Мухтасар тарихи анбиё ва тарихи Ислом [Abdulla Avloniy] |
Одам алайҳиссаломдин Муҳаммад алайҳиссаломғача ароларинда ўтған пайғамбарларнинг қиссалари ва зуҳури ислом. Усули жадидага мувофиқ равишда мактаби ибтидоияларимизнинг учинчи ва тўртинчи синф шогирдлари учун тартиб берилуб, Туркистон шевасинда энг мўътабар асарлара иктифо қилинуб, қисқача Ҳазрати Одам алайҳиссаломдин хилофати рошидин замонигача дарж қилинуб, майдони интишора қўйилди.Ҳақ таъби маҳфуздир Бисмиллаҳир роҳманир роҳим! Ояти Карима: Наҳну нақуссу алайка аҳсанал қасаси бимо авҳайно илайка ҳазал Қуръана ва ин кунта мин қаблиҳи ламинал ғофилин (Қуръони карим. «Юсуф» сураси, 3-оят.). Маноси: Ё, Муҳаммад! Биз Қуръонни сенга ваҳий қилуб, қиссаларнинг гўзалини ҳикоят қиламиз, агарчи биз қисса қилмасдин илгари бу гўзал қиссалардин хабарсиз бўлсанг ҳам. Ҳазрати Одам Алайҳиссалом Жаноби Ҳақ оламни бор қилуб, Отамиз Одам алайҳиссаломни лойдин яратуб, жон берди. Фаришталарни Ҳазрати Одамга сажда қилурға буюрди. Фаришталар сажда қилуб, Иблис сажда қилмади. Шул сабабли Аллоҳу таоло даргоҳиндан қувлануб, малъун ўлуб, Одам болаларига душман бўлди. Сўнгра Жаноби Ҳақ Ҳазрати Одамнинг чаб қобирғалариндин Аномиз Ҳаввони яратуб, иккиларини жаннатга қўюб, «буғдойдин емангиз«, - деди. Душман Шайтон бир ҳийла ила жаннатга кируб, васваса қилуб: »агар буғдойдин есангиз, доим жаннатда қолурсиз», - деб алдаб, иккиларин ҳам едурди. Шул сабабли Жаноби Ҳақ аларни жаннатдин ерга тушурди. Ҳазрати Одам Ҳиндистонга яқин Сарандиб отасига (юртига) Ҳазрати Ҳавво Маккаи мукаррама ёниндаги Жадда тоғига тушдилар. Ҳазрати Одам жаннатдин чиққанларига кўб вақт йиғлаб, қилған гуноҳларига тавба қилдилар. Ҳақ таоло тавбаларини қабул қилуб, «Маккага бор!» - деб амр қилди. Маккага боруб, Ҳазрати Ҳавво ила топишуб, бирга яшадилар. Аномиз Момо Ҳавво ҳар туғушда бир қиз, бир ўғул туғуб, фақат Шис алайҳиссаломни ёлғуз туғдилар. Қобил Ила Ҳобил Одам алайҳиссаломнинг Қобил ва Ҳобил исмли икки ўғиллари бор эди. Қобил ўзи бирла туғушган Иқлима исмли синглисини олмоқчи бўлди. Одам алайҳиссалом ўз шариатлари узра Ҳобилга бермоқчи бўлганларида Қобил рози бўлмади. Одам алайҳиссалом: «Бўлмаса, иккингиз ҳам Аллоҳу таолога қурбон сўйингиз, қайсингизни қурбонингиз қабул бўлса, Иқлимани ул олур», - дедилар. Қурбон сўйдилар. Ҳобилники қабул бўлди. Қобил ҳасад қилуб, Ҳобилни тош бирла уруб ўлдуруб, ерга кўмди. Жаноби Ҳақ Одам алайҳиссаломни ўз болаларига пайғамбар қилуб, ўн саҳифа китоб юборди. Минг йил яшаб, Жумъа куни вафот бўлдилар. Қабри шарифлари Сарандиб-дадур. Бир ривоятда Маккада Абу Қубайс тоғиндаги ғорда дейилур. Ҳазрати Ҳавво Ҳазрати Одамдин бир йил сўнгра вафот бўлдилар. Қабри шарифлари Жидда тоғиндадур. Ҳазрати Шис Алайҳиссалом Одам алайҳиссалом вафотларидин аввал Шис алайҳиссаломни яхши кўруб, барча болаларига подшоҳ қилуб қўймиш эдилар. Вафотлариндин сўнг Жаноби Ҳақ Шис алай-ҳиссаломга пайғамбарлик беруб, эллик саҳифа китоб юборди. Шис алайҳиссалом Каъбаи муаззамани тош ва лойдин бино қилдилар. Аллоҳга осий бўлган Қобилнинг авлоди бирла урушдилар. Одам болалариндин энг аввал қилич билан урушган Ҳазрати Шисдурлар. Болалари ниҳоятда кўпайгандин сўнг, тўққуз юз ўн икки ёшларинда вафот бўлдилар. Қабри шарифлари Маккаи мукаррама ёнинда Абу Қубайс тоғиндадур. Идрис Алайҳиссалом Ҳазрати Одам болалари аросинда тўғри йўлдин чиқуб, бутларга чўқунмак каби ямон ишлар кўпайди. Ҳақ таоло аларни тўғри йўлга солмак учун Идрис алайҳиссаломга пайғамбарлик беруб, ўттуз саҳифа китоб юборди. Ҳазрати Идрис қавмларини тўғри йўлга солуб, халқни уламога, подшоҳга, амирга, авомларга тақсим қилдилар. Ер юзинда аввал кийим тиккан, қалам бирла хат ёзған Идрис алайҳиссаломдурлар. Бундин аввал Одам болалари ҳайвон терисига қоплануб юрур эдилар. Идрис алайҳиссаломга кўкларнинг асрори очилуб, Жаноби Ҳақ тирик ҳолларинда юқори маконга кўтарди. Ул вақт уч юз олтмиш ёшда эдилар. Нуҳ Алайҳиссалом Идрис алайҳиссаломдин сўнг Одам болалари аросинда тўғри йўлдин чиқуб, бутларга чўқунмак каби ямон ишлар кўпайди. Жаноби Ҳақ аларга тўғри йўлни кўрсатмак учун Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилуб юборди. Ҳазрати Нуҳ қавмларини имонга чақирдилар. Фақат уч ўғуллари ила саксон киши имон келтурди. Бошқаларига насиҳат қилсалар, изо ва жафо қилдилар. Аларни имонлариндин умид узуб, жафоларига сабр қилолмай, дуоибад қилдилар. Дуолари қабул бўлуб, Аллоҳ тарафиндин «Кема яса!» - деб ваҳий келди. Нуҳ алайҳиссалом кемани бир холи ерда тайёр қилғанлариндин сўнг тўфон аломатлари пайдо бўлди. Ҳазрати Нуҳ мўъминларни олуб ҳам ҳар хил ҳайвонлардин бир жуфтдин солуб, кемага тушдилар. Ём исмли ўғиллари «ман тоғга чиқуб қутулурман», - деб турган замонда бир тўлқин келуб ҳалок қилди! Бутун ер юзи сув бирла тўлди. Сув баланд тоғлардин ҳам ошуб, ер юзиндаги барча инсонлар ва ҳайвонлар ҳалок бўлдилар. Тўфон олти ой давом этуб, сўнгра сувлар камайди. Нуҳ алайҳиссаломни кемалари Эронистонда Қорабоғ деган ерда Жуди исмли тоғда тўхтади. Кемада уч ўғиллариндин бошқа инсонлар ҳалок бўлдилар. Ҳозирги инсонлар Ҳазрати Нуҳнинг бу уч ўғиллариндин тарқалди. Ҳом исмли ўғиллариндин ҳабаш ва занжилар, Сом исмли ўғиллариндин араб, форс ва рум қавмлари, Ёфас исмли ўғилларидин турк, тотор, мўғул халқлари тарқалди. Шунинг учун Нуҳ алайҳиссаломни «Иккинчи Одам» дейилур. Нуҳ алайҳиссалом минг йилча умр кўруб, тўфоннинг уч юз эллигинчи йилида вафот бўлдилар. Ҳазрати Ҳуд Алайҳиссалом Тўфондин сўнгра Яман вилоятида Ҳазрамавт атрофинда Аҳқоф деган ерда Од қавми пайдо бўлди. Шаҳарларини обод қилуб, ниҳоятда маҳкам иморатлар солдилар. Бу қавм ҳам тўғри йўлдин чиқуб, бутларга ибодат қилдилар. Жаноби Ҳақ бу қавмга Ҳуд алайҳиссаломни пайғамбар қилуб юборди. Ҳуд алайҳиссалом қавмларни имонга даъват қилдилар. Мўъжизалар кўрсатдилар. Оз киши имон келтуруб, бошқалари ширк ва залолатда қолдилар. Жаноби Ҳақ буларнинг бошига очлик балосини юборди. Уч йил қаҳатчилик бўлуб, шаҳар ва боғларнинг суви тўхтади. Хотунлари етти йил бола туғмади. Барча ҳайвонлари ўлуб битди. Буларни кўруб ҳам имон келтурмадилар. Жаноби Ҳақ ул қавмни сарсар исмли шамол бирла ҳалок қилди. Ҳазрати Ҳуд мўъминлар ила Маккаи мукаррамага боруб, умрларини тоату ибодатда кечурдилар. Қабри шарифлари Маккаи мукаррама шаҳриндадур. Ҳазрати Солиҳ Алайҳиссалом Од қавминдин сўнг Шом ила Ҳижоз орасинда Ҳажар деган ерда Самуд қавми пайдо бўлди. Булар ҳам Од қавми каби тоғларни, тошларни тилуб, мустаҳкам уйлар солдилар. Лекин бу қавм ҳам тўғри йўлдин чиқиб, бутларга ибодат қилдилар. Жаноби Ҳақ буларга Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилуб юборди. Солиҳ алайҳиссалом ҳақ динга чақирдилар. Оз киши имон келтуруб, бошқалари кофирликда қолдилар. Бир кун мушриклар «пайғамбар бўлсангиз шул тош ичиндин болалик тева (туя) чиқаринг», - деб бир катта тошни кўрсатдилар. Солиҳ алайҳиссалом дуо қилдилар. Аллоҳнинг амри ила ул тош ёрилуб, ичидин болалик тева чиқди. Кофирлар ул теванинг аносини сўйдилар. Боласи яна шул тош ичига кируб кетди. Бу мўъжизани кўруб ҳам мушрикларнинг озлари имон келтурдилар. Сўнгра Жаноби Ҳақ ул қавмни кўкдин бир овоз юборуб ҳалок қилди. Солиҳ алайҳиссалом мусулмонлар ила Маккаи мукаррамага боруб, умрларини тоату ибодат ила ўткардилар. Ҳазрати Иброҳим Алайҳиссалом Ҳазрати Нуҳнинг болалари аввал Ироқ шаҳринда туруб, сўнгра Фрот наҳрига яқин Бобил шаҳрини бино қилдилар. Ичлариндин бир тоифа чиқуб, Дажла наҳри лабинда Мавсил шаҳрига яқин Нинво шаҳрини бино қилдилар. Бу қавм Нинвони пойтахт қилуб, кўб шаҳарларни олдилар. Булардин сўнг Калдони деган бир қавм пайдо бўлуб, ниҳоятда тез қувват тобдилар. Лекин тўғри йўлдин чиқуб, юлдузларга ибодат қилдилар. Жаноби Ҳақ аларни тўғри йўлга солмак учун Иброҳим алайҳиссаломга пайғамбарлик беруб, ўттуз саҳифа китоб юборди. Ҳазрати Иброҳим қавмларни ва Бобил ҳокимини имонга даъват қилдилар. Намруд Иброҳим алайҳиссаломга ишонмасдин, бир улуғ ўт ёқдуруб, Иброҳим алайҳиссаломни ўтга ташлади. Аллоҳу таоло пайғамбарини куйишдин сақлаб, ўтни бир яхши гулзор қилди. Бу мўъжизани кўруб, баъзилари имон келтурдилар. Иброҳим алайҳиссалом уй ичларини олуб Ҳаррон тарафига, андин Шомга, андин Маккага боруб, ўғуллари Исмоил алайҳиссалом ила Каъбаи муаззамани бино қилдилар. Хатна қилмак, тирног олмак, мўйлаб олмак, мисвок қилмак, мусофирларни иззат қилмак Ҳазрати Иброҳимнинг суннатлариндиндур. Қабри шарифлари Қуддуси шарифга яқин Халил ул-раҳмон деган ердадур. Ҳазрати Лут Алайҳиссалом Лут алайҳиссалом Ҳазрати Иброҳимни қариндошларидурлар. Иброҳим алайҳиссалом ила бирга Мисрга, андин Шомга бордилар. Фаластинга келганларида Жаноби Ҳақ Садум халқига пайғамбар қилди. Садум халқи бу замонғача Одам болалари қилмаган фисқ-фужурларни қилур эдилар. Лут алайҳиссалом аларни тўғри йўл ила ҳақ динга чақирдилар. Ёмон ишларни ташла-турға ҳаракат қилдилар. Қавмлари насиҳатларига кулоқ сол-май, қабоҳат ва ёмон ишларни қила бердилар. Ҳазрати Лут Аллоҳга муножот қилуб «Ё, Раб! Мени бу золимлардин қутқар!» дедилар. Жаноби Ҳақ ул қавмни бошларига тошлар ёғдуруб, зилзила бирла шаҳарларини остин-устун қилуб, ҳалок қилди. Лут алайҳиссалом мўъминлар ила Маккага боруб, Иброҳим алайҳиссалом ёнларида ибодат ила умр кечурдилар. Ҳазрати Исмоил Алайҳиссалом Исмоил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғилларидурлар. Иброҳим алайҳиссаломни хотунлари Сора бола туғмас эди. Шояд боласи бўлса деб, Ҳожар исмли канизак Иброҳим алайҳиссаломга берилди. Ҳожардин Исмоил алай-ҳиссалом туғулдилар. Сора буларни кўролмади. «Бирга турарга сабрим қолмади» деб Иброҳим алайҳиссаломга арз қилди. Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар ила Исмоил алайҳис-саломни Маккага элтуб қўйдилар. Исмоил алайҳиссалом Маккада ўсдилар. Ул вақт Ямандин келган Жарҳам кабиласи Макка атрофинда турур эдилар. Исмоил алайҳиссалом алар бирла қатнашуб, алардин уйландилар. Ўн икки болалари бўлди. Ҳазрати Исмоилнинг тиллари иброний бўлса ҳам, арабча сўзлашурга уста бўлдилар. Шул сабабли бу кишининг авлодларини «араби мустаъраба« дейилди. »Араби мустаъраба» аслда араб бўлмай, арабликни бошқадин орият олуб араб бўлувчи деган сўздир. Жаноби Ҳақ Исмоил алайҳиссаломни Ямандаги Амолиқа халқига пайғамбар қилуб юборди. Атоларининг шариатлари узра қавмларини эллик йил имонга чақирдилар. Авлодлари кўпайди. Ҳар ерга борсалар зўр бўлдилар. Амолиқа халқини турган ериндин қувуб чиқардилар. Юз ўттуз тўрт ёшларинда вафот бўлдилар. Қабри шарифлари Ҳажар деган ерда, анолари Ҳожар ёниндадур. Ҳазрати Ишоқ Алайҳиссалом Ҳожардин Исмоил алайҳиссалом туғулган замонда Сора ниҳоятда маъюс, хафа бўлмиш эди. Шул сабабли Жаноби Ҳақ қариған вақтларида Ишоқ алайҳиссаломни берди. Ишоқ алайҳиссалом яхшилиқда, мулойимликда, кўринишда атоларига ўхшар эдилар. Жаноби Ҳақ Шом ва Канъон халқларига пайғамбар қилуб юборди. Ишоқ алайҳиссаломнинг Ияс ва Яъқуб исмли икки ўғуллари бўлди. Ияс Исмоил алайҳиссаломнинг қизларин олуб, авлодлари кўпаюб, Рум вилоятина ёйдилар. Ҳозирги Рум халқи Ияс авлодиндандурлар. Яъқуб алайҳиссалом атоларининг юрти Канъонда қолуб, лақаблари Исроил бўлди. Шунинг учун авлодларига «Бани Исроил» дейилди. Ишоқ алайҳиссалом юз йигирма ёшларинда вафот бўлдилар. Қабри шарифлари Қуддуси шарифга яқин Халил ул-раҳмон деган ерда, атолари Иброҳим алайҳиссалом ёнларидадур. Ҳазрати Яъқуб ва Юсуф Алайҳиссалом Ҳазрати Яъқубнинг ўн икки ўғуллари бор эди. Ҳаммасиндин Ҳазрати Юсуфни ортуқ суяр эдилар. Ҳазрати Юсуф бир кун туш кўруб, атоларина «Ўн бир юлдуз, офтоб ҳам ой манга сажда қилди«, дедилар. Ҳазрати Яъқуб билдиларки, ўн бир юлдуз ўн бир оғаларига, офтоб пайғамбарликларига, ой давлатларига ишоратдур. »Юсуф, ўғлум. Бу тушингни оғаларингга айтма, душман бўлурлар, Жаноби Ҳақ санга пайғамбарлик ва зўр давлат берур», дедилар. Оғалари тушни эшитдилар. Ҳазрати Юсуфга ҳасад қилуб, кўролмай, баъзилари ўлдурмоқ, баъзилари холи ерга ташламоқ бўлуб, охирда қирга ташларга қарор бердилар. Атолариндин «Юсуфни овга олиб борурмиз«, деб сўраб, қирга олиб боруб бир қудуқға ташладилар, йўлда бир бўрини бўғузлаб, қонига Ҳаз-рати Юсуфни кўйлакларини булғаб, атолариға ёлғондин »Юсуфни молларимиз олдиға қўюб, овга кетсак, бўри еб кетибдур», деб йиғлашиб келдилар. Ҳазрати Яъқуб сабр қилдилар. Сўнгра оғаларидин бирлари Ҳазрати Юсуфга таом олиб борсалар, Ҳазрати Юсуфни карвонлар қудукдин чиқарибдур. Бу ҳолни бошқаларига хабар берди. Келишиб, Ҳазрати Юсуфни «бу бизни қочурган қулимиз», деб, карвонларга оз баҳога сотдилар. Ҳазрати Юсуф карвонлар билан бирла Мисрга бордилар. Карвондин Мисрнинг молия вазири Азиз сотиб олди. Фарзанди йўқ, ўзига ўғил қилмоқ бўлуб, хотуни Зулайхога «бу болани икром қил», деб топшурди. Зулайхо Юсуф алайҳиссаломга ошиқ бўлди. Бир кун бир уйга олиб кируб, эшикларни беркитуб, «Қани, тайёр бўлингиз«, деди. Ҳазрати Юсуф »Сақлан! Аллоҳ золимларға нажот бермас», деб қочдилар. Зулайхо Ҳазрати Юсуфни бўҳтон ила зиндонга солдирди. Зиндонда икки кул бор эди. Бири подшоҳнинг шарбат-чиси, бири нончиси эрди. Алар туш кўрдилар. Таъбирин Ҳазрати Юсуфдин сўрдилар. Ҳазрати Юсуф: «Бирингиз қутилурсиз, иккинчингиз осилурсиз», - дедилар. Айтганларидек бўлуб, бири қутилди, иккинчиси осилди. Ҳазрати Юсуф зиндонда етти йил қолдилар. Бир вақт Миср подшоҳи туш кўрди, таъбирчилар таъбирдин ожиз (б)ўлдилар. Шул вақт шарбатчининг ёдиға Юсуф алайҳис-салом тушди. Боруб подшоҳнинг тушини сўради. Ҳазрати Юсуф «Мисрда етти йил тўқлик, етти йил очлик бўлур», дедилар. Бу таъбирларин подшоҳга келуб айтди. Подшоҳ Ҳазрати Юсуфни олдируб келди. Бу сабаб ила Ҳазрати Юсуф зиндондин чиқуб, подшоҳ ила сўйлашдилар. Бу вақт Азиз ўлган эди. Подшоҳ ўрниға Ҳазрати Юсуфни вазир қилуб, Зулайхони никоҳлаб берди. Ҳазрати Юсуфнинг таъбирлари тўғри келди. Тўқлик йилинда амборларни ғаллага тўлдурдилар. Очлик йилинда ҳар тарафдин галла олмак учун одамлар кела бошлади. Канъондин ҳам Ҳазрати Юсуфни ўн оғалари келдилар. Оғалари Юсуфни танимадилар. Ҳазрати Юсуф оғаларини танидилар. «Қаердин келдингиз, кимни ўғлисиз, неча қариндошсиз?« деб сўрадилар. Оғалари: "Канъондин келдук, Ҳазрати Яъқуб ўғулларимиз, ўн икки қариндош эдук, биримиз қирда ҳалок.бўлди, биримиз атомиз ёнларида қолди", дедилар. Ҳазрати Юсуф ўзларини билдирмасдин, эъзоз-икром ила ғалла беруб, Бин Ямин учун ҳам ғалла бердилар. »Иккинчи келишингизда қариндошингизни келтурингизлар, бўлмаса, ғалла бермасман», деб жўнатдилар. Иккинчи келишларинда Бин Яминни олиб келдилар. Юсуф алайҳиссалом Бин Яминни бир ҳийла ила олуб қолдилар. Оғалари бу ҳолни атоларига боруб айтдилар. Атолари сабр қилдилар. Ўғулларин яна Мисрга юбордилар. Ҳазрати Юсуф ўзларин бу маротабада тонитуб, кўйлакларин бериб юбордилар. Атолари жудолик оташи бирла кўр бўлған муборак кўзларига суртуб эдилар, очилди. Сўнгра Мисрга боруб, Ҳазрати Юсуф ила ўн етти йил умр кечуруб, вафот бўлдилар. Васиятлари уза Канъонға, атолари Ишоқ алайҳиссаломнинг ёнлариға кўмулдилар. Ҳазрати Юсуф атолариндин эллик тўрт йилдин сўнгра бир юз йигирма беш ёшларинда вафот ўлуб, Мисрда амонат қолдилар. Ҳазрати Айюб Алайҳиссалом Ишок алайҳиссаломнинг Ияс исмли ўғулларининг уруғиндин Айюб алайҳиссалом туғулдилар. Жаноби Ҳақ Айюб алайҳиссаломга ниҳоятда кўб мол ва кўб фарзандлар берди. Имтиҳон синамоқ учун болаларин ўлдуруб, молларини ҳалок, уйларини хароб қилди. Ўз жонларига ҳам ниҳоятда бир ямон касал берди. Баданлари эруб, куртлар пайдо бўлди. Танларида гўшт деган нарса қолмади. Бу балоларнинг барчасига сабру таҳаммул қилдилар. Охирда Жаноби Ҳақ шифо бериб, саломатландилар. Аллоҳу таоло мол ва фарзандларини аввалгидин зиёда қилуб берди. Чеккан машаққатларининг ажру мукофотини кўруб, тўқсон ёшларида вафот бўлдилар. Бу зоти шарифнинг Бишр исминда бир ўғуллари дунёга келуб, ўринларига пайғамбар бўлуб, бу зот ҳам тездин бу дунёдин охиратга кўчдилар. Ҳазрати Шуайб Алайҳиссалом Ҳазрати Лут алайҳиссалом авлодиндин Шуайб алайҳиссалом дунёға келдилар. Жаноби Ҳақ Мадян ва Айкат халқига пайғамбар қилиб юборди. Шуайб алайҳиссаломнинг тиллари ширин, сўзлари таъсирлик бўлса ҳам қавмларига. асар қилмади. Имон кетурмадилар. Жаноби Ҳақ Айкат халқига иссиғлик юборди. Иссиғ уч кун турди, Ҳамма йилға ва булоқлар қайнади. Сўнгра бир булут пайдо бўлуб, ҳамма халқ иссиғдин қочуб, булут остига йиғилганларида устларидин бир ўт пайдо бўлуб, ҳалок қилди ва Мадян халқи ҳам бир овоз ила ҳалок бўлдилар. Шуайб алайҳиссалом мўъминлар ила Маккага боруб, қолган умрларин ибодатда кечурдилар. Икки юз йилдин ортуғроқ яшаб, вафот бўлдилар. Ҳазрати Мусо Алайҳиссалом Яъқуб алайҳиссаломнинг лақаблари Исроил ўлуб, авлодларига Бани Исроил дейилур. Мусо алайҳиссалом Бани Исроилдин Имрон исмли кишининг ўғлидурлар. Бани Исроил Ҳазрати Юсуф замонларинда Мисрга бордилар. Мисрнинг асл халқи қибтийлар ўлуб, санамларга ибодат қилур эдилар. Бани Исроилга душманлик қилуб, ҳақоратлар ила оғир, машаққат ишларни ишлатар эдилар. Боболарининг юрти Канъонга кетар бўлсалар, йўл бермай, асорат занжиринда тутар эдилар. Бир кун ғайбдин хабар бергувчилар Миср подшоҳи (фиръавн)га «Бани Исроилдин бир ўғил туғулуб, сенинг давлатингни йўқ бўлишига сабаб бўлур«, дедилар. Фиръавн Бани Исроилдин туғулган болаларни ўлдурмакка буюрди. Жаллодлар ахтаруб, ўғул болаларни ўлдира бошладилар. Шул вақт Мусо алайҳиссалом туғулдилар. Анолари қўрқуб, сандуқға солуб: »Аллоҳ ҳофиз», деб Нил дарёсига отдилар. Оқиб борганларида фиръавннинг хотуни Осиё тутуб олди. Кўрдики, чиройлик бир боладур. Яхши кўруб, ўзига бола қилуб олди. Эмизмак учун сут анолар келтурди. Ҳеч бирин эмчагин олмай, ўз оналарин кетурганида эмдилар. Анолари ўзларин билдурмай, фиръавннинг уйинда тарбия қилдилар. Катта бўлуб, кўчада юрганларида кўрдиларки, қибтийлардин бири Бани Исроил бирла урушиб турубдур. Мусо алайҳиссалом қибтийнинг кўксина бир мушт урганларида жони чиқди. Шул туфайли фиръавндин кўрқуб, Мадян шаҳрига боруб, Шуайб алайҳиссаломнинг қизи Сафурани никоҳлаб олдилар. Мадянда ўн йил туруб, сўнгра Мисрга уй ичлари ила жўнадилар. Йўлда Тур тоғига етганларида Аллоҳу таоло ила сўзлашдилар. Асо ва яди байзо каби мўъжизалар берди. Укалари Ҳорун алайҳиссалом ила икковларини пайғамбар қилди. Жаноби Ҳақ икковларини Мисрда даъвойи худолик қилған фиръавнни қавмлари ила ҳақ динга чақурмакга буюрди; Мисрга боруб, фиръавнни имонга даъват қилганларида мўъ-жиза талаб қилди. Асоларини ташладилар. Зўр аждаҳо бўлуб, фиръавнни тахти ила ютарга ҳаракат қилди. Фиръавн «Ё, Мусо! Сабр қилингиз!« деди. Қўлга олдилар. Яна асо бўлди. Фиръавн бунга ҳам инонмай, сеҳрчиларни йиғуб, аждаҳолар қилдуруб, Ҳазрати Мусони йўлларига қўйди. Ҳазрати Мусо асони ташладилар. Яна зўр аждаҳо бўлуб, сеҳрчиларнинг аждаҳоларин ютуб, йўқ қилди. Бу мўъжизани кўруб, барча сеҳрчилар имон кетурдилар. Фиръавн имон кетурмасдин, сеҳрчилардин ғазаблануб: »Сиз Мусо ила бирлашдингиз, қўлу оёқларингизни кесуб, хурмо шохларига осарман», деди. Сўнгра Мусо алайҳиссалом Шоб денгизининг лабига боруб, асони дёнгизга урдилар. Сув ёрилуб, йўл очилди. Бани Исроиллар ўтмакда эдилар, Фиръавн ҳам орқаларидин келуб, дарёга кирди. Бани Исроил чиққан замон йўллар бекилди, фиръавн аскари бирла ғарқ бўлди. Бу сабаб ила Мусо алайҳиссалом душманларига устун бўлдилар. Канъоннинг катта шаҳарлари Ариҳо, Нобилис, Қуддус шаҳарлари бўлуб, Бани Исроилга Ариҳога кирмак учун Жабобира халқи бирла урушмоқ лозим бўлди. Бани Исроил «Жабобира ила жанг қилмаймиз», деб кетларига қайтдилар. Мусо алайҳиссалом дуоибад қилдилар. Бани Исроил қирқ йил Тия саҳросинда қолдилар. Қавмларини Ҳорун алайҳиссаломга топшируб, ўзлари Тур тоғига боруб, Жаноби Ҳақ бирла сўзлашдилар. Ҳақ таоло Таврот исмли китоб юборди. Турда юрганларида Бани Исроилдин Сомирий деган бир бузуқ киши чиқуб, Бани Исроилни Ҳорун алайҳиссаломга бўйинсундурмасдин, бир бузоқ сувратига чўқундурди. Мусо алайҳиссалом Таврот ила Турдин келуб кўрдиларки, Бани Исроил бузоқға чўқунурлар. Аччиғлари чиқуб, сувратни дарёга отдилар. Қавмларига Тавроти шарифни ўргатуб, эътиқодларини(нг) маҳкам қилганларидин сўнгра Ҳорун алайҳиссалом вафот бўлдилар. Мусо алайҳиссалом ҳам Бани Исроилни Юшаъ алайҳиссаломга топшуруб, юз йигирма ёшларинда вафот бўлдилар. Қабри шарифлари Канъонга яқин Тия саҳросиндадур... |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Muxtasar tarixi anbiyo va tarixi Islom [Abdulla Avloniy] 1432 |
2 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18693 |
3 | Ватанни суймак [Abdulla Avloniy] 1799 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62472 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58211 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40525 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36735 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23363 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23209 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22259 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19590 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18693 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14509 |