Нурли чўққилар (ҳикоя) [Abdulla Qahhor] |
Гоҳо ер меҳрини ўйларкан, Eсга тушар дорнинг сиёғи; Ажаб ҳикмат: одам ўларкан Узилганда... ердан оёғи.Абдулла Орипов Тўққизинчи синф аълочиларидан, темир-терсакни ҳаммадан кўп йиғиб, оти радиодан айтилган ва мактаб маъмуриятидан раҳматлар эшитган Зуҳрахон деган қиз йўқолиб қолди. Ўша касофат шанба куни мактабдан қайтишда Зуҳра китоб-дафтарларини опаси Фотимага бериб, лола тергани қирга чиққан экан, қайтиб келмабди. Унинг ота-онаси аввалига қарғаб, кейин йиғлаб бутун лолазорни, бутун қишлоқни така-така қилди. Мактаб маъмурияти булардан ҳам кўпроқ жон куйдирди — жамоа ижроқўмига айтиб бутун қишлоқни оёққа турғизди, туманга маълум қилди, чунки синфда аълочи қиз тўртта бўлса —Зуҳра унинг йигирма беш протсентини ташкил қилар эди. Чол-кампир бошқа хунук хаёлларга бормаслик учун бир-бирини овутди: Зуҳра қоқвош, таъби нозик, димоғдор қиз бўлиб, мактабдошларига қўшилмас эди, шаҳардан лола тергани чиққан қизлардан биронтаси таъбига ёқиб, ўша билан ўйнаб кетган бўлса ажаб эмас. («Бирон йигит билан қочиб кетмадимикан«, дегани тил бормас эди.) Кўнглига йўл бериш мумкин бўлган ва бирдан-бир хайриятли гумон шу бўлиб қолди. Ҳақиқатан, шанба ва якшанба кунлари шаҳарлик ёшлар битта данак топса шу лолазорга келиб чақиб ер эди. Буларнинг ичида чиройлиги бор, шўхи бор, бойвачча табиати бор, бевоши бор... Бунинг устига Зуҳра ниҳоятда кўзга яқин, бир қараган киши, кўзи хира тортиб, яна қарагиси келар, хусусан, хонатлас кўйлак кийиб сочини "лайлак уя" қилганида мақтовига »чиройли» деган сўз гоҳ камлик, гоҳ эскилик қилиб қолар эди. Зуҳра ўзига муносиб, яъни яхши ўқийдиган сухсурдаккина бирон йигит билан кетган, деган умидда чол билан кампир бир оз таскин топган бўлдию, лекин Фотима балога қолди: «Зуҳра лола тергани бораман, деса, битта ўзини юборавердингми? Бирга борсанг оёғингга куйдирги чиқармиди, мунча ношуд-нотавон, мунча ҳам анқов-лакалов бўлмасанг!..» Кампир бунақа гапларни алам устидагина эмас, умуман, куйиб айтар, чунки шўх ва шаддод Зуҳрага қараганда Фотима бўштоброқ, шўхлик ҳусннинг пардози бўлса керак, иккови бир олманинг икки палласи бўлса ҳам, Зуҳранинг олдида унинг истараси сўникроқ кўринар эди. Орадан ўн кун ўтгач, Фотима мактабдан йиғлаб келди: Зуҳра туфайли синфда давомат анча пасайгани учун уни синф дафтаридан ўчирмоқчи бўлишибди. Бу гап чол-кампир учун Зуҳранинг ўлими хабари билан баробар бўлди. Фотима яна зихновга қолди: — Сен палпис-пандавақи бўлмасанг, бошимизга шундай кунлар тушмас эди! Зуҳра сендан кичик, лолазорга бораман деганида йўлини тўссанг, унамаса, сочидан судраб олиб келсанг бўлмасмиди! Аҳволинг шу бўлса ҳолингга вой, эр олмайди, бошимга ёстиқ ўласан!.. Фотима бунақа таъна-дашномларни кўп эшитди, ниҳоят, жон-жонидан ўтиб кетдию, йиғлаб деди: — Аяжон, ҳамма айбни менга тўнкайверманг, ахир Зуҳрага менинг сўзим эмас, ўзингизнинг сўзингиз ҳам ўтмас эди-ку! Ҳу ана унда, озиб-ёзиб бир иш буюриб, «Қизим, тўрттагина пиёз арчиб бер« деганингизда тескари қараб, »Мен сенга малай эмасман» дегани эсингиздан чиқдими! Шунда ҳам индамадингиз. Мен эсимни таниганимдан бери сизга қарашаман, рўзғор ишини буткул қўлимга олсаму сизни етти қават кўрпачага ўтқазиб қўйсам дейман! Наҳот, ота-онанинг иззатини, хизматини қилган киши малай бўлса! Ҳамма айб ўзингизда, яхши ўқисин, деб Зуҳрани жуда эркалатиб юборган эдингиз! Қизимнинг қўли қаваради, деб ўсмасини ҳам ўзингиз сиқиб берар эдингиз! Кампир Фотиманинг сўзларига қарши лом-мим деёлмай қолди: ҳақиқатан, ўзи вақтида ўқиёлмай қолиб, ҳаётида нима камлик, қандай қийинчилик тортган бўлса ҳаммасини илмсизликдан кўрган, зеҳни ўткир Зуҳранинг илмга тезроқ тўлишини кўзлаб, унинг мактабдаги килдай ютуғи олдида уйдаги филдай гуноҳини пайқамаган эди. Шундан кейин Фотима зихновдан қутулди, лекин кампирнинг ғамига ғам қўшилди, Зуҳрадан хат келгунча яқин бир ой бўйи ўзини ўзи еб, муштдаккина бўлиб қолди. Зуҳра бош-кети йўқ тўмтоқ хатида шундоқ дебди: «Турмуш ўртоғим билан кўнглимизнинг амрини бажариб, бахтиёр оилалар сафидан мустаҳкам ўрин эгалладик ва бахтли турмуш қучоғида оқиб, келажакнинг нурли чўққилари томон бормоқдамиз. Сизлар феодализмнинг уқубатли қучоғида яшагансизлар, юксак идеалларга асосланган муҳаббат нима эканини билмайсизлар, шунинг учун мендан хафа бўлманглар, хурсанд бўладиган кунларинг яқинлашиб келмоқда ». Фотима хатнинг бошига «азиз дадажоним, меҳрибон онажоним«, охирига - »сизларга сиҳат-саломатлик тилайман» деган сўзларни қўшиб ўқиди. Хатда на адрес бор, на имзо, конвертга шаҳар ўн биринчи алоқа бўлимининг муҳри босилган эди. Хатнинг «бахтли турмуш, нурли чўққи» деган жойлари кампирга тасалли берди. Лекин чол хатни Фотиманинг қўлидан юлқиб олди, қўйнига тиқдию тўнини елкасига ташлаб шаҳарга жўнади ва шу кетганича бир ҳафта деганда келди: Зуҳрани қидириб ўн биринчи алоқа бўлимига қарашли ҳамма хонадонга бир-бир бош тиқибди: мактаб, идора, корхоналардан сўроқлабди: ниҳоят, шаҳар милитсия бошқармасига учрабди. Милитсия тўрт кундан кейин: «Шаҳарга бунақа аёл ёзилган эмас», деб жавоб берибди. Кузга яқин туманда катта мажлис бўлгани, мажлисда Зуҳра ва унинг мактаби оғизга тушгани, хунук-хунук гаплар айтилгани тўғрисида миш-миш тарқалди. Бу миш-мишлар рамақдажон бўлиб юрган кампирни йиқитди. Кампир узоқ ётиб қолди. Қиш ўтди. Баҳор келди. Зуҳранинг на тиригидан дарак бор эди, на ўлигидан. Чол баъзан, жуда куйиб кетган вақтларида бошига муштлаб: «Жувонмаргга аза оч, аза оча қол», деб йиғларди. Фотима мактабни битирди. Унинг нияти яна ўқиш эди, бироқ чол-кампир: «Ўқиш шу бўлса - бас, мактабларга ўт тушсин«, деб туриб олди. Бундан ташқари, Зуҳра бунақа бўлганини, онаси не аҳволда ётганини кўриб Фотима бу ниятидан қайтди, иш сўраб раиснинг олдига борди. Раис Фотима ҳақида онасининг «ношуд-нотавон» қабилидаги сўзларини эшитган экан, унинг афтига ҳам қарамасдан, ферма мудири ихтиёрига юборди ва кетидан мудирга телефон қилиб: »Иш-пиш топиб бер», деди. Фотима фермада «иш-пиш« қилиб юрган эди, бир куни гапдан гап чиқдию, Фотима сигир деган жониворнинг бефаросатлигидан нолиб: "Мен раис бўлсам, сигир боқиб ўтирмас эдим, олимлар билан биргалашиб, ем-хашакнинг ўзидан сут оладиган машина чиқарар эдим", деди. Соғувчилар хўп кулишди. Бу гап раиснинг ҳам қулоғига етган экан, фермага келганида Фотиманинг елкасига қоқиб: »Дуруст, дуруст, каллада хом хаёл бўлса ҳам бўлгани, калла бўш турмагани яхши», деди ва орадан кўп ўтмай уни соғувчиликка ўтказди. Бу кунларда ферма сигирларни машинада соғишга ўтган бўлиб, сигирлар ҳали ўрганмаган, кўпи машинанинг ичагини кўрса юраги ёрилиб бошини сарак-сарак қилар, пишқирар, соғувчини сузиш пайида бўлар эди. Фотима пастдан юқори бўлганига суюниб, машинага қизиқиб, бу ишга шавқ билан киришиб кетди. Кампир ўша ётганича қовун пишигада бир оз ўнғарилиб ўрнидан турди, лекин кўп ўтмай яна ётиб қолди, шу ётганича бўлак турмади — вафот қилди. Зуҳра азанинг тўққизинчи куни кириб келди. Чол уни кўриб қарғашга оғиз очдию, лекин қарғаёлмади, «Бўйнинг узилмасин, болам» деб ҳўнграб юборди. Зуҳра каттакон қизил рўмол ўраб олган, катак рўмолчасини лунжига босиб солдатчасига ғоз турар, афтидан, онасининг хотирасини ўзича ҳурматлар эди. Унинг келганини эшитиб қўни-қўшни кўнгил сўрагани чиқишди. Зуҳра хотинларга орқасини ўгириб тураверди. Фотима, бечоранинг юзи шувут, деб ўйлади-да, уни секин туртиб: — Бунақа вақтда ҳеч ким ўтган гапни эсламайди. Уялма, буларга бир нима дегин...— деди. Зуҳра юзи шувут эмас, хотинларнинг кўнгил сўрашини ҳам, бунга жавобан «кўнглимни кўтарганларинг учун раҳмат» деган маънодаги гапни ҳам эскилик деб билгани учун шунақа қилиб турган экан, Фотимага ялт этиб қаради: — Нимадан уяламан, эркин муҳаббат масаласини Навоий, Толстойлар кўтарган! - дедию, бурилиб уйга кириб кетди. Фотима одамлардан ҳижолат бўлиб, уни касалга чиқарди. Фотима одамларни кутди, кузатди, айвонда алламаҳалгача отаси билан гаплашиб ўтирди, кейин унга жой солиб берди-да, ётгани уйга кирди. Зуҳра ҳануз ухламаган экан, йиғлайвериб шишиб кетибди. Буни кўриб Фотиманинг гина-кудурати ёзилди, унинг қилмиши, ёзган тўмтоқ хати, бояги гапи хусусида кўнглига тугиб қўйган ўпка-таъна сўзларини айтмади, аксинча, уни юпатди, турмушини сўради. Зуҳра бундан ўн бир ой муқаддам қорнида беш ойлик боласи билан эридан чиққан экан. — Ота-онаси феодал, феодализмнинг уяси, мени чўри, уй чўриси қилмоқчи бўлишди! Ўзинг биласан, уй-рўзғор ишига уқувим йўқ, қозон-товоқни жинимдан баттар ёмон кўраман. Шунинг учун аям мени фақат ўқитганлар, мен ҳам яхши ўқиганман. Йўқ, буларга мен оқсоч бўлишим керак экан! Хизматчи олгани қўйишмади, «Москвич«имизни соттириб юборишди. Бундан ташқари: "Енгсиз кўйлак кийма! Бировнинг олдида керишма! Қаҳвахонага бунча кўп борасизлар!.." Безор бўлдим! Чиқдим кетдим!.. Лекин эрим мени яхши кўрарди: қўлида кўтариб юрарди, кўчага чиқса, албатта бир нима олиб келарди... Бечора уч-тўрт ой хўп қатнади, ялинди. »Ўша ота-онанг бор экан, уйингни елкамнинг чуқури кўрсин», дедим. Уч марта онаси, бир марта отаси келди, икковини ҳам қабул қилмадим! «Қабул қилмадим» деган гапни Фотима ҳазм қилолмади, катта бошини кичик қилиб келган ва эшикдан қайтган мўйсафидларни кўз олдига келтириб йиғлагудай бўлди. — Эринг ота-онасидан кечсинми?— деди. — Кечмаса ҳам... ёшлар яшаши керак! — Буларни тўрқовоққа солиб шипга осиб қўйиш керакми? Шу талабни эринг қўйса, сен нима дер эдинг? Зуҳра «бунақа гапларни сен тушунмайсан» деган маънода бошқа гапга ўтди: — Мактабни дурустроқ битирдингми? Сенинг толеингга аям бунақа бўлиб қолдилар... Янаги йилга қайси институтга кирасан? Фотима ҳайрон бўлиб сўради: — Дадамни ёлғиз ташлаб қаёққа бораман? — Тўғри, лекин, дадам дунёдан ўтиб бораётипти, сен дунёга энди қадам қўяётибсан! Фотима эснаб: — Ишга кирдим, фермада сигир соғаётибман...— деди. Зуҳра бирдан бошини кўтарди. — Нима? Ўн йил ўқиб сигир билан таппидан бошқа нарсага ақлинг етмадими? Зуҳра аразлаб орқасини ўгирди, лекин Фотима бу ишга вақтинча, ноиложликдан кирганини, ўқиш тўғрисидаги режаларини айтар, деб хўп кутди, бироқ Фотима хаял ўтмай мушукчадай майин хуррак отди. Фотима тонг ёришганда уйғонди. Зуҳра ундан олдинроқ туриб, кетиб қолибди — ким билади, эрталаб яна одам йиғилади, дедими, ё «еримдан чиққанимни Фотима айтиб қўяди» деган ўйда отасига рўпара бўлгани юзи чидамадими... Зуҳранинг изига тушиб бўлмади. Фотима унинг эрдан чиққанини дадасига айтмай қўя қолди, ярашиб кетар, деб ўйлади. Ойлар ўтди. Бу орада Фотима ишга шўнғиб кетди. Маълум бўлишича, сигир дегани ем-хашак, суту таппидан, соғувчилик иши елин тортишу сут чиқаришдангина иборат эмас, сигир деган махлуқ шунча бефаросатлиги билан соғувчининг меҳрини, меҳнатини, билимини сезар, шунга қараб сут берар экан. Фотима шуни билганидан кейин ишда кун сайин очила борди, шундоқ бўлдики, раис ҳисобот-сайлов мажлисида «кесакдан ўт чиққани«га хурсандлик изҳор қилиб, бир қанча қизиқ гаплар гапирганидан кейин уни илғор соғувчилар қаторига қўшди. Яхши соғувчи бўлгани, раис қўшиғига қўшгани учун Фотима колхозда отнинг қашқаси бўлиб қолди. Фақат шўхлик—шаддодлик эмас, шуҳрат ҳам ҳусннинг пардози экан шекилли, Фотима бирдан очилиб кетди: ана қора ёлқин ташлагувчи кўзлару, ана тутаб турган пайваста қошлару, ёшларнинг иштаҳасини очадиган кулдиргичлару... Зуҳра хонадонга доғ солиб кетганидан кейин кўп одам: »Eнди Фотима қариқиз бўлиб ўтириб қолади», деб тахмин қилган эди, йўқ, жазман устига жазман чиқаверди: раиснинг қайниси, колхознинг монтёри, бухгалтернинг ўғли, химизатор, аптека мудири... Фотима яқинда ўқишни битириб, фермага ҳайвонот доктори бўлиб келган Самижон деган йигитга майл берди. Самижон кўп мулоҳазали йигит экан, тўй чолга ҳам татисин, деган мақсадда Зуҳрани хўп қидирди, олти ҳафта қидириб, охири дарагини топди. Унинг бир ўртоғи Зуҳрани шаҳар кутубхонасининг залида кўрибди. Зуҳра залда ўтирган бўлса, демак, кутубхонага аъзо, аъзо бўлса ўша ерда адреси бўлиши керак. Иккови шаҳарга бориб, ҳақиқатан, кутубхонадан Зуҳранинг адресини топди. Зухра марказий ҳаммом қошидаги сартарошхонада кассир бўлиб ишлар экан. Самижон эшикда қолиб, сартарошхонага Фотима кирди ва кўк ёғоч панжара ичида ўтирган Зуҳрани кўриб юраги шиғ этиб кетди: озиб чўп бўлиб кетибди, букчайибди, шундай сочдан чилвирдаккина иккита кокил қолибди... Зуҳра Фотимага кўзи тушиб, худди яланғоч ўтирганида устига биров кириб қолгандай шошиб, сариқ рўмолини елка аралаш бошига ташлади, беихтиёр панжарадан чиқиб келди. — Нега, нега келдинг?.. Мен бу ерда вақтинча ишлаб турибман... — Яхшимисан... Эринг яхшими, — деди Фотима «ярашдингми» деёлмай. — Кетиб қолган, аллақачонлар кетиб қолган. Ленинградда, ўқишда... — Боланг катта бўлиб қолдими?.. — Венера боғчада, — деди Зуҳра ва бундан ортиқ гап сўрашини истамади шекилли, ўзи савол берди: — Эрга тегаётган эмишсан деб эшитдим, ким ўзи? Фотима тўй унинг қишлоққа боришига қараб қолганини айтишга шошилиб: — Ўзимизнинг қишлоқдан, фермада ҳайвонот доктори, - деди. Зуҳра лабини бурди. — Сигир доктори дегин! Таппи таппидан йироқ тушмас экан-да! Фотиманинг дами ичига тушиб кетди. Шу аснода Самижон кириб келди. Фотима икковини таништиришини ҳам билмай қолди, таништирмаслигини ҳам, лекин унинг Зуҳрага томон илжайиб бораётганини кўриб «Самижон!« дейишга мажбур бўлди. Зуҳра куёв шу эканини билиб, унга кўз қирини ташлади, ҳиндчасига кафтларини жуфтлаб таъзим қилиб қўя қолди. Самижон ўсал бўлиб тўхтади, сўрашгани узатмоқчи бўлган қўлини кўксига қўйганича орқага тисарилди. Шу он бир мижоз кассага пул тўлагани келди-да, Зуҳра чопиб борар экан, Фотимага қараб: »Бир айланиб келинглар, кейин уйга борамиз», деди. Самижон таъзим қилиб чиқиб кетди. Фотима Самижоннинг олдида Зуҳранинг қилмишидан уялди, уни узиб-узиб олмоқчи бўлиб панжаранинг олдига борди, лекин унинг мижозига қилган муомаласидан юраги тор, жиззаки бўлиб қолганини фаҳмлаб, шаштидан қайтди. — Зуҳра, жигарим,— деди ҳазил йўсинида,— онанг ҳинди эмас эди-ку, куёв билан ўзимизча қўл бериб сўрашсанг нима қиларди? «Бир айланиб келинглар» деганинг нимаси, уйингга олиб борадиган бўлсанг, адресингни айт, калитингни бер, биз бориб турайлик! Зуҳра қип-қизариб кетди, чўнтагидан калит олиб, икки бармоғи билан Фотимага узатди, адресини айтди. Фотима Зуҳранинг қилмиши ҳақида узр сўраб, Самижонга унинг ҳали одам кўрмаганини, одоб-ахлоқ ўрганмаганини, шу туфайли бўлса керак, уйи бузилганини айтиб берди. Зуҳра паркдан нари тўрт қаватли иморатнинг зинаси остидаги уйда турар экан. Фотима сиртқи эшикни очиб йўлакка кирди, икки томонда очиқ турган эшиклардан уй билан ошхонанинг аҳволини кўриб Самижондан номусларга ўлди. — Вой, ким айтади шу уйда хотин киши, ёшгина жувон туради деб! Самижон уни хижолатдан чиқаришга шошилди: — Зиёни йўқ, айни муддао! Зуҳрахон ёш, ёлгиз, оёғи тойилмадимикан деб қўрққан эдим, йўқ, хайрият... бу уйга эркак зоти эмас, одам боласи оёқ босмаганга ўхшайди. Бечоранинг дугонаси ҳам бўлмаса керак. Иккови уй билан ошхонани йиғиштирди, тозалади. Ишдан кейин Зуҳра сариқ қоғоз халтачада бир нима кўтариб келди, ошхонага кириб кетдию, кўп ўтмай уйга товоқда овқат кўтариб кирди. Овқат аслида чучвара бўлиб, қайнатишда совуқ сувга солинган бўлса керак, хамири билан қиймаси қоришиб ётар эди. Зуҳра магазиндан олинган тайёр чучварани қайнатишни ҳам билмаганидан заррача хижолат эмас, аксинча, қозон-товоққа йўқлигини шу билан яна бир марта писанда қилганидан мамнун кўринар эди. Фотима тегишди: — Илгари аямга малай, қайнанангга чўри бўлиб қолишдан қўрқиб, қозон-товоққа қўл урмасдинг, энди нимадан қўрқасан, ҳеч бўлмаса ўзинг учун ўргансанг бўлмайдими? Зуҳра кулди. — Шу билганим ўзимга етади, чучварадан мақсад, гўшт билан хамир ейиш бўлса иккови ҳам турибди, қўшиб еявераман! — Ахир бир куни эринг келар, ярашарсизлар... Зуҳра ярашишдан умиди бўлмаса керак: — Мен озодлигимни ҳеч қанақа эрга алишмайман! — деди. — Ёлғизликнинг ўзи бир тутқунлик эмасми? — деди Самижон кулиб. Зуҳра эри тўғрисида қизишиб гапира кетди, бу гапларнинг тагида фақат: «Менинг қадримга етмади, мендай хотиннинг қадрига етмади« деган бир алам ётар эди. Бу алам, афтидан, уни кемириб, сўриб, дармонини қуритибди ва "дунё шу ўзи, ҳаётда ҳеч ким ўз қадрини тополмайди", деган кўйга солиб қўйибди. Энди маълум бўлишича, Зуҳранинг уй тутиши, кийим-боши, ўзига қарамай қўйганлиги шунинг оқибати, ҳозирги ҳар бир гапи, ҳаракати шуни таъкидлар, ҳатто дастурхонни йиғиштирганида, бўш товоқни олиб чиқиб кетаётганидаги рафтори, афт-ангори, бутун вужуди: »E, олам эли, мана, кўрдингизми, мен нечоғлиқ хорлик, зорлик тортаётибман!» деб турганга ўхшар эди. Чой маҳалида ҳеч кимдан садо чиқмади. Самижон гап очишнинг мавриди келди, деган маънода Фотима билан кўз уриштириб олганидан кейин: — Куёв билан бунақа аразлашиб қолган бўлсаларинг якка ўзингиз шаҳри азимда нима қиласиз, қишлоққа кета қолайлик, — деди. Зуҳра анчадан кейин жавоб берди: — Шаҳардан қишлоққа... бир қадам орқага қайтиш бўлмасмикан? Фотиманинг аччиғи келди. — Орқага қайтиш бўлса нима, нурли чўққидан тушиб қоласанми? Зуҳра бир вақтлар ота-онасига ёзган хатида: «Келажакнинг нурли чўққилари томон бормоқдамиз», дегани эсида бор экан, ранги бўзариб кетди. — Таъна қилма! — деди лаби пирпираб.— Мен нурли чўққига етолмаган бўлсам... сигир миниб сен етиб борасан!.. Бу гап Самижонга ҳам тегиб кетди. — Одам интиладиган чўққи тоғ чўққиси сингари булутлар орасида эмас, ерда бўлади, — деди Самижон. Фотима унинг жавобига қаноат қилмади: — Аям мендан рози бўлиб кўз юмдилар, дадам минг марта розилар; дугоналарим, қавм-қариндош, бутун колхоз мендан рози, менинг учун бундан баландроқ чўққи борми! Сендан ким рози? Ҳатто суюб олган эринг ҳам рози бўлмабди-ку! Сен қанақа чўққига интилган эдинг? Зуҳра пушти рўмолчасини лунжига босганича курсига қапишиб кетди. Унинг аҳволини кўриб Фотима шу гапни гапирганидан пушаймон бўлди. Зуҳранинг кўзлари юмуқ, қалин киприклари орасидан ёш сизар эди. Зуҳра туриб-туриб бирдан Фотимага ўзини отди, уни қаттиқ қучоқлади, ичидан хуруж қилиб келаётган фарёдни ютиш учун юзини унинг қорнига ишқаб тўлғанди, инфади, сўнг ўзини ерга отдию, бошини каравотнинг поясига бир неча марта урди. Самижон уни кўтариб каравотга ётқизди. Фотима нима қилишни билмас, қўрқиб нуқул: «Менгина ўлай» дер, унинг бошини силар эди... Бугун шанба куни Зуҳра қизини яслидан олиши керак экан, вақтида бормагани учун қоронғи тушганда мураббияси Венерани олиб келди. Зуҳра буларнинг товушини эшитиб кўзини очди. Мураббия Зуҳранинг касаллигини кўриб ҳол-аҳвол сўради, кейин Венерани унга томон йўллади. Венера унинг этагидан маҳкам ушлаб тураверди. Фотима дарров сезди: Зуҳра юраги торлик қилган пайтларда қиз бечорани кўп уришиб, эҳтимол уриб ўзидан бездириб қўйибди. Буни Самижон ҳам пайқади. Ҳақиқатан, Фотима «кел» деб қўл чўзган эди, қиз бир оз бегонасираса ҳам югуриб борди ва унинг қучоғига ўрнашиб, онасига хўмрайиб қаради. Меҳмонлар тўрт кун туриб қолишди. Фотима Зуҳра билан, Самижон меҳмонхонада ётиб юрди. Венерани яслига элтишмади, Самижон ўйнатиб, жавратиб юрди. Бешинчи куни Зуҳра буткул тузалиб, ишга чиқадиган бўлгандан кейин меҳмонлар кетадиган бўлишди. Зуҳрани қишлоққа, ҳатто тўйга таклиф қилиш ҳам ноқулай бўлиб қолди. Булар учун чолга: «Зуҳра эсон-омон юрибди, қизи катта бўлиб қолибди», деган хабарни элтиш ҳам катта гап эди. Зуҳра буларни автобус стантсиясига кузатиб чиқди. Автобус тайёр экан. Фотима Венерани кўтариб олган, автобусга чиққани уни Зуҳрага узатган эди, Венера «дод» деб Фотимага чирмашиб олди, унга ҳам ишонмай Самижонга интилди. Зуҳра хижолат бўлди. Шу чоқ автобус йўловчиларни қистаб устма-уст гудок берди. Фотима ёпилаётган эшикдан автобусга чиқиб, болани деразадан Зуҳрага узатмоқчи бўлди. Венера яна чириллаб, Фотиманинг сочини чангаллаб олди. Автобус кетидан тутун чиқариб юриб кетди. Самижон деразадан бошини чиқариб қичқирди: — Зуҳрахон, ўзингиз бориб олиб келинг! Шу ҳафта ичи боринг, кутамиз! Зуҳра кўзи жиққа ёшга тўлиб, қўлидаги катак рўмолчасини силтади: шундай яхши қизи борлигини, уни кўп уришиб ўзидан бунчалик бездириб қўйганини энди пайқади; билагига ташлаб олган желеткаси оёғи остига тушганидан бехабар, автобуснинг кетидан бир-икки қадам босди... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62655 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59741 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37026 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23775 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23611 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23357 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19832 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18916 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14638 |