Ота (ҳикоя) [Gʻaffor Hotamov]

Ота (ҳикоя) [Gʻaffor Hotamov]
Ота (ҳикоя) [Gʻaffor Hotamov]
Аслида мен моддиюнчиман. Аллоҳ таолога шак келтирган жойим йўқ, аммо... Биласизми, эсимни танигач, кечган умрим Русияда ўтган. Шу бепоён мамлакатда аввал номзодлик, кейин докторлик ишимни ҳимоя қилдим. Илмий раҳбарим кўп маърифатли олим эди, қатағон зулмининг борки ситамини бошидан кечирган, бу ҳам етмагандай аксилирсиятчи Литсенкога қарши чиққан ва яна қамалган, хуллас, турма иккинчи уйига айланган...
Кўргуликлар кўнглига ғубор солмаган шу кишининг ҳасратларини тинглаб ўтириб, гоҳо «Eй, қодир эгам, агар сен бор бўлсанг, бир девонаи машрабнинг бошига шунча кулфат солармидинг?!», деган пайтларим бўлган. Аммо бу — бошқа масала. Ўша куни — сизга қандай тушунтирсам экан — бир ҳужжат тўғрилаш керак эди, кун бўйи бўзчининг мокисидай идорама-идора югуриб, силлам қуриб уйга қайтдим. Кўнглим ғаш, ҳам бунинг устига ёмғир севалаб ўтган бўлса-да, ҳаво тунд, иркит булутлар қалашиб ётар, хуллас, юракни эзиб юборадиган қандайдир аламангиз шом эди.
Уйга кириб чироқни ёкдим, лекин кўнглим ёришмади. Ўзимни жуда ёлғиз ҳам нотавон ҳис этдим, гўё ҳозир бир кори ҳол содир бўладигандек, одатда унча эътибор қилмайдиган қизчамга кўзим тушиб қолса, юрагим тўлиб кетади денг.
Ора-сира кишида шундай ҳолат бўлиб туради, шекилли?
Ахир, олим деган номим бор. Илм, ирсият деб бўғиқ лабораторияларда умрни ўтказдим, аммо оёқ остидан бир «ташвиш» чиқиб қолса, болаларимнинг кунига ярайдиган ҳеч вақо орттира олмадим. Нима, мен яшашга ноқобилманми? Топганим нега тирикчилиқдан ортмайди? Одамлар қаёқдан топади? Орттиради? Қўша-қўша уйлар солади? Бунинг учун олчоқ бўлиш керакми? Қандай қилиб йўқни йўндирса бўлади? Болалар бўй етиб қолди, бирини узатиш, бошқа бирини уйлантириш, уйли-жойли қилиш керак. Аммо қандай қилиб?..
Бўғиқ овоз мени сескантириб юборди. Савилқолгур телефон шундоқ биқинимда турган экан, фарёд солган каби шундай зорландики...
...Ваҳмидан юрагим увишиб кетди.
— Алло-о?
— Ака, яхшимисиз? Уйдагилар тинчми? Янгам, сингиллар...
Укамнинг товуши қандайдир шикаста, ҳаяжон шундай силқиб турар эди. Юрагим баттар ҳапқирди. У йўталди. Отам анчадан буён дардга чалиниб юрган эди, шу менинг хаёлимдан ўтди, ҳар хил ўйларга бориб, ҳаяжондан бўғилганча:
— Тинчликми? — дея сўрадим.
У бўлса тағин йўталди, сўнг атай шундай қилаётгани сезилиб турган оҳангда:
— Тинчлик, тинчлик, — деди вазминлик билан чўзиб. — Шу-у... — яна унинг нафаси ичига тушиб кетди.
— Нима гап? Тинчликми ўзи?
— Отам сизни сўраётган эдилар.
«Айтган эдим-а!» Муқаррар бошимга тушадиган юк бутун салобати билан босиб кела бошлади. Бояги чарчоғу ташвишлар унут бўла бошлаган эди, гарчи такдирга тан берган бўлсам-да:
— Тузукми ўзлари? — дея сўрадим. Ва шу лаҳзанинг ўзида бунга ҳожат йўқлигини ҳис этдим.
— Тузук, тузук. Касалхонада. Шу-у...
— Мен ҳозир йўлга чиқаман.
— Уйдагилар яхшими, ишқилиб?
Нохуш хабарни етказган одам ўзини айбдордай ҳис қилади. Шундай ҳолатга тушганлиги учун ҳам у нима деярини билмай кўнгил сўраётгани кундай равшан эди.
Индамай гўшакни жойига қўйдим.
Ўзимни тақдир суронига топшириб бўлган эдим, унинг оқимига итоатан ўрнимдан турдим-да, шоша-пиша соатга қарадим. Саккиз. Поезд жўнашига яна бир соатча вақт бор.
Ҳаётда шундай дамлар бўладики, ўзинг билан ўзинг бўлиб, на юрган йўлинг, на кўрган-билганинг ёдда қолади. Поездда кетяпман-у, қани энди ўзимни қўлга олишга кучим етса. Бориб, қандай кўргуликнинг устидан чиқар эканман? Чиндан ҳам отам касалхонадами ёки?.. Ҳар қалай, тузук бўлмади. Оғир ётганлигини била туриб, бир кўнгил сўрай олмадим. Қишлоқдагилар-ку, майли, ҳатто отамнинг ўзи ҳам мени бадавлат, агар қўлини узатса, истаган жойига етади, деб ўйлайди. Ким қачонлардан буён пойтахтга олиб келишимни, шу соҳанинг пири бўлган мутахассисларга кўрсатишимни кутиб ётибди. Лекин мен ҳатто тил учида шундай қилай дея олмадим, ройиш билдириб, «хўп» деб қолса агар, уялиб қоламан деб чўчидим. Сизга ёлғон, ўзимга чин: шу ташвишни кўтара оладиган ҳолим йўқ эди. Мана, энди, худо кўрсатмасин, бирон гап бўлса, эл-юртнинг маломатига қолишим аниқ. Гарчи юзимга айтишмаса-да, «ўргилдим сенинг олимлигингдан!..» дея ичида таъна қиладиганлар йўқ эмас.
Мендан ойим ҳам хафа бўлса керак. Э, тавба! Қандай қилиб уларга «номим улуғ бўлсаям, қўлим калта» дея оламан? Шу гапга биров ишонади деб ўйлайсизми?!
Ҳали қайтиб келгач, таомилга кўра маъракасини ўтказиш — дастурхон ёзиб юртга билдириш керак. Уйда эса сариқ чақа йўқ. Э, худо!..
Кимга бориб дод дейсан, ахир, Қаёққа борасан ўзингдан қочиб?!.
Шундай аҳволга тушиб қолмай деб одамзод ўзини ўтга, сувга, тўрт томонга урар экан-да?!
Билмайман — қачон кўзим илинган, бир маҳал аллаким туртгандай бўлди, кўзимни очдим, қарасам, дипломатни тиззамга қўйиб, купе бурчагида омонатгина ўтирибман.
— Етиб кеддингиз,— деди вагоноға ҳорғин товушда.
Темир зиналарни бир-бир босиб перронга тушдим. Ҳаво муздай экан, уйқум тамоми ўчиб кетди.
Осмоннинг кунчиқар тарафи хиёл ёришган, кўк юзида увада булутлар сузиб юрар, унда-бунда эса ойна синиғидай ялт-юлт этиб юлдузлар кўзга ташланар эди.
Кечагига нисбатан ҳаво пича юмшаган, намхуш йўлаклар, ёмғирда чайилган япрокдар кўнгилга таскин бағишлар эди.
Вокзалда бирон-бир танишни учратмагач, секин кўчага чикдим. Тақдирга тан берган кишигина шундай хотиржамлик туйиши мумкин. Фавқулодда сокин кўчани бир-бир босиб ўтдим-да, шифохонага элтувчи йўлга бурилдим. Ҳар ҳолда, шу ерда дейишган эди-ку менга. Бирон кори ҳол рўй берган бўлса, кутиб олиш учун, албатта, кимдир чиққан бўлар эди.
Шифохона дарвозасининг ранги ўчган, майишган бир тавақаси қия очиқ эди. Ичкари кирдим, девору иморатлар хийла чўкиб қолгандай бўлиб туюлди менга.
Хиёбон оралаб кетган торгина йўлак бўйлаб юрилса, дов-дарахт орасидан оқариб кўринаётган пастқам бинога. олиб борар эди. Отам чиндан ҳам шу ерда, юрак касалликлари бўлимида ётган экан, укамнинг айтишича, инфаркка дучор бўлибди у.
Қишлоққа ўтмай, тўғри шу ерга келишимни олдиндан билгандай укам даҳлизга чиқиб турган экан. Мени кўриб, ҳорғин чеҳрасида ачинишми, ҳар қалай, кўнгли бўшаб кетганлигини ошкор этувчи бир ифода акс этди.
— Келинг, ака, сизга сездирмай қўя қолайлик, деган эдим, бўлмади. Етти кундан буён на кўзини очади, на туз тотади. Оғзига сув томизиб ўтирибмиз...
— Нима, кеча хийла оғирлашдими? — дея сўрадим жонсараклик билан.
— Ҳа. Шу...
Шоша-пиша у қўл учида ишора қилган эшикни очиб, ичкари кирдим. Бир ўриндиқ аранг сиғадиган торгина бўлма. Шўрлик отам ўнг биқинига ёнбошла-ганча булк этмай ётар, бир сиқимгина бўлиб қолган эди у.
Укам одоб юзасидан: «Сиз йўл юриб келгансиз, ҳозир уйга боринг, пича дам олинг, эрталаб гаплашармиз, ака», деди. Бироқ мен унамадим, «Яхшиси, сен бор, дамингни ол, ахир, мен ҳам бир фарзандман-ку, отамнинг бош учида пича ўтирай», дедим. У кетгач, оқиш курсини олдим-да, ўтирдим.
Гўё тегирмон тоши елкамдан босиб турар эди.
Мана, отам — дунёга келишимга сабабчи бўлган, оқ ювиб, оқ тараган, папалаб ўстирган отам...
Туйғуларнинг табиатига тушуниш қийин, гарчи волидаи муҳтараманг, падари бузрукворинг сени деб жонидан кечса-да, кўзлари йўлингда нигорон бўлса-да, фарзандингчалик жонинг ачишмайди уларга. Эҳтимол, ҳаётнинг абадийлигини таъминловчи синоат шундадир. Мана, отам, у ҳақда жиддийроқ ўйлаб кўрсин дебми, ҳаёт ниҳоят мени унга рўбарў қилди: у бир сиқимгина бўлиб шундоқ менинг қаршимда, тўшакда михланиб ётибди, лабларидан қон қочган, заъфарон юзларида оғриқ изими ёхуд бир нимадан норозиликми... тошдай қотган.
Мен энди эсимни таниган пайтларда у киши «Иж-юпитер» мототсиклини миниб, тонг бўзармай ишга кетар эди. Қай маҳал ишдан қайтишини билмасдик ҳам. Фақат бозор кунларигина токларнинг тагини юмшатаётганида, беда ғарамлаётганида кўриб қолар эдик. Кейин — мен пича улғайгач, ширин уйқумни бузиб салқин саҳарда уйғотишлари ёдимда қолган. Ота-бола жунжикиб ётган далани кесиб ўтиб, тутзорга бориб ипак қурти учун барг кесар эдик. Мактабга жўнаш вақти бўлгунга қадар отам бир-икки тутни каллаклар, мен эса узун-узун шохларни олдимга ўнгариб, эшакда уйга ташир эдим. Эшакда мулгиб келар эканман, мактабга ўтиб кетаётган беғам, беташвиш болаларга шундай ҳавасим келар эдики, шундай ҳавасим келар эдики...
Ҳаёт бир марта имкон берган менга, у ҳам бўлса— ўқиш. Шунда қандай бўлмасин, албатта, институтга кираман, тирикчилик ташвиши бош устингда тегирмон тошидай айланадиган бу муҳитдан ситилиб чиқиб кетаман, деб кўнглимга тукканман. Шаҳарга келгач, кириш имтиҳонларидан ўтдим, аммо мандатда илинишга кўзим етмади. Шунда бир имдод тилаб, отамга телеграмма жўнатдим. Ёдимда, ўшанда у биз ижарада турадиган хилват кулбани топиб келган, тағин сигирни сотиб, пулини белбоққа тутиб олибди. Эгасига топиб бераман шуни, нима бўлса ҳам сен ўқишга кир, деб роса сарсон бўлган. Ахийри, сўриб ташланган узумдай шалвираб қишлоққа қайтган. Ўшанда кузатиб қўяй деб вокзалга чиқиб борган эдим, отам шўрлик перронда турибди-ю, худди ҳозиргидек бир ҳовучгина бўлиб қолган, бир айб иш қилиб қўйган каби сира кўзимга қарай олмайди, ниҳоят, поезднинг жўнаши маълум қилинди, шунда у терс бурилиб нари кетди. Отамнинг бошқа бировлар каби уддабурон эмаслигидан ёзғириб турганимда ғижим дастрўмолини чиқариб, кўз ёшини артганини илғаб қолганман...
Кейин — номзодлик ишимни ҳимоя қилган куним гарчи қарзга ботиб бўлса-да, қўй етаклаб, икки яшик ичимлик олиб укам билан кириб келган: келин туширганида бўсағага довур сочқи сочиб борган... сўнг бор шаҳарга тушганида «даҳлизинг яланғоч экан-ку, болам», дея чиқиб, тўшанғич олиб келган, шулар бир-бир хаёлимдан кечди.
Мен эса у кишига ҳатто гугурт чўпи олиб беришга ҳам жазм қилмаганман, лоақал кўнгли учун...
Шу тобда дил-дилдан иқрор эдимки, гап пулда эмас. Шунча маърака-маврид ўтаяпти. Бизникида ўтмасдан қолмас. Худога шукр, бешта укам бор, улар бир томонини кўтаради, қариндош-уруғ, овул-ҳамсоя дегандай, аммо... нега биз бунчалар қунтсизмиз? Дийдамиз қотиб кетган? Нега?
E, худо, нечун бандаларингни бунчалар турфа яратгансан? Дунёга келиб, шу одам нима ёруғлик кўрди ўзи? Бизнинг ташвишлардан ортиб, қишлоқдан икки қадам нарига чиқдими сира? Истироҳат қилдими, ахир? Боёқишнинг қўлини нега бунча калта яратдинг ва яна нега мени бу танг кўйибадга гирифтор этдинг? «Ахир, катта ўғлим шундай олим бўлса, бировдан кам жойи бўлмаса, мени — ўз отасини пойтахтга элтиб, дўхтирларга кўрсатмади-я, лоақал бир марта даволатмади-я!» деган армонда кетмайдими энди, эй, худо?!
Мунчалар тангу тор этмасанг?! Сендан нима кетди, ахир, тағин тўрт кунлик умр берсанг-чи шу бан-дангга, жиндай ҳаловат туйсин, набираларининг ҳузурини кўрсин, эй, қодир эгам!..
Отам дафъатан чап кўзини очди, сўнг ўнг киприклари ҳам секин ажралдилар ва, у ниҳоят, кўзларини очиб, ҳайрон бўлган, танишга қийналаётган каби чи-мирилиб менга термулди.
— Абдухолиқ?! Ўғлим, келдингми?!
Ноқулай аҳволда узоқ ётиб қолган кишидай имҳ-имҳлаб секин ўрнидан қўзғалди, «сиз қимир этманг, ота, мен ҳозир...» дея қилган илтижойимга ҳам қарамай тўшакдан турди-да, мени бағрига олди.
Бир-биримизга суянишиб даҳлизга чиқдик.
— «Eй, қодир эгам, ўзингга шукр»— дея ҳамд айтар, кўз ёшларим юзимни куйдириб ювиб тушар эди.
— Ота, — дедим мен ниҳоят бўғзимга тиқилган йиғини ютиб. — Атай сизни олиб кетгани келдим.
Тошкентда кучли дўхтирлар бор, агар, хўп десангиз сизни олиб бориб уларга кўрсатаман, ўзлари даволашади.
Ниятимни англаб етмагандай отам менга пича ҳайрон қараб турди, сўнг:
— Э, болам! — деди ҳорғин ва ҳолсиз овозда. — Ниманиям билар эдинг сен? Дўхтиринг у дейди, бу дейди, нина санчади. Улар жонимни қийнаб санчган нинаси сенинг бир дийдорингчалик бўлармиди, ахир?!
Дафъатан нима деяримни билмай қолдим. Тағин ҳар хил ўю андиша хаёлимни банд этди.
— Қишлоқдагилар айтмайдими, ахир, «Отасини мундай дўхтирларга кўрсатмади ҳам», деб?..
«Қўявер» деган каби отам беҳол қўл силтади. Кейин жуда паст, жуда хаста овозда:
— Энди обкириб мени ётқиз, — деди, — чарчадим. Ўзинг қишлоққа бор, бир улов топ, кейин келиб мени бу ердан олиб кет. Дўхтирхонада нима бор, болам? Куним битган бўлса, уйимда — невараларимнинг олдида — одамга ўхшаб мунда-ай оёғимни узати-иб ўлай...

Жуда ғалати ҳолатга тушиб қолган эдим. Бир дўстимнинг депутатликка номзоди қўйилганидаги можаролар хаёлимдан кечди, ўшанда у рост гап айтиб, ҳеч кимнинг ишончига кира олмаган, кейин қарсиллатиб катта-катта ваъдалар берган, «шунда одамларнинг ҳовлиқишини кўрсанг, — деган эди у. — Аслида уларга шу керак!» Отам-ку бўладиган гапни айтди, лекин мен шу тобда одамларнинг кўзича, «пойтахтга олиб кетаман!» деб анча-мунча тихирлик қилсам бўлар эди, аммо бунга журъат сезмадим...
Mualifning boshqa asaralari
1 Ota (hikoya) [Gʻaffor Hotamov] 393
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика