Машъум туз (ҳикоя) [Xedli Barker]

Машъум туз (ҳикоя) [Xedli Barker]
Машъум туз (ҳикоя) [Xedli Barker]
Герберт Долишнинг фикрича, анави имиллаган офитсиант қиз бўлмаганида у қотилга айланмаган бўларди.
Поезд кетишига ўн дақиқа қолганида очликдан қорни сурнай чалаётган Герберт стантсия тамаддихонасига кирди. Офитсиант қиз судралиб қадам босиб унинг олдига келди, Долиш эса жойида ўтиролмас, тинмай соатига қарарди. Унга таом келтиришганида поезд кетишига бор-йўғи икки-уч дақиқа қолганди.
Чойни чала-чулпа ҳўплаган Герберт перронга ўқдек етиб келди, аммо поезд жойидан силжиган ва у одатда йўловчи ҳамроҳлар билан қарта ўйнаб кетадиган вагон анча олдинда эди.
Ажойиб қарта ўйини ҳақидаги фикрдан воз кечган Долиш сўнгги вагонга зўрға осилиб чиқиб олди.
У юк халтасини орқасига осганча ягона йўловчи ўтирган купега кирди. Йўловчи башанг кийинган, бўйинбоғ таққан олифта эди. Олифта Долишга бир сидра кўз ташлагач, юриб кетаётган поездга сакраб чиқиш хавфли эканлиги ҳақида минғирлади. Кейин эса Долишдан фарқли ўлароқ кетаётган поездга сакраб чиқолмаган ва ғилдирак остида қолиб кетган аллақандай Томас Биггс ҳақида батафсил ҳикоя қилди.
Бу пайтда қотиллик қилиш хаёлида йўқ бўлган Герберт олифтага тикилиб турарди. У аҳмоқ одамларга тоқат қилолмасди, рўпарасидаги ҳамроҳи унга ана шундай аҳмоқлардан биридек туюлди. Аммо у қарта ўйнашни таклиф қилгач, Долиш қувончдан сакраб юборишига сал қолди. У ашаддий қартабоз бўлгани учун бу таклифга дарров рози бўлди.
-Менда қарта бор,-деди Герберт қўлини чўнтагига солиб. Бармоқлари қаттиқ нарсага урилди. Долиш чўнтагидан тўппонча чиқарди.-Қўрқманг,-деди у кулимсираб ва қуролни стол устига қўйди.-Мен талончи эмасман. Бугун тасодифан сотиб олдим. Маҳаллий тирда тўппончадан ўқ отиш бўлими очилганди. Ишонаверинг, бу жудаям зўр спорт.
Ҳамроҳи бош ирғади.
-Майлими,-деди у ва тўппончани қўлига олиб томоша қилди.-Зўр қурол! Жин урсин, ўқланган экан!
-Ҳм... ўқ ҳам сотиб олгандим, аммо ташвишланманг. Хўш, нима ўйнаймиз? «Олтмиш олти»ни биласизми?
-Ҳа, ўйнаганман. Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир марта...
Герберт қарта тарқатишни бошлади.
-Қанчадан тикамиз?-сўради у.
-Беш шиллингдан тикамиз, бўладими?
Долиш ажабланди. Одатда у бунчалик катта пулдан ўйнамасди, аммо ўз тажрибасига ишониб таклифга эътироз билдирмади.
Гербертга рўпарасида ўтирган бўйинбоғли олифта шунчаки ҳаваскор эмаслиги тез орада аён бўлди. У қарталарни эпчиллик билан аралаштирар, тарқатарди.
Долиш ютқаза бошлади. Беш шиллинг, ўн, ўттиз беш, эллик... У олти фунт ютқазиб қўйди. Асабийлашганидан юзлари қизариб кетди. У энди ютиш учун астойдил ўйнай бошлади. Аммо поезд Четемга етиб келгунча қирқ беш фунтдан айрилди. Пулини қандай қилиб бўлса ҳам қайтариш мақсадида Долиш ўйинни давом эттирди. Ваҳимадан унинг юраги така-пука бўлаётганди. Унинг омади келмас, тинмай ютқазарди. Бугун қарзлари учун пул тўлайдиган кун. Ҳозир ютқазаётган пуллари айнан қарзни тўлашга мўлжалланганди...
Етмиш фунтни бой бергач, Герберт ўзини орқага ташлади ва қалтироқ қўллари билан пешонасидаги терни артди. Унинг ранги оқариб кетган, лаблари пирпираб учарди.
-Афсуски,-деди у,-мен ўйинни давом эттиролмайман. Ёнимда бир шиллинг ҳам қолмади.
-Ростданми? Майли, ошна, омадингиз келмади. Афсус, ўйин зўр кетаётганди.
-Менга қаранг,-деди Герберт сохта табассум қилганча,-биламан, илтимосим ғалати, лекин... ютган пулларингизни менга қайтариб бера оласизми? Кейин қайтараман, аммо ҳозир... Биласизми, мен...
Қартабоз унга кўз қири билан қаради ва хохолаб кулди.
-Қойил! Уйга боришим билан хотинимга айтаман. Кулавериб ичаги узилиб кетса керак. Ютқаздингизми, ошна, ютқаздингиз. Мен сизга хайрия жамғармаси эмасман.
-Илтимос,-ёлворди Долиш.-Мени нотўғри тушундингиз...
-Сизга маслаҳатим, ошна, бу пулларни унутинг ва...
-Қўлингни кўтар!-хириллади Долиш тўппончасини ўқталиб.
Айни дақиқаларда ҳам у қотиллик қилишни ўйламаётганди. У шунчаки қартабозни қўрқитиш ва ундан ютқазиб қўйган етмиш фунт пулини қайтариб олишни хаёл қилаётганди.
Аммо олифта кутилмаганда Долишга ташланди. Долиш қўрқиб кетиб тепкини босди.
Қартабоз худди латта-путта солинган қопдек ерга қулади. Унинг пешонасидан тирқираб қон чиқди.
Долиш ўзига келди ва энди нима қилиш кераклигини ўйлай бошлади.
У жасадни поезддан улоқтириб ташлаш учун энгашди ва унинг қўлида соат борлигини кўриб қолди. Долиш соат милини орқага-ўнтакам олтига суриб қўйди. Жасад ерга тушганида зарбадан соат тўхтаб қолади ва политсия у бундан олдинги поездда ўлдирилган деб ўйлайди.
У купе эшигини очди, жасадни улоқтирди ва енгил нафас олди.
Скотланд-Ярд инспектори Веннер Лондон электропоездига эрталаб саккизу қирқда ўтирди. Купеда икки киши ўтирганди. Бир оздан сўнг улар Долишни ҳазил-ҳузуллар билан қарши олишди. Ўн йилдирки тўрталаси ишга битта купеда, манзилга етгунча қарта ўйнаб кетишарди.
-Қарта эсингдан чиқмадими?-қичқиришди ҳамроҳлар.-Кеча кечқурун қаерда эдинг?
-Кеч қолиб кетдим,-деди Долиш.-Охирги вагонга зўрға чиқиб олдим. Кеча соат бешдаги поездда юз берган қотиллик ҳақида ўқидингларми?
Долиш узатган қартани санаётган Смит бош силкиди.
-Бечоранинг боши мажақланиб кетибди. Веннер, газетада ёзилмаган бошқа маълумотлардан ҳам хабаринг бордир?
-Кўп нарсадан хабарим бор, фақат айтиб бўлмайди,-деди инспектор.-Қотиллик юз берганидан уч соат ўтгач, мени жасадни кўришга чақиришди.
-Менга қара, Долиш,-деди Смит,-қарта оз-ку. Машъум туз қани?
Смит туз қарғани шундай атарди.
-Чўнтагимда қолиб кетибди, шекилли,-деди Герберт.
-Чўнтакдалиги аниқ, фақат сенинг чўнтагингда эмас,-деди кутилмаганда Скотланд-Ярд инспектори.-Адашмасам, мана у.
Веннер шу сўзларни айтиб туз қарғани стол устига қўйди.
-Қойил! Худди ўша етмаётган туз!-қичқириб юборди Смит.-Веннер, бу қартани қандай қилиб олиб қўйдинг?
Веннер Долишга қаради.

-Жаноб Долиш, -деди у Гербертнинг елкасига қўлини қўйганча,-қанчалик оғир бўлмасин, мен сизни ҳибсга олишим шарт. Бу туз ўлдирилган шахснинг кийими енгидан топилган...
Mualifning boshqa asaralari
1 Mash’um tuz (hikoya) [Xedli Barker] 318
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика