Ўлим (ҳикоя) [Jamila Ergasheva] |
Шўрлик касалманд эди, ўзини эҳтиётлаб, дори-дармон ичиб, зўрға лошини судраб юрарди. Ўлим барҳақлигини у ҳам билар эди. Баъзан ўпкаси оғзига тиқилиб зинапоядан кўтарилаётган дамларда Азроил оёқларига осилиб олгандай бўлар, аммо унинг ўлим ҳақида ўйлашга умуман вақти йўқ эди. Ҳар куни «ота, бугун нима олиб келдингиз?» деб кутиб оладиган болаларининг бирини узатиши, бирини уйлантириши керак. Хотини «Сизга тегиб, умрим давлатнинг уйида ўтиб кетди. Бир ҳовли-жой қилмадингиз», деб ғингшигани-ғингшиган. Бир ҳисобдан хотини ҳам ҳақ! Бир умр давлатнинг иши деб елиб-югуриб юраверибди, бир парча ер олиб, ўзимга бир бошпана қурай демабди. Энди ер бир тортади-эй, қани бир танобгина еринг бўлса, йил ўн икки ой тупроққа қоришиб эксанг, тиксанг. Оҳ!.. «Одамзоднинг тупроқдан бино бўлгани ростмикан, мунча ерга интилдим», деб қўярди баъзан. Бу ёғи ўғли «Ҳамма ўртоқларим машина миниб юрибди. Менга битта машина олиб бермадингиз-а», деб ўпкалани-ўпкалаган. Машина сотиб олишга-ку, кучи етмас эди. Аммо шунча йиллик хизматларини ҳисобга олиб, ишхоналарида чиқитга чиқиб, неча йиллардан бери ишламай, тўкилиб ётган машиналардан биронтасини арзон-гаровга берар, деб бошлиқнинг олдига кирди. Бошлиқ йўқ демади, лекин негадир масхара қилгандай мийиғида кулди. Балки масхара қилмагандир, ҳарқалай унга шундай туюлди. Ёмон бўлиб кетди. Бошлиқ «Сизга бермасак, кимга берамиз. Фақат шошмай туринг», деган бўлса ҳам рад этилган одамдай кайфиятсиз ҳолда чиқди. У умри бино бўлиб шошилган одам эмас. Аммо шу сафар кутиб-кутиб чарчади. Ўғли ғингшийвергач, яна кирди. Яна ўша жавоб. Энди эса... Кеча хонамга кирган эди. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб бирпас ўтирди. Унинг кайфияти яхши эди. Менинг эса вақтим зиқ эди, гапларини тинглаб туриб, телефон рақамларини теравердим. У дарров ҳушёр тортиб: — Ишларингизга халал бермай, менинг ҳам ишим кўп, — дея хайрлашиб чиқиб кетди. Бугун эса... Эрта тонгда ишга келиб эшитган биринчи хабарим шу бўлди. Соат эндигина саккиз бўлган. Одатда маййит соат ўн бирсиз чиқарилмаслигини билсам-да, ҳамма ишимни ташлаб, уларнинг уйига югурдим. Назаримда бу шумхабар кимнингдир қўпол ҳазили эди. Ҳозир ўзи қаршимдан чиқиб, менинг ҳовлиқмалигимдан куладигандай йўлга қараб борардим. Ҳовлида ғимирсиб юрган дўппили йигитлар, иккинчи қаватнинг очиқ деразасидан эшитилаётган йиғи-сиғи кўнглимдаги умидни йўққа чиқарди: «Ростдан ҳам!..» Пойгакда уюлиб ётган поябзал уюмидан ҳатлаб ичкарига кирдим. Мен киришим билан баландроқ овозда йиғлай бошладилар: Олмадан отлар қилайин, тўрам-ов, Тўрт оғиз ёдлар қилайин, тўрам-ов. Олмамидинг, нормидинг, куним-ов, тўрам-ов, Ёлғончида бормидинг, тўрам-ов. Ариқ жоға толини, тўрам-ов, Тобут бўлар дебмидим, тўрам-ов. Сендай сара кишини, тўрам-ов, Нобуд бўлар дебмидим тўрам-ов. Отинг келар энишдан, куним-ов, Тўрт оёғи кумушдан, куним-ов. Энди мендан фойда йўқ, ўлим-эй, зулм-эй, Насиб қилсин беҳиштдан, куним-ов. Таомил бўйича йўқловга қўшилишим керак эди. Мен эса ўртада узала тушиб ётган маййитга қараб, анқайиб турабердим. Кўнглимдаги гумонни англагандай кимдир маййитнинг бошидаги докани тортиб, юзини очди. Унга қараб ўликларга хос юракни сескантирувчи ҳеч нарса кўрмадим. Худди ухлаб ётгандай, назаримда ёноқлари ҳам хиёл қизариб турарди. Ҳатто атрофдаги хотин-халажнинг уввос тортиб йўқлаётганини айтмаса, жағининг оппоқ мато билан танғиб қўйилганини кўриб ҳам «тиши оғриган экан-да» дея ўйлаш мумкин. Пешонаси узра тўзғиб ётган кумуш тус хиёл қўнғироқ сочларини кўриб ҳайратга тушдим. Шу тўзғиган ҳолатида ҳам бу сочлар кеча, жуда бўлмаса олдинги кун маҳоратли сартарошнинг қўли билан қайчиланиб, тартибга солинганини англаш қийин эмас эди. Ўзи жуда ораста, батартиб одам эди-да, бечора. Сезишимча, у сочларини жуда яхши кўрар эди. Кўпинча сўзлашаётиб, беихтиёр кафти билан пешона сочини оҳистагина юқорига кўтариб қўяётганини, чекка сочларини бармоқлари билан силаб, ўзича тартибга солаётганини пайқаб қолар эдим. Ҳозир эса ихтиёри ўзидан кетган. Бошида йўқлов айтаётган аёли ҳам, қизлари ҳам унинг сочларини ҳеч бўлмаса қўл билан орқага тараб қўйишни хаёлларига келтиришмайди. Ўлик то жаноза ўқилиб, уйдан чиқарилгунча ҳаммасини эшитиб, билиб ётади, дейишади. Ҳозир сочининг бетартиб тўзғиб ётганидан роса ғаши келаётгандир шўрликнинг. Эскирдим шекилли, йиғи бироз пасайди. — Юзини ёпинглар! Одат бўйича азадорларнинг кўнгли учун бироз овоз чиқариб, сўнг қўшни хонага ўтишим керак эди. Мен на овоз бердим, на чиқиб кетдим. Уйғотмоқчи бўлгандек чапак чалиб йиғлаётган хотин-халажнинг ўртасида ётган маййитдан кўзимни узолмай турган эдим, кимдир келиб, елкамдан оҳистагина тутиб даҳлизга бошлади: — Юринг энди. Даҳлиз катта хона гирди бўйлаб тизилиб ўтирган аёллар жимгина йўқловга қулоқ тутишар эди. Дарди бор ҳар одамнинг ҳам қўлидан гўяндалик келавермайди. Гўянда бўлиш учун яхши овоз керак, дардни сўзга сола билиш керак. «Тоғам»лаб йўқлаётган жувоннинг овози чиройли экан. Сўзлари ҳам юракларни тилка-пора қилиб ташлади: Узун сойга уй тикиб, улига тўйлар берган, тоғам-ов, тоғам-ов, Қизил сойга уй тикиб, қизига тўйлар берган, тоғамов, тоғам-ов, Ул давоси узундир, қиз давоси қийиндир, тоғам-ов, тоғам-ов, Қизим деган, ўғлим деган, ўз даврини сурмаган, тоғам-ов, тоғам-ов. Биз ўтирган хонага ҳайбат билан кўркам бир аёл кириб келди. Кириб-чиққан одамларга бепарво ўтирган даҳлиздаги аёллар қўзғалиб қолишди. — Ие, Баҳринисожон-ку! — Баҳринисо опа! Ассалому алайкум! Баҳринисо биз томонга бош ирғаб қўйиб, маййит ётган хонага ўтиб кетди. Ичкарида йиғи, қий-чув авжга минди: — Баҳринисожон, амакингдан айрилиб қолдик. Энди нима қиламиз?! — Вой тоғам-а, тоғам-эй! — Вой амакижоним. Баҳриноси бир пасдан сўнг кўзлари қизариб, аммо нимадандир дарғазаб ҳолда чиқиб келди: — Ётишларини қара! Кийинтириб қўйсанглар, бўлмайдими? Hamma bir-biriga qaradi. — Янгамга айтинг, увуллаб ўтиравермасдан, янги кийим-бош берсин. Ҳозир эркакларга айтаман, кийинтириб қўйишади. Бошига дўппи кийгизиб қўйсин, жағини ҳам ечинглар. Бир пасда янги уст-бош етказилди, маййитнинг атрофидаги йиғи тўхтади. Фақат ичкаридан чиққанлар орасида букчайиб қолган бир кампирнинг овози тинай демасди: — Вой инимов-ов, шўрлик иним-ов! Воҳ, мен ўлай, менгина ўлай-а! Сени шундай бечора кўргунча, сендан олдинроқ кетсам бўлмасмиди-я... Қўлтиғидан тутмоқчи бўлганларни силтаб-силтаб ташлади: — Мен кетаман, қандай қилиб кўмсанглар, кўмаверинглар. Нима у ўрисми, кийим кийгизиб? — Амма, қўйинг! Баҳринисо опам каттаконлар келади, деяпти. Кийгизса, кийгизишсин, шу кийим билан кўммайдилар-ку. Ювинтириб, кафанлашади-ку, ахир! Кийимда нима гап? Амма, аммажон! Мен энди кимни ота дейман, амма?! Танидим, бу раҳматлининг тўнғич қизи эди. Дам ўтмай, ҳовлидан уч-тўрт эркак кирди-да, ўртадаги эшикни беркитиб олишди. Анчадан сўнг эшик очилиб, эркакларнинг бирови Баҳринисони имлаб чақирди. Унинг ранги қумдек оқариб кетган эди. Ғивир-шивир қилиб ўтирган бир уй хотин битта қулоққа айланиб, эркакнинг оғзига тикилишди. Эркак хотинларга қарайдиган ҳолатда эмас эди. Шундай бўлса-да, биров эшитиб қолишидан қўрққандек ваҳима билан шивирлади: — Жағини ечиб бўлмайди. — Нега? — Оғзи очилиб қолаяпти. — Нега очилади? — Билмадим. — Бир иложини топинглар, бошини баландроқ қилиб ётқизасизларми, ёнбошроқ қилиб қўясизларми? Кимдир эс бўлди: — Бир қайчи топиб, сочини, тирноқларини олинг. Олтмишдан ошган одам у дунёга баччадай бўлиб, пешонаси сочга тўлиб бормасин. Эркаклар узун-қисқа бўлиб чиқиб кетгач, яна қий-чув бошланди. Яқинлар маййитга эгалик қилиш учун уввос тортиб, ичкарига киришди. Мен ҳам уларга қўшилиб... Йўқ, томоша қилиш учун эмас... Ихтиёри ўзидан кетган бир бечоранинг аҳволини кўриб, ҳеч бўлмаса, унга руҳан ҳамдардлик билдириш учун ичкарига кирдим. Кўйлак ҳам, костюм ҳам узоқ вақт тахланиб турган экан шекилли, умрида биринчи марта янги кийим кийган ғариб кимсанинг эгнидагидек тахлам излари қабариб турарди. Сочини ҳам расво қилишибди. Дўппи тагида қинғир—қийшиқ қилиб кузалган узун—қисқа сочлар юрагимни эзиб юборди. Агар у ҳаёт бўлганида, сочларига шу қадар уқувсиз қўлларнинг тегишига йўл қўярмиди? Ёстиқни баланроқ қўйишганми, ҳар тугул оғзи бутунлай очилиб қолмаган эди. Аммо хиёл очиқ лабларининг бир четига қўниб турган қоп-қора пашшага бирон яқини эътибор бермас эди... Ўлган одам учун кўйлагининг биринчи тугмаси ўтказилган—ўтказилмаганлигининг ҳеч қандай аҳамияти йўқлигини билсамда, унинг бўйнини сиқиб турган ёқага қараб бўғилиб кетдим: «Ёқаси кичик экан. Агар тирик бўлганида...» |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62384 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21568 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |