишга вақти бўлмагани учун ҳойнаҳой шу ерга ташлаб кетгандир. Дарс тугагунча зўрға чидаб ўтирдим-у, кейин пастга қараб чопдим. Мактаб фарроши Вера хола бурчакда турган, одатда почта орқали жўнатиладиган салмоқлигина оқ фанер қутига ишора қилди. Ҳайрон бўлдим: нега қутига солинган, онам егуликни оддий халтачада юборар эди-ку? Балки бу менга эмасдир? Аммо қутининг устига менинг исми шарифим ва ўқийдиган синфим ёзилган экан. Чамаси, бировга адашиб кетмасин, дея буни Ваня амаки шу ерда ўтириб ёзган. Нега энди онам қўққисдан озиқ-овқатни бунақа қутида юборадиган бўлиб қолди экан? Қаранг-а, маданиятли бўлиб кетибмиз-да!
Ичида нимаси борлигини билмай туриб уни уйга олиб кетишга сабрим етармиди! Картошка эмаслигини аниқ сезиб турибман. Нонми десам – қути кичкиналик қилади, бунинг устига нонни қутига солишга бало борми? Қолаверса, онам яқиндагина юборган эди, ҳали еб тугатганимча йўқ. У ҳолда бу нима экан? Шу ернинг ўзида, мактабдаёқ зина остига тушиб – у ерда болта борлигини олдиндан билардим – қутини очдим. Бу ер қоронғи эди, чиқиб атрофга ўғринча алангладиму қўлимдаги қутини яқинроқ токчага олиб бордим.
Очдиму анграйиб қолдим – оқ қоғозга ўралган макарон. Қойил-э! Бир текис терилган сариқ макарон ёруғда кўзимга ярқ этиб ташланди, ҳозир бундан ортиқ бойлик йўқ эди менга. Ҳа, энди тушундим нима учун онам буни қутида юборганини: майдаланиб, синиб кетмасин, бешикаст етиб борсин деган-да. Секингина бир донасини суғуриб олдим, ичига пуфлаб кўрдим ва оғзимдан сўлагим келиб шартта қисирлатиб чайнай бошладим. Кейин иккинчи, учинчисини чайнар эканман, қутини қаерга яширишни ўйлардим. Ахир, макаронни бекамнинг ташландиқ омборидаги очофат каламушларга ем қилиб қўёлмайман-да. Нима, онам охирги пулини сарфлаб улар учун сотиб олибдими буни? Йўқ, макаронни ҳар жойга ташлаб қўйиб бўлмайди. Бу қандайдир ҳемири картошка эмас, ахир!
Бирданига томоғимга нимадир тиқилиб қолди. Макарон... Ростдан ҳам онам қаердан олди экан буни? Қишлоғимизда макарон дегани умуман бўлмаган, бўлганида ҳам бунақа нарсани у ерда сотиб олиб бўпсиз! У ҳолда буни қандай тушуниш керак? Шоша-пиша, қизиқиш билан ва шунинг баробарида нимагадир умид ҳам қилиб макарон ўралган қоғозни кўтариб қарадим, тагидан бир неча чақмоқ йирик-йирик оққанд ва икки бўлак гемотоген чиқса денг! Бундан маълум бўладики, қутини онам юбормаган. Унда ким экан-а? Қопқоқни қайта кўздан кечирдим: ўзимнинг исми шарифим, синфим ёзилган, демак, менга аталган. Аммо ғалати-да, жуда ҳам ғалати.
Мен қутини қайта михлаб дераза токчасида қолдирдим-да, ўзим иккинчи қаватга чиқдим. Ўқитувчилар хонасини қарасам, Лидия Михайловна кетиб қолган экан. Ҳечқиси йўқ, топамиз, қаерда яшашини биламиз-ку, борганмиз уйига. Ҳа, ҳали шунақами: дастурхонга ўтиришга унамадингми – уйингда бемалол ейсан дебсиз-да! Лекин бунақаси кетмайди. Бошқа ҳеч кимдан гумоним ҳам йўқ-да. Онам эмаслиги кундай равшан: чунки у бу тансиқ нарсалар қаердан, қандай келганини албатта ёзиб қути ичига солиб юборган бўларди.
Мен қўлимда қути билан ёнлаб эшикдан кириб борганимда, Лидия Михайловна ўзини ҳеч гапдан хабари йўқдек тутди. Рўпарасида полда турган қутига қараб, ҳайрон бўлган каби:
– Бу нима? Нимани кўтариб юрибсан? Нега бу ерга олиб келдинг? – деб сўради.
– Бу сизнинг ишингиз, – дедим овозим титраб, бўғилиб.
– Нима қипман мен? Нима деяпсан ўзи?
– Мактабга буни сиз юборгансиз. Биламан, сиз қилгансиз бу ишни.
Лидия Михайловнанинг қизариб кетганини, хижолат тортаётганини сездим. Ўшанда бир мартагина қўрқмай унинг кўзига тик қараган бўлсам керак. У ўқитувчимми ёки холаваччамми, шу тобда бунинг сариқ чақалик аҳамияти йўқ эди менга. Ҳозир у эмас, мен савол берардим, яна денг франтсуз тилида эмас, ҳеч қандай артикл-партиклсиз рус тилида. Қани, бир жавоб берсин-чи.
– Нега мендан кўряпсан буни?
– Негаки, бизнинг қишлоқда макарон-пакарон йўқ. Гематогенни-ку гапирмаса ҳам бўлади.
– Ростданми? Ҳечам бўлмайдими?! – У шунчалик тонг қолдики, беихтиёр ўзини фош этиб қўйди.
– Ҳечам бўлмайди. Билиб қилиш керак эди бу ишни.
Лидия Михайловна бирдан кулиб юборди. Мени қучмоқчи бўлган эди, ўзимни четга тортдим.
– Ҳа, тўғри айтасан, билиш керак экан. Шунисини ўйламабман-а, қара... – У хаёл суриб қолди. – Аммо буни мен қайдан билай, шаҳарлик бўлсам, ахир! Бизда бунақа нарсалар йўқ, дейсанми? Хўш, айт-чи, сизларда нималар бўлади ўзи?
– Нўхат бўлади. Шолғом.
– Нўхат... шолғом... Бизда, Кубанда эса асосан олма. Эҳ-ҳе, ҳозир айни ғарқ пишган пайти! Мен ўзи Кубанга кетмоқчи эдим, нима бўлиб бу ёқларга келиб қолганман-да. – Лидия Михайловна уҳ тортиб қўйди. – Кўп жаҳлинг чиқавермасин энди. Билсанг, сени ранжитиш ниятим йўқ эди, сираям. Шу савил макаронни деб чув тушишим тушимга кирибдими? Майли, энди ўйлаб иш қиламан. Буни эса олақолгин...
– Олмайман, – дедим қўрслик билан.
– Нега бундай ўжарсан-а? Очин-тўқин юрганингни биламан-ку. Мен ёлғизман, пулим бор, етарли. Хоҳлаган нарсамни сотиб олавераман, кейин – ёлғиз ўзимга ахир... Яна билсанг, камхўрроқман, семириб кетишдан қўрқаман-да.
– Мен ҳечам оч юрганим йўқ.
– Кел, мен билан тортишма, ҳаммасини биламан. Беканг билан гаплашган эдим. Макаронни элтиб қайнатсанг, тотлигина бир нима пишириб есанг, бунинг нимаси ёмон, хўш? Умримда бир мартагина сенга ғамхўрлик қилсам қилибман-да. Сўз бераман, қайтиб сенга ҳеч нарса юбормайман. Буни эса ол, илтимос. Яхши ўқиш учун тўйиб овқатланишинг керак. Мактабда балогаям ақли етмайдиган ва эҳтимол, шундайлигича ўтиб кетадиган такасалтанглар қанча, ахир! Сен эса иқтидорли боласан, ўқишни ташламаслигинг керак.
Унинг овозидан бутун вужудим бўшашиб кетаётганини сездим – у мени бу нарсаларни олишга кўндиришидан қўрқардим. Лидия Михайловна ҳақ гапни айтаётганини англаб турсам-да, уни барибир ҳазм қилгим келмаётгани учун ҳам фиғоним ошарди. Бош чайқай-чайқай бир балоларни ғўлдираганча югуриб хонадан чиқиб кетдим.

* * *
Шу гаплардан кейин ҳам биз машғулотларимизни тўхтатмадик, мен ҳамон Лидия Михайловнаникига қатнардим. Афтидан, менга тил ўргатишга у энди астойдил киришган эди. Франтсуз тили бўлса – франтсуз тили-да, деди шекилли. Натижаси ҳам тезда кўриниб қолди: бора-бора франтсузча сўзларни хийла дуруст талаффуз қила бошладим, энди улар оғир тошдек оёғимдан пастга торт¬мас, аксинча, жаранглаб қаерларгадир қанот қоқиб учарди гўё.
– Яхши, – дея мени руҳлантириб қўярди Лидия Михайловна. – Бу чорак бешга тортмайди-ю, аммо кейингисида албатта беш бўлади.
Анави қути ҳақида қайтиб гап бўлмади. Бироқ мен ҳар эҳтимолга қарши сергак эдим: Лидия Михайловна яна бир нималарни ўйлаб топмайди деб бўлармиди? Ўзимдан мисол: агар бирор ишнинг ҳеч уддасидан чиқавермасам, бор эътиборимни ўшанга қаратаман, шунчаки бефарқ ташлаб қўёлмайман. Лидия Михайловна мени мудом аллақандай умидворлик билан кузатиб тургандек тую¬лар, айни чоғда одамовилигимдан кулаётганга ҳам ўхшар эди – бундан баттар жаҳлим чиқарди. Аммо, таажжубки, бу ҳол ўзимни дадилроқ тутишимга ёрдам берарди. Мен энди бу ерда қадам босишга ҳам ийманиб турадиган аввалги ювош, нотавон бола эмас эдим. Аста-секин Лидия Михайловнага, унинг уйига ҳам кўника бошладим. Албатта, ҳануз сал-пал тортинар, бурчакка биқиниб ўтирар, чориғимни стул тагига беркитишга уринар эдим. Лекин энди ўзимни хийла эркинроқ тутар, руҳий тушкунлигим ҳам босилган, ҳатто Лидия Михайловнага саволлар берар ва у билан баҳслашар ҳам эдим.
У мени дастурхонга ўтқазишга яна бир бор уриниб кўрди – фойдаси бўлмади. Мен ҳеч бўйин бермас, ўжарликда ўнтасидан ўтар эдим.
Биз энди уйдаги машғулотларни тўхтатсак ҳам бўларди. Асосийси, мен франтсузчани ўзлаштирдим, тилим ҳам анча-мунча келишиб қолди. Мактабдаги маш¬ғулотлар орқали билимимни мукаммаллаштириб бораверишим мумкин, олдинда ҳали неча йил бор! Ҳаммасини бирданига бошдан-охир ўрганиб олсам, кейин нима иш қиламан? Аммо буни Лидия Михайловнага айтишга журъатим етмасди. У биз ҳали шуғулланишимиз керак деб ҳисоблар, шунга кўра франтсуз тилини ўрганишдек машаққатли юмушни яна-тағин давом эттиришга мажбур эдим. Дарвоқе, шуям машаққат эканми? Менда ўзим ҳам сезмаган, кутмаган ҳолда тилга нисбатан ҳавас уйғонган эди. Бўш қолдим дегунча, ҳеч кимнинг қистовисиз ҳам луғат титкилар, дарсликдаги ҳали ўтилмаган матнларга кўз югуртириб ўтирар эдим. Жазо мен учун энди ҳузур-ҳаловатга айланди, десам ҳам бўларди. Аммо ўр-ўжарлигим ҳалиям қолмаган эди: эришолмаган бўлсам – албатта эришаман, аминманки, шу тилни мукаммал эгаллайман. Нима, менинг зувалам бошқа лойдан қорилган эканми? Лидия Михайловнаникига боришга тўғри келмаганда-ку... Ўзим, ҳа, ўзим ҳам...
Бир куни – макарон воқеасидан икки ҳафталар ўтиб Лидия Михайловна мендан:
– Хўш, энди пулга ўйнамаяпсанми? Ёки ҳалиям бирор хилватда йиғилиб олиб ўйнаб турасизларми? – дея сўраб қолди кулиб.
– Ҳозир ўйнаб бўларканми?! – дедим таажжуб аралаш дераза тарафга – оппоқ қорга ишора қилиб.
– Ўзи қанақа ўйин эди шу? Қанақа ўйналади, а?
– Нима қиласиз? – дедим ҳушёр тортиб.
– Қизиқ-да. Бир вақтлар болалигимизда биз ҳам шунга ўхшаш бир ўйин ўйнар эдик. Ўша эмасмикан, шуни билмоқчиман. Айт, айтиб берақол.
Гапириб бердим, аммо Вадик, Птаха ҳақида, кейин ўзимнинг ўйинда ишлатадиган майда ҳийлаларим тўғрисида оғиз очмадим, албатта.
– Йўқ, биз «пристенок» ўйнардик, – деди Лидия Михайловна бош чайқаб. – Шундай ўйинни биласанми?
– Билмайман.
– Мана, қара. – У енгилгина ўрнидан турди-да, сумкасидан бир нечта танга олди. Кейин девор тагидаги стулни нари сурди. – Яқинроқ кел, қара, мен тангани деворга отаман, – дея қўлидагини секин ирғитди, танга жаранглаб айланиб полга тушди. – Энди эса сен урасан, – деди Лидия Михайловна иккинчи тангани қўлимга тутқазиб. – Аммо шунисига эътибор қилгинки, танганг иложи борича меникига яқин жойга тушсин. Орасини бир қўллаб ўлчаш ҳам, уларни олиш ҳам мумкин бўлсин. Ўйиннинг яна бир номи: ўлчов-ўлчов. Етказа олсанг – ютганинг. Қани, от-чи энди.
Отдим, танга қирраси билан полга тушиб бурчакка юмалаб кетди.
– Ўҳў-ў! – деди Лидия Михайловна қўл силтаб. – Узоққа тушди. Қани, сен бошла-чи. Ёдингда бўлсин, менинг тангам сеникига тегса, ҳатто қирраси тегиб кетса ҳам – мен икки карра ютган бўламан. Тушуняпсанми?
– Нимасини тушунмай?
– Ўйнаймизми?
Мен қулоқларимга ишонолмасдим:
– Нима, сиз билан ўйнайманми?
– Нима қипти?
– Сиз – ўқитувчисиз-ку!
– Ия, нима бўпти? Нима, ўқитувчи бошқача одамми? Билсанг, ўқитувчи бўлиш, ўқитиш, фақат ўқитавериш баъзан жонга ҳам тегиб кетади. Бундай қилиш мумкин, ундай қилиш мумкин эмас, деб ҳаммавақт ўзингни тийиб туришинг керак... – Лидия Михайловна кўзларини ғалати қисиб ўйчанлик билан деразага тикилди. – Гоҳида ўқитувчи эканингни бир пасгина унутиш ҳам фойдали. Акс ҳолда, одам иси ёқмай қолади, бошқалар ҳам сен билан ўтирганда зерикади. Эҳтимол, ўқитувчи учун энг муҳими ўзини доим жиддий тутиш эмас, кимгадир ниманидир ўргата олишини англашдир. – У бир қўзғалиб олгач, бирдан хушнуд бўлиб кетди. – Болалигимда ўт-олов қиз эдим, ота-онам менинг дастимдан кўп азоб тортган. Ҳозир ҳам гоҳ-гоҳида сакраб-ирғишлагим, аллақаёқларга югургим, ҳар қандай қолипу тартиб-қоидаларни итқитиб ташлаб, хоҳлаган ишимни қилиб юргим келади. Мана шу ерда сакраган, ҳаккалаган вақтларим ҳам кўп бўлган. Агар билсанг, одам узоқ яшаб эмас, болалиги билан хайрлашган кундан қарий бошларкан. Мен жон-жон деб ҳар куни сакраган бўлардим, аммо деворнинг у ёғида Василий Андреевич яшайди-да. У жуда жиддий одам. Бизнинг бу ерда ўйин ўйнаётганимизни у билмаслиги керак, тушундинг?
– Биз ўйнаётганимиз йўқ-ку. Сиз фақат ўйин қоидасини кўрсатиб бердингиз, холос.
– Биз шунчаки, ёлғондакамига ўйнаймиз. Лекин барибир буни Василий Андреевичга сотиб қўймайсан, хўпми?
Ё тавба, дунёнинг ишларини қаранг! Кечагина пул тикиб ўйнаганим учун Лидия Михайловна мени директорнинг олдига олиб киради деб юрагим ёрилгудек бўлмаганмиди? Энди эса у мендан сотиб қўйма, деб илтимос қилиб ўтирибди. Бу ёғи қандоқ бўлди? Билмайман, нимадан экан, атрофга аланг-жаланг қараб, кўзларим пирпираганча довдираб турардим.
– Хўш, ўйнаб кўрамизми? Ёқмаса – ўйнамаймиз.
– Майли, – дея иккиланиброқ рози бўлдим мен.
– Сен бошла.
Тангаларни қўлга олдик. Лидия Михайловна бир вақтлар ростдан ҳам бу ўйинни ўйнаган экан – кўриниб турарди. Мен эса тангани деворга қай йўсинда – қирраси биланми ёки юзалабми, қандай баландликда, қаттиқроқми ва қачон отганим маъқул, дея энди-энди чамалаб кўраётган эдим. Отган тангаларим ўз-ўзидан четга учиб кетарди. Агар ҳисоблаб кўрилса, мен дастлабки дақиқалардаёқ анча-мунча пул ютқаздим ҳисоб – бу ўйинда ҳеч қанақа ҳийла-найранг ишлатиб бўлмасди-да. Ҳаммасидан бурун мен Лидия Михайловна билан ўйнаётганимдан қаттиқ хижолат чекар, қийналар ва шу сабабдан ўйинга ҳам тузук киришиб кетолмас эдим. Бунақаси ахир етти ухлаб тушимга кирмаган, хаёлимнинг кўчасидан ҳам ўтмаган эди-да. Мен ҳадеганда фикримни бир ерга жамлаёлмадим – осонми?! Аммо ўзимга келиб ўйинга жиддий киришганимда Лидия Михайловна шартта тўхтатиб:
– Э, бундай ўйнагандан маъни йўқ, – деб қолди қаддини ростлаб ва кўзини тўсиб тушган сочини силкиб орқага ташлар экан. – Ўйнагандан кейин ростакамига ўйнаш керак. Бизники нима – худди уч яшар боланинг эрмагига ўхшайди.
– У ҳолда пул тикиш керак бўлади, – дедим мен ботиниб-ботинмай.
– Бўлмасам-чи! Қўлимиздаги пул бўлмай нима? Пул тикиладиган ўйинни ўртага бошқа нарса қўйиб ўйнаб бўлмаса! Шуниси бир вақтнинг ўзида ҳам чатоқ, ҳам яхши. Биз энг кам пулга келишиб ўйнасак ҳам бўлаверади, қизиқиш уйғонади-да ҳарҳолда.
Мен чурқ этмадим, нима қилиш, нима дейишга лол эдим.
– Наҳотки қўрқаётган бўлсанг? – деди Лидия Михайловна мени гиж-гижлагандек.
– Ҳечам-да! Ҳеч нарсадан қўрқмайман мен.
Чўнтагимда чақаларим бор эди. Қўлимдагини Лидия Михайловнага қайтариб бериб, ўзимникини олдим. Нима ҳам дердик, майли, Лидия Михайловна, сиз хоҳлагандек ростакамига бўлақолсин. Менга нима, мен бошламадим-ку, ахир. Аввалига Вадик ҳам мени назарга илмаган эди, кейин ўзига келиб мушт кўтариб қолди-ку. Ўша ўйинни ўрганиб олган эдимми, демак, бунисини ҳам эпларман. Бу франтсуз тили эмас, тезгина ўзлаштириб олсам керак.
Фақат бир шартни қабул қилишимга тўғри келди – Лидия Михайловнанинг панжаси узун, шунинг учун ҳам тангалар орасидаги масофани у бош ва ўрта бармоғида, мен эса одатдагидек бош бармоғим ва жимжилоғим билан ўлчайдиган бўлдик. Бу адолатли қарор эди ва мен дарров рози бўлдим.
Ўйинни қайтадан бошладик. Хонадан даҳлизга чиқиб олдик – у ер кенг-мўлгина, ёғоч девори бир текис, танга отгани ўнғай. Биз тангани отгач тиззалаб олар, полда эмаклаб юрар, бир-биримизга туртинар, бармоқлаб масофани ўлчагандан кейин яна қаддимизни ростлар эдик. Охирида Лидия Михайловна ҳисобни айтарди. Ўйин чоғи у роса шовқин солар, чапак чалар, хуллас, ўзини ўқитувчи эмас, оддий қизалоқдек тутар эдики, бир-икки марта менинг ҳам завқим қўзиб бақирворгим келди. Асосан Лидия Михайловна ютарди, мен эса кўпроқ ютқазардим. Ана-мана дегунча саксон тийин бой бериб қўйибман. Бир амаллаб бу қарзни ўттизга туширган эдим, Лидия Михайловна тангасини узоқдан мўлжаллаб туриб отдию ҳисоб яна элликка чиқди. Мен хавотирга тушиб қолдим. Ҳисоб-китобни ўйин тугагач қиламиз, деб бошдан келишиб олган эдик. Агар аҳвол шу тарзда давом этадиган бўлса, чўнтагимда бори ҳам етмаслиги аниқ. Бир сўмдан салгина кўпроқ пулим бор ўзи. Демак, шундан оширмаслик керак, акс ҳолда шарманда бўламан!
Бир вақт қарасам, Лидия Михайловна ютишга унча ҳаракат ҳам қилмаяпти. Тангалар орасидаги масофани у панжаларини охиригача ёзмай, бармоғини букиброқ ўлчарди. Гўёки унинг бармоғи етолмаган тангага меники ҳеч чиранишсиз бемалол етса денг. Жаҳлим чиқиб кетди, сапчиб ўрнимдан турдим-да:
– Йўқ, бунақа бўлса ўйнамайман, – дедим. – Нега менга ютқазиб беряпсиз? Ҳақиқий ўйин эмас бу, ғирромлик!
– Ростдан ҳам, унга қўлим етмади, – дея ўзини оқлай бошлади Лидия Михайловна. – Панжаларим қотиб қолганми-эй, ҳеч очилмайди.
– Очилади!
– Хўп, майли, ҳаракат қилиб кўраман.
Математикада қандайлигини билмайман-у, ҳаётда энг маъқули зид томонни ёқлаб туриб исбот қилиш экан. Эртаси куни Лидия Михайловна бармоғи тангага етиши учун билдирмайгина уни берироқ суриб қўяётганини кўриб ангра¬йиб қолдим. Менга бир қараб олиб, бу найрангини яққол кўриб турганимни гўё сезмаётгандек ва яна ҳеч нарса бўлмагандек тангани суриб қўяверди.
– Нима қиляпсиз? – дедим аччиқланиб.
– Менми? Нима қипман?
– Нега тангани суриб қўйдингиз?
– Ҳечам-да, ўзи шу ерда ётган эди, – дея қандайдир беписандлик билан, анави Вадику Птахадан асло қолишмайдиган безбетона бир тарзда инкор қилди Лидия Михайловна.
Оббо! Ўқитувчи эмиш-а! Тангани суриб қўйганини ўз кўзим билан кўрдим-ку. Яна тегмадим, деб мени ишонтирмоқчи бўлади-я. Тағин, устимдан кулгани-чи! Нима, кўзи кўр деб ўйлаяптими мени? Ёки ёш бола фаҳмлаяптими? Франтсуз тилини ўргатармишлар бу кишим! Кечагина атайин ютқазишга уринганини унутиб, яна ҳийла ишлатмасмикан бу, деган хавотирда унинг хатти-ҳаракатларини сергаклик билан кузатмоққа тушдим. Буни қаранг, Лидия Михайловна одамни лақиллатиб ўтирса-я!
Ўша кун биз ўн-ўн беш дақиқагина дарс қилдик, холос. Кейинги кунлари машғулотларимиз бундан ҳам қисқарди. Энди биз тамомила бошқа нарсага берилиб кетган эдик. Лидия Михайловна менга озроқ матн ўқитар, баъзи камчиликларимни айтиб, яна бир такрорлатиб кўрар эди-да, сўнг чўзиб ўтирмай ўйинга ўтиб қўяқолардик. Икки марта оз-оздан ютқазганимдан кейин мен ҳам юта бошладим. Бу ўйинни ҳам жуда тез ўрганиб, миридан-сиригача – қаерга, қандай уришни, тангани ўлчовга солмаслик учун нима қилиш даркорлигини пухта билиб олган эдим.
Яна пулли бўлиб қолдим. Яна бозордан сут сотиб ола бошладим. Энди махсус идишчадаги яхлатилган сутдан олардим. Юзасидаги қаймоқни авайлабгина сидириб, эрий бошлаган бўлагини апил-тапил оғзимга солардим. Мазасидан бутун танам яйраб кетарди, кўзларимни юмиб олардим. Кейин идишини тўнкариб, пичоқ билан ура-ура қолганини ҳам кўчирардим-да, эригунча кутиб, қора ноннинг устидан ичиб юборардим.
Ҳарқалай, бир амаллаб куним ўтиб турарди. Яқин келажакда, яъни уруш асоратлари битгач, бахтли ҳаётга эришувимиз ваъда қилинган эди.
Лидия Михайловнанинг қўлидан пул олаётиб жуда хижолат бўлардим. Лекин буни ҳалол ютиб олдим-ку, деган ўй ҳамиша менга таскин берарди. Келинг, ўйнайлик, деб мен таклиф қилмайман-ку, ташаббус доим Лидия Михайловнанинг ўзидан чиқади. Мен эса рад этишга журъат қилолмайман. Назаримда, ўйиндан у роса маза қиларди: мени тортқилар, кулар, хуллас, жуда яйрар эди.
Оқибати нима бўлишини билганимизда-ку...
...Рўпарама-рўпара тиззалаб олганча ҳисоб устида талашаётган эдик. Сал олдин ҳам нимагадир тортишиб олган эдик ўзи.
– Тушунсанг-чи, ҳой хомкалла, – дея қўлларини пахса қилиб Лидия Михайловна менга гап уқтирмоқчи бўларди. – Сени алдаб нима қиламан? Ҳисобни мен чиқараман ахир, сен эмас, ҳар ҳолда, сендан яхшироқ билсам керак буни. Мен кетма-кет уч марта ютқаздим, ундан олдин «чикка» бўлган эди.
– Унисини қўйиб туринг.
– Нега қўяр эканман?
Бир-биримизга гал бермай бақир-чақир қилиб ётганимизда ҳайратангиз, аммо қатъий, жарангдор овоз эшитилди:
– Лидия Михайловна!
Қотиб қолдик – эшик олдида Василий Андреевич турарди.
– Лидия Михайловна, нима гап? Бу ерда нима бўляпти ўзи?
Лидия Михайловна секингина ўрнидан турди. Юзлари бўғриқиб, тўзғиб кетган сочини текислаган бўлди:
– Василий Андреевич, киришдан олдин эшикни тақиллатсангиз бўларди...
– Тақиллатдим. Ҳеч ким жавоб бермади-да. Хўш, айтинг-чи, нима бўляпти бу ерда? Директор сифатида билишга ҳаққим бордир.
– Ўйин ўйнаётган эдик, – деди Лидия Михайловна хотиржамгина.
– Пулга ўйнаяпсизми? Шу билан-а?! – деди менга ишора қилиб Василий Андреевич. Қўрқанимдан бирон ерга беркиниб оларман дея эмаклаганча тўсиқ орқасига ўтиб кетдим. – Ўқувчингиз билан ўйнаяпсизми? Шунақа шекилли?
– Ҳа, шунақа.
– Биласизми... – Худди ҳаво етишмаётгандек директор бўғилиб қолди. – Тўғриси, ҳозир сизга нима дейишга ҳам ҳайронман. Бу – жиноят! Йўлдан озиш. Ёш болани ахлоқсизликка бошлаш дейдилар буни. Яна, яна... Йигирма йилдан бери мактабда ишлаб ҳали бунақасига дуч келмаган эдим... – У таажжубдан қўлларини боши узра кўтарди.

* * *
Уч кундан сўнг Лидия Михайловна жўнаб кетди. Кетишидан бир кун олдин, мактабдан қайтишимни кутиб турган экан, мени уйгача кузатиб келди.
– Юртимга – Кубанга бораман, – деди у хайрлашаётиб. – Тинч-хотиржам ўқийвергин, анави бемаъни воқеа учун ҳеч ким сенга ғиқ этолмайди. Ҳаммасига мен сабабчи. Сен фақат ўқишни ўйла. – У сочимни бир тўзғитиб қўйди-да, кетди.
Шу-шу, қайтиб уни кўрмадим.
Қиш кунлари эди, таътилдан сўнг мактабга менинг номимга почтадан бир қути келди. Мен яна зина остидан болтани олиб уни очдиму бир текисда зич қилиб терилган макаронни кўрдим. Тагидан эса пахтага ўроғлиқ уч дона қизил олма чиқди.

Мен олмани расмдагина кўрган эдим, лекин ҳозир қўлимда ушлаб турган нарса олма эканини дарров билдим.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика