«Бармоқдаги муҳр…» [Abdugʻafur Rasulov] |
Ҳаёт ташвишлари билан турмуш ирмоқларида ҳар куни турфа одамларга рўбарў келамиз. Агарда буни минг йиллик маънавий бойлигимиз «Алпомиш» орқали айцак улар орасида Қултой ҳам, Я(Ё)ртибой ҳам бор. Демак, ибрат олишимиз, ўзимизга ўрнак билишимиз керак бўлган одамохун кишилар, инсоний фазилатларни қадрлайдиган ёши улуғ ва кўпни кўрган нуроний отахонлар, ҳаётнинг аччиқ ситамларига-да бардош берган, етти йиқилганда саккиз бора турган зотларнинг қалбига қулоқ тутган назаримда ҳаётий сабоқ олади, савод чиқазади. Азиз мутоалачи! Устоз Абдуғафур Расулов билан болалик палласи, олимнинг ҳаёт йўли, умрини бахшида этган фаннинг далзарб масалалари, истиқлол йилларида улғаяётган ёшлар ижоди ҳақда узоқ суҳбат қурган эдим. Сизнинг ҳукмингизга ана шу гурунгларимиздан бир шингилни манзур бўлади деган умид билан ҳавола этмоқдаман. — Устоз, болалигингизни қандай хотирлайсиз? — Болалик — подшолик деймиз. Аммо, ўша подшолик дамлари кимда қандай кечиши бу замонга, даврга боғлиқ экан. Замон нотинч, оналар юзида ғам, кўзида шашқатор ёш бўлса, боланинг подшолиги не бўларди. Буларни сўзлашимга сабаб, камина саккиз ёшга тўлганида иккинчи жаҳон уруши тугаган, эл эзилган кўп хонадонларда болаларга оталари ўрнига оналари, бува ҳамда бувилари бош бўлиб қолганди. Кўчага чиқсангиз, ҳар қадамда яримжон азамат бирининг қўли, яна бирининг оёғи йўқ. Урушнинг даҳшатлилигини эсга солиб, эслатиб турарди. У пайтда энг ёмон сўз «қорахат» эди. Мен тенгги болалар бу машъум хатда нима битилганлигини биларди. Бизнинг уйимиз ҳозирги Бешёғоч бозори яқинида жойлашганди. Тошкент вокзалидаги поезднинг овозини эшитган бувим «овозинг ўчгур», «овозгинанг ўчсин», деб койирди. Боиси, икки фарзанди урушга кетиб қайтмаган, урушга эса поезд «олиб кетган»лиги учун бувим поездни болаларини бағридан юлиб олганликда айблаб ўтди. Буни бир муштипар онанинг хулосаси деб қабул қилиш мумкин. — Яна... — Яна, шуларни эсласам нонга навбатга турганимиз, керосин олиш учун тошни рақамлаганим, обкашда сув ташиганимиз бир-бир кўз олдимга келади. Уруш йиллари ва ундан сўнг ҳам нон тотли ва чучик эди. Одамлар нонга қатор бўлиб навбатда турар ёмғирли, қорли кунлардаям тартибни бирор киши бузмасди. Бир нонни тўртга бўлиб киши бошига бир қисмдан тақсимлаб берарди. Яхши пишмаган нон хамири пичоққа ёпишиб кетар, сотувчи эса уни сидириб ташлаб ўз ишини давом эттирарди. У пайтда электр чироғи йўқлиги боис, мойчироқдан фойдаланилар, одамлар керосинни ҳам навбат туриб олишарди. Аммо навбат ўзига хос эди. Керосин тарқатиладиган манзилга бориб бир тошни номерлаб келиб, рўзғор юмушларини бажариш мумкин эди. Бошқалар ҳам худди шундай қиларди. Керосин келганда эса ўша тошни олиб ўз жойини эгаллар ва тартиб билан чироқмойи олинарди. Бувамнинг ортидан эргашиб юрардим. У киши обкашда сув таширди. Мен бўлсам обкашдан сувни қандай қилиб тўкмасдан олиб келиш мумкинлиги ҳақида ўйлар эдим. Обкашда сув ташиш, шаҳар кўчаларида сувни кувир орқали олингандан сўнг бўлди. Унгача ҳовлимиздан шилдираб оқиб тўрадиган ариқ сувидан ичар эдик-да. Нуриллажон болалигим ҳақида яна кўп сўзлашим мумкин. Аммо улар катта мавзуларни тақоза этиб боради... — Устоз, суҳбатимизни фаолиятингизга доир савол билан давом эттирсак. «Яшаш — бу ҳис этиш ва фикрлаш, изтироб чекиш ва роҳат қилишдир», деганида В. Г. Белинский ҳақ экан. Олимнинг ҳаёти ва ижод йўли ҳақида яна нима ҳам айтиш мумкин? — Олимнинг ҳаёти ва турмуш тарзини бир-икки оғиз сўз билан ифодалаб бўлса, қани. Илмнинг сабрни синайдиган, тоқатни ҳам толдирадиган машаққатли йўлини игна билан қудуқ қазишга қиёс этади. Балки, шу тўғридир дейману гоҳида олим қудуқ қазиш учун ишлатиладиган игнанинг тор тешигидан ўтишига ҳам тўғри келиши ҳақида ўйлаб қоламан. Мана, Озод (Шарафиддинов) акани олайлик, у киши аллақачон адабиёцҳунос олим, нозик дидли мунаққид сифатида тан олинган, китобхонлар қалбидан жой олган эди. Устоз ўз кўнглини мафтун, ақл-заковатини банд этган Чўлпоннинг ўтли шеърлари, бетакрор насрий асарларисиз XX аср ўзбек адабиёти кемтик бўлиб қолишини бутун борлиғи билан ҳис қилди. Шунинг учун докторлик илмий ишини Чўлпон ижоди бўйича қилишни дилига тугуб юрди. Бироқ собиқ шўролар ҳукумати, унинг камунистик мафкураси бунга йўл бермади. Ўткан асрнинг 50-йиллари охирларида қатағон-қирғин қурбонлари оқлана бошлади. Лекин... Чўлпон оқланмади. Шоир: «Менда-да қанот бор, лекин боғланган... Боғ йўқдир, шох йўқдир, лекин девор бор», деганича қолаверди. Ажабки, Чўлпонни таниган, билган, унинг этагидан тутиб адабиётга кириб келганлар ўзини панага олди. Майдонда Дон Кихот бўлиб Озод ака қолди. — Сизнинг-ча, «Услуб — ёзувчининг адабиётдаги бетакрор қиёфаси, ўзлиги». Демак, услуб шаклланмайди. У ижодкорнинг тийнатида бўлади, деган хулосага келишимиз мумкинми? — Ҳа, услуб — ёзувчининг адабиётдаги бетакрор қиёфаси, ўзлиги. Услуб — ёзувчи фалсафаси инъикоси деганман. Рост-да, шеър кўп бўлса-ю унинг ортида шоир кўринмаса? Ҳикоя босилса-ю унинг муаллифи «бу — менман» деб турмаса? Бу не ҳол, бу не гап бўлади. Қадимдан «отадан кўрган ўқ отади, онадан кўрган тўн бичади», деган нақл бор. Ота билан боланинг ўхшашлиги, қалбан бир-бирига интилиши достону эртакларда, бахшилар ижодида азалдан айтилиб келинади. Xўш, буларнинг истеъдодга ва услубга алоқадорлиги қандай, дерсиз? Шуни ўнитманг-ки, одам ўзини қуршаган олам билан алоқага киришиш эҳтиёжи-ла туғилади. Ҳаракат — одам ва олам аро узлуксиз боғлиқдир. Моҳиятдан олганда эса одамнинг ўзи ҳам тугал бир олам. Фақат катта оламга нисбатан кичик олам, холос. Бадиий ижод ёзувчидан унинг ўзлигини, маънавий-руҳий оламини кўрсатиб беришини, камолот даражасини талаб қилади. Яъни, ижодкордан қалбидаги рост сўзни сўрайди. Услубни содда қилиб тушунтирганда тангрининг буюк зотлигини эсга олиб ибтидодан бугунгача қанча инсон ўтганлиги ва бугундан интиҳога қадар яна қанча одам туғилса, уларнинг ҳеч бирининг бармоқ изи бошқасида такрор бўлмаслиги ва истеъдод ана шу бетакрор бармоқдаги муҳрни адабиётга бера олсагина у эл орасида ёзувчи ё шоир бўлиб ардоқланади, эзоз топади. Қисқа қилиб айтганда Нуриллажон, сизнинг хулосангизда жон бор. Ижодкорда услуб бўлса ҳаёт сабоқлари орқали сайқалланиши мумкин, аммо бордан йўқ бўлмайди. Адибнинг даражаси эса Асқад Мухторнинг мана бу шеъридаги каби: ... Каср — одам эмиш шу турган кўйи. Сурат — унинг асли салмоғи-ю, Маҳраж — ўз ҳақида ўйлаган ўйи! Ажаб тушлар... Балки туш эмасдир? Ўнгда-ку, шунақа қоида бўлади: Маҳраж қанча катта бўлса, ахир, Каср шунча майда бўлади... — Бугунги адабиётимизнинг дунёга чиқиши учун энг асосий омил нима деб биласиз? — Бунга шубҳасиз бадиий таржима орқали эришишилади-да, деб бир сўз билан жавоб беришим мумкин. Аммо, уни ким амалга оширади деган иккинчи савол туғилади. Чунки, XXI аср дунёда маънавий ўлчамлар анчайин ўзгариб кетди. Бугун матбаа нашрлар ва телерадио компаниялар ким, қаерда, қандай эзгу ишни амалга оширганидан кўра, кишиларни табиий офатлар, авияҳалокатлар, машҳур кишиларнинг майиший турмиши тарзи ҳақидаги хабарларни етказишни мақул билмоқда. Шундай экан, эзгу амалли кишилар ҳам ўзининг қилган хайрли ишларини тарғиб қилишига зарурият бор. Демак, имкон қадар бадиий савияси баланд асарларни дунёнинг энг фаол тилларига пишиқ ва пухта таржима қилиб хорижда чоп эттиришнинг ҳаракатини қилиш керак. Бунга қўлида қалами бор ёш иқтидорли ўғил-қизлар бел боғласа, мақсадга мувофиқ бўлади. Дунё халқлари баҳра олиши мумкин, деб тавсия этиладиган бадиий баркамол асар, албатта, адабиёцҳунослар ва жамоатчилик назаридан ўтиши зарур. — Адабиётимиз остонасидаги ёшлар ҳақида фикрингиз... — Узоққа бормайлик, ўзингиз кўриб-билиб турганингиз Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида «Ижод» фонди ташкил этилганидан буён уюшмада ёшлар кулгиси, дадил ва ўктам овози эшитила бошлади. Уларнинг каломини уюшма қошидаги кенгашларда халқ шоирлари, халқ ёзувчилари, таниқли адабиёцҳунос олимлар тинглаяпти. Мақсаду маслагини биляпти. Яна, бугунги адабиёт эшиги олдида турган ёш ижодкорларнинг ёзганларидан уч умумий хусусият кўзга ташланмоқда. Биринчиси, ўзини дахлдор деб билган санъат турига ва ўзига бўлган талабчанлиги юқори. Иккинчиси, ўз кўнглини, ўзлигини намоён этишда сира ҳам синалган йўллардан боргиси келмайди. Ранг-баранг ва бетакрор. Учинчиси эса, ўзича шоир, ўзича ёзувчи бўлишни истаб юрганлар. Буларни кўриб муҳтарам Юртбошимизнинг «Бу ватанда истеъдодсиз боланинг ўзи йўқ», дегани ёдимга келади ва устоз ва мураббийлар ўз касбига янада масъулиятлироқ ёндошса дейман. Нега, ҳар бир шахс ўз имкониятларини белгилаб олиши учун уларга кўмак зарур. Шоир бўлмаса шифокор, шифокор бўлмаса яна бошқа касбнинг бошини тутиши мумкин-ку ахир! Буни эса тушинтириш, тўғри йўлни кўрсатиш ўқитувчи-мураббий ва ота-оналарнинг зиммасида. Давлат эса улғаяётган авлоднинг камол топиши учун барча имкониятларни яратиб қўйган бир пайтда бундай ишончни фақат ва фақат оқлаш керак. Нурилла Чориев суҳбатлашди |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62655 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59741 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37026 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23775 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23611 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23359 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19832 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18916 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14638 |