Ёнғоққа тушган қурт (ҳикоя) [Xolmuhammad Karimiy]

Ёнғоққа тушган қурт (ҳикоя) [Xolmuhammad Karimiy]
Ёнғоққа тушган қурт (ҳикоя) [Xolmuhammad Karimiy]
Ой сутдек ёруғ, юлдузлар хира милтиллайди. Тун қўйнида ҳашаротларнинг чириллашию, онда-сонда итларнинг ғингшиб ҳургани қулоққа чалинади. Чанг кўчада ширакайф икки киши кўланкадек лапанглаб келяпти. Новчароғи Боймурод, алами қўзиганидан тез-тез қоқиниб-суриниб кетади. Ғўла гавдалик Тўхта, ошнасини суямоқчи бўлиб қўлини чўзса, Боймурод силтаб ташлайди. – Мен унинг ароғини ичишга ўлиб турганим йўқ, билсанг. Бой бўлса ўзига, куни кеча у ҳам бир бечора эди. Яна қариндош эмиш. Чет элдан тўрт танга топиб келиб, тумшуғи кўтарилиб қолибди, ҳай номард-ей, тўй қиляпсанма, одам ажратишингга бало борми? Куни бўйи хизматини қилиб тенгимиз вино бўлди-я.
Тўхта кўнглига қараб гапиргани сайин, оловга мой сепгандек ошнаси баттар аланга олар, бир шиша ароққа ўтмадим, дея ўзича ўксинарди.
Дастурхонга ароқ қўйдими, вино қўйдими, Тўхта аҳамият берган эмас. Аммо Боймурод жонимни гаровга қўйиб бўлса ҳам бир бойишим бор, данғиллатиб тўй бериб ҳаммасининг олдидан ўтаман, билиб қўй, ошна, айтган гапимнинг устидан чиқмасам, отимни бошқа қўяман, дея ҳамон алжирарди. Унинг хурмача қилиқлари жонига теккан Тўхта кайфинг тарқагандан кейин ҳаммаси эсдан чиқади, дедию ошнасидан балога қолди. Бу гап Боймуроднинг миясига тиғдек ботди. Жаҳли чиққанидан қандай қилиб ошнасининг ёқасидан ушлаганини ўзи билмайди. Аммо дарров шаштидан тушиб, ачиниш билан қўл силтади.
– Ҳай ошна-я, ошна… сен мени қаттиқ хафа қилдинг. Кўра-била туриб мени кайфи борга чиқариб ўтирибсан-а... Эҳ, афсус. Қулоғингда тут, ошна. Мен бир гапирдим. Айтган гапим гап. Ҳали кўрасан. Аммо сен... шуям ошначиликма...
Боймурод ҳафсаласи пир бўлганича уйи томон бурилди. Xавотирда ўтирган онасининг бемаҳалда қаерларда санқиб юрибсан, дея ёзғириши ўлганнинг устига тепган бўлди.
– Қаерда бўларди... тўй маслаҳатидан келаяпман. Ҳурматли амакингиз Қаршибойникида хизматда эдик.
– Чорининг ботинкаси нима бўлди? – онаси ғўлдираётган ўғлидан жаҳл билан сўради. – Гапирсам ўдағайлама-да танангга бир ўйлаб кўр. Ичишни ким қўйибди ўзи сенга...
– Xуррам пул олмабдима? Ғишт қуйиб бўлгандир, – Боймурод чўнтагида борини совуриб қўйганидан ботинкани Xуррам олиб бермасмикин, деган умидда шундай деди.
Хуррам ҳайдовчилик гувоҳномасини оламан деб кеча-кундуз одамларнинг ғиштини қуяди, томорқасида юмуши борми, қош қайтармай бажариб акасига оғирини туширмоқчи эмас. Ўғиллари бирин-кетин уйлантирадиган ёшга кирганини ўйлайвериб, онанинг эл олдида юзи шувит. Отаси бўлганда аллақачон невара суйиб ўтирган бўлардим, дея ўз-ўзича куюнади. Буларни Боймурод билмайди, деб ўйлайсизми? Билади, лекин ичига ютади. Ана шу дард-алами бир шиша ароқ баҳона очилди. Очилди-ю, Боймурод ҳаловатидан айрилди.
Онаси ҳозир мавриди эмаслигидан уф тортганча, бошини чайқай-чайқай ётоғига кирганида, кичкинаси кўрпани тепиб ташлаган экан, унинг устини ёпиб қўйди. Мана кенжаси ҳам бешда ўқияпти, ҳали замон бу ҳам йигит бўлади. Олдида икки акаси бўйдоқ. Ёлғиз қизи Қизларгул катта синфга ўтган, ҳадемай совчилар эшигига келиб қолса, нима деб жавоб айтади. Кутиб туринглар дейдими? Онанинг уйқуси қочди.
Ҳали саратоннинг тафти сезилиб турган тийрамоҳ ҳавоси кишига хуш ёқади, осмонда сон-саноқсиз юлдузлар жимирлайди. Боймурод ичига чироқ ёқса ёришмайдиган аҳволда тахта сўрига судралиб чиқиб, узала тушди. Бир йўлини топиб мен ҳам хорижга кетаман, кейин аҳмоқ бойваччаларга ўхшаб пули борларни эмас, ўзимга ўхшаган фақирларни сийлайман, керак бўлса... Боши лорсиллашига қарамай узоқ ўйланиб ётиб, эснай-еснай қўлини оғзига қўйганича ухлаб қолди.
Уйқудан боши зилдай бўлиб турди. Аччиқ кўк чой ичганида бироз енгил тортди. Кечга томон бисотидаги биргина оҳорли либосини эгнига солиб кўчага отланди. Онаси ўғлининг бу қилиғидан ҳайрон. Боймурод тўғри отасининг тўн ёпишган ошнаси Нормўмин бобосининг уйига борди. У отаси тириклигида энг қадрдон дўсти эди, кейин ҳам орани узиб кетгани йўқ. Ўзига тўқ, жуни қуруқ одам.
Боймурод бобосини-ку бир амаллаб кўндиради. Бироқ онаси розилик бермаса, уйни қандай сотади. Ўйлаб кўрса буёғи чатоқ. Тоғасини орқа қилиб бориб, дакки эшитди:
– Менга қара, ҳўв бола, бира-тўла кафангадо бўлмоқчимисан. Кўрпангга қараб оёқ узацанг бўлмайдима? Амакингнинг олдидан ўтдингми, йўқми, билмадиму, ҳовли-жойда унинг ҳам ҳақи бор, ота ҳовлиси ахир. Устига устак бечораҳол бева аёлга уйингни сот, дейишдан оғири бўлмаса керак. Бу ҳовлиғишингга илон пўст ташлайди-я, жиян.
– Тоға, индамай юраверсак, ҳали замон одамлар оёғи билан кўрсатади, – деди Боймуроднинг ҳам фиғони чиқиб.
– Одамлар билан нима ишинг бор.
Боймурод режасини очиқ айтаверса, тоғаси бадтар ажигади. Ночор ҳолатда турганларини рўкач қилишга ўтди:
– Фақатгина ўзим учун куйиб-пишаётганим йўқ. Бир бошимга шунча ташвишни бўйнимга олиш зарил кептима? Мени ҳам тушунинг ахир. Уйланишим керакма, укамлар ҳам катта бўляпти, уларни ҳам уйли-жойли қилиш менинг гарданимдама? Ҳозирдан ҳаракат қилмасак, кейин кеч бўлади-ку.
Ёш бўлса ҳам ўз аравасини ўзи тортмоқчи экан, дея тоғаси шаштидан тушди. Қараса, жиянига ён босмаса бўлмайдиган, бирга амакиси олдига маслаҳатга жўнади.
Бу гапни эшитиб бетоб ётган амакиси инқиллаб ўрнидан қўзғалди. Кўрпага ўраниб ўтирганча узоқ ўйланди... лекин бирон оғиз чурқ этмади. Қайтадан ўрнига чўзилар экан, Боймуродга қараб онанг менинг олдимга келиб-кецин, деб тайинлади.
Онаси тўшакда ётган одамнинг гапидан эмас, Боймуроддан хафа бўлиб, худди эри ўлган пайтдагидек мотам тутиб:
– Сен боланинг шу уйга кунинг қолдима, бошқа иш қилсанг бўлмайдима? Одамларнинг сен тенги болалари деҳқончиликдан ҳам пул топаяпти-ку. Қаёқдан чиқди шу хориж деган гап ўзи, – дея тумтайди.
Боймуроднинг кўзига ҳеч нарса кўринмас, фақат ва фақат қандай бўлмасин хорижга кетишни ўйларди. Шундан бошқа гап унинг қулоғига кирмасди. Розилик олгач, бир-икки кун ичида Боймурод уйдагиларни тоғасиникига кўчириб ўтказди. Ўзи туман марказига бўзчининг мокисидек зув-зув қатнайвериб, роппа-роса уч ой деганда хорижга ишга жўнаб кетди.
Бу орада Xуррам ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасини олди-ю, бироқ бирон бир ташкилот уни ҳайдовчиликка ишга қабул қилмагач, ноилож қурилишда ишлайдиган уста қўшнисига ёрдамчи бўлиб ёлланди. Қурилишда иш бўлганда бўлиб, бўлмаганда ойлаб бекор юрарди.

* * *
Орадан уч йил ўтиб, Боймурод уйга қайтди. Уни тоғасиникида қувонч билан кутиб олишди. Кулчали меҳмон суймали, бу ёғи соғинч, орада бўлиб ўтган гина-кудратлар эсланмади. Тўшакка михланган биттаю битта амакиси ҳам бир йил олдин вафот этган экан. Шодлик-қайғу аралаш Боймурод бир-икки кун қандай ўтиб кетганини ҳам сезмай қолибди. Бироз ўзига келганидан кейин Нормўминбойнинг уйига борди.
Кўришиб-сўрашиб дастурхон бошига ўтиришгандан сўнг:
– Бобо, бахтимга ишим юришди. Ваъдага биноан мана келиб турган жойим, – дея кулди Боймурод.
Гап авзойидан билдики, унинг шашти баланд. Демак, йигитча бир дунё пул топиб келган. Рости, шу ўтган уч йил давомида бир нодон ўғлининг аҳмоқлигидан бошпанасиз қолган ошнасининг оиласига юраги ачишиб юрди. Ҳатто ошначилик ҳурмати ҳовли-жойни текинга қайтариб берсам, деган фикрга ҳам борди. Бироқ ҳиммат қилишга келганда қатъияцизлик қилдими, ҳар қалай орқайин юраверди. Боймуроднинг келаётганини эшитганда эса мабодо у молу-маблағ билан келиб қолса, берган пулимни қайтар-да, уйингга эгалик қилавер, демоқчи эди. Афсуски, пулнинг дарагини эшитганида шайтон қитиқлади. Агар бир бегонага сотганда Боймурод унинг яқинига ҳам боролмасди, дея ўз-ўзига далда берди. Мен ошнанинг арвоҳи ҳурматини ҳам жойига қўйган эдим. Xудойиларида майда-чуйдасини беминнат кўтардим. Аминманки, қориндошлари яхшилигимнинг ўндан бирини ҳам қилгани йўқ. Бугун ошнанинг боласи бойиб келибдими, бир белоғримасга берадиган пулни олсам олибман-да, аслида уйини ушлаб турганим ўзи уларга ёрдамим-ку, бунинг устига ўзи лафз қилиб кетган, дея хаёлидан ўтказарди. Боймурод бўлса бобосининг ўйланиб қолганидан хавотирланиб, шоша-пиша пулни чиқариб кўрпача устига қўйди.
Каловланиб қолган Нормўминбой бир пулга, бир Боймуродга қараб илжайди.
– Нима десам экан невара, дунё кўриб келяпсан, орадан уч-тўрт йил ўтди. Ўзингга маълум, пул ҳам қадрсизланди, бу ёғи нархлар ҳам ўсди, – деди чайналиб, овози қалтираганидан хижолат чекаётгани билиниб турарди. – Ҳозир мен бу пулни олсам судхўрга ўхшаб қоламан, қиёматлик ошнамнинг болаларига шундай қилсам, кейин одамлар нима деб ўйлашади?
Боймуроднинг хавотирлари тарқалиб, бирдан юзи ёришди. Нималар деяпсиз, сизга уч ҳисса берсам ҳам куймайди, дея миннатдорлик билдиришга ўтди. Бу билан иккиланаётган бобосини қувватлантирди.
Кимлардир вақтинча яшаб ҳовлини қоровсиз қолдирган экан: ҳамма томонни ўт босган, томорқадаги тизза бўйи маккажўхори ола-чалпоқ сарғайиб ётибди. Дарахтларнинг шох-шаббалари тарвақайлаб, чангалзор ҳолига тушган ҳовли-жойнинг эгалигини қайта ихтиёрига олган Боймурод укаси билан тозалашга киришди. Xуррамнинг устаси уйни бир ҳафтада қўғирчоқдек безатиб қўйди. Пул бўлса чангалда шўрва экан.
Отаси тирилиб келгандек Боймурод ўзида йўқ хурсанд. Очиғи, эси-дарди уйни қайтариб олишда бўлиб, яқинларига тузукроқ эътибор бермабди ҳам. Кўрсаки, синглисининг ҳам бўйи етиб, ўн тўрт кунлик ойдек тўлишибди. Чорибой укаси ҳам овози дўриллаб, йигит бўлиб қолибди. Бироқ ота ўрнини билдирмасликни гарданига олган онасининг сочларига оқ оралаб, юзидаги ажинлар хийла қуюқлашган...
Оиласини кўчириб келиб, томорқа гирдида нураб-тўкилиб қолган деволни буздириб, усталарга бир одам бўйи кўтартирди. Шу билан ҳовли мисоли қўрғон тусини олди. Ўз уйи ўлан тўшагида онаси гўё ёшариб кетгандек, укаларининг шодлигини-ку асти қўяверинг. Уй-ҳовли данғиллама тўй ўтказишга тайёр, шу сафар келганида қишлоқдошларга бир-бир салом бераман, ёшу қарининг эсидан чиқмайдиган тўй бўлсин, деган хаёлда ич-ичидан яйрайди.
Таътил кунлари охирлаганида қариндош-уруғ, ёр-дўстларни чақириб, қишлоқдошлар қойил бўладиган зиёфат берди. Дастурхонга қуш сутидан бошқа таом тортилди. Албатта, мақтаб-мақтаб еб-ичаётган Қаршибой бир пайтлар тўйида Боймуродни хўрлаганини қайдан ҳам билсин? Боймуродни олдиндан билганман, ота ўрнида ота, ўғил ўрнида ўғил, асл йигит шундай бўлади, дея кўкларга кўтариб мақтар экан, жойидан туриб бориб қучоқлаганча табриклади. Соатбой олдига борганида зўрға ёрдам қўлини чўзганини эсдан чиқаргандек, оғзидан бол томиб Боймурод шаънига мақтовлар ёғдирди. Бир пайтлар кўча-кўйда кўришиб қолса, кинояли гап ташлайдиган қишлоқдошлари ҳам мум тишлаган, олдига қўйилган таомдан бош кўтармайди. Бошқаларнинг ҳам сидқидилдан ёки тил учида ноилождан мақтаб айтган гаплари ёғдек ёқиб, кўнгил чигилини ёзган Боймурод эса мамнун, ҳали бошланиши, деб қўяди.
Кечга бори ошнаси билан ёлғиз улфатлашди. Шунда уйнинг тўрида ёнбошлаб олган Тўхта ҳаваси келаётганини айтиб Боймуродни ҳайрон қолдирди. Боймурод сир бой бермагандек салмоқлаб:
– Ҳей ошна-е, бир тасодиф туфайли, қулай жойга тушиб қолдим, қолдим-да. Албатта бу пуллар осонгина келаётгани йўқ... жойи келганда ҳаётинг ҳам кўзингга кўринмай қоларкан... Xорижда пул топиш осон деганлар адашади. Фақат буни уйга қайтганида билдиришмайди. Мисқоллаб йиғиб бой бўлган корхона эгаси олдинга пулни тўкиб ташлайдими? Ҳар бир тангасини ҳам осонликча бермайди. Барини ўз кўзим билан кўриб келяпман. Айримлар тузук жой тополмаганидан чиқиндиларни тозалаш ишларига жойлашган. Бориб олгандан кейин уйига қуруқ қўл билан қайтишга юзи чидамаганидан қишлоқда ор қиладиган ишларга ҳам ўзини урганлар бор.
Ошнаси олдида изза бўлган Тўхта гапини ҳазилга йўйди.

* * *
Орадан бир йил ўтиб, Боймурод навбатдаги таътилга келди. Негадир шашти анча паст, шижоат олови сўнгандек. Кутилмаганда томорқанинг бошидаги очиқ жойдан янги уйга пойдевор ташлаб, пишиқ ғишт келтиришни бошлаб юборди...
Шу орада унашиб қўйилган синглисини узатишди. Тўй ташвиши билан бўлиб, биров-бировдан кўнгил сўрашга имкон ҳам бўлмади. Қизини узатиб, онасининг эл олдида юзи ёруғ бўлди. Аммо келгандан бери ўғли лоақал ўртоқларини сўроқлаб кўчага чиқмаганидан ўйланиб қолди. Устига-устак Боймуроднинг укамни уйлантирамиз, дейиши онасининг бадтар таажжубини оширди. Эл нима дейди, дея гап бошласа, эл оғзига элак тутиб бўлармиди, деб қўя қолди пинагини бузмай. Онаси яна нима десин, буёғи эрта-индин сафарга отланаман, деб турган бўлса. Ке-қўй, деганча ўғлини ортиқча қистамади.
Боймурод йилдан-йил кўпроқ пул топа бошлади. Аммо бу энди уни қувонтирмас, ҳали оғриқ зўраймаган бўлса ҳам, аммо бир дардга чалинганидан ичини ит тирнайди. Атрофдагиларнинг гап-сўзларига ҳам лоқайд, диққат билан эшитаётгандек кўринса ҳам, қулоғига гап кирмас, бошини ирғаб-ирғаб қўяди. Биргина таскини ва илинжи онанинг беғубор ва бегидир дуои жонини ўйлаб ичи ёришгандек бўлади.
Бир куни Боймурод кўча тарафда усталарга қарашаётганида қўшни бобо қўлида ўроқ ушлаганча келиб қолди. Салом-аликдан кейин:
– Ишлар унсин, чарчаманглар бўзболалар, – деганча ҳол сўрашиб четроқда ётган хорининг устига мардош қурди. Қўшни бобо бармоқлари билан соқолини тараб-тараб:
– Қани дунёда нима гаплар. Юрт кўрган одамга ўхшаб яхши-ёмондан гапир. Келганингдан бери ҳеч ўтай ҳам демайсан? Илгари ўтиб турардинг. Шунга хабар олай деб чиқдим. Еган-ичганинг ўзингники болам, кўрган-билганларингдан эшитайлик.
Боймурод нима дейишини билмай қолди. Бир бинонинг ичига кириб ишлаймиз, чиқиб ётоққа борамиз, берганини еб ётибмиз-да, десинми. Тайинли гап айтолмаганидан кейин кулиб қутилди.
– Бурунги замонларда чигиртка деган бало бўларди. Бундан бошқа бундай офатни кўрган эмасмиз. Ҳозир бўлса қовун-тарвуз, памидор-бодринг... нима ўсса барига бало дориган. Туйнаклигида қуртлаб боряпти. Одамларнинг айтишига қараганда, бу қурт деган бало гулга тухум қўярмиш. Шуйтиб одамлар гулга ўтирган зироатини дорилаб ётибди. Дори сепмасанг, икки қўлингни бурнингга тиқиб қолаверасан. Ҳозиргина томорқадаги қовун-тарвузнинг палагини тозалаб чиқдим, ҳеч умид йўғай. Энди жойига беда-меда сепиб қўйсамми, деб турибман. Неча йилдан бери қишлоқда яшаб қовун-тарвузни бозордан сотиб олиб ётибмиз, эшицанг. Шу қурт балоси қачон арир экан, билмай қолдим. Биз-ку қариб қолдик, ёшларга оғир-да, уларнинг тақдири нима бўлади? Шуни ўйласам кечалари уйқум учади..
– Бобо-ей, ўтолмаганим учун узр. Қишлоқдаги кўп ўзгаришлардан бехабар қолибман. Бундай қарасам ҳамма пулдан гапиради, қурт-чигиртка кўпайганини сиздан эшитиб туришим, – деб қўя қолди Боймурод.
– Бобонг кўп синчи одам эди-да болам, бир кўриб гаплашган одамининг неча пуллигини адашмай айтарди. Сен шу бобонгга тортгансан, тез ловуллаб кетишинг ҳам.
Боймурод хорижда ҳам негадир қўшни бобонинг гурунгини соғинарди. Қандайдир бошқача гурунг беради. Ҳозирги гурунгларда маза-матра йўқ. Икковнинг бири пулдан гап очади, қаерга борса, қанча тўлайди. Ўв бундай бир ўйлаб кўр, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди-ку, дейдиган мард йўқ.

* * *
Боймурод кейинги йил келганида онасининг кўзларида бахт жилваларини кўрди. Анча ўзини тутиб олибди. Келинлик уй янада файзли, осуда ҳаёт, рўзғор ишлари бутунлай келин қўлига ўтган. Ният қилганидек онамга хоҳлаган нарсасини муҳайё қил, бирон жойга пиёда юрмасин, деб укасига машина калитини тутқазди.
Энди уларнинг оиласига одамлар ачиниб эмас, балки ҳавас билан қарашаётгани гап-сўзлар, салом-аликлардан билиниб турибди. Оила ўмганини кўтаришда ўзининг катта ҳиссаси борлигидан фахр туяди. Фақат...
Қадрдон ошнаси меҳмонлар тарқалганидан кейин ҳам одатдагидек алламаҳалгача гурунглашиб ўтирди. У Боймуроднинг шашти пасайганини билмоқчи бўлиб кўнглига қўл солди:
– Ошна, қарасам ҳеч тўйга тараддудинг сезилмайди, холамга-ку келин олаверинг, деб яхши қилдинг. Ўзинг ҳам уйлан, не-не қизлар йўлингга муштоқ, фақирлар ҳам бир яйраб қолайлик. Қачонгача юрасан, уй-жой дединг, мол-дунё дединг, ҳаммасига эришдинг-ку. Қишлоқнинг олди бойларидан бири бўлдинг. Яна нима каминг бор?
Боймуроднинг ичи музлади, тили тутилиб гапни бошқа томонга бурди. Ошнамга гапим ёқмади, шекилли, деган хавотирга борган Тўхта бошқа бу мавзуни очмади.

* * *
Кутилмаганда ўғлининг одатдагидан эртароқ келиши онасини хавотирга солди. Боймурод қаттиқ бетоб эди, лекин дардини ичига ютар, сир бой бермас, уни биргина онаси тушунади, лекин онасига дардини ёрса, оғирлашиб қолишидан чўчирди. Аммо дард дардлигини қилди, икки ой олдин дунёнинг бир чеккасидаги шифохонада ҳушига келганида умр дарахтининг япроқлари қовжираб тўкилиш арафасида турганини билди. Шифохонадан даволаниб чиққач, умрининг саноқли кунларини она бағрида ўтказишга ошиқди.
Дард қийнаётганига қарамай ўзини бардам тутиб уйга етиб келди. Бегона юртларда эмас, жудолик арафасида яқинларининг меҳрига тўйиб олишни истади. Онасининг қўлига бир ўрам нарсани тутқазди.
– Катта пул... ўз қўлим билан сизга топширий дедим-да.
Бу гал пул салмоқлироқ эди. Нимадандир ҳадик олган она юраги шиғ этиб кетди.
Бойваччанинг келганидан хабар топган қўни-қўшни, қариндош-уруғлар эрталабдан келиб-кетиб Боймуродни роса толиқтирди. Яқинларини кўриб бироз ғами тарқагандек бўлса ҳам, аммо узоқ йўл дармонини қуритганидан холироқ хонага ўтиб ётди.
Кўзига уйқу келавермади, ўз ёғига қоврилиб узоқ тўлғонди. Бир пайт онасининг ҳовлида Xуррамга тез бор, деяётгани қулоғига чалинди. Xуррам онасига:
– Мен ҳозир ғир этиб бориб-келаман, аммо билиб қўйинг, қизингиз акам келса, пул сўрайман, деб юрибди. Тағин сиз пул олиб беришга рози бўлиб қўйманг, унингиз акамни ҳам алдаб эритиши мумкин. Акамдан хавотир олманг, бизга берганидан икки-уч баробарини иш жойида банкками, бирон ҳисоб рақамига ўтказиб юргандир. Илтимос она, туман марказида ҳовлининг савдоси пишган, нархидан анча паст бераяпти, савдогар одам, савдоси касод бўлганга ўхшайди. Мендан олган пулининг вақти яқинлашганидан оёғи куйгандек типирчилаб юрибди. Акам келгунча биронтага арзонроқ бериб юбормасин, деган хавотирда эдим. Бизга насиб қилган шекилли, ўзи-ку менинг нархимга бошқалар кўтаргани ҳам йўқ, яхши жой, қўлдан чиқаришни ҳеч кўзим қиймаяпти, шунинг учун жоним ҳалак эди. Ишим юришганини қаранг-а, акам барвақт келиб қолди...
Тасодифан қулоғига чалинган бу гаплардан Боймурод титраб кетди. Аъзои баданидаги оғриқ бадтар кучайгандек, энди кўксига ҳам тош осиб қўйилганга ўхшарди. Ўрнидан қўзғалай деса мадори етмади.
Ҳорманг-саломат учун келганларнинг аксари пул ҳақида гурунглашади. Лекин бирови аҳволинг қалай, деб унинг дардини сўрагани йўқ. Бойбобо қанча келтирибди, энди нима қилмоқчисизлар, дегандек илмоқли саволлар Боймуродни таажжубга қўяр, наҳотки қишлоғимиз шу қадар ўзгариб кетган бўлса-я, дея ҳайрон бўлиб уларнинг гапларига қулоқ тутди. Ўзининг ҳолига ачиниб кетди. Сўнгги умиди ҳам саробга айланди. Бу ерда ортиқ қололмайди...
Ташқарига чиқмоқчилигини баҳона қилиб, бир амаллаб ўрнидан турди. Ҳовлида жилдираб оқиб ўтаётган ариққа энгашиб бет-бошини ювди. Яхдек сувдан бироз ҳузурлангач, тетиклашиб томорқага оралади. Қуёш қиздира бошлаганида бобосидан қолган ёнғоқ соясига келиб ўтирди. Қучоққа сиғмас ёнғоқнинг бир-икки шохи қуриб, диккайиб турибди. Барибир, ҳали сояси қуюқ. Раҳматли отасининг айтишича, бу ёнғоқ бобомерос, узоқ замонлардан кўз қорачиғидек асраб келинган, ҳосили ҳам тузук. Ҳар йили икки-уч қоп ҳосил олишарди. Оиланинг кўп харажатини шу ёнғоқ кўтарарди. Пуллари кўпайиб ёнғоққа қарамай қўйишибди. Шуларни ўйлар экан, офтобда кўпроқ юрганиданми, ғалати ҳолга тушди, ўпкасини тўлдириб ҳавони ютар, лекин ҳаво етиб бормасди. Суяклари зирқираб, илигини қурт кемираётгандек ғимирлаб безовта қилди. Титроқ тутганида шоша-пиша чўнтагидан дорини олиб оғзига солди. Бироздан сўнг оғриқ ўтиб хиёл ўзига келди. Ҳовлидагилар унга аҳамият бермас, ҳамма ўзи билан ўзи овора. Чинданам чарчабди. Негадир соғлом пайтлар эсига тушиб, сояда ёнбошлаб ётганларини кўз олдига келтирди. Ажриққа тирсаклаганча чўзилганда ёнғоқ танасига қурт тушганини кўриб қолди. Шунда қўшни бобонинг гапи лоп этиб эсига келдию бир қалқиб олди, бобо ҳаёт кўрган экан-да, эҳ, ўша пайт нега тушунмабман-а, дея ўзини ёзғирди...
Боймурод ёнғоқ остида ўтираркан, йилдан-йил уйдагилардан бегоналашиб кетаётганини ҳис этар, ранг-рўйи синиққан бўлса ҳам, лекин юзидан эт қочгани йўқ. Уйига келган меҳмонлар бир-бир тарқалди. Қуёш қишлоқ устида ловуллаганча осилиб қолган. Боймурод келиб супанинг бир четига омонатгина чўкканига кўзи тушган келин кўрпача-ёстиқ келтирди, дастурхон ёзди.
Боймурод чойни ҳафсала билан қайтариб, эндигина келиб ўтирган онасига бир пиёла чой узатди.
– Тани-жонинг соғма, болам. Xаёл сурганинг сурган. Бир эмас, икки уй бўлса, укангга машина олиб бердинг, синглинг оиласи тинч, яна нимани бунча ўйлайсан. Ичингда бир дардинг борга ўхшайди, сен боланинг. Бундай ёрил, биз ҳам эшитайлик, қани нима экан у? – дея сўроққа тутди онаси.
Боймурод мийиғида кулди.
– Нимага ваҳима қиласиз, она. Денгиз бўйида шамол одамнинг сўлини опқўяркан. У ёқлар бизнинг чанг кўча, боғ-роғларга ўхшамайди. Ҳамма томон денгиз, шўр сув шамоли бирам ёқимсиз-ей, шунинг учун одамлари рангпар бўлишса керак. Мен ҳам шунча йилдан бери уларнинг нонини, сувини еб-ичиб, ҳавосидан нафас олганимдан кейин уларга мослашдим, нимасига хавотирланасиз, – деди худди онасининг гапларидан хафа бўлиб аразлагандек, кейин гапини давом эттирди. – Уйда қолсам-ку, яхши бўларди. Аммо ўртамизда келишув қоғози бор. Шу қоғозга қўл қўйганим учун менга иш берди, пул берди. Тўсатдан онам уйда қоласан деяпти, энди ишламайман дея олмайман-ку.
Бу гапдан кейин она кўнглидан хавотир кўланкаси тарқалгандек бўлди. Шу заҳоти юзига табассум ёйилди.
– Йўқ болам, нималар деяпсан. Шукрки... бошинг омон бўлсин. Қандай она ўз фарзандидан рози бўлмасин...
Боймурод онасининг меҳр уфуриб турган сўзларидан томоғига нимадир тиқилгандек, зўрға ютинди. Кейин дамини ростлаб:
– Очиғини айцам, она сизларни, укамларни, ҳовлида шуйтиб ўтириб чой ичишларни соғинибман. Шунга томорқани айланиб хумор босди қилиб юргандим, – деб яна ёлғондакам жилмайди. Онасига тик қаролмай юраги эзилиб кетди.
Шу пайт келин боласини кўтариб келиб қолди. Гурунг узилди.
– Амаки, пулингиз кўп-ку, менга бир укача олиб келинг, амакваччам билан ўйнаймиз, дея Келин бола тилидан гапириб, гўдагини Боймуродга тутқазди-да: биляпсизма ака, болакай тўғри айтаяпти, ёлғиз сўппайиб ўтиришингиз нимаси, қанча кўп бўлса ҳам пул жони йўқ нарса, барибир хотиннинг жойини босолмайди, мана шундай қоракўзни пулга сотиб олиб бўладими-я, ўзингиз айтинг. Тағин кўнглингизга оғир ботмасин… Яхшида-ей овсиним бўлса, гангир-гунгир ҳовлини тўлдириб юрардик, дея нимадандир хабар топгандек айёрона қиқирлаб кулди.
Амакиси унга ўйинчоқлар олиб беради, – дея Боймурод ҳеч нарса эшитмагандек кичкинтойни эркалади.
Ҳазил маъносида айтилган бўлса-да бу гап она дилини оғритди. Келинни аяганидан эмас, ўғлини ўйлаб:
– Бу тўғри гап, болам, сенга қайишганидан гапирди келин ҳам, – дея орада дилхиралик пайдо бўлмаслиги учун келиннинг ноўрин қилиғини ювиб-чайиб қўйди, холос. Боймурод эса кичкинтойни эркалаш билан машғул. Xумори босилгунча у билан ўйнаб кейин онасига узатди. Бироз толиққанидан соя-салқинларни яна бир айланиб келай, кечга бориб йўлга чиқаман, дея юраги ачишган ҳолда томорқа оралади.
Онаси унинг ортидан ғамгин қараб қолди, кўнгли алағда. Боймурод келиннинг гапидан хафа бўлмади. Эрталабдан бери шунча одам нима учун келиб-кетяпти? Бир пайтлар тилаганига беролмаганлар шулар эмасмиди? Бир қарашда ҳамон ўша-ўша Боймурод-ку...
Сув оқаётган ариқларни ҳатлаб ўтиб, соянинг қуюқроқ жойида тўхтаб ажриқ устига оёқ узатиб ўтирди. Ариқда сув жилдираб турибди. Боймурод сувга тикилиб хаёлга чўмди: сувда оқиб бораётган ёнғоқ қуртини кўриб, энгашиб олмоқчи бўлдию жуда миттилигидан у қўлига илашмади... Бу сувлар бизнинг боғимиздан оқаяпти. Боғ ўзимизники бўлиб қолаверади... сув жилдирайди... Бобомнинг ҳовлисида невара-чеваралари ўйнаб-кулиб шоду хуррам умр ўтказади, дея ўзига таскин берди.

Боймуроднинг жони қиёқ устидаги шудринг каби омонатгина қилтирарди. Жигар-бағри эзилиб бораётганига қарамай онасининг кўз ўнгида кулиб уйдан чиқди. Ботиб бораётган қуёш янглиғ заъфарон қалби тобора зулмат қаърига сингиб кетмоқда. Қишлоқдан узоқлашаркан, у жуда ғамгин, теваракка ҳорғин боқарди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика