«Хамса» — жаҳон адабиётидаги буюк асар [Abdulla Oripov] |
— Абдулла ака, Дантенинг «Илоҳий комедия»си «Таврот», «Инжил», «Қуръон»и каримдек илоҳий китоблардан сўнг инсон томонидан яратилган буюк асарлардан бири сифатида эътироф этилади. Сиз мумтоз адабиётимиздаги қандай асарларни шундай буюк китоблар сафига қўшган бўлардингиз? — Албатта, «Хамса»ни. Улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг «Хамса»си жаҳон адабиётидаги буюк асарлар сирасидан ҳисобланади. — Дантени Италиянинг тимсоли дейишади. Бордию Ўзбекистонимиз тимсолини шундай улуғ зотлар орасидан ахтарсак, Сиз, энг аввало, кимни тилга олган бўлур эдингиз? — Улуғ боболаримизнинг ҳар бири ҳам миллат рамзи бўла олади. Ҳозирги замонда ҳам шундоқ зотлар борлигидан ифтихор қиламиз. Лекин, уларнинг орасида буюк гуманист Навоий сиймоси алоҳида ярқираб туради. — Сиз шеърларингизнинг рус тилидаги таржималаридан кўнглингиз тўлмаганини айтгандингиз. Римма Казакова, Александр Файнберг, Владимир Сибинлар томонидан қилинган таржималар, шунингдек «Ҳаким ва ажал», «Жаннатга йўл»нинг таржималари ҳақида ҳам шундай фикрдамисиз? — Сиз тилга олган шоирлар шеър ва достонларим таржимаси устида анча меҳнат қилишган. Лекин ўз шеърларининг таржималаридан тўла-тўкис рози бўлган шоир кам учрайди. Нега деганда, бировнинг изтиробини бошқа биров изҳор қилиши жуда қийин. Қолаверса, шоир ва таржимоннинг истеъдоди, тажрибаси, услубида муайян фарқ бўлади. Лекин шунга қарамай таржима санъатисиз жаҳон адабиётини тасаввур қилиш қийин. — «Безовта ўйлар сеҳрида» сарлавҳали мақолангизда «Фалсафани севаман, адабиёт ва фалсафа иккиси қўшилганда ёрқин типлар пайдо бўлади», деб ёзгансиз. «Жаннатга йўл»даги Шоир образини ёрқин тип дейиш мумкинми? — Яхлит ва комил даражада катта дунёқараш ва фалсафани ўзида мужассам этган характер тип бўла олади. Қолаверса, қалбимизда мустаҳкам эътиқод, савоб деган тушунчалар ҳам бор. Савобга ўхшаш хатти-ҳаракатлар кўп учрайди. Масалан, ит ва мушукларнинг болаларни ёнғиндан қутқаргани ҳақида кўп эшитганмиз. Яқинда Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида бўлиб ўтган даҳшатли тўфон пайтида аждаҳодек келадиган питон деган илон иккита тўққиз ёшли эгизакларни баҳайбат тўлқинлар қаъридан омон олиб чиқибди. Шу табиий офат бошланиши олдидан соҳилда фил ёнида суратга тушган учта болакайни эса ўша фил ёвуз тўлқинлар исканжасидан қутқарибди. Ҳатто тимсоҳларнинг энг каттаси Шри-Ланка қирғоқларидан олисда етти соатдан ортиқ тўлқинлар устида қалқиб юрган кекса бир одамни қуруқликка олиб чиқиб қўйибди... Лекин асл иймон билан боғлиқ тушунча фақат инсонларга хос. У айни пайтда ҳам диний, ҳам дунёвий моҳиятга эга. — Абдулла ака, Сиз мухбирлар даврасидаги гурунгларингизнинг бирида «Болалар — ҳимоясиз гуллардир. Уларни совуқ ҳам, иссиқ ҳам зада қилиши мумкин. Мен ўзим бошдан кечирган баъзи сабоқлар болаларим бошидан ўтмаслиги учун курашаман», дея фикр билдирган эдингиз. — Ҳа, болалар ҳимоясиз гуллар, гуноҳсиз фаришталардир. Уларни ёмон муҳитдан асраш катталарнинг вазифаси. Ҳатто уруш бўлаётган мамлакатдан ҳам болалар олиб чиқиб кетилади. Болаларга ниҳоятда катта ғамхўрлик лозим. Болаларни шундай тарзда камол топтирайликки, токи катталар ҳаётидаги қусурлар улардан узоқ бўлсин. Болаларни мардлик ва тантилик шиори билан яшашга ўргатайлик. — Абдулла ака, Сиз шеърларингиз, асарларингизда ҳасад, ичиқоралик каби кўпдан-кўп иллатларни беаёв қоралайсиз. Аммо аёлларга келганда уларни «мунис», «меҳрибон» дея тилга оласиз. Xуллас, уларнинг шаънига қаттиқ тегадиган ортиқча гапларни умуман тилга олмайсиз. Бу уларни аяганингиздан бўлса керак. Шундай эмасми? — Аёл, она ҳаммамизга ҳаёт ато этган зот. Унга топиниш лозимдир. — Аёлнинг ҳаётдаги ўрни, фарзандлар камоли ҳамиша жамият нигоҳида туради. — Биз жаҳонга чиқяпмиз, техника асрида яшаяпмиз. Фарзандларимизни мустақил, дадил ва замонавий қилиб тарбиялашимиз керак, деймиз. Айни пайтда улар боболарига ҳам ўхшаб туриши керак. Хўш, қандай қилиб фарзандларимизда бу икки қутбни уйғунлаштирамиз? Шу ёруғ дунёда яшаётган одамнинг қуёшдан нур, дарёдан сув, гулдан ранг ва хушбўй қарзи бор. У ота-онадан, дўстдан қарздор. Аммо энг катта қарзи — фарзандидан. Чунки фарзанд унинг юзи, имконияти, қурби-қудратини кўрсатувчи жондир. Уларни иссиқдан ҳам, совуқдан ҳам асраш керак. Демоқчиманки, болаларимизда ҳам журъат билан андишани, қатъият ва раҳмдилликни уйғунлаштирмоғимиз керак. Аммо журъат — бетгачопарлик, андиша — қўрқоқлик, дадиллик — ёвузлик, раҳмдиллик ожизликка айланмасин. Меъёр ва мезон бўлсин. Мен ишонаманки, бизнинг оқила опа-сингилларимиз бундай мезонни билишади. — Японияда бўлганингизда Киото шаҳридан телефон қилиб «Ўзбекистон овози» газетаси муҳарририга ўша ёқда ёзган бир тўртлигингизни сиёҳи қуримасдан ўқиб берган экансиз. Шу шеърнинг ёзилиш тарихини айтиб берсангиз. — Ўшанда япон дўстларимиз бир чиройли чинни идиш совға қилишганди. Унда Япониядаги Фудзияма тоғлари гўзал бир тарзда акс этган. Тоғ ёнбағри, ям-яшил водий манзараси нигоҳингизни сеҳрлайди. Идишга қайноқ сув қуйсангиз ҳақиқий мўъжиза рўй беради: унинг сиртидаги тоғ манзаралари ўрнида аста-секин Ўзбекистон байроғи ва унинг ортидан Ипак йўли карвони ўтаётган манзаралар пайдо бўлади. Тилла рангдаги туя тасвири ниҳоятда жонли ва кўрган кишининг бир ҳайратига ўн ҳайрат қўшиб юборади. Сиз айтган ўша шеърни шу мўъжизакор идишчани кўриб, японларнинг топқирлигидан беҳад ҳайратланиб ёзганман: Сенинг амалингга қойилдир жаҳон, Бургани тақалаб қўйгансан осон. Нозик санъатингга тикилавериб, Кўзларим қисилиб кетди-ку, япон. — Ҳаётимизда меҳр-мурувват туйғуси алоҳида эъзоз топаётир. Сиз чорак аср муқаддам ёзган бир шеърингизда бу туйғуни ниҳоятда улуғлаган эдингиз. — «Самовий меҳмон, беш донишманд ва фаррош кампир қиссаси»ни назарда тутяпсиз-да. Самодан бир жонзот ерга тушади. Беш донишманд унинг сир-синоатини аниқламоқчи, синамоқчи бўлиб, бор билимларини ишга солади. Аммо ҳеч нарсани эплай олишмайди. Фаррош, яъни ер супуриб юрган кампир ҳалиги жонзотнинг бошини силаса у жавоб қилади, кўзларида нур пайдо бўлади. Албатта, меҳр — «кесакдан гул ундиради». Меҳр қўшилмаган ҳар қандай яралмиш инсониятга ғанимдир. Чунки у қаҳрдир. Меҳр-мурувват худди сув, ҳаво, нур кабидир. — «Сиҳат-саломатлик» йилида мухлисларингизга тилакларингиз. — Барча ҳамюртларимга, албатта, сиҳат-саломатлик ва узоқ умр тилайман. — Самимий суҳбатингиз учун раҳмат, Абдулла ака. — Сизга ҳам. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62368 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57360 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40454 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36464 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23254 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23146 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21356 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19477 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18617 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14440 |