Марямнинг кўз ёшлари (ҳикоя) [Shavkat Bulut]

Марямнинг кўз ёшлари (ҳикоя) [Shavkat Bulut]
Марямнинг кўз ёшлари (ҳикоя) [Shavkat Bulut]
Кўнглим нимадандир ғаш. Шаҳар кўчаларида бепарво айланиб юрибман. Одатим шунақа, юрагимда ғашлик пайдо бўлди дегунча, кўчага югураман. Баъзан кўча ҳаёти одамга минглаб саҳифалик китоблардан ҳам кўпроқ сабоқ бериши мумкин. Кўчалар, ғарибона кулбалар сўқир кўзларга бамисоли офтобдир. Ҳаётни ўрганишни истаган киши кўчага чиқсин...
Катта жомеъ зинасида бир аёл ўтирарди. Атрофида беш-ўнта ёш-яланг тўпланиб, уни гапга солиб кулишарди. Тўғри улар томонга юрдим. Уст-боши бир аҳволда, юзи офтобдан куйган, сочларига оқ тушган, нигоҳлари маъюс бечораҳол аёл тинмай йиғларди.
Бунчалар ич-ичидан, қандайдир умид билан йиғлаган одамни ҳаётимда учратмагандим. Умр манзилларининг андуҳли сояси ажин солган юзидан кўз ёшлари дув-дув тўкиларди. Бу кўз ёшларнинг адоғи кўринмасди. Xудди баҳор ёмғирига ўхшарди. Аёлни зимдан кузатаётган йигитчадан:
«Бу аёл нега йиғлаяпти?» – деб сўрадим. У менга ҳайратомуз тикилиб:
«Бу аёлни танимайсизми, акажон? Уни ёшли Марям, дейдилар. У оддий бир тиланчи, холос. Одамларни атрофига тўплаб олиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлайди. Кейин эса пул йиғишга тушади», – деди.
Гапимизга қулоқ солаётган бир болакай:
«Бу аёлнинг касби – йиғлаш... Xудди актёрлардек ўзини мажбурламасдан йиғлайди. Бунчалик кўзёш қаердан келаркин-а? Нима бўлганда ҳам истаган пайтда йиғлай олади. Бошқасига эса менинг ҳам ақлим етмайди», – деди.
Аёл икки қўлини тиззаларига урар, мавлудхонлардек гоҳ эгилиб, гоҳ бошини кўтариб ҳўнграб йиғларди. Йиғлар ва тўхтовсиз гапиринарди:
«Оҳ, менинг қора қисматим! Оҳ, дарддан чиқмаган бошгинам! Воҳ, ёқамга ёпишган бало-қазолар-е!»
Унинг дийдиёси йиғисига монанд ғамгин оҳанг берарди. Лаблари титрар, киприк­лари пирпираб, юз мушаклари таранглашарди. Бошига увадаси чиққан оқ рўмол ёпинган, эгнида ранги ўчган кўйлак. Кўйлаги устидан аскарларнинг бўз нимчасини кийиб олган эди. Аёлнинг гўзаллиги, асл қиёфаси ғам-ғусса ортига яширинганини уқиш мумкин эди.
Йиғи фурсати тугагач, қўйнидан мис идишни чиқарди. Томошабинлар идишга пул ташлашди. Аёл хурсанд бўлиб, пулларни рўмолининг учига тугди; кўз ёшларини артиб, кўча томонга қараб юра бошлади. Унинг ортидан анча вақтгача кузатиб турдим: аёлнинг бели букилиб, тиззалари қалтираб, бесўнақай юриб борарди. Xудди бутун Онадўли халқининг дардини орқалаб кетаётгандек...
Бир ҳафтадан сўнг уни бозор томонда учратиб қолдим. У бир бурчакка тиқилиб, узуқ-юлуқ йиғлаб турарди. Атрофига беш-ўнтача одам тўпланган, йиғиси «қовушмаётганидан» «бешта одамга ҳам йиғлайманми?» – деган иддао сезилиб турарди. Баъзида йўлдан ўтаётганларга қўли билан имо қилиб:
«Келинг, мана, йиғини бошлаяпман!» – дея бақириб қўярди. Овози чуқур қудуқдан келаётган сасга ўхшарди. Унинг қилиқлари тциркдаги масхарабозни эслатар, негадир ўша куни йиғлашга ўзида рағбат тополмасди. Аёлнинг ёшга тўла кўзларини яқиндан кўриш илинжида унинг қаршисига чўкдим. Кўзларининг оқи дудли эди. Ўтирганимнинг маънисини тушунмай, ёқасини ёпди, у мени бадмастлардан деб ўйлади, шекилли.
«Бунчалик кўз ёшларни қаердан топасан, Марям?» – дедим унинг кўзларига тикилиб.
Аёл ўйга толиб:
«Сойлар, ирмоқлар шунча сувни қаердан топишини ҳеч ўйлаб кўрганмисан?» – деди.
«Сойларнинг ортида денгизлар бор, булутлар эса унинг хизматида», – дедим мен. У менгамас аллақаёқларга кўз тикиб:
«Инсоннинг кўнгли ҳам бамисоли денгиз, кўзларимнинг булоғи сувни шу денгиздан олади,» – деди ва қўшиб қўйди: «Мен йигирма йилдан бери йиғлайман. На денгиз қуриди, на булоқ суви тўхтади...»
Йигирма йил йиғлаш. Кўзёш тўкиш... Бу аёлнинг қалбида китобларда ёзилмаган бойлик борга ўхшайди. У ҳали ҳам гапида давом этарди:
«Йигирма йил йиғладим. Кулгуни, табассумни унутдим... Ўн йил ўзим, қора қисматим учун йиғладим... Сўнг халқ дарди ва бир бурда нон топиш илинжида йиғладим...,» – деди. Йиғлашда давом этди. У йиғлаб пул тўпларди. Тўғридан-тўғри одамларга қўл чўзиб тиланишни ўзига эп кўрмасди. Ҳа, қаршимда йиғини касб қилиб олган моҳир санъаткор турарди.
Томошабин ёшлардан бири:
«Марям, сенинг бирор ҳунаринг йўқми?» – деди. Аёл йигитчанинг юзига қаҳрланиб қаради. Ютиниб:
«Яна қандай ҳунарим бўлишини хоҳлайсан? – деди. – Рақсга тушишим керакми? Мастларга мазах бўлайми? Ҳаётда ҳамма ишни қилдим, бироқ номусимни сотмадим... Кейин, сенингча, йиғлаш шунчалик осонми?».
«Марям, – дедим, – кел, озгина кулгин!.. Агар кулсанг, сенга беш лира бераман...»
Аёл менга ғалати қараб қўйди. Қўли билан «кет» дея ишора қилди. «Қани, бир кул-чи!» – деб такрорладим. Жаҳли чиқди. Сўлғин юзини панжалари билан беркитди. Телбаларча типирчилаб:
«Мен билан ҳазиллашма! Шу пайтгача, бу шаҳарда мендан кулишни талаб қилган одамни ҳеч учратмаган эдим...» – деди.
«Кулсанг, беш лира бераман», – дедим. Унга пулни кўрсатдим. У жаҳл билан:
«Сен ўйлаганчалик пул гадоси эмасман, менга пулингни кўрсатма! Кулолмайман! Йигирма йилдан буён йиғлайман, қандай кулайин?» – деди. Ёнимдаги ёшлар ҳам уни қистовга олишди. У бундай таклифни сира қабул қилолмади.
«Шу бугунгача одамлар менинг йиғлашимни истади. Йиғлаганимга пул беришди. Кулгуга пул берилмайди... Яна шуни ҳам билингки, кулган одамнинг пулга эҳтиёжи бўлмайди. Мени ўз ҳолимга қўйинг! Мен масхарабоз эмасман; хоҳлаганда кулиб, хоҳлаганда йиғловчи...,» – деди. Уни қайта қистовга олдик:
«Бугун бир мартагина кулгин! Ўзгариш қилайлик. Жуда кўп пул берамиз», – дедик.
Ёшли Марям ниҳоят таклифимизга рози бўлди. Кўз ёшларини артди. Рўмолини даҳани тагидан боғлади. Юзини офтобга ўгирди. Офтоб нурлари кўзларини қамаштирди. Киприкларидаги томчилар тонгги шабнамдек ялтирарди. Дудоқларини чўзиб, сарғайган тишларини кўрсатди. Оғзини очганида юзида чуқур чизиқлар пайдо бўлди. Ютиниб, чуқур-чуқур нафас олди. Бироқ негадир кула олмади. Кўзларидаги ифодани ўзгартиришнинг иложини тополмаётган эди. У қанчалик кулишга ҳаракат қилмасин, кўзидан фақат ёш думаларди. Чамаси беш дақиқа ўзини мажбурлади. Бармоқлари билан ёноқларини тортди. Кўзларини ҳаракатга келтирди. Ниҳоят, ноилож қолди:
«Кулолмайман, Xудо ҳақи, кулолмайман! Кулишни унутиб юборганман», – деди. Аёлнинг кулиш учун ўзини зўрлаши, йиғисидан ҳам фожиалироқ эди. Йиғлаётганида фақат юз чизгилари, овози, кўзлари иштирок эца, кулгуга чоғланганда, бутун вужудини мажбурларди. Ичимдан: «Кулолмайсан, Марям! Бу шаҳарда бойлар йиғини, ғариблар кулгуни унутганлар...» – дея кўнглимдан ўтказдим. Томошабинлар:
«Қани, ғайрат қил!» – деб бақирарди. У қайтадан ўзгарди. Ҳаракат қилди, лекин қўлидан келмади. Аёл яна йиғлай бошлади. Бу гал у пул учун эмас, балки кула олмаганидан йиғларди. Менинг ҳам кўзларимга ёш келди. Дилим оғриди. Аёл қалбимда севги денгизларини тошдирган эди. Барча динлар, фалсафий қарашлар, буюк шахс­лар севгини, инсон севгисини талқин қилишарди. Дунёда самимий севгидан ҳам буюкроқ ва асл туйғу борми?! Аёлнинг кулиш учун қилаётган уринишлари, менда инсон севгисини уйғотди. Уни борлиғим билан севардим...
«Кетинг бу ердан, Аллоҳ рози бўлсин, кетинг!» – дея бақирди Марям. – Мен кула олмайман... Йигирма йилдан бери кўзлари ёшга ғарқ бўлган Марямга бугун кулиш ҳаром... Мен Эрзинжон зилзиласида кулгуни йўқотдим. Унда умр йўлдошим ҳалок бўлди. Болаларимдан айрилдим. Онам бу дунёни тарк этди, қўшниларим, қариндошларим ўлиб кетишди. Инсофсиз қора тупроқ қанчадан-қанча яқинларимни ютди. Гўё бўри талаган сурувдан ортда қолган ярадор қўйга айландим. Бир маротаба бўлса ҳам ўша лаънати тупроққа қайтмадим. Қайрилиб қарамадим ҳам. Бу дардлар юрагимда тоғдай улғайди. Кўз ёшларим дарё бўлди... Қаршимдан чиққанлар мендан ниманидир истади. Навниҳол эдим, гўзал эдим. Энди юз очаётган ғунчага ўхшардим... Ишлашни хоҳладим, аммо мени ҳайдашди. Чўрилик қилдим, уй соҳиблари менга кўз олайтирди. Ёлвордим, урдилар. Йиғладим, устимдан кулишди. Қассоб дўконларида осилган гўштга айландим; келган ҳам, кетган ҳам мени туртиб кетарди. Онадўли – қозон, мен эса чўмич бўлдим... Йиғладим, бетиним йиғладим. Ўн йил, роппа-роса ўн йил кўзларим – ирмоқ, этагим – денгиз бўлди... Менга «кул», деманг! Етим қўзи маърамас, азоб чеккан яйрамас... Кулгуни унутдим. Йиғла, десангиз, йиғлайман. Аммо кулмайман. Кулмайман, йигирма йил ортда қолди. Саксон, тўқсон, бир кун келиб йўқ бўларман. Ўлимимни кутяпман. Энг сўнгги умидим ўлим, ўлим – халоскорим... Зилзила барча кулгую қувончимни Қоф тоғининг орқасига олиб кетди. Менинг ҳунарим – йиғлаш... Тақдиримни ўзгартира олмайман... Бунга мажолим етмайди... Асло кучим етмас... етмас... Кучим етмас... Етмас... Етмас...»

Marash, 1966.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика