Қўшиқ ҳам сўнади (ҳикоя) [Vohid Ismoilov] |
У бўш вақт топди дегунча, шаҳар марказига – икки чети бўйлаб ҳовли-жойлар тизилиб кетган кўчага жўнайди. «Бахтлар водийси» деб аталадиган бу кўча унинг учун бир мўъзиза, сирли олам бўлиб туюлади. Бундан бирон-бир наф чиқадими-йўқми, унга барибир, ўша ерга шошилаверади. Саратоннинг жазирама, қишнинг қаҳратон кунларида, момақалдироқ гумбурлаб, ёмғир шаррос қуйиб юборадиган кўклам кезларида ҳам қатнагани-қатнаган. «Бу унинг кўчаси» дея ҳаяжон билан шивирлаб қўяди у. Ҳув анави ўн иккинчи уйда Шодия яшайди. Шодия! Бу номни ҳар гал такрорлаганида эндигина ўн етти ёшга тўлаётган Моҳирнинг томирида қони қизиб, эҳтиросдан энтикар, қизнинг исми гўзаллигидан, нафислигидан завқланар эди. Баъзан у беихтиёр қайларгадир тикилганича тек туриб қолади. Орзу ва хаёллар оламига парвоз қилади. Ширин ўйлари бирданига хаёл оламидан чиқиб, ҳақиқатга айланишини истаб қолади. Кўча бўйлаб борар экан, қизнинг иффат нури билан ёритилган чеҳраси унинг кўз олдида порлаб кўринар, оламнинг гўзаллигини, яшаш ва севиш қандай соз эканлигини бутун вужуди билан ҳис қила бошларди. Ҳа, бу қиз деб яшаса, унга интилса, унинг йўлида жон фидо қилса арзийди. Табиатан жуда зийрак, ҳамма вақт одамга эл бўлиб кетадиган бу йигит гўзаллик шайдоси эди. Нафақат инсон жисмидаги гўзаллик, балки қалб гўзаллиги, туйғулар жилоси ҳам ўзига ром қиларди. Энди бўлса, шу мусаффоликни, энг юксак эзгулик ва иффатни у Шодия исмли моҳтобон қиз тимсолида кўриб қолди. Кўрдию тинчлиги бузилди, ороми йўқолди, ҳузур-ҳаловатидан айрилди. Билиб-билмай ишқ ўтида ўртана бошлади. Соҳибжамол дилбар қиз ҳеч эришиб бўлмайдиган олис юлдуз янглиғ унинг хаёлида учиб борарди. * * * Кўз очиб юмгунча киши қалбига маъюслик бахш этувчи сентябр ойи ҳам етиб келди. Москвада ўқиётган Моҳир ёзги таътилни Тошкентда, ўз уйида ўтказди. «Ўқишимга уч-тўрт кун кечикиб борсам, осмон узилиб ерга тушмас», деб хаёлидан ўтказдию қизни топиб у билан узил-кесил гаплашишни мақсад қилиб қўйди. Иккинчи сентябр куни, ниҳоят, қачонлардан буён ўйлаб юргани рўй берди. Сайилгоҳ кўчасидан юриб бораётган Моҳирнинг кўзи рўпарасидан келаётган Шодияга тушди. «Ана, у!» деб юборди ички бир нидо. Қизнинг эгнида хонатлас кўйлак, ипакдай жилваланаётган қора сочлари тепасига турмакланган, хушбичим оёқларида тўқ пуштиранг ялтироқ туфли, қўлида чиройли аёллар сумкаси. Ёздагидай қиздираётган сентябр қуёши нурларида у лаълдай ёниб, хиромон юриб келаётганди. Ҳа, у ёш ва гўзал, бутун олам оёғи тагида! Теварак-атрофдагилар унга суқланиб қарашади. Моҳир ғайриихтиёрий равишда унинг орқасидан эргашди. Шодия университет биносининг иккинчи қаватига чиқиб, кўпчилиги рус талабалар бўлган аудиторияга кириб кетди. Сал ўтмай қўнғироқ чалинди. Бир рус муаллима ўша аудиторияга кираркан, орқасидан эшик ёпилди. «Демак, иккинчи сменада ўқиркан», деб қўйди Моҳир ичида. У аудитория рақамини коридорда осиғлиқ дарс жадвалидан топиб, куйдирмажон қизнинг шарқшунослик факултетининг иккинчи курсида ўқиётганини билиб олди. Эртаси куни бутун борлиғи билан ҳис-ҳаяжонга тўлиб-тошаётган Моҳир қизнинг кўчасига ўтди. Муюлишда туриб уни кута бошлади. Қуёш тик келиб қолган пайт эди. Ана Шодия! У дарвозадан чиқиб тўппа-тўғри Моҳир турган томонга қараб юриб кела бошлади. Олдинига Моҳир азборойи довдираганидан нафаси чиқмай қолди. Лекин тезда ўзини қўлга олди. Энди у бундан икки йил аввалги тортинчоқ Моҳир эмасди. У шахдам қадам ташлаб, қиз томон юриб кетди. Қизга яқинлашгач, гўёки кўп замонлардан бери таниш одамдай шўх ва жарангдор овозда хитоб қилди: – Мана шу ажойиб қизнинг исми Шодия! Қани, рухсатиз билан қўлиззи беринг-чи, бир кўришиб қўяйлик. Моҳир ўзини шодон тутган ҳолда қўлини қизга чўзди. Ҳар бир одам учун ҳар доим энг ёқимли эшитиладиган сўз унинг ўз исмидир. Шодия ҳам кўтаринки руҳда жаранглаб эшитилган ўз исмидан юз-кўзи порлаб кетдию қўлини Моҳирга қандай узатганини ўзи ҳам сезмай қолди. Қизнинг момиқ пахтадай оппоқ, иссиққина кафти ўз кафтида турганидан Моҳирнинг бутун бадани жимирлаб кетди. Шу лаҳзада у ёруғ оламдаги ҳамма нарсани унутди ва фақат унинг лабларига ва кўзларига тикилганча туриб қолди. Унинг назарида қиз янада очилиб кетганди. У жуда бўй етган, бежирим, ўзига ишонган, ақли расо, муомалани ўрнига қўядиган ва ҳар қандай одамни ўзига мафтун эта оладиган аслзода қизларнинг бориб турган вакиласи эди. – Кечирасиз, кўзимга иссиқ кўриняпсиз-у, лекин таний олмаяпман, – деди у майин товуш билан, қўлини аста-секин бўшатаркан, Моҳирга очиқ ва тик боқиб. Моҳир жилмайиб қўйди. – Шаҳар ўқувчилар саройида кўзингиз тушган бўлиши мумкин. – Э, ҳа, эҳтимол шундайдир, – қиз ҳам табассум билан жавоб қайтарди. – Ўқишлар қалай кетяпти? – Ўқишлар бор-йўғи энди бошланди. Бу саволга жавоб бериш ҳали эрта деб ўйлайман, – қизнинг ҳушёрлиги ва синчковлиги, айни пайтда дадиллиги, кескинлиги ва ўзига ишончи зўрлиги билиниб турар, булар иродаси кучли ва эътиқоди қатъий одамга хос бўлган хислатлар эди. Моҳир ўйчан ҳолатда қизга тикилди. – Шодия, айтинг-чи, нега ёзган хатларимга жавоб берай демадингиз?! – Қанақа хат, тушунмадим? – ҳайрон бўлиб сўради қиз. – Москвадан ёзган қанчадан-қанча хатларимга. – Эҳ, бу сиз эдингизми? Қизнинг тимқора кўзлари ҳайратдан янада каттароқ очилиб кетди. Моҳир «ҳа» деяётгандай ғамгин кўринишда бош ирғади. – Биласизми Моҳир, мени дадамнинг ёшликдан бирга ўсган дўстининг ўғлига унашиб қўйишган. Яқинда тўйимиз бўлади! Моҳир умрида фақат бир марта, Серёжа бел аралаш чап буйрагига орқа томонидан аёвсиз тепганида ярим ҳушини йўқотган эди. Ҳозир эса у иккинчи марта ҳушидан кетишига сал қолди. Бутун умидлари бирдан чилпарчин бўлганди. Кўз олди қоронғилашиб, еру осмон чархпалак бўлиб айлана бошлади. – Мен эса сизни шу қадар севаманки, буни сўз билан ифодалашга ожизман, Шодия. Орзу-умидларимнинг, сизга бўлган эзгу ниятларимнинг чек-чегараси йўқ. Энди бўлса ҳаммаси тугабди, ҳаммасига нуқта қўйилибди. Моҳир ғамгин қиёфада тикилди. – Бунчалик тушкунликка тушмаслигингиз керак. Бу дунё мендан бошқа қизларга ҳам тўлиб-тошиб ётибди. Истаганингизни танлаб олишингиз мумкин. Ахир сиз йигит кишисиз-ку! – Гап бунда эмас, – деди Моҳир қулт ютиниб. – Сиз мен учун дунёда ягона қизсиз. Оламда энг дилбар, энг гўзал қизсиз! Рост, рост, Шодия. – Майли, мен борай. Дарсга кечикмаслигим керак, – деди қиз нафис қўл соатига қараб қўяркан. – Озгина сабр қилинг, Шодия. Моҳир қизнинг оппоқ билагидан ушлаб, уни тўхтатди. – Модомики шундай экан, айтинг-чи, нега ўша биринчи хатимгаёқ жавоб ёзиб, мени тинчитиб қўя қолмадингиз? – Нима десам экан... Сир бўлсаям, ўзингизга айта қолай. Xатни шунақанги чиройли ёзаркансизки, мен уларни ҳузур қилиб ўқирдим. Навбатдагиларини эса тоқацизлик билан кутардим, – қиз шунақанги чиройли қилиб кулдики, гўё теварак-атроф янада яшнаб кетгандек бўлди. – Буни қаранг-а, сиз бу ёқда хатларимни ҳузур қилиб ўқийверибсизу, мен бўлсам у ёқда бир-икки сатргина жавобингизга зор-зор бўлиб, асабларим қақшаб юраверибман-да. – Узр, Моҳир! Бу томонини ўйламабман. Э, йўқ, ўйлагандим ҳам, лекин хатларингизнинг тўхтаб қолишини истамагандим. – Қиз уялди шекилли, ёноқлари қизариброқ ерга қаради. – Шодия, шахсий ҳаётингизга аралашмоқчи эмасман. Сизни жонимдан ҳам ортиқ кўрганим учун билмоқчиман. Сиз... ўша йигитни севасизми? – Очиғини айцам, у билан ҳали бир оғиз ҳам гаплашмаганман. Фақат тўй-ҳашамларда бир-икки марта кўрганман, холос. – Ана холос! Гаплашиб ҳам кўрмагансиз, қандай одам эканлигини ҳам билмайсиз, лекин шунга қарамай, турмушга чиқиб кетавераркансиз-да! – Ҳар ҳолда, ота-онам мени ёмон одамга узатишмасалар керак, – қиз чуқур ўйга толганча Моҳирга тикилиб қолди. – Балким, ота-онангизга қулоқ солиб тўғри қилаётгандирсиз. Лекин дунёда юрак, қалб, севги, меҳр-муҳаббат дейдиган нарсалар ҳам бор-ку, ахир. Наҳотки сиз уларни ҳисобга олмасангиз? – Мен уларга ишонмайман. Севги, муҳаббат, – қиз кулиб қўйди, – улар фақат китобларда ёзилади, киноларда кўрсатилади. – Кечирасиз, Шодия! Бу гапингизга қўшилолмайман. Мен сизни сўнгги нафасимгача, агарда мавжуд бўлса нариги дунёда ҳам севганимча қоламан! – Моҳир изтиробга чўккан кўзларини қизининг маъюс тортаётган кўзларига тик қадади. – Албатта, бунинг учун сизга чин дилимдан раҳмат дейман. Сезиб турибман, дуруст йигит кўринасиз. Лекин, начора!.. Агарда... агарда унаштирилмаганимда сизни ўйлаб кўрган бўлардим, – деди қиз бир оз сукунатдан сўнг ўйчан бир ҳолатда. Қизнинг охирги сўзлари Моҳирга «севаман» сўзидан ҳам азизроқ ва қимматлироқ бўлиб эшитилганди. – Демак, сизни бир умрга, мангуликка йўқотарканман-да, Шодия! Сираям ишонгим келмаяпти, – Моҳирнинг овози зўрға, ич-ичидан титраб чиқди. – Xоҳишингизни бажо қила олмаганим учун узр, Моҳир. Сизнинг бахтли бўлишингизга жуда ишонаман. Мендан эса, ҳечам хафа бўлманг, хайр! – Қиз қўл бериб хайрлашди-да, келган йўлидан яна тўғрига қараб юриб кетди. Ягона умидидан, бутун вужуди билан, жон-жаҳди билан севган қизидан айрилган Моҳир, ўзининг бор-йўқлигини унутганча унинг орқасидан қараб қолди. Орзулари барбод бўлган, ишончлари соврилган Моҳир ғам-ғусса чекиб, кўзига ҳеч нарса кўринмай, қулоғига ҳеч нарса эшитилмай, худди маст кишидек гандираклаб кетиб борарди. Ҳа, у маст эди, қизнинг жамолидан, унинг нозик қўлларидан маст эди. Кўз ёшлари юзини ювиб тушар, бошини қуйи солганча қизнинг кўчасидан сўнгги марта, дарвозасига сўнгги марта нигоҳ ташлаб ўтаркан, аллақандай шеърни эшитилар-ешитилмас ёддан ғўлдиради: Чекил лира! Қўшиғим тамом! Куйим аста сўнди ва топди барҳам, Дардим бир шарпадек чўкди бу айём. Нурафшон кўп олис ёқларга бу дам. Чекил лира! Қўшиғим тамом! Бир замон жўшардим дарахт тубида, Куйлардим ўрмонда, қайнарди илҳом. У дам ёш, бахтиёр, дадилдим жуда. Энди-чи куйлашга қолмади мажол, Кўзёши келади, йўқ дилда ором. Кўча кезаман ўйчан ва беҳол. Чекил лира! Қўшиғим тамом!.. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Qoʻshiq ham soʻnadi (hikoya) [Vohid Ismoilov] 559 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62430 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23313 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21839 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |