Афсунгар гул (ҳикоя) [Erkin Samandar]

Афсунгар гул (ҳикоя) [Erkin Samandar]
Афсунгар гул (ҳикоя) [Erkin Samandar]
Уни аввал тушида кўрди Сабоҳат. Қизилқоя тепасида у лов-лов ёниб турарди. Уфқдан энди бош кўтарган қуёш нурларида барглари чўмилаётгандай эди. Қуёшданми ёки ўзи шундайми, улар қип-қизил. Йирик-йирик. Бўйлари ҳам антиқа. Сарвгулдан-да баланд. Шохалари бўлдамли. Орасида булбул чаҳ-чаҳ сайрайди.
Ё, тавба, дейди Сабоҳат энтикиб. Қизилқоя ёнбағрларига шунча чиқиб бунақасини учратмаган эди-да. Ё тошни ёриб чиқдими ё осмондан тушдими! Билъакс, уни кўрмаслиги мумкин эмасди. Қизилқояда у билмайдиган гул ёки гиёҳ навининг ўзи йўқ.
Ҳафтада ҳеч бўлмаганда у ерга бир бориши бор. Шифобахш гиёҳлар, гулларни териши бор. Қайсининг ранги қанақа, қайси қай дардга даво, билади. Лекин барглари қуёш билан тенг талашган бунақа гулни кўрмаган.
Ҳайрати ичига сиғмай дик этиб туради у. Ҳозироқ Қизилқояга кўтарилмоқчи бўлади. Апил-тапил кийинади. Ташқарига отилаётиб баногоҳ бошини эшикка уриб олади. Кўзларидан ўт чақнайди. Ваҳ, деганча бошини чангаллайди. Уйғониб кетади.
Тўшакда анча ўтирди у. Ниманинг аломати бу? Қизилқоя... шу пайтгача учратилмаган гулнинг кўзга кўриниши... Бу яхшиликдан башорат, албатта. Биринчидан гул турфа, оловранг. Қизиллик бойлик белгиси. Иккинчидан у энг баланд қоя тепасида. Сарбаланд бир толе насиб этиши тайин.
Шу хаёллар билан кайфияти кўтарилиб ўрнидан қўзғалди. Синглиси Инобат ҳовлини супураётган экан, кўзига у аввалгидай совуқ бўлиб эмас, балки ўта ёқимтой кўринди. Ҳовли супурганида ҳамиша чанг кўтаргувчи, тақир-туқур, бетартиб ишловчи, шундан Сабоҳатнинг асаби қақшагувчи эди. Бугун чанг-чунг йўқ, ҳовлига майдалаб сув сепган, супургини ҳам эринмай ҳўллаган шекилли, гўё ерни сийпалаётгандай туюлади.
Аслида Инобат ўзи қўрсроқ, дағалроқ. Йўқса, Худо унга қомат ҳам, ҳусн ҳам ато айлаган. Лекин уни авайлашни, ўзига оро беришни билмайди, сочлари тўзғиб юради.
Аввал бунақамасди. Қишлоқнинг оғизга тушган гўзалларидан эди. Кийимига гард юқтирмас, ҳуснини янада оролантиришни биларди. Идорадош ҳисобчи Эшмат унга илашдию бечора қизни синдирди, уни суюб юриб туйқус бошқасига уйланиб олди. Ақлдан озаёзди Инобат. Ҳеч ўзига келолмади. Вақт ўтиб дил яраси битганидан сўнг ҳам одамови бўлиб қолди. Яхши жойлардан қўлини сўраб келганларни рад этаверди. Эркак зотига ишонмай қўйган эди.
Сабоҳат бундай эмас. Синглисининг тескариси деса бўлади. У биладики, одам боласи ҳар хил. Бири яхши, бири баттол. Бир ёмоннинг макридан ҳамма эркакларни ёмонотлига чиқариш хато. Ёмондан яхши кўп.
Лекин Сабоҳатнинг ўзи кўпроқ ёмонларга дуч келди. Не-не орзулар билан бир ёстиққа бош қўйган кишиси нашъаванд чиқди. Тузалиб кетишига кўзи етмагач, ажрашди. Иккинчи эри ўта танбал экан. Рўзғор билан бир чақалик иши йўқ, телевизор олдида чўзилиб ётгани ётган эди. Ундан ҳам ажрашди. Ҳозиргисининг эса бор-йўғи билинмайди. Қишлоқда иш йўқ деб аввал Тошкентга кетди, ундан ўрусюртга. Эрининг йироқлардан ўзгариб қайтишига ишонмайди у. Қозонда бўлса чўмичга чиқади-да.
Яна бир армони бор. Тирноққа зорлиги. Докторларга, табибларга қаратиб кўрди. Фойдаси бўлмади. Лекин оилада овунчоқ йўқ эмас. Пахмоқ билан Момиқ — антиқа ит ва мушук. Пахмоқнинг этидан туки кўп, кўзи аранг кўринади, лекин ер остида илон юрса кўради. Одам илғамайдиган жойларни олади кўзи. Сабоҳат тоққа усиз чиқмайди. Момиқ бўлса сичқоннинг қирони, у боис қўни-қўшниларда ҳам сичқон қолмади.
Бу гаплар Сабоҳатнинг калласига бир пасда келиб, битта жойда туролмайдиган сомончумчуқдай пирр этиб учди-кетди. Хаёлини яна тушида кўрган ажабтовур гул эгаллади.
У гулнинг бир каромати бўлса керакки, бошқаларига ўхшамайди. Тағин кўкка, қуёшга яқин. Табиийки, шуълани кўп шимади. Демак, шифобахш. Кўп касалликларга шифо бўлиши мумкин.
Доривор гиёҳлар хосиятини Сабоҳатга қишлоқ табиби Фотима ая ўргатган. Бир пайтлар қишлоқда қўтир кўп тарқади. Кўп юқумли экан, Сабоҳатга ҳам ёпишган. Қўтирни даволайман деган дўхтирларнинг қўлидан ҳеч иш келгани йўқ. Унинг давосини ўша табиб топди. Тоғдан қандайдир гиёҳларни териб келди-да беморларга ҳам қайнатиб ичирди, ҳам танига сурди. Қўтир чекинди.
Табиб қариб қолган, тоққа аввалгидек бемалол чиқиб-тушолмас, толиқиб қолабошлаган эди. Бу ишни «илоннинг оғзидан чиққандай шамшод қиз» (табибнинг таърифи) Сабоҳатга ўргатди. Бошда ўзи билан олиб чиқди тоққа, қай гиёҳ қаерда ўсади, ранги-туси, хосияти не, ҳаммасини бир-бир тушунтирди.
Сабоҳат бу юмушга қаттиқ қизиқиб қолди. Ахир, дўхтурнинг мақтовли дорилари эплолмайдиган дардга оддий гиёҳ бас келиб, офатнинг томирини қирқиб ташлайди-я.
Олдин гиёҳларни дам олиш кунлари ҳавасга териб юрди Сабоҳат. Табиб хизмат ҳаққи бермоқчи бўлганида қўлини қайтарди. Ўзи ишлайдиган дам олиш уйи ходимлари ва ҳордиққа келганларга текин ҳадя қилиб юрди.
Кейин... шаҳардан келган бир эркак табиб унинг қўлига мўмай пул тутқазди ва фалон-фалон гиёҳларни териб берасан, деди. Сўзини қайтармади Сабоҳат, лекин қўлини қайтарди. Табиб қўярда-қўймай пулни унинг чўнтагига тиқди. Сўнг Сабоҳат пулни санаб кўрса, ўзининг уч-тўрт ойлик маошига тенг.
Зудлик билан тоққа жўнади. Ёнига Пахмоқни ҳам олган эди, икковлон чопқиллашиб табиб айтганидан ҳам зиёда гиёҳ териб қайтди.
Табиб обор, деб адресини бериб кетган эди, топиб борди. Қараса, данғиллама ҳовлиси олдида тумонат одам, навбатда турганларнинг саноғи йўқ.
Одамларни оралаб туртиниб-суртиниб зўрға кирди табиб ҳузурига. Келтирганларини топширди. Табиб эринмай кўздан кечириб мамнун бўлди. Яна териб келасан деб аввалгидан ҳам кўп пул берди. Бу гал Сабоҳат негадир пулни ийманмай олди.
Иши юришганидан юришиб кетди. Ҳар хил баҳоналар топиб, ишга бир кун борса, уч кун бормай тоққа жўнайверди, гиёҳларни шаҳар ва қишлоқ табибига, дам олувчиларга пуллайверди.
Дам олиш уйи директори интизомни талаб этганда шартта ариза ёзиб ишдан бўшаб олди-да ўзини буткул ўша пулли юмушга урди.
Eнди Қизилқоядаги бемисл гул тушига киргач, оромини тамом йўқотди, уни ўнгида кўрмоқ истаги борлиғини қамраб олди. Унда битта эмас, минг хосият бўлса керак, деган ўй калласидан кетмай қолди.
Вақтни бой бермай ёнига Пахмоқни олди-да тоққа жўнади.
Айланма сўқмоқлардан, сирпанғич қияликлардан, ваҳимали жар ёқасидан гўё қилкўприкдан ўтгандай хавотир ичида базўр оша-оша Қизилқояга етди.
Унинг пойида туриб тепага ҳапқириб тикилди. Кўкка бош тираб турган Қизилқоя аввалгисидан ҳам маҳобатли, бағрида минг-минг сирларни яширган афсонавий Бистун тоғига ўхшарди. Унда, албатта, ўшал синоатли гул товланиб турган бўлиши керак. Беҳудага тушга кирмайди бундай нарса.
У қояга дадил тирмаша кетди. Олдида Пахмоқ ис олиб борар, кетида Сабоҳат оёғи остидаги тор сўқмоққа бир кўз ташласа, қояга ўн қарар. Юзини тер босганини, чўқир тиканаклар болдирларини тилганини сезмасди.
Ва ниҳоят, тепада оловранг гул кўринди. Воажаб, тушидагининг нақ ўзи. Шохлари йўғон. Япроқлари қип-қизил. Борлиғидан жило таралади. Ё қудратингдан, гул дегани ҳам шунчалик файзли бўладими ва... тушга кирадими!
Қалай, дегандай Пахмоққа қаради Сабоҳат. У думини ликиллатди. Юрдикми, олдинга, деди худди одам боласига гапиргандай жиддий. Пахмоқ кўзини мўлтиратди. Олддаги сўқмоқ тағинда қалтис дегани эди бу. Сабоҳатнинг ўзи ҳам буни яхши билади. У ёққа якка чиқиш хатарли. Сўнг... кўрганини табибга гапириб бериши керак. У не дейди ҳали. Шу хаёлда гулга узоқ тикилиб турди-да орқасига ўгирилди. Пахмоқ енгил силкинди.
Eртасигаёқ Сабоҳат шаҳарга тушди. Табиб даргоҳига етди. Шифо истаб келганлар аввалгисидан ўн чандон кўп, қариялардан тортиб болаларини етаклаб келган жувонларгача қатор-қатор навбат пойлаб ўлтиришибди.
Келганини билдирган ҳамоно табиб қабул қилди. Кўзи билан ўлтиратур, деган ишорат қилиб, олдидаги ўнга яқин беморни даволашда давом этди.
Сабоҳат қараса, табибнинг даволаши ғалати. Ҳамманинг бир-бир томирини ушлаб кўради. Сўнг олдида қаторлаштириб қўйилган гиёҳ қайнатмаларидан ҳар бирига фалон пулдан бир-икки шиша беради. Қачон ва қандай ичишни айтади. У бечоралар миннатдор бўлиб чиқиб кетишади.
Eшитгани бор, томирни ушлаб кўп нарсани билишади табиблар. Лекин ҳаммага деярлик бир хилдаги қайнатмалардан бериш... Ҳар кимнинг дарди ҳар хил-ку, ахир.
Лекин билиб-билмай бировни ёзғириш ёмон. Илм ҳар кимга ҳар даражада берилади. Табибнинг тутими ўзига аёндир. Касалларнинг кети узилмаяпти-ку. Фойдаси тегмаса келармиди...
Шу мулоҳазаларга бориб ўлтирар экан табиб шунча беморни бир пасда кўриб бўлганини сезмай ҳам қолибди. Табибнинг ҳукмрон овозидан ўзига келди.
— Ҳеч кимни киритманг, — деди дастёрига.
Хонада икковлон ёлғиз қолишди. Сабоҳат тўрвани очиб дасталанган арслонқуйруқ, дўлана, наъматак, кийикўт ва бошқа гиёҳларни табибнинг олдига қўйди. Боракалло, боракалло, дея табиб барини кўздан кечирди ва бир неча даста мингталикларни унга чўзди.
Шундан сўнг Сабоҳат Қизилқоя ва унинг тепасида кўргани ғаройиб гулдан сўз очди. Табибнинг борлиғи қулоққа айланди.
Сабоҳатни бўлмай эшитганидан кейин уст-устига саволлар ёғдирди.
— Ҳақиқатда самога яқинми?
— Бош тираб турибди.
— Ранги оч қизилми ё тўқ қизил?
— Тўқ қизил.
— Барглари шода-шодами?
— Маржондай тизилган.
— Тошни ёриб чиққанми?
— Менимча, ёриб чиққан.
— Бўлди, — деди табиб қўлини бир-бирига қарс эттириб урганча. — Мен неча йилдан бери кутаётган гул ана шу. Мен ҳам уни тушимда кўрганман. Бир кунмас-бир кун унга етишаман деб ишонардим. Орзуимга энди етдим ҳисоб. Боракалло, қизим, боракалло!
Сабоҳатнинг юзлари қизариб, кўзлари чақнаб:
— Бу гул... қайси дардга шифо? — сўради табибдан.
— Уни истеъмол қилган одам нафақат дарддан фориғ бўлар, балки буткул яшариб кетар, қизим, бекорга уни Ёшлик гули дейишмаган.
Бу гапдан беихтиёр ўрнидан туриб кетди Сабоҳат. Наҳотки, наҳотки?
— Тез тоққа отлан, қизим, ўшал ноёб гулни зудлик билан олакел, — дея табиб суҳбатга нуқта қўйди.
— У бир дона-ку, кимга ҳам етарди? — деб юборганини ўзи сезмай қолди Сабоҳат.
Табиб мийиғида кулди.
— Тўғри, бир дона, — деди ҳар битта сўзга урғу бериб. — Лекин шу битта донадан юз минг пакет гулбарг, шохлари майдаланиб яна шунча тсаллофан халтача бўлурким, у яшармоқ истаганларнинг барига етиб ортар. Оқ йўл, қизим, омадингни берсин.
Сабоҳат гўё қанот чиқаргандай эди. Қишлоққа оёғи ерга тегиб- тегмай келди. Эртагаёқ тоққа отланиши кўнглига тугиб, синглиси ва итини ҳам олакетишни режалаштириб қўйди.
— Мен бормай қўяқолай, — деди Инобат. — Оёғим тортмаяпти.
— Сенинг оёғинг... ҳеч қаёққа ҳам тортмаган, — аразлади Сабоҳат. — Қари қиз бўлиб қолаётганинг ҳам шундан.
Инобат хафа бўлди. Опасининг чўрткесарлиги кўнглини тилиб ўтди. Ўзини босди. Сўз қайтаргудек бўлса, опаси яна ловуллайдию икки-уч кунгача тарқамайди дилхиралик. Индамай қўяқолди. Бормасам, қутулмайман, деди ичида.
Аксига олиб эртаси тонгданоқ кўкни қора булут босди. Этаги тўла ёмғир эди унинг. Икки кун шариллатиб қуйди. Тўртинчи кун қуёш юз кўрсатди.
Улар йўлга чиқишди...
Бу пайт табиб бўсағасига бош қўйиб навбат кутаётганлар орасида миш-миш тарқаб бўлган эди. Тоғда ғаройиб гул топилганмиш. Минг дардга даво эмиш. Қайнатмасини ичганлар яшариб кетармиш. Олтмишдаги одам қирчиллама йигитга дўнармиш, кампирлар юзида битта ажин қолмас эмиш. Қизлар парига айланармиш ва ҳоказо.
Гап табиб бўсағасидан узоқ-узоқларга ўрмалаб кетди.
Бу аснода бизнинг қаҳрамонларимиз ҳам ўрмалай-ўрмалай, ниҳоят, Қизилқоя этагига етиб келишган эди.
Офтоб чарақлаб турар. Осмон гўё ҳозиргина ювиб-артилган шиша, ярақ-ярақ жилоланади.
Сабоҳат қоя чўққисига тикилди ва кўзлари чақнаб:
— Ана, — деб қичқирди, овози жарангли эди. — Кўрдингми, Инобат?
Инобат ҳарчанд тикилса ҳам ҳеч вақо кўролмади.
— Шабкўр бўлганмисан? — жеркди синглисини Сабоҳат. — Ана-ку, ҳув ана.
Барибир Инобат қоя бошида гул-пул кўрмади.
— Юр, — деди унга ҳукмрон Сабоҳат. — Яқин борганда кўрасан.
Сингил истамай унга эргашди. Аслида унинг кўзлари, лоф эмас, кундузи юлдузни кўрар даража ўткир эди. Наҳотки, дафъатан кўзига бир бало бўлган...
Тушда улар қоя пойида эдилар.
— Ана ўшал Ёшлик гули, — деди Сабоҳат қўлини бигиз қилиб. — энди кўргандирсан, Инобат?
Синглиси бош чайқади. Йўқ, кўрмаяпман.
Сен кўраяпсанми, дегандай Пахмоққа кўз ташлади Сабоҳат. Унинг ҳам шашти паст эди. Буларни жин урганми ўзи?
Инобат бўлса ўз опасини жин чалган деб ўйлаётган эди. Акс ҳолда йўқ гулни кўрадими кўзлари!
— Юр, тезроқ, пайсалласак, ҳадемай кун оғади, — Сабоҳатнинг юзлари лов-лов ёнарди.
У ерда гул йўқ, деб минг айтса ҳам опасини ишонтиролмаслигини ўйлаб:
— Чиқмайлик, ўша ёққа, — деди Инобат ёлвориб.
— Нега?
— Сирпанчиғлигини кўриб турибсиз, опа, муз устида юргандай бир гап, Худо кўрсатмасин...
— Бўлди, — чўрт кесди гапни Сабоҳат, — сени эргаштириб келган мен ўзим ахмоқ. Сен ўзи... менга ҳасад қилиб келгансан. Гулни олиб миллионер бўлиб кетади деб ичиқоралик қиляпсан.
— Опа!!!
Сабоҳат қулоғига гап кирадиган ҳолатда эмасди. Пахмоққа буюрди: Юр.
Жун ичидан аранг кўриниб турган кўзларини мўлтиратди Пахмоқ, думини асабий ликиллатди. Бормайман, дегани эди бу.
Тфу! Жони халқумига келди Сабоҳатнинг. Жаҳд билан қояга тирмаша бошлади. Пахмоқ чопиб борди-да почасидан тишлаб тортди. Даф бўл, қичқирди Сабоҳат ва бери оёғи билан итни шундай тепдики, у чинқирганча пастга ағанаб Инобатнинг оёғи остига келиб тушди. Бор кучини тўплаб чўққига тирмашаётган эгасига қараб уст-устига ҳурди. Гўё у фиғон қилмоқда эди.
Инобат охирги марта опасини тўхтатмоқчи бўлди: Борманг, опа!
Сабоҳат парво қилмади. Тикка кўтарила кетди.
Инобат ортиқ туролмади. Опаси томон юрди. Пахмоқ ҳам оғир қўзғалди.
Худди алпинистлардай чўққига аста-аста тирмашиб боришарди мўъжиза изловчилар. Терга бота-бота бири кўриб, иккинчиси кўрмаётган гул сари яқинлашиб боришарди.
Бир жойга етганда қоянинг усти худди кафтдагидай аниқ-тиниқ кўринди. У ер тап-тақир эди. Наинки гул, сассиқ алаф ҳам йўқ эди.
— Ана ўшал гул, — деди ҳаяжонланиб Сабоҳат ва синглисига кесатиқ қилди, — кўзларинг энди кўраётгандир?
Кўрмаяпман, деса опаси барибир ишонмаслигини ўйлаб Инобат елка қисди. Пахмоқ эса орқасига қараб-қараб қўярди.
Улар осмони фалак остонасига келиб қолгандай эдилар.
— Юр, — деди Сабоҳат синглисига буйруқ бериб. — Гулни қўпоришга ёрдамлашасан.
Йўқ гулни қўпориш...
Инобатнинг хаёлига болалагидан эшитгани бир гап келди. Эмишки, жин одам кўзига йўқ нарсани кўрсатиб алдармиш. Алдаб-алдаб жарга қулатармиш.
— Опа, орқага қайтайлик, — деди Инобат овозини кўтариб. — Кўриб турибсиз, чўққига чиқиш хавфли, ушлайдиган жойи йўқ унинг. Бунинг устига...
— Бас! — қичқирди Сабоҳат, — қўрқсанг, сен қолавер. Мен кетдим.
Пахмоқ қаттиқ ҳурди. Кетма, демоқда эди у кўзларидан ёш томарди. Сабоҳат ҳеч нарсага парво қилмай чўққига тикка тирмашмоқчи бўлди. Инобат йўлини тўсди.
— Бормайсиз, тамом!
— Қоч! — заҳрини сочди опаси ва уни силтаб ташлаганча кўтарила бошлади.
Пахмоқ оёқларига ёпишмоқчи эди, уни тепиб юборди. Ит жон аччиғида ванғиллади.
Кўп кўтарила олмади Сабоҳат. Қўли сирғалдими, оёғи тойдими, мувозанатини йўқотганча пастга ағанади. Учли харсангга қарсиллаб қулаб тушди.
— Опа, опажоним! — чинқирди Инобат.

Ит телбаларча ҳурди...
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика