Қор кўп ёққан қиш (қисса) [Xolida Isroil] |
Юлдуз чироқ хира ёритиб турган хонада деярли яланғоч ҳолда чўзилиб ётарди. Унинг ранги бўзарган. Узун киприклари билинар-билинмас титрар, лабларининг ҳам титраётганини ҳисобга олмаганда, яқин-яқингача гўзаллиги билан ҳаммани мафтун этадиган бу қизда ҳаётийликдан асар ҳам қолмагандек туюларди. Каравотдан осилиб қолган бир қўлида ҳали ҳам чекиб тугалланмаган тамаки атрофга қўланса ҳид таратиб ўзи-ўзидан ёниб тугаётганди. Кулга айланган қисми дам-бадам ердаги гиламга тўкиларди. Тамакининг сўнгги чўғи бармоқларини куйдиргандагина Юлдуз сергак тортди. У кўзларини зўрға очиб, қўлидаги тамаки қолдиғини бўсаға томонга отди-да, яна кўзини юмиб олди. Бояги гўзал боғлар, отилиб турган фавворалар, зилол сувлар унинг кўз олдида яна пайдо бўлди. Булар унинг орзу қилган тушларидаги жаннат макони эди. У, паризоддек узун оқ кўйлагини ҳилпиратиб дов-дарахтлар, зилол сувлар, ям-яшил чаманзорлар устидан учиб борар, булутлар узра, дарахт япроқларида, тўлқинланиб оқаётган сув юзасида акс этар, қаердандир сувратга олиш аппаратининг вижиллаган овози, режиссёрнинг мақтовлари, қарсаклар эшитиларди. Кимлардир унга даста-даста гул отарди. У, гулларни тутиб олишга улгуролмай, тобора гулларга ғарқ бўлиб борарди. Уни бир тўп бир-биридан келишган, барно, чапдаст йигитлар бошлари узра баланд кўтардилар. Катта бир йиғинга — ажойиб гўзал мусиқа янграб турган, тўрт томони, шифтлари, ҳамма ёғи ял-ял қилиб кўзни қамаштирадиган бир ажойиб қасрга олиб киришди. Қиз уларнинг ичидаги энг суюкли йигитни танлаб рақсга тушарди. Йигит унинг қулоғига нималарнидир пичирларди. Унинг боши ғувиллар, кўз олдида дунё бамисоли чирпирак бўлиб айланарди. Юлдуз бошини кўтариб шифтга, чор атрофга қаради. Ҳаммаёқда у ўзини кўрди. Ўзини тутолмай қаҳ-қаҳлаб кулар, қўшиқ айтарди. Кўзлари учқунланар, тиззалари титрарди... Бу шодликнинг, томошаларнинг адоғи йўқдек туюларди... Тун ярмидан оққан. Ташқаридан мотосиклнинг тариллаган овози келди-ю, тезда ўчди. Дунёдаги ҳар қандай шаҳарга ўхшаш бу ораста гўзал шаҳарда ҳам кўп қаватли бинолар, текис йўллар, гулзорлар, боғларнинг гўзаллиги таърифга сиғмасди. Бу кўчаларда ерли аҳолининг оддий кулбалари ҳам бор эди. Баланд-пастликлар қишда қор-музликка, баҳорда эса ботқоққа айланарди. Ҳаммаёқда уюм-уюм ахлатлар йил ўн икки ой киши чидаб бўлмайдиган қўланса ҳид тарқатиб турарди. Бу кўчаларда зиёлилар деярли яшамайди. Бу кўчаларда туғилиб вояга етадиган ёшлар ҳам юқоридаги обод-озода кўчаларнинг болаларига ўхшамасди. Улар ҳам ота-оналари каби гўдак вақтлариданоқ мактабдан қочишга бошларди, жамиятнинг ҳамма қозонларида қайнаб, инсоннинг ҳамма ифлосликларини кўриб, пишиб етилишади ва ўзларига жуда кўп разил иллатларни юқтириб олишади. Шу тобда хира ёритиб турган кўча чироқлари остида ўн уч-ўн тўрт ёшлардаги, уст-бошлари исқирт уч ўғил бола шумшайиб, бир ўрам тамакини навбатма-навбат чекишиб ўтирарди. Бир вақт бир йигит улар олдидан мотосиклини тариллаб ўтиб қолди, улар сергакланиб, бошларини кўтариб қарашди, мотосиклчи ёлғиз эмас, ортидан бир ёш қиз ҳам бўлиб, йигитни белидан маҳкам қучоқлаб олганди. — Анави қизни кўрдиларингми? — деди шерикларидан ёши каттароғи ёнидагиларга — маст бўлиб қолибди, роса отибди, ўзиям... кимнинг қизи бўлдийкин?.. — Э, уни қўявер, сенга бизнинг фикримиз маъқулми, йўқми, шундан гапир, — деб ғудранди иккинчи бола. Бироз жимликдан кейин: — Сизларни билмайман-у, аммо менинг нотаниш ўлкага боришга сира оёғим тортмаяпти, — деди. Буни эшитиб, бошқалари жим бўлиб қолишди. Мотосиклчи ўнқир-чўнқир, тор кўчалардан сакраб-сакраб ўқдек учиб бораркан, бир муюлишда тўхтади. Рулдаги йигит бир оёғини ерга тираб туриб, мотосиклдан тушиб, узоқлашиб кетаётган қизнинг орқасидан баланд овозда деди: — Демак, ваъда шу — эртага соат роса иккида олиб кетгани келаман! Сўнг мотосиклини ортига буриб, яна тариллатганча учириб кетди. Юлдуз ҳар галгидек уйида юрагини ваҳима босган кўйи узоқ ўйга толиб ўтирди. У эшикнинг тақиллашидан қўрқарди. Ёнидаги деразадан йўлга тушиб турган чироқ нури онасининг ҳанузгача ухлолмай ўйга чўмиб, паришон бўлиб ўтирганидан дарак берарди... У тикув машинасининг бирдай ғириллаган овозига қулоқ солди. Онасининг озғин гавдасини, ич-ичидан хўрсинишини, тикув машинаси олдида ўтириб, қўлининг орқаси билан дам-бадам белига уриб-уриб қўйишларини кўз олдига келтириб, кўнгли бузилди. У онасининг ич-ичдан хўрсиниб жим ўтиришидан кўра, қизини ургани, уришгани минг карра аъло эди... Тикув машинаси эса бир меъёрда ғирилларди, ёқимсиз, ҳиссиёциз, зерикарли бу овоз худди онасининг ҳаётига ўхшарди... Аммо у онасига, унинг тикув машинасининг ғириллаб ишлашига ўхшаб кетадиган зерикарли ҳаётига ҳавас қилмасди. У гўзал кино юлдузи, атоқли қўшиқчи бўлиши, Шинжонг билан Урумчи оралиғида тайёрада қатнайдиган, юлдузли меҳмонхоналарда турадиган, кунига ўн минг, юз минг юанни бемалол сарф этадиган катта савдогар бўлишни орзу қиларди. У қаҳвахонага кириб-чиқиб юрадиган савдогарларнинг ана шундай кишилар тўғрисидаги гап-сўзларини эс-ҳушини йўқотгудай бўлиб эшитарди. Доимо кўзгудан ўзининг гўзал ҳусни жамолини кўрганда у орзуларининг сўзсиз амалга ошишига ишонар, дунёдаги энг гўзал қизларга ҳам парво қилмайдиган эркак зотининг ҳеч бирини бир чақага олмасди. Бир куни синглиси Қундуз мактабдан келиб, «Синфдошларим мени ўз давраларига қўшмай қўйишди, опанг бузуқ, гиёҳванд дейишаяпи. Мактабда бош кўтариб юролмайдиган бўлиб қолдим, энди ўқимайман» деб туриб олганди. Онаси, «Жоним болам, мактабга бормасанг, нима иш қиласан? Сен ҳам опангга ўхшамоқчимисан ё деб, синглисига қўшилиб йиғлаб юборди. Онаси билан синглисининг гаплари унинг юрагига ўқдек санчилганди. Ахир, у ҳам одам. Ниманинг яхши, ниманинг ёмон, ниманинг шараф, ниманинг номус эканлигини фарқлай олади. У шундай мулойим, тиришқоқ синглисининг ўқишдан борган сари совиб кетаётганини, хулқи ўзгариб бораётганини сезиб турарди. Бироқ, у одатланиб қолган турмуш бамисоли тубсиз жарликка ўхшарди. Ундан қутулишга урингани сари баттар тубанлашиб борарди. У илгари гиёҳвандликни неча бор ташламоқчи бўлди, аммо ташлаёлмади, бунга журъати, иродаси етмади. Ўйлай-ўйлай, охири ўз жонига қасд қилмоқчи ва шу йўл билан ҳаммасига барҳам бермоқчи ҳам бўлди. Аммо зулмат ишғол этган қалбининг бир ерида заифгина бўлса-да, бир ёруғлик унга яна умид бағишлагандай бўларди. Бироқ тарки одат амри маҳол деганларидай, у яна ўша зулмат сари юриб кета бошлади ва уни Аҳмаднинг «қопқон»ига туширди. Аҳмаднинг қўлига тушган қиз қутулиб бўпти! Унинг енгил машиналари, ўнлаб мотосикллари, ёвузликда уччига чиққан каллакесарлари бор. Қочиб қутулмоқчи бўлган қизларни осмондан бўладими, ерининг тагидан бўладими, тутиб кела олади. Ота-оналари уйига, ертўлаларга қамаб қўйган қизлар ҳам уларнинг чангалидан қутулолмаган. Илгари баъзи қизлар қаршилик ҳам кўрсатган, соқчиларга маълум қилиб ҳам кўрган, аммо аниқ жиноий далиллар етарли бўлмагани, ҳаммадан ҳам Аҳмаднинг суянчиқлари кўп бўлгани боис, улар ҳам ҳеч нарса қилишолмаган. Битта Юлдуз уларга қандай қилиб бас кела оларди? Кеча Юлдузнинг «йигити» Ёлқин Xитой томонга бормоқчи эканини, у ёқда бир неча йил туриб қолишини айтиб, Юлдуз билан хайрлашаркан, унга бир асил матодан қимматбаҳо кўйлак совға қилди. Бу ҳар қандай қизнинг орзусидаги кўйлак эди. Қурияда тикилган бу кўйлак шаҳардаги энг катта кийим-кечак дўконида бир неча ой осиғлик турган. Уни кўрган қиз-жувонларнинг кўзларидан ўт чақнаган эди ўшанда. Таърифини эшитганлар уни харид қилолмасалар-да, бир кўриш учун ҳам атайлаб дўконга келишарди. Ўша кўйлак охири Юлдузнинг қўлига тушди. У кечга томон шу кўйлакни кийиб, Нигора, Зулфия, Анораларнинг юрагига ўт солгиси, ўзини уларга кўз-кўз қилгиси келди. У, кўйлакнинг ерга тегай-тегай деб турган этагини бир қўли билан хиёл кўтариб қаҳвахонага кириб келганда, хира ёниб турган чироқ остидаги сонсиз ўриндиқларда жуфт-жуфт бўлиб кайф-сафо қилиб ўтирганларнинг деярли ҳаммаси унга маъноли қараб, бошларини чайқаб қўйишди. Унинг сарвдек қоматига еб қўйгудек, суқланиб тикилишди. Қизларнинг катта-катта очилган кўзларидан, ичларини уриб қарашларидан уларнинг вужудини ҳавас билан бирга ҳасад ўти ёндираётганини пайқаш қийин эмасди. Юлдуз ўша кўзларда, ўша ифодаларда ўз ғалабасини кўргандай бўлди. Юлдузга худди шуниси керак эди. У атайин манекенларга тақлид қилиб, бели ва кўксини эркин тутган ҳолда тўрдаги бўш ўриндиққа қараб юрди. Унинг кўзи узун, ингичка оёқларини чалиштириб, оғзидан ҳалқа-ҳалқа тамаки тутунини чиқариб ўтирган Нигорага тушди. Унинг Юлдузга қия боққан кўзларида, юпқа лабларининг бир четида ҳеч қачон йўқолмайдиган мағрурлик ва билинар-билинмас масхара аломатлари ифодаланиб турарди. Унинг кулимсирашлари гўё унга ҳар қачондагидек: «Сен ниманиям билардинг, шошма, ҳали сен кўрадиган не-не ишлар бор», деяётгандек туюларди. Юлдуз кўзларини тезда ундан олиб қочди. Тўрда Олия ўзи ёлғиз ўтирарди. У олдига келиб қолган Юлдузни танимагандек, бироз анқайиб қолди, сўнг ҳайрон қолгандай кўзларини катта очиб, қошларини чимирди, қип-қизил бўялган гўштдор лабларини буриб, аста ҳуштак чалди. У аслида сарғиш сочини ўғил болача турмаклаб, ўғил болача кўйлак кийиб юрарди. Бу хил кийиниш унинг атворига, бўй-бастига жуда ярашарди. Улар шод-хуррам саломлашаётганда айиқ панжасидек зилдай бир қўл Юлдузнинг елкасидан қисимлади, яна бир қўл уни иягидан тутиб, ортга бурди: — Ҳа, булбулигўё, аҳволлар қалай? Ҳад-ҳисобсиз кайф-сафодан хунуклашиб кетган афт, қизарган кўзлар Юлдузнинг кўз олдини тўсди. Елкаси оғриб ва қўрқиб кетганидан Юлдузнинг тили каловланди: — Аҳмад ака, ... қўлингизни тортинг, бу нима қилиқ? Мени... мени қўйворинг... — «Қилиқ» дейсанми? Қилиқ мендан эмас, сендан чиқаётганини ҳали билмайсанми? Қўйиб юборайми? Зўрға тутган ўлжасини қайси аҳмоқ овчи қўйиб юбораркан? Ҳо, ҳо, ҳо... Аҳмад ҳузур қилиб кулар экан, Юлдузни елкасидан босиб, ўриндиқ ичкарисига баттар чўктирди. Боядан буён бир четда тиржайиб турган сариқ кўз, пакана, юмалоқдан келган йигитни Юлдузнинг ёнига ўтқазиб, ўзи уларнинг олдидаги ўриндиққа чўкди. Аҳмад бу қаҳвахонанинг хўжайини ҳам эди. Айтишларига қараганда, унинг яқин бир қариндоши қандайдир бир катта мансабда хизмат қиладиган давлат арбоби эмиш. Фарҳод деган гумашта ўша арбобнинг ўғли эканлигини қаҳвахонадагиларнинг барчаси билишарди. У қаҳвахонага тез-тез келиб турарди. Бу ерда ўз уйидек эркин юрарди, токчадаги ёки ичкаридаги жавондан истаган ароқни олиб ичарди, ҳуши келган чоғларда, қизларни чет элнинг бир румкаси саксон юванлик соф узумдан тайёрланган шароб билан меҳмон қиларди. Бир гал у, ҳатто бир қадаҳ лиммо-лим франсия брендисини бир қизнинг бошидан тўкиб юборганди. — Юлдуз, сиз буёқни танимайсиз, у бизнинг инимиз бўлади, бундан кейин унинг хизматида бўламиз. Сизга очиғини айтиб қўя қолай, иним сизга кўнгли борлигини айтганди, бўлмаса... не-не қизлар бор, уқдингизми! Агар айтганини қилмай, дилини ранжитиб қўядиган бўлсангиз, мени биласиз-а? — деди Аҳмад таҳдид оҳангида. Юлдуз сакраб ўрнидан туриб кетди: — Аҳмад ака, менинг сиздан ҳеч қандай қарзим, тил қисиқлик жойим йўқ. Қолаверса, сиз менга ҳеч ким эмассиз! Шундай бўлгач, мен ҳам сизга айтиб қўяй, бундан кейин менга бундай оҳангда муомала қилманг! Мен ўз тақдиримни ўзим ҳал қиламан, билдингизми?!.. — Ўҳ-ҳў, тиллари чиқиб қолибдими, тил югуруги нималарга олиб келишини билмайдиганга ўхшайсиз чоғи? Биз билан бўлмаса, Ёлқин билан бўлса керак? — заҳархандалик билан унинг сўзини бўлди, Аҳмад — саводингиз бўлса керак? У чўнтагидан бир парча қоғозни чиқариб, Юлдузнинг олдига ташлади. Юлдуз қоғозда Ёлқиннинг дастхатини таниб, хатни тезда қўлига олди. Ундаги тўрт қатор келадиган хатнинг мазмуни шундай эди. «Бир йилдан бери Юлдуз билан қаҳвахонада ичган ичимлик, чеккан тамаки (оқ оғу)нинг икки минг юванлик ҳаққини тўлашга қурбим етмаганлиги учун, тўй қилишга ваъдалашган қиз Юлдузни Аҳмадга ўз ихтиёрим билан топширдим...» Юлдузга қоғоздаги қинғир-қийшиқ ёзилган хатлар бамисоли сакрашиб югургандек, ўзига қараб тиржайиб, тилларини осилтираётгандек туюлди, кўзлари тиниб боши айланди. У, хатдаги сўзларнинг маъносини базўр тушунди. Тушунди-ю, баттар гангиди. У Ёлқинга унчалик ишонмаса-да, унинг бундай қилишини асло хаёлига келтирмаганди. — Ёлқин чучварани хом синабди, мен бир буюммидимки, истаса сотиб, истаса ҳадя қилсин. Ўзимга тегишлигини ўзим тўлайман, тамом! Менинг йўлимни тўсманглар... Аҳмаднинг турқи бирданига ўзгариб, даҳшатли тус олди, қўлини узатиб, Юлдузнинг бўйнига чанг солди: — Ўтир, иззатини билмайдиган расво! Бу ердан чиқиб кетишдан олдин эгнингдаги манови кўйлакни еч! Ё бу қимматбаҳо кўйлакни Ёлқин совға қилди, деб юрибсанми? Еч кўйлакни, қип-яланғоч бўлиб чиқиб кет! Атрофдагилар бошларини чўзиб, Юлдузга қаради, ўзларича нималардир деб пичирлашди. Фақат Нигорагина ҳеч нарса бўлмагандек, узун, чиройли оёқларини кўз-кўз қилиб, тамаки тутунини буруқситганча кўзларини хумор-хумор сузиб ўтирарди. Юлдуз уларнинг ҳеч қайсисини кўрмади. Мурдадек бўзариб, узоқ ўтирди. «Тугади, мен адо бўлдим, тугади... Ҳаммаси тугади». Унинг бўронли саҳрога ўхшаб қолган кўнгил кўзгусида ўша сўзларгина қолди. У бир неча соат ана шу ҳолда унсиз ўтирди. Сўнг ароқ ичишга бошлади. У катта қадаҳни лим тўлдириб кетма-кет ичиб, маст бўлиб қолди. Орқадан бошини чарм ястиққа қўйиб, бўғиқ овозда хиргойи қила бошлади. Қўшиғи неча бор узилиб, неча бор уланиб, аянчли йиғига айланди. Йиғи яна қўшиққа ўзгарди. Сариқ кўз уни суяб, иккинчи қаватга олиб чиқиб кетаётганда ҳам ҳамон ўша қўшиқни куйларди. * * * Юлдуз эшик ёнидаги тўнкага келиб ўтирди. Унинг бу ерда ўтирмаганига ҳам анча вақтлар бўлди. Қўни-қўшнилар унга рўйхуш бермасдилар, онаси билан синглиси ундан номус қилар эдилар. Илгариги дўстлари ундан худди вабодан қўрққандай қочадиган бўлдилар. «Бу дунёда яшаш нақадар қийин-а! Ҳаёт бамисоли заҳар солинган бир қадаҳ майга ўхшайди, уни энди аста-аста нўш этишга мажбурман. Бундай ҳаётдан ўлим афзал, тупроққа айланган минг бора афзал! Қачонгача ўша кўргилик, тутиб бўлмайдиган, ҳеч қачон амалга ошмайдиган беҳуда умид-орзу билан ўзини алдаб юради? Юлдуз ўрнидан турди. Уйи тарафга бир-икки қараб қўйди-да, журъациз катта кўча сари одимлади. Қадамлари борган сари тезлашарди. У олисдан дарёнинг шовуллаган садосини эшитди. Ҳозир дарё сувининг жўшган пайти. Бунинг устига бу кечада уни ҳеч ким кўрмайди. Қуюқ толзор, қалин дов-дарахтлар яшириб туради. Қирғоқнинг кичкина бир ери ўпирилиб, шалоп этади-да, ҳаммаси тамом бўлади. Юрагини босиб олмоқчи бўлиб аста қирғоқ бўйлаб йўл олди. Катта кўприкка яқинлашгани сайин дарё оқшом қоронғулигида янада ҳайбатлироқ кўринар эди... Юлдуз кўприкнинг бетон устунига суяниб, бироз турди. Ўн беш кунлик ой сузиб борар, атрофида юлдузлар чарақларди. Пастда дарё шарқирар, сув ғазаб билан қирғоққа урилиб, аждаҳодек тўлғанарди. Ҳатто мустаҳкам кўприкни ҳам зир титратарди. У худди дўстлари билан қўл тутишиб сайр қилиб юрган вақтларидагидек аста одимлай бошлади. Шамол унинг сочларини учириб ўйнар, кўйлагининг этагини соябондек шиширар, вужудини салқин, роҳатбахш қанотлари билан силаб ўтгандай бўларди. Ҳаётнинг бундай дамлари нақадар гўзал. Афсуски, у энди бундай гўзал дақиқалардан баҳраманд бўлолмайди. У олд тарафда бировнинг корасини кўриб, юришдан тўхтади. Бу дунёдаги дардманд одам ёлғиз угина эмаскан. У бир эр кишига ўхшарди. Кўринган одам кўприк панжарасига осилди, шарқираб оқаётган дарё сувига тикилиб қолди. Унинг авзоида чуқур дард-алам акс этиб тургандай эди. Сўнг у қаддини ростлаб орқасидан дарёга энгашди. Боши, елкаси кўринмай қолди, оёғи ердан кўтарилди... — Ҳой, ундай қилманг! Тўхтанг, сизга айтадиган гапим бор, тўхтанг! Юлдуз унинг ёнига қандай югуриб борганини, қандай қилиб унинг қўлига маҳкам осилиб олганини билмайди. Бамисоли бир кунлик йўлдан югуриб келгандек ҳансирарди: — Ҳар қанча... ҳар қанча иш бўлса ҳам... У одам ортига бурилди. Унинг юзи хотиржам эди. Юлдузга тикилган кўзларидан гангиш, таажжуб аломати бор эди. Оз ўтиб, бу гангираш кулимсирашга айланди, кўзларида шўх, ўткир учқунлар чақнаб кетди. — Ҳа... Мен ҳали сизни... Сизни дарёга ўзини отмоқчига ўхшайди, деб ўйлабман... Уф, худога шукур. — Юлдуз қўлини ҳанузгача дук-дук қилиб турган юраги устига қўйиб, чуқур тин олди. Мурдадек ифодасиз юзида билинар-билинмас табассум жилва қилди. — Xотиржам бўлинг, мен нобуд бўлишни истаганимда ҳам ҳаргиз ўзимни сувга ташламайман, чунки мен яхши сузаман. — Ҳалиги одам Юлдузга қараб кулимсиради. У йигирма уч-йигирма тўрт ёшлар чамасидаги қуюқ қошли, буғдойранг, истараси иссиққина йигит эди. У Юлдузга танишдек туюларди. Аммо уни қаерда кўрганини сира эслаёлмади. Йигит ҳам Юлдузга шундай синчиклаб қараб турарди. Ергача тегиб турадиган модали кўйлак кийган, юзига қуюқ пардоз қилган сочлари тўзғин, озғин бу қизни қаерда кўрган эканман, деб ҳайрон эди. — Вой, сиз ҳалиги... эсингиздами? Сиз учинчи сонли ўрта мактабда ўқирдингиз... деярли ҳар куни учрашиб турардик?.. Йигитнинг кўзларида ҳам ҳайронлик, ҳам хурсандлик акс этди. У ҳаяжондан дудуқланиб қолди. Унинг ўша-ўша чақнаб турган кўзлари Юлдузнинг ёдига жуда олисда қолган пок ва гўзал хотираларни келтирди. — Ҳа, рост... Сиз экансиз-да? Сиз... биринчи сонли ўрта мактабда ўқирдингиз, чоғи?.. Доимо ўзингизга каттароқ келадиган жигарранг костюм кийиб юрардингиз... Сизнинг бир ботинкангиз ҳам бор эди, кўчанинг нариги ёғидан қорангиз кўринмай туриб ғарч-ғурч овози эшитиларди... — Ўша овозни йўқотаман деб қаерда ботқоқ, қаерда сув бўлса кечиб юрардим, аммо поябзалим қуриган заҳоти яна бақиришга тушарди. Йигит қаҳ-қаҳ уриб кулди. Юлдуз ҳам жилмайиб қўйди. Шунақа, улар ҳар куни неча марта учрашар эдилар-у, бироқ бирон марта ҳамсуҳбат бўлишмаганди. Юлдуз унинг исми Анвар эканини, биринчи сонли ўрта мактабнинг юқори синфида ўқишини биларди. Анвар ҳам, эҳтимол, уни суриштириб кўргандир... Улар илгари бир-бири билан гаплашмай, шунчаки кўз уриштириб қўйишарди, холос. Юлдузнинг уйи биринчи сонли ўрта мактабга яқин эди-ю, лекин ўзи учинчи сонли ўрта мактабда ўқирди. Анварнинг уйи ҳам учинчи сонли ўрта мактабга яқин эди-ю, биринчи сонли ўрта мактабди ўқирди. Охири бир куни Юлдуз ота-онасининг розилиги билан биринчи сонли мактабга ўтиб олди. Ич-ичидан у қаттиқ хурсанд эди. Лекин ўқишнинг биринчи куни мактабнинг илмий мудири унга: — Кеча бизнинг мактабдан бир ўқувчи ўқишини учинчи сонли ўрта мактабга кўчириб кетди, бугун унинг ўрнига сиз келдингиз, унинг исми Анвар, аълочи ўқувчи эди, — деганда, унинг кўнглидаги хурсандчилик бир зумда ғойиб бўлди, мактаб ҳам энди кўзига бефайз кўриниб кетди. Шундан кейин улар бошқа учрашишмади. Бироқ, у доимо келгусида бахтли оила қуриш тўғрисида ўзича ширин хаёлларга чўмганда, ўзига кенг-мўл келадиган жигарранг костюм кийиб олган ўша сохт-сумбатли йигитча бот-бот кўз олдида гавдаланар эди. — Бундай кечада бунақа овлоқ ерларда қўрқмай, ёлғиз қандай юрибсиз? Анварнинг кўз олдини туман босгандек бўлди, овозида шубҳа пайдо бўлди. — Қандай бўларди, жуда оддий. Бугун бу ерни сиз эгаллаб олмаган бўлсангиз... Мен, эҳтимол... Негадир Юлдуз кўнглидаги ҳамма гапларни унга тўккиси, дардлашгиси келди. У Анварга қарамай, сўзини давом эттирди: — Бироқ, мумкин бўлмади. Тақдир бугун бу ерда икковимизни учраштирди. Мен сизни ўзини сувга ташлаб юборармикин деб қўрққан ўша дақиқаларда ҳаётдан осонликча воз кечиб бўлмасликка ҳам кўзим етди. Мен сизга: «Тўхтанг, ҳаёт инсонга икки марта насиб қилмайди, ўлим осон иш, унга қачон бўлса-да улгурасиз, демоқчийдим...» Қизиқ иш, сизни қутқармоқчийдим, аслида эса сиз мени қутқардингиз. — Шу сўзларингиз ростми? Наҳотки шундай бўлса, мен ўзимдан ғоятда хурсандман. Аммо... аммо, айтинг-чи, аслида нима учун бундай машъум ишга қўл урмоқчи бўлдингиз? — Бўлди, сиз сўраманг, мен айтмай қўя қолай... — Йўқ, гапни бошладингизми, энди уни охириги етказинг-да? Сиздек бир қизни ҳаётдан бездиргудек қандай ишлар ўтди экан? — Сиз мени тушунмайсиз.. тушунишингиз ҳам мумкин эмас, чунки сиз бизга ўхшамайсиз. Бироқ... Кўз олдингизга келтириб кўринг, йўлдан чиққан, ароқни сувдек ичадиган, гиёҳвандликка ружу қилган бундай қизнинг нимасини эшитасиз?... Мен келажагини ўз қўли билан барбод қилган бир бахти қаро қизман... Бундай қизнинг бу дунёда яшашга ҳаққи бўлиши мумкинми? — Биласизми, Юлдузхон, ҳамма нарса инсоннинг ўз қўлида.... Xатони тузатаман деб қатъий бел боғлаган инсон, албатта, бунга эришади. Қолаверса, ёлғиз эмассиз, анча ёшларга бориб қолган ва бор умидини икки қизга тикиб, сизларга суяниб қолган, сизлар билан овунадиган онангиз бор. Уларга ачинмайсизми? Уларга жабр қилган бўлмайсизми? Яшашингиз, керак. Ҳали жуда ёшсиз, ёш ҳаётингизни барбод қилишга ҳаққингиз йўқ, уни яхши томонга ўзгартиришингиз керак!.. — Инимнинг уйдан чиқиб кетганига икки ой бўлди. Ўзидан катта болаларга қўшилиб қолиб, отинг қурғурни чекишни ўрганиб олибди. Кейинчалик уйдан уни-буни олиб чиқиб кетадиган бўлиб қолди, кейинроқ билсак, ҳаммасини сотиб, пулига ўша «оқ ажал»ни олиб чекаркан. Қилмаган йўлимиз, кўрмаган чорамиз қолмади... Охири бир қочиб кетганча бадар кетди. Эшицак, кўчада ўғирлик қиларкан, топган пулига ўшани олиб чекаркан... Яқинда билишимча, бир неча гумаштаси билан ичкари ўлкаларга сафар қилмоқчи бўлаётганмиш, учратиб қолсам ажаб эмас, деб бу ерлардан қидириб юргандим. Бинойидек ўқиб юрган эди-я. Энди ўн учга кирганди... Кечада эсган муздек изғирин Юлдузнинг суяк-суягидан ўтиб борарди. У жунжикди, томоғига алланарса тиқилгандай бўлиб, хўрлиги келди. Анвар сўзида давом этди: — Сизларда нима гуноҳ? Билдирмай-сездирмай чектириб қўйишади. Бошида ўйиндек, қизиқчиликдек кўринади. Кейин ўзларингдан кетиб, ҳаддан ошасизлар... Бундай оғуни сотадиганларни, бошқаларга чекишни ўргатадиганларни қаттиқ жазолаш, уларга қилча раҳм-шафқат қилмаслик керак эди. Чунки бундай касофатга учраётганлар оз эмас, у қабоҳат сари қанот ёзган бутун бир авлодни заҳарлаб бўлди... Юлдузнинг кўз олдида қаҳвахонага қандайдир шубҳали йўллар билан топган пулларига Аҳмаддан «оқ ажал»ни сотиб олиб чекадиган ёш-ёш ўғил болалар тез-тез келиб туришади. Ким билади, дейсиз, балки ана шуларнинг ичида Анварнинг иниси ҳам бўлгандир. Улар қисқа ёз оқшомининг қандай тез ўтиб кетаётганини сезмай ҳам қолишди, бу пайтда осмоннинг шарқий қисми Қош тошидек1 сузилишга бошлаганди. Лекин уфқнинг орқасида юз бераётган улуғ бир ҳаракатнинг шарпаси сифатида осмонни, дарё юзини шафақ алвон рангига буркаганди. Xиёл ўтмай қуёш улуғворлик билан аста бош кўтариб чиқа бошлади. Ҳадемай уларнинг кўз олдида суратдек гўзал манзара намоён бўлди. Эгри-бугри бўлиб олисларга чўзилган дарё суви гўё олтиндан ҳал берилгандек жилваланарди. Унинг ҳар икки қирғоғидаги қуёш нури ўйнаб турган толзорда қушлар сайрар, кўз етмас бутазорларда ёввойи гуллар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ очилиб ётарди. * * * Улуғларнинг оғзидан кўп эшитган «дўзах» деган нарса мана шунинг ўзимикин? У қилган гуноҳлари учун тириклайин дўзах азобини тортаётганмикин? Ўша куни Анвар уни дарё бўйидан уйига олиб келиб қўйгандан буён орадан ўн беш кун ўтди. Юлдуз ўшандан буён оғзига сувдан бошқа ҳеч нарса олгани йўқ. Вужуди чидаб бўлмас оғриқдан қақшар, гиёҳвандликка хумори аъзои баданини пўлат омбурдек қисар, ўзини у бурчакдан-бу бурчакка отар, ўмбалоқ ошиб думалар эди. У оғриқ азобига дош беролмай қўлига илинган нарса — ёстиқми, каравот ёғочими — аямай ғажирди. Шунда тўсатдан ёдига бир нарса келгандек, қотил қўлидек титроқ қўллари билан токчаларни, дори қутиларини ахтара кетди. Бир-икки дона оғриқ қолдирадиган дори топиб олса, кўзлари руҳий хасталарнинг кўзларидек ярқираб кетарди. Бу дорилар унинг хуморини бироз босгандек бўларди-ю, аммо кўп ўтмай оғриқ баттар кучаяр, яна ўмбалоқ оша бошларди. Гоҳ қуёш унинг боши устида ёнаётгандек, уни куйдириб кул қилиб юборадигандек бўлса, гоҳ томирларидан муздек сув оқаётгандек, вужуди қотиб қолгандек ҳис этар, сўнгаклари ва мушаклари аёвсиз чатнар эди. Юзлари бурушиб, гавдаси букчайганча даҳшат ичида ўзини эшикка отиб: «Садағангиз кетай сизлардан, мени ўлдириб қўя қолинглар, бўғизлаб ташланглар!» — деб қичқирарди. Онаси билан синглиси қулфлоғ эшикнинг тирқишидан қараб юм-юм йиғлашарди. Бундай пайтларда онанинг бардоши чидамай, нима бўлсанг бўл, дея эшикни очиб юборгиси ҳам келарди. Аммо яна тишини тишига қўйиб, кўзини юмарди-да, нари кетарди. Қўни-қўшнилар оғзидан, гиёҳвандликка берилган одам охири бир тери, бир сўнгакка айланиб жон таслим қиларкан, унинг ўлиги сўнгагидан янада аълороқ чекимлик ишласа бўларкан, деган миш-мишларни эшитиш мумкин. Шунинг учун фалончининг гўрини очиб, мурдани ўғирлаб кетишибди, деган гаплар юрарди. Гулсумхон ая бундай гап-сўзларни эшитганида бир сесканиб тушарди. Беш вақт номозида: «Мана шундай балони тарқатиб юрган ножинслар Оллоҳнинг қаҳрига дучор бўлсин», деб қарғарди. Бундай чоғларда унинг кўз олдига Юлдузнинг алвастидек кийиниб юрадиган бир дугонаси келарди. Ўша «алвасти» уларнинг эшигига қадам қўйган кундан тортиб бу хонадоннинг хотиржамлиги бузилган эди. Тунов куни у яна келди. Гулсумхон аянинг гапларига парво қилмай, у тўғри Юлдузнинг ёнига кирмоқчи бўлди. Бироқ Гулсумхон ая югуриб бориб, икки қўлини керганча унинг йўлини тўсди: — Яна нимага келдинг, фалокат?! Уйимни хонавайрон қилиб, ҳали ҳам кўнглинг тўлмадими? Тағин нима қилмоқчисан, жувонмарг? Қизимга яқинлашадиган бўлсанг, сени гўрга тиқмай қўймайман. Қиёматда ҳам қўлим сенинг ёқангда бўлади, жодугар, — деди. Бироқ, ҳалиги аёл ҳам Гулсумхон аядан баланд келиб бақира кетди: — Э-е, менга ўшқирма, қари ялмоғиз! Ҳали қизинг оппоғу биз қоп-қора бўлиб қолдикми? Агар билсанг, бу ишда қизингнинг ўзи менга ёпишиб олганди. Одамгарчилик қилиб аралашдик, эгнига кийим-кечак, харж учун пул бердик. Билмасанг, билиб қўй, қизинг биздан қулоғигача қарздор, бу қарзни тўламай, биздан қутулолмайди! Шу куни қўшнилар келиб аралашмаганда, уни уришиб ҳайдаб юборишмаганда, ким билади, охири нима билан тугарди. Дунёда ҳалиям яхши одамлар кўп экан. Адоғи йўқдек билинган қўрқинчли ялдо тунларида Юлдузни дарё бўйидан олиб келиб қўйган Анвар исмли йигит уларни деярли ҳар куни йўқлаб турди. Уларга жуда кўп ёрдам қилди. Гулсумхон ая Юлдузни Анвардек бирор йигитга турмушга узатганда эди, бу дунёда армони қолмаган бўларди, раҳматли умр йўлдоши ҳам гўрида тинч ётарди. Бироқ, бу унинг ушалмас орзуси эди, холос. Юлдузнинг дадаси умрини ҳайдовчилик билан ўтказган, куй-қўшиқлар деса жонини берадиган шинаванда, кўнгли юмшоқ, болам-чақам дейдиган дилкаш, хушфеъл бир одам эди. У ўзи ўқиёлмаганидан жуда афсусланарди ва бор умиди қизларидан эди. Унинг кийим- кечагидан, катта, жундор қўлларидан доимо бензин ҳиди анқиб турарди. Юлдуз ўша ҳидни туйиб, дадасининг келган-келмаганини осонгина билиб оларди. У уйдаги вақтларида қизларининг дафтарларини бирма-бир варақлаб кўрарди. Қизларининг ўқув топшириқларни бажаришларига соатлаб эринмай кўмаклашарди. Баъзи кечаларда кўҳна дуторини қўлига олиб, қўшиқ куйлашга тушиб кетарди. Овози бироз йўғон, аммо ёқимли чиқарди. Или1 қўшиқларинигина эмас, Кучо, Қашқар шеваларидаги қўшиқлардан, радиодан эшиттириладиган наволардан ҳам ниҳоятда кўп биларди, «Мақом» қўшиқларини айниқса маромига етказиб куйларди. Қўшиқни алоҳида ихлос билан ижро этарди. Куйлаб-куйлаб баъзида йиғлаб ҳам юборарди. Қизлари унинг дутор билан айтадиган туганмас, мунгли қўшиқлари ичида улғайдилар. Ўша қўшиқлар уларнинг қон-қонига, вужуд-вужудига сингиб кетганди. Юлдуз кичкиналик вақтиданоқ дадасига тақлидан дутор чалиб, ҳақиқий санъаткорлардан қолишмай қўшиқ айтоларди. Ажойиб рақсларга ҳам тушарди. Ҳайдовчи устоз дутор чалиб, икки қизини ўйинга тушириб, ўзини подшоҳдек ҳис этиб ўтирарди, қизларига қараб унинг кўнгли тоғдек кўтариларди. Қисқаси, ота-она бир-биридан чиройли, бир-биридан ақлли иккала қизларидан фахрланишар, кўнгилларида не-не ширин орзулар туғиларди. Бахтга қарши, бундан тўрт йил илгари қизлар меҳрибон оталаридан, Гулсумхон ая эса вафодор умр йўлдошидан жудо бўлди. Ўшанда дўхтирлар оталари мияга қон қуйилишдан оламдан ўтганлиги тўғрисида ташхис қўйган эдилар. Соғлиғи ёмонлашиб қолган Гулсумхон ая ҳам кўп ўтмай кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолган эди ўшанда. Барча рўзғор ишлари Юлдузнинг зиммасига тушганди. Бу унинг эндигина билим юртига ўқишга кирган кезларига тўғри келарди. Юлдузнинг ана шундан кейин тақдир, пешона деган сўзнинг тагига етиб бўлмайдиган сирли нарса эканлигини, уни ўзгартириб, ўз иродасига бўйсундириб бўлмаслигини тушунди. У аслида бахтли, беташвиш эди. Давомли шундай яшаш, билим юртида ўқиб, отаси орзу қилгандек одам бўлиши мумкин эди. Тақдири илоҳий улкан шаҳардан, мана шундай кўп кишилар орасидан унинг отасини юлиб кетди, онасини сурункали хасталикка дучор этди. Булар ҳаммаси бир бўлиб, Юлдузнинг тақдирини остин-устин қилиб ташлади. Касалхонада у бир аёл режиссёр билан танишиб қолди. Урумчидан кино олгани келган бу аёл Юлдузни бир кўргандаёқ гўё ноёб нарса топиб олгандек, хурсанд бўлиб кетди, уни суҳбатга чорлади. Қўшиқ айттирди, рақсга туширди. Касалхонадан чиқиб кетадиган чоғда бир парча қоғозга ўзининг манзилини ёзиб бериб, албатта боришини тайинлади. Олийгоҳга ўтолмай умидсизлик ичида қолган, ҳимоясиз-суянчиқсиз бир қиз бола учун бундан ортиқ ҳурсандчилик бўлармиди. У онасининг тезроқ тузалиб кетишини сабрсизлик билан кутди. Охири кутилган кунга ҳам етишди, режиссёр аёл билан ҳам кўришди. Ўша аёл тасмага олган кинода бир хонанда қизнинг ролини муваффақиятли олиб чиқди. Бу кинода қўшиқчи қизнинг роли унча муҳим эмас эди. Шундай бўлса-да, у бу ролни бутун вужуди билан берилиб, ҳақиқий санъаткордек ижро этганди. Режиссёр аёл ундан жуда мамнун бўлди. Ҳатто кинони олиб бўлгандан кейин Урумчига олиб кетмоқчи ҳам бўлди. Юлдуз унинг гапининг мазмунидан яна бир икки ролни муваффақиятли ўйнасанг, яхши артист бўлоласан, деган маънони англади. Бироқ, яна бир эркак режиссёр ҳам бор эди. Унинг ётоғи доим кино артисти бўлишга ҳавас қиладиган гўзал қизлар билан тўлиб турарди. Улар бир-биридан гўзал, бир-биридан чечан, ҳам эркин эдилар. Уларнинг ҳаммаси Юлдуз учун хатарли рақибдай кўринарди. Бир куни у ўша эркак режиссёрнинг чиройли бир қиз билан ишхонадаёқ жуфтлашиб турганини кўриб қолди. Шундай қилиб, Урумчига Юлдуз эмас, бояги қиз кетди. Лекин ўша ёз фасли унинг ҳаётида унутилмас хотира бўлиб қолди. Ролда ўйнаётган пайтда, вижиллаб турадиган суратга олиш аппаратининг олдида пайдо бўладиган бир хил юксак ҳиссиёт, бир хил ифтихорлик, жиддийлик, юракнинг дупурлаб уришлари, бир-биридан келишган, шўх, маданиятли қиз-йигитлар, кино артистлар орасида яшаш, улар билан чақчақлашиш, кулишиш, бирга овқатланиш, куйиб-пишиб машқ қилиш, режиссёрнинг сирли овозда буйруқ беришлари, атрофида бақириб-чақириб югуриб юришлари, кишиларнинг ҳавасланиб, қизиқ қарашлари... буларнинг ҳаммаси кинодаги завқли саргузаштга ўхшаб кетарди, бу кўринишлар сира Юлдузнинг кўз олдидан кетмасди, у ўша ажойиб ҳаётни чин дилидан яхши кўриб қолганди. Бошқа ҳар қандай иш, бошқача ҳаёт унга маъносиз ҳамда аҳамияциздай туюларди. У уйини журналлардан қирқиб олинган кино юлдузларининг суратлари билан тўлдириб ташлади. Кийим-кечакларини ҳам ўзининг зерикарли ички ҳаётини безамоқчи, ўзгартирмоқчи бўларди, аммо онасининг кўнглида бошқа ўйлар бор эди. Қизига ўзининг тикувчилик ҳунарини ўргатишни истарди. «Ҳар қандай вақтда ҳам юришадиган покиза хунар, ўрганиб қўйсанг хор бўлмайсан, бировнинг қўлига қараб қолмайсан», деб қулоғига қуйгани-қуйган эди. Юлдуз ҳам уй ишларидан қўли бўшаши билан онасининг ёнида кино қўшиқларига эргашиб хиргойи қилар, ўтириб, қўл ишларини қилишиб берарди, ҳуши келиб қолса фасони оддийроқ куйлакдан битта-яримтани тикиб ҳам қўярди, бироқ эртасига бу ишдан безор бўларди. Xаёли кино артисти бўлиб ўтган бир неча ойлик ҳаётига, Урумчига, машҳур кино юлдузларининг ҳузурига кетарди. Тикув машинасининг олдида букчайиб ўтирган хаста онасига, ғарибона кулбасига қараб ичи сиқилар, эзилар, қалби пора-пора бўларди. Шифтга қараб, ухлолмай ётган кечаларда тез-тез хаёлига: ўша қизнинг ўрнида Урумчига кетишим мумкин эди, деган ўй келарди. Буни айтмаса ҳам ўша эркак режиссёр дастлабки вақтларда Юлдузга ҳар томонлама ёндашиб, илинтиришга уриниб кўрган, неча бор ётоқхонасига таклиф қилганди. Унинг бесўнақай тишлари, зўрма-зўр ўстириб олган сийрак, аммо йирик соқол-мўйлари қизнинг нафратини қўзғарди. Аммо ҳалиги қиз ундан жирканмади. Ўзи шаҳардаги нуфузли оиланинг қизи эди, бўлмасам. Яна ҳали кўпгина қизлар унинг назарига тушолмай армонда қолишарди. Ўшаларни кўз олдига келтирганда Юлдузнинг юраги ачишгандек бўларди. Бу нима, ҳасадми ёки ачинишми? Қалбидаги мураккаб ҳиссиётларни у ўзи ҳам тушунолмай қоларди. Ана шундай диққинафасликда юрган кунларнинг бирида уни Нигора қидириб келди. «Машҳур кино юлдузи мана шундай қолоқ бир маҳаллада, пана-пастқамда эски-тускиларга чирмалиб юрса қандоқ бўларкин? Ундан кўра, юринг, мен сизнинг дийдорингизни бир кўришга ташна бўлиб юрган кино дарғаларига кўрсатиб келай», деб уни кинога, бозорга олиб борди. Унинг дўстларининг ҳад-ҳисоби йўқ эди. Ҳар қадамда бири учрашиб турарди. Нигора уларнинг ҳаммасига Юлдузни кўрсатиб, кўзларини хуморлаштириб туриб, «кўриб қўйинглар, исми-жисмига монанд, ҳақиқий кино юлдузи шу қиз бўлади, — дерди. — Яқинда Урумчига — Тангритоғ кино студиясига боради!» — дея бармоқларини қарсиллатиб гапирарди. Улар Юлдузга ҳавас ҳамда ийманиш билан қарашарди. Улардан бири Юлдузнинг кийимларига жиркангандек қараб: «Шулар ҳам кийим бўптими, кийим деган нарса менда тиқилиб ётибди, керак бўлса мен бериб тураман», деди. У Юлдузни обдон ясантириб қаҳвахонага олиб борди, деворлари бутунлай ойнаванд зал, пориллаб турган ҳайбатли чироқлар, алоҳида жойлаштирилган ҳашаматли ўриндиқлар, узун-узун рюмкаларда нималарнидир ичишаётган башанг йигит-қизлар, ларзон чалинаётган мусиқа... Бу кўриниш унга жуда сирли ва қизиқарли туюлди. Кино артистларининг тақлид қиладиганлари мана шу турмуш эмасми? Бу ердагилар ҳеч кимга тақлид қилмайдилар, балки ўшандай яшайдилар. Xаридорлар бу ердаги қизларни ҳурматлаб «хоним» деб аташади, чўнтакларидан пулларни чангаллаб чиқариб, бир рюмкаси юз юванлик ароқларни — Юлдуз умрида кўриш у ёқда турсин, ҳатто эшитмаган ичимликларни ичишади, қизларга қиммат баҳо совғалар тақдим қилишади. Бундай турмуш фақат кинолардагина кўрсатилади. Юлдуз: «Улар пулни қаердан топишади?» деб сўраганда, Нигора шуни ҳам билмайсизми, дегандек қўлларини сузганча тушунтира кетди: «Бу ерга ташриф буюрадиганларнинг талай қисми ишчи болалар, уларнинг юрган қизлари ёки... ошналаридир. Бутун шаҳардаги энг катта бой савдогарлар ҳам шу ерга келишади. Улар учун юз юван сариқчақадай гап. Қисқаси, жаҳонда иш кўп, ўша каталакдек келадиган уйингиздан чиқмай ўтирсангиз, ҳамма нарсадан қуруқ қоласиз». Юлдуз ўзи ёлғиз ўтирган, кўринишидан кино артистларига ўхшаш бир йигитнинг улар томонга тез-тез кўз ташлаётганини сезиб қолди. Бу ҳолни Нигора ҳам сезган бўлиши керак, энгашиб туриб: «Анови йигитннинг исми Ёлқин, ўзи савдогар. Акаси Автралиядаги энг катта бой. Пул деганни улар ердан супуриб олишади деяверинг...» деб пичирлади. Ёлқин уларнинг олдига келди. Нигора уларни таништирди. Йигит ғоят башанг кийинган, одобли, мулойим кўринарди. У, Юлдузнинг кинода рол ўйнашидаги истеъдодини мақтади. «Эсиз, бизда талантнинг қадри йўқ-да, чет элларда бўлганингизда бирданига жаҳонга танилардингиз, миллионер бўлиб кетардингиз, минг афсус», деб ҳамдардлик билдирди. Xориж, Xитой кино юлдузлари тўғрисида сўз очиб, ўзининг бу соҳадан ҳам хабардор эканлигини билдирди. Қисқаси, уларнинг гапи бир ердан чиқиб қолди. Икковлон қизғин суҳбатга тушиб кетиб, Нигоранинг аллақачон ғойиб бўлиб кетганини, вақтнинг ҳам аламаҳал бўлганини сезмай қолишди. Кечқурун у Юлдузни уйигача кузатиб қўйди. Шундан кейин ҳар куни учрашадиган, қаҳвахонада соатлаб ўтирадиган бўлишди. У ҳар гапида Австралияда кўрганларини, Мелбурн, Сидней, Канберра деган катта шаҳарлардаги қовоқхона, кечки базмхоналарни оғзидан туширмасди. Австралияда ҳамма қизлар ичишади, ҳатто ота-оналари билан ҳам қадаҳ уриштиришади. Бу ернинг ёввойи, маданияциз қизларидек қийшангламайдилар. Бундай дилхушликни маданиятнинг, тараққиётнинг бир белгиси дерди ва Юлдузни ҳам ичишга даъват қиларди. Юлдуз унинг ўзини ҳам маданияциз деб қолишидан андиша қилиб, оз-оздан ҳўплаб қўярди. Ёлқин унинг ҳўплаб қўйишини кўриб, ҳаммасини ичиб юборишга қистарди. Бир куни у чўнтагидан кичкина духоба қопламали қутича чиқарди-да, ундаги олтин узукни Юлдузнинг бармоғига тақиб қўйди. Унинг нозик бармоқларини лабларига босиб туриб, кўзларига маъноли тикилганча: «Муҳаббатимизнинг нишони бўлиб қолсин...» деди. Бу узук Юлдузга гўё муҳаббатининг кафолатидек бўлди. Яна бир куни у қизиқчилик қилаётгандек чўнтагидан ялтироқ қоғозга ўроғлиқ зиғирдек оппоқ нарсани чиқарди. Қоғозни авайлаб турмаклаб, остига чақмоқ ёқиб тутди-да, қаердандир пайдо қилган ингичка найча билан ундан кўтарилаётган кўкиш исни сўра бошлади. Кўзларини сузиб, лаззатдан аъзойи бадани бўшашиб кетаётган бир алпозда қўлидаги найчани Юлдузга ҳам тутқазди: — Бу дунёда мана шундай лаззатнинг борлигини билмай ўлиб кетадиган аҳмоқлар ҳам кўп, қани, бир сўриб кўринг-чи. Бир сўриб кўринг деяпман... Юлдуз унамади, Ёлқин яна қистади... — Америка билан Австралияда ёшларнинг олтмиш-етмиш фоизи мана шундай оқидан чекадилар. Бу нарса ёмон бўлса, улар чекмасди. Бу ерда ҳам чекадиган ёлғиз биз деб ўйлайсизми? Анови ўтирганларнинг ҳаммаси бу ерга мана шуни деб келишади, ҳозир қаҳвахона, қовоқхона, ошхона... уларнинг ҳаммасида оқаётгани мана шу. Буни ҳам пули борлар чекади, — деди. Юлдуз илк марта чеккан вақтда ҳеч нарсанинг мазасини туймади, қайтанга боши айланиб, кўнгли беҳузур бўлди. Бироқ, эртаси, индинига бундай бўлмади. Шундай қилиб, у охири ўрганиб кетди. Ҳатто ундан айрилмайдиган ҳам бўлиб қолди. Қаҳвахонанинг хилват бурчагидаги тор зинадан иккинчи қаватга чиқиларди. Бу ерда кичик-кичик, безатиғли хоналар бор эди. У кайф бўлиб қолган вақтларида Ёлқин уни суяб иккинчи қаватга олиб чиқарди. Бир куни Ёлқин унинг кийимларини битта-битталаб ечди. У ҳаммасини ҳис қилиб, билиб ётарди, қаршилик қилмоқчи, ўрнидан туриб қочиб кетмоқчи бўлди. Аммо қўлларини кўтаролмади, ҳали ўрнидан туролмайдиган гўдакдек оёқлари жонсиз эди. Ўша кечаси қизлик иффатини, шунингдек, қалбидаги энг муқаддас туйғуларини ҳам бой берганди. Ёлқин унинг олдида тиз чўкиб, «Сиз менинг у дунёю бу дунёлик бирдан-бир умр йўлдошимсиз» деб қасам ичган куннинг эртасигаёқ, Юлдуз унинг қонуний хотини, икки фарзанди борлигидан хабар топди. У дўзах ўтида ёнди, пушаймон қилди, борган сари тубига тортиб кетаётган ботқоқдан қутулиб чиқишга уринди, аммо энди булар фойдасиз эди... * * * Ўз сепини ёйиб, баҳор ҳам кириб келди. Юлдуз ўша дов-дарахтлар, гул-гиёҳлар билан баробар яшарди. Ўтган кунлар, хасталик азоби худди мудҳиш тушдек олисларда қолган эди. Унинг ёш юраги яна ҳаётга бўлган муҳаббатга ёшликнинг ширин туйғуларига тўлганди. У ўзини дунёда қайтадан кўз очгандек сезарди. У қайтадан яшашга, бошқача одам бўлишга астойдил бел боғлаганди. У онасининг, синглисининг, Анварнинг, яна ўзи учун қайғуриб, диққатларини қаратган кўплаб кишиларнинг самимий умид-истакларини ҳам унутмаслиги керак эди. Айниқса, бу ишда Анвар унинг учун озмунча йўл юрмади, дейсизми. Юлдузнинг дадасининг идорасига борди, хотин-қизлар иттифоқ қўмиталарига борди, ўзининг жуда кўп таниш-билишларига борди. Мақсади Юлдузга тузукроқ бир иш топиб бериш эди. Ҳеч ерда, ҳеч ким «йўқ», «бўлмайди» демади, барчалари ҳам ниҳоятда самимийлик билан кўнгилдан чиқариб, астойдил: «бўлади, ўйлашиб, фикрлашиб кўрайлик», дейишарди. Бирор ҳафтадан кейин эса телевиденияда янгидан ташкил этилган телевизион театр марказига санъаткорлар қабул этиш тўғрисидаги эълонни кўрган Анвар Юлдузни телевидения студиясига ҳам бошлаб борди. Машҳур кино режиссёрларга маъқул бўлган Юлдуз, албатта, бу ердагиларнинг ҳам кўнглига тўғри келган эди. Улар уни синовдан ўтказаётиб, ҳаяжон ила: «Истеъдодли, туғма санъаткор экан», дейишди. Бироқ, у эшикдан чиқиб кетаётиб, озғин, оғзи катта бир аёлнинг уни ўзи томон имлаб чақириб, алланималар деб пичирлаётганини кўриб қолди. У сўнгги сўзларини Юлдузга ҳам эшиттириб туриб: «Телестудия ҳар нима бўлганда ҳам жамиятнинг бундай ташландиқ сарқитларини ўз даргоҳига йиғмаса керак», деди. Шу кундан бошлаб у онасининг тикувчилик ҳунарига кўнгил қўйиб ўргана бошлади. У ўша дераза олдида ўтириб, тикув машинасининг овозига жўр қилиб ғинғиллаб қўшиқ айтар, хаёлида эса Анвар эди. Нечундир яқиндан буён у Юлдуздан ўзини олиб қочаётгандай туюлди. У сўнгги бор келганда, унга маҳкама орқали олис ўлкалардаги укасини қидираётганини, аммо натижа чиқмаётганини гапириб берганди. Унинг сўзларидан қайғу-ҳасрат сезилиб турарди. Шу кундарда у қаердайкин ва нима ишлар қилаётганийкин?.. Юлдуз дераза ёнида ўтириб, онаси яқиндагина тикиб берган кўйлагининг этагини букарди. Дераза остида Олия пайдо бўлди, у ҳар доимгидек ўғил болача кийинганди. Қўлида қимматбаҳо сумка, кўриниши эса бир ҳолатда. У Юлдузнинг онасига ялингандек бўлиб: — Юлдузни кўргим келганди, бироз гурунглашай деб келгандим, — деди. Юлдуз Олияни кўриб хурсанд бўлди, у онаси, дугоналари билан ёйилиб гаплашолмасди, ўзи билан улар ўртасида тубсиз жар борлиги унга аён эди. Уларнинг олдида ўзини паст кўриш туйғуси уни азобларди. Олия эса уларга ўхшамайди, икковининг ўртоқлиқ саргузаштлари, бахцизлиги ва дарду аламлари бир эди. Уларда баланд-паст деган гаплар йўқ эди. Иккови Юлдузнинг каравотида ўтириб, кўпдан буён йиғилиб қолган дил сўзларини тўкишиб, узоқ вақтгача суҳбатлашди. — Одамлар сени бир йигит топибди, тўйлари бўлса керак деяпти, эшитиб хурсанд бўлдим. Бироқ, эҳтиёт бўл, яна қасд қилиб қўйишмасин, ахир сен уларни яхши биласан-ку, — деди Олия қуюнган оҳангда. — Қанийди йигитим бўлиб қолса, бироқ бизга ўхшаганларга осонликча йигит топилармиди? — деб чуқур тин олди Юлдуз. Икковининг нафаси ичига тушиб кетди. Бу — пок, ҳалол турмушга бўлган ишончини ҳали бутунлай йўқотмаган ҳар қандай қиз учун, хаёлидан кеча-кундуз нари кетмайдиган, аммо доимо ўзига тортиб турадиган азоб-уқубатли бир мавзу эди... Анча вақтдан кейин орага чўккан сукунатни Юлдузнинг ўзи бузди: — Олия, дугонажон, сен ҳам аввалроқ ўз йўлингни топиб олсанг яхши бўларди, биз ҳали ёш эканмиз, умримизни бундай бесамар ўтказишга ҳаққимиз бўлмаслиги керак. Ёши каттароқ бўлса ҳам, чўлоқ-пўлоқ бўлса ҳам бирортасини топиб, турмуш қурсак, бола-чақали бўлиб кецак, кишилар ҳам бизнинг ўтмишимизни унутишармиди дейман. «Билмайин босдим тиконни, тортадурман жабрини», дегани мана шу бўлади. Агар ўзимиз истамаганда бу кунларга қолармидик. «Сочи узун, ақли калта» деган гап ҳам ҳақ экан, аслини олганда дунёда унутилмайдиган нима ўзи? — Гапинг бир ҳисобдан тўғрику-я, мен ҳам шундай ўйлайман. Аммо, менинг шароитим сеникига ўхшамайди, ўгай отам яқинда қамоқхонадан чиқадиганга ўхшайди, агар у чиққудек бўлса, мен у уйда ортиқ туролмайман, қолаверса, борадиган бирон ишончли жойим ҳам йўқ... — Ундай бўлса, бизникига қайтиб кел, икковимиз ойимдан кийим тикишни ўрганиб, бир дўкон очармиз... — Айтишга осон, лекин... Ҳай, кўрармиз, ҳозирча бу гапни қилмай турайлик, сенинг шу гапингга ҳам раҳмат, дугонажон. Мендан ташвишланма, жуда бўлмаса Урумчидаги тоғамникига кетиб қутуларман... Олия олдига тушиб турган ўрим сочининг учидан тутамлаб, манглайидаги мошдек чандиғини силаб қўйди. Юлдуз ўзининг ҳам дарди ортиб турганига қарамай, дугонасига ачинарди. Унинг мўлтираб турган бир жуфт беғубор оҳу кўзларига қараб унга чиндан ҳам куюнарди... Олия кетадиган чоғда унга кўча-кўйга кўп чиқмасликни, ўзига пухта ва огоҳ бўлиб туришни қайта-қайта тайинлади. Юлдуз дугонасини кузатиб қўйиб, яна ўз ишига ўтирди. Унинг қўли ишда эса-да, бўлиб ўтган гап-сўзлардан сўнг хаёли ёпирилиб келаётган турли-туман ўйлар билан буткул банд эди. Юраги ачишган ҳолда дугонасининг бахциз кечмишларини эслади. Бахтиёр онларда, тинч, осойишта турмуш қўйнида улғайган талай одамлар турмушнинг яна бир томонини, унинг эгри-бугри, машаққатли, сўқмоқли йўллари ҳам борлигини кўз олдига келтиролмайди. Олия ҳали гўдаклик вақтларидаёқ отасидан, кейин эса онасидан айрилди. Ўн уч ёшга кирганда ўгай отасининг зулмига учради. Унинг пешонасидаги чандиқ ана шу пайтлардаги тенгсиз олишувлардан бирининг нишонаси эди. Ўн саккизга киргунча қирқ ёшли аёлдан ҳам кўпроқ ишларни бошидан кечирди. Қаҳвахонадагиларнинг ҳаммаси унинг бундай кечмишларидан тўлиқ хабардор эди. Шунинг учун уни кўзларига илишмас, анойи деб қарашарди, Юлдуз эса унга ачинар, раҳми келарди. Ўз навбатида Олия ҳам кўнглидаги сирларини ёлғиз Юлдузгагина очарди. Икки жафокашнинг бахциз тақдирлари уларни янада яқин, ажралмас, самимий, сирдош дугоналарга айлантирганди. * * * Олиянинг: «Сени бир йигит топибди, тўй қилармиш дейишаяпти» деган сўзи Юлдузнинг руҳий дунёсини долғалантириб юборди, уни ширин туйғуларга чўмдирди. Тўғри, у анчадан буён Анварга кўнгил қўйиб юрарди (Анвардек йигитга ҳар қандай қиз ҳам кўнгил қўйиши мумкин), шундай бир одамнинг пок ҳамда муқаддас муҳаббат қасрига оёқ босиб киришга қандай ҳадди сиғсин! У фақат жуфт-жуфт бўлиб, қўлтиқлашиб ўша қасрга кириб кетаётганларга ҳавас қилиб, ўзи эса унинг атрофида девонадек айланиб юра олиши мумкин, холос. Бироқ... «у мени ақалли заррача яхши кўрармикин...» деган бир савол унинг хаёлидан кетмасди. Дарё бўйида уни учратган кундан бошлаб қалбидаги ўлим истаги аллақаёқларга ғойиб бўлганди ўшанда. У худди йўлдан адашган чорасиз бир бечора эди. Қўлларини ишончли ҳолда Анварга узатди. У, қизнинг қўлларидан тутиб қуёш нурига чўмган далага, шовқин-суронли қайноқ бахтиёр ҳаёт қўйнига олиб кирди, лекин, у бу ерда ҳар бир одамнинг ўзига яраша ўрни, иссиқ бошпанаси, муҳаббати, шодлик ҳам қайғуси бор, унинг-чи, хўш, нимаси бор? Фақат ҳар эслаганда юракни увуштирувчи, ўлим соя ташлаб турган кучли қайғудан ўзга ҳеч вақоси йўқ эди. У бошига тушиши мумкин бўлган барча азоб-уқубатни лаҳзадаёқ тортишга, ўз муҳаббатини, қайғу-аламини мажруҳ қалбининг чуқур қаърига яширишга мажбур бўларди. Ҳар гал ёлғиз қолганида хаёлан ўзи билан ўзи гаплашиб ўтирадиган Юлдуз бу сафар ҳам эшикнинг тақиллаганини, онасининг Анвар билан гаплашаётган овозини эшитмади. Тўсатдан бошини кўтариб, олдида ўзига қараб кулиб турган Анварни кўриб, чўчиб тушди. Анвар гўё эшикни тўсмоқчи бўлгандек икки қўлини керганча хиёл энгашиб, эшикнинг ён томонига осилиб турарди. Юлдуз бошини қуйи солган ҳолда қўлидаги ишни давом этдираверди. Унинг ҳамма нарсани ифодалайдиган нурли кўзларини узун киприклари тўсиб олганди, орага сирли, оғир сукунат чўкди. — Ички ўлка томонга сафарга отланаяпман, Юлдузхон. Ўзим бориб укамни ўша ерлардан излаб кўрмоқчиман, — деди Анвар бироздан кейин. — Йўлингиз оқ бўлсин, илоҳим ишингиз ўнгидан келсин, — деди Юлдуз бошини кўтармай. — Агар бироз вақтингиз бўлса, дарё бўйи томонларни айланиб келсак, деди Анвар. — Майли. — Сиз чиқаверинг, мен юриб тура тураман... Етиб оларсиз? Юлдузнинг юраги бирдан дупурлаб урди. У бошини кўтармаса-да, Анварнинг унга тикилган нигоҳини сезиб турарди. Номаълум бир туйғу унга бугун алоҳида бир иш юз беришидан башорат қилаётгандек эди. Улар дарё бўйига олиб борадиган ёлғизоёқ йўлдан четлаб, кимсасиз, сокин дала томонга чиқишди. Бу офтоб тафтидан қовжираб кетган, тинимсиз юриб турган арава, велосипед, машина, тракторларнинг ғилдиракларидан текисланиб кетган тупроқли йўл эди. Юлдузнинг бир томонида қуюқ ўсган паст бўйли бутазор, иккинчи томонида яшил майсазор, бедазор ва кўримсиз ёввойи гуллар билан қопланган табиий ўтлоқ киши баҳри дилини очган ҳолда кафтдай ястаниб ётарди. Бу кенгликлар оралаб текис бўй тортган кумушранг седаназорлар ҳам кўзга ташланарди. Ярқираб турган найзадек тик тоғ қоялари ям-яшил япроқлар орасидан тўкилиб турган қуёш нурида оппоқ туман билан тўлгандек кўринадиган, остини шох-шаббалар ва қуриган япроқлар босган кичкина ўрмонзор кишига худди моҳир уста рассомнинг мўйқалами остидаги бир парча манзара суратдек кўзга ташланарди. Анвар уни ўша расмдаги манзара ичига бошлаб кирди. Иккови бамисоли ўзларига ўхшаш ёш, нозик икки туп дарахтга суяниб, бир-бирига юзланиб туришди. Уларнинг пешонасида, яноқларида ҳам қуёш нурлари жилваланиб ўйнарди (Бу манзарали расм янада мукаммаллашди, жонланди). Юлдуз ниҳоятда очилиб, гўзаллашиб кетганди, кўзлари бир жуфт чаросдек чақнарди, икки юзи билинар-билинмас қизарганди. Нақ боши устидан, дарахт шохлари орасидан тушиб турган офтоб нури гўё табиат унгагина атаб йўллаган нафис келинчаклик рўмолига ўхшаб кетарди. Азбаройи муҳаббат туғёнидан Анварнинг юраги ҳаприқиб кетди. У Юлдуздан кўзларини узолмай қолди. Унинг кўзларидан ям-яшил ўрмонни, қуёш ёғдусини, ўз ҳарорати, қудрати билан ҳамма нарсани эритиб юборишга қодир бўлган кучли муҳаббатни ҳам пайқаганди. Бу, қиз қалбида ниш урган пок, ҳақиқий илк муҳаббат эди. Неча ойлардан бери йигит қалбини изтиробга солиб келган оғир ўй ва иккиланишлар қайларгадир ғойиб бўлган эди. Бироқ кутилмаганда шу дамларда яқин ердан гуруллаган мотор овози худди бир нохушликнинг юз беришидан дарак бергандек, бамисоли иккови кўриб турган тушни бузиб, уйғотиб юборгандек бўлди. Улар бир вақтнинг ўзида бирдай сесканиб йўлга қарашди. Йўлда қаторлашиб келаётган бир неча мотосикллар қаторлашиб юриб келарди, ҳайдовчилар бари қора кўзойнакда, соч-соқоллари ўсиқ, кўринишдан ёвузликлари шундоқ билиниб турарди. Аҳмаднинг одамлари! — деди Юлдуз ваҳима ичида. Унинг ранги қув оқарди. Бундай бўлишини Юлдуз анчадан бери сезиб юрарди. Аммо бу ишнинг худди шу бугун, шу пайтда юз беришини у асло кутмаган, ўйламаган ҳам эди. — Қўрқманг, юринг, аввал катта йўлга чиқиб олайлик, қани, улар бизни нима қилишаркин... У Анварнинг сўзини гўё хали ҳам тушида кўраётгандек эшитди. Улар қўл ушлашиб, катта йўлга чиқишди. Анвар Юлдузни орқасига паналатиб, чаққонлик билан ердан бир тошни олди. Бир томонда тўрт қонхўр жаллод, яна бир тарафда йигит билан қиз. Тўрт мотосиклчи худди роботдай уларни қуршовга олиб, тобора қисиб келарди. Улар жуда яқин келиб қолишди. Йигит қўлидаги тошни уларнинг бирига қаратиб отди-да, қизни қўлидан тортиб қочмоқчи бўлди, аммо қочолмади. Уни тутиб олишди, қумли халтадай ғазаб билан уни у ёқдан-бу ёққа улоқтириб, чарчагунча муштлашди, оёқлари толгунча тепишди. Қиз ҳирсдай барзанги бир эркакнинг қўлида қопқонга тушган қушдай типирчиларди, бақирарди, жон-жаҳди билан унинг қўлидан юлқиниб чиқиб, йигитнинг ёнига бормоқчи бўларди. Унинг тим-қора қуюқ сочлари чувалиб, юз-кўзини тўсиб олганди. Нотаниш киши унинг сочларини беаёв чангаллаб, биқини борми, юз-кўзи борми, дуч келган ерига аёвсиз муштлар туширди. Қизнинг нафаси ўчди. Кўз очиб-юмгунча теварак-атроф яна аввалгидай жимжит бўлиб қолди. Қуёш бу ваҳшийликка дош беролмагандай, ўзини аллақаердан пайдо бўлган булут орасига олди. Йўл устида бир йигит, сал нарида бир қиз чала жон бўлиб ётарди. Олисдан бу манзара ғоят сирли ва мудҳиш кўринарди. * * * Сарҳад билмас даҳшатли гирдоб. Юлдуз ўша гирдобда гўё бир чўпдек қалқиб турарди. Бу воқеалар гувоҳи бўлган фалак ҳам дош беролмагандай, қаттиқ ғалаёнга келиб, фарёд ила тўлқинланар, сочларини юлиб фарёд солган мушфиқ онадай ҳайқирар, бўзлар, бўғилар эди... Умиднинг сўнгги учқуни бирдан ўша тўлқинлар орасидан бош кўтарди. «Кутқаринглар!» деб садо берди. Тутиб олиш мумкин бўлган нарсани излаб, қўлларини ҳарёнга узатарди. Бироқ, атрофда ўркач-ўркач тўлқинли сувдан, хўмрайган булутлардан бошқа ҳеч нарса кўринмасди... Тўсатдан у Анварни кўриб қолди! У қирғоқ бўйлаб оғир одимлаганча ғарб томон кетиб борарди. Юлдузнинг қичқиришларини у эшитмасди. Кечга яқин у ростдан ҳам чуқур умидсизлик ичида беихтиёр бақириб уйғониб кетди. Ёстиғи, сочлари қизнинг кўз ёшидан жиққа ҳўл бўлиб кетганди... Эртасига эрта билан Анварни йўқлаб, касалхонага борган Гулсумхон ая бирданига янада қариб мункайиб, ичига сиғмай қолган дард-аламдан сарғайиб, кўзлари ўчаётган шамдай пилдираб қолган ҳолда зўрға уйига қайтиб келди. Юлдузнинг каравотида ўтириб: — Болам, ҳозир айтадиган гапим сенга оғир ботишини биламан. Лекин начора, барибир айтмасам бўлмайди. Кўпчилик бизга совуқ қараш қиляпти. Анварнинг яқинлари-ку, айниқса, инчинун. Улар бўлган гапларда сени айбдор қилишмоқда. Сен энди Анварни буткул унут, уларнинг талаби ҳам шундай, — деди чуқур хўрсинган ҳолда оғир тин олиб. Она қизига кўз қири билан қараб қўйиб, яна давом этди. — Ҳа, айтганча, Анварнинг аҳволи анча дуруст бўлиб қолибди. Борсам, кўзини очиб ётган экан. Юзи таниб бўлмайдиган бўлиб кетибди... Уларга ҳам увол, ўз жигарпораси бировнинг қизини ҳимоя қиламан деб шунчалик калтак еб, ўлар ҳолга келиб қолса, ота-она бунга қандай чидасин... Юлдуз қалқиб чиққан ёшни яшириш учун кўзини юмди, бироқ киприклари орасидан икки томчи ёш сизиб чиқиб, яноқлари устида тўхтаб қолди. Нечундир унинг ёдига бояги буғдойзордаги ярқироқ нарса келди. У кишини азоб-уқубатдан халос қиларди, дунёдаги ҳамма ғам-андуҳларни унуттирар, само бўшлиғи сари парвоз эттирарди... * * * Юлдуз нафис крепдешин кўйлагининг ёқасини учинчи марта сўкиб тика бошлаганда онаси чидолмади: — Ҳой наҳс босган қиз, хаёлинг қаерда ўзи? Бошимга битган бало бўлдинг-ку! Шундай кунимизга яраб турган ишга бўйнинг ёр бериб ишлай демайсан-а?!.. Юлдуз бошини қуйи солди. Онасининг ҳар бир сўзи унинг юрагига наштардек ботар, ярасига туз сепгандек азобларди: шунинг билан бир вақтда, онасининг ғазабдан тундлашган афти, дард-аламдан чақчайган кўзлари унда қўрқинч ҳам ачиниш аралаш ғалати ҳиссиёт уйғотарди. Юлдузнинг жавоб қайтаргиси келмай, бошини елкаси ичига тиқиб оларди, юракдан отилиб чиқаётган кўз ёшларини куч билан ичига ютиб, ўз ёғида ўзи қовриларди... Унинг онаси илгари бундай эмасди. Вазмин, камгап, хушфеъл аёл эди. Онанинг бундай бўлишига Юлдузнинг ўзи айбдор эди. Анвар уларникига келмайдиган бўлгандан бери, Юлдузнинг хизматга жойлашиш орзуси кўпикдек йўққа чиққандан буён у ана шунақа бўлиб қолганди. Бу ишларнинг ҳаммасида бошқалардан гина қилишга ҳаққи йўқлиги ҳам Юлдузга яхши аён. Шунинг учун, гарчи дарди ўзига етиб орца-да, у онасининг урушиб-қарғашларини ичига ютишга мажбур эди. Анвардан узил-кесил айрилиб қолганига ишонган кундан бошлаб Юлдуз яна хаёлларга бериладиган бўлиб қоли. Анвар билан ўтказган ҳар бир дақиқа, унинг кулимсираши, қовоғини уюши, сўзлари, юриши, ўтириш-туришлари лаҳза сайин Юлдузнинг кўз олдидан ўтаверар, такрорланаверарди. Унинг сўзларини, ҳар хил руҳий ҳолатини янада чуқур тушунишга тиришарди. Биргина нарсага, Анварнинг сўзини яхши кўришлигига унинг ишончи комил эди. Улар бирга бўлган чоғларда у Юлдузга ўзини унча яқин тутмасди. Унинг феъли ўзи ғалати эди. Бир қарасанг хушчақчақ, сўзамол, бир қарасанг қовоқлари солинган, одамови. Айниқса, Юлдузнинг ёки онасининг миннатдорчилик билдириб айтган сўзларини эшитишни хоҳламасди. Юлдуз уни энди келмайди деб умидини узиб қўя қоларди, бироқ азза-базза кўкдан тушгандай бирдан пайдо бўларди. Бир сафар у роса ярим кунгача бир оғиз ҳам сўзламай, фақат усти-устига тамаки чекиб ўтирди. Бир чиқиб кетганча бир ойча йўқ бўлиб кетди. Охири келиб, Юлдузни айланиб келишга таклиф қилди, бироқ Юлдуз унинг кўнглида не гап борлигини билолмади, балки энди у умрбод билолмаса ҳам керак. Лекин у ўша ўрмонзорда кечган қисқагина фурсатни, Анварнинг ошиқона тикилган кўзларини мангу унутолмайди, ўлим олдида ҳам йиғлаб туриб ўша дақиқаларни, ўша кунларни эсга олади. Юлдуз ташқарига чиқишни, одамларга кўринишни хоҳламасди, яқин кишиларни қидириб бориб: «Менинг ишга киришим нима бўлади, ўйлашиб кўрдиларингми?» деб сўрашни ҳам истамасди. Шунингдек, ҳозирги ишида ҳам ўзини ҳар қанча мажбурласа-да, ундан тикувчи чиқмаслиги ўзига аён эди. Деразадан кўриниб турган кичкина дунё, онасига кийим тиктиришга келадиган катта ёшдаги аёллар уни қизиқтирмсди. Унинг хаёли эгри-бугри кўча муйилишидан, хароба уйлардан, ғийбат қилишдан бошқани билмайдиган, ҳар нарсага аралашаверадиган турқи-тароватлари совуқ хотинлардан безиб, хаёлан олисларга кетарди. У ўзини катта шаҳарларда, мағрур, келишган, билимли қиз-йигитлар орасида, визиллаб айланиб турадиган фотографлар олдида кўрарди. Ҳатто гоҳо қилаётган ишини, еяётган овқатини ҳам унутарди. Унинг бу одати онасини баттар жиғибийрон қиларди. Бир марта у ҳатто: «Ҳой нодон қиз, эсингни йиғиб ол дейман!» деб бақириб, қўлидаги йўғон қайчини Юлдузга қаратиб отди. Қайчи Юлдузнинг чаккасини сийпаб ўтиб, орқасидаги деворга бориб синчилиб қолганди. Олия келди. У Юлдузга янги хабар келтирганди. Унинг айтишича, шаҳардаги ишсиз ёшлар мусиқа гуруҳи тузишганмиш. Уларнинг электрон чолғу ва миллий мусиқа асбоблари бор экан. Мана шу кунлардаги тўй-ҳашаму, кўнгилхушликларни кўтара савдо қилиб, ўзлари овоз тасмаси ишлаб, роса донг чиқарганмишлар. Улар Юлдуздек «кино санъаткори»нинг ўз сафларига қўшилишини орзу қилишларкан, бунинг учун улар Юлдузнинг ҳамма талабини тўлиқ адо қилишга ҳам рози эканлар. Юлдуз бу фурсатни ғанимат билиб, қўлдан бермасликка қарор қилди. Бироқ у онасини бу ишга қандай қилиб кўндиришини билмасди. Онаси унинг қандайдир қўшиқчи бўлишига жон-жаҳди билан қарши эди. Унинг тушунтиришларига, кўз ёшларига парво ҳам қилмади. Бир тўп ўғил-қизлар раҳбарсиз, кеча-кундуз бирга юрса, айтадигани фақат куйдим-ёндим, белларини тўлғаб, ўйинга тушиш бўлса, унда оқибати нима бўларди, деб битта гапида туриб олди. Она-бола бир-бирини кўндиролмади. Охири Гулсумхон ая қаттиқ уришиб берди: — Гапимга кирмайдиган бўлсанг, йўқол уйдан, онам бор, синглим бор деб тилингга олма, мен ҳам сендек шарманда, бузуқ қизни ҳаётда кўрмаган бўла қолай, ҳарна бошимдан бир балойи офатнинг аригани! Бу гаплар Юлдузнинг суяк-суягидан ўтиб кетди, у чурқ этмай керакли у-бу нарсаларини олди-да, эшикни тарақлатиб ёпиб чиқиб кетди. Юлдузни ростдан ҳам чиқиб кетар, онаизорнинг дилини янада вайрон этар деб сира ўйламаган Гулсумхон ая унинг орқасидан югурмоқчи, тўхтамоқчи ҳам бўлди, аммо боши айланиб, кўзлари тинди, турган ерида чўккалаб михлангандай ўтириб қолди, кейин куч билан тошиб келган кўз ёшларини селдек тўкди. Юлдуз кўчаларда нима қиларини билмай узоқ дайдиб юрди. Уйни ташлаб чиқмоқ осон иш эмас. Бу кечада у энди қаерда қўним топади? Эртага-чи? Кейин-чи? Олияникида бир неча кун турар, аммо доимий қололмайди-ку. Аввал Олиянинг ёрдамида бояги мусиқа гуруҳини излаб топиши керак. У ер кўнгилдагидек чиқса, ишлари изига тушгани шу бўлади. Бироқ, иш у ўйлагандек бўлмаса-чи? Ҳозирча, бу томонини ўйламай тургани маъқул. У Олиянинг уйида бўлмаслигини билиб турса-да, толеини синаб кўриш учун тўғри уникига борди. Бахтга қарши, у ҳақиқатан ҳам уйида йўқ эди. Балки, қаҳвахонададир? Кун ҳам оғиб, кеч кирмоқда эди. Йўлларга ишдан қайтаётган велосипедлилар ва пиёдалар, машина-автобуслар сиғмасди. Ўша шошилинч, қандайдир муҳим ишни кўнгилларига туккандек кўринган одамлар, онда-сонда ўтиб қоладиган ҳашаматли енгил машиналар, қизғин ва тантанали ҳаёт қайнаётган кўча Юлдузга бегона йўлак бўлиб кўринди. У ўша қайноқ ҳаёт қўйнига интилганди, аммо ҳаёт уни қўйнига олмади. У худди зўр оқим устида соҳил сари суриб ташланган қамиш-қиёқлардек бир четга чиқиб қолди. У ўз олдига бир йўл очиш, одамдек яшаш учун яна қанчалар бадал тўларкин? Уни яна қандай ишкалликлар, дард-аламлар кутаётганикин? Унинг заиф жуссаси, дард-аламдан эзилган уларга яна қанчагача бардош бероларкин?.. Осмоннинг ярмини қоплаган кечки куз шафағи автобуслар, биноларнинг деразалари, дўконларнинг ойналарида чақнаб, ғишт ётқизилган кўчага эртакнамо манзара бахш этганди. Машиналар, йўловчилар озайиб, йўлларга бирданига сукунат чўккандек бўлди, дарахтларнинг сарғайган япроқлари номозшом пайтининг ғир-ғир эсган шамолида ларзон учиб тушмоқда эди. Юлдуз энгашиб, ердан бир дона сарғайган япроқни оларкан, бу ҳолат унга шўх болалик вақтларини, ҳеч нарсадан ғами йўқ, ўйиндан бошқасини билмайдиган чоғларини эслатди. У хаёл билан бўлиб, қандай қилиб дарё бўйига келиб қолганини сезмай қолди. Оёғи уни қандай қилиб бу ерга бошлаб келганикин, бир йил олдин, худди шундай кунларда, ҳамма нарсадан умидини узган, ҳаётдан тўйган пайтлардаги ерга келган Анварни учратганди. Ким билади, уни бугун ҳам учратиб қолармикин... Унинг юраги бирданига одатдан ташқари дукурлаб урди. У бунинг хом хаёл эканлигини билиб турса-да, кўприк томонга тез юриб кетди. Ана, ҳайбатли улкан кўприк, зинапоялар. У кўприкка қадам қўйиши билан оёқлари беихтиёр титраб кетди, бу титроқ унинг бутун вужудига тарқалди. У ўзини қандайдир қудратли куч чангалига тушгандай ҳис қилди. Муздек панжарани тутиб туриб, пастда шиддат билан оқаётган сувга қаради. Дарё ўша-ўша ваҳимали ҳайқириб, даҳшатли тўлқинларини сапчитиб оқишда давом этарди. Юлдуз дарёга даҳшат ичида тикилиб қолди. Бадани жимирлаб, тезда бошини орқага олди. Бироз нарида тор шим, эски катак кўйлак кийган, сочлари тўзғин, пуф деса учиб кетгудек ожиз бир банда унга ҳайрон қараб турарди. У Юлдузнинг бошини кўтарганини кўриб, яккам-дуккам сарғиш сўйлоқ тишларини тиршайтириб кулди. — Мен сизни... Мен ҳали сизни ўзини дарёга ташламоқчи деб ўйловдим, — деди у. Юлдуз серрайиб қолди. У худди шу ерда бу сўзни Анварга айтганди. Анвар бурилиб қараб, ҳангу манг бўлиб қолган эди ўшанда, сўнгра кулимсираб: «Хотиржам бўлинг, мен ўзимни ҳалок этмоқчи бўлсам, ҳаргиз сувга ташламайман, мен сувда сузишга устаман» деган сўзлари унинг қулоғи остида яна бир бор жаранглагандай бўлди. Тақдири азалда борини кўрмай илож йўқ. Юлдуз ўшанда айтган гапини эслади. У анови одамга нимадир демоқчи булди-ю, аммо оғиз жуфтлашга ҳам мажоли қолмаган эди. Бунинг устига, шу пайтда унингдек бир ҳамроҳнинг бўлгани ҳам баҳарнав. У кўприк зинапоясига чўкди, сумкасини этагига қўйиб қўйди. Кўзининг қири билан қараб, бояги одамнинг ҳам сал нарида ўтирганини кузатиб турди. У мунгли бир куйни хиргойи қила бошлади. Юрагида унинг сўзларини такрорларди, қўшиқ билан баробар отилиб чиқаётган кўз ёшларини тўхтатишга тиришарди. — Уйингиздан қочиб чиққанга ўхшайсиз-а, қизим? — деди бояги одам заиф, титроқ ва ҳасратли бир овозда. — Ҳа. Сиз-чи? — Мен ҳам шундай. Дунё кенг-у, ғарибларга тор экан... У худди бир баланд тепаликка кучаниб чиқаётган мотосиклдек зерикарли оҳангда бир хил ғинғиллаб гапирарди. Юлдуз унинг қолган сўзларини тушунолмади. Сўнгра иккови ҳам узоқ вақт жим қолди. Юлдуз ўрнидан туриб, катта кўча тарафга қараб юрди, ҳалиги одам бошини тиззадан кўтариб, қизнинг орқасидан таажжуб ва афсус билан қараб қолди. Олия ҳали ҳам уйига қайтиб келмаганди. Ким билади, қачон қайтиб келади. Юлдуз унинг қаҳвахонада эканлигини билади, аммо у ерга боришни хоҳламасди. Қоронғулик эса тобора қуюқлашиб борарди. Бешафқат қоронғулик, ҳадемай ўзининг қора чодирларини ёйиб, ер-жаҳонни ўраб олади. Заминдаги ҳамма разилликлар, кун нуридан, ёруғликдан, ошкораланишдан қўрқадиган барча жиноят, шумликларга жон киради, ҳаракатга келади. Разил одамлар кўнгилларида кири йўқ, ҳалол кишиларга ўхшаб, кечаларни ширин уйқуда ўтказолмайди. Юлдуз гуноҳкорлик туйғуси ичида онасини, синглисини кўз олдига келтиради. Йўқ, улар ҳам хотиржам ухлаёлмайдилар, унинг — Юлдузнинг сабабидан онаси каравотнинг бошида иягини тутиб ўтирганча тинмай уф тортарди. Эшикнинг ҳар бир овозидан умидланиб, кўчага неча бор чиқиб келади. Пок, оқкўнгил синглисининг уйқусига ваҳима, бахцизлик соя ташлаб туради. Ниҳоят, кўча чироқлари ҳам ёнди. Йўловчилар сийрак эди. Тўсатдан яқиндаги кўчадан мотосиклларнинг тариллаган овози эшитилди. Кеча жимжитлигини бузган бу овозлар даҳшатли қуюндек, бўм-бўш асфалт кўчаларни, куз кечасининг тинч осмонини ларзага келтиради. Юлдузнинг юраги дукиллаб уриб кетди. Велосипедлик эркаклар унинг олдига келганда тезликни секинлатиб, еб қўйгудек тикилиб қарашарди. Кўчанинг нариги томонидан ҳуштак овозлари қулоққа чалинарди. Ғалати ясанган, пардоз-андозли икки аёл унга бошдан-оёқ синчиклаб қараб ўтиб кетишди. Юлдуз шошилинч иши бор одамдек кўринишга тиришиб, қадамини жадаллатди, кўзини олдиндаги катта йўлдан узмай, қаёққа ошиқаётганини ўзи ҳам билмасди. * * * Яна қаҳвахона, хира ёниб турган рангли чироқлар, ҳар ер-ҳар ерларда ўзларини кўз-кўз қилиб ўтирган қизлар. Ана Олия, кўринишдан бошқа юртликлиги билиниб турган бир эркак унинг қўлларини қайириб, оғзига ароқ қуймоқчи бўларди. Келишган йигитларнинг ўртасида нозланиб ўтирибди. Фотима, Анор, Зулфиялар кўринмайди, уларнинг ўрнида ўрта мактаб ўқувчиларига ўхшаган бирнеча ёш қизлар ўтиришарди. Ёш бўла туриб қаерда юрган қизлар экан булар, бир қўлида қадаҳ, яна бир қўлида тамаки, эркакларнинг кўзига тикка қарашларини айтинг. Улар орасидаги кийимлари одмигина, бўтакўз қиз ҳаммасидан соддаси бўлса керак. Қордан қутулиб ёмғирга тутилган бир шўрликдир. Ўзи ўша ерда ўтирибди-ю, хаёли бошқа ерларда кезарди. Ҳуркак кийикдек чўчиб, кимларгадир ёлборгандек жавдираб қарар, гоҳида кўзлари лиммо-лим ёшга тўлиб, йиғлаб юборадигандек кўринарди. Нигора бир таниш одамнинг ёнида ўтирибди. У ўша одамни ишвали жилмайишлари билан аллақачон ўзига мафтун айлаб бўлганди. Бу ерга тез-тез ташриф буюрадиган тунган йигити билан нималарнидир пичирлашиб сўзлашарди. Юлдуз у йигитни кўп кўрган, илгари у қордек оппоқ соқоли кўксига тушиб турадиган юзи чўзинчоқ, танқа бурунли бир тунган мўйсафид билан бирга келарди. Кейин қария кўринмай кетди. Айтишларига қараганда, у ичкари ўлкаларда чет элликлар қўнадиган меҳмонхонада турармиш... Юлдуз қарийб шишиб кетган қовоқлари остидан Нигора ва унинг олдида маъноли тиржайиб турган тунган йигитга нафрат билан тикилади. Улар беҳад хурсанд, мамнун. Балки, навбатдаги разил, жиноий ишларини бартараф этганлари учун шундай шод, масрур бўлаётгандирлар? Юлдузнинг кўз олдидаги ҳамма нарса гўё қабиҳ тушга ўхшаб кўринарди. Яна бир турмуш — онаси, синглиси, Анвар, унинг кино юлдузи бўлиш тўғрисидаги орзуси, қўшиқлари ундан тамом йироқлашганди. Балки буларнинг ҳаммаси унинг тушидир. Эҳтимол, унинг пешонасига шу ҳаёт, мана шундай бўлади деб яшаш азалдан битилгандир... Ўй-хаёлларнинг кучли гирдоби эса унга тинчлик бермасди. Гўё унга ўзи хоҳлаган нарсасини муҳайё қилгандай кўринарди. Баъзида эса шаҳар ташқарисидаги бир қаватли хилват ҳовлига бошлаб борарди. Сиртдан қараганда атрофдаги уйлардан фарқ қилмайдиган бу уйнинг ичи бошқа бир дунё эди. Ерга солинган узун, юмшоқ яшил гиламнинг устидан юрган одам ўзини худди қуюқ майсазорда юргандек ҳис қилади. Дераза олдига қўйилган, шифтга тегай деб турган катта аквариумда сузиб юрган қизил, яшил, сариқ тилла балиқлар кишига сирли денгиз ости дунёсини эслатарди. Деворларга Голливуд кино юлдузларининг катталаштирилган суратлари осилган. Ойнали юлдузлардек ўчиб-ёниб турган рангдор чироқлар орасида шишаси ва муҳрлари алоҳида кўзга ташланиб турадиган чет эл ароқлари. Баъзан бу ерга Аҳмаднинг талай дўстлари — эгнида чет эл палтоли, келишган, басавлат йигитлар билан ажойиб-ғаройиб, сочларини бўяган пардоз-андозли қизлар келишарди. Улар кенг ҳамда юмшоқ диванда, липиллаб турадиган каравотларга ўзларини ташлаб ётишиб, ароқ ичишар, рақс тушишар, дискотека ўйнашарди, чарчаган вақтларида эпчиллик билан бир-бирининг билагига оқ оғуни укол қилишарди-да, ётгани ётган, ўтиргани ўтирган жойида туш кўра бошлардилар. Юлдуз шулар барчаси учун Аҳмаддан қарздор эканини биларди. Улар унинг қўлидан оладиган вақтинчалик ҳузур учун зўр бадал тўлаши керак эди. Улар Аҳмадга топширадиган пулларда ота-оналарининг қон-ёши, оёқ ости қилинган, топталган иффат-номус, инсоний ғурур ва инсон қиёфасидан чиққан жиноий қилмишларнинг ўчмас тамғаси бор эди. Юлдуз уларнинг баъзиларининг артист, бошқаларининг олийгоҳ талабаси эканлигини ҳам биларди, уларнинг ичида ҳатто бир посбон ҳам бор эди. Мунтазам келиб турадиган, ҳолсизлигидан зўрға қадам ташлаб юрадиган бир девонасифат йигит ҳам бор эди. Аҳмаднинг атрофида итдек айланиб юрар, ҳайдаса ҳам кетмасди. Унинг оёқларига осилиб олиб, кийимининг пешларини, ҳатто оёқларини ўпарди. Нима деса, хўп бўлади, ифода қилиб турадиган чуқур кўзларига қараган кишининг юрак-бағри эзилиб кетарди. Айтишларига қараганда, бир неча йил олдин у мана шу шаҳардаги энг катта савдогарлардан бири бўлган экан. Ором курсида савлат тўкиб ўтирган пайтларда дўконга кирган қиз-жувонлар унинг атрофидан кетолмай қоларкан. Гувонгжудаги сатанг қиз-жувонлар орасида ҳам донг таратганлари бор эди, улар йигитни бир-биридан қизғаниб, гиёҳвандлик ботқоғига ботиришган. Топган бор даромадини айш-ишратга сарф қилиб, икки йилга қолмай бутунлай мирқуруқ бўлиб қолибди, боз устига қулоғигача қарзга ботибди. Тўрт боласи бор экан, хотин-болаларини ўйлаш у ёқда турсин, уйида қўлга илинадиган нарса борки, ҳаммасини олиб чиқиб сотибди, баъзан ўғирликка ҳам қўл урадиган бўлибди... Бир куни кечаси Юлдуз Аҳмаддан сўраб қолди: — Айтинг-чи, Аҳмад ака, шунча кўп одам қандай қилиб бундай ҳолга тушиб, ишдан чиқиб қолаяпти, одойи тамом бўлаяпти?... Ўша ҳаром пуллар наҳотки виждонингизни қийнаб-ўртамайди? Xудодан қўрқмайсизми? — Эҳ аҳмоқ хотин, эҳ товуқмия-ей... агар билсанг, бу дунёда пулдан қудратли нарсанинг ўзи йўқ. Одамни одам қиладиган ҳам пул, адо қиладиган ҳам пул. Пулинг бўлмаса сен ҳеч ким эмассан. Қолаверса нафас олиш учун ҳам пул керак. Мен нимадан қўрқишим керак экан? Ўғирлик, талончилик қилибманми? Одамларни мен қидирмайман, уларнинг ўзлари мени қидириб келишади, ҳатто оёғимга бош уриб, менга сот-сот деб ёлборишади. Шундай бўлгач, сотмай нима қилардим? Кимдир ўз ихтиёри билан ўлишни хоҳласа, мен уни бу балодан қандай сақлаб қоламан?! Эчкида жон қайғу бўлса, қассобда мой қайғу, бу дунёда пул ягона ҳукмдор. Давлатинг бўлса, виждон шудир, нодон хотин. — Бундан чиқди, сиз уччига чиққан қотил, жаллод экансиз-да? Бу жиноят, барибир бир кун келиб очилмай қўймас, шунда гирибонингиздан олиб, бошингизга итнинг кунини албатта солади, худди қобонни бўғизлагандай, сизни ҳам жаҳаннамга жўнатишларига оз қолган бўлса, ажаб эмас. Барча кирдикорларингиз учун албатта ўч олишади... Тузоғинггизга илиниб, ноҳақ ўлиб кетганларнинг арвоҳлари ҳам сизни асло тинч қўймайди!... — Бўлмаса эшит, аҳмоқ, товуқмия! Мен сенга шу гапларинг учун айтиб қўяй, улар менга заррача дахл этиш у ёқда турсин, балки қайтанга жонлари борича мени қўриқлайдилар. Негаки, мен бўлмасам улар бир дақиқа ҳам яшаёлмайдилар, ҳо-ҳо-ҳо... Мен уларнинг ҳақиқий худосиман, билдингми? — Айтинг-чи, бу оғу сизда шунчалик кўпми? — Қанча десанг топилади! У ўзи сезмаган ҳолда боши билан тўрдаги катта расмли рамкани кўрсатди. Юлдуз ўша рамканинг орқасида жойлашган махфий токча борлигини биларди-ю, ўзини билмасликка соларди, аёлларгагина хос бўлган бир хил сезгирлик унга бу токчанинг ниҳоятда муҳимлигидан дарак берарди. * * * Юлдуз ўзининг ҳомиладор бўлиб қолганини сезди. У ёш вақтида онаси билан маҳалладаги аёлларнинг оғзидан қайсидир бебош қизнинг тўй қилмай туриб, қорни кўтарилиб қолганлиги тўғрисидаги гап-сўзларини кўп эшитганди. Ўшандан кейин анча вақтгача Юлдуз у қиздан нафратланиб юрганди, Ҳатто бир гал ўша қиз уни дўстларининг олдида эркалатиб қўйгани учун номусдан йиғлаб юборганди. Мана ўзи ундан ҳам баттар ҳолга тушиб ўтирибди. Ўша қизга балким чин муҳаббат, ҳамма нарсани унуттирадиган, кечиртирадиган ҳақиқий ҳиссиёт сабаб бўлгандир? Шунинг учун у кишиларнинг лаънат-нафратига қарамай, тўққиз ой қорнида кўтариб, яхши кўрган кишисидан ёдгор – тирик фарзандини ёруғ дунёга келтирган ва узоқ йилларгача бошқа турмуш қилмай ўша фарзандини боқиб вояга етказгандир? Юлдузники эса ундай эмас, қандай қилиб унга тенг бўлсин! Фарҳод унинг ҳомиладор бўлиб қолганини эшитиб, булутли осмондай тунд бўлиб қолган. Ҳаммасига ёлғиз Юлдуз айбдордек, маломатлар унинг бошига ёғилганди. Унга аёл дўхтирларнинг қўпол муомалалари, дашномлари, номус-ҳаё деганини (унда ҳам ўзига яраша бор-да) бир четга йиғиштириб қўйиб, бир тўп амалиётчи дўхтирларнинг олдида бўғизланадиган қўйдек беҳол бўлиб ётишлар унга унчалик таъсир қилмаганди. Фақат Фарҳоднинг ўзига нафратланиб қарашлари, қовоғини уйиб, тамаки тортиб ўтиришлари зардасини қайнатганди ўшанда. Юлдуз Олиянинг уйида ўн беш кун турди. Бу муддатда Фарҳод бир марта ҳам хабар олмади. Ахир, Фарҳод бир неча ой у билан бирга яшаган эди-ку. Айниқса, бир келиб кетишини, бир оғиз гап билан бўлса-да, ҳол-аҳвол сўраб қўйишини умид қилганди. У, одамзотнинг бунчалик ҳиссиёциз, тошбағир бўлиши мумкинлигини сира тасаввур этолмасди. Одам деганда бир фурсат турган шаҳар, ётиб-турган уй, ҳатто ишлатилган буюмларга нисбатан ҳам ҳиссиёт бўлади-ку, ахир... — Мен бир гап эшитдим, бироқ сен кўнглингга олма, — деди Олия унга бир куни, — Фарҳод аллақачон бировни топиб олибди. Бошқаларнинг айтишича, ўн беш-ўн олти ёшлардаги қиз эмиш, аммо жуда чиройли дейишади. Албатта, бизга ўхшаган пешонаси шўрларнинг тақдири бир хил дугонажон, шошмай тур, ҳали ўша қиз болани ҳам кўрамиз... — Энди уйингга ҳам қайтолмайсан, — деди бироздан кейин яна, — муҳтожлик ёмон нарса, сен билан бизнинг қўлимиздан нима ҳам келарди. Бошқа ишга ҳам чидамаймиз. Ахир биз ичамиз, чекамиз, ундан айрилсак ҳаёт кечиролмаймиз. Ўйлаб қарасам, бинойидек ҳуснимизнинг борида озми-кўпми пул топсак, унча-мунча дастмоя тўпласак, кейинроқ бирор иш қилишимизга ярармиди, қариганда момо бўлиб беш вақт номозимизни ўқиб ўтираверардик. Юлдуз яқиндан буён таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетаётган Олияга худди энди кўриб тургандек синчков қаради. Дугонаси кўзгу рўпарасида ўтириб пардоз-андоз қиларди. Унинг қовоқларига, лабларига суртаётгани ҳозир Оврупада расм бўлаётган кумушранг бўёқ эди. Гуонгжуда унинг бир қутиси фалон юандан сотилармиш. Анави Франсия атири ҳам икки юз юандан кам эмас. Унинг эгнига кийиб олгани ҳам мода кийим дўконларида-да топилмайдиган чет эл молларидан эди. Бўйнидаги олтин занжирли тумор, қўлларидаги қўш-қўш узуклар-чи, асил уй жиҳозлари, рангли телевизор. Ўгай отасидан эса унга қолгани фақат қуруқ тўрт деворнинг ўзи эди. Қизлар Нигорани ҳаммадан бой дейишарди. Уларнинг айтишича, унинг Урумчида катта бир дўкони бўлиб, уни акаси бошқарармиш. Нигоранинг бой бўлиши, албатта, турган гап. Қаҳвахонада харидорларга бирор қизни таништириб қўйгани учунгина улардан юз юан ундирарди. Бундан ташқари, унинг Аҳмадлар билан шериклашиб қиладиган талай махфий савдолари ҳам бор. Тунганлардан, покистонликлардан сотиб оладиган «оқ оғу»ни ҳам Нигора майдалаб, қизларга, ўзлари бирга бўлган харидорларга сотади, уларнинг асосий кирими шундан келади. Олия, Гўзал, Зулфияларнинг яқиндан буён бошқача қадам ташлашининг сабаби ҳам шунда эди. Илгари улар Нигора, Аҳмадларга қаршилик ҳам қиларди, баъзида миллат, ватан ҳақидаги гапларни ҳам гапиришарди. Ҳозир пул, «оқ оғу»дан бошқа гап бўлмай қолди. Олия Юлдузнинг бир вақтлардаги яқин дўсти уни алдаб олиб чиқиб, Аҳмадларга тутиб бермадими? (У гарчи бунинг Аҳмадларнинг ҳийласи эканлигини илло-билло билмагандим, деб туриб олган бўлса-да), бугун Юлдузни ўзлари юрган йўлдан юришга ундашмоқда. Бу гапни Нигора ҳам бир неча марта юзига солган эди. Уларнинг гапларининг тагида: «Ўзингни ҳар қанча айбсиз чоғлаганинг билан, бошқаларнинг назарида сен ҳам биз каби бир бузуқ аёлсан, холос. Сенинг бизга эргашишдан ўзга чоранг йўқ», деган маъно бор эди. * * * Юлдузни қўшиқ овози уйғотиб юборди. Унинг боши тошдек оғир эди, икки чаккаси лўқиллаб оғрирди. У кўзини очиб, ҳайрон бўлиб атрофга назар солди. Ойнаси кирлаб кетган кичкина дераза, девор остига қўйилган қўпол кўк баркаш... Унинг устида егандан ортиб қолган товуқ гўшти, кабоб, юпқалар, бўшатилган ароқ шишалари сочилиб ётарди... Унинг ёнида бир эркак уйқуни урарди. Юлдуз ўзининг бу одам билан кеча кечқурун қаҳвахонада кўришганини, унга эргашиб бу чекка меҳмонхонага келганини зўрға эслади. Тонг маҳали қўшни хонада биров магнитофон қўймоқда эди. Ё эркакча эмас, ё аёлча эмас бир овоз: Кетарман-а, кетарман-а, Бу оламдан ўтарман-а Ҳарқанча ёмон бўлсам-да, Кўзингдан йитармана. Кетарман-а, кетарман-а, У оламга кетарман-а. Қўшиқнинг сўзлари Юлдузга маъсум дилкаш туюлди. — Аслида, чиндан ҳам у дунёга кетадиган одам сира ўзини ўлади деб ўйламайди. У пишиллаб ухлаб ётган кишини уйғотиб юбормаслик учун каравотдан аста туриб, ўриндиқ суянчиғига ташлаб қўйилган кийимларини апил-тапил кия бошлади. У одам уйғониб, оқшомдаги ишларни эслаб: «Қизалоқ, ҳалиги ишни мен бекор қилибман, пулимни қайтариб бер» деб қолишидан, ўзининг унинг кўзларига қараб азобланишидан, пушаймон қилишидан олдинроқ бу ердан жуфтакни ростлаб қолишни ўйларди. Шу топда унинг ёнида роса беш минг юан бор эди. У энди хатога йўл қўймаслиги, жуда кўп бадал эвазига келган бундай қулай фурсатни қўлдан чиқармаслиги керак. Бироқ... У, кафтларига юзини қўйиб бир хил пишиллаб ухлаётган, турқидан хурсандлик акс этиб турган одамга қараб ўзича сал иккиланиб қолди. Кечқурун икковлон ётоқхонада талай вақтгача еб-ичиб ўтиришганди. У Юлдузга ўзининг чет бир тумандан келган мол сотиб олувчи эканлигини, хизматининг оғирлиги, хотинига кўнгли йўқлиги тўғрисида гапирганди. Унинг сўзларини эсларкан, Юлдуз мийиғида кулиб қўйди. У ҳар қандай эр кишининг бошқа бир аёл билан учрашганда тезда аёлига кўнгли йўқлигини айтишлигини биларди. У, Ёлқиннинг аёли борлигидан хабар топган куни, Ёлқин ҳам унга: «Мен хотинимни қилча яхши кўрмасам нима қилай? Муҳаббациз турмуш, турмушми?» деганди. Ўшанда бир ғойибий овоз унга шундай дерди: «Сен хоҳлайсанми-йўқми, бунинг аҳамияти йўқ. Бу дунёда энг қудратли нарса — пул, кўрмаяпсанми? Пул —ҳақиқат демакдир. Ҳамма нарсанинг ҳукмдори — пул! Сен унга минг жон куйдириб ҳақиқатдан гап очганинг билан унинг қулоғига кирмайди, пулни кўрсацанг, буни чинакам «ҳақиқат» дейди. Пулинг бўлса соянгга салом берадилар, олдингда тиз букиб, оёқларингни ўпадилар. Пулинг бўлмаса, сен ҳеч ким эмассан, одамлар сенга қилча раҳм-шафқат қилмайдилар, балки оёқости қилиб, баттар эзадилар. Ахир, бу ҳаётдан, одамлардан озмунча хўрлик кўрдингми? Кўз ёшларинг дарё бўлди, сенга ёрдамга қўл чўзган, ҳолингга етган одам бўлдими? Пулнинг кучи шунчалик қудратлики, унинг олдидан ҳеч ким кўндаланг ўтолган эмас!...» Эркак бир ағдарилиб, ғудранди ва ўзича алланималар дегандек бўлди-да, яна зум ўтмай хуррак ота бошлади. Юлдузнинг чўнтагида оқшом ўша одам мастликда берган беш минг юан бор эди. У оёқ учида юриб бориб эшикни очди. Айвон кимсасиз, жимжит эди. Фақат магнитофон овози эшитилиб турарди, аммо бу сафаргиси Юлдуз илгари эшитмаган янги қўшиқ эди. * * * Юлдуз олдинги кечаси бирга бўлган туркиялик муҳожир йигитни кутиб ўтирарди. Туркча билан уйғурчани аралаштириб сўзлайдиган, одобли, жуда саховатли бу йигит Аҳмадларнинг эътиборли меҳмони эди. Олдинги куни пешин маҳалида у чети темир қопламали чиройли кичик жомадонни кўтариб қаҳвахонага кириб келганида Аҳмад билан Нигора гирдикапалак бўлишди, бир зумда Фарҳодни ҳам чақириб келишди. Бироқ, туркиялик йигит уларнинг ҳеч қайсисига назарини ташлаб ҳам қўймади, бир бурчакда ўтирган Юлдузни кўриб ҳанг-манг бўлгандек унга тикилиб қолди. Иккинчи қаватга чиқиб, Аҳмадлар билан ишни битириб қайтиб тушибоқ тўғри Юлдузнинг олдига келиб: — Xоним, мен билан бирга қаҳва ичишни хоҳлайсизми? — деб сўради. Нигора унинг орқасидан пайпаслаб келиб: — Бу киши туркиялик азиз меҳмонимиз Турсун афанди бўладилар. Турсун афанди, кўзингиз ҳам бор экан-да, Юлдуз хоним шаҳримиздаги гўзалларнинг гултожиси, у билан бирга бўлсангиз, кунларингиз ҳам жуда кўнгилли ўтишига шубҳа йўқ, — деди. Ўша тунда Турсун афанди Юлдузнинг юзини кафтлари орасига олиб, кўзларига узоқдан-узоқ тикилди, гўё ўзига-ўзи гапираётгандек: — Оллоҳнинг мўъжизаларига ҳайронман, Юлдуз хоним. Сиз менинг илгариги аёлим Сожидага қуйиб қўйгандек ўхшар экансиз, у оламдан ўтгандан буён дунё кўзимга қороғи бўлиб қолганди, бугун сизни кўриб худди қалбимдаги ўчган умид юлдузимни қайта топгандек бўлаяпман, — деганди. Турсун афанди Юлдуз учун ҳам худди шундай умид юлдузи бўлиб кўринарди. Унинг ёрдамида чет элларга сафар қилишни жуда орзу қиларди. Қаҳвахонанинг тўрига осилган соат ўн иккига занг урди. Юлдуз безовталаниб, ҳадеб эшик томонга қарарди. Келишган, бой-бадавалат, бадиий асарларда тасвирланадиган рисоладигек йигит экан. Ҳадемай ёнига: «Кечиринг хоним, сизни узоқ куттириб қўйдим-а», — деб келишига мунтазир эди. Қаҳвахона эшиги очилди. Ўзлари билан совуққина ҳавони олиб, бир қиз билан йигит кириб келди. Юлдуз бағоят ясаниб олган Фарҳодни дарров таниди. Нигоҳини тезда ундан олиб, ёнидаги қизга тикилди. У ким бўлса? Ростдан ҳам ёш қиз, бироқ пардозни сал меъёридан ошириб юборганди. Ўзи танишдек кўринарди. Улар бироз нарига бориб ўтирмоқчи бўлишди. Қиз оқ ранг тулки ёқали қизил палтосини ечган эди, қуюқ қоп-қора сочлари осилиб тушди. Қизнинг узун ипак кўйлагига қараб Юлдузнинг юраги шиғ этгандай бўлди. Бу унинг бояги кўйлаги-ку! Уйдан чиқаётиб олишга улгуролмаганди... Бир вақт қиз шу ёққа қаради. Уларнинг кўзлари тўқнашди. Юлдузнинг рўпарасида ўзининг жондай синглиси Қундуз турарди! Ҳа-ҳа, бошқа ҳеч ким эмас, айнан ўзининг синглиси Қундуз эди... Юлдузнинг кўз олди қоронғулашиб, ағдарилиб тушаётгандек туюлди. Бир неча сониягача унинг кўнгил ойнасида қоронғу зулмат, тубсиз бўшлиқ ҳукм сурди. Сўнгра телевизор экранига ўхшаш ҳар хил ранглар липиллай, чақнай бошлади. Xаёлига фақат бир нарса: Қундузни ўша тим-қора сочларидан тутиб, судраб уйга олиб кетиш эди. Лекин ундай қилолмайди. Унинг юзи бўздек оқариб, терга ботди, оёқ-қўлини қимирлатишга, ҳатто оғиз очишга ҳам мадори қолмаганди. * * * Юлдузнинг дили вайрон, зиғирча ҳаловат йўқ. Сўнгги умиди ҳам чиппакка чиқди. Қулоғи остидан эса синглисининг аянчли овози кетмасди. Бу овоз кечалари уйқусини бузиб, ётган еридан турғазиб юборар, эсидан озган кишидек у ёқдан-бу ёққа юргизар эди, ичини қон-зардобга тўлдирарди. — Эй жоним опажон, мени бу ердан ҳайдаманг! Мен бу ердан кецам, анави... тамакидан айрилсам, ўламан, жон опажон. Мен бу ерга иложим йўқлигидан келдим. Қандай ўргандинг, бу ерни қандай қилиб топдинг, деб сўрайдиган бўлсангиз, оппоқ юзли қизлардек ясаниб юрадиган бир аёл бир куни бизни уйига бошлаб борди. Унинг акалари, оналари, хуллас, бутун оила ўшанга кашанда экан, бизни ҳам ўргатишди. Кейин, чекмасам туролмайдиган бўлиб қолдим. Улардан сўрасам, ўзинг топиб чек, деб бермайдиган бўлишди. Чидамай ёлборсам, акаси... Мен билан бир неча кунга кўнсанг сўнгра... деди, ўзга иложим қолмаганди... жон опажон, кўнишга мажбур бўлдим. Кейин у ичкари ўлкага кетди. Кетар чоғида мени Фарҳод билан таништириб қўйди. Жоним опажон, энди мен билан ишингиз бўлмаслиги керак, акс ҳолда ўзимни ўзим нобуд қиламан, бир йўла бу дунёдан кутуламан. Бизнинг қисматимиз шу экан... Кейинги кунларда Фарҳод билан Қундуз қаҳвахонада қорасини кўрсатмайдиган бўлиб қолишди. Аммо, у уларнинг ҳалиги уйда эканлигини биларди. Ҳушёр вақтларида синглисини уларнинг қўлидан қутқариш, Фарҳоддан ўч олиш режасини тузарди. Бир куни қаҳвахонага асил палто, шляпа кийган, қимматбаҳо ихчам жомадан кўтариб олган икки ёш йигит кириб келди. Юлдуз, уларнинг Аҳмадга: «Оқ тамаки борми? Қанча бўлса сотиб олардик», деганини эшитиб қолди. Бирининг сўл чаккасида жўхори донасидек қора холи бор эди. Аҳмад уларга ишонқирамади: «Нима у, оқ тамаки дегани? Қанақа нарса ўзи? Агар сизларда бўлса, бизларга кўрсатинглар?» дея йўл қилди. Бир неча кундан кейин, жанубий шинжонглик савдогарларга ўхшаб кетадиган, соқоллари ўсиқ бир эркак кириб келди У Аҳмад билан гаплашаётганда, Нигора ўтирганларнинг олдига келиб: «Қўлингиздаги тамакиларни яширинглар!» деб шипшиди. Юлдуз дарров бошини кўтариб, келган кишига қаради, қаради-ю, сесканиб кетди. У одамнинг сўл чаккасидаги жўхори донидек келадиган қора холни у ўтган куни кирган олифта кишида ҳам кўрганди-ку! Шунчалик ҳам ўхшаб кетиши мумкинми одам? Йўқ, йўқ, бунчалик эмас. Бунинг устига, қош-кўзлари ҳам ўша... Демак.... демак... Юлдузнинг юраги дукиллаб ура бошлади. У қўллари титраётганини сездириб қўймаслик учун палтосини қучоқлаб кўтариб, ташқарига йўл олди. — Xали эрта-ку, қаерга? — ажабланиб сўради Нигора. — Чиқиб, ҳаво олиб келай. У нарироққа бориб, катта кўчанинг қоронғи муюлишида кута бошлади. Совуқдан, қўрқувдан, ҳаяжондан дир-дир титраб, тишлари такирлаб кетаётганди. Ҳув нарида, қалин муз қоплаган ювунди ўраси атрофида катта бир ит айланиб юрарди, у гўё Юлдузнинг ғалати бир иш қилмоқчи бўлганини сезгандек, бошини кўтариб унга шубҳа билан қараб-қараб қўярди. Олисдан соқолли кишининг қораси кўринди. Яқинга келгач, Юлдузга зимдан тикилиб қаради. Юлдуз гапирмоқчи бўлиб лабларини жуфтлади-ю, тишлари такирлаб, оғзидан гап чиқмай қолди. Сўнг бақирмоқчи бўлгандек, кучаниб оғзини катта очди. Бироқ, овозининг шунчалар заиф, титраб чиқаётганига ҳайрон қолди. — Тўхтанг, тўхтаб туринг... сиз қидирган нарсанинг... қаердалигини мен биламан... Эркак таққа тўхтади. Юлдуз титроқ овозда, унга сўзлар эди. Сўзлари сира қовушмасди. Шундай титраган ва тишлари такирлаган кўйи у ҳалиги кишини қоронғу кўчалардан бирига бошлади. Сиртдан қараганда оддий, кулбанамо кўринадиган ҳалиги уйга бошлаб борди. Соқолли одам унга: «Мен билан қайтинг, ҳаётингиз хавф остида, биз сизни ҳимоя қиламиз», деди, бироқ Юлдуз кўнмади. Киши ўша уйнинг атрофида анча вақтгача айланиб юрди. Икки соатлардан кейин бу уйни бир тўп полициячилар қуршаб олди. Улар Фарҳод, унинг шериклари ва Қундузнинг қўлига кишан солиб, олиб кетдилар. Юлдуз эшик олдида узоқ ўтирди. Шу топда ёвузлик илдиз отган қаҳвахонанинг ҳам куни битгандай кўринарди. Энди унинг борадиган бошқа ери қолмади. Бироқ уйи, онаси бор эди-ку? У уйига қайтиб боргиси келмади. Йўқ, нима деб қайтади? Ўзимнинг хатоларим етмагандай, ортимдан эргаштириб гулдай синглимни ҳам ботқоққа ботирдим дейдими? Онаси уни тушунармикин? Кечирармикин? Энди Олиям ҳам йўқ, соқчилар уни ҳам тутиб кетишди. Аммо Юлдузнинг кўнгли довул олдидан ҳукм сурувчи вақтинчалик сукунатдай беихтиёр тинчланиб қолди. Унинг узоқ вақтлардан буён рўёбга чиқмаган орзуси ушалиб, ниҳоят ўзини илк марта эмин-еркин ҳис эта бошлагандай кўринарди. Юлдуз турли-туман ўй-хаёллар билан бўлиб, ўз уйи олдига қандай келиб қолганини ҳам билмади. Ана, рўпарада у ва синглиси туғилиб вояга етган қадрдон гўшаси. Отасининг руҳи кезиб юрган бу уй унга ҳар қачонгидан ҳам хароба, мискин кўриниб кетди. Бечора онаизор икки фарзандни катта қиламан деб не-не машаққатлар чекмади? Онанинг бу риёзатлари эвазига қизларидан не рўшнолик кўрди? Ҳурмат, яхши гап анқонинг уруғига айланди. Азоб, хўрлик, ҳақорат насибаси бўлди. Ким билсин, ҳозир дард-аламлар ва кўз ёшига ғарқ бўлганча ухлаётгандир... Юлдуз аччиқ ёшини ичига ютди-ю, уйига киришга юраги бетламай, тўғри юриб ўтиб кетди. Қаерга кетаяпти? Яна дарё бўйигами? У ерда нима қилади? У жонига қасд қилишни истамайди. Ҳаётини бошқатдан бошлайди, синглисини оқлаб, эркинликка олиб чиқади, уйига қайтади. У яна дарё бўйига қараб йўл олмоқда. У ер унинг энг гўзал хотиралари билан боғланган. Дарё қирғоқларини бир қават муз қоплаганди. Аммо унинг оёқларидан аъзойи баданига тарқалаётган ғайритабиий бир туйғу муз остидаги тўхтовсиз улуғ ҳаракатдан дарак бериб турарди. Олисдан мотосиклларнинг овози эшитилди. Шундагина у бошини кўтариб қор ёғаётганини пайқади. Сал илгари учқунлаб ёға бошлаган қор атрофни яхшигина оқартиришга улгурганди. У палтосига маҳкам ўраниб, паға-паға ёғаётган қор учқунларини томоша қилиб турди. Қор учқунлари унинг сочларига, қош-киприкларига, елкасига қўнарди. У қимир этмасди, киприк ҳам қоқмасди. Шу алпозда тош ҳайкалга ўхшарди. Мотосиклларнинг овози борган сари яқинлашиб келаётганига қарамай, Юлдуз ўша-ўша турган жойидан қимир этмади. Мотосиклчилар келиб, Юлдузга яқин жойда тўхташди ва бошларидаги қалпоқларини олиб, уч эркак унга томон бостириб кела бошлади. Юлдуз улардан қилча қўрқмади. Юлдуз уларнинг афтларини аниқ кўрди... ... Қор тинимсиз лопиллаб ёғишда давом этарди... * * * Бу йил қиш қаттиқ келиб, ҳақиқатан ҳам кўп қор ёғди. Икки кеча-кундуз тўхтамай ёққан қор худди қалин оқ момиқ тўшакдек ер-жаҳонни қоплади. Қор талай нарсаларни ўз бағрига яширганди. Айниқса, кўримсиз, паст-баланд тор кўчалар бирданига тозаланиб, кенгайиб, гўзаллашиб қолгандек туюларди. Аслида, бунча кўп қор бу кўчалардаги оилалар учун ортиқча машаққат, оворгарчиликдан ўзга нарса эмасди. Қолаверса, тор кўчалар, ҳовлилар қор-муз уюмларидан баттар торайиб кетганди. Саҳарлаб уйғонган Гулсумхон ая бир тишлам нон билан ўзини зўрлаб нонушта қилди, ҳовлини, эшик олдини баҳоли қудрат супуриб-сидирди. Xокандоз билан супургини кўмирхонага олиб кириб қўйиб, девор ўчоғнинг ёнида чўзилган кўйи ўйга чўмди. Унинг аҳволи кундан-кунга баттарлашиб борарди. Озгина иш қилса, юраги санчиб, оёқ-қўлида жон қолмасди. Шунга яраша, уйларнинг деворларидан тупроқ тўкилиб, томнинг у ер-бу еридан чакки ўтадиган бўлиб қолганди. Буларни амаллашга, томга чиқиб, чакка ўтаётган ерларни беркитишга унинг мажоли етмасди. Раҳматли умр йўлдоши бўлганда эди, уйларни неча марталаб тузатиб қўйган, томдаги қорлар ҳам вақтида куралиб турган бўларди. Қизлари ҳам бугунгидай ҳолга тушиб қолмасди... Гулсумхон ая кечаси билан ёмон туш кўриб, юраги ғаш бўлиб чиқди. Юлдуз узун, оппоқ кўйлак кийиб ўзи ёлғиз ўйинга тушиб юрганмиш, раҳматли эри машинам бузилиб қолиб, ярим йўлдан қайтиб келдим, деб уйга кириб кетаётганмиш, хотинидан ранжиб, қизларимни сенга топширгандим, қани қизларим? Сен уларни нима қилдинг? — деб сўраётганмиш... Шу топда қизлари қаерда бўлса? Қандай кун кўришаётганикин... Нима учун унинг қизлари бундай шўрпешона бўлиб қолишди? Гулсумхон ая уларни оч-наҳор қолмасин, отасизлиги билинмасин деб кечани тонгларга улаб, беллари узилгудек меҳнат қилганди-ку, ахир?! Ўша икковини одам қилиб қаторга қўшишдан бошқасини ўйламаганди-ку? Ажаб, у бирор ишда хатога йўл қўйдими, ёки оналик бурчини тўлиқ бажара олмадими?.. Бир вақт ҳовли эшиги тақиллади, у эринчоқлик билан ўрнидан турди. Эшикнинг олдига келиб, босиқ оҳангда: «Ким?» деб товуш қилди. Эшик очилиб, «Гулсумхон ая, бу мен — Анвар!» деган жавобни эшитди-ю, типирчилаб, нима қилишини билмай қолди. — Ассалому алайкум, ая. Яхшимисиз, бир йўқлаб келувдим. — Ва-алайкум ассалом, болам, — деди Гулсумхон ая Анварни зўрға таниб. У илгариги Анварга ўхшамасди, озиб, бир ҳол бўлиб қолибди, буни кўриб, аянинг ичи ачиди. Лекин сир бой бермай, мулойимлик билан: — Кўпдан буён кўринмай қолдингиз, бирор ерга бориб келдингиз-ми, болам? — деб кўнгил сўради, холос. — Бир неча ойдан буён... ичкари ўлкаларда бўлдим. Иним шу ёқларга кетиб, дарак солмай қўйганди. Топиб, олиб келай деб боргандим... қайтариб келолмай... Ўша ёт юртларда, денгиз бўйига кўмиб... У тўлиқиб, ортиқ гапиролмади, бошини қуйи солиб, кўз ёшларини яширмоқчи бўлди. — Вой тавба, нималар деяпсиз, болам? Шундай ишлар ҳам бўлдими? Қандай қилиб?... — Иним икки дўсти билан бир «хўжайин»га ёлланиб ичкарига борибди. «Хўжайин»нинг қўл остида йигирма-ўттизга яқин «шогирд» болалар бор экан. Улар ҳаммасининг касби-кори ўғрилик қилиб, топган пулининг кўп қисмини «хўжайин»га топширишдан иборат экан. «Хўжайин» уларни қиморга солиб, гиёҳвандликка ўргатиб, қарзга ботириб, сўнг хоҳлаганча ишга соларкан. Менинг иним ўша оқ оғуга мубтало экан. Шундан кўп қарзга ботибди. Кунларнинг бирида хўжайиннинг пули йўқолибди. Xўжайин буни инимдан гумон қилиб, одам бошлаб келиб, уни тутиб берибди. Осиб қўйиб... Баданига пичоқ тиқиб, қаттиқ қийнабди... Мен борсам бир эски уйда: «Пулни мен олмадим, ишонинглар менга, мени урманглар» деб бақириб, алаҳлаб ётган экан, мени танимади ҳам. Дўхтирхонага олиб кетаётиб... йўлда... Гулсумхон ая чидаб туролмади, ҳўнграб йиғлаб юборди. — Вой бояқиш-а, менинг қизларим қаерда, кимларнинг қўлида хор-зор бўлиб юрганикин? Қандай яшаётганикан-а... Анвар тезда бошини кўтариб, Гулсумхон аяга тикилиб қолди. — Нима дедингиз, ая? Юлдуз... Опа-сингиллар бир ёққа кетишганмиди? — Сизнинг ҳам дардингиз меникидан кам эмас экан, болам, сиздан нимани ҳам яширардим. Юлдуз ҳам, Қундуз ҳам уйдан чиқиб кетган. Анча ой бўлиб қолди. Бир хиллар уларни қаҳвахоналарда, ёмон одамлар билан кўрибди. Ночор жоним билан мен уларни қаердан ҳам излайман. Топганимда ҳам қайтариб олиб келоламанми? Менинг ҳолимни кўриб турибсиз, ўша икковининг дардида адои тамом бўлдим. Уларни энди кўролмай, бир кечада Тангрига омонатини топширсам нима бўлади деб қўрқаман, жоним болам?!!.. * * * Орадан икки ҳафта ўтиб, Анвар бу маҳаллага яна бир келганида Гулсумхон аянинг қўшнилари унга бир неча кун илгари кампирнинг тўсатдан жони узилганини, унга жамоат эга бўлиб, тупроққа қўйиб келганини гапириб беришди. Анвар Гулсумхон аяга қизларининг дарагини — Юлдузнинг беиз йўқолиб кетганини, Қундузнинг эса ахлоқ тузатиш колониясига юборилганини айтмоқчи эди... Анвар деворлари чўкиб, мунғайиб қолган ғарибгина ҳовлига сўнг бор бир неча дақиқа қараб турди. Ҳали ёздагина анави дераза доимо очиқ турарди. У ердан кийим тикиш машинасининг шиқирлаган овози узилмасди. Гулсумхон ая билан Юлдуз ўша кичик уйда ўтириб тикувчилик қилишарди. Яна бир уйдан Қундуз, унинг дўстларининг шод-хуррам кулгилари, ашулалари эшитилиб турарди. Бир неча ой ичидаёқ ҳамма нарса барбод топди. Бир уйдаги уч жоннинг бири ўлди, бири йўқолди, ҳаёт қолган бири эса қамалиб кетди. Дунёда нима учун бундай бахцизликлар юз беради? Юлдуз билан Қундузларнинг ҳамма қатори бахтли ҳаёт кечиришлари мумкин эмасмиди? Иниси ҳам олийгоҳларда ўқиши, узоқ йиллар яшаши мумкин эди-ку! Яна у ичкари бегона ўлкалардаги, қаҳвахоналарда, кинотеатрларда, меҳмонхоналарнинг атрофларида, хилват кўчаларда тентираб юрган ёшларни ҳам кўрди. Ахир уларнинг айни ўқиб, касб-ҳунар эгалари, жамиятнинг муносиб кишилари бўлиб етишишлари мумкин эди-ку!!!.. Анварнинг муштлари қаттиқ тугилди. У шу тобда овозининг борича бақиргиси, дод солиб йиғлагиси, инсон ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш идораларининг маҳкам ёпиқ эшикларини тепиб очиб, у ердагиларга дилидаги дарду аламларини битта қўймай тўкиб солгиси келди. Ҳар куни орзу-умидларга тўлган янги тонг отади. Кечга бориб бу орзу-умидлар хаёлий соядек ғойиб бўла бошлайди. Яна нохуш тушларнинг адоғи йўқдек туюлади. Аммо уфкдан таралган шафақ ёғдусида тумандай тарқаб кетади. Умид билан тўлган кунлар, адоғи йўқ ваҳимали кечалардан талайлари ўтиб кетди. Анварнинг қалбидаги умид учқунлари сўнмади. У йўлдан адашганлар, оқибатини ўйламай, боши берк кўчаларга кириб қолганларни тутиб олиб кетадиган идораларга, дўхтирхоналарга, аёлларга борадиган гумонли ерларга борди. Ҳеч қаердан Юлдузнинг дараги чиқмади. Ўз вақтида у Юлдуз билан кўришмай кетиб қолмаганда, жуда бўлмаганда, ичкари ўлкага бориб, бирор энлик хат ёзиб юборганда ҳам бўларди, аммо... у вақтларда унинг ўзи ҳам қайғу-ҳасратдан бошини кўтаролмай қолганди. Шундай бўлса-да, Юлдузни қидириб топгиси, унга кўп гапларни айтгиси келарди. Бироқ, Юлдуз... қаерларда юрганикин? Гулсумхон ая айтгандек, кимларгадир сарғайиб, кимларгадир хўрланиб юрганмикин?.. Анвар палтосининг ёқасини қайириб, бироз шумшайган ҳолда жадал юриб кетди... ... Яна қор ёға бошлади. Анварнинг қалбида бир парча умидли чўғ ёнишда давом этарди. У инисини, сочларини бир ўрам қилиб орқасига ташлаб юрадиган, болалиги ҳали димоғидан кўтарилмаган икки яноғи ёш билан ҳўлланган Қундузни ҳам кўп ўйлади. У Қундузни ташлаб қўймаслик, қандай қилиб бўлса-да, уни ўз опасига ўхшаш оқибатдан сақлаб қолиш керак, деган қатъий қарорга келди. Бироқ бунга кучи етармикин? Фарҳод қўлга олиниб, ўн кун кейинроқ «гуноҳсиз» деб қўйиб юборилди. Нигора зўрға бир йиллик мажбурий ахлоқ тузатиш колониясига ҳукм қилинди. Аммо у ерда «хулқи яхши» деб, меҳнатдан озод этилиб, иссиққина хонада ўтириб, деразадан қараб турувчи назоратчи бўлибди. Бундайлар тегирмондан ҳам бутун чиқадилар. Жамиятда хали кўплаб «Нигора», «Аҳмад», «Фарҳод»лар бор. Уларнинг тирговичлари бор... Бироқ, уларга қарши турадиганлар, улардан нафратланадиганлар, уларга астойдил қарши туриб курашадиганлар янада кўп, уларнинг жамиятга келтираётган ҳисобсиз зарарларини англаб етгунча бутун жамият, барча инсоният қўзғалиб, сафга отланадиган кунлар келади ҳали... У ниманидир қидиргандек, ниманидир кутаётгандек, қор учқунлари билан тўлган поёнсиз бўшлиққа нигоҳ ташлади. Қор ҳеч тинадиган эмасди... |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Qor koʻp yoqqan qish (qissa) [Xolida Isroil] 675 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62387 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57629 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36545 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23276 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23161 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21584 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19509 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18633 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |