Ҳачча-бу (ҳикоя) [Abdulhamid Ismoil]

Ҳачча-бу (ҳикоя) [Abdulhamid Ismoil]
Ҳачча-бу (ҳикоя) [Abdulhamid Ismoil]
1
Хачча-бу (ёшлигида Хадича) икки илигидаги бодларнинг оғриғига чидолмасданми, ё бу оғриқ кетидаги алламбало тушлариданми уйғониб кетдию, шу бўйича уйқуси бузулиб, каллаи саҳардан кўрпасини белига ўраганича бомдод ўрнига Сўфи Оллоёрдан билганларини хиргойи қилиб ўтирарди.

Ёмон нафсинг сани ўтдек тутошти,
Гуноҳинг бора-бора тоғдин ошти.
Била олмам, аё ноқобил авқот,
Начук жонсан, начук тансан, начук зот.
Баҳойимсан, башар, девонасан, соғ,
Гуноҳинг олдида арзанча йўқ тоғ.
Муханасмусан, ё болиғмисан, ёш,
Юзунг қаттиқ, тилинг аччиқ, дилинг тош...

Бу аччиқ шеърларга унинг тахир тушлари аралашар, ора-чура уларни йўйишга ҳаракат қиларкан, авзои янада бузулиб, ғаш кўнгли зиёда хиралашарди. Кошки бу зормонда оғриқ шол бўлаёзган икки оёғидан кетса экан, бу оғриғи билан қўшмозор бўладиган-ўв... Нимқоронғуда бир тўда навараси ғужанак-ғужанак бўлиб, сасиб кетган кўрпа остида ётар, бироқ ел қўлансасига ўткир сийдик ҳиди ҳам қўшилганини сезди кампир. «Ер ютмагур анави жинқарча Қўзи яна тагини шалаббо қиб ётган-ўв!» – деб чамалади Хачча-бу ва ортиқ на бодининг уқаланмас оғриғига, на кўнглининг тўзмас ғашлигига чидолмай, бирдан ҳайқирди:
— Ҳой, нас босганла, турийла! Ётуврадими, тўнғизга ўхшаб?! Ҳовлини чанги чиқип ётипти, сув сепсаларинг ўласанми?! Ҳой, Зумрад, эрга тейсанг туғадиган бўпсану, укаларингга қарасанг бир жойинг камайиб қоладими?! Тур-е, мегажинга ўхшамий! Турқийни қара! Бор, юзийни юв! Қиз бола диганиям шунноғ дангаса бўладими?! Сани-чи, Оптов, қулоғингга том биттими?! Бурама қантимми анчадан бери емадинг-а?! Укайни тегини қара – яна шоли суғориб чиққандир... Ҳа, ўл-а! Бор, тезроғ устига кул бос, симга ил, кўрпаларимми чиритиб ювордийла... Сан-чи, сан нимага анқаясан?! Тур, сомоварга қара! Отангга ўхшаб лаллаясан! Очиб қўйиптими бўтта, сўлагийни оқизасан?! Бор, ишийни қил, бўҳтак!
Бу тирмизакларнинг барини тумтарақай қилгач, Хачча-бу, кундан нима кутишини билмай, ўзи ҳам инқиллаб-синқиллаб ўрнидан туради-да, қумғонини кўтариб, лапанглаганича ҳовлига чиқиб кетади...
Кун ҳам бугун ойдаккина бўлади чамаси, осмонда бир пар булут кўринмайди. Қуёш ҳам, қурғур, ёзила бошлаган боддек, сарғая бошлайди. Илиқ қумғонни чекага қўйиб, шилдираган ариққа энгашсаммикан, - деб ўйлайди шу топ кампир, бироқ қайсарлигими, жиними тутиб: «Очув лаҳатка энгашасанми, бошинг тегингда қогур!» – деб қўяди ўзига ўзи. Бир пас-ярим пас ўтмасдан ижиқ Қўзининг овози: «Буви, буви, анунийзи қаранг, майна қивотти!» – деб, кампир оромини бузади.
— Дард! - деб ўшқиради кампир. Чўчиб кетган Қўзи чинқириб юборади. – Ҳўв, балога йўлиққур, тинч қўясанми ўзи?! Ҳе, қиган ишинг бошийнда қосин! Ордона-ей! Нега калака қиласан, тасқара?! Санам аммамми бузоғидай қараб турасанми?! Атчайин бўмийсанми?!
Бу пайт эшикдан Зебинисо-қўшни кириб келади.
— Эгачи, ҳуй эгачи! Турдийлами?!
Хачча-бу мийиғида ғудраниб қўяди: «Eрталаптан пиширип қўйиптими?» – бироқ ўрнидан туриб, қўлларини этагига артганича, Зебинисони қаршилагани юради.
— Эсонмисиз, омонмисиз? Яхши ётип турдийлами? Келинг, эгачи, қоқиндиқ... Қизла, чойга қарайла! Ўтинг, айнаний... тортинманг, жоним тасаддиқ...
Қизлар супага тезда дастурхон ёзишади: бири чой олиб келади, иккинчиси – нону мураббо. Учинчиси шалоплатиб супа атрофига сув сепиб чиқади. Қўлига супурги олиши билан Хачча-бу уни койийди: «Ҳой, бепаросат, айтмапмидим сангга эртароқ супургин деп? Энди ўтирганимизда чангитасанми? Санларга ўқитувриб ўзимга қомийдиган бўлдию!» – кейин Зебинисо-қўшнисига чой узатиб: «Охирзамонни дажжоллари була, қўшни, тилуқмас хитойла...» – деб шикоятланади.
Офтоб: «Буви, мана босиб супурвотманку, биттаям чанги чихмавотти...» – деб мижғовланиб қўяди. «Майли, билганингни қил, эссиз санлага уқтирган гапларим...» – дея, Хачча-бу Зебинисо билан алламаҳалгача гап сотиб ўтиришади.
Ағдан-бағдан суриштирган сайрамлиқ Зебинисо: «Болдарийз қайтадиғанми?» – деб, кампирнинг нарироқда чуғурлашиб чой ичаётган невараларига ишора қилади. «Қайдам, пули кептуриптику, шунисига шугур. – дейди Хачча-бу. – Мусопирчилийда бошлари омон бўса бўгани... Эттаю-кеч дуо қип ўтирипман» – деб нолийди эна.
— Майли, бўмасам манам турақолай, эгачи, қиладиған ишларим бориди...
— Ҳа, ўтирипсиз-те, - дейди кўнгли учун Хачча-бу, ичида эса: - Супрадай ёзилиб нимага шунча вахтимми олди бу? – деб, ҳайрон бўлади. - Қизих-те бу одамла, қиларга иши йўғмикин?! Ҳойнаҳой қурух чойи тугаган бўса керай бу қурумсоғғи... – Бу ўйда кампир қўшниcи Зебинисони эшиккача кузатиб қўяди.
Ҳалога ёзилгани ўтаркан, яна эсига бояги туши тушади. Қўл-оёғини сўқимдек боғлаб раҳматли эри Инъом-хўжа Хаччани Зоғориқ бўйига етказармиш-да: «Мана энди сани сувга ташийман - бир йўла бодингдан қутулиб чиқасан!» – дея, сувга ирғитиш ўрнига жар ёқасида қолдирармишу, ўзи ғойиб бўлармиш. Хачча қимирлай деса – жардан сувга қулайди, қимирламай деса – сувдан Зумрадми, Офтобнинг акси қараб турганмиш. «Ҳа, нага бўзрайвотсан, опат, ечмийсанми бувийни?!» – деса, Зумрадми, Офтоб: «Ўл-а, танмадинг-а!» – дея, сувга шўнғирмиш. Шунда чўчиганидан қора терга ботиб сесканиб кетади Хачча-бу...
«Ўл-а! – деб қайтаради бояги овозда кампир. – Ҳалодаям тушийни эслийсанми, қиёматта қўпмагур!» Ҳалодан чиқиб Хачча-бу полизга боқади. Памидорилар орасида зарпечакка кўзи тушадию, невараларига қараб бақиради:
— Ҳув, Зумрад, ҳув Оптов, ўв, гармсел ургур сассиҳпопишай! Мамбунга қарамийсилами?! Ҳаммаёғғи зарпечай босип кетиптию!
Қизлар зум ўтмай бувисининг этагига қўнади. «Eҳтиёт қилип юл, суви тўкилса яна чиқип келувради!» – деб огоҳлантиради Хачча-бу, ўзи эса бир шингил райҳонни қулоғига қистирганича, ошхона томон жўнайди. Дам ўтмасдан унинг шанғи овози ошхонадан таралади:
— Ҳой, ер юткур, хамиринг оқип кетиптику, чочиқларим расво бўпти, чоп, қурвонлиққа ярамас!
Қизлардан бири қўлидаги зарпечагини улоқтирганича, ошхона томон югуради. Кетидан синглисининг ноласи етади: «Ўл-а, опа! Энди ҳаммаёғғи зарпечай босади...» Узоқдан опаларини Қўзивой масхара қилиб туради.
Ярим соатдан кейин сўнг памидорини ўташ ҳам бир чекада қолиб, қизларнинг бари ошхонада нон ёпишга киришади: бири тандир қиздирган, бири – зувала узган, яна бири – бувиси билан нон ясаб, Қўзивой қўлида чаккичи билан ясалиб бўлган нонларни чаккичлаган.
— Тандирга бир матта кирган дўзаҳга кирмийди! – деб уқтириб қўяди Хачча-бу, қўлига енглигу рапидасини кияр экан. – Кўзийни моштай оч, ҳўв қиз! Эрга тейсанг кунинга ярийди! Эрингга қўшилип кўчалада ипириски овқат еб юрмийсан! – деб, у юзинчи маротаба Зумрадга нон ёпишни ўргатади. – Ана, отайнг минан онайнг қўлтиғимга пахта соп кетишти. Расийга борип лўхтакидай пул ишлармиш... Кўча тентирап гадой бўп юргандир... Емастан-ичмастан ўлимликка йиққанларимми опкетишти. Ма санга, ма санга, нима қолди Ҳасанга...
Қизлар миқ этмайди, фақат Қўзивой эркатойлик қилиб: »Буви, боя ўзийз Зебапага эттийзку, пул юворишвотти дип...» – дейди. Бунга кампирнинг ўтлаган қаҳри яна қапчийди:
— Ўчир-е, зумраша! Энди Зеби-мумсиккаям ярим йилдан бери бир мири юворишмади дийми?! Уни оғзига қопқоғ ёпиб бўладими?!
— Туяни шомол учирса, эчкини осмонда кўр эканда... – деб ақлини кўрсатади муштумдек Қўзи. Бувисининг қитиғ патини билади бу муттаҳам. Ўласанми-куласанми бу мишиқига... Болани бошидан маълум дигани шу-те... Қизлар-чи, мум тишлашгандек: бири тандирнинг оғзини ёпган, бошқаси – тандирдан олинган ортиқча чўғларга човгум қўйган, учинчиси – узиладиган нонга сават шайлаган.
— Буви, нага нонимиз гуллаб кетади, хич бозордигига ўхшамийди?! – деб сўрайди узилган нонларни саватга ёйган Нозлижон.
— Унимиззи кепаги кўп, - деб тушунтиради Зумрад, бироқ унинг гапини Хачча-бу чўрт кесади: «Ҳа, ҳали кепаги кўп бўп қолдими? Тешип чиқмийдими бу гапларинг учун?! Сан, бола, таппи қалап зоғора нон емагансан-та! Тилийни беш қарич қип «кепаги кўп» дийсана!»
Бу пайт эшикдан кимнингдир овози келади-да, Зумрад, қутулганига ишонмай, дарвоза томон шошилади...

2
Eшикни очса – эшик тагида посон бир йигит турибди. Афтидан чет эллик. Лекин ўзбекчасига олиб: «Инъом-хўжа акаларнинг хонадони шу бўладими?» – деб сўрайди. Зумрад юз йил эшитмаган бувасининг отиданми, ё бу пўрим йигитчанинг кўринишиданми бир навъ гангийди-да, каловланиб: «Ким дидийз?» – деб қайта сўрайди. «Инъомжон-хўжакаларнинг уйими бу?» – деб жилмаяди йигитча. «Ҳе, бувамла бўладию, ўлиб кетганла-те...» – деб соддадиллик билан кўнади Зумрад. Йигитча қўлини юзига тортиб: «Худо раҳмат қилсин!» - дейди-да: «Уйда катталардан ҳеч ким борми?» – деб сўрайди. Шу пайт ҳовлидан: «Ҳой, Зумрад, ер юттими сани, мунча хаёлладинг?! Кимакан ўзи?!» – деган ҳайқириқ янграйди. Юзи шувут Зумрад қўрққанидан йигитчани ичкарига бошлайди: «Келинг, бум билан гаплашарсиз...»
— Буви, сиззи қидирип кептила...
Хачча-бу, қўлида енглигу рапидаси билан ошхонадан мўралайди, бояги шинам йигитчани кўриб, нонга сув пуркайди-да, тандирни Офтоб билан Нозлижонга қолдириб, ўзи билтонғлаганича Зумрад билан йигитчага юзланади.
— Келинг, болам... (Қайси шамол учирган экан?) Тузуймисиз, эсон-омонмисиз?
Кейин Зумрадга ўшқиради:
— Нага карахт бўп қолдинг, овсар, чоп, дастархонийни ёз, иссув нонийндан опчиқ!
Кампир озода йигитчани айвондаги супа томон бошлайди. Боягинда туппа-тузук ҳавонинг авзои бузула бошлаган эса-да, бу димликда шилдираб турган ариқдан зиғирдек бўлса ҳам салқин уфури тараларди.
— Келинг, қоқиндиқ, бўйларийздан ўзим ўргилий, кўзимга иссув кўриндийз, - дея ўсмоқлайди Хачча-бу. Йигитча жавоб ўрнига қўлини фотиҳа учун ёзганида, кампир ҳамоно: - Биззи йўқлап кеганакансиз, илоё мартабайз икки дунё улув бўсин! – дея қўлини юзига тортади ва: - Хуш кепсиз! – дея, Зумрад олиб келган бир даста иссиқ нондан бирини танлаб, ушата бошлайди. – Қани, нонга қаранг! – Кейин Зумрад кетидан: - Сан Ҳалакани итидай ликкиламагин-те, чойийни тезлат! – деб буюради.
Йигитча ортиқча истиҳола қилмасдан мақсадига ўтади:
— Мен бугун мозор бошига келган эдим, бувимлар шу ерга кўмилганлар, шу денг бувимлар тоза хўжалар авлодидан эдилар. Дадам шажаримизни тиклай бошлаганлару, бувимнинг ота томонларидан сал қийналганлар. Катта бувамиз - Камол-хўжа деган одам, ўттизинчи йилларда отилиб кетган эканлар. Худо раҳмат қилсин!
Шу пайт чойнагини кўтариб келган Зумрад ҳам чойнакни дастурхонга тақ этиб қўйиб, қўлини юзига тортар экан, хушёр кампир:
— Ҳой, довдир, чойнайни синдираёздингу! Бор, меваладан терип ке! – дейди. Буларни ошхонадан пойлашаётган Офтобу, Нозлижону, Қўзивой пиқир-пиқир кулишади. Йигитча бир зумга алахсиб, унга узатилган пиёлани олар экан, ҳикоясида давом этади:
— Ана шуларнинг уруғларини қидириб юрибман. Дадамнинг айтишларича шу маҳаллада Усмон-хўжами, Юнус-хўжами деган бувимнинг амакиваччалари бир пайт яшар экан. Гўрковдан сўрасам сизларнинг хонадонингизга жўнатди. «Инъом-хўжакаларникидан сўрасанг, шулар билишади», - деб айтди. Шунга сизларни қидириб келган эдим...
Иссиққина нонини чойга ботира кавшаб ўтирган Хачча-бу бирданига:
— Ҳе, Мели-қозоғ тўғри этипти, бизам пешиндан кейин айнидиган хўжаладан бўловуза. Бу маҳаллада биздан бошқа хўжа йўғ, чироғим... – дейди.
Зумраднинг эндигина узилган мевалари ҳам етиб келади.
— Ҳўв, қиз ўлмагур, кетишийндан қайтишинг тез бўлди... Тинчлийми? Сан, бола, эси-хушийни йиғвогин-а! Меваларийни ювдийми ўзи? Бор, ошхонайнга қара, қоқилган қозиққа ўхшаб турма-е!
Зумрад, қизарганича, ошхона томон йўл олади.
— Буларийзам тоза хўжақизладан, ордона қосин! – дейди кампир кўлкадек йўқолган қиз кетидан.
— Демак Усмон-хўжа ё Юнус-хўжака деган одамларни эшитмаган экансиз-да? – деб сўрайди йигитча, пиёласини дастурхонга сезилар-сезилмас зарда билан қўяр экан.
— Бувийззи отлари нимайди дидийз? – деб сўрайди мўмин овозда Хачча-бу, ичида эса: «Бу зумрашани зардасини кўтараманми ҳали? Совунимга кир ювмапти бў жўжахўжа!» – деб ўйлайди.
— Шарофат. Камол-хўжа қизи Шарофат...
— Қоплонбейдаги балнийсада ишлаган Шаропатмасми?
— Ҳа-да! Танирмидингиз уларни?! - деб ҳаяжонланади йигитча.
Кампир эса юпқалашган лабларини чимириб:
-Танигандачи... – дейдию, орага оғир сукут тушади.

3
Таниганда-чи! Инъом-хўжа эрини бузоқдек бурнидан илаштириб кетаёзган қанжиқ ана шу Шарофат бўлади-да! Кампирнинг миясига қон урди ўшанда! Портлади Хачча-бунинг мияси! Етти қават тупроқ остидаги гўрида ярим аср ётган кўлкалар сапчиб қалқди кўз ўнгига! Ҳаҳ, билувдия кампир, сезган эдия каллаи саҳардан: оёғининг боди эмасди бу, ҳавонинг ҳам авзои тугул, туши ҳам айтмабмиди унга бу дақиқа келишини...
Олтмишинчи йилларнинг охири эди ўшанда. Хадичахон Инъомжонга янги теккан маҳали. Манавиларнинг отаси туғулиб бўлувди ўшанда. Иккинчисига ҳомиладор эди. Янги келиннинг ҳаёти қурсин: кўрганинг – супургию супра, ўқишга қўядими қайнона: ҳамширалик курсларнни ҳам ташлаттирди ўшанда Инъомжон эри. Кундузи қайнонаси қийнаса, кечаси – ишидан қайтган эри қистайверади. Ҳомиласига ҳам қарамайди. Тунлари бир эрининг овунчоғи бўлади, бир эмизикли боласини юпатади. Уйқу йўқ, ҳаловат йўқ. Озиб-тўзиб кетди ўшанда Хадичахон, ўшанда Хадичахон Хаччага айланди-қўйди. Юзида юз қолмади, баданидан сўяги чиқиб, эти йўқолди. Ана ўшанда буларнинг ҳаётида Қора-ботир каби бўйнинг узилгур Шарофат – Шароб пайдо бўлди.
Аввалига Хаччанинг содда эри оғзидан гуллаб қўйди: Қоплонбекдаги дорихонани бошқармасмиди, нима эмиш, Қоплонбекдаги касалхонага ҳамшираларнинг каттаси бўлиб ўзимизнинг хўжалардан бўлган бир навжувон ишга кирганмиш, касалхонада тежалган дориларни дорихонага топшириб, пулини энди орада арра қилишармиш...
Шув этди ўшанда Хаччанинг яланғоч, озган юраги, бироқ ҳеч нарса демай, илжайиб қўйгандек бўлди холос.
Eртасига ярим кечада эри яна бир баҳонада иши ҳақида гапиратуриб: «Хўжаларинг қизиқ-та, хотин! Анави Шарофат деганим-чи, ҳалиги, дори обкеладиган-чи, уни уйида ҳамма Шароб дейишаркан... Жинними буларинг, шарофат қайдаю, шароб қайда...» Хачча ўша тун ҳам ориқ елкасини қисиб қўяқолди. Хулласи, нима бўлди, Худонинг берган туни гап бориб-бориб ўша ўлгур Шарофат-Шаробга тақалар, бир туни эса саҳарга яқин сут илинжида йиғлай бошлаган тўнғичи боис Хачча уйғониб, ёнидан ёнига ағдарилса, унга қўлини қўйиб ётган эри уйқу аралаш: «Шароб, Шароб...» – дейди... Тонг откунча пиққиллаб йиғлаб чиқди ўшанда Хачча. Неки қарғишларни билган эса, барини ёғдирди ажалинг еткур ўша манжалақи Шароб бошига. Ўша тун Хачча қаттий бир режа тузди.
Кун яримлаб қолганида дўхтирни рўкач қилиб, эмизиклигини қайнонасига ташлади-да, ўзи кўчада автобусга ўтириб Қоплонбекка борди. Тушликни чоғлаб борган эмасми, орқа эшикдан ҳамшираликка ўқиб юрган чоғлари қаллиғлиқ кунлари яхшигина таниб олган дорихонасига кирди-да, кийим ишкопларининг бирига беркиниб олди.
Дорихона эмасми, ишкоп ичи дим бўлса-да, биронта ғуборсиз эди, терладию Хачча, бироқ аксурмади, эрини пойлади. Ярим соатлар ўтар-ўтмас тушликдан кекириб эри кириб келди. Хаччанинг юраги дук-дук ура бошлади. Бундан ҳомила ҳам саросимага тушиб, дук-дук қорнига тепа бошлади. У-бу одамларнинг кириб-кетишию, шишачаларнинг жаранг-журунгида қанча вақт ўтганини билмади Хачча, лекин унинг мўлжаллаган вақти-соати ҳам етиб келди. Ҳовлида «Тез ёрдам» машинаси тўхтади-да, гўёки касалхона учун дори олиб кетгани келган ҳамшираларнинг каттаси ундан тушиб келди.
— Шарофатхон, сизмисиз? – деб ўз нафасига тиқилди ҳаяжонидан Инъом-хўжа. Қадамларини майда-майда сочиб, хонага бир шарпа кириб келди. Хаччанинг ҳаяжони ҳам ҳомиласи била бирга ҳалқумига тиқилди...
— Шарофатхон, бормисиз ўзи... Соғинтириб юбордингиз-ку! – деб, ўзининг ҳирс нафасини ёза бошлади Инъом.
— Ассалому алейкум, Инъомжон-ака... – деб, нозлангандек бўлди бу қанжиқ... – Мана, айтган дориларингизни олиб келдим...
— Бизнинг доримиз бошқа, оппоқ қиз... – дея, шилқимлик қила бошлади эри.
— Қўйсангиз-чи, Инўмжон-ака, уйли-жойли одам бўлсангиз...
— Сиз учун сурилиб турар уй-жой деганингиз, ўлдими... – деганини билади Инъом-хўжа, шу пайт кийим ишкопининг эшиги шарақ-шуруқ очилиб, ичидиги кийимларга алвастидек ўралиб, бўғоз хотини Хачча чиқиб келса бўладими!
Йўқ, хушидан кетиб қолгани йўқ Хачча ўшанда, жилла қурса анави жалабнинг сочига ёпишгани йўқ, эрини ҳам бўғмади: хипча белида оппоқ халатининг оппоқ белбоғини ўйнаб турган анави манжалақининг чиройига маҳлиё бўлиб қотиб қолди. Айниқса малак ё шайтон кўзларига: бир кўрсанг – умрбод унутмайсан...
— Нима қилиб юрибсан бу ерда, эшшак?! – деб, дўқ урди унга эри. Бу қўрс овоздан чўчиб кетган Хачча ўзининг азбаройи жулдурлигидан, кўримсизлигидан, исқиртлигидан нима қиларини билмай ҳўнг-ҳўнг йиғлаб юборди.
Анави малакнинг қандай ғойиб бўлгани ҳам эсида йўқ, эри машина ёллаб уйига етказганини ҳам эслолмайди, тўкилиб-тўкилиб барини қайни Бабага айтиб берганини хотирлайди холос...
Ўша кечаси қайни Баба бечора Шарофатни қаердадир пойлаб пичоқлаб кетдию, шу бўйича Сибир бўлиб, уйига бошқа қайтгани йўқ...
Шарру офат эди ўша хўжа қизи Шарофат, шарофат эмас, нақд шарру офат... Танимасинми уни Хачча?! Таниганда-чи!

4
— Ҳўв, тентай, сан нага бақрайиб қолдийнг? Кўзийнг ёмон сани, кўзийнг! Тешворгудай! Иммилама, бор, аравайни торт! – Зумрад йигитчанинг пиёласидаги чойни янгилаганича, бувисига ялт этиб қарайди-да, лом-мим демасдан яна ошхона томон жўнайди. У ерда шумшайиб турган Қўзивой: «Ажап бўлди, хўп бўлди!» – деб опасини қаршилайди «Eтмапмидим санга: ковушинг тор бўса дунёни кенглийидан не пойда? – дип».
— Ҳа, чойийзга қаранг, болам, ойнаний, совип қомасин... Гапийз оғзийзда қолди. Нима дивотувдийз?
— Ҳа, - деб талмовсирайди йигит. – Айтмоқчи бўлганим, Шарофат-бувимни танирмидингиз?
— Ҳа-йўғ, қаёғда... Шунчаки бир эшитудим-те...
Бу пайт ошхона тарафдан қўзининг маърашидек Қўзивойнинг: «Буви, буви!» – деган хархашаси келади.
— Ҳе, бувийнг ўлип бувисиз қогина, нима тағин?! Тинч қўясанми ўзи?! Яшшамагурлар, бир оғиз гапкаям қўйишмийдия! – деб жеркийди Хачча-бу.
— Анунийззи қаранг, юм-юм йиғлавотти. Ўзимми ўлдираман дивотти...
— Кимакан ўша ордона Нурхон?! Кўп еган зўр дип, яна нима қилиғ чиқарвотти?! – деганича, кампир ковушини оёғига илар-илмас, эндигина ёмғир сепиб ўтган ҳовлини пилтиллаганича кесиб, ошхона томон шошади. Йўл-йўлакай у: «Сийлаганни сигир билмасакан-те!» – дея тўнғиллаб қўяди.
Ғаройиб йигит нима қилишини билмасдан: кетсаммикан ё кутсамми, дея каловланиб ўтиради.

Кампир эса токдан тушган бир-икки томчини бужмайган юзидан артиб борар экан: «Шу йигитчага анави мол Зумрадимми узутсаммикан? Ҳайип, опатнинг қони ёмон-те... Унноғ дисам биззи қонимиз тузувми?» – деб ўйлаб боради. Ток барглари орасидан ишшайган қуёш кўринар экан: «Балога йўлиқ, Хачча бўмий... баримиз пешиндан кейин айнийдиган хўжаламиз-те» – деб ўзича ўйлаб қўяди
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика