Ёқуб изқуварнинг ҳийласи (ҳикоя) [Xurshid Doʻstmuhammad] |
Ёқуб тўрам калласини салгина бошқача ишлатган эди, ҳаётида тубдан бурилиш юз берди: киссаси пул кўрди, рўзғорига барака кирди, номи маҳалла-кўйнинг оғзига тушди, ҳаммасидан ҳам, бегоналар тугул, уйидаги бола-чақаларигача унинг иззат-ҳурматини жойига қўядиган бўлишди! Тилидан ҳам, дилидан ҳам «Етказганига шукр» тушмайди-ю, баъзи-баъзида ўзи кашф этган янги касб-кори ўзига малол кеп қоляпти. Саратон иссиғида аллакимларнинг кетида пойлоқчилик қилиб юришнинг ўзи бўладими?! Тўрт кун бурун борди, нақ пешингача уйига киролмай қолган лайчадек кўчада санғиди. Қориннинг пўстаги чиққаниям майли, яқин-атрофда чанқовбосди қултум сувнинг анқолиги ёмон алам қилди Ёқуб тўрамга!.. Бир ишни эплолмай қандай борган бўлса, шундай изига қайтди. Эртасига яна ўша кўчада кунни ярим қилди. Ивирсиниб юрди, сояси қуюқроқ ўрикнинг паноҳида чўнқайиб ўтирди, шу алфозда чимдим-чимдим мизғиб олди ҳам. Илло эллик-олтмиш қадам наридаги қўш қаватли, қизғиш томли ҳашамдор уйнинг баҳайбат темир дарвозасида инсон қораси кўринмади. Ҳали кўчиб келишмаганми, нима бало, деб норозиланиб ғудранди Ёқуб тўрам. Илгариги замонларда уй-жойига қараб хонадон соҳибининг касб-корию топиш-тутишини адашмай чамалаш мумкин эди, энди эса касбдан кўпи йўқ. Кимга қарасанг, пайтавасига қурт тушгандек елиб-югуриб юрганини кўрасан, разм соле-еб кўрсанг, эплаб қўйган ишининг тайини йўқ, асасаю дабдабаси эса оламни бузади! Ёқуб тўрам ҳам ўзи истар-истамас ўшаларнинг бирига айланди-қўйди. Ҳаммаси ҳеч бир ақли расо банданинг етти ухлаб тушига кирмаган янгича касб-корни кашф этишидан бошланди. Бундай қараганда, касб-кор дейишгаям тил бормайди, ишлайдиган идорасиям, ишхонасиям, янгича айтганда, офис-мофисиям йўқ. Жамоа... жамоани бошига урадими! Бир ўзи! Ўзи топдими — ҳузурини ҳам ўзи кўради! Сирини достон қиладиган, оғзидаги насибасини улашадиган анойилардан эмас у. Аллазамонлар ўтиб кетган тоғасининг невараси кепти, «беш ўғлим, бари бекор, бирортасини ёнингизга олсангиз»... Қариндош-уруғ орасида Ёқуб писмиқнинг иши юришиб кетди, деган гап болалаганки, келган. Ёши олтмишдан ошиб биров ундан ёрдам сўраш тугул, унинг ҳолидан хабар олмаган. Энди-енди салгина калласи бўлакчароқ ишлаши туфайли қадамини ерга дадилроқ қўядиган бўлганида... «Жиянчаларни ёнимга оладиган ҳунарим йўқ, опоқи. Ўзим пенсадаги одам бўлсам...» Опоқи унинг айтганига ишонмади, шалвираб хайрлашди. Ичида қарғанган бўлса ҳам эҳтимол. Ёқуб тўрам узоқ қариндошига ачинди, лекин чораси қанча?! Фалон-фалондақа юмуш топганман, ўғлингиз шу ҳунарнинг бошини туцин, десинми?! Бир нарсанинг тагига етмагунича уйқуси келмайдиган иприсқилар бор. Қўшниси Лутфиддин нахалга ўхшаш. «Ў, писмиқ, қаттан ошиб-тошиб кетяпсан?» деб сўраб қолса бўладими, кўпчиликнинг орасида! Ёқуб тўрам бунақанги бемаъни луқмага бамаъни жавоб қайтаришни ўзига эп билмади. — Ҳар қалай, ўғри-каззоблик қилаётганим йўқ, — деди-қўйди. Ҳа-да, у ҳеч кимсани ураётгани, сўкаётгани йўқ, муттаҳамлик қилиб ўзганинг чўнтагига қўл суқаётгани йўқ. Таъманинг кўчасига йўламаяпти. Одамларнинг ўзлари келишади, чақиришади, дард-ҳасратларини тўкиб солишади. Илтимос, илтижо, ўтинч ва ўзлари қўярда-қўймай қўлига ул-бул тутқазиб кетишади. Иши битмай туриб ташлаб кетадиганлар бор, ҳожати чиққач, Ёқуб тўрамни чорлаб чақирганлар қанча! Ёқуб тўрам ўйлаб кўрса, эндиги замонда фалон касбнинг паттаси чўнтагимда деганинг билан нонинг бутун бўлмас экан, энди давру даврон ишнинг ўзини эмас, кўзини билганники!.. Шокарим барака топгур ҳунарнинг кўзидаги нақ гавҳарини мўлжалга олганлардан чоғи, ана, уй-жойини кўрга ҳассадек қилиб, қойиллатиб қуриб қўйибди, иморати олмонларнинг ўйинчоқ фабрикасидан янгигина чарақлаб чиққан қўғирчоққа ўхшайди — узоқдан қараган одамга кулаётган, жилмаяётгандай. «Менга ўхшаш, лоақал менгаям ўхшай олмаётган ношуд-нотавонлар устидан қаҳ-қаҳ отаётгандай!» деб минғирлади Ёқуб тўрам. У Шокаримнинг хонадони ёнида атайин қадамини секинлатиб ўтаётиб иморатга саро-сар разм солди. «Мармар қопланган пойдевори мандан икки қарич баланд... Сувоғиям алламбало... Дераза ойнаси кўзни оляпти, уйнинг ичига мўралашнинг иложи топилмади-да...» — Топган ҳунарингдан ўргилдим! — деб юборди Ёқуб тўрам ўзидан астойдил аччиқланиб. Аччиқландию, шу заҳоти шайтонга ҳай берди. Ахир умри меҳнатдан бош кўтармай ўтди-я, ҳе, эссиз! Кўксига шамол тегмади, эркак бошига дўппини яримта қилиб кўчага чиқолмади. Қариндош-уруғ, ошна-оғайни тугул, бола-чақасининг олдида ҳам бўйнини, унга қўшиб тилиниям қисиб юрди. Аслида салгина тилига эрк берса шундай гапларни биларди-я!.. Қанчадан-қанча теша тегмаган гаплари, қочириқлари тахи бузилмайгина ёруғ оламни кўрмай ичида жон берди, увол!.. Аҳён-аҳёнда тилига кучи етмай қолган пайтлари айтганини эшитганлар эса уни ичидан пишган писмиққа чиқаришди. Мабодо калласи бошқачароқ ишлаб қолмаганида, кўз кўриб қулоқ эшитмаган юмушни топмаганида дунёдан «Ўқуб писмиқ»лигича ўтиб кетарди. Қариган чоғимда уйда ўтириб қолсам ҳолимга маймун йиғлайди, деб юрак ҳовучлаб юрганди, аксинча Xудо қўш қўллади! Фақат минг битта ҳунар бўлса ҳаммасидаям сабр-тоқат қилган одамгина барака топар экан. Ёқуб тўрамнинг ичи эса сабр-тоқатнинг кони! Ўзи мусичадек юввош, беозор, камсуқумдан-камсуқум эди, кўпчилик уни назарига илмасди, очиқ-ошкор камситишдан ҳам тойишмасди. Ёқуб тўрам бундан озорланмасди. Нима бўлдию... йўқ, у кишим фавқулодда қаҳрамонлик кўрсатмади, юлдузни бенарвон урмади, белига белбоғ боғлаб ажнабий полвоннинг елкасини ерга теккизгани ҳам йўқ — олтмиш йилдан буён амал-тақал асраб, кўтариб юрган калласининг ичидаги ақл тугмаларини зиғирча бошқача ишлатди. Шу, холос! Аввалига у ҳақда ҳазил-ҳузул аралаш узун-қулоқ гап оралади. Миш-мишга биров ишонди, биров — йўқ. Буёғини сўрасангиз, Ёқуб тўрамнинг ўзи ҳам ҳарчанд бош қотирмасин, фалон кундан ёки писмадон ҳодисадан сўнг ўзимда шундай ноёб қобилият аломатини пайқадим, деган тахминни айтолмади. Ўз исмига қачондан буён улуғловчи «тўрам» қўшилиб қолганига ҳам эътибор бермади. Одамнинг отаси қўйган исми ўзгарса ўзгарадики, кўчада орттирган лақаби умрбод қолади деб юрарди. Ёқуб тўрам шу борада адашди, яъни замон ўзгаришларига яраша мияси салгина ўзгача ишлаганди, яшаш тарзига қўшилиб, лақаби ҳам янгиланиб кетди... Ёқуб тўрам шу сингари хаёллар оғушида «объект»дан узоқлашмай тоқати тоқ бўлаёзганида умидини боғлаб турган ҳодиса юз берди — кўча бошидаги муюлишдан чиқинди ташувчи мошиннинг «ди-дит»и эшитилди. «Дўмбоқвой худо деган йигит экан!» деб юборди Ёқуб тўрам шайланишга тушиб. Чиқинди йиғадиган мошин қаерга келиб тўхташини чамалади. Беш-олти кун бурун қоқ пешинда бир чойнак чойни мириқиб ичиб, сел бўлиб ўтирган жойида ёнбошлаб, пинакка кетган экан, қўнғироқ устма-уст жарангласа-да, аранг ўрнидан қўзғалди. «Яна биттаси келди!» — энсаси қотди Ёқуб тўрамнинг, ҳозир чиқиб дарвозани очади, яқин-атроф кўчалик бирортаси қўл қовуштириб илжайиб турган бўлади, мезбон, қани, ичкарига кирсинлар, дейди, меҳмон бўлмиш гўё оламшумул ҳуфия сирни ошкор этаётгандай паст товушда шивирлайди: — Қизимизга совчи келиб қўймаяпти... — Э, хайрли бўлсин, биродар, — дея Ёқуб тўрам лутф қилади. Меҳмон тагдор жилмаяди. Мезбон шунинг ўзида муддаони фахмлайди, лекин меҳмон ўз оғзи билан муддаога кўчмагунича у зинҳор сир бой бермайди. — Ёқубжон амаки, сиздан фатво олмай туриб тўй бошлайдиган анойи йўқ, — деб мақсадга кўча бошлайди меҳмон бўлмиш. Ёқуб тўрам ўзини гўлликка солади. — Мен-а? Мен қанақасига фатво бераман?.. — У шундай деб ҳайратини охиригача ифода қилиб улгурмай меҳмон дангалига кўчади: — Ҳаммасидан хабаримиз бор, отахон. Сиз бир оғиз «ҳа» ёки «йўқ» десангиз бас, кўнгил хотиржам тортади. Ўзимиз ҳам ул-булни суриштирдик, лекин сизнинг йўриғингиз бошқа дейишди. Жон ака, йўқ деманг, орамизда қолади... Илтимос қилиб келувчилар ҳам, ўртага тушадиган воситачилар ҳам бошида, «орамизда қолади» деб ваъдани катта беришади, аммо-лекин, мана, Ёқуб тўрамнинг кароматлари орада қолмаётгандирки, тўй мавсумида остонага илтимос қилиб келувчиларнинг кети узилмаяпти. Хулласи калом, Ёқуб тўрам дарвозани очдию, ихчам қайчиланган мўйлабчаси ўзига хўп ярашган ўрта ёшлардаги дўмбоққина йигит кўзига оловдек кўриниб кетди. Йигит мезбон билан қуюқ кўришгач, тавозе билан қўлларини қовуштирди, уч хонадон нарида турган «ажнабий» оқ улови томон бирров назарини ташлаб қўйиб, гапни бошлашга қийналиб, ғудранди: — Адашиб, нариги қўшнининг эшигини чақирибман... — Ҳовли қаерда, ука? — деди Ёқуб тўрам муддаога кўчақол деган оҳангда. — Қайнамада, — жавоб қайтарди дўмбоқ йигит. — Э, ҳа-а!.. Мезбон амаки не боисдан наъра тортиб юборганини меҳмон йигит тушунмади, албатта, зеро, Ёқуб тўрам ўз довруғи беш-олти маҳалла наридаги Қайнамага етиб борганидан таажжубини яширолмаган эди. Бу кетишда аҳвол нима кечади? Ҳозирнинг ўзида тиними йўқ, маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча, ундан сўнг бозорма-бозор изғигани-изғиган. Нақ изқуварнинг ўзгинаси!.. Шаҳарда бозор болалаганини айтмайсизми! Одамлар бозор қолиб, данғиллама, қиммацотар дўконларга қатнашга одатланаётганига куясанми?! Шу кетишда Ёқуб тўрам уч-тўрт ишончли шоввозни ёнига олмаса бўлмайдиган! У ҳолда... нони яримта бўлишиям майли-я, Ёқуб тўрамнинг ақли салгина янгича ишлаб, кашф этган ҳунари фош бўлишининг оқибати нима кечади?! Буёғи, қўлидан бир юмуш келган одамнинг довруғи ўрмалаб-чопқиллаб ёйилаверар экан, Қайнамага етган довруғ эрта бутун шаҳарга тарқамайди, деган кафолат йўқ! — Кўпни кўрган мўйсафидлар маслаҳат беришди, — мулойимлик билан қистовга олишда давом этди дўмбоқ йигит. — Аниғини ҳеч ким сизчалик айтолмас эмиш... Ёқуб тўрам мамнуният билан табассум қилди, жилмайди. Унинг эти «ўлгани»ни сезган дўмбоқ йигитнинг тили равонлашди. У Ёқуб тўрам ҳозиргина уйдан чиқаётиб кўнглидан кечирган барча гап-сўзларни қарийб айнан такрорлади. Фақат йигит тушмагур илтимосни қуюқ қила туриб бармоқлари букилган қўлини чапдастлик билан сермадию, Ёқуб тўрамнинг эгнидаги оқ яктакнинг ён чўнтагига ўртасидан букланган... қоғозчани солиб улгурди. — Йўғ-е, нима қиляптилар?! — деди ясама ҳовлиқиб Ёқуб тўрам. Ҳовлиқиш, ўнғайсизланиш, хижолат чекишни ўрнига қўйдию, чўнтагидагини олмади, уни меҳмон йигитга қайтариб бериш эпини тополмади. Муомала «ускунаси»ни мойлаб олган дўмбоқ йигит буёғига ўзини анчагина эмин-еркин тутди. — Ака, оиладаги гап-сўзни ҳар кимга достон қилиш одатим йўқ, лекин сиздан сир сақламайман... Ёқуб тўрам «майли» деган маънода бош ирғади, шу топда, «узатганини олган заҳотинг етти ёт бегона ҳам сирдошингга айланади», деган гап кечди кўнглидан. — Катта қизимиздан ёмон адашдик, ота, — деди меҳмон йигит дам «ака», дам «ота», дам «амаки»лаб мурожаат қилаётганининг фарқига бормай. — Ўртага бообрў казо-казолар тушганди. Ўзиям эл-юрт танийдиган одам... Йигит хомушланиб, бошини сарак-сарак тебратди. — Савлатидан ит хуркадию, рўзғорда... вой-вой, тийинни устида азон айтаркан!.. Бировнинг рўзғордаги аҳволини билиб бўлмас экан, ота!.. Xулласи, қизим боласи билан уйимда... — Э, аттанг! Ёқуб тўрам астойдил ачинди. Меҳмон йигит сўзи ерда қолмаганини сезди. — Шундай, оғзи куйганларданмиз, — деди у очиқдан-очиқ ёлвориб. — Тезлатиб берасиз-да, жон амаки, ҳар қандай одамнинг асл турқи-тароватию сир-асрорини икки кунда билиб беради дейишди, сиззи!.. Ёқуб тўрам чиқинди йиғадиган мошиннинг яқинлашиб келишига қараб туриб дўмбоқ йигитнинг илтижосини эслади. Кимнинг қандай одамлигини билиш осон бўлганида, дунё ҳозиргидан буткул бошқачароқ бўлмасмиди? Низолар, тўқнашувлар, урушлар... Гулдек оилаларнинг тўзиб кетаётгани-чи? Одамзод бошидаги энг мушкул савдолардан бири ҳам шу, ука — одамни билиш!.. «Икки кунда билиб берасиз», дейди-я! Ўзи эса бир бообрў кимсанинг рўзғордаги аъмолини билгунича қизининг бахтини кемтик қилиб улгурибди!.. Кўча-кўйдаги қиёфа аслида чалғитувчи ниқоблигини ҳар ким ҳам тушунавермайди. Ниқобга алданиб, қизини беради, қизини олади, ёр-биродарлашади. Рўзғордаги, ётиш-туришдаги аҳволни кўргач эса, қарабсизки, узоққа бормай ҳамма ихлосу садоқатнинг уйи куяди!.. Ёқуб тўрам ўзи кашф этган «ҳунар»ни эслаб, шумлик билан қиқирлади. Бировнинг рўзғордаги, кундалик турмушдаги аҳволини биладиган битта жой бор — бозор! Олди-сотдининг устида ниқоблар йиртилади, йўқолади, йўқолмаса-да, одамнинг рўзғордаги, оиладаги ички қиёфаси яққолроқ кўзга ташланади. Нима харид қиляпти, неча пуллигини танлаяпти, қай тарзда савдолашаяпти, бозордаги қадам олишлар қандай — ҳа, ука, одамнинг рўзғордаги қиёфасини билай десанг уни, бозорда кузат! Бозорда томоша қил! Ўнта яқин-йироқдан суриштириб билолмаганларингни ўз кўзинг билан кўрасан, ўз қулоғинг билан эшитасан! Тинимсиз «ди-дит»лаётган баҳайбат кўкиш мошин оҳиста юриб келиб, Шокаримнинг уйидан ўттиз-қирқ одимлар нарида «лангар» ташлади. Эрталабдан буён сув қуйгандек тинч-осуда, кимсасиз кўча ғала-ғовурга тўлиб кетди. Аксари хонадонлардан аёллар, болалар қўлида биттадан, иккитадан челак кўтариб чиқишди. Ёқуб тўрам темирни қизиғида босадиган пайти келди. Фурсат ғанимат! У худди йўловчидек ўтиб боратуриб Шокаримнинг дарвозаси очилишини пойлаб, етиб борди. Ичкаридан қоғоз қутини икки қўллаб инқиллаб кўтарган ўн ёшлар чамасидаги болакай чиқди. «Невараси, юки оғиргина экан», деб тахмин қилди ўзича Ёқуб тўрам. Зум ўтмай тахмини исбот топди — болакай ўн-ўн беш қадам юрмай қўли толди, қутини оёғи остига қўйиб, нафас ростлади. Челагини бўшатиб қайтаётган қўшни бола унинг ёнига югуриб келди. — Кўтаришиб юбор, — деди Шокаримнинг уйидан чиққан бола тенгқур қўшнисига. Қўшни бола қутини кўтариш ўрнига унинг чала ёпилган қопқоғи орасидан тумшуғи чиқиб турган тунукасимон идишчани суғуриб олди. — Вой-ву-у, чиройлилигини! Ташлама, буни ман оламан! Ана, бошқасиям боракан!.. Икки қўшни болакайдан икки қадам нарида ўтиб бораётган Ёқуб тўрам учун шунинг ўзи кифоя эди. Қўшни бола ўзининг кўзини ўйнатган-ўйнатмаган чиқинди идиш ва ялтир-юлтир халтачаларни титиб, очиб ташлаганининг ўзида у кишим зарур хулосаларни чиқариб улгурди. Ўзича, «Унур» дўкони, «Олой» бозори» дея икки манзилни кўнглига тугди. Ёқуб тўрамнинг ҳисоб-китобларидан бирида одамлар шаҳарнинг қайси бозоридан рўзғорлик қилишларига қараб табақалаштирилган. Оилалар бозор-ўчарни эрлар, аёллар, ўғил-қизлар қилишига қараб гуруҳлаштирилган. Оила аъзолари умуман бозорга қадам босмайдиганлар рўйхати алоҳида. Булардан ташқари, Ёқуб тўрам бозорлик олиб кетиладиган идишларгача, ким қайси маҳсулотдан қанчадан харид қилишларида ҳам ҳикмат кўп деб ҳисоблайди. Ҳаммасидан муҳими, Ёқуб тўрам мумкин қадар савдонинг устида бўлишга, жавоб-муомалани ўз қулоғи билан эшитишга ҳаракат қилади. Кимдир ўйнаб-кулиб, ҳазил-мутойиба билан бозор-ўчар қилади, кимдир қовоғини уйиб олади, сотувчи билан худди нари-бери бўлиб қолган қудаси билан гаплашаётгандек сўзлашади. Титраб-қақшаб, алданиб қолишдан қўрқа-писа муомала қиладигани бор. Оладигани беш кило сабзи-ю, бозорни уч карра айланиб, нарх-навони тит-пити қилиб суриштиради. Буларнинг бари киссадан чиқаётган — сарфланаётган ақчанинг алами устида бўлаётган ишлар. Давоми бешинчи бетда. Боши учинчи бетда. Тежамли-сарамжон бўлиш айб эмас, лекин тўрт қадоқ гўштнинг нархини келишгунича қассоб билан қарийб ёқа бўғишишдан тоймайдиган қайнона ёки қайнота ҳадемай ошхонасига, рўзғорига бекалик қиладиган келинчакни не кўйларга соларкин?.. Келин шўрлик тежамнинг кўчасидан ўтмаган, ўз уйида мисқоллаб эмас, ботмонлаб сарфлашга одатланган бўлса-чи? Бир замон («тенг-тенги билан, тезак қопи билан» деган мақолнамо гап) юрарди, ҳозир унутилиб кетди. Заргарнинг қизини заргарга, қассобнинг қизини қассобга бер, дейди халқ. Одамларнинг оғзидан чиққан гапга қарасангиз — бири-биридан доно, ўзи қуда-андачилик қиладиган пайт келганда эса одамни одамдан фарқига бормай довдирайди. Ёқуб тўрам қайнамалик дўмбоқ йигитдан манзилини, касб-корини аниқлаштириб олди. — Ҳовлимиз баланд кўприкнинг ёнгинасида, Долим дўхтир десангиз ҳамма танийди, — деди дўмбоқ йигит. — Касблари дўхтирликми? — деб суриштирди Ёқуб тўрам. Долим дўхтир кулимсиради. — Асли шифокор эдик, яқин саккиз-тўққиз йилдан буёғига... замонавий ҳунарлардан насибамизни териб юрибмиз, отахон, — деди. Орадан уч-тўрт кун ўтказиб, Долим дўхтир яна келди. Ёқуб тўрам жуда банд одам қиёфасида салом-аликни мухтасар қила туриб, «Дўхтирликдан нон тополмаган-да, ўзини замонавий ҳунарга урган», деди хаёлан. — У томон шошириб қўймаяпти, амаки, — деди Долим дўхтир. — Қизи борнинг — нози бор, галга солинг, — насиҳат қилди Ёқуб тўрам. Яна уч кун ўтди, шом қоронғисида Долим дўхтир яна эшик қоқиб келди. Ёқуб тўрамнинг аёли чиқиб, у киши йўғидилар, уч-тўрт кунда келиб қоладилар, деб жавоб қилди. Долим дўхтирнинг назарида Ёқуб отанинг аёли совуқроқ муомала қилганга ўхшади. Ёқуб тўрамнинг чўнтагига солиб қўйган элликталикни эслаб, «Камлик қилмадимикан?» деб хавотирланди. Ёқуб тўрам бирортасига шунча берасан демади, демайди ҳам. Ишлаб юрган кезлари икки ойда, беш ойда... бир йилда олган маошидан ошириб берганлар бўлди, лекин у пулнинг бетига, қайси давлатнинг пули эканига қарамади, илтимосни адо этиш учун астойдил елиб-югурди. Бир сафар қотмадан келган, сочлари кумушдай оқ кампир келиб, фалон-фалончидан қиз олмоқчи эдик, ўшаларнинг уй ичини билиб беринг, ука, деб қистовга олди. Ёқуб тўрам харчанд тушунтирмасин, кампир қўймади. Тўсатдан, «Йўл кўрасизми?» деб қолди-ю! — Қанақа йўл? — ажабланди Ёқуб тўрам. Кампир дангалчи экан. — Эшитдим, оповси, бир ғалтак оқ, бир ғалтак қора ипни чувалатиб ташлаб, йўл кўрасиз экан. Шунга ўн кун, ўн беш кун кетадими, айланай? Мана, ўзим ола келдим, хўп денг, жон ука. Кампир шундай деб Ёқуб тўрамнинг қўлига икки ғалтак ип тутқазди, Ёқуб тўрам мириқиб кулди. Кулишга куладику-я, лекин... Ёқуб тўрам Шокаримнинг изини олгунича ҳафта ичи қанча йўл пойлади, қанча хуноби ошди — ўзига аён. Одамлар одатда яшаш жойига яқин бозор-гузардан рўзғорлик қилгувчи эди, ҳозир ундай эмас, унча-мунча бозорга қадам босишни ўзига эп кўрмайдиганлар пайдо бўлди — «Олай»га боради, «Олай»ни-да назари илмай, ажнабийлар расмга айлантираётган минг турли ноз-неъмат тўла дўконга танда қўядиганлар кўпайди. Ёқуб тўрам икки тенгқур болакай «инъом» этган маълумотдан хулоса чиқаришда янглишмади — Шокаримнинг уйидагилар рўзғорни «Олой» бозоридан, камига «Унур» дўконидан қилади. Тахмини амалга ошиб, изқуварлик амалининг бир ҳафталик бесамар изғишларидан обдон тинкаси қуриган кунларнинг бирида у «Олой» бозорининг дарвозаларидан бирига кираверишдаги сомсахона ёнида аёли ва неварасини эргаштириб бораётган Шокаримга илашди. Эр-хотин ва неваранинг раста оралаб қадам олишининг ўзида димоғ-фироғ, кибр ва дасти дарозлик сиёқи сезилиб турарди. Ёқуб тўрам улардан дам атайин ортда қолар, дам жуда яқин келиб қолар, бирон нарса харид қилиш юзасидан савдо қизиган пайтда эса Шокаримнинг муомаласи қандай, бўлғуси қайнонанинг тили-жағи қанақа — биронтасини эшитмай қўймади. Эр-хотин аввал картошка, сабзи, пиёз харид қилишди, сўнг харажат хўл мева раста қаторида давом этди. Шокарим нарх-наво юзасидан тортишмай, кўзига кўринган олмафуруш мўйсафидга, уч кило тортинг, деб юборди. Xотини, шошманг, адаси, наригисиниям кўрайлик, деб пишай деган савдони тўхтатди. Шокарим «тортаверинг» деган маънода олмафуруш мўйсафидга имо қилганди, хотини, «мен бундай олма емайман» деб оёғини тираб туриб олди. Шокарим аёлининг серпардоз юзидаги таманно аломатини кўрган заҳоти олма харид қилиш шаштидан тушди. — Жа, бойваччалик қилмай, сал савдолашсангиз бўлмайдими?! Шокаримнинг хотини заҳрини сочиб эрига вишиллади, бу гапни, гапнинг оҳангини Ёқуб тўрам аниқ эшитди. Шокарим шу савлатига хотинидан паст келганини ҳам сезди. Боя пиёз харид қилиш чоғида ҳам эр хотиннинг измида эканини тасдиқловчи аломат сезилди. Шокаримнинг имоси билан тарози палласидаги тоғора тўлдирилган пиёз қайта жойига тўкилди. — Арчишгаям, тўғрашгаям қулай-да, — деди Шокарим сотувчининг олдида изза бўлишдан ийманмай-нетмай. — Атайин арчишгаям, тўғрашгаям қулай бўлмаганидан олинг! Жа, талтайтириб юбордиз, ўша суюкли келиниззи! Уйига кириб кетганича кун бўйи қорасини кўрсатмайди. Бир маҳал овқат қилганда арчса арчибди-да! Майдароғидан олинг, гап тамом! Хотинининг дағдағасидан ўнғайсизланган Шокарим пича нарида бепарво турган неварасига ишора қилди. Лекин хотинининг сўзини икки қилмади. Ана шу йўл-йўлакай «гурунг»нинг ўзиёқ Ёқуб тўрам бир дунё хулоса чиқариши учун кифоя эди. У кун бўйи қорасини кўрсатмай уйида ўтирадиган келиннинг аҳволини, унинг бу қайнона билан муомаласини тасаввур қилишга уринди. Дўмбоқбойнинг лўппигина юзли, хушбичим мўйлабли чеҳраси кўз олдига келди. Шокарим харид қилинган нарсаларни темир аравачага орттириб, уни тортиб бораётган ўспиринга йўл бошлаб кўчага юрди. Юкларни япон автоуловига ортатуриб хотинига, «Унур»гаям кириб ўтамиз» деди. Ёқуб тўрам Шокаримнинг невараси кўтариб чиққан қоғоз қути ичида «Унур»дан бошқа жойда топилмайдиган, сотилмайдиган қимматбаҳо яхна шарбатлардан, ноёб ширинликлардан бўшаган ялтироқ идишчаларни кўз олдига келтирди. Нимаики кўрган, кузатган бўлса, уларнинг баридан чиқадиган хулосанинг лўндасини, яна қўшимча мулоҳазаларини Долим дўхтирга айтди: — Шокарим ўзига тўқ, бағри кенг йигит кўринади. Кундалик рўзғорини танлаб-танлаб, чертиб-чертиб ўтказадиган одамлар келинни ҳам минг чиғириқдан ўтказиб, асилини танлаган-да! Долим дўхтир оғзининг таноби қочиб мамнун жилмайди. Ёқуб тўрам давом этди: — Келин бўлмиш қизимиз қайнона билан тил топиша олса олам гулистон... Қолган жиҳатларида... тенглик, ука. Долим дўхтир ҳаяжонда Ёқуб тўрамнинг сўнгги сўзларига эътибор қилмади. Мушт қилган қўлини Ёқуб тўрамнинг киссаси томон чўзди. Ёқуб тўрам астойдил ўзини олиб қочди. — Тўй бўлсин, — дея яхши ният қилди у. Xайрлашишди. Xотиржам тортган Долим дўхтир зипиллаб бориб мошинасига минди. Бош ирғаб, жўнади-кетди. Ёқуб тўрамнинг юраги увишди. Бир кишининг эмас, бутун бир оила аъзоларининг рўзғордаги феъл-атворини билиш осонми? Кимнинг ётиш-туриши қандай? Рўзғор тутишлар, сарф-харажатга муносабатлар? Озодалиги, кир-чири, овқатланиши... ҳазил-мутойибаси, ғазабию меҳр-шафқати, инжиқлиги... шуларнинг барини бир-икки дафъа бозордаги олди-сотди устида кузатиш билан аниқлаш кифоямикан? Шу йўл билан чиқарган тахминлари билан у ҳозирча нималардир қилиб юрибди, мабодо бу ҳам иш бермай, аксинча панд бериб қолса-чи?.. Одамларнинг туриш-турмушдаги асл афт-башарасини ҳуфёна йўллар билан, яъни ҳеч кимга сездирмай, дилини оғритмай билиш: аниқлаш чоралари бордир? Ёқуб тўрамнинг янгичароқ ишлаган калласига келмаган яна, ким билсин, қанча ҳадислари бор, бунинг?! Ҳар қалай, одам мияни бошқачароқ ишлаца йўли топилмайдиган жумбоқ йўқ дейишади. Ёқуб тўрам зиммасига олиб қўйган яна икки илтимосни адо этишни хаёлан режалаштирганича бир-бир юриб, уйи томон йўналди... Р.С. Шом қоронғиси тушди. Ёқуб тўрам Қайнамадан ҳам олисроқдаги маҳалладан суриштириб келган мўйсафиднинг ўтинчини адо этишни чамалаб ўтирган эди, эшик қўнғироғи жиринглади. Ёқуб тўрам одатдагидан-да оғриниб, истар-истамас кўчага чиқди. Ғира-ширада дарвоза бўсағасида қўл қовуштириб турган басавлатгина нотаниш кишининг сохт-сумбатига, сўнг бетига қаради-ю, туйқус тўхтаб қолди. Кўнглининг бир чеккасидан кўлага солиб ўтган хавотирдан тиззасига қалтироқ югурди. Унинг рўпарасида турган киши — Шокарим эди! «Айтмадимми?! Наҳотки, қовун туширган бўлсам?! Қаттан уйимни топиб келди бу? Нима ниятда келди?.. Нима қилиб, изимни пойлаб юрибсан, искович, деса нима дейман?! Шу пайтгача бирор жўяли важ топиб қўймаганимни! Ҳе, хомкалла!» — К-кесинлар, и-ичкарига кирсинлар, — дея олди Ёқуб тўрам қалтираб. Қалтираб шундай дедию, ўша заҳоти хавотири ариди. Чунки Шокарим одатдаги илтимос билан келувчилар оҳангида муддаога кўчди: — Ўзларидан қолар гап йўқ, оқсоқол, — деди у илтимосим ерда қолмас, деган таъкид оҳангида қатъият билан. — Кенжамизни уйлантирадиганмиз. Аёлларимиз қайнамалик Долим дўхтир деганнинг қизини кўриб келишибди. Ўша оилани... Ёқуб тўрам гапнинг давомига қулоқ солмади. Шокарим яна нималардир деди-да, гап орасида Ёқуб тўрамнинг кафтига икки букланган қоғозни қистирди. Ёқуб тўрам шошиб қолдими ёхуд бояги хавотири ариб улгурмаганмиди «чурқ» этмади. Ширинкомани қайтаришга ботинмади. — Уч-тўрт кунда хабар олсам бўлар-а, ока? Суриштириб қўясиз-да. Ёқуб тўрам Шокаримнинг мошинаси узоқлашаётгандагина ҳушини йиғди. Бунақаси бўлмаган эди!.. Қайнамалик Долим дўхтирнинг қизи... Оиласи... Кафтини очди. Долим дўхтир чўнтагига солиб кетган хилидан, фақат ундан икки ҳисса кўп. Яхлит юзталик. Ёқуб тўрам тиржайди, қиқирлади, кулди, хо-холаб юбормаслик учун лабини тишлади. Долим дўхтир дастлаб келиб кетганидан буён орада ўтган кунлар асносида у аввал Шокаримни, сўнг... Долим дўхтирнинг ўзини, оила аъзоларининг бозор-ўчар қилиш чоғида изидан тушган, шу тахлит уларни ҳам зимдан ўрганиб улгурган эди... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62430 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23313 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21839 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14486 |