Оқ булутга ўралган гуноҳ (ҳикоя) [Yoqutxon]

Оқ булутга ўралган гуноҳ (ҳикоя) [Yoqutxon]
Оқ булутга ўралган гуноҳ (ҳикоя) [Yoqutxon]
Яна бошланди... Аъзойи баданида титроқ уйғониб, тўлқиндек тарқалиб борар, юраги гурсиллаб урарди.
— Болам, болажоним! — Сочлари ёйиқ, рангпар аёл ўз ҳайқириғидан ўзи чўчиб бурчакка сакраб тушди. Шу заҳоти жим қолди. Тиззаларини маҳкам қучоқлаганча жимиб қолди. Кўзи эса олазарак, бесаранжом. Нигоҳи дам эшикда, дам... Йўқ, у ёққа қарамаслик керак, нигоҳи дераза ромидан, кейин ойнадан қоқила-сирғалиб ташқарига интилди. Узоқда, жуда узоқда кўк гумбазнинг сочларига оқ оралабди.
— Вой, болам! — Эшикнинг ғийқиллаб очилиши ҳам чақалоқ йиғисига ўхшарди. — Болам... Қани болам?
— Ҳозир...
Ким бу? Бу ҳам анавиндан чиқиб келдими? Нега унда эшик рафига суяниб, елкаларини селкиллатади? Кўзлари бўғчада, олиб қўйса-я?
— Онангман, болам. Мени танимай қолдингми? Тинчлан, болам!
— Аям? Аяжон!..— Бежо кўзларидан ёш сизди энди.— Аяжон, боламни ҳеч олиб келишмаяпти.
Аясининг сочлари узун эди. Қоп-қора эди, энди унга ҳам анави булутлар қўнибди.
— Ўтиринг, аяжон,— деди у эн-ди ўз бурчагидан жой ажратаркан.
— Ёнимда ўтиринг.
— Хўп, болам.— Кампир бесўнақай ҳаракатланиб ерга чўккалади. Итоаткорлиги ҳам аясига ўхшаркан. Балки чиндан аясидир.
— Сиз мендан қўрқманг, хўп! Шунақа дейди-ю, кўзлари ҳамон бўғчада.
— Ўлар, ўз боламдан ҳам қўрқсам...— Она нуқул оёқларини кўйлаги ичига яширмоқчи бўларди. — Тисс! — Қизи кўрсаткич бармоғини қонсиз лабига босганча беҳаловат нигоҳини унга қадади.— Аяжон, секин гаплашиб ўтирамиз, хўп! Фақат секин гаплашамиз. Боламни уйғотворманг тағин.
— Хўп, болам.
— Аяжон, менга совчилар келганда қаерга бекинганимни айтайми?
— Айта қол.— Онасининг товушида изтироб.
— Таҳмонга беркиниб олгандим,
— Қизи елкасини қисиб, ҳиринглади. Кейин енгига юз-кўзи, бурнини қўшиб артиб, яна кулди:
— Сизлар бўлсангиз излаб тополмагансиз...
— Опанг топувди, шекилли? — деб ўсмоқчилади она.
— Ҳо-о, совчилар кетгандагиси ҳисобмас...— дея қийқирди қизи.
Eнди онаси ҳам «кулди». Кўзида эса дард.
— Барибир тегдим-а, аяжон?
— Яхши-да... Ҳи-ҳи...
— Нега куласиз, нимаси яхши? Қизи ўрнидан сапчиб туриб кетди. Хонанинг нариги бурчагидаги бўм-бўш китоб жавони устидан бўғчасини олди. Сўнг бағрига босиб, кўзларини юмди. Ана роҳат!..
Она ортиқ чидаёлмади. Лапанглаб ўрнидан туриб чиқиб кетаётганди, қизи қўлидан тутди.
— Жим, аяжон. Жим туринг. Ҳозир сизга каттакон сирни очаман, — дея қизи бўғчани авайлаб китоб жавони устига қўйди. Кейин бориб, яна ўша бурчакка чўккалади.
— Аяжон, анавини олиб чиқиб ташлаш керак.
— Қайсини яна?
Қизи кўзгуга ишора қилди.
— Қўйсанг-чи, болам. Китобларни-ку йўқот дединг...
— Тўғри-да. Китобга ишонмагандан кейин сақлашдан нима ҳожат? Ё сиз ўша китоблардаги муҳаббат ҳаётда ҳам борлигига ишонасизми?
— Билмасам...— Онаизор ўзини қандай тутишни билмасди.— Лекин китобларда нима айб?
— Йўқ нарсани бор деганлари-да! Мен-чи, мен китоб эмасман. Тўғрисини айтаман, муҳаббат йўқ! Тамом-вассалом! — Қизи қўлларини ёзганча анча туриб қолди. Шу деганига эшик очилиб, кутгани кириб келармиди бир.
Онаси тусмоллаб сўради:
— Нима, кўзгу ҳам: «Муҳаббат бор», деяптими?
— Э, қўйсангиз-чи,— дея кулди қизи. Кейин бирдан ваҳимага тушиб, деди: — Унда-чи, битта опала яшайди. Уша боламни мен билан талашмоқчи.
Онанинг умидлари яна сўна бошлади:
— Хўп, болам. Бугуноқ ўша опалани ҳайдайман...— Вой, бу қизига меҳри қандоқ эди-я... Чиндан ҳам кўз ёмон экан. Доно қизи шунақа бўлиб ўтирса-я...
— Энди сен бирпасгина ухлагин. Мен ишимни қилай.
— Секин гапиринг, ая. Сиримни-чи, эшитмайсизми?
— Эшитарман, сен дам олгин, кейин...
Яна эшик инграб очилди. Бояги титроқ анча енгиллашганди. Аёл сал нарида ётган болишни судраб, ўз бурчагига қўйди. Аста ёнбошлади. Фақат ёмғир ёғмасин-да. У ёмғирдан қўрқади. Тўйлари куни ҳам ёмғир хўп ёққан-эй... Кейин... гуноҳи куни ҳам...
Болиш ўлгур қаттиқ экан, бир итқитган эди, эшикка тегди. Эшик яна ғирчиллаб очилиб, хонага эри кирди. Кирди-ю, эшик олдида сўроқ белгиси бўлиб тураверди.
— Ҳа, киринг! — Зардасидан эри чўчиб тушди.
— Тузукмисан? — дея олди базўр. Кейин бурчакка ҳадик-ла яқинлашар экан, қўшиб қўйди:— Ўзингни тут! Ўтиб кетади!
«Ўтиб кетади?.. Албатта ўтиб ке-тади. Сизнинг эр, менинг хотин бўлганимга ўн бир йил тўлибди-ю, ўтмайдими? Ҳаммаси ўтади. Биз ҳам ўтдик», дегиси келди-ю, демади. Эрига ачинди. Ичкиликка берилмасидан аввал қандоқ эди-я. «Яхши яшаймиз. Бойиймиз, болаларимиз кўп бўлади», деб ишхона ўлгурда жонини фидо қилганда, ҳеч ким айтмабдики: «Ҳой, инсон, бу «ёпиқ» заводда ишласанг битта тирноқли ҳам бўлолмайсан», деб.
Eри елкасини қисиб, бурчакка келиб ўтирди. Кейин иккилана-иккилана хотинининг бемадор қўлларини силади.
— Жуда қўрқитвординг. Агар бйлсанг... — «Eри ҳўнграяптими?» — Агар билсанг, жонимдан ортиқ кўрарканман сени.
— Кел, қийнамайлик ўзимизни, ҳаммаси яхши бўп кетади. Белим тўла бола ҳали... — У ёғига эрининг мадори етмади. Тамом! У ёғини ҳеч ким айтолмайди...
Яна бошландими? Бутун аъзойи баданида титроқ уйғониб...
— Чиқинг! Чиқинг, деяпман! — Ўзини ушлаёлмай, бақирди аёл. Эри ранги қочганча ўрнидан турар экан, эшикка шошилди: «Ҳе, онасини бу ҳаётнинг».
— Жўнанг! Ароғингизни ичаверинг, келиб қолишар белингиздаги болалар шу сиз сўкаётган дунёга...
Eшикни онаси очди. Югуриб келиб зорланди:
— Қўй, болам. Тинчлан, болам. Қандоқ қиламиз, эринг шўрлик ҳам ичкиликсиз яшолмайдиган бўлиб қолди, шўр пешонагинам.
— Боласиз-чи, яшаяпти-ку?
— Қўй, болам...
— Хўп! Лекин нега унга чиққан ҳукм менга жорий, ая?
— Нима деганинг бу? — Онаси унинг тўзғиган сочларини йиғиб, зорланди.
— Ўн йилдан бери ҳар ой такрорланади. Тақдиримга ҳукм ўқилади. Менинг тақдиримга, ая!
— Вой, уят-э, онанг ўлсин, бо-лам. Эшитганлар нима дейди, — Юзини асабий тимталаётган онасининг аҳволига ачинибми, аёл жаҳлдан тушди. Яна бурчакка бориб, тиззаларини қучоқлаганча хаёлга толди. Ҳатто бу гал эшик эмас, онаси инграганини ҳам пайқамади. Тоғларни эслагиси келди. Уларнинг салобати яхши кунларга қўриқчи. Яхши кунлар?.. Бўлган, албатта. Эрининг ишдан қайтишини кутиб, кўзлари киртайганда ҳам, нигоҳи армонга айланган эри тонгда ҳорғин умидсиз кириб келганда ҳам не сабабдир ишонарди яхши кунларга.
— Дод! — Хонанинг шифтигача лорсиллаб кетди. Ўз бақириғидан бағри чок-чокидан сўкилди.— Дод! Боламни беринглар! — Қаршисида қўққайиб турган китоб жавони бўм-бўш. Йиғлайвериб ёши қолмаган бақалоқдек бақрайган. Устида эса... Болажониси?
Ҳомиладорни уриб бўлмасмиди?
Нега экан? Уни-чи, уришди-ку... Жуда катта гуноҳ эвазига жуда катта савобга нойил бўлаётган кунлари эди. У одам учун бировни фарзандли қилиш — савоб. Аёл учун бировдан фарзанд кўриш...
— Просто.— Дўхтирнинг бамайлихотир насиҳатини эслади.— Найди севги! Сделай бола!
Айтишга осон. Ер уни қандай кўтаради, кейин... Яна бир томони: ер уни кўтармаса ҳам, балки у туққанини кўтарар...
Ана ўшанда... Ишхонасида янги уста пайдо бўлди. Йигитни зимдан кузатган кўзлари аёл измига кирмади. Дафъатан пайдо бўлмас экан, кейин ҳеч қачон уйғонмайдиган бу ҳисни у ўшанда туйди.
Кунлар ўтди. Бу вақтинча дунё йилдиримсифатлигини фош этиб, тусини ўзгартираверди. Ҳали оппоқ мулла қиш бўлиб, ҳали кўм-кўк ғўр баҳор бўлиб, ҳали қип-қизил ёздек бетсиз бўлиб, ҳали сариқ куздек армон бўлиб ўтаверди. Энди у нуқул ўша бахтли одамни ўйлайдиган бўлиб қолди. Ёмғир ёғса бас, ҳўнг-ҳўнг йиғлайди.
Тавба, янги устага ўзича «бахтли одам» деб ном қўйганини-чи? Қўш ўғилли одам бахтли бўлмаса, ким унда? Худди ана шу «бахт» уларнинг ҳаловатини бузди.
Ёмғир шивири боис уйғониб қолган япроқлар узилган сарҳуш тушларини эслаб, эзмаланганда шунақа бўлади. Ўзини танимади қолди-я. Гапирса куладиган, кулса эзмаланадиган бўлиб қолди. Тутқун, аммо озод эди ўшанда. Хаёллари ўзгалар айтадиган қўшиқдек эди ўшанда.
Eрини, маза-бемаза ғийбат-дашномларни унутди.
Кейин ишхонадан тоққа чиқишди. Қий-чув. Олов кўйлаклари ҳилпираган бир гала аёллар. Бахтли одам бир чилдирма чаларкан-эй. Тоғлар томошабин, тераклар гулдурос қарсакчилар, паға-паға оқ булут — раққоса... Оқ булутга шерик бўлганди ўзи. Бир ўйнаган-эй ўшанда...
Eшик ғирчиллаб, хаёли узилди.
Хонага бошдан оёқ оқ кийимли кишилар киришди.
Онаси кирди. Қўлида чойшаб. Кўзлари қизарган. Чойшабни шифокорларга узатди. Улар иккаласи унга томон яқинлашишди!
— Ая, жон ая! Боламни шулар ўлдиришди. Вой, дод!—устига чойшаб тушди. У жиққа ҳўл экан. Эти сесканди-ю, бир зум жим қолди. Чойшаб устидан аллақандай боғич билан боғлаб олгунларича анграйиб қараб қолди. Оббо...
У боғланганча тураверди. Барзангилар онасидан шажарасини суриштиришди. Лекин ўз шажарасини билмаслик айб бўлмай қолганини айтмаса, юраги шумликни сеза-верди. «Eнди жиннихонага олиб кетишади. У ер туғруқхонадан ҳам баттар...»
Туғруқхонани эслади. Аччиқ дори иси. Қовуғидаги аламли дард. Бели зирқирайди. Ҳаво йўқ.
Ўшанда ҳаётдан ҳаёт ажраётганди.
— Кесерево сечение! — Бу дегани нима эди? Қорнимни ёрадиларми? Нега экан? У «йўқ» дея қичқирганди, оқ либослилар баб-бараварига шанғиллай кетишди:
— Йилига туғавермай, эслаб юрасан шу оғриқни...
— Ўзини аяшини-чи!
Оппоқ булут қани? Бахтли одам қани! Ҳаммадан азиз — болажони қани?
Боласига аталган кийимларни бўғчага ўраб, қўлига тутишди...
Вой-дод! Йилига туға олса эди, дод... Доялар қайдан билишсинки, бу болага етишиш учун нима ишлар қилиб қўйганини... Умрида бола эмизмай, дод...
— Аяжон, жон ая. Кесерево қилишса, мукофот пули олишармиш. Шунга ҳаммани тилимлашяпти, аяжон!
Онаси унинг бошини бағрига олмоқчи бўлди, бош бўйсунмади.
Яна бошландими? Бутун аъзойи баданидан...
Eшик? Наҳотки келди... Бахтли одамми? Йўқ, ҳиқичоқдан бўғилганча ғирт маст бахтсиз эри кирди. Кирдию:
— Ие? Ҳиқ! Сарполар муборак? — деди.
Вой, бу қандай кўргулик? Гуноҳи қолиб, болажони кетса-я...
Оёқларида мажол қолмади. Барзангилар кўмагини кутмаёқ ерга гурсиллаб тушди.
Ўлиб қўя қолса гўрга эди-я. Болажони олдига кетиб қўя қолса эди-я.
Ҳеч нарса кўринмасди. Фақат булут. Оппоқ булут...

«Ёшлик»; журналининг 1990-йил, 6-сонидан олинди.
Mualifning boshqa asaralari
1 Oq bulutga oʻralgan gunoh (hikoya) [Yoqutxon] 457
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика