Антон бўрини учратган кеча (қисса) [Edith Shrayber Vike]

Антон бўрини учратган кеча (қисса) [Edith Shrayber Vike]
Антон бўрини учратган кеча (қисса) [Edith Shrayber Vike]
Антон Бўрини Учратган Кеча
— Юр мушугим, - деди Антон мушугига, - томнинг тагида нималар борлигини кўриб тушамиз.
Мушук чўзилиб қаддини ростлади ва ҳузур қилиб эснаган ҳолда, бу кичик сайрга хоҳиши йўқ эмаслигини билдиргандай бўлди. Антон тепадаги латта-путталар ва эски мебеллар орасида қолиб кетган баҳайбат, сирли ёғоч сандиқни кўпдан бери очиб кўрмоқчи бўлиб юрганди. Бироқ бу иши онасига маъқул бўлмаслиги мумкинлигидан хавотирланарди. Шунинг учун унга бу ҳақда оғиз очмасди. Том тагига чиқиладиган бурама шаклдаги ёғоч зиналар қадам босилгани сайин ғичирларди. Мушук қизиқсиниб искаланди. Сичқонларнинг ҳиди келиб қолишига умид қилгандай Антон кўзлари ярим қоронғиликга ўргангунига қадар кутиб турди-да, синчковлик билан атрофга қаради. Кўп ўргимчак тўрлари, қовжираган гуллар ва гиёҳлар вассалардан осилиб турарди. Бу ерда бир темир стол билан устидаги мармарига дарз кетган мис столча бор эди.
«Ўша сандиқ ҳам шу ерда бўлиши керак», — пичирлади Антон ва орқага тисарилди. Ороми бузилган бир кўршапалак ухлаш учун ўзига бошқа жой қидиришга тушди. Бундан ғаши келган мушук хириллади. Учадиган жониворни тутиш, унинг учун осон эмас эди-да. Ниҳоят, Антон кўз илғамас бурчакда турган сандиқни топди. Қийинчилик билан унинг оғир қопқоғини кўтарди. Ундан қовжираган гулларникига ўхшаш антиқа бўй таралди. У ёқимсиз бўлмаса-да, Антоннинг нафас олишини қийинлаштирди.
«Нимадан қўрқаман? — ўйлади Антон. - Бу эски нарсалар солинган сандиқдан бошқа нарса эмаск-ку».
У тутқичи итнинг боши шаклида чиройли қилиб ўйилган ҳассани, патлар тақилган катта шляпани ва увадаланиб қолган китобни кўрди. Китоб унга тушунарсиз тилда эди. Антон уни дарҳол варақлаб кўрди-да, умидсизланиб қолди.
Битта ёзувли қоғоз ерга тушди. Антон уни олиб кейинроқ бафуржа кўриб чиқиш ниятида шимининг чўнтагига тиқиб қўйди. Антоннинг мушуги безовталангандай бўлиб, панжаларини ёзди. У тозаликни хуш кўрарди. Чанг, ўргимчак тўрлари ва кўршапалаклар унинг ғашини келтирарди. Бунинг устига у оч қолганди. «Мияу», - деди у сабрсизлик билан.
«Ҳозир кетамиз», — жавоб қилди Антон. У мушук тилида анча яхши гаплаша оларди.
Умуман олганда, Антоннинг қиладиган ишлари етарли эди: мушукни овқатлантириш, математикадан вазифаларни бажариш, сабзавот шўрва ичиш, Сибилле билан телефон орқали гаплашиш, онасига кўп гапларни айтиш ва айрим гапларни ундан сир тутиш. Ҳалиги ёзувли қоғозни олиб қўйганди.
Ярим кечада Антон уйғониб кетди. У чироқ ёқиладиган жойни пайпаслади. Оёқлари учида ётган мушуги беихтиёр хирриллаб қўйди. Кечаси ороми бузилишига у сира тоқат қилолмасди. Антон катта соатга қаради. Ярим кеча. Деярли ҳеч қачон у ярим кечада уйғонмасди. Қорни оғриган ёки иситмаси кўтарилган ҳоллардагина унинг уйқуси бузилиши мумкин эди. Каравоти ёнида жинсиси ғижимланган ҳолда турарди. Шу пайт у эслади: ёзувли қоғоз! Антон уни шимининг чўнтагидан олиб, қўли билан текислади. Ундаги қия шаклдаги эскича ёзув ингичка ва жуда йўғон чизиқлардан иборат эди. Антон уни қийинчилик билан ўқий бошлади.
Осуда тун, увиллашлар эшитилар йироқдан.
Туман узра кўтарилиб, мўралайди оппоқ ой.
Бойўғлилар эмасмикан, ғулдирашиб жар солган?
То одамсан, барибир безовтасан улардан.
Ҳозиргина чиққан ой ҳам
Ёритолмас бу тунни.
Ўшалардан бири бўлиб,
чақнат икки кўзингни.
Энди сенинг исминг Лене,
Антон, Гудрун, Ролф эмас,
тумшуғингни кўтаргин-да, ғичирлат тишларингни
ва билгин-ки, шу заҳоти бўлиб қолдинг сен - бўри.
Антон баланд овозда ҳижжалади. Оёқлари учидаги мушуги уйғониб кетганди. У танасидаги тукларини ҳурпайтириб, қулоқларини диккайтириб олганди.
Сеҳрли шеър, — деди Антон. - Бироқ у таъсир қилмаскан. Акс ҳолда мен бўри бўлиб қолган бўлардим.
Мушук тинчлангандай бўлди ва яна Антоннинг оёқлари учида ғужанак бўлиб ётиб олди. Антон чироқни ўчирди. Ой нур сочиб турарди, дераза олдидан оппоқ булутчалар сузиб ўтаётганди.
— «Бу нима?» Антон каравотидан сакраб тушиб, дераза олдига борди. Ер юзини қалин туман қоплаганди. «Туман узра кўтарилиб, мўралади оппоқ ой», — такрорлади Антон ҳайрон бўлиб. Кейин деразадан ўгирилиб, каравоти томон қадам ташлади.
Шу пайт унга кўзи тушди.
Бўри хонанинг ўртасида ўтирган ҳолда, чақноқ кўзлари билан Антонга тикилиб турарди. Катта бароқ бўрининг хонада эканлиги ғалати ҳол эди. Ундан қўрқмаётгани Антонга янада ғалати туюлди.
— Сен мени чақирдинг-а, — деди бўри.
— Атайлаб эмас, — деди Антон.
— Сеҳрли шеърни айтдинг-ку. Тегишли кунда, тегишли соатда.
— Бу тасодиф эди, — деди Антон.
— Тасодиф бунақа бўлмайди, — жавоб қилди бўри. - Юр, мен билан.
— Ҳосир-а, кечаси, боз устига тумандами? - сўради Антон.
— Ҳа, ҳозир, кечаси ва туманда, - деди бўри.
Антон жинсисини кийди ва шкафдан жемферини олди. «Уйимизнинг дарвозаси ёпиқ-ку», — деди у иккиланиб.
Биз учун эмас, — уқтирди бўри.
Бу туш бўлса керак, — ўйлади Антон. - Ярим кечада каттакон бўри билан кетаётганим рост бўлиши мумкин эмас. Бўри қалин туман оралаб жуда тез чопиб кета бошлади.
— Секинроқ, мен етолмаяпман! - ҳансиради Антон.
— Мендай югур! - деди бўри. - Сен энди бизларнинг биримиз эканлигингни хаёлингга келтир.
Антон уриниб кўрди. Шу заҳотиёқ у қийналмасдан югуриб бораётганини ҳис қилди.
«Қани энди соатлаб шундай югурадиган бўлсайдим», — ўйлади у.
«Келдик». Бўри баҳайбат, кекса эман тагида тўхтади. «Бу мадад майдони», — деди у тантанали тарзда. Эман шитирлади, бўри жим ўтириб атрофга қулоқ солди. Қаердандир увиллашлар эшитилди. Антон бир оз совқотди.
— Энди мен сенинг мададкор ҳайвонингман, — деди бўри. - Қачон сенга керак бўлсам, шу ердан топасан.
— Мададкор ҳайвоним? - такрорлади Антон ҳайратланиб. - Бунақаси бўлиши мумкинлигини сира билмас эканман.
— Сен билганларингдан кўпроқ биласан, — жавоб қилди бўри. Яна олисдан увиллаш эшитилди.
— Улар мени чақиришяпти, — деди бўри. - Мен кетишим керак.
— Мен эса ухлашим керак», — пичирлади Антон. Шундай дейиши билан кўзлари юмилди.
Антон уйғонганида, қуёш чиққанди. У атрофга аланглади. Йўқ, у эман тагидаги майсалар устига эмас, ўз каравотида ётган экан. Оёқлари учида мушуги жимгина ухлаётганди.
Антоннинг онаси хонага кирди. У Антонниг жинсисини ва пастда сочилиб ётган бир нечта нарсаларни йиғиштириб олди.
— Шундай иссиқ ҳавода сенга қалин жемфер нима учун керак бўлиб қолди?, — сўради у ҳайрон бўлиб.
— Туманли кечалар учун, — жавоб қилди Антон уйқусираб.
Онаси бошини силкитиб жемферни яна шкафга тиқиб қўйди.

Мусобақа
«Бу мусобақалар бемаънилик», дея ҳансиради Антон. Югурганида унинг биқини оғриб қоларди. «Нега доим кимдир бошқалардан тезроқ югуриши ёки баландроқ сакраши керак?»
«Ўтакетган бемаънилик», дарҳол маъқуллади бақалоқ Диетер. У анча озган бўлса-да, баландликка сакраганида барибир ортиқча оғирлиги панд берарди.
«Иккаласи бир-бирига мос тушган, мазах қилди рақиб жамоадагилардан бири. - Биттаси қопдай сакрайди, бошқаси шиллиқ қуртдай югуради».
«Қоп ва Шиллиқ Қурт», кулишиб такрорлади яна бир нечтаси.
Қизариб кетган Диетер пастки лабини тишлади.
«Хоҳласам ҳаммаларингдан ўзиб кетаман».
Антон анграйиб қаради. «Ҳақиқатан ҳам, у шундай дедими?» Гўё дўсти шунчаки мақтанаётгандек туюлди унга.
Рақиб жамоадагилар яна кулишди. «Қани, бир корсатиб қўй-чи, Шиллиқ Қурт!»
Спорт ўқитувчисининг ҳуштаги чуруллади. Антон ўзини туш кўраётгандай ҳис қилди ва уйғониб кетгиси келди.
Узоқдан старт ўқи узилганини эшитиши билан у йўлакнинг бир четидан ғизиллаб югуриб кетди. Унинг ёнидаги майсазордан яна кимдир югуриб бораётганди. «Мендай югур. — Антон аниқ эшитди. - Сен бизларнинг биримизсан». Бу ўша туманли кечадаги бўри эди. Антоннинг мададкор ҳайвони бўлишга ваъда қилган бўри.
Антон югураётиб қадамларининг тезлиги қай ҳолда ўзгараётганини ҳис қилди. У ҳеч қийналмасдан югуриб бораётганди. Антон энди ҳар қандай қийқириқларни ҳам, спорт майдонидаги шовқинни ҳам эшитмаётганди. Ниҳоят, у маррага етиб келди ва рақиб жамоадагиларнинг аламли юзларига ҳайрон бўлиб қаради. Спорт ўқитувчиси унга қойил қолгандай қараб бошини силкитди. Бақалоқ Диетер суюниб кетганидан ўзини қўярга жой тополмай қолди, кимдир унинг елкасига туртаётганди.
«Биз ютганга ўхшаймиз», — деди Антон ишонқирамай ва атрофга назар ташлади.
Аммо бўри ғойиб бўлганди.

Телрамунд Билан Сайр
Антоннинг онасини кўришга бир дугонаси кучуги билан келганди. Баланд бўйли, қизил сочли бу аёлнинг исми Гудрун эди. Сарғиш тукли, кўршапалакларникига ўхшаш узун қулоқли кучукчанинг оти Телрамунд экан. Антон у ёқдан бу ёққа отаётган чарм тўпчани Телрамунд завқ билан туртиб-туртиб келтираётганди. Мушук китоб жавони устида ўтирган жойидан уларга қараб мириллади. «Бунча зиқналик қиласан», — деди Антон унга таъна қилиб ва қўлидаги тўпчани яна улоқтириб юборди. Телрамунд шалпанг қулоқларини осилтириб шоша - пиша унинг кетидан югурди.
«Бошқа жой йўқми сизларга?» - деди Антоннинг онаси ўта қатъий ва баланд оҳангда. Антон тўпчани ушлаб турган қўлини пастрга туширди, Телрамунд қўрққанидан қотиб қолди. «Майли, ўйнайверинглар», — деди Антоннинг онаси бир оздан сўнг. «Асабим тез-тез бузиладиган бўлиб қолган. Уйқум ҳам ёмонлашган».
«Балки ётадиган жойинг яхши эмасдир?» - деди Гудрун.
Антоннинг онаси кулди. «Ҳар доимги жойимда ётаман. Бундан ҳам яхшироқ жой бўладими?»
«Ердан нур таралиши ҳақида ҳеч эшитганмисан?» — сўради Гудрун.
«Ҳа, аммо мен бунақа гапга ишонмайман», — жавоб қилди Антоннинг онаси .
«Ўзинг биласан, — деди Гудрун. - Ҳар ҳолда мен бир темир таёқчали аёлни биламан, у сенга жойинг яхши ёки ёмонлигини айтиб бериши мумкин. У гиёҳлардан фойдаланиш сирларини ҳам билади. Бурунги замонларда бундайларни жодугар деб аташган».
Антон қулоқ солди. У жодугар билан танишишни кўпдан буён орзу қиларди.
«Агар сени ҳақиқатан ҳам камроқ урушадиган қилиб қўядиган бўлса, ўша жодугарни тезроқ чақиртирсак яхши бўларди», - деди Антон.
«Эҳтиёт бўл, у сени тюленга (бу сўз олмон тилида «денгиз тўнғизчаси» деган маънога эга) айлантириб қўймасин. Жодугарларга бу ҳеч нарса эмас».
«Майли,- деди Антон. - Шундай қилса, мактабга бормайдиган бўлардим».
Хонага кириладиган жойдан тақир - туқур эшитилди. Телрамунд Антоннинг этикларидан бирини судраб келди. Шундан кейин унинг спорт пояфзалини ҳам келтирди.
«У сайр қилишга чиқмоқчи», — деди Гудрун.
Антон иккинчи этигини ҳам олди-да, Телтамундни сиртмоғидан тортди. «Юр Телрамунд, истироҳат боғига борамиз!»
Телрамунд аккиллади, воввуллади ва жўшиб Антонга талпина бошлади. Мушук уни китоблар жавони устида ўтирган жойидан нафрат билан кузатиб турарди.
»Уни фақат сиртмоқда олиб юр», — деди Гудрун қатъий оҳангда.
Антон тушунарсиз ҳолда тўнғиллаб қўйди.
Истироҳат боғига кираверишда, у Телрамундни қўйиб юборди.
Истироҳат боғи ит зоти учун сирли воқеалар макони экан. Телрамунд шоша - пиша дарахтларни, тошларни, куртакларни ҳидлаб чиқди. Аҳён-аҳёнда оёғини кўтариб мавжуд воқеликларга айрим қўшимчалар ҳам киритиб қўйди.Тўсатдан у тикилиб қолди. Истироҳат боғидаги ўриндиқда ўтирган бир кекса аёл кабутарларни озиқлантираётганди. «Телрамунд!»— чақирди Антон. Бироқ энди уни тўхтатиб бўлмасди. У қаттиқ вовиллаб, ўзини шоша-пиша емиш чўқиётган тўданинг ўртасига ташланди. Кабутарлар бир-бирларига урулишиб, учиб кетишди, бир болакай чинқириб юборди, кекса аёл эса овози борича жавраб қолди.
Телрамунд қилган ишидан мамнундай эди. У нарироққа чопиб бориб лола жўягини қаза бошлади. Ер нам ва юмшоқ эди, сўнгги пайтларда ёғингарчилик кўп бўлганди. Бир узун тукли итни сиртмоқлаб олган аёл Антоннинг ёнида тўхтади.
«Бунинг зоти қанақа?» - сўради у.
«Кўпроқ такса (оёқлари калта, гавдаси узун ит), озроқ спаниел (овчи итнинг бир тури), озгина миттибашара», — деди Антон бармоқда ҳисоблаган ҳолда. — Сизникининг-чи?»
«Соф афғон зот», — жавоб берди аёл.
«Зоти биттагинами? - сўради Антон ҳайратланиб. — Барибир чиройли экан».
Аёл ғалати қаради ва итини етаклаб тез-тез юриб кетди.
Телрамунд лола жўягида ковлаган чуқуридан чиқиб келди. Энди у сарғиш эмас, балки бутунлай тўқ жигар тусда эди.
«Эй ермонқозиқ, - деди Антон койиб. — Бунинг учун уйда яна гап эшитаман-ку».
У сиртмоқни Телрамунднинг бўйнидаги ҳалқага маҳкам боғлаб қўйди.
«Бу ифлос ҳайвонга яқинлашма», - Антон кимдир шундай деганини эшитиб қолди. Аёл итини жаҳд билан Телрамунддан четлаштиришга уринаётганди. Итнинг башараси ажинли бўлиб, кўзлари киртайган, боши дока билан ўраб қўйилган эди.
«Бунинг тиши оғрияптими?» - сўради Антон қизиқиб.
«Йўқ қулоқлари қирқилган!» Аёл кетмоқчи бўлди.
«Бу нима деганингиз?» - сўради Антон.
«Қулоқлар...» Аёл бир оз жим туриб қолди. - Улар қисқартирилади».
«Қулоқлар қандай қисқартирилади?» - сўради Антон эсанкираб.
«Бу ҳайвонлар шифокорининг иши», — деди аёл.
Антоннинг жаҳли чиқди. «Қулоқларни кесадилар демоқчимисиз?»
«Ҳа, шундай. Қулоқларни ва думни. Боксер (олмон булдоги) зотли итлар шундай қилинади. Юрақол, Бодо». Аёл тисарилаётган итини етаклаб кетди.
Антон уларнинг ортидан анграйиб қолди.
«Бирор нимани тушундингми, Телрамунд?» - сўради у ниҳоят.
Телрамунд шундай қаттиқ силкиндики, танасига ўрнашиб қолган тупроқ чанги юқорига кўтарилиб қулоқларини кўринтирмай қўйди.
«Мен ҳам», — деди Антон.

Темир Таёқчали Аёл
«Кўзларимнинг ости қавариб қолибди». Антоннинг онаси ўзининг ойнадаги аксига хомуш қараб турди.
«Аттанг». Антон шунчаки ташвишлангандай бўлди.
«Ёмон ухлаяпман. Ҳар кечаси уйғониб кетяпман, кейин сира ухлаёлмаяпман».
«Унда нега жодугарни чақирмаяпсан?» - сўради Антон умидворлик билан. Антоннинг ундан сўрайдиган муҳим саволи бор эди, бунга ўшандан бошқа ҳеч ким жавоб беролмаслигини биларди.
«Темир таёқчали аёлни назарда тутяпсанми? Эҳтимол шундай қилиб кўрарман. Унинг телефон рақамларини қаергадир ёзиб қўйган бўлишим керак».
«Жодугарларда телефон бўладими? - ажабланди Антон. Жодугарлар ўрмон ўртасидаги хароба ҳужрада яшамайдиларми?»
«Буниси унақалардан эмас, — уқтирди Антоннинг онаси. - Буниси Элизабет кўчасидаги 13-уйда яшайди». У шундай дея телефон рақамларини теришга тушди.
«Эртага соат тўртда», — деди Антоннинг онаси гўшакни қўяётиб.
Антон навбатдаги куни соат тўртда албатта уйда бўлиши лозимлигини хаёлидан ўтказиб қўйди.
Соат роппа-роса тўртда қўнғироқ чалинди. Антон шошиб бориб эшикни очди-да, ҳайрон бўлиб ташқарида турган аёлни кўздан кечирди. Аёл кул ранг сочли, кўм-кўк костюмли, қалин кўзойнакли экан. У Антон ўқийдиган мактабдаги инглиз тили ўқитувчисига ўхшаб кетарди. «Агар шу жодугар бўлса, мен тюлен бўлганим бўлсин. Елкасида қора мушуги ҳам, қарғаси ҳам йўқ экан».
Бунинг устига у ҳикматли сўзлар ҳам айтмаскан. У икки қўлидаги иккита эгилувчан таёқчаси билан хонани айланиб чиқди. Темир таёқчалар гоҳ эгилиб, гоҳ кўтарилиб турарди. Ҳаммаси шу экан, холос. Гоҳида аёл белгилаш учун пастга қоғоз парчаларини қўйиб чиқарди.
«Жуда ёмон, - деди у ниҳоят, кейин нурлар ва сув ҳавзалари ҳақида алланималар деди. - Каравотни дарҳол мана бу ерга ўтказишингизни маслаҳат бераман».
У катта кийим шкафи турган жойга ишора қилди.
«Барибир бунинг ҳожати йўқ-ку», - деди Антоннинг онаси.
Аёл кулди. «Ҳар ким бошида шундай дейди-да, кейин айнан шунинг ҳожати борлигига ишонч ҳосил қилади».
Шундан сўнг аёл Антон ётадиган жойни ҳам текшириб чиқди ва у
жуда яхши эканлигини айтди. «Мен барибир каравотимни бошқа жойга ўтказмаган бўлардим, — деди Антон ўжарлик билан. Бунақасига сира ишониб бўлмайди».
Антоннинг онаси чой қайнатиш учун ошхонага кириб кетди. Антон жакетини олди. У сайр қилиб келишга шайланаётганди.
«Бўри билан бирга кетасанми?» - сўради аёл тўсатдан.
Антон ҳайрон бўлиб унга қаради. Эшитгани ростмикан?
«Уни кўряпсизми?» - сўради у эсанкираб.
«Кўряпман дейишим балки тўғри бўлмас», - деди аёл.
«Ҳамма болаларнинг мададкор ҳайвонлари бўладими?» - сўради у дангал. Шу савол унинг хаёлини кўпдан буён банд этиб келаётганди.
«Ҳар ким кези келганида бир ёки бир нечта мададкор ҳайвонига дуч келади, - жавоб берди аёл. — Бироқ айримлар улғайганлари сари буни унутиб қўйишади. Айримлар эса мададкор ҳайвонлари билан етарлича шуғулланмай қўйишади. Табиийки, улар бундан хафа бўлиб кетиб қолишади ва қайтиб келмайдилар. Айниқса, бугунги болалар жуда машғул. Телевизор кўриш, кино томошалари, компутер ўйинлари уларнинг хаёлини бутунлай банд этиб қўйган».
«Бизда эса телевизор йўқ», - деди Антон. У мана шу сабабдан хурсанд бўлиши мумкинлигини асло хаёлига келтирмаганди.
Антон кўпдан буён бунчалик хуш кайфиятда бўлмаганди.
«Кетдик, бўри, мададкор ҳайвонларнинг энг зўри», - деди у баланд овозда ва зинапоя зиналарининг ҳар иккитасини бир қилиб сакрай-сакрай пастга тушиб кетди. Қўшни аёл бошини тебратиб унинг ортидан қараб қолганини сезмади.

Антон Билан Лаби Чўзиқ Айиқ
Одатдаги кунлардан бири эди. Антоннинг мушуги унинг қора, думалоқ ёқали жемфери устида ухлаб турганди. Натижада жемфер кул ранг тусга бурканиб қолганди. Антон жемферига назар ташлади-да, мушугининг устидаги туклар ҳали ҳам борлигига ҳайрон қолди. У жемфери устидаги мушук тукларини чўтка билан тозалаб ташлашга уринди. Бир оздан сўнг чўтка ҳам жемфер ва мушукдаги каби тукларга бурканди. Шу аҳволда нонушта пайти ўтиб кетди. Бунинг устига у мактабига ўз вақтида кела олмади.
«Нега кечикдинг?» - сўради ундан ўқитувчи.
«Ўқитувчилар ҳамма нарсани билишга қизиқиши ёмон-да, — хаёлидан ўтказди Антон. - Мушугим жемферимнинг устида ухлагани учун», — деди у маюсгина. Шундай дейиши билан ҳамма кулиб юборгани унга ғалати туюлди. Сибилле ҳам кулганди. Бу, ҳақиқатан ҳам, одатдаги кунлардан бири эди.
Антон мактабдан кейин уйга келиб қараса, онаси бир қоғозчага ёзиб кетган экан: «Бир жойга бориб келишим керак, сабзавот шўрва музлатгичда. Уни ичган, маза қилади. кўришгунча».
«Ўша жойга бориб келиш шарт экан-да», — деди Антон ва сабзавот шўрвани газ плитаси устига қўйди.
Кейин Вернер унга ўқиш учун берган китобни мутолаа қила бошлади. Ҳиндулар келгиндиларнинг аравалардан қурилган қалъасига ҳужум қилаётганларида, ўтли ёйлардан таралган бўй Антоннинг димоғига урилгандай бўлди. Аслида бу бўй ўтли ёйларники эмас, балки сабзавот шўрваники эди. Кастрюлчанинг усти ёпиқ турган бўлса ҳам. Шўрва пишиллаб плита устига тошиб кетиб кўмирдай қорайиб қолаётганди.
Антон уф тортиб, плитани ўчирди-да, ҳайвонот боғи томон йўл олди. У мушугидан, сабзавот шўрвадан ва илк бор Сибилледан ҳам ранжиганди.
Дастлаб Антон анча вақт маймунлар қафаси олдида туриб қолди.
Кичкина маймун катталарининг бошига ёнғоқлар отиб айбсиздай қараб турарди-да, панжаларини бир-бирига уриб завқланаётганди. Ҳар сафар улар тинчиб қолишлари билан, у яна уларга билдирмай ёнғоқ отаётганди.
Антон мушугидан ва сабзавот шўрвадан ранжиганини эсидан чиқариб юборди.
«Турқи совуқ экан», — Антон кимдир шундай деганини эшитди. Бир қафас олдида йўғон оёқли семиз аёл турарди. У еётган нокнинг шарбати иягидан кийимига оқиб тушаётганди. Унинг ёнида узун, қизил бурунли пакана эркак бор эди. Эркакнинг оғзи четида сигарети осилиб турарди.
«Турқи, ҳақиқатан ҳам, совуқ экан, — деди у. - Бунақаси ҳайвонот боғига умуман қўйилмагани маъқул эди».
Нок еётган аёл билан қизил бурунли эркак кулиб юборишди. Эркакнинг оғзидаги сигарети тушиб кетди. Аёл кулаётганида ҳам нок ейиш тўхтамади.
Улар бошқа жойга ўтишгач, Антон қоронғи қафасга қаради. У бир ғалати ҳайвонни кўрди. Бу тумшуғи бошқачароқ шаклдаги айиқ эди. Терисининг кўп жойида туки йўқ экан. Бамисоли ярамай қолган пўстиндай. «Лаби чўзиқ айиқ», — ўқиди Антон тўсиққа илиб қўйилган тахтачадан. — «Илтимос овқатлантирманглар!»
Лаби чўзиқ айиқ орқа оёқларида ўтириб олган ҳолда, у ёқдан бу ёққа тебранарди. Унинг кичик кўзларида хомушлик аломати бор эди. Антон яқинроқ борди. Айиқ ўкирди. Бу таржимада «Ўша ерда тур», дегани эди.
Антон айиққа деди: «Сени хунук деганларнинг ўзлари бир ойнага қараб олишса, яхши бўларди».
Айиқ тебранишдан тўхтади.
«Негадир ҳамма мени хунук дейди», - ўкирди у.
Антон айиқ тилини унча билмаса-да, унинг нима деганини англагандай бўлди.
«Мен айиқларни яхши кўраман, — деди у, — бунинг устига сен жуда ажойиб айиқ экансан. Сендай айиқни ҳечам кўрмаганман».
Айиқ бир панжаси билан чап қулоғининг ортини қашиди. Мақтовлар уни анча хижолат қилиб қўйганди. У бунақа муносабатни кутмаганди.
«Нима ейишни хуш кўрасан?» — сўради Антон.
Айиқ қафас тубидан сўлиган кўкатни олиб, унга қараб турди-да, яна жойига ташлади.
«Улар сенга кўкат бермаяптиларми?» - сўради Антон ажабланиб.
Айиқ яна қашилади. Бу сафар ўнг қулоғининг ортини. Шунчалик эътибор қилинаётгани, уни ҳақиқатан ҳам хижолатлантириб қўяётганди.
У қафас ортидан тишланган олмани олди ва Антонга узатди. «Жуда хурсандман, - деди Антон, — бироқ бу ерда ъИлтимос, овқат бермангларъ, деган ёзув бор экан». Айиқ олмани яна жойига ташлади. Антон панжара орасига қўл тиқиш мумкин эмаслигини биларди. Ҳатто яхши ният билан ҳам.
«Биласанми нима, — деди Антон, — мен ҳозир бориб, бирор тузукроқ егулик олиб келаман. Кейин уни сенга бериши учун боқувчингга бераман».
Айиқ жим туриб қолди.
«Тез орада кўришгунча», - деди Антон.
Антон уйига келиши билан мева ёки сабзавот қидиришга тушди. Ниҳоят, у онасининг бозор сумкаси ичидан бир туп кўк карам топиб олди. Антон дарҳол уни қўлтиғига тиқди ва ҳайвонот боғи томон югуриб кетди.
Антон суриштириб айиқ боқувчини топди. У баланд бўйли, кенг елкали бўлиб, кўзлари кичкина, бурни чўзиқ, қўллари эса узун ва сержун эди.
«Хайрли кун», - деди Антон.
Эркак қаради, аммо индамади.
«Мен бир ҳайвонга егулик олиб келгандим», - деди Антон.
«Мумкин эмас», - тўнғиллади эркак.
«Ҳеч бўлмаса уни шу ерда қолдирсам, майлими?» - сўради Антон.
«Ўзимизники етади», - тўнғиллади эркак жавоб тарзида. У гапдон эмаслиги кўриниб турарди.
«Буни лаби чўзиқ айиқ учун келтирдим», - таъкидлади Антон.
Боқувчи қаради-да, — «Нима учун», — деб сўради. Унинг овози айиқникига ўхшаб кетди.
«Мен унга буни ваъда қилгандим», - деди Антон.
«Кел»,- деди боқувчи. Унинг овози бу сафар ҳам айиқникидай эшитилди.
Антон у билан лаби чўзиқ айиқнинг қафаси олдига борди. Айиқ панжара ортида уни орзиқиб кутгандай эди. У Антонни кўриши билан дарҳол қаддини ростлади.
«Хурсанд бўляпти», - тўнғиллади боқувчи. У Антон келтирган карамни олиб, ён томондаги эшик орқали қафасга кирди. Кейин самимий тарзда айиқнинг елкасига уриб, унга карамни узатди. Айиқ икки панжаси билан икки қулоғининг ортини қашлади.
«Уялма. Еявер», - деди Антон.
Кейин айиқ карамни панжалари ўртасига олиб, бир бошидан кемира бошлади.
«Ёқимли иштаҳа», - деди Антон самимий оҳангда ва кетишга шайланди.
Айиқ карамни дарҳол четга қўйиб, панжара яқинига келди.
Қафас ичида турган боқувчи Антонга қараб тўнғиллади: «У энди сенинг дўстинг бўлиб қолди. Келиб тур. У кутади». Боқувчининг оғзидан чиққан энг узун гап шу эди.
«Фақат эртага эмас, — деди Антон. — Чунки тушдан кейин жисмоний тарбия ва расмдан дарсларим бор. Эртадан кейин келишга ҳаракат қиламан».
«Бўпти», — тўнғиллади айиқ. Буни боқувчи айтган бўлиши ҳам мумкин эди.
Антон жуда мамнун ҳолда уйига қайтди.
Энди у Сибилледан ранжиганини ҳам унутиб юборганди. Эҳтимол ўшанда Сибилленинг ўрнида ўзи бўлганида ҳам ўша гапга кулиб юборган бўларди.
Антон уйига келиб қараса, онаси келган экан. Онаси ҳовлиқиб деди: «Мен уни топа олмаяпман».
«Кимни?» — сўради Антон.
«Карамни», — деди онаси.
«Энди уни изламай қўяқол, — деди Антон, — мен олгандим».
«Ундай бўлса марҳамат қилиб уни менга қайтариб бер, — деди онаси. - Макаронни карамли салат билан еймиз».
«Афсус, бунинг иложи йўқ, — деди Антон, — карам лаби чўзиқ айиқда».
«Лаби чўзиқ айиқда дегин, — деди Антоннинг онаси. - Бизнинг кўкат лаби чўзиқ айиққа озуқа бўларкан-да. Жуда яхши. Балки унга макаронни ҳам олиб бориб берарсан?»
«Йўқ, — деди Антон, онасининг бақириши энди ҳеч нимани ҳал қила олмаслигини билган ҳолда. — У янги кўкатни хуш кўраркан».
«Мен ҳам», — деди онаси баттарроқ бақириб.
«Улар унинг устидан кулаётгандилар-да», - деди Антон ўзини оқлагандай бўлиб.
«Янги кўкатнинг кулги бўлишдан сақлайдиган хусусияти бормикан?» — сўради онаси. Унинг овози яна ўз ҳолига қайтганди.
«Айиқларга шу ҳам мадад бўлиши мумкин», - деди Антон енгил тортиб.
Ниҳоят улар макаронни кўкациз ейдиган бўлишди.
Антон бўлган воқеани айтиб берди.

Танлов
Антоннинг онаси еттинчи марта чашкага чой қуйиб ичди. Антоннинг мушуги бир четда туриб юмшоққина тухумни паққос тушираётганди. Антон сули ёрмасининг қутиси устидаги ёзувни ўқиб чиқди. Бу ҳеч кимни шошилтириб қўймайдиган якшанба кунининг эрталабки маҳали эди.
«Илтимос, менга сули ёрмасидан ўн қути олиб кел?» - деди Антон тўсатдан.
«Нима учун? - сўради Антоннинг онаси. - У шунчалик мазали эканми?»
«Йўқ, — деди Антон, — мазаси ҳар доимгидек».
«Аҳа», — деди онаси ва кутиб турди.
«Велосипед ютиб олиш мумкин экан, — деди Антон, — ўнинчи тезликкача ҳайдаладиганидан, унга ғилдиракларининг устига ўрнатиладиган тўғинлари ҳам қўшиб бериларкан».
«Хўш, бунинг учун нима қилиш керак экан?»
«Ҳар бир қути устида биттадан марка бўларкан, шулардан йигирматасини йиғиб очиқ хат орқали жўнатганларгина танловда қатнаша оларкан».
«Сенингча, бу танловда неча киши қатнашади?» - сўради онаси Антондан.
«Билмадим, — деди Антон пинагини бузмай, — беш киши бўлиб қолиши ҳам мумкин. Чунки ютуққа бешта велосипед қўйиларкан».
«Унда минглаб кишилар қатнашади, — деди Антоннинг онаси, - шунинг учун сенинг ютиш имкониятинг ҳаддан ташқари оз бўлади».
«Майли-да, — қовоғини солди Антон, — сира имконияцизликдан шу яхши. Менимча, шунча велосипедни совға қилмоқчи бўлаётганлар жуда сахий кишилар бўлса керак».
«Бунинг сахийликка мутлақо дахли йўқ, — уларнинг мақсади — шу йўл билан сули ёрмасини харидоргир қилиб, иложи борича кўпроқ даромад қилиш».
«Шундай қимматбаҳо велосипедларни совға қиладиган бўлсалар, улар қандай қилиб кўпроқ даромад қилишлари мумкин?» - сўради Антон ишонқирамай.
«Чунки улар шу йўл билан ўша велосипедлар нархидан бир неча баробар кўп пул ишлайдилар».
«Ахир, — бўш келмади Антон, — улар бунга қанча киши қатнашиши мумкинлигини олдиндан билмайдилар-ку?»
«Улар аҳмоқлар етарли эканлигини жуда яхши биладилар», - деди Антоннинг онаси.
Антон барибир фикридан қайтмади. «Борди-ю, шу танловда беш кишигина қатнашадиган бўлиб қолса, унда велосипедларнинг биттаси менга тегади, шундай эмасми?»
«Аммо бештадан кўп киши қатнашади-да». Антоннинг онаси сабрсизланди.
«Сен қаердан биласан?» - сўради Антон.
Антоннинг онаси энди тоқат қилолмай қолганди. «Бўлди энди, барибир керагидан зиёд сули ёрмаси сотиб олиш ҳақида бош қотирмоқчи эмасман».
«Унда маркалар йиғишим бир неча ойга чўзилиб кетаркан», - аразлади Антон.
«Худди шундай, ўғлим», - деди Антоннинг онаси. У «ўғлим» деганида кўпинча жаҳлдор ҳолда бўларди.
Антон буни ноҳақлик деб билди. У индамайгина ликобчасига бир қути сули ёрмасини бўшатди-да, уни алам билан чайнаб юта бошлади.
Онаси унга бир оз нохуш қараб турди-да, деди: «Бундан кейин шунчалик кўп ейдиган бўлсанг, велосипеднинг устига чиқолмайдиган бўлиб қоласан».
«Велосипедим бўлса, озишга ҳаракат қиламан», - жавоб берди Антон оғзидагини чайнаб.
Антоннинг мушуги қочиб кетди. У можарони нам панжаларидан ҳам баттар ёқтирмасди. Кейинги куни Антон мактабига бориб, доскага ёзди: «Лаззатли сули ёрмаси маркаларига эски Микки Маус журналларини алмашаман».
«Мен аҳмоқ эмасман, — деди Томас ҳар доимгидек ёқимсиз оҳангда, — ўзим ҳам велосипед ютмоқчиман».
«Мен ҳам», - бақирди кимдир. «Мен ҳам», - деди яна кимдир.
Синфдагиларнинг деярли ҳаммаси лаззатли сули ёрмаси маркалари йиғаётган эканлар. Сибилле ҳам.
Антон бир лаҳза ўзи билан ўзи курашди. Бу курашдан енгиб чиққан Антон Сибиллега деди: «Менинг маркаларимни ҳам олақол. Меники иккита бўлганди».
Синф аълочиси Вернер ҳам шундай қилди. «Мен ҳам сенга маркаларимни бермоқчиман, - деди у Сибиллега. Меники тўртта».
«Тўртта? - деди Сибилле севинчини яширолмай. - Қойилман сенга».
Антон шу заҳотиёқ сули ёрмасидан, айниқса, унинг лаззатли туридан нафратлана бошлаганини ҳис қилди.
Оқшом пайти Антоннинг онаси уйга лаззатли сули ёрмасидан уч қути олиб келди.
«Агар велосипед юта олмасанг, мендан хафа бўлма», - деди у ярашиб олиш ниятида. - Ёқимли иштаҳа».
Антон қутиларга назар ташлади. «Сули ёрмасидан ўзимни ёмон ҳис қиляпман, — деди у, — велосипед ютишга ҳам қизиқмай қолдим».
Антоннинг онаси эсанкираб қаради. «Унда маркаларни ташлаб юборсак бўларкан-да».
«Йўқ, — деди Антон дарҳол, — уларни бошқа нарсаларга алмаштириш мумкин».
«Қанақа нарсаларга?» - сўради Антоннинг онаси.
«Ҳар қанақа, — деди Антон, — Микки Маус журналларига, шиллиқ қуртларга, сақичга, тюленга!»
«Хўш, сен маркаларингни нималарга алмаштирмоқчисан?»
Шу пайт Антоннинг хаёлидан Сибилленинг Вернерга айтган гапи ўтди: «Қойилман сенга».
«Билмадим», — деди у тўғрисини айтишга журъат этолмай.
«Ҳар ҳолда, бу ерда тюленларни боқмасанг керак, шундайми?» - сўради онаси ҳафсаласи пир бўлиб.
«Йўқ, — деди Антон энди тўғри сўзлаб. - Тюленлар ҳақида ўйлаётганим йўқ».
Охир оқибатда Сибилле тугул Антоннинг бошқа синфдошларидан бирортаси ҳам велосипед юта олмади.

Қора Ёпинғичли Эркак
Антон китоб дўконининг саргузашт китоблар бўлимида китоб варақлаб кўриш билан машғул эди. Кекса сотувчи аёл унга бақрайиб қараб турарди. У болаларнинг китобларни варақлаб туришларини хуш кўрмасди. Унинг фикрича, болаларнинг қўллари кир, пуллари эса оз бўларкан. Антон бир ғалати сарлавҳали қалин китобни қўлига олди. Китоб «Яшил тош сири», деб аталган экан. Антон дастлаб унинг охирини ўқиди: «Жуда кеч. Улар жуда кечикишганди. Мурда яшил тошни бармоқлари билан қисиб ушлаган ҳолда ётарди». Антон сесканиб кетганидан «брррр» деб қўйди. У воқеанинг якуни мурданинг қисилган бармоқларида нимадир борлиги билан эмас, балки яхши натижалар билан тугашини маъқул кўрарди.
Бир эркак дўконга кириб келди. У жуда баланд бўйли, кенг елкали бўлиб, энли қора ёпинғичга ўраниб олганди.
«Қизиқ, шундай иссиқ кунда ҳам шунақа нарсага ўраниб олибди», - деб ўйлади Антон.
Сотувчи аёл у билан қуюқ сўрашди. У қўли кир ва пули озларга ўхшамасди-да.
«Жаноб, нима истайдилар?» - сўради аёл.
«Комикслар» (тагида матнчалари бўладиган расмли журналлар), — деди эркак қисқагина қилиб.
Антон унга қайтадан назар ташлади. »Булар унга нима учун керак бўлиб қолдийкан», - ўйлади у ҳайрон бўлиб. Сотувчи аёлнинг таъби бир оз хиралашгандай бўлди. «Чапдаги иккинчи жавонда», - деди у. Ҳалиги жой Антоннинг ёнгинасида эди. Эркак комиксларнинг биринчи жилдини жавондан олаётганида, Антон унинг қўллари титраётганини кўрди. «Яшил тош сири» энди Антонни умуман қизиқтирмай қўйди. Унинг бутун эътиборини қора ёпинғичли эркакнинг сирли қиёфаси ўзига тортарди.
«Тушунарли, — ўйлади Антон, — у таъқиб қилинаётганга ўхшайди».
Комиксларнинг жилдларидан бири пастга тушиб кетди.
Унинг товуши бутун дўконга таралди. Сотувчи аёл жаҳд билан қараб қўйди. Антон китобни олиш учун эгилди, эркак ҳам эгилди. Шу пайт унинг ёпинғичи сирғалиб тушди. Антон эркакга тикилиб қолди.
«Супермен», - деди у ҳайратланиб. Эркакнинг ёпинғичи остидаги кўк-қизил тусдаги ички кийимидаги С ёзуви кўриниб турарди.
«Цс», - деди эркак ва қўрқа-писа атрофга қаради.
«Нега ўраниб олгансиз ва нега қалтираяпсиз?» - сўради Антон.
«Энди уддалай олмайман», - «уҳ» тортди Супермен.
«Нимани?» - сўради Антон тушунолмай.
«Ихтирочиларим мени ҳар кўйга солишади. Мен ҳалокатга учраган самолётларни ушлаб олишим, зилзилаларни бартараф қилишим, баъзан эса севги тузоғига ҳам тушиб қолишим керак».
«Қийин экан», - тасдиқлади Антон. У ҳалокатга учраган самолюотларни ушлаб олмаган ёки бирор марта зилзилани бартараф этмаган бўлса-да, севиб қолиш қанчалик қийин эканлигини биларди.
«Нима учун ўзингизга бошқа кийим сотиб олмайсиз. Шундай қилсангиз, сизни ҳеч ким танимаслиги мумкин, - маслаҳат берди Антон. - Касбингизни ҳам ўзгартириб олсангиз ёмон бўлмасди. Ҳеч бўлмаса, газета сотувчи ёки кинотеатрда жой кўрсатувчи бўлинг».
«Мен ўзимга кийим сотиб ололмайман, — деди эркак. - Пулим йўқ».
«Пулингиз йўқ?» - ҳайрон бўлди Антон.
«Ҳа, пулим йўқ, — деди Супермен хомуш. - Воқеаларда мен доим қимматбаҳо машиналар миниб, ўзгаларга қиммат-қиммат совғалар улашиб юраман, аммо ихтирочиларим булар учун пулни қаердан олишимни менга маълум қилмаганлар. Балки эски жилдлардан бирида бу ҳақда бирор нима ёзилгандир, деган мақсадда журналларни кўриб чиқишга келгандим. Аммо бу ҳақда бирор нима дейилган жойни топа олмаяпман».
«Наҳотки», - деди Антон куюнчаклик билан.
«Ортиқ хоҳламайман, — хўрсинди Супермен. - Энди мана бу кўк-қизил кийимимдан бутунлай қутулмоқчиман. Бунинг устига бу кийим менинг ёшимга тўғри келмайди».
«Аммо у сизга ярашаркан, - деди Антон юпатиб. У ўйлаб туриб деди: «Нима учун сиз бу ишдан бошқасига ўтиб кетмаяпсиз? Осонроқлари ҳам бордир?»
«Қайсига ўцам экан? - сўради Супермен. - Менга ўхшаганлар қаерга сиғарди? «Қорқиз» қиссасидаги миттивойлардан бири бўлайми? Ёки Виннету ўрнига апачларнинг ( ҳинду қабиласи) янги сардори бўлайми?»
«Булар тўғри келмайди», — деди Антон.
Супермен бурнини тортди. «Шамоллаб қолганга ўхшайман. Кеча муз денгизида кема ҳалокатига учраганларнинг бир неча юзтасини қутқаришимга тўғри келганди.
Рўмолчанг борми? Менинг ихтирочиларим бу ҳақда ҳам ўйлаб кўрмаган эканлар».
Антон озгина ишлатилган қоғозли рўмолчасини чўнтагидан чиқариб Суперменга берди. У бурнини қаттиқ қоқди. Кекса сотувчи аёл унга ўқрайиб қаради.
Антонга эса ўйлаб-ўйлаб шундай деди: «Газеталарда ишга таклифлар ёзилган жойи бўлади. Балки ўшаларда сизга мос келадиган юмуш топилиб қолар».
«Саргузаштлими?» — сўради Супермен.
«Унақаси камроқ, - тушунтирди Антон, — лекин ишлар кўп».
Супермен ўзининг қимматбаҳо қўл соатига қаради. «Яхшиямки, яратувчиларим буни ҳам унутиб қўйишмаган».
«Эсим қурсин, — деди у, — мен ҳозир бузғинчилар изидан чиқариб юбориладиган одамлар тўла поездни қутқариб қолишим керак».
«Ахир сиз!», — дейишгагина улгурди Антон.
«Тезроқ ўн еттинчи жилдни оч, — деди Супермен ҳовлиқиб. - Ҳозир ўша ерда бўлишим керак».
Антон излади. У ўгирилиб қараса, Супермен қўйиб бўлган экан. 17-боб очиқ ҳолда стол устида турарди. Супермен бақувват қўллари билан темир йўл кўпригини ушлаб туриб, поездни ўтказиб юборди.
«Унга ёрдам бериб бўлмайди», — ўйлади Антон.
«Ҳозиргина келган жаноб қани?» — сўради сотувчи аёл.
«Ўн еттинчи бобда», — жавоб берди Антон.
«Ҳеч нима сотиб олгани йўқ, бунинг устига сурбетлик ҳам қилади, — пичирлади сотувчи аёл ва Суперменга оид воқеанинг 17-жилдини ёпиб қўйди.

Кир Ювиш Машинаси
«Сблубб», — қилди кир ювиш машинаси. Кейин эса «блуқ-блуқ», «ғайт-ғуйт» қилди-да, тўхтаб қолди.
«Эшитдингми?» — сўради Антоннинг онаси.
«Ҳа», — деди Антон ва расм чизишни давом эттирди. У бир соатдан буён мушугининг суратини чизишга уринаётганди. Бироқ мушук ҳар сафар мўйловли зебрага ўхшаб қолаётганди.
Антонниг онаси кир ювиш машинасини силкитди. «Ҳайвон», — деди у жаҳл билан. Антоннинг мушуги хириллади.
«Сенгамас, мушугим, — деди Антон мушугига, — анави кир ювадиган оқ ҳайвонга айтяпти».
Антоннинг мушуги бошини яна олд панжалари устига қўйди. Суратлар унча ўхшамаётганини билиб турган бўлса-да, у ўзини Антонга чиздираётганидан мамнун эди.
Антоннинг онаси кир ювиш машинасининг тугмаларини бураб чиқди. Бўлмади. Ҳатто ойнали туйнуги ҳам очилмай қолганди. Антоннинг онаси нимадир деб пичирлади, Антон уни тушунмай қолди. «Нима дединг?» — сўради у қизиқиб. «Ҳеч нима, ҳеч нима», — деди Антоннинг онаси довдираб.
Қўнғироқ чалинди.
«Илтимос, очиб юбор, — деди Антоннинг онаси, — бу туз ва шакар сўраб турадиган қўшни аёл бўлса керак. У доим худди шунақа пайтда келади».
Антон эшикни очди ва қайтиб ошхонага кирди.
Антоннинг онаси « уфф » тортди ва қўшни аёл учун нон қолдиқларини бир қоғоз халтачага сола бошлади. «Бу ҳол менга ноқулай албатта», — дея хижолат бўлди қўшни аёл ҳар доимгидек.
«Балки кир ювиш машинасига яхши « гапириб » кўришимиз керакдир, — деди Антон онасига, — уни силаб, биз учун қанчалик муҳим эканлигини айтайлик-чи !».
«Уни ташлаб юборганимиз маъқул!», - деди Антоннинг онаси.
«Кир ювиш машинангиз ишламай қолдими? - сўради қўшни аёл. - Ҳа, бу янги чиққанларидан эмас экан-да. Буни бемалол ташлаб юбориб, ўрнига янгисини олсангиз бўларкан», - деди у ўзича ақл ўргатиб.
«Агар у шу гапларни эшитаётган бўлса , — деди Антон, — кейинги сафар пахтали жемферларимизни юваётганида бужмайтириб ташлайди».
«Машина жонсиз нарса-да, — деди қўшни аёл Антонга уқтириб. - Улар гапга тушунармиди».
Бу гап Антонга умуман ёқмайдиган оҳангда айтилди. У ўрнидан туриб, кир ювиш машинасининг олдига борди ва унинг силлиқ сиртини оҳиста силади. «Биз унга кўрсатиб қўямиз, — пичирлади Антон. - Энди мени уялтириб қўйма. Айтганимни қиласан-а?» Кейин у дастур тугмачасини босди. Кир ювиш машинаси секин ғирилади ва одатдагидай «блуқ - блуқ» қилиб ишлай бошлади.
«Ишониб бўлмайди», — қичқириб юборди Антоннинг онаси.
«Бу тасодиф», — деди қўшни аёл ва нон қолдиқларини олиб хайрлашди.
«Буни қандай тузатдинг?» — сўради Антоннинг онаси.
«Билмайман, — деди Антон. - Шунчаки мен уни ишлаб тургандай тасаввур қилдим. Менимча, уни дам олдириб туришимиз керак».
«Бўпти, — деди Антоннинг онаси. - Кейинги ҳафтада унга уч кун дам берамиз».
Яна қўнғироқ чалинди. Эшик олдида ҳалиги қўшни аёл энтикиб турарди.
«Бирор нима эсингиздан чиқиб қолганмиди?» — сўради Антоннинг онаси.
«Йўқ, - деди қўшни аёл, — менинг миксерим (мева ва сабзавотни шарбатга айлантирадиган асбоб) ҳам ишламай қолди».
«Меникини олиб турмоқчимисиз?» — сўради Антоннинг онаси.
«Ҳа! йўқъе ! миксерингизни эмас, — деди қўшни аёл дудуқланиб, — Антонингизни. У миксерим билан «гаплашиб» қўйса майлими?»
«Бу гал ҳам таъсир қилдими?» - сўради Антоннинг онаси, Антон қайтиб келгач.
«Албатта, - деди Антон. - Бир гап билан ишлаб кетди».
«Ростданми? - деди Антоннинг онаси анграйиб. - Нима дединг?»
Антон кулгиси келганидан гапиролмай турди.
«Улагични розеткага улашини айтдим», — дея қиқирлаб юборди у ниҳоят.

Антон Ва Қорбобо
Антон яна қўлқопчаларини излашга тушди. Улар кўм-кўк эди. Ниҳоят у чапини топди ва суюниб кетди. Чунки бир қўлини жакетининг чўнтагига тиқиб юрса ҳам бўларди-да.
«Мен янги йил томошаларини кўришга кетяпман», - огоҳлантирди у. Онаси индамай бошини қимирлатди. У кейинги кунгача бир ишни қилиб тугатиши керак эди.
Антон кўча бўйлаб кетаркан, кул ранг қор этикларига чалпиллаб ёпишиб қолаётганди.
«Қутурган қўй», - деди бир ёқимсиз овоз. Йўл четига машинасини созлаётган ҳайдовчи шундай деб йўлда кетаётган ҳайдовчига таъна қилиб қолди. Униси эса ён деразадан бошини чиқариб, - «Янги йилингиз билан!» - дея жавоб қилди-да, ўтиб кетди. Биринчиси унинг ортидан қараб қолди. Шундан сўнг у оғзини секин ёпиб, юзини қаттиқ буруштирди. Антон мийиғида кулиб қўйди ва йўлини давом эттирди.
«Ғарч-ғурч». Антон қор устида этиклари билан мана шундай тарзда қадам ташлаб кетаётганди. Кўча энига чироқлар занжири тортилганди. Пештахталарга арчалар, ўйинчоқлар ва қорбоболар қўйилганди.
«Қаерга кетяпсан?» - сўради кимдир. У мактабда Антондан уч қатор ортда ўтирадиган Маркус эди.
«Янги йил томошаларини кўришга, - деди Антон, - сенчи?»
“Почтага кетаётгандим, - жавоб берди Маркус, - онам пул жўнатишга юборди. Вақти йўқлиги учун, у янги йил арафасида дўкондан чиқолмаскан”.
Маркус капюшонли курткасининг чўнтагидан бир яшил конверт чиқарди.
“Анчагина пул”, - деди у таъкидлаб.
“Биз пулимизни ҳеч қаерга жўнатмаймиз, балки харажат қиламиз”, - деди Антон. Пул уни унча қизиқтирмасди.
Маркус яшил конвертни эҳтиёткорлик билан жойига солиб қўйди.
“Мен универсал дўконга кираман, - деди Антон, - бу йил у ерга қорбобо келган.”
“Аслида бунақалар кийимларини алмаштириб олган кишилар бўлади, уларга бунинг учун универсал дўкон пул тўлайди”, - деди Маркус беписанд ҳолда.
“Сенга ким айтди?” - сўради Антон.
“Дадам. Унинг айтишича, улар харидорлар кўпроқ пул харажат қилишлари учун қўйиларкан”.
“Мен пул харажат қилолмайман, - деди Антон, - чунки менда йўқ”.
Шу пайт универсал дўконда қорбобо ширинликлар ва тўрвачалар улашаётганди. Унинг соқоли ёпиштирилган, эгнида узун, қизил чопони бор эди, пешонасидан тер тўкилаётганди. Универсал дўконда узун чопон жуда иссиқлик қилаётганди. Бир нечта болачалар унга зўр иштиёқ билан қараб туришарди.
«Дадамнинг айтишича, фақат нодон болаларгина қорбобога ишонишаркан». Маркуснинг овози эътирозли оҳангда чиқди.
«У ўша нодон болаларга қизиқарли туюлса керак-да», - деди Антон ўйланиб.
«Охирги қаватга чиқайлик, - ундади Маркус, - у ерда компутер ўйинлари бор».
«Сен пул жўнатишинг керак эди-ку?» - эслатди Антон.
«Буни кейинроқ ҳам қилсам ҳам бўлади», - деди Маркус ва эскалаторга чиқди.
Тўртинчи қаватда автоматлар кўп эди. Пиппиллаган, ғизиллаган ва ғувиллаган шовқинлар таралиб турарди. Экранлардаги оқ пуфакчалар бир томондан иккинчи томонга учиб ўтаётганди; тўсиқлар кўтарилгач, нишонлар ғойиб бўлаётганди. Фақат тугмачалар ўз вақтида босилса ёки буралса бас. Янги йил шарофати билан болалар бепул ўйнаш имкониятига эга эдилар. Улардан иккитаси битта жой учун талашиб қолишди. Xизматчилардан бири пиппиллаётган автоматлар ва чинқираётган болалар ўртасида нима қиларини билмай қолганди. Маркус автоматлардан бирини эгаллашга муваффақ бўлди. Ҳаяжондан унинг юзи қизариб кетганди. У жуда яхши ўйнади. Антон ҳам шундай ўйнашга ҳаракат қилди. Аммо у тугмачаларни ё олдин, ё кейин босиб қўяётганди.
Кейин Антон озгина нарироққа ўтиб, китоблар болимига кирди ва бир қалин китобни қўлига олди. Унда, - «Болалар учун янги йилнинг катта китоби», - деб ёзилган экан. Антон уни варақлади. Кейин тўхтаб қолди. Китобдаги бир ҳикоя «Антон ва қорбобо» деб аталганди. Антон уни ўқий бошлади.
«Антон яна қўлқопчаларини излашга тушди. Улар кўм-кўк эди. Ниҳоят у улардан биттасини топди ва суюниб кетди. Битта қўлини жакетининг чўнтагига тиқиб юрса ҳам бўларди-да!»
«Антон», - деди бир ғамгин овоз. Кимдир унинг билагидан тортди. Антон ўқишдан тўхтамади.
«Мен бу ердаман. Бир ҳикоянинг ичидаман», - деди у ҳаяжонланиб.
«Антон! Пулни йўқотиб қўйибман!» Антон ўгирилди. Унинг ёнида Маркус турарди.
Энди унинг юзи ўйин пайтидагидай қип-қизил эмас, балки бўзариб кетган эди.
«Нима дейсан? Антон китобни жойига қўйди. -Яхшилаб кўрчи».
Маркус курткасининг ҳамма чўнтакларини ағдариб кўрди. Йўқ экан. Унинг бўзариб кетган юзида ҳуснбузарлари аниқ кўриниб қолганди. Улар автоматлар яқинига бориб, пастни кўздан кечириб чиқишди. Йўқ экан. Яшил конверт топилмади.
«Юр, - деди Антон, - бирор жойга бориб бафуржа ўйлаб кўрамиз».
Универсал дўконнинг ортида бир кичик истироҳат боғи бўлиб, унинг ичида бир нечта япроқсиз буталар бор эди. Бир нечта ўтирғичлар. Битта дарахт. Антоннинг ўнг қўли совқотди. У уни жакетининг чўнтагига тиқди. Унинг ёнида Маркус тишларини қичирлатиб турарди. Улар бир ўтирғичга ўтирдилар.
«Ўйлаб кўр-чи, - деди Антон. Уни бирор жойда чўнтагингдан чиқаргандирсан».
Маркус бошини силкитди.
«Қанча эди ўзи?» - сўради Антон.
Маркус жавоб бериш ўрнига, йиғлай бошлади.
Кимдир улар ўтирган ўтирғичга ўтирди. Қалин этиклар, узун, қизил чопон, оқ соқол. Қорбобо.
«Сиз универсал дўконданмисиз?» - сўради Антон.
Қорбобо жилмайиб бошини қимирлатди. Антон унга синчковлик билан қаради. Ҳақиқатан ҳам бунинг сочи ва соқоли бошқача эди. Жилмайиши ҳам.
Маркус ҳамон йиғлаётганди.
«Унинг пули йўқолиб қолди, - тушунтирди Антон. - У уни онасининг ўрнига почта орқали жўнатиши керак эди».
Қорбобо бошини қимирлатди. У чопонининг чўнтагидан иккита тўрвача чиқарди ва деди: «Таскин бўлиши учун».
Антон пул йўқотмаган бўлса ҳам, шу иккита тўрвачадан биттасини олди.
«Янги йилларингиз қутлуғ бўлсин», - деди қорбобо ва йўлга тушди.
«Очсангчи!» - Антон қовоғини солиб тилла ранг тўрвачага қараб қолган Маркусни шошилтирди.
«Бариси беъманилик», - дей пичирлади Маркус, аммо тўрвачани очди. Унинг ичидан битта ясси қути чиқди. Қути ичида битта яшил конверт бор эди. Маркус ишонқирамай унга тикилди, кейин унинг ичидаги пулни санади. «Тўғри», - деди у ва қорбобо томонга ўгирилди. Аммо энди у кўринмай қолганди.
Антон ҳам тўрвачасини очди. Унинг ичидан кўм-кўк қўлқопчаси чиқди. Ўнгги.
«Тушундингми?», - сўради Маркус.
Антон қўлқопчага яхшироқ қаради. У уники эди. Уни бош бармоқ ёнидаги ямоқчали жойидан таниди.
«Бу ҳалиги универсал дўкондаги қорбобо бўлса керак, - деди Маркус, - демак конвертни ўша ердан топиб олган. Эртага унга миннатдорчилик изҳор қилиб қўярман».
Антон ҳеч нима демади. Аммо Маркус бу қорбобони универсал дўкондан топа олмаслигига унинг ишончи комил эди.

Қуш Торти
«Ҳамма эшицин, якшанба куни меникида фашинг (қишни кузатиш байрами)ни нишонлаймиз!» — қичқирди Гунди. Гунди қиз бола эмасди. Асли исми Гундомар бўлган Гунди жисмоний тарбия бўйича ҳаммадан зўр эди. Синфдаги шовқин-сурон шодликка уланиб кетди. Гунди қўлларини кўтариб ишора қилди. У яна нимадир демоқчи эканлиги кўриниб турарди. Мени сира Гунди деб чақирманглар. Акс ҳолда онамнинг жаҳли чиқади. У мени ҳамма Гундомар деб чақиришини хоҳлайди». Синфдагиларнинг бари кулиб юборди, Гундомарнинг ўзи ҳам.
«Синфимиздагиларнинг ҳаммаси якшанба куни Гундиникига фашингни нишонлашга таклиф этилган. Йъани Гундомарникига», - билдириб қўйди Антон онасига. У ҳозирданоқ янги исмга кўникишга ҳаракат қилаётганди.
«Синфингиздагиларнинг ҳаммаси?» - ҳайрон бўлди Антоннинг онаси. «Унинг оиласидагиларнинг асаби мустаҳкам бўлса керак-да. Қандай қиёфада бормоқчисан?»
«Билмадим, — дея ўйлаб қолди Антон, — балки шериф (полиция бошлиғи) қиёфасида борарман».
«Яхши, — деди онаси, — унда сенга битта юлдуз ва битта чавандозлар шляпаси ҳам керак».
«Тўппонча-чи», — қўшиб қўйди Антон.
«Ўйинчоқ қуролларга муносабатим қанақалигини биласан-ку, - Антоннинг онасининг кайфияти ёмонлашди. - Яқин келажакда ўшалар портловчи миначалар сотадиган бўлишади. Кейин улар ёрдамида қўғирчоқлар ва ўйинчоқ айиқчалар портлатиб юбориладиган бўлади».
«Жуда ошириб юбординг», - деди Антон. У қуролсиз курашишга ҳам тайёр эди: бароқ мушуклар учун, Сибилле учун, уй ишлари камайтирилиши учун, гапирадиган дарахтлар учун. Аммо тўппончасиз шериф бўладиган бўлса, ишонарли чиқмасди.
«Тўппончани ўзим йиғган пулга сотиб олсам-чи?» - сўради у.
«Унда конфликт (можаро) чиқади,» - деди Антоннинг онаси. «Конфликт» сўзи Антон учун янги эди. Шундай бўлса-да, у онасининг оҳангидан, конфликнинг бўлмагани маъқуллигини тушунди.
Кейинроқ Антон фашинг кийимлари ва турли нарсалар сотиладиган дўкончага борди. Унга ҳеч нима ёқмади. Ниҳоят у бир ажойиб қуш ниқобини кўриб қолди ва кийиб кўрди. Кўзлари кичик тирқишлардан қараб турарди, оғзи билан бурни эса катта сариқ тумшуқ ортидан кўринмасди. «Мен антиқа қуш бўлиб бораман», - аҳд қилди Антон ва сўнгги пайтларда йиғқан пулига бу ниқобни сотиб олди.
Антоннинг онаси бундан жуда мамнун бўлди. У дарҳол бир эски қора матодан кенг енгли кўйлак тикиб берди. Антон қўлларини юқорига ва пастга ҳаракатлантирганида, худди қанот қоқаётгандай кўринарди.
Антон якшанба куни Гундиникига, йўқ Гундамарникига бораётганида, кайфияти жуда хуш эди. «Энди мени ҳеч ким таниёлмаса керак», - ўйлади у.
«Хайрли кун, Антон», - деди Гундининг, йўқ Гундомарнинг онаси уни кўриши билан.
Антон атрофга назар ташлади. Бу дид билан жиҳозланган жуда гўзал уй бўлиб, унинг теварагида катта боғ бор эди. Узун столга пишириқлар, тортлар, қаймоқли ликобчалар, қуймоқлар, печенйелар, какао, ҳамда малина шарбатлари қўйилганди. Гундининг, йўқ Гундомарнинг дадаси уйдан чиқиб кетган экан. Шунинг учун унинг онасига иккита оқ этакли аёл ёрдамлашаётганди.
Антон тамадди ва ичиш пайтида юзидаги қуш ниқобини халақит бермаслиги учун юқорига кўтариб қўярди. Пишириқлар ва тортлар жуда мазали эди-да. Кейинроқ ўйинлар ташкил этилди. Улар Антонга ёш болаларникидай туюлди. Аммо улардан зўр ютуқлар ютиш мумкин эди.
Антон ҳам шу ўйинда иштирок этиб, Карл Майнинг (ҳиндулар ҳақидаги қизиқарли китоблар муаллифи) бир жилдини, рангли қаламлар, печенйе шаклидаги ўчиргич учта Комик журналларини ютиб олди. Ўйин мобайнида у жудаям исиб кетди, шунинг учун боққа чиқиладиган кичкина эшикни излаб топди. Антон у ерга чиқиб бир оз қанотларини қоқди ва ўзини худди уча оладигандай тасаввур қилиб кўрди.
«Совуқ», — деди бир овоз.
«Ҳозир баҳор бўлсайди», — жавоб берди бошқаси.
Антон атрофга қаради. Ҳеч ким кўринмади.
«Бугун бирор нима едингми?» — сўради биринчи овоз.
«Йўқ», - жавоб берди бошқаси маюсгина.
Аслида бу овозлар юқоридан келди. Антон тепага қаради. Тепасидаги қуруқ шохларда иккита қушча ўтирарди. «Мен қушлар овозини тушуняпман, — ўйлади Антон ҳайратланиб, — ниқобим туфайли бўлса керак».
«Ҳой қўшалоқлар», - хитоб қилди Антон. Аниқроғи, у уларни шундай деб чақирмоқчи бўлди. Унинг тумшуғидан «кроакс» деган садо чиқди.
«Сен қанақасан?» — сўради дарахтдаги иккита қушчадан бири.
«Мен ҳақиқий эмасман, шундай кийиниб олганман, холос» - тушунтирди Антон. Бу «крекс рак оак» тарзида эшитилди.
«Бизнинг тилимизда сўзлашяпсан-ку, демак ҳақиқий бўлсанг керак», - деди қушча.
«Мен учолмайман». Антон гапини тасдиқлаш мақсадида, қора қанотли қўлларини қоқиб кўрсатди.
«Ўзи шундай бўлади, — юпатди қушча. - Чунки сен жуда катта экансан. Демак, сенга доим бизникидан анча кўп овқат керак бўлади. Ҳозир сен ҳам биздай очсан, шундайми?»
«Йўқ, — деди Антон худди айб иш қилиб қўйгандай. - Мен шунча кўп овқат еб юборибман-ки, бундан ўзимни анча ёмон ҳис қиляпман. Сизларга ҳам бирор егулик олиб келиб берайми?»
«Ғалати савол!» Қушча жон талвасасида қанотларини қоқди. «Келинглар, келинглар!»
«Мен бошқаларни чақириб келаман», - сайраб учиб кетди иккинчиси.
«Мен ҳозироқ қайтаман», — ваъда қилди Антон. Бу «кра рида ра» тарзида эшитилди.
У тузалган стол олдига борди ва ўйлаб қолди. Мевали торт жуда ширинлик қиларди, шоколадлиси ёпишқоқроқ эди, қуймоқларни эса яхши ушатиб бўлмасди. Ниҳоят Антон бир чеккадаги қиёмсиз ва кремсиз тортни кўриб қолди ва шуни оладиган бўлди. Қўшни хонадан кулги ва шовқин-сурон эшитилар. Ютуқлар эгасини топиб кетган.
Антон ҳеч кимга билдирмай боққа кирди. У ҳалиги тортни ўша ерда ушатиб, дарахт тагига ташлади. Кейин мамнун ҳолда узоқроқда туриб, торт ушоқлари атрофида тўпланаётган қушларни кузатиб турди. «Керк кекк кирк», - деди Антон хайрлашиб. Бу «ёқимли иштаҳа», — дегани эди. Кейин у яна уйга кирди.
«Энди ёнғоқли тортимни ҳам бир таътиб кўринглар-чи, — деди Гундининг онаси ҳалиги иккита аёлга. - Фақат саккизта тухумдан тайёрланган».
«Аттанг, — ўйлади Антон, — ҳар ҳолда мен ушатган торт бўлмасин-да».
Афсус айнан ўша торт назарда тутилган экан. Ва Гундининг онаси уни топишга қатъий киришганлиги сезилиб турарди.
«Балки, — ўйлади Антон, — тортни қушлар маза қилиб ейишганини эшица, хурсанд бўлар». Антон ниқобини кўтарди ва ёнғоқли тортга нима бўлганини айтди. Гундининг онаси хурсанд бўлмади. У кулишга уринди-ю, бироқ буни унча уддалай олмади.
Антон яхшиси уйига қайтишга қарор қилди. У ҳамма ютуқларини йиғиштирди ва катта хона томонга қараб қичқирди: «Мен кетяпман, Гунди».
Ҳамма қотиб қолди. Гундомарнинг онаси чуқур нафас олди. «У сени нима деб чақирди?» — сўради у қатъий.
Гундомар бир лаҳза ўйланиб қолди ва деди: «Мени синфимиздагилар Гунди деб аташади. Ўзимга ҳам шу маъқул».
Антон уйига қайтгач, онаси унга нохуш қараб деди: «Гундомарнинг онаси менга қўнғироқ қилганди».
«Иккалангиз бир-бирингиздан қолишмайсиз», — ўйлади Антон. Аммо ҳеч нима демади.
«Нима учунлигини биларсан?» — сўради Антоннинг онаси.
Бу савол Антонни ҳечам ташвишлантимади.
«Мен иккита қуш гаплашаётганини эшитиб қолдим, — тушунтирди у, — улар оч эди».
Антоннинг онаси бурнини тортди. «Ўзим ҳам шунга ўхшаш ҳол юз берган бўлса керак, деб ўйлагандим. Энди сенга чумчуқлар мурожаат этадиган бўлса, нонушта қиладиган пишириқларимизни ҳам уларга деразадан ташларкансан-да. Қўй, яхшиси ундай қилма. Акс ҳолда...»
«Биламан, акс ҳолда можаро бўлади», — қўшиб қўйди Антон бўғиқ овозда. Битта ёнғоқли торт учун, чунча ташвиш», - пичирлади у хонадан чиқаётиб. Яхшиям буни онаси эшитмай қолди.

Мўматалоқ
«Томас бир ҳафтадан буён йўқ», - деди ўқитувчи. У синф журналидаги кунларни санаб чиқди. «Нима учун бундайлигини биладиганлар борми?»
Ҳеч ким индамайди.
«Нима, ҳеч ким у билан дўст эмасми?»
Ҳеч ким индамади. Томас ҳаммани турткиларди, сочларидан тортарди, дафтар билан урарди. Йўқ, ҳеч ким Томас билан дўст эмас эди.
«Балки унинг турар жойини биладиганлар бордир?»
«Бўпти, — ўқитувчи тоқацизланди. - Унинг турар жойини девонхонадан ҳам билиб олиш мумкин. Кимдир уникига бориб, нима бо`лганини билиб келади». Унинг синчков нигоҳи синфдагиларга қадалди.
«Менга айтиб қолмасин-да», — ўйлади Антон ва математика дафтарига кўз югуртиришга тушди. Бирор нарсага диққат билан қараб турганида, у ўқитувчисининг назаридан четда қолиши мумкинлигини биларди. Бироқ бундай ҳолда, «У мени кўрмасин, у мени кўрмасин!», деган фикрни хаёлидан ўтказиши керак эди. Бу ҳол доим ўз таъсирини кўрсатарди.
«Антон, - деди ўқитувчи, — бу ишни сенга топшираман».
«Расво бўлди, — ўйлади Антон. - Шу пайтгача ҳамма истагим рўёбга чиқарди-я».
«Нима учун айнан мен ўша аҳмоқдан хабар олишга боришим керак? - шикоят қилди Антон уйига келиб.
«Майли, майли, ҳечқиси йўқ , борақол, фақат кечга қолма», — деди Антоннинг онаси, бир варақ оқ қоғоздан нигоҳини узмай қаламни тишлаб турган ҳолда. Антоннинг диван устида ухлаётган мушуги уйқусида панжаларини қимирлатиб қўярди. Антон уф тортди. Буни ҳеч ким эшитмади. У ғазабланиб манзилгоҳ ёзилган қоғозга қаради, узоқ эмасмикан, деган маънода. Ҳар ҳолда у Томасни мактаб йўлида тез-тез учратарди.
Барибир Антон анчагина йўл юришига тўғри келди ва ниҳоят ўша уйни топгач баттар ғазабланди. Кул ранг тусли, катта уйнинг атрофида боғи ҳам, деразалари олдида гуллари ҳам йўқ экан.
«Уйи ўзига ўхшаркан», - ўйлади Антон ғазабга тўлиб. У чанг босган тахтачаларга ёзиб қўйилган номлардан тегишлисини топиб, қўнғироқ қилди.
Унга мужмал овозлар ҳамда шошилинч қадамлар эшитилди. Кейин бир лаҳза жимлик бўлди. Антон яна бир марта қўнғироқ қилди. Кимдир айнан шуни кутиб тургандай дарҳол эшикни қия очиб қаради. Антон бир аёлнинг юзини кўриб қолди.
«Мени мактабдан юборишди, — тушунтирди у. — Мен Томас билан кўришиб, қачон мактабга боришини билиб кетишим керак».
Аёл бошини қаттиқ қимирлатди. «У билан кўришолмайсан. Мактабингдагиларга айт, у бир неча кундан кейин боради». Шундай деб аёл эшикни Антоннинг бурнига ургудай қилиб ёпди. Антон нима қиларини билмай, бир оз шу ерда туриб қолди.
Яна қўнғироқ қилсинми? Томасга нима бўлганини билолмади-ку.
«Кетдими?» Антон эшик ортидан кимдир сўраганини эшитди.
«Псссст!» — деди бошқаси.
Антон ўгирилиб ўйчан қадам ташлади.
Бу ерда бир сир борга ўхшарди. Бу ҳол унга Сибилле билан кўришиш учун яхшигина баҳона бўлди.
Сибилле чўпли қизил-яшил қандни ялаган ҳолда воқеани қизиқиб эшитди. «Балки уни биров ўғирлаб кетгандир, — деди Антон. - Шунинг учун унинг ота-онаси бу ҳақда ҳеч кимга айтолмаётгандир».
«Ўғирлаб кетган, — Сибилле қатъий равишда бош силкитди. — Ундайларни ўғирлаган киши дарҳол қайтариб келади. Бунинг эвазига пул ҳам талаб қилмайди.»
«Тўғри айтасан», — деди Антон унинг гапига қўшилиб. — Балки унга қизамиқ чиқиб қолган бўлса, қизил доначаларидан ор қилиб юргандир».
«Сен гаплашиб турганингда ҳам чўпли қизил-яшил қандни ялаётганингни тушунолмаяпман», — шикоят қилди Антон.
«Масаланинг моҳиятини чуқур тушуниш керак эди-да», — уқтирди Сибилле ва чўпли қизил-яшил қанднинг қолганини тишлаб-тишлаб ютиб юборди.
«Тишинг оғриб қолмайдими?» — сўради Антон.
«Оғрийди», — жавоб берди Сибилле.
«Ана», — Антон Сибилле чўпли қанд яламайдиган бўлганидан кейингина, унга уйланишини кўнглига тугиб қўйди.
Антон ўша хунук кул ранг уйга бир оз етмасдан тўхтади. «Мана шу уй. - Уй яқинида ҳеч ким бўлмаса ҳам у пичирлаб гапирди. - Энди нима қиламиз?»
«Қўнғироқ қиламиз ва тез югуриб бориб анави плакатнинг орқасига яширинамиз, — таклиф қилди Сибилле. - Кўрамиз, қани нима бўларкан».
«Мен ҳечам бундай қилиб кўрмаганман, — тўнғиллади Антон ташвишланиб. - Буни сезиб қолишлари мумкин-ку».
«Ҳақиқатни билишимиз учун шундай қилмасак бўлмайди», — тушунтирди Сибилле.
«Бўпти, — Антоннинг овози унча дадил чиқмади. — Ким қўнғироқ қилади?»
«Сен, — деди Сибилле. — Фикр мендан чиқди».
Антон қўнғироқ қилди ва дарҳол плакатнинг ортида турган Сибилленинг ёнига югуриб борди. Улар яширинишган жойидан уй эшиги бир оз очилганини ва бир лаҳзадан сўнг яна ёпилганини кўришди.
«Яна бир марта шундай қилиб кўрамиз », — деди Сибилле.
«Хўп», - уф тортди Антон. Сибилле баъзан ўта тиришқоқ бўлиб кетарди.
«Йўқ, энди мен, - деди Сибилле. - Сен нафасингни ростлаб олганинг йўқ».
«Қойил», — деди Антон Сибилленинг гапидан руҳланиб.
Бу сафар эшик тўлиқ очилди. Бир аёл чиқиб, иккала томонга қаради ва бошини силкитиб яна уйга кириб кетди.
«Энди навбат меники», - деди Антон ва югуриб кетди. У қўнғироқ тугмачасини босиш учун қўлини кўтариши билан эшик ланг очилди. Унинг олдида Томас турарди. Антон Томасга тикилиб қолди. «Юзингга нима бўлди?» — сўради у қўрқиб кетиб. Томаснинг ўнг кўзи шишиб кетган атрофи кўк, яшил, сариқ аралаш тусда эди. Сибилле яширинган жойидан чиқиб келди. «Ўзингдан каттанинг жиғига тегдингми—сўради у қизиқиб. - Кичикроқ бўлганида, балки кучинг етган бўларди».
«Қўл кўтарса керак», — ўйлади Антон. У Сибиллени ҳимоя қилиш ёки қочиб қолиш афзаллигини беихтиёр хаёлидан ўтказди. Бироқ Томас турган жойидан жилмади ва ҳеч нима қилмади.
«Шунинг учун мактабга бормаганмидинг?» - деди Антон дудуқланиб ва Томаснинг ранг-баранг кўзига ишора қилди.
« Дадам бунақа бўлиб қолишини билмаган экан», - деди Томас.
«Даданг? - сўради Антон қизишиб. - У тез-тез шундай қилиб турадими?»
«Фақат кўпроқ ичганида. - Томас эҳтиёткорлик билан кўзини сийпалади. - Шундай пайтларда мени мўматалоқ қилиб қўйиши мумкин».
«Мўматалоқ?» — Антон ва Сибилле деярли бир вақтда сўрадилар.
«Буни мутахассис шундай деб атайди, — тушунтирди Томас. - Дастлаб у сиёҳ рангда бўлади».
Учаласи бир лаҳза жим туриб қолишди. «Сизларни ичкарига кирита олмайман», - деди Томас. - Ҳозир уйимиз ўзимизга ҳам торлик қилиб қолган».
«Ҳа, унда биз кетдик.» Антон Сибиллега саволомуз қаради. У эса индамай бошини қуйи солди.
«Мўматалоқ бўлиб қолганимни синфдагиларга айцангиз, мириқиб кулишса керак», - деди Томас ўта дардли оҳангда.
«Бўлиши мумкин», - деди Антон. У Томасдан доим ҳадиксираб юрганини кўз олдига келтирди. Энди эса Томас ундан ва Сибилледан ҳайиқиб турарди. Ғалати ҳол.
«Хўп, ҳозирча», - деди Томас. У ўгирилди ва орқасидан эшикни ёпди.
Бир неча кундан кейин Томас мактабга келди. Кўзи яна ўз ҳолига қайтган бўлса-да, бошини кўтаролмай ўз жойида жимгина ўтирарди.
«Қалай, гриппдан яхши қутулдингми?» — сўради ўқитувчи биринчи дарсда самимийлик билан.
Томас бошини кўтарди ва ишонқирамай синфдагиларга назар ташлади. Ҳеч ким кулмади. Кейин у Антон ва Сибилле томонга қаради-да, «ҳа, раҳмат», деди.

Гриппо
«Ён дафтарим қани? - деди Антоннинг онаси. - Ҳозиргина ўзимда эди, энди тополмаяпман.» У жаҳл билан стол тортмаларини очиб ёпди. Ён дафтарча қолиб кетган бўлиши мумкин бўлган ҳамма нарсанинг тагини кўриб чиқди. У қўлқопларини ҳамда курткаси ва палтосининг чўнтакларини пайпаслаб кўрди.
«Унинг устига Гриппо ўтириб олган шекилли», - тўнғиллади Антоннинг онаси.
«Ким, қаерда ўтирибди? - сўради Антон қизиқиб.
«Ах, менинг бувим, яъни сенинг бувингнинг онаси бирор нимани тополмай қолса, доим шундай дерди».
«Гриппо» Антонга бу сўз жуда ажойиб туюлди. Онаси энди ошхона томонга ўтиб излаётганди. У паст овозда кимнидир койиди.
Антон уй вазифаларини бажаришга кириб кетди. Мактаб сумкасидан математика китобини, сиёҳли ручкасини ва бир нечта дафтарларини чиқарди. У математика китобини қўлига олмоқчи бўлди, аммо уни қўйган жойидан тополмай қолди. «Нима бўляпти ўзи», - ўйлади Антон. Бугун математика китоби ҳам, ён дафтар ҳам йўқолиб қолди. Ҳақиқатан ҳам бу ўша ярамас Гриппонинг иши бўлса керак».
«Бўлиши мумкинми мени билганлар,
амал-у номимни зикр қилганлар?»
Антонга шу овоз эшитилди. У атрофга қаради. Ҳеч ким йўқ эди. Бироқ энди унинг математика китоби қўйилган жойида турарди.
«Йўқолмасдан олдин бор бўлган нарса,
албатта топилар излаб кўрилса», - садо берди у.
«Гриппо! - қичқирди Антон. - Қаерда яшириниб олгансан? Мен сени кўрмоқчиман».
«Яшиндай тезкорлик фазилатим бор,
мени кўролмайсан, уринма зинҳор».
Антоннинг олдидаги дафтарлари ғойиб бўлиб қолди.
«Гриппо! - қичқирди Антон. Бу нима қилганинг. Ахир, мен эртага ўқитувчимга, уй вазифаларимнинг устига Гриппо ўтириб олганди, дея олмайман-ку».
«Вазифалар зўр нарса,
бажаравер, берилса», - жавоб қилди овоз қувноқ оҳангда.
«У мактаб нималигини билмайди-да, акс ҳолда вазифалар нималигини тушунарди», - ўйлади Антон.
«Сафсата сенинг фикринг,
менга таниш мактабинг».
«У фикрни ҳам ўқиб оларкан», - ҳайратланди Антон.
Дафтарлар яна стол устида пайдо бўлиб қолди.
«Раҳмат, Гриппо, - деди Антон. - Эртага мен билан мактабга бормайсанми? Борсанг, жуда зўр бўларди».
«Таклифингга розиман,
саккизгача бораман».
«Буни сабрсизлик билан кутаман, - деди Антон. Ва у жавобни кутди. Аммо ҳамма ёқ жимжит бўлиб қолди.
Кейинги куни нонушта пайти Антон Гриппони чақирди. Ҳеч нима содир бўлмади. Чойнак ҳам, бўтқа солинган ликобча ҳам, асалли идиш ҳам йўқолиб қолмади. Антон нохушроқ ҳолда мактабига жўнади.
«Сен олган бўлсанг керак, мен уни ҳозиргина шу ерга қўйгандим», - Антон синфга кирмасиданоқ кимдир шундай деганини эшитди.
«Демак, - ўйлади Антон. - У шу ерда экан-да».
«Менинг математика дафтарим ҳам кўринмаяпти». - қичқирди Вернер.
«Менинг эса олмам!» - шикоят қилди Диетер.
«Ана холос!» - ўйлади Антон қойил қолиб.
Ўқитувчи синфга кирди. «Тинчланинглар, - деди у баланд овозда. Кейин йўқолган чизғичлар, дафтарлар, олмалар ва бошқа нарсалар ҳақидаги шикоятларни эшитди, кейин сабрсизлик билан гапни бошқа томонга бурди: «Ўзи сизларда тартиб-интизом йўқ. Беҳуда гапларни йиғиштиринглар. Яхшиси, ечишим керак бўлган мисоллар ҳақида ўйланглар!» У қўли билан стол четидаги математика китобини пайпаслай бошлади. «Бу бўлиши мумкин эмас, - деди у, - аниқ биламан!»
Синфдагиларнинг айримлари қиқирлаб кулди.
«Тинчланинглар деяпман, - такрорлади ўқитувчи жаҳл билан. - Қани, уйга берилган машқларни текширайлик-чи». У курткасининг кўзойнак турадиган чўнтагига қўлини тиқди. «Бўлиши мумкин эмас. Ақлим бовар қилмаяпти», - тўнғиллади ўқитувчи.
Бу сафар синфдагиларнинг ҳаммаси кулиб юборди. Ўқитувчининг боши қотиб қолди. «Кулгили иш бўлгани йўқ», - деди у ва стол устига қараб ҳайрон бўлиб қолди. Математика китоби яна жойида турарди.
«Мана ишларимиз яхши тугади,
енди бошқа синфга навбат тегади».
Антон Гриппонинг шундай деганини эшитиши билан атрофга қаради. Буни ундан бошқа ҳеч ким эшитмагандай эди. Ўқитувчи кўзойнак бурнининг устида эканлигини тўсатдан пайқаб қолди. У бошини силкитиб уни ечди ва яна жойига тақиб қўйди. «Энди ўттизинчи бетдаги еттинчи мисолни ечишга ўтамиз», - деди у шундан сўнг.
Бу ҳам мактабдаги кунлардан бири эди.

Бобо
Антон истироҳат боғига кирди ва ҳар доимгидек дастлаб ўрдаклар ҳовузи олдига борди. Ўрдаклар жуда банд эдилар. Улар бир оқ сочли киши қаршисида жон жаҳдлари билан у ёқдан бу ёққа сузишаётганди. Қирғоқда ўтириб олган бу киши қотган узун нонларидан бирини қўлига олиб, ўрдакларни озиқлантираётганди. Аҳён-аҳёнда унинг ўзи ҳам шу нондан тишлаб еб турганди. Унинг ёнидаги майса устида бир эски рюкзак (орқага илиб юриладиган халта) турарди. Антон яқинроқ борди. У ўрдаклар майда нонларни тумшуқларига олган ҳолда сувда роса увитиб, ютиб юбораётганларини томоша қилиб турди.
«Сенгаям бир бўлак нон берайми?» - сўради оқсоч.
«Ўзим ейишим учунми ёки ўрдакларга беришим учунми?» - билмоқчи бўлди Антон.
«Сенга қайси маъқул бўлса шу». Чол ноннинг қолганини Антон билан бўлиб олди. Ўрдакларни озиқлантиришда уларнинг фақат чаққонлари ва олғирлари емишни юлиб кетавермаслигига эътибор бериб турилиши керак эди.
«Сайр қилиб юрибсизми?»- сўради Антон рюкзакга ишора қилиб.
«Йўқ, уйдан қочиб юрибман», - деди чол.
«Нима-а-а?» - сўради Антон ишонқирамай.
«Худди шундай, уйдан кетиб қолганман», - таъкидлади чол таскин топгандай бўлиб.
«Киши кексайгач боладай бўлиб қоларкан. Ҳар ҳолда ёшлар шундай деб ўйлашади. Агар шу тўғри бўлса, иккаламиз тенгқурмиз, деса бўлади». У Антонга қўлини узатди.
«Менинг исмим Эрвин».
«Мен эса Антонман. Кимлардансиз!»
«Сен дегин!» - тузатди Эрвин. Ахир, тенгқурлар бир - бири билан сизлашмайдилар-ку».
«Хўп, - дея гапини давом эттирди Антон. - Сен кимлардан қочиб юрибсан?»
«Қизимдан ва унинг эридан».
«Нима, улар сенга ёмон муносабатда бўлишдими?» - сўради Антон қизиқиб.
«Йўқ, ундай эмас. Чол мийиғида кулиб қўйди. - Улар менга доим, - ъсоғлиғингни ўйла, дада. Ундай қилма, дада. Сен ўзингни асрашинг керак. Бу сенинг ёшингга тўғри келмайди, дадаъ, - деяверишади. Шунинг учун бугун рюкзакимга нарсаларимни солиб кетвордим».
«Хайрлашув хати ёки шунга ўхшаш нарсасизми?» - сўради Антон куюниб.
«Мен уларга мени излаб овора бўлмасликлари ҳақида маълумот қолдирдим», - тушунтирди Эрвин хотиржамлик билан ва рюкзакини боғлади. Нон тугаганди.
«Улар хавотирланиши мумкин», - деди Антон.
«Ҳамма нарсага ақли етади-я, - тўнғиллади Эрвин . - Эҳтиёт бўлмасанг тез катта бўлиб қолишинг мумкин».
Эрвин рюкзакини орқалади.
«Бир оз сиз билан бирга юрсам, майлими? - сўради Антон. - Уйидан қочган кишини ҳеч учратмаганман».
«Майли, - деди Эрвин. - Лекин мендан оёқ кийимимни кийиб олишимни талаб қилмасанг бўлди». Эрвин ўзининг енгил пояфзалини рюкзакига боғлаб олганди.
Улар дарё бўйига боришди. Эрвин рюкзакдан расм дафтарини чиқариб, қалам билан чиза бошлади.
«Бу мен-ку!» - қичқириб юборди у Эрвиннинг елкаси устидан қараб.
«Уни сенга совға қиламан, - дея жилмайди Эрвин. - Ўзингни таниганинг учун». Кейин у тоза расм қоғозларидан кемачалар ясай бошлади. Улар ҳақиқий санъат асарларига ўхшарди: тутун чиқарадиган қувурлари, бошқариш майдонлари ва унга тегишли барча жиҳозлари билан. Эрвин кемаларни дарёга қўйиб юбора бошлади. Кейин улар қирғоқда ўтириб кун ботаётганида сув юзида оппоқ кемалар улардан узоқлашиб кетаётган оппоқ кемаларчаларга қараб қолишди.
«Набираларинг борми?» - сўради Антон кутилмаганда.
«Афсус йўқ, - жавоб берди Эрвин. - Боболаринг борми?»
«Афсус йўқ, - деди Антон. - Менинг битта мушугим, битта қиз дўстим, битта онам ва бошқа жойда яшайдиган дадам бор. Аммо бобом умуман йўқ».
«Ундай эмас, - деди Эрвин. - Энди бор десанг ҳам бўлади. Сендай ақлли боланинг ҳеч бўлмаганда битта ақлсиз бобоси болиши керак. Акс ҳолда тез орада катта бўлиб қолишинг мумкин».
«Бунга онам нима деркин?» - иккиланди Антон.
«Хоҳласам, ўзимни яхшироқ тутаман, - деди Эрвин жиддий оҳангда. - Керак бўлса, оёқ кийимларимни ҳам кийиб юрадиган бўламан».
«Энди мен уйга қайтишим керак, - деди Антон. - Кеч бўлиб қолди».
«Энди уйдан қочиб юришимдан ҳам воз кечсам керак , - деди Эрвин ўйчан ҳолда. - Чунки сендай набирага эга бўлиш мендан жуда масъулиятли болишни тақозо этади».
Эрвин ўзи чизган расмининг орқасига исми-шарифини ҳамда телефон рақамларини ёзиб қойди. «Сенга бобо керак бўлса, менга қўнғироқ қил», - деди у.
«Шу пайтгача қаерда эдинг? - сўради Антоннинг онаси жаҳл билан. - Xавотирланишимни биласан-ку».
«Мен бобо топдим, - деди Антон. - У расм чизишни ва қоғоздан кемачалар ясашни биларкан. Оёқ яланг юришни жуда ёқтираркан.Ва у айнан бугун уйидан қочиб кетмоқчи бўлган экан».
«Эй, хаёлпараст, - деди Антоннинг онаси. - сен ҳар куни бирор гап топмасанг кўнглинг жойига тушмайди».
.Антон индамай расмни стол устига қўйди.
«Жуда зўр экан, - деди Антоннинг онаси ҳайрон бўлиб. - Қани, бир бошидан сўзлаб бер-чи».
«Қизиқ, - хаёлидан ўтказди Антон, нима учун катталар бўлган воқеаларни уйдирмалардан афзал кўришади.
Шундай қилиб у воқеани батафсил сўзлай бошлади.

Касандра
Антон нонушта қилиб ўтирганди.
«Мушугим, - чақирди у. - Бу ёққа кел, ном топишга ёрдамлашасан!»
Антон ниҳоят мушугига ном топишга аҳд қилганди. У ўзига маъқул номларни бир қоғозга ёзди ва уларни мушугига бирин-кетин овоз чиқариб ўқиб бера бошлади. Ҳар ҳолда танланадиган ном унинг ўзига ҳам маъқул бўлиши керак эди-да. Номлар ёзилган узундан-узун рўйхатларнинг бир нечтасини у шу пайтгача рад этганди.
Мушук келиб стол устига ўтирди ва Антонга диққат билан термулиб турди.
«Стол устида ўтирма, - деди Антон. - Онам уришади».
Мушук бошини қуйи солди. У буни биларди. Антон унга ачингандай бўлди. «Ҳа бўпти, ўтирсанг-ўтир». Мушук Антонга қараб тураверди. Антон уни ҳайдамаслигини жуда яхши биларди. Доим шундай бўлган.
Антон ўқиди: «Матилде». Мушук эснади. «Настася». Мушук бир пашша ортидан қараб қолди. «Гўзал. Қиролича. Биринчи Рақам». Мушук мақтовларга сира ўч эмаслиги кўриниб турарди. «Йўлбарс Лилли. Мауцдибауц. Узунмўйлов». Мушук қулоғини ҳам қимирлатмади. «Фелицитас, Есика, Клариса». Мушук бошини қимирлатиб, столдан сакраб тушди ва диван бурчагидаги ухлайдиган жойига бориб ётиб олди.
Антон уҳ тортди. У бу сафарги таклифларини ҳам тақдим этиб бўлганди. Бунинг устига мактабга бориладиган вақт ҳам бўлиб қолганди.
Антон югуриб кетди. Навбатдаги бурилишда у қўққисдан кимгадир урилиб кетди. Бу Томас эди. « Кечирасан», - ҳансиради Антон.
«Ҳечқиси йўқ», - деди Томас самимий тарзда.
Антон бу сафар ҳам ҳайрон қолди. Мўматалоқ воқеасидан кейин Томас умуман бошқача муносабатда бўлиб қолганди. Нафақат унга, балки Сибиллега нисбатан ҳам. Шунақа.
Биринчи дарс ҳар доимгидан қизиқарли ўтди. Ўқитувчи қадимий юнонлар ҳақида гапириб берди. Ким ким билан ва нима мақсадда жанг қилганини. Улар анча пухта бўлишган экан. Бирор каттароқ ишга киришишларидан олдин, оқибати қандай бўлиши мумкинлигини башоратчи аёлдан сўраб билиб оларканлар. Бу тақдир ҳақида об-ҳавони олдиндан билиб олишдай ҳол экан.
Антон синф ишидан олдин у ҳақида башоратчи аёлдан сўраб билиб олишни кўз олдига келтирди. Ҳозиргина уларга сўзлаб берилган башоратчи аёлнинг исми Касандра экан. У узун, тўзиган сочли, нигоҳлари ўткир бўлган қора кийимли аёлни тасаввур қилди. Унинг олдида ярқираб турган биллур шарини ҳам. «Белгилар мос келмаяпти», - дерди у қатъий оҳангда. Шундан сўнг мактабга бормаса бўларди, уй вазифаларини бажаришга ҳам ҳожат қолмасди.
Тушлик пайтида Антон онасидан сўради: «Бирорта башоратчи аёлни танийсанми?» У шундай деди-да, ўйчан ҳолда овқатини ковлади.
«Кимни?» - сўради Антоннинг онаси ҳайрон бўлиб.
«Ҳалиги олдиндан айта оладиган аёлни».
«Ҳа, - деди Антоннинг онаси. - Ўзим ҳам сенга олдиндан айтишим мумкин-ки, агар овқатингни тезроқ емасанг, совиб қолади».
Антон санчқи билан олган овқатини яна жойига қўйди. Ўша Касандра қила олганини бошқалар ҳам қилиши мумкин демоқчимисан?»
Дарҳол мушукда аллақандай ўзгариш содир бўлади. У шу пайтгача диван бурчақидаги жойида жимгина ухлаб ётганди. Энди эса бирдан ўрнидан туриб, қаддини ростлади-да, Антонга маъноли қараб қолди.
«Мушукга нима бўлди?» - ҳайратланди Антоннинг онаси.
«Балки номингни Касандра қўярмизлар?» - сўради Антон бу номни урғу билан талаффуз қилган ҳолда. Мушук дивандан сакраб тушиб, Антоннинг оёқларига суйкалди ва унинг гапига кўнгандай бўлиб қаради.
«Бизнинг оиламизда ҳам битта башоратчи бўларкан-да», - деди Антоннинг онаси киноя билан.
«Касандра». Антон ҳалиги номни эҳтиёткорлик билан яна бир марта такрорлади. Мушук баланд ва Антонга тушунарли ҳолда мириллади: «Ҳа, ниҳоят топдинг».

Сардор
«Ёзеф Блумрих қайтиб келибди», - деди Антоннинг онаси.
«Ким?» - сўради Антон.
«Бир ёзувчи. У қаршимиздаги уйда туради».
«Ҳмм», - деб қўйди Антон. Ёзувчилар уни унча қизиқтирмасди.
«У Америкада яшаган, - гапини давом эттирди Антоннинг онаси. - Ҳопи ҳиндулари юртида. Улар уни ўз қабилаларига қабул қилишган. Фахрли сардор сифатида бўлса керак. Ҳозир у улар ҳақида китоб ёзаётган экан».
Антон диққат билан эшитди. Ҳиндулар сардори билан танишишни у кўпдан буён орзу қиларди.
Жаноб Блумрих қандай киши эканлигини билиш, Антонни қизиқтириб қўйди. У рўпарадаги уйни кузата бошлади. У ерда бир кекса, семизроқ аёл яшарди. Табиийки, у Ёзеф Блумрих эмас эди. Уч фарзандли ёш эр-хотин. Уларни ҳам гумон қилиб бўлмасди. Ёлғиз яшайдиган, оддий кийинадиган ва уйидан кам чиқадиган мўйсафид. «Фахрли ҳинду бўлишга ҳечам ярамайди», - ўйлади Антон. Баланд бўйли, қорачадан келган узун оқ сочли эркак Антоннинг эътиборини бошқалардан кўпроқ ўзига тортди. Унинг кийиниши ҳам бошқача бўлиб, ҳар қандай об-ҳаво шароитида, ҳатто ҳаво жуда иссиқ бўлган пайтларда ҳам, бўйнига ранг-баранг тусли узун шарф ўраб юрарди.
«Шу бўлса керак, - хулоса қилди Антон. - Ҳозироқ бориб у билан танишаман».
Аммо бу унча осон эмас эди. Кўчада бирор бегона кишидан йўлни ёки соатни сўраш мумкин.Нима бўлганда ҳам ундан ҳиндулар юртидаги ҳаёти ҳақида сўраш ноқулай эди.
Шу пайт Антонга бир тасодиф қўл келди. Бу тасодифга хат ташувчи сабабчи бўлди.
Антон уй остонасидаги темир қутичадан почтани олаётганида, бир нечта зерикарли яшил конвертлар ва реклама қоғозларининг ичида битта жуда қизиқарли хатни кўриб қолди. Xориж маркалари, кўп муҳрлар ва юборувчининг манзили кўрсатилган жойда США ёзуви бор эди. «Бизга Америкадан ким ёзган экан?» - ҳайрон бўлди Антон. Шундан сўнг у конверт устидаги ёзувга қаради. «Мистер Ёзеф Блумрих». Xат ташувчи почтани тарқатишда адашганлиги аён бўлди.
Антон дарҳол рўпарадаги уй томонга югуриб борди. У эшиклардаги тахтачаларга ёзиб қўйилган номларни ўқиб чиқди. Мателар, Фройдиглар, Комарек ва у излаган ёзув - Й. Блумрих. Антон қўнғироқ қилди. Бир лаҳзадан сўнг эшик очилди. Бу ўша оддийгина кийиниб юрадиган мўйсафид эди. Антон ўта ҳайрон қолганидан, унга хатни бериб қўйишни унутаёзганди.
«Бу Сизми?» - сўради Антон унча севинмаган ҳолда.
«Худди шундай, - жавоб берди жаноб Блумрих самимий тарзда. - Бу мен. Ўзингчи?» Антон ҳайратланишдан тўхтади. «Хат бизнинг почта қутимизда экан, - тушунтирди у. - Мен Антонман».
«Раҳмат, Антон». Жаноб Блумрих конвертни олиб, унга назар ташлади-да, эшикни ёпмоқчи бўлди.
Антон жойидан жилмай унга қараб турарди.
«Нимадир демоқчимисан?» - сўради жаноб Блумрих.
«Ҳа», - деди Антон ва саволни қандай бошлаш ҳақида ўйлаб қолди.
«Эсим қурсин, - дея жаноб Блумрих курткасининг чўнтагини пайпаслаб пул чиқарди ва, - хизматинг учун», - деб уни Антонга узатди.
Антон бошини силкитди.
«Унда нима?» Энди жаноб Блумрих нима қиларини билмай қолганди.
«Сиз ҳақиқатан ҳам ҳиндулар сардоримисиз?» - сўради Антон гапини қандай бошлаш ҳақида бир қарорга кела олмаган ҳолда. Шундай бўлса-да, жаноб Блумрих тасодифан берилган саволдан эсанкираб қолмади.
«Ичкарига кир», - деди у.
Антон қизиқсиниб атрофига қаради. Китоблар ва қоғозлар тагида қолиб кетган стол. Кўп гиламлар, бироқ улар бошқаларникидаги сингари пастга тўшалган эмас, балки деворларга илинганди. Бир кичикроқ стол устида кўп суратлар ва рангли боғичлар билан боғланган узун най турарди. «Тинчлик найи шу бўлса керак», - ўйлади Антон. Суратларда жаноб Блумрих пат безакли бир ҳинду ёнида тасвирланганди.
«Зўр-ку», - деди Антон завқланиб.
«Бу сардор Оқайиқ», - тушунтирди жаноб Блумрих.
«Ҳақиқатан ҳам шунақа экан, - деди Антон. У жаноб Блумрихга синчковлик билан қаради. - Сизни мен сира ҳиндулар сардорига ўхшатмаган бў1ардим».
«Мен фақат фахрийман, холос», - жилмайди жаноб Блумрих. Бунинг эвазига мен бир иш бажаришни ўз зиммамга олганман».
«Қандай иш? - сўради Антон. - Фахрий сардор нима қилиши керак?»
«Мен Ҳопиларнинг мурожаатномасини қоғозга кўчиряпман», - жавоб берди жаноб Блумрих. - Ҳиндулар заминимизнинг ўтмиши ва келажаги ҳақида қадимий билимларга эга. Уларнинг фикрича, энди ўша билимлар биз оқ танлиларга ҳам етказилиши лозим пайти келган».
«Шу гаплар китобингизда борми?» - сўради Антон.
«Шу гаплар китобимда бор», - таъкидлади жаноб Блумрих.
«Бу китоб болалар учунми?» - билмоқчи бўлди Антон.
«Менимча, йўқ. - Жаноб Блумрих бошини қимирлатди. - Уни тушуниш қийинроқ».
«Афсус, - деди Антон. - Мен тушуниш қийин бўлган китобларни ёқритмайман. Менга қизиқарли ва саргузаштларга бой китоблар ёқади».
«Мен болалар учун китоб ёзиш ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман», - деди жаноб Блумрих.
«Аммо ўйлаб кўрсангиз яхши бўларди, - деди Антон. - Катталар ҳам бунга эътироз билдирмасдилар».
«Мен бир ҳинду аёл ўз болаларига айтиб берган ҳикояни эшитгандим, - деди жаноб Блумрих. - Сенга шуни айтиб берайми?»
«Майли», - деди Антон. У қўнғир бахмалли, суянчиғи қулоқсимон шаклдаги пастқам креслога ўтириб олди.
Ва Жаноб Блумрих ҳикояни бошлади.

Яҳу
«Бу ҳиндуларнинг узоқ замолардан қолган ривояти. Унинг қанча узоқ замонга бориб тақалишини, ҳеч ким аниқ билмайди . Ўшанда осмон шунчалик пастга осилиб турган эмиш-ки , йўлда юриш ҳам қийин бўлган экан. Айрим жойларда у шунчалик пастлашиб олганмиш-ки, ҳушёр бўлмаган киши унга бошини уриб оларкан. Бундай шароитда ким ҳушёр бўлиб туришга мажбур бўлган .-Албатта ҳинду аҳли. Кўплар ўзларига озор бераётган осмонни ўша пайтда сўзлашилган тилда алланималар деб ҳақоратлашган ва уни яна унга тегиб кетгунларига қадар унутгандай бўлиб юрган.
Дарё бўйидаги бир қишлоқда Патли Ёй деган йигит яшаган. Зилол сувларда овқат бўлишга тайёр ҳолдаги балиқлар мўл бўлган. Мевали дарахтлар кишиларни ўз неъматларидан доим баҳраманд қилиб туришган. Гиёҳлар эса ўзларининг дориворлик қувватини тақдим этишга мунтазир бўлганлар. Киши улардан фақат меъёрига яраша сўраб олиши ва ҳеч қачон керагидан кўп олмаслиги лозим бўлган.Умуман олганда, Патли Ёй яшаган даврда ҳамманинг ҳаёти осойиштагина кечган.
Осмон таҳдид сола бошлаганига қадар.
Патли Ёй 236 марта - у санаб юрган - бошини осмонга уриб олганидан кейин, ўз тилида бир ёмон сўз айтади. Кейин у бундай ҳолда яшаб бўлмаслигига иқрор бўлади. Натижада, у кўнгилдагидек баландликдаги жойни излаб топишга аҳд қилади. Йигит йўлга чиқишидан олдин табибдан яхши маслаҳатлар, онасидан эса қуритилган балиқлар олади. Сўнгра тойчоғи Пинтога миниб, йўлга тушади. Шу аҳволда кета-кетгунча у олдинга эгилиб бораверади, чунки от чоптириб кетаётганида пастлашиб қолган осмон унга тегиб кетиши мумкин бўлган.
Патли Ёй кўп қабилалар ва халқлар томонга боради. Уларнинг барчаси турли урф-одатга, тил ва шеваларга эга бўлсалар-да, ҳаммасини битта умумий муаммо ташвишлантириб қўйганди: пастлашаётган осмон.
ъУмумий муаммо биргаликда ҳал қилиниши керакъ, - Патли Ёй шундай хулосага келган. Ўша пайтдаги кишилар жуда содда бўлишган. Шуни назарда тутиб у барча тилларда бир хил маънога эга бўлган сўзни топган. ъЯҳуъ, - экан бу сўз ва у ъбиргаликдаъ, - деган маънони билдираркан.
Кейин воқеа шундай этган. Бир куни аниқ белгиланган пайтда ҳамма тегишли хабарни эшитиш учун шайланиб турган.
ъЯҳуъ, - дейишган улар барчаси биргаликда ва пастлашиб қолган осмонни юқорига итаришган. ъЯҳуъ шундай кучли жаранглаган-ки, уни дунёнинг ҳамма ерида эшитиш мумкин бўлган. Шундан сўнг осмон яна ўзининг юқоридаги жойига кўтарилган - бунга айни пайтда ҳам ҳар кимнинг ўзи бемалол ишонч ҳосил қилиши мумкин».
Жаноб Блумрих озгина жим турди. Антон эса ҳикоя тугагани, тугамаганини билмай қолди.
«Осмон-ку ўша пайтлардан буён ҳеч кимни ташвишга солаётгани йўқ, - деди жаноб Блумрих гапини давом эттириб. - Савлатли кишилар ҳам бошларини ҳатто булутларга уриб олишаётгани йўқ. Аммо замин-чи. ъОна заминъ, - уни ҳиндулар шундай аташади.
Дарёлардаги сувлар ўша пайтлардагидай тоза эмас. Гиёҳлар дориворлик қувватига эга бўлиши мумкинлигини деярли унутиб қўйганмиз. Бунинг устига ҳамма ерда дарахтларга қирғин келмоқда. Биз биргина сабаб туфайли, яъни қурбимиз етгани учун, нарсалар кашф қилдик, аммо улар қандай оқибатларга олиб келишлари мумкинлиги ҳақида сира ўйлаб кўрмадик. Кўпинча оддийгина масалаларни ҳал қилишқа фаҳм-фаросатимиз етмай қоляпти. Энди яна ҳаммамиз биргаликда ъяҳуъ дейишимиз лозим бўлган пайт келди».
Жаноб Блумрих бир лаҳза жим турди ва Антонга қаради. «Ҳиндулар бу ривоят орқали нима демоқчи бўлганликларини тушундингми?»
«Менимча ҳа»,- Антон шундай дея ўйланиб қолди. - Аммо мен нима қила олишим мумкин? Мен биттагинаман-ку».
«Ёқ, - деди жаноб Блумрих. - Сен биттадан кўпсан».
Антон ўрнидан турди. «Яҳу», - деди у ишонқирамай.
«Яҳу», - жавоб берди жаноб Блумрих.

Замон Гардиши
«Тўхтаб қолибди», - деди Антоннинг онаси тутақиб.
«Ким, қаерда тўхтаб қолибди?», - сўради Антон.
«Соатим, - жавоб берди Антоннинг онаси. - Уни соацозга олиб борасанми?»
«Доим мен экан-да». Антон нолигандай бўлди. Аслида унинг ўзи кўпдан буён кекса соацознинг олдига бормоқчи бўлиб юрганди.
«Кечга қолма, кечки овқат тайёр бўляпти», - бақириб қолди онаси унинг кетидан.
Антон устахона пештахтаси олдида тўхтади. Кекса соацоз ўша ердаги соатларнинг юришини кўздан кечираётганди.
«Хайрли тун, - деди Антон. - Мен тузаттиришга соат олиб келувдим».
Деворлардаги соатлар чиққиллаб, тиққиллаб, ку-кулаб турарди.
Антон деворлардан бирига осиб қўйилган бир тахтачага тикилиб қолди. Унда титроқ қўл билан ёзилгани билиниб турган шундай ёзув бор эди: «Замонга саёҳат, бориш ва қайтиш. Ҳар бир замонга қилинадиган саёҳат масъулияти ҳар кимнинг ўзига юклатилади».
«Замонга саёҳат нима?»- сўради Антон. У номи айтиб турганидек, бошқа замонга саёҳат қилиш».
«Қайси замонга ?»- сўради Антон.
«Масалан, кечаги кунга. Ёки ўрта асрлардаги рицарлар ҳузурига.Ёки келажак асрга. Замон ўтиб кетмайди, қайтиб ҳам келмайди.У доим саёҳатчи билан бирга бўлади».
«Тушунмаяпман», - деди Антон.
«Тушунмаётганинг учун ҳам сен бунга ишонмайсан», - дея жилмайди соацоз вазиятни англаган ҳолда.
«Мен ўзим тушунмаган нарсаларга кўпроқ ишонаман, - эътироз билдирди Антон. - Ахир, бу қизиқ-ку. Шунинг учун мен замонга саёҳат қилиб кўрсам бўлармикан? Фақат кечки овқатга кечикиб қолмасам бўлди».
«Замонга саёҳат қилиш хатарли, - деди соацоз. - мен замонга саёҳатдан қайтилмаган иккита ҳолни биламан. Бири, янглишмасам, ўтган асрда, иккинчиси эса тош даврида юз берган».
«Балки уларга ўша ерлар ёқиб қолгандир?»- фараз қилди Антон.
Соацоз бошини қимирлатди. «Йўқ, улар қандай қайтишни билмай қолишган. Улар ҳикматли сўзларни унутиб қўйган бўлишлари мумкин. Ёки бошқа замондан бирор нима олиб келишга урингандирлар. Аммо сира ундай қилиш керакмас, эшитяпсанми, сира».
«Тушуняпман, - деди Антон. - Мен албатта қайтиб келишни хоҳлайман. Онам атайлаб хушбўй пуддинг (гуруч ва бошқа ёрмалардан творог ва мевалар қўшиб товада пишириладиган пишириқ) пишираётганди. Иложи бўлса, мен замонга қисқагина саёҳат қилиб кўрмоқчиман. Дарров тош даврига эмас».
«Қисқагина дегин, - деди соацоз ўйчан ҳолда. - Xўп, сен айтганча бўлақолсин. Юр мен билан.» У ойнали эшикка, - «Ҳозир келаман», - деб ёзилган тахтачани илиб қўйди.
Дўкон ортидаги қоронғи хонада ҳам кўп соатлар бор эди. Ёруғ қилиб ёритилган иш столи устида мурватлар ва темирли эҳтиёт қисмлар ётарди. Антон орқа томонига қараши билан хирароқ ёритилган бу деворда илинган катта гардишни кўрди. Унинг қора қопламаси устида биттагина мили бор эди.
«Мен сени йигирма дақиқа олдинги замонга юбораман», - деди кекса соацоз.
«Йигирма дақиқа олдинги?» - ажабланди Антон. Бу ҳол саргузаштдан дарак бермаётгандай туюлди унга.
«Кўпроғи хатарли бўлиши мумкин», - уқтирди чол. У гардиш милини озгина орқага бурди. Антон айлана бошлаган гардишга қараб турди.
«Баланд, пастми - кечами, эрта,
бир лаҳзада бўлар мангулик.
Хоҳлаганлар кўриши мумкин,
ҳеч нима ўтмайди - вақт ҳам шунингдек».
Антон соацоз шундай деганини эшитди. «Осон экан, - ўйлади у. - Ҳар ҳолда мактабда ёдлатиладиган узундан-узун шеърлардай эмас-да».
Атрофдаги соатларнинг чиққиллаши гўё жўр бўлиб куйланаётган куйдай янграётганди. Антонни уйқу босгандай бўлди.
«Тўхтаб қолибди», - деди Антоннинг онаси тутақиб.
«Биламан», - деди Антон.
«Қаердан била қолдинг? - ҳайратланди Антоннинг онаси. - Ўзим буни ҳозиргина кўрдим-ку».
«Соатни соацозга олиб боришимни айтмагандингми?» - сўради Антон иккиланиб.
«Айтганим йўқ, - тушунтирди онаси. - Лекин бу фикринг менга маъқул. Бор, тезда борақол».
«Доим мен экан-да», - нолигандай бўлди Антон.
«Кечга қолма, кечки овқат тайёр бўляпти», - бақириб қолди онаси унинг кетидан.
Антон ўзини шу куни соацозникига яна бир марта бориб қолгандай ҳис қилди. Ойнали эшикка, - «Ҳозир келаман», - деган ёзувли тахтача илинганди. Антон нима қиларини билмай унинг олдида туриб қолди. У кутиб туришни ҳам, уйга қайтишни ҳам билмай қолганди!
Гардиш секингина тўхтади. Антон ҳайрон бўлиб атрофга қаради. «Эшикни очсангиз-чи, - деди у. - Анчадан буён кутиб турибман, ахир».
Кекса соацоз кулди. «Ташвишланма, сен иккита бўлиб қолганинг йўқ».
«Ундай бўлса яхши», - деди Антон. - Иккита бўлиб қолганимда, хушбўй пуддинг ҳам етмай қоларди».
Соацоз Антон олиб келган соатни ингичка асбоб билан секингина очди. Антон шу пайт унинг қўли титраётганини кўрди. «Буни бир оз кутишингга тўғри келади, - деди у. - Уни эртадан кейин олиб кетишинг мумкин».
«Сиз замонга кўп саёҳат қиласизми?» - сўради Антон.
«Жуда кўп, - жавоб қилди чол. - Баъзан шуни ўйлаб қоламан!»
«Нимани?»- сўради Антон, чунки чол гапини давом эттирмай қўйганди.
«Биз яшайдиган замондагилар кексаларга тоқат қилолмай қолганлар. Ҳамиша ва ҳамма жойда шундай бўлган эмас. Шунинг учун мен баъзан ўтмишга саёҳат қилиб, хитойликлар ҳузурида қолиб кетиш ҳақида ўйлаб қоламан. Ёки ҳиндулар қабиласида».
Антонга ўзининг титроқ қўлларини кўрсатиб кулди ва деди: Ҳеч бўлмаса, тинчлик найини ушлаб туришга қурбим етар».
«Унда Сизга оқ йўл тилайман», - деди Антон ва хайрлашди. Онаси кечки овқат билан кутиб тургани унинг эсига тушиб қолди.
Икки кундан кейин Антон яна соацознинг устахонаси олдига келиб, туриб қолди. Эшикка ёзувли тахтача илинганди: «Ноаниқ замонга саёҳатга кетган».
Антон ён томондаги новвойхонага кирди. «Соацоз қачон қайтиб келишини биласизми? - сўради у. Унга соатимизни тузатишга бергандик».
«Ҳа, бу сен экансан-да», - деди оқ этакли семиз аёл. - У уни кетишидан олдин бизга тайинлаб кетганди». У Антонга битта кичкина тўрвачани узатди.
«Унинг ўзи қаердалигини биласизми?» - билмоқчи бўлди Антон.
«Буни ҳеч ким билмайди, - деди аёл. - Агар мендан сўрайдиган бўлсанг, чол сўннги пайтларда паришонхотир бўлиб қолганди. Ҳамма нарсани жойида қолдириб, эшигига, - `Ноаниқ замонга саёҳатга кетган`, - деб ёзилган тахтачани илиб қоярди-да, кўринмай қоларди».
«Ноаниқ замонга, - ўйлади Антон. - Бунақаси йўқ эди-ку». Кейин у кўкнор уруғи сепилган нончадан иккита харид қилди ва ўйчан ҳолда уйи томон йўл олди. Тўрвачада онасининг қўл соати бор эди. Энди у ҳар доимгидек чиққиллаб тўғри юраётганди.
Антон тўрвача ичига қараса, унда яна бир нарса бор экан: оқ қоғозча. Ундаги титроқ қўл билан ёзилгани билиниб турган, аммо ўқиса бўладиган ёзувда шундай дейилганди: «Мен ўзимга жудаям ёқадиган замонга тушиб қолдим. Энди шунда қолмоқчиман. Сенга омад тилайман, Антон».
Антоннинг онаси хонага кирди. «Соатни тузаттириш қанчага тушди?» - сўради у.
«Ҳеч қанчага», - деди Антон.
«Кексалик-да, - деди Антоннинг онаси. - У қайтганидан кейин пулини бериб қўйишимиз керак».
Антон индамайгина оқ қоғозчани яшириб қўйди. Чунки агар у айтиб берадиган бўлса, онаси ҳам, бошқа биров ҳам барибир бу воқеага ишонмаслигини биларди.

Чайқов Бозори
Антон чайқов бозорига борди. У ерда баҳор нафаси, пуфакчали куядори ҳамда қарс-қурс картошка ҳиди уфуриб турарди.Тиқилинчда одам юриши қийин эди. Бир сотувчи баландпарвоз сўзлар айтиб, ўз молларини реклама қилаётганди. Бу ерда жуда зўр нарсалар бор эди. Карнайли эски шарманка, Морзе телеграф аппаратлари, дурбинлар, автосигнал қисмлари, ўйинчоқ соатлар, чинни юзли қўғирчоқлар, бир қўлли ўйинчоқ айиқлар. Антон гоҳида оломондан четга чиқиб, баъзи нарсаларни ушлаб-ушлаб кўрди ва яна жойига қўйди. Нархини эса сўрамади. Чунки ўзи ёқтирган нарсани сотиб олиши учун, барибир пули етмаслигини биларди.
Антон бир ёғоч дўконда сотилаётган қарс-қурс картошкадан бир тўрвача сотиб олиши, олмаслигини ўйлаб турганида, бир нарсани кўриб қолди. У тўхтаб тургани учун, ўтиб қайтаётганларнинг йўлини тўсиб қўйганди. Бу кекса соацознинг дўконидаги замонга саёҳат қилиш учун ишлатиладиган сирли гардиш эди.
«Бу ғалати нарса нима?» - сўради у сотувчидан вазмин ҳолда.
«Билмадим, - деди у. - Девор безаги бўлса керак». Антон савол бераётганида, ўзини ўша нарсага нисбатан иложи борича бефарқдай тутишга уринди: «Қанча деяпсиз бу нарсани?»
Сотувчи елкасини қисди ва Антон учун ҳам баланд бўлмаган нархни айтди. Аммо буни олиши учун, у қарс-қурс картошкадан воз кечиши керак эди.
«Бўпти, мен уни оламан» - деди Антон ва қўлидаги чақаларни аниқ санаб берди. Кейин у замон гардишини авайлабгина қўлтиқлаган ҳолда йўлга тушди.
«Бунинг нима?» - сўради Антоннинг онаси, у уйига қайтгач.
«Чайқов бозоридаги кишининг айтишича, девор безаги экан», - деди Антон ростгўйлик билан.
«Ғалати безак», - пичирлади Антоннинг онаси. Унинг кайфияти ёмон эди. Антон дадаси билан бирга ўтказиши керак бўлган кунларда, у мана шундай аҳволга тушиб қоларди.
«Тайёрланиб тураркансан, даданг сени соат ўн иккида олиб кетаркан», - деди у.
Антон замон гардишини қўлига олиб, нимадир деб пичирлади-да, ўз хонасига кириб кетди. Ахир, ота-онаси бир-бири билан келиша олмаса, у нима ҳам қила оларди.
Антон асбоблар қутисидан бир мих олди ва уни озгина қийинчилик билан деворга қоқди. Кейин у гардишни ўзига маъқул жойга илиб қўйди ва кўзини узмай унга қараб турди. «Бу ҳақиқатан ҳам кекса соацознинг замон гардишими? Балки у ишламай қолгандир.» У буни текшириб кўрмоқчи бўлди. Дадаси уни олиб кетишга келгунича, шунга улгуриши керак эди.
Мушук Касандра нотаниш нарсани шубҳа остига олгандай ҳидлаб кўра бошлади. Антон гардиш милини озгина орқага бурди. Гардиш айлана бошлади. Мушук тезлашаётган айланма ҳаракатларни пинагини бузмай кузатиб турди. Антон гардишнинг ўртасига қаради. «Соацоз айтган ҳикматли сўзлар қандай эди-я?»
«Баланд, пастми - кечами, эрта,
бир лаҳзада бўлар мангулик.
Хоҳлаганлар кўриши мумкин,
ҳеч нима ўтмайди - вақт ҳам шунингдек».
Антон баланд ва аниқ оҳангда шундай деди. Бироқ ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмади.
Антон ҳафсаласи пир бўлиб атрофга қаради. У ҳамон ўз хонасида эди. Аммо унинг ён атрофида унга мутлақо тегишли бўлмаган бир уюм нарсалар турарди. «Касандра қаерда қолди?» Шу пайт бир эшик очилди ва ундан Антоннинг ота-онаси ичкарига киришди. Улар Антонга эътиборсиз ҳолда, унинг ёнгинасидан ўтиб кетишди. Антоннинг каравоти ўрнида ғилдираклар турарди, уларнинг ёнида бир катта сават бор эди. Усти кўкимтир мато билан қопланган бу саватнинг ичида мурғаккина бола ётарди. «Менимча, Антон менга ўхшайди», - деди Антоннинг дадаси сўйиниб.
«Демак, бу мен эканман», - ўйлади Антон. Чақалоқ юзини буриштириб чинқира бошлади.
«Бу ердаги Антонлардан бири ортиқчалик қиляпти, - ўйлади Антон. - Мен ҳақиқий ёшимда бўлиб қолишимни истайман».
У замонга саёҳат қилиш учун айтиладиган ҳикматли сўзларни хаёлидан кечирди. У ўша сўзларни хаёлидан кечириб тугатиши билан айланиши сусайиб тўхтаган замон гардишининг олдида ўтириб қолди.
Антон дадаси уни ташқаридан чақираётганини эшитди.
«Мени ўзингга ўхшатасанми?» - сўради ундан Антон.
«Бу ҳақда умуман ўйлаб кўрмаганман» - жавоб берди Антоннинг дадаси хижолатлангандай бўлиб.
«Катталар ўзи шунақа-да, ҳамма нарсани унутиб юборишади. Ҳатто бир-бирини қачондир ёқтиришганини ҳам».

Антоннинг Дадаси
Антон шаҳарни айланаётганида, ўзини худди «харидорлик ўйини» ўйнаб юргандек ҳис қилди. У хаёлида гўё бир бойвачча эди ва кўнглига ёққан нарсани сотиб олаётганди: уч кило юмшоқ карамел, ҳайвонлар дўконидан иккита мушук, учта ит, еттита тўтиқушча, Сибилле учун қип-қизил бахмалдан ясалган каттакон тўнғиз.
Шу пайт Антон кўчанинг нариги бетидан кетаётган дадасини кўриб қолди. У чақирмоқчи бўлиб қараса, дадаси ёлғиз эмас экан. Ёнидаги аёл унинг қўлидан маҳкам ушлаб олганди. «Уни қўйиб юбор, у менинг дадам», - пичирлади Антон қизғаниб ва уларнинг кетига тушди. Дадаси билан ўша бегона аёл ойна ортидаги пештахталарга қараб қолганларида, Антон юришдан тўхтади. Шу пайт Антоннинг дадаси ниманидир сезгандай орқасига ўгирилди. Аммо Антон тезда бир уй остонасига кириб яширинди. Шундан сўнг улар иккаласи бир қаҳвахонага кириб кетишди.
Антон ташқарида ўйлаб қолди-да, бир оздан сўнг эшик ойнасидан астагина мўралади. Ҳа, улар шу ерда ўтирардилар. Аёл қўлини Антоннинг дадасининг қўли устига қўйди. Буни кўрган Антоннинг хаёлига бир фикр келди. У эшикни очди-да, тўппа-тўғри дадасининг олдига келди.
«Антон! - қичқирди Антоннинг дадаси. - Сен бу ерда нима қилиб юрибсан?»
«Сени излаб юрибман», - деди Антон.
«Нима учун? - Антоннинг дадаси бирдан хавотирга тушиб қолди. - Онанг юбордими?»
Антон бошини қуйи солди. У энди уйга ҳар доимгидек кеч келмаслигинг кераклигини айтиб қўйишимни тайинлаб юборди».
«Нима-а-а», - деди Антоннинг дадаси тушунолмай.
«Сен ажрашган эмасмисан?» - сўради Антоннинг дадасининг ёнида ўтирган аёл.
«Ажрашганман»,- тушунтирди Антоннинг дадаси хижолатланиб.
«Унақага ўхшамаяпти, - деди аёл. - Уйингга яна кечикиб боришингга мен сабабчи бўлиб қолмай».
У палтосини олди ва кетди.
Антоннинг дадаси ҳеч нимани тушунолмай унинг орқасидан қараб қолди.
«Бу нима қилганинг?» - деди у ниҳоят Антонга.
«У менга ёқмади», - пичирлади Антон.
«Менга ёқса бўлди-да», - уқтирди Антоннинг дадаси.
Антон ўгирилиб кетмоқчи бўлди.
«Тўхта, кетмайсан! - қичқирди Антоннинг дадаси. - Энди қаҳвасини бир ўзи ичади, деб ўйлаяпсанми?»
Антон иссиқ шоколад буюртма қилди. Антоннинг дадаси қаҳва келтиртирди. Иккаласи ҳам индамайгина чашкаларидагини аралаштиришди. Антоннинг дадаси аксирди.
«Энди, - ўйлади Антон. - Ниҳоят энди у менга нима учун кўплаб дадалар сингари ўз оиласи билан яшамаслигини тушунтириб беради».
Антоннинг дадаси яна аксирди.
«Бирор нима десангчи», - ўйлади Антон илтижо қилгандай.
«Бу ердаги пирожнийлар жуда яхши. Биттасини еб кўр», - деди Антоннинг дадаси ниҳоят.
Антон индамайгина бошини силкитди.

Katta Sayohat
Anton ko‘pdan beri qulay imkoniyat kutib yurgandi. Nihoyat u katta zamonga sayohat qilmoqchi edi. Bir necha daqiqa yoki yillargagina emas. Biroq buning uchun u yolg‘iz qolishi kerak edi. Shunday ishlar bor-ki, ularni amalga oshirishga aksariyat hollarda onalar xalaqit berishadi.
«Bugun biror joyga borishing kerakmi?» - so‘radi Anton tushki ovqat paytida umidvorlik bilan.
«Yo‘q, yo‘q», - tinchlantirganday bo‘ldi Antonning onasi. Aslida u savolning tub ma’nosini tushunmagandi.
Keyin telefon jiringlab qoldi.
Antonning onasi go‘shakni joyishi bilan shosha-pisha qog‘ozlarni sumkagasiga sola boshladi.
«Uzr, ketishimga to‘g‘ri kelib qoldi, - dedi u Antonga. - Endi tushdan keyingi vaqtimning hammasi o‘sha yerda o‘tadiganga o‘xshaydi».
«Hechqisi yo‘q», - dedi Anton sevinchini yashirishga urunib.
Anton yolg‘iz qolgach, karavotining tagidan safar anjomlarini oldi: bitta olma, bir nechta yassi shokoladlarni oziq-ovqat sifatida, gugurt, eski cho‘ntak pichog‘ini, bir o‘ram arqon, cho‘ntak fonusini hamda zamonga sayohatning hikmatli so‘zlari yozilgan qog‘ozni. Anton o‘sha hikmatli so‘zlarni yoddan bilsa-da, qog‘ozni har ehtimolga qarshi o‘zi bilan birga olib ketishni lozim topgandi. U orqasiga ilib olish uchun, hamma narsani matoli xaltachaga joylashtirdi. Chunki ikki qo‘li bo‘sh bo‘lishini xohlardi. Kasandra ham darhol bir marta yegulik ovqat va toza suv bilan ta’minlandi. Zamonga qilinadigan bunaqa sayohat qancha davom etishi mumkinligini bilib bo‘lmasdi-da.
Anton zamon gardisining oldiga o‘tiridi va ishonchsizroq ohangda hikmatli so‘zlarni aytdi. Keyin u yana ozgina kutib turdi-da, gardish milini ancha orqaga burib yubordi. Gardish sekin g‘uvillab aylana boshladi.
Bu safar Anton uyqusiramadi. U o‘zini bir qop - qorong‘i chuqur jar oldida turganday his qildi. «Yo‘q!» - deya qichqirdi u va pastga tushib ketdi.
Tushib ketaverdi, tushib ketaverdi, tushib ketaverdi.
«Zamonga sayohat qilish xatarli», - keksa soatsozning shu gapi uning qulog‘iga chalindi.
Agar bu yerdan bir amallab chiqib olsam, - xayolidan o‘tkazdi Anton, - hech qanaqa zamonga sayohat qilmayman». U tushish tezligi yuqoriligidan biror nimani o‘ylashga ham ulgurolmay qoldi.
Tarap, tarap, tarap. Anton qo‘rqib ketdi. U sarosimaga tushib atrofga qaradi. U bir bahaybat eman daraxti tanasiga suyanib o‘tirgan ekan, ro‘parasidan tosh yotqizilgan ko‘cha o‘tgandi.
Anton oyoqlarining barmoqlarini astagina qimirlatib ko‘rdi. Ular qimirladi. Keyin esa qo‘llarining barmoqlarini harakatlantirdi. Hammasi joyida edi. U sekin o‘rnidan turdi. Hech qayeri og‘rimadi. Demak, yiqilganida unga hech qanday shikast yetmagan ekan. Shundan so‘ng anjomlari solingan xaltani paypaslab ko‘rdi. U ham joyida edi.
Tarap, tarap yana takrorlandi. Antonning oldidan bir otliq o‘tib ketdi. Otning taqasi yerdagi toshlarga tegib tovush chiqarayotgan ekan. Bir kichkina, kul rang tusli uy oldiga kelgach, otliq sakrab pastga tushdi.
Uy! Bu uyni u qayerda ko‘rgandi? U o‘ylab qoldi. Bu kichkina uy Anton yashagan ko‘chada edi. Anton uni aniq esladi. Uning eshigi yonida, - «Madaniyat yodgorligi», - degan yozuvli ko‘k-oq taxtacha ilingandi. U o‘zi yashagan uyni hech qayerdan topolmadi. Uy hali ancha yangi edi-da. Anton tasavvur qilib ko‘rishga harakat qildi. U taxminan o‘zi tushgan joyda bo‘lishi kerak edi. Bunday holda xushmanza keksa emanning bu yerda bo‘lmasligi achinarli bo‘lardi.
«Demak, meni hozircha yo‘q bo‘lgan mushuk hali qurib bitirilmagan uyda kutayotgan ekan-da», - o‘yladi Anton. Bu tushunarsiz hol edi. Shuning uchun Anton bu to‘g‘rida sira o‘ylamaslikka qaror qildi.
Yana otliqlar o‘tib ketishdi, uzun ko‘ylakli ayollar sayr qilishib va do‘konlarga kirib-chiqib yurishardi, kichkina bolalar ko‘chada o‘ynayotgandilar. Yon atrofda mashina, mototsikl, tramvay yo‘q edi. Haligi tovushlar eshitilmay qolgandi. Faqat otning axlati atrofida o‘ralashib qolgan chumchuqlarning chug‘urlashlari quloqqa chalinayotgandi.
Anton nima qilishi kerakligini o‘yladi. Maktabiga boriladigan yo‘l oxirida maktabi ham yo‘q bo‘lishi mumkinligi haqidagi fikr uning xayolidan o‘tdi. Bu fikr unga ma’qul bo‘lgani uchun, u o‘sha tomonga yura boshladi.
Tomi baland nishabli kichkina qo‘ng‘ir uy kelajakda madaniyat yodgorligi bo‘lishiga ishonib bo‘lmasdi. Uning eshigi tepasida, - «Taqa qoqish va aravalarni sozlash ustaxonasi», - deyilgan yozuv bor edi. Anton shu uy ichkarisida bir bo‘lak cho‘g‘li temirni ter to‘kib bolta bilan urayotgan semiz erkakni ko‘rdi. Uy oldida bir ot o‘ziga taqa qoqilishini kutib turardi. Anton yassi shokoladning qog‘ozini ochdi va uning yarmini kaftiga qo‘yib otga uzatdi. Ot yassi shokoladni zo‘r ishtaha bilan paqqos tushirdi. Anton unga qolgan yarmini ham berdi. Uning o‘zi umuman och qolmagandi. «Qaysi zamonda ekanligimni bilmadim-u, lekin bu menga juda yoqyapti, - o‘yladi Anton. - Hamma yoq osoyishtagina ekan».
«Ey, do‘zax maxluqi! Yo‘qol, shaytonvachcha!» - o‘shqirdi bir ovoz.
Anton hadiksirab bir qora mushuk ketidan dastlab yog‘och tuflisini, keyin esa toshlarni otib qolgan kampirga qarab qoldi. Mushuk qochib bir devorning qop-qorong‘i oralig‘iga kirib ketdi.
«Bu yoqqa kel, mushuk, - dedi Anton. - U vaysayveradi. Mendan esa qo‘rqmasang ham bo‘ladi».
«U yerda gaplashayotgan kim?»- so‘radi bir sovuq ovoz.
Anton yuqoriga qaradi. Maxsus kiyimli erkak turardi.
«Siz kimsiz?» - so‘radi Anton.
«Shahar qo‘riqchisi. Ko‘rib turibsan-ku», - dedi erkak qovog‘ini solib.
«U yerda kim bilan gaplashayotganding? - Qani, ayt!»
«Bunga uning nima daxli bor, - o‘yladi Anton. Biroq u maxsus kiyimli kishining jahlini chiqarib yubormaslikka harakat qildi. - Bir qora mushuk bilan», - javob berdi u va mushukni izlash uchun, cho‘ntak fonusini yoqdi.
«Shaytonchiroq!» - qichqirdi erkak va darhol undan o‘zini orqaga tortdi.
«Yo‘q, cho‘ntak fonusi», - tushuntirdi Anton va fonusni qayta-qayta yoqib o‘chirdi.
«Jodugarlik, - qichqirdi shahar qo‘riqchiligidagi erkak va Antonning qo‘lidan ushladi. - Sening joying qamoqda».
Anton undan o‘z vaqtida qutulishga harakat qildi va iloji boricha tez yugurib qochib ketdi. Bu ahmoqona zamon edi. Undagi odamlar qora mushuklarni ham, cho‘ntak fonuslarini ham yomon ko‘rardilar.
Antonga uning ortidan ta’qib qilib kelayotgan kishining qadam tovushlari eshitilidi. U navbatdagi tor ko‘chaga burilib qarasa, ko‘chaning oxiri berk ekan. Uning oldida baland devor bor edi. Anton og‘ir nafas oldi. U qamoqqa tushishni xohlamasdi! Buning ustiga biqini ham og‘rib qolgandi. Shu payt uning yonidagi tor eshik qiya ochildi va Anton darhol qop-qorong‘i joyga tortib olindi.
«Pssssst!» - dedi kimdir.
Anton tashqaridagi qadam tovushlari va ovozlarni eshitdi. Shahar qo‘riqchiligidagi kishi boshqalarni ham yordamga chaqirganga o‘xshardi.
«Shu yerda bo‘lishi kerak, - u kimdir shunday deganini eshitdi. - Hamma yoqni tintinglar!»
Antonning ko‘zlari sekin qorong‘ilikga o‘rgandi. Uning yonida qisqartirilgan kul rang soqolli hamda ko‘zlaridan mehr taralib turgan bir kishi turardi. «Kel, - dedi u Antonga sekingina. - Sen yashirinishing kerak».
«Nima uchun? - so‘radi Anton. - Bu yerdagilarning hammasi jinnimi yo ularga biror nima bo‘lib qolganmi?»
Sen qora mushuk bilan gaplashding. Shuning o‘zi seni jodugarlikda ayblashlari uchun kifoya. Kelaqol, tezroq».
Erkak Antonni o‘zi tomonga tortdi. Ular bir necha qadam pastga tushishdi, keyin uzun yo‘lakdan yurib, ko‘rinmay turgan yog‘och eshikdan ichkariga kirishdi. Bu g‘alati, ammo juda xushbo‘y hid taralib turgan katta xona edi. Shipning hamma joyida quritilgan giyohlar osig‘liq turardi. Bir uzun stol ustida turli likoblar, qadahlar, o‘lchov idishlari turardi. Biroq Antonni hammasidan ham ko‘proq hayratlantirgan narsa qora mushuklar edi. Antonning hisobiga ko‘ra ular yettitadan kam emas edi.
«Ular mayib bo‘lib qolishsa, mening oldimga kelishadi, - uqtirdi erkak. Ularga kimdir men davolash san’atidan xabardor ekanligimni bildirib qo‘ygan bo‘lsa kerak. Va men ularni shaytonvachchalar deb haqorat qilmasligimni ham».
«Qora mushuk bilan gaplashgan kishi rostdan ham qamaladimi?» - so‘radi Anton. Bu hol hamon uning aqliga sig‘mayotgandi.
Erkak boshini quyi soldi. «Mushuk qora tukli, odam esa qizil sochli bo‘lmasligi kerak. Va kishi juda ko‘p narsani bilishi ham man etiladi. Biz ikkimiz mana shunday g‘alati zamonda yashayapmiz».
«Faqat Siz, - tuzatdi Anton. - Men boshqa zamonda yashayman».
«Nega unday deyapsan?» - so‘radi erkak.
Anton qo‘lida ushlab turgan cho‘ntak fonusini yoqdi. Erkak undan fonusni oldi-da, unga bir lahza tikilib turdi va dedi: «Sen qayerdan kelib qolding?»
«Boshqa zamondan, - dedi Anton. - Men o‘tgan zamonga ozgina sayohat qilgandim». Shunday qilib u zamon gardishi bilan bog‘liq voqeani batafsil aytib berdi.
Erkak fonusni yoqib ko‘rdi va jiddiy ohangda dedi: «Demak, sizlar mana shu singari zararsiz narsalar ixtiro etarkansizlar. Unda sen iloji boricha tezroq qaytib ketganing ma’qul. Chunki bu zamon sen uchun juda xatarli».
Qayerdandir qiy-chuv eshitildi. «Ochinglar, tez ochinglar!»
«Ular eshik oldida turishibdi, - dedi erkak. - Agar seni bu yerdan topib olsalar, ikkalamizga ham yomon bo‘ladi».
«Bo‘pti, endi qaytaman, - dedi Anton. - Bu zamon rosa jonimga tegib ketdi».
Erkak Antonga yarqirab turgan billurni uzatdi.
«Bu senga esdalik uchun».
Anton billurni qo‘liga oldi. Uning yassi sirti va burchaklari dilga zavq bag‘ishlardi. Antonda shunday bir tuyg‘u paydo bo‘ldi-ki, go‘yo qandaydir mo‘jizaviy quvvat shu billurdan unga o‘tayotganday edi.
«Menga mumkin emas-da, - dedi u e’tiroz bildirib. - Agar men bu zamondan biror nima olib ketadigan bo‘lsam, undan qaytib ketolmay qolaman».
«Unda men o‘zim bir yo‘lini qilib, uni senga yuborishga harakat qilaman», - dedi erkak. - Men zamonga sayohat qilolmayman. Bu yerda ayrim tadqiqot ishlarini amalga oshirishim kerak!»
Taqillatish va qiyqiriqlar kuchaydi.
«Endi eshikni ochmasam bo‘lamaydi», - dedi erkak.
Hikmatli so‘zlar! «Kecha, erta, baland, past, - boshladi Anton. - Unday emas shekilli». Kimdir eshikni yana taqillatdi. Anton hikmatli so‘zlar yozilgan qog‘ozni orqaga ilib yuradigan xaltachadan olmoqchi bo‘ldi.
«Narsalarim! Ularni o‘sha yerda qoldiribman-ku! - qichqirdi Anton. - Hikmatli so‘zlarni ham unutib qo‘yganga o‘xshayman».
Taqillatish yanada kuchaydi. Mushuklar allaqachon yashirinib olishgandi.
«Xavotirlanma, - dedi erkak qat’iy ohangda. - Sen uni bilasan».
Anton chuqur nafas oldi.
«Baland, pastmi - kechami, erta,
bir lahzada bo‘lar mangulik.
Xohlaganlar ko‘rishi mumkin,
hech nima o‘tmaydi - vaqt ham shuningdek».
Oxirgi so‘z aytilishi bilan Antonning atrofi qorong‘ilashdi va qorong‘iligicha qoldi.
«Endi qachon qaytarkanman? - o‘yladi Anton. - Tezroq o‘zimning zamonimga qaytgim kelyapti!»
Qorong‘ilik hamon hukm surardi. «Endi hecham zamonga sayohat qlmayman», - ahd qildi Anton. Shundan so‘ng u ko‘zlari yumuq bo‘lgani uchun qorong‘ilikda qolganday bo‘lganini angladi. U ko‘zlarini ochib qarasa, kun yorishib turgan tushdan keyingi payt ekan. Mushuk uyg‘onib ketdi, cho‘zilib qaddini rostladi va xotirjamgina esnadi. Anton cho‘ntak fonusini qo‘lida ushlab turardi. Anjomlarining qolgani boshqa zamonning qaysidir joyida qolib ketgandi.
«Uhhh, - dedi Anton, - hayriyat bu safar ham hammasi yaxshilik bilan tugadi».
U devordan zamon gardishini oldi va uni karavotning tagiga tiqib tashladi. Eng to‘riga.

Billur
Anton maktabdan qaytganida qorong‘ilashib qolgandi. Sovuq shamol esayotgandi. Anton kurtkasining yoqasini ko‘tardi va qo‘llarini cho‘ntaklariga tiqib oldi. U qo‘lqoplarini yana yo‘qotib qo‘ygandi. Keksa soatsozning ustaxonasi oldidan o‘tayotganida, ichkarida chiroq yonayotganiga ko‘zi tushdi. «Soatsoz qaytib kelganmikan?» Anton eshikni ochishga urindi, ammo u yopiq edi. Endi eshikda boshqa yozuvli taxtacha ilingan turardi. «Vaqtincha yopiq. Sozlash ishlari qabul qilinmaydi».
«Qulfbuzarlar kirib olgan emasmikan? Zamon gardishi ham sirli holda chayqov bozoriga chiqib qolgandi. Har holda qulfbuzarlar chiroqni yoqib qo‘ymagan bo‘lardilar. Hech bo‘lmasa, cho‘ntak fonusidan foydalanardilar».
Anton eshikni taqillatdi. Bir zumdan so‘ng ustaxona ortidagi xonadan bir kishi chiqib keldi. Bu soatsoz edi. U Antonning tanib eshikni ochdi.
«Shu yerda ekansiz-ku! - baqirib yubordi Anton suyinib. - Qanday bo‘ldi?» Keyin u soatsozning tashvishli yuziga nazar tashladi.
«Biror nima bo‘ldimi?» - so‘radi u.
Soatsoz uh tortdi. «Men katta xato qilib qo‘ydim. Oxirgi marta zamonga sayohat qilganimda, zamon gardishini ham o‘zim bilan olib ketishim kerak edi. Shuning uchun ataylab qaytib kelgandim, biroq u joyida emas ekan. Tushunyapsanmi: uni men ixtiro qilganman. Demak, uning javobgarligi ham mening zimmamda. Chunki har kim o‘z ixtirosi uchun o‘zi javobgar». U stol yoniga o‘tirdi va dedi: «Buning ustiga endi qaytib kelolmayman. Boshqa zamonga judayam o‘rganib qoldim».
«Meni shu yerda kutib turing! Xo‘pmi? Men hoziroq qaytib kelaman», - dedi Anton.
«Yaxshi, - boshini quyi soldi soatsoz. - Sen kelganingcha men ikkalamizga choy qaynatib turaman».
Anton uyiga yugurib bordi va karavotining tagidan zamon gardishini chiqardi.
Anton qaytib kelgach, soatsoz ikki chashka choyni stolga qo‘ydi. Anton ham indamaygina zamon gardishini stolga qo‘ydi. Keyin u uni qay holda va qayerdan topganini aytib berdi.
«Zamonga sayohat qildingmi?» - so‘radi soatsoz vahimaga tushib.
«Ozgina, xolos, - tinchlantirdi Anton. - Endi hech qachon unday qilmayman: hech qachon. Ochig‘ini aytsam, bu narsadan qutulayotganimdan o‘zim ham juda xursandman».
«Bu safar men uni olib ketaman, - dedi soatsoz. - Ammo buning evaziga senga esdalik uchun bir narsa bermoqchiman». U ko‘p qutilarning ichini titkilab, nihoyat izlagan narsasini topganday bo‘ldi.
«Ajdodlarimdan biri olim va tabib bo‘lgan. Shunisi hayratlanarli-ki, o‘shanda ular uni jodugarlikda ayblamaganlar. Mana bu narsa unga tegishli, endi esa seniki bo‘ladi. U Antonga oq billurni uzatdi. Antonning barmoqlari muzdek sirt va burchaklar ustida yopildi. U undan o‘ziga qandaydir g‘ayritabiiy quvvat o‘tayotganini his qildi.

Anton hecham ikkilanmadi: bu o‘sha billur edi.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика