Соғлиқни сақлаш - Бугун ва эртага [Shodiyor Davron] |
Кишилар учрашганларида, энг аввало, «ассалому алайкум» — «ваалайкум ассалом» тарзида мурожаат қилишиб, бир-бирларига сиҳат-саломатлик тилашади. Сиҳат-саломат бўлган кишигагина ҳаёт, яшаш ҳузур бағишлаши, уни яратишга, дунёнинг сир-синоатларини очишга илҳомлантириши мумкин. Танининг бирор аъзосида оғриқ бор киши дунёга оғриқли кўз билан қарайди ва бу унинг дунё ҳақидаги таассуротида оғриқли излар қолдиради; дунёни тўғри англашга ҳалақит беради. Инсоннинг соғлиги масаласи соф шахсий масала эмас, у минг йиллардан буён ижтимоий, давлат аҳамиятига молик масаладир; ўз фуқароларининг соғлигига бефарқ бўлган бирорта ҳам тўлақонли мамлакат бўлмаган. Фуқароларининг саломатлигига бефарқ қараш, бу — мамлакатнинг бугуни ва келажагига бефарқ бўлишдир. Фуқароларнинг соғлиғига эътибор билан қаралгани, ҳали соғлиқни сақлаш бўйича ишлар мукаммал ташкил этилганини англатмайди. Сифатли Тиббий Xизмат Истаб... Зарина Xисамова «Хитойликдан узоқ яшаш мумкинми?» («Как пережить китайца?», «Эксперт» (www.expert.ru), 2005 №10) деб номланган мақоласида Россиянинг соғлиқни сақлаш соҳаси муаммолари ҳақида сўз юритади. Умуман, ҳар қандай мақолани таҳлил этганда икки нарсага эътибор бермоқ керак. Улардан бири, муаллифнинг қандай ишончга таяниши бўлса, иккинчиси фикр юритишда изчиллиги масаласидир. Хисамова ёзади: «Россиянинг ҳар бир фуқароси ҳар қандай касалликка чалинганида ҳам текин ва сифатли тиббий ёрдам олишга ҳақли, – Конституциямизда шундай ёзилган. Медицинамиз эса текин эмаслигини ва доим ҳам сифатли бўлмаётганини ҳаёт кўрсатиб турибди». Мақолада, бундан бошқа, ишонч сифатида олиш мумкин бўлган фикр учрамайди. Демак, Xисамова, Россия конституциясига таяниб, Россия соғлиқни сақлаш системасининг функцияси касал бўлган ҳар бир фуқарони текин ва сифатли тиббий ёрдам билан таъминлашдан иборат, деб хулоса чиқаради. Нафсиламрни айтганда, Xисамова «текин» сўзи тўғри ишлатилмаганига асосий эътиборни қаратади ва унинг бутун эътирози ҳам, таклифи ҳам шу асосда қурилган. Давлат бюджетининг шаклланишига эътибор берадиган бўлсак, «текин» дегани жуда ҳам текинликни англатмасликни тушуниш қийин эмас. Бу борада, шубҳасиз, Xисамова ҳақ. Лекин соғлиқни сақлашдаги барча муаммоларни, пул билан таъминлаш тартибини ўзгартириб, ҳал қилса бўлади деган фикр - Xисамова мушоҳадасининг энг заиф жойидир. Шундай қилиб, мамлакат соғлиқни сақлаш системасининг функциясидан «текин» деган сўзни олиб ташласак, ҳар қандай касалликка чалинган фуқарога сифатли тиббий ёрдам беришни таъминлашдан иборат қисми қолади. Айни шу функцияни бажаришга қодир соғлиқни сақлаш системасини шакллантириш ҳақидаги Xисамова таклифини таҳлил қилиб кўрамиз. Хисамова Америкада тиббий хизмат кўрсатиш нархи, давлат назорат қилолмайдиган даражада ошиб кетаётгани, барча поликлиника ва шифохоналар хусусий эканлиги ҳамда тушум фақат суғурта компаниялари орқали бўлаётгани, боз устига суғурта компаниялари ва тиббий хизмат кўрсатиш корхонлари орасида низолар кўплиги, низолар ҳал этилишига ҳар иккала томондан кўплаб адвокатлар жалб этилишида деб ҳисоблайди. У, айрим ижтимоий гуруҳ кишилари соғлиги АҚШ ҳукумати томонидан суғурталанишига қарамасдан, айни пайтда, мамлакатда 40 миллиондан ортиқ кишининг соғлиги суғурталанмаганлигига тиббий хизмат нархининг кескин ошиб кетишини сабаб қилиб кўрсатади. Низолар кўплигига сабаб тегишли қонунларнинг турлича тушунилишидадир. Аслида, ҳар қандай қонун бир хил тушуниладиган даражада аниқ қилиб ёзилмоғи керак. АҚСҲ қонунларига бу тарзда тартиб берилиши, балки мамлакатдаги катта адвокатлар армиясини ишсиз қолдирмаслик учун атайлаб қилинган ҳаракат натижаси бўлиши мумкин. Хисамованинг ёзишига қараганда Европада тиббий хизмат кўрсатиш тамоман бошқача ташкил этилган. Солиқ ва фуқароларнинг мажбурий тўловлари бўйича тиббий хизмат харажатлари учун маблағ йиғилади. Тиббий хизматни эса давлатники бўлган поликлиника ва шифохоналар кўрсатади. Европа мамлакатларида ҳам ушбу соҳа бўйича муаммолар кам эмас: асосий муаммо тўпланган пулнинг керагидан жуда камлиги экан. Хисамова соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммони пул билан таъминлашнинг икки усули асосида ҳал қилиш мумкин деб ҳисоблайди. У қуйидагича таклиф қилади: давлат тиббий муассасалари билан биргаликда хусусий тиббий муассасаларни ташкил этиш; давлат тиббий муассасалари бюджетдан келадиган тушумлар ва мажбурий тўловлар ҳисобидан олдиндан белгиланган (рўйхатдаги) касалликлар бўйича ҳаммага ва алоҳида ижтимоий гуруҳ кишиларига (кам таъминланганлар ва ҳакозо), хусусий тиббий муассасалар эса ихтиёрий тиббий суғурта асосида бошқа касалликларга дучор бўлганларга хизмат кўрсацин. Ушбу ташкил этишда битта мантиқий хато бор: кам таъминланганлардан бири рўйхатда кўрсатилмаган бирор касалликка дучор бўлса, уни ким даволайди? Xусусий тиббий муассаса уни даволамайди, чунки у соғлигини суғурта қилмаган. Давлат тиббий муассасаси унга хизмат кўрсатолмайди, чунки муассаса ушбу касаллик бўйича мутахассислашмаган. Хисамова таклифида фақат биз кўрсатган битта мантиқий хато бўлганда уни тузатиш унча қийин бўлмаган бўлур эди. Асосий камчилик кишининг касал бўлганини англагандан то тузалишигача бўлган жараён тасаввур этилмаганлигидадир. * * * 1993 йилнинг куз ойлари эди. Бир ҳамкасбим иккаламиз атлетизм билан шуғулланадиган бўлдик. Устозимиз китоб эди. «Устоз»нинг қайсидир айтганига амал қилолмадим, шекилли, икки ойлар шуғуллангач, юрганда чап оёғимда қаттиқ оғриқ пайдо бўладиган бўлди. Оғриқнинг зўридан кўз олдим қоронғулашиб кетарди. Ўн қадам юрар-юрмас оғриқдан додлаб юбормаслик учун тўхташга мажбур бўлар эдим. Озгина муболаға билан айтганда, учрамаган дўхтирим, олмаган давом қолмади. Ҳар бир даводан кейин оғриқ кучайса кучаярдики, пасаймасди. Орадан бир йил ҳам ўтиб кетди. Менинг дардимга малҳам топадиган дўхтирдан эса дарак йўқ эди. Тангри қанча умр берган бўлса, қолганини оғриқ билан ўтказишдан ўзга иложим қолмади деган хулосага келдим. Ва бошқа даво истаб югурмасликка аҳд қилдим. Дўстларимдан бири чет эллик нейрохирург касалларни қараб, консултация бераётгани ҳақидаги хабарни топиб келди ва мени боришга даъват қилди. Менинг эса боришга райим йўқ эди: оддий оғриқнинг сабабини тополмаган дўхтирлардан тамоман кўнглим қолган эди. Дўстимнинг қистови билан, оёқдаги оғриқ масаласида, охирги марта дўхтирга мурожаат қилишга розилик билдирдим. Мўъжиза рўй берди. Дўхтир менинг арз-додимни эшитгач, учта машқ кўрсатди; менинг ҳар учала машқни бажаришни ўрганиб олганимга ишонч ҳосил қилгач, шуларни такрорлаб турасиз, деб хайрлашди. Еттинчи кун машқларни бажараётиб, ўзи нима қиляпман, деб ўйланиб қолдим. Чунки оёғим оғриши буткул эсимдан чиқиб кетган эди-да. Мен бир тасодиф туфайли ногиронликдан қутилиб қолдим. Арзимаган касалликлар туфайли ногирон бўлиб қолганлар кам эмас. Агар ҳар бир бетоб бўлган киши сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлганида, ногиронлар бўлмас ёки улар жуда кам бўлган бўларди. * * * Хўш, ҳар бир касалликка чалинган киши сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлиши учун мамлакатда нималар бўлиши, қандай хизматлар йўлга қўйилиши керак? Биринчидан, инсон хасталикларининг таснифланган рўйхати бўлиши керак. Ушбу рўйхат билан танишиб, кўп учрайдиган хасталиклар қайси, кам учрайдиган хасталиклар-чи; қайси хасталик дастлаб қачон кузатилган, яқинда, биринчи марта, кузатилган хасталиклар қайсилар, қайси хасталикларнинг келиб чиқиш сабаблари маълум-у, қайсилариники номаълум, қайси хасталикларнинг давоси маълум-у, қайсилариники ҳанузгача топилмаган каби саволларга жавоб топишнинг имкони бўлсин. Ҳанузгача давоси топилмаган ҳар бир касалликнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва давосини топиш бўйича қайси мамлакатларда, қайси клиникада тадқиқот ишлари олиб борилаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳам ўта муҳим. Иккинчидан, катта-кичик ташхис марказлари бўлиши керак. Учинчидан, рўйхатдаги, давоси бор хасталик билан оғриган беморларни даволавчи дўхтирлар етарли даражада бўлиши керак. Тўртинчидан, соғлиқни сақлашнинг замонавий ахборот системаси яратилиши керак. Токи, ўзини нохуш ҳис этган киши учун қайси ташхис марказига бориши кераклиги биринчи учраган тиббиёт муассасасидаёқ аниқ бўлсин, ташхис маркази эса қайси шифохона уни батамом дардидан фориғ қила олишини аниқлаб берсин. Йиллаб, ақалли, дарди нимадан иборатлигини аниқлолмай, сарсон бўлиб юрган кишилар кам эмас. Бешинчидан, энг муҳими, маблағ билан таъминлашнинг эффектив системаси яратилиши керак. Даволанувчи учун дўхтирнинг олимлиги — профессор ёки академиклиги мутлақо аҳамиятга эга эмас. Уни бир нарса қизиқтиради: дўхтир уни даволай оладими? Зарина Xисамова соғлиқни сақлашнинг барча муаммоларини маблағ билан таъминлашни мукаммаллаштириш йўли билан ҳал қилиш мумкин деб ҳисоблагани сабабли дўхтирни тайёрлаш ҳақида фикр юритмаган. Аслида, на дўхтирни тайёрлаш технологиясини, на дўхтир билимига, мушоҳадасига қўйиладиган талабларни ҳал қилинган масалалар сирасига киритиб бўлмайди. Бу масалаларга турлича қарашлар мавжуд бўлганидан ҳам Фарбда, ҳам Шарқда турли табобат мактаблари шаклланди, дунёга келди; дунё табобатининг ҳозирги даражаси уларнинг рақобати шарофатидир. Бугун инсон организмини система деб қарашнинг ўзи етарли бўлмай қолди. Чунки илгари экологик бузилишлар инсон саломатлигига ҳозиргидек хавф солмаган, инсон соғлигига салбий таъсир кўрсатадиган даражадаги кучли электромагнит майдонлари турмушда, саноатда, мудофаада ишлатилмаган эди. Ернинг қайсидир нуқтасидан учирилган ракетанинг кимнингдир саломатлигига салбий таъсир қилиб, бошқа бировга аҳамият берадиган даражада таъсир қилмаслигини тушунтириш имкониятига эга бўлмоғимиз зарур. Бунинг учун инсон организмини катта система (коинот) ичидаги кичик система деб талқин этишга тўғри келади. Ҳозирги замоннинг табобат мактаби, биринчидан, инсон организми хасталикликларининг келиб чиқиши сабабларини тушунтириб, даволаш йўлларини топишга имкон берадиган, бирор моделига эга бўлиши керак. Иккинчидан, катта системанинг муайян нуқтадаги таъсир кучини, кичик системанинг ҳолатини аниқлашга имкон берадиган воситаларга эга бўлмоғи керак. Учинчидан, булар барчаси изчил, тушунарли баён қилишга имкон берадиган даражада тартибланган бўлиши керак. Дўхтир қай даражадаги табобат масалаларини ечишга тайёрланаётгани аниқ бўлсагина, у эгаллаши зарур бўлган билим даражасини, билиши зарур бўлган мушоҳада усулларини, ва ниҳоят, кўтарилиши керак бўлган ижро маданиятини белгилаш мумкин бўлади. Фақат ундан кейингина дўхтирни тайёрлаш программаси ҳақида гап бўлиши мумкин. Тан, Ақ ва Руҳ Саломатлиги Йўлида... «Жаҳон адабиёти» журналининг 2005 йил январ сонида машҳур турк ёзувчиси Азиз Несиннинг учта ҳикояси берилди. Улардан бири «Дарди бедаво» деб аталади. Ушбу ҳикоянинг қисқача мазмуни қуйидагича: ҳикоя «қаҳрамони»нинг киндигидан пастида қаттиқ оғриқ пайдо бўлади. Маҳаллий дўхтирлар оғриқ нимадан пайдо бўлганини аниқлай олмайдилар. Мамлакатнинг энг машҳур, таниқли дўхтирларига мурожаат қилинади. Дўхтирларнинг бири оғриққа меъданинг (ошқозон) жароҳатлангани сабаб, деб тушунтиради. Меъдасининг катта қисмини олиб ташлайди. Оғриқ эса тўхтамайди. Иккинчи дўхтир ҳамма «гуноҳ» буйракда деб, буйрагининг бирини олиб ташлайди. Шундай қилиб, учинчи, тўртинчи ва ҳакозо марта операция қилиниб, нималардир кесиб олиб ташланаверади. Мамлакатнинг мурожаат қилинмаган энг сўнги машҳур дўхтири операция қилган ҳамма дўхтирларни нопрофессионалликда айблаб, ҳамма сабаб оёқларидаги қадаҳларда деб топади ва уларни кесиб олиб ташлайди. Дард эса енгиллашмайди, балки оғирлашади. Бу вақтга келиб, мамлакатда, у мурожаат қилса бўладиган, таниқли дўхтир қолмаган, умр бўйи йиққан катта бойлиги эса қарийб соврилиб бўлинган эди. Уни илтимосига кўра Францияга олиб боришади. У ерда танишлари йўқлиги сабаб кўчадаги рекламаларга қараб бир дўхтирга мурожаат қилишади. Дўхтир беморни синчиклаб текшириб кўриб, бемор соғлом, барча операциялар нотўғри қилинган, деган хулосага келади ва камарни бўшроқ боғлашни тавсия қилади, холос. Дўхтир тавсиясига амал қилган бемор тезликда тузалиб кетади. Лекин узоқ яшамайди. Оддий камарни деб бор буд-шудидан айрилгани, ё авомлиги туфайли жонини ҳадсиз қийноқларга қўйгани аламими, уни адойи тамом қилган эди. Франциялик дўхтир ҳақ эди: барча операциялар зарурият юзасидан эмас, пул олиш учун қилинган, у-бу органи ҳам беҳуда операция қилинмаганининг исботи сифатида кесилган эди. Қисқаси, беморни соғайтиришни эмас, пул топишни мақсад қилиб қўйган дўхтирлар, мамлакатнинг оддий тижорат даражасига тушиб қолган соғлиқни сақлаш системаси ўлдирган эди. Бу бир ҳикоя, унда ҳаётдаги баъзи иллатлар бўрттирилгани рост. 1993 йилнинг охирлари эди. Яқин дўстимнинг ўпкасини операция қилишди. Маълум бўлдики, олдин ўпкани даволаб, кейин операция қилиш керак экан. Бундай шошилиш қимматга тушди... Буни англаб етган оила аъзолари, дўстлари учун операция олдидан зарур муолажанинг қилинмаганлиги армон бўлиб қолди. Дўхтир олдин ўпкани даволаш зарурлигини биларди, лекин у тезроқ «кесиб» олиши керак эди-да! Бундай воқеалар кеча эмас, шу кунларда ҳам рўй бераётганини тез-тез эшитиб қолаяпмиз. Шошиб, ҳолатини аниқламай кўзини операция қилиш оқибатида беморнинг иккала кўзи ҳам кўрмай қолгани ҳақида «Ҳуррият» газетасида ҳам ёзишди. Яқинда қорнида оғриқ пайдо бўлган бир танишимни «Тез ёрдам» машинаси шифохонага олиб боради. Шифохонада чироқ бўлмаганлиги сабабли, бемор шам ёруғида операция қилинади. Демак, «объектив» сабабларга кўра беморнинг ҳолатини аниқлаш имкони бўлмаган. Ушбу шошилинч операция беморнинг манфаати нуқтаи назардан қилинганига ишонмоқ қийин. Ахир, ҳамма жойда ҳам чироқ ўчмагандир. Қизиқ ҳолат: операция қилинган деса, «касаллик тарихи»да қайд этилмаган; операция қилинмаган деса, бемор қорнида пичоқ ва игна излари кўриниб турган ип... Нафсиламрни айтганда, қўлига тушган беморга ҳар куни 20-30 минг сўмлик дорига рецепт бериб, қайси дорихонага мурожаат қилишни маслаҳат бераётган дўхтирнинг холислигига ишониш қийин. Бемор дардига эса уни тузатишни мақсад қилиб қўйган дўхтир даво топиши мумкин. Бутун фикри, изланишлари, ҳатто Аллоҳга илтижоси ҳам инсонни англаш, унинг дардига шифо топишга қаратилган дўхтир шифокордир. Бизда шифокорлар борми, деган савол туғилиши мумкин. Сўзсиз бор, ҳатто кўплаб топилади. Лекин етарли эмас-да! Xудди шунингдек, мамлакатимизда олимлар ҳам, устозлар ҳам кўп. Уларни ҳам мамлакатимиз тараққиёти учун етарли даражада деб бўлмайди. Яқинда, матбуотда Россия теннис федерациясининг президенти билан бўлган суҳбатни ўқиб қолдим. У катта спортчи қилиб тайёрлашга қандай ёшларни танлайсиз деган саволга, бой ёки машҳур бўлиш илинжида спортга кириб келаётган ёшлар спортда катта натижалар кўрсатолмайди, мен спортда юксак маҳоратни, катта натижаларни мақсад қилиб қўйган ёшларни шогирдликка танлайман, деб жавоб беради. Инсон руҳиятини яхши тушунадиганлар учун бу икки тоифа ёшларни бир-биридан ажратиш қийин иш эмас. Шифокор тайёрлаш учун ҳам машҳур ёки бой-бадавлат бўлишни хоҳлаган ёшларни танлаш мақсадга мувофиқ эмас. Бундан ўн беш йиллар олдин, ҳозир исм-шарифи ёдимдан кўтарилган, англиялик бир аёл билан бўлган суҳбатни ўқигандим. Эсимда қолгани, суҳбатдоши уни, айни пайтда, дунёдаги энг бадавлат аёл, нуфузли оила-сулоланинг вакили деб таништирган эди. Суҳбатнинг шунча йиллар ўтиб ҳам эсимдан чиқмаганига фақат аёлнинг ўта бойлиги, нуфузли оиланинг вакили эканлиги сабаб бўлган эмас, албатта. Ўша аёл отасини хотирлаб: «Сизларга сиз мансуб бўлган оиланинг нуфузи ҳеч қандай имтиёз бермайди, балки нимагаки қўл урсангиз, бошқалардан мукаммалроқ бажариш масъулиятини юклайди» деган ўгитини бот-бот эслашини айтган эди. Суҳбатнинг айни шу қисми бир умр эсимда қоладиган сабоқ берган, қадриятлар ҳақидаги тушунчаларимни остин-устин қилиб юборган эди. Мамлакатни қудратли қиладиган инсоний сифатлар оилаларда, таълим муассасаларида қанчалик қадрланса, майдалик, худбинлик шунчалик биз фориғ бўлишимиз зарур бўлган иллатлар эканлиги, катталар ибрати асосида, тушунтириб борилмоғи кераклигини яққолроқ ҳис этгандим, ўшанда. Болада у ёки бу нарсага қизиқиш ҳам, меҳнацеварлик ҳам, эътиқоднинг шаклланиши ҳам оиласининг, таълим муассасаларининг, у ўсган муҳитнинг таъсирида рўй беради. Бундан хулоса шуки, фақат ўзимиз муносиб бўлган ҳаётга, хизматга лойиқ кўриламиз: ўзимиз лойиқ бўлган соғлиқни сақлаш системаси бизники бўлади. Нимага лойиқ бўлишимиз эса ўзимизга – оиладаги, таълим муассасаларидаги таълим-тарбиямизга боғлиқ. Биз тан соғлиги ҳақида ёздик. Инсон саломатлиги фақат тан саломатлигини англатмайди. Кўринишдан соппа-соғ болаларда информацияни қабул қилолмаслик хасталиги кейинги пайтда кўп учраётгани бор гап. Бунга нима сабаб бўлаётгани ҳақида ўйлаганмисиз? Менимча, сабабини аниқлаш учун чуқур мушоҳадага ҳожат йўқ. Атрофимизда рўй бераётган кескин ўзгаришларга назар солайлик. Илгари битта аптека бор ҳудудда ўнлаб аптекалар пайдо бўлди. Радио ва телеведение юзлаб дорилар айни сиз учун зарурлигини дамба-дам эслатиб туради. Кўчаларда, метрода дорилар рекламасидан кўзингиз қамашади. Илгари дўхтир белгилаган дорилар кўрсатилган миқдорда истеъмол қилинарди. Энди-чи? Дўхтирга боришга ҳожат йўқ: қаерингиз оғриётганини, қайси дорини юцанг яхши бўлишини айтиб туришади. Фақат ким учун яхши бўлишини аниқроқ қилиб айтмайдилар. Биз эса соддалик қилиб, бизга яхши бўларкан деб тушунамиз. Шундай умумий сафарбарлик натижасида дориларни камида ўн баравар кўпроқ истеъмол қиладиган бўлдик. Россия матбуоти мамлакатида сотувда бўлган дори-дармоннинг катта қисми қалбакилигини ёзишмоқда. Биз эса бу борада ҳали аниқроқ маълумот айтишга тайёр эмасмиз. Шундай бўлгач, болаларимиз хотирасининг информацияни ёзолмай қолишига зарарли (балки, кераксиздир) дорини истеъмол қилиш сабаб бўлганини рад этолмаймиз. Анчадан буён тўй-базмлардан чарчаб, руҳиятим тушиб қайтаман. Кўпинча базмнинг охиригача ўтиришга тақотим етмайди. Бундай ҳолат ҳушёрроқ юрадиган барча танишларимда рўй бераётган экан. Нега шундай? Одатда, тўй-ҳашамларга таниш-билишларни кўриш, суҳбатлашиш, кўнгил чигалларини ёзиш, куй-қўшиқ эшитиш, яйраш, илҳомланиш учун борилмайдими? Танишларни кўрамиз-у суҳбатлашолмаймиз. Суҳбатлашишга қулоқни қоматга келтириб гумбурлайдиган мусиқа ҳалақит беради. Одатда мусиқа гумбурламайди. Физикада мусиқа шовқиндан фарқ қилинади; ҳар бирининг ўз таърифи-тавсифи бор. Тўйларда биз эшитадиганимиз, ҳайтовур, шовқин бўлса керак. Шошилиб келиб, шошилиб кетадиган «юлдуз»лар нима дейишаётганини эшитолмаймиз. Бошловчию қизиқчиларнинг «топқирлик»лари ҳам ғашимизга тегади. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир хизматга келувчи ўз «дарди» билан келади, бизнинг, – меҳмонларнинг дарди-руҳиятини ўйлайдиган кимса йўқ. Кишига тан ва ақл саломатлиги етарли эмас, унинг руҳи ҳам соғлом бўлиши керак. Мамлакатнинг ҳар бир фуқароси тани, ақли ва руҳи саломат бўлишга ҳақли. Шубҳасиз, ҳар бир киши шунга ҳаракат қилмоғи керак. Лекин у ўз соғлиги билан боғлиқ барча масалалар билан ўзи шуғулланиш имкониятига эга эмас. Масалан, хоҳлаганида ҳам соғлигининг тўла муҳофазасини ўзи таъминлай олмайди. Давлат шакллангач, умуммиллий доимий вазифалар унинг органлари орасида тақсимланадиган бўлди. Ҳозир ҳар бир давлатда «Соғлиқни сақлаш вазирлиги» ёки шунга маънодош ном билан аталадиган орган шаклланган. Лекин уларга юкланган доимий вазифалар бир-бирларидан кескин фарқ қилиши мумкин, баъзан доимий вазифалари аниқлаштирилмаган ҳолатлар ҳам учрайди. Давлат соғлиқни сақлаш системасининг доимий вазифаларини Зарина Xисамова қандай тушунишига яна бир марта эътибор қаратайлик: «Россия соғлиқни сақлаш системасининг функцияси касал бўлган ҳар бир фуқарони сифатли тиббий ёрдам билан таъминлашдан иборат». Юқорида, айни шу фикрни рад этиш учун тўла асос яратдик. Бизнинг фикримизча МАМЛАКАТ СОҒЛИҚНИ САҚЛАСҲ СИСТЭМАСИНИНГ ФАОЛИЙАТИ ҲАР БИР ФУҚАРОНИНГ ТАНИНИ, АҚЛИНИ ВА РУҲИНИ СОҒЛОМ ҚИЛИСҲГА ҚАРАТИЛГАН БЎЛИСҲИ КЭРАК. Биз назарда тутган соғлиқни сақлаш системаси фуқаронинг касал бўлишини кутмайди, унинг касал бўлмаслиги чора-тадбирларини кўради. Бунда илмий тадқиқот ишлари илмий унвон ва даражалар олиш учун қилинмайди, балки туғилган муаммонинг табиатини аниқлаш ёки уни ҳал этиш учун бажарилади, инсон саломатлигига дахли бор бирор масала ҳам назардан четда қолдирилмайди. Биз таъкидлаган доимий вазифаларни бажариш учун ташкил этилган соғлиқни сақлаш системаси бизнеснинг таркибий қисмига ҳеч қачон айланиб қолмайди. Калифорнияда қарийб 130 йиллик тарихга, анъана эга бўлган «ЯНГИ СТАРТ» («НЭW СТАРТ») деб номланган марказ бор. Унинг фаолиятига «инсон организми, ўз табиий ҳолатида, саломатлиги учун зарур бўлган барча керакли моддаларни ишлаб чиқаришга қодир» деган ишонч асос қилиб олинган. Унда давримизнинг энг оғир хасталикларига чалинган кишилар ҳаёт тарзини ўзгартириш — табиий ҳаёт тарзига ўтиш йўли билан даволанади ва ана шундай йўл билан бемор дарддан бутунлай фориғ қилинади. Ушбу маълумот фуқарога «сифатли тибиий хизмат кўрсатиш»ни мақсад қилиб қўйган соғлиқни сақлаш системасини умуман қизиқтирмаслиги мумкин. Фуқароларнинг саломатлигини таъминлашни мақсад қилиб қўйган соғлиқни сақлаш системаси учун эса бундай маълумот ўта қимматлидир. Инсоният одатланган структурага эга соғлиқни сақлаш системаси фуқароларнинг тани, ақли ва руҳи саломатлигини таъминлай олмаслиги аниқ. Биз янги мазмундаги соғлиқни сақлаш системаси ўзининг доимий вазифаларини уддалаш учун қандай структурага эга бўлиши керак, деган масалани ҳозир муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Агар зарур бўлса, муҳокама қилиш қочмас. Олдин бир саволга жавоб беришимиз керак: БУТУН ФАОЛИЙАТИ ҲАР БИР ФУҚАРОНИНГ ТАНИНИ, АҚЛИНИ ВА РУҲИНИ СОҒЛОМ ҚИЛИСҲНИ ТАъМИНЛАСҲГА ҚАРАТИЛГАН СОҒЛИҚНИ САҚЛАСҲ СИСТЭМАСИГА ЭГА БЎЛИСҲНИ ҲАММАМИЗ ҲАМ XОҲЛАЙМИЗМИ? Шодиёр Даврон |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Sogʻliqni saqlash - Bugun va ertaga [Shodiyor Davron] 453 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62430 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23313 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21843 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19543 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14486 |