Ғаройиб болалар (роман) [Aziz Nesin] |
Биринчи хат Анқара, 12-ноябр, 1963-йил. Дўстим Аҳмад! Бир-биримиз билан тез-тез хат ёзишиб турамиз, деб ваъдалашган эдик. Негадир ўшанда менга унчалик ишонқирамовдинг... Зайнаб, сен Анқарада ўзингга янги ўртоқлар топгач, бизларни эсдан чиқариб юборасан, деган эдинг. Мана, сўзимнинг устидан чиқяпман. Демак, сизларни унутмабман. Анқарага кўчиб келганимизга бир ҳафта бўлди. Янги уйга жойлашиб ҳам олдик. Сенга илгарироқ хат ёзишнинг иложи бўлмади. Чунки янги мактабга энди қатнай бошладим. Янги адресимизни ҳам куни кеча дадамдан билиб олдим. Xат ёзишни сендан бошлаяпман. Тўғрисини айтганда, ўқишлар авжи қизиб турганида мактабни ташлаб, Истанбулдан чиқиб кетишга ҳечам кўнглим бўлмовди, ҳам синфдош ўртоқларимга ўрганиб қолган эдим. Ахир тўрт йилдан кўп бирга ўқидик-да. Аммо иложим қанча, дадам Анқарага янги ишга ўтди. Уй ичи билан кўчиб келдик. Яқин оғайнилари дадамга Анқарадан яхшироқ иш топиб беришди, бу ҳақда сенга Истанбулда ҳам айтган эдим. Дадам учта синфдош ўртоғи билан ҳозир бир фирмада ишлаяпти. Учови ҳам оиласи билан бир бинода туришаркан. Улар дадамга ҳам иш, ҳам шу бинодан бўш уй топиб қўйишибди. Дадамнинг ўртоқлари ҳам бола-чақали экан. Бир бинода тўққиз бола бўлиб қолдик. Ёшларимиз ҳар хил. Бештамиз битта мактабга қатнаймиз. Ўзим тенги бир бола билан бир синфда ўқияпман. Укам Метин янги мактабдан, янги ўртоқларидан ёцираб юрибди. Мен бўлсам ҳаммасига дарров кўникиб кетдим. Ҳаётда рўй берадиган муҳим воқеалар ҳақида ёзиб туришга келишиб олган эдик. Янги уй, янги мактаб, янги ўртоқлар — булар менинг ҳаётимда муҳим гап бўлди. Ҳаммаси шу, боиак янгиликлар йўқ. Истанбулдаги синфдош ўртоқларимни жуда тез соғиниб қолдим. Сизлар билан қачон ва қаерда кўришамиз энди? Менга ўхшаб сен ҳам берган сўзингнинг устидан чиқасан, деб ишонаман. Ўртоқларнинг ҳаммасига мендан салом айтиб қўй. Ҳаммангизга муваффақият тилайман. Синфдошинг Зайнаб Ёлқир. Американи қурган меъмор Истанбул, 15-ноябр, 1963-йил. Қадрдон дўстим Зайнаб! Хатингни олиб, жуда хурсанд бўлдим. Яшавор. Очиғини айцам, Анқарага боргандан кейин бизни эсдан чиқариб юборасан, деб ўйлагандим. Xатингни синфдаги ҳамма болаларга ўқиб бердим. Тоза хурсанд бўлишди. Ҳаммалари сенга салом айтишди. Мен ҳам сўзимнинг устидан чиқаман. Бу ерда юз берадиган муҳим воқеалар ҳақида сенга албатта ёзиб тураман. Сен Анқарага кўчиб кетганингдан кейин мен қизиқ бир ҳодисанинг гувоҳи бўлдим. Ҳозир сенга шуни ҳикоя қилиб бераман. Ўқитувчимиз бир куни эрталаб синфга ҳовлиқиб кириб келди-да, бизни текширгани инспектор келаётганмиш, деди. Ўқитувчининг ранг-рўйини кўриб бизни баттар қалтироқ босди. Ўша куни эшицак, инспектор қўшни мактабларда ҳам бўлган экан. У ерда нима ишлар қилганини дарров таниш болалардан суриштириб, билиб олдик. Маълум бўлишича, у тўғри синфга кириб бораркан-да, ўқитувчига доскага бирор масала ёзиб, ўқувчиларга ечтиришни буюраркан. Шундан кейин ўқитувчига айтиб, болалардан диктант олдираркан. Дик-тантларни йиғиштириб, шахсан ўзи текшириб чиқаркан. Охири у савол-жавобга ўтаркан. Нима савол беришини ҳам билиб олдик. Сўрайдиган нарсалари шу экан: «Америка қачон кашф этилган?», «Энг севган одаминг ким?», «Истанбулни кирн забт қилган?», «Сулаймония мачитини ким қурган?». Ўқитувчимиз бизга янги дафтар тутишни буюрди. Шундан кейин у доскга қийин бир масалани ёзиб, шу ернинг ўзидаёқ уни ўзи ечди-да: — Мана энди буни яхшилаб кўчириб олинглар, — деди. Масалани ечими билан боплаб кўчириб олдик. Ўқитувчимиз уни ўчириб, ўрнига шеър ёзди. — Буниям айнан кўчириб олинглар! Яна айтганини қилдик. Шундан кейин у ҳамманинг дафтарини кўриб берди. Xатолари бўлса, тузатиб чиқди. — Болалар, жаноб инспектор синфимизга кирса, мен сизларга мана шу масалани бериб, шу шеърни диктантга ёздираман, — деди у охири. Буёғидан кўнгли хотиржам бўлгач, ўқитувчимиз масаланинг иккинчи томонига ўтди. — Энди баъзи саволларга бериладиган жавоблар билан танишиб чиқамиз. Инспектор жаноблари нимани сўраб қолса, шуни шариллатиб жавоб беришингиз керак. Биз савол-жавобларни ёдлашга ўтдик. — Америка қачон кашф этилган? Бутун синф бараварига гувиллайди: — 1492 йилда. — Сен учун энг азиз одам ким? Бу саволга ҳар ким ҳар хил жавоб бергани учун синфда қий-чув кўтарилди. Баъзилар Отатуркнинг номини айтишса, қолганлари ойиси билан дадасини тилга олади. Ўқитувчимиз кейинги саволга ўтади: — Истанбулни ким забт қилган? Дарҳол жавобни ёпиштирамиз: — Султон Меҳмед Фотиҳ! — Сулаймония мачитини ким қурган? Ҳали у сўраб улгурмасданоқ, шариллатиб жавоб берамиз: — Меъмор Синон. Савол-жавобларни ёдлашга икки кун вақтимиз кетди. Ўқитувчимиз ҳар икки гапнинг бирида: «Жавобларга эҳтиёт боиинглар, тағин адашиб-нетиб ўтирманглар», деб огоҳлантириб қўярди. Ҳаммасини қойиллатиб ёдлаб олдим. Жавобларни бир сафга тизиб, ўзимча қайтараман: «1942. Дадам. Султон Меҳмед Фотиҳ. Меъмор Синон. 1492. Дадам. Султон Меҳмед Фотиҳ. Меъмор синон. 1492. Дадам...» Азбаройи булар миямга қаттиқ ўрнашиб қол-ганидан юрган йўлимда пичирлаб гапирадиган одат чиқарибман. — Ҳа, ўғлим, тобинг йўқми? — сўраб қолди ойим бир куни эрталаб. — Йўқ, тузукман. — Ҳайронман. Туни билан «1942, дадам, султон Меҳмед Фотиҳ, меъмор Синон...» деб алаҳлаб чиқдинг. Биз кутган инспектор ўша куни эрта билан синфга кириб келди. Ўзинг биласан-ку, менда ҳовлиқиш одати йўқ. Лекин ўша куни нимагадир ичимдан титроқ келиб, юрагим ҳаприқиб кетаверди. Балки ўқитувчимизнинг аҳволини кўриб, шундай бўлгандирман. Боёқишни қалтироқ босиб, қўли титраётганини биринчи марта ўшанда кўрдим. — Қани, ўқувчиларга диктант ёздиринг-чи! — деди инспектор. Ўқитувчимиз бизга маълум бўлган шеърни диктант қила бошлади. Болалар унинг айтганини ёзаётгандек бўлиб, ручкаларини жўрттага қитирлатиб қўйишарди. Ваҳоланки, бу диктант дафтаримизга аллақачон бехато кўчириб қўйилган эди. Диктант тугагач, инспектор дафтарларимизни бирма-бир текшириб чиқди. Бирортамиздан ҳам заррача хато тополмади. — Ўқувчиларга яхши сабоқ берибсиз, ташаккур!— деди у боши осмонга етиб. Инспектор чап қаторда ўтирган Чингизнинг дафтарини кўришни унутганми, бир пайт: «Қани, сеникиниям бир кўрайчи!» деб қолди. Чингиз унга дафтарини узатди. — Бу нимаси? — тутақиб кетди инспектор. — Диктант, афандим. — Қанақа диктант бу? Инспекторнинг фиғони фалакка чиқди. Чингиз ўтирган томонга секин ўгирилиб қараган эдим, воқеа маълум бўлди: бола бечора қўрқиб кетганидан дафтарининг тайёр масала ёзилган бетини очиб юборибди. — Ҳозир ёзган диктантинг қани? Чингиз сал бўлмаса диктантни очиб кўрсатай девди, яхшиямки, ўқитувчимиз инспекторнинг орқасида турган экан. Чингизга ҳар хил имо-ишоралар қилиб, зинҳор диктантни кўрсатмаслик кераклигини тушунтирди. — Диктантни ёзолмадим, афандим. Инспектор Чингизга сирли ишоралар қилаётган ўқи-тувчига ўгирилди: — Доскага масала ёзинг, ечиб беришсин. Ўқитувчимиз лавлагидек қизариб кетди. Аслида биз инспектор олдин масала бериб, кейин диктант ўтказади, деб ўйлаган эдик. Қўшни мактаб болалари шундоқ дейишганди. Чингизнинг эсанкираб қолишига сабаб ҳам шу тартибнинг ўзгариши бўлди. Чингизнинг дафтари ҳамон инспекторда эди, шунга кўра ўқитувчи доскага бошқа бир масалани ёзишга мажбур бўлди. Ўзинг яхши биласан, арифметикадан нуқул аъло оламан. Лекин ҳамма қатори мен ҳам роса эсанкираб қолган эканман, масалани сираям ечолмадим. Дафтарларимизни кўриб, инспекторнинг қовоғи уюлди. Ўқитувчимиз қанчалик хижолат бўлганини айтмайсанми?! «Инспектор мендан сўрайдиганини сўрасину ўқитувчимизнинг юзини ёруғ қилай», дейман ўзимга-ўзим. Кейин аста пичирлайман: «1492. Дадам. Султон Меҳмед Фотиҳ, Меъмор Синон. 1492...» Инспектор менинг ҳолатимни сезган эканми, тўсатдан: — Қани, ўрнингдан турчи, — деб қолди. Хурсанд бўлиб кетдим. Дарров дик этиб ўрнимдан турдим. Нима бўлганини болалар кейин гапириб беришди. Инспектор олдинига: — Ёшинг начада? — деб сўрабди. Азбаройи юрагим типирчилаб турганидан саволи қулоғимга бошқача эшитилибди. Мендан Америка қачон кашф этилганини сўраяпти, деб ўйладим. — 1492, афандим, — дедим овозни баралла қўйиб. Инспекторнинг кўзи ола-кула бўлиб кетди. — Нима-а-а? Неча ёшдасан? Назаримда, жавобни дўндириб қўйганман. Шунинг учун яна томоққа куч бердим: — 1492, афандим. — Истанбулни фатҳ этган ким? Бериладиган жавобларни тартиб билан ёдлаб олган-ман. Шунга кўра навбатдаги жавобни айтдим: — Дадам. Инспектор нимани олдин, нимани кейин сўраши маълум эди. Энди бизга қолганда бу тартибни бузишини мен қаёқдан билай?! Меҳмон полни гурсиллатиб бир тепди: — Сендан Истанбулни ким фатҳ этган, деб сўраяпман. — Дадам-да, афандим. — Даданг ким ўзи? — Меъмор Синон. — Нима деб валдираяпсан, ўғлим? Дадангни сўрасам, меъмор Синон дейсан. Иш пачава бўлганини шундагина тушундим. Аммо роса эсанкираб қолган эканман, бунинг устига инспектор бўкириб турибди, эс-ҳушимни йиғиб ололмадим. — Xўш, меъмор Синон нима қилган? Кутилмаган савол мени баттар чалғитиб юборди. — Истанбулни фатҳ этган, афандим, — дедим жонҳолатда. — Ким фатҳ этган? — Ким бўларди, меъмор Сулаймон-да, — дедим ҳозиргина йўл қўйган хатойимни тузатмоқчи бўлиб. — Ундоқ бўлса Сулаймония мачитини ким қур-ган? — Султон Синон Фотиҳ. Жавоблар бир-бирига қоришиб кетганини ўзим ҳам сезиб турибман-у, лекин ноиложман: карахт бўлган одамга ўхшайман. Инспекторнинг ғазаби қайнаб кетди. Жаҳл устида нима деганини ўзи ҳам билмай қолди. — Ўғлим, Американи қурган одам меъмор султон Меҳмед бўлади. Сулаймония мачитини эса Фотиҳ Синон кашф этган. Болалар пиқирлашиб қолди. Инспектор нотўғри гапириб қўйганини сезди. — Яъни айтмоқчиманки, Синония мачитини меъмор Сулаймон қурган. Фотиҳни меъмор султон Меҳмед фатҳ этган. Яна қовун тушириб қўйди. — Мени ҳам йўлдан урдинг, болакай, — деди у охири ўзини оқламоқчи бўлиб. Инспектор бошини тебрата-тебрата жаҳл билан ташқарига чиқиб кетди. Синф сув қуйгандек жим бўлди. — Минг афсус!— деб юборди ўқитувчимиз анчадан кейин ўзига келиб. Бу гапни у менга қаратиб айтдими, инспекторгами ёки ўзигами — яхши тушунолмадим. Ўша куни роса юзим шувут бўлди. Буни сенга таърифлаб беришга ожизман. Шу воқеа эсимга тушса ҳали-ҳали азоб чекаман. Ҳолбуки, ниятим холис эди. Мен инспекторнинг сўраган нарсаларига шариллатиб жавоб бермоқчи ва бу билан ўқитувчимизнинг обрўйини сақлаб қолмоқчи бўлган эдим. Сен ҳам ваъдага вафо қил. Янгиликлардан ёзиб тур. Xўпми? Xатингни кутаман. Сенгаям муваффақият тилайман, дўстим. Синфдошинг Аҳмад Тарбай. Дадалар аълочи бўлади Анқара, 19-ноябр, 1963-йил. Қадрли дўстим Аҳмад! Жавоб хатинг учун катта раҳмат. Менга ёзган хатинг ҳамиша шунақа бир қулоч бўлсин. Бу ерда нима воқеа рўй берса, мен ҳам батафсил ёзиб тураман. Xатингни ўқиб турганимда сени кўз олдимда бир зум тасаввур қилдим. Шунда инспектор икковинг қар-шимда намоён бўлдинглар. Кулавериб ичагим узилди... Энди сенга уйимизни таърифлаб берсам. Биз тўрт қаватли бинода турибмиз. Ҳар бир қаватда иккитадан квартира бор. Биз иккинчи қаватдамиз. Дадамнинг учала ўртоғи ҳам шу бинода оиласи билан яшайди. Бу ҳақда сенга олдинги хатимда ёзган эдим. Уйнинг орқаси майдон. Катта бўлса ҳам ҳувиллаб ётади. Кечқурунлари ҳаммамиз шу ерда ўйнаймиз. Тунов куниям қий-чув кўтариб ўйнаб юрган эдик, дадаларимиздан гап чиқиб кетди. Ҳар ким ўзининг дадасини мақтайверди. Майда болалар айниқса тўполон кўтариб юборишди. Метин деган укам бор. Ҳозир учинчи синфда ўқийди. Ҳаммадан шу укам ошиб тушди. «Менинг дадам зўрла, менинг дадам билағонла», деяверди кўкрагини кериб. Аслида ҳақ гап бу. Дадамиз мактабда нуқул аъло баҳолар билан ўқиган эканлар. Буни ўз оғизларидан эшитганмиз. Икки ўртада баҳс қизиб кетди. — Менинг дадам сизларникидан зўр ўқиганлар. Синфдан синфга нуқул аъло баҳолар билан ўтганлар. Ҳа, мана шунақа, — дерди Метин бўш келмай. Дадам билан бирга ўқиган ўртоғининг ўғли: — Ҳо, роса олиб қочдинг-ку! — деди Метинни калака қилиб. — Бу гапни кимдан эшитдинг ўзи? — сўради бошқа бир бола. — Дадамнинг ўзлари айтганлар, — деди Метин керилиб. Кейин қўшиб қўйди: — Ким ишонмаса, бориб дадасидан сўрасин. Ҳаммамизнинг дадамиз бирга ўқишган экан. Рост гапни айтиб беришади. Каттароқ болалар даҳанаки жангга қўшилмай турган эди, мен билан бир синфда ўқийдиган қўшни қиз: — Ёлғон гапиргани уялмайсанми, аълочи деб менинг дадамни айца бўлади,— деб укамни койиб берди. — Ўзинг ҳам алдоқчи экансан. Менинг дадам синфда ҳечам қолмаганлар. Нуқул аъло ўқиганлар. Тушундингми?— деди бошқа бир бола бўйнини чўзиб. — Ғирт ёлғон бу. Даданг сени алдаяпти. Аълочи деб менинг дадамни айца бўлади. — Дадам ҳечам алдамайдилар. Катта болалар ҳам бунга қўшилганини кўриб, хунобим ошди. Баҳс тобора қизиб боряпти. — Тўғрими, опа? Дадам аълочи бўлганлар-а? Ўзинг айт, булар эшитишсин, — деди укам мени мададга чақириб. — Ҳа, тўғри, шундоқ бўлган, — дедим. Қий-чув яна авжга минди. — Қўй, хафа бўлма, ким нима деса деяверсин. Барибир фойдаси йўқ, — дедим укамни юпатиб. Ёши биздан анча катта бир бола: — Ҳамманг нотўғри гапиряпсан, — деди маҳмаданалик қилиб. — Ҳеч кимнинг дадаси аълочи бўлмаган. Тўғрисини айцам, уларнинг орасида фақат менинг дадам яхши ўқиганлар. — Ол-а! — деди Метин қизишиб. — Ишонмасанг, бориб дадангдан сўрашинг мумкин. — Даданг лақиллатипти сени! — Сени! Метин ўзига иккита келадиган бу болага калла қил-моқчи бўлган эди, аранг ушлаб қолдим. Уйга кетяпмиз-у Метин ҳадеб: — Алдоқчилар... Мактабда фақат менинг дадам аълочи бўлган! — деб ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Уйга кира солиб, у ойимнинг олдига югурди. — Дадам аълочи бўлмаганмиш. Дадам алдоқчи эмиш. Ойимнинг жаҳли қўзиб, жеркиб берди: — Ўчир овозингни! Бу нима қилиқ? Яна қайтарсанг, тилингни кесиб оламан. Укам дарҳол жим бўлди. — Нимага аччиқ қиласан, Метин, — дедим уни юпатиш учун.— Айб ўзимизда бўлиши ҳам мумкин. Дадамиз уларнинг дадалари билан бир мактабда ўқимагандир балки. — Ўзлари доим бирга ўқиганмиз, дейишади-ку. — Бўпти, кечқурун дадамнинг ўзларидан сўраймиз. Бор гапни айтадилар. Ғулғулага тушиб қолдим. Бу масала мени ҳам қизиқтира бошлади. Кечқурун овқатланиб ўтирган эдик, дадамдан бояги гапни сўрадим. — Ҳа, бирга ўқиганмиз, тўғри. Аслида тўртталамиз ҳам бир синфда ўқиганмиз. Мен улардан бири билан уч йил, қолган иккитаси билан беш йил бир синфда ўқиганман. Кундузи ойимнинг Метинга қилган пўписаси эсимга тушиб, бошқа нарса сўрашга юрагим бетламади. Эртаси куни мактабга борганимда ёнимдаги пар-тада ўтирадиган қиздан дадаси мактабда қандай ўқиганини сўрадим. — Менинг дадам нуқул аъло баҳо билан ўқиган,— деди у. Бу гапни орқамиздаги бола эшитиб қолди. — Менинг дадам ҳам аълочи бўлган эканлар, — деди у керилиб. Хуллас, бу масала бутун синфнинг оғзига тушди. Атиги уч бола дадаси ёшлигида қандай ўқиганлигини билмас экан. Қолган ҳамма ўқувчиларнинг дадаси аълочи бўлиб чиқди. Аҳмад, хатимни олганингдан кейин сен ҳам дадангдан сўраб кўр — у кишиям мактабда аъло баҳолар билан ўқиган эканларми? Лекин аълочи бўлганларига ҳозирданоқ ишонаман. Чунки кимни олиб қарама, ҳамманинг дадаси негадир аълочи бўлиб чиқяпти. Орадан икки кун ўтмаган ҳам эдики, бир пайт Метиннинг ўқитувчиси ойимни мактабга айттириб юборди. Маълум бўлишича, укамнинг ўқиши пасайиб кетибди. Ишдан қайтгач, бу гап дадамнинг қулоғига етди. Дадам Метинни анча койиб бердилар, кейин эса уни олдиларига ўтқазиб, ётиғи билан насиҳат қилдилар. — Ахир мендан ибрат олсанг бўлмайдими, ўғлим? Мен сендек пайтимда ҳамма фанлардан аъло баҳо олиб ўқирдим. Бирор марта ҳам паст баҳо олмаганман. Синфда менинг олдимга тушадиган бола йўқ эди. Xо ш, сен-чи? Уят эмасми, ахир! Нимага ўқишингнинг мазаси йўқ? Бола деган дадасига ўхшаши, ундан ибрат олиши керак-да, ахир. Дадам анча ҳовуридан тушган эди, фурсатни қўлдан бергим келмади: — Қўяверинг, дада,— дедим.— Метин ҳам катта бўлганида болаларига мактабда зўр ўқиганман, деб айтиши мумкин-ку. Илмоқли гапимни ойим фаҳмлаб қолиб, дарров танбеҳга ўтдилар: — Бу нима беадаблик, қизи тушмагур? Энди сенинг тилингни кесиб олайми? Ўзингдан катта гапираётганда тек ўтирсанг бўлмайдими?! Буёғига индамай қўя қолдим. Дадам бошқа чурқ этиб оғиз очмадилар. Хуллас, Анқарага кўчиб келганимиздан бери бундан бўлак йирикроқ воқеа юз бергани йўқ. Мендан ҳамма синфдош ўртоқларга салом айт. Сенга ҳам муваффақиятлар тилайман. Синфдошинг Зайнаб Ёлқир. Дарслар янгидан бошланди Истанбул, 23-ноябр, 1963-йил. Дўстим Зайнаб! 19-ноябрда ёзган хатингни олиб, қанчалик қувонганимни таърифлаб беролмайман. Хунук бир янгилик бор: ўқитувчимиз мактабдан кетди. Бошқа вилоятга ишга ўтганмиш. Унга қаттиқ ўрганиб қолган эканмиз, эшитиб жуда хафа бўлдик. Охирги дарсида биз билан хайрлашди, шунда баъзилар кўзёши тўкиб олишди. Ўпкам тўлиб, ўзимни аранг босиб ўтирган эдим, синфдан чиқаётиб бошимни силаши билан мен ҳам чидаб туролмадим. Ҳўнграб йиғлаб юбордим. Аслида ўқитувчимиз ҳўв ўша инспектор келган кундаги воқеадан кейин менга унчалик рўйхуш бермай юрган эди. Шу хайрлашув куни бизга бир-икки оғиз ширин гап айтиб, ҳаммамизга муваффақият тилади. — Яна кўришгунча хайр, болалар! Шундай деди-ю, эшикка қараб юрди. Ёнимдан ўтиб кетаётганида эса бошимни аста силаб қўйди. Янгиси ҳам эркак ўқитувчи. Биринчи дарсига кириши биланоқ нималарни ўтганимизни суриштира кетди. Ҳар қайсимизни бирма-бир турғизиб, кетма-кет саволлар берди. Жавобларимиздан сира қониқмади. — Афсус... Минг афсус... Ҳеч нимани билмас экансизлар! — деди у охири бошини чайқаб. Дамир бор-ку, Дамир, синфимизнинг аълочиси. Ҳатто шу Дамирнинг жавобларидан ҳам кўнгли тўлмади-я. Навбат менга келди. Билганимни гапириб бердим. У бўлса нуқул «есиз, эсиз» деб тиззасини шапатилаб ўтирди. Менга қолса, сўраган нарсаларига тўғри жавоб бердим. Болалар бирин-кетин дарсларни гапириб беришяпти-ю, у бўлса дам-бадам: — Шунча йил ўқиб, ҳеч нима ўрганмабсиз-да? Бекорга келиб-кетиб юраверибсизлар-да? Эсиз вақт, эсиз... Ўқиш эмас, уқиш керак эди, уқиш, — деб нолийди бошини чайқаб. — Нима, сўраган нарсангизга тўғри жавоб бер-мадимми? — деди бир пайт Мине ўпкаси тўлиб. — Йўқ, жавобинг тўғри бўлди, — деди янги ўқитувчимиз. Кейин қўшимча қилди: — Ҳа, тўғри жавоб бердинг. Лекин юзаки, саёз. Ҳаммаларинг шунақа, билимларинг саёз экан. Унинг бу гапидан қаттиқ ранжиган бўлсак ҳам индамадик. Эски ўқитувчимизнинг дарсларидан ёмон баҳо олиб юрган уч-тўрт бола буни эшитиб ғимирлаб қолди. Янги ўқитувчининг гапи уларга мойдек ёққан эди. — Эски ўқитувчимиз яхши дарс берарди, ёмон ўқимасдик, — деди Дамир ўзини тутолмай. — Ҳа, жавобларингиздан билиниб турибди, — пичинг қилди янгиси. Шундан кейин у стол атрофида бирпас айланиб юр-гач, мулойимиик билан гап бошлади: — Болалар! Мана энди келишиб олайлик. Илгари ўқиган нарсаларингизни энди унутасиз. Мутлақо эсдан чиқаринглар. Ҳамма дарсларни янгидан бошлаймиз. Тушунарлими? Дамир қўл кўтариб сўради: — Ахир биз китобда нима ёзилган бўлса, шуни ўқиган эдик-ку? — Мен сизларга энди ҳаммасини эсдан чиқаринг, деб айтяпман! Янги ўқитувчининг биринчи дарси шундай ўтди. Танаффусда болалар тарафма-тараф бўлиб кетишди. Баъзилар эски ўқитувчининг ёнини олган бўлса, бошқалар янгисини ҳимоя қилишди. Очиғини айцам, ҳеч кимга қўшилмай бетараф қолдим. Бир пайт қўшни 5-синф ўқувчилари билан гаплашиб қолдик. Маълум бўлишича, уларга ҳам ўқув йилининг бошида янги ўқитувчи келган экан. Xудди бизникига ўхшаган воқеа юз берибди. Уларнинг янги ўқитувчиси ҳам дарсга биринчи кирган куниёқ: «Илгари нима ўтган бўлсангиз, ҳаммасини эсдан чиқаринглар!» — деб буюрибди. Янги ўқитувчимизнинг бу услуби айрим болаларга жуда қўл келиб қолди. Ўқитувчининг бирор саволига нотўғри жавоб бериб, дакки эшитадиган бўлишса, дарҳол: — Олдинги ўқитувчимиз бизга шундоқ деган эдилар, афандим, — дейишади. Ўқитувчимизнинг эса баттар фиғони фалакка чиқади: — Минг марта айтдим-ку сенларга, илгари ўтилган нарсаларни эсдан чиқаринглар деб! Мияга ўрнашиб қолган дарсларни унутиш қийин бўларкан. Бу иш фақат Дамирнинг қўлидан келди, холос. Бир куни дарсга мактаб директори кириб қолди. Тарих дарси эди. Директор дарсларни қандай ўзлаштираётганимизни билмоқчи бўлди шекилли, Дамирни ўрнидан турғизиб, қатор саволлар берди: — Ўрта аср маданияти нима? Дамир индамади. Директор бошқа саволга ўтди: — Китоб босишни ким кашф этган? Дамирдан садо чиқмади. Директор унинг аиочилигини биларди, шунинг учун ҳайрон бўлди: — Ҳа, нима бўлди, нега индамайсан? — Ҳаммасини унутдим, — деди Дамир. — Бўлмаса Америка қандай кашф этилганини сўзлаб бер. — Унутдим, афандим. — Уйғониш даври деб нимага айтилади? — Эсдан чиқардим, афандим. — Бу қандоқ гап, ҳеч нарса эсингда қолмапти, — хуноби ошиб деди директор. — Xўш, нимани биласан ўзи, шуни гапириб бер. — Ҳозир ҳеч нарса билмайман. Билганларимни эсдан чиқариб юбордим. — Ҳа, нечук? — Янги ўқитувчимиз шундоқ дедилар, эски ўқитувчингиз нимани ўтган бўлса, энди ҳаммасини унутиб юборинглар, деб айтдилар. Директор мени чақирди. — Ҳиндистонга денгиз йўлини биринчи бўлиб ким очган? Ана холос! Аксига олиб, шу топда кашфиётчининг исмини унутиб қўйибман. Аслида тилимнинг учида турибди-ю, лекин ҳечам эслаёлмадим. Дамир боя жўрттага айтган бўлса, мен ростакамига унутган эдим. — Эсимда йўқ, афандим, — дедим охири ноилож. Директор кўзойнагининг устидан ўқитувчига бир қараб қўйди-да, индамай синфдан чиқиб кетди. Гўё ҳеч нима бўлмагандай, ўқитувчи дарсни келган жойидан бошлаб юборди: — Xўш, ёвуз Салим султонга келсак... Танаффусда болалар Дамир икковимизни ўраб олиб, тасанно айтишди. Аслида эса Ҳиндистонга денгиз орқали борадиган йўлни ким кашф этгани мутлақо ёдимдан кўтарилган эди. Мендаги бу паришонхотирлик касали бошимга яна кўп савдолар солди. Мана, яна бир шингилини эшит. Жуда шарманда бўлдим. Воқеа бундай бўлди. Ўзинг биласан, мактабда ота-оналар кенгаши, оила-мактаб иттифоқи деган нарса бор. Бир куни ота-оналар мажлисидан кейин қўлбола консерт қўйиб беришга аҳд қилдик. Менга декламация қисмини топширишди. Илгариги ўқитувчимиз бир дарсда қўйни жуда мақ-таб гапирган эди. Қўй ғоят фойдали жонивор, сут беради, ёғ қилади, гўшти лаззатли бўлади, жунидан матолар тўқилади, терисидан иссиқ пўстин чиқади, суякларида илик бўлади, унинг қийи ўғитнинг зўри ҳисобланади, деб айтган эди. Ўша куни дарсдан чиқибоқ битта шеър ёзиб ташлаган эдим. Мана ўша шеърим: Қўй Думбаси боржиққа мой, Елини-чи, сутга кон. Майингина жуни бор, Кийимбоп экан обдан. Соп чиқади шохидан, Го ъшти — лаззат уяси, Териси по ъстин берар, Ўғитман, дер қийиси. Кўклам келса қўзилар, Суякка илик тўплар. Ёзган шеърим эски ўқитувчимизга жуда маъқул бўлди. У, ота-оналар мажлисидан кейин консерт бўлади, ўшанда албатта ўқиб берасан, деб тайинлади. Ўзимда йўқ суюниб кетдим. Шундан кейин шеърни пухта ёдлаб олмоқчи бўлдим. Беш-олти кунгача шу иш билан овора бўлдим. Мақсад — ўзим ёзган шеърни консерт пайтида шариллатиб ўқиб бериш эди. Аммо омадим келмади — мени консертга чиқармоқчи бўлган ўқитувчимиз лоп этиб бош-қа мактабга ишга ўтиб кетди. Унинг ўрнига келган янги ўқитувчи менинг тайёргарлигимдан хабар топган экан, шеърни ўз қулоғи билан эшитмоқчи бўлди. Ўқиб бердим. — Бу шеъринг мутлақо ярамайди, — деди у. — Илгари ўқиган нарсаларни миядан чиқариб ташланглар, деб айтган эдим-ку, ахир. Бошқа шеър бераман, консертда шуни декламация қиласан. У менга ўқиш китобини очиб «Ватаним» деган шеърни кўрсатди: — Мана шуни ёдлаб ол. Консертда яхшилаб декламация қиласан! Аммо ёдлашга вақт қани! Мажлис эртага белгиланган. Бир кунда уни ёдлаб бўладими. «Ватаним» шеърини сен билсанг керак. Ўқиш китобларимиз бир хил бўлса, ўша саҳифани очгин, кўрасан. Тополмасанг, мана ўқиб кўр: Ватаним Эй, заррин либосларга зап ўралиб олган, Эй, бўлиқ бошоқлар-у боғ-роғларга тўлган Ва осмон бўйи достон битган ватаним, ҳей! Эй, ўша буюк инсонни берган онанинг, Эй, жабр-у жафо, кураш, имон ҳамда ноланинг Ва Синон битган чўнг қуббанинг ватани, ҳей! Хуллас, «ей» билан бошланиб, «ҳей» билан тугайдиган оддий бир шеър! Аммо қанчалик ҳаракат қилмай, вақт жуда оз бўлгани учун уни яхши ёдлаб ололмадим. Эртасига мактабга келишим билан ўқитувчимиз: — Қани, консертдан олдин бир репетиция қилиб кўрайлик-чи. Ўқи шеърни, эшитамиз, — деб қолди. Ўзим билганимча ўқиб берган эдим, унга маъқул бўлмади: — Ярамайди. Шеър деган бундай декламация қилинмайди, — деди у норози бўлиб. Яна қайтариб декламация қилдим. Барибир унга ёқмади. — Шеърни шеърдек ўқиш керак, бўтам. Бу сенга кўчада ўтган-кетгандан адрес сўраш деган гап эмас. Жойига қараб овоз янграб чиқиши ёки майин бўлиши лозим. Баъзан пардани титратиб бос. Лозим бўлса овозинг ипакдек майин бўлсин, керагида эса арслондек наъра торт. Шуни ҳам айтиб қўяйки, шеър ўқиётганингда чап қўлни белга тираб, ўнг қўлни тўғрига узатиб тур. Иннайкейин, «ҳей» деган ундов келганида оёғинг билан полни қаттиқ дўпиллатиб ур. Мана, ҳозир сенга кўрсатаман, кўриб қўй. Шеър декламация қилиш мана бунақа бўлади. Ўқитувчимиз шеърни ўзи айтганидек қилиб ўқиб берди. «Ҳей» деган жойга келганида ўнг оёғини даст кўтариб, полни зарб билан бир тепди. — Гап деган бундоқ бўпти. Ғанимларнинг бошини янчиб, ер билан яксон қилмоқчи бўлган одамдек, бор кучинг билан полни тепишинг керак. Айтганини қилдим. Аммо хаёл оёққа кетиб, шеърнинг баъзи мисраларини унутиб қўя бошладим. Аслида-ку ўз билганимча декламация қилаверганимда ҳечам янглишмасдим-а... Шеърни айтган усулида боплаб ўқиб бердим-у, аммо тепинишларим унга ёқмади. Ҳар гал полни дукиллатиб тепганимда: «Қаттиқроқ, қаттиқроқ теп! Пошна билан, пошна билан!» деб турди. Кўп уриниб кўрдим, барибир кўнгли тўлмади. Охи-ри сабри чидамади: — Мана, қараб тур, яна бир марта кўрсатиб бераман! Ўқитувчи «ҳей» деб ўкирганича полни гурсиллатиб бир тепган эди, синфнинг дераза ойналари шарақлаб кетди. — Ана, кўрдингми энди. Турк ўғлони депсинганида ер мана шундай ларзага келмоғи керак. Ҳа, шундоқ бўлсин. — Сиздай қилолмайман, ўқитувчи. Чунки сиз энг камида юз кило келасиз, мен бўлсам бор-йўғи қирқ икки киломан, — жавоб бердим унга ўзимни оқлаш учун. Меҳнати зое кетди, айтганини ҳечам эплолмадим. Қаттиқ дарғазаб бўлди. Яна бир гал: «Ва осмон бўйи достон битган диёрим, ҳей!» деганича жаҳл билан оёғини кўтариб полга бир урган эди, қаттиқ додлаб юборди. Ўзинг яхши биласан, синфимизнинг поллари чириб кетган. Шу чириган тахталардан бид синиб, оёғи кириб қолипти. Дарҳол ёрдамга келдим. Икковлашиб оёғини ковакдан зўрға тортиб олдик. Шовқинни эшитиб, бошқа ўқитувчилар ҳам чопиб келишди. Ҳамма: «Нима бўлди, тинчликми?» деб сўрайди. — Энди кўрдингми, бўтам, — деди ўқитувчи бир оёғини судраб ташқари чиқар экан. — Оёқ ҳар гал ерга текканида ҳаммаёқ ларзага келсин, худди ер қимирлаганга ўхшаб чайқалиб кецин. Ўқитувчи чиқиб кетганидан кейин бундоқ оёғимга разм солиб қарасам, ишнинг пачаваси чиқипти, ҳадеб ҳейлайвериб товонни шишириб қўйибман. Консерт нақ икки соат давом этди. Мен ўзим ёзган «Қўй» шеъримни салкам бир ой ёд олиб юрган эдим. Шунинг учун ҳам унинг сатрлари миямга қаттиқ ўрнашиб қолган экан, ҳадеб эсимга тушаверади. «Ватаним» шеърини ёдлаб юрганимда ҳам беихтиёр ўзимнинг сатрларим кўз олдимда турди. Бу янги шеърни бир амаллаб ёдлаб олдим-у, лекин ҳадеб оёқ кўтараверганим учун сатрларини адаштира бошладим. Афтидан, оёққа зўр бериб, мияни ишдан чиқариб қўйганга ўхшайман. — Навбатинг келди! Тез бўл, саҳнага чиқ! — деб болалар мени орқамдан туртиб саҳнага чиқаришди. Зал ота-оналар билан лиқ тўла экан. Ўқитувчимиз саҳна ортида бизга суфлёрлик қилиши керак. Мен саҳнага чиқдим. Меҳмонларга бошимни силкиб, салом бердим. Аммо бошимни қимирлатишим биланоқ декламациянинг сарлавҳаси хаёлдан қочди. Бу қандай бедаволикки, Зайнаб, шу топда миямга ўзимнинг «Қўй» шеърим келса бўладими! Мен тушмагур илгари ёдлаб олган нарсаларимни унутиш ўр-нига, янги ўрганган шеъримни эсдан чиқариб ўтирибман-а. Қанчалик мушкул аҳволда қолганимни ўзинг бир тасаввур қилиб кўр. Мен саҳнадан туриб залда ўтир-ганларга термуламан, улар эса менга. Xуллас, анча вақтгача бир-биримиз билан кўз уриштириб туравердик. Хайрият, ўқитувчимиз жонимга ора кирди — орқадан шеърнинг номини пичирлаб айтди. Дарҳол овозимнинг борича «Ватаним!» деб қичқирдим. Уёғи яна эсда йўқ. Нима қилиш керак? Индамай турган билан бўлмайди. Сарлавҳани яна бир қайтарай, зора унгача буёғи эсга тушиб қолса, деган мақсадда яна бир марта «Ватаним!» деб ҳайқирдим Яна жим бўлдим. Залда қарсаклар янгради. Ҳайрон бўлдим. «Ватаним!» деганимда нимага чапак чалишганига тушунолмадим. Шу пайт яна ўқитув-чимизнинг ним овози эшитилди. Келган жойидан бошлаб юбордим. Аммо олдинги гал томоққа қаттиқ куч бериб қўйган эканман шекилли, овоз чиқмай қолди, хириллаб, зўрға «Эй!» деёлдим, холос. Яна ча-паквозлик бўлди. Очиғи, гангиб қолдим. Миямда сатрлар бир-бирига қоришиб кетди. Зўрға ўзимни қоига олиб, декламацияни бошлаб юбордим. Болалар кейин гапириб беришича, бу ажойиб шеърни шундоқ деб бошлабман: Ватаним! Эй, заррин либосларга зап ўралиб олган, Эй, бўлиқ бошоқлару боғ-роғларга тўлган Ва достон бўйи осмон битган ватаним, ҳей! «Ҳей»ни айтган заҳоти полни зарб билан бир тепган эдим, турган жойимда бир газ осмонга сакратиб юборди. Биласанми, нимага? Боя ўқитувчи билан репетиция қилаётганимизда пошнадаги мих жойидан кўчган экан, билмабман. Ўша мих шу топда шарт этиб товонга кириб кеца бўладими?! Кўзимдан ўт чақнаб кетди. Товонимга биров бигиз қадаб, ўпкамни тешиб юборгандек бўлди. Азобнинг зўрлигидан ёд бўлиб қолган сатрларни ҳам паққос унутдим-қўйдим. Мен нима аҳволдаман-у томошабинлар қийқириб кулишади. Ўқитувчидан мадад келар, деган умидда ўқтин-ўқтин орқага ўгирилиб қараб қўяман. Ўқитувчи ҳолимни сезди, шивирлаб айца барибир қулоғимга кирмаслигини фаҳмлаб, овозини бемалол қўйиб юборди: «Эй, о ъша буюк инсонни берган онанинг». Дарҳол илиб кетдим. — Эй, ўша буюк инсонни берган онанинг... Онанинг... Онанинг... Кейин нима келади, эслаёлмайман... Зора лоп этиб эсимга тушса, деган хаёл билан яна икки-уч марта шуни қайтариб айтдим. Бўлмади. «Онанинг» дейман-у игнаси юрмай қолган пластинкага ўхшаб у ёғига ўтолмайман. Вужудимни қалтироқ босди. «Онанинг... Онанинг...» деб йигиамоқдан бери бўлиб турган эдим, қўққисдан ўзим ёзган сатрлар миямга келиб қолди. Таваккал қилиб буёғини улаб кетдим: Онанинг... Онанинг... Онанинг... Думбаси боржиққа мой, Елини-чи сутга кон, Майингина жуни бор... Ўқитувчимиз ҳам сатрларни кетма-кет етказиб турибди. Олдин ундан эшитганимни қайтараман-да, кейин ўзимникини тиркаб юбораман. Эй, жабр-ужафо, кураш... Соп чиқади шохидан, Гўшти — лаззат уяси, Оғитман, дер қийиси, ҳе-ей! Декламацияни тугатдим-у ўзимни ичкарига урдим. Гулдурос қарсаклардан мактабимиз чайқалиб кетди. — Нима қилиб қўйдинг ахир, Аҳмад? — деди ўқитувчимиз синиқ овоз билан. — Иложим қанча, афандим, — дедим унга қараб.— Одамзод билган нарсасини дарров унутиб юбора олмас экан, жуда қийин бўларкан. Яна бир нима дейдиган бўлсам, аламимдан йиғлаб юбораман. Ўпкам тўлиб турибди. Ўқитувчи икковимиз чўлоқланиб йўлга тушдик. Яна мих кириб кетишидан қўрқиб, зўрға оёқ босаман. — Катта истеъдодинг бор экан-ку, ўғлим, — деди уйга қайтгач дадам. — Кулдиравериб ҳамманинг ичагини уздинг-ку. Ойим унинг гапига қўшилди: — Кўзда ёшим қолмади кулавериб. Нақ жинни бўлаёзгандим-а... Шеърларни янглишиб аралаш-қуралаш қилиб юбор-ганимни ҳеч ким сезмабди. Ҳамма жўртага қиляпти, деб ўйлабди. Хуллис, Зайнаб, кейинги кунларда шунақа машмашалар бўлди. Сенинг даданг ҳам мактабда нуқул аъло олиб ўқиганми, деб сўрабсан. Йўқ, дадам, афсуски, аълочи бўлмаган. Нега десанг, у ўқимаган. Агар мактабга қатнаган бўлганида менга аъло баҳолар билан ўқиганман, деб айтган бўларди, албатта. Мен завқ билан ўқийдиган хатларингни кутаман. Соғ бўл. Собиқ синфдошинг Аҳмад Тарбай. Ишлаган — тишлайди Анқара, 26-ноябр, 1963-йил. Дўстим Аҳмад! Менга ҳамиша шунақа узундан узоқ хатлар ёзавер. Xўпми? Узундан узоқ деганимни кўнглингга олма, аслида уни бир зумдаёқ ўқиб чиқдим. Синфда бир-икки болага ҳам ўқиб берган эдим, тоза мириқиб кулишди. Бу томонларда салқин тушиб қолди. Энди олдимиздаги майдонда ўйнамай қўйдик. Мактабдан келиб, дарсларимни тайёрлайман, ойимга қарашиб юбораман. Опамнинг бунақа ишларга ҳуши йўқ. Супургини кўрса ўтакаси ёрилади. Унинг энг яхши кўрған иши — ошхонага кириб олиб, пирожний ёки кекс пишириш. Аммо опам ошхонага кирса, ойим юрак ўйноғида юради. Нега деганда, опам бир кун ошхонага киргудек бўлса, ойим бир ҳафтагача қийналади — ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетгани учун қўйган буюмини жойидан тополмайди. Шу опамни узатмоқчи бўлиб юришувди, фотиҳаси бузилди. Кейинги пайтларда уйимизда ҳамманинг оғзида шу тўй масаласи эди. Укам Метиннинг бир оғиз сўзи опамнинг фотиҳасини бузди-қўйди... Баъзан кечқурунлари дадамнинг ўртоқлари бизникига тўпланишади ёки биз уларникига чиқамиз. Xуллас, ҳафтада камида икки кун меҳмондорчилик бўлади. Тўрт оғайни бир жойга йиғилди дегунча, дарров Зайналбейдан гап очилади. Зайналбей деганлари — бу дадамлар ишлайдиган идоранинг хўжайини. — Жонимга тегди шу гап. Нуқул Зайналбей, Зайналбей дейсизлар. Бошқа гап қуриб қолганми ахир, — дейди ойим норози бўлиб. Шундан кейин гап бошқа мавзуга кўчади. Лекин орадан сал ўтмай яна Зайналбей тилга тушиб қолади. Ҳаммалари уни ёмонлаб кетишади. Зайналбейнинг яна икки-уч жойда идораси бор экан. Ўзи жуда бадавлат эмиш. Бунинг устига мол-дунёси кун сайин ортиб бораётганмиш. Зайналбей аслида ишламайдиган, қовоқбош бир одам экан. Бошланғич мактабни зўрға амал-тақал қилиб битирган экан. Дадамнинг ошналаридан бири Зайналбейга элат бўларкан. Ўша бир воқеани гапириб берди. — Зайналбей аслида биздан ўн ёш катта, — деди у. — У учинчи синфда ўқиб юрганида, мен эндигина мактабга қатнай бошлаган эдим. Демак, бир синфда неча йилдан ўтириб чиққанини хомчўт қилиб чиқиш мумкин. Мен бошланғич мактабни битирганимда у ҳамон тўртинчи синфда ўқирди. «Ўғлинг шу ернинг ўзидан домла-имом бўлиб чиқади», деб одамлар унинг отасини калака қилишарди. Ўша кезлари Зайналнинг соқол-мўйлови сабза уриб, йигитча бўлиб қолган эди. Бир куни денг, мактабга инспектор келиб қолди. Тўғри Зайнал ўқийдиган синфга кирибди. Ўқитувчиси ёшгина йигит экан. Инспектор бундоқ қараса, мўйловли Зайнал ўтирибди-ю, ёшгина йигит тик турибди. «Нега ўрнингдан турдинг, ўғлим, ўқитувчинг ҳеч нима демади-ку», — дебди инспектор ўқитувчи йигитга. У ўсал бўлиб, қип-қизариб кетибди. Зайналдай бефаросат, қовоқбош болани кўрмаганман. — Нима, ҳозир ўзгариб қолганми? Илгаригидан бешбаттар мияси суюлиб кетган-ку, — дейди дадам. «Кундузи чироқ ёқиб топиб бўлмайдиган овсар», «Тентаклар ичида дунё чемпиони...» Ва ҳоказо, ва ҳоказо. — Сендан ўқиб одам чиқмайдиганга ўхшайди, яхшиси, кўзим тириклигида ёнимда юр, савдо-сотиқни ўрган, — деб отаси уни мактабда қайтариб олибди. Шу-шу Зайнал савдо ишларига шўнғиб кетибди. Тез фурсатда катта бойлик орттирибди. Уларнинг гапига қараганда, Зайналбей ўтакетган дангаса, алифни калтак деёлмайдиган қовоқбош одам бўлсаям, унинг зўр бир қобилияти бор экан — у одам ишлатишни қийвораркан. Зайналбейнинг қўша-қўша идора ва ширкатларида бир талай меъмор, инженер, адвокат, врачлар ишларкан. — Ўқимаган ҳам маъқул экан. Xўш, бизлар ўқиб нима бўлдик? Охири шу саводсиз Зайналбейга келиб ялиндик-да. Мана энди унга ишлаяпмиз, — дейди шунда дадам чуқур уҳ тортиб. Зайналбейнинг калтабинлиги ҳамманинг оғзига тушган экан. Бир пайт у ёнида одамлари билан Фелеменкка сафар қилган экан. Бу ерда у анча туриб қолибди. Кейин жўнаб кетишаётган экан, шерикларига қараб: — Фелеменк дегани ҳам яхши мамлакат экан, менга жуда ёқди. Энди Голландияни бир бориб кўриш керак, ажойиб жой дейишади, — дебди. Полшада ҳам худди шу воқеа рўй берган экан. — Мен Полшага келдик, десам, бу ер Лаҳистон экан-да. Энди шунинг жазосига Полшани ҳам бир кўриб келмасам бўлмайди, — деб тоза кулги бўлган экан. Тунов куни бизникида яна Зайналбейнинг устидан кулиб ўтиришган эди, Метин тўсатдан: — Бу одам шу қадар аҳмоқ, ишёқмас, калтабин экан, қандоқ қилиб бой бўлган бўлмаса? — деб гап қотиб қолди. — Катталарнинг ишига ёш болалар аралашмайди, айб бўлади, — деди ойим Метинга танбеҳ бериб. — Сен ҳали ёшсан, бунақа нарсаларга тушун-майсан, — очиғини айта қолди дадам. Опамни мана шу Зайналбейнинг ўғлига унаш-тириб қуйишди. Тўғрироғи, иккала томон қуда бўлиш ҳақида келишиб олди. Опамни ҳеч кўрганмисан? Менга сираям ўхшамайди. Яъни мен унга ўхшамайман. Жуда барно қиз. Бу ҳақда бизларга биров оғиз очгани ҳам йўқ. Опамнинг ўзиям чурқ этмади. Аммо чала-чулпа гапларни эшитиб юрибмиз. Уйдагилар ғимирлаб қолганини дастлаб Метин сезди. Ойим бирор юмуш қил-саям оғзидан ашула тушмайдиган бўлиб қолди. Опамнинг бўлса боши осмонда. Буни биздан яширмоқчи бўлади-ю, лекин хатти-ҳаракати билан сирни ошкор қилиб қўяди. — Эшитдингми, опамизни яқинда унаштиришармиш, — деб қолди бир куни Метин. — Яхши гап, унаштирисбаверишсин. — Кимгалигини биласанми? — Кимга экан? — ўзимни гўлликка солиб сўрадим. — Зайналбейнинг ўглига. Индамаган эдим, хафа бўлди. — Ҳа, эшитяпсанми? Зайналбейнинг ўғлига беришармиш. — Xўш, нима қипти? Нега аччиғинг келяпти? — Нима қипти эмиш-а! Бундан чиқди, сен ҳам уларнинг томонида экансан-да? — Тўйи билан менинг нима ишим бор. Метин уйда ҳаммадан кўра кўпроқ менинг гапимга ишонарди. Шунинг учун баттар тутақиб кетди. — Нимага ишинг бўлмайди? Мен хоҳламайман. Бўлмаган гап бу! Яна кўпириб кетмаслиги учун индамай қўя қолдим. Укам ичидаги гапларни тўкиб солди: — Зайналбейни ўзлари нуқул ҳўкизга ўхшаган одам, калласи йўқ, деб айтишарди-ку! Нима, опамни келиб-келиб шу ҳўкизнинг ўгиига беришадими? — Ўгиининг йўриғи бошқа. — Ҳо! Нега бошқа бўларкан? Ҳатто лицейни ҳам тугатолмапти-ку. Отаси уйига ўқитувчи ёллаб, пулнинг кўчи билан зўрға гувоҳнома олиб берган экан. Кейин ўглига энди ўқишни йиғиштир, ўглим, бўлмаса миянг суюлиб, савдо ишига ярамай қоласан, дебди. Xўш, ёлғонми шу? Дадамнинг ўртоқлари айтишди, ўз қулоғим билан эшитганман. — Бу гапни зинҳор ойимга айта кўрма, Метин. Ҳарҳолда катталар биздан кўра кўпроқ нарсани билишади, — дедим уни бир оз совитиш учун. — Ҳа, биламан, сен ҳам шуларнинг ёнини оласан, — деди Метин зарда қилиб. — Аммо дадамга ҳайронман. — Нега? — Нега эмиш! Бу қандоқ гап ўзи — ҳам Зайналбейни ёмонотлиқ қилишади, ҳам ўшанинг идорасида ишлашади. Метин шартта ўгирилиб чиқиб кетди. Кўзёшини кўрсатгиси келмади, чамамда. Чунки охирги жумлани гапирганида ўпкаси тўлиб турган эди. Ўша кундан бошлаб Метин тамоман ўзгариб қолди. Илгаригидан ҳам бебош, қўрс ва баджаҳл болага айланди. Бирор кун йўқки ўқитувчилари ундан шикоят қилишмасин. Ўтакетган тўполончи, ялқов бола, деган таъналар ёғилиб кетди. Ўқиши жуда пасайиб кетибди. Дадам қаттиқ ташвишга тушиб қолди. Метинга яхшиликча насиҳат қилиб кўрди, бир-икки марта савалаган ҳам бўлди, барибир фойдаси тегмади. Бунинг устига Метин мактабдан қочадиган одат ҳам чиқарди. Ойим уни эрталаб мактабга элтиб қўяди. Метин бўлса у кетиши билан жуфтакни ростлайди. Дадам минг ширин муомала қилгани билан у чурқ этмай ер чизиб тураверади. Бир куни уни гапга солиб, кўнглидагиларни билиб олмоқчи бўлган эдим: — Бунақа ишларга сен аралашма, ҳали ёшлик қиласан, — деб жеркиб берди. Метинни деб уйимиздан ҳаловат йўқолди. Ойим тез-тез кўзёши қилиб оладиган, дадам эса қовоғини солиб юрадиган бўлиб қолди. Бир куни кечқурун Метин уйга келмади. Қош қорайиб, кеч бўлди ҳамки, ундан дарак йўқ. Ҳаммамиз уни қидиришга тушдик. Суриштирмаган жойимиз қолмади. Ноилож уйга қайтдик. Дадамнинг ўртоқлари ҳам хавотир олиб, бизникига келишди. Ойим «енди нима қиламан», деб юм-юм йигиайди. Эркаклар Метинни яна қаердан суриштириш мумкинлигини ўйлаб ўтиришибди. Тўсатдан қўнғироқ чалинди. Ҳамма дув этиб эшикка югурди. Эшикни очсак, Метин экан. Ундан хавотирланиб, ҳама юрагини ҳовучлаб ўтирибди-ку, Метиннинг бўлса парвойи палак. Ўртоқлари: «Келганида ҳозир уришма, қўй», дейишгани учун дадам ноилож индамади. Ҳамма ўз иши билан овора бўлиб ўтираверди. Бирпасдан кейин дадам Метинни ёнига чақириб, унга насиҳат қилди. — Мактабдан қочадиган, дарсларини қилмайдиган боланинг охири вой бўлади, ўгиим, — деди дадам мулойимлик билан. — Кимки меҳнацевар бўлса, ўша одам кўп пул топади, кейин унинг роҳатини кўради. Сен ёш пайтингда кўп ишлашинг, яъни ўқишинг керак, токи катта бўлганингда роҳат-фароғатда яшагин. Дадамнинг гапи ҳамиша шу. Ўртоқлари ҳам уни қувватлаб гапиришди. — Меҳнатнинг таги роҳат, жиян. Ишлаган — тишлайди. — Ҳа, омаднинг калити ҳам меҳнатда. Қовоғини уюб, ерга қараб турган Метин бирдан ҳушёр тортди: — Меҳнат қилинса, қанча пул ишлаб топса бўлади? — Ким кўп тер тўкса, ўша кўп пул топади. — Xўп, кўп тер тўккан киши Зайналбейчалик бадавлат бўла оладими? Ҳамма жим бўлди. Метин бу билан нима демоқчи бўлгани равшан эди. — Бизлар ҳам бир пайт сенга ўхшаган бола бўлганмиз, — деди дадам салдан кейин ноқулай жимликни бузиб. — Бизлар ҳам болалик нималигини тушунамиз. Аммо биз болалик пайтимизда... Метин гапни чўрт кесди: — Тер тўкиб дарс қилмаган одам кўп пул топади. Дадам тутақиб кетиб, ўшқириб берди: — Ҳа, энди даданг сенга ёлғончи бўлиб қолдими? Метин ҳўнграб йиғлаб юборди. — Йўқ, унақа демоқчи эмасман, — деди у пиқиллаб. — Ахир ўзингиз ҳар куни Зайналбей ишёқмас, Зайналбей аҳмоқ, Зайналбей овсар дейсиз-ку. Бўлмаса нега унинг қўша-қўша фабрикаси, ширкати, идора ва магазинлари бор? Машинасиям кўп, уйлариям кўп. Ўғлиям ўзига ўхшаган, ёмон ўқиган. Йиғи зўрайган сари Метин авжга чиқди: — Энди мактабга бормайман. Зайналбейга ўхшаб бой бўламан. Қўл остимда уникидан ҳам кўп одам бўлади. Ҳаммасини ишлатаман. Серғайрат, ўқимишли одамларни мен ҳам идорамга ишга оламан. Метин жойига кириб кетди. Гапининг охирини ўша ердан эшитдик. Дадамнинг кўнгли бузилди. — Майли, ўғлим, билганингни қил. Ўқигинг келмаётган бўлса, майли, ўқима. Ҳозирча хўп деяйлик, деган маънода ўртоқларига кўзини қисиб қўйди. Ойим Метинни юз-қўлини ювишга олиб кетди. — Ҳамма айб ўзимизда,— деди дадамнинг ўртоғи.— Бола-чақанинг олдида андиша қилмай гапираверамиз. Булар бор жойда ҳамма гапни ҳам гапириб бўлавермайди. Шу ерда ўтирган хотини унга кўзи билан мени имо қилиб кўрсатди. Яна бири луқма ташлади: — Жияннинг гапида жон борга ўхшайди. Чиндан ҳам шунча йил ўқиб, биз нима бўлдик... Зайнал бейга ёлландик, холос. Метиннинг хулқи нега ўзгариб қолганини ойим оуан дадам яхши билишарди. Ҳаммасига Зайналбейнинг ўғли, яъни опамнинг бўлажак қаллиғи сабаб бўлди. Шу воқеадан кейин орадан бир неча кун ўтгач, фотиҳани бузишди. Опам ишга кирди. Ҳозир бинойидек ишлаб турибди. Ўзиям болғуси куёв болага кўнгли йўқроқ эканми, ҳарҳолда ҳозирги мус-тақил ҳаётидан мамнун эканлигини кўриб юрибман. Метин ичидаги гапларни тўкиб солган кунининг эртасидан бошлаб ўқишга кетди. Ҳозир у ипакдек мулойим бўлиб қолган. Тўйни барбод қилгани учун юраги бироз ғашланди шекилли, уйда қўйдек беозор юради. Дарсларидан ҳам етишиб олди. Уй ичидагиларнинг ҳаммаси билан муросани тиклади-ю, лекин менга ҳамон ола қараб юрибди. Ҳа, қаттиқ хафа бўлганга ўхшайди. Нега деганда, ўша пайтда уни қўллаб-қувватламадимда. Аслида-ку мен ҳам худди шу фикрда эдим-а, аммо унинг қўллаган усули менга тўғри келмаса нима қилай. Ҳай, майли, тез кунларда ярашиб кетармиз. Шунга умид қилиб юрибман. Хатни кечки овқатдан кейин ёзяпман. Энди уйқу келяпти, ёта қолай. Эртага дам олиш куни. Ойим Метин икковимизни болалар театрига олиб бораман деган Ўртоқларимнинг ҳеч қайсисини унутганим йўқ. Ҳаммангизни соғиндим. Баъзан бирга тушган расмларимизни кўриб, сизларни бир-бир эслаб ўтираман. Ҳамма ўртоқларга салом айт. Ўзингга ҳам катта муваффақиятлар тилайман. Ўртоғинг Зайнаб Ёлқир. Фидойи болалар Истанбул, 30-ноябр, 1963-йил. Қадрли Зайнаб! Хатингни олганимга икки кун бўлди. Ўша куниёқ жавоб ёзгим бор эди-ю, лекин ўқитувчи уйга кўп вазифа бериб юборгани учун улгуролмадим. Шунга кўра энди жавоб ёзяпман. Янги ўқитувчи менга маъқул бўлиб боряпти. Директор синфимизга кириб қолганда, Дамир нима ҳунар кўрсатганини сенга айтиб берган эдим. Ўшанда ҳаммамиз Дамирнинг шўри қуриди, деб ўйлаган эдик. Йўқ, ўқитувчи унга ҳеч қандай чора кўрмади. Ўзимнинг ҳам ўтакам ёрилиб юрган эди. Акси бўлиб чиқди. Ҳозир у мен билан жуда яхши муносабатда. Сўнгги пайтларда фидойилик мавзуси ўқитувчи-мизнинг оғзидан тушмй қолди. Фидойилик ҳақида эшитган-билган гапларини айтиб беради-да, кейин: — Xўш, буни қандоқ тушундинглар? Бу ҳақда нима дейсиз? Қиссадан ҳисса нима? — деб биздан фикр сўрайди. Ўқитувчимизга мен нега маъқул келиб қолганимнинг сирини айтайми? Мен ҳамиша унинг кўнглидаги гапни топиб айтаман — қиссадан чиқадиган ҳиссани топиб гапираман. У ҳикоясини бошлаши биланоқ кўзланган муддаони сезиб оламан-да, сўраганда дарров жавобни ёпиштираман. Бундан у жуда мамнун. Ҳар сафар жавобидан кейин: «Офарин, Аҳмад!» деб қўяди, сўнгра: — Сизлар ҳам ҳаётда мана шундай фидойи бўлинглар, болалар! — деб бутун синфга ўгит беради. Кунлардан бирида шу мавзуда қаттиқ тортишиб қолдик. Ўқитувчининг кўнглига қараб жавоб беравериш мени ниҳоятда зериктириб юборди. Бир ҳикоя айтиб берган эди, шуни ўз билганимча таърифламоқчи, бу ҳақда ўзимнинг фикримни билдирмоқчи бўлдим. Буниси ҳам фидойилик ҳақида эди. Мен сенга унинг қисқача мазмунини гапириб берай. Уруш пайти. Қишлоқ мактаби. Қишлоқда бизнинг аскарларимиз турибди. Бизлар тенги бир бола душманни кўриши билан аскарларимизга хабар қилиши керак. У шу ҳақда топшириқ олади. Бола бир дарахтга чиқиб олиб, кузатиб туради. Узоқдан душман кўринади. Болакай шоша-пиша ерга тушиб, қишлоқ томонга югуради. Йўлда ўқ еб яраланади. Аммо шунга қарамай чопиб кетаверади. Қишлоққа етиб олгач, командирга душман келаётганини айтади ва йиқилади. Шу ернинг ўзида жони узилади. — Қани, Аҳмад, тур ўрнингдан, — деди ўқитувчи одати бўйича. — Xўш, бу ҳикоянинг биз учун қандай тарбиявий аҳамияти бор? — Олдин битта саволим бор, афандим, — дедим ўрнимдан туриб. — Шу воқеа чиндан ҳам бўлганми ўзи ёки фидойиликка намуна сифатида уни катталар ичидан тўқиганми? Ўқитувчи мендан буни кутмаган эди. Шунинг учун анча довдираб қолди. Нима дейишни билмай бироз ўйланиб тургач: — Бу билан нима демоқчисан?— деди жаҳл аралаш. — Биров буни ичидан тўқиганми ёки бўлган воқеами — сенга бунинг нима дахли бор? — Агар шу бўлган воқеа бўлса ишониш қийин. — Нимага? — Душманни кузатиб туриш — бу муҳим топшириқ. Келиб-келиб ўн бир яшар болага шу иш топшириладими? Нима, бошқа одам йўқмиди? Мен шунисига ҳайрон бўлиб турибман. Қолаверса, болаларнинг келажаги учун ҳаёт-мамот жанги кетаётган бир пайтда ёш болага ҳарбий топшириқ бериб, уни... — Бу шунчаки бадиий бир ҳикоя, албатта, — деди ўқитувчи сўзимни бўлиб. Кейин бутун синфга мурожаат қилди: — Xўш, Аҳмаднинг гапи тўғрими? Сизлар нима дейсиз? Қий-чув кўтарилди. «Нотўғри, нотўғри», деган овозлар эшитилди. Чингиз деган бола дик этиб ўрнидан турди. — Бизлар ҳам фидокор бўлмоғимиз керак, афандим. Ҳикоя бизни шунга ўргатади. Худди ақлли гап айтгандай керилиб менга қараб қўйди. Менинг ёнимни олган ёлғиз Дамир бўлди. — Мен ҳам Аҳмаднинг фикрига қўшиламан, афандим. Ўқитувчи яна бутун синфга юзланди: — Қани, айтинглар-чи, нима учун Аҳмад билан Дамирнинг фикри бошқа? Чингиз яна сапчиб туриб, чийиллаб кетди: — Уларга теккан касал бу, афандим. Доим ўзларини кўрсатмоқчи бўлишади. Шу пайт танаффусга қўнғироқ чалиниб қолди. — Бу ҳақда танаффусдан кейин яна гаплашамиз - деди ўқитувчимиз чиқа туриб. Зайнаб, ростини айцам, шу топда қўнғироқ чалиниб қолганига жуда суюндим. Акс ҳолда қизишиб кетиб, ўқитувчимизга бирор оғир гап айтиб қўйишим ҳам мумкин эди. Дарсдан чиқдик. «Ҳа, билағон, қалайсан энди!» — деди Чингиз кесатиб. «Бедаво касалга йўлиққан!» — деб Салима яна ярамга туз сепди. Ким билади, балки чиндан ҳам катта кетворгандирман. Аммо ҳикоянинг ўзи менга ёқмаган бўлса нима қилай ахир... Фидойилик ҳақида жуда таъсирчан қилиб ёзилган эди у аслида. Ҳикоя ҳаммамизга шу қадар сингиб кетибдики, катта танаффусда ҳовлига чиқиб «уруш-уруш» ўйнадик. Болалар дарахтларнинг тепасига чиқиб олишди. Ўша ердан туриб душманга қарата пулемётлардан тариллатиб ўт очилди. Ҳовлидаги дарахтлар бизга камлик қилиб қолди. Баъзиларимизга кузатиш нуқтаси етмади. Мен деразадаги панжарага осилиб, деворга чиқдим. Кейин водопровод қувуридан юриб, йўғон ходанинг устига миниб олдим. Танлаган жойимдан мамнун бўлдим. Бундоқ қарасам, рўпарамдаги акация дарахтининг устида Чингиз билан Ҳусайн жой талашяпти. Иккови ади-бади айтишиб туришибди. «Топшириқ сенга эмас, менга берилди!» — деб бақиради Ҳусайн. Бирдан Ҳусайннинг додлаган овози эшитилб қолди. Ҳаммамиз ерга тушиб югурдик. Ўқитувчилар ҳам чопиб келишди. — Дарахтда нима қилиб юрувдинг ўзи? — ўшқириб берди иккинчи синф ўқитувчиси. — Душман аскарларидан кўз-қулоқ бўлиб турган эдим. Бу гапни эшитиб, у роса ҳайрон бўлди. — Эсинг жойидами? Бу ерда душман нима қилади? Ҳайтовур, Ҳусайн енгил йиқилган экан, ярасини боғлаб қўйишди. Чингиз боёқиш қўрқиб кетганидан қўл-оёғи қалтирайди. Айб Чингизда эканини ҳаммамиз билиб турибмиз. Аммо Ҳусайн мард бола экан, уни сотмади. Ўқитувчи: «Нега йиқилдинг, ким итариб юборди?» — деб сўроққа тутган эди, Ҳусайн: «Айб ўзимда, оёғим тойиб, йиқилиб тушдим», — деб туриб олди. Ҳусайннинг бу ҳаракати мени жиддий ўйлантириб қўйди. Танаффусдан кейин яна дарсга кирдик. Фикр-хаёлим ҳамон Ҳусайнда эди, ўқитувчи тағин бой-аги гапни сўраб қолди. — Бирор киши бошқаларга ўзини кўрсатиб қўйиш ёки ном чиқариш учун фидойилик қиладиган бўлса буни чин маънода фидойилик деб бўлмайди, — дедим шартта ўрнимдан туриб. Мен бу билан Ҳусайннинг чинакам мардлигини назарда тутган эдим. Эртаси куни ўқитувчимиз шу хусусда бошқа бир ҳикояни гапириб берди. Бир камбағал бола бўларкан. Боланинг онаси ётиб қолади. Унга дори керак, уйда эса пул йўқ. Бола дори сотиб олиш учун ўғрилик қилади, уни тутиб олишади. Ўртоғи эса бутун айбни ўз бўйнига олади. У қутулиб кетади. Яна билағонлик қиляпти, деб ўйламасликлари учун бу гал индамай қўя қоладим, фикримни айтмадим. Ваҳоланки, ушбу ҳикояда ғирт тентакликнинг номи фидойилик деб кўрсатилган эди. Ўқитувчиларимиз келишиб олишибди. Бизнинг синф биан 5-«Б» синфи ўқувчилари ўртасида энг яхши иншо учун конкурс ўтказиладиган бўлди. Иншонинг мавзуси — фидойилик. Бу конкурс мактабда катта шов-шув кўтариб юборди. Ҳамма ким ғолиб чиқишини билгиси келади. Ўқитувчимизга қолса, конкурсда мен ютиб чиқишим керак. Бунга унинг имони комил. Мен шу иншода фидойилик ҳақида ўз билганларимни ёзишга жазм қилдим. Ўзиниям нақ уч кун ёздим. Тайёр бўлгач, уйдагиларга ўқиб бердим. Ёзганларим ҳамиша дадамга маъқул бўларди, лекин буниси унга ёқмади. Амакимга ҳам ўқиб берувдим, энсаси қотди. Аслида ёзган иншомнинг мазмуни бундай. Бир боланинг укаси оғир бетоб бўлиб қолади. Бола бундан қаттиқ эзилиб юради. Укасининг оғирини енгил қилмоқчи бўлади, лекин иложини тополмайди. Охири ўйлаб-ўйлаб бир йўл топади. Ҳар куни ўринга ётар чоғида: «Э худо, укамни ўз паноҳингда асра. Дардини менга бера қол, розиман», деб пичирлайдиган бўлади. Кунлардан бирида кечаси у туш кўради. Баҳайбат бир дев: «Мана, қилган дуоинг ижобат бўлди. Қани, жонингни менга таслим қил!» — деб турган эмиш. «Мен укамга фидойилик қилмоқчи бўлувдим, жонимни олма!» — деб бола қичқириб юборади. Онаси уйғониб кетади. Кўрпанг очилиб қолибди, ётнон туш кўрган бўлсанг керак, ўгиим, деб унинг устини ёпиб қўяди. Бола яна ухлаб қолади. Фидойиликни қандоқ ўйлашимни тушунтира олибманми? Мен бу иншода фидойилик учун қилинадиган фидойилик устидан кулмоқчи бўлган эдим. Тўртинчи ва бешинчи синф ўқувчиларини катта залга тўплашди. Ўқитувчилар ҳам йиғилди. Бизнинг синфимиздан олти, 5-«Б» дан эса беш бола конкурсда қатнашадиган бўлди. Қуръа ташланди. Номеримизни билиб олдик. Мен саккизинчи бўлиб иншони ўқиб бердим. Директор билан ўқитувчиларнинг юзи буришгандай бўлди, демак, маъқул келмапти. Лекин залдаги болалар энг кўп менга чапак чалишди. Ҳамма ўз иншосини ўқиб бергач, ўқитувчилар баҳо чиқариш учун бошқа хонага ўтишди. Улар чиқиб кетиши билан залда тўс-тўполон кўтарилди. Ҳар ким ёнидан резинка рогаткани олди, ўзаро отишма бошланди. Тўғрисини айцам, шу кунларда рогатка мактабимизда расм бўлиб қолган. Рогаткасиз юрмайдиган ўғил бола йўқ. Ўқини қоғоздан қилишади-ю, лекин теккан жойи бирам ачишадики... Мен ўзим бу масалада сал ношудроқ-ман, отган ўқим ҳечам мўлжалга тегмайди. Ҳатто тош ирғитишни ҳам билмайман. Ўртоқларим нуқул мени қиз болага ўхшаб тош отасан, деб калака қилишади. Бир пайт гарданим игна санчилгандек қаттиқ ачишиб кетди. Жонҳолатда ёнимдаги боланинг қўлидан рогаткасини тортиб олиб, тез-тез ўқладим. Резинкани обдан чўзиб туриб, бир отдим... Биласанми, Зайнаб, ўқ кимга тегди? Шу пайт залга ўқитувчилар билан директор бошлашиб кириб қолса бўладими! Моижаллаган одамим бир чеккада қолиб, ўқим тўғри директорнинг гарданига бориб тегди-я! Ана расвогарчилик! Директор жаноблари гарданларини ушлаганларича бизга дарғазаб бўлиб ўқрайдилар. — Кимнинг иши бу? Ким отган бўлса, бу ёққа чиқсин! — деб ўшқирди 5-«Б» синф ўқитувчиси. Бошимни эгиб, энди тураман деганимда ўқитувчимиз: — Агар гуноҳкор ўрнидан турмаса, ҳаммангиз унинг касрига қоласиз. Ҳеч кимни бу ердан чиқармаймиз! — деб дағдаға қилди. Конкурс мусобақаси бир ёқда қолиб кетди. — Мен отгандим, — дедим ўрнимдан туриб. Директор юзимга тикилиб қаради. — Йўқ, отган сен эмассан! — Мен эдим. — Мен одамларни бир қарашда билиб оламан. Сен гуноҳкорга ўхшамайсан. Кўриб турибсанки, айбни ҳеч ким бўйнига олмаяпти, ўртоқларингни оғир жазодан қутқазиш учун энди сен ўзингни тутиб беряпсан. Сен бу номаъқулчиликни қилмагансан. Ҳолбуки бу гап менинг хаёлимда ҳам йўқ эди. — Атайлаб қилганим йўқ, афандим... Тасодифан бўлди... Бошқа одамга отмоқчийдим. Қўлимдан чиқиб кетди... Директор саҳнага чиқиб олди. — Мана, болалар, кўрдингизми, фидойиликнинг асл намунаси бу. Гарчи айбдор бўлмаса ҳам ўртоғингиз сизларни жазодан қутқариш учун ўзини фидо қиляпти. Ундан ўрнак олсангиз бўлади. Шу олижаноб ҳиммати эвазига сизларга энди жазо бермайман. Гуноҳингизни кечирдим. Ёзган иншоси унчалик яхши бўлмаса ҳам мана шу ибратли иши учун уни бугунги конкурснинг ғолиби деб эълон қиламан. Нима аҳволда қолганимни тушуняпсанми, Зайнаб? Фикрларим чувалашиб кетди. Айбдор бирпаснинг ичида қаҳрамон бўлиб қолганига нима дейсан? Наҳотки фидойилик билан шўхликнинг ўртасида ҳеч қандай фарқ бўлмаса?! Мактаб жуда жонимга тегди. Тезроқ китоб-дафтардан қутулсам дейман-у, лекин дадам ўзи ўқимагани учун бутун орзу-умидини менга тиккан. Лицейни битирганимдан кейин мени олий маълумот олиш учун чет элга юбормоқчи. Шу хусусда ҳозирданоқ дадам билан ойимнинг муросаси келишмай турибди. Ойимнинг мени юборгани кўнгли йўқ, соғиниб қоламан, дейди. Билмадим, сенга қандаю, лекин менинг назаримда вақт жуда секин ўтаётганга ўхшайди. Катта имтиҳонларга неча кун қолганини ҳисоблаб юриш учун ўзимга қўлбола календар қилиб олганман. Якшанба ва каникуллар ҳисобга олинмаса, имтиҳонларга кўпам вақт қолгани йўқ. Лекин ҳарҳолда кунлар имиллаб ўтяпти-да. Сенга ҳамиша шод-хуррамлик ва сиҳат-саломатлик тилайман. Аҳмад Тарбай. Сендан буни кутмаган эдим Истанбул, 7-декабр, 1963-йил. Аҳмад! Менга канда қилмай хат ёзиб турганинг учун раҳмат. Энг сўнгги хатингни ўқир эканман, қизиқ-қизиқ воқеалар фақат сенда учрар экан-да, деб ўйлаб қолдим. Ёки сен буларни атайлаб бўрттириб ёзяпсанми? Ҳар гал хатларингни завқ билан ўқиб чиқаман. Энди мен ҳам қўлимдан келганича сендан ўрга-нишга ҳаракат қиламан. Ўтган куни бизнинг синфимизда ҳам қизиқ бир ҳодиса рўй берди. Танаффусга чиққанимизда роса мириқиб кулдик. Дарсда кулишга имкон бўлмади, чунки ўқитувчимиз ҳаддан ташқари жиғибийрон бўлган эди. Менга тақлид қилмоқчи бўлиб, ҳақиқатни бўрттириб ёзяпти, деб ўйлама. Мен бор гапни оқизмай-томизмай айтиб бераман. Ичимдан ҳеч нарса қўшмасликка ҳаракат қиламан. Дастлаб мен сени шу воқеанинг қаҳрамони билан таништириб ўтай. Синфимизда Усмон деган бир бола бор. Ўзи аълочи. Ҳисобга айниқса уста. Ҳамиша саранжом-саришта юради. Довотида нуқул ранг-баранг қаламлар бўлади, ҳаммасининг учи силлиқ қилиб очилган. Нега унинг қаламлари ҳечам синмайди, ҳеб ҳайрон бўламан. Мен бундай қилолмайман. Қаламларим ўзидан ўзи ерга тушиб синаверади. Керак бўлиб қолганида папкамдан бирорта ҳам учи бутун қалам тополмайман. Ойим шунисига ҳам шукур қил, деб мени юпатади. Чунки опам ўқиганда папкасида умуман қалам турмас экан, доим йўқотиб юраркан. Демак, мен опамга қараганда анча саришта эканман. Усмоннинг ёзма ишлари бирам кўркам бўладики! Ҳарфлари марварид донасига ўхшаб алоҳида-алоҳида ажралиб туради. Ёзма ишининг ҳар бир бетини рангли қалам билан чиройли қилиб безайди. Кўрган кишининг ҳаваси келади. Ўқитувчимиз унинг ишларини ҳамиша бизга ўрнак қилиб кўрсатади. Мен ҳам Усмонга ўхшаб чиройли ва озода ёзмоқчи бўламан-у нуқул хатим суйкалиб, сиёҳлар чаплашиб кетади. Сизларда қандоқ, билмадим-у, аммо бизнинг ўқитувчимиз худонинг берган куни синфда ёзма иш ўтказади. Бу ҳам етмагандек кун ора уйга ҳар хил саволлар бериб юборади. Буларга ҳам ёзма жавоб беришимиз керак. Бир куни Усмон: — Ўқитувчи ҳамма ёзма ишларимизни ўқишига кўзим етмайди, — деб қолди. Мен ҳайрон бўлдим. — Ўқимайдиган бўлса, нега бизни овора қилади? Усмон фикрида қатъий туриб олди. — Xўш, ўқимаслигини нима билан исбот қиласан? — луқма ташлади бир бола. — Кўриниб турган нарса бу. Мана, хомчўт қилиб кўрайлик. Ҳар куни бир марта ёзма иш ўтказадими? — Тўғри, — бир оғиздан тасдиқлади ҳамма. — Кун ора уйга ҳам ёзма иш бериб юборадими? — Шундоқ. — Мана энди ҳисоблаб кўрамиз. Синфда нечта ўқувчимиз? Эллик иккими? — Ҳа. — Демак, ўқитувчимиз бир кунда эллик иккита иншони ўқиб чиқиши керак. Бундан ташқари, кун ора уйга ҳам вазифа беради. Бир кунга йигирма олтитадан тўғри келади. Бояги эллик иккига йигирма олтини қўшсак, етмиш саккиз бўлади. Демак, бир кунда етмиш саккизта ишни ўқиб чиқиши керак экан. Қани, айтингчи, уйига қайтгач, у ёзма ишларимизни қачон кўра бошлайди? — Ўзи билади. Сенга нима? — Ҳисобга керак ахир. Битта ишни неча минутда кўриб чиқиш мумкин? Усмон дарров ҳисоблаб чиқди. Маълум бўлиши-ча, ҳамма ёзма ишларни кўриб чиқиш учун камида ўн бир соат вақт керак бўларкан. Ўқитувчимиз кечаси билан ухламай ўқиган тақдирда ҳам бунга вақти етмас экан. Буни эшитиб, болалар чурқ этмай қолишди. — Ҳарҳолда ўқиса керагов, — дедим жимликни бузиб. — Ҳа, албатта, ёзма ишларимизни кўришга кўради, — жавоб берди Усмон. — Лекин ҳаммасини эмас, танлаб кўради. Орадан бир-икки кун ўтган эди, қизлардан бири менга: — Усмоннинг тахмини тўғрига ўхшайди, — деб қолди. Кейин бир воқеани айтиб берди. Дугонамнинг уйи ўқитувчиникига яқин экан. Эрталаб мактабга келаётганида бирдан шамол кўтарилибди. Бундоқ қараса, ерда ҳар хил қоғозлар сочилиб ётганмиш. Керакли нарса бўлмасин тағин, деган хаёлда у энгашиб бир варақ қоғозни олибди. Бундоқ ўқиб қараса, ўзининг кечаги ёзма иши эмиш. Олдинига ҳайрон бўлибди. Бу ерга қаердан келиб қолдийкин, деб атрофига аланглабди. Кейин ўқитувчимизнинг уйи олдидаги ахлат қутисига кўзи тушибди. Қути тўла қоғоз эмиш. — Ишонмасанг, мана, ўзинг кўр! — дея у менга қўлидаги ғижим қоғозни узатди. — Ёзма ишларимизни кўриб чиққандан кейин бирор ерга тушлайди-да. Нима, уларни сандиққа бисот қилиб босиб қўйсинми? — дедим пинагимни бузмай. Тарих дарси эди. — Ҳозир ўқитувчимизни бир синаб кўраман. Қани, ёзма ишларни кўрармикин ёки йўқми, — деб қолди бир пайт Усмон. — Нима қилмоқчисан? — Кейин кўрасан. — Ўқитувчимиз саволларни доскага ёзди. Ҳаммасига ёзма жавоб беришимиз керак. Мана, ўша саволлар: «Дафтардор, нишончи, бегларбеги, ажами ўғлон деб кимга айтилган? Султон Иброҳим даврига тушунтириш беринг». Усмон танаффусда нима иш қилганини гапириб берди. Роса кулишдик. Гапига қараганда, у султон Иброҳим даврига тушунтириш бераётганида озгина тўғри гап қилибди-да, буёғини ичидан тўқибди. Кейин султон Иброҳимга атаб бир хат ёзибди. Xатнинг бошига: «Тентакларнинг тентаги бўлган султон Иброҳим тоға!» деб ёзиб қўйибди. Шундан кейин бошқа саволларга ўтибди. Ёзган жавоблари шу эмиш. «Бекларбеги — Босфор бўйидаги бекатнинг номи». «Дафтардор — дафтари бор одам». «Нишончи — мерган дегани. Синфимиздаги Четин деган боланинг лақаби шунақа. Биз уни кўр мерган, деб чақирамиз. Чунки футбол ўйнаб қолсак, дарвоза бир чеккада қолиб, у нуқул тўпни деразага қараб тепади. Унинг дастидан мактабда бутун ойна қолгани йўқ». «Ажами ўғлон — синфимиздаги Ризо деган боланинг нақ ўзи. Ҳечам ланка ўйнашни билмайди. Нуқул бизга малайлик қилгани қилган». Усмоннинг гапларига унча ишонмадик. Ҳарҳолда аравани қуруқ олиб қочган бўлса керак. Эртасига у тоза ҳадиксираб юрди. Икки-уч кунгача юрагини ҳовучлаб турди-ю, лекин ўқитувчи бир оғиз бир нима демаганидан кейин анча ўзини босиб олди. Шу-шу у кўзбўямачиликка ўрганиб қолди. Айтишича, саволларга бир-икки қатор тўғри жавоб берарканда (ўқитувчининг кўзини шамғалат қилиш мақсадида), буёғига хоҳлаган нарсасини ёзавераркан. Усмон бизни лақиллатяпти, деб ўйлаб йиирган эдик, лекин кечаги воқеадан кейин сира шубҳа қолмади. Воқеа бундай бўлди. Биринчи дарсга кириб, синфда ўтирган эдик. Салдан кейин эшик очилиб, ўқитувчинииз кириб қолди. Доим хушчақчақ юрадиган одамнинг бугун қовоғидан қор ёғилиб турибди. «Салом, болалар!» деб ўдағайлаганича жойига бориб ўтирди. — Қани, Усмон, ўрнингдан тур-чи! Усмон жойидан қўзғалди. — Яқинроқ кел! Усмон Лининг олдига борди. — Болалар, икки кун олдин мен табиат дарси бўйича сизлардан ёзма иш олган эдим. Эсингиздами? Мана ҳозир синфдошингиз Усмон ёзган ишини ҳаммамизга ўқиб беради. Усмон лавлагидек қизариб кетди. — Қани, ўқиб бер-чи! Нима ёзган бўлсанг, барини ўқи! Саволларни ҳам қўшиб ўқи! — деб ўқитувчи қўлидаги ишни унга узатди. Усмон ноилож ўқий бошлади. «Савол 1. Шамол нима? У қандай ҳосил бўлади? Жавоб. Ҳаво исигандан кейин унинг ҳажми кенгая-ди, оғирлиги камаяди, натижада у тепага кўтарилади». — Ўқи, ўқи, давомини ўқи! — Тепага кўтарилган шамол... шамол... шамол... Усмон ғоидираб қолган эди, ўқитувчи ўшқирди: — Ҳа, шамолга нима қипти?! — Шамол «Галатасарой» командасига кўп ҳалақит берди. Ўйиннинг биринчи ярмида «Галатасарой» командаси шамолга қарши ўйнади. Лекин шунга қарамай галатасаройчилар чиройли комбинациялар ишлатиб, зўр маҳорат кўрсатишди. Ўйин жуда шиддатли бўлди. «Анқаракучи» командаси галатасаройчиларнинг ҳужумига бардош беролмади. Қаттиқ кураш вазиятида ўтган бу ўйинда «Галатасарой» футбол командаси 2:1 ҳисоби билан ютиб чиқди. «Савол 2. Бўрон деб нимага айтилади? Жавоб. Секундига йигирма метрдан кўп тезлик билан эсадиган шамол бўрон деб аталади. «Галатасарой» командаси «Митхатпошо» стадионида чинакам бўрон ясаб турган эди. Аммо судя ўз вазифасини яхши эплолмади. Метин Шукрига бўрондек ҳамла қилган эди, Шукри оёғида туролмай йиқилиб тушди. Судя бунинг учун пеналти берди. Стадионда ўтирган футбол ишқибозлари бундан қаттиқ ғазабландилар». Кулгидан ўзимизни зўрға тийиб ўтирибмиз. Орамизда пиқирлаб кулганлар ҳам бўлди. Усмоннинг овози титрай бошлади. Xижолатпазликдан йиғлаб юборадиган ҳоли бор. — Бу нима қилганинг, Усмон? Усмон ўқитувчига жавоб бериш ўрнига юзини тескари олди. — Мен сени яхши ўқувчим деб билардим. Бу ишни сендан кутмаган эдим. Бор, жойингга ўтир! Ростини айцам, Усмон қўлга тушганидан ич-ичимдан хурсанд бўлдим. — Xўш, қалайсан энди! — деб танаффусда уни майна қилдим. — Ёзма ишларимизни текширар эканми? Иттифоқо ўша куни кечқурун уйимизга меҳмон келди. Ойимнинг дугонаси экан. Мен уни илгари ҳечам кўрмаганман. Меҳмон қайси мактабда, нечанчи синфда ўқийсан, деб мендан сўраб қолди. Мен жавоб бердим. — Муаллиминг яқин дўстим бўлади, — деди у жавобимни эшитгач. Кейин ойимга ўгирилиб, қизиқ гапни айтиб берди. — Кеча бир кўриб ўтай, деб ўшанинг уйига борган эдим. Антиқа бир иш бўлди. Столининг устида бир қучоқ қоғоз уюлиб ётган экан. Бу нима, деб сўрасам, ўқувчиларимнинг ёзма иши, деди. Шунча ишни қачон ўқиб чиқасан, улгурмайсан-ку, деб ҳайрон бўлдим. «Ажойиб ўқувчиларим бор. Бирортасининг дафтарини берайми, ўқиб кўрасанми?» — деб қолди. Танлаб-танлаб, бирини узатди. Боланинг хати чиройли экан, жуда равон ёзибди. Сарлавҳаларнинг остини рангли қалам билан эринмай чизиб чиқибди. Муҳим сўзларнинг остига ҳам қалам тортилган. Ёзма иш шамол ҳақида экан. Озгина ўқишим билан оғзим очилиб қолди. Боласи тушмагур шамолни тушунтириб бериш ўрнига, «Галатасарой — Анқаракучи» командалари ўртасидаги футбол ўйинини таърифлабди. Ўзиям тоза мириқиб кулдим. Дўстим ҳайрон бўлди. Нега кулаётганимни сўради. Ёзма ишни ўзига бердим. Ўқиб чиқди-ю, тепа сочи тик бўлиб кетди. Мен уни яхши ўқувчим деб юрардим. Шу ишни қилади, деб ўйламовдим, деди. Усмон яна ҳақ бўлиб чиқди. Очиғини айцам, мен ҳам ўқитувчимиздан шу ишни кутмаган эдим. Қаттиқ ранжидим. Мана, бўлган воқеанинг ҳаммасини ёздим. Омон бўл, қадрдон дўстим Аҳмад. Тез-тез хат ёзиб тур. Xўпми? Синфдош ўртоқлардан ҳам дарак бер. Xатингни кутаман. Зайнаб Ёлқир. Виждон азоби Истанбул, 7-декабр, 1963-йил. Зайнаб! Нима ёзсам, шуни мақтаяпсан. Бу билан сен мени яхшироқ ёзишга даъват этяпсан. Илиқ гапларинг учун раҳмат. Бир хатингда: «Сен нуқул куладиган нарсаларни ёзасан», деган эдинг. Эсингдами? Бу галгиси кулгидан йироқ, юракни эзиб юборади. Воқеани ўқитувчидан эшитдик. Бизга жуда-жуда таъсир қилди. Тунов куни дарсда Ҳусайн китобдан бир нимани ўқиб бераётган эди, виждон азоби, деган бирикмага дуч келди. Ўқитувчимиз уни тўхтатиб, виждон азоби нима эканини бизга роса тушунтириб берди. Кейин: «Мана шунга виждон азоби дейилади. Тушунарлими?» деб сўраган эди, ҳаммамиз «тушунарли, тушунарли», деб айтдик. — Тушунарли бўлса энди бунга мисол келтирамиз. Яшар қанақа бола эканини ўзинг биласан. Ҳозир ҳам орқа партада ўтиради. Фикри дарсда эмас, бошқа нарсаларда. Дам ёнидаги маркаларини санаса, дам қоғозга расм чизиб ўтиради. Ўқитувчи тўсатдан Яшарни чақириб қолди. — Қани, Яшар, сен айт-чи, виждон азобига ҳеч учраганмисан? Яшар ўқитувчининг олдинги гапларини сира эшит-маганди. Чунки ўйин билан овора эди. Лекин қув бола эмасми, «ҳа, дедим, тутилдим, йўқ, дедим, қутилдим», қабилида иш кўрганим маъқул, деб ўйлади. Шунинг учун: — Йўқ, афандим, сираям виждон азобига учрамаганман, — деб жавоб берди. — Ия, бу қандоқ бўлди? Виждонинг ҳечам азобланмаганми? — Ҳечам, афандим. Нашъа ҳамиша маҳмадоналик қилади. Ўқитувчининг кўзига бўзрайиб қараб туради-да, секин қўлини кўтаради. Шундаям тинч ўтиролмайди, ҳадеб: — Мен айтиб берай. Менга сўз беринг, менга сўз беринг, — деб жаврайверади. — Ҳа, майли. Нашъа, сен айтиб берақол. Қани, неча марта виждон азобини тортгансан, нима воқеа рўй берган, эшитайлик-чи? — Виждон азобига кўп учраганман, — жавоб берди Нашъа керилиб. — Бўлмаса эшитайлик. — Қайсинисини айтиб берай? Синфдагилар шарақлаб кулиб юборди. Шўринг қурғур Нашъа вақтдан ютмоқчи бўлган эди-да. Ўқитувчимиз ҳам мийиғида кулиб қўйди. — Оббо Нашъа-ей! Виждонинг жуда кўп азоб тортган экан-да? Майли, ўзингга маъқулини гапириб беравер. Нашъа одатдагидек ғўлдирай бошлади. Одатини ўзинг биласан, ҳамиша шунақа қилади. Гапни роса резинкадай чўзади. Бу сафаргиси айниқса ошиб тушди. Охири: — Каттага иззат, кичикка ҳурмат кўрсатиш керак, — деб минғиллади. Унинг бу насиҳатомуз гапи ўқитувчини ҳам қизиқтириб қўйди. — Xўш, иннайкейин? — сўради у Нашъани батар ҳовлиқтириб. — Бир хотин ўғлига шу гапни айтиб турган экан, қўққисдан кўча эшиги тақиллаб қопти. Бояги хотин деразадан мўралаб қараса, қайнотаси эмиш. Дарҳол ўгиини чақирибди-да: «Бор, эшикни оч, буванг келди, мени сўраса, уйда йўқлар деб айт», дебди. Бола югуриб бориб эшикни очипти, кейин: «Буважон, ойим уйда йўқлар, кўчага чиқиб кетувдилар», дебди. Буни эшитган чол неварасига: «Ўғлим, ойингга бориб айт, кўчага чиқиб кетадиган бўлса калласини деразага қўйиб кетмасин», деб орқасига ўгирилиб кетаверибди. Нашъа гапини тугатгач, чуқур тин олди. — Бу гапнинг сенга алоқаси борми? — Йўқ, мен буни бир журналда ўқиган эдим. — Ундай бўлса бунинг сенга нима дахли бор? — Менга эмас, ўша боланинг онасига дахли бор. Виждон азобини у тортган. Ўқитувчимиз ҳаммадан бир-бир суриштириб чиқди. Маълум бўлишича, орамизда ҳеч ким виждон азобига учрамаган экан. Ҳамма бировларни мисол қилиб келтирди. — Демак, сизлар виждон азоби нималигини ҳали билмас экансизлар,— деди ўқитувчи савол-жавобдан кейин. — Бирор шахс бирор ножўя иш қилган ва кейин ўзи пушаймон бўлган тақдирда, у виждон азобига дучор бўлади. Унинг бу ножўя ҳаракати кимгадир оғир ботиши керак. Ўқитувчи бироз ўйланқираб турди-да, кейин қўшимча қилди: — Ҳозир мен сизларга бир воқеани айтиб бераман. Виждон азоби учун жуда мос бу. Ҳаммамиз жим бўлдик. — У пайтлари биз лицейда ўқирдик. Директоримиз жуда баджаҳл одам эди. Ўқишларни бошлаб юборганимизга энди икки-уч кун бўлган. Синфимизда янги бола пайдо бўлди. Бошқа мактабдан ўтган экан. Ҳали унинг исминиям билмасдик. У доим бир қўлини шимининг чўнтагига тиқиб юрарди. Ҳали яхшироқ танишиб олмаганимиз учун нега бундай қилиб юришини сўрамаган эдик. Бир куни катта танаффусда лицей ҳовлисида ўйнаб юрган эдик, бирдан директор келиб қолди. Янги болага кўзи тушган бўлса керак, дарҳол уни чақирди. Бола югуриб олдига келди. Келишга келди-ю, лекин чўнтагидан қўлини олмади. Ўйин таққа тўхтади. Боланинг қўли ҳамон чўнтакда. Ҳаммамиз хавотирга тушдик. Чунки директор қанақа баджаҳл одам эканини биламиз. — Нега қўлингни чўнтакка тиқиб турибсан? — ўдағайлади у. Янги бола бошини қуйи солганича чурқ этмай тураверди. — Чиқар қўлингни! Директор қаттиқ ўшқирди. Бола қимир этмади. — Кармисан, сенга айтяпман! — Эшитдим, афандим, — зўрға жавоб берди у. — Эшитган бўлсанг, нимага серрайиб турибсан? Ол қўлингни чўнтакдан! Бола секин бошини кўтариб, атрофини ўраб олган тенгқурларига, кейин қаршисида турган директорга мўлтираб қаради. Аммо чўнтакдаги қўлини қимир-латмади. — Безорихона эмас бу ер! Айтган гапни қил, аблаҳ! Қони қайнаган директор қулочкашлаб туриб боланинг юзига қаттиқ тарсаки туширди. Бола гуп этиб ерга ағдарилди. Шимининг чўнтагига тиқилган чап енги шалвираб, ёнига тушди. Ҳамма турган жойида қотиб қолди. Ўртага муд-ҳиш сукунат чўкди. Директор сурат бўлиб қолган эди. Бола қўлсиз экан. Бир қўли йўқлигини бизга билдир-маслик учун енгини шимининг чўнтагига қайириб юраркан. Директорнинг кўзига ёш келди. Ерга энгашиб болани ўрнидан турғазди. Кейин синиқ оҳангда: — Шуни илгарироқ айцанг бўлмасмиди, бўтам, — деганича уни қўлтиғидан олиб, хонасига бошлаб кетди. Ўша кунги воқеадан кейин қўлсиз болани мактабда қайта кўрмадик. Бола бечора умуман мактаб остонасига бошқа қадам босмади. Директор унинг уйига бориб ўзидан ва ота-онасидан кечирим сўради. Мактабга қайтиб келсин, ўзим унга қараб юраман, деб ялинди ҳамки, бола бу даргоҳга қайта қадам босмади. Ўқитувчимиз ҳикоясини тугатгач, синфга чуқур жимлик чўкди. Ҳаммани оғир хаёллар чулғаб олди. Танаффусга қўнғироқ чалинди. — Шу воқеадан кейин, лицей директорига синфдан чиқаётиб, — виждон азоби шундай бўлади, — деди. — Ўқитувчининг ўзиям бошқа одамларнинг виждон азобини гапириб берди-ку, — ҳайрон бўлди Нашъа анча сергакланиб олгач. Дарвоқе, тўғри. Ўқитувчимиз ҳам худди бизга ўхшаб бировларнинг бошидан кечган воқеани айтиб берган эди. Ўғилбола гапни Яшар айтди: — Масала равшан, болалар. Виждон азоби деган нарса эгасининг эсида турмас экан. Ҳамма бировларникини айтиб юраркан. Эртаси куни Дамир янги гап топиб келди. — Мен буни дадамдан сўрадим. Дадам болаларда виждон азоби бўлмайди, чунки улар ҳали балоғатга етмаган, деб айтдилар. Виждонсизлик кўпроқ катталарнинг қўлидан келаркан. Биламан, энг тўғри гап шу. Xўш, сенинг фикринг қалай? Шунга қўшиласанми? Ҳар куни ўқишдан келгач, ойимдан менга хат борми, деб сўрайман. Мени хурсанд қилмоқчи бўлсанг, тезроқ жавоб ёз. Яхши кунлар ёр бўлсин сенга, Зайнаб. Аҳмад Тарбай. Саккиз қизнинг отаси Анқара, 10-декабр, 1963-йил. Аҳмад! 7-декабрда ёзган хатингни олдим. Ўқитувчингиз жуда аламли воқеани гапириб берган экан. Директордан калтак еб, ерда чўзилиб ётган ногирон бола ҳамон кўз ўнгимда турибди. Бирам юрагим эзилиб кетдики... Синфимизда Ҳикмат деган бир қиз бор. Шу дугонам яқинда менга бир гап айтган эди, сенга ёзай-ми, йўқми, деб роса иккиландим. Охири унинг айтганларини хатга солишга қарор қилдим. Сабаби шуки, Ҳикмат бу гапни синфда ҳеч ким билмасин деган эди. Мен ҳам ҳозиргача бировга айтганим йўқ, сир сақлаб юрибман. Сен Ҳикматни танимайсан, бинобарин, унинг сирини сенга айтган билан сўзимдан қайтган бўлмайман. Шундайми? Мен бу билан дугонамнинг ғийбатини қилмоқчи эмасман. Масала анча жиддийроқ, мени жуда ўйлантириб қўйди. Бу ҳақда сенинг фикрингни ҳам билмоқчиман. Мактабга янги келган кунларим Ҳикматга унча эътибор бермаган эканман. Беозоргина юрадиган, камгап қиз эди. Олдинига мен уни ўғил бола деб юрган эдим. Кўрган одам уни чиндан ҳам ўғил бола дейди. Ўғил болаларга ўхшаб кийиниб юради, сочлари ҳам калта қилиб қирқилган. Жуда нимжон. Танаффус пайтида қизларга ҳам, ўғил болаларга ҳам қўшилмайди, анча одамови. Кимлигини отига қараб ҳам билиб бўлмайди. Ҳикмат деган исм ўғил болалардаям, қизлардаям бор. Бир куни физкултура дарси кетаётган эди. Ўқитувчи болаларни икки тўпга бўлди — қизлар бир томонда, ўғил болалар бошқа томонда. Ҳикмат қизлар тўдасига бориб турди. Олдинига тушунолмай ҳайрон бўлдим. Шундагина лининг қиз бола эканини билдим. Жуда қизиқиб қолдим. Бир куни Ҳикмат мактабга руҳи қаттиқ эзилган ҳолда келди. Сабабини сўрасам, айтмади. Жуда қистаганимдан кейин охири: — Ростини айцам, мен ҳам бор гапни айтиб, бир оз енгил тортгим келади, — деди. — Аммо ҳамманинг оғзига тушишдан қўрқаман. Мен ҳеч кимга айтмасликка сўз бердим. Шундан кейингина у бутун дардини тўкиб солди. Отадан улар саккиз фарзанд экан. Ҳаммаси қиз бола эмиш. Ҳикматни баъзан мактабга ўзидан каттароқ бир бола олиб келгувчи эди. Мен акаси бўлса керак, деб ўйлаб юрардим. — Бўлмаса у бола сенга ким бўлади? — деб сўрадим. — Опам-ку у. Кийимини кўриб ҳамма уни ўғил бола дейди. Ҳамма опалари шунақа кийиниб юришаркан. Сабабини сўрадим. — Дадамнинг раъйи шу. — Xўш, нима қипти? Шунга ҳам хафа бўласанми? Гапига қараганда, отаси ўғил кўришни орзу қиларкан. Тўнғичига қиз туғилганда роса кўнгли ўксиб юрибди. Ҳа, майли, кейингиси ўғил бўлар, деб ўзини овутибди. Ҳатто ирим қилиб, чақалоқ туғилмас-даноқ исмини ўйлаб қўйибди. Танлаган исми ўғил боланики экан. Гўё бола исмга қараб туғиладигандек... Унинг яна омади келмаптими ёки аксига олибми, хуллас, иккинчисига ҳам қиз кўрибди. Ота неча ҳафтагача кар-соқов бўлиб юрибди. Таниш-билишлари уни юпатиб, «ҳали ёшсан, яна кўп фарзанд кўрасан», дейдиган бўлса, «булар ҳам қиз бўлса нима қиламан», деб ич-ичидан куюнармиш. Яна фарзанд кўрадиган бўлишибди. Учаласи ҳам кетма-кет қиз бўлмас ахир. Ота шу умид билан яна ўғил боланинг исмини мўл қўйибди. Ўзига ишониб юборганидан хотинини туғруқхонага жўнатиши билан ошна-оғайниларини уйга чақириб, зиёфат қилиб берибди. Зиёфат айни қизиб турганида туғуруқхонага теле-фон қилган экан, яна қиз кўрганини айтишибди. Буни эшитиб ҳуши бошидан учибди. Лекин номуси зўрлик қилиб, меҳмонларга буни билдирмабди. Ҳаммага ўғил кўрдим, деб эълон қилибди. Xотини билан қизларига пўписа қилиб, бировга гуллаб қўймасликларини қаттиқ тайинлабди. Ўғилталаб ота ўйлаб-ўйлаб охири хотинидан ажралишга қарор қилибди. У ўғил туғмайдиган хилидан экан, деган фикрда хотинини қўйиб, бошқасига уйланибди. Тақдирнинг тақозосини қараки, янги келинчак бир ёиа эгизак қиз туғиб берибди... Олдинги хотини бошқа кишига турмушга чиқиб кетган экан, арслон-дай ўғил кўрибди. «Аҳмоқ эканман, хотинимнинг энди ўғил туғадиган пайти келганда қўйиб юбориб, чакки иш қилган эканман», деб боёқишнинг ичидан роса қиринди ўтибди. Ўғил доғида куйиб юрган ота бешта қиз кўрга-нига номус қилибди. Энди нима деган одам бўлдим, ошна-оғайнимнинг юзига қандоқ қарайман, деган андиша билан бошини олиб, бошқа юртларга кетибди. Орадан анча вақт ўтгандан кейин уйига қайтиб, иккинчи хотинини ҳам талоқ қилибди. Ҳикмат бу тафсилотларни бошқалардан эшитган экан, менга ҳам шу эшитганларини гапириб берди. Ўғил кўришни ният қилиб олган бу одам энди бир бева хотинга уйланибди. Бева учта ўғил кўрган экан, шунинг учун ўғил туғишнинг қонун-қоидасини билса керак, деб ўйлабди. Карнай-сурнай билан тўй қилишибди. Эр яна бир исмни танлаб, орзу-умид билан хотинини туғуруқхонага кузатиб қўйибди. Бу гал ҳам ошна-оғайниларига катта ўтириш қилиб берибди. Дам-бадам дастурхон тепасидан туриб, туғуруқхонага телефон қоқармиш. Xуллас, ярим кечага борганда натижа маълум бўлибди. Қовоқ-тумшуғи осилибди-ю, лекин сирни бой бермабди. Меҳмонлар: — Ҳа, қалай, ўгилми, ҳолва? — деб сўрашган экан: — Эркакнинг хўрозига хўроз муносиб-да, ҳа! — дебди керилиб. Аммо боёқишнинг ичига чироқ ёқса ёримасди ўшанда. Дугонам Ҳикмат шу зайлда дунёга келган экан. Олтинчисига ҳам қиз кўрган шўрлик ота ноилож кейингисидан умид қилишга мажбур бўлибди. Пешонаси шўр эканми, яна умиди пучга чиқибди — қиз кўришибди. Шундан кейин анча вақт хотини туғмай юрибди. Эри энди бўлди, қўяман, деб юрганида хотини яна оғироёқ бўлибди. — Яна қиз туғадиган бўлсанг, ўшанақаси кетавер, уйга қайтиб келма! — деб пўписа қилибди эри уни туғуруқхонага элтиб. Ҳикматнинг онаси ҳам: «Илоҳим ўғил бўлсин», деб кўп зорланибди-ю, аммо дуоси ижобат бўлмабди. Яна қизмиш. Бунисига Суад деган исмни танлаб қўйишган экан. Суад бўлса Суад-да! Ўғил бола-гаям, қиз болагаям бўлаверади бу исм. Ҳикматнинг онаси туғуруқхонанинг бош ҳамши-расига йиғламоқдан бери бўлиб аҳволини тушунтирибди. Мабодо эрим телефон қилиб қолса, қизлигини айтманг, деб ялинибди. — Суюнчини чўзаверинг, ўғиллик бўлдингиз, — дебди бош ҳамшира ҳам отани қутлаб. Боши осмонга етган ота ўпкасини қўлтиқлаб туғуруқхонага югурибди. — Қани, қани, азамат ўгиимни бир кўрай! — деб туриб олган экан, йўргакланган чақалоқни кўрсатишибди. — Уч ойгача уйимиз тўйхонага ўхшаб тўлиб турди, — ҳикоясини давом эттирди Ҳикмат. — Дадам ҳамиша чақалоқни «валиаҳдим», «шаҳзодам» деб чақирарди. Шаҳзоданинг онаси — маликага кунига ҳар хил совға-саломлар келарди. Биз ҳам эркин нафас ола бошладик. Қиз бўлиб туғилганимизни дадам энди юзимизга солмасди. Дадамиз Суадни яланғоч ҳолда кўриб қолмасин, деб ҳаммамиз оииб-тирилардик. Дадам келгунча ойим чақалоқни ювиб-тараб, тагини алмаштириб қўярди. Дадам бор пайтларида Суадни чўмилтирмасдик! Бир кунмас-бир кун сир ошкор бўлиши аниқ эди-ку, лекин биз ўша машъум кунни қоидан келганча нарироқ суришга ҳаракат қилардик. Унгача дадамиз анча ҳовуридан тушиб қолар деб ўйлардик. Дадам ширакайф бўлиб келган кунлари «ҳаммаларинг ўгиимдан айланиб-ўргилларинг», деб қоларди. Кейин шаҳзодани бир чўмилтираман, деб оёгини тираб туриб олар, ойим эса, қўйинг ҳозир ўзи сал шамоллаб турибди, деб уни зўрға шаштидан қайтарарди. Эҳ, бундан икки кун олдин уйимизда қиёмат қойим бўлди... Ҳаммамиз ухлаб ётган эдик, бирдан шовқин кўтарилди. Уйғониб кетдик. Дадам овозининг борича бақирар, ойим эса ҳўнг-ҳўнг йигиарди. Кечаси дадам нима бўлиб ҳам Суад ўғил бола эмаслигини билиб қолибди. Роса тўполон қилди. Чақалоқни оёгидан даст кўтариб олганча, ҳадеб: «Мени алдабсанлар... Ўгилларинг шуми ҳали», деб бўкиради. Суад бечора биғ-биғ йигиайди. Охири дадам чақалоқни ойимга қараб иргитиб юборди. — Йўқолларинг кўзимдан! Мени роса чув туши-рибсанлар... Эсиз-есиз кетган пулларим... Жўналаринг уйимдан! Дадам бизни уйдан ҳайдаб чиқарди. Қўшнимизникида тунни ўтказдик. Ҳикмат ҳўнграб йигиаб юборди. Дадаси билан ойиси энди ажралишармиш. Кетма-кет саккизта қиз кўрган одамга олдинига кулдим, кейин Ҳикматга қўшилиб мен ҳам йиғлаб олдим. Ўша куни мактабдан қайтгач, ойимни сўроққа тутдим. — Ойи, опам туғилганида дадам хурсанд бўлганмилар? — Ҳа, албатта. — Мен туғилганимда-чи? Ундаямми? Ойим жеркиб берди: — Кўп вайсама! Бор, ишингни қил! Мен ойимни ўз ҳолига қўймадим. — Айта қолинг, ойижон, дадам мени эшитиб хафа бўлганларми — йўқми? — Буниси ўғил бўлади, деб ўйлаган эди. — Метин туғилганида роса суюнган бўлсалар керак-а? — Ҳа, ўзини қўярга жой тополмай қолган. Ўртоқларини чақириб, катта ўтириш қилиб берган. — Борди-ю, Метиннинг ўрнига яна қиз кўрганингизда нима бўларди, ойи? — Қайдам. — Дадам ўғил бўлсин, деб туриб олармидилар? — Ким билади дейсан... Эҳтимол шундайдир. — Xўш, намунча суриштириб қолдинг буни? — Ўзим, шундоқ. Томоғимга бир нима қадалгандай бўлди. Ташқарига чиқиб кетдим. Ҳикматнинг бошидан ўтган воқеа мени жуда ўйлантириб қўйди. Ўшандан бери бир фикр менга тинчлик бермайди — хўш, бахциз одам қиз бола бўлиб туғилади-ю, пешонаси ярқирагани ўғил бўлибми? Бу хусусда сен нима фикрдасан? Шуни билмоқчиман. Ойим боядан бери: «Ёт энди, кеч бўлди», деб қўймаяпти. Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолди, Майли, ёцам ёта қолай. Эртага мактабдан қайтишда хатни қутига ташлайман. Омон бои, дўстим Аҳмад. Зайнаб Ёлқир. Ҳали ёшлик қиласан Истанбул, 14-декабр, 1963-йил. Зайнаб! Хатингни ўқир эканман, йигиашимниям, кулишимниям билмай қолдим. Дугонанг Ҳикматга қаттиқ ачиндим. У бечоранинг аҳволи нима кечади энди? Оиласида бирор янгилик рўй берса менга ҳам хабар қил, билай. Бахт деган нарса қиз ёки ўғил бўлиб тугилишга богииқ экани илгари ҳечам хаёлимга келмаган экан. Шунинг учун дадамдан фикр сўрадим. Дадам буни узоқ тушунтириб бердилар. Гапларининг асосий мазмуни шу бўлди: ўртада ҳеч қандай фарқ йўқ, инсоният эркак ва аёлдан ташкил топган. — Гапингиз тўғри, дада, — дедим. — Аммо сиз қиз бола бўлишни хоҳлармидингиз? Дадам ўшқириб берди: — Бу нима бемаънилик! Нимага жаҳли чиққанини тушунолмадим. Гўё ҳозир дадам қайта туғиладигандай. Айни шу саволни ойимга ҳам бердим. — Кошкийди эркак бўлиб тугилсам,— деди у уҳ тортиб. Кеча ўқитувчимиз бизни музейга олиб борди. Қайтишимизда ундан ҳам шуни сўрадим. — Нега сўраяпсан буни? — ҳайрон бўлди у. Мен бор гапни айтиб бердим. — Бу — катталарнинг иши, сен ҳали тушунмайсан, қўй бу гапни, — деди у охири. Шунақа гапни эшицам, қоним қайнайди. Бизни нуқул ҳеч нарсага ақли етмайди, деб ўйлашади. Бир куни уйимизда қизиқ гап бўлди. Укам ниманидир тушунмай дадамдан сўради. Дадам бўлса: — Сен ҳали ёшсан, бундай нарсаларга тушунмайсан, — деб қўя қолган эди, укам яна қисталанг қилди: — Сиз тушунтиришга уриниб кўринг, дада, тушу-ниб қоларман балки. Дадам унинг гапини ҳали-ҳали эслаб қўяди. Мен бир нарсага ҳайронман. Катталар бирор гапни тушунтириб бериш ўрнига нега бизга нуқул: «Ҳали ёшсан, ақлинг етмайди», дейишаркин-а? Яқинда қизиқ бир гап бўлди. Мана эшит, гапириб бераман. Ойим укамни олиб қўшниларникига чиқибди. Бир гала хотин-халаж ўтирган экан. Шулардан бири ҳомиладор бўлиб, бола кўришни истамас экан. Ҳамма ўз билганича унга маслаҳат берибди. Укам буларнинг гапига парво қилмай бир бурчакда тинчгина ўйнаб ўтирган экан, бир жувон: «Ҳой овсин, ёш бола бор-а, эшитиб қолмасин тағин», дебди. Укам бу гапни эшитиб, қулоғини динг қилибди. «Э, парво қилманг, гўдак нарса нимани тушунарди», дебди иккинчиси. Бу гап укамга қаттиқ ботибди. Ўйинчоқларини ўйнаб ўтирган бўлиб, ҳамма гапни эшитиб олибди. «Қўйинг, эшитиб қолади», «Эшитган билан барибир тушунмайди, ақли кирди-чиқди ҳали», деган гап-сўзлар ҳам қуло-ғига чалинибди. Кейин билсак, укам ҳамма нарсага ақли етишини кўрсатиб қўйиш учун пайт пойлаб юрган экан. Тунов куни уйимизга меҳмонлар келишди. Ҳамма ўтирган эди, укам меҳмонлардан бирига қараб тўсатдан: — Ҳомиладор экансиз-а, хола?— деб қолса бўладими. — Шундай, ўғлим,— деди бояги жувон ўнғайсизланиб. — Энди туғасизми? Дадам билан ойим кўз уриштириб олишди. Укам ҳамма нарсага ақли етишини исботламоқчи бўлди шекилли, яна валдираб берди: — Битта холани кўрдим, қорни катта-ю, лекин туғмайман, деди. Ойи, тўғрими гапим? Ойим лавлагидек қизариб кетди. Бу ноқулай аҳволдан чиқиш учун эркаклар гапни бошқа ёққа буришди. Лекин укамнинг жағи тинмади. Ҳамма эшитган гапларини оқизмай-томизмай сўзлаб берди: — Бас энди, жим бўл! — жеркиб берди ойим. Укам яна жаврай кетди. Эшитган-билган нарсаларини тўкиб солди. Меҳмонлар кулишган бўлди. Охири ойим уни қўлидан ушлаб, нариги хонага олиб кетди. Укам ҳўнг-ҳўнг йиғлаб: — Ҳа, ҳеч нарсага тушунмас эканманми... Ҳаммасига ақлим етибди-ку... Нимага мени тушунмайди дейсизлар, — деб уйни бошига кўтарди. Ойим укамни тинчитгач, хонага қайтиб кирди. — Шу замоннинг болаларига ҳайронман. Ҳамма нарсага ақли етади-я, — деди бояги жувоннинг эри. Мен одинроқ лип этиб ўрнимдан туриб кетган эдим. Тўғрисини айцам, укамнинг бу қиииғидан кўп хурсанд бўлдим. Дарс пайтида ўқитувчимиз мен нима хаёлда ўтирганимни сезгандай: — Юртимизда республика эълон қилингач, эркак лар билан аёллар тенг ҳуқуққа эга бўлди. Энди ҳар соҳада уларнинг ҳуқуқи тенг, ўртада заррача фарқ йўқ, — деди. Бу гап Яшарнинг эркаклик нафсониятига оғир ботди. — Ҳечам фарқ йўқми? — Асло. — Ростданми? — Ҳа! — ўшқирди ўқитувчи. — Ундай бўлса, нимага «Хотин-қизларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти» тузилган? Нега эркакларники йўқ? Ойим шу жамиятга аъзо, биламан буни. Бефаросат Нашъа луқма ташлади: — Жониворларни ҳимоя қиладиган жамият ҳам тузилган... Уйга қайтаётганда ҳам нуқул шу ҳақда гаплашиб келдик. Кечки овқатдан кейин дадам газета ўқиб ўтирган эди. Эълонга кўзим тушди. Янги казино очилибди. Стриптизга тушадиган хотинларнинг яланғоч расми илова қилинган. — Дада, эркаклар нега стриптиз ўйнамайди? Дадам газетани бир чеккага улоқтириб, менга ғалати қилиб тикилди. — Эсинг жойидами, ўғлим? Эркак кишига бало борми стриптиз ўйнаб?! — Ўқитувчимиз бугун эркаклар билан аёллар тенг ҳуқуқли бўлган, деб айтди-ку ахир. Ҳуқуқ тенг бўлгандан кейин эркаклар ҳам стриптиз тушиши керак-да. — Эр кишининг йўриғи бошқа, ўғлим. Ҳарҳолда эркак билан хотин кишининг ўртасида қандайдир фарқ бўлиши керак. Иш тикиб ўтирган жойида ойим гап ташлади: — Нимасини айтасиз. Эркак киши кечаси билан кўчада санғиб юрса ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Аёл киши қилса-я, шу ишни... Дарров бадном бўлади. Бунисига нима дейсиз? Тўғрими шу? Дадам билан ойим гап талашиб қолишди. Менга берган саволинг ҳақида кўп ўйлаб кўрдим. Тагига етолмадим. Кимдан сўрамай, тузукроқ жавоб ололмадим. Менимча, аёл кишининг ҳам, эркак кишининг ҳам ўзига яраша бахти бор. Тарихда жуда кўп оқила, буюк аёллар ўтган. Агар шу аёллардан: «Эркак бўлиб туғилишни истармидингиз?» деб сўралганида нима деб жавоб берган бўлишарди, биласанми? Чамамда, йўқ, истамайман, деган бўларди. Ўғил ёки қиз бўлиб туғилишнинг аҳамияти йўқ. Энг муҳими — ҳар ким ўзидан, ўз ишидан рози бўлсин. Бахт мана шунда. Сенга чин юракдан муваффақият тилайман. Аҳмад Тарбай. Ўмров суяги Истанбул, 2-декабр, 1963-йил. Зайнаб, дўстим! Сендан ҳар икки-уч кунда бир марта хат олишга ўрганиб қолганман. Кунига почталонни кутаман. Мактабдан кела солиб, менга хат-хабар борми, деб ойимдан ҳам сўрайман. Агар сендан хат келмаган бўлса. ўзимни қўярга жой тополмай юраман. Одатда, сенга хат ёзиб юборганимнинг тўртинчи ёки бешинчи кунига бориб жавоб олгувчи эдим. Аммо мана тўққиз кун ҳам бўлдики, сендан ҳамон дарак йўқ. Юрагимга ғулғула тушди. Жавобини ҳам кутмай дарров хат ёзгани ўтирдим. Сенга олдинги хатни ёзиб юборганимнинг эртаси куни синфимизда қизиқ бир ҳангома бўлди. Мана, эшит. Анатомия дарсида ўтирган эдик, директор бир одамни бошлаб синфга кириб келди. Билсак, инспектор экан. Инспектор ўқитувчимиз билан алланималарни гаплашиб олгач, Ўғиз деган болани ўрнидан турғазди. Ўғизни сен танимайсан. Сендан кейин келган. Илгари Ташрада туришаркан, шу йили Истанбулга кўчиб келишбди. Мактабга биринчи келган куниёқ бу болага қойил қолдик. Нимасига қойил қолдик, биласанми? Оигудек чаққон бола экан. Xудди май-муннинг ўзи-я... Бечоранинг заиф томони ҳам бор экан. Нуқул дудуқланиб гапираркан. Олдинига болалар дудуғини юзига солиб, калака қилиб юришди. Ўғиз заррача парво қилмади. Бунақа гапларни эшитавериб, кўникиб кетганга ўхшайди. Болалар қарашсаки, унинг жиғига тегиб бўлмайди, фойдаси йўқ. Шунинг учун масхара қилмай қўйишди. Кейин билсак, Ўғиз ўзига ишониб юраркан, шу важдан майда-чуйда гапларга эътибор бермас экан. Қайси куни танаффусда ҳовлида ўйнаб юрган эдик. Ўғиз дабдурустдан: «Дарахтга ким олдин чиқишдан ўйнаймиз, зўри борми?» деб чираниб қолди. Шу гапниям минг марта тутилиб айтди. Ҳамма мени кўрсатди. Дудуқ бола билан мусобақа қилишни ўзимга эп кўрмай, рози бўлмадим. Кейин маълум бўлишича, жуда тўғри иш қилган эканман. — Сен дудуқланиб бир марта дарахтга чиққунча мен ўн марта қайтиб тушаман, — деди Чингиз ўртага чиқиб. Шу бемаъни ҳазилгаям кулганлар бўлди. Ҳовлидаги каштан дарахти эсингда бўлса керак. Шунинг тагига мих билан узун чизиқ тортдик. Ўғиз билан Чингиз иккови югуриб бориб каштанга ёпишди. Чингиз оёғини кўтараман деб лапанглаб турган эди. Ўғиз бир зумда кўринмай қолди. Бир пайт дарахтнинг тепаси шитирлади. Бундоқ қарасак, Ўғиз аллақачон каштаннинг энг баланд шохига чиқиб олибди. Дудуқланиб алланималар деяпти. Олдин тушун-мадик. Кейин билсак, у: — Ҳа, Чингиз, каштан ёқиб қолдими дейман, қучоқлаб қўйиб юборгинг келмаяпти! — деб майна қилаётган экан. Чингиз бир амаллаб юқорига чиқиб олди. Чи-қишга чиқди-ю, лекин ярмига борганида яна юқорига кўтарилишга юраги бетламади. Буни кўриб, Ўғиз тепа шохдан пастга абжирлик билан сирғалиб тушди. Чиргизнинг олдида бир зум тўхталиб, осонгина яна ерга тушди. — Қани, яна зўри борми? Ким гаров ўйнайди мен билан? — деди у бизга бир-бир қараб. Ҳеч ким индамади. Шу-шу орамизда Ўғизнинг обрўси ошиб кетди. Мине Ўғизнинг шундоққина орқасида ўтиради. Бундай чаққон ва эпчил бола билан олдинма-кейин ўтирганидан Миненинг оғзи қулоғида. Ўғиз икки кун ўқишга келмади. Оғриб қолибди. Дарсга келмаган кунининг эртасига Мине: — Ўғиз нимага дудуқланиб гапиради, биласизларми? — деб қолди. Биз қизиқиб бунинг сабабини сўрадик. — Менга ўзи гапириб берди, — деди Мине бу сирни фақат ўзи билганидан керилиб. — Болалигида отаси уни кўп калтакларкан. Қўрққанидан дудуқ бўлиб қолибди. Ўзи шундоқ деди. Энди дарахтга чиқишга нега уста бўлиб қолганининг сирини ҳам айтиб берайми? — Қани, қани, эшитайлик. — Отасининг жаҳли қўзиб қолганида у шартта қочиб кетаркан. Кейин отаси таёқ билан уни қувларкан. Ўғиз қўлга тушмаслик учун дарахтга чиқиб оларкан. Катта одамни кўтармайдиган ингичка шохлар уни калтакдан сақлаб қоларкан. Шу тариқа у дарахтга чиқишни ўрганиб олган экан. Мана, ҳозир инспекторнинг олдида тик турган Ўғиз шу. Деворда учта диаграмма осиб қўйилган. Одамнинг скелети, бош суяги ва ошқозон аъзолари тасвирланган. — Бунинг номи нима? — деб сўради инспеcтор скелетнинг бир жойини кўрсатиб. Ўғиз жавоб бермади. — Бу суяк нима деб аталади? Ўғиз яна чурқ этмай тураверди. — Ўмров суяги, —- шивирлади унинг орқасида ўтирган Мине. — Ўм... ўм... ўмров суяги! — Ҳм... Ундай бўлса буниси нима? Инспекторнинг бу гапини эшитиб, Ўғиз тараддудга тушди. Янглишган эканман, ўмров суягини энди сўраяпти, деб ўйлади шекилли, яна: — Ўмров суяги, — деб жавоб берди. Инспектор бу гал тизза косасига ишора қилди: — Xўш, бунга нима дейилади? Ўғиз бечора бутунлай гангиб қолди. — Ўм... ўм... ўмров суяги! — Ҳа, бу-чи? — дарғазаб бўлиб сўради инспек тор. Энди у нариги диаграммадаги бўйин томирларини сўраган эди. — Ўмров суяги, афандим! Ўғиз чалкашиб кетди. Олдинга айтганим хато бўлса керак, ўмров суягини энди сўраяпти, деган хаёлда ҳамма сўраганларига бир хил жавоб бераверди. Гап чиқиши ҳам ниҳоятда қийин, шунинг учун қора терга тушиб кетди. Энди инспекторнинг ўзи ҳам дудуқлана бошлади. — Жу... жу.. жуда соз. Бунинг номи нима? — Ўм... ўмров суяги. Инспекторнинг қони қайнаб кетди. — Ҳе, бўлди, инсоф биланда ахир! Одамнинг танасида ўмров суягидан бошқа нарса йўқми?! Бор, жойингга ўтир! Кейинги кунларда сенга айтиб беришга арзийдиган воқеа фақат шу. Бундан олдинги хатимга сендан ҳалигача жавоб келгани йўқ. Нима, чиндан ҳам ётиб қолдингми? Жавоб кутаман. Аҳмад Тарбай. Атаманнинг туғилган куни Анқара, 25-декабр, 1963-йил Аҳмад! 14- ва 22-декабрда ёзган хатларингни олдим. Катта раҳмат. Ётиб қолганим учун хатларингга вақтида жавоб қайтаролмадим. Пича ётиб олдим, шамоллаб қолибман. Барибир шундаям хат ёзсам бўларди-ю, лекин уни қутига ким ташлайди? Ойим билан опамга эса бергим келмади. Аксига юриб Метин ҳам мен билан баравар оғриб қолди. Кеча оёққа турдим, бугундан мактабга қатнаяпман. Ўқишдан келибоқ жавоб ёзишга ўтирган эдим, ойим сендан хат келганини айтиб қолди. Конвертдаги адресни илгарироқ кўрган экан, шунинг учун: — Аҳмаддан келибди. Ўртоғинг оқибатли экан. Сени эсдан чиқармай келяпти, — деди. Хатингни ўқиб бўлиб, Метиннинг олдига кирдим. Ҳалиям тургани йўқ. Термометрни қўйиб, иситмасини ўлчадим — 38,2. Аслида икковимиз арзимаган нарса билан шамоллаб қолдик. Синфимизда Атаман деган бола бор, шунинг туғилган кунига борган эдик. Ўша ердан касал бўлиб қайтдик. Биздан ташқари яна учта бола ҳам шамоллаб ётибди. Ота-оналар мажлисида ойим Атаманнинг онаси билан танишиб қолган экан, у: «Яқинда ўғлимизнинг туғилган куни бўлади, болаларни олиб албатта келинг, кутамиз», деб айтибди. Кейин уй адресимизни ёзиб олиб, ўзимиз машинада олиб кетамиз, дебди. Ойим Метин икковимизни юборишга розилик берган экан, у: «Хўжайин билан ўзингиз ҳам келинг. Келмасангиз хафа боиамиз», деб туриб олибди. Ойим ноилож ваъда берибди. Буни эшитиб, дадамнинг хуноби ошиб кетди. «Ёш боланинг туғилган кунида бизга нима бор?» — деб ғижиниб турган эди, ойим уларга борамиз деб ваъда бериб қўйганини айтди. Xуллас, ҳаммамиз борадиган бўлдик. Атаманни туғилган куни билан табриклаш учун совға-салом олдик. Мен китоб, Метин эса авторучка тақдим қиладиган бўлди. Пешиндан кейин уйимизнинг олдида машина тўхтади. Бизни олиб кетгани келишибди. Дадам Атаманнинг отаси билан машинада танишиб олди. Машина ўзлариники экан. Бировнинг ғийбатини қиляпти, деб мендан ранжи-шинг мумкин. Лекин мен ғийбат қилаётганим йўқ. Уларнинг уйида нима кўрган бўлсам, шуни ёзаман. Улар жуда бадавлат туришаркан. Шундоққина сези-либ турибди. Бир пайт ойим дадамга қараб: «Буларда пул кўп-у дид йўқ экан. Манави жиҳозларни кўр, сираям бир-бирига мос эмас-а!» деб пичирлаганини эшитиб қолдим. Атаманнинг дадаси ҳар икки гапнинг бирида «каминангиз» ёки «ҳазратлари» деб туришга одатланган экан. Уй ичи кенгу, аммо меҳмон ҳам кўп. Қола-верса, узун-қисқа бўлиб келаётганларнинг ҳали кети кўринмайди. Ўн бештага яқин бола йиғилди, лекин катталарнинг сони ўттиздан ошиб кетди. Бизга ўхшаб бошқа болалар ҳам ота-оналари билан келишган экан. — Бу нима, ойи, бугун ўзи кимнинг туғилган куни — Атаманникими ёки дадасиникими? — ҳайрон бўлиб сўради Метин. Бирор жойда Метиннинг оғзидан ножўя гап чиққудай бўлса, ойим уни одатда секингина чим-чилаб қўярди. Бу гал ҳам бировга билдирмай аста ўймалаб олган эди, Метин жимиб қолди. — Уйимиз торлик қилиб қолди, айланай, — деди Атаманнинг онаси ойимга зорланиб. — Xудога шукур, обрўйимиз жойида, ҳамма йўқлаб келаверади. Чақирмасак, кейин хафа бўлишади. Одамнинг юзи иссиқ бўларкан. Келаси йил ўғлоннинг туғилган кунини бирон каттароқ ресторанда ўтказмасак бўлмайди. Xўжайинни ҳам кўндириб қўйдим. Барака топкур, бизнинг хўжайин ҳечам сўзимни ерда қолдирмайди, нима десам, шунга кўнади. Бу хотин эрини хўжайин, Атаманни эса ўғлон деб чақираркан. — Бизнинг хўжайин шунақа, ҳечам гапимни иккита қилмайдилар. Xўш, сизники қанақа, дурустми? Ойимнинг бу андишасиз гапга жаҳли чиққанини юзидан сездим. — Xўжайин деганингиз ким у? Атаманнинг онаси илжайиб қўйди: — Xўжайин деб эрга айтилади-да, овсин. Xўш, у кишиям гапга кўнадиган хилиданмилар? — Уй анча исиб кетганга ўхшайдими? — деди ойим гапни бошқа ёққа буриб. — Ҳа, ўғлоннинг туғилган куни шарафига кў-мирни аямай ёқдик. Батареялар қизиб кетди шекил-ли... Xўжайиннинг ўзлари яхши одамлар-у, аммо-лекин жуда кўнгиллари бўш-да. Ўғлонимиз шарафига батареялар қизиб турсин, деб тайинладилар. Ҳа, айт-моқчи, идораларида икки-уч секретар қиз ишлайди. Ҳеч кераги йўқ шунча қизнинг. Эркак зоти шунақа бўларкан. Бирини олиб бирига урсин буларни. — Қани, дадангиздан бир хабар олинглар-чи, нима қиляпти экан, — деб ойим мен билан Метинни чиқариб юборди. Эркаклар катта залда ўтиришган экан. Стол тоиа ҳар хил ноз-нематлар. Атаманнинг отаси билан гаплашиб ўтирган дадам бизни кўрибоқ энсаси қотди. — Ойингнинг бир ўзини ташлаб келибсанлар-да?! Метин ўйлаб-нетиб ўтирмади: — Ўзлари шу ёққа юбордилар-ку. — Булар ҳазратларига тегишлими? — деб сўради Атаманнинг дадаси. — Ҳа, шундоқ. — Умри билан берган бўлсин... Ҳа, нима деётган эдим? Эсимга тушди... Шу мен зиқна одамни ёмон кўраман. Мен сизга айцам, хотин зоти зиқна бўларкан... Масалан, бизнинг хотинни олиб кўрайлик. Бозордан апелсин оладиган бўлса, икки хилини танлайди. Бири яхшиси-ю, бири ёмон. Энг пачоқ, энг арзон апелсинни атайлаб хизматкорларг олади. Уларга шуниси ҳам бўлаверармиш. Ҳўв хотин, бу бемаънилигингни ташла, хизматкор ҳам сенга ўхшаган одам, дас-турхон ҳаммага битта бўлиши керак, деб каминангиз тоза насиҳат қилди, бўлмади. Xотин кишига гап уқтириб бўлмас экан. Бу ишинг одамгарчиликдан эмас, десам ҳам тушунмайди. Ҳўв хотин, сен апелсиндан ўн қуруш юлиб қоладиган бўлсанг, рўзғорга икки юз лиралик зарар келтиришинг мумкин. Чунки шу ар-зимаган нарса билан хизматкорнинг нафсонияти оғрий-ди, охири у идиш-товоқ юваётганида икки юз лира ту-радиган чинни лаганни пақ этиб ташлаб юборади-да, қўлимдан тушиб кетди, деб баҳона қилади. Минг марта айтдим бу гапни. Қани бунинг фаҳми еца... — Бор, ойингнинг олдига жўналаринг! — ҳайдаб берди дадам бизни. Ҳаммамиз тоза зерикдик. Болаларнинг қий-чуви жонига тегди шекилли, меҳмон аёллардан бири: — Бола-чақа билан бир жойга ҳечам бориш керак эмас... Қулоқни қоқиб, қўлга беришади, — деди ёнидаги жувонга энгашиб. Дадам: — Кетайлик энди, бас, — деб шипшиган эди, ойим кўнмади. — Бирпас ўтирайлик... Дарров кецак айб бўлади. — Каминангиз йўқсил болаларга қўлдан келганча ёрдам бериб келади. — деди у дадамга қараб. — Ҳар байрамда қумқ қўймайман... Буни қаранг, шуни ҳам ёзиб чиқишибди-я... Ёш болаларни бир жойга тўплашди. Атаманга тақдим этилган совға-саломаларни столга териб қўйишди. Xона димиқиб кетган экан, деразани очиб юборишди. Метин иккимиз роса терлаган эканмиз, деразага яқинроқ келиб турдик. Бирпасда тумов бўлдик. Зотилжам шу ердан бошланди. Дадам мезбонлардан кетишга рухсат сўраган эди, Атаманнинг отаси жавоб бермади. — Бу қанақаси? Овқат пишсин, бир-икки қадаҳдан отайлик, кейин кетарсизлар. Дадам зарур иши борлигини айтиб, узр сўради. Кўчага чиқдик. — Айб менда, кечирасан,— деди ойим дадамнинг хуноби ошганини кўриб.— Бунақа бўлишини билмовдим. Ойиси ҳадеб чақираверганидан кейин ваъда бериб қўйган эдим. Нима қилай гапини қайтаролмадим... Эртаси куни иситмам ўттиз тўққизга чиқди. Хатингда Ҳикматнинг ҳоли кейин нима кечди, деб сўраган экансан. Ҳикмат бир ҳафтадан бери мактабда кўринмайди. Бечорага нима бўлдийкин, билмайман. Бирортамиз ҳам уйини билмас эканмиз. Унинг бошига тушган кулфат менга қаттиқ таъсир қилди. Шунга кўра бу ҳақда хатнинг охирида ёзяпман. Менга ўхшаб сен ҳам кечикиб жавоб ёзмас-сан, деб умид қиламан. Зайнаб Ёлқир. Донишманд Зайнаб! Сенгаям, уканггаям саломатлик тилайман. Бундан кейин касал бўлманглар. Ойинг мени эслабдилар. Раҳмат. Жуда хурсанд бўлдим. Атаманнинг туғилган куни қандай ўтганини жуда чиройли қилиб таърифлабсан. Биласанми, мен шу вақтга қадар бирор марта ҳам туғилган кунимни нишонлаган эмасман. Бизнинг уйимизда бунақа одат йўқ, қолаверса, мен ҳам бошқаларнинг туғилган кунига бормайман. Ростини айцам. умримда бир марта шунақа маросимда бўлганман. Ўшанда ойим билан қариндошимизникига меҳмонга борган эдик. Қариндошимизнинг қизи мени бир дугонасининг туғилган кунига олиб борди. Меҳмонга борганимизда иккита қизиқ воқеа рўй берди. Ҳали-ҳали буни эслаб юраман. Келганларнинг орасида бир шум бола бор экан, ўша кўп машмашаларга сабабчи бўлди. Бу бола шунақаям безори эканки, уйни бирпасда ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Шумлигининг чеки йўқ экан. Ҳамма ўтирган эди, бир пайт ҳожатхонанинг эшиги ичкаридан гумбурлаб қолди. Ўтирганлар югуриб бо-ришди. Эшикни биров қулфлаб қўйибди. Қамалиб қолган аёл бир томондан жонҳолатда эшикни гумбирлатиб урса, иккинчи томондан: — Кимдир устимдан қулфлаб кетибди! Очинг тезроқ, — деб дод соларди. Уй эгалари гир айланиб калитни қидиришди. — Менинг ўғлим қилган бу ишни... Ўғилчани топинглар, ўғилчани, — дейди зўр бериб бақ-бақалоқ пакана бир одам. Ҳамма қидириш билан овора-ю, у бўлса оғзини кўпиртириб арзандасини мақтайди: — Занғар жуда ўткир бола чиқди-да, турган-битгани ўт-а, ўт... Мени айтди дейсиз, хоним афандимни устидан қулфлаб кетган ҳам ўша. Жувон ҳожатхона эшигини тешиб юборай деяпти-ю, бунинг бўлса жағи тинмайди. — Ишқилиб, кўз тегмасин-у жуда ақлли бола-да. Қўлига китоб олганини билмайман-у, аммо-лекин имтиҳондан ўтиб кетаверади. Китобга бир қараса бўлди, миясига ёпишиб қолади. Ёшлик пайтимда мен ҳам шунақа эдим. Китоб ўқиб ўтирмасдим. Отасига тортган баччағар. Ўртоқлари китобдан бош кўтармайди, нуқул ўқигани ўқиган. Бизнинг ўғил китоб бетини кўрмайди-ю, лекин синфда ҳам қолмайди. Аслида ўзим мук тушиб дарс қиладиган болаларни ёқтирмайман... Уйдагиларнинг ҳаммаси мана шу мияси ўткир болани қидириш билан овора. — Каравотнинг тагини қараб кўринглар. Уйда ҳамиша каравотнинг тагига бекиниб олар эди, — деб қолди бир пайт бақалоқ одам. Уйнинг эгаси унинг айтганини қилиб энди энгашган ҳам эдики, тепадан бир нарса тарақ этиб бошига тушди. Xайрият, калит экан. Шу заҳотиёқ шкаф тепасидан бир бола ўзини каравотга отди. — Ана, айтмадимми, бу ўшанинг қилиғи деб. Ақли кўп-да, нуқул шўхлик қилади. Отаси суйган безори ўша куни ҳамманинг жонига тегди... Иккинчи бир воқеанинг қаҳрамони — донишмандлик мактабини ўтаётган бола. Ўша куни мемонда бир бола билан танишдим. Кўзойнак тақиб олган чуваккина экан. Қўл бериб сўрашдик. Исмини сўрасам, ғинг демади. Ҳам кўздан, ҳам қулоқдан қолган бўлса керак, деб ўйладим. Баландроқ овоз билан саволни қайтардим. Xудди нозик масалани ечиб бераётган одамдай ўйланиб қолди, анчадан кейин зўрға исмини айтди. Мен нечанчи синфда ўқишини сўрадим. Бу гал ҳам роса ўйлаб, кейин жавоб берди. Ўзича бирор гап айтмайди-ю, лекин савол берсанг, жавоб олгунча хуноб бўлиб кетасан. Бирпас гаплашиб, юрагим сиқилиб кетди, ёнидан секин жилвордим. — Бу боланг овсарга ўхшайди, — дедим мени бу ерга олиб келган қариндошимга. Қариндошим кулиб юборди. — Бу нима деганинг. Ахир отаси уни донишманд қилмоқчи-ку. Гапга унинг ўртоғи аралашди. — Мактабда ҳамма уни кичик донишманд деб чақиради. — Ия, исмини сўрасанг, тополмай анқайиб туради-ю, бу қанақа донишманд бўлди? — Ҳамма гап шунда эмиш. Донишмандлар сукут сақлаб туриши керак экан. Отаси айтибди. Биров исминг нима деб сўрасаям дарҳол жавоб берма, пича ўйлаб ол, донолар: «Олдин ўйла, кейин сўйла», дейишган деб уқтирибди. Қизлар бу кичкина донишмандни менга роса таърифлаб беришди. Айтишларича, унинг отаси анча бамаъни одам эмиш. Кўп йил заҳмат чекиб дунёда ўтган жамики доришмандларнинг таржимайи ҳолини ўрганиб чиқибди. Шундан кейин унда донишманд боланинг отаси бўлиш ҳаваси уйғонибди. Узоқ йиллик тадқиқот ишларидан маиум бўлишича, кўп донишмандлар оталари қартайиб қолганда дунёга келган эканлар. Ўйлаб қўйган ниятини амалга ошириш учун у ҳам сочига оқ тушиб, ёши анчага бориб қолгандан кейин уйланибди. — Бу гапларни сизга ким айтди? Донишманднинг ўзими? — ҳайрон бўлиб сўрадим. Маълум бўлишича, бундан бутун маҳалла хабардор экан. Буни қизлар катталардан эшитишибди. Боиғуси донишманднинг отаси уйланишга уйланибди-ю, лекин анча вақт фарзанд кўролмай юрибди. Боёқиш донишманднинг отаси деб ном чиқариш иштиёқида керагидан ортиқ қариб қолган эканми, хуллас, фарзанд ҳасратида кўп куюниб юрибди. Охири, кунлардан бирида хотини бошқоронғи бўлганини айтибди. Энди у: «Ишқилиб, бола заиф туғилсин», деб илтижо қиладиган бўлибди. Нега деганда, аксарият донишмандлар нимжон чақалоқлардан етишиб чиқ- қан экан. Xотиннинг кўзи ёрибди. Тилаб олган чақалоғи шунақаям нимжон эканки, унинг тирик қолишига ҳеч кимнинг кўзи етмабди. Ҳайтовур, бола ўлмай қопти. Қадим замонларда бир донишманд шоир ўтган экан. Қалин бир китобда нақл этилишича, ўша зукко шоир жуда ёшлигида она сутидан маҳрум бўлган экан. Донишманд боланинг отаси шу китобни топиб ўқигач, бир ойлик чақалоқни она кўкрагидан ажратиб олибди. Бола бир ёшида беланчакдан йиқилиб, кўзи шикастланган экан, отаси бағоят хурсанд бўлибди. Сабаби — аллақайси бир донишманд ҳам ғилай ўтган экан. Энди унинг ягона тилаги қолибди. Ишқилиб, ўғлимнинг бўйи ўсмасин, деб оҳ-воҳ чекиб юрганмиш. Зотан, унинг билишича, донишманд халқи аксарият паст бўйли бўлар экан. Шу гаплардан кейин мен бу бола нима учун ўзининг исминиям дарров айтиб беролмаслигига тушундим. Назаримда, у сукут сақлаб жавоб беришдан кўра, кўпроқ отини эслашга ҳаракат қиладиганга ўхшайди. Ҳикмат мактабга келмай қўйганини эшитиб, қаттиқ хафа бўлдим. Бечора қизнинг аҳволи нима кечдийкин? Кеча мактабда бизни эмлаб кетишди. Шунинг учун бугун дарсга бормадим. Ҳозир хатни қутига ташлаб келаман. Кейин арифметикага ўтираман. Ўқитувчимиз уйга анча вазифа берган эди. Чап қўлим роса оғрияпти. Ҳатто қимирлатолмайман. Омон бўл, Зайнаб. Сенга ҳамиша муваффақият тилайман. Аҳмад Тарбай. Тома-тома сел бўлур Қардошим Аҳмад! Тунов куни хатингни, ундан бир кун олдин эса янги йил табригингни олдим. Ҳар иккиси учун кўп раҳмат. Янги йилдан бир кун олдин мен ҳам сенга табрик хати юборган эдим. Ҳарҳолда бориб етган бўлса керак. Лекин сен табрикни жуда боплабсан. Расмларинг бирам чиройли чиқибдики. Менинг эсимга ҳам кел-мовди бу нарса. Келганидаям барибир сенчалик чизолмасдим. Расмларингни синфдаги болаларга кўр-сатдим. Ҳамма қойил қолди. Янги йилнинг биринчи куни бизнинг уйда янги йил кечасидан ҳам завқли бўлди... Бошидан гапириб берсам ҳам арзийди. Дадам билан ойим режа билан, тежаб-тергаб рўзғор қиладиган одамлар. Аммо бу зиқналик эмас. Леарнинг мақсади — кўрпага қараб оёқ узатиш. Шунинг учун ҳар нарсани авайлаш, ортиқча чиқимга йўл қўймаслик керак, деб бизга насиҳат қилишади. Мабодо столда авторучкам қолиб кетгудай бўлса, дадам: — Авторучкани очиқ ташлаб кетма, сиёҳи қуриб қолади. Ерга тушса, пероси синади. Кейин янгисини олишга тўғри келади. Чиқим кўпаяди. Одам деган ҳар нарсада тежоғли бўлиши керак, — деб қулоғимга қуяди. Укам дафтарнинг бир томонига ёзиб, иккинчисини бўш қолдирса ёки бир-икки бетини ташлаб кеца, ўша куни ойимдан роса гап эшитади. — Бунақа зараркунанда бўлма, ўғлим. Ахир тома-тома кўл боиур, деган гап бор. Ҳар куни бир бетдан қолдириб кетаверсанг, бир йилда қалин бир дафтар бўлади-я. Шундай оппоқ дафтарни ташлагани қандоқ кўзинг қияди? Метин жуда кўп қалам йўқотади. — Қалам сотиб олавериш жонимга тегди, нуқул йўқотганинг йўқотган-а, — деб нолиб қолади ойим. Тўғри, тежогииқ иш — бежоғлиқ, деган гап бор. Аммо ҳаддан ошиб кеца ҳам бўлмас экан. Айниқса бувимнинг гапи жонимдан ўтиб кетади. Икки гапнинг бирида у киши: — Сақласанг — минг кунлик, сақламасанг — бир кунлик, деганлар, отин қизим. Тома-тома кўл бўлур, дейишади ахир, — деб насиҳат ўқийдилар. Бир куни бувамиз укам икковимизга пул йиғадиган қутича олиб келдилар. — Шу нарса эсингизда бўлсинки, оз-оздан кўп бўлади. Ота-боболаримиз тома-тома кўл бўлур, деб айтишган. Қани, тома-тома нима бўларкан? Бувамнинг одати шу: нуқул бир нима деса, дарров қайтариб сўрайди. — Кўл бўларкан, бува. — Ҳа, баракалла, гап деган бундоқ бўпти. Шу мақолни эшицам кўнглим айнийдиган бўлиб қолди. Xудонинг берган куни уни минг марталаб такрорлашади. Янги йил кечаси дадам билан ойим казинога борадиган бўлишди. Илгарилари янги йилни ҳаммамиз уйда бирга кутиб олардик, бу йил сал бошқачароқ бўлди. Дадамнинг ўртоқлари казинодан илгарироқ жой олиб қўйишган экан, кечга яқин кетишди. Лекин дадам анъанани бузмади. Ҳаммамиз бир дастурхонда ўтириб овқат қилдик, роса ўйнаб-кулдик. Улар анчадан кейин туришди. Казинога опамни ҳам олиб кетишди. Биз бувамлар билан қолдик. Билган ўйинларимизни ўйнадик. Лото ҳам ўйнадик. Аммо бувам ҳечам ютолмади. Ўйин пайтида мудраб ўтиргани унга халал берди чамамда. Ярим кечага яқин ўринга кириб ётдик. Бир пайт уйғониб қарасам, уй жимжит. Тиқ этган овоз йўқ. Ҳалиям келишмапти-да, деб ўйладим. Анчагача кўзимни очиб ётдим. Қоронғида Метиннинг шарпаси кўринди. — Буларга нима бўлган ўзи? — деди у олдимга келиб. — Ҳа, нима қипти? — Буёққа юр, кўрасан. Ўрнимдан туриб, нариги хонага чиқдим. Бувам билан бувим кетиб қолишган экан. Бундоқ қарасам, опам диванда уст кийими билан чўзилиб ётибди. Бўйнида ранг-баранг қоғоз тасмалар. Ердаги гиламда ағанаб ётган дадам юзига маска тақиб олибди. Қоғоз шапкани бошига эмас, оёғига кийибди. Фақатгина ойим жойига бориб ётган экан. Аммо кийимлари сочилиб ётибди. Бир пой пайпоғини коридорда, иккинчисини ёнида кўрдим. Ойимнинг устини ёпиб қўйдим. Опамни аранг турғазиб, жойига ётқиздик. Лекин дадамни уйғотиб бўлмади. Вақт пешиндан оғиб қолган эди, улар сал ғимирлаб қолишди. Энг аввал ойим ўзига келди. Кейин у дадамни уйғотди. Охири опам ўрнидан турди. Бўйнидаги маржони йўқмиш. Ҳеч қаердан тополмади. Кечаси бирор ерда йўқотганга ўхшайди. Гап-сўздан билдимки, казинода ойим билан дадам омадларини синаб кўрмоқчи бўлишибди. Талай пул ютқазишибди. — Ойнинг охиригача нима еймиз энди? — ташвишланиб сўради ойим. — Идорадан қарз сўрайман, бошқа илож йўқ, — жавоб берди дадам. Салдан кейин бувам билан бувим кириб келишди. — Қалай, янги йилни яхши кутиб олдингларми? — кўнгил сўради бувим. — Таъзиримни едим, энди ҳечам унақа жойларга бормайман. Ойим гапини тугатиб, Метин икковимизни бир чеккага имлаб чақирди. — Қанча пулларинг бор, менга бериб туринглар, эртага қайтиб бераман. Йиғиб юрган пулимизни келтириб бердик. Шу орада эшик тақиллаб қолди. Қўшнимизнинг қизи Нуртон экан. Қўлида бир парча қоғоз. Дадамга экан. Xатни олиб, уйга кирдим. Дадаси ёзибди. Шу сатрларга кўзим тушди: «Дўстим, кечаги воқеа ўзингга маълум. Ёнимда сариқ чақа ҳам қолмабди. Уйга қандоқ келганимни билмайман. Ҳар қалай, сизлар олиб келган бўлсангиз керак. Пулдан қалайсан? Юз лира керак. Раҳмат». Хатни дадамга узатдим. Дадам хатни ўқигач, ойим билан шивирлашиб олди. Мазмуни, улар пулимиз йўқлигини билдиргилари келмади. Бу гал опамнинг қутичаси иш берди. Дадам билан ойим кўзимизни шамғалат қилиб опамга бир нима дейишди. Кейин опам олиб келган қутичани очиб, ичидан чиққан бор пулни Метиндан бериб юборишди. Метин дарс қилмоқчи бўлган эди, яна қаламини тополмади. Йўқотиб қўйганга ўхшайди. Буни эшитиб, ойим кўпириб кетди: — Қанақа овсар боласан ўзи! Нуқул қалам йўқотганинг йўқотган-а? Бундоқ авайлаб туцанг бўлмайдими! Ҳадеб сенга қалам олиб беравераманми? Бувамнинг насиҳати бошланди. — Сақласанг — минг кунлик, сақламасанг — бир кунлик, ўғлим. Xўш, сақламасанг нима? — Бир кунлик, бува! — Ҳа, баракалло! Тома-тома кўл бўлур. Нима бўлур? Метиндан олдин мен жавоб бердим. — Ҳеч нарса. Кўл бўлмайди. — Нега энди? Нимага кўл бўлмас экан? — Бўлмайди, буважон. — ля, нега бўлмас экан? — қовоғини уюб сўради бувам. — Чунки кўл бўлиши учун ўша жой сал чуқурроқ бўлиши керак. Агар сув турмайдиган теп-текис жой бўлса... — Ҳа, нима бўларкан? — Сув шариллаб оқиб кетади. Сел бўлади... Бувам менга бир хўмрайиб қўйди. Уйимизда янги йил шундай бошланди. Энди ойим билан дадам янги йилни бошқа жойда кутиб олмайдиган бўлишди. Хўш, сеники қалай бўлди? Янги йилда сенга бахт-саодат, ўқишингда муваф-фақиятлар тилайман. Зайнаб Ёлқир. Бошланиши чакки эмас Зайнаб! Янги йил билан табриклаб ёзган хатингни олганимга кўп бўлди. Раҳмат. Янги йилни биз катта амакимларникида кутиб олдик. Уйлари жуда кенг. Ҳамма амакиларим шу ерга йиғилишди. Мен ҳар куни эрта ётишга ўрганиб қолганим учун янги йил кечаси узоқ ўтиролмадим. Соат ўн иккидан кейин кўзим юмилиб кетаверди. Радио эшитиб ўтириб ухлаб қолибман. Эртаси куни одатдагидек ўтди. Бирор янгилик бўлгани йўқ. Лекин шуни билиб қўйки, янги йилнинг биринчи куни сизникида рўй берган воқеа бизнинг уйда тез-тез бўлиб туради. Дадам кўчада пул сарфлаган куни уйда жуда қурумсоқ бўлиб қолади. Баъзи кунлари у кўчадан тўйиб келади. Шу-нақа пайтларда сув ичаётганинми кўриб қолса, дарров: — Қайнаган сувни исроф қилма. Стаканга ўзинг ичадиганингни қуй, тагида қолмасин, — деб танбеҳ беради. Ҳолбуки, стаканнинг тагида бир-икки қултум сув қолган бўлади. Дадам исрофдан қўрққани учун қолган сувни гулдонга тўкади. Шундай кезларда дадам ўз ҳисобига ошна-оғайниларини яхшилаб меҳмон қилганини билиб оламан. — Шунча пастани увол қилиб нима қиласан?! Ўзингга лойиғини олсанг бўлмайдими?— деб ўдағайлайди дадам тиш юваётган бўлсам. Биламанки, у кеча яна зиёфатга тушибди. Баъзан дадам бирор ўроғлиқ нарса олиб келганида сабрим чидамай канопини узмоқчи бўламан. Шунда у: — Шошма, канопни секин ечиб ол. Бирор жойга олиб қўй, кунингга ярайди, — деб қолади. Яна биламанки, дадамнинг бугун ҳам кўчада сарфи катта бўлган. Дадамнинг қизиқ одати бор — оғайнилари билан бирор ерда ўтириб қолса, нуқул пулни ўзи тоиагиси келади. Буни неча марта ўз кўзим билан кўрганман. «Чўнтакни ковламанг, қўйинг, хафа бўламан... Мана менда бор», деб туриб олади. Аммо эртасига уйда тамоман ўзгариб қолади. — Эски газеталарни йиртмасдан олиб қўйинглар. Бирон нарсага яраб қолади. Қолаверса, йиғиб юрсангиз кейин сотишингиз ҳам мумкин. Жуда бўлмаса печкага ёқсангиз, уйни иситади. «Тома-тома кўл бўлур» деган мақол сизларникида кўп ишлатилар экан. Бизнинг уйимизда «Ўзингда бўлса, кунингга ярар» дегани тилдан тушмай келади. Шуниси ҳам борки, кўча-кўйда пулини совуриб келмаган кунлари дадамнинг қўли очиқ бўлади. Янги йил кечасидаям, эртасигаям шунақа бўлди. Дадам янги йилда менга акварел бўёқ олиб бердилар. Февралда икки ҳафтага каникулга чиқамиз. Шунда мазза қилиб сурат чизаман. Янги йилда бутун уй ичингиз билан ҳаммангизга бахт-саодат тилайман. Аҳмад Тарбай. Ивирсиқ қиз Азиз сифндошим Аҳмад! Авваламбор сенга Ҳикматдан гапирай. Ҳикмат дарсга қатнай бошлади. Ота-онаси яна ярашиб олишибди. Боёқиш жуда хурсанд бундан. Сенга яна бир янгилик айтмоқчиман. Менга ёзган ҳамма хатларингни йиғиб келаётган эдим, аммо ҳар ер-ҳар ерда тартибсиз сочилиб ётарди. Кеча ҳаммасини тартибга солдим. Ёзган кунларингга қараб олдинма-кейин қилиб чиқдм. Яхши бўлди. Бу нарса сира хаёлимда йўқ эди, бир гап билан шу ишни қилдим. Мана, эшит, бир бошдан гапириб бераман. Уйда ҳаммаси мени палапартиш иш қиласан, нарсаларинг доим ивирсиб ётади, деб койишади. Ҳолбуки мен қўйган нарсасини тополмай юрадиган, бесаришта одамни ёмон кўраман. Демак, ёмон кўрган одамим ўзим эканман-да. Якшанба куни эрта билан уй дафтаримни тополмай хуноб бўлган эдим, ойимдан роса гап эшитиб олдим. — Нимага бунақа меровсан-а, қизим? Доим бир ниманг йўқолиб қолади-я... Эс-ҳушингни йиғиб юрсанг бўлмайдими?! Ойимнинг ёнига дадам қўшилди. Бувам билан бувим келган эди, улар ҳам палапартишлигимни юзимга солишди. Опамга-ку худо берди — келган жойидан у илиб кетди. Ҳаммалари мени талаб кетишди. Жонимга ора кирган биргина Метин бўлди. — Бу уйда одам ўзини ҳам йўқотиб қўйиши ҳеч гап эмас, — деди у мени юпатиб. Ҳаммалари менга ёпишганига роса хўрлигим келди. Аламдан нима қилишимни билмай хонамга кириб, бир чеккадан йиғиштиришга тушдим. Стол усти-ни, китоб жавонларини тартибга солдим, буюмларни жой-жойига қўйиб чиқдим. Нарсаларимни йиғиштираётиб, уйдан лабга суртадиган помада, ҳар хил откритка, бир пой пайпоқ топиб олдим. Ҳаммасини уларнинг олдига олиб чиқдим. Ҳалиям менинг ғийбатимни қилиб ўтиришган экан. — Манави пайпоқ кимники? Тортмадан чиқди, — деб пайпоқни ирғитдим. — Ия, кеча қидириб юрган эдинг-ку буни, — деди ойим дадамга қараб. — Xўш, помада кимга қарашли? — Қаерда экан? Қидирмаган жойим қолмади. — Аллаким столимга қўйиб кетибди. — Кеча ўша ерда унутган эканман-да, — деб кулди ойим. Откриткага навбат келди. — Бу кимники бўлди? Опам лавлагидек қизариб кетди. — Қаердан топдинг? — Кимдир китобларимнинг ичига яшириб қўйибди. Орқасидаги ёзувини ўқиганим йўқ. Энди ўтириб дарс қилай деган эдим, ручкамни қўйган жойимдан тополмадим. Ҳаммаёқни қараб чиқдим, йўқ. — Яна нима йўқотдинг? — зарда билан сўради ойим. — Ручкамни кўрмадингизми? — Ручка оши ичасанми ўзи? Нуқул ручка йўқотганинг йўқотган-а, қизим... Ойим дийдиёсини бошлаб юборди. — Ҳой қиз, бу меровлигинг қачон қолади-а? — деди бувим ойимнинг ёнига қўшилиб. — Палапартиш бўлма, ҳамма нарсанг саранжом бўлсин, қўйган жойингни билиб юр, деб минг марта айтаман сенга. Бу қулоққа гап кирадими ўзи? Дадамдан эшитган гапим бу. Мени калака қилиш учун опамга баҳона топилди. — Ма, меникида ёзиб тур. Кўзингга қара, тағин буниям йўқотиб юрма! Опам ручкани олиб бериш учун ичкари кириб кетди. Бирпасдан кейин унинг: — Ким олди ручкамни? Ҳозиргина шу ерда эди-я, — деган овози келди. Бувим бошимни силаб, ётиғи билан насиҳат қилди: — Энди ўзингга қараб юргин, Зайнаб қизим. Бўйинг чўзилиб қолди. Ҳадемай бирор уйнинг бекаси бўласан. Қалам-дафтар йўқотиб юрсанг энди уят бўлади. Қиз бола деган саранжом-сариштали бўлиши керак. — Авлодимизда меров йўқ эди, ҳайронман, бу кимга тортдийкин, — деб луқма ташлади ойим. Ҳар куни бўладиган гап шу. Эшитавериб қулоғим пишиб кетган. Мен буларнинг ичида энг кўп бувамдан ҳайиқиб тураман. Ўзи истеъфога чиққан полковник, жуда баджаҳл одам. Ойим ҳали-ҳали бувамнинг юзига тик қараёлмайди. Ҳатто дадам ҳам унинг олдида анча мулойим бўлиб қолади. — Ҳаётда кимки режали бўлса, ўша ютади. Бувамнинг одатини сенга гапириб берган эдим. Айтган гапини дарров қайтариб сўрайди. — Xўш, ким ютаркан? — Режали одам, бува, — деб жавоб бердим. — Баракалло... Ҳар нарса маълум бир жойда туриши керак. Қаерда туриши керак экан? — Маълум бир жойда. — Баракалло. Токи керак бўлиб қолганида топиш осон боисин. Xўш, нима экан? — Токи керак бўлиб қолганида топиш осон боисин. Бувамнинг ҳар бир гапни қайтариб сўраш одати армиядан қолган экан. Дадам шундай деган. — Жуда тўғри гап бу, — бувамга юзланиб деди дадам. — Мен ҳам шундайман. Қайси чўнтакда нима борлигини кўзимни юмиб айтиб бераман. Ёнимда нимаики олиб юрсам, ҳаммасининг жойи аниқ. Шунга одатланганман. Рўмолчами, зажигалками, ҳамёнми — ҳаммасининг ўз жойи бор. — Офарин, худди шундай бўлиши керак, — деди бувам унинг гапини маъқуллаб. Дадам саришталигини Метин билан менга бир кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Дадам ўрнидан туриб, кўзини чирт юмиб олди. — Кўринглар, кўзимни юмдим. Ҳозир қаерда нима туришини айтиб бераман. Нимчамнинг чап чўнтагида зажигалка бўлиши керак. Мана, оламан! Дадам чўнтакка қўлини солиб, зажигалкани олмоқчи бўлди-ю, лекин тополмади. Роса қидиргани билан зажигалка чиқмади. — Қизиқ... Қаёқда қолдийкин-а... Зажигалка топилмагач, дадам бебурд бўлмаслик учун бошқасига ўтди. — Масалан, авторучка дейлик. Қаерда туришини ёддан биламан. Ҳамиша костюмнинг ички чўнтагида, чап томонда туради. Ишонмасангиз, мана, кўриб қўйинглар. Чўнтакдан авторучканинг ўрнига термометр чиқди. Дадам, «мана, айтмадимми!» деб кўзини очиб қараган эди, термометрни кўриб ўзиям роса ҳайрон бўлди. Ноилож илжайган бўлди. — Тунов куни Метиннинг иситмасини ўлчаган эдим. Шошилинчда чўнтакка солиб кетаверган эканман-да... Ҳа, майли. Униси бўлмаса, буниси. Ён дафтарим ҳамиша чап томонда туради. Ишонмасангиз, мана, кўриб қўйинглар. Дадам кўзини юмиб, дафтарчани қидира кетди. — Чап чўнтагим қани ўзи, ойиси? — Бу костюмни уста ағдариб берган эди-ку... Чап чўнтак ўнг томонга ўтиб қолган бўлиши керак. Ён дафтарча ойим айтган жойдан ҳам чиқмади. Дадам ўнг чўнтагидан бир ғалтак олди. — Дадангизнинг ён дафтарчаси қаерда туришини энди билиб олдингизми, болалар? — деди бувам кесатиб. Бизнинг ўрнимизга жавобни ойим берди: — Эсим қурсин... Кеча эрталаб костюмни тикиб қўювдим. Астари сўкилган экан. Чўнтакда ипи қолиб кетибди, билмабман. Дадам жуда ўсал бўлди, хуноби ошди. Бирор нима билан ўзини оқламоқчи бўлиб яна чўнтакларини ковлаштираётган эди, бувам: — Ҳа, намунча ковлаштирасан, туя йўқотдингми? — деп пичинг қилди. Бувам қотиб-қотиб кулди. Бир пайт уни йўтал тутди. — Палтода рўмолча бор эди, олиб беринглар. Ўнг томондаги чўнтакда, — деб буюрди бувам қаттиқ йўталаркан. Югуриб бориб палтони қарадим. Рўмолча кўринмади. — Айтган жойингизда йўқ-ку, бува! — Бўлмаган гап... Қани буёққа олиб кел-чи палтони... Қирқ йилдан бед шу ерда туради рўмолчам... Палтони келтириб бердим. Бувам рўмолчани тополмагач: — Биров олганга ўхшайди, — деб хўмрайди. Ойим югуриб бориб нариги хонадан янги рўмолча олиб чиқди, бувамга сездирмай уни секингина палтонинг ўнг чўнтагига солиб қўйди. — Xаҳ, турган экан-ку! Шу ерда бўлиши керак деб айтмадимми сизга! Йўтал тинди. Бувам ён-верини тимирскилаб, яна ниманидир қидиришга тушди. Тополмагач, дарғазаб бўлди: — Сигаретим қани? Ҳозиргина чўнтагимда турувди. Ким олди ўзи? Дарҳол топиб беринглар! Бувамизни ортиқча хуноб қилмаслик учун сигаретни излай кетдик. Шу орада уйга меҳмонлар келди. Эр-хотин қўшнилар экан. Елиб-югурганимизни кўриб, улар ҳам ишга тушиб кетишди. Ҳамма зир югуриб, бувамнинг сигаретини қидиряпти-ю, у бўлса дам-бадам: — Оббо лапашанглар-ей! Тезроқ бўлсаларинг-чи, намунча имиллайсанлар-а! — деб зарда қилади. — Ҳозирча шундан чекиб тура қолинг, — деди меҳмон сигаретини тутиб. Гапириб балога қолди. Бувамнинг қони қайнаб кетди. — Ҳозир ўзимникини топиб берасанлар! — деб уйни бошига кўтарди. Метин ичкаридан бир жуфт пайпоқ кўтариб чиқди. — Кимники бу? — Вой, қаердан топдинг? Қидирмаган жойим қолмовди-ку? — ҳайрон бўлди ойим. — Бувамнинг сигаретини қидириб юрсам, холодилникнинг устидан чиқиб қолди. Ғир этиб дўкондан бошқа сигарет олиб келиш ҳам мумкин эди-ку, аммо бувамга ичидагидан кўра Лининг металл қутиси муҳимроқ эди. Бир томондан, қидирганимиз яхши бўлди. Сигарет баҳонаси билан ўзимиз йўқотиб юрган кўп нарсаларни топиб олдик. Меҳмонга келган хонимнинг тагидан бир парча қоғоз чиқди. — Ия, радионинг қоғози-ку, — деб юборди дадам. — Бир ойдан буён тополмай юрувдим. Дадам қидирган авторучка тарелкаларнинг орасидан чиқди. Кимдир янглишиб пичоқни ахлат идишига ташлаб юборибди. Хуллас, анча-мунча нарсаларни топиб, эга-егасига қайтариб бердик. — Э-е, буни қарангиар, кимдир сигаретни тагимга қўйиб кетибди-я! Қайси бир ғирромнинг иши бу! — деб қолди бир пайт бувам. Бундоқ қарасак, бувам тушмагур бизни роса овора қилиб қўйиб, сигаретини ўзи бемалол тагига босиб ўтирган экан. Ҳеч ким индамади. Хуллас, ўша куни эшитган гапларим менга алам қилди. Зарда устида хонани йиғиштириб чиқдим. Чиндан ҳам уйга анча қарамай қўйган эканман. Энди ивирсиқ қиз деган номдан қутулмоқчиман. Сендан олган хатларим ҳам тўзғиб ётган экан, анча тартибга солиб қўйдим. Ҳаммасини папкага жойладим. Эски синфдошлар ичида фақат сен менга мунтазам хат ёзиб турибсан. Мине ҳам онда-сонда ёзиб туради. Дамир билан Яшардан бир марта хат олдим. Ҳаммаларига жавоб ёзиб юбордим. Тез-тез хат ёзиб тур. Келишдикми? Сенга муваффиақиятлар тилаб қолувчи: Зайнаб Ёлқир. Айб бўлади Истанбул, 11-январ, 1964-йил. Азиз дўстим Зайнаб! Сен билан тўрт йил бирга ўқиганмиз. Сени син-фимизнинг энг саранжом-саришта қизларидан деб билардик. Шунинг учун сени ивирсиқ дейишганини эшитиб, жуда ҳайрон бўлдим. Уйда менга лақаб қўйиб олишган. Нуқул лапашанг дейишади. Аммо бунинг тагида жон бор. Дастурхонга ўтирсам, албатта чой тўкмасдан турмайман. Нечоғлиқ уринмай, барибир чойим тўкилиб кетаверади. Ойинг нуқул Метинга тилингни кесиб оламан, деб пўписа қилишини қайси бир хатингдаям ёзган эдинг. Ҳарама оналар шунақа экан. Менинг ойим ҳам Фатўш деган синглимни ҳамиша шунақа қўрқитади. Синглим ҳали ёш, икки йилдан кейин мактабга боради. Бу нарса ўзимнинг ҳам бошимдан ўтган. Менга ҳам ойим тилингни кесиб оламан, деб дағдаға қиларди. Аммо тилим жойида турибди. Яқинда Фатўш ёмон бир қилиқ кўрсатди. Ойим уни роса уришди, тилингни кесиб оламан, деб пўписа қилди. Лекин бу гал чиндан ҳам Фатўшнинг тили узайиб қолган экан. Мана, эшит воқеани. Дадамнинг қизиқ одати бор — ҳар икки гапнинг бирида «ҳўв», «вой занғар-ей!» деган бўлмағур сўзларни ишлатиб туради. Фатўш бўлса нақ тўтининг ўзи, кимдан нимани эшица, дарров шуни қайтаради. У: «Ҳўв фалончи», «вой занғар-ей!» деб чулдираб қолса, уйдагилар ўзларида йўқ суюниб кетишади. Кейин уни: «Намунча тили ширин-а. Xудди катта одамга ўхшаб гапиради-я», деб эркалашади. Тунов куни бир қўшни амакимиз бизникига чиқувди. Ўзи жуда қизиқчи одам. Шунақаям гапни боплайдики, эшицанг, қотиб-қотиб куласан. Фатўшни айтмайсанми, нуқул қиқир-қиқир кулади. Аслида бўлаётган гап-сўз билан иши йўғу ким кулса ўшанга қўшилиб қиқирлайди. Энди кулгининг боисини айтиб берай. Қўшни амаки ишлайдиган идорага аллақайси мам-лакатдан бир мутахассис келган экан. Ўзи немисмиш. Ўша немис бир куни қўшнимизни тўхтатиб: — Сизнинг юртингизда «ҳўв» деган сўз кўп ишлатиларкан. Одамлар бир-бирини шу сўз билан чақиришаркан. Бу нима дегани ўзи, жуда қизиқиб қолдим. Кимдан сўрамай, қониқарли жавоб ололмадим, — дебди. Кўзойнакли қўшнимиз бу гапни эшитиб, нима қилишини билмай қолибди. Агар ростини айтадиган бўлса, ажнабий одам устимиздан кулиб кетиши мумкин. Ўйлаб-ўйлаб охири бир йўл топибди. — Жуда тўғри фаҳмлабсиз, жаноб,— дебди унга қараб қўшнимиз,— ҳақиқатан ҳам «ҳўв»ни кўп ишлатамиз. Бизда таомил шундай. Деҳқонлар ҳам, ишчи ва хизматчилар ҳам шунга одатланган. Унинг асл маъноси «муҳтарам» демакдир. Бизлар бир-биримизга мурожат қилганимизда исмнинг олдига шу сўзни қўшиб айтамиз. Орадан беш-олти кун ўтган экан, ўша идора раҳбарларининг катта мажлиси чақирилибди. Канон деган одам бош директор экан, мажлисни ўша олиб борибди. Немис мутахассиси шу йиғинда нутқ сўзлабди, мажлис аҳлининг руҳини кўтариш мақсадида гап орасида шу ерда ўрганган бир-иккита туркча сўзларни ҳам қис-тириб ўтибди. Меҳмон нутқининг энг нозик жойига келган экан, бош директорга қараб: «Ҳўв Канонбей!» деб юборибди. Ҳамма хижолатдан ерга қарабди. Немис нутқининг охиригача жуда кўп марта Канонбейни тилга олибди. Ҳар гал ўзи билган ўша «муҳтарам» сўзини қўшиб айтармиш. Канонбейнинг бўладигани бўлибди-ю, аммо тишинитишига қўйиб ўтираверибди. Одамлар пиқир-пиқир кулишармиш. Шу-шу Канонбей «ҳўв» деган лақабни орттирган экан. Кўзойнакли қўшнимиз буни шунақаям ўхшатиб гапириб бердики, кулавериб ичагимиз узилди. Айниқса, Фатўш бир қоп семириб кетди. Дадам бошқа бир қизиқ воқеани гапириб берди. Уларнинг фабрикасига янги асбоб-ускуналар келибди. Буларни ўрнатиш учун Америкадан мутахассис чақиришибди. Америкалик бундоқ разм солиб қараса, фабрикадаги одамлар бир сўзни жуда кўп ишлатишармиш. У ҳайрон бўлиб бунинг маъносини дадамдан сўрабди. Дадам у нимани сўраганини бизга гапириб берди. Анчайин бемаза сўз. Мактаб болалари ҳам кўп ишлатади уни. Энди тушунгандирсан? Дадам фабрикада бош уста бўлиб ишлайди, шунинг учун очиғини айтишни ўзига эп кўрмабди. Қолаверса, инглиз тилида бунинг нима дейилишини ҳам билмас экан. Шунинг учун дадам унга: — Бунинг маъноси раҳмат, яъни «тенкю» дега ни, — деб тушунтирибди. Буни эшитиб, америкалик инженер ҳайратдан ёқасини ушлабди. — Ана холос, — дебди у қойил қолиб, — сизлар ғоят сертакаллуф халқ экансиз. Биз бу борада хитойлар билан инглизларнинг олдига тушадиган халқ йўқ, деб ўйлаб юрардик. Чунки улар арзимаган нарсага ҳам миннатдорчилик билдиришади. Аммо сизлар улардан ўтиб кетибсиз. Мен жуда кўп мамлакатларда бўлганман, лекин сизчалик сертакаллуф, хушмуомала одамларни ҳеч қаерда кўрмаганман. Бундан буён мен қайси юртга бормайин, ҳамма жойда сизларни ўрнак қилиб кўрсатаман, нозиктаъб халқ эканингизни оламга ёяман. «Хайрият, ёлғон гапим яхшиликка яраркан», деб дадам ич-ичидан суюнибди. Шу гап-сўзнинг эртаси куни инженер ишга чиқмабди. Тўрт кунгача ундан дарак бўлмабди. Фабрикада иш тиғиз, янги ускуналарни тезроқ ўрнатиш керак. Инженерни қидирмаган жойлари қолмабди. Ҳеч қаердан дараги чиқмабди. Тўртинчи куни фабрикага ўзи кириб келибди. Соғ жойи қолмаганмиш, аъзойи бадани дока билан чирмаб ташланганмиш. Машинада аварияга учраган бўлса керак, деб ўйлашибди. Кейин маълум бўлишича, гап бошқа ёқда экан. Америкалик инженер фабрикадан чиқиб, мемонхо-нага кетаётган экан. Йўлда машинага ўтирибди. Одамларда қизиқ бир одат бор — эшитган гапини ҳеч ким юрагида сақлаб юролмайди, дарров бировга айтгиси келади. Инженер ҳам шофёрга миннатдорчилик билдирмоқчи бўлибди-да, пулни узатаётиб боя маъносини чақиб олган сўзини айтибди. Шофёрнинг кўзи олайиб кетибди. Америкалик буни бошқача тушуниб, яна ўша сўзни қайтарган экан, шофёр бурнига қараб бир мушт туширибди. Иккови ёқа бўғишиб кетишибди. Охири уларни зўрға ажратиб қўйишибди. Инженер буларга ҳам миннатдорчилик бил-дирибди. Яна боши балога қолибди. Xалойиқ уни оломон қилиб кетибди. Ниҳоят, полициячи етиб келиб, уни бир амаллаб ажратиб олибди. Шоеинг қурғур америкалик туркча қилиб полициячига ҳам қуллуқ қилибди. Жамоат ўртасида полициячига тил теккизиш жино-ят-ку! Оёғини ерга тегизмай дарҳол полиция бўлимига олиб боришибди. Комиссар кўрадики, бу одам ажнабий. Қўйиб юборилсин, деб буюрибди. Инженер бу саховати учун комиссарга турк тилида миннатдорчилик билдиради... Xуллас, у полициянинг қоиидан зўрға қутилиб, тўғри касалхонага бориб тушади. Касалхонада тўрт кунгача ўзига келмай ётади. Жуда аломат иш бўлган экан, тоза кулдик. Яқинда дадам уйга меҳмон келади, деб қолди. Нозикроқ меҳмонлар экан, ойим катта ҳозирлик кўрди. Эр-хотин бўлиб олти киши келишди. Фатўш меҳмонларга ёқиб қолди. Жуда одобли, ширин сўз қиз экан, дейишди. Бола тарбиясидан гап очилиб, кўп мақташди. Дадам ҳам уларга қўшилди. — Бизнинг хоним болаларни кўчага ёлғиз чиқармайди, афандилар. Шунинг учун ҳам тарбиялари жойида. — Ҳа, кўча болани бузади. Болалар кўчада ҳар хил ёмон гапларни эшитади. Шунинг учун Фатўшни ҳечам кўчага чиқармайман, — деб қўйди ойим. — Жуда тўғри иш қиласиз, хоним афандим, — деди меҳмон аёллардан бири ойимга қараб. — Кўча уёқда турсин, ҳозир мактаб ҳам болаларни бузяпти. Кўз тегмасин, қизчангиз ғоят одобли экан, яхши тарбия берибсиз. Бу мақтовларни эшитиб Фатўш шишиб кетди. Бутун билган нарсаларини ишга солиб, яна нималарга қодир эканини меҳмонларга кўрсатиб қўймоқчи бўлди. — Ҳўв дада! Фатўш ҳамма кулиб юборади, деб ўйлаган эди. Ўтирганлар совуққина кулган бўлди. Оғир жимлик чўкди. Дадам хижолатпазликдан нима қиларини билмай, қийин аҳволга тушиб қолди. Фатўш меҳмонлар нега шарақлаб кулмаганига ҳайрон бўлди, яхши эшитишмаган бўлса керак, деган хаёлда қаттиқроқ бақирди: — Ҳўв дада! Сизга айтяпман! Мана мен нималарни биламан, дегандай меҳмонларга бир-бир қараб чиқди. Дадам вазиятни юмшатиш учун мулойимгина қилиб: — Ҳа, оппоқ қизим, нима дейсиз? — деб сўради. — Дада дейман! Ҳўв дада! — Ҳа, нима дейсан? Дадамнинг жаҳли чиқа бошлади, қошлари чимирилди. . Аммо Фатўш ҳайрон — нега булар кулмайди? — Ҳўв дада! Сизга айтяпман! Ойим илжайган бўлди. Лекин Фатўшнинг кўнгли тўлмади — у нима қилиб бўлсаям меҳмонларни қойил қолдириши керак. Бирдан у америкалик инженер дадамдан маъносини сўраган ярамас сўзни айтиб юборди. Фатўш енгиб чиқди. Ҳамма шарақлаб кулиб юборди. Дадамнинг қаттиқ жаҳли чиқди-ю, лекин сездирмади. Фатўшга ўқрайиб қаради. Синглим талтайиб кетиб бояги гапни яна икки-уч марта такрорлади. Ойим билдики, уни яхшиликча тинчитиб бўлмайди. Шунинг учун: — Бас энди, жим бўлмасанг тилингни кесиб оламан, — деб қаттиқ жеркиб берди. Кулишнинг ўрнига сўкиш эшитган Фатўш алармдан йиғлаб юборди, Қани энди овунса! Охири ойим уни етаклаб, хонасига олиб чиқиб кетди. Жойига ётқизиб, кейин қайтиб кирди. — Ҳечқиси йўқ, хоним афандим, хафа бўлманг,— деди меҳмонлардан бири ойимни юпатиб. — Бу ҳали ҳолва. Бизникиларнинг оғзидан боди кириб, шоди чиқади. Қизчангиз гўдак ҳали, нима деганини ўзи ҳам билмайди. — Бунақа бемаъни гапларни кимдан эшитибдийкин, ҳайронман, — деди дадам ўзини гоиликка солиб. Дадамнинг ёнига ойим қўшилди: — Менинг ҳам бошим қотди. Кўчага чиқмаса, ёмон болалар билан ўйнамаса... Фатўш буни қаердан эшитганини чиндан ҳам билишмаса керак, деб ўйлабман. Шунинг учун ҳақ гапни айта қолдим: — Қаерда бўларди, уйда эшитади-да, бунақа гапларни. Дадамнинг тепа сочи тик бўлиб кетди. — Ҳўв занғар, бизнинг уйимизда ҳеч ким бунақа демайди-ку! — деб бақириб берди. Ҳамма кулиб юборди. Дадамнинг ўзиям ноилож илжайиб қўйди. Меҳмонлар тарқалишгач, дадам мени ёмон койиб берди. — Мен қайдан билай. Тўғри кўнгилда сўраяпсизлар, деб ўйлабман, — дедим ўзимни оқламоқчи бўлиб. Хатим яна чўзилиб кетди, Зайнаб. Бу гал қисқароқ ёзмоқчи эдим, иложини қилолмадим. Ёзги каникулда Истанбулга келмоқчимисан? Келиб қоисанг, кўришармиз. Сенга ҳавасим келади — Анқарани ҳам кўрдинг. Мен бўлсам ҳали Истанбулдан четга чиққаним йўқ. Сенга саломатлик тилаган ҳолда хатимни тугатаман. Аҳмад Тарбай. Ватанпарвар бўлинглар Анқара, 14-январ, 1964-йил. Аҳмад қардош! Каникулда Истанбулга бориш-бормаслигимни сўраган экарсан. Дадамга отпуска тегмайди. Янги жойга ишга келганига ҳали бир йил тўлгани йўқ. Шунинг учун у ойим икковимизни ёлғиз юбормоқчи. Агар борадиган бўлсак, Истанбулда бир ой турамиз. Лекин ҳали аниқ эмас. Дадамни ёлғиз ташлаб кетишга ойимнинг унча кўнгли йўқ. Бизсиз қийналиб қолиши мумкин. Мабодо борсак, холамникида тўхтаймиз. Сени ўзим топиб оламан. Яқинда мен ёмон бир иш қилиб қўйдим. Гапириб бермасам бўлмайди. Ҳозирча бундан фақат Метиннинг хабари бор. Сабаби — у ҳам менга шерик бўлган. Сен сирни билган учинчи одамсан. Ўтган якшанба куни бувамларнинг уйига меҳмонга борган эдик. Анча олисда туришади. Бувам қариб қолганлар, шунинг учун юқори қаватга чиқолмайдилар. Уйлари ҳам иккинчи қаватда, ижарада туришади. Аслида уларга биринчи қават муносиб эди-ю, лекин ўзлари бопи топилмади. Ҳозирги турган квартирага ўн саккиз зинани босиб чиқишади. Мен ўзим санаган эмасман-у, лекин бувам ҳар икки гапнинг бирида: «Яна ўн саккиз чоғ зина босдим. Дам ола-ола, зўрға кўтарилдим», дейди. Нега зинадан гапирганимни кейин биласан. Яхшиямки, бувам энг баланддаги квартирада турмайди. Акс ҳолда, ўша куни ҳамма газеталар фалон жойда катта бахциз ҳодиса рўй берди, деб ёзиб чиққан бўларди... Опамнинг дугоналари келиши керак экан, шунинг учун у уйда қолди. Дадам, ойим, Метин ва мен автобусга тушиб, бувамларникига бордик. Бувам тайёргарлик кўриб қўйган экан, бизни яхшилаб зиёфат қилди. Овқатдан кейин бувам билан дадам рўпара ўтириб олиб, қаҳвахўрликни бошлаб юборишди. Мен уларнинг қаҳва устида гаплашиб ўтиришларини ёқтираман. Шунинг учун ёнларидан жилмадим. Xонада учовимиз қолдик. Газета ўқиётган бўлиб ўтиравер-дим. Икки қулоғим уларда. Баъзан бошимни кўтариб, секин қараб ҳам қўяман. Бувам сиёсатга қизиқадиган одаин. Дадам билан икковлари ёлғиз қолишса, нуқул шундан баҳс қилишади. Бувамнинг яна бир одати бор — овқатдан кейин уни мудроқ босади. Ўзи қалива ичиб ўтирган бўлсаям, кўзи юмилиб кетаверади. Бундай пайтларда у дадамдан сиёсат бобида бир нимани сўраган бўлади. Дадам билганича гапириб бераётганида бувамнинг кўзи илинади. Буни кўриб, дадам жим бўлади. Аммо жойидан жилмай ўтираверади. Бувамнинг боши шилқ этиб тушади ёки ёнбошига қийшаяди. Баъзан эса бемалол орқасига ястаниб олади. Сал ўтмай хуррагидан ўзи чўчиб кетади. — Xў-ў-ш... Кейин нима бўлди? Шунақада дадам ўрнидан туриб кетган бўлса, қаттиқ ранжийди, мени беҳурмат қилди, деб кўнгли озор топади. Шунинг учун бувам ўтирганида дадам унинг олдидан бир қадам ҳам жилмаслиги шарт. Мабодо пинакка кетишдан олдин ўзи гапираётган бўлса, кўзини очар-очмас: — Xўш, нима деб турган эдим? — дея сўраб қолади. Дадам бундай кезларда ҳушёр бўлиши, гап қа-йерда чала қолганини айтиб бериши лозим. Агар қиттай янглишиб қолса, бувам дарҳол: — Йўқ, йўқ, буни гапирувдим... Xўш, нима деяётган эдим? — деб қолади. Баъзан гап қаерда чала қолганини билмай икковлари тортишиб қолишади. Мен ҳамиша уларнинг гап-сўзларини ҳузур қилиб эшитаман. — Xў-ў-ш, кейин нима бўлди? Дадам келган жойидан улаб кетади. Бир иаҳза ўтмай, яна бувамнинг калласи қийшайиб қолади. Катта танаффус бир соатга яқин давом этади. Бувамнинг ўзлари буни мизғиб олиш, деб атайдилар. — Сен бемалол гапиравер, кўзим юмуқ бўлгани билан қулоғим очиқ, — деб ора-сира гап ташлаб ҳам қўядилар. Мана, ҳозир ҳам мириқиб қаҳва ичиб ўтири-шибди. — Xўш, оламда нима гаплар бор? Мамлакатда аҳвол қалай? — сўраб қолди бувам. Дадам энди гапини бошлаган ҳам эдики, бувам пишиллаб қолди. Калласи шилқ этиб бир томонга қийшайди. Шу ондаёқ сесканиб уйғониб кетди, кўзи кетганини сездирмаслик учун: — Жуда соз... Бундай вазиятда немислар нима қиларкин? Xўш, нима деб ўйлайсан? — деб қўйди. Немиснинг нима алоқаси бор бунга — ҳайрон бўлдим. Лекин саволга жавоб бериш керак. Дадам немисни ҳам тиркаб кетди. — Ҳа, энди немислар илгаригидан анча тараққий этган. Чунки улар... Шу жойга келганида хонада хуррак эшитилди. Дадам гапини чала қолдириб, қўлига газета олди. Бувам яна кўзини очди. — Америкаликларнинг муносабати қалай? Ўзимни аранг босиб ўтирибман. Сал бўш қўйсам, кулиб юбораман. Дадам жиддий жавоб берди: — Америкаликлар дунёга ҳукмрон бўламан дейди. Америка армияси... Баъзан бувам одамнинг етти ухлаб тушига кирмаган саволларни бериб қолади: — Рим папаси нима дейди? Қани, гапиравер... — Рим папасими? Папа нима ҳам дерди... Ўша илгариги... Бувам мизғиб бўлди шекилии, ҳарҳолда мавзу ўзгариб қолди. Энди унинг ўзи гапга тушиб кетди. Бувам Туркияни ривожлантириш учун нималар қиииш кераклиги ҳақида гапирди. Бунинг учун асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини четга сотиш лозим экан. У яна кўп гапларни айтди. Охири хуноби ошди. — Чиғаноқ нима деган гап? Четга чиғаноқ сотиш билан юртни обод қилиб бўлармиди? Ахир бу чиғаноқ... Дадам яна газета ўқишга мажбур бўлди. Салдан кейин бувам кўзини очди. — Ҳа, нима деяётган эдим? — Чиғаноқдан гапираётган эдингиз. — Қанақа чиғаноқ? — Ўзимизнинг чиқаноқ-да. Четга сотяпмиз-ку, ўша. — Ҳа, тўғри, эсимга тушди. Чиғаноқ... Четга чиғаноқ чиқариш билан иш битмайди. Биз сифати ўткир тамаки, пахта, бодом сотишимиз лозим... Иннайкейин, ғалла ҳам... Ахир юртимиз ғаллага, тамакига, бодомга кон-ку. Бодомчилик... Каллалари яна қийшайиб қолди. — Қаерда тўхтаб қолувдим? — сўради бувам анчадан кейин ўзига келиб. — Бодомчилик масаласида. — Ҳа, тўғри. Бодом масаласида... Шу пайт эшик тақиллаб қолди. Бориб очдим. Кийим-боши дурустгина кексароқ бир киши бувамни сўради. Уйга бошлаб олиб кирдим. Бувам меҳмонга пешвоз чиқди. — Э, келсинлар, афандим, келсинлар... Қаёқдан кун чиқди ўзи! Меҳмон қўлимга бир қути берди. Устида ипи бор қутини бувимга элтиб бердим. Қаёқдандир Метин етиб келди. Биргалашиб қутини очдик. Ичи тўла каштан ёнғоғи экан. Шакар сепилган каштанни бирам яхши кўраманки... Остонадаёқ бу киши кўзимга иссиқ кўринди-ю, лекин қаерда кўрганимни дарров эслаёлмадим. Уйга кириб, бирпас гапларига қулоқ солиб ўтирдим. Шунда бу одамни бирдан овозидан таниб қолдим. Ким экан, айтайми? Ўтган йили Республика байрами арафасида мактабимизга бир журналист келган эди, эсингдами? Невараси ҳам бор экан, бизда иккинчи синфда ўқиркан. Республика ҳақида гапириб берган эди. Ўзиям зўр журналист экан. Энди эсингга тушдими? Унинг айтган гаплари ҳали-ҳали қулоғимда. «Болажонларим, сизлар чинакам ватанпарвар бўлиб етишинглар. Она юртингизни жондан ортиқ севинглар. Уни жуда яхши билиб олинглар. Катта бўлганингизда Анатолия қишлоқларини бирма-бир кезиб чиқинг. Ўз кўзингиз билан кўринг бу жойларни. Узоқ ва йўқсил қишлоқларга бориб ишланглар. Республиканинг келажаги сизларнинг қўлингизда, ўғил-қизларим!» — деб насиҳат қилган эди. Айниқса, унинг бир гапи ҳечам эсимдан чиқмайди. «Жабрдийда Анатолияга маърифат нурини олиб боришин-гиз керак!» деган эди. Ўшанда ҳаммамиз буни эшитиб, қаттиқ таъсирланган эдик. — Мен сизни танийман, афандим,— дедим ўзимни тутолмай. — Ўтган йили бизнинг мактабимизга келган эдингиз. Сизни Истанбулда кўрувдим. — Ҳа, шундайми... Неварам ўша ерда ўқийди. Ширинсухан меҳмоннинг гапларини яна эшитгим келди. Четроққа бориб ўтирдим. Кейин нима бўлди дегин? Бутун орзу-умидларим пучга чиқди. Мана, Аҳмад, гапга қулоқ сол. Бир ўғли бор экан, ўзи ўқитувчи эмиш. Ша-ҳарда катта бўлгани учун қишлоқ ҳавоси унга тўғри келмасмиш. Қолаверса, уй-жойли экан. Xотини амери-каликмиш. Ёш хотини билан Анатолия қишлоқларида тентираб юрса, айб бўлармиш. Катта идораларда бир-иккита ошна-оғайниси бор экан, шуларнинг ёрдами билан ўғлини Истанбулда олиб қолибди. Мактабда ўқитувчилик қилаётган экан. Аммо бу мактаб ўғлига узоқлик қилаётганмиш. Машинада бир соат юриш керак экан. Ўғли шу важдан қийналиб қолибди. Уйга яқинроқ жойда уч-тўртта мактаб ҳам бор экан. Ўғлини шулардан бирига жойлаштириб қўйиш мақсадида Анқарага келган экан. Бувамнинг яқин ошнаси шу соҳада ишларкан. Бувам ўшанга бир оғиз гап айца, боёқишнинг иши тўғри бўлиб кетаркан. Гапини эшитиб, қоним қайнаб кетди. Одобсизлик бўлса ҳам шартта бетига айтдим. — Афандим, бу аҳволда жабрдийда Анатолияга маърифат нурини ким олиб боради? У гапимга тушунмади ёки ўзини тушунмаганликка олди. — Нима дедингиз, қизим? Бувам ўшқириб берди. — Бор, ишингни қил! Қаҳва олиб кел! Қаҳва келтириб, хонадан чиқиб кетдим. Ваннахонага кирсам, кир ювишаётган экан. Секингина икки бўлак совун олдим. Тоғорада қайноқ сув турган экан, совунни шунга ташладим. Бирпасда совун эриб кетди. Тоғорани кўтариб коридорга чиқдим. Латтани тоғорага тиқиб, ҳамма зиналарни бирма-бир артиб чиқдим. Ўзимга қулай бўлишлиги учун ишни биринчи қаватдан бошладим. Бундоқ қарасам, Метин юқорида турган экан. — Ҳа, нима қиляпсан? — деди у ҳайрон бўлиб. — Дамингни чиқарма, кейин кўрасан. Бошқа одам тойиб кетмасин, деган мақсадда тепага чиқиб қараб турдик. Меҳмон ўрнидан турди. Метин икковимиз ичкари кирдик. Бувам билан дадам уни эшиккача кузатиб қўйишди. Қўл бериб хайрлашишди. — Xўп, хайр, афандим. — Яхши боринг, беяфандим. — Бирор хизматлари бўлса, ҳамиша тайёрмиз, афандим... Гапи бўғзида қолди. Чап қоии юқорига кўтарилиб, қаттиқ чайқалиб кетди. Бувам билан дадам ичкари кириб кетишди. — Уйдан чиқиб, нега ўйноқлаб кетди у? — деди бувам дадамга қараб. Дарҳол жавоб бердим: — Иши ўнгидан келгани учун хурсанд бўлиб кетгандир-да, бува. Метин икковимиз югуриб балконга чиқдик. Бундоқ қарасак, бинонинг эшиги олдида иккита оёқ чўзилиб ётибди. Машинаси шу ерда экан, шофёри югуриб келди. Шофёр зўр журналистни аранг турғизди, кейин қўлтиғидан олиб, машинага ўтқазиб қўйди. Метин ўша куни роса яйраб кулди. Ундан кўнг-лим тўқ, ҳеч кимга айтмайди. Аммо ўзимни ваҳм босди — бечоранинг боши ёрилса нима бўларди? Ҳарҳолда омади бор экан, майиб бўлгани йўқ. Анчадан кейин уйга қайтиб кирдим. Дадамнинг қўлида газета. — Ҳа, гап нимада эди? — кўзини очди бувам. — Чаласи қолмовди. Гапни тугатган эдингиз. — Ҳа, дарвоқе... Xўш, атом уруши бўлармикин? Дадам бир нималар ҳақида гапирди, кейин бояги меҳмоннинг кимлигини сўради. — Сўраб нима қиласан уни, ўгиим. Ҳар қандай вазиятда ҳам оёғини тўрт қилиб юрадиганлардан... — Бува, илтимоси нима бўлади, ўртоғингизга айтиб қўясизми? — Одамнинг юзи иссиқ бўлади, қизим. Ваъда бериб қўйдим, энди бажариш керак. Бувам курсига бемалол суяниб олди. Бу гал фикрга толди чамамда. Дадам оёқ учида юриб, ташқари чиқиб кетди. Сен олдинги хатингда гапим кўпайиб кетди, деган экансан. Меники сеникидан ошиб тушди. Мана, кўрдингми?! Сенга ва ҳамма ўртоқларингга саломлар йўллайман. Ҳаммангизга муваффақият тилаб: Зайнаб Ёлқир. П.С. Ўша машҳур журналист ўтган йили мактаби-мизда гапирганда азбаройи таъсирланиб кетганимдан кўзёши тўкиб олган эдим. Энди бунақа гапларни эшицам, сираям йиғламайман. З. Й. Қироат керак Истанбул, 22-январ, 1964-йил. Жондан яқин ўртоғим Зайнаб! Сен айтган машҳур одамни нега танимас эканман? Мактабимизга келиб, ватанпарварлик ҳақида кўпириб гапирганлари ҳамон эсимда турибди. Хатингда иловаси ҳам бор экан. Бундан буён энди шунақа гапни эшицам, асло кўзёши қилмайман, деб ёзибсан. Бу мумкин эмас, Зайнаб. Йиғламай иложинг йўқ. Пиёз тўғраётганда ҳам шундай бўлади. Ҳеч ким кўзидан атайлаб ёш чиқармайди. Ўзи қуйилиб келаверади. Кўз ачишиб кетганидан кейин ёш чиқади-да, албатта. Сен айтган одамлар ҳам мана шу аччиқ пиёзга ўхшайди. Буни мен бошимдан ўтгани учун айтяпман. Радиода чиқадиган бир одам бор. Ўшанинг гапини эшицам, нуқул кўзимдан ёш тирқираб келади. Қайси бир куниям кўнглим бузилиб турган эди, дадам: — Ҳа, Аҳмад, нима бўлди? Нега йиғлаяпсан? — деб ҳайрон бўлди. Бундоқ ўйлаб қарасам, нимага йиғлаётганимни ўзим билмас эканман. Жуда ғалати гап-а бу? Аммо бўлган иш. Кейин ўзимга ҳам қизиқ туюлди, нега бекордан бекорга йигиайман, деб ҳайрон бўлдим. Бундоқ дурустроқ ўйлаб қарасам, менга бу одамнинг гапи эмас, балки овози таъсир қиларкан. Унинг оғзидан титраб чиқадиган овозини эшицам, беихтиёр кўзимга ёш келавераркан. Пиёз тўғраб турган одамдан: «Нега кўзингиз ёшланяпти?» деб сўраб бўлмайди. Бунинг сабаби маълум ўзи. Xудди шунга ўхшаб бировларнинг гапини эшитганда кўзидан тирқираб ёш келадиган одамга ҳам бир нарса дейиш қийин. Бир куни мени бувам мачитга олиб борган эди. Номоз тугаб, имом қироат қилди. Бувам тўсатдан ҳўнграб йиғлаб юбордилар. Бувамни кўриб, мен ҳам ўзимни тутиб туролмадим. Йиғи-сиғи кўп бўлди. Уйга қайтаётганимизда бувамдан: — Бува, арабчани биласизми? Имом ўқиганда нимага йиғладингиз? — деб сўрадим. — Қаёқда дейсан, болам. Имом ҳам, мен ҳам арабчани билмаймиз. — Унақа бўлса нега йиғладингиз? — Қандоқ қилай, бўтам. Имом қанчалик чиройли қироат қилганини кўрдингми? Ким билади дейсан, балки қиёматдан гап кетгандир. Бувамнинг эсига яна имом тушиб, кўзига ёш олди. Мен ҳам унга қўшилдим. Бу воқеани ҳали-ҳали эслаб юраман. Биз томонда бир киши бор. Ўзи кўчама-кўча ҳар хил сабзавот сотиб юради. Xудонинг берган куни эшигимизнинг тагидан бақириб ўтиб қолади. Шу одамнинг овозини эшицам, негадир кўнглим бузилиб, кўзимга қилтиллаб ёш келаверади. Бўлмаса йиғлайдиган жойи йўқ. «Карам, редиска келди, кеп қолинг», «Мана, кимга помидор, кимга пиёз», деб бақириб юради, холос. Бунинг нимасига йиғлайсан, тўғрими? Демак, менга унинг гап-сўзи эмас, балки ялинчоқ овози қаттиқ таъсир қиларкан. Ўқитувчимиз ҳам шеърларни бизга доим қироат билан ўқишни ўргатади. Ўқиш китобида бир шеър бор. «Армон ила кетган эдим» деган мисра билан бошланади. Ўқитувчимиз бизга шуни қандай ўқиш кераклигини ўргатди. «Танда ғуборим қолмади» деган иккинчи мисрани мумкин қадар чўзиброқ, мунг-лироқ ўқиш керак, деб тайинлади. Xудди бозорда садақа сўраб юрган қаландарга ўхшаб, «Танда ғубо-о-орим қолмади» дейиш керак экан. Шу шеърни эшицам, кўзимга ёш келадиган бўлиб қолди. Бир куни ўқитувчимиз яна шу шеърни ўқиб кўрсатаётган эди. «Танда ғубо-о-рим қолма-ди» деб қироатини келиштирган ҳам эдики, орқа пар-тадан кимдир чидаб туролмади. — Ё ҳув... — Қайси бетамиз бу? Тур ўрнингдан! — бақириб берди ўқитувчи. Орқа партадан Яшар турди. — Кечирасиз, афандим, билмай айтиб юборибман. Ўқитувчи айбига иқрор бўлгани учун Яшарни кечирди. Шеър ўқишни яна давом эттирдик. «Бир қултум сувга зор кўнгил, асти мадорим қолмади». «Бир қултум...» деб бошланадиган мисрани ўқи-ганда овоз титраб туриши керак экан. Яъни сен сувни эмас, худди жонингни сўраб қароқчига ёлворяпган-дек. Ана шунақа гаплар. Одам боласи муомалага уста бўлиши, қаерда юмшоқ ва қаерда қаттиқ гапиришни билиши керак. Буни яхши тушунаман. Дадам нуқул хўжайинини гапириб юради. Жуда уста одам эмиш. Дадам ҳаммага шунақа деб айтади. Кўпинча фабрика ишчиларининг ўзи ёки уларнинг вакиллари хўжайиннинг олдига кириб, тирикчилик оғир бўлиб кетганини айтиб, иш ҳақини оширишни талаб қилишаркан. Бундай пайтларда хўжайин овозини мумкин қадар юмшатиб, ипакдек мулойимлик билан нималарнидир гапириб бераркан. Гапираётганида ўзидан ўзи тўлқинланиб, кўзига ёш оларкан. Уни кўриб, ишчиларнинг ҳам юрак-бағри эзилиб кетаркан. Ҳар икки томон обдан ҳўнграб олгандан кейин ишчилар асл муддаони ҳам унутиб, силлиқина чиқиб кетишаркан. Кейин эс-ҳушларини йиғиб олгач: «Хўжайин нимани гапирди, нега йиғладик», деб тоза ҳайрон бўлишаркан. Аммо хўжайин буларга нима деганини ҳеч ким аниқ билмас эмиш. — Ҳозир мен хўжайиннинг олдига кираман. Таваккал. Нима деб гапирсаям, қаттиқ тураман, кўзёши қилмайман. Ё ойликни оширади, ё мени ишдан ҳайдайди, — дебди бир куни дадам ўртоқларига. Дадам шитоб билан ичкари кириб, «беяфандим», деб энди оғиз жуфтлаган экан, хўжайин гапни илиб кетибди. — Биламан, қардошим, биламан. Ҳаммадан сенга қийин. Тирикчилик ҳам оғирлашиб кетди... Xабарим бор, сезиб юрибман. Бунга кўнгилни бузмаса ҳам бўлади, жўн гап. Аммо ўқиган билан эшитган бошқа бўларкан.-Биров сенга сидқидилдан ачиниб, шафоат билан гапириб тур-ганидан кейин тош бўлса ҳам эриб кетаркан. Лекин дадам тишини тишига қўйиб кўнгилни маҳкам қилиб тураверибди. Икки ўртада савол-жавоб бошланибди. — Қўлингга қанча жон қарайди? — Беш кишини боқаман. — Воҳ-воҳ, сенга жабр бўлибди-ю... Хўжайин чуқур хўрсинибди. Унинг юраги ачишаётганини кўриб, дадамнинг ўпкаси тўлибди-ю, лекин лабини маҳкам тишлаб тураверибди. — Жужуқлар мактабга қатнайдими? — Биттаси ўқийди, иккинчиси уйда. — Афсус, афсус... Бундан чиқди, иккинчисини ўқитишга қурбинг етмабди-да? — Йўқ, ҳали ёш. Катта бўлсин, албатта ўқита-ман. — Бунинг устига уч йилда бир марта хотинга палто олиб бериш керак. Жуда мушкул иш-а? — Йўқ, нега? Эплаб турибман. — Ҳа... Xотининг тез-тез оғриб турса ҳам керак... — Согииғи яхши. — Соғ одам касал бўлмай иложи йўқ, биродар. Ётиб қолса нима қиласан? Воҳ-воҳ... Боёқишнинг ҳоли нима кечади? Докторга кўрсатиш керак, дори-дармон буюради... Ҳаммаси пулнинг заволи... Операцияни нима қилмоқчисан? — Қанақа операцияни? — Ўғилчани-да... — Операция нимаси, беяфандим? Ҳеч ҳожати йўқ. — Ҳозир ҳожати бўлмаса, кейин бўлади. Бошда бор нарса бу... Хўжайиннинг овози қалтираб кўзи намланибди. Шу пайтгача ўзини маҳкам ушлаб турган дадам буни кўриб ортиқ чидаёлмабди. — Қўйинг энди, беяфандим, кўнгилни бузманг... Бир иложини қилармиз ахир... Бўлди, йиғламанг. Дадам хўжайини билан қўшилишиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлашибди. Шу воқеани гапириб бўлгач, дадам ҳамиша бундай дейди: — Xўжайин билан нима ҳақда гаплашганимиз эсимда. Лекин ўша жойга келгандан кейин тамоман ўзимни йўқотиб қўйибман. Xўжайин ўпкаси шишиб яна алланималарни гапирди, икковимиз роса йигиаб-сиқтадик. Алламаҳалдан кейин эс-ҳушимни йиғиб олдим, қани, нима деяпти экан, деб гапига қулоқ солдим. Бундоқ қарасам, Ҳазрати Алининг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайин Карбалода қандоқ шаҳид бўлганларини таърифлаб турган экан. Бу занғар гапни қандоқ қилиб Ҳасан билан Ҳусайнга боғлабди, ҳайронман. Хуллас, дадам ўша куни хўжайиннинг олдидан қовоғи шишиб чиқибди. Мана, кўрдингми, Зайнаб, нафаси ўткир одамлар гапирганда йиғламай ҳеч илож йўқ. Агар ўша маш-ҳур журналист мактабга қайта келиб қолгудай бўлса, яна кўзёшлар тўкилиши турган гап. Хўп, омон бўл. Xатингни кутаман. Аҳмад Тарбай. Ноиттифоқ мактаб ва оила Анқара, 24-январ, 1964-йил. Дўстим Аҳмад! Ҳозиргина 20-январда ёзган хатингни олдим. Кеча укол қилдирган эдим, шунинг учун бугун ўқишга бормадим. Xатингни ўқиб, қаттиқ кулиб юборган эканман, ойим: — Бекордан бекорга нега куласан, қизим? — деб ҳайрон бўлди. Сендан хат келганини айтдим. — Нима деб ёзибди ўртоғинг? Ёзганларингни ойимга ҳам ўқиб бердим. Роса мириқиб кулди... Сенга мен «Мактаб ва оила иттифоқи»нинг бир мажлисини гапириб бермоқчи бўлиб юрган эдим. Мана, бугун шунга имкон туғилди, вақт жуда бемалол. Укол сал оғриб, иситма чиқариб турибди-ю, лекин чидаса бўлади. Яқинда мактабда ота-оналар мажлиси бўлди. Ўзи ҳар ойда бир марта ўтказиб турилади. Бешинчи синфдан беш бола навбатчилик қиладиган бўлдик. Учта қиз ва иккита ўғил бола. Ўша куни мажлисда бўлган ҳамма гапларни ўз қулоғим билан эшитдим. Жуда ғалати гаплар бўлди. Сенга шуларни айтиб бермоқчиман. Навбатчиларнинг иши мажлис тугаганидан кейин меҳмонларга чой, лимонад, печений улашиб чиқишдан иборат. Шунинг учун бизни ичкари қўйишмади. Коридорга чиқиб турдик. Зал ота-оналар билан лиқ тўлгани учун димиқиб кетди, ахийри эшикнинг иккала тавақасини ланг очиб юборишди. Коридорда туриб, ҳамма гапларни эшитиб олдик. Директор жаноблари мажлисда биринчи бўлиб нутқ сўзлади. У нутқни мулойим оҳангда бошлаган бўлса, кейин ўдағайлашга ўтди. Гапнинг асосий мазмуни шу бўлди: ота-оналар фарзандларини ўз ҳолига ташлаб қўйишган, натижада, ҳамма оғирлик мактабга тушяпти. Шуни унутмаслик керакки, мактаб аслида оиланинг ўзидан бошланади. Ота-она уйда болани тергаб туриши, вақтида дарс қилдириши, мактабга келиб, унинг ўқишидан, юриш-туришидан хабар олиб туриши лозим. Залда пичир-пичир гаплар ўралашиб қолди. Директор мактаб ишларига шўнғиб кетгани учун ўзига вақти қолмаётганидан нолиб гапирди. — Ўгиим лицейнинг биринчи синфида ўқийди. Шу мактаб ишларидан бўшаб лицейга боролмайман. Ўгиимнинг ўқишлари қанақа, билмайман. Бир келиб кетинг, деб кўп хат юборишди, аммо вақт қани бунга... Ишим бошимдан ошиб ётган бўлса... «Мактаб ва оила иттифоқи»нинг раиси қилиб бир аёл сайланган. Директордан кейин у ота-оналарга сўз берди. Ўтирганлардан бири минбарга чиқди. Бу одам ўқувчилар она тилларини яхши билмайдилар, деб шикоят қилди. — Бу қандоқ гап, афандим, ўғлимга нима учун она тилини ёмон ўқитишади? Бу кишининг тили бирам ғалати эканки... Гаплари пойма-пой, ҳечам тушуниб бўлмайди. Бир жумланинг ўзида учала замон феъли кетма-кет келади. Гапи қаерда бошланиб, қаерда тугаганини билолмайсан. — Асло мумкин бўлмайди, афандим. Франсуз тили бўлганида гўрга эрди, нега бўш сабоқ олишини билмасдим. Балки тўғри бўлажак бу. Аммо-лекин она тилидан ёмон ўқиди, мумкин эмас. Адолацизлик бўлади... Иннайкейин, менинг ўғлим бошқа миллат фарзанди бўлди, туркча билмай қолажак. У менинг ўғлим, бинобарин, турк фарзанди, шундоқ экан, туркча билган шарт... Нега у она тилини билмаяжак? Тилни ғоят зўр ўқитади, демаганмишман... Лекин ҳар қандай турк боласи керак камида ўрта тилни билади. Ўғлим гапиради, туркча тушунганман, уни онаси тушунди, ўртоқлари тушунажак, демак, ўқитувчиси ҳам тушунган керак, албатта. Тилдан камида ўрта баҳо олган керак. — Кечирасиз, гапингизга тушунолмадим, — луқма ташлади синф ўқитувчиси. — Ўғлингиз турк бўлгани ва турк тили унга она тили бўлгани учун бу фандан камида ўрта баҳо олиш керак, демоқчимисиз? — Ҳа, тўғри, шуни гапир. Ўғлимнинг гапига ҳамма тушунди, ўқитувчиси ҳам тушунган лозим... — Демак, ўғлингизнинг гапига тушунар экансиз-да? — Ҳа, албатта. — Ўғлингиз ҳам сизни тушунадими? — Тушунди бўлиши керак. Залда ғала-ғовур бошланди. Директор уни тинчитиб, жойига ўтқазиб қўйди. Оталардан яна бири сўзга чиқди. У гоҳ пайтлари ўғли айрим нарсаларни сўраб қолганида жавоб беролмай қийналишини гапирди. — Унинг сўраган нарсасини мен нега билмайман, афандим? Нима учун билмаслик керак? Шунга ҳам хуноб бўладими, деб турган эдим, сабаби бошқа ёқда экан. — Мен билмаган нарсани ёш бола қандоқ тушуниши мумкин? Мутлақо ўзлаштиролмайди. Асли ўзим лицейни битирганман. Бошланғич мактабда ўқийдиган ўғлимнинг саволига баъзан жавоб беролмай қоламан-а. Шу тўғрими ахир. Фарзандларимиз гўдак ҳали, программани сал енгилроқ тузиш керак. Миясини ачитишнинг нима кераги бор?! Бошқа бир жувон унга қарши гапирди. Бу жувон ўқувчиларнинг билими саёз бўлиб кетаётганидан, улар кўп нарсани билмаслигидан шикоят қилди. — Қизимдан нимани сўрамай, ҳечам дурустроқ жавоб ололмайман. Ҳайронман, бизнинг замонамизда ўқув программалари жуда кенг бўларди. Мана битта мисол. Тунов куни икковимиз ошхонага кирдик. Бир киши тишини кавлаб ўтирган экан, қизим ўшани кўрсатиб: «Ойи, бу киши нега кавш қайтаряпти?» деб сўраб қолса бўладими! Илтимос қиламан, тўртинчи синф ўқувчиси одамзод сут эмизувчилар тоифасига кирмаслигини билиб қўйсин. Директор ўқув программасини мактабда эмас, балки Маориф министрлигида тузилишини, шунинг учун бу масала бевосита министрликка тааллуқли эканини айтиб, уни тинчитмоқчи бўлди. Лекин жувон ҳам бўш келмади. — Бир нарса бўлса, нуқул ҳукуматни рўкач қиламиз. Одамзод сут эмизувчиларга кирмайди, деб айтиб қўйиш на ҳукуматнинг ва на министрликнинг иши бўлмаса керак, албатта. Ҳаммалари бир-бирини кулдириш учун атайлаб майнавозчилик қилаётгандек туюлди менга. Лекин важоҳатлари ғоят жиддий эди. Синфимизда Мурод деган бир бола бор. Мабодо ўқитувчи уни чақириб қолса: — Кимга айтяпсиз? — деб бўзраяди. — Кимга бўларди, сенга-да! — Менгами, афандим? — Ҳа, сенга айтяпман. — Ростдан менгами, афандим? Ўқитувчи унинг исмини айтиб чақирсаям ёки синфда икковидан бошқа одам бўлмасаям Мурод нуқул анқовсираб тураверади. Буни кўриб ўқитувчи жиғибийрон бўлади. — Рўпарамда турган сенмисан ахир? Сенга бўлмай, кимга айтяпман, Мурод! Мурод шунда ҳам орқа-олдига қараб аланглайди. Бир куни орқасига ўгирилиб, қуп-қуруқ деворга қараб шунақаям тикилдики... Ўзиям роса кулишдик. Бир киши ўрнидан турди. Кейин билсак, у Муроднинг отаси экан. — Рухсат эцангиз, мен ҳам икки оғиз гапирсам. — Марҳамат, афандим, эшитамиз, — деди раислик қилаётган хоним. — Менга айтяпсизми? — ҳайрон бўлиб сўради Муроднинг отаси. — Ҳа, сизга. Гапираман деяпсиз-ку. — Ким? Менми? — Ҳа, сиз. — Мен-а? — Шундоқ, афандим. Марҳамат, сўз сизга. Муродга ўхшаб у кишиям қўлини кўксига қўйди: — Мен гапирайми? Залдан туриб аллаким: «Йўқ, сиз эмас, мен!» деб луқма ташлаган эди, гур этиб кулги кўтарилди. Муроднинг отаси нутқини бошлаб юборди. У мактабда болаларга копток ўйнатмаслик керак, ўғлим коптокка берилиб дарсларидан қолиб кетяпти, деди. — Ўғлингиз қайси синфда ўқийди? — луқма ташлади директор. — Ким, менинг ўғлимми? — Ҳа, сизнинг ўғлингиз. Муроднинг отаси пича ўйланиб тургач: — Шу мактабда ўқийди, — деб жавоб берди. — Xўш, синфи борми? Нечанчи? — Нима нечанчи? — Кимдир яна: «Оёқ кийимингизни сўраяптилар. Размерини айтинг!» деб қичқирган эди, зал шарақлаб кулиб юборди. Боёқиш ўғли нечанчи синфда ўқишиниям бил-мас экан. Муроднинг исм-фамилиясини айтгандан кейингина маълум бўлди. Яна бир нотиқ сўзга чиқиб, бир қулоч ваъзхонлик қилди. Шунақаям гапни чайнаб гапирарканки, ўтирганларнинг тоза энсаси қотди. — Туркия фақат асаларичилик ҳисобига тараққий этиши мумкин, жаноблар, — деб бошлади у нутқини. Асаларичилик билан ота-оналар мажлиси ўртасида қандай алоқа бўлиши мумкинлигини тушунолмаганимиз туфайли кулгидан ўзимизни аранг тийиб турибмиз. У асаларичиликка оид жуда кўп китоб ўқиб чиққанини айтиб, асалари қандай бўлишини тушунтириб берди: — Асалари, одатда, кичкина бўлади. Қанотлари ҳам бор. Доим учиб юради. Ўзи асал қилади. Киши организмига асалнинг фойдаси катта. Ғоят фойдали нарса. Асални нонуштада ёки овқатдан кейин истеъмол қилиш мумкин. Мураббоси ҳам лаззатли бўлади. Аслида асал икки хил бўлади... Нотиқ оғзидан бол томиб, асаларичилик хусусида роса маъруза қилиб бўлгач, бевосита ариларга ўтди. — Мен сизга айцам, арилар икки хил бўлади — қовоқари ва асалари. Залда ғала-ғовур бошланди. Директорнинг сабри тугади. — Xўш, асаларининг кимга кераги бор? — Асаларими? Ахир ундан асал олинади. — Яхши, асалнинг нима кераги бор? — Нега кераги бўлмасин? Аса] ҳамма нарсага керак. — Xўп, мактабга асалнинг нима алоқаси бор? — Рухсат эцинлар, буёғини энди айтаман. Ҳозир бир жаноб фарзандларимизнинг олган билимидан бирор наф бо лсин, турмушда фойдаси тегсин, деб гапирди. Жуда тўғри таклиф. Мен ўғлимдан қиёс қиламан. Ўгиим уч бурчак бурчакларининг йиғиндиси бир юз саксон градус бўлишини билади-ю, лекин асалари ҳақида мутлақо тасаввури йўқ. Xўш, ўша бурчаклар йиғиндиси юз саксон градус бўладими ёки беш мингми — бунинг кимга кераги бор? Қанча бўлса бўлаверсин. Мана, ўзларингиз айтинг-чи, шунча йил яшаб, қайси биримизга керак бўлиб қолди бу нарса? Биров биздан уч бурчакни сўрадими? Асло йўқ. Шундоқ экан, ҳар хил бемаъни нарсалар билан ўғил-қизларимизнинг миясини ачитишмасин. Уларга фойдали нарсаларни, масалан, айтайлик, асаларичиликни ўқитишсин. Туркия фақат асаларичилик ҳисобига тараққий этиши мумкин. Зотан, асалари қўй билан сигирдан фарқ қилади. Сигир сут беради-ку, лекин унга ем-хашак керак. Асалари бўлса сиздан ҳеч нимани талаб қилмаган ҳолда мўл-кўл бол беради. — Таклифингиз жуда тўғри, жаноб, — деди бир киши ўрнидан туриб. — Аммо шаҳар шароитида асаларичи¬ликни ривожлантириб бўлмайди. Нега десангиз, шаҳарнинг ҳавоси ёмон, чанг-тўзон, тутун сероб. Асалари бунга қандоқ чидайди? Қолаверса, асаларидан шароитга қараб асал олиш мумкин. Шаҳар ичида у асал эмас, қатрон бериши мумкин. Шундоқ, афандим. Энди менинг бошқа бир таклифим бор. Асаларичилик билан бошни қотиргандан кўра, товуқларга эътибор берган маъқул. Товуқ яхши нарса. Фарзандларимиз товуқ боқиш ҳунарини яхшилаб эгаллаб олишса борми... Директор унинг гапини бўлди. — Мен яна қайтариб айтаман, афандим. Мактабда асаларичиликни ёига қўйиш, товуқ ёки сигир- бузоқ боқиш бизга боғлиқ эмас. Дарс программалари Маориф министрлигида тасдиқланади. Қолаверса, бу ер қишлоқ хўжалик мактаби эмас. — Мавзудан анча четга чиқиб кетган кўринамиз,— деди пўрим бир аёл ўрнидан туриб.— «Мактаб ва оила иттифоқи»нинг аъзоси сифатида менинг бир таклифим бор. Мактабда қашшоқ болалар ҳам ўқийди. Шуларга ёрдам бериш керак. Xўш, нима қиламиз? Лотерея ўйнаб пул тўплаймизми ёки ўтган йилдагидек уларга бир кеча уюштириб берамизми? Узоқ тортишувлардан кейин йўқсил болаларга бир кеча уюштириб беришга қарор қилишди. Шу ернинг ўзидаёқ ота-оналардан хайр-еҳсон пули йиғиб олинди. Мажлис тугаб, ҳамма ўқитувчиларни ўраб олди. Ҳар ким ўқитувчидан ўз фарзандини суриштира кетди. Биз, навбатчилар залга кириб, меҳмонларнинг олдига чой, лимонад, печений қўйиб чиқдик. Очиғини айцам, шу куни роса хумордан чиқдим. Қани энди шунақа мажлислар тез-тез бўлиб турса. Сизларда ҳам мажлис бўлиб қолса, бир иложини қилиб албатта кир. Гапларни эшит. Мажлисга ойим борган эди. Уйга қайтгач, ойимдан: «Сиз ҳам нимага сўзга чиқмадингиз?» — деб сўрадим. — Навбат тегдими ўзи менга? Ҳаммаси оғзига келганини вайсайди. — Айтадиган гапингиз бормиди? — Нега бўлмас экан? Нима, менда лаб-даҳан йўқми?! Бирор нимани топиб гапирардим. Гал беришмаса нима қилай? Мана, Аҳмад, хатим яна чўзилиб кетди. Сеники ҳолва экан. Минега айтиб қўй, ҳалигача ундан жавоб олганим йўқ. Сенга муваффақият тилаб: Зайнаб Ёлқир. Зукколар мусобақаси Истанбул, 30-январ, 1964-йил. Зайнаб! Хатингни олдим. Сен ҳикоя қилиб берган мажлис худди кинолентага ўхшаб кўз ўнгимда жонланиб кетди. Дадам ота-оналар мажлисига ҳечам бормайди. Баъзи кунлари иши кўпайиб кеца, ярим кечада қайтади. Дадам фақат якшанба куни биз билан бирга бўлади. Бутун рўзғор ташвиши онамнинг елкасида. Мажлисга боришга, очиғи, қоии тегмайди. Сенга айтадиган бир хушхабарим бор — зукколар мусобақасида улоқни бизнинг донишманд илиб кетди. Гапимга тушунмаган бўлсанг керак. Донишманд ким, биласанми? Синглим Фатўш. Ўтган якшанба куни олтита зукко бола ўзаро мусобақа ўтказишди. Тўғрироғи, уларни бир-бирига катталар чўқиштирди. Шу мусобақада биринчи ўринни ўзимизнинг Фатўш олди. Ҳалоли ҳам шу. Менинг иккита амаким бор. Катта амаким бир ўғил-у бир қиз, кичиги эса бир ўғил кўрган. Ўша якшанба куни амакимлар уй ичи билан бизникига келишди. Дадам бир инженер ўртоғини ҳам чақирган экан. Кейин қўшнимиз чиқди. Булар ҳам арзандаларини олиб келишибди. Xуллас, уйимизда олти бола жам бўлди. Катта амакимнинг қизиқ бир одати бор: кимни кўрса, шунга ўғил-қизини мақтайди, жуда мияси ўткир, бало бола бўлишган, деб керилади. Ҳар гал уларнинг янги-янги қилмишларини гапириб беради. — Тунов куни кичиги нима ҳунар кўрсатди денг? Оғзим очилиб қолибди. Xудо ҳаққи, биров эшица ишонмайди. Катта амаким нуқул гапни шундан бошлайди. Кенжатойнинг қилган иши шу бўптики, амаким кечқурун уйга келиши билан югуриб бориб шиппагини олиб келибди. — Муштдай боланинг шунга ақли етганига ҳайронман. Тавба, деб ёқамни ушлайман. Шиппак кийишимни билганини қаранг... Вой фаросатингдан ўргилай-ей... Ғуж-ғуж мия экан бунинг боши. Шиппакка фаросати етган бу зукко бола неча вошда, биласанми? Ҳўкиздай бўлиб қолган, Фатўшдан бир ёш катта. Инженер гапни илиб кетди. — Шу замоннинг болалари жуда ўткир бўлиб кетган. Бизнинг қизча ҳам шундай. Ҳали еттига тўлгани йўғу франсузчани бидирлаб гапиради. — Ёпирай! Аломат-ку! — Балли, жуда аломат қиз! Франсузчани қотириб ташлайди. Катта амаким гап оқимини яна ўғлига бурди: — Кенжамиз жуда ўткир бўлган-да, кўз тегмасин. Опасини босиб тушади. Опасиям лекин чакки эмас. Икковиям балойи азим... Қайси куниям уйга кечроқ қайтган эдим, ойиси ўғилчадан нолиб гапирди. Ҳеч сўзимга кирмаяпти, катта бўлиб кучим етмай қолди, кўчадан бери келмайди, ўзинг чақириб келмасанг бўлмайди, деб қолди. Борсам, кўча чангитиб копток ўйнаётган экан. Терлаб кетиб-ди, ҳаммаёғи чанг-тўзон. Уйга кир, десам унамайди. Зўрлаб олиб кетмоқчи бўлдим. Яқинроқ борган эдим, бирам тирақайлаб қочдики... Қувиб етолмадим. Бир қарич боланинг шунчалик тез чопишини кўриб ҳайрон қолдим. Тоза антиқа чиқдида бу ўғил. — Менинг қизимни айтмайсизми... Шунақаям ақлли бўлганки... Қўшнимиз энди қизини таърифламоқчи бўлиб турган эди, катта амаким фурсатни қўлдан чиқаргиси келмади. — Кечирасиз, гапингизни олдим... Кейин орқасидан роса югурдим. Етолмадим. «Уйга юр, бўлмаса калтак ейсан», деб охири дағдаға қилишга мажбур бўлдим. «Нима, сиз ойиммисиз, мени туққанмисиз? Ишингиз бўлмасин», деса бўладими! Бу хумпарнинг гапидаги мантиққа қаранг! Ўзи зўр-да, зўр... Катта одамнинг ақлига келмайди бу гап... Амаким гап орасида ўқтин-ўқтин ўғилчасига қараб, мамнун жилмайиб қўяди. Буни кўриб, бошқа меҳмонлар ҳам ноилож кулган бўлади. — Умри билан берган бўлсин. Қойил, ўғилчангиз жуда ақлли бола экан, — деди инженер. Буни эшитиб амаким яна эриб кетди. — Нимасини айтасиз, афандим. Шайтонга дарс беради бу хумпар. Ҳатто уйда ким қайси ишга қодир эканини ҳам билади... Бу бола менга қариндош. Ўзи мендан бир ярим ёш кичик. Дуруст бола. Аммо унинг дадасига маъқул тушган қилиқлари ўтакетган тарбиясизликнинг ўзи. Мен шундоқ деб ўйлайман. Гапи чала қолган қўшнимиз келган жойидан бошлаб юборди. — Қизчамиз ҳозирданоқ рассом бўлиб қолган. Чизган расмларини кўрсангиз, ҳавасингиз келади. Жуда антиқа. — Қизимнинг қўли гул, ишқилиб ёмон кўздан асрасин, — қўшиб қўйди онаси. Навбат кичик амакимга тегди. — Шу замоннинг болалари жуда ўткир бўлиб кетяпти-да. Ҳаммаси бир-биридан ўтаман дейди. Шу бизнинг ўғилча денг... Билсак, амакимнинг ўғилчаси жуда хушовоз экан. — Бизнинг Фатўшимиз раққоса бўладиганга ўхшайди, — деди дадам ҳам гапга қўшилиб. — Твист деган бир ўйин бор экан. Шуни бирам боплаб ташлайдики, асти қўяверасиз. — Қизимни яллачи қилмайман, кераги йўқ, — эътироз қилди ойим. — Xомлик қилма, хотин. Раққоса бошқа, яллачи бошқа. Фарқи бор. Қизимиз яллачи эмас, раққоса бўлади. — Барибир бегонанинг олдида ечиниб ўйнайди-да, хоҳламайман буни! Шу гапларни эшитиб ўтириб, миямга ғалати бир фикр келди. Айтайлик, ўтирганлардан бири яна ўғилча-сини мақтаб кетади. «0ъғлим тушмагур энди йигирмага чиқди. Тунов куни онасини эмиб ўтирганида менга қараб: «Дада, менга хотин олиб беринг!» деб қолса бўладими. Ё тавба! Шу ёшда боланинг тили чиқ-қанини кўрганмисиз?! Вой замонангдан ўргилай шунқорлар-ей!» Буни эшитиб, ҳамма ёқа ушлайди. Шу нарсанинг бўлиши мумкинми? Албатта мумкин. Бояги гапларни айтган одамларнинг шунга ақли етмасмиди? Қайси бир куни қўшнимиз янги гап топиб келди. Бир ярим яшар боласи атак-чечак қилаётган эмиш. Ойимга шуни қувона-қувона гапирди. Мен ҳайрон бўлдим. Нима, бир ярим яшар бола юрмасдан учиши керак эканми? Ёш бола нима ҳунар кўрсаца, ҳаммасига ажабланаверишар экан-да. Қизиқ, гўдакнинг тили чиққанигаям ҳайрон бўлишади. Бола деган одамга ўхшаб гапирмай, бўрига ўхшаб увиллаши керак эканми?! Тавба. Мияси бутун болалар бирпасда уйимизни бошга кўтариб, тўс-тўполонини чиқариб юборишди. Бояги инженернинг Ториқ деган ўғли бор. Кап-катта бола, ўрта мактабнинг иккинчи синфида ўқийди. Инженер шу ўғлидан гап очди. — Ёшлигида Ториқ жуда ажойиб бола эди. Нимагадир кейин ўзгариб қолди. — Қани, қани, нимаси ажойиб эди? — қизиқиб сўради кичик амаким. Инженернинг ўғли ҳам шу ерда. Отаси гапиряпти-ю, мен унга разм соламан: турқи совуқ, сўтак бир бола, холос. Ториқни онаси чақириб қолди. Унинг уч-тўрт марта овози эшитилган бўлсаям, Ториқ миқ этмай ўтираверди. Охири деразани очиб ўшқирди: — Ҳа! Нима дейсан? Ота-оналар ўз фарзандлари нималарга қодир эканини бир кўрсатиб қўйишмоқчи эди. Ҳамма шу фурсатни сабрсизлик билан кутарди. Охири катта амакининг сабри чидамади. У беш яшар қизини имлаб чақирди. — Қани, қизим, амакиларингга ашула айтиб берчи. Маза қилиб бир эшицин. Қизча жилпанглаб, ноз қилди. — Э-е... — Бўла қол, оппоқ қизим. — Айтгим келмаяпти. — Ака-сингилнинг музикага жуда ихлоси баланд, — қистириб ўтди келин ойим. — Куйни дарров илиб олишади. Пианино чалганда қўллари бирам келишиб турадики. Пианино бўлганда ўғлим бошлаб мензурка чалиб берарди-я. — Мензурка эмас, мазурка, хоним, — деди амаким уни тузатмоқчи бўлиб. — Мензурками, манзурками — ҳаммаси бир гўр эмасми... Ёшлигимда мен ҳам музика шайдоси эдим, иккови менга тортган. Қизларини яна қистаб кетишди. — Бўл энди, қизим. Айтмасанг ҳай олиб бермайман. — Обермасангиз оберманг. Навбат порага келди. — Ашула айтиб берсанг, битта шоколад бераман. — Нимани айтай? — «Бейўғлининг қизлари»ни. Амаким тунука чойнакни олиб, қопқоғини тиқиллатди. Келинойим бармоқ шиқиллатди. Ниҳоят, чийиллаган бир овоз эшитилди. Қўшиқ бошланди. «Бей ўғлининг қизлари, ёр-ей, Бей ўғлининг қизлари, ёр-ей, Сузилиб турар кўзлари, ёр-ей...» Қиз дам-бадам тўхтаб қолади. Онаси уёғини улаб юборади. Шундагина нимжон овоз қулоққа чалинади. Қўшиқ тугагач, ҳамма чапак чалди. Келинойим инженернинг хотинидан узр сўраган бўлди: — Бугун тоби қочиб турибди, холаси, овози нинг мазаси йўқ. — Жуда бинойидек овозлари бор экан, кўз тегмасин, — деди у эътироз билдириб. Кичик амаким навбатни ўғлига олиб бермоқчи бўлди. — Қани, ўғлим, сен энди шеър ўқиб бер-чи. Бола бир бурчакка биқиниб олди. — Ия, ия, ўғлим, бўла қол энди. Болани тоза қисташди, ялиниб-ёлворишди ҳамки, ҳоимади. Амакимнинг жаҳли қўзғади: — Айтавермайсанми, шумтака, нега инжиқлик қиласан? Ўғли йиғлаб юборди. Кейин йиғлаб-сиқтаб зўрға шеърни бошлади. Ойиси билан дадаси унга қарашиб турди. Бола битта сўз айтганидан сўнг кейингиси эсидан чиқиб қолар экан. Амаким билан келинойим далда беришади ёки сўзларни айтиб туришади. — Мушукчам... Мушукчам... Мушукчам... — Xўш, хўш, уёғиниям айт-чи, — қистайди уни амаким. — Мушукчам... Мушукчам... Келинойим ҳайрон. — Бугун сенга бир нарса бўлдими ўзи, ўғлим? Болагинамга кўз текканга ўхшайди... — Мушукчам... Мушукчам... Мушукчам... — Мингта мушугинг борми ўзи, овсар! — деб ўшқирди амаким. Ҳамма кулиб юборди. — Болани ўз ҳолига қўйсанг бўлмайдими? Нега унга ҳадеб бақирасан? Эсини кирди-чиқди қилиб қўйганинг етмайдими! — деди келинойим ўғлининг ёнини олиб. Бола: «Мушукчам...» Арааким: «Бор...» Бола: «Бир кичкина... Кичкина... Кичкина...» Келинойим: «Ичганлари...» Бола: «Ичганлари...» Амаким: «Сутгина...» Бола: «Сутгина...» Келинойим: «Миёв, миёв...» Бола: «Миёв, миёв қилади». Амаким: «Кўзин...» Бола: «Кўзин сузиб туради. Берсам...» Амаким: Xўш, нимани берсам? Бола: «Берсам нонни емайди, Ўзи сичқон тутмайди». Келинойим: Яша, ўғлим. Бола: «Дангаса экан билсам, Менинг бароқ мушукчам». Бола енгил тин олди. Шеър тугаганига бола ҳам, биз ҳам хурсанд бўлдик. Аммо амакимнинг кўнг-лидагидек бўлмади чамаси, «ҳўкиз!» деб ўғлини жеркиб берди. — Бегона одамларнинг олдида ёцираганга ўхшайди. Инженернинг хотини келинойимнинг бу гапини маъқуллади. — Ҳа, кўпчилик ўтирибди, уялган бўлса керак. Биз чапак чалиб турган эдик, амакиваччам енгига кўзёшини артиб, ташқарига чиқиб кетди. — Расмларингни олиб келганмисан, қизим? — Қўшнимиз қўли гул қизидан сўради. — Бор бўлмаса, олиб чиқ, амакиларинг бир кўришсин. — Э-е... — деди қизи эриниб. Ойиси луқма ташлади: — Бўёқлар топилса, шу ернинг ўзидаям расм солаверади қизим. Дадам менга қаради: — Бўёқларингни олиб чиқ, ўғлим. Ғижиниб кетдим. Лекин иложим қанча. Дадамнинг ўзи янги йилда совға қилган бўёқларни зўрға олиб чиқдим. Рўйхуш бермай қутичани қизга узатдим. Қизча стол устига мункайиб олгач, қоғоз бетига бўёқларни чаплай бошлади. Буни кўриб диққинафас бўлдим. Четроққа бориб турдим. Шу орада инженер меҳмон франсузчани шариллатиб гапирадиган қизини ёнига чақирди. Кейин франсузчалаб унга бир нима деди. — Уи, — деб жавоб берди қизча. Отасининг кейинги саволигаям у худди шу жавобни берди. Инженер нима демасин, қизи шу битта сўзни айтади. Охири отасининг хуноби ошди. — «Уи»дан бошқа сўз қуриб қолганми? — Бўлмаса «Но» деб айтайми? «Но»га келганмидик? — Ҳа, албатта. «Но» деб жавоб бериш керак. Шунинг навбати. Қизча «Но»га ўтиб олди. Дадаси нимани сўрамасин ҳаммасига «но» деб жавоб қайтариб турди. Ота-боланинг гапига диққат билан қулоқ солиб турдим. Чунки бўлган воқеани сенга ёзиб юборишга аҳд қилган эдим. Аммо инженернинг франсузча айтган гапларига сира тушунмадим. Эсимда қолган баъзи жумлаларни эса лицейда ўқийдиган бир боладан сўраб билиб олдим. — Ферм ла порт, — деди тўсатдан отаси. Қизи «вой» деганича югуриб бориб онасини бетидан ўпди. — «Ферм ла порт» — онангни ўп, деган гап эмас, қизим. Сенга айтган нарса «без ла мер» бўлади. — Боланинг ҳам жиннисини чиқарасан, — деди она-си қизининг ёнини олиб. — Бўлмаса «ферм ла порт» деганда нима қилиш керак? — Ҳа, шуниям билмайсанми, деразани оч, дегани-да! — Билағонлик қилди онаси. — Сен бизга халақит берма, хотин, — деди инженер уни босиб. — «Увр ла фнетр»ни айтяпсан сен. Ферм ла порт — эшикни ёпиб кел, дегани! Xотиниям бўш келмади. — Ҳеч-да. Мактабда бизга шундоқ дейишган эди. Эр-хотин тортишиб кетишди. — Франсузча биламан деб керилмай қўяқол. Биз ҳам ўқиганмиз франсузчани. Истаган одамингдан бориб сўрай қол. Ферм ла порт — деразани оч дегани, — деди хотини яна гап бермай. — Мен ахир ўқишдан ташқари Франсияда ҳам яшаганман-ку. — Вой, бирга борувдик-ку. Ҳов, эсингдами, икковимиз бир куни магазинга кирувдик. Менга сийнабанд олиб бермоқчи бўлувдинг-ку! Эсингга тушдими? Ўшанда сотувчи қизга имо-ишора билан тушунтирганингда овбоп тўрва кўрсатувди-я?! — Гапинг қизиқ бўлди-ку, жоним, — деди норози бўлиб инженер. — Ахир Франсия билан Германияни чалкаштириб юбординг-ку. Бу воқеа Германияда бўлган эди. Франсузларнинг ўзлари қойил қолишади-ку, менга... Эр-хотиннинг тортишувига рассом қизнинг дадаси чек қўйди. — Суратинг бўлдими, қизим? — сўради у қизидан. — Тамом бўлди. Тўсатдан қизнинг онаси чирқиллаб қолди. — Вой, расмларинг ордона қолгур... Яп-янги кўйлакни расво қилибди-ку. Бундоқ қарасак, моҳир рассомимиз циркдаги қи-зиқчиларга ўхшаб ҳаммаёғига бўёқ суриб чиқибди. — Баракалла, қизим, жуда боплабсан, — деди чорасиз қолган ота. Закий болани кўрса, дадам айниқса эриб кетади. Истеъдодини кўрсатмаган битта бизнинг Фатўш қолди. — Қизимдан ажойиб раққоса чиқади,— деди дадам меҳмонларга қараб. Кейин синглимга ўгирилди. — Қани, қизим, бир твистга тушгин, буларнинг оғзи очилиб қолсин. Бир бурчакка тиқилиб олган Фатўш қимир этмади. — Бўл энди, оппоқ қизим. Синглим бошини кўтармай, ерга қараб тураверди. Уни ўйинга тортиш учун дадамнинг ўзи твистни бошлаб юборди. Инженер билан хотиниям даврага қўшилди. — Қани юр, биз билан ўйна, — деб роса Фатўшни қисташди. «Бор, ўйнаб бера қол», деб ойим секингина Фа-тўшнинг орқасидан итарган эди, синглим боядан бери нега бўзрайиб тургани маълум бўлди. — Вой ўлмасам, ишни ўхшатиб қўйибди-ку қизим!— деганича ойим Фатўшни даст кўтариб ташқарига олиб чиқиб кетди. — Ия, бунақа одати йўқ эди-ку, — ҳайрон бўлди дадам. Инженернинг хотини юпатган бўлди: — Бола болалигига боради-да, афандим. Майли, ҳечқиси йўқ. — Кўпчиликнинг салобати босгандир... Закий болаларнинг мусобақаси мана шундай якунланди. Бу мусобақада синглим Фатўш ғолиб чиққанига имоним комил. Меҳмонлар тарқалишди. Дафтаримни олиб, дадамнинг олдига бордим. — Манавини эшитинг, дада, жуда қизиқ гап экан, — дедим дафтарни очиб. — Бир китобда кўриб, кўчириб олган эдим. Мана: «Мабодо эшак одамга ўхшаб гапирса ва одам боласи лининг ўрнига юк ташиса, буни нормал ҳои деб бўлмайди... Ваҳоланки, баъзи кишилар, «фалончининг эшаги тилга кирганмиш», деб карнай чалиб юришади. Одам боласи гапиради, эшак юк ташийди. Бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ». — Xўш, буни менга нимага ўқиб беряпсан? — Айтмоқчи бўлган гапим шуки, ёш бола каттанинг ишини қилмаслиги керак. Бола болалигича қолгани маъқул. — Кўп валдирама! Хуллас, зукколар мусобақаси ҳам сен айтган мажлисдан қолишмади. Тоза мириқиб кулдик. Хатингни кутаман. Омон бўл, дўстим. Аҳмад Тарбай. Лаббай, жоним! Анқара, 3-феврал, 1964-йил. Аҳмад! 30-январда юборган хатингни олдим. Катта раҳмат. Нақ каникул бошланган куни қўлимга тегди. Кулавериб, кўзимда ёш қолмади. Бизнинг оилада ақлда танҳо бўлади, деб дастлаб опамга роса умид боғлаб юришди. Аммо ширин орзулар сароб бўлиб чиққанидан кейин уйдагилар қўлни ювиб қўлтиққа уришди. Каттасидан чиқмаган, кичигидан чиқадими, деган андиша билан Метин икковимиздан бутунлай умидларини узишди. Опам баланд дорга осилиб юрган пайтлар ҳали-ҳали эсимда. Мен у маҳалда жуда ёш эдим, ўқишга бормасдим. Дадам ҳар куни ишдан қайтгач, опам билан франсузчадан машқ қиларди. Опамнинг франсузча бир шеърни ҳечам ёдлолмай, икки-уч ҳафтагача қийналиб юрганлари шундоқ эсимда турибди. Мен уларнинг олдида ўтирардим. Шеър қайта-қайта ўқилаверганидан менга ёд бўлиб кетган эди. Мана, орадан қанча йил ўтди, лекин ўша шеър ҳамон қулоғимда жаранглайди. Маъносини билмасам ҳам, сўзлари дилимга жо бўлиб кетган. Бу шеърни ёдлатиш учун дадам роса тер тўккан эди. Дадамнинг меҳнати зое кетгани йўқ — мендан бўлак уни ойим билан оқсоч хотин ҳам бинойидек ёдлаб олишди. Дадамнинг бир ўртоғи бўларди. Европада ўқиган экан. Ўша одам бир куни дадамга: — Чет тилни ўрганиш учун алоҳида қобилият керак. Франсуз тилини ўргатаман деб болани бекорга қийнама, қўй бу ишни, — деб маслаҳат берибди. — Мен Парижда бўлганман. Бинобарин, парижда минг йил турсаям франсузчани ўрганолмаган одамларни кўп кўрганман. Уларнинг умри қаҳвахонада ўтарди. Оқибатда улар франсузчани эмас, балки официантлар туркчани ўрганиб олишарди. Айрим кишиларда чет тилга лаёқат бўлмайди, лекин улар ўз тилларини бошқаларга ўргатишга уста бўладилар. Эҳтимол, сенинг қизинг ҳам шулар жумласидандир... Ҳар қандай болада бирор нарсага қобилият бўлади. Лекин у боланинг ич-ичида яшириниб ётади. Шунга кўра болада яши-риниб ётган мана шу ҳақиқий қобилиятни сеза билиш, уни юзага чиқариш, қолаверса, ҳар томонлама камол топтириш керак бўлади. Шу гапдан кейин дадам опамдаги ички қобилиятни юзага чиқариш мақсадида уйга ўқитувчи ёллаб, унга скрипкадан дарс уюштириб берди. Аммо опамдаги яширин қобилиятнинг скрипкага сираям алоқаси йўқ экан. — Бу қизнинг қулоғи жуда оғир экан, — дебди бир куни ўқитувчи. — Ҳатто мениям ишдан чиқариб қўйди. Унга дарс бера бошлаганимдан буён «до»ни «си»дан ажратолмай қолдим. Эшикнинг ғижирлаши менга скрипка чалгандек бўлиб туюляпти. Чиндан ҳам опам овозни яхши ажратолмайди. Ошхонада стакан синса, биров келдими, деб эшикка югуради. Мактабда ўқиб юрганидаёқ муаллими унга: — Ҳамма ашула айтаётганида сен тек тур, қизим. Бошқаларни ҳам янглиштириб юборяпсан, — деб айтган экан. Шундан кейин опамни рассомликка ўқитмоқчи бўлишди. Бундан ҳам бирор наф чиқмади. Энди навбат рақсга келди. Аммо рақс дарсларининг опамга фойдаси катта бўлди. У илгарилари уйда ҳар нарсага қоқилиб юрар, оғир чамадон кўтарган одамдай нуқул ўзини стол-стулларга уриб оларди. Рақс машғулотларидан кейин у гавдасини кўтариб, орқа-ўнгига қараб юрадиган бўлиб қолди. Ойим билан дадам нечоғлиқ ҳаракат қилишмасин, опамдаги яширин истеъдодини ҳечам юзага чиқариб бўлмади. — Ҳа, майли, қизимизнинг истеъдоди бир кунмас-бир кун ўзи лоп этиб чиқиб қолар. Олдин ўқишини битирсин-чи, — дейишди улар охири кутаверишдан чарчаб. Опам бир синфда икки йил ўқишни ўзига одат қилиб олган эди, негадир лицейга борганда шуниям эплолмади. Лицейнинг иккинчи синфида кетма-кет уч йил ўтириб қолди. Дарҳол ковушини тўғрилаб қўйишди. — Қизимнинг ўқишга ҳаваси йўқ, худди рўзғор ишларига туғилганга ўхшайди, — деди шунда ойим. Ҳар қалай опамнинг шу соҳадаги қобилиятини синаб кўришмаган эди. Аммо синов муддати кўпга чўзилмади — опам ошхонадан ҳам қувилди. Сабаби — опам ошхонага бирров кириб чиққудай бўлса, ҳаммаёқ алғов-далғов бўлиб кетарди. Бирор нарсани қўйган жойдан топиб бўлмай қолди. Ҳатто қозон-кастрюллар ҳам ғойиб бўлиб қолар, икки-уч кундан кейин эса кутилмаган жойдан чиқарди. Опамни врачга кўрсатишди. — Боладан истеъдод излаб, энка-тенкасини чиқариб қўйибсизлар. Овсар бўлиб қолибди. Энди уни тинч қўйинглар, ўзига келсин, — деб маслаҳат берибди. Ана шундан кейин опамни ўз ҳолига ташлаб қўйишди. Боёқиш анча ўзига келиб қолди. Аммо Метин икковимиз опамнинг касрига қолдик. Дадам билан ойим опам билан кўп овора бўлиб чарчашган экан, бизга сира эътибор бермай қўйишди. Мен-ку, майли-я, аммо Метинга жабр бўлди. Чунки Метин техникага жуда қизиқади. Уйда нима бўлса ҳаммасига унинг қўли теккан. Радиоприёмник, кир ювиш машинаси, дадамнинг соқол оладиган асбоби, холодилник, пилесос, газ плитаси ва ҳоказолар Метинни кўрса қалтираб туради, дейман. Укам соатнинг бирор мурватини олиб кастрюлга ўрнатади ёки тикув машинасининг ичидаги лаш-лушини радиоприёмникка жойлайди. Шу важдан дадам уни устабузармон деб чақиради. Аслида эса Метиннинг қўли қичиб туришига сабаб унинг техникага бўлган зўр иштиёқидир... Қўшниларимиздан биннинг Нуртон деган қизи бор. Мана буни антиқа деса бўлади. Нуртон бир ўтиришда беш кишининг овқатини пок-покиза тушириб қўяди. Шундаям онасининг кўнгли тўлмайди. — Болагинамга кўз тегди, иштаҳасининг мазаси йўқ, — деб зорланади. Кейин унга хилма-хил шар-бат, витамин, балиқ мойи тиқиштиради. Бақ-бақалоқ қиз бўлган. Отасиям унинг худди ўзи — хўппасемиз. Одатда улар бирор жойга боришадиган бўлса, Нуртонни бизникига ташлаб кетишади. Метин ҳам шундай. Дадам билан ойим кинога кетган куни уларникига чиқишга мажбур. Уйда уни қолдириб бўлмайди: бинойидек ишлаб турган приёмник ёки холодилник бирпасда расвойи жаҳон бўлади. Мен ҳам унга бас келолмайман, кўнгилбўшлик қилиб қўяман. Ахир кастрюлнинг қопқоғига соат улайман, неча минутда овқат тайёр бўларкин, кўрамиз, деб турса қандоқ қилиб йўқ дейман?! Мана шунинг учун ҳам уйдагилар кинога борадиган бўлишса Метин икковимиз Нуртонларникига чиқамиз. Тунов куниям Нуртонларнинг уйида эдик. Мен Метин билан Нуртонга эртак ўқиб бераётган эдим. Бир маҳал Нуртон сув ичиб келаман, деб чиқиб кетди. Дарров изига қайтди. — Ойим билан дадам уришаётган экан. Юринглар, томоша қиламиз, — деб қолди Нуртон. — Қаердан билдинг? — Ҳа, ўзим биламан-да... Сув ичгани кетаётувдим, ойим кўриб қолдилар. Дарров дадамга қараб: «Жонгинам», деди. Дадам ҳам: «Севган ёрим, асалим», деб жавоб бердилар. Икковлари жанжаллашиб туришган бўлса мени кўришлари билан нуқул шунақа дейишади. Бир-бирларига ширин гап қилишмаса, менинг тарбиям бузиларкан. Бошқа пайтлари бир-бирларининг отини айтиб чақиришади. Қани, юринглар, томоша қиламиз. — Биз энди уйга чиқайлик. Ҳадемай кинодан қайтиб қолишади, — дедим бунга кўнмай. Нуртоннинг ота-онаси билан хайрлашгани қўшни хонага чиқдик. Аммо шу ердаёқ пушаймон бўлдим. Билганимда буёққа кирмасдим. Энди вақт ўтди, орқага қайтиб бўлмайди. Дастлаб полдаги кўзага кўзим тушди. Чил-чил синиб ётибди. Нуртоннинг ойиси ёқавайрон, сочлари тўзғиган. Дадасининг эса юз-кўзи тирналган. — Кўзани супуриб ол, азизим, — деди Нуртоннинг дадаси мулойимлик билан. Ойиси орқасига ўгирилиб қараган эди, бизни кўрди. Кейин қизига танбеҳ берди: — Эшикни тақиллатиб киргин, деб айтаман-ку сенга. Намунча қулоқсиз бўлмасанг. — Сўнг эридан сўради: — Қаҳва олиб келайми, жонгинам? — Майли, азизим, майли... Аммо жуда ширин қилиб юборманг, асалим. Нуртоннинг дадаси ўтирган жойда аёл кишининг шиппаги ётибди. — Ойи, Зайнаб опамлар кетишмоқчи, — деди Нуртон. — Ёмон йиқилганга ўхшайман, ҳалиям оғрияпти, — деди дадаси юзини буриштириб. Уйга чиқдик. Метин ўрнига кириб ётди. Мен хатга ўтирдим. Ана, дадамнинг йўтали эшитилди. Кинодан қайтишибди. Хўп, кўришгунча хайр. Соғ бўл, Аҳмад. Зайнаб Ёлқир. Меҳмон кутдик Истанбул, 10-феврал, 1964-йил. Азиз дўстим Зайнаб! Хатингни олдим. Қўшни квартирада бўлган воқеани ёзган экансан. Xатингни ўқиётиб, яхшиям бизнинг уйимиз кичкина, атиги учта хонаси бор нима гап бўлса дарров биламиз, деб суюндимъ. Бизникида унақа номаъқул ишлар бўлмайди. Аммо мен сенга айцам, оиламизда кўнгилсиз воқеалар ҳалиям бўлиб туради. Ўтган якшанба куни худди шундай бўлди. Дадам бир куни ишдан қайтгач, якшанба куни хўжайин бизникига меҳмон келади, деб қолди. Олдинига ишонмадим, ҳазил бўлса керак, деб юравердим. Чунки дадам хўжайинини жуда ёмон кўради, буни биламан. Қаерда шу одамдан гап очилиб қолгудай бўлса, дадамнинг қони қайнаб кетади, гўрига ғишт қалаб, роса авра-астарини ағдариб сўкади. — Бу одамнинг бизда нима иши бор, нега кела ди? — ҳайрон бўлиб ойимдан сўрадим. — Бу нима деганинг? Дадангнинг хўжайини у ахир. — Дадам уни ёмон кўради-ку?! — Даданг ёмон кўрса, дадангни у яхши кўради. — Нима учун? — Чунки даданг ҳозир фабрикада оброии, касаба союз вакили. Фабрика ишчилари дадамни бундан бир ой олдин касаба союз комитетига ўзларидан вакил қилиб сайлашганини эшитган эдим. Xўжайин шунинг учун келмоқчи бўлган экан-да, деб қўйдим ичимда. Дадамнинг хўжайинини илгари ҳечам кўрмаганман. Қанақа одам экан, деб ичимга ғулғула тушди. Девдай баҳайбат бир одам бўлса керак, деган хаёлда юрдим. Уйимизда тайёргарлик ишлари зўрайиб кетди. Бир куни дадам ишдан кела солиб, девор оқлашга тушди. Деворни оқлаб туриб ҳам хўжайинини бўралатиб сўкяпти. — Нега деворларни оқлаяпсиз, дада? Xўжайиннинг келишигами? — Xўжайининг нимаси?— Дадам қўлидаги чўткани зарда билан челакка тиқди.— Деворни унинг учун оқлаётганим йўқ. Кўрмайсанми, ҳаммаёқ кир бўлиб кетибди. Ойим қўни-қўшнидан ликопча, стакан, дастурхон топиб чиқди. Шанба куни эса эрта билан ошхонага кириб олиб, пишириқ билан овора бўлди. Якшанба куни дадам жуда эрта турди. Дам олиш кунлари бемалол ухларди, шунинг учун ҳайрон бўлдим. — Меҳмон шунақа эрта келадими, дада? — Меҳмон келаркан, деб барвақт турганим йўқ, ўғлим. Нонуштадан кейин дадам деразанинг олдига ўтириб олди. Икки кўзи кўчада. Дам-бадам ўрнидан туриб кетади-да: — Бу хумпар қаёқда қолдийкин? — деб ғижиниб қўяди. Ойим дастурхонни тузаб қўйди. Шундоқ бўлсаям ошхона билан уйга зир югуриб, кам-кўстини қидирди. Дадам фиғони ошиб уйда гир айланиб юрган эди, бирдан кўча томондан машинанинг сигнали эшитилди. — Ана, келди! Югуринглар! Эшикни очинглар! Нимага қаққаясанлар?! Тезроқ бўлсаларинг-чи! — бўкириб берди дадам. Ўзи эса бошини деразадан чиқариб, кўчага мўралади. Дадамнинг овозидан қўрқиб кетган ойим жонҳолатда эшикка қараб югурди. Очиб қарасаки, ҳеч ким йўқ. Ойим икки кундан бери Фатўшнинг қулоғига гап қуяди. Меҳмоннинг олдида уни қил-у буни қилма, деган мазмунда. Ойимнинг одоб дарслариям нуқул мен бор пайтда ўтади. Бунинг бир чеккаси менга ҳам тегишли бўлса керак-да. Мана, Фатўш ясаниб олган. Ойим менга секин кўз қирини ташлаб қўйди-да, яна насиҳатга ўтди. — Меҳмон борида одоб сақлаб ўтиргин, оппоқ қизим. Бировнинг олдида оғизга қўл тиқиб бўлмайди. Иннайкейин, ерга тушган нарсани оғзингга солма. Ҳа, қулоғингда бўлсин. Йўталмоқчи бўлсанг, оғзингга қўлингни тут. Яна шуни билиб қўйки, меҳмоннинг олдида нонни бутунлай ушлама, керагини ушатиб ол. Xўпми, дўмбоғим? Яна мен сенга айцам, биров сени чақириб қолса, «ҳа» деб ўтирма-гин. Уят бўлади. «Ҳа» деган сўзни зинҳор оғзингга олма. — Бўлмаса нима дейишим керак? — Бегона одамнинг олдида «ҳа» деса, айб бўлади. Лаббай, деб жавоб бериш керак. Ойим ҳар замон-ҳар замонда менга кўз қирини ташлаб қўяди. Бундан унча кўнгли тўлмади шекилли, шарт этиб менга ўгирилди. — Меҳмонга бир нима демоқчи бўлсанг, олдин «афандим» дегин, ўғлим. Гапинг тугагандан кейин ҳам «афандим» деб қўшиб қўй. Xўпми? Деразанинг тагида хўжайинини оқ қилиб ўтирган дадам бирданга: «Ана, келди!» деб қичқирганича эшикка отилди. Ойнадан мўралаб қараган эдим, эшигимизнинг олдида турган ялтироқ машинага кўзим тушди. Усти қизил рангга бўялган экан. Сал ўтмай дадамнинг: — Буюрсинлар, афандим... Роса бизни мунтазир қилдингиз-да, тақсир... Қани, қани, ичкарига марҳамат қилсинлар, афандим... Қадамларига ҳасанот, — деган овози келди. Коридорга чиқдим. Дадам меҳмонни ечин-тириб, палто билан шляпасини қозиққа илиб қўйди. Бундоқ қарасам, дадамнинг хўжайини сираям мен ўйлаган девга ўхшамас экан. Кичкинагина, хуш-табиат одам экан. Дадам бу кишини нега ёқтирмай юрганига, ҳозир бўлса атрофида бунчалик айланиб-ўргилишига тушунолмай ҳайрон бўлдим. Фатўш меҳмоннинг қўлидан ўпиб саломлашди. Мен у билан қўл бериб сўрашган эдим, дадам: — Амакингнинг қўлини ўпмайсанми, ўғлим, — деб қолди. Ноилож ўпишга мажбур бўлдим. Дадам хўжайини билан гапга тушиб кетишди. Салдан кейин ойим уларни дастурхонга таклиф қилди. — Йўқ, овора бўлманг, овқатга турмайман, — деб меҳмон узр сўради. Ана, холос. Ойим шуни деб неча кундан бери типирчилаб юрган бўлса-ю, бу киши кетаман деб туриб олса! Лекин дадам бўш келмади — хўжайинини билагидан тортиб, зўрға дастурхонга ўтқазди. Дадам билан ойим типирчилаб тургани учун мен ҳам ўзимни йўқотиб қўйдим. Юрагим пўкиллаб ура бошлади. Бир пайт дадам столдаги стаканларга сув қуйиб узат, деб буюрган эди, қўлимдаги графинни дастурхонга тўкиб юбордим. Дадам: — Кап-катта йигит бўлиб қолган бўлсанг ҳам, ҳалигача сув қуйишни билмайсан-а, — деб койиб берди. Латта билан столни артмоқчи бўлиб, ўзиям салат тўла лаганчани ағдариб юборди. — Кечирасиз, костюмга тегмадими? — меҳмондан сўради ойим шошма-пиша унинг олдига келиб. Тарки одат — амримаҳол, дегандек Фатўш яна шўрвасини тўкиб юборди. Ойим уни уришиб берган эди, бечора: — Ахир, ўзингиз туртиб юбордингиз-ку, — деб уввос тортди. — Буларингга овқатни бошқа жойга сузиб бер, деб айтдим-ку сенга, — жеркиб ташлади дадам. — Юм оғзингни, меҳмоннинг оидида йигиаса айб бўлади. Ойим буни секин гапирган бўлсаям, ҳаммамиз эшитдик. Фатўш меҳмон оидида йиғлаб бўлмаслигини тушуниб, дарров жим бўлди-ю, аммо анчагача ўпкасини босолмай ҳиқиллаб ўтирди. Ойим ҳамманинг тарелкасига гўшт солиб бермоқчи бўлди. Меҳмон ҳам тарелкасини тутди. Аммо ўзи дадамга ўгирилиб, ниманидир тушунтираётган эди. Ойим катта қошиқдаги бир бўлак гўштни энди соламан деганида у тарелкани топриб олди. Гўшт шалоп этиб столдаги мураббога тушди. — Вой шўрим, нима қилиб қўйдим! — чинқириб юборди ойим. Ҳаммамиз эсанкираб қолганимиздан стол айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Дадам боядан бери тузнинг ўрнига овқатига қалампир сепиб ўтирган экан, бирдан буни пайқаб қолиб, фиғони ошди: — Тузлиқ қани? Қирғин келдими унга?! Азбаройи гангиб қолганидан ойим тузлиқнинг ўрнига дадамга горчицанинг узатиб юборди. Дарҳол столдан тузни олиб бердим. Дадам тузлиқни олиб қаттиқ силкитиб юборган эди, қопқоғи билан ичидаги ҳамма тузи ошга тушди. Бора-бора ойим гапидан ҳам адашиб қолди. Бир пайт у ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, меҳмонга қараб: — Қалай юрибсиз, афандим?— деб қолса бўладими! — Лаббай, хоним? — ҳайрон бўлди меҳмон. Ойим сал ўзига келди. — Овқатни айтяпман, афандим? Ёқдими сизга? — Қоиингиз дард кўрмасин, жуда ширин бўпти. Тўсатдан Фатўш: — Ойи, томоғимга бир нима тиқилиб қолди, — деб юборди. Ойим бир қоии билан уни орқасига уриб, иккинчисида сув узатди. Дадам бизга пичоқ ўнг қўлда, вилка эса чап қоида туриши керак, деб тайинлаб қўйган эди. Лекин нечоғлик ҳаракат қилмай, ҳечам уддасидан чиқолмадим. Охири ўзимга ўнғайини қилдим — вилкани ўнг қоига олиб, овқатимни еявердим. Дадам ўзи айтгандай қилиб пичоқни ўнг, вилкани эса чап қоида тутган ҳолда тарелкасидаги гўштни кесмоқчи бўлди. Гўшт пичоқдан қочди шекилли, бир сакраб столдаги апелсинларнинг устига чиқиб олди. Лекин ҳалиям ўзим дуруст эканман — овқат пайтида кўпам хижолат бўлганим йўқ. Дастурхондан тураётиб, бу маш-машанинг тугаганига хурсанд бўлганимдан чуқур уҳ тортиб қўйдим. Овқатдан кейин меҳмон қаҳва ичиб ўтирган эди, тўсатдан менга ўгирилиб: — Нечанчи синфда ўқийсан, жиян? — деб сўраб қолди. — Афандим, бешинчида ўқийман, афандим, — деб тутилмай жавоб бердим. «Афандим» сўзини тиркаб, ойим билан дадамни рози қилдим чамамда. Секин икковларига қараб қўйдим. Жилмайиб ўтиришган экан. — Xўш, неча ёшдасан? — Афандим, ўн бирга чиқдим, афандим. — Катта бўлганда ким боимоқчисан? — Афандим, ёзувчи бўламан, афандим. — Баракалло... Ойимнинг лаби қимирлагандек бўлди. Раҳмат айтиш эсимдан чиқибди, шуни шипшитаётганини пайқадим. Меҳмон дадамга бир нима деб турган эди, шартта гапларини бўлдим. — Афандим, раҳмат, афандим. Меҳмон ўринсиз ташаккурнинг сабабини тушу-нолмади. Бироз ўйланиб турганч: «Арзимайди», деб қўйди. Фатўшнинг антиқа ишлари ҳақида сенга олдин ҳам ёзган эдим. Ўша куни у яна ҳунар кўрсатди. Овқатдан кейин ойим дастурхонни йиғиштириб олаётган эди, бир дона банан ерга тушиб кетди. Фатўш дарров уни ердан олиб столга қўйди. — Ерга тушган нарсани ҳозир еб бўлмайди-а, ойи? — деди у ойимга қараб. — Меҳмон кетгандан кейин ўзим ейман. Фатўшнинг бемаъни гапини эшиттирмаслик учунми ёки унинг тилини тийиб қўймоқчи бўлибми, ҳарҳолда дадам икки-уч марта қаттиқ йўталиб қўйди. — Меҳмоннинг олдида йўталганда оғизга қўл тутиб туриш керак, дада, — деди Фатўш яна билағонлик қилиб. — Ҳа, Фатўш! Нима деяпсан ўзинг? — аранг жилмайди дадам. Синглим яна ақл ўргатди. — Уйга меҳмон келганда «ҳа» деб бўлмайди, дада. Айб бўлади. Меҳмон ўрнидан турди. Дадам билан ойим уни машинасигача кузатиб чиқишди. У жўнаб кетгач, уйга қайтиб киришди. — Уҳ, мени шарманда қилдиларинг! — деди дадам хуноби ошиб. — Мен сенларга тайинлаб айтган эдим-ку, ахир!— унга қўшилди ойим. Фатўш ҳайрон бўлди. — Ахир мен меҳмоннинг олдида нонни бутунича емадим-ку? Ўша куни кечгача ўзимизни қўярга жой тополмай юрдик. Зайнаб, хат билан сенга бир расм ҳам юборяпман. Бутун синф билан тушганмиз. Сендан кейин келган янги ўқитувчи ҳам шу ерда бор. Сенга катта муваффақиятлар тилайман. Аҳмад Тарбай. Ёмон одат Анқара, 16-феврал, 1964-йил. Қадрдон дўстим Аҳмад! Хатга қўшиб юборган расмингни олдим. Қанчалик суюнганимни билсанг эди! Синфдош ўртоқларимнинг ҳаммасини яна бир кўргандай бўлдим. Суратда ёнингда турган қиз Мине бўлса керак. Ҳусайн уни тўсиб олибди, зўрға танидим. Яшар бўлса Чингизнинг одатини қилиб, энг олдинга ўтиб олибди. Шу суратни юборб, зап иш қилибсан-да. Жуда хурсанд бўлдим. Аммо расмдан Дамирни тополмадим. Ҳарҳолда суратга тушмаган бўлса керак, янги ўқитувчингиз анча ёшга бориб қолган одам экан, кўриниб турибди. Мен ҳам сенга расм юборяпман. Укам билан бирга тушганмиз. Қўшни бола ўзининг аппаратида олган эди. Мана шу ҳафта мен учун оғир келди — қуруқ туҳматга қолдим. Ҳеч қандай асос бўлмаган ҳолда бадном бўлдим. Аслида-ку, мендан ҳам ўтган жойи бор-а, лекин... Воқеани бир бошдан гапириб берай. Мана, эшит. Ўқитувчимиз бировдан ёзма ишни кўчириб олган ёки шпаргалка ишлатган болаларни жуда ёмон кўради. Кўчирмачилик — яхши ўқиётган ўртоққа нисбатан хиёнатдир, дейди нуқул. Эси бутун одам бу ишни қилмаслиги керак, кўчирмачилик муғамбирларга хос нарса экан. Дадамнинг ҳам фикри шу. Бировдан кўчириб ёзиш ёмон одат, бу билан ўқитувчини эмас, ўзингни алдайсан, дейдилар. Дадам жўралари билан йиғилиб қолишса, нуқул мак-таб йилларини эслаб ўтиришади. Яқинда яна шундай бўлди. Ўша куни бувам ҳам бизникида эдилар. Улфатлар ўқиш йилларини эслаб ўтиришган эди, Нуртон бақалоқнинг дадаси тўсатдан: — Ҳов, эсингиздами, алгебра ўқитувчиси Сабрибей бўларди. Ўшанинг этагига боплаб шпаргалка осиб қўювдик-а? — деб қолди. — Вой, бу нимаси? Қани, биз ҳам эшитайлик, — ялинди хотини. — Раҳматли Сабрибейни ҳамма кал деб чақирарди. Ўзи лицейда бизга алгебрадан дарс берарди. Имтиҳонда юрагимизни ҳовучлаб ўтирардик. Жуда жоҳил одам эди. Бунинг устига: «Менинг имтиҳонимда ҳеч ким шпаргалка ишлатолмайди. Бунақа марди ҳали туғилмаган», деб керилиб ҳам юрарди. Бизга имтиҳон саволларини берганидан кейин бир жойда ўтирмас, нуқул олдимизда ўралашиб юрарди. Бир куни имтиҳон кетаётган эди, ичимиздан бир бола... — Наждод сўтакмиди ўша? — унинг гапини бўлди дадам. — Балли, Наждод сўтак қилувди бу ишни. Ҳозир қаергаям элчи бўлиб кетган. Ўша Наждод масаланинг тайёр жавобини китобдан кўчириб, кал Сабрининг орқа этагига қадаб қўйди. Орқасида бир парча қоғоз осилиб ётганидан кал Сабрининг мутлақо хабари йўқ. Болаларнинг ҳаммаси ишга тушиб кетди. Аммо Сабрибей бир жойда тек турмай, пайтавасига қурт тушган одамдай нари бориб, бери келади. Шунинг учун орқасидаги қоғозда бор нарсани кўчириб олиш хийла мушкул бўлди. Бунинг ҳам ёиини топдик, бирортамиз уни гапга чалғитиб турамиз-да, бошқалар кўчириб олади. Менинг ишим юришмай қолди — энди кўчира бошлаганимда қимирлаб қолади. Охири уёқ-буёққа жилпанглаб, Сабрибейда шубҳа туғдирдим. Мени қўлга туширмоқчи бўлди шекилли, тепамга келиб, ҳеч нарса билмаган кишидай орқасини ўгириб тураверди. Мен ҳам боплаб кўчириб олдим. Ишини битирганлар қоғозини топшириб, бирин-кетин чиқиб кетишди. Қўнғироқ чалингач, қолганлар ҳам синфдан чиқишди. Буни қарангки, Сабрибейнинг орқасидаги шпаргалкани олиб қўйиш ҳеч қайсимизнинг эсимизга келмабди. Сабрибей ёзма ишларни йиғиштириб олгач, орқасидаги қоғозни ликиллатиб тўғри ўқитувчилар хонасига кириб кетди. Хуллас, айбдор топилмабди. Сабрибей юмшоқ кўнгил одам экан, кўп ялинишганидан кейин болалардан янгидан имтиҳон олибди. — Усмон қассоб эсингда борми? Униям боплаб қўлга туширган эдик-а? — деди улфатлардан яна бири. Усмон қассоб деганлари тарих ўқитувчиси экан. Бу одам, аксинча, бир жойда қимир этмай ўтираркан-у, аммо кўзи худди ўткир прожекторга ўхшаркан. Ҳамма нарсани шундоққина кўриб тураркан. Шунинг учун имтиҳон бўлиб қолса, олдинги қаторда ўтирган болалар нуқул паст баҳо олишаркан. Орқада ўтирганларнинг иши дуруст бўларкан: улар олдинги қаторда ўтирган болаларнинг орқасига китобни қўйиб, бемалол кўчириб олишавераркан.. Навбат дадамга келди. — Нофис қуруқнинг имтиҳони ёдингиздами? — Ҳа, анави пашша воқеасими? Унутиб бўладими уни... Маълум бўлишича, Нофиз қуруқ деганлари кимёдан дарс бераркан. Кўзи ожиз бўлгани учун узоқни яхши кўролмас экан. Бир куни имтиҳонлардан олдин ўқувчилардан бири катта-катта пашшадан тутиб, қутичага жойлаб олибди. Имтиҳон бошланибди. Ҳалиги бола юпқа қоғоздан шпаргалка тайёрлапти, кейин уни ингичка ип билан пашшанинг оёғига боғлаб, учираверипти. Маълумки, юки бор пашша узоққа учолмайди, бир кўтарилиб, бир қўнади. Болалар пашшани тутиб, шпаргалкани кўчириб олишар, кейин эса бошқа томонга учириб юборишаркан. Ҳаммалари шундай қилишибди. Бир пайт тўсатдан эшик очилиб синфга лицей директори кириб келибди. Тасодифни қараки, оёғига шпаргалка богианган бир пашша икки марта ҳавода гир айланибди-да, тўғри бориб директорнинг тепакалига қўнибди. — Сизларга ҳеч нарса бўлмадими ўшанда? — сўради Метин. — Бир болани мактабдан ҳайдашмоқчи бўли-шувди, аранг қутулиб қолди. — Ўша ўртоғимиз ҳозир профессор бўлган, — қўшимча қилди Нуртоннинг дадаси. — Сиз ҳам мактабда шу ишни қилганмисиз, беяфандим? — сўрашди бувамдан. — Э, қайси мактаб кўрган бола шпаргалкани билмайди, жаноблар, — деб бувам бошқа бир воқеани гапириб берди. Кимёдан оғзаки имтиҳон кетаётган экан. ичкарига уч кишидан кириб туришибди. Навбат бувамга келибди. Икки ўртоғи билан ичкари кирибди. Иккитаси орқароқда-ю, бир бола олдинда турган экан. Ўша энг олдинда турган бола синфнинг энг қолоқ ўқувчиси экан. Ўқитувчининг саволларига сираям жавоб беролмабди. Нимани сўрамасин, чурқ этмай тураверибди. Буни кўриб ўқитувчининг хуноби ошибди. Қани, осонроқ нарсани сўрайчи, зора жавоб берса, деган фикрда столда турган графинни кўрсатибди-да: «Хўш, бунинг ичидаги нима?» деб сўрабди. Бола безрайиб тураверибди. Шунда орқароқда турган ўртоғи ғижиниб: «Тўнка», дебди секингина. — Графинда нима бор, ўғлим? — Тўнка, афандим... Ўша куни эшитган гапларим мени қаттиқ ўйлантириб қўйди. Эртасига танаффусда волейбол ўйнаб турган эдик, ўқитувчимиз ҳам бизга қўшилди. Ўйиндан кейин дам олиб ўтирган эдик, миямдан нари кетмай турган саволни ўқитувчига бердим. — Нима, шпаргалка дейсанми? Бу ишни мен ҳам қилганман, албатта. Аммо бир ўзим эмас, — деб жавоб берди ўқитувчи. — Синфимизда бир аълочи бола бўларди. Бир куни ёзма имтиҳон пайтида ўша бола ҳаммамиздан олдин ишини ёзиб тугатди-да, ташқари чиқиб кетди. Кейин катта картон қоғозга бутун жавобларни ёзиб, таёққа илибди. Ҳовли томондаги деразанинг олдига бориб, таёқни баланд кўтариб турди. Биз ҳам жавобларни боплаб кўчириб олдик... Эртаси куни ўқитувчи оилашунослик дарсидан ёзма иш оладиган бўлиб қолди. Ўнг томонида Туркон, чапда эса Мурод ўтиради. Муродни билсанг керак, қайси бир хатимдаям уни сенга гапириб берган эдим. Ўқитувчи чақириб қолса, менми, деб анқовсирайдиган бола-чи? Энди эсингга тушдими? Мурод синфдан ўтолмай, ўтган йили шерикларидан қолиб кетган. Энди биз блан ўқияпти. Ўзи анча тиришқоқ бола-ю, лекин миясига дарс кирмайди. Аммо яхшигина ўртоқ у. Ўша куни Туркон ҳам нимагадир дарс қилмай келган экан. Ёзма иш бў-лишини эшитиб, иккови мендан нажот сўраб қолишди. — Шпаргалка узатолмайман-у, аммо керак бўлса секин айтиб туришим мумкин, — дедим уларга. Ўқитувчи саволларни айтиб турди, ҳаммамиз ёзиб олдик. Мана ўша саволлар: «Болани касалдан сақлаш учун нима қилмоқ керак?» «Касалнинг олдини олиш учун боланинг ўзи нима қилмоғи керак?» «Тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ўйинлар билан ўйинчоқларни айтиб беринг?» «Жисмоний жазонинг бирор тарбиявий аҳамияти борми?» Кеча кечқурун ва бугун эрталаб оилашунослик китоби қоиимдан тушмаган эди, шунинг учун қайси саволга қайси бетдан жавоб топиш мумкинлигини била-ман. Бундоқ қарасам, Туркон китобни тиззасига қўйиб олган экан. — Эллигинчи саҳифани очинглар. Эллигинчидан эллик иккинчи бетгача кўчираверинглар, — секин шипшиб қўйдим Туркон билан Мурод икковига. Ўзим ҳам ишга киришиб кетдим. — Мени лақиллатибсан-ку, — деб қолди бир пайт Мурод. — Ҳа, нима бўлди? — Эллигинчи бетда суяк ҳақида ёзилган-ку! — Кейинги саҳифани оч! — Очиб кўрдим. Мушак, қон томирлари бор экан. Партанинг тагида ушлаб турган китобига кўз қиримни ташладим. Қўлидаги «Анатомия» дарслиги экан. — Бунга бало борми? «Оилашунослик»ни ол! Мурод бошқа китобни олиб шипиллатиб ёза кетди. Салдан кейин Туркон иккови ишни топшириб чиқиб кетишди. Орқаларидан мен чиқдим. — Меникида эллигинчи бет умуман йўқ экан, — деб қолди бир пайт Мурод. — Нега энди? Албатта бўлиши керак, — дедим ҳайрон бўлиб. — Йўқ, худо ҳаққи. Қирқ саккиздан олтмиш тўртгача кўринмади. Кейин китобни кўрсатди. Гапи тўғри чиқди. Айтган бетлари чиндан ҳам йўқ эди. Бунинг эвазига олдинги бобдан иккита берилибди. Ҳарҳолда китобни муқовалаш пайтида хато кетган кўринади. — Xўш, кейин нима қилдинг? — Қирқ саккиздан уёғини кўчиравердим. Таваккалда. Эртасига ўқитувчи ёзма ишларимизнинг натижасини ўқиб берди. Туркон билан менга аъло қўйибди. — Энди мен сизларга синфдошингиз Муроднинг ёзма ишини ўқиб бермоқчиман, — деди у кутилмаганда. — Мана, эшитинглар, Биринчи савол: «Болани касалдан сақлаш учун нима қилмоқ керак?» Жавоб: «Тез эскирмаслиги, бежирим ва озода бўлиши учун уларни эҳтиёт қилиш, вақти-вақти билан дазмоллаб туриш керак». Ҳамма шарақлаб кулиб юборди. — Жим бўлинглар! Энди иккинчи саволга ўтаман. «Касалнинг олдини олиш учун боланинг ўзи нима қилмоғи керак?» Мана, Муроднинг ёзган жавоби: «Уни тез-тез чўткалаб туриш керак. Чангини қоқиб бўлгач, қозиққа илиб қўйинг. Мавсуми ўтгандан кейин эса бўхчага тугиб, сандиққа солиб қўйиш керак. Мабодо у қаттиқ кирланган бўлса, қайноқ сувга солиб, совун билан ишқалаб ювиш, кейин офтобда ёйиб қуритиш лозим». Кулавериб болаларнинг ичаги узилаёзди. Муроднинг шаънига ҳар хил кесатиқ гаплар ёғилиб кетди. Боёқиш қаттиқ ўсал бўлди. — Ахир бу гапларни мен ўзим тўқиганим йўқ, китобдан олиб ёздим-ку, — деди у охири йигиамсираб. — Ҳа, балли, китобдан кўчиргансан, биламан, — деди ўқитувчи. — Аммо шунда ҳам янглишибсан. «Бола тарбияси» ўрнига «Кийим-бошга қараш» деган бобни кўчирибсан. — Зайнаб менга шундоқ деган эди. Ўқитувчи ялт этиб менга қаради. — Ия, Зайнаб, ўртоғингга кўчирмачиликни ўргатганинг етмаганидек, яна алдайсанми ҳам? Энди орқага чекиниб бўлмайди. Шунинг учун: — Мен ҳечам алдаганим йўқ, афандим, — дедим. — Саволларга китобнинг қайси бетидан жавоб топиш мумкинлигини айтиб бердим, холос. Ўқитувчимиз Муроднинг китобини очиб кўрган эди, масала равшан бўлди. — Барибир буни ойингга айтиб бермасам бўлмайди, — деб ўқитувчи менга пўписа қилди. Ойимни мактабга чақириб, нима ёмонлик қилганимни айтишди. Кечқурун уйда тоза дашном эшитдим. Дадам: — Жуда номаъқул иш қилибсан, қизим, чакки бўпти, — деб койиб бердилар. Яхшиямки ўша куни бувам бизникида эди. Бувам жонимга ора кирди. — Бўлди энди, боламни кўпам койийверманглар, — дедим бувам ёнимни олиб. — Ўртоғига айтиб берган бўлса нима қипти, осмон узилиб ерга тушибдими? Ўзи китобдан кўчириб олмапти-ку, ахир. — Бировга айтиб берди нима-ю, кўчириб олди нима, икковиям бир гўр, — деди ойим ҳовуридан тушмай. — Бас энди, бўлди... Мактабда бу ишни ким қил-маган дейсан... Метин луқма ташлади: — Лекин ҳаммаям қоига тушавермайди-да. Иложим қанча, бўлар иш бўлди энди. Шундоқ бўлсаям ўринсиз таъналар эшитиб, дилим хуфтон бўлди. Айниқса, Метиннинг гап-сўзи ошиб тушди. Икки гапнинг бирида нуқул: «Чакки бўпти-да. Буни эплаган одам қилади. Қўлга тушиб, шарманда бўлишнинг нима кераги бор!» деб пичинг қилади. Хатингни кутаман. Иложи борича тўлароқ ёз. Майлими? Хўп, яхши қол. Сенга муваффақият тилаб: Зайнаб Ёлқир. Уй қайси ҳолатда Истанбул, 26-феврал, 1964-йил. Жигарим Зайнаб! 12-февралда ичига расм солиб юборган хатинг учун катта раҳмат. Синфингда бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеадан қаттиқ ранжибсан. Ҳа, ҳақлисан. Ўртоғингга яхшилик қила-ман деб ўзинг ёмонотлиқ бўлибсан. Муродни эсласам, боёқишга ҳам ачинаман, ҳам қилган иши учун ундан ўпкалайман. Синфимиздаги Ҳусайнни танийсан-а? Муродга ўхшаб Ҳусайн ҳам яқинда тоза кулги бўлди. Аммо у айбини бировга тўнкагани йўқ. Чунки мард бола у. Илгари сенга ҳам ёзган эдим. Бир куни жой талашиб дарахтдан йиқилиб тушганида ким уни итариб юборганини ҳеч кимга айтмаган эди. Сен Истанбулда ўқиб юрганингда Ҳусайнларнинг уйига ҳеч борганмидинг? Торгина кулбада туришади. Уйларини кўрмаган бўлсанг ҳам, турмушлари жуда ночор эканини билсанг керак. Мен уиарникига ҳар замонда бориб тураман, шунинг учун уйларидаги аҳволдан яхши хабардорман. Каталакка ўхшаган иккита кичкина хонада етти жон туришади. Шу жой танқислиги сабабми ёки қаттиқ муҳтожликданми, ишқилиб, уйларида ҳечам ҳаловат йўқ. Менга ўзини яқин тутиб, Ҳусайн баъзан оиладаги ночорликдан ҳасрат қилиб гапиради. Бечоранинг ҳолига ачинаман. Айрим кунлари мактабга қовоғи шишиб, кўзи қизарган ҳолда келади. Биламанки, ўша куни уйда яна жанжал бўлган. Ҳусайн кўпам очилиб-сочилиб юрмайди, аммо одамови ҳам эмас. Яқинда Ҳусайн мактабга яна икки қовоғи шишиб келди. Йиғлаганини бировга сездирмаслик учун жимгина жойига бориб ўтирди, ҳеч ким билан гаплаш-мади ҳам. Шу орада қўнғироқ чалиниб, дарс бош-ланиб кетди. Тил дарси эди. Ўқитувчи отларнинг келишикларда турланишини тушунтириб берди. Келишикларни ёдлаб ҳам олдик; бош келишик, қаратқич, тушум, ўринпат ва чиқиш келишиклари. Келишикларни яхшилаб тушунтириб бергач, ўқитувчи Дамирни турғизиб, «Олтин деразали уй» ҳикоясини ўқишга буюрди. Ушбу ҳикояни ўзинг ҳам билсанг керак. Қисқача мазмуни шундай. Бир ўрмон бўларкан. Шу ўрмон ичидаги кичкинагина кулбада чол-кампир туришаркан. Уларнинг битта қизи бўларкан. Жуда камбағал бўлиб, қўл учида кун кўришаркан. Ҳар куни қизча кечки пайт остонага чиқиб қараса, узоқдан бир уй кўриниб тураркан. Уйнинг деразалари олтиндай товланиб, жуда чиройли кўринаркан. Қизчанинг шундай ажойиб уйга ҳаваси келибди, нима бўлсаям уни бир кўрмоқчи бўлибди. Кунлардан бир куни уйидан чиқиб, ўша томонга қараб юраверибди. Йўл юрибди, ёи юрсаям мўл юрибди, охири ўша жойга етиб борибди. Лекин шу пайт тўсатдан атрофга қоронғи тушибди. Қизча ўрмон ичида ухлаб қолибди. Бир маҳал уйғониб қараса, ўзи келган томонда яна бир уй чарақлаб ётганмиш. Унинг ҳам ойналари худди олтинга ўхшаб ялт-ялт этиб турганмиш. Қизча олдинига ҳайрон бўлибди, ке-йин бу уй ўзлариники эканини, офтоб нури тушиб, шунақа ярақлаб турганини тушу-нибди. Дамир ҳикояни ўқиб бўлди: — Қани, қиссадан ҳисса нима? — сўради ўқитувчи. Бизни кутмай, ўзи жавоб берди: — Ҳар ким ўз турмушидан нолимаслиги керак. Ҳикоядаги қизчага ўхшаб, биз ҳам кўпинча ўзимиз яшаб турган ҳаётнинг қадрига етмаймиз. Ундан сал узоқлашган тақдирдагина ўзимиз қанчалик бахтли, турмушимиз қанчалик соз эканини англаб етамиз. Демак, ким қандай уйда яшаётгана бўлса, унинг учун энг соз уй ўша. Шундан кейин у ҳикоядан бир жумлани ўқиб берди. Ичида «уй» деган сўз бор экан. — Қани Ҳусайн, сен айт-чи, шу жумлада «уй» сўзи қайси келишикда келган? Орқа партада ўз ёғига ўзи қовурилиб ўтирган Ҳусайн ўқитувчининг гапини эшитмади. Ўрнидан туришга турди-ю, лекин чурқ этиб оғиз очмади. — Уй қайси келишикда, Ҳусайн? Ҳусайн энди саволни эшитди, аммо бошқача тушунди. — Яхши деб бўлмайди, афандим, — деди у ўксиниб. Ўқитувчи таёқдек қотиб қолди. — Нима деяпсан ўзинг? Мен сендан «уй»ни сўраяпман? Болаларнинг олдида аҳволидан нолиб, калака бўлишни истамаган Ҳусайн: — Яхши эмас, афандим, — деди ўпкаси тоииб. — Нега энди яхши эмас? — Ҳеч қачон яхши бўлмаган... Ҳозир илгаригидан ҳам баттар. Ҳусайн нима демоқчи бўлганини ёлғиз мен тушуниб турибман. Болалар бўлса нима гаплигига тушунмай кулиб ётишибди. — Нимага баттар бўларкан? Ҳусайннинг томоғига бир нарса қадалгандай, овози титраб кетди. — Чунки... чунки уйнинг эгаси бизни кўчага ҳайдаяпти. Ижара ҳақини беролмовдик. Синфда кулги кўтарилди. Ҳусайн жойига ўтириб, икки қўли билан бошини чангаллаб олди. Ўқитувчи жумлани яна қайтариб ўқиди: «Қизча узоқдан олтин деразали уйни кўрди». — Қани, Дамир, сен жавоб бер. Шу жумлада уй қайси келишикда? — Тушумда, афандим. — Xўш, қайсида экан? Бу гал ҳам Ҳусайн тушунмади. Дамирнинг жавобини ўзича йўйди. — Тушида экан, афандим. Яна кулги бўлди. Ҳусайн тушум келишигини «тушим» деб эшитган эди. Ҳусайннинг кўнглидан нима кечаётганини ўқи-тувчи жуда кеч фаҳмлади. Кейин мавзуни ўзгар-тиришга мажбур бўлди. — Ким қаерда яшаётган бўлса, шунга шукур қилиши керак. Биз қайси уйда турган бўлсак, ўша уй биз учун ҳисобланади. Кечқурун мактабдан қайтишимизда Ҳусайнни юпатиб келдим. Анқарада об-ҳаво қалай? Бизда яна совуқ турди. Кеча озроқ қор ёғган эди, дарров эриб кетди. Биз турган уйнинг ҳолати чакки эмас-у, лекин мен норозиман — залдаги катта печка мен ётган хонани яхши иситмайди. Xўш, сизларники қалай? Хатингни кутаман, Зайнаб. Сени бир умр эсдан чиқармайдиган ўртоғинг: Аҳмад Тарбай. Ёлғон гапирма Анқара, 16-март, 1964-йил. Аҳмад! 26-февралда юборган хатингга кечикиб жавоб қай-тараётганим учун узр. Биласанми, биз ҳозир 23-апрелда бўладиган кечага тайёргарлик кўряпмиз. Менга кўп нарсани юклаб қўйишган. Бир томондан, шу кечанинг ташвиши, иккинчи томондан, дарслар ҳам кўпайиб кетди. Xуллас, сенга ўз вақтида жавоб ёзолмадим. Лекин Ҳусайнга икки энлик хат юбордим. Ҳусайннинг бошига тушган кулфатни эшитиб, қаттиқ қайғурдим, буни сен орқали билганимни айтмасдан, кўнглини кўтариб қўйдим. Сенга жавоб ёзишга вақт тополмай юрган кезларим қизиқ-қизиқ гаплар бўлиб ўтди. Шулардан бирини сенга гапириб берай. Ўзи Метинга тааллуқли нарса. Метиннинг гоҳ-гоҳда дадамга ёлғон гапириб қўядиган одати бор. Дадам буни сезиб қолса жуда жаҳли чиқиб кетади. Кейин эса уни ёнига олиб, қаттиқ насиҳат қилади. — Нима қилсанг қилгин-у, лекин ёлғон гапирмагин, ўғлим, — дейди дадам бундай пайтларда. — Ёлғоннинг уруғи сероб бўлади. Арзимаган нарсада алдасанг, буни яшириш каттароқ ёлғонни ўйлаб топишга мажбур бўласан. Иннайкейин, сирим ошкор бўлмасин деб бундан ҳам каттароқ ёлғонни ишлатасан. Майда ёлғондан ҳамиша катта ёлғон келиб чиқади. Шунинг учун зинҳор ёлғон гапирма, ҳамиша ростгўй бўл! Дадам шундай деб айтади-ю, лекин Метинни ёлғон гапиришга ўзи мажбур қилади. Нега деганда Метиннинг пашшадек гуноҳи дадамга туядек бўлиб кўринади. Укам бечора кейин роса сўкиш эшитади. Шунинг учун ҳам у ёлғон ишлатиб, дадамнинг дўқ-пўписасидан қутулсам дейди. Лекин барибир охири сир очилиб, роса гап эшитади-я... — Дадамга нима деб баҳона қилсамикин? — деб қолди бир куни Метин менга термулиб. Хабарим бор, бир неча кундан бери дадам Метинга бугун албатта сочингни олдириб кел, деб тайинлайди. Метин бўлса ўйин билан овора бўлиб, нуқул буни эсидан чиқаради. Ўша куни эрталаб ишга кетаётиб, дадам: — Ишдан қайтгунимча сочингни олдириб кел, бўлмаса хафа қиламан, — деб Метинни қаттиқ койиб берган эди. — Тўғрисини айт, вақтим бўлмади, де. Ёлғон гапирсанг барибир мисинг чиқади, — деб маслаҳат бердим. — Тўғрисини айцам, дадам уришиб берадилар... Берган пулингизни йўқотиб қўйдим, деб айтай-ми-а? — Эсинг борми ўзи? Бир мартаям шунақа деб қўлга тушган эдинг-ку. Йўқотдим деган пулинг ёнингдан чиқувди. — Китоб олдим, десаммикан-а? — Ростини айтавер яхшиси. — Ёки сартарошхонада одам кўп экан, навбат тегмади, деб айтайми? Топган баҳоналарига ўзининг ҳам кўнгли тўлмади. Дадамнинг Зиёбей деган ошнаси бор. Ўша куни кечқурун шу киши хотини билан меҳмонга келиб қолишди. Дадамни анчадан бери кўрмаган экан, соғиниб келибди. Аммо кеч кириб, қоронғи тушди ҳамки, дадамдан дарак бўлмади. — Бирпас ўтиринглар, ҳали замон келиб қолади, — деб ойим меҳмонларни гапга солиб ўтирди. Аммо дадамдан дарак бўлавермагач, ойимнинг ўзи ғулғулага тушди. — Бунақа одати йўқ эди. Намунча кеч қолдийкин-а? — Ким билади, балки иш-пиши чиқиб қолгандир, — деди Зиёбей ойимни тинчитиб. — Ҳайронман, иши чиқса хабар қилгувчи эди. Метин икковимиз овқатни едик. Яна анча вақт ўтди. Метин ҳам ўрнига кириб ётди. Меҳмонлар энди кетамиз деб туришган эди, бирдан эшик тақиллаб қолди. — Ана, келди! — деди ойим сапчиб ўрнидан туриб. — Биз бекиниб оламиз, кўриб ҳайрон бўлади, — деганича меҳмонлар югуриб нариги хонага кириб олишди. Ойим бориб эшикни очди. — Қаерда юрибсан? Тинчликми ўзи? Роса хавотир олдик-ку. — Зиёбей касал экан. Кўриб келяпман, — деди дабдурустдан дадам. — Шундайми? Намунча қолиб кетдинг бўлмаса? — Оғир ётган экан. Олдида бирпас ўтирдим. — Вой боёқиш-ей! Ишқилиб соғайиб кецин-да! Дадам яна бир нима демоқчи бўлиб энди оғиз жуфтлаган ҳам эдики, қўшни хонадан чиқиб келаётган Зиёбей билан хотинига кўзи тушди. Дадам нима дейишини билолмай қолди. Охири: — Ия-ия-ия... Ўзлари ҳам шу ерда эканлар-да! — деб юборди. — Сенга бир кутилмаган совға тайёрлаб қўймоқчи бўлувдик! — Чиндан ҳам бу кутилмаган совға бўлди, — деди ойим жилмайиб. Ҳаммалари дастурхонга ўтиришди. — Метин ухлаб қолдими? — сўради дадам салдан кейин. — Ҳа, ухлаб қолди, — дедим шоша-пиша. — Ўзиям баҳона топаман деб роса чарчади. Сочини бугун ҳам олдиргани йўқ. Эсидан чиқибди. Тўғриси ни айцам, урушиб берадилар, деб сизга ёлғон гапирмоқчи бўлиб турган эди. Дадам ўшқириб берди. — Бемаҳалда нима қилиб юрибсан? Бор, жойингга ёт! Хуллас, Метин эртанги жазодан қутилиб қолди. Аҳмад, тез-тез хат ёзиб тур. Яхши тилакларимни қабул қилгайсан. Зайнаб Ёлқир. Байрам консерти Истанбул, 24-арел, 1964-йил. Зайнаб дўстим! 16-мартда ёзган хатингдан кейин сендан яна бир откритка олдим. Откриткада мендан ранжиганга ўхшайсан, олдинги хатингга кечикиб жавоб ёзганим учун сен ҳам шундай қиляпсанми, дебсан. Мутлақо ундай эмас. Биз ҳам 23-апрел кечасига тайёрланиб юрган эдик. Шунинг ташвиши билан вақт жуда тез ўтиб кетди. Мана, кеча бир амаллаб қутулиб олдик. Гўё елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Дарҳол хатга ўтирдим. Консертимиз зап антиқа ўтди. Биласанми нимага? Жуда қизиқ ҳангомалар бўлди. Энг кўп маломатга қолган ҳам мен бўлдим. Консерт учун асосан учинчи синф ўқитувчиси жавобгар эди. Мусиқа ўқитувчиси ашула билан ўйин қисмини ўз зиммасига олди. Ўзимизнинг ўқтиувчимиз эса консерт кечасида кўрсатиш учун битта пйеса ёзиб берди. Мен бир нарсага ҳайронман — катталар нуқул ўз касбларидан нолишади, кўнгиллари бошқа соҳани қўмсаб юради. Мана, дадамни олиб кўрайлик. Яна озроқ ўқиганимда катта шоир бўлиб кетардим, дейди бизга. Дадам ҳозир ҳам тинч юрмайди. Xиёл бўш қолди дегунча шеърга уннаб кетади. Амаким ҳам шундай. Қўлида техник ҳунари бор-у яна врачликни орзу қилади. Ўқитувчимизнинг бўлса ёзувчиликка кўнгли суст кетган. Кўпинча бизга у: «Аллақачон ёзувчи бўлиб кетардим-у, лекин насиб қилмаган экан-да», дейди. Бундоқ ўйлаб қарасам, ҳамма бировнинг ҳунарини орзу қиларкан. Аслида директор босилиб чиққан бирор пйесани саҳнага қўяверинглар, деб тайинлаган эди-ю, аммо ўқитувчимизга буларнинг ҳеч қайсиси маъқул бўлмади. Ўзи енг шимариб ишга тушиб кетди. Янги пйеса ҳам тайёр бўлди. Жуда аянчли чиқибди. Яхшиси, сенга бунинг қисқача мазмунини айтиб бера қолай. Xулқи ёмон бир бола бўлади. Ота-онасини жуда безор қилиб юборади. Бола мактабдан қочади, ишдан қувилади ва ёмон йўлга кириб кетади. Бу шармандаликка чидаёлмаган она оламдан ўтади. Ўғил отасини қийнаб, пул олиб юради. Бермайдиган бўлса, дўппослайди. Кунлардан бирида у жиноят устида қоига тушиб, қамалиб кетади. Қамоқдан анча тузалиб чиқади. Бутун қилмишлари учун кечирим сўрагани тўғри отасининг олдига боради. «Отажон, мени кечи-ринг, гапларингизга кирмадим, насиҳатларингизга қулоқ солмадим, мана, оқибатда шарманда бўлдим. Энди ҳаммасига тушундим. Ўтинаман, мени кечиринг!» деб ёлворади. Қадди букчайиб қолган ота: «Ота деган ҳамиша ўғилнинг гуноҳидан ўтади. Мен ҳам сени кечирдим, ўғлим. Парвардигорга илтижо қил, ўз даргоҳида кечирсин», деб ҳўнграб йиғлаб юборади. Аммо юраги буни кўтаролмай, ерга йиқилади-да, жони узилади. Пйеса чиндан ҳам жуда қайғули эди. Уни ўқиёт-ганимизда синфда ҳамма бир-бир йиғлаб олди. — Бошқа бирор енгилроқ пйеса қўйганимиз маъқул эмасми, афандим? — деб сўрадим. Ўқитувчимиз мени қаттиқ жеркиб: — Бу нима қилиқ, Аҳмад?! Яна маҳмаданалик қиляпасанми? — деди. Ҳолбуки буни мен бутунлай бошқа мақсадда сўрагандим. Бетимизга соқол-мўйлов ёпиштириб, катта одамларга тақлид қилиб юргандан кўра мактаб ҳаётидан бирор нимани саҳналаштириб, ўзимизга мосроқ ролларда чиққанимиз яхши эмасми, деб айт-моқчи эдим. Аммо мақсадимни тушунтиролмаб-ман. Саҳнага соқол-мўйлов ёпиштириб чиққан болалар худди циркдаги лилипутларга ўхшаб қолади. Буни илгари ҳам кўп кўрганман. Катта одамнинг ролида чиққан бола қанчалик яхши ўйнамасин, барибир залга кулги бўлади. У қанчалик жиддий гапирса, томошабинлар шунчалик кўп кулади. Бас, шундай экан, биратўла кулгили асарни кўрсатиб қўя қолсак бўлмайдими? Мен шуни айтмоқчийдим. Ўқитувчимиз койиб бергач, индамай қўя қолдим. Пйеса беш кишига мўл ёзилган экан. — Ноқобил ўғил ролини сен ўйнайсан, Аҳмад. Ўзиям сенбопроқ, қотирасан, — деди ўқитувчи. Дамирга ота, Минега эса она роли топширилди. Ҳамма ўз ролини яхшилаб ёдлаб олди. Уч-тўрт марта репетиция ҳам қилиб кўрдик. Сўнгги репетиция куни роса ёмғир қуйди. Ўзинг биласан, мактаб томидан ёмон чакка ўтади. Ёмғир нақ саҳнанинг тепасидан челаклаб қуйгандек бўлди. Ҳаммаёқ ивиб кетди. Полга қаторасига челак, тоғора ва кастрюллар қўйиб чиқдик. Консерт программасига битта хитойча рақс номери ҳам киритишибди. Ўйинчилар группасида мен ҳам бор эканман. Мусиқа муаллимимиз аллақайси мактабда хитойча рақсни кўриб дилига тугиб қўйган экан, шуни ўйнайдиган бўлдик. — Ўзимизнинг «Зайбек»ни ўйнасак бўлмайди ми? — деб сўрадим ўқитувчидан. «Қачон консерт бўладиган бўлса нуқул «Зайбек»ни ўйнайсиз, бирор янги нарса кўрсатиш ҳам керак ахир», деган жавобни олдим. — Бўлмаса биз тенги хитой болалари ҳам консерт қўйганда ўзимизнинг «Зайбек»ка тушишадими? — Масхарабозлик қилма! — уришиб берди мусиқа муаллими. Аммо мен «Зайбек»ни ўйнаб турган хитой боласини бир зум тасаввур қилдим-у мийиғимда кулиб қўйдим. Чамамда, хитой болалари ҳам шундай. Xитойча рақсга тушганимизни кўришса борми, роса қийқириб кулишса керагов. Томдан чакка ўтиб турибди-ю, биз пақир-тоғоралар ўртасида охирги марта репетиция қилиб олдик. Xитойча рақснинг залворидан пол тахталарининг бели букилиб кетди. — Бу сенга «Зайбек» эмас, хитойча рақс бўлади, ҳадеб осмонга қараб ирғишлайверма. Xитойларнинг ўйини оғир-вазмин бўлади, улар кескин ҳаракат қилишмайди, — деди менга танбеҳ бериб мусиқа ўқитувчимиз. Мумкин қадар салмоқ билан, вазмин ўйинга туш-моқчи бўламан-у, аммо «Зайбек» қон-қонимизга сингиб кетгани учун беихтиёр осмонга сапчиб кетаман. — Намунча сакрайверасан, Аҳмад? Xитой руҳига мос келмайди бу. Xитойларнинг ҳаракати майин бўлади. — Яхши, лекин хитой руҳи менга мос келмаса, нима қилай? Мен бунга ўрганмаган бўлсам... Мусиқа ўқитувчимиз пианинода жўр бўлиб турди, биз рақсга тушдик. Яна бир жойга келганда тўсатдан сакраб юборган эдим, ўқитувчи ирғиб ўрнидан турди-да, менга қараб югурди. Йўлда чакка тўла пақирга қоқилиб ағдарилиб тушди. Ҳаммаёғи шалаббо бўлди. Тоза қиёмат кўтарилди. Xуллас, кечга яқин маълум бўлдики, сўнгги репетициямиз муваффақиятли ўтибди. Консерт куни ҳам етиб келди. Юрагимиз така-пука бўлиб, парда орқасидан залга мўралаймиз. Тумонат одам йиғилган. Биз саҳнада саф тортиб турибмиз. Ҳаммаси бўлиб эллик боламиз. Синфларимиз ҳам ҳар хил. Мана, парда очилди. Саф тортиб «Мустақиллик марши»ни айтдик. Кейин каттароқ болалар орқага ўтди. Биринчи ва иккинчи синф ўқувчилари «Бугун — йигирма учинчи апрел» деган қўшиқни бошлаб юборишди. Қўшиқ тугагач, залда қарсаклар янграб кетди. Кейинги айтилган қўшиқ мусиқа ўқитувчисига сира маъқул бўлмади. — Бу қандай ўзбошимчалик? Нима қилиб қўйдинглар?! Қўшиқни икки киши ижро этиши керак, деб айтмовдимми? Оломон қилиб юбордиларинг-ку! — деб койиб берди у парда орқасидан. Хитой рақсига навбат келди. Ликопча кўтариб. саҳнага қизлар чиқишди. Эгниларида гулдор юбка билан калта кўйлак. Бизлар ҳам қизлар билан олдинма-кетин саҳнага чиқдик. Қош-кўзимизга қозонкуя суртиб, лабимизнинг тепасига қора мўйлов қўндириб олганмиз. Мусиқа ўқитувчимиз пианинони бошлаб юборди. Ликопча ушлаган қизлар гоҳ эгилиб, гоҳ туриб орамиздан ўтиб юришибди. Шу ўртада тўсатдан бир фалокат юз берди. Ўқитувчининг панд-у насиҳатлари паққос ёдимдан кўтарилиб, сакраб юборибман шекилли, чириган пол тахтасининг ораси очилиб, ўйинчи қизлардан бирининг этагини қисиб олди. Биз ўлиб-қутулиб муқом қиляпмиз-у, у бўлса этагини тортиш билан овора. Яна бир сакраб кўрай-чи зора боёқишнинг этаги чиқса, деган хаёлда олдига келиб бир ирғиб тушдим. Полнинг оғзи очилишга очилди-ю, аммо раққосамиз юбкасини тортиб ололмади. Бечора жон-жаҳди билан бир силкинган эди, шир этиб юбкаси тушиб кетди. Бўлди кулги, бўлди кулги. — Парда! Пардани ёпинглар! — деб қичқирди мусиқа ўқитувчимиз саҳна ортидан туриб. Гулдурос қарсаклар остида парда туширилди. Шундан кейин турли рақслар ўйналди, қўшиқлар айтилди. Энг охири спектаклга навбат келди. Ўқитувчиларимизнинг ўзи бизни грим қилиб чиқди. Мине ойисининг эски кийим-бошини кийиб олган эди, нақ лилипут кампирнинг ўзи бўлди-қолди. Ўқитувчи бурнимнинг тагига қуюқ қилиб елим ёпиштиргач, кетмоннинг сопидек йўғон мўйловни қўндириб қўйди. Елимнинг кучи етмай мўйлов тушиб кетди. Устоз яна бир энлик елим суртиб қўйган эди, мўйловим жойига тушди. Дамирнинг икки бетини елимлаб, устидан пахта ёпиштиришди. Ота ролида чиққанидан кейин соч-соқоли оппоқ бўлиши керак эди-да. Гримни бир амаллаб тугатдик. Шу пайт ўқитувчимиз тўсатдан: — Дамир жуда ёш кўриняпти. Кўзойнак тақиб олмаса бўлмайди, — деб қолди. Ҳолбуки репетицияларда бу ҳақда гап бўлгани йўқ эди. Шу топда қаёқдан кўзойнак топиб бўлади? Xайрият, директор жонимизга оро кирди. Кўз-ойнагини олиб, Дамирга берди. — Лекин эҳтиёт бои, тағин синдириб-нетиб қўйма. Агар шу бўлмаса, ҳеч нарсани кўзим кўрмайди, — деди у Дамирни огоҳлантириб. Кўзойнак Дамирни худди митти чолнинг ўзи қилиб қўйди. — Вой-бў, кўзим қамашиб кетяпти-ку, ҳеч нарсани кўрмаяпман, — нолиб қолди Дамир. Гапи тўғри экан. Парда очилганда саҳнага чи-қаман деб бошини деворга қаттиқ уриб олди. Орқасидан итариб-суриб, бир амаллаб саҳнага чиқариб юбордик. Ҳарқалай, спектаклнинг биринчи пардаси анча яхши ўтди. Залда янграган қарсаклар бунинг яққол исботи бўлди. Иккинчи парда бошланди. Мен онамни, яъни Минени савалаб турибман. Отам боимиш Дамир менга насиҳат қилиши керак. Бир пайт бундоқ қарасам, Дамир бизни кўрмаяпти. Томошабинларга орқасини ўгириб олиб, деворга қараб монолог ўқияпти. Ҳар икки гапининг бирида: — Ҳой золим бола, бу нима қилганинг, ахир? Сени шу умидда боқиб катта қилганмидик-а? — деб деворга нола қиляпти. — Буёққа қараб гапир, биз орқангда турибмиз, — секин шивирладим қаршисидан чиқиб. Мен онамни калтаклаб турганимда Дамир уни қўлимдан қутқариб олиши керак эди. Лекин Дамир яна бизни пайқамади, кўзбоғлағич ўйнаётган боладай қўли билан пайпаслаб қолди. — Урма, урма онангни! Онага қои кўтариб бўлмайди, оқпадар! Тўхта дейман! — эшик томонга қараб бақиради у. Биз ўнг ёғида турибмиз-у у бўлса чапга қараб бўкиради. Зора овозимни эшитиб, биз томонга ўгирил-са, деган ниятда кинода кўрганларимни ишга солдим. — Xа-ха-ха! Ураман! Ураётган бўлсам мен бировнимас, ўз онамни уряпман! Дамир овозимни пайқаб, биз турган томонга ўгирилди-ю, лекир дарров йўқотиб қўйди. — Ҳой бола, урма деяпман сенга! Илоҳим онани урган қўлларинг синиб тушсин! Яна уни бу томонга қаратиш учун ханда отаман: — Xа-ха-ха! Хуллас, Дамирдан иш чиқмайдиганга ўхшайди. Бизни топиб олишига кўзим етмай қолди. Ноилож Минени Дамирнинг олдига судраб келдим. — Ҳой оқпадар дейман... — Бу томондамиз, ота, бизга қараб қўй. Дамир фаросатли бола эмасми, дарҳол вазиятни тушунди. — Бетингни кўргани кўзим йўқ, оқпадар. Мен отанг бўламан. Керак бўлса менга ўзинг қара! Пйесадан тамоман четга чиқиб кетдик. — Кимга қараб гапиряпсан, ота, ахир мен орқангда турибман-ку... — Ҳарҳолда сенга эмас. Тоқатим йўқ сен билан гаплашгани... — Бўлмаса деворга гап уқтиряпсанми? — Сендан кўра шу девор маъқул. Гапирсанг, тушунади. — Сенинг ўрнингга тош туғсам бўлмасмиди, кунимга ярарди, эвоҳ, — деб ерда инграб ётган Мине ҳам жон берди. Дамир оламдан ўтган Минени бағрига босиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлаши керак. — Қанисан, хотинжон, қаёқда қолдинг, жабрдийдам! — деганича у ўзини ерга отиб, Минени тимирскилаб қидира бошлади. Мине ётган жойида унга қараб талпинди. — Бу ердаман, мен ўлдим. — Мана энди бирга бўлинглар! — деб Дамирни ёқасидан олдим-да, Миненинг устига улоқтирдим. Шу билан иккинчи парда ҳам тугади. Парда туширилгач, ўқитувчимиз Дамирни қаттиқ койиб берди. — Кўзойнакда кўрмаётган бўлсам, нима қилай ахир, — деди у ҳам ўзини оқлаб. Охирги пардада Дамирни кўзойнаксиз чиқармоқ-чи бўлишди-ю, лекин шу пайтгача кўзойнакда юрган чол ўлими олдидан бирдан уни ташласа, қизиқ туюлади, деган андишада бу фикрдан воз кечишди. — Кўзойнакни таққин-у, лекин ойнагининг устидан қара, — маслаҳат берди директор. Дамир директорнинг маслаҳатига амал қилгани учун учинчи парда анча силлиқ ўтди. Аммо олдинги саҳналарда томошабинларнинг кулги патини қитиқлаб қўйган эканмиз, тўғри гапгаям қийқириқ кўтаришади. Йиғлаш керак бўлган жойда ҳам нуқул кулги қилишади. Учинчи пардада мен қамоқдан бўшаб, уйга келаман. Энди ўз қилмишларидан пушаймон бўлган ўғилман. Отамга ялиниб, мени кечиришини сўрайман. Залдагиларга қолса, шу ҳам кулги. Бунинг нимаси кулги экан, ҳайронман. Кечирим сўраб, отамнинг қўлини ўпишим керак. Энди ўпмоқчи бўлиб энгашган эдим, бундоқ қарасам, мўйловимнинг бир томони ерда ётибди. Яримта мўйлов билан бошни қандоқ кўтараман?! Дарров буёғини келиштириб юбордим. — Оёғингизга бош қўйиб ялинаман, отажон! — деб Дамирнинг оёғи остига ўзимни отдим. Айни пайтнинг ўзида ерда мўйловга чанг сол-дим. Дарров лабнинг тепасига қўндирдим. Аммо фалокат деган нарса ёлғиз юрмас экан. Мўйловнинг чап бўлаги тушган экан-у, уни ўнг томонга ёпиштирибман. Иккови устма-уст бўлиб қолди. Дамир буни сезган экан, «чапга ол уни», деб шивирлади. Ҳаракат қилиб кўрдим, бўлмади. Охири мўйловини бураётган кишидек қилиб чап қўлни бўш жойда ушлаб туравердим. — Мен сени кечирдим, ўғлим, — деди отам ниҳоят. Мен бўлсам унга мўйлов қиламан. Лекин бунинг ҳам чеки бўлиши керак-да! Қачонгача отамга қараб мўйлов бурайман?! — Агар гуноҳимдан ўтмаганингда шу мўйловни мана бундоқ қилиб юлиб ташламоқчи эдим, отажон! — дея солиб мўйловни шартта олиб, оёғимнинг остига ташладим. — Нима қилиб қўйдинг, болагинам? — Сендан айлансин шу мўйлов, отажон! Гуноҳим катта, уни ювишга бу ҳам етмайди. Спектакл охирлаб қолди. Энди отам ҳўнг-ҳўнг йигиаб мени бағрига босиши ва «гуноҳингдан ўтдим, ўғлим. Энди парвардигорга илтижо қил, сени ўзи кечирсин», деб туриб, жонини таслим қилиши керак. Дамир ҳўнграб йиғлаб юборди. Разм солиб қарасам, ростакамига йиғлаяпти. Спектаклдан кейин айтишига қараганда, юраги эзилиб кетган экан. Xуллас, юз-кўзи чаплашиб, пахта ивиб кетди. «Вой, болагинам!» деб ўзини менга ташлади. Бирпас қучоқлашиб турдик. Кейин бир-биримизни бўшатдик. Юзига қарасам, биттаям соқол-мўйлови қолмапти. Ҳайрон бўлиб ўзимникина пайпаслайман. Ана холос. Мендан соқол ўсиб чиқибди. Боя бир-биримиз билан ачомлашиб турганимизда Дамирнинг ивиб кетган соқоли менга ўтиб қолган экан-да... Бирпасда ўғлидан отага айланиб қолдим. Ҳозир отанинг ерга йиқилиб, жон берадиган пайти. Лекин Дамирнинг ҳеч оиадиган турқи йўқ. — Бўл энди, Дамир, ўладиган бўлсанг тезроқ ўлмайсанми, — пичирлаб дедим унга. — Соқол сенга ўтди-ку, энди қайси биримиз оиишимиз керак? — Ахир сен отасан, албатта ўлишинг керак. Ерга от ўзингни! — Дамирнинг бўлса ўзини ташлагани ҳечам юраги бетламайди. — Намунча имиллайсан? Бўл тез! — Йиқил десанг йиқилавераман-у, аммо директорнинг кўзойнаги нима бўлади? Тағин синиб қолса-я? — деди у олдимга келиб. — Э, гапни чўзма, тез бои. Спектакл тугаши керак. Шарманда бўлдик. — Мен гуноҳингдан ўтдим. Энди парвардигорга илтижо қил, сени кечирсин. Дамир шу гапни айтди-да, кўзойнакни бемалол столга олиб қўйди. Кейин: «Энди мен ўляпман!» деганича гуп этиб ерга ағдарилди. Мен унинг устига ўзимни ташладим. Дарҳол пардани ёпишди. Аммо икковимиз жуда олдинга чиқиб кетган эканмиз, ярим белимиз пардадан ташқарида қолди. Зал кулги ва қарсак зарбидан ларзага келди. — Бундай аҳволда ётаверсак бўлмайди, қани, турамиз энди, — деб Дамирга пичирладим. — Ўлган одам қанақа қилиб туради? Xоҳласанг, ўзинг тур, мен ётишим керак. Аллаким оёғимиздан судраб, парда ичига олди. Ўрнимиздан туриб кўрсак, ўқитувчимиз экан. — Расво бўлдик, Аҳмад, энди тоза гап эшитамиз, — деди секингина Дамир. Юрак ўйноғида саҳна ортига ўтдик. Директор билан ўқитувчилар ҳузур қилиб кўзёшларини артиб туришган экан. Хуллас, 23-апрелдаги консертни боплаб ташладик. Ҳамма Дамирга қойил қолди. Ҳали-ҳали Дамир зўр истеъдод эгаси экан, деб юришибди. Бу гапнинг тагида жон бор. Зотан у ўқитувчимизнинг трагедиясини ажой-иб комедияга айлантириб берди. Шу кунларда Истанбулнинг ҳавоси жуда ажойиб. Каникул кунлари Истанбулда дийдор кўришгунча хайр. Омон бўл. Аҳмад Тарбай. Болалар романи учун конкурс Истанбул, 25-апрел, 1964-йил. Қадрдоним Зайнаб! Куни кеча сенга хат жўнатган эдим, мана бугун эса яна ёзяпман. Роса ҳайрон бўлсанг керак. Кетма-кет ёзишимнинг сабаби бор — бир нарсага сен қандоқ қарайсан, шуни билмоқчиман. Агар менинг фикрим сенга маъқул тушса, бир иш қиламиз. Яқинда бир гап эшитиб қолдим. Болалар романи учун конкурс эълон қилинганмиш. Шуни эшитдим-у, лоп этиб миямга бир фикр келди. Бир-биримизга ёзган хатларимизни тартиб билан тўплаб чиқсак, шунинг ўзи роман бўлмайдими? Мен ҳамма хатларингни йиғиб юрибман. Сен ҳам мендан олган хатларингни тартибга солиб, папкага жойлаб қўйганингни биламан. Буни ўзинг айтган эдинг. Хўш, бунга нима дейсан? Сенга маъқулми шу гап? Агар конкурсга қатнашишга рози бўлсанг, жами-ки хатларни бир конвертга солиб, авиапочта орқали тезда менга юбор. Икковимиз шерик бўлиб қатнашамиз. Агар сен шу таклифимга қўшилмайдиган бўлсанг, у ҳолда менга дарҳол хабар қил. Яна бир илтимосим бор. Таклифни маъқул топсанг, бу ҳақда ҳозирча ҳеч кимга гапирмай тур. Конкурсда ютиб чиқсак, уйи-миздагиларга бу совға бўлади. Борди-ю, омадимиз келмаса, у ҳолда ёпиғлик қозон ёпиғлиғича қола-веради. Ҳеч ким буни юзимизга сололмайди. Жавобингни кутаман. Ҳурмат ила синфдошинг: Аҳмад Тарбай. Марра сеники Анқара, 27-апрел, 1964-йил. Азиз дўстим Аҳмад! Ҳозиргина хатингни олдим. Дарҳол жавобга ўтирдим. Бўлишим биланоқ ҳамма хатларингни сенга бандерол қилиб жўнатаман. Сен конкурсга қатнашайлик, деб ёзибсан. Рози-ман. Кўнглингга келмасин-у, лекин бундан бир иш чиқишига кўзим етмай турибди. Сабабини айтайми? Гап шундаки, биз ўз мактубларимизда катта одамларни, ота-оналаримиз ва ўқитувчиларимизни бир ғалвирдан ўтказиб кўрдик. Энди буёғини сўрасанг, конкурсга келган романларни ўқиб, ҳукм чиқарадиган ҳам шуларнинг ўзи. Ўзлари ҳақида ёзилган романга булар ижобий баҳо беришига асло ишонмай-ман. «Роса беадаб болалар экан», деб бизга ўча-кишиб қолишлари ҳам мумкин. Қолаверса, романни конкурсга юбораётганингда исм ва адресларимизни ёзсанг, яна балога қоламиз. Шунинг учун исмларимизни ўзгартириб, хатларнинг остига биттадан тахал-лус қўйган маъқул. Меники Зайнаб бўлсин. Сен ҳам бирорта исм топиб қўй. Мен бу билан конкурсга қатнашмайлик, демоқчи эмасман. Бир-биримизга ёзган хатларимизни тўпла-сак, битта роман бўлишига имоним комил. Майли, буларни конкурсга жўнат. Ғолиб чиқмасак, ўзимизга тан. Биз ҳеч нарса йўқотмаймиз. Бундан икки-уч кун олдин баъзи хатларингни яна бир ўқиб кўргандим. Билишимча, катталарни кузатиш бобида биз хийла чегарадан чиқиб кетибмиз. Xатларингда нималарни ёзмаган экансан... Эҳтимол, меники ҳам шундайдир. Шу хатларимиз яхлит бир ҳолга келса, қалампирдай аччиқ ҳақиқат ошкор бўлади. Очиғи, кўрган ва эшитган нарсаларимизни баъзан ошириб ҳам юборган эканмиз... Конкурснинг жюри аъзолари катта ёшдаги одамлардан эмас, балки болалардан иборат бўлганида биз бирор мукофотга илиниб қолардик, деб ўйлайман. Аммо шундай бўлса ҳам, бизнинг бир ютуқ томонимиз бор. Мен болалар учун ёзилган баъзи романларни беихтиёр эслаб қолдим. Ҳаммасида ўша сийқа гаплар: қишлоқда туғилган қашшоқ бола қийналиб ўқийди, саёҳатга чиққан болалар ажобтовур савдоларга қолади ёки камбағал оиланинг фарзанди бемор ётган онасига қарашиш учун ишга кириб кетади. Xуллас, панд-у насиҳат билан тугайдиган китоблар. Бизники эса буларга сира ўхшамайди. Мабодо конкурсда ютиб чиқмасак ҳам, сенга бунинг ҳеч аҳамияти йўқ. Барибир биринчи ўринни олган бўласан: зотан, сен ҳам ота бўлганингда ҳаммага ўхшаб фарзандларингга шу гапни айтасан (илтимос қиламан, лоақал шу охирги хатимни конкурсга юбора кўрма). Сенга тасалли бериб ўтирмайман. Роман учун мукофот олмасак, кўпам қайғуриб юрма. Катта бўлсам ёзувчи бўламан, деб юрардинг. Xатларни ўшанда бир китоб қилиб чиқарарсан. Сенга чин юракдан омад тилайман. Мендан ҳамма ўртоқларга салом. Зайнаб Ёлқир. Ёзувчидан болаларга мактуб Анқара, 11-апрел, 1967-йил. Азиз жигаргўшалар! Йўқ, азиз жигаргўшаларим! Мен ҳаммангизни ўз фарзандларимдай севаман. Ҳар қандай севги-муҳаббатда бўлганидек, меникида ҳам озроқ худбинлик бор. Биз, катталар, сизларда ўз ҳаётимизни, ўз издошларимизни кўрамиз, шундоқ бўлишига қаттиқ ишонамиз. Мен ўз фарзандларимнигина, фақат турк болаларинигина эмас, дунёдаги ҳамма болаларни — америка, рус, немис, армани, хитой, лўли болаларини ҳам жондан севаман. Мен сизларга бир нарсани ошкор қилмоқчиман. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Ушбу китобдаги хатларни Зайнаб билан Аҳмад эмас, балки мен ёзганман. Зайнаб билан Аҳмадни мен ўйлаб топдим. Икки ўқувчи бола бир-бирига бунчалик кўп, бунчалик батафсил ва бехато хат ёзиши мумкин эмаслигини ўзингиз ҳам яхши билиб турибсиз. Борди-ю, орала-рингизда бир-бирига хат ёзишиб юрган болалар бўлса ва бу хатларни яхлит китоб ҳолига келтирсангиз барибир жумла тузишда, имлода янглишликлар кетган бўлади. Аммо шунисига аминманки, сизларники меникидан дурустроқ чиққан бўларди. Нега деганда, сизлар ўз тилингиз ва дилингиз билан самимий сўзлаган бўлардингиз. Катталар билан болалар ўртасидаги энг йирик фарқ ҳам шунда. Сизлар ҳам улғайган сари бизга ўхшаб бораверасиз, самимийликдан узоқлашасиз. Бу асаримда мен қўлимдан келмайдиган бир ишга уннаб кўрдим — ўзимни сизларнинг ўрнингизга қўймоқчи бўлдим. Аслида бунинг ҳеч имкони йўқ. Зотан, катталар ўзларининг болалик даврларидан бир-икки минг йилга узоқлашиб кетган бўлишади. Шунинг учун ҳам биз, катталар, ўз болалигимизни мутлақо унутиб юборамиз. Ота-онангиз ҳам, ўқитувчингиз ҳам бир пайтлар бола бўлишганини эсдан чиқаришади. Зайнаб билан Аҳмад номидан ёзилган мана шу мактублар чиндан ҳам конкурсга қатнашди. Аммо унга мукофот теккани йўқ. Буни адолацизлик деб ҳам бўлмайди. Бу роман конкурсда мукофот оломасди ҳам. Чунки китобни ўқиб чиққан жюри аъзолари ҳам болалик йилларини аллақачон эсдан чиқариб юборишган. Зайнаб билан Аҳмад шундоқ бўлишини билишган эди. Ҳамма ёзувчиларга ўхшаб мен ҳам сизга бир-оз насиҳат қилмоқчи бўлдим. Лекин менинг насиҳатларим бошқа одамларникига сира ўхшамай қолди. Бўлак иложини тополмадим. Аммо бу киши ҳамиша шунақа экан, деб ўйламанг. Шахсий ҳаётимда мен ҳам ўғил-қизларимга ўша катталарга ўхшаб муомала қиламан. Мен ҳам гўё яқиндагина эмас, бундан минг йил олдин бола бўлгандай иш тутаман. Биз, катталар, бунинг хато эканини биламиз-у, лекин бошқа иложимиз йўқ. Ночормиз. Мен ушбу китобимда яна бир нарсага уннаб кўрдим — ўзимни катта, сизларни эса ёш бола деб билмадим. Сизлар билан тенглашиб ололмаганим учун сизларни ўзим қатори деб билдим. Ҳа, сизларни катталар қаторига қўшиб қўйдим. Айни бир пайтда ҳали бола эканлигингизни эсдан чиқармасликка ҳаракат қилдим. Шунинг учун ҳам мен китобдан кўзлаган мақсадларимни сизларга рўйирост гапиряпман... Қадрли жигаргўшаларим! Ҳаммангизга чин қалбимдан муваффақиятлар тилайман. Азиз Несин. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62811 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 60843 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40621 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37201 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24969 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23931 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23545 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 20100 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18982 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14840 |