Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov]

Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov]
Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov]
Суҳбатдошга Ташналик (Муқаддима)
Сўзни авайлаб-асраш керак. Менга қолса, Сўз қурумсоқликни ёқтиради, дердим. Агар Сўз худди кечасию кундузи оқиб ётган сув мисоли исроф қилинса, Сўзнинг ҳар бир мисқоли қадрланмаса, Сўз тежаб-тергаб ишлатилмаса, ўз кучини йўқотади — жонсиз бўлиб қолади. Ибтидоий жамоа тузумидан бери яшаб келаётган қонуниятга биноан, ўз сўзининг устидан чиқмайдиган инсон бебурд ҳисобланади ва унга ҳеч ким ишонмайди.
Очилиб-ёзилиб чин кўнгулдан суҳбатлашайлик дегани, математика ибораси билан айтганда, «квадрат»да яшамоқ маъносини англатади. Эсимда бор, болалик давримда овулимизда истиқомат қиладиган битта ҳурматли оқсоқол: «Мана, энди гаплашадиган одам ҳам қолмади», деб тез-тез нолиб қўярди. Ўша пайтлари ростакамига ёқамни ушлардим: «Оқсоқол жуда инжиқ-да! Атрофида одамлар тиқилиб ётибди-ку, лекин унинг ёлғиз ўзи зерикиб ўтиради-я!» Кейинчалик англаб етдим-ки, оқсоқол чин кўнгулдан очилиб-ёзилиб гаплашадиган, фақат Сўзнинг қадрини биладиган ёки маъносини тушунадиган суҳбатдошга эмас, балки айни чоғда тинглашни ҳам биладиган ҳамсуҳбатга ташна экан.
Сиз ҳозир қўлингизда ушлаб турган китобнинг яратилиши қизиқ бўлди. У Мухтор икковимизнинг суҳбатларимиздан, ўзаро кашфиётимиздан бино бўлди. Биримиз қозоқча, бошқамиз қирғизча (шукрким, азалий қардош тилларда) сўйлардик. Биз ўзаро мулоқот қувончини ич-ичимиздан ҳис этиб турардик; олис болалик йилларимда овулимиз оқсоқоли ҳам худди шундай суҳбатларга ташна эди. Эҳтимол, бу бадиҳаларни «магнитофон қаршисидаги сирлашув» ёки «оҳанрабо тасмасидан чиққан тасодифий китоб» деб номлаш мумкиндир. Суҳбатлар мобайнида ҳис-ҳаяжонга берилиб кетган пайтларимиз ҳам бор. Шундоқ бўлсада, бемалол суҳбат қуриб ўтирган пайтимиз ногоҳон туғилиб қолган фикр-мулоҳазалар ва сўзларни асил ҳолида ўқувчига тақдим этишга қарор қилдик. Ҳаётимиз сўқмоқларида дуч келганимиз қувонч ва мусибатларни яшириб ўтирмадик. Булар тўғрисида фақатгина энг яҳин кишиларимиз биларди, холос. Мана шу жиҳати билан эркин суҳбат ёзма ижодий турлардан фарқ қилади.
Мавриди келиб қолган пайтда менинг суҳбатдошим кимлигини ўқувчига таништириб ўцам зарар қилмайди.
Ҳаётимда иккита Мухторга дуч келганман. Биринчиси — менга оталарча ғамхўрлик ҳилган устозим, буюк ёзувчи Мухтор Авезов бўлса, иккинчиси — шоир, эски дўстим ва сирдошим Мухтор Шохонов. Менимча, Мухтор Шохонов Осиёдаги улуғ шоирлардан бири ҳисобланади. Мени мафтун этган нарса шуки, у қизиқувчан мутафаккир, изланувчан инсон, Шарқ донишмандлиги билан Ғарб дунёқарашини ўзида мужассамлаштирган нозик қалб соҳибидир. Агар ўз ватанидан ташқарида шоирни кимдир яхши билмаса, бу унинг айби эмас. Ушбу китоб-суҳбат ёрдамида ўҳувчилар оммаси унинг серқирра шеърияти билан яҳинроқ танишиш имкониятига эга бўлади. Кези келганда яна бир нарса тўтрисида алоҳида тўхталиб ўтишни лозим топдим.
Мухтор Шохонов Қозоғистонда миллий қаҳрамон даражасида машҳур. Шоир халқ хоҳиш-иродасини ифода этадиган нотиқ сифатида минбарга чиққач шон-шуҳратга бурканди. 1986 йилнинг декабр ойида қозоқ ёшлари мустабид тузум салтанатига қарши оммавий равишда бош кўтардилар. Xудди ўша пайтлари рўй берган ҳодиса тўғрисидаги ҳар қандай ҳаққоний ахборот пинҳоний тақибга учради. Шахсий ҳаёти хавф остида қолишини билиб турган Шохонов эса шоир ва миллий озодлик ҳаракатининг жангчиси сифатида бор овоз билан ноҳақ қувғинга учраган ёшларни ҳимоя ҳилиб чиқди, уларга озодлик берилишини талаб этди.
Бизнинг суҳбатларимизга қулай имконият туғдирган сабаблардан яна бири шулким, мана, бир неча йилдан буён Мухтор Шохонов Қозоғистоннинг биздаги, Қирғизистондаги элчиси. Бу соҳада ҳам у ўзига хос, ёрқин шахс эканини намоён қилди. Биз тез-тез учрашиб турамиз; ҳар сафар ўзимизни ва замонимизни теранроқ тушунишга уриниб кўрамиз. Xамкорликдаги китобимиз шу тарзда дунёга келди. Бу китобимиз ўқувчига маъқул келса ажаб эмас...

Чингиз Айтматов
«Тўрт Она» Ёки Ватанни Тушуниш
Менинг ватаним — Шакар овули... Манас тоғлари чўққисидан томчи-томчи бўлиб тушаётган шиддатли оқим овулимизга оппоқ кўпикли, кўм-кўк дарё қиёфасида кириб келади. Унинг номи Қурқуров. Дарёнинг номи феъл-атворига мос тушган: гулдураб, гумбурлаб оқади. Бу дарё атрофидаги табиатни озиқлантиради...
Олислардан Шакарнинг қораси кўзимга чалиниши биланоқ юрагим типирчилай бошлайди, нафасим бўғилади. Манас отанинг муз қоплаган чўққилари қуёш нурида йилт-йилт товланиб, қаршимда улуғвор қомати пайдо бўлиши биланоқ ич-ичимдан тўлқинланиб кетаман...Чингиз Айтматов
Унутмоқ дардидан сақла, худойим,
Болани туққандан ташқари яна, Умрини тузатиб боргувчи доим, Ҳар сийратда бўлар тўрт она. Ота юрт — киндик қон тўкилган замин, Она тил — яратгандан мерос бир ёрлиқ, Ҳатто бир туп ёвшанда туясан таъмин Миллий одатинг, бунча чиройлик. Ҳасратли замонлар тилса-да бағринг, Ўзгармасдир сенинг асил тарихинг. Қуёшга еса-да учқур хаёлинг, Гар унуцанг, тўрт она кечирмас. Асрамасанг, шулдир сенинг заволинг, Тўрт онасин асрамаган тўда, халқ эмас. Тўрт она деб яшаш бўлса қарз, Тўрт она деб ўлмоқ ўзи фарз.Мухтор Шохонов
Шохонов. Биз хом сут эмган бандаларни алдоқчи тақдир дунёнинг қайси бир бурчагига улоқтириб ташламасин, битта жой инсонни доимо ўз бағрига чорлайверади. Бу жойнинг номи отаюрт деб аталади. Қаерда бўлмайлик, ҳеч бўлмаса, хаёлан, ер сайёраси миқёсида унча катта бўлмаган заминга, қозоқлар ва қирғизлар, умуман, барча туркий халқлар ўртасида машҳур бўлган ибора билан айтганда, киндик қонимиз тўкилган тупроққа қайтаверамиз. Ҳар бир одам учун дунё остонадан бошланади, туғилган тупроққа муҳаббатдан ҳаётга қадам қўямиз. Тўғри, яқин-яқинларда ҳам, Шўро ҳукм сурган даврларда биз ўзимизни шиорга айланиб кетган қўшиқ руҳида тарбиялашга ва шунга ишонтиришга ҳаракат қилардик. Гўё:


Менинг маконим — уй ҳам, кўча ҳам эмас
Менинг маконим — Шўролар Иттифоқи»,
еди.
Ер юзида хаёлининг бир четида отаюрт тимсоли яшамайдиган бирорта инсон бормикан? У болалик пайтингда сарпойчан соҳилларини беармон кезиб чиққан ўжар дарё бўлиши мумкин... Кўпинча дарё ёқасидаги кўлмакда вақ-вақ қиладиган бақаларнинг товушини соғинасан, баъзан осойишта овул тинчлигини бузиб вовуллайдиган ит товушини қўмсаб қоласан...
Чике («Чингиз оға»нинг қисқартма кўриниши. — Тарж.), мен Сиз билан ватанингизга — Шакар овулига бирга бордим. Талас водийсидаги бу жой ҳозир мухлисларингизнинг зиёратгоҳига айланиб қолган. Ҳақиқатан ҳам, ҳайратланарли даражада гўзал тоғли гўша экан.
Биз Шакар овулига яқинлашиб борардик. Бирдан Сизни ҳаяжон чулғаб олганини сезиб қолдим; юз-кўзингиздан бағоят тўлқинланиб кетганингиз яққол кўриниб турарди. Машинада Сиз билан ёнма-ён ўтирар эканман, хаёлингиздан нималар кечаётганини ўзимча тусмол қилдим: эҳтимол, болаликнинг, ёшликнинг гоҳ ғамгин, гоҳ шодон манзаралари кўз ўнгингиздан бир-бир ўтгандир... Назаримда, йўлимизда учраётган ҳар бир тепалик, ҳар бир нишаблик гўё: «Сен мени унутмадингми?» деб сўраётгандай эди. Янглишмасам, туғилиб ўсган овулингизнинг табиати, шу ерлик одамлар кўп жиҳатдан Сизни ёзувчи сифатида шаклланишингизни таъминлаган бўлса керак. Тўрт тарафингизни қуршаб олган борлиқни теран англаганингиз ва меҳр қўйганингиз туфайли ижодингиз ана шу дашту далаларда камол топди. Агар қандайдир ёвуз куч Шакар овулини қалбингиздан юлиб олганда борми, Сиз ҳам одатдаги ўртамиёна ёзувчилардан бирига айланиб қолардингиз.
Дафъатан, Шакар кишини лол қолдиради: овулга ўхшамайди, нимаси биландир шаҳарни эслатади. Олислардан муҳташам уйлар, мактаб, клуб, дўкон кўзга ташланади. Аҳолининг кўпчилиги истиқболимизга пешвоз чиқдилар: ҳар бир киши Сиз билан кўришишга, салом-алик қилишга уринарди.
Айтматов. Дарҳақиқат, инсон туғилиб ўсган отаюртда тақдирга дастлаб пойдевор қўйилади. Муҳими— отаюртдан олган ва юқтирган нарсаларни қалб қўри билан илитиб, худди бол тўплаётган асалари мисоли юракка жойлаб олишинг керак.
Эсимда, болалик пайтларим каттароқ йиғилиш бўлиб қолса, оқсоқоллар ўйинқароқ болаларнинг ғурурини қўзғатиш учун:
— Ҳой шумтакалар, қани, ким тўхтамасдан етти ота-бобосининг номини айтиб беради? — дердилар.
Болалар бирпасда жиддий тортиб қолишар ва навбати билан ҳар бири ота-бобосининг номларини санай бошлар эдилар. Xудо кўрсатмасин, агар бирорта бобонинг номи эсингдан чиқиб қолса борми... Кейинчалик тушундимки, чолларнинг илмоқли саволларида теран маъно бор экан. Шу йўсинда мурғак қалбимизга авлод-аждод ва қон-қардошлик тушунчалари сингдириб бориларди, бизни узоқ-яқин қариндошларимизни фарқлашга ўргатишарди. Болалик пайтимдаёқ ёддан билардимки, мен Шакар уруғиданман, менинг отам Тўрақул, Тўрақулнинг отаси Айтмат, Айтматнинг отаси Кимбилди, Кимбилдининг отаси Қончужоқ... Айтмат бобом қўли гул уста эди: ҳам дурадгор, ҳам темирчи, устига-устак, чевар эди. Қолаверса, дурустгина бахши ҳам эди. Унинг бешта фарзанди бўлган: Ойимқул, Қорақиз, Гулойим исмли қизлари ва Тўрақул, Рисқулбек исмли ўғиллари бор эди.
Овул тирик мавжудот каби ўзининг абадий қонунлари билан яшайди. Ўшалардан энг муҳимлари — кексаларга ҳурмат ва етти ота-бобони билишдир. Лекин, яна бир нарсани эсдан чиқармаслик лозим: келажакда ўзинг ҳам етти ота-бобо қаторидан жой оласан. Xўш, аждодлар сени яхши сўзлар билан эслайдиларми ёки аксинчами? Айтайлик, кимдир от ўғрисининг невараси бўлсин. Унга ҳеч ким ҳавас қилмаса керак...
Биз ана шундай халқ фалсафаси руҳида тарбияландик. Мен ҳозир ҳам «етти отани билиш керак» деган удумни эъзозлайман. Айтмоқчи, еттинчи авлодгача бўлган қариндош-уруғларнинг қони бир хил таркибда эканини табобат илми исботлаб берган. Агар ўз авлодини яхши билмайдиган йигит қондоши бўлмиш қизга уйланиб қўйса, аждоди бузилиб кетиши мумкин. Шундай қилиб, мол боқиб, матал тўқиб юрган донишманд чолларимиз моҳиятга етиб борганлар...
Масалан, айтайлик, нима учун бақувват, ғайратли кишилар Америкага кўчиб борадилар? Жамоатчилик тан олган ҳақиқатга кўра, янги кашф этилган қуруқликка ҳар хил элат вакиллари кўчиб борганлар. Улар ўзаро ва маҳаллий халқ билан қардош бўлиб кетадилар, қонлари аралашади. Натижада қони янгиланган элат пайдо бўлади. Шу боис кўчманчилар ўзлари яшаган аввалги жойларини «Кўҳна дунё» деб атайдилар.
Шохонов. Бир куни Жамбул вилоятидан келган йигит каминани излаб топди. Маълум бўлишича, Олмаотадаги институтларнинг бирида укаси таҳсил кўрар экан.
— Қариндошимизнинг битта қизи бор. Укам иккови бир-бирини севиб қолишибди. «Шу қизга уйланаман, вассалом! Агар тўсқинлик қилсаларинг борми, ўзимни ўзим ўлдираман!» деяпти укам. Ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмаяпти. Биз яхшиликча уни бу йўлдан қайтармоқчи бўлдик. Ялиниб-ёлвордик, дўқ-пўписа қилдик. Лекин, фойдаси бўлмади. Ниҳоят, маслаҳатни бир жойга қўйиб, Сизга мурожаат қилишга келишдик. Агар укам энди бировнинг гапига юрадиган бўлса, фақат Сизнинг сазангизни ўлдирмайди. Чунки, шеърларингизни, достонларингизни ёддан билади, чин мухлисингиз. Ўтиниб сўраймиз, укамни бу йўлдан қайтариб беринг ёки унга икки қатор хат ёзиб беринг. Бошқа иложимиз қолмади, — деди йигит хўрсиниб.
Бу воқеани эшитиб бошим қотиб қолди. Ундай қилсам арава синади, бундай қилсам — ҳўкиз ўлади. Бир томондан қаралса, шубҳасиз, ёшлар бир-бирига чинакам меҳр қўйганлар. Бошқа тарафдан қаралса, эскилардан қолган гап бор: етти авлодгача қариндош бўлган биродарлар бир-бири билан қуда-анда бўлмаслиги керак. Уларни ажратиб, муҳаббат деб аталмиш буюк туйғудан бенасиб этиш мумкин. Кейин, ким билади дейсиз, умрбод пушмон қилиб ўцалар-чи? Сир эмас, асил муҳаббатга киши умрида бир бора дуч келади. Xуллас, тасодифий меҳмонимга қандай жавоб қайтаришни ҳам билмай қолдим.
Ўйлаб-ўйлаб, ахийри бундай дедим:
— Ҳозир укангиз биринчи курсда ўқир экан. Уқишини тугатгунча уйланмай турсин. Ўтган йиллар мобайнида шаштидан қайтмаса, бунга ҳеч ажабланмаслик керак. Лекин, кўпинча йигитлар ўткинчи ҳавасни муҳаббат деб биладилар. Агар орадан тўрт-беш йил ўтгандан кейин ҳам улар шаштидан тушмаса, демак, бу чин муҳаббат бўлади. Начора, сўнг улар бир умр бирга бўлишлари керак.
У жуда қаттиқ ухларди. Арабистонда эканимизда ҳам эрталаб уни уйғотиш учун озмунча меҳнат сарф қилмасдим. Кўзларини очишга унамагандан кейин, отга минаётгандай қорнига миниб олиб қисташ, узун мўйловларини тизгин қилиб тортиш, «чух»лаш керак бўларди. Лекин бу кеча уни уйғотишдан қўрқдим. Уйғонса, мени илгаригидай ёнига ўтказишга кўнмайди, ялиниб ёлворишимга қарамай, бувимга элтиб беради, деб ўйладим.`
Чике, 1969 йили Москвада бўлиб ўтган ёш ёзувчиларнинг учинчи Бутуниттифоқ кенгаши эсингиздами? Биз ёшлар учун у пайтлар Сиздек машҳур устоз билан ҳамсуҳбат бўлиш жуда катта гап эди. Мен Сиз билан шахсан таниш эмасдим. Лекин, Сиз қирғиз бўлганингиз учун худди оғам каби ўзимга яқин олиб, ёнингизга бориб гаплашмоқчи бўлдим. Ёш юкагир ёзувчиси Семён Куриловни Сизга таништирдим. СССР Ёзувчилари уюшмасининг раиси Константин Федин ўз нутқида С. Куриловнинг «Ханидо ва Xалерха» романини ҳам тилга олиб ўтган эди. Кенгашнинг бошқа қатнашчилари ҳам Курилов ижодини юксак баҳолайдилар. Кейинчалик, «Жалин» нашриётининг директори Калдарбек Найманбоевнинг кўмагида ўша роман қозоқ тилида нашр этилди. Уни таниқли журналист Минбой Илёсов таржима қилган. Афсуски, очиқ кўнгил, иқтидорли Семён жуда эрта вафот этиб кетди...
Куриловнинг романи юкагир элатининг ўзига хос солномаси эди. Ўша йиллари юкагирлар, янглишмасам, бор-йўғи 608 нафар эди, холос. Нафсиламбирини айтганда, юкагирлар ҳам ва бошқа кам сонли Шимол халқлари ҳам ўз хотинларини меҳмонга қўшиб қўйишар экан. Урф-одат шунақа экан...
Айтматов. Шунақа гапни эшитганман. Албатта, бундай гаплар кишини довдиратиб қўяди. Ёввойиликка ўхшайди.
Шохонов. Бизга ёввойилиқдай кўринади. Лекин, тундра ва тайга учун бу кўнгилочар эрмак эмас, бузуқчилик ҳам эмас. Бармоқ билан санарли миқдорда вакили қолган кичик элат, эҳтимол, худди шу йўсинда қонини янгиламоқчи бўлади, яшамоқчи бўлади. Сир эмас, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ натижасида майиб-мажруҳ фарзандлар бино бўлади ва охир-оқибатда халқ қирилиб битади. Ота-боболаримизнинг тажрибалари натижасида қарор топган «етти ота» удуми бизнинг онгимизга бузиб бўлмайдиган одоб-ахлоқ сифатида сингиб кетган.
Яна бир мисолни кўрайлик: агар келинчак рўпарасидан келаётган қарияни кўриб қолса, асло йўлни кесиб ўтмайди, балки то қария ўтиб кетгунча эгилиб таъзим қилиб туради. Қолаверса, келинчак куёвининг қариндош-уруғларини исмини айтиб чақирмайди. Ички маданият, назокат шундай бўлмайдими?!
Айтматов. Айни пайтда ҳазил-мутойиба ҳам четлаб ўтилмайди. Бизнинг овулимизда куёвнинг оға-инилари учун ҳеч кутилмаган номларни ўйлаб топардилар. Баъзан машғулотига қараб ном қўярдилар. Масалан, тегирмончини «Тегирмонтош оға» дейишарди; найнов йигитни эса «Тундук бош» — «боши минорага етадиган йигит» дейишарди. Бизнинг Шакарда нимжонгина, пахмоқ соч киши бўларди. Келинчаклар уни кўриб қолсалар: «Қарға келяпти», дейишарди пичирлашиб. Овулда ҳар ким ўз мақомига яраша ном қозонган эди.
Шохонов. Шу муносабат билан халқ орасида битта ривоят юради. Дарёнинг нариги қирғоғида, қамишзорда битта бўри қўзичоққа ташланиб қолади. Шу пайт келинчак кўза кўтариб сув олгани келиб, бўрини ҳуркитиб юборади. Чалажон ҳолатда типирчилаб ётган қўзичоққа кўзи тушган келинчак ёнидан пичоқ чиқариб, уни қайроқтошда қайраб қўзичоқнинг кекирдагини узиб ташлайди ва жон талвасасидан қутқаради. Уйга қайтган келинчак дарё ёқасида рўй берган воқеани гапириб бермоқчи бўлади-ю, бирдан қайноғаларининг номлари эсига тушиб қолади: Ўзанбой, Қамишбой, Қўйчибой, Қашқирбой, Кездикбой (кездик — пичоқ), Қайроқбой. Уларнинг номини тилга олса, одобсизлик қилган бўлади. Нима қилмоқ керак? Келинчак ўйлаб-ўйлаб шундай дейди: «Жилдироқнинг ёқасида, шовуллоқнинг орасида увловуқ баъровуққа ташланиб қолди. Мен ёнимдан кесадиганимни чиқариб, уни ўткирлагичга ишқалаб, сўнг кекирдагини узиб ташладим».
Ҳаммаси «саҳро академияси»дан бошланган. Қадимий кўчманчилар маданияти унда мужассамлашган эди. Мисол учун, кимдир уй қурмоқчи бўлса, атрофда яшайдиган кишилар одат бўйича «ҳашар»га келардилар. Зиёфат ҳам, маърака ҳам овул аҳолиси учун кўпга келган тўй ҳисобланади. Бундай пайтда киши ўзини четга торса, уят бўлади.
Ишоқ исмли тоғам бўларди. Беозор киши эди, ҳеч кимга зиёни тегмасди. Агар у от миниб кетаётган бўлса-ю, йўлда тош ётганини кўриб қолса, дарҳол отдан тушиб тошни бир чеккага улоқтириб юборарди.
Унинг хатти-ҳаракатини кузатиб турган бекорчихўжаларга: «Биров тошга қоқиниб кетмасин», деб изоҳ берарди. Баҳор чоғлари Бодом дарёси тошиб, овул ўртасидаги ягона кўприкни сув ювиб кетарди. Овул иккига бўлиниб, икки қирғоқда яшайдиган аҳоли ўртасида алоқа узилиб қоларди. Тоғам отига миниб, бемалол дарёнинг нариги соҳилига сузиб ўтарди. Гап бунда эмасди. Ишоқ тоғам ҳеч қандай гап-сўзсиз ўз боғига боради ва теракларини кесади, сўнг бировдан кўмак сўрамасдан, ёлғиз ўзи кўприк қуришга киришади. Унинг куйиб-пишиб ишлаётганини кўрган овулдошлари ўзларидан уялиб, дарҳол тоғамга ёрдам бера бошлайдилар.
Халқ анъаналарини кўз қорачиғидай асрайдиган тоғам кузга бориб оғир хасталикдан сўнг вафот этди. Ўлими яқин қолганини билиб, мени ҳузурига чорлади.
— Чироғим, гап бундай, — деди хаста товушда, — ота-боболаримиз ёнига бутунлай кетяпман. Бир нарса тўғрисида сен билан гаплашиб олмоқчиман. Чироғим, биламан, шоир бўлмоқчисан. Бундай шарафли касб ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин, ўз номига доғ туширмаган инсонгина бахтли бўлади. Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар «Омин!» дейдилар... Агар йўлдан озиб кесанг, ялтироқ ёлғонларга маҳлиё бўлсанг, албатта, лаънатга йўлиқасан: сўзларингга биров ишонмай қўяди. — Шифтга термилиб ётган кўйи бирпас сукут сақлади. — Сендан энг охирги илтимосим шуки, билмадим, уни адо этасанми-йўқми, лекин ароқхўрлардан сал узоқроқ юргин. Мажбур қилмайман. Илтимосимни ерда қолдиришинг мумкин. Яхшилиб ўйлаб кўргин. Кейин жавобингни айтасан. Xудо хоҳласа, яна икки кунлик умрим бор. Шу муддат ичида бир тўхтамга келгин. Агар, ҳозир замон шунақа, бошқалардан ажралиб юриш хунук бўлади, деб ўйласанг, майли, ёлғон ваъда бермай қўя қол. Мен хафа бўлмайман.
—Ота, бу борада нимани ҳам ўйлаш мумкин, — деб эътироз билдирдим. — Агар сиз шуни истасангиз, бўпти, бундан кейин ароқ ичмайман.
—Ана энди яхши бўлди, айланайин! Илойим, бахтли бўлгин! — Тоғамнинг кўзларидан ёш оқиб кетди. Чўпдай бўлиб қолган бармоқлари билан қўлларимни силаб-сийпалади. — Энди бемалол Эгамга омонатини топшираман.
Тоғам гўё ўлимини олдиндан сезгандай, роппа-роса икки кундан сўнг бу фоний дунёни тарк этди.
Онам Умсин Айтбой қизи 85 ёшида, дипломатия хизмати билан Қирғизистонга келган. 1994 йилда қайтиш қилди. Сиз онамни яхши танийсиз. У киши Сизни уйимизда кўп марта кутган. Онам ўн учта фарзанд кўрган. Лекин, фақат битта ўзим тирик қолганман. Онам билан сафарга отланадиган бўлсак, доим қатлама, қази, қурутни йўлга ҳозирлаб қўярди.
Илгари ҳар хил сабаблар билан Москвага тез-тез бориб турардик. Шундай пайтларда онам ўзи танийдиган кишиларга аталган бояги таомларни жомадонимга жойлаб берарди. Онам ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмасди. Шунга қарамасдан, Евгений Евтушенкони қизғин яхши кўрарди. Эҳтимол, ўғлининг шеърларини таржима қилгани учун яхши кўрарди. Балки, бошимга мушкул иш тушган пайтлари ёрдам қўлини чўзгани боис меҳр қўйгандир? Ёки бўлмасам, оиламиз атрофидаги кишилар ҳурмат қилгани сабабли яхши кўриб қолгандир?
— Марҳамат, овулдан келтирилган тансиқ таомлардан татиб кўринглар! Буларни онам бериб юборди! — дердим жомадонимни бўшатаётиб.
— Сенинг онанг мен учун жамики қозоқ овулларининг тимсолига ўхшайди, — деган эди бир гал Евгений Александрович ҳазил аралаш.
Москвага бориб юрган кезларим Сизнинг эски қадрдонларингиз бўлмиш Расул Ҳамзатов ва Довуд Қуғултиновлар билан яқиндан танишдим. У пайтлари Олий Совет депутатлари «Москва» меҳмонхонасида махсус ажратилган хоналарда яшардилар.
Бир куни ўз хонамга кириб, шундоқ холодилникни очсам, ҳеч вақо қолмабди. Ким ўз ҳунарини кўрсатиб кетганини ўйлай бошлаган эдимки, бирдан телефон жиринглаб қолди. Трубкани кўтаришим биланоқ Довуд Никитичнинг таниш гулдураган товуши қулоғимга чалинди. «Дастхатимизни танидингми? Йўқ пайтингда Расул икковимиз хонангга кирдик. Менга қара, сен бизни неча марта овулингга меҳмонга чақиргансан? Мана, энди онанг бериб юборган таомларни еб кўрганимиздан сўнг ҳеч ким бизни овулингда меҳмон бўлмаган деб айблай олмайди».
Икковимиз ҳам хаҳолаб юбордик. Қаламкаш оғаларим мана шундай беғараз ҳазил-мутойибага уста эдилар.
Онам пенсия пулига қоғозли қандлар, печене харид қиларди. Чўнтакларида ҳар доим ширинликлар бўларди. Онам остона ҳатлаб кўчага чиқиши биланоқ қўшниларимизнинг болалари атрофини қуршаб олишарди, қувониб кетишарди. Онам навбати билан ҳаммага ширинлик улашиб чиқар эди. Бу ишидан бағоят мамнун бўларди.
...Кунларнинг бирида Гурев (ҳозирги Атиров) вилоятига сафар қилдим. У ерда Равил Чердабоев билан танишдим. Кейинчалик биз қалин дўст бўлиб кетдик. Биринчи марта ўшанда Махамбет Ўтемисовнинг фожиали тақдири тўғрисидаги ҳикояни эшитдим. Сўнг эшитганларим асосида кичикроқ достон ёздим. Сафарим охирлаётган кунлари Балиқчи туманида менга «Фахрий балиқчи» деган унвон беришди. Бу ерда таомилга айланган одат бўйича каминага 60-70 килограмм келадиган балиқ совға қилдилар. Балиқнинг ўзига хос хусусияти шунда эдики, оғирлигининг тўртдан бир қисмини қора увилдириқ (икра) ташкил этарди.
Меҳмондўст овул аҳли мени то тайёрагоҳгача кузатиб бордилар.
Самолётга ўтирдим. Балиқчи тумани партия қўмитасининг биринчи котиби Ўринбосар Еркинов ҳам самолётга чиқиб борди ва семиз жомадонни ёнимга қўйдида:
— Тушаётганингизда эсингиздан чиқмасин, — деди.
— Бу нима? — деб сўрадим ҳайрон бўлиб.
— Боя сизга совға қилинган балиқнинг увилдириғи.
У пайтлари ўн беш-йигирма килограмм увилдириқ расмана бойлик ҳисобланарди.
Ун кунлардан сўнг онам Чимкентга йўл олди. Орадан бироз фурсат ўтиб, хотиним холодилникни очиб қолди: қора увилдириқ катта косанинг остидагина қолган эди, холос.
—Яна ҳотамтойлигинг тутиб, бировга бериб юборгансан! — деб дашном берди хотиним.
—Қўйсангчи, мен холодилникка яқин йўлаганим йўқ-ку!
Уйдагилар хийла бесарамжон бўлиб қолдилар.
Орадан анча-мунча вақт ўтгач, қора увилдириқнинг йўқолиш сири фош бўлди. Бир куни оқшом чоғи ишдан қайтиб келаёцам, уйимизнинг олдида қўшнимиз — рус кампир кутиб турган экан.
—Мухтор, сенга катта раҳмат! Вой, совғангни олиб шунақаям суюндик, асти қўяверасан! Ахир, жуда қиммат туради. Биз нафақахўрлар унақа нарсаларни харид қилолмаймиз. Агар тежаб-тергаб ишлацак, ярим йилга бемалол етади.
Кампир яна ҳамд-сано ўқий бошлади.
Дастлаб, гап нима ҳақда эканини сира тушунмадим. Охири:
— Нималар деяпсиз? — деб сўрадим.
— Э-е, онангиздан бериб юборганингиз бир товоқ қора увилдириқ тўғрисида гапиряпман-да!
Кейин бир ҳафта мобайнида бошқа қўшниларимиздан ҳам миннатдорлик сўзларини эшитдим.
Маълум бўлишича, онам увилдириқни қўшниларимизга товоқлаб улашиб чиққан экан. Албатта, жон қўшниларга кўпроқ берибди.
Онам сафардан қайтиб келгач, энди ўпкалай бошлаган эдик, у киши кулумсираб:
— Ахир, қўшнинг тинч — сен тинч, деб бекорга айтмайдилар. Агар ўз вақтида улашиб бермаганимда борми, барибир айниб қоларди, — деди.
Онам шаҳарда биз билан кўп йиллар яшаган бўлса-да, лекин асло ўз билганидан қолмади. Бу ерда бегона одамга салом бермайдилар, ҳатто девордармиён қўшнинг бўлса ҳам, чақирилмаган жойга меҳмонга бормайдилар. Онам эса буларнинг ҳаммасига зид ўлароқ, овул урф-одатларига амал қиларди: қўли очиқ эди, меҳрибон эди...
Чике, келинг, энди илгари бошлаб қўйганимиз мавзута қайтамиз. Шакар овулида отангиз Тўрақул Айтматов номида ўрта мактаб бор. Мактабга кираверишда ажойиб ёдгорлик турибди. Унинг муаллифи — мамлакатингизда машҳур бўлган ҳайкалтарош Турғунбой Содиқов. 30-йиллардаги зиёлиларнинг фожиали тақдири шу жойда ҳам мужассам. Отангиз Қирғизистонда атоқли давлат арбоби эди. У ноҳақ репрессияга учраган, қатл этилган.
Айтматов. Ҳа, мудҳиш давр эди. Отам Могквадаги Қизил Поофессорлар институтида ўқиган. Оиламиз онам Нагима Xамзаевна билан ётоқхонада яшардик. Мен тўрт фарзанд ичида энг каттаси — тўққиз яшар эдим, кенжа синглим Роза энди олти ойлик бўлган эди.
1937 йилнинг август-сентябр ойларида «Правда» газетасида иккита мақола эълон қилинди: «Буржуй миллатчилари» ва «Қирғизистон ВКП(б) Марказий Қўмитасининг сиёсий хатолари». Мана шу мақолаларнинг касофати туфайли республикамиз раҳбарлари бирин-кетин қора рўйхатга туша бошладилар. Кўпчилик қатори отамнинг номи ҳам тилга олинган эди. Бошида қора булут қуюқлашаётганини билгач, у онамга: «Болалар билан уйга қайтгин. Агар мени ҳибсга олишса, «халқ душмани»нинг хотини сифатида сенга ҳам тинчлик беришмайди. Етим бўлиб қолган болаларимизни болалар уйига жўнатишади. Устига устак, фамилиясини ҳам ўзгартириб қўйишади. Мени миллатчиликда айблашяпти. Бу қип-қизил бўҳтон. Омон бўлсам, ўзим хат ёзаман». Отам бизни Қозон вокзалига кузатиб қўйди. Сўнг поездимизга эргашиб, мадори қуриб қолгунча югуриб борди ва қўлларини силкитиб хайрлашди. Эҳтимол, бизни охирги марта кўраётганини кўнглидан ўтказгандир, азиз кишиларидан — болаларидан, хотинидан бир умрга ажрашаётганини ич-ичидан сезгандир?!
Поездда етти кечаю етти кундуз йўл юрдик. Оренбург, Саратов, Қозоғистоннинг бепоён саҳролари ортимизда қолди. Ниҳоят, ярим кечаси Маймоқ стансиясида поезддан тушдик. Атрофни зулмат қоплаган ўша тун, ўша қўрқув хотирамга бир умр муҳрланиб қолди. Эртаси куни тоғам Сувонбекнинг аравасига кўч-кўронимизни ортиб, Шакардаги Алимқулнинг ҳовлисига ўлар ҳолатда етиб олдик.
Москва почтасининг бланкасига қистаниб ёзилган отамнинг энг охирги мактуби ҳозиргача сақланиб қолган. Унинг ҳар бир жумласидан ҳадик-хавотир сезилиб туради: «бугун бўлмаса, эртага ҳибсга оладилар». У онамга болаларни кўз қорачигидай авайлаб-асрагин деб, қайта-қайта тайинлаган, боз устига, менинг виждоним тоза, ҳеч қандай айбим юқ деб қасам ичган эди. Афсуски, у пайтлари бунақа қасамларнинг сариқ чақачалик қиммати йўқ эди.
Отамни 1 декабр куни Москвада ҳибсга оладилар ва тез кунларда Фрунзега келтиришиб, қамоқхонага тиқадилар.
«Халқ душмани»нинг оиласи тамғаси билан овулимизга қайтиб борганимиздан сўнг кўпчилик биздан ўзини четга тортди. Ўша замонларда биз одамлардан хафа бўлмасдик. Боз устига, бизга бошпана берган қариндошларимиздан бағоят миннатдор эдик.
Репрессия қариндошларимизни ҳам четлаб ўтмади.
Бобомиз Айтмат билан Биримқул туғишган оға-ини эдилар. Биримқулнинг учта ўғли бор эди: Алимқул, Ўзибек, Керимбек. Алимқул менинг отамдан бир неча ёш катта эди. У Шакар қишлоқ советининг раиси лавозимида ишларди. Xуллас, Шакарга келганимизга бир ой бўлгач, Алимқулни ҳам «халқ душмани»нинг оғаси сифатида ҳибсга олдилар. Тақдир тақозоси билан кўпинча бир мусибат иккинчи мусибатни эргаштириб келади: Алимқулдан сўнг унинг милиционер бўлиб ишлайдиган укаси Ўзибек ҳам «халқ душмани»нинг қариндоши сифатида қамоқхонага равона бўлди.
Биз Москвадан қайтиб келишимиз биланоқ отамнинг укаси Рисқулбекни педагогика билим юртидан ҳайдаб юбордилар. У холамиз Қорақиз эжанинг уйида яшай бошлади.
Кунларнинг бирида мен бомдод маҳали уйғониб кетдим. Қарасам, Қорақиз эжам билан онам юм-юм йиғлаб ўтиришибди. Йиғлайвериб кўзлари шишиб кетганди. Маълум бўлишича, ярим кечаси Рисқулбекни ҳам қамоққа олиб кетишган экан. Шундай қилиб, қисқа фурсат ичида бизнинг уруғ-аймоғимиз тўрт эркакдан маҳрум бўлди. Фақат хотинлару болалар қолишди, холос.
Шохонов. Ҳа-а, у замонлар тўғрисидаги ҳикояларни эшитиб ўтириб, беихтиёр «халқ душмани» фош этилмаган бирорта ҳам овул қолмаган бўлса керак, деб ўйлайсан. Баъзи кишиларни мутлақо куракда турмайдиган бўҳтон билан ҳибсга олишиб, шу бўҳтон туфайли айбдор деб топишиб, отиб ўлдирганлар, қамоқхонага тиқиб қўйганлар ёки узоқ муддатга сургун қилганлар. Таниш адабиёцҳунос, ижодингизни пухта тадқиқ этган машҳур академик Рустан Раҳмоналиевнинг отасини қандай қилиб ҳибсга олишганини биласизми?
Айтматов. Йўқ, билмайман.
Шохонов. Кимдир Рустаннинг отасига чекишни таклиф қилади. У қўлига тутқазилган газета парчасига тамакини ўрайди-да, ҳузур қилиб тутун симиради. Шу пайт худди осмондан тушгандай битта нотаниш кимса пайдо бўладию Рустаннинг отасидан чекаётган тамакини тўкиб, ўрам қоғоз парчасини кўрсатишни талаб этади. Қоғозни очиб қарашса, ярим куйиб кетган газета парчасида Сталин портрети бўлади. Кўряпсизми, қандай қилиб тузоқ қўйиларди?
Кечирасиз, бояги ҳикояни давом эттираверинг.
Айтматов. Шундай қилиб, Алимқул қамоқда вафот этади. Ўзибек, дастлаб, Оқтуздаги қўрғошин конида ишлаяпман, деб хат ёзиб юборади. Уруш йилларида ундан хат-хабар келмай қўйди. Бутун бошли инсон йўқ бўлиб кетаверди...
Овул чегарасида от минган почталон кўриниши биланоқ биз кўзимиз қинидан чиққудай бир алфозда унга термилардик: балки, отамиздан ёки унинг оға-иниларидан хат келтиргандир? Почталон ўзини қўярга жой тополмай қоларди. У шошиб-пишиб, тезроқ ёнимиздан ўтиб кетишга ҳаракат қиларди.
Бир гал Рисқулбекдан хат келди. Xат қирғиз тилида ёзилган эди. Шу сабабдан сензура қилинмаган бўлса керак.
Онам товушини чиқариб хатни ўқиб берди. Xатида у ҳар биримизни сўраб-суриштирган, соғлигимиздан хавотирланган, айниқса, оғаси Тўрақулнинг тақдиридан кўп қайғурган эди. Ўзи тўғрисида: «Бизни Манчжурия чегарасига яқин жойларга темир йўл қурилишига жўнатдилар. Жуда совуқ. Менинг икки буйрагим ҳам шамоллаб қолди. Бу ерда ҳар бир кишига норма беришади. Агар нормани бажармасанг, овқатдан маҳрум қиладилар. Оғир юк кўтаришим билан буйракларим сирқираб оғрий бошлайди. Касалдан ва қорним тўйиб овқат емаётганимдан яримжон бўлиб қолдим. Ўзларинг ҳам билиб турибсизлар. Норасида болалар камайиб боряпти... Агар қурбингиз еса, менга ярим пуд талқон жўнатинглар. Шунда яна беш-олти ой яшашим мумкин...», деб ёзган эди.
Рисқулбекнинг оғир аҳволи юрак-бағримизни қон қилиб юборди. Онам билан Қорақиз аммам тўхтовсиз буғдой қовуриб, талқон ҳозирлашга киришдилар. Тонг отар-отмас онам талқон солинган қопни елкасига ортиб, раён марказидаги почтахонага йўл олди...
Рисқулбек қариндошлари жўнатган ўша талқонни олган-олмагани номаълум. Бизга ҳеч қандай жавоб келмади. Шу тариқа, мусофир юртларда йўқ бўлиб кетди.
Биз Шакарда отамнинг синглиси Қорақиз эжам билан унинг эри — Дўстали жездамизнинг уйида яшайвердик. Уларнинг икки хонадан иборат уйлари катта ариқ ёқасида жойлашган эди. Бир хонада улар яшарди, иккинчи хонада биз яшардик. Дўстали жездам меҳрибон, қўли очиқ инсон эди. Боз устига, у туғма овчи эди. Отни эгарлаб, елкасига милтиғини ташлаб, иккита този итини эргаштириб тоққа овга кетарди. Уйига айиқ, бўри, силовсин терилари осиб қўйилган эди. Агар ов бароридан келган бўлса, Қорақиз аммамдан бошлаб ҳаммамизни номма-ном чақириб келаверарди.
У ҳам болалигимдан қолган ёрқин хотираларимдан биридир.
Шохонов. Xемингуей: «Буюк ёзувчи бўлиш учун истеъдод, билим керак ва бахсиз болаликни бошдан кечириш лозим», деган эди. Ажабки, болалик пайтингизда Сиз ёзувчи бўлишни орзу қилмагансиз. Сиз машина ҳайдашни орзу қилардингиз. Янглишмасам, бу ҳақда «Ленинчил жаш» газетасининг мухбири Райқон Шукурбековга (у кейинчалик таниқли ёзувчи, драматург бўлиб кетди) гапириб берган экансиз. Ўша суҳбат 1935 йилнинг 5 июн куни газетада эълон қилинади. Эски газетани Шаршен Усубалиев Тошкентдаги архивидан топиб беради. Абдуллажон Акматалиев эса уни ўз китобида эълон қилади.
Ўша суҳбатнинг бир парчаси қуйидагича экан:
«Чингиз бу йил етти ёшга тўлди.
У ўзининг ёш дўстлари орасида доим озодалиги ва тиришқоқлиги билан ажралиб туради. Уйида мустақил мутолаа қилади, ёлғиз ўзи ўйнаб юради. Ўзини ўзи эплайди. Биз Чингиз билан бир соатдан мўлроқ суҳбатлашдик. У эмин-еркин гаплашади, тутилмасдан жавоб қайтаради.
— Ким бўлмоқчисан?
— Шофёр бўлмоқчиман.
— Отанг қаерда?
— Москвада.
— У ерда нима қиляпти?
— Ўқияпти. Xонамдаги болалар бурчагини отам тузиб берган. Отам билан онам менга доим таълим-тарбия беришади. Мен уларнинг гапларидан чиқмайман.
Катта бўлсам, шофёр бўлишга ўзим қарор қилдим.
— Қанақа ўйинчоқларинг бор?
— Ҳамма ўйинчоғим бор. Фақат битта машина етмай турибди. Отам олиб бераман деб, ваъда берган. Тез кунларда олиб беради».
Бу суҳбат «Чингиз шофёр бўлмоқчи» деган сарлавҳа остида эълон қилинади. Муаллиф ўз номидан: «Шак-шубҳа йўқки, Чингизнинг шофёр бўлиш борасидаги орзуси албатта рўёбга чиқади», деб илова қилган экан. У пайтлари автомобил чамбарагини ушлашни орзу қилган болакай дунёга машҳур ёзувчи бўлиб кетишини мухбир билмасди.
Айтматов. У замонларда машина жуда кам эди. Биз ширин хаёлимизда машина ҳайдаб юрардик. Фақат ўзим эмас, барча тенгқурларим шофёр бўлишни орзу қилардилар.
Отам қамоққа олингач, овулимизда унинг номини айтишдан қўрқишарди. Фақат онам билан Қорақиз эжамгина отам тўғрисидаги ёрқин хотираларни болалар қалбига муҳрлашдан асло чўчимадилар. Ёлғиз қолган пайтларимизда онам яширинча отамнинг суратларини, ҳужжатларини, нишонларини кўрсатарди. Ҳаммасидан ҳам отамнинг фамилияси ёзилган штамп бизни кўпроқ ҳайратга соларди. Штампга сиёҳ суртиб, уни қоғозга босиб кўрсак лотин имлосида ёзилган «Айтматов Т.» пайдо бўларди.
Қорақиз эжам саводсиз бўлса-да, лекин донишманд аёл эди. У бир умр отам хотирасини муқаддас сақлади. 1964 йили оғир касалликдан сўнг вафот этди. Ўлими арафасида бизни ҳузурига чорлаб:
— Мен тўртовингдан ҳам розиман. Эҳ, оталаринг ёшлик пайтида қурбон бўлиб кетди! Агар у юксак мартаба эгаси бўлмаганда, кўп қатори овулда яшаб юрганда борми, тирик қоларди, — дедию йиғлаб юборди.
Дастлаб, расмий идорадан бизга ёлғон маълумотнома жўнатишди: «10 йил муддат билан қамалди, хат ёзиш ҳуқуқидан маҳрум этилди». Бизни интизор этиб қўйган сўнгсиз йиллар бошланди. Ҳар бир кунни санаб юрардик, йўллардан кўзимизни узмасдик, умид билан яшардик.
Бир марта отам тўғрисида бўлаётган ошкора суҳбатнинг гувоҳи бўлганман. Уйимизга ўғлининг қўлидан ушлаб юрадиган битта кўр одам ташриф буюрди. Эсимда, онамга шундай деган эди:
— Мени ҳам Тўрақул билан бирга қамоққа олишди. Биз битта камерада ўтирдик. Дунёда бор азоб-уқубатларни бошимиздан кечирдик. Кўр бўлиб қолганимдан сўнг мени озод қилиб юборишди. Тўрақул тирик. Барибир адолат тантана қилади, умидингни узмагин, Нагима.
Онам НКВД идорасига хат кетидан хат жўнатаверди, лекин бирор тайинли жавоб ололмади. Умид билан ун йил ҳам ўтди.
Шохонов. Яқинда биз синглингиз Роза хоним билан жуда узоқ чин дилдан суҳбатлашдик. У киши қуйидагиларни гапириб берди:
«Чингиз институтда «аъло»га ўқирди. Уни аспирантурага қолдиришмоқчи эди. Лекин, бирдан устидан хат тушади: «халқ душмани»нинг ўғли нима учун Сталин стипендияси оляпти?» Шундай қилиб, у стипендиядан ҳам, аспирантурадан ҳам маҳрум бўлди. Бироқ, асло таслим бўлмади: дам олиш кунлари темир йўлга бориб, ҳаммоллик қилди — вагонлардан кўмир, ўтин туширади. Чойчақа ишлаб келарди. Ҳалол пешона тери билан ишлаб топган пулларини сарфламасдан йиғиб қўярди; ёзда овулга таътилга келгач, ҳаммамизга уст-бош харид қилиб берарди. Эсимда, менга ёқаси узун, иссиқ палто олиб берган эди. Қанчалар қувонганимни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Умримда биринчи марта бунақа қиммат кийим кийган эдим-да! Москвада ўқийдиган Илгизга эса ўзининг қайта бичилиб, қайта тикилган палтосини посилкада юборади. Ўша палтонинг ён томонларида, кўкракларида чўнтаклари кўп эди. Чингиз палтонинг ҳар бир чўнтагига беш сўмдан пул солиб қўяди. Назаримда, камбағал талаба ҳар бир чўнтакка қўлини тиқиши билан пулга дуч келиб, жуда суюниб кетади, деб ўйлаган бўлса керак...
1957 йилда НКВД идорасидан бизга чақириқ қоғози келди: «Т. Айтматов тўғрисидаги сўровномангизга жавоб олиш учун НКВДга келишингиз лозим».
Онамнинг нечоғлик ҳаяжонланганини бир кўрсангиз эди! Бояқиш ўзини қўярга жой тополмай қолди, юраги ҳаприқиб кетди. Аксига олгандек, Чингиз ўша кунлари иситмаси кўтарилиб, кўрпа-тўшак қилиб ётганди. Онам бечора унинг теварагида гиргиттон бўларди. У онам билан бирга бормоқчи бўлиб ўрнидан турдию оёқлари чалишиб, йиқилди. Қисқаси, биз онам икковимиз чақирилган жойга жўнадик.
— Отанг Сибирда бўлса керак, — деди онам. — Ҳозир кўпчилик ўша томонлардан қайтиб келишяпти. Агар Тўрақул катта бўлиб қолганларингни кўрса, бечора ниҳоятда суюниб кетади. Чингиз билан Илгиз оёққа туриб олишди, оила қуришди. Люция икковингиз кўркамгина қиз бўлиб қолдиларинг, Отанг қанақа бўлиб қолди экан? Қамоққа олинган пайт 34 яшар эди. Бу йил роппа-роса эллик бешга тўлди. Биз йигирма бир йил дийдорлашмадик. Йигирма бир йил-а! Айтишга осон. Ҳаммасига чидадик. Майли, ишқилиб, отанг соғ-саломат бўлса бас. Эшитишимча, Сибирга сургун қилинган кишиларнинг кўпчилиги ўша ерда уйланиб олишган эмиш... Эҳтимол, у ҳам шундай қилгандир. Ахир, бир илож қилиб яшаш ҳам керак-да! Фақат саломат бўлса бас. Xудойим-ей, аъзойи баданим қалтираб кетяпти. Ишқилиб, учрашув пайти юрагим қувончдан ёрилиб кетмаса кошкийди...
Онамнинг сўзларини эшитяпману кўзларимдан ёшлар қуйиляпти. Xудойим, онагинам нақадар бағри кенг аёл эди! Майли, уйланган бўлса ҳам соғ-саломат юрган бўлса бас, дейди. Ҳақиқий муҳаббат шундай бўлса керак: ўзига ҳеч нарсани тиламайди, ҳаммаси жуфти ҳалолимга бўлсин, дейди.
Тўғрисини айтганда, онам кўзга яқин, кўҳликкина аёл эди. Дунёқараши, ақл-идроки билан овулдошларидан бир бош баланд эди. Яшириб нима қилдим, кўпгина эркаклардан унга совчилар келди. Лекин, у Тўрақулдан гўзалроқ, Тўрақулдан бойроқ, Тўрақулдан ақллироқ эркак борлигини ҳатто тасаввурига сиғдира олмасди. Онам бир умр ўзи кўнгил берган эркакни кутиб яшади, унга сажда қилиб яшади, унинг ҳар бир савобли ишини эслаб яшади. Устига устак, ана шу олижаноб туйғуларни бизнинг юрагимизга ҳам қуйиб қўйди. Шу йўсин онам ўзини ниҳоятда бахтиёр инсон деб биларди...
Ниҳоят, биз НКВД идорасига етиб бордик. Кираверишда автомат ушлаган аскар турган экан. Онам унга чақириқ қоғозини узатди.
— Сиз кираверинг, — деб аскар онамга йўл бўшатди.
Мени ичкарига киритмади.
Онам ичкаридан оёқларини аранг судраб чиқиб келгунча орадан анча фурсат ўтди. Онамга кўзим тушдию юрагимда қаттиқ оғриқ турди. Унинг кўзларидан дув-дув ёшлар оқарди. Лаблари титрарди. Дарҳол онамнинг қўлтиғидан олдим. Бир оғиз сўз айтишга ҳам мадори етмасдан, бир варақ қоғозни менга узатди. Қоғозда қуйидаги сўзлар ёзилган эди:


СПРАВКА
1937 йил 1 декабр куни қамоққа олинганга қадар Қизил Профессорлар институтининг тингловчиси бўлган Тўрақул Айтматовнинг айбномаси СССР Олий судининг Ҳарбий Ҳайъати томонидан 1957 йилнинг 15 июн куни қайта куриб чиқилди.
Т. Айтматовга нисбатан 1938 йилнинг 5 ноябр куни Ҳарбий Ҳайъат томонидан чиқарилган ҳукм янги очилган шарт-шароит туфайли бекор қилинади ва бу иш жиноят таркиби бўлмагани учун тўхтатилади.
Т. Айтматов ўлимидан кейин оқланди.
СССР Олий суди Ҳарбий Ҳайъат раисининг ёрдамчиси,

adliya polkovnigi M. Rusakov.
Шумхабар келтирган мана шу лаънати қоғоз бизнинг йигирма бир йиллик умидимизни чилпарчин қилган эди. Бир пасда ҳаммаси абас бўлди. Онам икковимиз худди қирғоққа итқитиб ташланган балиқ каби ҳансираб-ҳансираб зўрға нафас олардик; бир-биримизга суянганимизча кўча бўйлаб кетиб борардик. Дунё ҳувиллаб қолди, барча орзу-умидларимиз ҳавога учиб кетди. Онам бечора бирдан ўзгарди; ўзини олдириб, рангпар бўлиб қолди, елкалари букчайди. Вой худойим-ей! Узоқ йиллар мобайнида у битта илинж билан яшади: бугун бўлмаса, эртага Тўрақул албатта қайтиб келади. Бу илинж унга куч-қувват бағишларди, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтишига ёрдам берарди. Бечора онагинам не-не мушкулотни бошидан кечирди!..
Кўчада кетаётиб, дунёни бошимга кўтариб ҳўнг-ҳўнг йиғлагим келарди. «Адолат борми?!» деб қичқиргим келарди. Оиламиз шаънига ёпиштирилган лаънат тамғасини юлиб отишни истардим, бундай тақдирга лаънатлар ўқимоқчи бўлардим. Бироқ, бундай қилсам онамнинг ярасига туз сепардим, холос. Оёқларини зўрға судраб келаётган онам ҳурмати дардимни ичимга ютдим. Бир-биримизга суянишиб, уйга яқинлашиб бордик-да, кўзёшларимизни тия олмасдан остонада серрайиб туравердик.
— Қизим, энди бўлар иш бўлди, — деди онам бироз ўзига келгач. — Отангни ўлими тўғрисида ҳозир Чингизга индамай қўя қолайлик. Мавриди эмас, бутунлай ётиб қолади, кейин тузалиб кетиши қийин бўлади...
Орадан бир неча кун ўтгач, овулдан бўхчасию жомадонини орқалаб Қорақиз аммам етиб келди. Чингиз оёққа турган, онам у кишини чақиртирган эди.
Онам ётиғи билан аммамга оғасининг вафот этганини айтди. Бу хабарни эшитиб бечоранинг юраги ёрилиб кетишига бир баҳя қолди. Суюкли оғасининг ўлими аммамни ўртаб юборди: узоқ йиллик дард-ситам бўғзидан вулқондай отилиб етди. У ҳар биримизни бағрига босиб, саннаб-саннаб роса йиғлади. Қанийди, ҳамманинг шунақа аммаси бўлса!
Кейин Айтматовлар уруғи жам бўлиб, ноҳақ қурбон бўлган марҳумлар руҳига дуои фотиҳа қилиш ниятида Шакарга йўл олдик. Керимбекнинг уйига овулдошларимизни тўплаб, адолацизлик туфайли нобуд бўлган Тўрақул, Алимқул, Ўзибек, Рисқулбеклар хотирасига бағишлаб маърака қилдик.
Лекин, онам бечора отамнинг ўлганига асло ишонмасди. Бу ҳақда рўй-рост гапирмаса-да, сўнгги дамларигача битта илинж билан яшади: балки, у тириқдир? Бундай илинжнинг сабаби бор эди. Улуғ Ватан уруши йилларида Кавказдан Шакарга кўчиб келтирилган одамлар орасида Айвазиди исмли грек фолбин аёл бўларди. У қаҳва қуйқумига қараб фол очарди. Овулимизда Айвазидининг ҳамма гаплари тўғри чиқяпти деган миш-миш тарқалдию онам ҳам фолбин ҳузурига отланди.
— Эринг қамоқда. Тўртта фарзандинг бор. Жуда оғир ҳаёт кечиряпсан. Бор кучингни сарфлаяпсан. Сизлар бу ерда яна ўн йил яшайсизлар. Тўнғич ўғлинг сени шаҳарга олиб кетади. Ўғлингнинг шуҳрати бутун дунёга таралади, — деб гапини тугатади фолбин.
— Эрим-чи? Тирикми, қачон қайтиб келади? — деб сўрайди онам.
— Эринг жуда олисларда юрибди. Сен у билан кўп йиллардан сўнг учрашасан, — деб жавоб беради фолбин.
Равшанки, фолбин аёл отамнинг ўлганини билса-да, аммо онамни ноумид қилмаслик учун тўғри гапни айтмаган. «Сен у билан кўп йиллардан сўнг учрашасан» деган сўзлари эса, сир эмаски, нариги дунёдаги учрашувга ишора эди».
Айтматов. Нима бўлганда ҳам фолбин одамгарчилик юзасидан тўғри қилган.
Шохонов. Қозоқларнинг Оқмула шаҳри яқинида «Алжир» (Акмолинский лагер жен изменников родинм) деб номланган махсус қамоқхона бўларди. Бу қамоқхонада қозоқ халқининг Турор Рисқулов, Сакен Сайфулин, Беймбет Майлин, Темирбек Жургенов, Узоқбой Қулимбетов, Султонбек Қожонов, Жанайдар Садибақосов каби йирик давлат ва партия раҳбарларининг, адабиёт ва санъат арбобларининг хотинлари тутқунлиқда сақланарди. Бу жаҳаннам Оқмуладан 40-45 километр нарида бўлиб, 26 та махсус бўлмалардан иборат эди. Совет Иттифоқининг турли бурчакларидан тўплаб келтирилган «ватан хоинлари»нинг хотинларидан талаб қилинадиган бирламчи нарса шу эдики, улар эрларининг хоинлигига иқрор бўлишлари ва эрларидан воз кечиш тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекишлари керак эди. Шундан кейин аёллар гуноҳи енгиллаштириларди. У пайтларда НКВД идорасидаги қотилларнинг қилмиши асло назорат қилинмасди, ота-оналари бағридан юлиб олинган фарзандлар бепоён мамлакатнинг болалар уйларига тарқатиб юбориларди, бутун бошли уруғ-аймоқлар қириб ташланарди. Лекин, ана шундай мудҳиш замонда ҳам Сакен Сайфулин, Илёс Жонсуғуровларнинг умр йўлдошлари улуғ устозларимизнинг қўлёзмаларини ерларга кўмиб, ястиқ жилдлари орасига яшириб, кўз қорачиғидай асраб келажак авлодга етказганлар. Бу ҳақиқий жасорат эди.
Ғабит Мусрепов бир гал «Алжир»га борганини ва у ерда Беймбет Майлиннинг хотини билан учрашганини гапириб берган эди.
Ўша аёл Ғабит Мусреповга бундай деган экан:
— Қамоқхонага қарашли қўй подани ўз ихтиёрим билан боқишга рози бўлдим. Тонгдан шомгача тўрт девор орасида хун бўлиб ўтиргандан кўра, очиқ ҳавода ўкраб-ўкраб йиғлаб олганинг афзал. Xийла енгил тортасан.
У пайтлари «Алжир»да «ватан хоинлари»нинг йигирма икки мингга яқин хотинлари қон ютиб яшардилар. Агар онангиз овулдан бошпана топмаганда борми, у ҳам ўша жаҳаннамга улоқтириб юборилиши ҳеч гап эмасди.
Айтматов. Ҳа, шунақа бўлиши ҳам мумкин эди.
Мактабда ўқиб юрган кезларим битта меҳрибон муаллим бундай деган эди: «Отангнинг номи тилга олинган пайтда ҳеч қачон кўзларингни яширмагин». Бу оқилона насиҳат оғир дамларда менга мададкор бўлди, хотирамга бир умр муҳрланиб қолди. Ўша сўзлардан: «Отанг халқ душмани эмас» деган маънони англаш мумкин эди. Болалик қалбимни ана шу сўзлар илитиб турарди.
Шохонов. Келинг, синглингиз Роза хонимнинг ҳикояларини яна бир бор эслайлик:
«1975 йил. Мен иш юзасидан Таласга бордим. Битта нотаниш аёл мен билан илиққина кўришди-да:
— Сиз Чингиз Айтматовнинг синглиси бўласизми? — деб сўради
—Ҳа.
— Сизнинг келаётганингизни танишларимдан тасодифан эшитиб қолдим. Жуда яхши бўлди. Йўқса, Сизни излаб ўзим Фрунзега бормоқчи бўлиб турган эдим.
Совет Иттифоқининг ҳамма бурчакларидан, бутун дунёдан Чингизга сон-саноқсиз хатлар ёғилиб келарди. Xатларнинг аксарияти уй-жой ололмаётган одамларнинг шикоятлари, маҳаллий ҳокимиятнинг ўзбошимчалигидан ҳимоя қилиш ва қимматбаҳо хорижий дори-дармон харид этишга кўмак бериш сўралар эди. Чингиз болалигидан эътиборан жуда кўп адолацизликларга дуч келгани учунми, хатларни синчиклаб ўқиб чиқар, сира вақтини аямас, агар иложи бўлса, хат муаллифларига ёрдам берар эди. Узоқ-яқиндан келадиган бундай одамлар қулай фурсат топиб, менга ҳам тез-тез мурожаат этиб туришарди: «Илтимос, мана шу хатни оғангизга бериб қўйинг! Совет Иттифоқида унинг гапини икки қиладиган ҳеч ким юқ». Оғамнинг бошқа ташвишлари ҳам бошидан ошиб-тошиб ётганини яхши билганим учун кўпинча атайлаб илтимосчилардан ўзимни олиб қочиб юрардим. Ўша нотаниш аёлни учратган пайтимда, дастлаб, уни ҳам илтимосчилардан бири бўлса керак деб ўйладим.
— Йўқ-йўқ, — деб мени хотиржам қилишга уринди у. — Сизни излаб юрганимга сабаб шуки, отангиз Тўрақулга алоқадор гапим бор. Менинг оғам қамоқда отангиз билан битта камерада ўтирган.
У отамнинг номини тилга олган пайтда мен худди ток ургандай сесканиб кетдим,
—Оғангиз қаерда? Тирикми? — деб сўрадим шоша-пиша.
—Тирик. Лекин, ҳозир у оғир бетоб. Касалхонада ётибди. Дўхтирлар, оғангизнинг санокли кунлари қолган, дейишяпти. Агар иложи бўлса, у оғангиз Чингиз билан учрашмоқчи. Аммо, газетада ёзишларича, у ҳозир Америкада экан. Шу боис мен сизни излаб юрган эдим.
Мен ўша аёл билан касалхонага жўнадим. Айнан беморлар дам олаётган пайтларда борибмиз. Нотаниш аёл ҳамширадан рухсат сўраб, оғасининг қўлтиғидан суяб йўлакка олиб чиқди. Унинг исми Тангриберди Алапаев экан. Бу киши сабр-тоқатли, босиқ-вазмин экани афтидан шундоқ билиниб турарди. Лекин, оғир хасталикдан сўнг чўпдай озиб-тўзиб кетганди, мадори қуриб қолганди, елкаси билан нафас оларди. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин у менга бошдан-оёқ синчиклаб разм солди ва бирдан товушини чиқармасдан йиғлаб юборди.
— Тўрақулга худди қуйиб қўйгандай ўхшар экансан. Энди ўлсам ҳам армоним қолмади. Менга худонинг раҳми келди, — деди ҳиқ-ҳиқ йиғлаб. Бирпас нафасини ростлаб олгач, ҳикоясини давом эттирди: —У пайтлари комсомол ташкилотида ишлардим. Оғам Узоқбой «Оқжар» колхози бошқарувининг раиси эди. Бошини кўтарган одам дарҳол «халқ душмани» деб эълон қилинарди. Дастлаб, оғамнинг навбати келди, орадан бирмунча вақт ўтгач, ўзимни ҳам қамоққа олишди. «Оғанг ватан хоини. У кимлар билан тил бириктирган эди? Қандай зараркунандалик ишлари билан машғул бўлган? Қай йўсинда ташвиқот юритган? Қани, гапир!» деб тергов қилишарди. Бундай ҳодиса етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Боз устига, тергов пайти шафқацизлик билан калтаклашарди. Менинг ўжарлигим тутди, миқ этмадим. Бир куни тоқати тоқ бўлган терговчи милтиқ қўндоғи билан башарамга туширди. Ўшанда бир нечта тишим тўкилиб кетди. Ўзим беҳуш бўлиб йиқилдим... Камерада тцемент полда ётган чоғим ҳушимга келдим. Кўзимни очсам, атрофимда очликдан силласи қуриган, соқол-мўйловлари ўсиб кетган, юз-кўзлари моматалоқ беш-олти киши бор экан. Бурчакда биттагина темир каравот турибди. Ёнимда чўнқайиб ўтирган истараси иссиқ бир йигит юзимдан оқаётган қонларни артарди. «Чироғим, тур ўрнингдан, менинг жойимга бориб ёт», деди у. Сўнг қўлтиғимдан олиб, ўз жойига элтиб ётқизди. Ўша ягона темир каравотда барча тутқинлар навбат бўйича дам олишарди. Мен борган кун унинг навбати келган экан. Суяқдан ўтиб кетадиган тцемент совуғидан, ҳеч бўлмаса, бир кун сақланиш мумкин эди. Ҳеч ким эътироз билдирмади. Ҳамманинг руҳи тушиб кетган эди, гўё бир-бири билан гаплашишга ҳам қўрқишарди. Эртаси куни биз яқинроқ танишдик. Унинг исми Турақул Айтматов экан. Менинг Таласдан эканимни эшитиб, жуда суюнди. Орадан бир неча кун ўтгач, биз оға-инилардай қалин бўлиб қолдик. Нима учун бу жойга келиб қолганимни обдон сўраб-суриштиргач, бундай маслаҳат берди: «Ҳеч қандай жиноят қилмагансан. Ҳали ёшсан. Фақат оғангнинг иши учун сени тутиб туришибди. Ҳушёр бўлгин, терговчиларнинг тузоғига илиниб қолма. Ҳеч кимни сотмагин. Маҳкам бўл, сўзингдан қайтма. Охир оқибат сени озод этиб юборишади. Биз — бошқа масала. Бизни отиб ташлашлари мумкин», деди босиқ оҳангда. Қамоқдаги нам тортган ёстиқ жилдидан Тўрақул бежирим халта ясади. Xалтанинг ичига қора ип билан ўғилларининг исмини тикиб-ёзди: «Чингиз, Илгиз». Ёнига эса мен туғилган юрт номини ёзди: «Талас». Бироқ, «с» ҳарфига қолганда ип тугаб, сўз кемтик ҳолида қолиб кетди. У таълим кўрган, маданиятли, ҳалол инсон эди. "Ҳар бир сўзидан, майда-чуйда ҳаракатларидан ва сиртдан ҳам шу хислатлари кўзга ташланиб турарди. Совун, тароқ, тиш чўткаларини топ-тоза латтага ўраб, ўша қадрдон халтасида сақларди. Бир кеча бошқалар эшитмайдиган товушда қулоғимга аста шивирлади: «Менга 58-моддани ёпиштиришяпти. Xалқ душмани сифатида хат ёзиш ҳуқуқидан маҳрум этишди. Сендан бир нарсани илтимос қилмоқчиман. Биринчи ва, эҳтимолки, охирги илтимосим ҳам шу бўлар. Агар бу ердан қутилиб чиқсанг, Шакарда оиламни қидириб топгин. Xалқ душмани эмаслигимни улар билиб қўйишсин. Мен бўҳтонга қолдим. Тўнғич ўғлим Чингиз жуда кўнгилчан, куюнчак бола. Дунёда бундай адолацизлик борлигини ҳали билмайди. Москвада яшаб турган пайтимиз бир куни кўчада муштумлари кувалдадек келадиган битта барзанги шарти кетиб, парти қолган чолни аёвсиз дўппослаётганини кўриб қолади. Чингиз ўқдай учиб уйга келдию ўкириб йиғлаганча: «Ахир, бу даҳшат-ку! Азоб-ку!» деди қайта-қайта. Қисқаси, у билан очиқчасига гаплашиб қўйгин. Илтимос, унинг кўзини очгин, ҳаётда учрайдиган мушкулотга тайёр бўлиб турсин. Бир дақиқа ҳам шубҳа қилмасин: мен халқ душмани эмасман. Шунга ишонтир уни. Чингизга тушунтиргинки, агар мен қайтиб бормасам, у оиламизнинг каттаси бўлиб қолади. Исмлар ёзилган халтачани эса уларга мендан эсдалик сифатида топширасан. Энди ҳозир айтадиган гапларимни қулоқларингга қуйиб ол: агар мени отувга ҳукм қилишмаса, Молдовановка қамоқхонасига ўтказиб юборишса, милиционер орқали халтачамда турган совунимни сўратаман; агар Сибирга сургун қилишса, тароғимни сўратаман; агар тиш ювадиган чўткамни сўрацам, билгинки, мени босқичма-босқич Уролга жўнатишмоқчи. Начора, чироғим, алвидо! Бу дунёда қайта учрашмасак, нариги дунёда кўришамиз». Кўзларим ёшланиб, унинг барча илтимосларини адо этишга сўз бердим. Кейин Тўрақулни олиб кетишди. Икки кундан сўнг камерага соқчи кириб кедди-да: «Айтматовнинг буюмлари қолганми?» деб сўради. Юрагим ёмон бир нарса бўлганини сездию: «Тўрақулга нима бўлди?» деб сўрадим. У бармоғини шифтга ниқтаб: «Ҳозир унинг жони жаннатга томон учиб ке-таётган бўлса керак», деди мийиғида кулиб. Тиззаларим ўз-ўзидан букилиб кетди. Ҳушим бошимдан уч-дию бир илож қилиб, Тўрақулнинг фуфайкаси билан телпагини соқчига бериб юбордим. Исмлар ёзилган халтачани, тароқни яшириб қўйдим. Уларни фарзандларига эсдалик сифатида топширмоқчи эдим.
Бир неча кундан сўнг «Ватан хоини оиласининг аъзоси» сифатида мени ўн йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилдилар ва босқичма-босқич Свердловск қамоқхонасига жўнатдилар. Мана, тепамда худо шоҳид, аристон телогрейкасининг ички чўнтагида Тўрақул ўз қўли билан тикиб, ўғилларининг исмини ёзиб қўйган ўша азиз халтачани ўн йил мобайнида кўз қорачиғидай асрадим. Тароқни ҳам асраб юрдим. Уларни ўз қўлим билан тўнгич ўғлининг шахсан ўзига топширмоқчи эдим. Келишган йигирма яшар Чингизни кўз олдимга келтириб кўрардим: у ҳам Тўрақулнинг қуйиб қўйган нусхасига ўхшарди. Лекин, одамнинг боши — тегирмон тоши, деганлари рост экан. Пешонамга бошқа кўргуликлар ҳам ёзилган экан: ўн йилдан сўнг отаюртимга қайтиб кетишимга рухсат беришмади. Жазо муддатимни яна узайтириб қўйишди. Сибирнинг овлоқ жойларига сургун қилиб юборишди. Ҳартугул, у ер қамоқхонадан фарқ қиларди. Эрким чеклаб қўйилган ўлка ҳудудида бемалол юришим, ишлашим мумкин эди. Битта татар қизга уйландим, оила қурдим. Отаюртимга қайтиб боришдан умидимни узганим учунми, эҳтимол, алам устида қўлбола ароқ ичиб қўйганим учунми, ишқилиб шайтон йўлдан оздирибди шекилли, эгнимдаги эски пахталигимни дарёга улоқтириб юбордим. Унинг ички чўнтагида Тўрақулдан қолган буюмлар бор эди. Бу қилмишимни худо ҳам, отангнинг арвоҳи ҳам кечирмайди. Бу гапларни бекорга айтаётганим йўқ: айнан ўша куни отхонада битта отни тақалаётган эдим, у оч биқинимга шунақаям ўхшатиб тепдики, ўша жойнинг ўзида тил тортмай ўлишимга озгина қолди. Иккита қовурғам синди, ўпкамнинг ярми эзилди. Шундай қилиб, бир пасда яримжон бўлиб қолдим. Ўшандан буён ойлаб, йиллаб касалхонада ётаман, уйда ҳам тўшакдан турмайман. Энди бўлса, остонада ажалим кутиб турибди.
Ниҳоят, отаюртимга қайтишимга рухсат беришди. Бунинг учун Xрушчёвга мингминг раҳмат! Дарҳол иш жойим билан ҳисоб-китоб қилдим, хотинимни қаватимга олиб қадрдон Талас томон отландим. Қариндош уруғларим билан кўришдим, юрагимни уртаб юрган кўп йиллик соғинч андак тарқалгандай бўлди. Ҳамқишлоқларимдан Тўрақулнинг оиласини сўрадим. Улар Фрунзега кўчиб кетишган, дедилар. Анави воқеа ич-етимни кемира бошлади. Боз устига, дардим баттар оғирлашди. Ҳатто нафас олиш ҳам азобга айланди. Узоқ вақт ўзим билан ўзим овора бўлиб қолдим. Ўшандан бери кўп сувлар оқиб кетди.
Қаттиқ ишонардимки, бир кун келиб хотирам чақмоқ мисоли ёришади. Ўша пайтлари яна эски касалим қўзғаб беморхонада ётган эдим. Ёнгинамдаги каравотда ётган йигитча кеча кундуз битта қалин китобни тинимсиз мутолаа қиларди. Бир куни у дори-дармон учун хонадан чиқиб кетди. Мен унинг китобини қўлимга олдим. Э воҳ, бу Чингиз Айтматовнинг «Материнское поле» номли тўплами экан. Китобнинг биринчи варағини очдим:
«Ота, мен сени қаерга дафн этилганингни билмайман. Бу китобимни сенга — Тўрақул Айтматовга бағишлайман. Она, сен бизни — тўрт фарзандингни вояга етказдинг. Бу китобимни сенга — Нагима Айтматовага бағишлайман».
Марварид маржони каби жумлалар терилиб турарди.
Муқовада Чингизнинг жиддий қиёфали суратига кўзим тушдию хаёлимда Тўрақулнинг сиймоси гавдаланди. Фрунзе қамоқхонасининг бетон зиндонида тортган азоб-уқубатлар, меросхўрларнинг исмлари ёзилган халтача, гадой топмас Сибир тайгаси ва марҳумнинг сўнгги илтимослари ёдимга тушди.
— Ахир, бу Тўрақулнинг ўғлику! Вой жигарим-ей!— деб қичқириб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим.
Яшириб нима қиддим, ўша дамда виждоним қийналиб кетди. Xудди совуқ баданимга чўғ бўлиб турган темирни босиб олгандай ҳис этдим. Ахир, мен битта инсоннинг сўнгги васиятларини бажо келтирмаган эдим. У менга ишонганди, оғир пайтлари менга ёрдам қўлини чўзганди. Ўша заҳоти Чингизга хат ёзиб, ҳаммаси тўғрисида гапириб бермоқчи бўлдим; отасининг васиятларини асрай олмаганим учун, иродасизлик қилганим учун ундан кечирим сўрашни истардим. Бир неча марта шундай қилишга уриниб кўрдим, лекин ҳар гал қатъият етишмасди...
Яқинда дўхтир синглимга: «Узоғи билан яна бир ой яшаши мумкин», деганини тасодифан эшитиб қолдим. Ўшандан бери оромим йўқ. Тўрақул олдидаги қарзимни узмасдан нариги дунёга қандай кетаман? У дунёда Тўрақул билан учрашиб қолсаму мендан: «Тангриберди, сен нима учун сўзингнинг устидан чиқмадинг? Бор-йўғи арзимас буюмларни ўғилларимга топшириб қўйишни илтимос қилган эдим. Шу ишни бажариш ҳам қўлингдан келмадими?» деб сўраб қолса нетаман? Унинг кўзига қандай қарайман? Шу боис синглимдан, агар мени у дунёга армонсиз кесин десанг, илтимос, Тўрақулнинг меросхўрларидан бирортасини ҳузуримга бошлаб келгин, деб сўрадим. Мен уларнинг пойига тиз чўкиб, тавба қилмоқчиман. Шукур, оҳ-воҳларим худога етибди. Қондошим, Тўрақулнинг уруғ-аймоқлари номидан менинг гуноҳимни кечиргин! Илойим, у дунёга оғир гуноҳим билан кетмайин! — деб чол ёш боладай ҳўнграб юборди.
— Xафа бўлманг! Ахир, ҳеч қандай гуноҳингиз йўқ-ку?! Агар бунда гуноҳ бўлса, ўша лаънати замон гуноҳкор! Адолацизлик илдиз отган замон ҳаммасига гуноҳкор, — деб бечора чолга таскин беришга уриндим. Лекин, ўзим ҳам тасалли-таскинга зор бўлиб турардим. Тинка-мадори қуриб, букчайиб қолган чолнинг аҳволини кўриб, юрак-бағрим эзилиб кетди. Отамнинг сўнгги кунларида ҳамнафас бўлган касалманд чолни бағримга маҳкам босдиму, ҳиқ-ҳиқ йиғлай бошладим...»
Айтматов. Тангриберди Алапаевдан 1938 йили отам айтиб юборган энг охирги хабар бизга фақат 1975 йили етиб келди. Бу пайтда онам вафот этганига тўрт йил бўлган эди.
Шохонов. 1938 йил. Рутубатли куз кунлари. Бишкекдан унча олис бўлмаган тоғ этагида Пўнгтош деган сўлим гўша. Xудди шу жойда НКВДнинг оромгоҳи бор. Ўша кунлари бир нечта юк машиналарига қамалган маҳбусларни пинҳоний равишда шу ерга келтиришади-ю, ҳаммасини отиб ўлдирадилар ва қотилларга хос пухталик билан илгаритдан ҳозирлаб қўйилган хандақларга кўмиб кетадилар. Ўша оромгоҳда қоравул бўлиб ишлайдиган Абикан Қидиралиев пинҳоний қотилликни зимдан кузатиб ўтиради. Орадан кўп йиллар ўтгач, оқсоқол ўша мозористонга бориб, марҳумларнинг руҳига Қуръон тиловат этиб юради. Чолнинг 1928 йилда туғилган Бубуйра исмли сизга тенгдош қизи бор эди. Ота ўз қизига шундай васият қилади: «Қизим, ҳозир айтадиган гапларим ҳеч қачон эсингдан чиқмасин; мана шу жойга жуда кўп марҳумлар дафн этилган. Xудо хоҳласа, яхши кунлар келади. Ўшанда бу сирни одамларга ошкор қиласан. Ҳозирча бу тўғрида бировга миқ этиб оғиз оча кўрма». Қирғизистон демократия йўлини танлаб, мустақилликни қўлга киритгач, Бубуйра хола отасидан эшитган гапларни қоғозга тушириб, Давлат хавфсизлиги қўмитасига мактуб йўллайди. Қўмитада бўлим мудири лавозимида хизмат қиладиган Бўлат Абдураҳмонов (баъзи бир ҳамкасбларининг эътироз билдиришларига қарамасдан) номсиз мозорни очиб кўриш чора-тадбирига бош бўлади. Фожиа рўй берган жойдан 137 нафар кишининг бош чаноқлари, суяклари топилади. Суяклар орасидан ярми чириб кетган уч саҳифалик ҳукм матни ҳам чиқиб қолади. Сизнинг отангиз Тўрақул Айтматов ҳам айнан ўша ҳукмга асосан отиб ташланган экан. Қирғиз халқининг Жусуп Абдураҳмонов, Қосим Тинистонов, Эркинбек Эсономонов, Имонали Айдарбеков, Бояли Исоқов, Асанбой Жамансариев, Усмонқул Алиев, Содиқ Чўнбошев каби машҳур ўғлонлари ҳам отангизга тақдирдош бўлгани архив ҳужжатлари асосида исботланди... Мусибатлар уяси бўлмиш ўша жойга «Ота Бейит» номи берилди. Марҳумларни қайта кўмиш маросимида республика Президенти Асқар Ақаев иштирок этди. Люксембургдан ана шу маросимда қатнашиш учун сиз ҳам етиб келдингиз ва нутқ сўзладингиз. Гувоҳларнинг айтишича, маросимда кўзёш тўкмаган одам қолмабди. Президентнинг махсус фармонига мувофиқ 1995 йил 25 ноябр «Репрессия қурбонларининг хотираси куни» деб эълон қилинди. Маросимда биргаликда қатнашдик. Гурас-гурас оломон оқимининг поёни кўринмасди.
Бир гуруҳ ёшлар, талабалар қоп-қора сочли, ўйчан боқиб турган навқирон йигитнинг портретини бошлари узра мағрур кўтариб юрардилар. Бу — Тўрақул Айтматов эди. У пайтлари отангиз Сизнинг ҳозирги ёшингиздан икки баробар кичик бўлган. Сиз жуда кўп нарсаларни бошингиздан кечирдингиз, шон-шуҳратга буркандингиз.
Айтматов. Ҳа, ўша топилма — отамнинг устидан чиқарилган ўлим ҳукми қалбимни остин-устин қилиб юборди. Ўша ҳукмнома 137 марҳумнинг суяклари орасидан топилди. Мухторжон, орадан 53 йил ўтгач, ҳатто марҳумнинг суяклари ҳам тупроққа қўшилиб кетар экан. Лекин, қандай мўъжиза туфайли отамнинг кўкрак чўнтагидаги уч варақ ҳукмнома бутунлай чириб кетмагани кишини ҳайрон қолдирмайдими? Оллоҳнинг барқарорлигига иймон келтирмоқ керак. Майли, кечикиб бўлса-да, адолат тантана қилди. Мудҳиш замонларда бизнинг оиламиз бошига тушган мусибат, илойим, ҳеч кимнинг бошига тушмасин!
Шохонов. Чике, агар Сиз қарши бўлмасангиз, синглингиз Роза хонимнинг хотирасига яна диққатингизни қаратмоқчиман:
«Онам умрининг охиригача Чингизнинг қарамоғида яшади. Назаримда, у фақат тўнғич фарзанд эмасди, айни пайтда улар ўртасида қандайдир руҳий яқинлик ҳам бор эди. Унинг ҳар бир асарини, ҳатто мақолаларию суҳбатларини ҳам онам берилиб, қизиқиб мутолаа қиларди. Онам ўша даврдаги совет ва дунё адабиётидан яхши хабардор эди.
Чингизга Ленин мукофотининг берилиши фақат қирғиз халқи, Совет Иттифоқининг барча миллий республикалари учун мисли кўрилмаган воқеа бўлиб қолмасдан, айни пайтда Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқлари учун ҳам жуда зўр воқеа бўлди. Чунки, у замонлари Совет Иттифоқида бундай мукофотни олган одам оммавий равишда тан олинган ҳисобланарди, тирик чоғидаёқ классиклар қаторидан жой эгалларди. Фавқулодда нуфузли бўлган ўша мукофот Ўрта Осиё ва Қозоғистон бўйича адабиёт соҳасида биргина Мухтор Авезовга берилган эди. Чингизга мукофот топширилган кун Айтматовлар оиласининг обрў-еътибори энг юқори нуқтага кўтарилган дамлар бўлди. Республика газеталари Чингизга бутун-бутун саҳифалар бағишладилар. Ҳар томондан табрик телеграммалари, мактублари ёғилиб кетди. Ўша пайтгача бизнинг бор-йўқлигимизни ҳам билмайдиган партия раҳбарлари, ҳукумат амалдорлари телефон орқали табрикладилар ёки уйимизга махсус ташриф буюрдилар. Кўчаларда, дўконларда, маданий муассасаларда фақат Чингиз тўғрисида гапиришарди. Аксига олгандек, шундай дамларда онамнинг тоби қочиб қолди, уни касалхонага ётқиздик. Онамга янги чиққан кўкат харид қилиш учун мен Ўш бозорига жўнадим. Автобусда кетаёцам, 50 ёшлар чамасидаги миқти, қалин мўйловли, катта тугун кўтариб олган қирғиз киши ёнидаги йигитга: «Қирғизлар Чингиз тимсолида ўзининг халқ эканини кўрсатди», деди мағрурланиб. Бу сўзлар мени бағоят тўлқинлантириб юборди. Ахир, биз кечагина «халқ душмани»нинг болалари эмасмидик? Бизни ҳар ким хўрламасмиди? Xудойим, мана. бизнинг кўчада ҳам байрам бўлди-ку!
Онам доим сумкачасида отамнинг Чингиз ва Илгиз билан бирга тушган суратини олиб юрарди. Касалхонада ҳам ўша суратни ёнига қўйиб қўяди.
Москвадан қайтиб келаётган Чингизни кутиб олиш учун республика раҳбарлари, қариндошлари, яқинлари йўлга пешвоз чиқдилар. Мен эрим Эсонбекни жўнатиб, онам билан қолдим. Чингиз уйга ҳам кирмасдан тўғри касалхонага келди. Онам ёстиқдан аранг ўмганини кўтариб (оёқлари шишиб кетган эди), Чингизнинг кўкрагига бошини қўйганча узоқ йиғлади. Унинг кўзларидан тоғ жилғаларида оқаётган зилол сув мисоли беғубор севинч ёшлари дув-дув тўкиларди. Неча-неча йиллардан сўнг илк бора кўксини тўлдириб нафас олди. Гўё уйқусиз ўтказилган ваҳшатли тунлардан ном-нишон қолмагандай эди. Бир сўз билан айтганда, Чингиз шон-шуҳратга бурканган тантанали кун онам учун Тўрақулнинг маънавий ғалабаси бўлди».
Айтматов. Ҳа, онам учун айнан шундай бўлган.
Шохонов. Кўриб турибман, Сиз тўлқинланиб кетдингиз. Бўпти, бошқа мавзуда гаплашамиз. Эсингиздами, Шакарга сафарингиз чоғи Сиз Россия телевидениесининг мухбири Владимир Фёдоров билан суҳбат бошладингиз. Биз Умарбой Норбеков, Давлатбек Шодибеков ва яна Сизнинг иккита синфдошингиз билан Қурқуров дарёсининг дарасига йўл олдик. Тоғдан ҳайқириб тушаётган дарё соҳилидаги кўкламзор ҳавоси шифобахш эди. Ўша манзарани томоша қилиб турган пайтимиз Сиз менинг ёнимга келиб: «Кўряпсанми, ҳув, анави Манас чўққисида булут тўпланиб турибди? Энди кузатиб ўтирсанг, ўн-ўн беш дақиқадан сўнг бу ерда жала бошланади». Дастлаб, ҳазиллашяпсиз, деб ўйладим. Ахир, бир тутам булут жала бўлиб ёғилиши кимнинг хаёлига келарди. Ўша булутни шамол учириб кетиши мумкин-ку? Лекин, ҳали эс-ҳушимни йиғиб олишга ҳам улгурмаган эдимки, бирдан шамол турди, момогулдурак бошланди ва бирдан жала уриб берди-я! Шу тариқа отаюртингиз табиатини, ўзгарувчанлигини нечоғлик нозик ҳис этишингизни ўшанда билганман.
Чике, қизиқ воқеа эсимга тушиб қолди.
1995 йили Бишкекда уч қардош республикаларнинг бош вазирлари иштирок этган кенгаш бўлди. Унда Акежон Қўжегелдин (Қозоғистон), Абдуҳошим Муталов (Ўзбекистон), Апас Жумағулов (Қирғизистон) қатнашдилар. Ҳукумат раҳбарлари энергетика, газ саноати, соғлиқни сақлаш соҳаларига доир умумий муаммоларни муҳокама этдилар ва ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартнома туздилар.
Кенгаш поёнига етгач, меҳмонларни мен Қозоғистон элчихонасига таклиф этдим. Элчихонага кетаётиб, машинадан Сизга қўнғироқ қилдим.
— Учта қардош республиканинг ҳукумат бошлиқлари ҳар куни тўпланавермайдилар. Бу оқшом улар билан бирга овқатланишни истайсизми?
Дастурхон атрофида қизғин суҳбат бўлди. Ҳар хил мавзуларда фикр алмашдик. Лекин, Жамбулдаги зооветтехникумда ўқиб юрган пайтларингизда рўй берган «ешакчилик» тўғрисидаги ҳикоянгизни эшитиб, ҳамма ичаги узилгунча кулди. Ҳикоянгиз энг қизиқ нуқтага етган пайт мени телефонга чақириб қолишди: Олмаотадан республика Ташқи ишлар вазири Қосимжомарт Тўқаев қўнғироқ қилган экан. Xуллас, Сиз гапириб берган ҳикоянинг ечимини эшитмай қолдим. Телефонда гаплашиб қайсам, дастурхон атрофида ўтирган одамлар мириқиб қаҳқаҳа отишяпти. Ҳозиргача ўша ҳикоянгизнинг охирини эшитмай қолганимга афсусланаман.
Айтматов. Ўша кулгили фожианинг маъноси тушунарли бўлиши учун гапни узоқдан бошлашим лозим.
Гап шундаки, отам репрессияга учрагандан сўнг, уруш йиллари ҳам мен кўпинча Қорақиз аммамнинг қарамоғида яшардим. Аммамнинг мендан умиди катта эди: негадир у каминани партком, прокурор ёки шунга ўхшаш соҳанинг йирик амалдори бўлади деб ўйларди. Ўшандай шоҳсупага кўтарилишим учун аммам ўз тушунчаси бўйича қўлидан келган ҳамма ишни қиларди. Масалан, у менинг шаҳарда ўқишимни истарди. У менга охирги тийинларини ҳам берарди, талқон тайёрлаб қўярди. Ҳаётда одам ҳеч кутилмаган синовларга дуч келар экансан.
Биз ҳар куни сабоқ олишдан ташқари, айни пайтда амалий иш билан ҳам машғул бўлардик. «Йилқичилик», «Қўйчилик» мавзуларида сабоқ олганимиздан сўнг, бирдан «Эшакчилик» мавзусига ўтиб кетдик. Дастлаб, ҳамма аския қилди: мавзуни қаранглар, эшак эмиш! Аслида, бошқача экан. Маълум бўлишича, узун қулоқ, ҳанграшни қотирадиган эшаквойнинг авлодлари қадим замонларга бориб тақалар, зоти, турлари, ранглари ҳар хил бўлар, қисқаси, эшақдан эшакнинг фарқи бор экан. Бизнинг ўқитувчимиз рус эди. Қаттиққўл мўйсафид эди. Ўз соҳаси бўлмиш йилқичиликни жуда яхши биларди. У қамалдаги Ленинграддан Қозоғистонга кўчиб келган экан. Техникум талабалари тажриба ўтказиши учун ёрдамчи хўжалик йўқ эди. Одатда, тажрибавий машғулот пайтида профессор шогирдларини Жамбулдаги «Отчопар» номли мол бозорига эргаштириб борарди. Ўша гал ҳам шундай қилди. Якшанба кунлари бу жой ажойибхонага айланиб кетарди: ён-атрофдаги овуллардан, қирғизларнинг Талас водийсидан мол оладиган, мол сотадиган одамлар ёғилиб келарди. Оломон орасида даллоллар бир дақиқа ҳам тиним билмасди. Биз ўзимизга маъқул бўлган битта «узун қулоқ экспонат»ни танладик.
— Студент Айтматов, мана шу олижаноб ҳайвон тўғрисида билганларингни бизга гапириб бер-чи? — деди кўзойнаги ялтираб турган профессор. У киши яқинда «Инсониятнинг маданий тараққиётида эшакнинг ўрни» мавзусида маъруза қилган эди.
— Бу ҳайвон дастлаб Африка ва Осиё қитъасида тарқалган эди, — деб илҳом билан гап бошладим. — Ҳозир уларни Сурияда, Кашмирда, Тибетда, Туркманистонда, Ўзбекистонда, Қозоғистонда, Қирғизистонда, шунингдек, Мўғилистонда учратиш мумкин. Асосан, эшаклардан оилада оғир юкларни ташиш воситаси сифатида фойдаланадилар. Ўзларинг кўриб турганларингдек, эшаклар бошқа ҳайвонлардан ўзларининг қулоқларининг узунлиги билан ажралиб турадилар. Айни пайтда думлари ҳам узун, лекин юпқа бўлади. Ўн икки ой мобайнида ҳомиладор бўлиб юрадилар... — Шундай дедиму бирдан эшакнинг эгасини таниб қолдим. Бу киши бизнинг овулимиздан бўлиб, Қорақиз аммам билан Дўстали амакимнинг қўшниси эди. Сотувчи кўзларини ола-кула қилиб, эшак тўғрисида айтаётган гапларимни ташвишманд қиёфада тингларди. Қанийди, шу тобда ер ёрилсаю мен ер остига кириб кесам! Товушим чиқмай қолди.
Лекин, менинг хаёлимдан нималар кечаётганини профессор тушунармиди?
— Студент Айтматов, нега индамай қолдингиз? Давом этинг! Кулранг эшак бошқа эшаклардан нимаси билан фарқ қилади? — деб қистарди у.
Уялганимдан терлаб кетдим.
Шундай қилиб, бояги оқсоқол овулга қайтиб борадию мени қандай ўқиб юрганимни ҳаммага айтиб чиқади.
Қирқинчи йилларнинг охирларида Шакарда судя, прокурор, милиционер касби ҳурматга сазовор эди. Бу ҳақда ҳатто лапар тўқилганди: «Эринг милиционер бўлса, доим ҳинд чойи ичасан...» Менинг қариндошларим, аммам ҳам, амаким ҳам шаҳарда ўқиётганим учун ўзларича қўрсайиб юришарди. Обрў-еътиборли ҳунар эгаси бўлиб қайсам, худо хоҳласа, нуфузли одамлардан бирига айланиб қолишим тайин эди. Таътилга келган пайтларим улар мендан ҳеч нарсаларини аяшмасди: тўйгунимча овқатлантиришарди, тирноқлаб йиғиб қўйган пулларини чўнтагимга тиқишарди. Қўшни чолнинг гап-сўзларини эшитишгандан кейин кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қоладилар.
Таътилга борган пайтим Қорақиз эжам хафа бўлиб, юзимга тикилиб ўтирди-да, хўрсиниб:
— Одамлар орасида юрган миш-мишларга қараганда, шаҳарда юриб сен эшакчилик илмини ўрганаётган эмишсан, — деди. — Чироғим, бу нимаси бўлди? Ёки бошқа ўқийдиган илмгоҳ йўқмикан? Агар эшакчилик илмини ўрганишга жуда иштиёқманд бўлсанг, марҳамат, улар овулимизда ҳам етарли...
Уятдан қизариб-бўзариб кетганим, очиқ кўнгул қариндошларим қаршисида ўзимни оқлаш учун беҳуда уринганларим ҳали-ҳали ёдимдан чиқмайди. Ахир, улар менинг мўжизавий келажак соҳиби бўлишимни орзу қилишарди.
Уларнинг соддадиллиги, болаларча гўллик халқимизга хос хусусиятлардан бўлиб, боя эслатиб ўтганимиз, «саҳройи академия»нинг асосларидан бирини ташкил этади.
Шохонов. Бир гал дўстингиз Сейтали Бекмамбетовни бизникига бошлаб келган эдингиз. Оромижон ёз кунлари эди. Қимиз ичиб ўтириб, ўтган кунларни эслашдик, узоқ суҳбатлашдик.
Айтматов. Дарвоқе, уруш йиллари қўлига қурол ушлашга ярайдиган кишилар ёппасига фронтга сафарбар этилди. Овулимизда қари-қартанглар, хотин-халажлар ва ўн уч-ўн тўрт яшар болалар қолди, холос. Биз ўсмирлар асосий суянчиқ бўлдик. Ўзининг ишлари бошидан ошиб-тошиб ётган колхоз раиси бизга ўхшаган бола-бақраларни мактабдан ҳайдаб чиқиб, уларга вазифа берарди. Ўша пайтлари мен Шакар ва Арчагул қишлоқ советлари бўйича почталон этиб тайинландим. Сейтали бўлса, «кўтарилиб» кетди — уни мактаб директори вазифасига тайинлашди. Оз-моз саводи бор болалар муаллимлик қилишарди. Улар санашни билсалар кифоя эди.
Шохонов. Бир гал учрашиб қолган пайтимиз Сейтали Сиз ҳақда батафсил гапириб берганди.
«Чингиз икковимиз қандайдир аниқ бир вазифани бажараётган бўлсак-да, лекин кунлар исиб, баҳор келиши биланоқ бошқалар қатори қишлоқ хўжалик ишларида тенгма-тенг қатнашардик. Синфдошларимиз Тўхтасин, Бойизбек, Алимбек билан доим бирга юрардик. Ҳамма жойда бешаламизни учратиш мумкин эди. Тонг отар-отмас ўрнимиздан туриб, то қора хуфтонгача меҳнат қилардик.
Кунларнинг бирида колхоз раиси бешаламиздан фақат Чингиз икковимизни ажратди-да, Маймоқ стансиясига жўнатди. Ҳўкиз қўшилган араваларни буғдой солинган йирик қоплар билан тўлдириб, ҳар куни стансияга қатнардик. Боқимбеғам ҳўкизларни фақат қамчи ёрдамида жойидан жилдириш мумкин эди. Буғдой қабул қиладиган пунктга жазирамада, тушдан кейин етиб борардик. Қабул пунктининг мудири Науменко узоқдан имиллаб келаётган аравамизга кўзи тушган заҳоти кулумсираб йўлимизга пешвоз чиқарди. Рус тилини яхши биладиган Чингиз у билан бемалол гаплашарди. Бу ҳол ишимизга фақат фойда келтирарди. Чингиз менга нисбатан хийла кучли, чаққон эди. У зил-замбил қопни елкасига ортиб пилапоядан юқорига кўтарилаётган пайтда мен ўзимча ғурурланиб қўярдим. Аксарият одамлар буғдой хирмони узра ётқизиб қўйилган ёғоч пиллапоялардан қопларни юмалатиб чиқаришарди.
Ишимизни битказиб, овулга қайтардик. Қайтишда ҳўкизлар илдамроқ юришарди. Баъзан тош йўлда пойга ўйнардик. Аравалар бўм-бўш бўларди.
Олис йўл давомида тамадди қилиб олганимиздан сўнг кайфиятимиз кўтарилиб, ҳатто қўшиқ айта бошлардик. Чингиз рус классикларининг китобларини доим ўзи билан бирга олиб юрарди. Гоҳида ўқиган китобининг мазмунини менга жуда қизиқарли ҳикоя қилиб берарди. Янглишмасам, 1944 йил эди, шекилли, Чингизнинг хонасига кирсам ёлғиз ўзи ўтирган экан. Мени кўриб суюниб кетди,
— Сейтали, раён марказига бориб келиш керак. Кировкага бориб, заём пулларини топшириш лозим. Йўл олис, пул билан юриш хавфли. Икковимиз борсак бўлмасмикан? Арава тайёр турибди.
Мактабда ишларим тиқилиб ётган бўлса-да, дўстимнинг илтимосини рад этолмадим. Эртаси куни туш пайти сўраб-суриштириб ўзимизга керак ташкилотни топиб бордик. Ҳўкизларни суғориб, зоғора нонимизни кавшай бошладик. Шу чоғ кенг елкали, қора мўйловли бир йигит ёнимизга яқинлашиб:
— Эй, болалар, нима иш билан келдиларинг? — деб сўради.
Биз нима учун келганимизни оқизмай-томизмай гапириб бердик.
— Сен кимнинг ўғлисан? — деб сўради у Чингиздан.
— Тўрақул Айтматовнинг ўғлиман, — деб жавоб берди Чингиз.
Бояги йигит бирдан қийқириб юборди:
—Ў-ў, чироғим, бормисан! — деб кўзлари ёшландию Чингизни бағрига босиб, юзларидан чўлп-чўлп ўпа кетди.
—Мен Қожомқул амакинг бўламан. Раён жамғарма кассасининг мудириман. Тўрақул оғам мени оёққа турғизган. Унинг олдида умрбод қарздорман...
Маълум бўлишича, у оила аъзолари билан раён жамғарма кассасидаги хоналардан бирида яшар экан. Аравада ўтирган биз болаларни у қўярда-қўймай уйига олиб кетди ва азиз меҳмонлардек тўрига ўтқазди. Ҳисоб бўйича заём пулларини қабул қилиб, қўлимизга квитансия ёзиб берди. Эртаси куни овулга кузатаётиб:
— Ўзингга кийим-бош сотиб олгин. Чироғим, ҳозирча қўлимдан келадиган ёрдам шу, холос, — деб Чингизнинг чўнтагига бир даста пул солиб қўйди.
Ўша йилнинг куз фаслида биз Чингиз икковимиз Жамбулга жўнадик. Қожомқул амаки берган пул бизга сира тинчлик бермай қўйганди. «Отчопар» бозорини роса айландик; охири танлаб-танлаб иккита гимнастёрка, шимлар, юлдузи порлаб турган телпаклар, чарм тасмалар харид қилдик. Панароқ жойга ўтиб кийимларимизни янгисига алмаштирдик-да, бозордан тўппа-тўғри қизил аскарлар ҳузурига бордик...»
Сизнинг болалигингиз билан боғлиқ яна бир воқеа ёдимга тушди. Бир сафар мутлақо тасодифан Мусо Қосимов деган киши билан учрашиб қолдим. У қишлоқ хўжалиги институтида Сиздан икки босқич қуйида ўқиган экан. Жуда одамшаванда инсон. У баъзи бир қизиқ воқеаларни гапириб берди. Сиз у пайтлари Қирғизистондаги чорвачилик илмий-тадқиқот институтида ветеринар бўлиб ишлар экансиз. Ёш эдингиз.
Айтматов. Тўғри, 1956 йили Горкий номидаги Адабиёт институтига кетаётиб, ўз ишимни ўша Мусога топширган эдим.
Шохонов. Қизиғи шундаки, Мусо Сизнинг ёзув столингиз тортмасидан рус тилида битилган иккита илмий иш топиб олади. Улардан бири машинкада ёзилган, иккинчиси қўлёзма экан. Илмий мақолалардан бирининг номи «Сигирни уч марта соғиш етарлими?» бўлса, иккинчиси «Ҳайвонлар озуқасида маккажўхорининг миқдори» деб номланган эди. Ўша мақолаларни Мусо қирқ йилдан бери ўз оиласида жуда ноёб осори атиқа сифатида асраб келаётир. «Эҳтимол, Чикега керак бўлиб қолар. Агар керак бўлмаса, шунчаки томоша қилиб кўради», деди у яқинда ва менга мақолалардан нусха кўчириб берди.
Мусо қуйидагиларни ҳикоя қилди:
«Чике, илмий тадқиқот институтининг фермасига зоотехник бўлиб ишга келиши билан бир нечта янгилик жорий этади. Бундай янгиликлар ўша пайтгача ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди. Ўзи ҳам бевосита шу билан шуғулланади. 1950 йилларнинг ўрталарида Қирғизистонда зотдор сигирлар йўқ ҳисоби эди. Кейинчалик Ленинград вилоятидан зотдор буқалар келтирилади. Натижада сигирларнинг зоти яхшиланади ва сут ёғлироқ бўлади. Отларнинг зотини яхшилаш учун ҳам Чингиз кўп ишлар қилади.
Ишончим комилки, агар Чингиз машҳур ёзувчи бўлмаган тақдирда, у албатта чорвачилик соҳасининг етук мутахассиси, академик бўларди».
Айтматов. Яқин кишиларинг доим сени сал кўпиртириб мақтайдилар. Бўлмасам, нима бўлишингни ким билади. Тақдир деганлари жуда қизиқ нарса... Бўтам, кел, энди ўзинг тўғрингда гаплашайлик.
Эсингдами, яқинда сен, мен ва драматург Қалтой Муҳаммаджонов билан биргаликда Тошкентга борган эдик. Йўл-йўлакай отаюртинг бўлмиш Жанубий Қозоғистонга кириб ўтдик, Xожа Аҳмад Яссавий қабрини зиёрат қилдик. Мусулмон оламида «иккинчи Маккаи мукаррама» деб ном қозонган Туркистон хонақоҳининг тупроғини тавоф этдик. Сенинг навқирон қариндошларинг Серик Сейтжонов, Олимжон Қуртаев, Қувониш Айтахоновлар бизни меҳмон қилдилар. Ўтрор тўғрисидаги уларнинг қизғин ҳикояларини берилиб тингладик. Илгари ҳам сендан Ўтрор, Асрлонбобо, муқаддас Туркистон тўғрисида кўп ривоятлар эшитганман. Икки гапнинг бирида Ўтрор номини тилга оласан. Кейинчалик оқ шеър вазнида ботирлар жасоратини куйлай бошладинг. Беихтиёр ўйлайман: сен отаюртинг билан жуда қаттиқ боғлангансан. Ўз вақтида Ўтрор тўғрисидаги достонинг ҳам менда кучли таассурот қолдирган эди.
Шохонов. Чике, ўша достон отаюртим тарихида рўй берган фожиавий ҳодисалар тўғрисида эди. Отам эски ёзувни яхши биларди. Араб имлосида ёзилган қисса ва достонларни бемалол ўқирди. Кўҳна ривоятларни яхши кўрарди. Маълум маънода, отам мулло эди.


«Батракларга қўшилгин,
Бойлар билан муллоларни
Қамчилаб ҳайдагин», деб ёзган эди битта шоир.
Мана шундай сиёсат натижасида қувғинга учраган отам ўз ватанини тарк этиб, Толиби туманидаги Қашқасув овулига келин бўлиб тушган қизи Иззатнинг уйига кўчиб кетади. Мен у пайтлари чилласи чиқмаган гўдак эдим.
Тўққиз ёшга тўлган пайтим отам вафот этади. Ҳали-ҳали ёдимда, отам мени тиззасига ўтқазиб, Ўтрорни душманлардан қаҳрамонларча ҳимоя қилган ёвқур боболаримиз тўғрисида ҳикоялар сўйларди.
У мени болалик чоғимдан киндик қоним томган юртга муҳаббат руҳида тарбияламоқчи бўларди. Онам баъзан: «Ҳали кичкина, тушунармикан?» деб шубҳа билдирарди. «Тушуниши керак. Агар тушунмаса, ўзига қийин бўлади. Чуқур илдиз отмаган дарахтнинг умри қисқа бўлади», деб жавоб қайтарарди отам.
Бутун дунёни забт этишга қарор қилган Чингизхоннинг сон-саноқсиз қўшини яшин тезлигида ҳужум бошлайди. Осмонўпар минорлари бўлмаган Марказий Осиёдаги йирик шаҳарлар саноқли кунлар ичида душманга таслим бўлади. Йўлида учраган тўсиқларни чангини чиқариб келаётган ёв қудратини кўриб талвасага тушиб қолган айрим ҳокимлар шаҳар дарвозаларини ўз қўллари билан очиб берганлар. Фақат Ўтроргина олти ойгача ёвга таслим бўлмайди. Фақат Ўтрор бош эгмайди, аҳолиси қирилиб кетгунча қаршилик кўрсатади...
Чингизхон: «Ўтрорда бирорта ҳам эркак зоти қолдирилмасин!» деб фармон беради. Ўтрордаги барча эркаклар қаҳрамонларча ҳалок бўладилар. Фақат битта сотқин тирик қолади, холос. Мана шу ривоятни қайта-қайта сўйлашдан отам сира чарчамасди. Букилмас Қайирхон ва сотқин йигит тўғрисидаги тарих мен учун жуда катта сабоқ бўлди. Биргина ана шу ривоят шарофати туфайли отам ҳам, Ўтрор ҳам менинг ғуруримга айландилар. Дарҳақиқат, тарбиянинг энг олий кўриниши — туйғулар тарбиясидир.
Эҳтимол, ёшлик пайтимдан отам донишмандларга хос сабр-тоқат билан мени бобомерос юртимизни севишга ўргатгани, шунингдек, унга муносабатимнинг шаклланиши ва чин дилдан самимий ҳурмат пайдо бўлиши ҳаёт йўлимни белгилаб берган бўлса-да ажаб эмас. Отам ўз умри мобайнида амал қилиб ўтган тутум мен учун ҳам ўзгармас қоида бўлиб қолди. Битта мисол келтираман. Нима учунлигини билмайман-у, аммо отам тушгача соч-соқолини қирмасди. Қизиқ, мен шу ёшга етгунимча ҳеч қачон тушгача соч-соқолимни қирмаганман. Бу ҳолатда ҳеч қандай фавқулодда маъно бўлмаса керак. Ахир, отам шундай яшаган. Шу ирим туфайли кўпинча ноқулай аҳволга тушиб қолардим. Бир куни Америкага учиб кетадиган бўлиб қолдим. Самолёт айнан туш пайти тайёрагоҳдан осмонга кўтарилар экан. Лекин, мен сочимни олдиришим керак эди. Эрталабдан то тушга қадар соч-соқолни бемалол қирдиришим мумкин. Бироқ, болаликдан буён амал қилиб келаётганим таомилни бузишим керакми? Буни тасаввуримга сиғдиролмасдим. Xуллас, ўшанда бошқа бир қитъага соч-соқолимни олдирмасдан учиб кетган эдим.
1992 йили Ўтрорда юртдошларимнинг илтимосига кўра менинг ижодий кечам бўлиши керак эди. Жазирама ёз охирлаб қолганди. Қуёш аёвсиз куйдирарди, қилт этган шабада йўқ. Дим. Оз эмас, кўп эмас, уч минг нафар юртдошим мени туман чегарасида — марказдан ўттиз чақирим нарида кутиб олдилар. Отамни кўрган мўйсафидлар, оқ рўмолга бурканган онахонлар мени бағирларига узоқ босиб турардилар. Нафасим бўғилиб, ўлай дердим. Маҳаллий шоирлар бири қўйиб, бири ўз шеърларини ўқийдилар. Саҳро бўйлаб қўшиқ, ғайрат билан рақс тушаётган кишиларнинг қийқириқлари таралди. Учта кампир ичига Ўтрор тупроғи солинган зарҳал ҳошияли тумор тикиб, бўйнимга осиб қўйишди.
— Ўғлим, қаерда юрсанг ҳам мана шу муқаддас тупроқ сени ёмон кўзлардан асрасин! — дейишди.
Мен ўз халқимдан ҳурмат-еътибор топдим, кўп совға-саломлар олдим. Олис мамлакатларда ҳам менга мукофотлар беришган. Аммо, отаюрт тупроғи солинган тумордан қадрлироқ бирорта мукофот олмаганман. У мени ниҳоятда тўлқинлантириб юборган эди.
Айтматов. Гапларингни эшитиб ўтириб, бир нарсани эслаб қолдим: қадим замонларда ота-боболаримиз олис сафарга отлансалар, бир сиқим тупроқни белларига тугиб кетишар экан. Аскар йигит жангга отланса, уйда қоладиган хотини ёки маҳбубаси унга бутун ноннинг бир четини тишлатиб олар экан. Кейин кемтик нонни асраб қўяркан. Xалқ удумига кўра, кимнинг ризқ-насибаси уйда қолган бўлса, у албатта соғ-саломат қайтиб келади.
Шохонов. Чике, энди мен Сизга тарихий хотира бобида қандай сабоқ олганим тўғрисида гапириб бераман.
Сергей Терешченко деган юртдошим бор. Мақол-маталлар билан безатилган унинг қозоқча нутқига айрим қозоқлар ҳавас қиладилар. У бир неча йил давомида комсомол ташкилотларида ишлади, Чимкент вилояти партия қўмитасига етакчилик қилди. Кейинчалик республика Вазирлар Кенгашининг раиси бўлди. Сергейнинг отаси узоқ йиллар мобайнида Тулқубос туманидаги йирик хўжаликни бошқарди. У Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, халқ ҳурматини қозонган инсон. Бир сўз билан айтганда, иккови ҳам тугилган юртида чуқур иддиз отган зотлардан.
Менинг дўстим, Мўғилистоннинг биринчи космонавти Жугдемедийн Гуррагчани Сиз ҳам танисангиз керак. Айтмоқчи, у Сизнинг ҳар хил тилларда чоп этилган китобларингизни тўплаб юради. «Агар яна бир марта космосга парвоз қилсам, албатта Айтматовнинг асарларини ўзим билан бирга олиб кетаман», деб бир неча бор таъкидлаган. Ўша космонавтни ўз юртимга таклиф этдим-да, йўл-йўлакай Сергей Терешченко ҳузурига кирдим.
— Мўғил дўстингга Ўтрорни ва бошқа шаҳарларнинг харобаларини кўрсатгин. У ўзининг боболари ер юзидан супуриб ташлаган шаҳар қолдиқларини кўриб қўйсин. Балки, у ўйланиб қолар, — деди Сергей мийиғида кулиб.
Ўша пайт шошиб турганим учунми, Сергейнинг ҳазиломуз гапларига унчалик эътибор бермадим. Орадан анча-мунча фурсат утгач, бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришга мажбур бўлдим.
Ниҳоят, биз Ўтрор тупроғига қадам қўйдик. Туман раҳбарлари бизни қучоқ очиб қарши олдилар. Яқинда барпо этилган Форобий номидаги Маданият саройида оқшом пайти биз билан учрашув режалаштирилди. Сафар арафасида Қонжигит Сиздиқов билан Абулқосим Қулумбетовдан менга «Ўтрорнинг фахрий фуқароси» унвони берилгани тўғрисидаги хушхабарни эшитган эдим. Сафардош дўстим ҳам эсимга тушди. Ўша пайтлари ер куррасини айланиб чиқиб, қайтиб тушган космонавтга қўнган жойининг «фахрий фуқароси» унвони бериларди. Анъана шундай эди. Олмаотадаги Тўқимачилик фабрикаси Совет Иттифоқидаги биринчи космонавт-аёл Терешкова номида бўлса, Қозоғистондаги юзлаб мактаблар, кўчалар Гагарин, Титов, Николаев номларида эди. Шунинг учун ўйладимки, агар Гуррагчанинг Жанубий Қозоғистонга, боз устига, Ўтрорга илк бора келаётганини инобатга олиб, унга ҳам фахрий унвон инъом этилса, биров эътироз билдирмаса керак. Мафкура нуқтаи назаридан бундай ҳодиса халқлар дўстлигининг кўриниши сифатида баҳоланарди. Бироқ, ўша пайтлари туман раҳбари бўлиб турган Муҳаммадқосим Шакенов бир оз чайналиб қолди.
— Мухтор, сизнинг фикр-мулоҳазаларингизга қўшиламан. Лекин, келинг, аввал бу масалани оқсоқоллар билан муҳокама этиб кўрайлик, — деди у.
Эрта баҳор эди. Кўм-кўк бўлиб қолган дашту далалар офтоб остида эркаланиб ётарди. Гуррагча икковимиз Ўтрор харобалари оралаб роса кездик. Бу харобалар ўрнида бир пайтлар гуллаб-яшнаган шаҳар бўлганига сира ақл бовар қилмасди. Ваҳоланки, Ўтрор Буюк Ипак йўли устида жойлашган, ўн олти минг нафар аҳоли истиқомат қиладиган маданият ва савдо-сотиқ маркази эди. Оми одам бўлса, ўша пайтлардаёқ бу шаҳарга сув қувурлари ётқизилганини афсона бўлса керак деб ўйлайди. Ўз пайтида айнан Ўтрор юксак маданият ўчоқларидан бири бўлган: Абу Носир Форобий каби тарих, фалсафа, табобат, илми нужум, риёзиёт фанларининг улкан намоёндалари етишиб чиққан эди. Чингизхон қўшини томонидан йўқ қилиб юборилган ўша маданият тарих саҳнасидан тушиб кетади.
Халқ хотираси қадим замонларда руй берган ваҳшийликларни ҳамон унутган эмас. Бутун бошли уруғ-аймоқларни қириб юбориш ниятида ҳомиладор аёлларнинг қорни ёриб ташланади, гўдакларни эса осмонга ирғитишиб, найза тиғига санчиб оладилар. Мудҳиш воқеаларнинг бирдан-бир гувоҳи бўлиб ана шу қуёш остида жизғанаги чиқиб ётган харобалару мозор сукунати қолган, холос.
Ўлик шаҳар билан хаёлан суҳбат қуриб, ниҳоят, пастликка эниб бордик. Кўм-кўк ўтлоққа гиламлар, тўшаклар ёзилган, дастурхон безатилган, мис самовар вақирлаб қайнаётган эди.
Чингизхон мисли кўрилмаган шафқацизлик билан менинг отаюртимни тупроққа қориб, шу ерлик аҳолининг тухумини қуритиб, инсоният тараққиётини юз йил орқага итқитиб юборгач, орадан етти ярим аср вақт ўтиб, биз ўтрорликлар авлоди бир дастурхон атрофида Чингизхоннинг авлоди билан дўстона суҳбатлашиб ўтиришимизни ким хаёлига келтирибди дейсиз! Ваҳоланки, биз айнан ўша ёвуз даҳо кулини кўкка совурган шаҳар харобалари пойида, бир-биримизга ҳеч қандай душманликни раво кўрмаган ҳолда бамайлихотир ўтирардик.
Кўп ўтмасдан бизнинг ҳузуримизга бир нечта отлиқ мўйсафид келиб, эгардан тушди. Улар орасида камина жуда ҳурмат қиладиган оқсоқоллар Мусобек Ажибеков, Қутум Ўрдабоевлар ҳам бор эди. Айниқса, Жанубий ўлканинг солномасини яратган донишманд оқсоқол Адҳам Шилтерхановни бошқача эъзозлардим. У киши энди тарихий мавзуларга ҳам қўл урганди.
Салом-аликдан сўнг, улар мени бир четга бошлаб чиқдилар.
— Мухторжон, туман раҳбариятига сен бир илтимос билан мурожаат қилган экансан. Xалқимиз одатига кўра, сенинг дўстинг, меҳмонинг бўлмиш Мўғилистоннинг биринчи космонавтига қўлимиздан келганча иззат-икром кўрсатамиз. Лекин, сен таклиф этгандай, унга Ўтрорнинг фахрий фуқароси унвонини бериш масаласига келсак... Агар унинг ота-боболари ваҳшийлик қилмаганда бизнинг Ўтрор шу кунларда ҳам қўр тўкиб турмасмиди? Зангор минораларини кўриб, кўзларимиз қувонмасмиди? Ўтрордан ташқари, Сирдарё ҳавзасидаги ер юзасидан супуриб ташланган қирқ икки шаҳар тўғрисида нима дейсан? Тўғри, бу ишларда Гуррагчанинг нима гуноҳи бор, деб сўрашинг мумкин. Ўзимиз ҳам жуда яхши биламиз, бу ишлар учун у гуноҳкор эмас. Лекин, барибир ота-боболарининг қилмиши учун Гуррагча ҳам жавобгар. Чунки, унинг томирида оз бўлса-да боболарининг қони оқяпти. Бизнинг гапларимизни тарих хотираси ҳаққи-ҳурмати айтилди деб қабул қилгин. Эски гина-кудуратларни дилга тугиб юриш бизнинг одатимиз эмас. Бироқ, тарихни бутунлай унутиб юбормаслигимиз керак. Шуларни ўйлаб кўр.
Уч мўйсафид отларига минишиб, келган томонларига қайтиб кетишди.
Ўша пайт кўзларим ярқ этиб очилиб кетгандай бўлди. Xудойим-ей, шоир деган номим бўлишига қарамасдан, бу қариялар олдида нақадар ҳавойи эканман. Ахир, халқ хотирасини айнан шулар авайлаб-асраяптилар-ку! Отамни эсладим. Маълум бўлишича, Ўтрор тўғрисида отам сўйлаб берган ривоятларнинг маъносини тушунмаган эканман. Гап буёқда экан...
Кейинчалик, мўйсафидлар билан бўлган суҳбат мазмунини Гуррагчага сўзлаб бердим. Ў чин дилдан бундай деди:
— Қадрли шоир дўстим, сенинг бахтинг шундаки, овулда ана шунақа донишманд боболаринг бор. Улар сени хатоликлардан асрайдилар, миллий тарих хотирасини асло унутмайдилар.
Айтматов. Ростдан ҳам, ғалати ҳодиса. Масъулиятли дамларда одам етти ўлчаб, бир кесиши керак. Токим, нотўғри хатти-ҳаракати билан авлодлар манфаатига зарар етказиб қўймасин. Бироқ, амалда доим шундай бўлавермайди. Дарё-дарё қон оқизиб, ярим дунёни забт этган Чингизхон ўша пайтлари шу ҳақда ўйлаганмикан? Аксинча, зобитнинг феъл-атвори ҳар қандай фикр-мулоҳазани бир четга улоқтириб юборади. Мана, асрлар ўтди. Албатта. бунда Гуррагчанинг зиғирча ҳам айби йўқ. Овул оқсоқоллари ҳам буни яхши тушунганлар. Аммо, тарих қонунияти доимий ҳаракатда бўлади. Тарих хотирасини назар-писанд қилмайдиган кимса охир оқибат манқуртга айланиб қолади.
Агар ўтган даврларнинг сарғарган саҳифалари варақлаб кўрилса, халқлар ўртасида кўплаб тўқнашувлар рўй берганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Xўш, тарих хотирасига содиқ қоламиз деб биз Чингизхон қилмишлари учун бутун мўғил халқини ёки Гитлер қилмишлари учун бутун олмон халқини айбдор санашга ҳаққимиз борми? Мисол учун, бир замонлар Англия билан Франсия ўртасида юз йиллик муҳораба бўлган эди. Лекин, инглизлар ҳам, франсузлар ҳам ҳозир бир-бирларини ўша урушлар учун айбдор деб билмайдилар, алоқаларини бузмайдилар.
Тарих хотирасининг тор қолиплари ичида ўралашиб юриш ҳам миллатни тўғри йўлга олиб чиқмайди. Айни пайтда, ўтмишнинг бутунлай унутилиши маънавий манқуртчиликка элтиб қўяди.
Оқилона йўл шундан иборатки, умуминсоний маданият таомилларига суянган ҳолда тарози паллалари мувозанатини баробар ушлаб туриш керак. Шунинг учун ҳам бу фалсафа «саҳройи академия» дейилади. Ўтмиш тажрибаларидан унумли фойдаланилган ҳолда келажакни кўзлаб, инсоният жамиятининг қонун-қоидаларига риоя этиб онгли ҳаёт кечиришни ўрганиш лозим.
Шохонов. Болалик пайтларимдан эсимда қолган: кекса кишилар қуёш ботишини кузатиб ўтиришиб: «Умрнинг кўпи кетиб, ози қолди», дейишарди. Ўша чоғлари битта афсона эшитганман.
Қадим замонларда Сирдарё соҳилида битта бой яшаган экан. Бир куни сув тошқини рўй беради. Бойнинг тўплаб қўйган давлати ҳам, мол-қўйи ҳам оқиб кетади. Бой юзишни биларди. У бир илож қилиб омон қолади. Дир-дир титраб қирғоққа чиқар экан, тиззасигача сувга ботиб турган ҳолда: «Худойим, қолган умримни муносиб ўтказишим учун имкон бер», деб нола қилади. Уни кузатиб турган ҳавойи йигитча: «Оқсоқол, ёшингиз етмишдан ошиб кетди. Шу пайтгача йиққан-терганингиздан ажралдингиз. Яна қандай муносиб умр ҳақида гапиряпсиз?» дейди пичинг аралаш. У отига қамчи уриб, қаёққадир кетади.
Доимий ўзгаришда бўлган дунёда ўзгармас нарса борми?
Орадан анча йиллар ўтади. Бир йили қурғоқчилик бўлади. Пичинг қилган ўша навқирон янгибой битта бўхча билан қолади. Унинг мол-қўйлари қирилиб кетади, қариндошлари ҳам очликдан ўладилар. Ўзи эса қорнини тўйдириш учун дайдиб юради. Оч-яланғоч бечора Сирдарё ёқалаб дайдиб юрса, бир жойдан чиқаётган тутунга кўзи тушиб қолади. Ўша томон йўл олади ва битта ўтов қаршисидан чиқади. Товуш беради. Аёл эшикни очиб, уни тўрига ўтқазади. Меҳмоннинг очлигини кўриб, унга овқат беради. Ошиқ ўйнаб ўтирган болакайлар шўхлик қиладилар.
— Овқатланиб олинг, дам олинг. Ҳадемай хўжайин ҳам келиб қолади, — деб аёл уй юмушлари билан овора бўлади.
Бирмунча фурсатдан сўнг ўтовга соқоли кўксига тушадиган чол кириб келади. Улар бир-бирини дарҳол танийдилар. Овқатланиб бўлгач, чол меҳмонга юзланиб:
— Сен мени калака қилиб кетганингдан кейин мен соҳил бўйлаб йўлга чиқдим ва мана шу овулга етиб келдим. Бу ерда ҳамдардлик билан қабул қилишди, овқат беришди, иссиқ кийим беришди, ёрдамларини аяшмади. Ушбу ўтовнинг соҳибаси бева экан. Бир оз ўтгач, икки ёртидан бир бутун бино қилдик. Ҳозир менинг ҳамма бойлигим — анави шумтакалар. Мол боқяпмиз. Тирикчилик бир нави ўтиб турибди. Ўшанда мен худодан шу нарсаларни сўраган эдим. Ниятимга етдим. Оллоҳдан минг бир марта розиман. Мана, умримнинг қолганини муносиб ўтказяпман. Бойлик-қўлнинг кири, бугун бор бўлса, эртага йўқ бўлади. Чироғим, сен бир замонлар жуда қаттиқ адашдинг. Энди имон келтирдингми, одамнинг хатоси сопқондай қайтиб келиб бошига тушади.
Чике, бу афсонани тўла келтиришимга сабаб шуки, биз эрта-индин қолган умримизни ҳам муносиб яшаб ўтишимиз учун худодан имдод сўрайдиган ёшга етиб борамиз.
Айтматов. Бу гапларингда жон бор. Қуёш ботаётган маҳал: «Умримнинг кўпи кетиб, ози қолди», деб эслаб туриш керак.
Ер юзасида юрган ҳар бир хом сут эмган банда, албатта, тақдири азалдан қолган умрини муносиб ўтишини тиламоғи даркор. Шундай пайт бир кун бўлмаса, бошқа куни келади. Шу муддатга очиқ юз билан, ҳаёт сўқмоқларида учраган мушкулотни мардонавор енгиб келишни худо бизга насиб эцин!
Шохонов. Инсон туғилган дамдан, то у ақлини таниб, шахс сифатида камол топгунча отаюрт унга қаттиққўл ва меҳрибон мураббий бўлади.


Қуёшга интилиб тўзон бағрида
Мана шу кўримсиз янтоқ гуллайди.
Ким учун? Сўрама, бордир тақдирда,
Шу ёбонда унинг жони яйрайди,
Ўзга ўт бўлсайди унмасди тақир,
Чанқоқдан, иссиқдан жисми жизганак.
Саҳрода фақат у шаҳаншоҳ ахир,
Сувгача томирлаб отади палак.
Томирлар қум аро сувга урар лаб,
Саҳронинг асрори уларга аён.
Бўронлар қўпса-чи? Ёки шовуллаб
Қум кўчса, изидан келмасми қирон?
Қум-тўзон фалакни қопласа буткул
Зулматдўнади — қуёшсиз осмон.
Ушбу дам ҳувиллаб чўкади кўнгул,
Зир титраб қўрқади борки тирик жон.
Шундай пайт қарасак туяқоринга,
Коптокдай юмалар шамол йўлида.
Ногаҳон сакрайди, беланиб чангга,
Ўйинчоқ эканми тақдир қўлида.
Саҳрода кун ўтар машаққат аро,
Энг мушкул синовлар бизга аталиб,
Гар туяқорин бўлсанг, бахтинг ҳам қаро —
Илдизсиз юмалаб, кетасан тўзиб.
Ва ёки бўроннинг басма-бастини
Қалқондай қайтаргин тик туриб мудом.
Зотан, билсанг, тирикликнинг аслини
Ғолиб яратади, барқарор —давом.
Айтматов. Одамлар ҳам шунақа. Битта афсона бор. Нақл қилишларича, бир йигит ёв қўлига асир тушади. Уни ёт ўлкага қул қилиб сотиб юборадилар. Орадан йиллар утади. Йигит ўзи туғилиб ўсган юртини ҳам, ота-оналарини ҳам унута бошлайди. У ёт ўлкага кўникади. Охир оқибат сабр-тоқати, ақл-идроки, иродасининг мустаҳкамлиги туфайли ўша ўлканинг ҳукмдори бўлади. Йиллар учқур отдай учиб кетади. Ҳукмдор кексаяди. Кунлардан бир куни унинг отаюрти тарафлардан карвон келади. Карвонда бир боғлам ёвшан келтирилган эди. Аччиқ ёвшан ҳиди димоғига гуп этиб урилган ҳукмдор олис юртда қолиб кетган олис болалигини, шўх-шодон ўтган кунларини, қадрдон дашту далаларда териб олган лолаларни бир-бир эслайди. Беихтиёр кўзларида ёш милт-милт қилади, ватан соғинчидан юраги бир хил бўлиб кетади. Энди уни ёт ўлкада ҳеч нарса ушлаб қололмасди: кўпчилик орзу қиладиган тож-тахт ҳам, шон-шуҳрат ҳам, бойлик ҳам кўзига кўринмай қолади. Қудратли ҳукмдор зудлик билан отини эгарлайдию отаюртига йўл олади...
Отаюртга чексиз муҳаббат дегани — атрофдаги бепоён дунёдан юз ўгириб, бир умр ўз юртингдан ташқари чиқмасдан яшаш керак деган маънони англатмайди. Агар биз қобиғимизга ўралашиб қолсак, ҳеч қачон ҳар тарафлама тараққиётга эриша олмаймиз.
Мисол учун, Ўтрор ёки Шакар ёшлари ҳозир дунёга сочилиб кетганлар. Бирлари таълим олгани ошиққан бўлса, бошқалари хориждан касб-ҳунар ўрганиб келиш учун кетганлар. Ахир, ота-боболаримиз: «Юрган — дарё, ўтирган — бўйра», деб бекорга айтишмаган. Аслида ҳам шунақа: куч-қувватинг бор пайтда дунё кезиб, илм олишинг, бошқа халқлар ва мамлакатлар ҳаётини ўрганишинг лозим. Бироқ, ер юзасининг қай бир бурчагида юрмагин, отаюрт сен учун ягона. У билан маънавий алоқани узиб юбормасанг, ҳаётда муносиб ўрнингни йўқотмайсан. Чунки, бегона юрт, бегона ҳаво, бегона сув ҳеч қачон Ватан ўрнини босолмайди.
Биз отаюртга сон-саноқсиз кўзга кўринмас ришталар билан боғланганмиз. Мен сенинг, ҳар бир инсоннинг ўз онасидан ташқари, яна тўртта онаси — саждагоҳи бўлиши керак, деган гапларингга тўла қўшиламан. Ватан уларнинг энг улуғидир.
Баъзи бировлар мен ватансиз яшашим мумкин, аммо ватан менсиз яшай олмайди, дейишади. Калондимоқ кишиларнинг бундай гаплари бизга бегона. Аксинча, бобомерос юртимиз биз бўлмасак ҳам гуллаб-яшнайверади. Лекин ўзимиз юртдан узилиб қолсак асло юксакларга парвоз қилолмаймиз.
Нафсиламбирини айтганда, қачонки ватан омон экан, биз ҳам омон бўламиз!

Олис Юлдуз Шуъласи Ёки Бир Сиқим Тупроқ
Ота-боболаримизни эсласак, бизни ажиб ҳис-туйғулар чулғаб олади. Улар узоққа кетмаганлар. Илло, ўзимиз ҳам уларнинг қаватига киражакмиз...
Мудом уларни ёдлаб туриш бизнинг бурчимиз, уларнинг хотираси ўзимиз учун зарур. Уларнинг мозорига ташлаганимиз бир сиқим тупроқ — бизни боғлаб турган ришта ҳисобланади.Чингиз Айтматов
Қараб туриб танимаслик — сўқирмисан, айт! Англамаслик айб эмас деб, кимлар айтади? Тушунишни истамаслик — бу ҳам жиноят! Шундай бўлганми? Бўлган. Ҳисоб-китоб тугамас ҳали.Мухтор Шохонов
Айтматов. Кўнгилсиз воқеа. Доим туш кўряпман. Узлуксиз. Кўзларимни юмган заҳотим туш кўраман. Тонг отар-отмас уйғониб кетаману нима гуноҳ қилдим экан, деб ўйлайман.
Кўпинча тушларимга буюк шахслар киради. Улар билан ҳеч қачон учрашмаган бўлсам-да, аммо улар ҳақда тасаввурга эгаман. Баъзан бирорта тирик жонга айтмай юрганим сирларимни уларга айтиб қўяман.
Ростини айсам, мўъжизавий тушлар мени хавотирга солиб қўйди, ҳатто дўхтирга мурожаат этдим. Xавотирланишга ҳеч қандай хожат йўқ, ҳаммаси жойида, дедилар. Яна кўзим илинган заҳоти ғира-шира манзаралар, ҳодисалар уммонига шўнгиб кетавераман.
Шохонов. Менимча, у тушларнинг ўзига хос сабаблари бор. Сизни сал-пал қўрқитиб қўймоқчиман. Рожер Желязннинг айтишича, «тушлар бизни кундуздан ажратиб турадиган ҳарир пардалардир, ҳар бир туш — вақт қудуғи». Тушда руҳимиз ўзини ўзи поклайди. Туш кўрмайдиган одам ҳақиқий ҳаётни ҳам кўрмайди. Тушлар ижод аҳлига қилинган тортиқ, олам билан суҳбатдир... Эҳтимол, асарларингиздаги сир-саноат тушларингиз маҳсули бўлса не ажаб?! Балки, Сиз тушларингизни адабий тилга таржима қилаётгандирсиз?!
Туш кўрсангиз, хурсанд бўлинг.
Мана, биз сўниб кетган юлдузлар ҳақида гапирамиз. Сўнган юлдузларнинг энг охирги шуъласи бизга миллион йиллардан кейин етиб келади.
Одамлар ҳам шунақа бўлади. Фоний дунё билан хайрлашиб, боқийликка юз тутган кўпчилик одамларнинг хотираси сўнмас юлдуз мисоли яшайверади. Нариги дунёга равона бўлган юлдузлар кўринмас шуъласи билан тушларингизни нурафшон этиб, абадиятдан дарак бериб турган бўлса не ажаб?! Кимнингдир ушалмай қолган буюк армонини, гўзал орзу-умидларини, фоний дунёнинг ўнқир-чўнқирларига урилиб чил-чил синган улуғ мақсадларни рўёбга чиқариш, балки, Сизнинг чекингизга тушгандир?! Олислардан келаётган кимнингдир товушини эшитиб, уни келажак авлодларга етказиш Сизнинг бурчингиз бўлса не ажаб?!
Айтматов. Гапларинг ҳазил аралаш бўлса-да, лекин жон бор. «Илиада», «Одиссия» достонларининг муаллифи бўлмиш Гомер тўғрисида Афлотун: «Бу шоир бутун Юнонистоннинг куйчиси», деган эди. Буюк шоирлар халқнинг ўқитувчилари бўладилар. Ким билсин, агар уларнинг эзгу-ният йўлидаги жонбозликлари бизгача етиб келмаганда борми, тақдиримиз бутунлай бошқача бўлиб кетиши ҳам мумкин эди.
Агар ўз даврининг юлдузи бўлган шахслар тўғрисида гапирадиган бўлсак, менинг ҳаёт йўлимни ёритган биринчи ёрқин юлдуз — буюк ёзувчи Мухтор Авезов эди. Бу воқеа шундай бўлган.
Мен у пайтлари Фрунзедаги Скрябин номли қишлоқ хўжалик институтининг талабаси эдим. Ўша пайтларда «Манас» эпоси масаласида илмий баҳс-мунозаралар қизғин тус олади. Бизнинг халқимиз қаҳрамонлик эпосини қирғизларнинг улуғ тарихи сифатида қабул қилганди. Лекин, ўша замон талабларига кўра, эпос социалистик реализм методининг қонун-қоидаларига мос келадими, деган масала кун тартибига қалқиб чиққан заҳоти кўпчилик ўзини четга тортади. Начора, Сталин мафкураси ҳар қандай асардан бойларни фош этишни, камбағалларнинг юпун ҳаётини кўкларга кўтариб мадҳ этишни ва охир оқибат эзилган халқ ўз ҳукмдорларига қарши қўзғолон кўтаришини талаб қиларди.
Кўпчилик забардаст адабиёцҳунослар эътикрди туфайли, бошқалар эса ижтимоий тузумнинг бачкана қонуниятларига мослашиб, эпосни расмиятчилик нуқтаи назаридан талқин этишга киришадилар: Манас — эпоснинг бош қаҳрамони, унинг отаси Жақип — хон. Демак, Манас ҳам ўша дарахтнинг меваси. Маълум бўляптики, эпосда совет кишисига ёт бўлган мафкура тараннум этилади! Мана шундай ур-йиқит йилларда «Манас» бой-феодаллар даврининг достони деган тушунча пайдо бўлди. Аслини олганда, бу «Кремл хўжаси»нинг навбатдаги аҳмоқона топшириғига жавоб эди. Газета-журнал саҳифаларида эпосни фош этадиган мақолалар, мулоҳазалар пайдо бўла бошлади. Улуғвор «Манас»нинг бошида қора булутлар тўпланади. Энди охири ёмон бўлиши мумкин эди.
Айни ўша пайтларда эпосни ҳимоя қилиб чиққан ҳалол инсонлар ҳам бўлди. Бироқ, уларнинг овозини ҳеч ким эшитмасди ва эшитишни ҳам исташмасди.
Жамият бу борада ҳали аниқ бир тўхтамга келиб улгурмаган бир пайтда СССР Фанлар академиясининг Қирғизистон бўлимида «Манас»га бағишланган конференсия бўлажаги тўғрисида хабар тарқалиб қолди. Эпоснинг тақдири шунда ҳал этилар экан. Ўқитувчимизнинг маърузасини охиригача эшитиб бўлишимиз биланоқ биз талаба ёшлар мажлис бўладиган жойга қараб югурдик. Янглишмасам, бу воқеа 1952 йилнинг кузида рўй берди. Академия биносига кириш жуда қийин эди. У ерда лим-лим тўла оломон, кўпчилик кўчада тўпланиб турарди. «Манас» тақдири одамларни нечоғлик ташвишга солиб қўйганини бир кўриш керак эди. Ҳамма нафасини ичига ютиб, «ҳукм» ўқилишини сабрсизлик билан кутмоқда. Мен бир иложини қилиб, туртиниб-суриниб залга кириладиган жойга етиб олдим. Эшик ёнида турганимча бўйнимни чўзиб, раёсатда ўтирган ўн-ўн беш кишини кўрдим. Раёсат ўртасида Қирғизистон Компартияси марказқўмининг биринчи котиби Ишоқ Раззоқов ўтирарди. Унинг ўнг томонидан Мухтор Авезов жой олганди. Мен у билан юзма-юз учрашмаган бўлсам-да, лекин китобларида суратларини кўп марта кўргандим. Юзларидан нур ёғилиб турган бу инсондан кўзларимни ололмасдим. Бирин-кетин минбарга кўтарилган нотиқлар эпосни обдон топтадилар. Авезов қилт этмасдан ўтирарди. Ҳар бир нотиқнинг сўзларини синчиклаб тингларди. Вақти-вақти билан қўл остидаги вараққа бир нималарни қайд этиб қўярди.
— «Манас» — бу партиянинг ҳозирги сиёсатига ёт бўлган асар... У ўз моҳиятига кўра бизнинг жамиятимизда пантуркизм ғоясини тарғиб қилади, — деди партия адабиётчиси А. Боровков.
Бундай хуружни исботлайдиган бирорта далил-дастак тополмаган нотиқ бутун эпосга лой чаплашга киришиб кетди. Зал худди арининг уяси каби ғувиллаб қолди. Лекин, ошкора бўҳтонга қарши эътироз билдиришга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмади. Эшикдан ташқарида одамлар норозилик изҳор этдилар. Бизнинг назаримизда, халқимиз шу тобда «Манас»дан маҳрум бўлиб қоладигандай эди. Қалтис бир вазиятда Мухтор Авезов салмоқли одим ташлаб минбар томон йўл олди.
— Ростдан ҳам, «Манас»да бойлар ва бошқа аслзодалар тўғрисида яхши гаплар айтилган бўлиши мумкин, — деб ўз нутқини бошлади у. — Лекин, бу бутун бошли битта халқнинг бебаҳо тарихи, унинг қаҳрамонона ўтмиши, анъаналари, маънавий мероси, авлоддан авлодга ўтиб келган буюк маданияти, оғиздан оғизга ўтиб келган соф шеърияти ҳисобланади. Вақт ўтган сари камол топган, бойитилган. Қирғиз халқининг ҳаётидан «Манас» юлиб олинса, бутун халқнинг тилини кесиб олган бўламиз. Бизнинг жамиятимиз шошқалоқликдан қачон қутилади? Қачонгача салланинг ўрнига каллани оламиз? — деди Авезов нутқининг охирида ва бир оз сукут сақлагач, Боровковга назар ташлаб қўйди.
Боровков эса худди ўрдакка ўхшаб бошини елкалари орасига яшириб олди.
Қамровдор дунёқарашга эга бўлган Авезов жаҳон адабиёти тарихининг теран билимдони сифатида, фикр-мулоҳазаларини фалсафий нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда ифодалай олгани учун, қирғиз халқининг маънавий бойлигини бағоят эъзозлагани учун залда ажойиб кайфият ҳукм сура бошлади. У ниҳоятда уста нотиқ эди. Адолат юзасидан айтганда, Авезовнинг тарихий нутқидан кейин «Манас» эпоси аксилшўравий асарларнинг қора рўйхатига кирмай қолди. Ёзувчининг оқилона нутқини Ишоқ Раззоқов ҳам зўр қониқиш билан тинглаб, боши билан тасдиқлаб ўтирди. Қирғиз эпосининг бебаҳо эканини тушуниб ўтирган бўлса-да, лекин сиёсат билан ҳисоблашишга мажбур эди. У ҳис-туйғуларини аранг жиловлаб турарди. Бу ҳол яққол кўзга ташланарди. «Манас»ни ҳимоя қилиб кўплаб мақолалар ёзган Тошим Бойжиев ўша пайтлари қамоқда сакланаётган бўлиб, кўпчиликнинг юрагига ғулғула тушиб қолгани бежиз эмасди.
Ташқаридан одамларнинг: «Суюнчи беринг, суюнчи! «Манас» сақлаб қолинди! Мухтор қани?!» деган қичқириқлари эшитилган пайтда конференсия ўз ишини тамомлаган эди. «Сени туққан онангга ҳам, бутун қозоқ халқига ҳам минг-минг раҳматлар бўлсин!» «Ақсарбас!» Кўзларида севинч ёшлари порлаб турган юзлаб одамлар бир-бирларини қучоқлашиб қутлашарди. Гўё жонли халқ денгизи Академия деворларига урилиб, кўпирмоқда эди.
Шохонов. Ўша пайтларда қозоқ халқининг энг яхши бадиий асарлари — эртаклари, достонлари ҳам қора рўйхатга тушиб, гумдон қилинган эди. Авезовнинг ўзи у пайтлари икки йил тутқунлиқда ётиб чиқиб, қамоқ қанақа бўлишини кўриб келган эди. Озодликка чиққандан кейин ҳам доим таъқиб остида юрарди. Айтишларича, кунлардан бир кун республика Давлат Xавфсизлиги Қўмитасидан нотаниш аёл телефон қилади-да: «Бир иложини топиб, шу бугуноқ яшириниб олинг. Акс ҳолда, кеч бўлади. Сизни қамоққа олиш тўғрисида буйруқ тайёрланяпти», дейди. Ўша оқшом ёзувчи яширинча Москвага жўнаб кетади. Ишончли одамлар уни таъқибдан қутқариб қоладилар. Кейинчалик у Москва Давлат университетининг профессори бўлади.
Айнан Авезовнинг «Манас» ҳимоясига ташлангани, шубҳасиз, буюк фидоий эканидан дарак бериб турибди. Шундай эмасми?
Айтматов. Тўғри. Боя айтганимдек, конференсия залининг остонасида туриб олиб, эпос учун ичим ачиган эди. Орадан ўттиз йил ўтгач, «Манас»нинг тўла нашрига бош муҳаррир бўламан, сўзбоши ёзаман ва халқаро анжуманларда у ҳақда нутқ сўзлайман деб асло ўйламаган эдим!
Мухтор Авезов билан учрашувим жуда қизиқ бўлган эди. Ўшандан сўнг уни устозим деб билдим, ўзимни унга шогирд ҳисоблардим. У пайтлари М. Горкий номидаги Олий адабиёт билим юртида таҳсил кўрардим. Ўша кунлари Москва адабий доирасида Владимир Дудинсевнинг «Қорин дардида яшамайдилар» романи устида қизғин баҳс-мунозаралар авж олиб кетган эди. Баъзи бировлар романни кўкларга кўтариб мақтаса, бошқалар лойга қориб ташларди. Охир оқибат Адабиётчиларнинг марказий саройида умумий йиғилиш ўтказишга қарор қилинди. Одатдагидек, раёсатдан номдор адиблар ва мансабдор шахслар жой олдилар. Шу қадар кўп одам тўпландики, оёқ қўйгудек бўш ер топилмасди. Кишилар дераза рафларига ҳам, остиларига газета тўшаб полга ҳам ўтириб олишганди.
Музокаралар чўзилиб кетади. Орадан бирмунча вақт ўтгач, мен эшик тарафга қарадиму Авезовнинг таниш қиёфасини кўриб қолдим. Афтидан, у бир оз кечикиб келган, шекилли. Равшанки раёсатда ўтирган зотлар уни кўрмасдилар. Кўрган тақдирда ҳам Авезов барибир залга кира олмасди. Чунки, у оломон ўртасига тушиб қолган эди. Олдинга ҳам, орқага ҳам силжий олмасди.
Ниҳоят, танаффус эълон қиладилар. Терлаб-пишиб, бўғриқиб кетган одамлар димиққан зални тезроқ тарк этиш ниятида ёппасига ўзларини эшикка урадилар. Мен бир иложини топиб Мухтор оға томон интилдим. Салом-аликдан сўнг у кишига икки қўлимни чўздим.
— Мухтор оға, Сизга жой бор. Юринг, кўрсатиб қўяман, — дедим.
Уни қатордаги ўз жойимга ўтқазиб қўйдим.
— Ўзинг кимсан? Қаердан келдинг? — деб сўради у ажабланиб.
—Қирғизистондан келганман. Шу ерда Адабиёт институтида ўқийман, — деб жавоб қайтардим.
—Шунақами! — деди Авезов ҳайрат аралаш — Энди ҳаммаси тушунарли. Раҳмат, айналайин! — Юзлари кулгудан яшнаб кетди. — Бахтли бўл!
Менга бундан ортиқ олқиш керак эмасди. Бизнинг биринчи учрашувимиз шу тарзда кечади. Ўша учра-шув умрбод хотирамда сақланиб қолди.
Сен ўзинг Авезов билан учрашганмисан? Айтмоқ-чи, у вафот этган кезлари сен ҳали ёш эдинг.
Шохонов. Айтиш мумкинки, менинг омадим бор экан. Ёзувчининг ўлимидан сал олдин Чимкентдаги қўрғошин заводининг Маданият саройида «Абай йўли» эпопеясига бағишланган китобхонлар конференсияси бўлади. Анжуман икки кун давом этади. Олмаотадан етиб келган Мухтор оға анжуманда шахсан қатнашади. У пайтлари Маматбек Қолдибоев вилоятимизда хийла ном қозонган шоир эди. Ўша учрашувга таклифнома топиб беради. Биринчи марта донғи дунёга кетган ёзувчини ўшанда кўрганман. Биз ёшлар унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини зимдан кузатардик. Қандай гапиради, қандай юради — ҳаммаси диққатимизни тортарди. У хурсанд бўлиб кетган чоғларида бурнининг учини чимдиб-чимдиб қўярди. Эгнида кулранг костюм бор эди. Китобларидаги суратларига нисбатан хийла озғин кўринарди. Букчайиб қолганди. Эҳтимол, «Абай йўли»дан кейин ёза бошлагани «Навқирон қабила» номли янги асари уни чарчатиб қўйган бўлиши мумкин...
Конференсия тамом бўлган заҳоти биз ёзувчидан дастхат олиш учун навбатга турдик. Жуда кўп шинавандалар тўпланди, ҳамманинг қўлида Авезовнинг китоби бор эди. Аста сурилиб, ниҳоят, ёзувчининг рўпарасига етиб бордим. Ўша чоғлари «Абай йўли» ва «Енлик-Кебек» асарларидан бир неча парчани ёддан билардим. Ўзим севган парчаларни Авезовга ўқиб беришни жуда истардим-у, аммо журъацизлик қилдим. Уялдим. Боз устига, орқамдан навбатда турган китобхонлар қисталанг қилишарди.
— Ўғлим, исминг нима? — деб сўради Авезов. У мен узатган китобнинг биринчи варағини очади.
— Мухтор.
«Китобингизни ўқигандан сўнг отам менга сизнинг исмингизни қўйган экан», демоқчи бўлдим-у, лекин уялганимдан тилим калимага келмасди.
Ёзувчи менга қандайдир эркалатувчан назар солиб, бошини қимирлатиб қўйди. Сунг китобнинг ички муқовасига: «Мухтор деган болага Мухтор деган бобойдан эзгу хотира бўлиб қолсин», деб ажи-бужи дастхат битиб берди.
Шу тарзда мен буюк сўз санъаткори билан биринчи ва охирги марта учрашганман.
Эсимда, Чимкент педагогика институтида сиртдан таҳсил олиб юрган вақтимда Одил Ермеков деган ўқитувчимиз бўларди. Ажабланадиган жойи шундаки, у Мухтор Авезовнинг «Абай йўли» эпопеясини бошдан охиригача ёддан биларди. Xотирасининг зўрлиги жиҳатидан машҳур қирғиз манасчи-бахши Саёқбой Қоралаевга ўхшарди. Чике, у Сизнинг «Момо ер» асарингиздан ҳам кўпинча бутун бошли монологларни ёддан ўқирди. Менинг дастлабки шеърларимни ҳам ёддан биларди-ю, лекин ўзининг услубига мослаб ўқирди. Бир гал ўша ўқитувчим ўз ҳаётида рўй берган қизиқ воқеани сўйлаб берган эди.
Навбатдаги роман устида иш бошлаган Авезов умрининг охирларида Қозоғистоннинг жанубий вилоятларига тез-тез сафар қилади. Ўшандай сафарларнинг бирида Одил Ермеков ёзувчи билан битта гуруҳга тушиб қолади. Ҳар хил мавзуларда суҳбатлашадилар-да, бирдан Авезов талабалик йилларида рўй берган бир воқеани эслайди. Бир вақтлар у Қониш Сатпаев билан биргаликда Ленинградда ўқиган экан. Ажойиб кунларнинг бирида лўли аёл икковига фол очади. Сатпаевнинг кафтига қараб:
— Ҳаётингда жуда кўп қийинчиликларга дуч келасан. Аммо, барча мушкулотни енгиб ўтиб, донгдор олим бўласан, — дейди лўли аёл.
Кейин лўли аёл Авезовнинг қўлини ушлайди-да, кафтига тикилганча ўйланиб қолади.
—Сен ҳам катта одам бўласан, — дейди сукунатдан сўнг. — Шон-шуҳратинг дунёга ёйилади. Бироқ, ҳаёт йўлинг ниҳоятда оғир, ўнқир-чўнқир бўлади. Улуғ мартабага сазовор бўлгунингча бир неча марта ўлимга чап берасан, мислсиз азоб-уқубатларни бошингдан кечирасан. Уч марта уйланасан. Ажалинг пичоқ тимсолида келади.
—Ҳақиқатан ҳам, ҳаёт йўлим ўнқир-чўнқир бўлди, — дейди ўшанда Авезов атрофини қуршаб олган тингловчиларга. — Долғали йилларда «халқ душмани» сифатида отилиб кетишим ҳам мумкин эди. Тасодиф туфайли бир ўлимдан қолдим. Фолбин айтган шон-шуҳратга маълум маънода эришдим. Бундан ташқари, уч марта уйланишим борасидаги каромати ҳам тўғри чиқди. Кейинги йилларда пичоқ тимсолида ажалингни топасан деган гап каминага тинчлик бермай қўйди. Кечалари ёлғиз юрмасликка ҳаракат қиламан, уйга эртароқ қайтаман.
Чике, Авезов Кремл касалхонасида операция остида ётган пайтида вафот этади. Демак, фолбиннинг айтганлари тўғри чиқибди-да?
Айтматов. Мен охирги марта 1961 йили «Москва» меҳмонхонасида Авезов билан учрашганман. У касалхонага ётмоқчи бўлиб юрган экан. Жуда хушчақчақ эди. Уйдан келтирилган қази-қарта дастурхонга қўйилди, биргалашиб чой дамладик. Кейин худли ота-боладек шошилмасдан чин юракдан суҳбат бошладик. Ярим кечагача ўтирибмиз.
— «Кунсевка» касалхонасида даволаниш учун келдим, — деди. — Дўхтирларнинг айтишича, ўсимта зарарли эмас экан. Лекин, кучим бор вақтимда ундан қутилиб олишим керак. Кексайганимдан сўнг қийин бўлади.
Агар мен ўшанда Авезов билан охирги марта бир дастурхон теварагида ўтирганимни, у охирги марта менга эзгу тилакларини изҳор этганини билганимда борми!.. Эртаси куни ҳеч нарсани хаёлимга келтирмасдан Фрунзега учиб кетдим.
Шохонов. Биласизми, Москвага сафарга келган франсуз ёзувчиси Луи Арагонни Мухтор оға дастурхон ёзиб меҳмон қилган экан?
Айтматов. Қайдам. Лекин улар жуда яқин дўстона алоқада бўлганини яхши биламан.
Шохонов. Шундоқ. Маълумки, Авезов келишган, кенг яғринли, кўзга яқин эркак эди. Зиёфатга Динмуҳаммад Қунаев билан Қониш Сатпоевлар ҳам таклиф қилинади. Иккови ҳам келишган, барваста кишилар эди. Боз устига, уларнинг ёнида яна битта новча йигит бор экан. Луи Арагон шарқона қиёфали тўрт кишига тикилиб тўймайди. Уларнинг камтарона муносабатларидан тўлқинланиб:
—Айтинглар-чи, ҳамма қозоқлар сизларга ўхшаган новчами? — деб сўрайди.
—Бўлмасам-чи, ҳамма новча, мендан паканасини тополмайсиз, — деб жавоб беради Мухтор оға ҳазил аралаш.
Афтидан, Арагон ҳазилни чин ўрнида қабул қиладию ҳайрати баттар авж олади. Шу пайт эшик очилиб хонага пак-пакана одамча кириб келади. Бу кимса ўша пайтлари республика мафкурасини бошқарарди ва фойдасидан кўра, зарари кўпроқ эди.
— Буниси истисно, — деб изоҳ беради Авезов чақирилмаган меҳмонга ишора қилиб.
Чике, хаёлимга яна бир фикр келиб қолди. Авезовнинг машҳур «Абай йўли» китобини франсуз тилига таржима қилган Луи Арагон шу баҳонада Сизнинг асарларингиз билан қизиқиб қолган бўлиши мумкин. Дарвоқе, Қирғизистон халқ ёзувчиси Жўнай Мавлонов ҳам ўз хотираларида мана шундай фикрни тасдиқлайди: «Иссиқкўл соҳилидаги кенг-мўл чорбоғда ёзувчилар учрашуви бўлади. Бир оқшом адабиёт тўғрисида гап кетади. Бизнинг фахрий меҳмонимиз бўлган Мухтор Авезов гапини бирданига Айтматовдан бошлади:
«Ҳозир Ўрта Осиёда ҳам, Қозоғистонда ҳам, умуман, Совет Иттифоқида Чингизга тенг келадиган ёзувчи йўқ. Биласиз, мен Ленин ва Давлат мукофотлари қўмитасининг аъзосиман. Камина кўкларга кўтарилиб мақталган кўплаб асарларни ўқиганман. Лекин, уларнинг бирортаси ҳам «Жамила» билан баҳслаша олмайди! Бу ҳақда бир неча марта гапирганман. Менинг франсуз дўстим Луи Арагон ҳам Чингизнинг асарларига жуда юксак баҳо берди. Қадим замонлардан буён қирғизлар Олатовдан то Иссиқкўлгача бўлган бепоён сарҳадларда қозоқлар билан бақамти яшаганлар. Уларнинг яйловлари ҳам, тарихий тараққиёти ҳам, тиллари ҳам, дунёқараши ҳам бир. Ўйлайманки, энди Чингизни икки халқнинг фарзанди дейишимиз мумкин. У билан биргаликда фахрланамиз, истеъдодига ҳасад қилмаймиз. Туф-туф, ишқилиб, кўз тегмасин!» деб ҳазил аралаш сўзини якунлайди Авезов».
Айтматов. «Жамила» босмадан чиқиши биланоқ «Литературная газета»да эълон қилинган мухтасар мақола ҳали-ҳали ёдимда турибди. Авезов унда бағоят самимий мулоҳазаларини баён этганди. Бу улуғ носирнинг оқ фотиҳаси эди. Ўша пайтлари устозим олдида қарздор эканимни теран ҳис қилдим. Ундан кейин марказий матбуотда «Туякўз» номли ҳикоям эълон қилинди. Дарҳол Авезов менга Олмаотадан телеграмма жўнатди: «Чингиз, асарингни ўқидим. Жуда маъқул бўлди. Бағоят хурсандман. Мана шу руҳда давом этавер!» дейилганди. Ўша телеграммани ҳозиргача ўз архивимда кўз қорачиғидай асраб юраман.
Олтмишинчи йилларнинг бошларида Мухтор Авезов Фрунзега ташриф буюрди. Мен уни меҳмондорчиликка чақирдим. Уйимизга буюк ёзувчи меҳмонга келаётганини эшитиб, онам саросимага тушиб қолди. Уйни яхшилаб тартибга келтирдилар. Тўрига юмшоқ кўрпачаларни тўшаб қўйдилар. Дастурхон тузадилар, тансиқ таомлар, мева-чевалар тўкиб ташланди. Тўнгич ўғлим Санжар дастурхонда турган йирик олмаларни кўриши билан уларни яширинча битталаб кўчага таший бошлади. Ўзи тўйгунича еб, қолганларини қўшни болаларга удашади. Албатта, бувиси уни «жиноят устида» қўлга туширади.
— Ой-бай! Ахир, у ҳамма олмани ташиб тугатибди-ку! Энди меҳмонларга нима дейман? — деб оҳ-воҳ қилганча шўх неварасининг қулоғидан чўзиб, эшик томон йўналади. Шу пайт эшик очиладию ичкарига Мухтор оға кириб қолади.
У чин кўнгулдан кула-кула:
— Парво қилманг, ахир бола шунақа бўлади-да! — дейди. Сўнг, онамнинг қўлидан ушлайдию шумтакани бувисининг жазосидан қутқаради.
Биз ўшанда манасчи Саёқбой Қоралаев билан девордармиён қўшни бўлиб яшардик. У Мухтор оғанинг эски қадрдонларидан бири эди. Икки сўз устасининг учрашуви узоқ давом этган оқилона суҳбатларга уланиб кетди. Оқшом давомида мен уларнинг гап-сўзларини жонқулоғим билан тинглаб ўтирдим.
Зиёфат ўрталарида меҳмонлар тоза ҳаводан нафас олиб қайтишга қарор қилдилар. Эшик томон кетаётган Мухтор оға бирдан ўзи ўтирган ўринга онам кенжа невараси Асқарни юмалатиб олаётганини кўриб қолди.
— Нима қилаяпсиз? — деб сўради ҳайрон бўлиб.
— Азизим, бу яхшилик аломатини билдирадиган ирим-сирим. Менинг пандавақи неварам ҳам худди Сиз каби ҳамма одамлар ҳурмат қиладиган инсон бўлиб етишсин, илойим!
Мухтор оға кулумсираб, бошини силкитиб қўйди.
Шохонов. Эшитишимча, Авезов бир гал Саёқбой Қоралаевни ўз машинасига ўтқазиб, Олмаотага — Қозоғистон Давлат университетининг талабалари билан учрашувга махсус олиб борган экан.
— Қирғизлар билан қозоқларнинг сўнгги могиканларидан бирини кўриб қўйинглар, эшитинглар! — деган экан Авезов меҳмонни таништириб.
Ёзувчи умрининг сўнгги йилларида Иссиқкўлдаги чорбоғига тез-тез келиб, бўлажак йирик романига хом ашё тўплаганини кўпчилик билмайди. Ўша асарда Манас, Саёқбой, Бўлтирик полвон ўз аксини топиши керак эди. Бироқ, тақдир тақозоси билан ёзувчининг орзу-умидлари рўёбга чиқмай қолади. Роман ёзилмайди.
«Жалин» журналининг бош муҳаррири лавозимида ишлаб юрган кезларим Луи Арагоннинг ўгай ўғли Жан Рист меҳмон бўлиб келди. Биз Олмаота яқинидаги гўзал масканларда узоқ-узоқ сайр қилдик, суҳбатлашдик. Жан бир неча марта айтдики, Луи Арагон умрининг охиригача Сизни XX асрнинг ёрқин ҳодисаси деб билган экан, номингизни ҳурмат-еҳтиром билан тилга оларкан. Сиз ҳам устозингиз олдидаги бурчин-гизни адо этдингиз. Луи Арагон вафотидан сўнг у ҳақда ажойиб мақола ёздингиз, Парижга махсус сафар қилиб, унинг қабрини зиёрат қилдингиз. Бундан ташқари, Сизнинг беқиёс куч-ғайратингиз ва обрў-еътиборингиз туфайли мустабид тузум шароитида «НовÑ‹й мир» журналида Авезовнинг «Оғир йил» қиссаси чоп этилди. Ғоявий жиҳатдан яроқсиз ҳисобланган бу асар халққа қайтарилди. Ўша саъй-ҳаракатингиз қозоқ халқи ўртасидаги ҳурматингизни янада ошириб юборди.
Чике, шу кунларда катта муваффақиятларга эришган, лекин шу мартабага етиши учун ёрдам берган зотларни бутунлай унутиб юборган кимсалар ҳам орамизда йўқ эмас. Сизга бундай калондимоқлик мутлоқ ёт хусусиятдир.
Ҳозир ўзингиз айтган сўзларни эслатиб ўтмоқчиман: «Қачонки хорижий ўлкаларга сафарга отлансам, ўзим билан «Манас»ни ва Мухтор Авезов китобларини бирга олиб кетаман. Агар мендан: «Қозоқмисиз ёки қирғизми?» деб сўраб қолсалар, аввало, бу қўшалоқ миллий бойлигимиз тўғрисида гапираман. Улар менинг халқимнинг тимсолларидир», деган эдингиз. Менимча, бу иқрорномангиз юқорида айтилган сўзларни исботлаб турибди.
Айтматов. Яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш керак деб ҳисоблайман. Бу табиий ҳол. Аслида, мен ҳалигача бўйнимдаги қарзимнинг юздан бир қисмини ҳам қайтарганим йўқ.
Шохонов. Қозоғистон Республикасининг элчиси сифатида Қирғизистоннинг азиз тупроғига қадам қўйган чоғимда баъзан афсусландим.
Айтматов. Нега афсусланасан?
Шохонов. Саёқбой Қоралаев билан учраша олмаганим учун афсусландим, Т. Ўқаев, Б. Шамшиев, М. Убукеевлар томонидан суратга олинган ҳужжатли филмларда «Манас» ижрочисининг санъатидан кўп марта баҳраманд бўлганман. Достон воқеаларининг ўзгаришига монанд равишда бахшининг товуши, оҳанги, ифода йўсини ҳам, хатти-ҳаракатлари ҳам ўзгариб борарди. Гоҳида шу қадар тўлқинланиб кетардики, кўзларимдан ёшлар оқаётганини ўзим билмай қолардим. Юрагимни ҳовучлаб буюк манасчининг қабрини зиёрат қилдим. Биз эрта вафот этган шоир дўстим Жўлон Мамитовнинг умр йўлдоши Менди ва уларнинг фарзандлари Ойкўрим, Азамат ҳамда Қоншаимлар билан биргаликда мозорга борган эдик. Манасчининг руҳига атаб тиловат қилганимдан сўнг, ёдгорлик пойига гулчамбар қўйдим.
ХХ асрнинг ноёб ҳодисаси Сизнинг хотирангизда қандай из қолдирган?
Айтматов. Эсимда, тақдир тақозосига кўра, биз Қоралаев билан Чуй вилоятининг битта хўжалигига бирга борганмиз. Бу воқеага кўп бўлди. Қоралаев ташриф буюргани тўғрисидаги хабар яшин тезлигида атрофга тарқалади. Тоғ этакларида жойлашган яйловлардан, фермалардан оломон ёпирилиб келаверади. Ким машинада, ким тракторда, ким яёв келади. Манасчини эшитишни истаган шинавандалар шу қадар кўпайиб кетди-ки, уларнинг ярми ҳам клубга сиғмади. Қолганлар ташқарида тик турдилар. Бундай аҳволни кўрган Қоралаев «Манас»ни очиқ ҳавода, мухлислари даврасида ижро этишга қарор қилди.
Саёқбой бўсаға зинапоясига ўрнашиб ўтирди. Мухлисларнинг кўпчилиги эса ерга чордона қуриб ўтирдилар. Кимлардир машина устига чиқиб оддилар, бошқалар от эгаридан тушмадилар. Болалар дарахтларга чиқиб кетдилар. Xалқ нафасини ичига ютиб, манасчини жон қулоғи билан тинглай бошлади.
Бу орада уфқда булут пайдо бўлдию биз томон шитоб яқинлашаверди. Ҳув наридаги чўққини қоп-қора булут қоплади. Бирдан устимизга жала қуйиб юборди. Лекин, худди жала билан мусобақа ўйнаётгандек манасчи ўз достонини авж пардаларда давом эттираверади. Албатта, бу учрашувга кийиб келган яп-янги костюмим жиққа ҳўл бўлиб қолишини зинҳор истамасдим. Мен ўрнимдан қўзғолиб, клуб айвони остида жала ўтиб кетишини пойлаб турдим. Қарасам, мендан бошқа ҳеч ким жойидан қўзғолмаяпти. Жуда ноқулай аҳволга тушиб, эски жойимга қайтиб бордим. Жала тинмади. Лекин, манасчи куйлашдан тўхтамагунча биров жойидан жилмади.
Ўшандан илгари ҳам битта воқеа рўй берган эди.
Хотирамдан сира ўчмайди. 1959 йили Москвада ўқишимни тамомлаб, ўз юртимга қайтдим. Бир куни партия мактабининг тингловчилари кўзга кўринган қирғиз оқинларини, манасчиларини учрашувга таклиф этадилар. Таклиф этилган оқинлар орасида Саёқбой Қоралаев билан Ҳаромўлди Ўрозов ҳам бор эди. Тингловчилар фақат қирғизлар эмас, улар сафида руслар, немислар ва бошқа миллатларнинг вакиллари ҳам бор эди. Меҳмонлардан ҳеч бирови қирғизча гапиришни билмасди. Тақдир тақозоси билан камина таржимонлик қилдим. Навбат Саёқбойга етиб келди.
—Неча ёшингиздан «Манас»ни ижро эта бошлагансиз? Биринчи устозингиз ким бўлган? — деган саволлар ҳар томондан ёғилиб кетди.
—Кўп йиллар муқаддам, болалик пайтимда қўй боқиб юрсам шунақаям уйқум келдики, бир пас майса устида ёнбошладим. Кўзим илинди, — деб ҳикоя бошлаганди Саёқбой. — Тушдан кейинги соат бешлар чамаси от туёғи товушини эшитиб, уйғониб кетдим. Кўзларимни очиб мундоқ қарасам, қуёш нурида ялт-ялт этиб товланаётган найзасини боши узра азод кўтарган барваста чавандоз мен тарафга арғумоқни учириб келаётир. Тулпорнинг кўзлари чақнарди, шишиб кетган бурун тешикларидан буғ чиқарди. Ёнимга етиб келгач, чавандоз шошмасдан эгардан тушди. «Ҳой бола, бу ерда нима қиляпсан?» деб сўради. «Кўрмайсизми, ухлаб қолибман», дедим. «Сенга бахт кулиб боқади. Шу бугундан эътиборан доим «Манас»ни куйлаб юрасан. Шон-шуҳратга бурканасан. Қани, оғзингни очгин!» деди чавандоз. Оғзимни очишим биланоқ нотаниш кимса очиқ жойимга сийиб юборди. Оппоқ кўпик жавоҳир мисоли оғзимга тўлди, нафасим қайтди... Эс-ҳушимни йиғиб олгунимча чавандоз ғойиб бўлди. Гўё у умуман бўлмагандай эди. Назаримда, Xўжа Xизрни учратган эдим. Ўшандан буён «Манас»ни куйлайман...
Қоралаев ҳикоя қилаверди. Мен пешма-пеш унинг сўзларини таржима қилиб турдим. Бояги нозик жойга етганимда эсанкираб қолдим; нима қилишни билмасдим. Сўзма-сўз таржима қилай десам, ноқулай. Тингловчилар орасида аёллар ҳам бор эди. Устига устак, бошқа миллат вакиллари «арвоҳ», «Хизр» деган атамаларни тушунмаслиги мумкин эди.
Хуллас, эсим жойига келгач, бояги парчани: «Нотаниш кимса оғзимга тупуриб қўйди», деб таржима қилдим. Аммо, мана шундай беозор таржима ҳам залда ғала-ғовур кўтарилишига сабаб бўлди.
Ўшандан бери орадан кўп йиллар ўтди. Бироқ, ўша воқеа тўғрисида бировга миқ этиб оғиз очганим йўқ. Яқинда Белгияда ўтган учрашувларимнинг бирида Қоралаев тўғрисида гап очилиб қолган эди, ўша воқеани сўйлаб бердим.
— Нега шу пайтгача бу ҳақда индамай келдингиз? Ахир, ҳикоянинг энг зўр жойи шу экан-ку! — дейишди тингловчилар.
Шохонов. Дунё халқларининг оғзаки ижодида жуда кўп ажойиб эпослар, лирик-насрий эртаклар, ҳикоялар бор. Лекин қамрови жиҳатидан «Манас»га тенг келадиган битта ҳам асар йўқ. Агар «Илиада» билан «Одиссия» қўшилса, икковининг ҳажми ҳам «Манас»дан йигирма баробар кичик бўлади. Ҳинд халқининг фахри бўлмиш «Моҳобҳорот» эса қирғизларнинг эпосидан икки ярим баробар ихчам.
Маълумки, ғирт саводсиз бўлган қирғизларнинг буюк оқинлари олти ой мобайнида эпосни тинимсиз куйлаган бўлсалар-да, лекин барибир охирига етказа олмаганлар. Бу мўъжиза. Инсон хотираси шунча нарсани ёдда сақлаб қолиши мумкинлигини тасаввурга ҳам сиғдириб бўлмайди.
Бахтга қарши, «Манас»ни куйлаб ўтган барча қадимий оқинларнинг номлари тарихда қолмаган. Эҳтимол, «Манас»ни куйлаб ўтиш миллий анъана бўлгани туфайли, эпосни ҳар бир киши билиши ва авлоддан авлодга қолдириши ҳам қарз, ҳам фарз бўлгани учун оқинларнинг номлари тарихда қолмагандир?! Кейинги асрда қирқдан ортиқ ажойиб манасчи ўтди. Улар орасида энг улуғи ва бетимсоли Соғимбой Ўрозбоқов эди. У 1930 йилда олтмиш уч (пайғамбар ёшида) ёшида вафот этади. Xалқ оғзаки ижодининг қадрини биладиган кишилар оқиннинг оғзидан бир юзу саксон минг мисра эпосни ёзиб олишга улгурганлар. Бу бир нечта Қалин жилдни ташкил этган. У замонлари магнитофон йўқ эди. Шу боис бутун борлиги билан эпос воқеаларига шўнғиб кетган оқинни тўхтатиб, айтганларини шундоқлигича қоғозга туширишга тўғри келарди.
Оқин учун бундан ортиқ жазо бўлмасди! Тасаввур этингки, саҳро бўйлаб ўқдай учиб бораётган йўрға бирдан тўхтатилади ва у парвознинг ҳаловатидан маҳрум этилади.
Айтишларича, Соғимбойнинг шунчалар жаҳли чиқиб кетарканки, алам қилганидан ёрилиб кетишига бир баҳя қоларкан.
Кези келганда биз Балиқ, Келдибек, Тўғалоқ Мулла, Муллабосан, Жусуп Мамай, Сейдана каби қирғиз халқининг ажойиб фарзандларига ва замонлар ўртасидаги ўша риштани сақлаб қолган барча инсонларга келажак авлод номидан чексиз миннатдорлик изҳор қилишимиз лозим. Масалан, Тўғалоқ Мулла (1860—1942) фақат «Манасни куйлабгина қолмасдан, балки уни қоғозга ёзиб ҳам қолдирган. Унинг асил исми шарифи Бойимбет бўлиб, ёшлик чоғидаёқ саводхон бўлгани учун овулдошлари уни «Мулла» деб улуғлайдилар. Бўйи паст, миқти бўлгани сабабли «Тўғалоқ» лақабини олган. Кейинчалик мана шу ном билан машҳур бўлиб кетади.
Бир куни ишхонамга ёшгина аёл излаб борди. Исми Бермет Жусупжонова экан. Қирғизистоннинг Норин вилоятидаги Оқтол туманига қарашли Қурут қишлоғидан ҳузуримга атайлаб Мулла Тўғалоқ қўлёзмасини каминага топшириш учун келибди. Оқин араб имлосида эпосни қоғозга туширган экан.
Юрагим ҳаприқиб, қирғиз адабиётининг оқсоқолидан қолган меросни қўлимга олиб, дарҳол кўз югуртириб кўрдим. Бу оқиннинг шахсан ўзи айтиб юрган «Манас»нинг қўлёзмаси эди.
—Қўлёзмани нима учун Миллий Фанлар академиясига топширмадингиз? — деб сўрадим аёлдан.
—Ўз вақтида Чўқон Валихонов билан Мухтор Авезовлар манасшунослик фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшганлар. Қозоқ халқининг бошқа фарзанддари ҳам бу жабҳага муносиб улуш қўшган. Буни «Манас» ўз ҳаётининг бир қисмига айланиб қолган инсонларга, шахсан Сизга менинг ҳурматим сифатида қабул қилишингизни сўрайман. Қўлёзмани нима қилиш — шахсан ўзингизнинг ишингиз. Мен уни ишончли қўлларга топшириб, ўз бурчимни адо этдим, — деди аёл.
Мана, энди ўша қўлёзмани тантанали равишда Қирғизистон Миллий Фанлар академиясига топширмоқчиман.
Айтматов. Ўйлайманки, бу қирғиз халқи номидан сенга билдирилган ишонч белгиси. Сенга ўз фарзандларидай ишонадилар. Афсуски, ҳозиргача халқ оғзаки ижодининг бебаҳо намуналари бир бутун ҳолида тўпланган эмас.
Шохонов. Боя айтиб ўтганимиздек, Саёқбой Қоралаев ўз даврининг буюк оқини эди. Яна бир ажойиб маданият намояндаси, Асқар Акаев ибораси билан айтганда, «қирғизларнинг Микеланжелоси» — Турғунбой Содиқов ҳам халқнинг ҳурмат-еътиборига сазовор бўлди. Яқинда мен унга Қозоғистон Республикасининг Президенти Нурсултон Назарбоев номидан фахрий мукофот — «Парасат» орденини топширдим. Айтмоқчи, Турғунбой оға қандай қилиб Саёқбойнинг ҳайкалини яратганини менга ҳикоя қилиб берганди.
— Етмишинчи йилларда ҳайкаллар мажмуини яратишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Ўртада Манаснинг улуғвор ҳайкали туриши керак эди. Унинг икки ёнидан буюк манасчиларнинг ҳайкаллари жой оларди. Ўша кунлари Саёқбой Қоралаев билан учрашиб қолдим. Унинг тимсолини мармарга ҳаққоний кўчириш ниятида гоҳ уйида, гоҳ кўча-кўйда сайр этиб узоқ суҳбатлашдим. Вақт ўтиб борарди. Лекин, ижод қилишим учун зарур бўлган илҳом парисини ҳеч ушлай олмасдим. Қўлимни ювиб, қўлтиғимга артиб қўймоқчи ҳам бўлдим. Ўрта бўйли, камтарин оқсоқолнинг нусхасини тошга кўчириб қўйган билан ҳеч нарсага эришиб бўлмасди. «Саёқбой оға, илтимос, «Манас»ни айтиб беринг», деб сўрадим охири ҳаммаси жонимдан ўтиб кетгач. Ў-ў, мўъжиза! Достонни бошладию манасчи кўз ўнгимда ўзгарди-қолди. Камсуқум, камтарин чолдан ном-нишон қолмади. Достонга сингиб боргани сари кўзларидан олов порлайди, елкалари силкиниб турарди, қўллари қанот бўлиб ҳавода парвоз этарди. Манаснинг Қўнирбой билан жанг қилгани тўғрисидаги саҳнани айтаётиб, Саёқбой шу даражада жазавага тушдики, жанг бўрони ҳозир мени ҳам ўз домига тортиб кеса керак деб ўйладим. Нафасимни ичимга ютганимча манасчига қараб бақрайиб қолдим: у кўзлари ёшланганча гоҳ кекса Бақай, гоҳ Сирчақа ва Олмамбека, гоҳида Шуака ва Еркўкча тимсолига кириб тўлқинланиб куйларди. Менга айнан шуниси керак эди. Фурсатдан фойдаланиб, дарҳол қоғозни қоралаб қўйдим».
«Манас»ни куйлаётган оқин ҳайкали ҳис-ҳаяжон туғён урган бир алфозда қуёшга юз тутиб, қирғиз кенгликларини қучмоқчидек қулочларини икки томон ёзиб турибди. Ҳайкал Бишкекдаги Тўхтағул номидаги Давлат филармонияси рўпарасига ўрнатилган.
Чике, қирғизларда ҳам, қозоқларда ҳам улуғ зотлар кўп ўтган. Оғзаки ижоднинг улкан намояндаларидан бири Жамбул Жабаевдир. Қирғизлар ва қозоқлар ўртасида машҳур бўлган Жамбул умрининг охирги тўққиз йили даврида шон-шуҳрат чўққисига кўтарилди. Уни «ХХ аср Гомери» деб атадилар.
Айтматов. Ҳа, оддий ҳаётда ҳам, маданият жабҳасида ҳам Жамбул ноёб ҳодиса эди.
Шохонов. Тўғри айтасиз. Ҳозир мен Сизга битта қизиқ воқеани сўйлаб бераман. 1938 йили гуржиларнинг улуғ шоири Шота Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» достонининг 750 йиллиги нишонланади. Тантанали маросимда Жамбул бошчилигидаги Қозоғистон адабиёти ва маданиятининг бир гуруҳ намояндалари ҳам иштирок этадилар. Сафар чоғи тўқсон икки яшар Жамбулнинг ўткир кўзлари гўзал гуржи қизига тушиб қолади. Xушбичим, сарвқомат, қайрилма қош, жон олғувчи қиз бир қарашдаёқ оқсоқолнинг қалбини ром этади.
Айтматов. Оббо, азамат-ей!
Шохонов. Ўша воқеа муносабати билан битта шеър ёзганман.


Ёшмиди, қарими — кўнгул-да, кўнгул,
Гўзаллик пойида юрар довдираб.
Гуржистон ерида юз ёшли Жамбул
Ёшгина қизчага турар жовдираб.
—Йилларнинг заҳмати чўктирмабди тиз,
Шундай бўлар халқнинг асил ботири,
Гўзаллик даргоҳи, деди, ў чексиз, —
Ҳасад ё завк билан ўрис шоири...
Ёш нима? Гар кўнгул гулдай яшнаса
Йиллар не? Қалбингда тулпор кишнаса.
Гўзаллик урмаса жисмингда туғён,
Демак, сен қарибсан, хорибсан нодон.
Заминда турса-да, сомон йўлига
Из солмоқ кўйида юрганлар камми?
Ўттизда ўтинга айланган аёл,
Қирқида қирқимга кирганлар камми?
Шод ўлгин, гўзаллик истабди кўнгул,
Қанчалик кексасан, айсин мамлакат:
Қарилик — ночорлик, лек кекса дил
Йигитлар келтирмас ҳеч бир баракат.
Тонг чоғи гўзаллик суйидан кўзи
Сув ичган манов чол — бахтиёр инсон!
Ҳийлалар ишлатма кекса деб ўзинг,
Йилларга тўнкама, йиллар бир имкон.
Ва йиллар, ҳув анов, мисли бир ғарам,
Кексалик мезони бўлолмас ҳеч дам.
Айтматов. Шубҳасиз, Жамбул жуда яхши қариган камёб оқсоқоллар сирасига кирарди. У ноёб истеъдод соҳиби. Ёшлик руҳини сақлаб қолиш ҳам катта санъат ҳисобланади. Албатта, бояги романтик воқеани афсона шаклида талқин қилмоқ лозим — бунда хаёлий чанг-тўзон кўпроқ. Аслида, топқирлик худди шундай бўлиши керак.
Сир эмас, кечаги мустабид тузумнинг коммунистик тарғиботчилари халқ орасидан етишиб чиққан истеъдод соҳибларини жуда усталик билан ўз мақсадлари йўлида ишлатардилар. Жамбулни ҳам ўшалар сирасига киритиш мумкин. Унинг саводсизлигини билганлари учун атайлаб унга котибларни бириктириб қўйишарди. Кейин бўлажак достон учун зарур бўлган мавзуларни одам кийимида юрадиган «санъацҳунос»лар танлаб беришарди. Шундай эмасми?
Шохонов. Эҳтимол... Шу пайтгача Жамбул тўғрисида ҳар хил миш-мишлар юради. Баъзилар, унинг ижодида асил шеъриятга хос хусусиятлар йўқ, десалар; бошқалар, оқин ҳаддан зиёд кўкларга кўтариб юборилган, дейдилар. Нафсиламирни айтганда, ўша замондаги барча кўзга кўринган оқинлар (айрим истиснодан ташқари) Ленин билан Сталин шаънига ҳамд-сано ўқиш борасида ўзаро мусобақа ўйнаганлар. Замон шунақа эди. Қолаверса, одамларнинг ўзлари ҳам доҳийларни илоҳийлаштириб юборишганди. Агар биз бировни замондан узиб олган ҳолда тафтиш қиладиган бўлсак ёки кимгадир ҳозирги кун нуқтаи назаридан бир томонлама баҳо берсак, инсонга нисбатан адолацизлик қилган бўламиз...
Айтматов. Гапларинг тўғри.
Шохонов. Жамбул кўп йиллар давомида қирғизларнинг истеъдодли, уста оқинлари, ҳофизлари, қизиқчилари билан яқин дўст бўлиб қолмасдан, балки уларнинг биродари бўлди. Икки қардош халқни ўз санъати билан хушнуд этди. Табиийки, кўпгина буюк истеъдод соҳиблари ўзларининг ўжарлиги билан бошқалардан ажралиб турадилар. Ўжарлиги учун ўзлари азоб тортишади. Бундай пайтларда дўстлар бир-бирларини қўллаб-қувватлайдилар.
Айтматов. Бунинг ёрқин мисоли — машҳур қирғиз оқини Тўқтағул Сибир сургунидан қочиб, ўзининг туғилиб ўсган овулига эмас, дўсти Жамбулнинг ҳузурига боради.
Шохонов. Шубҳасиз, бу бояги гапларга ёрқин мисол бўлади. Айтмоқчи, Жамбул ҳам бир неча кеча-кундуз мобайнида «Манас»ни куйлаган вақтлар кўп бўлган. Машҳур куйчи Муротали билан Жамбулнинг мусобақа ўйнаганини эшитганмисиз? Икки буюк истеъдод ўзаро мусобақа пайти Жамбул қирғизларнинг ўн учта куйини, Муротали эса қозоқларнинг ўн беш куйини ижро этганлар. Қариялар ҳозирга қадар ўша ҳодисани тўлқинланиб гапириб юрадилар.
Бир пайтлар Масимхон Бейсебоев Қозоғистон Вазирлар Маҳкамасининг раиси лавозимида ишлаган. Ўша одамнинг Жамбул тўғрисидаги бир ҳикояси ҳамон ёдимда турибди.
— У пайтлари мен Олмаота вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби эдим. Жамбул ўшанда жуда машҳур бўлиб кетганди, шуҳрати оламни тутганди. Ҳазил гапми, Сталиннинг шахсан ўзи унга қойил қолганди, бутун Совет Иттифоқида уни ҳурмат қилишарди. Кунлардан бир кун Жамбул тўғрисида ажабтовур янгилик эшитиб қолдим: эмишки, юз ёшга яқинлашиб қолган оқин яна уйланмоқчи бўлиб юрганмиш. Келин топиб қўйибди, розилигини сўрабди. Гўё келин рози бўлганмиш. Қозоғистон Компартия Марказқўмининг биринчи котиби Жумабой Шояхметов бу гапни эшитиб, шошиб қолади ва мени ўз ҳузурига чақиртиради. У қўлларини орқасига қилганча асабийлашган ҳолатда хонада у ёқдан-бу ёққа тинимсиз бориб-келарди. Ҳақиқатан ҳам, вазият чатоқ эди. Биринчидан, республикамиздаги ҳурматли оқсоқолнинг, халқимизнинг фахрига айланиб қолган оқиннинг кутилмаган тантиқлиги ниҳоятда кулгили туюлади. Иккинчидан, ўша чоғлари таомилга айланиб кетган коммунистик ахлоққа тўғри келмасди. «Бундай иснодни ҳеч ким билмаслиги керак, — деди Жумабой Шояхметов. — Дарҳол бундай бемаъниликка чек қўйиш лозим. Ўша келинчакнинг қариндош-уруғлари бормикан?» Айтишларича, колхозда ишлайдиган ўғли бор экан, дедим. «Туман партия қўмитасининг биринчи котиби ва колхоз раиси билан тўхтовсиз алоқа ўрнат! Улар дарҳол ўша аёлни бу ниятидан қайтаришсин! Лекин, эҳтиёт бўлинглар, Жамбулнинг ўзи бирор нарсадан шубҳаланиб қолмасин. Менимча, аёлнинг ўғли орқали ҳаракат қилсак яхши бўлади. Ҳайронман, у қанақа валакисаланг эканки, ўзининг битта онасига қараб юролмаса! Сенга олдиндан битта гапни айтиб қўяй: агар менинг топшириғим бажарилмаса, ишдан кетасан!» деб Шояхметов столни муштлади. Бу топшириқни ими-жимида дарҳол адо этдим. Бир қатор салобатли ишловлардан сўнг ўша аёл Жамбулга эрга тегмайдиган бўлди. Кўнглимиз жойига тушиб, бу хушхабарни Шояхметовга етказишга ошиқдик. Кейин ҳаммамиз биргаликда Жамбулни йўқлаб бордик. «Ассалому алайкум, Жака!» деб жўр бўлиб такрорладик Шояхметовдан сўнг. Жамбул каравотда юзини деворга қаратиб ётарди. У қўлини бир силкитиб қўйди, холос. Орадан бирмунча фурсат ўтгач, Жамбул аста-секин биз томонга бурилди. «Эй, иштон кийиб юрган хотинлар! — деди у жаҳли чиқиб. — Ўйлайсизларки, мен шаҳвоний ҳирсимни қондиришим учун уйланмоқчиманми? Xалқ орасида, отни ярим йўлда йўқотиб қўйсанг, ёмон бўлади, деган мақол бор. Кампирим ўлгандан буён келинларимнинг қўлига қараб қолдим.
Келиним остимдаги тўшакни янгилаб кетганини ўзларинг кўрдиларинг. Бу гуноҳи азим. Агар ўзимнинг хотиним бўлганда, келинга осон бўларди. Э-е, сизлар бунақа гапларни тушунмайсизлар! Неча йиллардан бери Қозоғистонга раҳбарлик қилаётган бўлсаларинг-да, аммо товуқнинг миясича мияларинг йўқ!» деб Жамбул яна деворга юзини буриб, ётиб олди.
Айтматов. «Ўсма кетар, қош қолар» деб, бежиз айтишмаган. Ажабки, Жамбул шўхлик билан донишмандликни ўзида мужассамлаштирган ғалати инсон эди. Умуман олганда, Суюнбой ва Қатағон, Жамбул ва Тўқтагул, Тўғалоқ Мўлда ва Умбетали, Кекен ва Алимқул каби қозоқ ва қирғиз оқинларининг чамбарчас дўстлиги ва доимий алоқалари икки халқ ўртасидаги бирликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, Жамбул билан Шобдан умрларининг охиригача яқин дўст бўлиб қолдилар. Лекин, бу алоҳида мавзу.
Шохонов. Шобдан ботир рус армиясининг полковниги унвонига сазовар бўлади, дворянлик мартабасига эришади. Аммо, бу имтиёзлардан шахсий манфаати йўлида эмас, ўз халқининг манфаатлари йўлида фойдаланади. Ўзи аслзодалар авлодидан бўлса-да, жуда катта нуфузга эга эди. Очиқ кўнгул, зийрак, бағри кенг инсон эди. Шу тобда Асқар Ақаев билан шахсий суҳбатимиз чоғида эшитганим битта воқеа эсимга тушиб қолди.
Қайсарлиги билан ном чиқарган Жамбул гоҳида бирорта каллаварам овулдош бийдан кўнгли қолса, дарҳол отига миниб, Олатовнинг жанубий этакларига юзланганча: «Қирғиз биродарим Шобдан ҳузурига кетяпман», дер экан. Чўнг Кемин соҳилида ўтирган Шобдан кунлардан бирида генерал-губернатор Колпаковскийдан зудлик билан етиб келиш тўғрисида буйруқ олади. Шобдан тезда файтонни қўшиш ҳақида амр қиладию бирдан отини эшиқдан кираверишга боғлаётган Жамбулга кўзи тушади.
— Шошманглар! Колпаковский ҳатто подшоҳ бўлганда ҳам, барибир Жамбулдан устун бўлмасди. Жамбулни кузатганимиздан сўнг йўлга отланамиз. Уни икки қун меҳмон қиламиз, — дейди Шобдан.
Кейин оқин дўсти учун олти қанотли оқ юрт тикишни ва барча уруғ-аймоқларни чақириб келишни мулозимларига топширади. Йиғилганларнинг таклифига кўра, Жамбул тонгга қадар «Манас», «Суранчи ботир» достонларини ижро этади. Шобдан достонларни роҳатланиб тинглайди.
«Менинг тойчоғим ёшлигидан сахий бўлган, — дерди Шобданнинг онаси Баали бойвучча. — Уни уч ёшигача эмизганман. Баъзан у қўшниларимизнинг ўзига тенгдош болаларини ҳам эргаштириб келардию уларни сутга тўйдириб қўйишимни илтимос қиларди».
Шобданнинг навқирон зобит кийимида тушган битта сурати бор. Кўксида иккита медал ярқираб турибди. Кексалик пайтида тушган бошқа бир суратида эса аввалги икки медалдан фақат биттаси қолган, холос. Ўзи ҳам хорғин қиёфада. Бунинг сабаби — муқаддам бўлиб ўтган бир воқеага боғлиқ.
Шобдан уйида ўтирган кунларнинг бирида кўчадан ўтиб кетаётган тиланчи эшикдан мўралайди. Шобдан уни ичкарига таклиф этиб, хар хил мавзуларда суҳбат қуради. Маълум бўлишича, бу бечора болалик пайтида сағир бўлиб қолган, бирорта ҳам қариндоши йўқ, фақат тиланчилик билан кун кўрар экан. Шобдан тиланчига хайр-еҳсон қилиш учун уйни бир қур кўздан кечиради. Унинг аввалги бойликлари аллақачон совурилиб кетган, биттаю битта кулранг новвоси қолганди, холос. Шунда у кўкрагини безаб турган, рус салтанатидан совға қилинган икки медалидан биттасини тиланчининг қўлига тутқазиб юборади.
— Пишпек бозорига боргин-да, бу медални сотиб, пулига ҳўкиз-пўкиз харид қилгин. Турмушингни яхшилаб олгин, — дейди Шобдан тиланчига.
Яна битта воқеа эсимга тушди. Бояка исмли битта бойнинг Садаф деган батраги бўлади. Аёл шўрлик тонгдан то қора хуфтонгача хўжалик ишлари билан машғул бўлиб, на дам олишни, на ўйин-кулгини биларди. Боз устига, кўзлари ғилай, тили чучук эди. Бу ёруғ дунёда бирорта қариндош-уруғи йўқ, ўзи ҳатто қўтир ит ҳам орттирмаганди. Фақат пастқамгина кўримсиз икки тўсинли кулбада истиқомат қиларди.
— Нега мени ер ютмас экан! — деб баъзан тақдиридан нолиб қўярди.
Вақти келиб, Бояка кузги яйловдан қишлоққа кўчиб ўтади. Эски жойда Садафнинг ўзи ёлғиз қолади.
Тун бўйи кулбаси ёнида увлаб чиққан қашқир товушидан қўрқиб, кўз юммасдан тонг оттиради. Эртаси куни оқшомга яқин кулбасидан ташқарига чиққан аёл шу томон отда йўртиб келаётган Шобдан билан Боякани кўриб қолади. Уларнинг ортидан бир гуруҳ чавандоз эргашиб келарди. Аёл шўрлик қувончини ичига сиғдира олмасдан қичқириб юборади:
— Шобдан ботир, мақсим ичиб кетинг!
Атрофидаги бийлару волост амалдорларининг норози бўлиб ҳай-ҳайлашига қарамасдан, Шобдан от юганини кулба томон буради. Лаби учган косага ичимлик тўлдириб, аёл уни ботирга узатади. Бояка эса қўли билан косани нари суриб:
—Эй, бахти қаро, ёвғон шўрвангни йиғиштир! Ботир ичмайди! — дейди.
—Бизнинг одатимизга кўра, овқатдан улуғ нарса йўқ. Узатинг мақсимни! — дейди Шобдан. У отда ўтирган кўйи бир кўтаришда косани бўшатиб беради. — Оҳ-оҳ, жуда мазали экан! Мақсимингиз жуда зўр бўпти, дарров чанқоғимни босди! — деб Садафнинг кўнглини кўтаради. — Эртага йигитларни жўнатаман, улар сизни кўчириб кетишади. Яна бир кун сабр қилинг, — деб ваъда бериб кетади.
Чавандозлар йўлларида давом этадилар. Кулбадан хийла олислагач, Шобдан Боякага қараб:
— Эй, Бояка, агар ўз овулингдаги битта шўрлик аёлга меҳринг етмаса, қандай қилиб бутун бошли аймоққа ҳукмрон бўлиб ўтирибсан?! — дейди ғазаб аралаш.
Тез орада аёлни овулга кўчириб, Шобдан унга тўрт қанотли юрт қурдириб беради ва олтита қўй билан битта байтал совға қилади.
Эсимда қолган яна битта воқеа бор.
Оқ подшонинг босқинчилик сиёсатига қарши бош кўтарган ва «Олой маликаси» деб ном қозонган Қурмонжон додхоҳни рус армиясининг генерали Скобелев асир олади.
—Болаларинг қаерда? — деб сўрайди генерал.
—Дарахт қўлингизда турибди, унинг шох-шаббалари қаёққа ҳам кетарди? — деб жавоб қайтаради матонатли аёл.
Қурмонжон додхоҳнинг иродасини букиб, бўйсундиришга кўзи етмаган генерал асирани қўриқлаш учун ўттиз нафар соқчи тайинлайди.
Шунда Шобдан ботир аёлнинг ёнини олади.
— Агар Қурмонжон додхоҳ қочиб кеса, унинг ўрнига мени отиб ташлайсиз, — деди ва аёлни асирликдан қутқаради.
1909—1911 йилларда ўзи туғилиб ўсган Чўнг Кемин туманида Шобдан «Шодмония» номли мадраса очади. У ерда қирғиз, қозоқ, ўзбек, рус болалари савод чиқарадилар. Кейин уларни ботир Олмаотадаги, Пишпекдаги ўқув юртларига шахсан жойлаштириб қайтади.
Ёши бир жойга етиб, ҳаёт тажрибалари билан ақли тўлишган ботир ўз фарзандларига бундай деб васият қилади:
— Мен манапларнинг охиргисиман. Лекин, сизлар бу мартабага кўз тикманглар. Ўша мартаба орқасидан келадиган бойлик ҳам, шон-шуҳрат ҳам ўткинчидир. Ишонаверинглар, бу дунёда деҳқончилик қилиб, ҳалол меҳнат билан кун кўришдан яхшиси йўқ.
Айтматов. Қоида бўйича, тарих ҳужжат ёрдамида тасдиқланиши керак. Бизнинг халқларимизнинг ҳаёти кўпинча афсонавий тус олиб кетади. Ўша ҳодисаларга замондошлар билан авлодларнинг муносабати шунда билинади. Ҳодисаларнинг моҳияти ва уларга берилган халқнинг баҳоси бизга шу тарзда етиб келади. Мисол тариқасида яна Шобдан тўғрисидаги афсонага мурожаат этишимиз мумкин. Кексаларнинг эслашича, 1912 йили Шобданнинг юртида машҳур ботирнинг хотирасига бағишланиб элга ош тортилади. Олатовнинг жанубий ва шимолий этакларидан жуда кўп меҳмонлар таклиф этилади. Қозоқ ва қирғиз халқининг муносиб вакиллари ҳар томондан ёпирилиб келаверадилар; отларнинг туёғидан кўтарилган чанг-тўзон водий осмонини қоплайди. Шобданни тириклик пайтида самимий ҳурмат қиладиган Жамбул икки биродари — Кенен ва Умбатали билан биргаликда бир кун олдин етиб келади. Ғала-ғовур, бақир-чақир кўтарилган пойга ҳам ниҳоясига етиб, айтишувга навбат берилади. Оломон орасидан ҳар бир халқнинг биттадан оқини ўртага чиқиб, айтишув мусобақасида ўз маҳоратларини намоён қила-дилар. Чорпахил бийлар ва кеккайган манаплар ёғли қази-қарталарни еб, хуштаъм қимизларни симириб ўтиришади. Қозоқ оқини Умбетали Қорибоев сайроқи кўҳна дўмбирасини қўлига оладию қирғизлар билан қозоқларнинг чамбарчас дўстлигини, Шобданнинг йиллар оша ўсиб бораётган шон-шуҳратини мадҳ этиб, куйлай бошлайди. У Тўқтағул шаънига ҳам офаринлар айтади. Тўқтағул номи қулоғига чалиниши биланоқ битта бекнинг афт-башараси тиришади.
— Овозингни ўчир! — деб ўшқиради у. Сўнг Жамбул билан тиззасини тиззасига текизиб ўтирган Тўқтағулга ўгирилиб: — Эй, қочоқ, юртдан йўқол! — деб қичқиради. Шу йўсин Сибир сургунидан қочиб келган буюк оқинни шарманда қилмоқчи бўлади.
Айтишларича, шу пайт Жамбул багоят газабланиб кетади.
— Эй, тақсир! — дейди у кеккайган маҳмадонага қараб. — Шобдан нафақат қирғизларнинг, балки қозоқларнинг ҳам чин фарзанди эди. У бизга жуда кўп яхшилик қилди. Менинг қаватимда ўтирган Тўқтағул ҳам икки халқнинг бойлиги ҳисобланади. Шундоқ бўлгач, улардан бирини кўкларга кўтариб, бошқасини тупроққа қориб ташлаш мумкинми? Ёки бизнинг орамизда улуғ фарзандлар тиқилиб ётибдими? Тўқтагулга ўхшаган оқинларни қозоқ ёки қирғиз аёллари юз йилда бир марта туғса туғади, бўлмаса туғмайди! Агар бундан кейин ҳам Тўқтағул тўғрисида ёмон гап айтилса, мен маъракани ташлаб чиқиб кетаман!
Оқиннинг адолатли сўзлари Шобдан авлодларини қойил қолдиради: улар Жамбулнинг елкасига зарбоф чопон ташлайдилар ва гижинглаб турган оқ арғумоқ совға қиладилар.
Шундан сўнг Жамбул бундай дейди:
— Менга кўрсатган иззат-ҳурматларинг учун катта раҳмат. Лекин, мен бу совға-саломларни Сибирдан қайтиб келган Тўқтағулга топшираман.
Шу сўзларни айтиб, қозоқ оқини совғаларни Тўқтағулга топширади. Жамбулнинг саъй-ҳаракатлари дўстининг обрў-еътиборини аймоқлари ўртасида янада ошириб юборади.
Шохонов. Ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган Жамбул умрининг охирида овулдошларини, қариндош-уруғларини, невара-чевараларини бошига тўплаб, уларга шундай васият қилибди:
— Мана, сизлардан рози-ризолик сўрайдиган пайтим ҳам етиб келди. Кўнглим сезиб турибди, тезда нариги дунёга жўнайман. Кечаси туш кўрдим: менга Сарибой сурнайчи қолдирган қизил арслон гўё остонамни тарк этиб, Олотовнинг жанубий тизмалари — қирғизлар томон йўл олди. Уни уч марта чақирдим, лекин қайрилиб қарамади... Ўлганимдан сўнг мени ўзим барпо этган боғ ичига дафн этинглар.
Нақл қилишларича, ҳар қандай машҳур ботир ёки оқин умрининг охирида шундай ғаройиб туш кўравермас экан. Фақат айрим зотларгина бундай шарафга муяссар бўларкан. Йиртқич ҳайвон ёки бошқа бир жонлиқ тимсолида инсонни балолардан асрайдиган фаришта келар экан. Бизни бирор нарсадан огоҳ этиш ёки кулфатдан сақлаб қолиш учун доим тушимизга фаришта кирар экан. Масалан, қўнғироқдай овози бўлган Қозибекнинг тушига фаришта бир жуфт бўри тимсолида, Кампирбой оқиннинг тушига чипор ўрдак тимсолида, Жамбулнинг тушига эса қизил арслон тимсолида киради.
Жамбулнинг невараси бўлмиш ёзувчи Нағашибек Қўполбековнинг ҳикоя қилишича, Сиз ўғлингиз Асқар билан бир марта оқиннинг овулига меҳмон бўлиб борганингизни кўрган экан. Сиз ўшанда, миллий анъанамиз бўйича, ўғлингизни Жамбулнинг боғидаги азиз жойга юмалатиб, мақбара билан ўраб қўйилган оқин мозорига сажда қилган экансиз.
Айтматов. Ёшлигимда битта оқсоқолдан эшитганим қизиқ воқеани гапириб бераман. Жамбул ўлган пайтда жаноза хабари Қирғизистонга етиб келмайди. Афтидан, ҳукумат тизимида ишлайдиган амалдорлардан бирови бу ҳақда хабар беришни унутиб қўяди, шекилли. Фақат марҳумнинг руҳига бағишлаб берилаётган худойи куни — «еттиси»га қора терга ботган учта отда Алимқул бошлиқ қирғизларнинг машҳур оқинлари кўзда ёш билан ўкириб кириб келишади.
— Оҳ, оғамизнинг туғишганлари! — деб йиғлаганларича тўпланган одамларга қўлларини чўзадилар. — Наҳот, Жамбул фақат қозоқларники бўлса? Наҳот, у фақат қозоқ халқининг фахри, миллий ғурури бўлса? Қандай қилиб уни қирғизларсиз ерга кўмдиларинг? Юрагимизда ўчмас доғ қолдирдиларинг-ку, биродарлар! Қани, бизга қабрини кўрсатинг: қирғиз халқи номидан мозорига бир сиқимдан тупроқ сепмоқчимиз!— Кейин оқинлар бирин-кетин дўмбираларини қўлларига оладилару ҳеч қандай тайёргарликсиз куйлай бошлайдилар.
Халқ уятдан ўз ёғига ўзи қовурилади. Гина-кудуратда жон борлигини ҳамма билади. Одамлар ер чизиб қоладилар. Шу пайт оломон орасидан дўмбирасини кўтарганча Умбетали Қорибоев чиқиб келадию йиғилганларга юзланиб, айтимини бошлайди. У қозоқлар билан қирғизларнинг қадимий дўстлиги тўғрисида куйлайди, Жамбулнинг сўзларини эслатади: «Суякларим қозоқларники, этим қирғизларники» Икки қардош халқ ўртасига ярамас амалдорларнинг калтафаҳмлиги туфайли нифоқ тушмаслиги керак, дейди у айтимда. Улар жаноза хабарини етказишлари лозим эди, лекин хабар бермадилар, дейди у айтимида. Айтимини тугатгач, оқин бутун қозоқ халқи номидан қирғиз қардошларидан узр-маъзур сўрайди. Сўнг, қирғиз оқинларининг пойига қалпоғини, чопонини, белбоғини ташлаб тиз чўкади, бошини эгади.
Ҳақиқий биродарлар қувончли кунларда ҳам, мусибат пайтида ҳам бир-бирига содиқ бўладилар. Юрагида оғир тош билан маъракага келган нуфузли уч қирғиз қозоқларнинг самимий афсус-надоматларини кўришгач, отдан тушадилар-да ўз айтимларида бошларига тенгсиз мусибат тушган биродарларига чин дилдан ҳамдардлик изҳор этадилар.
Биродарлик бундан ортиқ бўладими?
Миллий табиатимизда насрийликка, кўтаринки сурурга мойиллик бор. Бу ўз ҳолича гўзал. Афсоналар ширин бўлади, жозибадор бўлади. Лекин, кўтаринкилик қолипига сиғмайдиган қайсар, заҳархандали шахслар ҳам бўлади. Шундайлардан Райҳон Шукурбеков билан Мўйдин Алибоевни кўриб қолганман. Улар ўзига хос сатирик йўналишдаги кишилар эди. Янглишмасам, сизларда Бовуржон Момишули шундай бўлса керак.
Шохонов. Бўлмасам-чи! У қозоқ халқидан чиққан ноёб истеъдод. Менимча, собиқ Совет Иттифоқида айнан унга ўхшаш фожиали ҳам бахтли тақдир эгасини камдан-кам учратиш мумкин. Момишули ўзи ҳақида: «Ҳарбий соҳада ҳам, ёзувчилик соҳасида ҳам мен полковник даражасида қолдим», деган эди.
Бовуржон тўғрисида Азилхон Нуршаихов «Ҳақиқат ва афсона» номли ажойиб китоб ёзган. Ўша китобда жуда кўп қизиқ маълумотлар бор. Жумладан, Момишули Улуғ Ватан урушида мисли кўрилмаган қаҳрамонлик, жонбозлик намуналарини кўрсатади ва ҳаёт пайтидаёқ афсонавий қаҳрамонга айланиб кетади. Уни уч марта Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига тавсия этадилар. Аммо, барибир унга юксак мукофот берилмайди. Кейинчалик у ҳарбий академияда генералларга дарс беради-ю, лекин ўзи полковник даражасидан юқори кўтарилмайди.
Сизнинг дўстларингиздан бири — ёзувчи Тоғай Ахтанов Бовуржонни сўнгги йўлга кузатаётган дамларда қабр устида нутқ сўзлаб, бундай деди: «У қолипланган замонда қолипларга сиғмасдан яшади!» Бу сўзлар оғиздан-огизга ўтиб юрадиган иборага айланиб қолди.
Дарҳақиқат, Бовуржон Шўро тузумининг темир қолипларига сиғмади. У ўз табиатига монанд ҳаёт кечирди. Бовуржон қатъиятли, муросасиз шахс эди. Доим ҳақиқатни бетга айтарди. Натижада ҳалол унвонларидан, мартабасидан маҳрум бўлиб қоларди. Маълумки, фақат тинчлик замонида эмас, балки уруш йилларида ҳам кўплаб адолацизлик рўй берарди. Момишули 272 бора ўз аскарларини жангга кўтаради ва ҳар гал ғалабага эришади. Унинг жасорати Улуғ Ватан уруши саҳифаларини безаб турибди. Ахир, бир қатор хорижий давлатларнинг ҳарбий билим юртларида Момишулининг тажрибалари махсус ўрганилаётгани бор гап-ку!
Айтматов. Жамбулдаги зооветеринария техникумида таҳсил кўриб юрган йилларим А. Бекнинг «Волоколамск йўли» китобини ўқиган эдим. Ўшандан сўнг Бовуржонни яхши кўриб қолганман. Ўзининг жасорати, букилмас иродаси, қайсарлиги туфайли, мана, бир неча авлод олдида обрў-еътибор қозониб келаётир. Доим ҳайрон бўламанки, мана шундай машҳур қаҳрамон бизнинг орамизда яшарди. Ишончим комилки, қадимда ўтган барча ботирлару паҳлавонлар ҳам халқ орасида оддийгина ҳаёт кечирганлар.
Албатта, у пайтлари Ленин мукофотига сазовор бўлган кунларим Бовуржондан самимий табрик телеграммаси оламан деб асло хаёлимга келтира олмасдим. Кейинчалик биз гоҳ Москвада, гоҳ Олмаотада бир неча марта чин кўнгулдан суҳбатлашдик. Эсимда, бир гал мен уни Арбат кўчасида учратиб қолдим.
— Менга қара, Чингиз, камина тўғрисида халқ орасида 120 вагон миш-миш юрибди. Ўшандан 1 вагони ҳақиқат, 119 вагон эса ғирт ёлғон. Сенга ҳақиқатдан ҳам бўлиб ўтган бир воқеани гапириб бераман. Фидел Кастронинг шахсий таклифига биноан бир марта Кубага бордим. Қорачадан келган битта гўзал қиз ҳузуримга югуриб келди-да: «Полковник, ёшлигимдан буён сиз тўғрингизда шунчалар кўп китоб ўқиганман-ки, аллақачон сизни севиб қолганман. Агар хоҳласангиз, сизга турмушга чиқаман, сиз билан юртингизга кетаман!» деди тортинмасдан. «Яхши қиз, қозоқларда бир мақол бор, қизларнинг хаммаси яхши бўлади-ю, ёмон хотинлар қаёқдан пайдо бўлар экан?» дейдилар.
Сен менинг феъл-атворимни умуман билмайсан. Агар билганингда борми, ҳеч қачон бундай гапларни менга айтмаган бўлардинг», деб жавоб қайтардим. Агар ташаббус ўзидан чиққан ўша қизга уйланиб, уни юртимга олиб келсам, ўзим ҳақимдаги миш-мишлар 200 вагондан ҳам ортиб кетарди, — деди полковник.
Биз чин юракдан қахқаҳа отиб юбордик.
Шохонов. Бир марта Момишулининг Чимкентга келгани ҳали-ҳали эсимда. У пайтлари «Лениншил жас» республика газетасининг жанубий вилоятлар бўйича мухбири бўлиб ишлардим. Эндигина 22-23 ёшга киргандим. Зиғирдек янгиликка ҳам маҳкам ёпишиб, ҳар куни газетани ўз мақолаларим билан бўмбардимон қилардим. Кунларнинг бирида газета муҳарририга Сиз яхши танийдиган ёзувчи Шерхон Муртазо қўнғироқ қилади. Дарвоқе, унинг ажойиб таржималари боис Сизнинг асарларингиз қозоқча сўйлаб юборганди.
— Бовуржон Сариёғоч курортига дам олгани кетяпти. Эртага эрталаб поездда у Чимкентга етиб боради. Вилоят раҳбарларини огоҳлантириб қўйгин; уни яхшилаб кутиб олишсин. Ўзинг ҳам улар билан бирга кутиб олгани чиққин, — деб топшириқ берди менга муҳаррир.
Зудлик билан телефонда вилоят партия қўмитасининг котиби Сулаймон Задинга боғландим ва Момишули ташриф буюраётганини хабар қилдим. Бирмунча фурсат ўтгунча трубканинг нариги тарафидан садо чиқмай қолди.
— Мухтор, — деб уфф тортиб юборди котиб. — Ўтган йили бизнинг ботиримиз одамлар олдида Мени шарманда қилган. Ундан кўнглим қолган. Унинг йўлига пешвоз чиқмаганим маъқул, шекилли. Мени зарур иш билан қўшни туманга жўнаб кетган, деб айтгин. Лекин, бу гап орамизда қолсин. Сенга вилоят партия қўмитасининг машинасини бераман. Менинг номимдан Сипатаев номидаги мактаб директорига қўнғироқ қилгин: Момишули ўша мактабда ўқиган. Пионерлар гул кўтаришиб, Бовуржонни кутиб олгани чиқсинлар.
Энди ўзимнинг юрагимга ғулғула тушиб қолди. Ботирнинг хурмача қилиқлари тўғрисида кўп эшитгандим. Агар бирор нарса ёқмаса, ундан шафқат кутмаслик керак. У ҳар қандай кишининг пўстагини қоқиб қўйиши мумкин: амалига, номига қараб ўтирмайди. Ахир, «Волоколамск йўли» асарини ёзган машҳур ёзувчи Александр Бекнинг ўзига: «Агар китобда заррача ёлгон бўлса, қўлингни синдираман!» деб дагдаға қилган одам ҳеч кимдан ҳайиқмасди-да!
Ғалаба кунига Бовуржондан интервю олиб келиш тўғрисида топшириқ берилган битта журналист: «Яхшиси, зоопаркка бориб, йўлбарснинг бошини силаб келишга жўната қолинг! Лекин, Момишули ҳузурига асло бормайман!» деганига шахсан гувоҳ бўлганман.
Халқ орасида оғиздан-оғизга ўтиб юрадиган бир воқеа бўлган экан. Маълумки, у пайтлари ёзувчилар бошқаларга нисбатан анча яхши яшардилар. Ҳатто ўртамиёна ёзувчи ҳам бир йилда китобини босмадан чиқариб олса, қалам ҳақига бемалол машина харид қилиши мумкин эди. Одатда, ҳар йили қўшни республикалардан Ёзувчилар уюшмасига машина харидорлари ёпирилиб келишарди. Улар олди-сотдига уқуви йўқ ёзувчилардан арзонгаровга машина харид қилиб, кейин янги рангга бўяб сотишни ва мўмай фойда кўришни режалаштирардилар. Бир ёз фаслида ўшандай учарлар яна тағин бизнинг атрофимизда гирдикапалак бўлиб қолишди. Ишбилармонларни калака қилиш ниятида ёзувчилардан бири: «Эшитишимча, Бовуржон ўз аравасини сотмоқчи бўлиб юрибди», деб шипшитиб қўйди. «Ростданми?» деб сўради харидор ишонқирамай. «Боринг, у билан гаплашиб кўринг. Агар кўнглини топсангиз, машинасини текинга ҳадя этиб юбориши ҳам мумкин. Момишули ниҳоятда сахий инсон», деб харидорларни руҳлантирди бояги ҳазилкаш. Мазахўрак бўлиб қолган икки харидор омадлари чопганидан суюнишиб, ботирнинг уйига жўнаб кетдилар.
Харидорлар етиб борган пайт Бовуржон эндигина нонушта қилиб, елкасига чопонини ташлаганча бамайлихотир газеталарни ўқиб ўтирарди. Кутилмаганда эшик қўнғироғи жиринглаб қолади. У эшикни очиб, икки бегона кишини квартирага таклиф этади. Уларнинг афт-башарасини илк бор кўриб турган бўлса-да, миллий анъанага мувофиқ меҳмонларни уйга олиб киради.
— Эй хотин, қозонни осиб юбор! — деб қичқиради ботир ошхона томонга қараб.
Меҳмонлар ялтоқланадилар. Тик турганларича нима мақсадда келганларини тушунтира бошлайдилар. Бовуржон шу заҳоти уларнинг гапини бўлиб:
— Шошманглар! — деб қўл силтайди. — Қозоқларнинг одатига кўра, аввало, меҳмон унга атаб пиширилган овқатни тановул қилиши керак. Иш тўғрисида кейин гап бўлади.
Ҳамма дастурхон теварагига ўтиради. Дўстона вазиятда чойхўрлик қиладилар. Чойдан сўнг дастурхонга бешбармоқ келтирилади. Тамадди қилишгач, ўрниларидан туришиб, қўлларини ювадилар. Кейин иш тўғрисида гап бошлайдилар.
— Мана, энди ишга ўцак ҳам бўлади, — деб рухсат беради Бовуржон. У бемалол сигарет чекиб ўтирарди.
Шу пайт меҳмонлардан бирови тавозе билан ўрнидан туриб, минғирлайди:
— Эшитимизга қараганда, Сиз машинангизни сотмоқчи экансиз... Айтишларича, Сиз умуман машина минмас эмишсиз... Биз машинангизни сотиб олишимиз мумкин...
Ўз табиатига кўра ниҳоятда сахий бўлган Момишули олди-сотдига мутлақо уқувсиз эди. Умрида ҳеч қачон савдо билан шуғулланмаган, бундай ишни ўзи учун иснод деб биларди. Гап нимадалигини билгач, бирдан миясига қон тепади. Ўрнидан сапчиб туриб, стол ғаладонидан тўппончасини чиқаради.
— Туринглар! — деб қичқиради. Анави азаматлар сапчиб ўрниларидан туришадию дир-дир титрашганча миқ этиб оғиз очолмайдилар. — Ётинглар! — деб буюради ботир.
Тўппонча ўқталиб турган кишидан яхшилик кутиб бўлмасди: қўрқувдан эс-ҳушини йўқотаётган меҳмонлар ғазаби жўшиб кетган хўжайин буйруқларини сўзсиз бажарадилар. Қирқ марта ўтириб-турадилар. Сўнг яна полга ётадилар.
— Орқага бурил! — деб буйруқ беради хўжайин. — Марш! Сенларга сотганимдан кўра, ўша машинамни ёқиб юбораман!
Бовуржон тўғрисида шунга ўхшаш гапларни жуда кўп эшитгандим. Шу боис, табиийки, пионерлар билан уни вокзалда кутиб олишдан юрагим пўкилларди.
Ўша пайтлари жанубда Норбой исмли ниҳоятда ўжар, тили заҳар оқин яшар эди. У менга бир неча бор, Бовуржон яқин қариндошим, иним десам ҳам бўлаверади, шу кунгача ҳеч қачон гапимни ерда қолдирмаган, деб мақтанган эди. Бошқа иложим қолмагач, Норбойга сим қоқдим.
—Оға, Сиз Бовуржон Момишулини танийсизми? — деб сўрадим саломаликдан сўнг.
—Намунча авжинг суст? — деди у. — Мен қандай қилиб уни танимас эканман? Ахир, иним бўлади-ку!
—Жуда зўр! — дедим суюниб. — Эртага Момишули «Москва — Олмаота» тезюрар поездида Чимкентга келади. Уни биргалашиб кутиб оламиз. Сизни ўзим машинада олиб кетаман.
Трубкани жойига қўйиб, енгил тин олдим. Энди хавфсирамасам ҳам бўларди. Биринчидан, билардимки, Бовуржон оға кексаларни жуда ҳурмат қиларди. Иккинчидан, ростдан ҳам улар Норбой билан қариндош бўлишлари мумкин. Бироқ, Момишули ҳеч қачон гапимни қайтармаган деган сўзлар каминада Норбойга нисбатан андак шубҳа қўзғаганди. Чол мақтанган бўлса керак, деб ўйладим.
Эрталаб Норбойни машинага ўтқазиб, вокзалга йўл олдик. Вокзалда уч нафар пионер гул кўтариб туришган экан. Уларнинг ёнида мактаб завучи Жумагул Сарсенов бор эди. Тез орада жадвал бўйича перронга тезюрар поезд келиб тўхтади. Мана, Момишулининг ўзи ҳам зинапоядан тушди. Кўриниб турардики, у ростдан ҳам дам олмоқчига ўхшарди: гимнастёрка кийган икки аскар бир жуфт катта жомадонни ботирнинг ёнига келтириб қўйдилар.
Одат бўйича, меҳмон билан аввал орамиздаги энг кекса киши — Норбой сўрашди. Афтидан, улар яқин танишдек туюлди. Кейин Бовуржон билан Сарсенов кўришди ва ҳайрон бўлиб турган пионерларни туртиб, уларни ботир томон жўнатдилар. Мен ҳам Бовуржон билан ҳурматини жойига қўйиб салом-алик қилдим-да, жомадон томон кетдим. Бовуржон кулумсираб пионерларни ўпиб, гуллар учун миннатдорлик изҳор этди. Сўнг машина турган жойга қараб юрдик.
Шу чоғ Норбой:
— Бовуржон, келинимизни нега олиб келмадинг? — деб қўқис сўраб қолди.
Ботир ўзини эшитмаганга солди. Ортидан эргашиб бораётган Норбой саволини такрорлади.
— Бовуржон, келинимизни нега олиб келмадинг?
Бу сафар ҳам ботир ўзини эшитмаганга солиб, йўлида давом этди.
Машина ёнига яқинлашиб қолдик. Ҳамон Бовуржоннинг орқасидан ёпишқоқ елимдай эргашиб келаётган Норбой бояги саволини учинчи марта қайтарди. Шундан сўнг Момишули жойида таққа тўхтади. Қошларини уюб олди, мўйлови тарвақайлаб кетди.
— Қари чўчқа, келинни нима қиласан?! — деди ботир тишларини ғичирлатиб.
Норбой титраб, ранги оқариб кетди.
— Йў-ўқ... шунчаки... қариндошларини кўриб кетарди-да, — деди кўзлари билан ер сузиб.
Кутилмаганда жанжал чиқиб кетишидан ростакамига саросимага тушиб қолдим. Xайрият, жанжал давом этмади. «Восход» меҳмонхонасига омон-есон етиб бордик. Бовуржон менга паспортини берди. Олдиндан унга махсус хона ажратиб қўйилганди. Xонани расмийлаштириш учун навбатчига ҳужжатни узатдим.
Ростини айсам, Момишулининг паспортини кўриб оғзим очилиб қолди: шу қадар титиги чиқиб кетганди-ки, қоқ ўртасидан икки ажралиб, сурат ўрни бўм-бўш эди.
Орадан бирмунча фурсат ўтказиб, хонага кириб бордим. Момишули билан Норбой бамайлихотир суҳбатлашиб ўтиришарди. Мен обрўйимнинг борида бу ердан яхшиликча жуфтакни ростламоқчи бўлардим-у, лекин жўяли бир баҳона тополмасдим. Ниҳоят, энди оғиз очишимни биламан, бирдан ботирнинг гулдурак товуши эшитилди:
— Эй бола, пастда — биринчи қаватда ресторан бор. Тушундингми?
— Тушундим, — дедим.
— Тушунган бўлсанг, бориб бирор нарса буюриб қўйгин. Менинг ҳисобимдан. Биз манави чол икковимиз бирпас туриб борамиз.
Ресторанга кириб, марказий столлардан бирини эгалладим. Сўнг, официанткани чақириб, ҳозир бу ерга Бовуржон Момишули тушлик қилгани келади, деб тушунтирдим.
— Ҳа-а, анави инжиқ чолми? — деб бирдан официантка саросимага тушди ва шу заҳоти тайёргарликни бошлаб юборди.
Бир дақиқадан сўнг столга яп-янги оппоқ дастурхон ёзилди. Буюртмани ҳозирлаш учун официантка ошхонага равона бўлди.
Кўп ўтмасдан Бовуржон билан Норбой ресторанга кириб келдилар. Афтидан, иккови ҳам мамнун, қувноқ кўринарди. Орадан бир қанча вақт ўтгач, бизнинг қаватимизга Жумагул Сарсенов ҳам қўшилди. Ҳар хил таомлар уюб ташланган дастурхон теварагида Момишули бир оз ёзилиб, ўтган йили Иссиқкўлда қандай хордиқ чиқарганини сўйлай бошлади. Лекин, шу пайт бизнинг столимизга чорпахил бир киши яқинлашиб келди. Билишимча, у Сузоқ туманидаги битта совхознинг директори бўлиб ишларди. Чорпахил қадамини секинлатмасдан келиб Норбойнинг қўлларини сиқди. Стол теварагида ўтирган одамлар жимиб қолишди.
— Ассалому алайкум, Норбой оға! Эшитишимча, яқин бизнинг совхозга борган экансиз. Кечирасиз, ўша пайтлари мен йўқ эдим. Яна биз томонларга боринг, кутамиз, — деб вайсарди у. Xудди канадай ёпи-шиб олди. Бизга умуман эътибор бермасди.
Бўпти-бўпти, бораман, — деб бошини силкитиб розилик берди Норбой. Яна-тағин ботирнинг ғазабига дучор бўлмаслик учун ёпишқоқ мухлисидан тезроқ қутилишни истарди.
—Наке, илойим, соғ-саломат бўлинг! — деб ниҳоят Норбойнинг таниши орқасига бурилиб эшик томон йўналди.
—Эй, йигит! — деб баланд товушда уни Бовуржон чақириб қолди.
Директор столимиз ёнига қайтиб келди.
—Менинг исмим Бовуржон Момишули. Айтчи, бир дастурхон атрофида ўтирган одамлардан фақат биттаси билан салом-алик қилишни қайси ота-бобонгдан ўргандинг?
—Ў-ў, илтимос, кечиринг! — деб ўзини йўқотиб қўйди йигит. Ўзини қўярга жой тополмай қолди. — Наҳотки, ўша киши сиз бўлсангиз?
—Бу киши совхозларимиздан бирининг директори бўлади, — деб вазиятни юмшатмоқчи бўлди Норбой.
Момишули унинг гапини шарт кесди-да:
— Дастлаб, ўзини тарбиялаб олсин, кейин бошқаларга раҳбарлик қилади. Марш! — деб буюрди директорга. Беихтиёр мўйловини қимирлатди.
Яна бирпас ўтириб, тушликни тугатдик. Ўзим ҳисоб-ҳитоб қилмоқчи бўлдим. Лекин пулим етмасди. Шунда ҳужжатларимни қолдириб, қарзимни тўлаганимдан сўнг қайтариб олишга қарор қилдим. Шу ниятда энди чўнтагимга қўл солган эдимки, Момишули дарҳол тўхтатди.
— Эй бола, чўнтагингни пайпасламасдан жимгина ўтир! Ҳеч қачон, ҳеч қаерда меҳмонларимга менинг ҳисобимдан ҳисоб-китоб қилишларига йўл қўймаганман, — деди ботир.
Официанткани чақириб, ҳисоб-китоб қилишни сўради. У негадир саросимага тушиб, ўзини тетик тутишга уриниб кўрди: кўзларини сузди, белидан пастроғини ўйнатди, сўнг қандайдир суммани айтди. Бовуржон пулни қўлига тутқазди-да:
— Мен сизнинг куёвингиз эмасман! — деди кескин оҳангда. — Рўпарамга келиб қилпиллашнинг асло хожати йўқ! Марш! — Юраги ёрилаётган шўрлик аёлнинг ортидан ўқрайиб қараб қолди.
Айтматов. Момишули ўз халқининг эркатой фарзанди эди. Табиатан мураккаб, нотекис бўлишига қарамасдан, кексаларни ҳурмат, ёшларни иззат қилишни ҳам биларди.
Шохонов. Эртами-кечми, адолат барибир тантана қилади. Улуғ Ватан уруши тугагандан сўнг, орадан деярли эллик йил ўтгач, Нурсултон Назарбоев Москвага бир неча марта мурожаат этгач, ниҳоят, Бовуржон Момишулига Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди. Бу қувончли ҳодисани бутун Қозоғистон халқи шод-хуррамлик билан кутиб олди.
Илтимосимга биноан битта қозоғистонлик рассом оқ арғумоқ миниб, қўлига найза ушлаб турган Момишулининг расмини чизди. Расм остига мен мўъжазгина шеър ёзиб берганман. Ўзимнинг камтарин совғамни Ўролжон Масатбоев орқали Момишулининг чироғини ёқиб ўтиришган ўғли Баҳитжон билан ботирнинг келини Зайнабга тортиқ қилдим. Бу менинг ботирнинг ўлмас хотирасига ҳурматимнинг кичик бир белгиси, холос. У ғаройиб инсон эди, феъл-атвори ҳам бетакрор эди.
Айтматов. Эсингдами, Талас водийсида «Манас»нинг 1000 йиллигини нишонлаш учун кетаётган пайтимиз йўл-йўлакай Жамбулнинг устидан ўтган эдик? Ўшанда шаҳарнинг энг кўркам мавзесида нақд икки қаватли уй баробар баландликда Момишулининг оғиздан-оғизга кўчиб юрадиган иборалари ёзиб қўйилганини кўрган эдик. Бунинг ташаббускори — ўша пайтдаги вилоят ҳокими Ўмрбек Бойгелди эди. Билмадим, кўзимиз илгарги ўткинчи шиорларга ўрганиб қолгани учунми, ўша ёзув бизга бағоят ёқимли кўринганди.
Шохонов. Бир куни Қозоғистоннинг Бишкекдаги элчихонасига америкалик олим Ден Приор ташриф буюрди. Ўртамизда қизиқарли суҳбат бўлиб ўтди. У: «Чўқон Валихонов Қирғизистонга сафари чоғида ёзиб олган «Манас»нинг «Кўкатойхон жанозаси» бўлимига яқинда 140 йил тўлади. Шубҳасиз, бу воқеанинг жуда катта илмий аҳамияти бор. Шунга қандай тайёргарлик кўряпсизлар?» деб сўраб қодди.
Ростини айсам, бу савол каминани уялтириб қўйди. Океан ортида яшайдиган америкалик йигит Чўқоннинг илмий меросига ниҳоятда қизиқиб, уни ҳурмат қилиб бу ерга келганди. Суюкли олимнинг йлмий ишларини, ўз қўли билан чизган расмларини яхшироқ идрок этиш мақсадида Иссиқкўл соҳилларини яёв кезиб чиқибди, Чўқон юрган йўллардан Қизил Ўнгур бўйлаб ўтибди, Манас чўққисига чиқибди, Тўп дарасини суратга туширибди.
Айтматов. Чўқон ёшлик пайтидаёқ қаҳрамонлик қилган. Тўғри, «Манас» жамики туркий халқларнинг миллий ифтихори ҳисобланади. Лекин, унинг ҳақиқий ижодкорлари қирғизлардир. Чўқон биринчи бўлиб уни Европага таништиради. Ўша пайтлари бу ҳодиса «Миср эҳромлари»нинг кашф этилиши билан баробар бўлади. Шундай эмасми?
Шохонов. Тўғри. Чўқон Иссиқкўлга сафари чоғида Тўп дараси этакларидаги яйловда бир қирғиз оқинининг меҳмони бўлганини кўпчилик билмайди. Ўз кундалигида қуйидаги сўзларни ёзиб қолдирган: «Бугун мен қирғиз оқини ҳузурида бўлдим. Унинг оғзидан «Манас»нинг бир парчасини ёзиб олдим. «Кўкатойхон жанозаси» деб аталади. Назаримда, бу қирғизларнинг қоғозга туширилган биринчи сўзлари бўлса керак. Ҳозир эпосни рус тилига таржима қиляпман. Шарқни ўрганаётган ва маҳаллий тилларни билмайдиган олимларга ёрдам бўлиши учун мухтасар луғат тайёрламоқчиман». Чўқон ёзиб олган «Кўкатойхон жанозаси» рус тилига таржима қилиниб, Россиянинг Жўғрофий Император жамияти илмий кенгашига 1861 йилда тақдим этилади. Бу иш академик П. П. Семёнов-Тяншанский раҳбарлик қиладиган рус олимлари томонидан муҳокама қилинади. Кейинчалик ўша илмий кенгаш тўғрисида Н. И. Веселовский деган олим тўлқинланиб бундай деган эди:
«Чўқон рус тилидан омилкорлик билан фойдаланади. Лўнда иборалар билан теран маъноларни ифодалай олган. У қирғиз эпосини бадиий жиҳатдан ёрқин таржима қилишга эришган!»
Орадан бирмунча вақт ўтгач, «Манас»нинг ўша парчаси, Чўқон Валихоновнинг қирғизлар тўғрисидаги «Жунғарияга чизгилар» номли илмий тадқиқотлари билан бйргаликда немис, инглиз, франсуз тилларида чоп этилади. Шундай қилиб, буюк олим биринчи бўлиб жаҳон жамоатчилигини «Манас» эпоси билан таништиради.
Айтматов. Нима бўлганда ҳам Чўқоннинг қисқа ҳаёти сир-асрору жумбоқларга тўла. Достоевскийнинг рафиқаси бўлмиш Анна Григоревна хотираларида мен ғалати далилга дуч келдим. Чўқон билан эскидан дўстлашиб юрган улуғ рус ёзувчиси Ф.М. Достоевский Валихонов ўлимидан кейин бир йил ўтгач, тонг саҳарда туш кўради. Гўё улар Чўқон иккови Иртиш дарёси соҳилида сайр этиб, оқимни томоша қилишиб, бир нималар тўғрисида суҳбатлашиб юришганмиш. У пайтлари Федор Михайлович бўйдоқ эди. Тақдир ундан бутунлай юз ўгиргандай туюларди. Жуда қийналади, азоб чекади. Сирдош дўсти тушига кирганини яхшилик аломати деб билган Достоевский ўша куниёқ Анна Григоревна Сниткинадан розилик сўрайди. Бу қизга кўпдан бери кўнгул қўйиб юрганди.
Нақл қилишларича, Достоевский ўша ҳодисани бот-бот эслаб, ажойиб аёл билан умр йўлдоши бўлишида ёрдам берган дўсти Чўқон олдида қарздор эканини доим такрорлар экан.
Шохонов. Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, Чўқон вафот этгач, болалиқдан бирга ўсган, бирга ўқиган дўсти Г.Н. Потанин атайлаб Қушмурунга — Чўқоннинг отаси Чингиз оға ҳузурига етиб боради. Ҳамдардлик изҳор қилади, яқин дўстидан ажралиб қолганидан афсусланади. Кейинчалик Потанин Омск ва Петербург омборларидан Чўқоннинг қўлёзмаларини излаб топади ва олимнинг илмий ишларини илк бора алоҳида тўплам шаклида нашр эттиради.
Мана, бошқа бир ҳодиса. Битта жоҳил одам мармардан қўл тегирмони ясаш мақсадида Чўқон Валихоновнинг қабри устига ўрнатилган ёдгорликнинг ярмини кесиб олади. Бу воқеа 1917 йилда рўй беради... Шу муносабат билан Чўқон ва Достоевскийнинг дўстлигига бағишланган балладамни ўқиб бермоқчиман.


Федя, дўстим, балки бу ёзмишим
сўнгги нафас, энг сўнгги нигоҳимдир,
бевафо дунёга сўнгги оҳимдир.
Оқ-қора аралаш тинар миш-мишлар,
ниҳоят, бир куни жафокаш шу эл
кузатиб қўяди энг сўнгги йўлга...
Қоронғи қабрга дадил кирганим —
умумнинг умиди менинг умидим
еканин кўришсин, тушсин даҳшатга
ёлғонлар кемирган мана шу элим.
Топилар бизларни уйғотгувчи ҳам!
Ушбу номам сенга бориб етганда
чечаклар унади менинг танамда.
Сен, эй, тутуриқсиз, беюз, беқўним
муваққат қонунлар — ёқангда қўлим,
сен, Фёдор, таянчим, юрагим қўри,
ўзингга бахшида қалбимнинг тўри.
Юртлардан оралаб оққан дарёлар
хазина келтирар, битар яралар.
Уларнинг эркини бўғмоқ мушкулдир,
князлар ҳийласи, билсанг, бир пулдир.
Қўявер, шу ҳаёт бўйин товласин.
Бизлар-да ўхшаймиз улуғ дарёга,
улуғдан кулмакка бордир кимда ҳад ?
Улуғ дарё!
Сен билан тортишади ким?
Покиза хаёллар бахш этар мавжинг.
Айбдор ким? Зоҳиру на-да ботининг
билмаган банданинг берсин додини.
Жон дўстим! Жой олгансан мудом
бағримдан, ҳасадгўй ҳар ёнда тортар барингдан.
Ўй-фикринг аллалар дунё бешигин,
сен менинг қалқоним, қалбим қўшиғи.
Орзуйим севсинлар қозоқ овули,
мен севгандай, Фёдор, дўстим, бовурим.
Уйғондим фараҳбахш нурни ҳовучлаб,
тушимда боряпсан мени опичлаб...
Ишонгим келмайди — умрим жуда оз,
ва лекин, хаёли учқур, сарафроз.
Матайнинг устида қизаради ой,
бир юлдуз титрайди, сўниб, ҳойнаҳой,
учмоқни истайди. Xаел тўзғиган...
Чўқон йўқ. Мактуб узилган.
Курашда ким ютди? Инсон ё аср?
Ғолиблик инсонга бўлди муяссар!
Кучга тўлиб, юртга қувват бахш этди,
йигирма тўққизда қайта ҳаёт бошлади...
«Олисда порлайди бир митти юлдуз».
Бостириб боради тобора кундуз...
Истеъдод бўйсунмас вақту муҳитга,
аксинча, қаритар неча асрни.
Сибирда сўрашса, албатта, эслар,
Федор Достоевский деган асирни.
Олтинамал — сор қўрғон!
Ким дўсту ким душман — ўзинг гувоҳсан.
Бағрингда ухлайди барҳаёт Чўқон,
дард тўла юракдан кўчган бир оҳсан.
Бир воқеа бўлмасайди гар
нуқта қўймоқ пайти келганди.
Гоҳида пайқамай қолганинг забар
зарни ҳам йитади, этиб бесамар.
«Чўқонга ёдгорлик қўйса арзийди!»
Рус дўстлар келди шундай тўхтамга.
Келтириб Тошкентдан тоши азимни
бир ҳайкал ўрнатди бунда Чўқонга.
Ростдан ҳам, одамнинг оласи ичда,
маразин яшириб ётади кутиб,
насабсиз бир муртад зимистон кечда
ҳайкалга чанг солди нафасин ютиб.
Синдирган тошидан ими-жимида
ясамиш уйига жозиб ёрғучоқ,
ҳаммани сўқир деб ўйлар кўнглида
тарихин унутган хотини талоқ.
Қўлдаги тошболта бошлади йўниб,
ҳайкалмас, руҳоний кўнгиллар синди.
Мўъжиза! Болтани бир четга қўйиб,
туйқусдан ингради, обдон сўкинди.
Тошболта синдирган ўткир пайраҳа
муртаднинг кўзига санчилиб ботди.
Ўтмишни ким топтаб, урса қаҳқаҳа
тарих-чи, ундайга палахмон отди.
Арғамчи солиб учди, тўлдириб кўкни
шу баҳор Матайда қишлаган қушлар.
Дўстлар кўтаради дўстнинг юкини,
питерлик жон дўстга етди хушхабар.
Федор Достоевский кўзга олиб ёш
ўйлади: қилмишга яраша қазо.
Дўстлик — бир тун узра қуёш
ва бордир дунёда жиноят, жазо.
Айтматов. Ҳар қандай эзгу ёки ёвуз ният ҳам, одамларнинг саъй-ҳаракати ҳам ҳеч қачон жавобсиз қолмайди. Жуда мағзи тўқ шеър ёзибсан. Турмушимизда учрайдиган сир-синоат биз ўйлагандан кўра теранроқ бўлади. Бу нарсани атрофлича тушунтириб бергансан.
Шохонов. Чике, эсимда бор, замонамизнинг буюк мусиқачиси Дмитрий Шостакович вафот этгач, «МузÑ‹калная жизн» журналида унга бағишланган хотираларингиз эълон қилинди.
Айтматов. Шостакович билан илк бор Москвада — Ленин ва Давлат мукофотлари қўмитасида учрашганман. Қўмитанинг кенг-мўл йўлаги бўйлаб ўзаро гаплашганча Шостакович билан Твардовский мен томонга аста-секин яқинлашавердилар. Александр Трифонович мени кўрган заҳоти Шостаковичга мурожаат этди:
— Дмитрий Дмитриевич, танишиб қўйинг, биз боя гаплашганимиз Айтматов шу киши бўлади, — деди.
Шостакович менга разм солди-да, беозоргина кулимсиради. Сўнг узатилган қўлимни аста сиқиб қўйди. Ўшандан кейин қўмитанинг мажлисларида биз доим бирга бўлдик. Шостакович қачон сўзлайдиган бўлса, сиёсий мафкура руҳи билан суғорилган асарларни орқага суриб, бадиий ижод намуналарини қўллаб-қувватларди. Бизнинг фикр-мулоҳазаларимиз ҳам, дунёқарашимиз ҳам доимо бир-бирига мос келарди.
Бир гал биз Шекспир тўғрисида гаплашиб қолдик.
—Шекспир абадиятга дахлдор. Чунки, Гамлетлар, қирол Лирлар доим бизнинг орамизда яшайдилар, — деди Шостакович. У гап ўзанини инсониятнинг шу бугунги муаммоларига қаратди.
—Сиз янги Шекспирнинг дунёга келишига ишонасизми?
—Янги Шекспир дунёга келмайди. Лекин, шубҳасиз, у билан бемалол бўйлаша оладиган даҳо туғилади.
— Мен бунга ишонмайман.
— Мен эсам ишонаман! — Шостакович шу заҳоти ўз ишончининг тўғрилигини исботлай бошлади. — Янги Шекспирнинг пайдо бўлиши учун ҳозир жуда кўп шарт-шароит мавжуд. Негаки, аввалги асрларда инсоният ҳеч қачон маънавий жиҳатдан бу қадар кучли, ҳар тарафлама ривожланмаган эди. Эртами-кечми яна битта буюк истеъдод пайдо бўладию дунёни қудратли санъат қаршисида бош эгишга мажбур қилади.
Унинг фикр-мулоҳазаларини тинглаб беихтиёр айтган гапларини тасдиқладим.
— Чингиз, — деб мурожаат этди, — сендан иккита нарсани илтимос қиламан. Биринчиси — асарларингдаги қаҳрамонларни қуршаб олган оламни кучинг етганча фалсафий жиҳатдан идрок этиш йўлига ўтгин. Иккинчиси — бу дунёда кўз очиб-юмгунингча ўтиб кетадиган умрнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билгин. Сен жамоат ишларига ҳаддан ташқари кўп вақтингни сарфлаяпсан. Ўзинг биласан, худди шу маънода мен ҳам қийналаман.
Қарама-қаршиликлардан иборат бу ҳаётда мумтоз зотнинг дўстона маслаҳатларига амал қила оламанми-йўқми, ҳаётнинг ўзи кўрсатади...
Шохонов. Дмитрий Дмитриевич билан қай йўсинда илк бор учрашгани тўғрисида Евгений Евтушенко бундай ҳикоя қилади: «1963 йилнинг баҳор пайти мусиқачи уйимизга сим қоқди. Трубкани хотиним кўтарди.
— Безовта қилганим учун узр, биз сиз билан таниш эмасмиз. Менинг фамилиям Шостакович... Евгений Александрович уйдами?
— Уйда. Ишлаяпти. Ҳозир мен уни чақираман.
— Йўғ-е, нима деяпсиз, керак эмас! Ижодий ишига ҳалақит бермайлик. Мен унга бошқа бир бўшроқ пайтида қўнгироқ қиламан, — деб Шостакович хайрлашаётган пайтда трубкани қулоғимга тутиб турган эдим.
У менинг битта шеъримга мусиқа басталамоқчи бўлиб, шунга рухсат сўрамоқчи экан. Телефоннинг ўша қўнғироги умрбод ёдимда қолди. Мулойим, ҳаяжонли товуш ҳали-ҳали қулоқларим остида жаранглайди».
Мана шу мўъжаз воқеа ҳам буюк мусиқачи нақадар улуғ инсон ва бағоят камтарин бўлганини яққол кўрсатиб турибди.
Ҳозир икки-учта шеър ёзиб қўйган айрим ёшлар сурбетлик қилиб эшикдан кириб келаверадилар. Равшанки, ишлаётган ёки дам олаётган бўлсанг ҳам уларга барибир. Ҳар қандай қилиб бўлса-да машҳур шоирнинг ўз шеърлари тўғрисидаги фикрини ёки бўлажак китобга ёзиладиган «оқ йўл»ни олмоқчи бўладилар. Баъзан тантиқ ёшларни учратиб қолсам, доим Шостаковичнинг ёрқин сиймосини, хижолатомуз жилмайишларини эслайман.
Айтматов. Бир сафар Шостакович мени Горкий кўчасидаги квартирасига меҳмонга таклиф этди. Борсам, таниқли бастакор Қора Қораев ҳам ўша ерда экан. Кенг залнинг уртасида тўртта мусиқачи Д. Шостаковичнинг «Ўн тўртинчи квартет» асарини ижро этиб ўтиришарди. Одатда, хотиржам, юзидан нур ёғилиб турадиган мулойим зот бу гал қатъиятли, диққатини бир жойга жамлаган алфозда эди. У менинг ёнимга ўтирди. Миқ этмасди. Вақти-вақти билан бошини силкитиб қўярди.
Қораев эса, аксинча, тўлқинланиб кетганидан кўзлари чақнарди, мусиқа маромига мос равишда чайқалар, ҳузур қилар эди. «Бу мусиқа нима тўғрисида?» деб сўрадим. «Аниқ тушунтириб бўлмайди, уни ҳис этиш лозим», деб лўнда жавоб қайтарди Шостакович. Созандалар мусиқани тамомлашгач: «Бу ниҳоятда буюк асар! Ғаройиб, битмас-туганмас туйғулар манбаи!» деб хитоб қилди Қораев. У чин юракдан Дмитрий Дмитриевични муваффақият билан қутлади. Ўзини қуршаб олган ҳис-ҳаяжондан лов этиб ёниб кеса керак деб ўйладим. Бастакор қутловларга жавобан тавозе билан бош эгиб қўйдию мусиқачилар ёнига бориб, қатъий оҳангда танбеҳ бера бошлади:
— Керакли даражада ижро этилмади, — деди у. — Кўп ўринларда юзаки ва унчалик ўйламасдан чалинди!
Ноқулай вазият рўй берганини сезган Қораев мусиқачиларга яқинлашиб, қаттиқ ботмайдиган иборалар билан уларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилди.
Ниҳоят, биз яна ўз жойимизга ўтириб квартетнинг давомини эшита бошладик. Шостаковични кузатиб ўтириб, кундалик ҳаётда хушмуомала, тортинчоқ бўлган инсон ижод дамларида нақадар талабчан, ҳатто шафқациз эканини кашф этдим.
Улуғ инсон ўз атрофидаги одамларда ҳам улуғвор хусусиятларни очиб юбормоқчи бўларди.
Ўша йилнинг баҳор фаслида бастакорнинг хотини Ирина Антоновна бизнинг уйимизга қўнғироқ қилиб қолди. У Дмитрий Дмитриевичнинг касали зўрайиб кетганини айтиб, беморга «Иссиқкўл томири» деб номланадиган гиёҳ топиб беришимни илтимос қилди. Бу гиёҳ Қирғизистон тоғларида ўсарди. Мен дарҳол Талас водийсида яшайдиган дўстларимдан, қариндошларимдан тоққа чиқиб, шифобахш ўсимликни топиб беришларини сўрадим. Бир ҳафта ўтар-ўтмас гиёҳ томирини келтириб беришди. Шу куниёқ томирни Москвага жўнатдим.
Орадан анча вақт ўтгач, биз Шостакович билан унинг чорбоғида учрашдик. Оқшом мароқли ўтди. Чорбоғда икки қаватли уй бўлиб, юқорига ғалати конструксия асосида қурилган лифтда чиқиларди. Меҳмондорчиликка кичик ўғлим Асқарни ҳам олиб боргандим. Шостакович ёш болани хурсанд қилиш учун уни лифт ичига олиб кирди ва қандай фойдаланиш лозимлигини кўрсатди; биргаликда бир неча марта юқорига кўтарилиб, пастга тушдилар. Ҳақиқатан ҳам, оқшом мароқли ўтди: гоҳ-гоҳ уйдан ёш боланинг қийқириб кулгани эшитилиб қолар, катталар эса ўзаро қизғин суҳбатлашар, ҳазил-мутоиба қилишар эди. Афсуски, ўша буюк бастакор билан энг охирги учрашувим экан. Аслини олганда, видолашув кечамиз ўшанда бўлган экан. Лекин, шундай бўлишини ким хаёлига келтирибди?!
Ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ажойиб уйғунликка эришган Дмитрий Шостакович турли даврларда менга иккита хат ёзган. Бу хатларни ноёб ёдгорлик сифатида архивимда сақлаяпман. Дастлабки мактубини бастакор «Алвидо, Гулсари» қиссамни ўқигандан сўнг ёзган. Иккинчи мактубини у Қўрғон вилоятидаги Илизаров касалхонасида даволанаётган пайтда йўллаган бўлиб, бошқа асарим — «Оқ кема» қиссам ҳақида завқланиб фикр билдирган. Бу унинг охирги хати эди.
Кўпинча ҳар хил хаёллар гирдобида ўзим билан ўзим ёлғиз қоламан. Ўшандай ғамгин дамлар қулоғимга Шостакович асарларидан бирининг товуши чалинса — бас, дарҳол юрагимдан илиқ тўлқин тарала бошлайди.
Шостакович оламининг асосий хусусиятлари шундан иборатки, у ҳаётга қизғин ташна эди, қалби ниҳоятда тоза эди. У рус халқининг энг муносиб фарзандларидан бири бўлиб, чексиз маънавий бойлик соҳиби, фавқулодда хайрихоҳ, бегона ва яқин кишиларга доим ёрдам қўлини узатадиган, назокатли, инсонпарвар, зилол сувдек покиза зот эди.
Бу одам шу қадар оддий эди!
Шохонов. Назаримда, ҳақиқий ижод маҳсули барча миллат вакилларига тушунарли бўлади.
Айтматов. Сен кўпинча айрим кишиларнинг дўстлигидан халқ бирлиги вужудга келади, дейсан. Шу маънода яқин ўтмишдаги адабиётимиз намояндаларининг ажойиб муносабатларини эслаб ўтиш жоиз. Улар бир-бирларини дарров соғинардилар, учрашув учун имкон қидирардилар ва қувонишиб дийдор кўришарди. Беихтиёр уларнинг муносабатига ҳавас қиласан киши. Қотмадан келган, баланд бўйли, қорача Ғафур Ғулом; камгап, бошқа одамнинг руҳий ҳолатини сезгирлик бидан илғаб оладиган Ойбек; доим кулиб турадиган, қучоқларини кенг очиб кўришадиган Собит Муқонов...
Албатта, мураккаб, қарама-қаршиликларга тўла бир замонда яшаган бундай зотларнинг ҳар бири ўзига хос муваффақиятга эришган, камчиликлардан холи бўлмаган. Эҳтимол, муайян шарт-шароитларга, одамларга тобе бўлгандирлар... Бироқ, ўз миллатларининг маънавий оламини бойитишга муносиб улуш қўшган бу зотларнинг номлари унутилса ёки ўчириб ташланса, тарихимиз устидан зўрлик қилинган, кечирилмас зарар етказилган бўлади. Улар ўртасида қарор топган дўстлик авлодлари томонидан давом эттирилди.
Кўп йиллар муқаддам Москвада — Ёзувчилар уюшмасида Ғафур Ғуломни учратиб қолдим.
— Чингиз, иним, зилзила бизга қанчалик мусибат келтирганини билсанг эди! — деб уялмасдан йиғлаб юборди.
Ўша йили табиий офат туфайли кўпгина инсонларнинг ёстиғи қуриди, Тошкент вайрон бўлди, бутун халқ бошига катта мусибат тушди. Ҳар доим катта одамнинг бошига катта мусибат ёғилади.
Шохонов. Бундай зотларнинг ҳар бир учрашуви байрам бўлиб кетади, улар ўртасидаги дўстлик афсонага айланади. Таниқли ўзбек адиби Носир Фозилов қачонлардир Собит Муқонов тўғрисидаги хотираларини «Меҳрибонлик» номи билан атаганди. Ўша хотираларда қизиқ бир воқеа эслатиб ўтилади.
Тошкентдан Собит Муқоновнинг уйига меҳмон бўлиб келган Ойбек дўстини машинага ўтқазиб, кўм-кўк ўтлоқ, боғ-роғ қоплаган Олатов этакларига олиб кетади. Табиат гўзаллигидан баҳраманд бўладилар. Сип-силлиқ қизил қоялар ёнидан ўтаётиб, машинага тормоз беради. Xарсанг тошлардан бирини айланиб томоша қилади. Табиатнинг ўзи оби-тобида сайқал берган тошдан кўзларини узолмасдан бош чайқади-да: «Гўзал! Мўъжиза!» дейди. Собит эса сир бой бермасдан Ойбекнинг ёнига яқинлашадию унга синчиков разм солиб:
—Хўш, ёқиб қолдими? — деб сўрайди.
—Бўлмасам-чи! — деб тўлқинланиб жавоб беради.
— Ундай бўлса, буни мен сенга совға қиламан. Фақат ўз номимдан эмас, бутун қозоқ халқи номидан совға қиламан. Анъанамиз бўйича арғумоққа эга бўлдим деявер.
Шундай қилиб, Медео чегарасида ётган харсанг тош меҳмонга ёқиб қолади: Собит уни совға қилади, Ойбек қабул қилиб олади. Тез орада Ойбек Тошкентга қайтиб кетади. Собит эса кейин ўша харсанг ёнига битта тоштарошни ёллаб боради. Xарсанг тошга ҳеч учмайдиган сўзлар ўйиб ёзилади:
«Бу силлиқ тошни мен Мусо Ойбекка совға қилдим. Собит Муқонули. 1962 й. З.ВИ».
Ўша куни Собит ўз ҳаётида бағоят масъулиятли вазифани адо этган кишидек кайфияти кўтаринки ҳолатда қувноқ қўшиқ айтиб уйига қайтади.
— Мен ўз ҳаётимда жуда кўп сахий одатларни кўрганман. Лекин, тоғда ётган чақиртошни совға қиладиган Собитга ўхшаш одамни асло учратмаганман, — деб тез-тез эслаб юради Ойбек.
Айтматов. Ҳазил-мутоиба билан бе-аразлик йўлдош бўлса, дунёда бундан яхшиси йўқ.
Шохонов. Чике, адабиёт ва санъат соҳасидаги машҳур, ажойиб одамлар тўғрисида кўп гапирдик. Келинг, энди паҳлавон сифатида ном чиқарган одамлар тў-рисида гаплашамиз.
Айтматов. Устига устак, қирғизлар билан қозоқлар орасидан елкаси ерга тегмаган полвонлар озмунча етишиб чиққанми!
Шохонов. Балки, халқаро майдонларда қирқ бора ғолиблик медалига сазовор бўлган Ҳожимуқон Мунайтпасов тўғрисида эшитгандирсиз?
Айтматов. Эшитмай бўладими... Ахир, у Иван Поддубнийнинг шогирди, дунёга донг таратган полвон-ку!
Шохонов. Қизиқ, бугунги кунларни ҳисобга олмаганда, кейинги бир ярим аср мобайнида қозоқлар оиласида неча миллион ўғлон дунёга келди экан? Гап шундаки, улар орасидан шу пайтгача жисмоний куч жиҳатидан Ҳожимуқондан ўтадигани чиқмади! Яширмайман, Ҳожимуқон туғилган саҳронинг фарзанди бўлганим учунми ёки болалигимдан бери у ҳақдаги эртакдек ҳикояларни кўп эшитганим учунми, ишқилиб, ҳозирги полвонларнинг кураши унчалик қизиқ туюлмайди. Боз устига, енгил вазнли, пакана полвонларнинг кураши менга ўзбек дўстларимиз тез-тез уюштириб туришни яхши кўрадиган бедана уриштиришни эслатади.
Унутилмас Ҳожимуқон — фавқулодда ҳодиса. Жанубий Қозоғистон вилоятидаги полвон туғилган Темуробод қишло-ида Ҳожимуқоннинг уй-музейи бор. Ўша ерда битта фотосурат турибди: йигирма киши ўтирган аравага арқон боғланган, Ҳожимуқон эса арқонни тишлаб, аравани тортиб бораётир. Арава нима бўпти! У юриб кетаётган тракторнинг орқасидан кўтариб, тўхтатиб қўйиши ёки чалқанча ётганча устидан машинани ўтказиб юбориши мумкин эди. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бундай воқеалар полвон ҳаётида кўп бўлган.
Айтматов. Бир китобда ўқиганим бор: агар ўзаро кураш бўлганда, Ҳожимуқон ҳатто Поддубний устидан ҳам -алаба қозониши мумкин экан.
Шохонов. Ҳожимуқоннинг паспортида туғилган жойи деб Оқмула вилояти кўрсатилган бўлса-да, лекин унинг асл ватани Ўтрор туманидаги Оқтепа овули ҳисобланади. Бу тўғридаги маълумотларни маҳаллий оқсоқоллардан жанубдаги таниқли тарихчи ва бастакор Муҳаммаджон Рустамов ёзиб олган:
«Ҳожимуқон туғилиши билан унинг отаси қариндошлари билан жанжаллашиб қоладию кўч-кўронини кўтариб овулдан кўчиб кетади. Мунайтпаснинг ўжарлигини, муросасизлигини билган қариялар отларга минишиб, унинг ортидан қувлаб етадилар. Сузоқда кўчманчиларга етиб оладилар. Қариялар Мунайтпасга қараб:
— Орқага қайт! Қариндошларингдан узилиб кетма! Ота-онангни ташлаб кетма! — деб қичқиришади.
— Xафагарчиликни эсингдан чиқар! Кек сақлама!
Шунда Мунайтпас таққа тўхтаб, қарияларга юзланди-да, оёқчаларидан ушланган кичкинтой Ҳожимуқонни боши узра азод кўтариб:
— Орқамиздан эргашманглар! Агар яқин келсаларинг, мана шу гўдақдан қамчи ўрнида фойдаланаман! — деб бақиради.
Мунайтпаснинг қарори қатъий экани кўриниб турарди. Оқсоқоллар афсусланиб бош чайқайдилар ва ўжар инсон билан:
— Начора, сенга оқ йўл тилаймиз... Қаерда бўлсанг ҳам Оллоҳ ўз паноҳида асрасин! — деб хайр-хўшлашадилар.
Мунайтпас олис йўлини танлайди. Оқмула тупроғига етиб боради ва охир оқибат ўша ерда ўрнашиб қолади. Ҳожимуқоннинг Оқмулада ту-илгани тўғрисидаги нотўғри ҳужжат худди шундай йўсинда пайдо бўлади».
Ҳожимуқон ажойиб тақдир соҳиби эди. Табиатан кўнгли очиқ, таъсирчан бўлган полвон адабиётни, санъатни севарди. Ўз даврида Мухтор Авезов, Собит Муқонов, Исо Бойзоқов каби машҳур ёзувчилар билан яқиндан алоқа боғлайди. Айтишларича, ўзи ҳам гапга чечан, уста ровий бўлган, шеърлар ёзган экан. Бу ғаройиб инсонга бағишлаб мен «Ҳожимуқон хотираси» номли шеър ёзганман. Ўша шеъримдан бир парчани ўқиб бермоқчиман.


Ҳожимуқон,
юз олтмиш оғирликда,
бир ўтиришда битта қўйга тўймаган,
елкаси ер кўрмаган қозоқ полвони.
Шу келбату жасади билан
кўнгли нозик эди Ҳожимуқоннинг.
Севар эди шеъру қўшиқни,
гоҳида ўзи ҳам ғазал тўқиб қўярди...
Ғолиблик сарупосин
кийиб қайтгач,
зиёфат беришди овулдошлари
унинг шараф-шонига.
Мақтовлар ҳаттоки,
тегди жонига.
—Сиз наинки қозоқда
енг катта полвон,
енди тан олади жумлаи жаҳон!
—Тўхтанг, — деди шунда Ҳожимуқон, —
Тўхтанг
Курашда ростдан ҳам илоҳийлик бор,
вужудни қамрайди телба бир қудрат.
Жисмоний куч қачон бўлар беғубор?
Қачонки тўқ бўлса магиз ва журъат.
Бизда бордир мендан-да кучли,
мендан-да қудратли зотлар!
Мана, қаранглар, —
дея муштдай болани
даврага олди.
Жимлик чўкди даврага узоқ...
Ўша бола эди, дўстлар,
Мухтор Авезов.
Ҳожимуқон башорати рост чиқди:
ўттиз олти куз-қиш ўтиб орадан
таниқли бир япон полвони
ўқиб чиқиб, ўша ўсмир китобин
кундалик дафтарига ёзди дафъатан —
«Қандай қудрат!
Ўқидиму сатрма-сатр
кучсизлигим сездим ўзимни!»
Айтматов. Ўзинг Ҳожимуқон билан учрашганмисан?
Шохонов. Ёши бир жойга бориб қолган бўлса-да, Улуғ Ватан уруши йилларида полвон кўплаб овуллар бўйлаб сафар қилади, жамоатчилик билан учрашади. Учрашувларда тўпланган пулларни заводга топширади. Ўзининг номида самолёт тайёрлатиб, фронтга жўнатади. Ўз вақтида Сталин унга махсус телеграмма йўллайди: олижаноб хатти-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдиради.
Беш яшарлик пайтимда Ҳожимуқон бизнинг колхозимизга келиб, ўзининг ҳунарини намойиш қилади. Эртадан кечгача қаддини кўтармай меҳнат қиладиган одамлар ўзларининг кўзларига ишонмай қоладилар: машҳур полвон намойиш этаётган мўъжизаларни мароқ билан томоша қиладилар. Биз у пайтлари ҳозирги Толибий туманидаги Қашқасув овулида яшардик. Отам билан Ҳожимуқон битта уруғдан бўлгани учунми улар қариндош сифатида бир-бирига интилардилар. Балки, руҳий яқинлик уларни бирлаштирган бўлса-да ажаб эмас. Xуллас, томошадан сўнг Ҳожимуқон овул болаларини гала-гала қилиб орқасидан эргаштирганча бизнинг уйимизга келади. Отам азиз меҳмон шарафига биттаю битта эчкимизни сўйиб, қон чиқаради. Қўни-қушниларимиз, дўст-ёрларимиз чақирилиб, кичкина тўй уюштирилади. Уйимизнинг бутун тўрини тоғдай бўлиб ёнбошлаб ётган полвон эгаллайди. Қўлтиғида қўша-қўша ёстиқ, шошилмасдан чой ичади. Юзларидан тинимсиз тер оқарди, дастурхондай келадиган дастрўмоли билан ўзи терларини артарди.
Раҳматли онам айтиб юрадиган ҳикояларга қараганда, мен худди оҳанрабога ўхшаб палахмон-полвонга ёпишиб олган эканман: унинг устига миниб, мушакдор елкасигача ўрмалаб бориб, сўнг беқиёс қорнига эмаклаб тушаман, кейин тиззаларига сакраб ўтаман, хуллас, қир-адирда ўйнаб юрган эчки мисоли роса мазза қиламан. Ҳожимуқон эса кулумсираганча чой ичиш билан овора бўлади; менга худди елкасида чивин ўрмалаб юргандай эътибор беради, холос.
Чике, айтишларича, Ҳожимуқон бир марта қирғизларнинг полвони Xўжамқул билан ҳам учрашган экан.
Айтматов. Тўғри. Ёшликдан камбағалчиликда ўсган Xўжамқул вояга етгач, жуда уста полвон бўлиб кетади. Гувоҳларнинг айтишича, унинг бўйи шу қадар баланд эканки, туяда ўтирган кишининг елкаси билан баробар бўлар экан. Қиличдай қайрилма қошлари, ўрдакбурни ҳар қандай одамнинг юрагига ғулғула соларкан. Аср бошларида Пишпекда ҳар йили катта томоша бўларди. Томоша охирида полвонлар кураш тушардилар, чавандозлар пойга чопишарди. Xитойликлар беллашувга ўзларининг «буқа» полвонларини олиб келишади. Қадим замонлардан бери полвоннинг жанговар қобилиятини ошириш учун унга ташқи кўринишига мос равишда лақаб берилади: масалан, «туя», «буқа», «қўчқор» каби. Қисқаси, «буқа»ни тўрт оёқлатиб, устига жул ёпадилар, бўйнига нўхта соладилар ва кураш майдонининг ўртасига олиб чиқадилар. «Буқа» оёқ-қўлларини силтаб, палахса-палахса ерни юмдалаб атрофига отиб туради, даҳшатли товушда бўкиради. Олдиндан берилган бундай руҳий зарбаларга дош беролмаган баъзи бир қирғиз полвонлари дир-дир титрайдилар-да обрўйларининг борида жуфтакни ростлаб қоладилар. Илгари бунақа ажойиботни кўрмаган одамлар ҳам эсанкираб, нима қилишларини билмай қоладилар. Xориждан келган қандайдир полвонга бош соврин бериб юборилса, эл-юрт иснодга учрарди. Навбати билан аймоқ номларини қичқиришиб, зўрман деганини ўртага чорлай бошлайдилар.
Шу пайт ўртага қоядай бир зот чиқиб келади. Бу Xўжамқул эди. Xитойдан келган «буқа» шу заҳоти устидан жулни улоқтириб ташлайди, нўхтани ҳам отиб юборади ва бўкирганча курашга отилади. Xитойлик полвон чапдастлик қилиб, ҳийла-найранг — усул ишлатишга ҳаракат қилса-да, аммо орадан бирмунча фурсат ўтгач, қудратли ва собит Xўжамқул «хап!» дейдию «буқа»ни боши узра азод кўтаради. Нафасини ичига ютган ҳолда мусобақани томоша қилишиб ўтирган қирғизлар ҳайратдан донг қотиб қоладилар. Сўнг: «Воҳ, арвоҳ!» деб қичқиришганча енгил тин оладилар. Томошабинлар томонидан руҳлантириб юборилган Xўжамқул рақибини ҳавода айлантириб-айлантириб, ерга улоқтиради...
Айнан ўша олишувдан кейин полвон халқ ўртасида шуҳрат қозонади ва умрининг охиригача мағлубият нималигини билмай ўтади.
Ҳожимуқон билан Xўжамқулнинг учрашуви тўғрисида қариялар бундай ҳикоя қиладилар. У пайтлари Ҳожимуқон тциркда қатнашиб юрар, ниҳоятда машҳур эди. Гастрол сафари чоғида у тасодифан Пишпекдаги мол бозорига кириб қолади. Ҳар томондан келган оломон полвонни таниб, атрофини қуршаб олади. Полвонни ўртага олишиб, билқ-билқ ўйнаб турган мушакларини қизиқиб томоша қиладилар. Дарҳол яқин жойга ўтов тикадилар, от сўядилар, қимиз топиб келтирадилар.
Халойиқ полвоннинг ҳикояларини оғзи очилган ҳолда тинглайди: Африкада қоп-қора ҳабаш полвонини қандай қилиб чирпирак этиб ерга урганини, япон полвони Сар-Ки-Ки нетиб мағлуб бўлганини Ҳожимуқон батафсил сўйлаб беради. Қизишиб қолган халқ Ҳожимуқон билан Xўжамқулни ўзаро курашга тушириб кўрмоқчи бўлади. Кўп ўйлаб ўтиришмасдан ғолибга соврин тайинлайдилар: одат бўйича уч бўлакдан иборат соврин эълон қилинади. Ҳар бир бўлакда тўққизтадан соврин бўлади. Xўжамқулни чақириб келиш учун овулга битта чавандозни жўнатадилар. У тезда етиб келади ва ёши улуғ бўлгани учун Ҳожимуқон қошига бориб таъзим бажо келтиради.
Мисли кўрилмаган олишув бошланаётгани тўғрисидаги хабар яшин тезлигида тўрт тарафга ёйилади. Тўпланган халойиқ иккига бўлинади. Ҳамма олишув бошланишини сабрсизлик билан кутади.
—Ҳожи ака, биз икки қардош халқнинг фарзандимиз. Бир юздаги икки кўз каби яқинмиз, бизни бир-биримиздан ажратиб бўлмайди. Сиз менинг оғамсиз, мен сизга ини бўламан. Биримиз ғолиб келиб мақтаниб юрсак, бошқамиз мағлуб бўлиб тупроққа беланиб ёцак ярашмайди. Боз устига, сиз бизнинг азиз меҳмонимиз бўласиз. Агар мен сиз билан беллашадиган бўлсам, ота-боболаримизнинг руҳи ҳеч қачон кечирмайди. Яхшиси, соврин сизга бўлсин! — деб Xўжамқул олишмасдан совринни инъом этиб юборади.
—Ўзим ҳам сени нима қилишингни кутиб тургандим. Энди билдим, бу дунёда кўп нарсани кўрибсан, кўп нарсани тушуниб етибсан. Қирғиз халқи сендай фарзанди борлиги билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Илойим, бахтингни топгин! — Ҳожимуқон қирғиз инисини бағрига босиб, пешонасидан ўпади.
Сўнг Ҳожимуқон ўзининг совринини шу ердаёқ камбағалларга, ғарибларга, етим-йесирларга тақсимлаб беради.
Шохонов. Сизнингча, Ҳожимуқон билан Xўжамқулни ҳозирги дунёга донг таратган спорт юлдузларига тенглаштириш мумкинми? Ахир, бизнинг полвонлар фақат қудратли даражада жисмоний кучга эга бўлиб қолмасдан, айни чоғда чексиз руҳий, маънавий бойликка ҳам эга эдилар...
Айтматов. Ҳозир «юлдузлар» кўпайиб кетди. Буларни устасифаранг ишбилармонлар вужудга келтиришяпти. Айрим «юлдузлар» спорт майдонида ёки эстрада шоҳсупасида бир марта кўриниш бериб, миллионлаб доллар ҳақ олишади. Балки, ҳозирги давримизнинг одати шундайдир. Бироқ, ўзларини дунёнинг устуни ёки суперюлдуз деб биладиган баъзи бир номдор спортчилар билан гаплашиб кўрсанг, уларнинг маънавий дунёси нақадар қашшоқ эканидан ҳайрон қоласан... Қачондир инсон қалбининг маънавий бойлиги, маърифат, маданият ҳам ўз қадрини топармикан?
Шохонов. Инсоният пайдо бўлгандан буён шу муаммо долзарб бўлиб турибди. Чике, Мухтор Авезов тўғрисида суҳбатлашган пайтимизда Иссиқкўлдан етишиб чиққан полвон Бўлтирик номини эслаган эдик...
Айтматов. Авезовнинг дафн маросимида мен илк бора Бўлтирик билан учрашган эдим. Буйи пастак, бақувват, келишган, кўзлари чақнаб турадиган киши эди. Нима учун уни «Абайнинг ўғли» деб аташларини ҳозир ҳам билмайман.
Шохонов. 1916 йилнинг июн ойида уни мардикорликка олиб кетишади. Полвон Россиянинг ҳар хил азобларини бошидан кечириб, ниҳоят, тақдир тақозоси билан Семипалатинск тупроғига келиб қолади. Полвоннинг шон-шуҳрати тўғрисида илгари ҳам эшитган Абайнинг авлодлари уни излаб топишади.
— Тинч-тотув замон бошланса, ўз юртинг Иссиқкўлга қайтиб кетишинг мумкин. Ҳозирча эса Жидабойда худди ўз уйингдагидек яшайвер, — деб айтишади улар Бўлтирикка.
Уни аймоқлари ҳузурига бошлаб боришади. Ўтов тиклаб, мол-ҳол беришади. Қардош халқ паноҳидан бошпана, иззат-ҳурмат топган полвон тез орада Абай юртининг фарзандларидан бири бўлиб қолади. Ўша ерда Фотима исмли қизга уйланади, оила қуради. У пайтлари Мухтор Авезов Ленинградда аспирантурада ўқирди; ўз юртига навбатдаги таътилга келган чоғи Бўлтирик билан яқиндан танишади. Айтишларича, Авезов айнан Бўлтирикка «Абайнинг ўғли» деган ном берган экан. Аста-секин улар қалин дўст бўлиб қоладилар. Бўлтирик оиласи билан Иссиқкўлга кўчиб кетгандан кейин ҳам дўстона алоқалари сақланиб туради. Маълумки, вақти-соати етгач, Авезов Иссиқкўл тўғрисида роман ёзмоқчи бўлиб юрарди: Саёқбой, Бўлтирик каби инсонларни ўз асарида қаҳрамон сифатида тасвирламоқни истарди.
Айтматов. Мухтор оға бевақт вафот этгач, мен дарҳол Олмаотага учиб бордим. Фрунзедан Али Тўқумбоев ва Суюнбой Эралиев раҳбарлигида делегация ҳам дафн маросимида қатнашди. Марҳумнинг тобутини елкасида кўтариб борган инсонлардан бири — Бўлтирик эди. Ҳозир ўзи ҳам нариги дунёга риҳлат қилган.
Шохонов. Чике, дастлаб, Сизнинг асарларингиз сабаб бўлиб қирғиз халқига нисбатан менда қизиқиш уйғонган эди. Иккинчи сабаб сифатида Жўлон Мамитовнинг, шубҳасиз, кучли таъсирини айтиб ўтишим мумкин. Унинг шарофати билан «Манас» ўғлига бўлган ҳурматим янада ортиб кетди.
Жўлон билан биз Москвада ёш ёзувчиларнинг кенгашида танишганмиз. У даргоҳи кенг инсон эди. Лекин, ёлғончи, мунофиқ кимсаларни кўрса асло тоқат қилолмасди. Ажойиб, ўзига хос қирғиз шоири билан биз умрининг охиригача қалин дўст бўлиб қолдик. Бундан кейин Жўлонга ўхшаган дўстни учратмасам керак. Бизнинг ҳар бир учрашувимиз байрам бўларди.
— 1969 йилда Жўлон икковимиз М. Горкий номидаги адабиёт институти қошидаги Олий Адабиёт курсига ўқишга кирмоқчи бўлдик. Ўша йилларда Олий курсда ўқиш учун ҳар бир республикага биттадан ўрин бериларди. Қирғизистоннинг вакили тарзида Жўлон ҳеч қандай тўсиқсиз ўқишга кириб, Москвага жойлашиб олади. У икки-уч кунда менга телефон қилиб, тезроқ етиб боришимни илтимос қиларди. У пайтлари Чимкентда яшардим. Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг котибияти эса бир йил аввал каминани ўқишга юбориш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Бамайлихотир ишдан бўшадим. Керакли буюмларимни олиб, Олмаотага бордим. Энди кўпдан бери орзу қилиб юрганим Москвага учиб кетишим лозим. Шу ерда ҳеч кутилмаган муаммоларга дуч келдим. Маълум бўлишича, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги раҳбарларидан бири бу ишга аралашиб, менинг ўрнимга ёшгина, кўркамгина шоира қизни юбормоқчи бўлибди. Қизнинг шеърияти ҳам ўзи каби гўзал эди. Қўққис йўлимга тўғаноқ бўлган адолацизлик жаҳлимни чиқариб юборди. Тўғри, одат бўйича қиз болага йўл бериш керак эди. Шундай қилиб, битта ўринга иккита даъвогар чиқиб қолди. Пойга бошланди.
Икки киши менинг тарафимни олди. Улардан бири — қозоқ шеъриятининг мумтоз вакили Абдулла Тожибоев. У бирталай ёш шоирларнинг устози ҳисобланарди. Иккинчи тарафдорим — «Жазувши» нашриётининг директори, таниқли ёзувчи Илёс Есенберлин. Улар менинг номзодимни ҳимоя қилишиб, Москвага — СССР Ёзувчилар уюшмасининг раҳбариятига сим қоқдилар, ҳар хил тавсияномалар ёздилар.
Чамаси, ҳар икки тарафнинг кучи баробар эди. Шу боис бизга келгуси йилгача курашиб кўришимиз учун имкон яратдилар-да, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси ўз ўрнини Муғилистон Xалқ Республикасига инъом этиб юборди. Мен дўстимга қўнғироқ қилиб, ҳамма гапни айтиб бердим. Имкониятдан маҳрум бўлганимни эшитиб, Жўлон йиғлаб юбораёзди. У иккинчи курсни тамомлаётган пайтдагина мен ҳам Москвага боришга муваффақ бўлдим. Бахтга қарши, уни ётоқхонада учрата олмадим. Xат қолдирдим.
«Россия» меҳмонхонасининг мен яшаётган хонаси эшигини кечаси кимдир тақиллатди. Эшикни очсам, остонада Жўлон турибди. Унинг ёнида қорачадан келган муйловли йигит: Суйменқул Чўқморовни дарров танидим.
Жўлон билан қучоқ очиб кўришдик. Бир-биримизни бағримиздан бўшатмасдан хонага кирдик. «Чўқморов Қирғизистоннинг тимсоли», деб Жўлон менга Суйменқулни таништирди.
Муҳташам меҳмонхонанинг қўшни хонасига Илёс Есенберлин жойлашган эди. Мен унга Қирғизистондан меҳмонлар келганини хабар қилдим. Вақт алламаҳал бўлиб қолган бўлса-да, у ўрнидан туриб чиқди. Даврамизни тўлдириб ўтирди. Ўша йиллари унинг тарихий мавзудаги «Кўчманчилар» трилогияси («Тилсимланган қилич», «Ноумид бандалар», «Кенахон» романларидан иборат) республикамизда халқ ҳурматини қозонганди. Есенберлин ўрта бўйли, кумуш сочли киши эди. Оғир-карвонлиги билан ном чиқарган улкан адиб ўша кеча ўзини эмин-еркин ҳис этди; у бизга тарих сирларидан қизиқарли ҳикоялар айтиб берди. Жўлон икковимиз гоҳ қирғиз, гоҳ қозоқ тилида ўз шеърларимизни ўқидик.
Ёш қирғиз режиссёри Бўлат Шамшиевнинг «Иссиқкўлнинг қизғалдоқлари» филмида Қораболта ролини яқиндагина ижро этган Суйменқул бирдан:
—Умрзоқ Айтбоев деган қозоқ олимини танийсанми? — деб сўраб қолди.
—Нега танимас эканман! — деб хитоб қилдим. — Қадди-қомати келишган кўркам инсон. Xудди илгариги замонлардаги ҳофизлар каби жуда яхши ашула айтади. Мен уни инсон сифатида ҳам, ўз халқининг муносиб фарзанди сифатида ҳам ниҳоятда ҳурмат қиламан.
Менинг сўзларим Суйменқулни бағоят тўлқинлантириб юборди.
— Қисқаси, қозоқ бастакори ва шоири Биржоннинг «Темиртош» қўшиғини қандай айтишни мен ўша одамдан ўргандим. «Иссиқкўлнинг қизғалдоқлари» филмида дўмбира чалиб ўтирган Қораболта шу қўшиқни ижро этади. Умрзоқнинг овози меникидан кўра мусиқавий, очиқ бўлгани туфайли филмда унинг овози кетади. Мен фақат оғзимни қимирлатиб ўтираман, холос. Филмни суратга олиш жараёнида ҳар хил трюклардан фойдаландик, — деди Суйменқул кулумсираб. Кейин бояги эслатилган қўшиқни айта бошлади. Ёқимли товуши кичик хонамизга сиғмасдан, бепоён кенгликлар бўйлаб парвоз этишни истарди.
Гап гапга уланиб, Мухтор Авезовга бориб тақалди. Шунда Суйменқул тўлқинланиб:
—Бу улуғ зотнинг қирғиз халқи учун қилган яхшиликларини ҳеч қандай тилло билан ҳам ўлчаб бўлмайди, — деди. — Ҳозир шундай бир замонки, Москванинг рухсатисиз овулда ҳатто товуқхона қуриб бўлмайди. Бироқ, вақти-соати келгач, қирғизлар албатта Мухтор Авезовга ҳайкал ўрнатишлари керак!
—Шахсан мен аллақачон Авезовга ҳайкал ўрнатиб қўйганман! — деди Жўлон.
— Қандай қилиб?! — деб ҳайрон бўлдик.
— Абайнинг суюкли хотини бўлмиш Ойкўримнинг исмини мен ўз қизчамга қўйдим. Уни Мухтор Авезов ўз асарида илҳом билан тасвирлайди.
—Гўзал! Менимча, энди катта тост айтадиган пайт бўлди, шекилли, — деб Илёс Есенберлин ўрнидан турди. — Қачонлардир буюк Абайни асир этиб қўйган тўнғич Ойкўримнинг фазилатлари келажакда бизнинг кичкинтой Ойкўрим қизимизга ҳам насиб эцин!
—Раҳмат, Илёс оға! Сиз ҳам ажойиб инсонсиз, қозоқ диёрининг улкан фарзандисиз. Илойим, айтган гапларингиз рўёбга чиқсин! — деди Жўлон ҳаяжонланиб.
Мана шундай самимий, кўнгилочар суҳбатлар билан овора бўлиб тонг отганини ҳам билмай қолибмиз.
Айтматов. Ҳа, Жўлон билан Суйменқул — бири ўзининг теран шеърияти билан, иккинчиси — рассомлик ва актёрлик санъати билан қирғиз маданиятининг нотекис йўлида сезиларли из қолдирдилар.
Бўлат Шамшиевнинг «Қараш довонидаги отишма» филмида 1968 йили Бахтигул ролида суратга тушаётган чоғлари Суйменқул икки буйрагини шамоллатиб қўяди. Бу филм Мухтор Авезовнинг асари асосида яратилади. Бетоб бўлишига қарамасдан киночиликдан бўш пайтлари елкасига асбоб-анжомларини ташлаб, табиат манзараларини мойбўёққа кучириш учун тоғ-тошларга чиқиб кетарди, Иссиқкўл соҳилларини кезиб юрарди. Бокира табиат қўйнидан ажрамасди, ажойиб, ҳиссиётга бой расмлар чизарди. Шунингдек, кино санъати соҳасида ҳам тинимсиз меҳнат қилади: Дониёр («Жамила»), Ақанқул («Кўксерак»), Қораболта («Иссиқкўлнинг қизғалдоқлари»), Чжан-бао («Дерсу Узала») каби ёрқин, унутилмас образларни яратади. Ҳозир ҳам улар бизнинг хотирамизда яшаяпти.
Шохонов. Эшитишимча, Суйменқулнинг соғлигига ёмон таъсир ўтказган бахсиз ҳодиса рўй беради. Бу воқеа А.Видугриснинг филмини суратга олиш пайтида содир бўлади. Суйменқул унда Қосим ролини ижро этади. Қоя бўйлаб орқасига чекиниб бораётган Суйменқул пастликдаги қиррадор тошлар устига қулаб тушади. Бошқа пайтлари шундай ҳодиса рўй бериб қолса, актер ҳеч нарса бўлмагандай сапчиб ўрнидан туриб кетаверарди. Бироқ, бу гал ҳатто ўрнидан қимирлай олмайди. Йиқилган чоғида хаста буйраклари қаттиқ заха ейди. Дўстлари Фрунзедан вертолёт чақиришиб, Чўқморовни касалхонага жўнатишади.
Касалхонадан чиққан Суйменқул суратга олиш ишларини қолган жойидан давом эттирди. Қаттол қояни енгиб ўтиб, ўз ролини ниҳоясига етказади.
Айтматов. Нақл қилишларича, Оллоҳ ҳам сабр-тоқатли бандаларини яхши кўрар экан. Бироқ, Чўқморов тортган азоб-уқубатларни ҳатто гапиришнинг ўзи азоб. 1982 йилдан бошлаб то умрининг охиригача, кейинги ўн йил мобайнида у эллик олти марта операция қилинди. Бунинг учун қанча матонат, қанча куч, қанча сабр-тоқат керак!
Шохонов. Одамларнинг айтишича, Суйменқул оғир касалликка чалиниб, Москвада беморхонада ётган пайтлари Сиз ундан тез-тез хабар олиб турар экансиз.
Битта жуда зарур аппарат олиб берилишига катта ёрдам берасиз...
Айтматов. Мен ҳайрон қоладиган ҳеч нарса қилганим йўқ. Янглишмасам, 1982 йилнинг баҳор фаслида рафиқам Мариям билан касалхонада ётган Суйменқулни бориб кўрдик. Унинг кўзларидан ҳаётга, ижодга ташналик яққол сезилиб турган бўлса-да, аммо ўзи хийла букчайиб, ориқлаб қолган эди.
— Дастлаб, менга сунъий буйрак қўйишмоқчи бўлдилар, — деди Суйменқул. — Таваккал қилишга рози бўлдим, лекин врачлар таваккал қилишга кўнмадилар.
Сўнг гап орасида, хорижда қандайдир қимматбаҳо аппарат бор экан, ўшани ичимга ўрнатиб қўйишса, яна беш-олти йил яшашим мумкин экан, деб қолди. У кимдандир шу гапни эшитибди.
— Бунинг учун жуда катта пул керак. Пул топиш қийин. Нима бўлганда ҳам, энди бу ёғини тақдиримдан кўраман...
Юрагим сирқираб кетди. Бу ўз фожиасига тик қарай оладиган матонатли инсоннинг сўзлари эди. Одамни ҳайрон қолдирадиган томони шунда эдики, у ҳамма нарса тўғрисида истеҳзо билан, ҳазил аралаш гапирарди. Ёрдам-пордам ҳақида ишора ҳам қилмасди.
Мен эртаси куни мана шу масала бўйича Марказқўмга учрашдим. «Эски майдон»дан рухсат олганимдан сўнг ўша пайтдаги Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг раиси Апас Жумагуловга сим қоқдим. Унинг ва Қирғизистон Компартияси Марказқўмининг биринчи котиби Турдакун Усубалиевнинг ёрдами билан у пайтлари бизда нодир ҳисобланган шведларнинг буйракни даволайдиган аппаратини сотиб олиш учун давлат бюжетидан уч миллион сўм пул ажратишга эришдик.
Шохонов. Билишимча, ўша аппарат шарофати туфайли нафақат Суйменқулга, балки буйраги хаста бўлган яна юзлаб беморларга ҳам ёрдам берилади.
Мен Суйменқулнинг оғаси бўлмиш оқсоқол Намирбек Чўқморовни айрича ҳурмат қиламан. Суйменқул касалхонада ётган йиллар мобайнида у доим Фрунзедан Москвага келарди. Намирбек оға ҳафталаб, ойлаб жон талашиб ётган жигарининг ёнидан жилмасди; беморни парвариш қиларди, руҳини кўтарарди. Бундай инсонпарварлик ҳар қандай қариндошнинг ҳам қўлидан келавермайди.
Кейинги ўн йил давомида «Фристул» аппарати ёрдами билан ҳар бир-икки кунда Суйменқулнинг қонини тозалаб туришарди. Агар бундай касалга чалинган бемор уч-тўрт кун ўша аппаратдан фойдаланмаса, бевақт вафот этиши ҳеч гап эмас. Намирбекнинг айтишича, Суйменқулнинг қўллари, оёқлари, бўйнилари, боши — ёппасига игна билан илма-тешик этиб юборилган эди. Мана шу йилларда ўтказилган 56 операцияни ҳам қўшиб қўйсангиз, беихтиёр ёқангизни ушлайсиз. Шундай бўлишига қарамасдан, у доим киноларда суратга тушарди, янги-янги расмлар чизар эди! Қозоқ ёки қирғиз тупроғида туғилган бунчалик ижодга ташна инсонни шахсан мен ҳеч қачон учратмаганман.
Москвадаги буйрак касалликлари Марказининг бош врачи, машҳур профессор Алексей Белоусов Суйменқул тўғрисида бундай деган эди: «Ўз тажрибамда минглаб беморларга дуч келганман. Бироқ, бу қадар ҳайратланадиган даражада матонатли, руҳан бардам инсонни ҳеч қачон кўрмаганман. У ҳар бир оғир операцияга майда чивин чаққанчалик ҳам эътибор бермасди». Ахир, бу сўзлар Чўқморов табиатан бошқача бўлганига далил эмасми? Ахир, у бекорга букилмас, қатъиятли, жасоратли инсонлар тимсолини яратмаган-ку?!
Яна бир воқеага эътиборни қаратмоқ лозим. Сизга маълум бўлса керак, Суйменқул ниҳоятда сахий, олижаноб инсон эди. Боя эслатиб ўтганимиз, қонни тозалайдиган аппарат Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилмасди. Ўз филмлари билан Тўламуш Укеев Голливуд кинофестивалида қатнашади. Наталя Аринбосарованинг собиқ эри, машҳур режиссёр Андрей Кончаловский ўзининг шахсий маблағига ўшандай қимматбаҳо аппарат харид қилади-да, Т.Укеевдан бериб юборади. У бир пайтлар Сизнинг қиссангиз асосида суратга олинган «Жамила» филмида Суйменқул билан бирга қатнашган эди.
Суйменқул ўша аппаратларни нима қилади? Улардан биттасини Белоусов раҳбарлик қиладиган марказга ҳадя этади. Иккинчисини ўзи билан бир палатада ётган гуржи йигитга беради. Суйменқулнинг томирларига тикиб қўйилган учинчи аппарат эса орадан маълум вақт ўтгач ишдан чиқади.
— Суйменқулнинг ўлими у билан битта касалхонада даволанаётган беморларга жуда қаттиқ таъсир қилади, — деб эслайди Намирбек оға. — Инсонийлик ҳар доим ҳурмат қозонади. Бир марта ўн кунга уйга кетиб, яна Москвага қайтиб бордим. Қарасам, стол бўм-бўш, егулик ҳеч вақо қолмабди. Маълум бўлишича, дори-дармон, мева-чева харид қилиш учун қолдирилган ҳамма пулни Суйменқул ўзи билан ёнма-ён ётган олтойлик бир йигитга бериб юборибди. Йигитнинг уйга қайтиб кетиши учун пули йўқ экан. Одатда, керакли дорини тополмаётган ёки бошқа бирор муаммога дуч келган беморлар ёрдам сўраб Суйменқулга мурожаат
етишарди. Шундан сўнг у Тўламуш Укеев, Бўлат Шамшиев ва ўша пайтлари Ташқи ишлар вазирлигида ишлаётган Роза Отинбоева, Сталбек Турғунбоев каби ёр-дўстларию таниш-билишларини ҳар хил илтимосларга кўмиб ташларди.
Табиатан меҳрибон, сахий бўлгани туфайли Суйменқулнинг дафн маросимига минглаб таъзиячилар тўпландилар. Касалхонада бирга даволанган турли миллат вакиллари сим-сим йиғладилар. Айниқса, йигирма олти-йигирма етти ёшлар чамасидаги қўлтиқтаёққа ва онасининг елкасига суяниб турган рус йигитининг сўзлари кўпчиликнинг ёдида қолди.
— Мен аллақачон нариги дунёдаги марҳумлар рўйхатидан ўрин олганман. Фақат Суйменқул топиб берган қимматбаҳо дори-дармонлар туфайли умримни узайтириб юрибман, — деди у ҳаяжонланиб. — Менга ҳатто ўзимнинг отам ҳам бунчалик яхшилик қилган эмас. Энди тез орада мен ҳам бу инсоннинг орқасидан рихлатга кесам керак. Биз онам билан шу кунга атаб беш минг сўмга яқин пул тўплаб қўйган эдик. Ҳозир қўлимда ўша пулдан уч минг сўми бор. Агар менга раҳмингиз келиб, бу пулни олмасангиз, юрагимга ханжар урган бўласиз. Мана шу пулни буюк инсонга сажда қилаётганимнинг белгиси сифатида қабул қилишингизни сўрайман. — Йигитнинг самимий сўзларини эшитишиб, тўпланганлар дув-дув кузёш тўкдилар.
Авезовнинг асарлари асосида суратга олинган филмларда Чўқморов яратган бош қаҳрамонлар нозик маънавий дунёси, ақл-идроки билан ажралиб туради. Булар қозоқ адабиётининг мумтоз намояндасига ўрнатилган ўлмас ёдгорликдир. Сир эмас, ўшангача қозоқларнинг ўзлари кино тилида Авезов асарларининг моҳиятини бу қадар юксак даражада очиб беролмаган эдилар. Агар Суйменқул ҳаёт бўлганда, шак-шубҳа йўқки, мустақиллик йўлини танлаган Қозоғистон Республикасининг халқ артисти бўларди. Шундай эса-да, Қозоғистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси томонидан таъсис этилган «Олтин кўприк» мукофотининг энг биринчисини биродарлашувга, икки халқ маданиятининг тараққиётига улкан ҳисса қўшган Суйменқул Чўқморовга тақдим этдик. Мукофот марҳумнинг беваси Салима Шобозовага топширилди (у киши ҳам оламдан ўтдилар). Элчихонанинг Катта залида Чўқморов асарларининг кўргазмаси очилди. Унда Сиз ҳам иштирок этдингиз. Санъаткорга ёдгорлик ўрнатганимиздан сўнг, у туғилган овулда Суйменқул Чўқморовнинг уй-музейи очилишини сўраб Республика Президентига, Ҳукуматга хат жўнатдик.
Айтматов. Ахир, Жўлон шоирона тил билан айтган «Чўқморов Қирғизистоннинг тимсоли» деган ибора ҳозир оғиздан-оғизга кўчиб юрмаяптими?
Ҳозир Қирғизистоннинг қатъиятли, қайрағочдек букилмас ўғлони, деярли ҳар куни ўлим билан юзма-юз бўлиб, ҳаёт учун курашган бўлса-да, ўзидан кейин жуда катта маънавий мерос қолдирди. Ундан қолган ўчмас хотира туфайли ўзининг иккинчи ҳаётини — ўз асарларидаги ҳаётини бошлади...
Эҳ, ёнимизда қанчадан-қанча юлдузлар сўниб кетди...
Бизнинг суҳбатимизга якун ясайдиган бирорта шеъринг борми?
Шохонов. Бор.
Айтматов. Сен уни ёддан биласанми? Ўқи.
Шохонов.


Андуҳдан қорайган, бўйбермас, қадим
оғриқ сингиб кетган оддий хонада
жон берар Толстой шу онда, шудам.
Бошига энгашар шўрлик хотини
ва шивирлар: «Рози бўл, айбларим кўп!»
Сукунат.
Ўйлади: «Азизам, йиғлама,
йиғлама, дардларим сеникидан кўп.
Бир оёқ гўрдадир, бағринг тиғлама.
Севгим қайтди бало бўлиб бошимга,
лоқайдлигинг этди қалбимни ғижим,
тушуна олмадинг... яшабқошимда.
Биламан, кўнглингдан нелар кечади,
Толстойга хотин бўлиш азоб.
Ундан-да оғирроқ дардга чидадим —
тушунмаслик бўлди сенга бир мазҳаб.
Истасанг — англардинг, истамадинг, йўқ.
Ярим аср ёнма-ён яшадик, аммо
биримиз сув бўлиб, иккинчимиз чўғ.
Мен сендан розиман... энди алвидо!»
Аста юмди ғусса босган кўзини.
Толстой энди йўқ. Мангулик даҳо!
Ўз хотиният тушунмади ўзингни,
донолар ичинда, эй, соҳибнаво!
Меҳру мурувватни излаймиз қайдан?
Иссиғу совуқдан хабар олар ким?
Уч нарсани мезон бил, тушуниш шартдир:
инсоний юксаклик, теранлик, кенглик.
Қалбдан қалбга текис сўқмоқ йўқ, ахир!
Англамаслик — азоб, гўё бир жарлик.
Юзма-юз курашдир — йўл топмоқ қалбга,
қанчалик тик бўлса, бахтга элтади.
Наҳот, тушунмаслик банданинг айби?
Ким истамас тушунмоқни, йитади!
Манзилга етмаган қанча йўллар бор,
Лойқадан кўмилган булоқлар қанча ?!
Тушунмаслик — сотқин ва хунхор,
зимистон қўйнида бошларни янчар.
Жордано гулханин ёққан ҳам сенсан,
Галилейни тириклайин ютган ҳам ўзинг.
Биржонни арқон-ла йиққан ҳам сенсан,
сен ўчирдинг Улуғбекнинг юлдузин.
Дунёда тавқи лаънатга ботдинг,
сенга ҳайф ширин сўз, кечирим, шафқат,
Абайга қулочлаб шапалоқ тортдинг,
Авезовга етди, ниҳоят, навбат,
ҳасадгўй кўзларинг тикиб суқландинг,
қулоққа чалинди ғариб миш-мишлар:
«Роман деган бундай бўлмайди,
ўқиб кўнгул тўлмайди».
Авезов миш-мишлардан шунчаки кулди:
Баҳони халқ берар ва халқ унутмайди!
Шундай бўлганми? Бўлган.
Демак, ҳисоб-китоб тугамас ҳали.
Қараб туриб танимайсан. Сўқирмисан, айт!
Тушунмаслик айб эмас деб, кимлар айтади?
Тушунишни истамаслик, бу ҳам жиноят!
Тушунмаслик — бегим кунларининг рутубатидир,
Уфқни ёпиб турар, кундуз куёшни.
Шаҳдам қадам ташлаб ёш авлод борадир,
Ҳали тирик бўлсак, тушунайлик мана шу ёшни!
Айтматов. Энди эсладим, мен бу шеърингни олдинги китобларингдан бирида ўқиган эканман. Бу оқилона, теран қўшиқ.
Булут ўраб-чирмаб олган қоянинг чўққиси каби биз юқорида эслаб ўтган зотларнинг ҳар бири ўз ҳаёти чорраҳаларида тушунмовчилик оқибатида эзилганлар. Сен шеърда шу нарсани тўғри ифодалагансан. Азал-азалдан буён давом этиб келаётган жон ва жасад курашида ўзларининг қудратли иқтидори ва букилмас иродаси туфайли мудом ғолиб бўлган бу инсонлар ҳам дорилбақога юз тутдилар. Кимдир эрта кетди, кимдир кеч. Авлодларга сўнмас ёдгорлик — бой маънавий мерос қолдирдилар. Уларнинг хотирасини ёд эцанг, кўнгул қувончга тўлиб-тошади, олам чароғон бўлади, диллар яйрайди! Ишончим комилки, бошқаларнинг улуғ фазилатларини, хатти-ҳаракатларини тан олиш билан ҳам дунёвий салтанат тараққиётига муносиб улуш қўшиш мумкин.
Биринчидан, уларни билишимиз ва эслаб юришимиз ўзимиз учун керак. Иккинчидан, азиз мозорларига бир сиқим тупроқ ташлаганимиз боболаримизнинг ўлмас руҳи ва қудрати олдидаги бизнинг фарзандлик бурчимиз ҳам шуни тақозо этади.

Асрлар Соясидаги Жиноят Ёки Маркиз Де Сад, Дунанбой Ва Африка Икки Тишли Балиғининг Заҳри
...Заминдан маҳрум қилиш мумкин, бойликдан маҳрум қилиш мумкин, ҳаётдан ҳам маҳрум қилиш мумкин. Лекин, инсон хотирасига тажовуз қилиш мумкин деган гапни ким ўйлаб топди?! Ў-ў, Xудойим, биру борим ўзингсан, нетиб одамлар кўнглига бундай балони солдинг? Ахир, оламда бундан бошқа ёвузликлар ҳам тиқилиб ётибди-ку?!Чингиз Айтматов
{{quote|muallif=Мухтор Шохонов| Бир шаффоф ичиндами, жазира кунда
|Учарга ўтириб қиласан парвоз.
|Заминга қарайсан булут қўйнидан,
|О, замин теп-текис мисли оқ қоғоз.
|Ҳилвироқ жарлигу ҳў-ў, илонли ғор
|Гўёки ётибди сокин уйқуда.
|Масофа яширар шундай сир-асрор,
|Масофа исмсиз, ҳидсиз туйғудир.
|Эй, менинг пешонам — недир ёзуғинг,
|Суянчим ўзингсан, айтаман чиндан:
|Дўст-душман қалбига гар тушса кўзим,
|Қарайин узоқмас, фақат яқиндан.
Шохонов. Инсоният тарихи мобайнида тирноқлаб тўпланган маънавий бойлик кундан-кунга қадрсизланиб бораётир. Шак-шубҳа йўқки, фақат Сиз билан мен бундай фикрда эмасмиз. Кўпчилик шундай деб ўйлайди. Шафқацизлик ва бераҳмлик илдиз отиб бораётир, яхшилик ва меҳр-шафқат ўзининг табиий бандаргоҳидан кундан-кун узоқлашиб кетаётир. Бу жараён қачон бошланди?
Бегона ўтлар юлиб тацҳланмаса, шоли кўкармайди, ҳосил бермайди. Ўз вақтида «ўтоқ» қилинмаса, инсон онгининг тилсимланган.. сирҳоналарида сақланаётган ибтидоий инстинктлар ва санамга айлантирилаётган садизмга мойиллик кайфиятлари бартараф этилмаса, инсониятга қарши қаратилган жиноят даҳанаки хавф-хатардан расмона қоидага айланиб қолса ажаб эмас.
Тужжорий телевидения экранлари, кино ва видео салонлар «дахшатли филмлар»дан бўшамай қолди. Кечасию кундузи минг мақомда йўрғалайдиган зўровонлик, таҳқирлаш, қийноқ манзаралари мамнуният билан намойиш қилинади. Китоб дўконлари каллакесарлар, жаллодлар тўғрисидаги енгил-елпи олди-қочди асарларга тўлиб-тошиб кетди. Буларнинг юксак бадиийлик тамойилларига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Лекин, суяк суриш касалига малҳам бўлиши мумкин. Боз устига, «ажал қуроллари»нинг ҳар хил турлари шаҳар кўчаларида ошкора сотилмоқда.
Айтматов. Сен айтган гаплар — аччиқ ҳақиқат. Айни чоғда миллий ахлоқ-одоб, кўникма, стратегик идеалларга мутлақо ёт бўлган ва ҳар куни муваффақиятли равишда тарғиб қилинаётган «бозор маърифати», «янгича турмуш тарзи», афсуски, одамлар онгига сингдириляпти. Шундай кунларга ҳам етиб келдик. Яна бундан беш баттар бўлади. Бу ҳам аччиқ ҳақиқат. Масалан, мутахассислар ўтказган тажрибаларда исботландики, ҳатто қўғирчоқ қурол-яроқни ўйнаб вояга етган болакайнинг руҳий олами жанжалкашлик, жиззакилик, тажовузкорлик жиҳатлари билан яққол ажралиб турар экан. Ўзимиз билиб-билмасдан болаларимизни ёшлик чоғидан зўровонликка иштиёқ руҳида тарбиялаяпмиз.
Айтмоқчи, совет адабиётининг муҳим вазифаларидан бири — ўсмир-ёшларни қаҳрамонлик, ватанпарварлик руҳида, социализмнинг ашаддий душманларига нисбатан муросасиз ва шафқациз бўлиш руҳида тарбиялашдан иборат эди. Xўш, фарқ нимада? Аслини олганда, ҳеч қандай фарқ йўқ. Устига қандай қайла суртиб тортиқ қилинишидан қатъи назар, тарбия қотиллик асосида қурилган бўлса, охир оқибат ўзини ўзи ўлдирадиган камикадзега ёки Жеймс Бондга эга бўламиз.
Шохонов. Япон файласуфи Д.Икедой билан ҳамкорликда яратилган суҳбат-китобингизда Сиз устимизга бостириб келаётган замоннинг бадбин башараси тўғрисида гапириб: «Ҳар бир оила ўз фарзандларини ҳар қандай мафкуравий тажовузкорликдан ҳимоя қилишга тайёр бўлиб туриши керак», деб огоҳлантирган эдингиз. Ўша огоҳлантиришни эшитдикми? Тушундикми? Афсуски, кўпчилик ота-оналар хавф-хатарни сезиб, муҳофазага ҳозирланиш ўрнига худди асов отдек боши оққан томонга шаталоқ отиб кетаётир.
Қачонлардир Испанияда битта ёзувчининг Совет Иттифоқи тўғрисидаги мана бундай фикр-мулоҳазаларини эшитган эдим: «Болшевиклар садизм ва қонхўрлик воситасида мамлакат ҳокимиятини эгаллаб олдилар. Айбни оғирлаштирадиган бу ҳолат воқеаларни ўз кўзи билан кўрган ва у ҳақда китоблардан ўқиб билган авлод тақдирига, келажагига соя солади». Бу сўзлар кўп йиллар мобайнида қалбимда акс садо бериб турди.
Айтматов. Бу гапларни инкор этиб бўлмайди. XX асрда инсонпарварлик инқирозга учрагани бор гап. Бу инқироз анча илгари бошланган бўлиб, унинг сабаблари махсус суҳбатга мавзу бўлади.
Назаримда, бу масалага батафсил тўхталиб ўтиш лозим. Чунки, ҳеч кимга сир эмас, табиатни қандай қилиб асраш, очликдан, урушлардан, техникавий тараққиёт келтириб чиқарадиган кулфатлардан ҳимояланиш тўғрисида бош қотиришдан аввал маънавий маънода инсон қандай қилиб инсон бўлиб қолажагини, нафақат ақл-идрокли мавжудот шаклида эмас, балки ҳис қиладиган, виждонли инсон қандоқ бўлиши кераклигини билмоқ керак. Маълум даражада ҳайвонларнинг ҳам ақли бор. Виждон ва ҳис-туйғу фақат инсонга хос хусусиятдир. Энди Ғарбдаги инсонпарвар файласуфларнинг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлаган ҳолда айтмоқчиманки, бошимизга ёғилиши мумкин бўлган мисли кўрилмаган ҳалокат — бу фақат атом, иссиқлик қуввати каби инсонни (балки, жамики тирикликни) Ер юзидан жисмонан йўқотиб юборадиган хатаргина эмас, айни чоғда инсониятнинг ичидаги инсонийликни таг-томири билан маҳв этиб юборишга қодир бўлган даҳшатли ҳалокат ҳам рўй бериши мумкин. Бу дегани — инсон асил инсон бўлолмади демакдир.
Шохонов. Ёки инсоний қиёфасини йўқотган инсон пайдо бўлади.
Айтматов. Униси ҳам, буниси ҳам — бир гўр. Энди кўнглингга ғулгула солиб қўйган испан ёзувчисининг бояги сўзларига келсак, менимча, у болшевизм моҳиятини жуда синчиковлик билан илғаб олган кўринади. Масалага атрофлича ёндошадиган бўлсак, мустабид тузум қаерда заҳарли илдиз отган бўлишидан қатъи назар унинг моҳияти ўзгармайди. Кези келганда диққат-еътиборимизни битта муаммога қаратайлик: садизмни ҳаракатга келтирадиган сабаблар, омиллар қандай бўлади? У қаерда, нима учун пайдо бўлади? Жамиятнинг ахлоқий асосларига қай даражада таъсир кўрсатади? Қандай оқибатларни келтириб чиқаради?
«Садизм» деган иборанинг чин маъноси нима эканини айрим кишилар билмаса керак. Xорижий сўзлар луғатига мурожаат этамиз. Франсуз ёзувчиси маркиз де Сад (1740—1814) номи билан аталадиган ушбу атаманинг маъноси — жинсий бузуқлик, ёстиқдошига жисмоний азоб етказилган тақдирдагина тўла-тўкис ҳузур қилинади, шунингдек, ҳаддан ташқари шафқацизлик, бошқаларнинг азобланишидан ҳузурланиш демак.
Юқорида айтилган гапларга қўшимча сифатида қайд этмоқ лозимки, олимлар садизмни бир неча турга ажратадилар: наслий касаллик билан боғлиқ бўлган садизм; руҳий касаллик сифатида рўй берадиган садизм; нашавандлик ва ичкиликбозлик натижасида юзага чиқадиган садизм ҳам бояги тоифага мансуб; ниҳоят, ижтимоий турмушнинг кескин издан чиқиб кетиши натижасида рўй берадиган садизм.
Дастлабки икки гуруҳга алоқадор садизм сабабларини эътибордан соқит қилмаган ҳолда учинчи — ижтимоий гуруҳ сабабларини кўздан кечирамиз. Де Сад ўзини эътиқодли республикачи деб ҳисобларди. Ҳайрон бўляпсанми?
Шохонов. Ҳм-м! Нима десам экан...
Айтматов. Қайсидир бир китобда ўқиганим бор, Франсия инқилоби тажрибаларидан маркиз де Сад ғаройиб хулоса чиқаради.
Шохонов. Қизиқ. Қандай?
Айтматов. Мана бундай: инқилобий тузум шароитида инсониятга қарши қилинган бирон-бир жиноят қораланмаслиги лозим. Чунки, бундай шароитда жиноят одатий таомилга айланиб қолади.
Шохонов. Найрангбозликни қаранг!
Айтматов. Асти қўяверасан. Уддабуронлик, устамонлик бобида унинг ақл-идрокига тан бермай иложинг йўқ.
Де Саднинг жанжалли фитналарга, ишқий можароларнинг майда-чуйда тафсилотларига бой бўлган ҳаёти унинг романларига кўчиб ўтади ва манфур шафқацизликнинг намунаси бўлиб хизмат қилади. Қизиғи шундаки, ёвузлик илдизи ва шахсий тубанлик сабабларини маркиз ўз замонасининг иллатларидан ахтаради. У яшаган замон ҳалокатлар шиори остида кечади. Чунки, франсуз асилзодаларининг қуёши сўнади, дворянлар ўзларининг азалий ҳокимиятидан, қудратидан маҳрум бўладилар; инқирозга, парокандаликка, ахлоқий бузуқликка юз тутадилар. Аввалги имтиёзлардан фақат биттаси сақланиб қолади — мустабид ҳукмдорнинг мавқеини тиклаш учун кураш ҳуқуқини бой бермайдилар. Ўша ҳукмдор эса: «Ҳар бир эркак тўшакда мустабид бўлади», деган тутум асосида кўнглига келган номаъқулчиликни қилади.
Шохонов. Маркиз де Сад гўшангида мустабиднинг ҳассасини учратиб қоладию ундан унумли фойдаланади, сўнг ҳузур-ҳаловат билан азоб-уқубатнинг фарқига бормай қўяди. Исловатхонага ташриф буюрган чоғи қўлига қамчи олиб, ёстиқдошини ўлар ҳолатга етгунча савалайди-да, кейин ўзини ўзи юмдалайди. «Узил-кесил ишонч ҳосил қилдимки, бу тартиб чексиз ҳузур-ҳаловат бағишлайди», деб ўз таассуротини такрор-такрор қайд этади.
Унинг «Жюстин» романида шафқацизлик саҳнаси тасвирланган ёрқин бир парча бор: Жерканд исмли қаҳрамон дастлаб ўз хотинини ярадор қилади, сўнг қонни кўриб жазаваси тутади — бундан ўзини йўқотар даражада завқ олади. Ҳар ҳафтанинг маълум бир кунида мана шу ҳолат такрорланаверади. Қоп-қора қонига беланиб, аёл сулайиб қолгандан кейингина қаҳрамон ҳузурбахш қилиқларини бас қилади. Аёлнинг Жюстинга садоқати, камсуқумлиги таҳсинга сазовор. Чўри бўлиб келган хонадонда у мисли кўрилмаган азоб-уқубатларни бошидан кечиради. Зўрлаб унинг номусига тегадилар, хочга тортадилар, қамчи билан савалайдилар, итларга талатадилар, бамайлихотир томирини кесиб, қоп-қора қонини оқизадилар... Эркак унинг бўйнига сиртмоқ солиб, аста-секин бўға бошлайди; бу пайтда ўзи тўшакда бошқа бир фоҳиша билан дон олишиб ётади. Бўғилаётган аёлнинг иҳраган товуши эркак жазавасини янада ошириб юборади. Аёл ҳушидан кетиб йиқилгандан кейингина сиртмоқ бўшатилади. Муаллиф бундай жирканч саҳналарни ниҳоятда кўтаринки руҳда, мароқ билан тасвирлайди.
Ёвузлик ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Эртами-кечми, барибир жавоб беришга тўғри келади. Ўша маркиз де Саднинг ҳаёти ҳам сарсон-саргардонликда кечади. Уни бир неча марта қамаганлар, таъқиб этганлар. Мамлакат бўйлаб роса тентираб юрган васвос охири Италияга қочиб қутилади. Замондошлари у ҳақда: «1778 йил 7 сентябр куни италянлар де Садни йиртқич ҳайвон сифатида темир панжарали қафасга қамаб, Венсенга элтиб ташладилар», деб ёзадилар.
Италияда де Саднинг жинсий касали яна хуруж қилиб қолади. Шармандаи шармисор бўлиб ватанига қайтиб боргач, ошкора ваҳшийликка чек қўяди ва янги пайдо бўлган ёзувчи сифатида ном қозонади. Табиат қўйнидан паноҳ топиб, сир-асрорини қоғозга ишониб тўкади.
Айтматов. Шундай қилиб, маркиз де Саднинг бедаво дарди, ахлоқсизлиги, шафқацизлиги, қонхўрлиги, тийиқсизлиги унинг асарларида ўз аксини топади. Энг афсусланарли жойи шундаки, мана шундай алаҳсирашларни у мутлақо жирканмасдан, зўр ғайрат-шижоат кўрсатиб тасвирлайди. Де Саднинг китобларида ёвузлик тараннум этилади. У ҳаёт пайтида фақат лаънатлар эшитади, холос. Ўлими арафасида эса ўз устидан аёвсиз ҳукм чиқаради: «Ҳатто мозоримдан ҳам ном-нишон қолмайди. Ишончим комилки, мен тўғримдаги ҳар қандай эсдалик ҳам одамлар хотирасидан ўчиб кетади», дейди у. Надоматлар бўлгайким, унинг асарлари ҳозирги кунларда кўплаб хорижий тилларга таржима қилинаётир ва миллионлаб нусхаларда нашр этиляпти. Бу боши берк кўча.
Шохонов. Де Сад асарларида тасвирланган маънавий қашшоқлик, ашаддий шафқацизлик манзаралари фақат лаънатлашга лойиқ. Ўз онасини зўрлаган муртад, қизини ўзига ўйнаш тутиб, сўнг унинг мурдасини овлоқ жойга элтиб ташлагунча ялаб-юлқаб борган васвос ота ҳақидаги парчаларни ўқишнинг ўзи ҳам азоб. Шундай бўлса-да, де Сад китобларини ўқишга муштоқ бўлган китобхонлар жуда кўп экан.
Айтматов. Айтайлик, Бериянинг жирканч, разил саргузаштлари тўғрисида ёзилган китоб пайдо бўлса, шунчаки қизиқиш юзасидан ўқиб кўрармидим? Ростини айсам, асло ўқимайман. Қизиқувчилар учун ҳозир шу тоифадаги асарлар китоб чайқовхоналарида босилиб ётибди. Бундай асарларнинг муаллифлари ким? Уларни ит ҳам билмайди. Лекин, бир нарса аниқки, улар «адабиёт» воситасида ҳаром бойлик тўпламоқчи бўлиб юрган кимсалардир. Афсуски, улар тўла-тўкис эркинликни қўлга киритишгач, содда ўқувчининг эҳтиёжини қондириш учун тубан нафсига эрк бериб юборишди. Ундай кимсалар учун ҳеч қандай муқаддас нарса йўқ. Демократиянинг тескари натижаси шундай бўлади.
Шохонов. Яқинда «Дунё янгиликлари» жаридасида қуйидагича мазмундаги эълонга кўзим тушиб қолди: «Ёшим ўттиз еттида. Баланд бўйли, келишган, истарам иссиқ. Калтакланишдан ҳузур қиладиган, жинсий мулоқот бошлашдан аввал тасма ёки қамчи ёрдамида жисмоний азоб тортишни истайдиган аёл ёки қиз билан танишсам, хурсанд бўлардим... Ўрин алмашув имконияти ҳам истисно этилмайди». Шундан сўнг, бир аёл билан боғлиқ бўлган воқеа эсимга тушди. Унинг ғалати саъй-ҳаракатлари менинг болалик тасаввуримни остин-устин қилиб юборган эди.
Овулимизда ёқимтойгина аёл бўларди. Тинчгина уй юмушларини бажариб юрадиган ўша аёл бирдан жини қўзиб, жамоат жойларида хурмача қилиқларини намойиш эта бошлади. Ҳеч қандай сабабсиз одамларнинг кўз ўнгида эрининг жиғига тегадиган, уни чангитиб сўкадиган, доим жанжаллашадиган одат чиқарди. Ниҳоят, эрнинг тоқати тоқ бўлади ва аёлнинг эсини киритиб қўйишга аҳд қилади. Дод-фарёдни эшитган қўшни хотинларнинг юраклари ачишиб: «Вой, бечора, соғ жойинг қолмабди-ку! Бемаза қилиқларингни ташласанг бўлмайдими?» деб таскин беришади. Ўша аёл шундай деб жавоб қайтаради:
— Эрим калтаклаётган пайтда елкаларим шунақаям мазза қиладики, вой, шунақаям яхшики, гўё онадан янги туғилгандай бўламан!
«Ие, бу қанақаси бўлди? — деб ҳайрон бўлардим ўшанда. — Ахир, одам калтак еяётган пайтида ҳам мазза қиладими?»
Кейин мен «мазохизм» деган иборани эшитдим. Тушундимки, бу инсон руҳиятининг мураккаб жумбоқларидан бири экан. Де Саднинг далил-дастаклари билан овулимиздаги аёл тарихи ўртасида қандайдир кўзга кўринмас боғлиқлик бор: аёл эрининг калтакларини тилаб олади, калтаклар унга муолажа мисоли таъсир этади. Балки, бундай ҳолатни одатдаги қолипларга сиғмайдиган махсус мизож деб баҳоламоқ керакдир?
Бир сафар Марқадан машинада қайтиб келаётгандим. Вақт ярим кечага яқинлашиб қолганди. Узунёғоч қишлоғидан ўтиб, ГАИ ходимининг олатаёғи йўлимни тўсганини кўриб қолдим. Тўхтадим.
—О-о, сизмисиз, Мухтор оға? Ярим кечада қаёқдан келяпсиз? — деди милиционер каминани таниб. Сўнг: — Айбга буюрмайсиз, илтимосим бор, битта йигитни Олмаотага ташлаб ўтолмайсизми? — деди.
—Майли, чиқсин. Ўзим ҳам ёлғизликдан зерикиб кетяпман... Қани, йигитча, йўлимизни берсин! — деб нотаниш ҳамроҳимни суҳбатга тортмоқчи бўлдим.
—Бирданига олтита аёлни ўлдирган йигитча тўғрисида эшитдингизми? — деб сўради у.
—Ёмон гап тез тарқалади. Эшитдим.
—Мен ўша иш бўйича тергов олиб боряпман.
—Чамамда, ўша йигит сал анақароқ бўлса керак?
— Йўқ, — деб бош чайқади терговчи. — Ақл-ҳуши жойида. Узунёғоч қишлоғида туғилиб, ўсган. Мактабни ҳам ёмон тугатмаган. Ўзининг иқрор бўлишича, қурбонликларини олдиндан танлаб қўйган. Юзма-юз қолишгач, йигит қулочкашлаб узун пичоғини аёлнинг юрагига санчади ва дастасидан ушлаб айлантира бошлайди... Бечора жони чиқаётган пайтда ит азобини тортади. Маълум бўлишича, жон талвасасига тушиб қийналаётган аёлнинг ҳолати эса йигитга сўз билан ифодалаб бўлмайдиган даражада ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Қурбон қанчалик кўп вақт қийналса, қотилнинг ҳаловати ҳам шу қадар узоқ давом этади. — Олдимизда Олмаота чироқлари кўрина бошлаган чоғ: — Мухтор оға, машинани тўхтатинг, мен сизга битта сурат кўрсатаман, — деди терговчи.
Индамасдан машинани тўхтатдим. Ҳамроҳим сумкасини очиб, ундан сурат олиб узатди: стол устида кесиб олинган аёл кишининг боши турарди, сочлари бир тутамгина бўлиб қолган, юзи оппоқ, кўзлари юмиқ.
— Унинг охирги қурбонлиги, — деб изоҳ берди у. Кўнглим бузилиб кетди. Терговчи ҳикоясини давом эттирди.
— Ленинграддан махсус таклиф этилган мутахассисларнинг тахмин қилишича, жиноятчининг еттинчи авлодидаги бобоси жуда уста жаллод бўлган экан. Бошқача айтганда, бу одамхўрнинг қотилликка, ўз қурбонини шафқацизлик билан азоблаб ўлдиришга мойиллиги насл-насабидан ўтиб келган. Шундай бўлган тақдирда, у ўзи истамаган ҳолда ҳам ёвузлик қилиши мумкин.
Одамнинг сочини тикка қилиб юборадиган ҳодисалар тарихда кўп бўлган. Мисол учун XVII асрда яшаган қонхўр аёл, можор графиняси Елизавета Баторни олиб кўрайлик. Бу асилзода хоним махсус ўлдирилган қизларнинг иссиқ қонига тўлдирилган ваннада чўмилишни яхши кўрарди. Қон тўлдирилган ваннада чўмилаётган пайтда хоним ўзини ниҳоятда бахтиёр ҳис этарди. Бундан ташқари, баданга роҳат бағишлаган нарса фойдали ҳисобланарди: гўё ёш қизларнинг иссиқ қонлари гўзалликни мустаҳкамлар эмиш. Ялмоғиз 650 нафар деҳқон қизларининг ёстиғини қуритади.
Асримиз бошларида Ғарб тафаккури анъанавий қадриятларни куппаякун қилиб ташлади: тажриба баҳонаси «уч мезонли олам» тушунчаси моддийлаштирилди, қолипларга солинди; сўнгра инсон табиати ва дунёнинг астари ағдариб кўрилди. Таъқиқланган, бошқача туюлган, номаълум нарсалар Ғарбнинг касал нигоҳини ўзига қаратди. Одатдаги, анъанавий ижобий нарсаларга қизиқиш сусайиб кетди, қадрсизланди. Европа тафаккурининг мана шу пойдор дастури XX аср адоғида Ғарбнинг умумий ҳолатини ва маданий йўналишини белгилаб берди.
Садизмнинг илдизлари жуда чуқурлиқда жойлашган онгсиз қувватларга бориб туташди. Бу ҳодисани тадқиқ этиш борасида ғарблик руҳияцҳунослар маълум бир натижаларга эришдилар. Европа маданияти ҳозир ҳам жаҳаннам ёқасида туртиниб юрибди.. У кулфат келтирадиган ҳою ҳаваслардан, идеялардан қутилиб кетолмаяпти.
Бу муаммоларни енгиб ўтган Шарқ тажрибаси ҳар доим ҳам Ғарб тушунчаларига мос келавермайди. Чунки, Ғарб борлиқнинг азалий ўзгармаслигини инкор этади. У кўзга кўриниб турган, ақл-идрокка асосланган борлиқни тан олади, холос. Аммо, Ғарб азалий тарих ҳақиқатини ва уни ўрганиш услубларини кашф этиш арафасида турибди.
Айтматов. Ҳаётий шарт-шароитлар ва муҳит айрим ҳолларда инсонни шафқацизлик кўчасига бошлаб киради деган фикрга мен ҳам тўла-тўкис қўшиламан. Ўзим ҳам ўшандай туйғуни бошимдан кечирганман. Улуғ ватан урушининг оғир даврида бир воқеа содир бўлди. Ўшанда ғазабим қўзиб, битта одамни ўлдириб қўйишимга сал қолганди. Орадан кўп йиллар ўтгач, ўша ҳодисани қоғозга туширдим. Мухторжон, ўша ғамгин хотирамни сенга ўқиб берганим яхши эмасми?
«1943 йилнинг қиш фаслида, феврал ойининг бошларида бизнинг оиламиз бошига мусибат тушди. Мен очлик, қашшоқлик, уруш тўғрисида гапираётганим йўқ. Буларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан тушунарли. Фақат бир нарсани назардан қочирмаслик лозимки, юқоридаги кулфатлардан ташқари, биз қувғинга учраган оила эдик, Сталин тузуми томонидан маҳв этилган «халқ душмани»нинг болалари эдик. Касал онамизнинг (умрининг охиригача томирларининг шамоллаш касали сурункали давом этган бўлса-да, 1937 йилда отамиз отиб ташлангач эски дарди хуружини кучайтириб юборганди) тўртта фарзанди бор эди. Мен ўн беш яшар, тўнғичи эдим.
Биз кўчиб борган овул ҳозир ҳам Жийда деб аталади. Ташландиқ, ярим вайрона лойсувоқ кулбада тиқилиб яшардик. Сигир (унинг лақаби ҳали-ҳали эсимда — Зуҳра эди) сақлайдиган бостирмамиз бўлмагани туфайли уруш бошланишидан анча илгари совға қилинган «енага»мизни раиснинг рухсати билан ўша қиш фаслида колхоз молхонасида боқардик. Бу гапларни айтаётганимга сабаб шуки, ўша сигир биз учун нақадар зарур эканини тушунтирмоқчи бўляпман. Биз болалар ҳам сигирсиз яшашимиз жуда мушкул бўлишини билардик. Кун бўйи молхонада ҳар хил юмушларни бажариб юрардик: ўт берардик, соғардик, қўни-қўшниларимиздан ем тилаб олардик. Шу тарзда биз унинг бузоқлашини кутардик. Уйда фақат сут-қатиқ, қаймоқ, пишлоқ тўғрисида гаплашардик, ширин хаёллар сурардик.
Ўша рутубатли қиш тонгини ҳеч қачон эсимдан чиқармасам керак. Барвақт туриб, изғирин остида молхона томон йўл олдим. Зуҳранинг ҳолидан эртароқ хабар олмоқчи эдим. Молхонага биринчи бўлиб ўзим борибман, молбоқарлардан ҳеч ким келмаган эди. Дастлаб, нима учун сигиримиз жойида йўқлигини тушунолмай ҳайрон қолдим. Бостирма бўм-бўш эди. Сигиримиз энг чекка жойда, бостирмага кираверишда боғлоқлик турарди. Дарвозанинг ярми синиб кетгани боис кечасию кундузи очиқ бўларди. Баъзан ем-хашак бергани отлансак, Зуҳра олисдан бизнинг қорамизни кўрардию бўкириб қоларди. Сигиримни жойидан тополмаганимдан сўнг, балки арқони бўшалиб кетиб, шу яқин атрофда санғиб юрган бўлса керак деб ўйладим. Бироқ, мен уни саройда ҳам, молхонада ҳам учратмадим. Сигир ҳеч қаерда йўқ эди. Шундан сўнг тунги қоровул ҳузурига ошиқдим. У пичанхона бурчагида ухлаб ётарди. Чол балони ҳам билмасди. Эҳтимол, ўзини гўлликка солаётгандир? Сигиримиз қаёққа кетди, деган саволимга асло жавоб беролмади. «Балки, бўшалиб кетиб, далага чиқиб, ўтлаб юргандир?» деб ўзича тахмин қилди. Шу дақиқадан эътиборан юрагимга ғулғула тушди. Мен тўрт тарафни тимирскилаб кўрдим: жарликка бўйладим, дарё қирғоқларига кўз югуртирдим. Одатда, сигирни дарё ёқасига етаклаб бориб, суғориб қайтардик. Лекин, ҳеч қаерда Зуҳранинг изи кўринмади. Тонг-саҳарда бирорта сигир бостирма остидан ўз ҳолича чиқиб кетмайди. Фалокат рўй берганини тушундим. Онамга хабар бериш учун кулбамиз томон югурдим. Ўша соатдан бошлаб оиламиз устига осмон қулаб тушгандай бўлди. Эрта кунимиз хуфтонга айланди: шак-шубҳа йўқки, сигирни олиб кетишган, ўғрилаб олиб кетишган эди. Ҳамма саросимага тушиб, йиғлай бошлади. Нима қилиш кераклигини ҳеч ким билмасди. Қўни-қўшниларимиз югуриб чиқишди: бизга ачинганларидан ёвуз ниятли кимсаларни қарғай бошладилар — уларнинг бошига ҳам қора кунлар тушишини худодан тиладилар. Ҳозир ҳам эсимда, мен ниҳоятда дарғазаб бўлдим, қатъий қарор қилдим. Тўнғич фарзанд эдим. Укаларимни ҳимоя қилишим керак эди — бошимизга тушган кулфат учун ўч олмоғим, курашмоғим лозим эди. Ўша пайтдаги тушунчам бўйича фақат бир нарса қўлимдан келарди: ўғриларни ўлдириш керак, вассалом! Шундай қилиб, қўшниларимиздан бири бўлмиш Темурбек тракторчининг уйига милтиқ сўраб бордим. Кузги шудгор пайтида мен унга сувчилик қилиб, ёрдам бергандим. У кўрпага ўраниб, терга ботиб ётарди. Бетоб экан. Темурбек бошимизга мусибат тушганини эшитган экан. «Милтиқ, ана, деворда осиғлик турибди. Олавер. Патронлар эса михга осилган сумкада, — деди у. — Агар бетоб бўлмаганимда-ку, ўзим ҳам бирга бориб, ўша муртадларни учратган жойимдаёқ отиб ташлардим», деб қўшиб қўйди.
Темурбек ҳузуридан қалбимда қасос руҳи ёниб, милтиқни олиб чиқдим. Бутун вужудимни ғам-алам чулғаб олганди. Бошқа нарсани хаёлимга келтирмасдим. Мусибат оловида қовурилаётган юрагимни фақат бир фикр ўртарди: қандай қилиб бўлса-да ўғриларни топиб, жазолашим керак. Бундай қарорга келишимга сабаб — ўғрилар ҳали олис кетмаган бўлиши мумкин. Чунки, ҳартугул, сигир от эмас, йўрғалаб юрмайди. Улар фақат кечаси йўл босадилар, кундузи биров кўриб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Демак, ҳозир улар бирорта овлоқ жойда писиб ётган бўлишлари керак. Агар сигирни сўйиб улгуришган бўлса, гўштни яшириб қўйишиб, ўзлари ухлаб ётишибди. Ўғриларнинг яна бир мулоҳазаси баттар жаҳлимни чиқарарди: яъни, улар ўйлашганки, бу оила келгинди, орқамиздан қувлайдиган жонкуяри йўқ. Мана, энди мен худди осмондан тушгандай қўлимда милтиқ билан рўпарасидан чиқаману икки киши бўладими, уч киши бўладими — ҳаммасининг пешонасидан отаман... Ҳа, фақат шундай қиламан. Бошқача бўлиши мумкин эмас!
Худди жиннига ўхшардим: далаларни, жарликларни титкилаб чиқдим, овлоқ оромгоҳлар ҳам назаримдан четда қолмади, тоғ этакларига қадар бордим. Қаҳратон қиш эди, лекин совуқни сезмасдим. Ичимдан иссиқ чиқар эди. Югуриб кетаётиб худди бўрига ўхшаб қор ердим. Биттаю битта этигимни ҳам аямасдим, йўл танлаб ўтирмасдим — дуч келган жойдан кетаверардим. Чарчоқ нималигини ҳам билмасдим. Тез орада укам икковимиз навбат бўйича авайлаб-асраб киядиган этик ҳам йиртилиб кетди. Вақт пешинга яқинлашиб қолди. Бироқ, ҳеч қаерда ҳеч кимни учратмадим. Бўшлиқ, кимсасизлик ҳафсаламни пир қилди. Чор атроф тоғлардан ва тоғлар ўртасидаги бўм-бўш текисликлардан иборат эди. Теваракда ҳеч ким, ҳеч қандай из йўқ.
Бирдан ўйлаб қолдим, ўғрилар бу ерга энг яқин бўлган Жамбул шаҳрига (кейинчалик мен ана шу шаҳарда зооветеринария техникумида ўқидим) йўл олган бўлишлари керак-ку! Ҳа, албатта, сигирни сўйиб, гўштини бозорда сотиш учун ўша ёққа олиб кетишган.
Мана шу оддийгина тахминий ҳақиқатдан юрагим ҳаприқиб кетди ва кўп ўйлаб турмасдан шаҳар томон жўнадим. Агар тун бўйи тўхтамасдан юрсам, фақат эрта тонгда шаҳарга етиб боришим мумкин эди. Тўхтовсиз равишда, ҳеч иккиланмасдан бу йўлни босиб ўтишга тайёр эдим. Зудлик билан қирдан эниб тушдим-да катта йўл томон йўналдим. Xаёлан шаҳарга етиб борганимдан сўнг қиладиган ишларимни бир-бир кўз олдимдан ўтказдим: эрта тонгдан эътиборан бозорма-бозор юриб, ҳар бир кишининг юз-кўзларига разм солиб қарайман. Балки, янги сўйилган сигирнинг терисини учратиб қоларман. Агар терини учратмасам, ҳечқиси йўқ, сотувчининг қиёфасидан, кўзларидан кимлигини бехато билиб оламан. Айнан қандай қилиб билиб олишимни аниқ тасаввур этолмасдим-у, лекин ўғриларни бехато таниб қолишимга заррача ҳам шубҳа қилмасдим. Улар ҳам мени таниб қоладилар. Бироқ, энди кеч бўлади, қочишга улгурмайдилар: мен уларни шу ернинг ўзидаёқ — гўшт сотилаётган пештахта орқасидаёқ отиб ташлайман, вассалом!
Милтиқни маҳкам ушлаганимча юрагимда қасос ўти ёниб борардим. Ниҳоят, катта йўлга ҳам чиқдим. Ўз хаёлларим билан банд бўлиб, қаршимдан эшак миниб келаётган бир одамнинг яқинлашиб қолганини дарҳол сезмадим. Бу оддийгина қишлоқи чол эди. Уст-боши бир аҳволда, бошида оҳори тўкилган телпак, соқоли оппоқ. Эгарланган кулранг эшак ўзи ўрганиб қолган йўлда майда қадам ташлаб келарди. Чол кўҳна, қаровсиз қолган қабристон томондан келмоқда эди. Йўлимиз кесишди. Бундай пайтда биринчи бўлиб салом беришим фарз бўлса-да, лекин қаҳр-ғазаб бутун вужудимни чулғаб олгани учунми, бу сафар ўз бурчимни ҳам унутиб қўйдим. Чолнинг ёнидан индамасдан ўтиб кетдим. Шу пайт чол мени чақириб қолди:
—Менга қара, йигитча! — деди у. — Мабодо, бировни ўлдирмоқчи эмасмисан?
—Ҳа, — дедим чолнинг саволидан мутлақо ҳайратланмаган ҳолда. — Ўлдирмоқчиман!
Кўзларимиз тўқнашди. Чол озиб-тўзиб кетганди, лекин хотиржам эди. Кўпни кўргани билиниб турарди. У бошини силкитиб қўйди.
—Бўпти, ниятинг шунақа бўлса, шошилмагин. Бир пас тур, гаплашамиз. Xўш, нега бировни ўлдирмоқчисан?
—Эрта-индин туғадиган сигиримизни ўғирлаб кетишди. Оилада тўрт жонмиз. Мен тўнғичман. Онам билан аммам касал бўлиб ётишибди.
—Буни қара-я! Бечора-ей... Лекин, гапимга қулоқ сол. Қасос ўти билан ўзингни ўзинг қовурма, хаёлингда ҳам одам ўлдирма, ҳатто лаънати ўғрини ҳам ўлдирмагин.
Миқ этмадим. Қичқириб юборишдан зўрға ўзимни тийиб турардим.
— Аҳволингни билиб турибман, — деди чол салмоқли оҳангда. — Гапларингни эшитиб, суякларим сирқираб кетди. Лекин, нотаниш чолнинг сўзларини ерда қолдирма: бировни ўлдираман деб юрмагин! Бундай фикрни юракда сақлама. Уйингга қайт. Доим бир нарса эсингда бўлсин: ёмонлик қилган одамга ҳаётнинг ўзи жазосини беради. Ишонавер, барибир жазосини тортади. Жазо абадулабад орқасидан қадам-бақадам эргашиб юради; бирга ётиб, бирга туради. Сени ҳаётнинг ўзи мукофотлайди. Уйингга қайт, қотилликни эсингдан чиқариб ташла. Бахтнинг ўзи сени излаб топади, қандай қилиб қалбингга жойлашиб олганини сезмай ҳам қоласан. Ҳозир мен сенга қуруқ гаплар билан вайсақилик қилаётгандай кўринишим мумкин. Лекин, гапларимга ишонгин, орқага қайт... Вақти-соати келиб, менинг сўзларим тўғрилигига ишонч ҳосил қиласан, ўшанда эслайсан... Ҳали сигирларинг ҳам кўпайиб, эҳтимол, юз бошга етади. Ўғлим, энди уйингга бор. Нима гап бўлганини онангга айт. Бора қол, мен ҳам ўз йўлимга кетаман...
Эшагини йўртиб кетаётган чолнинг орқасидан қараб турар эканман, ҳамон иккиланардим. У орқасига қайрилиб қарамади... Мен ҳам кимсасиз дала бўйлаб кета бошладим. Энди керак бўлмайдиган милтиқ елкамдан оғир юк бўлиб босиб борарди. Қор қоплаган бепоён майдонга қоронғилик чўка бошлади. Ўзимга нима бўлганини билмадим-у, аммо бирдан ўкраб йиғлаб юбордим. Йиғидан аъзои баданим титрарди. Оёғимда йиртиқ этик билан яна узоқ тентираб юрдим, юравердим...
Ўша воқеани кўп йиллардан бери эсимдан чиқариб юборган эдим. Яқинда ҳаммаси эсимга тушиб қолди. Йўлимда учраган ўша нотаниш чол ҳам хаёлимда жонланди, унинг сўзлари ҳам жонланди: «Сенга қанча ёмонлик қилишган бўлса-да, ўғлим, ҳеч қачон қасос олишни ўйламагин».
Демак, менинг ҳам «ҳаётий устозим» бўлган экан. Тупроғимнинг азиз ва покиза инсонларига эгилиб таъзим қиламан! Улар ҳозир ҳам менинг маънавий таянчимдир. Эҳтимол, гап фақат «қайтиш»да эмас, балки нима учундир сени яхши кўрган одамлар олдидаги бурчингни, кимлигингни, қаёқдан келганингни ҳеч қачон, айниқса, шон-шуҳрат қозониб, бахтли бўлган дамларингда бир дақиқа унутмаслигинг керак.
Ўша воқеани эшитган битта тенгдошим:
—Нечта сигиринг бор? — деб сўради.
—Битта ҳам йўқ, — деб жавоб бердим.
Кейин ўйлаб қолдим: бутун дунё бўйлаб мисли кўрилмаган нусхаларда тарқалаётган ҳар бир китобимнинг баҳоси битта сигир сотиб олишга етмайди. Нуроний дарвеш мана шундай каромат қилган экан!
Мухтор, биз садизм тўғрисида фикр-мулоҳаза юритаётиб, шу воқеани эсладик. Гоҳ-гоҳ ғурбатда ўтган болалик давримни, қаҳратон феврал кунларини, яккаю ёлғиз боқувчимиз бўлмиш сигирдан ажралиб қолганимиздан сўнг очлиқдан тиришиб қолганимизни эсласам, иродасизлик қилиб ёмон ишга қўл урмоқчи бўлганим учун ўзимдан ўзим хафа бўлиб кетаман. Бироқ, ўғрилар ўқланган милтиғимнинг рўпарасидан чиқиб қолмагани учун тақдиримга шукроналар айтаман. Шунда кўнглим
ёришиб кетади. Шафқацизлик бошқа бир шафқацизликни туғдиради. Агар ўғрилар қўлимга тушиб қолганда мен уларни отиб ташлардим. Xўш, ундан сўнг менинг тақдирим нима бўларди? Истисно эмаски, ижтимоий фожиа туфайли учқун чиқарган садизм норасида вужудга ҳалокатли таъсир ўтказиб, қалбимда ёнғин чиқариб юбориши ҳеч гап бўлмай қолади, Инсон қалби — жумбоқ тўла қутича. Ҳаётий етишмовчиликлар, маҳрумиятлар натижасида вужудга келган қасоскорлик туйғуси ва қаҳр-ғазаб кўнгулдаги олижаноблик куртакларини янчиб ташламаслигига ким кафолот беради?
Инсон гоҳ-гоҳ дуч келадиган ҳар бир муваффақияцизликни бахсизлик деб ҳисобламаслиги лозим. Бу — Лев Толстойнинг маслаҳати. Ким билади дейсиз, балки ҳақиқий бахт кичик муваффақияцизликдан бошланар?!
Агар мен ўсмирлик пайтимда қоқилиб тушганимда борми, кейин бир умр афсусланиб ўтардим. Ўша воқеани эсласам аъзои баданимдан тер чиқиб кетади. Мени ёвузлик йўлидан қайтарган ўша олижаноб чол ким эди?
Шохонов. Агар олимларнинг гапларига ишонадиган бўлсак, кейинги ўттиз минг йил ичида инсон мияси деярли сезиларли ўзгаришга учрамаган экан. Бу фараз шундоқ ҳам кўп нарсаларни айтиб турибди, баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши мумкин. Агар бировнинг бобокалони файласуф ёки асилзода бўлган бўлса ва ё аксинча, қонхўр ёки қаллоб бўлган бўлса, еттинчи авлоддан кейин (балки, олдинроқ) ўша хусусиятлар яна қўзиб қоладими? Xўш, эзгу ниятли сеҳргар яхшиларни, ёвуз жодугар ёмонларни бир марта ўз комига торса — бас, кейин инсон тушунчаси, табиати, мизожи, феъл-атвори, одатлари, йўл-йўриғи, қоидалари абадулабад ўзгармайдими? Айтайлик, сигирингизни ўғирлаб кетган кишилардан келажакда фақат ўғрилар, жиноятчилар туғиладими?
Яқинда газетада бир мактаб ўқувчисининг хавфли «хобби»си тўғрисидаги мақолага кўзим тушиб қолди. Бундан дилим хуфтон бўлди. Ўз синфида энг ақлли, «аълочи» бўлган худди тажрибали ёш натуралист каби... ит ва мушукларга азоб беришни, ўлдиришни яхши кўрар экан. Бундан чексиз ҳузурланаркан. Унинг йўлида омборхона учраб қолади: таптортмас ҳайвонкуш ҳеч ўйлаб ўтирмасдан омборхонага ўт қўйиб юборади. Ёнғинни кўриб югуриб келган одамлар ўтни ўчиришга киришади, кимдир мусибатдан қичқира бошлайди. Болакай эса бу ҳолатни мириқиб томоша қилади, роҳатланади.
Вақти-вақти билан жин йўлдан урган болапақир қабристонга боради ва қабртошларни ағдариб ташлайди. Фақат бу билан қаноат қилмай, қабрларни очиб, мурдаларни хўрлайди. Ота-оналар анча пайтгача мўминқобил фарзандларининг хурмача қилиқларидан бехабар юрадилар. Бир оқшом болакай уйга тупроққа беланиб келади.
—Сенга нима бўлди? Турқингга қараб бўлмайди-ку?! — деб койиб беришади.
—Э-е, зўр бўлди! Мурдаларни боплаб келяпман! — деб мамнуният билан жавоб қайтаради бола.
Кўряпсизми, ҳаётимизга эшикни тақиллатмасдан яна битта одамхўр кириб келди. Лаънатланган Чикатилодан фарқли ўлароқ, бу болакайнинг келажаги ҳали олдинда.
Айтматов. Афтидан, у ҳеч қачон маркиз де Сад тўғрисида ҳам, садизм тўғрисида ҳам ўйламаган бўлса керак. Боз устига, хурофий романлар ёзишни асло хаёлига келтирмаган. Бироқ, ишончим комилки, у жиноят қилаётганини билиб турган. Бу ҳол нимани англатади? Инсон қалбида яшайдиган ҳайвоний туйғулар биздан олдин дунёга келган. У кимнинг қалбида, нима учун уйғонади? Ҳамма гап мана шунда.
Шохонов. Қўққис бирталай савол туғилади, хаёлларинг паришон бўлиб кетади. Ақл-ҳуши жойида бўлган, ўзига тўқ оилада яшайдиган болакай нима учун жиноят кўчасига кирди? Агар унинг ақли заиф бўлганда бошқа гап эди. Журналистлар ўтказган изланиш натижасида газетада пайдо бўлган мақолада келтирилган воқеалар битта боланинг қўли билан қилинган. Руҳият қатламларида вақти-соати келишини кутиб ётган хурофий кучлар каммикан? Эҳтимол, улар борлигини биз ҳеч қачон билмасмиз. Бундай кучлар йўлига ғов қўйиш мумкинми? Долзарб ижтимоий муаммони ҳал этиш учун қўллайдиган воситаларимиз кутилганидек самара берадими? Айтайлик, садистлар ёки тузалмайдиган жиноятчилар фош этилгач, биз уларни озодликдан маҳрум этиб, қамоқхонага яшириб қўйганимиз билан муаммо ҳал бўлиб қоладими?
Назаримда, бошқа бир йирик муаммо — бу манқуртчилик. Сиз «Асрни қаритган кун» романингизда мана шу мавзуни кўтарган эдингиз.
Бу қадар кўп қатламли сюжет хаёлингизда қачон пайдо бўлган? Шахсий ва умуминсоний коинот чамбарагини қандай қилиб манқуртчиликка келтириб боғладингиз?
Айтматов. Одамлар орасида, ёзувчи ёзмай юрган пайтида ҳам ёзаверади, деган гап бор. Шу гап ўзимга ҳам ёқади. Оппоқ қоғозга кўзинг тушса — бас, дарров қўлингга қалам олиб мавзуни ёзиб қўясан. Ички тайёргарлик бўлмаса-да мавзуни қоғозга туширасан. Бу ҳол худди керакли хом ашё, мосламалар бўлмай туриб сарой қурилишини бошлаб юборгандай бир гап. Вақтинг зое кетади. Ўзинг танлаган мавзуни муваффақиятли ривожлантириш, кўнглингда туғилган идеяни тўлақонли равишда рўёбга чиқариш учун хотира омборхонасини шошилмасдан оча бошлайсан. Болалик хотиралари, шахсий тажрибаларинг, кузатишларинг, якунланган фикр-мулоҳазаларинг, ўзинг қатнашган воқеалар, учрашувлар — буларнинг ҳаммаси синчиковлик билан сараланган мева каби бир ипга тизиб чиқилади ва бўлажак асарнинг пойдеворини ташкил этади.
«Асрни қаритган кун» романимни ёзишдан аввал манқуртчилик мавзусини жуда синчиковлик билан ўргандим. Болалигимизда бирор ишни нотўғри бажарсак ёки ножўя хатти-ҳаракат қилсак: «Нима бало, манқуртмисан?!» деган танбеҳни кўп эшитардик. Тўғри, қайси чегарадан сўнг инсон бевосита манқуртга айланишини аниқ билмасдик. Лекин, ич-ичимиздан ҳис этардикки, бу сўз жуда ёмон ҳақорат ҳисобланарди.
Бундан ўн аср муқаддам куйланган ва ўшандан буён қаҳрамонлик, ватанпарварлик қомуси бўлиб келаётган қирғизларнинг «Манас» эпосида илк бора манқуртчилик тўғрисида гувоҳлик берилган. Эпосда шундай парча бор: кичкинтой Манас асов кучга эга, жангари бўлади. Бундан ташвишга тушиб қолган маҳаллий ҳокимлар пинҳона тил бириктирадилар. Яъни, келажакда Манас халқ йўлбошчиси бўлмаслиги учун уни ёшлигида манқуртга айлантириб қўймоқчи бўладилар:


Болани асирга олайлик,
бошига хом терини ёпиштирайлик.
Сўнг, юртимизга элтиб қурғурни
олти аймоқ қалмиқ бир бўлиб,
боплаб адабини берайлик!
Олтмишинчи йилларнинг ўрталарида таниқли манасчи-оқин Саёқбой Қоралаевдан «манқурт» ва «шири» сўзларининг этимологик маъносини сўраган эдим. Ҳурматли оқсоқол хийла вақт ўйланиб, сўнг бундай деганди:
— Қадим замонларда, қирғизлар билан қалмиқлар орасида тинимсиз қонли урушлар кетаётган даврларда рақиблар мол-ҳолни талон-тарож қилишдан ташқари, одамларни асир қилиб ҳам олиб кетардилар. Сўнг асирлар қул сифатида сотиб юбориларди. Асир хожаси қарамоғида подавонлик қилиб юрса-да, лекин эртами-кечми, барибир қочиб кетиши мумкин эди. Дунёда яхши одамлар кўп; асир қулай фурсатни топиб, бирор кишидан қариндош-уруғларига ўзи ҳақида хабар айтиб юбориши ҳеч гап эмас. Қолаверса, токи танасида жони бор экан, у бирорта маҳаллий хонимнинг кўнглига йўл топиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас. Жисмонан вояга етган навқирон пайтида асир олинган одам беш йил, кўпи билан ўн йил тутқунликка бардош беради. Кейин ҳар қандай инсон боласи каби унинг кўнглида ҳам аста-секин норозилик уйғонади, қўллари ўз-ўзидан қурол-яроқ излаб қолади, хаёлида қўзғолон пишиб етилади. Бўлажак қўзғолончини олдиндан тушовлаб қўйишнинг бирдан-бир ёки бирламчи воситаси — уни манқуртга айлантириб сақлаш ҳисобланарди. Бунинг учун, энг аввал, асирнинг сочлари таг-туги билан устарада қириб олинарди. Сўнг асирнинг бошига янги сўйилган туя терисидан ёки мол терисидан қийқим кийдириларди. Мол терисининг қийқимини қирғизлар «шири» дейишарди. Терининг чаккага тушиб турган қисми гир айлантирилиб хомтеридан тўқилган чилвир билан танғиб боғланади. Асир икки томонлама азоб исканжасига тушиб қолади. Дастлаб, аста-секин қурий бошлаган тери бужмайиб, бош чаноғини сиқаверади; сўнгра янги ўсиб чиққан соч толалари терини тешиб ўтишга ожизлик қилиб, йўналишини ўзгартиради ва минглаб игналар бош терисига санчилади: шу тарзда вақт ўтиши билан асаб тизими ишдан чиқади ва хотира йўқотилади. Бошига шири кийдирилган асирнинг оёқ-қўллари боғланиб, сувсиз-овқациз ҳолда жазирама қуёш остига ташлаб қўйилади. Бир-икки ҳафтадан сўнг асир ё ўлиб қоларди, ё манқуртга айланарди. Агар ўлса, азоблардан қутилиб кетарди; тирик қолса, иш қуролига айланарди: ўз исмини ҳам, насл-насабини ҳам, ўтган кунларини ҳам эслай олмасди, фақат хўжайиннинг хоҳиш-иродасига бўйсуниш кераклигини биларди, холос. Инсоният даҳшатли зўравонлик қуролини яратиш борасида жуда топқирлик қилади. Лекин, мана шундай варварлик қаршисида бошқалари ҳеч нарса бўлмай қолади.
Мустабид тузум ҳукм сурган даврда бутун жамиятга, сен билан менинг, ҳаммамизнинг дунёқарашимизга мафкуравий шири кийдириб қуйилди. Шу йўсин ҳамма ва ҳар бир киши қаттиқ бўйинтуруқ асосида ягона тутум манфаатларига итоат эттирилди.
Бир сафар мен поездда Москвага кетаётган эдим. Бойқўнғир космодромидан навбатдаги космик кема учирилгани тўғрисида радиодан хабар берилаётган пайт биз Қизил Ўрда вилояти бўйлаб бораётгандик. Асрлардан бери жизғанак бўлиб ётган саҳрога тикилганимча дераза олдида узоқ ўйга толдим. «Асрни қаритган кун» романимнинг хомаки режаси ўша пайтларда туғилди. Инсоният ўзга сайёраларда ҳаёт борлигини кўпдан бери муҳокама қиляпти, ўзларига ўхшаш ақл-идрокли мавжудот борлигига чин дилдан ишоняпти... Агар Ер сайёрасининг ўзи сайёрамиздан ташқаридаги ақл-идрокли мавжудотлар томонидан маҳдудликка маҳкум этилган бўлса нима бўлади? Гўё кўзим ярқ этиб очилгандай бўлди. Мана шу фикр хаёлимга тинчлик бермай қўйди. Ёшлик пайтимда эшитганим манқурт тўғрисидаги афсона кутилмаганда хаёлимда янгича талқинга учради.
Қадим замонларда иродаси кучли, жисмонан бақувват инсонлар бошга кийдирилган чамбарак воситасида ақл-идрокидан, маънавий дунёсидан маҳрум этилади, синдирилади. Бу — жузъий ҳодиса. Бир-бирини маҳв этишга тайёр турган икки тузум мафкуравий пойга натижасида коинотга чиқиб борсаю ким-кимдан зўрлигини намойиш этиш мақсадида Ер юзига чамбарак кийдириб қўйишса, нима бўлади? Қандайдир бир кишининг шахсий фожиаси ҳаммани ёппасига ўз комига тортиб кетадиган кун яқин қолмадими? Мусибатнинг бегонаси бўлмайди. Фожиа қамровидан, узоқ-яқинлигидан қатъи назар ҳар доим фожиа бўлиб қолаверади. Инсониятга хавф солиб турган ҳалокатдан огоҳ этиб қўйишни истардим. Шу истак туфайли асар ёзилди.
Шохонов. Маълумки, «манқурт» атамаси қадимдан буён турк халқлари орасида юради. Манқуртга айлантириш орқали қанчадан-қанча сир-асрорни яширишга уринмасинлар, лекин лаънатланган сўз бизнинг луғатимизда кўп асрлар давомида сақланиб келаётир. Сиз ўша замонлардан қолган чакана қийноқ усулига қалам урдингизу янгича талқин қилиб, бу мавзуни умуминсоний фалсафий муаммо даражасига кўтариб юбордингиз. Ҳозир «манқуртчилик» атамаси халқаро луғат жамғармасидан ўрин олди.
Агар эътибор берган бўлсангиз, инсонни хотирасидан маҳрум қилиш тўғрисида ҳар ким ҳар хил ёзади. Боз устига, бу бировнинг хом хаёли эмас, балки ўз илдизлари билан Манас давридаги хурофий услубга бориб қадалади. Минглаб йиллар давом этган қадимий тарихи мобайнида ўз бошидан не-не кулфатларни кечирган Осиё қитъасида қандайдир ёвуз даҳо томонидан ўйлаб топилган услуб бу.
«Асрни қаритган кун» романи эълон қилингандан сўнг, собиқ Совет Иттифоқида маданий-тарихий ҳалокат ёқасига бориб қолган камсонли халқларнинг фожиаси тўғрисида бор овоз билан гапира бошладилар. Манқуртчиликка қаршилик кўрсатиш масаласи улар учун долзарб бўлиб қолди. Бошқача айтганда, Сизнинг оғзингиздан чиққан аччиқ ҳақиқат миллат ва элатларни дилгир этиб қўйди.
Бир неча йиллар муқаддам Болтиқбўйи республика-ларида ва Молдовада ёшлар тинч намойиш чоги кўча-ларга кўтариб чиққан «Биз манқурт эмасмиз!» деган шиор боя айтган фикримнинг ёрқин исботидир.
Сизга ҳам маълум бўлса керак, инсоннинг ақл-идрокига, унинг озодлигига қарши қаратилган яна бир жиноят «зомби» деб аталади. Нақл қилишларича, манқуртчилиқдан унча фарқ қилмайдиган бу «илми аъмол», дастлаб, Африкадаги қабилалар ўртасида тарқалган, ҳозир «аср жинояти» сифатида ном қозониб улгурган. Афсонага ўхшайдиган ўша воқеаларга ишонадиган бўлсак, беихтиёр сочимиз тикка бўлиб кетади. Умуман олганда, мақсад деярли бир хил — инсон итоатгўй қул-ижрочига айлантирилади. Фарқ шундаки, ўлдириб-тирилтириш воситалари мутлақо махфий ҳолатда сақланган. Бу жумбоқнинг ечилиш тарихи ҳам бошқача бўлган.
Битта африкалик далада кетаётиб, ишлаётган одамлар орасида бундан 15 йил муқаддам ўлиб кетган оғасини таниб қолади. Кўзларига ишонмасдан арвоҳнинг ёнига яқин боради. Ҳақиқатан ҳам, бу одам оғаси экан. Фақат кўзлари маъносиз, ҳайвоний учқун сачраб турарди. Ўз укасини кўриб, ҳатто пинак бузмайди. Соқовга ўхшарди. Исмини эшитиб ҳам жавоб қайтармайди, бир нималар деб ғўлдираб қўяди, холос. Бахтга қарши, ишга ҳалақит берилаётганини сезиб, омоч учи билан укасини туртиб, яна-тағин ерни шудгор қилишга киришиб кетади. Даҳшатга тушган укаси тез орада фаҳмлайдики, далада ишлаётган одамлар тирик мурдалар эди, холос. Бўлган воқеани уйидагиларга, қўни-қўшниларига айтиб берган йигит ўртоқлари билан қабристонга боради. Не кўз билан кўрсинки, қабр бўм-бўш эди.
Эринчоқлик билан тузилган давлат комиссияси маҳаллий полиция бошқармаси билан ҳамкорликда шубҳа остига тушган қабилани узлуксиз назорат остига олади. Маълум бўлишича, қадим замонлардан буён яширинча одамлар «зомби»лаштирилар экан. Қулларнинг текин меҳнатидан фойдаланиш йўлларини қидириб юрган ўша қабила кутилмаган «илмий» кашфиёт яратади. Самара бериши аниқ бўлган тажриба ўтказиш учун олдиндан жисмонан бақувват ёш йигитлар танлаб олинарди. Қабила аъзолари бу ерликларга яхши таниш бўлган сув ҳавзаларидан икки тишли заҳарли балиқларни овлашиб, унинг елкасидаги қанотини кесиб олишади. Уни овқатга қўшиб пиширадилар, сўнг танлаб қўйилган номзодга едирилади. Бу овқат нафас йўлларини фалаж қилиб, бевақт ўлимга сабабчи бўлади. Қабила аъзолари марҳумни дафн этилган қабрдан кавлаб олишиб, ўрмондаги овлоқ чангалзорга элтадилар. Маросим руҳига мос равишда кийим-кечак кийиб, безаниб олган коҳин-афсунгарлар қоқириқ-суқуруқ қилишга киришадилар; марҳумнинг қулоғига махсус афсун дуоларини ўқийдилар. Айни чоғда фақат маълум доирадаги одамларга маълум бўлган гиёҳлардан тайёрланган дори-дармонлардан фойдаланадилар. Қисқаси, эртаси куни эрталаб марҳумга жон киради. Марҳум худди олдингидай соппа-соғ, бақувват ҳолатида тирилади, лекин ўз исмини ҳам, насл-насабини ҳам бутунлай унутади. Шундай қилиб, қабила тап-тайёр қулга эга бўлади, уни бемалол пахтазорга ишга жўнатиш мумкин. Эртадан то қора хуфтонгача миқ этмасдан ишлайверади: колхозда ишлаяптими, совхозда ишлаяптими, ҳиссадорлик жамияти тузилдими ё ижара пудрати жорий этилдими — унга барибир, фақат меҳнат қилишни билади, холос. Охири ўша сирли жиноятнинг жумбоғи топилади. Бироқ, айтишларича, ҳозир ҳам марҳумлар баъзан ўғирлаб кетилар экан.
Айтматов. Манқуртчилик билан зомбичилик гўё садизм дарахтидан ўсиб чиққан икки шохга ўхшайди. Майли, номлари ҳар хилдир, лекин моҳияти битта. Инглиз ёзувчиси Грем Грин ўзининг «Комедиантлар» романини ёзишдан аввал «аср жинояти» бўлмиш зомбичиликнинг хусусиятларини атрофлича ўрганиш мақсадида Гаитидаги қабилалардан бирининг ҳузурида бўлади. Кейинчалик ўз кундалигида қуйидаги сўзларни қайд этиб қўяди: «Тонтонмакути» номи билан машҳур бўлган мустабид Дюваленинг махфий полицияси асосан зомбилардан ташкил топган. Шунинг учун оддий фуқаро доимо қўрқув остида ҳаёт кечиради.
Матбуот хабарларига қараганда, бу хилдаги жиноят фақат Африкада рўй бермайди. Австралиянинг маҳаллий аҳолиси ўртасида ҳамон зомбичилик таг-томири билан йўқолиб кетмаган. Элацҳуносларнинг гувоҳлик беришича, Австралияда қурбонликни танлаш ҳуқуқидан афсунгар фойдаланади. Оёқ-қўли боғланган одам ёнбошлатиб ётқизиб қўйилади-да, нишли балиқ қилтаноғи ёки ўткир учли найза юракка санчилиб, қурбон вақтинча ўлдирилади. Юрак уришдан тўхтайди, нафас олиш ҳам тўхтайди. Вақти-соати келгач, марҳум тирилтирилади; ўтмишини унутишга мажбур қилинади. Нақл қилишларича, бундай зомби руҳан соппа-соғ бўлган рисоладаги инсондан деярли фарқ қилмас экан. Фақат баъзан бир нуқтага тикилганча эртадан кечгача ҳаракациз ўтириши мумкин экан.
Шохонов. Ўшанга ўхшаш битта воқеага шахсан гувоҳ бўлган сайёҳ Жорж Райт ўз кузатишларини қуйидагича қоғозга туширади: «Ерда ётган одам ўлган эди. Афсунгарларнинг бақир-чақири, барабанлар товуши кучайиб боргани сари марҳумга аста-секин жон кира бошлади. Дастлаб, у қўлларини кўтариб кўксига қўйди. Кейин чўнқайиб ўтирди. Бақириқ-чақириқ авж пардаларга кўтарилган пайт ўзимни қўйгани жой тополмай қолдим. Ҳозиргина тирилган зомбининг нигоҳи билан кўз уриштиришдан ҳам даҳшатли нарса бўлмаса керак».
Сиз ёзган эдингизки, инсонни бахтдан бенасиб қилиш мумкин, бойликдан маҳрум қилиш мумкин, ҳаётдан ҳам маҳрум қилиш мумкин... Лекин, ақл-идрокка, хотирага — инсоннинг муқаддас бойлигига тажовуз қилишданда оғирроқ жиноят бормикан? Бунга ким жавоб беради?
Айтматов. Зомбичилик Америка қитъасида ҳам кенг тарқалиб кетгани тўғрисида газеталар кўпдан бери ёзяпти. Зомбилар оғир жисмоний меҳнат остида эзилибгина қолмасдан, айни чоғда улар ҳар хил жиноий жабҳаларга жалб этилаётир. Маълумотларга қараганда, Африкадаги ибтидоий маросимлар тарих солномасига қайтарилган бўлса-да, лекин замонавий компютер билан қуролланган тизим кўпдан бери айрим кишиларни ва ҳаётий муаммога дуч келган ижтимоий гуруҳларни ёллаш, зомбилаштириш билан махсус шуғулланаётир. Агар зомбига айлантирилган инсон ўзига нисбатан зўравонлик ишлатилганини исботлаб берса, бундай жиноятни назорат қилишга қодир бўлмаган мамлакат ҳукумати гуёки 1,5-2 миллион доллар жарима тўлашга мажбур экан.
Гаитидан Америкага муҳожир бўлиб борган Жак Орнюв исмли кимса ўзини зомби деб эълон қилди ва ижтимоий ҳимоя жамғармасидан товон тўлашни талаб этди. Жамғарма раҳбарияти маълумот тўплай бошлайди: Гаитидан жўнатилган ҳужжат нусхасида айтилишича, Орнюв исмли фуқаро 1978 йили 50 ёшида вафот этган экан. Боз устига, дунёдаги бирорта мамлакатда марҳумларга нафақа тўланмайди.
— Мен ҳақиқатан ҳам ўлган эдим, кейин тирилдим, — деб иқрор бўлди Орнюв. — Лекин, ҳозир мен тирикман, ахир! Менинг ўлимимда ҳам, тирилишимда ҳам кимларнингдир қўли бор. Xўш, менинг айбим нима?
Шохонов. Қизиқ, бутун дунёдаги қанча садизм қурбонлари, қанча манқуртчилик ва зомбичилик қурбонлари номидан ўша аламли ҳайқириқ янгради экан?
Декабр ҳодисалари бўйича хусусий тергов олиб бораётган пайтларимда С. исмли фуқаро (фан номзоди) икки ҳамроҳи билан ҳузуримга келди.
— Бу иш бўйича қамоққа олинган пайтимда менинг бошимга битта аппаратни михлаб қўйишди. Ўшандан сўнг зомбига айланиб қолдим. Ўша сеҳрли қурилма воситасида хавфсизлик хизмати ходимлари мени тун бўйи азоблайдилар; ҳар хил буйруқ беришади, йўл-йўриқ кўрсатишади ва менинг ўй-фикрларимни ёзиб олишади. Энди бирдан-бир умидимиз Сиз билан Ўлжас Сулаймоновдан. Бундай азоб-уқубатлардан халос қилинг, — деди йиғламсираб. Сўнг чаккасидаги ўроқсимон тикилган чокни кўрсатди.
КГБ ихтиёрида одамларни зомбига айлантириб қўядиган махсус аппарат ва узоқликдан бошқариладиган қурилма борлиги тўғрисида кўп гап-сўзлар юрган бўлса-да, лекин у пайтлари буни исботлашга ҳеч қандай имкониятимиз йўқ эди.
Кейинчалик бир қатор нуфузли нашрларда руҳиятга таъсир ўтказадиган қурол ишлаб чиқариш билан машғул бўлган ва инсон ақл-идрокини бошқаришга мўлжалланган тадқиқотлар ўтказадиган махсус-махфий марказ Москванинг ўзида борлиги далил-исботлар билан фош этилди.
Энди ўқувчи савол бериши мумкин: манқуртлар ва зомбилар ҳақиқатан ҳам мавжуд эдими? Ёки булар фақат одамлар орасида тарқалган миш-мишлардан иборат шафқацизлик кўринишими?
Истисно эмас, бу масалани кўндаланг қилиб қўядиган кишилар ҳам учраб қолиши мумкин: «Агар бу гаплар рост бўлса, технологик жараённи босқичма-босқич, батафсил тасвирлаб, исботлаб беринг!»
Қадим замонларда одамни манқуртга айлантириб қўйиш ҳодисаси ҳақиқатан бўлган. Xудога шукрки, бизнинг кунларимизда бундай ҳодиса учрамайди. Бироқ, шак-шубҳасиз иқрор бўлмоқ лозимки, манқуртлаштириш ғояси янгиланган нусха ҳолатида ҳозир давлат аҳамиятига молик масала сифатида яшаб турибди. Биз шу ҳолатни ўз суҳбатимиз давомида қисқача тасвирлаб ўтдик, холос.
Сир эмаски, инсониятнинг ақл-идроки нафақат шон-шуҳратга, балки ҳеч қачон ўчмайдиган иснод орттиришга ҳам мойил бўлади. Агар эволюцион тараққиёт қонунларига амал қилинса, табиий танлаш жараёнида Ҳомо сапиенс авлоддан-авлодга яхшиланиб бориши керак. Шундай деймиз-у, лекин сайёрамизда жиноятчилик даражаси борган сари ўсиб бораётганини қандай изоҳлаш мумкин?
Айтматов. Масалан, Ироқда ўғрилик устида ушланган одамнинг қўли кесилади. Ўғрига жазо берилади, бошқаларга ибрат бўлади. Xўп, ўғрининг қўли кесилади, у бир умр инвалид бўлиб қолади ва ҳеч тузалмайдиган руҳий жароҳатга учрайди, лекин унинг бетамиз қилиқларига чек қўйиб бўлармикан? Эътироф этишларича, дунёда қотилликнинг икки юзга яқин тури бор экан! Ҳар бирининг асосида садизм ётади. Унинг битта шохи — манқуртчилик Осиёда униб чиқди, бошқа шохи — зомбичилик Африкада унди. Айтайлик, илмий-техника инқилоби меваларидан баҳраманд бўлган бирорта садист-диктатор алаҳсираб дунёга ҳукмдор бўлишни хоҳлаб қолади ва манқуртлар билан зомбиларни оммавий қирғин қуроли сифатида ишлаб чиқара бошлайди... Ҳатто хаёлимизда ҳам бундай ҳалокат рўй беришидан худо сақласин!
Шохонов. Тарихдан яхши маълумки, жамиятда садизмнинг кучайиб, миллий фожиа даражасига кўтарилиб кетишига кўпинча давлат тепасида ўтирган ҳукмдорлар сабабчи бўлади. Мисол тариқасида қадимий Римдаги гладиаторлар (қуллар) беллашувини олиб кўришимиз мумкин: дастлаб, бирорта императорнинг мотам маросимида ўтказиладиган қуролли рақибларнинг мусобақаси кейинчалик бутун Италияда халқ ўйинларига айланиб кетади.
Эрамиздан аввалги III асрдан эътиборан гладиаторлар беллашуви учун энг охирги техника ютуқлари билан жиҳозланган махсус майдонлар, иншоотлар барпо этилади. Денгизда мусобақа ўтказиш учун эса жанговар кемалар жиҳозланади, минглаб қулларга, асирларга қурол-яроқ берилади. Суворийлар, найзабозлар, қиличбозлар беллашуви ҳам жанговар «жанр» сифатида ривожланиб, кундалик таомилга айланиб қолади.
Императордан то гадойларгача бўлган омманинг муҳаббатини қозонган, ақл-идрокни, қалбларни ром этган, катта-кичикни мухлисга айлантириб олган қонли мусобақалар йилдан-йилга қамровини кенгайтириб, ваҳшийлик даражасини ва қурбонлар миқдорини ошириб боради. Васвасанинг чеки-чегараси кўринмасди. Ақл-ҳушини йўқотиб қўйган император Калигула гладиаторлар беллашувини театр томошаси деб биларди ва аёлларни, қарияларни, ҳатто майиб-мажруҳларни майдонга ҳайдаб чиқарарди. Клавдий эса қуруқликдаги томошалар билан қаноатланмай, денгизда ҳам қир-пичоқ томошалар уюштиради. Император Вителлий ўзининг туғилган куни муносабати билан Римнинг барча 265 мавзесида гладиаторлар беллашуви ўтказади. Тит бўлса, бундай қора томошани узлуксиз 100 кун давом эттиради. Боз устига, Тит ҳукмронлик қилган даврда «одамхўрлик зиёфати» кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даражага етади: 123 кун мобайнида ўн минг нафар гладиатор бошидан жудо бўлади. Жазаваси тутган рақиблар бир-бирининг қоринларини ёриб ташлайдилар, қўлларини кесиб оладилар, бошларини сапчадай узиб юборадилар.
Юз минглаб томошабинлар эртадан-кечгача майдонларни тарк этмайди, ғолибларни табриклайдилар, мағлубларни эса нимжон, такасалтанг кимсалар сифатида калака қиладилар; ғала-ғовур кўтаришиб, таассуротлари билан ўртоклашадилар, ҳузур қилиб хордиқ чиқарадилар. Тинч-тотув яшаётган халқ ўз қонига чўмилиб ўтирса ва бундан ҳузур қилса, хўш, дунёда баттар бедодлик борми? Афсуски, «Нон билан томоша беринг!» деган шиор ҳали-бери ўлмайди.
Рим халқини қирғиндан қутқармоқ масъулияти, дастлаб, насроний дини зиммасига тушади. Император буюк Константин насронийликни қабул қилгач, ибодатхона қўнғироклари мамлакатга хушхабар таратади. Одамлар диёнат ва эзгулик томон юз бурадилар. Бу ҳол фақат ихтиёрий хоҳиш-истак туфайли эмас, балки мажбурий таъқиқ натижасида рўй беради: Исо пайғамбарнинг таълимоти бўйича, ҳар қандай зўравонлик ман этилади, таълимотга амал қилмаган муртадлар жазоланади.
404 йили Римда энг охирги марта гладиаторлар беллашуви бўлади. Кичик Осиёдан келиб, томошабинлар сафида ўтирган Телемах исмли роҳиб олишаётган гладиаторларни ажратиб қўймоқчи бўлади. Лекин, қасос олови кўзларини кўр қилиб қўйган гладиаторлар бегуноҳ роҳибни қилич билан чопиб ташлайдилар. Улар фақат ўлимдан кейингина ярашамиз деб қасам ичгандилар. Бу ҳолат томошани кузатиб ўтирган император Гонорияга жуда қаттиқ таъсир қилади: у келажакда гладиаторлар ўйинини қатъиян ман этади.
Римликлар қонли тўқнашувлардан фориғ бўлганликлари учун императордан эмас, балки жафокаш Телемахдан миннатдор бўлишлари керак!
Айтматов. Бу воқеадан қуйидагича ибратли хулоса чиқариш мумкин: ўзгаларнинг азобидан заррача бўлсин ҳузур қиладиган киши сусткаш садизм дардига чалинган бўлади. Демак, инсонпарварлик ва диний тарғибот воситаси билан ўша хавфли унсурни бартараф этиш масаласи ҳамон кун тартибида турибди.
Испан корридаси ҳозирги кунларда ҳам миллионлаб томошабинларни ўзига жалб этиб келаётир. Инсон қутурган буқа қиёфасидаги ажал билан юзма-юз олишиб, томоша кўрсатади. Ҳатто шу даражага етадики, коррида пайтида агар бутун Испанияда бўлмаса-да, аммо Мадрид кўчаларида ҳаёт тўхтаб қолади. Бирор сабаб туфайли стадионга етиб боролмай қолган киши бўлса, у телевизор экранидан ўша томошани кўз узмасдан, мириқиб кўради.
Шохонов. Мутахассисларнинг энг охирги тадқиқотлари аччиқ ҳақиқатни исботлаб берди: кўпчилик одамлар ичкиликбозликка тарафдор экан. Шундай бўлса, нега кўпчилик пиёниста бўлиб қолмаяпти? Маълум бўлишича, бу масала одамнинг ўзига хос жисмоний хусусиятларга, ўзини-ўзи назорат қила олишига, сабр-қаноатига, анъаналарга, муҳитга боғлиқ экан. Кундалик ҳаётимизда иркит жўраларининг таъсирида ичкиликбозликка муккасидан кетган эркаклар фожиасини ҳар куни учратиб турамиз. Афсуски, кейинги пайтларда айрим аёллар ҳам пиёниста эрлари билан бу борада мусобақадош бўлиб қолдилар.
Биз одамлар тўғрисида гапиряпмиз, лекин ҳатто ўсимликлар оламида ҳам «иссиқ сув» иштиёқмандлари борлигини олимлар аниқлашди. Тажриба ўтказиш учун ажратилган пайкалларга экилган ўн туп ўсимлик оддий сув билан суғорилади. Яна ўн туп ўсимлик эса спирт аралаштирилган сув билан суғорилади. Натижа қуйидагича бўлади: дастлабки ўсимликлар одатдаги мезонларга мос равишда вояга етади, кейинги ўсимликлар эса новчалиги, япроқларининг катталиги билан кескин ажралиб кўринади. Сўнгра ҳар икки пайкалдаги ўсимликлар оддий сув билан суғорилади: «пиёниста» ўсимликлар аввалги кўркамлигини йўқотиб, қовжираб қолади.
Спиртли маҳсулот қолдиқларини сурункали равишда истеъмол қилиб юриб, батамом «алкаш» бўлиб қолган чўчқалар, ғозлар, ўрдаклар қай аҳволга тушиб қолгани тўғрисида газеталарда вақти-вақти билан мақолалар эълон қилинаётир.
Бу нарсалар ер юзасида яшайдиган ҳар қандай тирик мавжудотнинг ўзига хос «хурмача қилиғи» борлигини англатмайдими?
Собиқ СССР ҳудудида пайдо бўлган мустақил республикаларда кейинги йилларда ёшлар ўртасидаги жиноятчилик 8-10 баробар, айрим турлар бўйича эса 14 баробар ортиб кетди. Зўравонлик, шафқацизлик тарғиб қилинаётган ва уятли саҳналарни мароқ билан кўрсатадиган хорижий видео маҳсулотларнинг бемалол уйимизга кириб келиши натижасида қишлоқ ва шаҳар кўчаларида оммавий ёвузлик бошланмадими? Бу масалада қачонгача юз-хотир қилиш мумкин?
Назаримда, бугунги суҳбатимиздан қуйидагича хулоса чиқариш лозим: ҳар бир киши маълум даражада садизмга, мазохизмга мойил бўлади. Ўша унсурлар кимлардадир деярли сезилмайди, кимлардадир ўртача бўлади, кимлардадир сезиларли миқдорда бўлади. Бу ҳол бошқа ҳар қандай касалликдан фарқ қилмайди: зирапча тирнаб қўйган аъзо кейинчалик шишиб кетиши мумкин, тумов асорати натижасида инсон ҳалок бўлиши мумкин. Диний амри маъруф билан ҳамкорликда олиб бориладиган инсоний тарғибот ва меҳр-шафқатга чорловчи ташвиқот самараси ўлароқ ҳар қандай юқумли касалликнинг ўчоғи бартараф этилиши ҳеч гап эмас. Бу ўринда давлат томонидан кўрсатиладиган доимий ғамхўрлик ҳам жуда зарур. Ишқилиб, инсон қалбидаги ҳайвоний туйғуларни уйғотиб юбормасак бас.
Айтматов. Советлар даврида генетика илмининг ўзи ичидан бузилди ва таъқибга учради. Генетика соҳасида жонбозлик кўрсатиб, самарали ишлаётган олимлар қамоққа олинди, сургун қилинди, йўқотилган илмий асарлар унутилди.
«Европа барча иблисларнинг онасидир», деб ёзган эди бир пайтлари К.Юнг. Агар Европага ва умуман, Ғарбга ижтимоий ва инсоний ҳалокатларнинг етакчиси сифатида назар солсак, биз учун ибрат бўладиган кўп воқеаларга дуч келамиз.
ХХ асрнинг биринчи ярмида Европа маданиятининг синчиков намояндалари «оммавий инсон», «оломонбоп инсон», «ижодкор инсон», «фаустий инсон» даври бошланажагини каромат қилдилар ва хийла қамровдор талқин этилган асил қадриятларнинг йўқолиб кетажагини кўрсатиб ўтдилар.
Руҳияцҳунослик илми асосида инсоннинг ўзлигини йўқотиш ҳодисаси фавқулодда теран талқин қилинди. Таҳлилий руҳшуносликнинг отаси ҳисобланмиш К.Юнг: «Соппа-соғ инсоннинг руҳий қусурлари ижтимоий ва сиёсий соҳаларга ёриб киради ҳамда уруш ва инқилоб каби оммавий талваса кўринишида намоён бўлади», деб ёзади. Шундан кейин «кўпчилик одамлар оломон шаклида бирлашади, жамоат аъзоси бўлган одамнинг ўсиб-улғайиб борадиган қуввати тушовни узиб, оломоннинг бир қисмига айланмай турган пайтида ҳар бир кишининг қалбида ухлаб ётган ваҳшатлар, иблислар озодликка чиқади. Оломоннинг ажралмас қисми сифатида кўпчиликка қўшилган одам онгсиз равишда ахлоқан ва ақлан тубанлашади. Шу даражада тубанлашадики, у энди ақл-идрок остонасида туради ва доимо, ҳар қандай дақиқада оломон томонидан ҳаракатга келтирилиши мумкин бўлади...» Шундай қилиб, «телба билан оломон ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ, чунки икковини ҳам қиёфасиз, мавҳум кучлар ҳаракатга келтиради; зотан, оломоннинг бир қисмига айланиб қолган инсон руҳий жиҳатдан соғ эмасдир».
Жазавага тушиб қолган оломон билиб-билмай шафқацизлик қилади, зўровонлик ва бузғунчилик йўлида оммавий қурбонлик келтиради.
Шохонов. Ҳозирги замондаги инсон маълум маънода жанг майдонини эслатади. Умуман, долғали замонларда, ижтимоий силкиниш пайтларида ҳар доим қандайдир қонуният пайдо бўлади: жамиятда қўққисдан гўё ҳеч нарса билан асосланмаган ҳолда жинсий фаоллик бошланади; кўпинча эҳтиросга эрк бериб юборилади, шарм-ҳаё унутилади. Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида анъанавий оила ва ахлоқ инкор этилгач жинсий ўзбошимчалик рўй берганини, Франсиядаги ёшлар инқилобини, «хиппи»ларни, «жинсий инқилоб» шиори остида бош кўтарган «битник»ларни, «рокер»ларни, «наци»ларни ва уларнинг қўпол шаҳвоний ҳаракатларини эслаб ўтиш кифоя бўлса керак.
Бу воқеалар бугунги давр инқирозга юз тутганини кўрсатибгина қолмайди, айни пайтда сайёрамиз қамровида янги тартиб-қоидалар вужудга келаётганидан ҳам гувоҳлик беради. Бу силкинишлар инсон оламига ёриб кираётган кучли жараённинг акс садоларидир.
Айтматов. Эзгулик салгина чекинса — бас, унинг ўрнига дарҳол ёвузлик мустахкамланиб олади. Афсуски, биз узоқ вақт бунга аҳамият бермадик. Тирик инсон яратувчилик ва бузғунчилик, ўйлаб ва ўйламасдан қилинадиган сон-саноқсиз ҳаракатлар манбаидир. Инсоннинг ички олами ниҳоятда мураккаб ва хавфли йўл-йўлаклардан иборат. Лекин, нима бўлишидан қатъи назар, қонхўрдан қонхўр туғилишини, ёвуз кимсадан ёвуз кимса туғилишини, манқуртчилик ва зомбичилик вабосини оллиндан бартараф этиш керак. Бу жамики инсониятнинг муқадддс бурчи ҳисобланади.


AvvalgiI- qism Keyingi
Mualifning boshqa asaralari
1 Alvido, ey Gulsari (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2871
2 Алвидо, эй Гулсари (қисса) [Chingiz Aytmatov] 597
3 Baydamtol sohillarida (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 840
4 Birinchi muallim (qissa) [Chingiz Aytmatov] 7283
5 Boʻtakoʻz (qissa) [Chingiz Aytmatov] 1276
6 Байдамтол соҳилларида (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 565
7 Биринчи муаллим (қисса) [Chingiz Aytmatov] 766
8 Бўтакўз (қисса) [Chingiz Aytmatov] 536
9 Erta qaytgan turnalar (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2289
10 Эрта қайтган турналар (қисса) [Chingiz Aytmatov] 682
11 Hayot-mamot (taqriz) [Chingiz Aytmatov] 1787
12 Ҳаёт-мамот (тақриз) [Chingiz Aytmatov] 627
13 Jamila (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2235
14 Жамила (қисса) [Chingiz Aytmatov] 680
15 Oq yomgʻir (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 1186
16 Oqkema (qissa) [Chingiz Aytmatov] 5687
17 Oxirzamon nishonalari (I- qism) [Chingiz Aytmatov] 2515
18 Oxirzamon nishonalari (II- qism) [Chingiz Aytmatov] 1806
19 Охирзамон нишоналари (I- қисм) [Chingiz Aytmatov] 806
20 Охирзамон нишоналари (II- қисм) [Chingiz Aytmatov] 864
21 Оқ ёмғир (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 564
22 Оқкема (қисса) [Chingiz Aytmatov] 722
23 Плач перелетной птицы [Chingiz Aytmatov] 519
24 Qizil olma (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 1039
25 Қизил олма (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 505
26 Raqiblar (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 856
27 Рақиблар (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 509
28 Sarvqomat dilbarim (qissa) [Chingiz Aytmatov] 4331
29 Sohil yoqalab chopayotgan Olapar (... [Chingiz Aytmatov] 1778
30 Somon yoʻli (qissa) [Chingiz Aytmatov] 1358
31 Сарвқомат дилбарим (қисса) [Chingiz Aytmatov] 713
32 Сомон йўли (қисса) [Chingiz Aytmatov] 694
33 Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар (қисса) [Chingiz Aytmatov] 765
34 Oʻtar Qush Nolasi [Chingiz Aytmatov] 1012
35 Ўтар Қуш Ноласи [Chingiz Aytmatov] 727
36 Chingizxonning oq buluti (qissa) [Chingiz Aytmatov] 3898
37 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 2823
38 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 1779
39 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 2777
40 Чингизхоннинг оқ булути (қисса) [Chingiz Aytmatov] 744
41 Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 791
42 Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 981
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика