Юлдуз санаётган бола (ҳикоя) [Xoliyor Safarov]

Юлдуз санаётган бола (ҳикоя) [Xoliyor Safarov]
Юлдуз санаётган бола (ҳикоя) [Xoliyor Safarov]
Феруза шомда кетидан соядек эргашиб юрган тўрт яшар ўғилчаси Ёдгор билан ҳовлининг нариги четига, оғил ёнида боғлиқ турган тарғил олдига ўтди. Бузоқчани ийдириб, сигирга бир сиқим маккажўхори ташлади-ю, юкиниб соғишга тушди. Ўғилчаси эса сал нарида чўнқайиб, онаси тарғилнинг елинини силаб-сийпаб соғиши, сигирнинг дум силкиб, қуймичига уриб-уриб қўйиши, сўнгра оғзидаги ярми осилиб турган маккажўхори билан боласига интилгани, онасининг «Ҳаҳ, жонивор» дея яна канадек ёпишганини кузатиб ўтирди. Сўнгра қандайдир қувноқлик билан бориб бузоқчанинг бўйнига қўл чўзганди, бузоқча ўйноқлаб, пешанасини тутди. У онаси сигир соғиб бўлгунча бузоқчанинг пешанасини силаб ўтирди. Феруза ўғлининг бу меҳрибонлигидан бир ғалати бўлиб кетди ва «Бечорагина» дея секин жойидан қўзғалди. Бузоқчанинг арқонини ечиб, жигарбандининг қўлидан етаклаганча ошхонага қараб юрди. Йўл-йўлакай «Ая, бузоқча меники-я?» деган ўғилчасига:
— Ҳа, сенники, - деди, аммо ичидан бир нима чирс этиб узилгандай бўлди. Сўнг челакдаги сутни айвондаги қозонга соларкан ўғилчасидан сўради: - Ёдгор, кечга нима пишириб берай? Ё бугун ҳам сут ичиб қўяқоламизми?
— Йўқ! Сут ичмайман! – депсинди Ёдгор айвон деворига суяниб.
— Майли, ўғлим. Айт, унда нима пиширай?
— Палов! – бола нима ейишини танлай олганигами ўзича илжайди.
— Бўпти, - Феруза ўғлининг кўзмунчоқдай кўзларига тикиларкан, яна юраги ачишди. Бориб бузоқчани алоҳида қозиққа боғлаб қайтди ва сабзи тозалашга тушди. Орада сутни қозондан олиб, алюмин товоққа бўшатди, қозонни ювиб, ёғ солди. Гўшт йўқлиги учун ёғга тўртта тухум ташлади.
Ошни димлагач, баҳор ёмғиридан сувоқлари кўчиб, соҳиби вафот этганидан бери Ферузанинг кўнглидай ғариб бўлиб қолган, ромлари анча эскириб, ғам босган кўзларидай маъюс ва омонатгина очилиб-ёпилувчи қўш деразани ланг очиб қўйди, сўнгра даҳлиздаги пахта гиламни судраб чиқиб, уй олдидаги ўзи каби ёлғиз тут тагидаги тахталари ғичирлаб турувчи чорпояга тўшади. Кейин «П» шаклида кўрпача солди. Ош тайёр бўлгач, ўғли иккиси жуфт мусичадек ёнма-ён ўтириб овқатланишди.
— Ая, - деди бир маҳал Ёдгор юқоридаги бўш кўрпачага ишора қилиб. – Бу ерга нимага ҳеч ким ўтирмайди?
Ферузанинг томоғига бир нима тиқилгандай бўлди.
— Бу жойга катталар ўтиради, ўғлим, - деди оІир ютиниб. - Бувалар, тоғалар, амакилар.
— Дадам-чи?
Бу саволдан Ферузанинг юраги омбур билан қисилгандек бўлди. Йиғлаб юборишдан ўзини тийиш учун кўзларини олиб қочди. Тилини тишлади. Шу пайт ҳар доимгидек онасидан саволига жавоб ололмаган болакай эмаклаб ўтиб, ҳозиргина қўли билан кўрсатаётган кўрпачага ётиб олди. Сўнг ёнбошлади. Бир қўлини белига қўйди.
— Қаранг, ая, катта одамлар шундай ёнбошлаб чой ичишади-я? – Ёдгор шундай дея пиқ этиб кулди. - Ая, менам катта одам бўламанми?
— Ҳа, ўғлим. Албатта катта одам бўласан...
— Кимдай? – Ёдгор қўлини чаккасига қўйиб онасига қаради.- Шодмон бувамдайми?
— Ҳа.
— Дадамдай солдат ҳам бўлоламанми?
— Ёдгор-э... - Феруза узалиб ўғлининг бошини силади. Шунда Ёдгор эмаклаб келиб, тиззасига ётиб олди, она ўғлининг пешанасидан ўпди.
— Ая, ёмғир ёғаяптими?
— Йўқ, - Феруза бурнини тортди.
— Нега юзимга сув томди?
Она жавоб беролмади. Рўмоли учи билан ёноқларини артаркан, кўзларини пирпиратганча яна тиззасида эркаланиб ётган бахтсиз ва кўнгли ўксик ўғлининг ҳозиргина аччиқ кўз ёшлари тушиб, шўр тортган чаккасидан ўпди.
— Жоним, овқатингни е.
— Тўйдим. Бўлди, - ёнига ағдарилди болакай. – Энди мултфилм кўраман, - у шундай дея сакраб ўрнидан турди-да, югурганича даҳлизга кириб кетди ва узалиб стол устида турувчи «Рекорд»ни ёқди. – Ая, бошланибди. Кенг.
— Майли, ҳозир,- Феруза ўғлининг зукколиги, бироз эрка, отаси каби зеҳни ўткир, кўп савол беришидан бир хурсанд бўлса, сўроқларига жавоб беролмаслигидан юраги безиллаб жойидан турди. Дастурхонни йиғиштириб, идиш-товоқларни ювди. Сўнг ўғлининг ёнидан бориб, аслида ҳеч кўнглига сиғмайдиган телевизорга тикилди. Кўзи экранда-ю, хаёли ўтмишнинг олис-яқин хотираларида бўлди.
Мултфилм тугаши билан Ёдгор эснай бошлади. Феруза чорпояга жой солмоқчи бўлиб, ичкари уйдан кўрпа-ёстиқ кўтариб чиқа бошлаганди, ўғли ҳар кунгидек битта ёстиқни бошига қўйиб, «Би-бийп, би-бийп» дея чорпояга келди. Яна қайтиб онасининг ажратиб қўйган бошқа ёстиқларини ҳам келтирди. Сўнг уй олдидаги лампочка ёруғи тушиб турган қўшнининг девори томон борди ва чоптириб, зипиллаб қайтиб келди. Бу орада Феруза ҳам тахта дарвозани ёпиб, занжирини ўтказиб қайтди. Ошхона ёнида боғлиқ тургич Сиртлоннинг ечиб юборди.
Она-бола чорпояда ёнма-ён кўкка қараб ётишди...
Ёз оқшоми. Тиқ этган шабада йўқ. Чорпоя теграсида ҳаводан димиққан пашшалар виз-виз учади. Қўшни ҳовлида итнинг ҳургани, аллақаерда бойўғли улигани, кўча томондаги ариқ бўйидан қурбақаларнинг қуриллаши қулоққа чалинади. Ойсиз тун. Сиртлон ҳам тимирскиланиб ҳовлини бир айланиб чиқади-да, бўсаға ёнига келиб, олдинги икки оёқлари устига тумшуғини қўйганча ўткир кўзларини аллақаергадир тикиб, жим ётиб олади.
Атрофни аллақандай сирли сукунат қоплаган. Шундай мавҳум ва дардлар уйғониб, юраклар эзилувчи тунлар бағрида мажолсиз бемор юрагидек уйғоқ ётувчи Феруза одатдагидай юлдузларга қадалиб турган нигоҳларини олиб, ёнига ағдарилади. Узалиб, уйқуси қочиб типирчилай бошлаган ўғлининг пешанасидан ўпади. Шунда бола эркалик билан кўрпасидан чиқиб, онасининг ёнидан суқилиб киради. Феруза билаги устига ўғлининг бошини қўйиб, қўлчаларини бўйнидан ошираркан пешанасига тушиб турган пахмоқ сочларини силайди.
— Жоним мени...
Ёдгор бир зум онасини қучоқлаб туради-да, кейин иссиқлаб кетиб, устидан кўрпани суриб ташлайди. Пашша чақади шекилли, бир қўлини узатиб сонини қашлайди. Сўнг яна кўрпага кириб олади. Онасига тикили-иб қарайди...
— Ая, дадам қачон келади?
Ёдгор бу саволни ҳар куни ухлашдан олдин шундай бир соғинч ва иштиёқ билан берадики, Ферузанинг бошига болға билан урилгандек бўлади. Нима дейишини билмасдан икки елкасига тегирмон тоши бостирилиб қўйилгандек чуқур-чуқур нафас олади, «шурқ» эткизиб бурнини тортганча аччиқ ва аламли ёш қуйилиб келган кўзларига кўрпани босади. Тили калимага келмай жим қолади, сўнг ўғлини овутишга, бола кўнглини чалғитишга уринади. ўамзада юрагига қиздирилган темир каби босилган саволга ўринли жавоб тополмай қароқларини босиб келган қайғу лашкарлари қаршисида матонат билан туриб, жигарпорасини аврайди:
— Сен катта бўлгин, даданг албатта келади.
— Қачон катта бўламан?
— Ҳадемай катта бўласан, ўғлим. Бунинг учун аянинг айтганларини қилиш, индамай ухлаш, яхши овқат ейиш ва ақлли бола бўлиш керак.
— Мен ақлли боламанми? - қизиқади Ёдгор.
— Ҳа-а, тойчоғим.
— Унда нега дадам келмаяпти?..
— Келади, ўғлим... - Ферузанинг вужуди қизиб, сути қочган кўкраклари орасидан бир нима узилиб кетгандек бўлади. «Шу саволни бермасайди...»
— Эртагами? Тонг отсами?
— Билмасам. Келиб қолар.
— Ая, дадам қаёқда ўзи? Анув Алиш-калишнинг дадасиям ҳар куни ишга кетади, лекин кечқурун келади-ку? Алишга велосипед олиб берган. Дадам менгаям олиб келсин.
— Майли, ўғлим. Даданг сенга зўридан олиб келади.
— Алишникиданамми?
— Ҳа-а.
— Оёғи тўрта бўладими? Алишники иккита.
— Ҳи-и. Сенга тўртта оёқлисидан олиб келади.
— Ая, эртага олиб келсин.
— Эртага олиб келолмайди-да, ўғлим.
— Нимага?
Феруза яна лабларини тишлаб қолади...
— Бўлди, ўғлим. Энди ухлай қол...
— Уйқум келмаяпти...
— Унда осмондаги юлдузларга қара-аб ётгин, ухлаб қоласан.
Ёдгор бир пас жим ётади. Кейин бир қўлини оғзига олиб келиб, худди чанқовуз чалаётгандай лабларини ўйнаб, «биёв-биёв» қилади.
— Ёдгор? – ўғли олдида тилсиз онанинг юраги куяди. - Жимгина ёт, болам.
— Ая, осмондаги юлдузлар нечта? - бола тағин савол беради.
— Билмасам. Улар жуда кўп.
— Шунчами? – Ёдгор икки қўлини кенг ёзади. Кейин уларнинг сон-саноқсиз эканлигини англагандай қулочини йиғади ва яна сўрайди: - Ая, уларни ушласа бўладими?
— Йўқ.
— Нимага?
— Улар жуда узоқда.
— Ҳи... Ойдин момомнинг уйлариданам узоқдами?
— Ҳа, - ўғлининг сўзларидан, беғуборлигидан онанинг чеҳраси ёришиб кетади. Ичида «Илойим умринг узоқ бўлсин» дейди ва бурнидан чимдиб қўяди. – Бўлди, Ёдгор, кеч бўлди энди. Ухла.
— Битта эртак айтиб беринг.
— Майли. Сен кўзингни юмиб, жимгина эшити-иб ётгин. Хўпми, жоним.
— Майли, - Ёдгор кўзларини юмиб олади. Кейин яна дейди: – Ая, кўзимни юмсам эртагингизни кўрмай қоламан-да?
— Жинни-э. Эртакни кўрмайди, эшитади. Қани, кўзингни юм-чи. Бир бор экан, бир йўқ экан…
— Ая, кўзимни юмсам ичига қуёнча кириб олаяпти...
Феруза ўғлининг эртаклар тасаввуридан яйраб, синиққина жилмайиб қўяди.
— Йўқ, кўзингни юммасанг эртак айтмайман.
— Майли. Мана, юмдим.
— Бир бор экан, бир йўқ экан. Қадим ўтган замонда, бир...
Феруза атайлаб эртакни чўзиб айтарди. Шунинг учун Ёдгор кўпинча эртакнинг «Бисмилло»си бошланмасдан ухлаб қоларди. Бугун ҳам бурнини ковлай-ковлай ухлаб қолди. Онаси узалиб унинг елкасига кўрпа тортаркан, чуқур хўрсинди ва ғам-ғуссага ботган кўнглининг туб-тубидаги орзулардай олис само узра милтиллаб турган юлдузларга боқди. Юрагини эзиб, қароқларига ғаним лашкарларидай шафқатсиз бостириб келувчи кўз ёшларини эрининг ҳиди ва хотиралари сингиб кетган кўрпага артар экан, ўғлининг ухлаб қолганлигига амин бўлди-ю, унинг камолини ўйлади.
— Эй, Худойим! Бутун қалбимни султонсиз қолган салтанатдай мотамсаро қилиб қўйган марҳаматли эгам, шугина боламнинг бахтини бутун, юзини ёруғ қилгин...
Она чидолмади. Кўксидан ўқ еган жангчидек хўрсиниб ўрнидан турди ва эшик ёнида ётган Сиртлон кузатувида ичкари уйга кириб, чироқни ёқди. Деворга қоқилган гиламдан аскарлик қасамёдини қабул қилаётган ва доим гўё уни бахтиёр этишга, садоқатли бўлишга ва бир умрга жудоликда қолдириб кетишга қасам ичаётгандек туюлувчи эрининг портретини қўлига оларкан, изиллаб йиғлаб юборди. Узун енги билан кўз ёшларини артди ва намхуш енги билан сурат юзини силади. Сўнгра унга тикилган кўйи тошдек қотиб қолди.
«Нега ташлаб кетдингиз? – беихтиёр лаблари пичирлади. – Уч йил хизматдан қайтишингизни кутдим. Кейин беш йил ўқишингизни. Саккиз йил... Бир бола мактабга борар, иккинчи синф бўлар вақт. Айтишга осон. Ундан кейин-чи? Ароқ ўлсин илойим. Ҳамма ароқ заводларига ўт тушсин! – Феруза шу ерга келганда яна портретни бағрига босди. – Ҳатто ўғлингизнинг юзини ҳам кўролмай кетдингиз-а? Аҳ, бевафо дунё. Ёдгоржон уйимизга қувонч олиб келганида сиз ёнимда бўлсангиз, ҳеч бґлмаса, бир кунгина сабр қилсангиз бўлмасмиди? Ароқ ўлсин, шу жўрачилик ўлсин!.. Қайси аҳмоқ маст одамни мототсиклга миндириб, ярим кеча бир ўзини уйга қўйиб юборади? Уҳ-ҳ... Биламан, хушхабарни эшитиб, қувонгансиз, севингансиз. Шуни уйга келиб нишонласаям бўларди-ку? Мен яна туғмасмидим?.. Уйда бувам, момом бориди. Ичибсиз, майли, шу кеча ўша ёқда қолавермайсизми? Маст бўлиб кўприк устидан ҳам ўтасизми? Дарё ўз оти билан дарё-да».
Феруза кўксига босиб турган суратни юзига яқин олиб келди. Эрининг кўзларига, япалоқ юзига тикилди ва бош чайқади.
-Ортда қолганга осон дедингизми? Ёдгоржоннинг ҳар куни ётишдан олдин берадиган саволларига нима деб жавоб беришимни билсангиз эди. Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди... Сизни узоқда дейман, бир куни келади, дейман. Гоҳи бунга ўзимни ҳам ишонтираман. Аслида-чи? Ҳалиям, бахтимга ёнгинамда бувам билан момом бор. Қариндошлар хабар олиб туришади. Лекин... - Феруза ўксиб-ўксиб йиғлади. Шу кўйда анча вақт ўтирди. Сўнг авайлабгина суратни жойига илиб қўйди ва чорпояга қайтиб борди. Ёдгор яна кўрпасини тепкилаб ташлаган, икки қўлини оёқлари орасига тиққанича ёнбош бўлиб пишиллабгина ухлаб ётарди. У ўғлининг устига кўрпани тортиб қўйди ва ёнидан чўзилди-да, юзига синчиклаб қаради. «Дадасининг худди ўзи. Илойим умри ўхшамасин...».
Феруза яна алламаҳалгача ўй суриб ётди.

* * *
Ёдгор биринчи синфга борган куни мактабдан дилгир бўлиб қайтди. Онасига ҳам гапиришни истамай, мактабга дея олинган жилдини уй тўрига ирғитди-ю, ҳовли юзига чиқиб, худди катталардай бошини хам қилганча ер чизиб ўтирди. Феруза дарров сезди: «Эрталаб ўзим мактабга олиб борганим билан у ерда болалар ота-оналари ҳақида гаплашган. Кимдир дадасининг машинасини мақтаган, кимдир «Менинг дадам зўр» дея оғиз кўпиртирган. Бечора болам бўлса шундай ер чизи-иб ўтирган».
Ёдгор ўша куни қоронғи тушиши билан ухлаб қолди. Онасидан сўровчи ҳар кунги саволини ҳам бермади. Фақат, эрталаб «Кел, чойингни ич. Мактабингга кеч қоласан» деганда у кутилмаган гап айтди.
— Ая, мактабга бормайман!
— Ие, ўғлим?.. Нега?
— Йўқ! Ҳаммани дадаси олиб боради. Мен бир ўзим бораманми?
— Мен ўзим олиб бораман, ўғлим. Бу нима деганинг? Сен ақлли бола эдинг-ку? Хоҳласанг, Шодмон буванг олиб боради...
— Йўқ! Сиз мени алдабсиз! - тепсинди бола. - Кеча Алиш-калиш «Сенинг даданг йўқ. Ўлган!» деди. Нима, чиндан ҳам менинг дадам йўқми?
Аёлнинг юраги симиллаб кетди.
— Алишер ёлғончи! Гапига ишонма! У нимани билади? Аҳмоқ! Сен мактабга боравергин, ўзим дадаси билан гаплашиб қўяман. Ие, нега даданг бўлмас экан? Ўғлим, болаларнинг гапига ишонма! Улар ҳар нима деяверишади...
Феруза бир амаллаб ўғлини мактабга олиб борди. Уйга кела-келгунча кўчада дадалари етаклаб кетаётган болаларни кўриб, қаттиқ ўксиди. Уйга кириб, яна эрининг суратини қўлига олди.
— Дадаси, ўғлингиз мактабга борди. Лекин, мана, иккинчи кунданоқ яна сизни сўрашни бошлади. Нима қилай? Унга нима деб жавоб беришни билмайман. Улғайиб, рост-ёлғонни фаҳмлаб қолди... - у эрининг суратини садоқат ва меҳр, соғинч билан кўксига босганча яна изиллаб йиғлади. Хаёлига эрининг йили ўтгач оғиз солиб, кемтик қалбини бутун қилмоқчи бўлганлар, уларни рад этганлари келди. Қайнотаси билан қайнонасининг нима дейишларини билмай, бир-бирларига қараганча лаб тишлаб, унсиз йиғлаганлари, барчани рад этиб, марҳумининг ёрқин хотираси билан яшашга аҳд қилганда елкасига қўлини қўйиб, «Раҳмат сенга, болам. Илойим кам бўлмагин. Шу Ёдгоржоннинг бахтини кўргин...» деганлари кўз олдига келди.
Ёдгор яна мактабдан кечагидай дилгир бўлиб қайтди. Шунда Феруза жилдини ичкарига отиб чиқиб кетаётган ўғлини тўхтатди ва ичкари уйга олиб кирди. Сўнг деворда осиғлиқ турган суратни олиб, деди:
— Дадангни кўраяпсан-а?
— Ҳа, - бош ирғади Ёдгор.
— Сен ҳам дадангдай катта одам бўлишни, солдат бўлишни хоҳлайсанми?
— Ҳи...
— Унда қулоқ солгин. Бугун дадангдан сенга хат келди. Мана, - Феруза халати чўнтагидан ўз изтироблари битиб қўйилган қоғоз чиқарди.
— Нима дебди? – пўнғиллади Ёдгор.
— Агар Ёдгоржон ақлли бола бўлиб, «Алифбе»ни яхши ўқийдиган, чиройли ёза оладиган бўлса, менга ўзи хат ёзсин. Хатини ўқиб, кейин унга катта велосипед олиб бераман, дебди.
Ёдгор жим бўлиб, ўйланиб қолди... Ҳийлаи шаръий иш берганидан она енгил хўрсинди…
Шундан сўнг Ёдгор мактабга кетиш олдидан қиладиган инжиқликларини бироз бас қилди ва «Алифбе»ни яхши ўқишни, ҳуснихат билан ёзишни ўрганди. «Алифбе байрами» куни эрталаб бу ишлардан хабардор, бир оёғи неварасининг ёнида, аммо бор-йўғи икки ўғил кўриб, ҳали кенжасини уйлантиришга ҳам улгурмаган девор-дармиён яшовчи іайнотаси - Шодмон бобо келинига велосипед олиб келиб берди ва «Сен хат ёзмаган бўлсанг ҳам, даданг бериб юборибди. Ўқишга кирсанг, машина олиб бераркан, дегин. Хўпми, қизим» деди.
Феруза «Алифбе байрами»дан келган ўғлига велосипедни кўрсатди ва унинг севинчини кўриб чидолмади, охири боласи олдида йиғлаб юборди. Пешанасидан ўпди.
— Яхши ўқи, ўғлим. Дадангдан яна хат келибди. «Ёдгоржон ўқишга кирса, унга машина олиб бораман!» дебди. Ҳа, шундай дебди.

* * *
Ёдгор ўн саккиз ёшида ўқишга кириб, эгасиз соғинч ва садоқат шамоли кезиб юрган хонадонда чинакам байрам бўлган куни Шодмон бобо келинининг юзини ёруғ қилиб, ўғлининг номидан неварасига машина совға қилди. Бу унинг марҳум ўғли хотирасига садоқат билан яшаётган ғамзада келинига ва энг сўнгги илинж - ёлғонлар орасида келажагига ёрқин йўл очиб бораётган неварасига офаринлари туҳфаси эди.
Кечқурун ҳамма уй-уйларига кетиб, она-бола яна уйда ёлғиз қолишди. Ёдгор машинанинг атрофида гирдикапалак бўлиб турган маҳал Феруза ичкари кирди ва эрининг портретига юзини босди.
— Дадаси, биз ютдик! Қанийди шу кунларда ёнимда, уйимиз тўрида бўлсангиз...
Бир маҳал деразадан Ёдгорнинг «Ая?..» деган товуши эшитилди-ю, унинг аъзойи-бадани титраб, ранги бўздай оқариб кетди. Бўшашиб, қўлидаги суратни қандай тушириб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Ёноқларини ювиб тушаётган кўз ёшларини яширишга уринди, аммо эплолмади. Ирғиб туриб, деразадан ярим гавдасини киритиб турган ўғлини бағрига босди ва ўкириб йиғлаб юборди.

Ёдгор бир онасининг маъюс кўзларига, бир кўрпача устида ётган суратга қаради-ю, юраги увишиб кетди. Барчасини тушунди. Сўнг онасининг ғариб бошини маҳкам бағрига босди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика