Тонготар (ҳикоя) [Zohidjon Xolov]

Тонготар (ҳикоя) [Zohidjon Xolov]
Тонготар (ҳикоя) [Zohidjon Xolov]
I
У аввал узоқ ўйланди. Ниҳоят, нигоҳларини шифтдан тортиб олиб, оёққа кўтарилди. Стол устидаги бежирим тугмачани босиб, котибасига бош сураткашни чақиришни буюрди. Ўзи оппоқ қоғозга апил-тапил алланималарнидир қайд этди. Сўнг имзо чекиб, газетанинг думалоқ муҳрини чиройли қилиб туширди. Зудлик билан ундан бир нусха кўчирма олди-да, асл нусхасини йиртиб, тортмасига яширди. Жаноб бош муҳаррир (ёши элликлар атрофида, бўйи ўртача, кўпинча қора костюм-шим кийиб юради, қўл остидаги ходимларни ўз фарзанди, жигарбандидек яхши кўради, бахтини жамоаси бахтида, деб ҳисоблайди) ишларини тинчитиши биланоқ бош сураткаш изн сўраб, эшикдан кириб келди. Унинг кўзлари киртайган, қомати буғдойнинг сомонидек қуруқ чўп — қаттиқроқ шамол турса пирпирак бўлиб учиб кетадигандек... Уни чарчаган одам, деса бўлади.
Сураткаш (кўзлари катта-катта, юз тузилиши чўзинчоқ, лаби ўртача қалин, танасининг ранги оқиш, сочларига бир-иккита оқ оралаган, сўққабош) ихтиёрида бир лаҳза тиним йўқ ва аслида ўша ихтиёр ҳам ўзига “тегишли” эмас. Ҳали у вилоятга, ҳали бу вилоятга югургани-югурган. Газета ҳам ҳафтасига беш маротаба чиқади. Ўттиз икки саҳифалик каттакон нашр учун ҳар ҳолда чакана эмас, асл меҳнат талаб этилади. Бош сураткашнинг қўл остида ўн шогирди ишлайди. Барибир, улкан газета учун бунча сураткаш етарли эмас. Чунки баъзан йигирмата фотодан бор-йўғи уч-тўрттасигина Жаноб бош муҳаррирга маъқул келиши кўп бор кузатилган. Ана шу ўн бир сураткашнинг баъзилари олган суратлар, неча йилдан буён ишлашидан қатъи назар, бирор маротаба ҳам биринчи саҳифада босилмагани таажжублидир. Бироқ бош сураткаш газетанинг суянган тоғларидан бири. Таҳририятда энг кўп гонорар оладиган тўртта ходим бўлса, ўшаларнинг ичида у ҳам бор. Ахир ҳар бир сонда саҳифаларни жонлантириш учун унинг беш-ўнтача расмлари қўйилади-да.
Жаноб бош муҳаррир чақирилган ходимнинг сумбатига қараб ҳам ўтирмай, ҳалиги кўчирмани унинг олдига ташлади. Тўғрироғи, душмани билан муомала қилаётгандек олдига отиб юборди. Нима бўлаётганига тушунмаган сураткаш бир лаҳза қоғозни на олишини, на олмаслигини билолмай минг аҳволга тушди. Қўллари қалтираб, худди ўз ўлими ҳақидаги ҳукмномани ўқиётгандек кўзларини яна ҳам каттароқ очиб, қоғоздаги матнга қаради. Ток ургандек ранги қув оқариб кетди. Ҳамон жим турган бошлиққа савол аломати билан тикилди.
— Сиз, ўртоқ сураткаш, бугундан, шу ондан бошлаб бўшсиз. Ўша энг охирги ҳайфсан қоғозига шундоққина имзоингизни қўйингда, кирган эшикларингиздан секин қайтинг: тўрт томонингиз қибла!
Ҳамон ҳеч нарсага тушунмаган сураткаш баданини бошлиққа билдирмай чимчилаб кўрди, чунонам оғриди, чунонам оғриди — додлаб юборишига бир баҳя қолди — туши эмас экан.
— Ҳа...ҳали бирор маротаба... ҳай...ҳайфсан ол...магандим шекилли?!
— Бўлиши мумкин. Тўғри, ҳеч қандай қоидабузарлик қилмадингиз. Ҳамма қатори шу газета истиқболи учун курашаяпсиз. Фидойисиз. Лавҳаларингиз ноёб, айримлари бебаҳо. Сиздек малакали, истеъдодли ходимни истаган нашр жон-жон деб ишга олади. Умрингизни шу севимли кас-
бингизга бутун кўчу кўрони билан бағишлагансиз. Айтарли айбингиз ҳам йўқ. Лекин барибир бўшатишга мажбурман. Гап — битта. Тамом, имзо чекинг-да, хайрлашинг!
Жаноб бош муҳаррирнинг бу хурмача қилиғини англолмай карахт бўлиб қолган сураткаш кўнглидан арзимаган сониялар ичида совуқ-совуқ ўйлар ўтди. Раҳбарининг чимирилган қошлари ва тушкун кайфияти таъсирида қандай қилиб қоғозга имзо қўйиб юборганини билмай қолди. Фақат эшикдан чиқиб кетаётганда, сал ўзига келиб сўради:
— Нима бало! Бирорта лавҳада сиёсий хатога йўл қўйибманми?
— Эй, қанақа одамсиз, айтдим-ку! Ҳеч қандай нуқсон йўқ. Худо ҳаққи, — дея столга зарб билан уриб, сапчиб ўрнидан турди. Сураткашни яшин ургандек баттарроқ қалтироқ тутди. — Тушимда бўшатибман! Вассалом!
“Нима, тушингизда мени бўшатганингиз учун лотореядан машина ютибсизми?”, деб сўрамоқчи эди-ю, лабини тишлади. Ҳаётдан аразлаган болага ўхшаб хўмрайди ва “Хайр, раҳмат...” деганча чиқиб кетди. Жаноб бош муҳаррир шу заҳотиёқ барча (сураткаш иш сўраб бориши мумкин бўлган!) газеталарнинг бошлиқларига сим қоқиб, мабодо сураткаш иш излаб борса, турли сабабларни рўкач қилиб, ишга олмасликларини илтимос қилди. Ҳаммаси бир оғиздан унинг истагини тасдиқлашди, қатъий ваъдалар беришди...
Сураткашнинг маҳзун ҳолатини кўриб, котиба(ёши ўттизларда, қоп-қора сочлари узун, ҳали ҳам ўн олти ёш қизлардек ясан-тусан қилади, истараси иссиқ, баъзан шим, баъзан юбка кийиб юради, турмушга чиқмаган) гарчи аллақачон воқеадан хабар топган бўлса-да, (котибаларнинг бир қулоғи ҳамиша бошлиқ эшигида бўлади!), гўёки хавотир аралаш: “Вой... ака, тинчликми, иш- қилиб?!” — деб сўради. Сураткаш бироз ўзини ўнглаб, жилмайди: “Кетаяпман! Туш кўришга!”.

II
Собиқ бош сураткаш уйига келдию, юзларига кетма-кет тарсаки тортиб юборди. Ўзига-ўзи сўзлади: “Айтгандим-а, ўша Гулмат Алимовични суратга олма, деб! Мана, оқибат! Эй шўртумшуқ, ахир у бундан ўн беш йилча олдин судланганди-ку! Нега шунга ақлинг етмади? Ер остида митти чувалчангнинг қаерга қимирлашини икки кун олдин сезадиган бошлиқ шу оддий нарсани билмайдими?! Билган, шунинг учун ҳам бўшатган. Энди нима қилдим... Қамаб юборишмаса бўлди. Ёшим нечада? Ўттиз... хуллас, қамашади. Лекин ортимдан йиғлаб борувчи болаларим борми?! Эрта-индин ўттиз... яшар бўйдоқ қамалибди, деган гап чиқса, ота-онам қандай бош кўтариб юради? Йўғ-эй, энди шунга ҳам қамашса, тавба қилдим-эй...”.
У эртасига, индинига ҳам куни билан юрагини ҳовучлаб иш излади. Ҳаммаси худди келишиб олгандек, бир хил тарзда ийманибгина “бўш ўрин йўқ”лигини айтди.
Сураткаш бир неча кун давомида уйига шумшайиб қайтди. Бир омад кетса, ўпирилиб, “армия”си билан кетаркан-да. Бир томонда ота-она ҳайрон... Ҳар куни ҳакка тезак чўқимай туриб, ишга отланувчи ўғиллари камнамо бўлиб қолди. Тинчликмикан?! Улар ҳам бир зумда ўғлининг ишдан бўшатилганлигини билиб қолишди. Шаҳар шароитида яшаш осон эмас, ота-она беш фарзандини уйли-жойли қилгунча анча қариб қолишди. Олтинчи фарзанди сал ўзгачароқ чиқди, тантиқроқ чиқди. Болани ўз ҳолига ташлаб қўйиш керакмасмикан...
Ишсиз сураткаш икки ой давомида дуч келган газетага суратларини сотиб, унча-мунча тўй-ҳашамда хизмат қилиб, тирикчилик қилгандек бўлди. Бироқ шунча вақт ўзини алдаб яшолмаслиги ойдинлашавергач, аччиғи чиқиб, орада бир фурсат фотоаппаратини “қозиққа илиб” қўйди. Унга шунча йил ўқиб-ўрганиб, охир-оқибат ҳаваскорлар қатори уч-тўрт сўмлик чойчақа илинжида тўйма-тўй санғиб юриши, дуч келган редактсияга ёлвориб суратини ўтказиши алам қила бошлади. У ўзига ҳар замонда ваъда берарди: “Шошмай туринглар! Ҳали мен шундай бир сурат оламанки, унинг олдида мана-ман деганлари ҳам ип эшолмай қолади!”. У ҳар бир муваффақиятсизликда шу гапни сўзма-сўз такрорлашга ўрганиб қолди...
...Ёзнинг ажойиб кунлари ниҳоялаб, кузак келди. Сураткаш деярли ишламай қўйганди — тақдирга тан бериб, энди бирор қурилиш ёки мактабда чизмачиликдан дарс бераймикан, деб турганда, Жаноб бош муҳаррир чақириб қолди!

III
Сураткаш эртаси куниёқ таҳририятга елиб борди. Ўзига қолса-ку, бормасди. Ҳатто телефонда вақтини кетказиб гаплашиб ҳам ўтирмасди. Бироқ нима қилсин, яшаш учун баъзан бош эгиб туриш ҳам керакми...
У таниш кўчалардан пиёда ўтаркан, йўл-йўлакай турфа фикрларга ошно тутинди. Балки баъзи (сураткаш қилмаган, лекин яна бош муҳаррирнинг тушига кирган) айбларни бўйнига илиб, мазах қилиш учун чақиргандир. Ахир аниқ айтмади-ку. Қисқа қилиб, “Сюрр-призз бор!” деб қўйди, холос.
Жаноб бош муҳаррир сураткаш билан совуққина сўрашди. Худди ашаддий жиноятчининг қўлини сиқаётгандек хунуккина илжайиб ҳам қўйди. Сураткашни муздек тер босди.
— Эшитишимча, ғирт бекорчи эмишлар?
Собиқ ходим бош силкиб жавоб берди.
— Бир шарт бор... Хўп деб, уддасидан чиқолсангиз, ҳаммаси жой-жойига тушиши мумкин.
Сураткашнинг юзи ёришиб, уч ой сўлғинликка асир бўлган кўзлари чақнаб кетди гўё. Рози эканлигини бир амаллаб билдирди.
— Уч кун муҳлат бераман. Чотқол тоғлари этагидаги қишлоқлардан бирига бориб, тонготар маҳалидаги ҳолатни суратга тушириб келасиз. Бориш-келиш, еб-ичишингиз, ҳордиқ чиқаришингизни таъминлаймиз. Бир тийинсиз юрганингизни яхши биламиз ахир... Хўш, келишдикми?
Кейин Жаноб бош муҳаррир сураткашга эртага уни бир йигит таҳририят остонасида кутиб олиши ва уч кунлик “тонготар миссияси”ни муносиб адо этишига кўмаклашишини тушунтирди. Сураткаш хурсандлигидан бошлиқни бағрига босгиси келиб кетди, гарчи ўзи ҳайдаб, яна ўзи чақираётганига тушунмайроқ турган бўлса-да, шунча вақт сўкиб, ёзғириб келгани бош муҳаррирни сира ёмонлагиси келмай қолди.
Eшикдан чиқиб кетаётганида, одатдагидек котиба сўз қотди: “Тинчликми..., ака? Биз томонга қадам ранжида қилибсиз?”. Сураткаш бопладимми, дегандек ишшайиб турган котибага яхшилаб назар ташлади. (Шодлигиданми ёки шундайми) кўзлари қаршисида жуда келишган бир моҳилиқо нозланиб тургандек бўлди, бир неча сония кўзларини узолмай қолди. Котиба ҳам жим. Кутилмаганда бошлиқ хонасидан чиқиб қолмаганида, ким билади, кун бўйи бир-бирига термулиб тураверишармиди...

IV
Муродали (қошлари сийрак, бурни каттароқ, қулоқлари катта, аммо шалпаймаган, пешонаси кенг, юзи қизғимтир тусда, бўйи узун) дегани навқирон йигит экан. Ёши ҳам у қадар катта эмас, йигирма еттилардан сал кам ёки ошган. Ўзи хушчақчақ, гапга уста экан. Битта камчилиги — шаҳарга кўниколмас экан. Минг қилса ҳам қишлоқ боласи-да, шаҳарнинг кўзни қувонтирар иморатларию, мўъжизавий боғларини назарга илмай, отамаконига талпинаверади. Ўша бийдек далаларини, сайҳонликларини соғинаверади. Сураткашга оғзи-оғзига тегмай қишлоғини мақтайди. У чинакам тоғлик, танти ва мард дейишганича бор. Сураткаш нега аввалроқ шундай қишлоқлар, қишлоқликлар ҳаёти билан қизиқмади?! Шунча йил вилоятма-вилоят изғиб, ақалли бир маротаба ён-верига назар ташласа бўларди-ку.
Сураткаш гавжум шаҳардан олислашиб, осмонўпар Чотқол тоғлари сари бораркан ана шулар ҳақида ўйлаб, ўтган умрини ўзича сарҳисоб қиларди... Бундай ўзгариш, ўз-ўзини тадқиқ қилиш ногаҳон унга ёқиб қолди.
Йўлдошининг қишлоғига одамлар аср намозига тараддудланган бир пайтда кириб боришди. Лойшувоқ уйлардан, пастқам девор бўғотларидан, садарайҳонлару жамбиллар кулиб турган ҳовлилардан ҳақиқий ўзбек хонадонининг бўйи анқийди.
У бир кун мобайнида қишлоқни ўзича ўрганди, ўзича таҳлил қилди.

V
Қишлоқ тамаддундан минг йилларча орқада қолиб кетган дунёни эслатарди. Одамларининг соддалиги, сўзга бўшлиги, фикрлаш доирасининг “қўй-қўзию, деҳқончилик” мавзусидан нарига ўтмаслиги сураткашнинг бир кулгисини, бир йиғисини келтирарди. Лекин Муродалидек онги шаклланган, дунё кўрган йигитнинг шундай аҳоли орасидан чиқишига сураткашнинг ишонгиси келмасди.
Қишлоқликлар тонгдан то тунгача, эрта баҳордан то кеч кузаккача даладан узилмайди. Дардини ҳам, қувончини ҳам тоғу тош, далалар билан баҳам кўради. Ҳосилни кўтариб олар-олмас қор ёғиб беради. Бу ҳолатлар сураткашга кечқурун уйқуга кетиб, кечқурун уйғонувчи одамни (у одам аслида ким эканлигини сураткаш кейинроқ англади!) эслатарди. Тонгдан, ҳаётнинг ўйин-кулгуларидан бебаҳра. Қишлоқликлар қуёш “туғилар” жойдаю, аммо қуёш нури тушмайди. Фақат меҳнат, меҳнат, меҳнат!
Афтидан бу қишлоқ аҳли жуда ишонувчан. Соқоллари оёғини ўпаёзган чоллари ҳам аллақандай афсонларга ишониб, сўлим чойхоналарда бир-бири билан тортишиб ўтирадигандек туюлди меҳмонга. Агар уларга бирон галстук тақиб, бошига шляпа қўндирган салобатли одам: “Билиб қўйинглар, қуёш шарқдан эмас, ғарбдан чиқади”, — деса чиппа-чин ишониб кетаверишади. Аслида уларга қуёшнинг қаердан чиқиб, қаерга ботиши қизиқ эмас, чиқиб турса бўлгани!
Муродали ёш бўлишига қарамай, шу қишлоқнинг каттаконларидан бири. Ошиб борса, угина ташқари чиққан, юрт кўрган. Баъзи аёллари ҳалигача чачвонона тикилган рўмолларни бостириб ўраб юришаркан, эҳтимол чангдан сақланар. Қизлари остона ҳатлаб уйидан бир қадам узоқлашса, отасидан сўкиш, онасидан қарғиш эшитади.
Қишлоқ аҳли бағрикенг, меҳмондўст халқ. Бисотидаги, болаларидан яширувчи неъматларни меҳмонига тутар, ўзларининг ойда-йилда этга бир оғзи тегса, меҳмон учун қўй сўяр экан. Сураткашни бу ҳолат узоқ ўйлантириб қўйди, нима учун ва қандай қилиб яхши билмагани-танимаганини шундай илиқлик билан кутиб олади?! Балки у қишлоқнинг кулини кўкка совуриш учун келгандир... Улар жуда ғурурли, паст кетиб ўтирмайди.
Бу ерда уч минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Ҳар бир оиланинг камида учтадан, ўртача бештадан, кўпи билан... бир этакча боласи бор экан. Буни билиб сураткашнинг юраги баттар эзилди. Бир томондан қишлоқнинг серфарзандлиги, иккинчи томондан ўзининг қирққа яқинлашган эса-да, бўйдоқлиги сўроқ қилгандек бўлди. Болали ота-онанинг кўзлари кулиб туради, зерикиш билмайди, бекорга яшамайди... Ўша муштдеккина Муродалининг ҳам тўртта туёғи бор экан.

VI
Сураткаш “қишлоқшунослик”ка чалғиб, асосий топшириқни эсдан иқараёзганини ўйлади-ю, хавотирга тушди. Ахир унга қишлоқни ўрганишмас, тонготарни суратга тушириш буюрилган. Буни битта сураткаш ёдидан чиқарган десак, Муродали ҳам унутганов, иш тутмаяпти.
Сураткаш фотоаппаратини ўқлаб, ҳавас билан Муродалининг бешикдаги инграб ётган ўғлини суратга олди. Полвонча жуда чиройли йиғларди. Шунга маст бўлиб, беш-олтита кадрни сарфлади. Муродалини, кейин хотини билан, сўнг бола-чақалари билан суратга туширди. Кечга томон кун ботиши гўзаллигини томоша қилди-ю, ўзини тия олмади. У чиндан ҳам гўзал манзара эди — суратга олмасликнинг иложиси йўқ.
Сураткаш қишлоққа келди-ю, арзимас муддат ичида нақ бир юз саксон градусга ўзгарди. Авваллари кўзига ўлгудек ҳиссиз ва хунук ташланган оддий унсурлар ҳам бошқача кўрина бошлади. У гўё ҳаёт эканлигини, тириклар ичра тирик эканлигини ҳис қила бошлади. Анвойи гуллар, қўй-қўзилар, дарахтлар, тоғлар, сойлар... Уларни шунчаки кузтиб бўладими?! Сураткаш шу оний лаҳзалар ичида атрофига оддий одам нигоҳи билан қарай бошлади. Эҳтимол ўша қишлоқ, ўша соддагина қишлоқ сураткашга кўзгу тутаётгандир?! Қани, шу тобда имкони бўлса-ю, ички оламини қўпориб юз бераётган ўзгаришларни суратга туширса, улар шубҳасиз, дунёдаги гўзал фотолар бўларди.
Сафарнинг иккинчи куни ҳам у Муродали ҳамроҳлигида қишлоқ кезди, одамларнинг суҳбатини олди. Айримларининг хонадонида меҳмон бўлди. Ҳар бир уйда ҳаёт қадрини англаётганини, секин-аста уйғонаётганини нишонларди.
...Сураткаш уйғонганда, қуёш аллақачон ётоғидан икки найза бўй кўтарилиб улгурганди, бунинг устига боши тунги меҳмоннавозлик “мева”си — чирпирак бўлиб айланарди. У шу тариқа пешингача ётди. Сал тобига келгач, ўрнидан гандираклаб турди-да, елкасига сочиғини ташлаб, ташқари чиқди. Олис-яқиндан сўфининг азон айтаётгани эшитиларди. Муродалининг хотини ҳовлининг бир бурчагида куймаланиб юрган шекилли, “Аллоҳу акбар!”ни эшитиши ҳамоноқ жим ўтириб олган. Намознинг ҳурмати — қишлоқликлар қилаётган ишини бир лаҳза тўхтатиб тин олади. Сураткаш ҳам буни англади ва чўккалади. Муродалининг хотинига боқиб ўтириб, сураткаш қалбида исмсиз туйғулар жўш ура бошлади. Бир неча муддат хаёлидан котиба қизнинг у кунги нозли табассуми кетмай қолди...
Азон тугагач, меҳмон юз-қўлини ювди. Муродалининг хотини аллақачон нонуштани тайёрлаб қўйган экан. Энди дастурхонга ўтирганда, Муродали икки қўлтиғида катта тарвуз ва қовун қучоқлаб келиб қолди. Кечиккан нонушта тарвузхўрликка, кейин қовунхўрликка уланди.
— Қани, ака, чойингизни хўпланг. Энди бир тоғларимни кўрсатай. Солиҳ чўпонга ул-булни тайинлаб қўйганман, ўша томонга жўнаймиз. Бир дам олайлик.
Орадан ярим дақиқа ўтиб-ўтмай икковлон эшикда турган “УВАЗ”га ўтирди. Машина ортидан қуюқ чанг қолдириб, илдамлаб кетди.
Шундай қилиб, учинчи кун тонг отари бой берилди. Энди тўртинчи кун қолишга мажбур. У сўнгги кун, сўнгги имконият бўлади.

VII
Чотқол тоғларининг таърифи йўқ. Бир кўришда ошиқ бўлиш ҳеч гапмас. Шу тоғлар бағрида мангу қолиб кетгиси келади одамнинг. Ён бағирларида қўнғироқчаларини жаранглатиб ўтлаб юрган қўй-қўзилар отари, икки дара оралиғида қирғоқдан-қирғоққа урилиб оқаётган шўх сойи, қишу ёзда ўз эътиқодига содиқ қолувчи ям-яшил арчалари тортган ажойиб саф, ўйдим-чуқур тупроқли йўллари, сутдек пок, мусаффо ҳавоси ҳам ниҳоятда ноёб, ниҳоятда нафис. Бундай хушманзара маконларни кўрган, томоша қилганлар ўзларини бир умр бахтиёр санаб юришса, шу ерликларни ким деб аташ мумкин?!
Солиҳ чўпоннинг чайласи қишлоқдан анча узоқда, юксак чўққилардан бирининг елкасида экан. Меҳмонлар у ерга шом маҳали етиб келишди. Қуюқ кутиб олинди. Шаҳарлик меҳмон иззатига бир қўй думалатилди. Асл биялардан соғиб олинган тоза қимиздан симириш сураткашни яна бир карра карахтлик оламидан уйғоқлик дунёсига олиб чиққандек бўлди.
Гулхан атрофидаги ўйин-кулги, кўнгилочар ҳангомалар билан андармон бўлиб, ҳаш-паш дегунча тонг яқинлашиб қолди. Ҳал қилувчи паллар тобора яқинлашмоқда: тонготарни нима қилиб бўлса ҳам суратга михлаш керак. Ахир эртага бошлиқ сўроқ қилганда, нима дейди, еган-ичгани бурнидан чиқмайдими?!
Сураткаш тонготарни суратга туширишдан ҳам олдин уни томоша қилишга, ўз кўзи билан кузатишга, унинг илоҳий лобарлигидан илҳомланишга, баҳра олишга қизиқиб қолди. У деярли барча табиат ажойиботларини кўрди, кунботар латофати ҳам ажойиб, рад этиб бўлмас даражада фусункор. Бироқ минг қилса ҳам тонготар назокати билан белашолмаслигини сураткаш ич-ичидан сезиб турарди.
У тонгни ухламай кутди. Атрофида пишиллаганча уйқуни ураётганларга қараб ўзича қайғурди. Кутганда вақт секин ўтади, сабри чидамай, фотоаппаратини бўйнига илиб, чайлани тарк этди. Очиқ ҳавога чиқиши билан муздек тоғ шамоли димоғини чоғлади, этини жунжуктирди. У телба ошиққа, табиат гўзаллигининг, ҳаёт нафосатининг девонасига айланиб қолганди.
Хув нарида тахминан Солиҳ чўпон, тунни бедор ўтказишига қарамай, отар билан борарди...
Муродали сергак ётган экан, сураткашнинг ортидан чиқиб келди, йўлдош бўлди.
— Ака, табиатга маҳлиё бўлиб, соғлиқни унутманг, ухламадингиз ахир...
— Эй Муроджон, биласизми, бу гўзалликларни кўрмай ўттиз... йил ухлаганим етар.
Улар шу тариқа баландпарвоз оҳангда суҳбатлашганча, тонготарнинг энг қуюқ кўриниш жойини излаб, чайладан йироқлашиб кетди. Ўшандай паллада, тонготар қалинлашиб, энг дилбар нуқтасига етганди.
Тонготар! Оқсоч тоғлар ортидан мўралаётган тарам-тарам нур-толаларнинг жимирларини таърифлашга тил ожиз. Унинг бир учи тўппа-тўғри юракка туташиб кетаётгандек таассурот уйғотади. Гўё забонсиз ва босиқлиги билан машҳур чўққилар ортидан бир нозли фаришта чиқиб келади-ю, бутун оламни зиёга, кўрку чиройга буркаб ташлайди. Майсаларга, тошқин сойларга, вазмин жилғаларга, ҳатто тошларга жон киргандек табиат яйраб кетади. Тун бўйи тонготарни интиқ кутган қушларнинг митти томирларига қон югуради. Заминнинг энг кичик аъзолари — чумолилар ташқари чиқиб, тирикчилик кўйида сафарга отланади. Сураткаш хаёлида тонготар ер юзида ҳаёт, уйғониш элчиси сифатида содир бўлаётганди!
У бир неча фурсат жонсиз ҳайкалдек тикилганча қотиб турди.
Муродали бу тобда меҳмонининг нима учун қишлоққа келганини эслатмоқчи бўлди:
— Суратга олмайсизми, ҳозир улгуролмай қоласиз?!
Cураткаш эса кутилмаганда шундай жавоб қилди:
— Тўғри, мўъжизалар узоқ давом этмайди, уларнинг қиймати ҳам шунда. Озу соз. Биласизми, тонготарни расмга олмасликка қарор қилдим, шундай ҳурликни кичик бир қутига жойлашга қўлим бормайди. Одамларнинг тонготар жамолини суратларда кўриб, тасаввур ҳосил қилиб юришларига чек қўйиш керак. Токай уни ўз кўзлари, тасаввури билан кўрсин!

VIII
У сочилиб, бир ҳолатда ётган хоналарини йиғиштирди, ўзи супурди. Кейин дурустроқ таом тайёрлади. У жуда шод эди. У узича шаҳардаги энг бахтиёр одам, энг омадли сураткаш эди. Майли, уддаланмаган вазифа туфайли Бош муҳаррир ишга қайта олмасин. У энди тўрт кун аввалги сураткаш эмас, у уйғоқ сураткаш, энди нима қилишни билади.
Тонгда дадил-дадил қадам ташлаб, бошлиқ ҳузурига кириб борди. Жаноб бош муҳаррир негадир бугун уни хушчақчақлик билан кутиб олди. Муродали билан обдон суҳбатлашган чоғи, сураткашнинг қишлоқда бошидан кечирган саргузаштларни бирма-бир ўзига қайтариб сўзлаб берди.
— Хўш, шундай қилиб, илтимосимиз бажарилмабди-да, а?
— Нега бажарилмас экан? Бажарилди!
— Ие, нима деганингиз бу?
— Мен тонготар чоғини инсонлар қатори юрагимга, руҳимга муҳрладим. Иложисини тополсангиз, газетада юрагимни боса қолинг...
Жаноб бош муҳаррир хохолаб кулиб юборди. У ҳам аслида шуни кутганди. Ҳаётдан безган, гўзалликлардан баҳра олишни билмайдиган, ишдан бошқасини ўйламайдиган сураткашни яхши кўргани ва унинг ҳиссиз қалбида бебаҳо умрга, тобора нураб бораётган ёшликка нисбатан муҳаббат туйғуларини уйғотиш учун атайин “хайфсан”, “тонготар миссияси” сингариларни уюштирганди. Бу саёҳат эҳтимол сураткашнинг ўша ўзи орзу қилган асари бўлди. Бош муҳаррир юзидан нур ёғилиб, кўксининг дукурлари жаранглаб турган сураткашга ҳотиржам боқиб деди:

— Майли, юрагингиз ўзингизга сийлов. Боринг, бемалол ишингизни давом эттираверинг. Ҳа, айтганча, ўша куни мен сизни бўшатмагандим, кассирдан маошингизни ҳам олишни унутманг.
Mualifning boshqa asaralari
1 Tongotar (hikoya) [Zohidjon Xolov] 380
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика