Михлаб ташланган эшик (ҳикоя) [Xulio Kortasar] |
«Сервантес» отели унга кўпларга маъқул келмайдиган жиҳатлари – нимқоронғилиги, жимжитлиги ва хилватлиги билан ёқиб тушди. Кемада тасодифан йўлиққан бир йўловчи унга ушбу отелни мақтаган ҳамда мусофирхона марказда жойлашганлигини айтган эди; шундай қилиб, Петроне Монтевидеога келиб қолди, тўғри иккинчи қават холлига олиб чикадиган ваннали номерни олди. У тахтага осиғлиқ калитларга кўзи тушаркан, отелнинг деярли бўм-бўш эканлигини пайқади. Турувчилар чўнтакларига солиб жўнамасинлар учун ҳар битта калитга каттакон мис рақам илинган эди. Лифт шундоқ журналлар ҳамда телефонлар рўйхати қўйилган пештахта ёнганасида, у қўнган хона эшигидан атиги бир неча қадам нарида тўхтарди. Сув жуда иссиқ келаркан, баъзан қайнаб кетаёзади, бу эса дим ва ғира-шира хонага бир оз бўлса-да, жон бағишлагандай бўлади. Жажжигина дарча шундоқ мусофирхонага туташ кинотеатр биноси томига олиб чиқади, аҳён-аҳён у ерда каптар сайр қилиб қолади. Ваннахона кишининг баҳридилини очар, деразаси ҳам каттароқ эди, лекин шуниси ҳам борки, бу ерга киришинг билан кўзинг деворга тушади, ойнадан кўзга ташланган бир парча осмон ҳам бу манзарага нолойиқ кўринади. Мебел унга маъқул тушди – қутилар ва токчалар мўл, кийим илгичлар ҳам кўп – бунақаси камдан-кам учрайди. Отел бошқарувчиси – дароз, ориқ, калбош – тилла гардишли кўзойнак таққан одам аксарият уругвайликлар каби унинг ҳам овози баланд эди, гапирганида жаранглаб кетарди. У иккинчи қават жуда тинч-осойишталиги, фақат қўшни хона бандлиги ҳамда номерда истиқомат қилаётган аёл хизматдан кеч қайтишини айтди. Петроне келганининг эртаси куни қўшни аёл билан тўқнашиб қолди; уни каттакон тангани ушлагандай қўлида ўйнаган калит рақамидан таниб олди. Порте[1] уларнинг икковидан калитларини олди, тахтага илди ва аёл билан хатлар ҳақида гаплашди. Петроне разм солиб, аёлнинг ёшгина ва кўримсиз эканлиги ва шу ерлик аёллар каби яхши кийинмаганлигини сезди. Унинг тахминига кўра, қадама нақш етказиб берувчилар билан шартнома тузиш учун бир ҳафтача вақт кетарди. Кечга бориб у нарсаларини олиб, жойлади, қоғозларини тахлади, ваннага тушди ва бир айланиб келай, деб кўчага чиқди, сўнгра идора томонга йўл олди. Қаҳвахонадаги енгилгина майхўрлигу бир хонадондаги зиёфат билан ўтган музокаралар қоқ ярим тунга қадар давом этди. Уни отелга соат иккиларда олиб келиб ташлашди. У азбаройи чарчаганидан бирпасда донг қотиб ухлаб қолди. Соат тўққиз деганда ўрнидан турди, кўзларидан ҳали уйқу кетмаган дақиқаларда ярим кечаси уни қандайдир гўдак йиғиси безовта қилганига хаёли кетди. Кетиши олдидан бирпас порте билан гаплашди (порте немисча талаффузда гапирарди), ундан автобус йўналишлари ҳамда кўчалар номларини сўраб олгач, номерига чиқадиган холлни лоқайд кўздан кечирди. Уники ва қўшни номер эшиги ўртасига қўйилган тагкурсида Венера Милосскаянинг ғарибона нусхаси турарди. Сал нарироқда, ҳаммаёқдагидай кресло ва журнал столлари қўйилган ён томондан меҳмонларга мўлжалланган мўъжазгина хонага ўтиларди. Одамларнинг гангир-гунгир овозлари тингач, сукунат гўё ҳовучлаб сочилган кул сингари мебеллар ва пол катакларига тўкилиб, сингиб кетарди. Лифт сабрсизлик билан қалдир-қулдур қилар, худди шундай газета ҳам тажанг шитирлар ёки гугурт «чирқ» этиб чақиларди. Йиғилиш кечга бориб тарқади. Петроне 18 июл кўчаси бўйлаб сайр этди, сўнгра Мустақиллик майдонидаги қаҳвахонада тамадди қилди. Ҳамма ишлари кўнгилдагидай кетмоқда, эҳтимол, у ўзи чамалаганидай, Аргентинага эртароқ қайтиши ҳам мумкин эди. У Аргентинада чиқадиган газета ва бир қути ингичка қора сигаралардан сотиб олди-да, отелга жўнади. Отел ёнидаги кинотеатрда иккита таниш филм кетаётган экан, аммо унинг кино кўриш тугул, бирон ёққа боришга ҳам истаги бўлмади. Бошқарувчи у билан сўрашди-да, яна чойшаблар керак эмасми, деб сўради. Улар гаплашиб ўтирдилар, чекишдилар ва хайрлашдилар. Петроне ётиш олдидан ёнида олиб келган қоғозларни тартибга солди, кейин эринчоқлик билан газета кўра бошлади. Меҳмонхона жимжитлиги кишини зиқ қилиб юборарди; аҳён-аҳён Сориано кўчасидан ўтган трамвайлар тарақа-туруғи бир лаҳзага ана шу жимликни бузарди-ю, яна атрофга тошдай оғир сукунат чўкарди. Петроне хотиржамгина, йўқ, тоқатсизлик билан газетани саватга улоқтирди ва лоқайд кўзгуга қараганча ечинди. Анча эскиб қолган кўзгули жавон қўшни номерга кириладиган эшикни тўсиб турарди. Петроне бу эшикка кўзи тушиб, нега уни олдинроқ пайқамаганига ҳайрон бўлди. У шунда ушбу бино отел учун мўлжалланмаганлигини англади: бунақа оддий меҳмонхоналар учун илгари идора ва хонадон бўлган бинолардан фойдаланилади. Ҳа, у қўнган жой борки (у сафарга кўп чиқарди), ҳаммаёқда шундай берк эшиклар учрарди, баъзан эшиклар ҳеч нарса билан яширилмаган, баъзан эса жавон, стол ёки кийим илгич билан тўсилган бўларди, бу худди кўкрагиними, қорниними қўллари билан яширган аёл ҳолатини эслатарди. Барибир яширсанг-яширмасанг, эшик жойида турар, жавон устидан қаққайиб кўриниб турарди. Қачонлардир шу эшикдан киришган, ёпишган, «тарс» этказиб очишган, унга ҳаёт бағишлашган, ҳозир ҳам унинг тавақалари деворга ўхшамай, ўзининг эшик эканлигини билдириб турарди. Петроне ана шу эшик ортидан – бошқа жавон қўйилгандир, деб фараз қилди, балки қўшни аёл ҳам ана шу эшик ҳақида ўйлаётгандир, деб ўйлади. У ҳориб-чарчамаган бўлса-да, донг қотиб ухлаб қолди ва шу ётишида уч соат ухлади, бироқ юрагида қандайдир ғулғула билан бирор нохуш воқеа юз бергандай уйғониб кетди. Туриб, чироқни ёкди, соатга қаради – икки ярим бўлибди, яна чироқни ўчирди. Шунда қўшни номерда чақалоқ йиғлади. Аввалига ҳеч нимага тушунмади, ҳаттоки қувониб ҳам кетди – демак, кеча унга бола йиғиси тинчлик бермаган экан-да. Ҳаммаси равшан, янглишмабди, энди бемалол ухлайверса бўлади. Лекин шу пайт хаёлига бошқа фикр келди; Петроне аста ўтириб олди-да, чироқни ёқмай, диққат билан қулоқ тутди. Ҳа, йиғи ўша ёқдан, эшик ортидан эшитилмокда эди. Йиғи эшик тирқишларидан ўтиб, каравот оёқларига келиб урилмоқда эди. Бу нимаси бўлди? Уёқда қанақасига бола бўлсин, бошқарувчи айтди-ку ахир, ўша номерда биргина аёл бор – унинг ҳам куни ишхонада ўтади. Балки аёл бирор қариндошинингми ёки дугонасинингми боласини ўзи билан бирга олиб келгандир... Кеча-чи? Ҳозир у кеча ҳам айнан шундай, гўдак ноласидан бошқа ҳеч бир нарсага ўхшамайдиган йиғини эшитганлигини англади: гўё бирор жойи оғриётгандай, ингиллаган, узиб-узиб, хўрсиниб арзи дод қилган гўдак овози эди бу. Балки гўдак бир неча ойлик бўлгандир – одатда янги туғилган чақалоқлар биғиллаб йиғлаб, қотиб қолади. Петроне нима учундир гўдакни – албатта ўғил бола деб, ночоргина, нимжон, аранг қимирлайдиган, буришиб-тиришган чақалоқ деб тасаввур қилди. Мана, у кечалари зорланади, ўзи касал, бировнинг эътиборини тортмайгина аста ингиллайди. Агар ана шу эшик бўлмаганида эди, бола ҳақида ҳеч ким ҳеч нимани билмасди – боланинг оҳу ноласига ҳеч қандай юрак дош беролмайди, буни таърифлаб ҳам бўлмайди. Петроне нонушта қилиб, сигара чекаркан, яна болага хаёли кетди. Алоқ-чалоқ ўтган тунлар кундузи ишлашга халақит беради, яна-тағин йиғи уни кечаси икки марта уйғотиб юборди. Иккинчи марта аввалгисидан баттарроқ бўлди: аёлнинг – жуда паст, жўрттага қилгандай, аниқ-тиниқ овози – янада халақит берди. Гўдак овози бир дақиқага тинди, яна қисқа-қисқа ингроқ расмана аччиқ арзи додга айланди. Яна аёл тушунарсиз сўзларни пичирлади, жисми-жони азобда бўлган, ҳаёт ё ўлим талвасасида ётган чақалоғини бари оналар каби обболаб, овутди, дуо қилди, жонини қўйгин, дея Худодан сўради. «Ҳаммаси жойида, аммо-лекин бошқарувчи мени боплаб лақиллатибди», деб ўйлади Петроне хонадан чиқаркан. Бу ёлғон уни азбаройи ғазаблантириб юборди, буни яшириб ҳам ўтирмади. Бироқ бошқарувчи ҳайратидан ёқа ушлади. – Бола дейсизми? Янглишмаяпсизмикин. Меҳмонхонамизда эмизикли болалар йўқ. Ёнингиздаги номерда – ёлғиз хоним туради, мен буни сизга айтгандим-ку ахир. Петроне дарров жавоб қайтармади. Бу икки нарсадан бири бўлиши мумкин: ё ҳафтафаҳм бошқарувчи найранг қиляпти, ёки бу ернинг акустикаси қўпол ҳазил қилиб, у билан ўйнашяпти. Суҳбатдоши худди буларнинг бари унинг ҳам ғашига теккандай, зимдан кўз қирини ташлади. «Эҳтимол мени қўрққанидан бошқа номерга ўтказинглар, деб талаб қилишга журъат қилолмаяпти, деб хаёл қилаётгандир», – деб ўйлади Петроне. Қатъиян барини инкор қилиб туришса, гапингни маъқуллатишдан фойда йўқ. Петроне елкасини қисди ва газета сўради. – Балки тушдир, – деди у. Буни гапиришга, умуман, тушунтириб беришга тўғри келгани унга ёқмади. Кабареда киши ўлгудай хит бўлиб, зерикди, дастурхон атрофида ўтирган икки мезбон мулозамати жуда суст бўлди, шу сабабли Петроне чарчадим, дея баҳона қилди-ю, меҳмонхона томон равона бўлди. Шартномага эртаси куни имзо чекадиган бўлдилар: умуман олганда, у ишларини битирди. Вестибюл шундай жимжит эдики, у ўзи ҳам билмаган ҳолда оёқлари учида юрди. Каравотда оқшомги газета ва уйидан жўнатилган мактуб ётарди. У хотинининг дастхатини таниди. Петроне уйқуга ётишдан аввал жавонни ва ундан тепада туртиб чиқиб турган эшикни узоқ кўздан кечирди. Агар жавон устига иккита чамадон кўйилса, тамом, девор кўздан йўқолади, кейин овозлар ҳам унча эшитилмайди. Бу пайтда, аввалгидай, сукунат ҳукм суради. Отел уйқуга кетганди; нарса-буюмлар ҳам, одамлар ҳам уйқуда эди. Лекин кўнгли безовта Петроне учун бари нимагадир ишора қилгандай – бу ерда қандайдир нохушлик бордай, ҳамма ҳам ухламаётгандай, ана шу сукунат замиридан ниманидир кутаётгандай туюлиб кетди. Ичидаги таъриф қилиб бўлмас қўрқув уйга ҳам, одамларга ҳам кўчиб ўтаётганга ўхшарди, улар ҳам ўз номерларида биқиниб, ухламай ўтирибдилар. Қандай тентаклик-а! Соат учда бола йиғисини бошлади, Петроне бунга унча ажабланмади. У қаддини бир оз кўтарди, балки қоровулни чақирсаммикин, деб ўйлади – бунақа шароитда ухлаб бўлмаслигига у гувоҳ бўла қолсин. Бола аста йиғлар, овози аранг эшитиларди, гоҳо бир оз жимиб қоларди, бироқ Петроне йиғи ҳозир яна авжига чиқишини биларди. Орадан ўн-ўн икки сония имиллаб ўтди, бир он нимадир хир-хир қилди, кейин заифгина чий-чий овоз бирдан қулоқни тешиб юборгудай биғиллади. Петроне чекди ва аёл чақалоғини тебратиб овутсин, деб деворни аста чертсаммикин, деб хаёл ҳам қилди. Шунда бирдан аёлга ҳам, бошқарувчига ҳам ишонолмаслигини тушуниб етди – ажабланарли томони шунда эдики, у бошқарувчининг алдаганига ҳам ишонмасди. Боласини сабот билан овутиб, аста койиган аёл овози гўдак йиғисини босиб кетарди. Аёл чақалоғини аллалаб, овутмоқда эди, шунда Петроне унинг каравотча тепасида қандай ўтиргани ёки беланчак тебратаётгани, ё боласини қандай бағрига олаётганини тасаввур қилди. Лекин у бошқарувчининг ишонтириб айтган сўзлари ҳис-туйғулар гувоҳлигининг устун чиқишига олиб келганлигини сира ақлига сиғдиролмаётган эди. Вақт ўтмокда, гўдак зорланиши гоҳ тиниб, гоҳ бу нола аёлнинг пичир-пичирини босиб кетмоқда эди. Петроненинг назарида, бу – майнавозчиликка, бир ўйинга, ёввойиларча бемаъни ўйинга ўхшаб кетди. Шунда у пана-панада қўғирчоқ ўйнайдиган бефарзанд аёллар, уларнинг жиянлари ёки жониворларни яхши кўриб, шулар билан овунишларидан кўра хатарли бўлган, оналикни ихтиёр этган, шунга интилган, хаёлий, ёлғондакам оналик ҳақида эшитган гаплари, мишмишларни хотирлади. Аёлнинг ўзи, ўзгинаси зорланяпти, нола қиляпти, инграяпти – бола эса йўқ. У йўқ болани аллалаб, беланчак тебратяпти, у бўм-бўшлиқни аллаяпти, чинакамига кўзёш тўкяпти, ахир шундай аёл риёкорлик қила олармикин – унинг кўнглида қайғу, бўм-бўш хонада қайғу бўлса, бепарво оқариб келаётган тонгни қайғу билан қарши олса... Петроне чироқни ёқди – ухлаёлмади – кейин ўйлади: нима қилса бўлади? Бутунлай руҳи тушиб кетди, ана шу ўйинга, сохталикка рўбарў келиб ҳам руҳи тушмасинми? Бу воқеа ана шу тонг отиши олдида рўй берди, бу воқеа ҳақиқат ва айни пайтда тоқат қилиб бўлмас даражада ёлғон эди. Бунинг тагига етиш учун деворни тақиллатиш камлик қиларди. У ҳали уйқудан уйғонганича йўқ, гарчанд яхши ухлолмаган бўлса-да, бирдан астагина чанг эшик қолиб, жавонни сураётганини пайқади. У оёқ яланг, пижамада – худди мингоёқ каби бутун бадани билан эшикка қапишиб олди ва чанг босиб ётган қарағай оғоч тавақаларга лабларини босди ва худди анави кўринмас чақалоқ каби чириллаб йиғлаб юборди. У янада қаттиқроқ ҳўнграб йиғлади, йиғлайвериб, нафаси оғзига тиқилди, йиғлайвериб қотиб қолди. Бирдан бир лаҳза ичида шиппакларнинг шарақлаши ва бўрондан дарак берган, гўё таранг тор узилган каби аёл кишининг ҳайқириб юборган оний фарёди қулоғига чалинди. Соат ўнлардан ошгач, порте ёнидан ўтди. Бундан олдинроқ, соат тўққизларда у порте ҳамда яна бир аёлнинг овозини эшитди, яна аллаким девор ортида нарсаларни сурди. Ҳозир лифт олдида сафар қутиси ва иккита катта чамадонга кўзи тушди. Бошқарувчи, аниқ довдираб қолди. – Уйқуга қондингизми? – деб сўради у шунчаки хизмат юзасидан, ўзининг эътиборсизлигини зўрға яшириб. Петроне елкасини қисди. Суриштириб, билишининг ҳожати йўқ, барибир эртага кетади. – Бугун тинч ухлайдиган бўлдингиз, – деди бошқарувчи нарсаларга имо қилиб, – қўшнингиз бир соатдан кейин жўнаб кетяпти. Бошқарувчи жавоб кутди, шунда Петроне уни нигоҳи билан маъқуллади. – Шу ерда туппа-тузук яшаб турувди, мана – кетяпти. Аёлларга тушуниб бўлмайди ўзи. – Тўғри, – деди Петроне. – Уларни тушуниш қийин. Гарчанд у соппа-соғ бўлса-да, кўчада чайқалиб кетди. У аччиқ қаҳва ҳўпларкан, ишларини унутиб, ёп-ёруғ кундузни ҳам сезмай, ҳамон ўша ҳақда ўйламоқда эди. Қўшни номердаги аёл унинг, Петроненинг дастидан қўрқувдан талвасага тушиб, кетиб қолди. «Бу ерда туппа-тузук яшаб турувди...» Эҳтимол касалдир, аммо – беозор эди бечора. Аёл эмас, унинг ўзи кетиши керак эди аслида. Аёл билан гаплашиб кўриш, кечирим сўраш, қолишга кўндириш, бировга миқ этмасликка сўз бериш керак. У орқасига қайтди, тўхтади. Йўқ, бундай қилса, телбалик бўлади, аёл унинг сўзларини тўғри тушунмайди. Яна-тағин ишбилармонлар билан учрашувга борадиган вақти ҳам бўлди – уларни куттириб қўйиш ноқулай. Баттар бўлсин, билганини қилмайдими менга деса. Қип-қизил жинни. Бошқа отелни топади-да, йўқ чақалоғини аллалаб ўтираверади. Тун яна уни азобга қўйди, жимжитликка-ку, тоқат қилиб бўлмади. У қайтишида беихтиёр калитлар тахтасига қаради, унда қўшни номер калити кўринмади. Тўсиғи ортида эснаб ўтирган порте билан бирпас гаплашиб, номерига келди, ухлай олишига унча кўзи етмай, столга оқшомги газеталар ва янги детектив китобни қўйди, чамадонини жойлади, қоғозларини тартибга солди. Ҳаво иссиқ бўлди, у деразани ланг очди. Озода, саришта тўшак унга ноқулай туюлди. Ниҳоят атрофга сукут чўкди, у тарашадай қотиб ухлаши мумкин эди – лекин ухлолмади: тўшакда уёқдан-буёққа ағдарилди, осойишталик – ўша, ўзи шундай устомонлик билан эришган, шундай интиқом билан қайтариб берилган сукунат уни энди эзгандан эзмоқда эди! Аччиқ, истеҳзоли овоз қулоғига, гўдак йиғисисиз ухлай олмайсан ҳам, уйғонолмайсан ҳам, дея шивирлади. Йиғи етишмаётган эди, орадан бир оз вақт ўтди, у михлаб ташланган эшик ортида заиф, қадрдон овозни эшитди, шунда қўрқув аралаш, қочиш истагига ҳамоҳанг – аёлнинг алдамаганлигини англади, чақалоғим ниҳоят йиғисини бас қилармикин, дея боласини аллалаб, овутиб, беланчагини тебратган аёл ҳақ бўлиб чиқди, улар – энди ухлаб қолдилар. «Ёшлик» журналининг 2010 йил, 1-сонидан олинди. ↑ Меҳмонхона швейтсари. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62387 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57627 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36544 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23276 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23161 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21584 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19509 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18633 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |