Бойчечак (ҳикоя) [Yoqut Rahimova]

Бойчечак (ҳикоя) [Yoqut Rahimova]
Бойчечак (ҳикоя) [Yoqut Rahimova]
Лутфулла эшикдан шошиб кирди-ю, у хонадан бу хонага югуриб, хотинини излади. Гулбаҳор ошхонадаги столда хамир қораётган экан.
— Гули, бўл, — деди шошилиб унинг ёнига кираркан. — Йиғиштир бу нарсаларингни.
— Ҳа, тинчликми? — деб сўради Гулбаҳор унинг ҳовлиқишидан аразлаганини ҳам унутиб.
— Тинчлик. Бўл, отлан! Болаларни ҳам отлантир! Кишлоққа борамиз! Бойчечак очилибди!
Гули эрининг жиддий гапираётганидан кулиб юборди.
— Қизиқ одатларингиз бор-да, — деди қўлини юваётиб. — Кетдим дейсиз-у, кетаверасиз...
— Ҳа, шунақа... мен нима истасам шу бўлади, — деди Лутфулла мамнун кулимсираб.
Гулбаҳор эрининг бундай одатларига кўникиб қолганди. Эри истаган пайтда ҳоҳлаган томонга кетар, ҳеч нимани ўйлаб ўтирмасди. Кўнгли тусаган ишни қиларди.
— Ўзингиз кетавермайсизми, бизларни судраб нима қиласиз? — деди Гулбаҳор истамайгина.
— Эй... сен уни қадрига етмайсан-да, — деди Лутфулла ўз хонасидан унинг ол-дига чиқиб. — Бойчечак беш градус совуқда ҳам, беш градус иссиқда ҳам ўлади... У қор кетиши билан чиқади. Бир ҳафтадан кейин қарасанг, йўқ... ўлади. Уни фақат ҳозир кўриш керак... Болаларга ҳам кўрсатамиз. Шу эсида қолади...
Гулбаҳор қўлини артиб, шоша-пиша болаларини кийинтирар экан, Лутфулла бойчечакни мақташини қўймасди:
— Сен ҳали уни билмайсан-да... Кўрмагансан ҳам... Шоирлар шеър ёзади, артислар қўшиқ айтади, бойчечак деб. Лекин ўшаларнннг ўзи ҳали бойчечакнинг очилганини кўрган эмас. Мана, мен сизларга кўрсатаман...
— Кимдан эшита қолдингиз, бойчечак очилганини, — сўради хотини уйга кириб кета туриб.
— Болалардан, Тургунлар келишибди, — жавоб берди Лутфулла.
Шундай деди-ю, эрталаб хотини билан ораларида бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеани эслади. Кеча Хоразмдан театр институтида бирга ўқишган, ҳозир вилоят театрида ишлаётган ўртоқлари келишганди. Лутфулла уларни институтни битирганларидан бери кўрмаган, бениҳоя соғинганди. Уларнинг келганидан қувониб кетди. Репетитсиядан чиққач, шулар билан чақчақлашиб ресторанда ўтирди. Рестораннинг ёпиладиган пайти яқиплашгач, офитснанткага иккита бутун товуқ буюриб, меҳмонхонага чиқишди. Меҳмонларнинг хонасида ҳангомани ярим кечагача давом этдиришди.
Лутфулла уйига қайтганда тонг ёришай деб қолганди, бир-бирларипи тоза соғинишган экан. Туни билан гаплашишса ҳам гаплари сира адо бўлмасди.
У оёқда зўрға тургани учун туфлисини ҳам ечмай, тўғри ўз хонасига ўтиб кетди. Хонага кираверишда икки-учта кўк хошияли қийиққа боғланган тугунлар турарди. Лутфулла уни йўқлаб, қишлоқдан келишганини пайқади. У хотинининг одатини биларди. Гулбаҳор қишлоқдан келувчиларни кўпда ёқтирмас, Уни кўргани келганлардан ҳеч бирини номини атамасди. Энсаси қотиб, «қишлоқдан-келишди», деб қўя қоларди. Шу сабабданми, улар олиб келган нарсаларга ҳам қўл урмасди. Бу одат ундан болаларига ҳам ўтганди. Уйидан телефон килиб қолишса, уч яшар ўғли Тўрабек ҳам трубкани олиб, «қишлоқдан келишяпти», дерди.
Лутфулла ҳар кимдан ҳар нарсага рашк қилаверадиган хотини билан аччиқ-тиззиқ бўлаверишни ўзига эп кўрмас, кўп масалаларда кўнглини кенг қўйиб, муомала қиларди.
Иккови институтни тугатишиб, бошқа-бошқа жойда — ўзи телестудияда, Лутфулла эса театрда ишлай бошлаганидан бери яна бир одат чиқарганди. Энди у Лутфуллани илгаригидек, институтда бирга ўқиб юрган пайтларидек чиройли, бежирим кийиниб юришларини ёқтирмас, аксинча, эрининг кўримсиз, бир хил кийимда юришини истар, соқолини кунда олгани учун ҳам жанжал кўтарарди. Агар Лутфулла бирор куни бошқачароқ кийиниб, тузукроқ галстугини боғласа борми, Гулининг қовоқ-тумшуғи осилиб кетар, бутун хатти-ҳаракатидан рашк ўтида ёнаёттанлиги сезилиб турарди.
Ётоқхонада, каравотларининг ёнидаги тумбочканинг устида ҳамиша театрнинг репертуар плани турарди. Лутфулла усти атир-упа билан тўла трюмо ойнаси олдида кийиниб, уст-бошини тузатар экан, Гулбаҳор унга писанда қилгандек, репертуар планни қўлига олиб, бугун эрининг спектакли борми-йўқлигини текширарди.
Лутфулла умрида бировга ҳисоб бериб ўрганмаган. Хотинига ҳам ҳамма нарсани айтавермасди. Баъзан унинг репетитсия пайти у иштирок этмайдиган бўш спектакл билан тўғри келиб қолар, шунда Гулбаҳор «Ия, бугун «Пари қиз» экан-ку! Сиз бунда ўйнамайсиз-ку, қаёққа кетяпсиз? деб эргашиб, нақ лифтнинг олдигача чиқарди.
Лутфулла хотинининг бундай қилиқларидан жаҳли чиқса ҳам индамас, кўника бошлагани учунми, эътибор қилмасди. Баъзан-баъзан жуда жонига тегса, репетитсияси борлигини ҳам айтмай кетиб қоларди. Гоҳо театрда пландан ташқари ҳам спектакл тайёрлашар, шундай пайтларда уларга ишдан кейин қолиб, репетитсия ўтказишга тўғри келарди. Худди ҳисоб беришдек туюлгани учун у буларни ҳам хотинига айтиб ўтирмасди.
Хотинининг нега бундай рашкчи бўлиб колганини Лутфулла ҳали-ҳамон тушунмайди. Илгари Гулбаҳор бунақа эмасди. Эрига ниҳоятда меҳрибон эди. У янги ролни ёд олаётган пайтларда бошида парвона бўлар, дам ўтмай чойнакда иссиқ чой дамлаб, хонасига оҳиста кириб келар, у ёд олишдан тўхташини кутиб, жимгина тикилиб ўтирарди. Сўнг ёнига ўтириб, чой қуйиб берар, баъзан тухум илитиб келарди. Кечалари эса уйқудан қолиб, партнерини сўзларини айтиб турарди.
«Шу боласини туғиб уйда қолди-ю, рашк қиладиган одат чиқарди»», — деб ўйларди Лутфулла ичида. Илгари, бирга ўқиб юрган пайтларида Гулбаҳор рашк нималигини тушуниб етмасди. Эрининг келган-кетгани билан ҳам иши йўқ эди. Энди-чи... Энди бирон кун Лутфулла спектаклдан кейинми, ё бош ролда ўйнаган пайтлари премерадан кейинми, ўртоқлари билан қолиб, уйга кечроқ қайтса, хотини қовоқ-тумшуғини уюб кутиб оларди. У Лутфуллага шундай жазо беришни билардики, Лутфулла бундан ҳеч қаёққа қочиб қутулолмас эди. Гулбаҳор қасд қилгандек сира чеҳрасини очмас, қовоғини юсилтирганча, ойлаб эри билан гаплашмасди. Бу сўзсиз таъна, тилсиз жазо бутуя хонадонни заҳар-заққумга тўлдирар, Лутфулла бир ойгача ўрнини ҳам ўзи тузатиб, эрталаб ишга чойини ҳам ўзи дамлаб, ичиб кетарди...
Бугун ҳам шундай бўлди. У ишга кета туриб, хотинидан қишлоқдан ким келганлигини сўрамоқчи бўлди-ю, унинг қовоғини уюб олганлигини кўриб, индамади.
Театрга энди келиб турганди, уни йўқлаб қишлоқдаги яқин дўстлари — совхоз парткоми Зикир Азизов билан ўрмон хўжалигининг директори Омонилла Умаровлар кириб қолишди. У ишдан кейин дўстлари билан яна ресторанда учрашди.
Лутфулла кўпдан бери ўз қишлоғида бўлмаган, уни ниҳоятда соғинганди. Шунинг учун дўстлари унга қадрдон қишлоғининг ҳавосини олиб келгандек бўлишди. У гап мавзусини ҳадеб қишлоққа, у ердаги янгиликларга буриб турарди.
— Ҳа, дарвоқе, Зикрилла, бойчечак очилдими? — деб сўраб қолди Лутфулла.
У Зикир билан болаликдан бирга бойчечак териб катта бўлган, мактабни ҳам бир синфда, бир партада ўтириб битиришган эди.
— Эй... сен сўрама... — деди Зикир бошини орқага ташлаб, қўлини силтаркан. — Шунақаям очилганки... Уёққа қарасанг ҳам бойчечак, буёққа қарасант ҳам бойчечак... Ҳаммаёқ бойчечак...
Лутфулланинг бирдан юраги ёниб кетди. «Уёққа қарасанг ҳам бойчечак, буёққа қарасанг ҳам бойчечак... » Унинг кўз олдида яна она қишлоги жонланди. Баланд тепа... Йўл бошида каллакланган бир жуфт қўштут... Йўлнинг икки тарафида эса бодраб-бодраб очилган оқ-сариқ бойчечаклар...
Энди ошналарининг гапи Лутфулланинг қулоғига кирмас, унинг фикри ёди бойчечакда еди. У ресторандан чиқди-ю, хотинининг аразлаганини ҳам унутиб, тўғри уйга шошилди.
«Ўзи ҳамма аёллар аразчан бўлишади, — деди йўлда ўзига-ўзи Лутфулла. — Бу ҳам шуларнинг бири-да!» У хотинининг аразлаганини энди кўриптими?! Урганиб қолган. Гулбаҳор билан янги танишган, студентлик пайтларида ҳам тез-тез аразлаб турарди. Шулардан иккитаси Лутфуллани хаёлидан кетмайди.
Ўшанда тўртинчи курсда ўқишарди. Диплом спектаклига «Гамлет»ни қўядиган бўлишди. Курс раҳбарлари Лутфуллада «Гамлет»ни ўйнаган актёрга ўхшаш томонлар борлиги учун унга бош ролни топширишди. Лутфулланинг қуюқ қора қошлари, жиддий кўз қарашлари, айниқса, кишининг диққатини ўзига тортадиган салобатли овози Гамлетни ўйнайдиган актёрга жуда-жуда ўхшаб кетарди. Шунинг учун ҳам «Гамлет» ролини Лутфулла ўйнайдигап бўлди: Офелия ролини эса унинг курсдоши Гулбаҳор ижро этарди.
Гулбаҳор ёшлигида нозикдан келган, оппоқ, сочлари жингалак, ўзи ҳам кўриниши каби нозиктабиат қиз эди. У ҳамиша чит кўйлак кийиб юрарди. Лутфулла қишлоқда ўсган эмасми, унга шу чит кўйлаги жуда ёқарди.
Гулбаҳор айниқса, ролга кирганида яна ҳам очилиб, чиройли бўлиб кетарди.
Лутфулла ҳам келишган, барваста қоматли йигит бўлиб, ўзининг жиддий табиати, савлат тўкиб юриши билан барча қизларни ўзига маҳлиё этарди. Икковлари ҳам спектаклларда ўз ролларини маҳорат билан, берилиб ижро этишарди.
Бир куни институтда чет элдан келган меҳмонларга «Гамлет»дан бир саҳна кўрсатишлари керак эди. Шундан сал олдин Гулбаҳор Лутфулла билан аразлашиб қолганди. Шунинг учун у спектаклда ўйнашдан бош тортди. Лекин институтда ҳеч ким Офелия ролини Гулбаҳорчалик ижро этолмасди. Курс раҳбарлари бир амаллаб, уни ижро этишга кўндиришди.
Шу куни Лутфулла Гулбаҳорга тикилиб, ҳайрон бўлиб қолди. Гулбаҳор ролни шундай бир кайфиятда, жозиба билан ижро этардики, уни кўриб Лутфулла бутун хафалигини унутди. Кўзларига Гулбаҳор тенгсиз бир маликадек, аввалгидан ҳам сўлим, аввалгидан ҳам гўзал кўриниб кетди.
Спектакл тугагач, пардоз хонасига ўтиб кетаётган Гулбаҳорни қўлидан ушлаб тўхтатди.
— Бугун кетиб қолмагин, хўпми? — деди кўзларига сирли тикилиб.
Афтидан Гулбаҳор ҳам уни кечирганди.
— Хўп, — деди жилмайиб ва югурганича хонасига кириб кетди.
Улар кечқурун ресторанда узоқ ўтиришди. Ушанда Лутфулла ёлгиз ўзи ижарада турарди. Ресторандан чиқишгач, Гулбаҳорни ўз квартирасига олиб кетди. Кейин кичкинагина тўй қилишди. Орадан бир йил ўтгач, қизлари Гулноза туғилди. Бир куни яна аразлашиб қолишди. Бу сафар аразлашлари узоққа чўзилди. Улар яна бир йилга яқин гаплашмай юришди. Лутфулла бошқа жойдан квартира олиб, чиқиб қетди.
Ўшанда театрда янги спектакл тайёрлашаётган эди. Бу спектаклда Лутфулла биринчи марта бош ролни ижро этарди. У премерага яқин ҳамқишлоқ дўстлари — Азимжон, Назрулла ва Сатторларни таклиф қилди.
Спектакл бошланишидан олдин Лутфулла бениҳоя ҳаяжонланиб, ўртоқларини кутарди. У саҳна орқасидан пардани хиёл очиб, зални кузатди. Залга эндигина кириб кела бошлаган томошабинлар орасидан ўртоқларини ахтарди. Бир пайт уларга кўзи тушди. Ана, улар биринчи қаторда тизилишиб ўтиришибди. Азимжон, Назрулла, ўртада... ўртада эса... Лутфулланинг бирдан юраги ўйнаб кетди. Ўртада... очилиб-сочилиб Гулбаҳор ўтирарди.
Уларнинг ёнида эса Саттор қизи Гулнозани кўтариб, ўйнатарди.
«Бу ўртоқларимнинг иши», деб кулди ичида Лутфулла. Айни пайтда ўртоқларининг бу ишидан хурсанд ҳам бўлди. Гулбаҳор қувониб, йигитлар билап гаплашиб ўтирар, Гулноза бўлса Сатторнинг тиззасида сакраб, шўхлик қиларди. Лутфулланинг кўзлари ёниб кетди. Шундагина у қизини ниҳоятда соғинганлигини ҳис этди.
Шу куни Лутфулла ролни шу қадар маҳорат билан, берилиб ижро этдики, томошабинлар, ҳатто Гулбаҳорнинг ўзи ҳам ичидан эрининг талантига қойил қолди. Бениҳоя меҳри товланиб, шу йигит, бутун зал гулдурос қарсаклар билан олқишлаётган, томошабинлар қучоқ-қучоқ гул тутиб қаршилаётган салобатли шу актёр ўзининг эри эканлигидан фахрланиб кетди. Қизининг қўлига гул тутқазиб, саҳна четига қўйиб юборди.
Лутфулла томошабинлар тутқизаётган гуллар орасидан «Дада!» деб чинқириб келаётган қизини кўриб, ҳаяжонланиб кетди. Уни даст кўтариб, бағрига босди. Қувонганидан кўзларидан ёш чиқиб кетди.
Театрдан чиқишгач, Гулбаҳор ораларада ҳеч гап ўтмагандек эрини қўлтиқлаб олди. Ҳаммалари биргалашиб, Лутфулланинг янги ролини «ювишди».
Шундан бери ҳам кечагидек ора-чора аразлашиб туришади. Лекин, энди бу узоққа чўзилмайди.
... Лутфулла шу куни болалариии олиб, тунги поезд билан Учкўприкка жўнади. У қишлоғига Учқўприк орқали ўтмоқчи эди. Гулбаҳор эрининг қишлогига кўп борганди. Лекин бунақа пайтда, илк баҳор кунлари сира бормаганди.
Улар Учкўприкда Лутфулланинг бирга ўқиган, асли бир қишлоқлик Шариф исмли оғайнисиникига тушишди. Уни мактабда пахта хашарига чақиришганида уларнинг йиртилган кийим-кечакларини тикиб бериб юргани учун ҳазиллашиб, «Шариф бева» дейишарди.
Лутфулла йўл-йўлакай «Шариф бева»нинг қилиқларини эслаб, гапириб кетди. У ҳозир Учкўприкда катта вазифада ишлар экан.
Кечқурун ушоққина, аммо хушчақчақ «Шариф бева»нинг «Газиги» уларни Гулободгача элтиб қўядиган бўлди. Гулобондан қишлоқларигача яна машинада беш-олти соат йўл босишлари керак эди. Лутфулла қишлоққа телефон қилиб, бораётганини дўстларига айтди. Уни Гулободда дўстлари — Азимжон ва Назрулла кутиб оладиган бўлишди.
Улар кечқурун роппа-роса соат саккизда Гулободда бўлишлари керак эди. Йўлга биров кечикиб чиқишди. Гулбаҳор бора-боргунча «миқ» этмади. Соат саккиз бўлишига оз вақт қолган, йўл эса ҳали анча олис эди.
«Ҳечқиси йўқ, улар бизни соат тўққизгача кутишади», деб далда берарди Лутфулла хотинига. Аммо ўзи ҳам ичида: «Ростдан ҳам кечиксак, улар изларига қайтиб кетишса, болалар билан тунда қаерда қоламиз», деб қўрқар, аммо хотинига сездирмасди. Шофёр уларнинг шошилаётганларини билиб, машинасини қанчалик шитоб билан ҳайдамасин, барибир бир соатча кечикишаётган эди. Лутфулла дўстларининг бир соатдаи ортиқ кутолмасликларини биларди. Чунки, улар яна қишлоққа қайтишлари керак, йўл эса узоқ эди.
Ниҳоят, улар Гулободга кираверишдаги ГАИга яқинлашишди. Узоқда, йўл четида қорамтир «Жигули» машинаси кўринди. Лутфулла шофёрга машинасини худди ўша «Жигули»га тақаб тўхтатишни буюрди. «Газик» тўхташи билан «Жигули» ичидан иккита йигит сакраб тушишди.
Қоронғуда Гулбаҳор уларни танимиди. Аммо, Лутфулла ҳам машинадан сакраб тушиб, улар билаи қучоқлаша кетди. Кейин Гулбаҳорни болалари билан машинадан туширишди.
«Ҳайрият, — деди Гулбаҳор хотиржам бўлиб «Жигули»нинг оқрқа ўриндиғига жойлашаркан. — Етиб келдик-а!»
Ҳаммалари машинага ўтиришди.
— Жуда вақтида келдинглар-да, ўзиям. Соат тўққиздан ҳам ошди. Яна битта машина ўтишини кутиб тургандик. Шунда келмасанглар, қайтиб кетмоқчийдик, — деди Азимжон.
— Ҳа, янга, қийналмай келдингларми, ишқилиб?— сўради Назрулла орқа ўриндиққа қўлини ташлаб. — Жиянчалар совқотиб қолишмадими? Қоринлари ҳам тоза очгандир? — У шундай деб олдинга энгашди. Газетага ўроғлиқ бир нарсани олиб, ўртага қўйди. Димоғларига ёқимли кабоб ҳиди урилди.
— Нима қилсак, сизлар келгунча совиб қолмас экан, деб роса бош қотирдик. Кейин ноннинг ичига боса қолдик. Қани олинглар-чи, совиб қолмадимикин? — У бир тишлам гўштни оғзига солди. — Яхши, илиққина турибди. Қани, Тўрабек, мана буни еб кўргинчи! — У бир бурда нонни устига гўшт қўйиб, чарчаганиданми, ойисининг тиззасида индамай келаётган Тўрабекка узатди. Кейин, яна пастга энгашиб, қўлига бир шиша олди.
Пиёлага ичимлик қуйиб, Лутфуллага тутди.
— Энди бойчечакка борамизми, дадажон?— деди боядан бери жимгина ўтирган Гулноза дадасига қараб.
— Ҳа, қизим, мана энди шу амакиларинг бизни тўғри бойчечакка олиб боришади.
— Мен сизларга ажойиб бир нарса олиб келганман, мана ҳозир... — Назрулла шундай деб қўйнидан бир боғлам бойчечак чиқарди.
— Ўҳ-ҳў... — Лутфулланинг кўзлари ёниб кетди. — Менга бер! Қаёқдан олдинг? — У бойчечакни дўстининг қўлидан шошиб олиб, димоғига тутди.
— Дада, битта кўрай, менга беринг...
— Дада менгаям беринг...
Болалари талашиб, қўл узатишди. Лутфулла бойчечакларни икки қисмга бўлиб, болаларига берди.
— Ростдан ҳам шунақа кўп очилганми? — деб сўради Лутфулла ишонқирамай. У дўстларига бойчечакка келаётганини айтмаса ҳам уни топиб келишганидан хурсанд эди.
— Ҳу, йўлдан териб олдик, сизларни бир севинтирайлик деб, — деди Азимжон. — Лутфулла, ўзинг ҳам соғиниб қолгандирсан...
— Эй... сўрама, — деди Лутфулла унинг елкасига қўлини қўйиб. — Согиниш ҳам гапми... Зикир уёққа қарасанг ҳам бойчечак, буёққа қарасанг ҳам бойчечак деганди, нақ жинни бўлдим қолдим-да. Бир кўргим келади, дегин. Ҳеч нарса кўзимга кўринмай қолди.
— Ҳа, айтмоқчи, ифор ҳам очилганми? — деди бирдан эсига тушиб Лутфулла. Кейин хотинига юзланди. — Бизда уни «Жипор» дейишади. Биласан-а? Кўрганмисан уни?
— Ҳа, — деди Гулбаҳор кулимсираб. — Бир кўргандим, китобингизни орасида қуриганини.
— Ҳа, баракалла... Ана ўша «Жипор» бўлади. Мана, энди ўша «Жипор»нинг аслини кўрасан...
— Вой, Лутфулла, «Жипор» шундай очилган дегин... Маза қилиб ейсан...
— Эй... Исмалоқни айтмайсанми... Шундай тепаликка чиқсанг... иси ҳаммаёқни тутиб кетади...
Гулбаҳюр кап-катта одамларнииг қандайдир ўтлар ҳақида бир-бирларига навбат бермай завқ билан гапиришларидан, ундан қандайдир ҳузур олишаётганидан ҳайратланиб ўтирарди. У умрида бу ўтларни биронтасини кўрмаган. Фақат эридан уларнинг номларинигина эшитиб турарди. Эри билан қишлоққа борса, ё уйига эринпнг ошналари келишса, фақат шулар ҳақида гаплашишарди. Улар ҳар сафар ҳам учрашишганда ўз қишлоқлари, у ердаги ўрмонлар, арчалар, у номини ҳам эшитмаган қандайдир ҳайвонлар, антиқа гуллар, хилма-хил ўтлар ҳақида сира зерикмай, тонг отгунча гаплашишарди. Гулбаҳор буларни ёш болаларнинг гапи деб кулар, лекин буни болалар эмас, кап-катта одамларнинг гапиришаётганидан ҳайрон қоларди.
Узи шаҳарда ўсгани, на ота-онасию, на ака-укаларидан бирон марта на табиат ҳақида, на ўту, на гуллар ҳақида гаплашганларини эшитмагани учунми, уларнинг бу тарздаги суҳбатларига ажабланиб қулоқ соларди.
Гулбаҳор Лутфулла билан янги танишган кезлари унинг ов, ўрмон, милтиқ ҳақидаги гапларини эшитиб, бир нарсага тушунмасди:
«Нега у фақат шулар ҳақида гаииради», деб ҳайрон бўларди. Кейин билса, Лутфулла тоғда туғилиб ўсган экан...
Улар қишлоққа ярим тунда кириб келишди. Лутфулла уйидагиларни безовта қилмаслик, ҳам эрталаб барвақтроқ бойчечак теришга бориш учун болалари билан меҳмонхонага жойлашди.
Эрталаб нари-бери нонуштга қилиб олишгач, яна Азимжоннинг машинасига ўтириб, йўлга тушишди. Қишлоққа чиқишгач, «Ўрга қараб ўрлаяпмиз», деди Лутфулла хотинига. Гулбаҳор бу сўзни ҳам биринчи эшитиши эди. Кейин тош йўл уларни Оқдовонга олиб чиқди. Гулбаҳор бу ернинг нима учун Оқдовон эканлигини сўрамоқчи бўлди-ю, тортинди. Азимжон машинани секинлатиб, уларга атрофдаги манзараларни кўрсатиб борарди.
Тепаликдапг Қўштутдан ўтишгач, Лутфулла тезроқ «Жипор» тепа томон ҳайдашни буюрди. У бойчечак теришга ошиқаётганди.
Кизиқ, қанчадан-қанча йўл босишди. Лекин, бойчечак кўринмасди. «У фақат маълум жойларда очилади», деди эри. Ниҳоят, Сакратма деб аталган довондан ўтишгач Жипор тепага кўтарилиб, машинадан тушишди.
Тоғнинг кунгай бетида ингичка толали оппоқ бойчечаклар очилиб ётарди.
Лутфулла ёш боладек югуриб, ердаги бойчечакларни узмоқчи бўлди. Аммо, бойчечажнинг ипдек томири анча чуқур эди.
У қўйнидан кийик шакли ишланган кичкина паккичани чиқарди. Ерни кавлаб-кавлаб, бойчечакни қўлга олди. Уни димоғига келтириши билан ўзи унутаёзган ноаниқ бир ҳидни туйди.
— Дадажон! Мана буёқда сариғи ҳам бор экан! — орқадан ўғлининг шодон овози эшитилди. — Менга сариғидан олиб беринг!
Лутфулла йўлнинг у бетига ўтди. Пакки билан ер кавлаб болаларига бойчечак тера бошлади. Болалари йўлнинг у бетидан бу бетига югуришар, қийқшришиб, отаси кавлаётган бойчечакларни талашишарди.
— Босманглар, фақат босманглар! — деб тайинларди Лутфулла болаларига.
Ўзи бўлса тепаликнинг ўртасида туриб, ҳордиқ чиқарарди. Атрофидаги сокин тоғларга, кўм-кўк ўрмонларга, ҳув қирда югуришиб, бойчечак тераётган болаларига, улардан сал наридаги харсангтош устида ўтириб атрофга тўймай боқаётган хотинига тикилиб, қалби ғалати, таърифга сиғмас, ширин ҳиссиётларга тўларди.
Гулбаҳорнинг ҳам шодлиги оламга сиғмасди. У юрагидаги барча гина-қудратларни, кечагина эрини ранжитганларини тамомила унутган, юрагининг туб-тубидан оқиб чиқаётган шодлик-бахтиёрлик ҳисси бутун вужудига таралиб қанот бағишламоқда эди. У атрофдаги манзараларга суқланиб тикиларкан, эридан миннатдор бўлиб кетди. Кани энда ҳозир анави йигитлар бўлмасаю, у эрининг қучоғига отилса... Аввалгидек, ҳа бир пайтларидагидек суйиб-суйиб эркаласа...
«Ўзим ҳам кейинги пайтларда жуда инжиқ бўлиб кетибман, — деб ўйлай бошлади Гулбаҳор ичида. — Бўлар-бўлмасга хархаша қилавераман. Сал нарсага рашк қилавериб унинг ҳам жонига тегиб кетдим. Нега унга ишонмай қолдим ўзи?! Ахир, мени яхши қўришини ҳар кун, ҳар дақиқада сезиб турибман-ку! Яхши кўрмаганда мени ҳар ёқларга олиб юрмасди-ку! Мана шу ёқларга ҳам олиб келармиди?! Агар ўша... ўша... Гулбаҳорнинг юраги орқасига тортиб кетди. Хаёлига келган фикрдан ўзи ҳам чўчиб кетди. Худо кўрсатмасин, ростдан ҳам битта яримта юрадигани бўлса, ўшани олиб келмасмиди?! Ўйнаб кетган бўларди. Болалари билан қийналиб, бизни судраб юрармиди?!»
Ўзи ҳар сафар ҳам шунақа бўлади. Гулбаҳор қачон зри бирор иш билан кеч қолиб, уйга барвақт қайтмаса, юз хил хаёлларга бориб, ич-этини еб ўтирарди. У келгандан кейин эса, ўзидан, ё бирга келган ошна-оғайниларидан нега кеч қолишганининг сабабини билиб, ноўрин рашк қилганидан, бекорга ўзини қийнаганлигидан афсусланарди. Шунда ҳар сафар «иккинчи марта рашк қилмайман», деб қасам ичар, аммо, кеч кириб, эри келадиган вақтдан сал ошгач, яна тоқатсизлана бошларди.
«Менга ўзи бир бало бўлибди, — деди кулиб ўзига-ўзи Гулбаҳор. — Нега энди бекордан-бекорга рашк қилавераман. Кимдан юқди менга бу касаллик? Ахир эримни бирортаси билан кўрмаган, ушламаган бўлсам? Ё бирон киши айтмаган бўлса. Нега бунақа бўлиб қолдим ўзи?! Театрда чиройли қизлар кўп бўлса нима бўпти?! Нима, ўшаларни ўз эри, ё яхши кўрган йигити йўқмикин? Ҳаммаси сочини тараб, унинг эрига кўз тикиб ўтирганмикин!... Тагин ҳам унинг эри яхши. Индамайди. Агар унинг ўрпида Лоланинг эрига ўхшаган эркак бўлса борми?! Умри калтакнинг остида ўтарди!
«Эяди ҳеч қачон рашк қилмайман!— деб ўзига-ўзи аҳд қилди Гулбаҳор. — Ҳеч қачон!!!»
Улар Жипор тепада даста-даста бойчечак териб қайтишди. Лутфулла қишлоғида узоқ қолишни истамади. У бойчечакни кўрган, унга шунинг ўзи етарди.
Уларни Азимжон билан Назрулла Кўктошгача кузатиб қўйишди. Лутфулла болаларини олиб, тўғри Кўктошдаги дўсти Турдиалиникига тушди. Кечқурунги рейс билан Тошкентга учишмоқчи эди. Билет олишолмагач, эрталаб учадиган бўлишди. Турдиали кўнгли очиқ, соддадил йигит экан. Рафиқаси Сабуранинг камгап, камсуқум ва мулойимлиги Гулбаҳорга ёқиб қолди. Гулбаҳор Сабура билан бир зумда кўп йиллик қадрдонларга айланишди.
Эрталаб жўнайдиган бўлишгач, Гулбаҳор юкларини коридорнинг бурчагига жойлаб, устига ўзлари терган бойчечакларни қўйди.
Кечқурун Лутфулла, Гулбаҳор уй эгалари билан ичкаридаги уйда чой ичиб, гаплашиб ўтиришарди. Болалари эса уларнинг болалари билан нариги уйда тополон қилиб ўйнашар, дамбадам Гулнозанинг «мана, биз терган бойчечаклар, мана бунисини ўзим терганман», деб мақтанаётгани эшитилиб турарди.
Турдиали асли адабиётшунос олим эди. Кўп йиллардаи бери у ўз воҳасидан чиққан машҳур шоиранинг ҳаёти ва ижоди билан шуғулланар, шу ҳақида илмий иш ҳам ёзаётганди. Ярим кечагача улар Турдалининг шу ишлари билан танишиб, унинг ажойиб шоира ҳақидаги суҳбатларини берилиб тинглашди.
Кейин Сабура уларга шу хонага жой солиб берди. Гулбаҳор нариги уйнинг ҳар қаерида ухлаб қолган болаларини бирин-кетин олиб кириб, ўрнига ётқизди. Чироқни ўчиргач, диванга келиб, эрининг ёнига ўтирди. Унинг бу сафардан руҳи кўтарилган, хурсанд эди. У ҳозир эрининг қоп-қора сочларини, чарчаган, сўлғин юзларини жуда-жуда силагиси келарди. Шу пайт эри қулоғига хафахон шивирлади:
— Гули... бойчечаклар йўлакда сочилиб ётган экан...
Гулбаҳор унинг овозидап қаттиқ ранжиганиии пайқаб аста ўрнидан турди. Секин эшикни очди. Ҳақиқатан ҳам бойчечаклар йўлак билан битта бўлиб сочилиб ётарди. Болалари уни уй эгаларига кўрсатаман деб, сочиб юборишган эди. Гулбаҳор полдан томирлари эзилган, узилган бойчечакларни битта қўймай териб олди-да, хонага қайтиб кирди. Йўлакдан тушиб турган ингичка нур ёругида юриб бориб, тўрдаги сервант устида турган гулдонпи қўлига олди. Ошхонадан сув олиб келиб, бойчечакларни унга солди-да, эрининг рўпарасидаги сервант устига қўйди. Яна оҳиста юриб келиб, Лутфулланинг ёнида чўзилди. . Энди у хаёлга ботиб, шунча қийналиб етишган нарсаларини авайламагани учун қалбдан эзилаётган эди.
Улар эрта тонгда уйғонишди. Турдиали уларни аеропортгача кузатиб қўйди. Самолёт бир неча дақиқа парракларини айлантириб, дириллаб тургач, асфалт йўлка бўйлаб югургилаб, шиддат билан осмонга кўтарилди.
— Ахир ҳам бойчечакларни ташлаб келдинглар-а... — деди Лутфулла хотинига ўкинч билан тикилиб.
— Войй... — деб юборди бирдан Гулбаҳор ачиниб. — Сервантнинг устида қолиб кетибди.
— Сиз шунақасиз-да, ўзи, — деди Лутфулла жилмайиб. — Атайлаб ташлаб келгансиз...

Эрининг гапи Гулбаҳорга тарсаки ургандек таъсир қилди. Унинг кўз олдидан сервант устидаги гулдонда турган оқ-сариқ бойчечаклар ўтар, уларнинг қолиб кетганидан юраги жизиллаб ачишарди...
Mualifning boshqa asaralari
1 Boychechak (hikoya) [Yoqut Rahimova] 591
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика