Минг бир жон (ҳикоя) [Abdulla Qahhor] |
Мартнинг охирги кунлари. Кўк юзида сузиб юрган булут парчалари офтобни бир зумда юз кўйга соляпти. Офтоб ҳар сафар булут остига кириб чиққанида, баҳор келганидан бехабар ҳануз ғафлатда ётган ўт-ўланни, қурт-қумурсқани уйғотган, аввалгидан ҳам ёруғроқ, аввалгидан ҳам иссиқроқ шуъла сочаётгандай туюлади. Касалхонага яқинда тушган Мирраҳимов, жиккаккина киши, ўзига жуда ҳам катта кўк халатга бурканиб, енгчадан бошини чиқариб турган сичқондек деразадан кўчага қараб ўтирган эди, бирдан тутақиб кетди: шундай ҳаво бўлса-ю, оёқ-қўли бутун одам кўчага чиқолмай, деразадан мўралаб ўтирса!.. Мирраҳимов жуссаси кичкина бўлгани билан товуши жуда йўғон ва бунинг устига секин гапиролмас эди. Ҳамшира югуриб кирди, Мирраҳимовнинг соғлиғини, кайфиятини сўради, кейин дардни бардош енгади, бу хусусда Мастура Алиевадан ибрат олиш керак, деган мазмунда шама қилди. Мастура Алиева саккиз ойдан бери палатасидан чиқмай ётган оғир хаста, уни касалхонада ҳамма билар, кўп киши кириб кўрган экан. Мирраҳимовнинг одамгарчилиги тутиб кетди: — Шу шўрлик аёлни бир кириб кўрайлик! Уч кунлиги борми, йўқми... Соб бўлган дейишади... — Ҳа, анча оғир,— деди ҳамшира хўрсиниб,— ўн йил дард тортиш осонми! Пойгахдаги каравотда китоб ўқиб ётган Ҳожи ака деган хаста йўғон гавдасига номуносиб чаққонлик билан бошини кўтариб, кўзидан ойнагини олди. — Ўн йил? Ўн йилдан бери касал эканми? — Ҳа, ўн йил бўлибди. Бечора турмуш қилганига бир йил бўлар-бўлмас шу дардга йўлиққан экан. Томоғидан ҳеч нарса ўтмайди. Овқатни қорнига қуйишади... Тешиб қўйилган... Баъзан ўзи қуяди, баъзан эри. Ҳожи аканинг кўзлари ўйнаб кетди. — Эри? Эри борми? — Бор. Шу ерда. Беш ойдан бери бирга! Ҳожи ака узоқ анграйиб қолганидан кейин: — Ўн йил касал боқиб, яна касалхонада ҳам биргами? — деди. — Шуни айтинг,— деди ҳамшира.— Докторларга ялиниб-ёлвориб палатага каравот қўйдириб олди. Ҳожи ака дардга бу қадар бардошли аёлдан ҳам кўра бунчалик вафодор эрни кўришга иштиёқманд бўлиб қолди-ю, халатининг белбоғини маҳкам боғлаб, шиппагини кийди. — Қани, юринглар, табаррук одамлар экан, бир кўриб чиқайлик. Ҳамшира Мастура билан унинг эрига хабар бергани кетди. Хаял ўтмай, қорни чиққан Ҳожи ака олдинда, узун коридордан ўнинчи палатага томон йўл олдик. Палата эшиги олдида бизни ҳиндига ўхшаган қоп-қора, катта-катта кўзлари ёниб турган бир йигит, афтидан, Мастуранинг эри камоли эҳтиром билан кутиб олди ва ҳар қайсимизга айрим миннатдорчилик билдириб, ичкарига йўллади. Палатага кирдик. Шу пайт офтоб яна булут остига кирди-ю, палатани шом қоронғилиги босди. Каттакон деразанинг чап томонидаги каравотдан заиф, йўқ, заиф эмас, майин товуш эшитилди: — Келинглар... Раҳмат! Одамга одам қувват бўлади, минг раҳмат! Акрамжон, курси қўйиб беринг... Офтоб яна ёришди. Мастурани баралла кўрдик... Кўз ўнгимизда хаста эмас, ўлик, ҳақиқий ўлик, сап-сариқ терию суякдан иборат бўлган мурда ичига ботиб кетган кўзларини катта очиб ётар эди... Тобутда ётган ўликнинг қўлими, оёғими бирон сабаб орқасида бехосдан қимирлаб кетса киши қай аҳволга тушади? Унинг ўлим пардаси қоплаган юзида чақнаб турган кўзларини кўрган киши худди шу аҳволга тушар эди. Боя бизни кутиб олган йигит — Акрамжон курси қўйиб берди. Мирраҳимов икковимиз ўтирдик. Ҳожи ака йўғон гавдаси билан Мастурани тўсиб тикка туриб қолди. Ёнимдаги курсини суриб Ҳожининг этагидан тортай десам, қорни силкиняпти... Ажабо, бу одам нега кулаётибди, деб афтига қарасам... ранги бўз бўлиб кетибди! Унинг қўрққанини пайқаб, ҳамшира дарров йўл қилди: — Ие, Ҳожи ака, сизга дори бериш эсимдан чиқибди-ку, юринг! - деди ва Ҳожини етаклаб чиқиб кетди. Ҳожи коридорга чиқиб йиқилармикан, деб ўйлаган эдим, йўқ, хайрият, гумбурлаган товуш эшитилмади... Ҳамшира йўл қилиб Ҳожини олиб чиқишга чиқди-ю, лекин барибир, Мастура пайқади. Жуда-жуда хунук иш бўлди. Мирраҳимов икковимиз нима дейишимизни, нима қилишимизни билмай қолдик. Бу ҳол касалга қандай таъсир қилди экан, деб секин қарадим. Мастура қонсиз лабида табассум билан эрига юзланди: — Акрамжон, дафтарингизга ёзиб қўйинг: уч марди майдон мени кўргани кирган эди, биттаси аранг қочдию, иккитаси қочгани ҳам бўлмай, ўтириб қолди. Мастура пиқирлаб кулиб юборди; яна кулди, ёш боладай ўзини тутолмай қиқирлар эди. Бу ҳазил ва айниқса кулги аввал хунук, одамнинг этини жимирлатадиган даражада хунук эшитилди, кейин нучуқдир, Мастуранинг юзидан ўлим пардаси кўтарилгандай, ҳаёт тўла кўзлари ўлик юзига жон киргизгандай бўлди. Мирраҳимов Ҳожи аканинг қилмиши тўғрисида узр тариқасида бир нима демоқчи бўлиб гап бошлаган эди, Мастура сўзини оғзидан олди: — Бунақа нарса менга таъсир қилмайди,— деди,— Акрамжон, буларга тобут воқеасини айтиб беринг... йўқ, йўқ, ўзим айтиб бераман! Бунга беш йилдан ошди. Кўз олдимдан кетмайди... Қалин қор ёққан кун эди. Мен деразанинг рўпарасида мана шу хилда ётибман, Акрамжон пайпоғини ямаётган эди шекилли. Бирдан кўча эшигимиз очилди-ю, қизил бир нарса кирди, нима экан деб қарасам - тобут! Акрамжоннинг икки ўртоғи ҳовлимизга тобут кўтариб кирди! Юрагим жиғ этиб кетди... Вой шўрим, наҳот ўлган бўлсам... То эс-ҳушимни ўнглаб, Акрамжонга бир нима дегунимча, бояги иккови тобутни деворга суяб қўйиб, уйга кириб келди; уйга кирди-ю, мени кўриб иккови ҳам бояги Ҳожи акангиздай шайтонлаб қолаёзди. Акрамжон ҳайрон... Мен ана кетди, мана кетди бўлиб ётган эдим-да, ўша куни эрталаб биров автобусда йиғлаб кетаётган бир болани кўриб, менинг укамга ўхшатибди-ю, шундан ҳалигидай гап тарқалибди... Тобутни бузиб печкага қалашди. Менга шу ҳам таъсир қилгани йўқ. Бунақа нарсалар ўлим кутиб ётган касалга ёмон таъсир қилиши мумкин, мен ҳеч қачон ўлим кутган эмасман, кутмайман ҳам! У ёғини суриштирсангиз, мен одам боласининг ўлим кутишига, яъни дунёдан умид узишига ишонмайман. Ҳатто тилдан қолган касалнинг розилик тилашиб қарагани ҳам дунёдан умид узгани эмас, балки «розилик тилашгани ҳали эрта» дермикин деган умид билан, дунёда тенги йўқ, тимсоли йўқ зўр умид билан қарагани деб биламан. Акрамжон Мастуранинг биз билан ёзилиб ўтирганига қанчалик хурсанд бўлса, толиқиб қолишидан шунчалик хавотирда экани кўриниб турар эди; шунинг учун Мастурага тез-тез дам беришни кўзлаб, кўпроқ бизни гапиртиришга, ўзи гапиришга ҳаракат қиларди. — Сизнинг нима дардингиз бор?- деди Мирраҳимовга юзланиб. Мирраҳимов бирданига учта дарднинг номини айтди. — Вой шўрим!..— деди Мастура, — жиндаккина жонингизга-я! Шу жуссангизга учта дард сиғдими? Бўлди кулги! Айниқса, Мирраҳимов завқ қилиб кулди. Касаллик, ўлим тўғрисидаги гап тугаб, хушчақчақ суҳбат бошланишига илҳақ бўлиб турган Акрамжон Мастура бошлаган аскияни илиб кетди; аскияга жуда уста экан, оламда дард нима, ўлим нима эканини буткул унутиб, роса кулишдик. Афсуски, Мирраҳимовнинг йўғон товуши суҳбатимизнинг бузилишига сабаб бўлди: врач коридордан ўтиб бораётиб, унинг бесўнақай кулгисини эшитган бўлса керак, эшикни очиб қаради ва Мастурага зеҳн солиб, унинг юзида ҳорғинлик кўрди шекилли, бизни чиқариб юборди. Акрамжон кетимиздан чикди, бизнинг бу илтифотимиз Мастурага қанча куч-қувват беришини айтиб, кўнглида мавж уриб, ёш пардаси босган кўзларида кўриниб турган чексиз мин-натдорчилик туйғусини айтиб битиролмас, афтидан, Мастуранинг бир минутлик ороми учун ўнг кўзини ўйиб беришга ҳам тайёр эди. Палатамизга қайтдик. Ҳожи ака каравотида ёнбошлаб, қанд чой ичиб, ўзини елпиб ётар эди. Бўлиб ўтган хижолатли иш тўғрисида у ҳам индамади, биз ҳам индамадик. Ҳожи акага бир нима дейиш у ёқтса турсин, Мирраҳимов икковимиз ҳам кечгача бир-биримизга сўз қотмадик; афтидан, борлиғимиз Мастура билан банд, қуюндай чарх ураётган таассуротлар, фикрлар, туйғуларни ифода қилгани сўз тополмас эдик. Кеч кирди. Ҳожи ака ўртачароқ хуррак тортиб уйқуга кетди. Мирраҳимов дам-бадам у ёқдан-бу ёққа ағдарилар эди, ниҳоят, менинг уйғоқ эканлигимни пайқаб, бошини кўтарди. — Бу хотиннинг жони битта эмас, минг битта! — деди, — ҳозир тугаб қолган шамдай липиллаб ёнаётган жони башарти сўнган тақдирда ҳам, қолган мингтасини ёқиб кейин сўнади. Мана шу ишонч Мастурага ўлимни йўлатмайди. Мирраҳимов узоқжим қолганидан кейин яна бирдан: — Эри-чи, эри? — деди, — бу йигитнинг ҳам рафторидан, йигитлик умри минг биттаю, шундан биттагинасини Мастурага қурбон қиляпти. Eртасига Мастура ҳақида яна бир кўнгилсиз гап эшитдик: бечоранинг томоғидан ҳеч нарса ўтмаслиги устига қорнига тез-тез сув тўпланар экан... Кунлар ўтиб ҳаммамиз тарқалдик. Мирраҳимов ўзининг МТСига, Ҳожи ака курортга кетди. Орадан бир қанча вақт ўтгандан кейин шу томонга йўлим тушдию, касалхонани босиб ўтолмадим; кириб таниш ҳамширадан сўрасам, Мастура бир соатдан кейин оператсияга ётар экан. Докторлар оператсия столидан туролмайди, деб беш ойдан бери унинг раъйини қайтариб келишар экан, охири бўлмабди — Мастура ўлсам товоним йўқ, деб тилхат берибди. Кириб кўрай десам, доктор ижозат бермади. Менинг йўклаб келганимни кўрса, далда бўладиган бирон сўз айтсам, зораки дармон бўлса деб кутдим. Вақт-соати еттанда Мастурани ҳамшира билан Акрамжон икки томондан суяб олиб чиқишди. Лекин эшикдан чиқиши биланоқ Мастура икковини икки томонга итариб ўзи юрди; бардам қадам ташлаб, оператсия залининг эшигини ўзи очиб кириб кетди. Акрамжон, бутун диққати хотинида бўлгани учун мени пайқамади. Мастура эса менга бир қарадию, танимади шекилли, индамади. Оператсияга докторларнинг кўнгли чопмагани, хастанинг ҳоли ўзимга маълум бўлгани, Мастуранинг ўлимнинг юзига бунчалик тик қарагани қоронғида қўрққан киши ашула айтганидек эмасмикин, деган гап кўнглимдан ўтгани учун оператсиянинг натижасини кутмадим, кечқурун касалхонага телефон қилмоқчи бўлганимда, ростини айтсам, телефон трубкасини дадил ололмадим. Йўқ, хайрият, Мастура оператсиядан бардам турибди. Шунақа дейишди. Шундан кейин мен узоқ сафарга кетдиму, Мастуранинг тақдиридан бехабар бўлдим, лекин уни тез-тез эслар эдим; бу тоқати тоқ, жони темирдан инсоннинг тузалиб кетишини, яшашини, узоқ умр кўришини унинг ўзидан ҳам кўпроқ тилар эдим. Шунинг учун орадан уч йил ўтгач, Акрамжонни бир бегона хотин билан кўрганимда аламимдан дод деб юбораёздим. Пахта байрами ҳеч қаерда Мирзачўлдагидек қизиқўтма-са керак, чунки бу ерга ресггубликанинг турли областларидан келган одамлар ўз областининг ашуласини, ўйинини ҳам олиб келган дейишади. Пахта байрамини ёр-жўралар билан Гулистон раёнида ўтказдик. Акрамжонни, боя айтганим хотин билан шу ерда, Гулистон раёни марказининг чиқаверишида кўрдим. Ўрта бўйли, хушқомат, вужудидан ёшлик кучи ва ғайрати ёғилиб турган қоп-қора жувон отда олма еб, йўл бўйида турар, Акрамжон ўз отининг айилини қайта боғламоқда эди. Акрамжон мени кўриб қолди-ю, жувонга бир нима деди. Жувон дарров отдан тушди. Иккови югуриб келди. Иккови ҳам мен билан жуда эски қадрдондай сўрашди. Бироқ мен, ҳарчанд қилсам ҳам, палатадан чиқиб оператсия залига кириб кетаётган Мастура кўз ўнгимдан кетмай, булар билан самимий кўриша олмадим: Акрамжонни бир нав қучоқлаган бўлдим, жувонга эса қўлимнинг учини бердим. Жувон: — Амаки, мени танимадингизми?— деди ва хуржундан иккита олма олиб, бирини менга берди. — Қаердадир кўргандай бўламан, лекин... Жувон қўлидаги олмани устма-уст бир неча мартаба тишлади ва чала чайнаб ютди. — Энди ҳам танимадингизми?— деди. Танидим! Фақат кўзидан танидим! Кулимсираб, оламга табассум сочиб турган бу жувон ўша Мастура эди. Мен нима дейишимни билмай: — Бу ёқда нима қилиб юрибсиз? — дедим. Мастура кулди. — Кучимни, ғайратимни тўла-тўкис ишга солиб юрибман, - деди. — Оператсияга кириб кетаётганингизда мен йўлакда турган эдим, ҳаяжонда бўлсангиз керак, танимадингиз... — Йўқ, амаки,— деди Мастура бир оз хижолат бўлиб,— кечирасиз, атайин сўрашмаган эдим... Сўрашсам, менга тасалли берар эдингиз... Ўша тобда менга тасалли бериб айтилган ҳар бир сўз ишончимга рахна, кўнглимга ғулғула солиши мумкин эди. Узоқ суҳбатлашдик. Эр-хотин отларини етаклаб, мени талай ергача кузатиб қўйишди: сўнг хайрлашиб сўл томонга от қўйиб кетишди. Мен саҳрода лочиндай учиб кетаётган Мастура билан Акрамжонга узоқ қараб қолдим. Иккови уфққа етганда, бири орқага қайтди, хаял ўтмай етиб келди. Бу Мастура экан, йўлдан бир неча қадам нарида туриб: — Амаки, Ҳожи акамга салом айтинг, — деди ва уфқда кутиб турган Акрамжонга томон от қўйиб кетди. Шаҳарга қайтганимиздан кейин Мастуранинг омонатини топшириш учун Ҳожи акани топдим, лекин саломини топширолмадим: Ҳожи ака бечора қазо қилган экан. 1956 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62655 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59741 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37026 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23775 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23611 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23357 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19832 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18916 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14638 |