Сўнгги кеча [Abdulla Matyoqubov]

Сўнгги кеча [Abdulla Matyoqubov]
Сўнгги кеча [Abdulla Matyoqubov]
17 январ кечаси мен беш яшар қизим билан уйда ёлғиз қолдим. Дилбарнинг опаси хизматчи хотин билан бирга от ўйинига кетган эди.
У ўта шўх эди. Бўйнимга миниб олганини сезмай қолар эдим мен. У бўйнимга миниб олгандан сўнг ингичка қўллари билан сочларимдан ушлаб, «туя-туя» қилар, унинг айтганини қилмай, тушириб қўйсам, ҳеч бир сўзлашмасдан бир бурчакка бориб йиғлар эди. Мен унинг ёнига бориб аҳвол сўрасам, юпатмоққа тиришсам, ўзича сира англаб бўлмайтурган бир товуш билан сўзланар эди.
— Қизим, нима деяпсан, тушунтириб сўйла! — дер эдим мен.
— Нигорнинг дадаси яхши, ҳар кун, ҳар кун «туя-туя» қилади! — дер эди у.
— Нигор дадасининг айтганини қилади, ақлли қиз. Сен ҳам менинг айтганимни қилсанг «туя-туя» қиламан. Қани айт, қиласанми, айт! — дедим.
Дилбарнинг юзида қувонч пайдо бўлди:
— Қиламан, дада, айтинг! — деганича бўйнимга осилиб, мени қайта-қайта ўпти (суйди). Мен уни кўтариб олиб, ичкари уйга киритдим. Патифонни қўйиб «ўйна» дедим. У ҳам «Хўп, дада!» деб ўйинга тушди.
У жуда ҳам келиштириб, баъзан қизиқчилик қилиб, бошини тебратиб, қошларини чимириб, мени кулдира-кулдира бирдан қулай фурсат топиб, худди чаққон маймун болаларидек бўйнимга миниб олиб, «туя-туя» деганича оёқлари билан тепсиниб, «ҳайт-ҳайт» дер эди. Мен бўлсам, уй ичида туядек лўкиллаб, у ёқ-бу ёққа чопар эдим.
Шу пайт эшикдан кимдир келиб қолди. Дарров елкамдан Дилбарни тушириб, ташқи уйга чиқдим. Қарасам, Абдулҳамид Мажидийнинг хизматчиси экан. У мени кўриши билан бир хатни бериб, жавоб ёзиб беришимни русчалаб сўради. Мен хатни ўқиб бўлиб, хатга бошқа бир қоғоз орқали жавоб бериб жўнатдим.
Бу вақт кечки соат ўн бир ярим эди. Xатда Мажидий мени оилам билан уйига таклиф қилган. Келишимни таъкидлаб сўрабди.
— Дада, — деди Дилбар, — қаерга борасиз?
— Нигорларникига. Опангга хат ёзиб қолдирамиз. Унинг ўзи борар! — дедим. «Мен ҳам бораман, дада».
Мен уни кийинтирдим. Ўртоғимга хат қолдириб, ташқарига чиқдик. Иссиқ уйдан чиқиш билан изғирин шамол аралаш аччиқ совуқ юзга урилди. Биз югуриб бориб трамвайга миндик.
Биз тунги бир яримгача ҳангомалашиб ўтирдик. Ичимлик ҳам ҳаддан ортиқ, озғин, чакка суяклари бўртиб чиқиб турган, ожизгина Мажидий, бу сафар ҳеч ҳам қизармади. Аввалларда икки рюмка ичиш билан тулумдек қизариб, ҳар хил қизиқ-қизиқ ҳикоя, эртаклар, ҳикматли сўзлар ва афандилар сўзлаб бера турган киши бугун қовоғи солинган, ранги ўчган ва замоннинг бевафолигидан ёнган қиёфада эди.
Ўртоғим билан Мажидийнинг ўртоғи Шарифахон Xива сомсаси пишириш учун чиқиб кетганда Мажидий менга бир сўзни қочирим қилиб қўйди:
— Равшан! — деди у, — шу кунларда менда тинчлик йўқ. Xавотир ичидаман!
Мен унга дунёнинг қайғулари ҳақида камроқ ўйлашни тавсия қилдим. У бўлса, қўл силтаб, менга зарда қилгандек боқди:
— Ана! — деди у қўли билан уйнинг тўрида қўғирчоқ ўйнаб ўтирган Нигор билан Дилбарни кўрсатиб, — улар дунё ҳақида ғам емаса ҳақли. Чунки улар гўдакчалар. Биз-чи? Ота бўлган кишилармиз, ота бўлган кишилар!
У менинг устозим эди. 1930 йилда уни адабий ишдан четлаштирдилар. Пойтахтдан узоқ Xоразмга сургун қилгандек қилиб ҳайдадилар.
У Xоразмда бир қанча вақтларга қадар ишсиз юрди. Кейин кўп қийинчиликлар билан Xоразм вилоят театрини ташкил қилиб, унда адабий қисм бошлиғи бўлиб ишга тутинди. Ана шу вақтларда мен эндигина газетада ишлай бошлаган, майда-чуйда адабий нарсалар ёзишга киришган эдим. «Абутанбал» ва А.Мажидий деб машҳур от чиқазган бу ёзувчининг қалами Xоразм газеталари бетларида ва театрда машҳур бўлиб кетди. Мен унинг билан танишиб олгандан кейин уни вилоят газетасига ишга жойлаштиришга сабабчи бўлдим. Шундан сўнг у менга то сўнгги кунларгача ўз ёрдамини аямади. Ҳатто бир қанча катта асарларимни унинг ўзи таҳрир этиб, камчиликларимни кўрсатиб бериб, асарларимнинг силлиқ — кучли чиқувига сабабчи бўлди. У асарда адабий нуқтадан нуқсон бўлувини сира кўра билмас, адабий нодонлиққа қарши марҳамациз курашар эди. 1926 йилда бўлса керак, унинг «Хандон лолалар» деган шеърлар тўплами босилиб чиққан эди. У бу тўпламда ўзининг миллатчилик қарашларини очиқча ёзган. Ва шу сабабдан Xоразмга ҳайдалган!
Мен бу воқеаларни хаёлимдан ўтказиб олдим. Xива сомсаси келтирилди. Тағин ичдик. Суҳбат қизиди... Соат иккидан 20 минут ўтганда мен кетиш учун рухсат сўрадим. Абдулҳамид рухсат бермади. У шунда бу кун қолиб кетувимизни таклиф этди. Унинг сўзини ўлдиришни мен истамас эдим. Xотинлар ичкариги уйда, биз бўлсак ташқариги уйда ётдик.
Энди ширин уйқуга кетганимизда, эшик қоқилиб қолди. Қарасак, битта милисия ва НКВД ходими келиб турибди. Мажидий аввало бироз оқаринди. Кейин ўзини босиб ола билди. Мен не қиларимни бимай, ҳайрон бўлиб турар эдим.
— Сиз ким бўласиз? — деди менга қараб НКВД ходими.
Мен дадиллик билан жавоб қайтардим:
— Мен бу кишининг биродариман. Кеча оила аъзоларим билан меҳмон бўлиб келган эдим!
— Қаерда ишлайсиз? Ҳужжатларингизни кўрсатинг!
Мен ҳужжатимни кўрсатдим. Шундан сўнг менинг иштирокимда келган киши уйни тинтувга киришди. Уй шундай тинтилдики, қаралмаган не шкаф, не оржа — сандиқ, не ёстиқ, не карават таглари қолди! Икки соатга чўзилган тинтувдан сўнг битта қўлёзма асар чиқди. Бу бир қанча шаҳар театрларида зўр ютуқ қозонган «Оциз» номли пиеса эди. Бу қўлёзманинг бир чеккасига бир неча йил илгари: «Акмал Икромовга! Шу асарни саҳналаштирувга (ўйнатувга) кўмак этинг!» деб ёзилган экан. Бу сўз ёзилган чоқда А.Икромов фирқа қўмитасининг бош саркотиби бўлган. Бу ёзувчининг «аксилинқилобчилар» билан яқин муносабатда, алоқада бўлганини кўрсатувчи катта (?) ҳужжат! Иккинчи ҳужжат топилмади. У А.Мажидийнинг 1919-1921 йилларда Истанбулга бориб чет элда ўқигани ҳақидаги гувоҳнома эди.
— Сиз қамоққа олиндингиз! Айбингизни шу ёқда эълон қиламиз. Кўрпача, пул-мул олингиз, зарар қилмас!
Нигор уни олиб чиқаётганда узала ётиб, оёқ чалиб йиғлаб, Дилбар бўлса милисияга қараб, хўмрайганча турар эди.
Мен устозимнинг кўзига боқдим. У менга боқди. Буни сезиб қолган чекист:
— Xайрлашинглар, балким қайтиб кўришмак насиб бўлмас! — деди. Бу сўзни эшитгандан сўнг Шарифахон билан менинг ўртоғим ҳам, опасига эргашиб қизим Дилбар ҳам йиғлаб юборди.
Мажидийнинг ўтли кўзлари чекистга ташланди:
— Эй бағритош одам! Не учун илжаясан?! Бу йиғи сенга роҳатми бағишлайди?
У шу сўзларнигина айта олди. Чекист унга сўзлов учун имкон бермади. Олдига солиб олиб чиқиб кетди. Уй ичи мотамга айланди.
— Нигор, энди бизларникига юр, дадангни милисия олиб кетди. Менинг дадам сени ҳам, мени ҳам «туя-туя» қилади! — деди Дилбар. У бу сўзни Нигорни тиндириш ниятида айтган эди. Аммо у бу билан тинмади.
Бу сўнгги кеча мени устозимдан ажратди. Эртаси китоб магазинига борсам, унинг янгигина босилиб чиққан «Қалдирғоч», «Ҳангома» деган асарлари сотишдан тўхтатилибди. Босилаётган девони, ҳажвий ҳикоялари тўплами ҳам босувдан тўхтатилибди.
Мана, халқ ичиндан чиққан битта ёзувчи нима учун йўқ қилиниб юборилди. Одамни ҳар нарсадан «қиммат» санайтурган Сталин замонинда интеллигентга нисбатан тутилган йўл мана қандай!!!

М.Р.
Mualifning boshqa asaralari
1 Soʻnggi kecha [Abdulla Matyoqubov] 825
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика