Қайтиш азоби (ҳикоя) [Jamila Ergasheva] |
Бутун аъзойи бадани сирқираётганидан, бир амаллаб тўшакдан узилди. Қанийди ҳеч ким индамаса... Ҳеч зарурат бўлмаса... Бир кеча-кундуз тўйи-иб ухласанг! Елкасини қийшайтириб хонадан чиқиб кетаётган эрига қараб ғижинди: «Ҳеч бўлмаса, мана шу сўлоқмонни кўрмасанг экан...» Афсуски, уни қўйишмайди: У жуда сулув. Ўзи ҳам «Мени тинч қўйинглар» деб айтолмайди: Рўзғор тебратиш керак. Эрининг бўлса, борадиган ери йўқ. Кўзга чиққан чипқондай елкасини қийшайтириб юраверади... Болалари телевизор кўриб ўтиришган экан, гапни қисқа қилди: —Ҳа, ҳа, майли, ҳозир етиб бораман. Телефон гўшагини жойига қўяётиб, хонада ўтирганлар учун маълумот берган бўлди: — Қизлар ош қилишаётган экан, «кел» дейишди. Эри «ярим тунда ошга бало борми?» демаса ҳам, бирровгина телевизор ўлгурдан нигоҳини олиб, салгина норози кўз билан қараб қўйса ҳам майли эди. Бу ҳатто шуни ҳам эплай олмайди. Қизи ҳам отасининг ўзи! Шунча кишининг кўз ўнгида онасининг тани савдога кираяпти, отаси бир ёғли луқма илинжида томошабин бўлиб турибди. Ўн олтига кирган қиз ҳам ҳеч нарсани кўрмайдиям, эшитмайдиям. Фоҳишалик йўлига кириб кетган бечора аёл ҳақидаги филмни ўнинчими, йигирманчими марта кўзлари ёшга тўлиб кўраяпти. Кичкина ўғли отасининг ёнидан туриб келиб,етагига ёпишди: — Менам бораман!.. Фақат... Шавкат безовта томоқ қирди. Ўғли ўтирган томонга қарашга унинг юзи бўлмади. Аллақачон уйқуси учиб кетган бўлса-да, узоқ ювинди. Муздек сув қаерга тегса, ўша ерда оғриқ пасайгандек бўлар эди. Қанийди, кўкрак қафасини ёриб, юрагини чиқарса-ю, обдон ювса... Амал-тақал қилиб кийинди, пардоз-андоз қилган бўлди. Онабоши пардозсиз боришларини хуш кўрмайди. Сўлғин юзларига упа устидан қизил суртаётиб, малолланади: «Кошки, ўша эркакларни уларнинг пардоз-андози қизиқтирса...» Кўп ўтмай у киноактрисалардек гўзал ва мағрур аёлга айланди. Тошойнадаги аксига қараб туриб, суюниш ўрнига, алами ошди: «Бузоқнинг югургани сомонхонагача. Сенинг кибру ҳавонг онабошининг остонасигача!» Кейин... истаса-истамаса ялтоқланиши, ёқса-ёқмаса, ароқ, тер ҳиди анқиб турган аллакимларнинг олдида жилпанглаши, иложи бўлса, онабошидан ҳам яшириқча беш-ўн сўм пул ундириши лозим. «Мениям обкетасиз» деб ғингшиб турган Сардорни онаси умидини буткул уздириб эшикка йўналгач, изиллаб йиғлай бошлади: — Менам бораман. Ўзи тўлиб турган эди. Боласининг хархашаси, эрининг бамайлихотир кино кўриб ўтириши, яна... умуман ҳамма-ҳаммаси уни вулқонга айлантириб юборди. — Ҳей! Манавини олсанг, ўласанми?! Эри чиқиб, пойгакда йиғлаётган Сардорни кўтариб олди. — Юр, ўғлим, мен сенга конфет бераман. «Ўғлим» эмиш, унинг кимдан илашганини мен билмайман-у!.. Онабоши унинг кайфияти йўқлигини дарров сезди: — Ҳа? Бу унинг «Сенга нима бўлди, қизгинам?» деб ҳол сўрагани эмас. «Бу ерга ёмон кайфият билан келишга нима ҳаққинг бор?» дегани эди. Бошқа пайт бўлганда бу таҳдиддан сўнг, қўлидан келса-келмаса, ўзини тутиб олишга ҳаракат қилар эди. Бу сафар... қандайдир ҳаммасига бирдан қўл силтагиси келаётган эди. — Ўзим!.. Онабоши унга еб қўйгудай бўлиб бир қаради-да, сўнг дераза томон ишора қилди. У шундан кейингина дераза ёнида кўзлари ҳайратдан ката-катта очилган йигитни кўриб қолди. Йигит кўркам ва ниҳоятда ёш эди, кўнгли қанчалар беғуборлигини қарашлари айтиб турарди. «Бир камим она сути оғзидан кетмаган гўдакларнинг кўнглини олиш эди!» Эшикдан қандай кибру ҳаво билан кирган бўлса, шундай ҳолатда бош ирғиб саломлашган бўлди ва онасидан аразлаган қизчадек тумтайиб кираверишдаги эски ором курсига чўкди. Онабоши унинг чимирилган қиёфасига қараб, имо-ишора билан юмшата олмаслигини англаб етди шекилли, ошкора таҳдидга ўтди: — Қаерга келганинг эсингдан чиқдими, дейман? — Хавотирланманг, ҳаммаси эсимда. Ишга келдим. Пул топиш учун, эримни, болаларимни боқиш учун!.. — Жинни! Энди онабошининг ҳам чинакамига жаҳли чиққан, унга ҳам, мижоздан тушадиган уч-тўрт сўм улушга ҳам қўл силтаб, икковини ҳам кўчага ҳайдаб юборгиси келди. Яна ўзини босди. Тарс-турс юриб, ошхонага ўтиб кетди. Рутубат ҳиди анқиб турган хонада ёлғиз қолишди. Ҳамон дераза ёнида кўзлари жовдираб турган гўдак ва у. У қошларини чимирганча бир муддат ерга тикилиб ўтирди, сўнг ўзидан бирон имдод бўлмаса, бу йигит тонг отгунча ҳам шу таҳлит тураверишини ўйлаб, ўрнидан турди-да, амр қилди: — Юринг! Улар зўрға қўшкароват сиғиб турган ётоқхонага ўтишди. Умрида деразаси очиб, ҳавоси алмаштирилмайдиган хона ниҳоятда дим, бунда ҳар бир жиҳоз кишини ўзидан итариб, кўнгилни хит қилиб турарди. У сумкачасини кароват ёнбошидаги ўриндиққа қўйдида, ёпиқ турган дарпардаларни янада зичлаб ёпди. Сўнг кўйлагининг устидан елкасига ташлаб олган жемпирини ечди. Энди... кўйлагини ечса кифоя... Ҳар нима бўлганда ҳам шу сафар остонада анқайиб турган бегона йигитнинг олдида ўзича ечинаверишдан тортинди. «Аммо, бу йигит нима учун келган ўзи бу ерга?» Шаҳд билан икки қадам ташлади-да, йигитнинг олдига ўтиб, зарда билан елкасини тутди: — Илмагини ечинг! У шу ҳолатда анча туриб қолди. Кутганидай на елкаларида, на белларида йигитнинг қўлларини ҳис этмади. Унга алам қилди: «Нима, устимдан кулаяптими бу тирранча?» Шу топда йигитни қоғоздай майда-майда қилиб, деразадан пастга отиб юборгиси келиб кетди. Шу истак билан ортига бурилиб, жиққа ёшга тўлиб турган ката-катта кўзларни кўрди. — Керак эмас... У юз берган ҳолатни идрок қилиб улгурмасдан йигит ён чўнтагидан тахи бузилмаган бир даста пул чиқариб, унинг қўлларига тутди: — Узр... — бир зум тин олиб, сўнг қўшимча қилди. — Кийининг, мен сизни кузатиб қўяман. Шаҳар кўчалари осудалик қўйнига чўмган. Юлдузлар ғужғон ўйнаган осмон йўл бошида ер билан туташиб кетгандай, кетаверсанг ҳализамон осмонга чиқиб оладигандай бўласан. Суҳбатлари ҳам тундек қаро, тундек сокин кечди. Унча-мунча одамнинг олдида сир бермайдиган кап-катта аёл шу бир парча болага тўкилди: — Болаларнинг бири поябзалим тешилди, деб ғингшийди, бири шимим йиртилди, деб йиғлайди. «Нима қилсак экан-а?» дея бош қотирмайди. Мен «Бирон нима қилсангиз-чи?» десам: «Нима қилай? Эл қатори ишлаб келаяпман. Бир камим ўғирлик қилиб, қамалиб кетишми?» дейди. Олган маошини ҳисобласанг, ўзининг уст-бошию, томоғидан ортмайди. Ишонсангиз, баъзан уйда нонга пул қолмайди, қўшнидан бир нон қарз олиб чиқсам, болалар билан бирга ўтириб ейди. Эрни, болаларни қўшнининг нони билан боқиб бўладими, кейин манави ерга келаман-да, бир дунё пул топиб бораман. Бирданига уй тўлиб қолади. Озиқ-овқат, кийим-бош. Булар пулни қаердан топдинг, демасаям, шу йўл билан топилган нонни ейишдан озгина тортинса экан... — Нега ажрашмайсиз? — Қанийди кетса! Эр эмас, одам ўрнида ҳам кўрмай қўйганимга кўп бўлди. Ўзининг ҳам эр эканлиги эсидан чиқиб кетган бўлса керак. Бугунгидай ярим тунда қўнғироқлар бўлади. Ким, қаерга чақираётганини яхши билади. Била туриб, ухлаб ётган жойимдан чақириб келади. Тентак десанг, қошиқни қулоғигамас, оғзига олиб боради, кечқурун уйни топиб келади. Соғ десанг... — Ўша уйдан сизни олиб чиқиб кетсам нима дейсиз? — Қандай қилиб? — Сизга уйланиб! У турган жойида қотиб қолди. Бармоқларидан оҳистагина тутиб, кулимсираб турган йигитга ҳайрон боқди! «Бу устидан кулаяптими? Йўқ, ҳеч масхара қилаётганга ўхшамайди. Нега унда бундай гап қилаяпти?» — Сиз?.. Менга? — Ҳа, сизга? — Ахир мен сиздан камида ўн беш ёш катта бўлсам, қолаверса, мени топиб олган жойингиз. — Сиз ўзингиздан йигирма ёш кичик аёллардан ҳам сулувсиз. Сизни топиб олган жойни эса иккаламиз ҳам хотирадан буткул ўчириб ташлаймиз. — Қўйинг-э! — Мен мутлақо жиддий гапираяпман. Ўтган йил хотиним вафот қилди. Яқинда йил бердик. Уйга унинг ўрнига кимнидир олиб кириш ваҳмидан қўрқиб, ҳалиги жойга борган эдим... Балки худо сизни учратишим учун мени ўша жойга бошлаб боргандир. Ишонсангиз, мен умримда биронта аёлга шу қадар маҳлиё бўлмаганман. Сизни кўриб, тилим танглайимга ёпишиб қолди. Онабошига айтган гапларингизни эшитиб, музлаб қолдим. Ўша дераза ёнида туриб қасам ичдим, «агар рози бўлса, уйланиб бошидан юлдузлар сочаман» дедим. У бир зум оёқлари остидаги ерни йўқотиб қўйди. Ер эмас, сочлари, елкаларига сийпаниб-сийпаниб тушаётган юлдузларга тўла осмон ётар эди пойида ястаниб!.. Муюлишдан чиққан икки ўсмир болани кўриб, яна ерга қайтди. Таниди, Шавкатнинг ўртоқлари эди улар. Болалар унга қарай-қарай, йўлнинг нариги бетига ўтиб кетди. Унинг кайфияти тушиб кетди. Ўғлининг ўз ўртоқларига қўшилмай қўйганига кўп бўлди. Кўчага фақат мактабга бориб келиш учун чиқади. Бошқа пайт уйда ғимирсигани-ғимирсиган... Унинг бўғзига кўз ёшлари тиқилди. — Хайр, омон бўлинг, — ўзини ҳар қанча бардам тутишга ҳаракат қилмасин, овози титраб кетди. — Сизга нима бўлди? — Ўзим... — Сиз яхшилаб ўйлаб кўринг, лекин ҳеч қачон ўзингизни бунчалар оёқости қилманг. У индамай бурилиб кетди. Ўша кеча ухлай олмади. Эртаси куни ҳам... Бу беҳаловатликни хурсандчилик ҳам деб бўлмас эди. Ўзига ўзи сиғмай кетаётган эди. Ўйлаб-ўйлаб, ё ўзимни поезднинг тагига ташлашим керак, ё ҳаётимни бошқа йўлга солишим керак, деган фикрга келди. Дунёдан-ку, аллақачон тўйган, изида йиғлаб, сарсон бўлиб қоладиган болалари бўлмаса, ҳеч иккиланмай қўл силтаб кетаверарди. Бир куни темир йўл ёқасига ҳам борди. Йиқилса, релсга... Бўйни тўғри келиши учун релсдан бир ярим метр берида турди. Ўқдек учиб ўтаётган вагонларнинг шамоли таъсир қилдими, боши айланиб, кўзлари тинди. Яна бир дақиқа шу ҳолатда турса, ҳеч қандай мардона шаҳдсиз ҳам, поезднинг оёқлари остига юзтубан йиқилиши аниқ эди. Аммо... Шу чоқ кутилмаганда: — Онажон!..— деб чинқирган овозни эшитди. Овоз Сардорнинг овозига ўхшади. У бир амаллаб ҳушини йиғиб ортига бурилди. Йўлнинг нариги бетида айнан Сардор тенги бола дайди итдан қўрқиб, онасининг оёқларига ёпишиб йиғлар эди... Уйга келиб, масалани кўндаланг қўйди: — Ё сиз кетинг, ё мен кетай! Эрининг ранги учиб кетди. — Нега? — бир амаллаб журъат топиб савол берди эри. — Сизни кўргани кўзим йўқ. Илтимос, мени қийнаманг. Эр яна анча вақт жим қолди. Сўнг эмранди: — Ахир мендан нима айб ўтди? Эрта кетдинг, кеч келдинг, қаёқда эдинг демасам! Ичмасам, юрмасам, урмасам, сўкмасам. Эрининг ялинчоқ қиёфасига қараб ғижинди: — Қанийди, сиз ҳам одамларнинг эрларига ўхшаб... Э-э, қўйинг, садқаи гап сизга, — қўл силтади. — Гапни кўпайтирманг, кетинг. Агар болалар керак бўлса, марҳамат, сиз билан қайси бири кетишни хоҳласа, кетсин. Лекин биламан, сиз уларни эплай олмайсиз. Шунинг учун сизга беташвиш, беғалва йўл — истаган пайтда кўришиб туриш. Кўришиб тураверасиз, қаршилигим йўқ. Фақат менинг кўзимга кўринмасангиз бўлди. Эр йиғлаб юборди: — Гуландом! Гули! Ахир мен сени яхши кўраман, наҳот шуни ҳам юз-хотир қилмасанг? Ахир одамлар ит ҳам сақлайди-ку, итинг бўлай, остонангдан бир парча ер берсанг кифоя... — Йўқ, — ўрнидан турди у. Ўзи бўлимлигина, бўйчан аёл эди. Оёқларига йиқилиб ҳўнграб йиғлаётган эркакнинг олдида қадди тоғдек юксалиб кетгандай бўлди. «Остона ҳам ҳайф унга!» — Йўқ! Эшитаяпсанми, йўқ! Сен билан бир ҳаводан нафас олишни ҳам истамайман. Сардорини олиб онасиникига кетиб қолди. У ердан Бургутали топган янги уйга... — Сиз фақат хафа бўлманг, — узр сўради у. — Ота-онамга ҳеч тушунтира олмадим. Бўлмаса, тўй-тантана билан уйланмоқчи эдим. Тўй-ку шарт эмас. Аммо ота-онангиз қарши бўлса... — Мен улардан ҳам, сиздан ҳам кечолмайман. Бир кун келиб, бизни тушунишади ва кечиришади. Бу аниқ! Аммо кечиришгунча... Йўғонлар чўзилиб, ингичкалар узилиб кетишини иккаласи ҳам яхши билишар эди. Отанинг қўли узун эди, бир ҳарб билан иккаласини ҳам ишдан бўшаттириб юборди. Бургутали отасининг устидан кулган бўлди: — Қорни очса, гўшт еган ялоғига қайтиб келади деб ўйлаяпти содда отам. Ахир мен одамман-ку, наҳот битта қорин ғами мени йўлимдан қайтарса? Гуландом ўзича хижолат тортиб, тасалли берган бўлди: — Анави болаларнинг ғинг-шингига узоқ дош беролмайди. Кетса, уйга кўчиб ўтамиз. Ҳарқалай, озми-кўпми шароит бор. У уйни мен ўн беш йил навбатда туриб олганман. Иш ҳам топилиб қолар. Ҳақиқатан кўп ўтмай, қиз «хушхабар» олиб келди: — Она, отам кетди. Онангга айт, келиб яшайверсин, мен бошқа келмайман, деди. Унча-мунча одам ўзидан ўн икки ёш катта фоҳишанинг уйига бориб, эриман деб яшашдан ор қилар эди. Бургуталининг аҳди шу қадар қатъиймиди ё Гуландомни шунчалар яхши кўриб қолдими, ё ўтган икки ой ичида анча мунча бети қотдими, ҳеч иккиланмай Гуландомнинг уйига борди. Уй бир этак бола билан «нима олиб келдинглар» деб кутиб олди. Яхшиям, ертўлада қуритилган нон, қора кун учун асраб қўйилган аччиқ-чучук, мураббо беркитилган банкалар бор экан. Унда-мунда Гуландомнинг онаси гўшт, ёғ юбориб турди. Бургутали ўзини ҳар қанча ўктам тутишга уринмасин, қўни-қўшниларнинг қизиқсиниб, ачинганнамо қарашлари, атай эшиттириб ташланадиган луқмалар, рўзғоридаги тақчиллик уни букиб қўйди. Отасининг гаплари бот-бот ёдига тушадиган бўлиб қолди: — Ўғлим, ҳаёт сен билан биз ўйлагандан кўра минг марта мураккаброқ. Оқимга қарши сузган одам ғарқ бўлади. Оқим бўйлаб сузса. Ҳеч жон койитиш шарт эмас, отасининг ўзи уни елкаларига ўтирғизиб, манзилга элтиб қўяди. Бу ёқда Гуландом! Ҳар оқшом болаларини уйга қолдириб... Ўтган икки-уч ой ичида болаларга ҳам анча меҳри тушиб қолган эди. Болалар ўртоқларининг ёнида бўйнини қисиб юришлари кўз олдига келса, хаёлан чиқиб олгани — кенг-мўл елкалардан оҳистагина тушиб, яна ҳансираганча ўзини оқимга қарши қулоч отишга чоғлар эди. Йўқ, Гуландомни ташлаб кетиши мумкин эмас. Бу дунёга келиб, битта арзирли савоб иш қилган бўлса, уям шу аёлни ботқоқдан тортиб олгани бўлади. Шуниям чала ярим қилиб, ташлаб кетса. Бир иш топила қолса эди, ҳаммаси ўринига тушиб кетарди. Ахир, шунча элу халқ отасига суянмасдан, ёки бузуқлик билан шуғулланмасдан ҳам ишлаб, ҳалол ризқ билан бола-чақа қилиб юрибди-ку! Наҳотки булар шуни эплай олишмаса? Ниҳоят, иш ҳам топилди. Бир дўстининг икки қаватли хусусий ошхонасига таъминотчи бўлиб ишга ўтди. — Яхшигина маоши бор. Ейиш-ичишимизга қарашади. Агар, хўп десангиз, сиз уйда ўтириб, пишириқлар пишириб бериб турасиз. — Майли, — унинг кўз олдига пишириқлардан юлиб-юлқиб қолинадиган тухум, ёғ, ун, шакарлар уюми келиб кетди. У пишириқ тайёрлашни азалдан жуда яхши кўрарди. Аммо ҳеч қачон кун бўйи иссиқ ошхонадан чиқмай, бир хил пишириқ тайёрлаб кўрмаган эди. Айниқса, берган масаллиғини ҳар қанча эплаб, пишириқларга кўмилиб, ўзи ҳам терлаб-пишиб ўзича бор маҳоратини ишга солмаса, кўнгилдагидек бир нарса чиқариш амри маҳол эди. Ўша куни онаси айттириб юборган экан. Кун бўйи тайёрлайдиган пишириқни тушгача тайёрлади-да, ўғлидан ошхонага бериб юбориб, ўзи онасиникига кетди. У ерда бир пас ўтириб, алоқа уйига ўтди. Анчадан бери телефонлари ишламай ётган эди, қарзларини тўлади. Йўлда бир мактабдош дугонасини кўриб, оёқ устида бир пас мақтанди. Остонада эрининг пояфзалини кўриб, юраги «шув» этиб кетди. У эшикдан кириши билан ичкаридан ўқдек учиб Бургутали чиқди: — Қаерда юрибсиз? — нима бўлганда ҳам унга топиб исм қўйишган эди. Нигоҳи ўлжасини қояларга уриб, мажақлаб ейдиган ёвқур жонзотнинг қарашларидек ўтли, бешафқат эди. У беихтиёр ҳисоб бера бошлади: — Онамникига борган эдим. — У ердан чиқиб кетганингизга икки соат бўлди. — Почтага кирдим, телефонга пул тўлаш учун. Сўнг бир дугонамни учратиб қолиб... — Ёлғон!.. Нимадир «қарс» этди. Унинг ҳуши бошидан учиб кетди. Кўзларидан ўт чиққандай бўлди. Бир зум мувозанатни йўқотди. — Сени яна ўша исловатхонанинг ёнида кўришибди-ку, ифлос! «Ҳа-я, дугонасини учратган жой...» Умирида биринчи марта эркак кишидан шапалоқ ейиши эди. Унга алам қилиб кетди. Ахир ўша ифлос жой уйга келадиган йўлининг устида бўлса, бу нима қилсин? Бўрининг есаям, емасаям оғзи қон экан-да. Томирларида гупирган қон миясига тепди: «Ие, бу сўтак ўзига нега бунча эрк беради? Агар осмон унинг мулки бўлса, боши устидан йиғиштириб олса-олсин, аммо уни бу тахлит хўрламасин!» Кўнглига келганларни айтиш учун лаб жуфтлаб, қаршисида уни айблаб турган бешафқат одамнинг кўзларида унга ниҳоятда азиз бўлган бир меҳрни кўриб қолди: қинғир йўлдан қайтара олмаган боласини уриб қўйган дарғазаб онанинг кўзларидагина бўладиган азоб, алам қоришиқ жонсарак бир меҳрни. Унинг кўзларига ёш қалқди. Эрининг шапалоқ туширган қўлларини олиб, лабига босди: — Раҳмат сизга! |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62424 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57884 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40499 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36637 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23310 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23176 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21828 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19538 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18662 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |