Ҳавочун (ҳикоя) [Jasur Kengboyev] |
Агар Они унутса банда они, Тирик эрмас агарчи бўлса жони.Сўфи Оллоёр Ер сайёрасида нималар бўлмайди. Ҳа, ўлимдан қўрққан умр кўрмас. Қанча умрим қолди? Билмайман. Билиб ҳам нима қиламан? Менга фарқи борми? Яна бир огоҳлантириш сигнали келса, тамом, ўламан. Ҳисобимда қанча пул борлигини ҳозир аниқ айтолмайман. Ҳар қалай бир-икки кунлик ҳавога етади. Эҳ, ўртоқ Чирскин!.. Ўзимга-ку, раҳмим келмайди. Сени кўзим қиймайди-да, дўстим... * * * Бошимнинг оғриғи босилмаяпти. Ишламайдиган нарса оғриса, жуда алам қилади. Агар имкони топилса эди, калламни кимга бўлса-да, бериб юборардим. Албатта, текинга. Бошимга манави лаш-лушни осишганидан бери шу ўй тинчлик бермайди. Муттасил оғриқ ҳам шундан бўлса керак. Кўзимни очолмайман. Очсам, худди бурнимнинг тагида бир қора қурт осилиб тургандай, у ҳар нафасда бурнимдан кириб, бутун аъзои баданимни ит мисол шилимшиқ манфур жағлари билан ғажиётгандай, шундоқ ҳам қисилаётган нафасимни баттар бўғар, танамда оқаётган рангсиз қонга бир томчи-бир томчи заҳар туфлаётгандай, заҳарланган қон жисмимни оний лаҳзада маҳв этаётгандай; бундан бошим телбаларча айланар, оғриқ зўрайишидан икки кўзим ва қулоғимдан бошқа жойларим жонсиз таёқ сингари қотгандай туюларди. Кўзим кўрган нарсаларни чала англайман, миям худди улкан бир қопни кўтарганча, сайёра яғрини устида номаълум манзил томон кетаётган қоқсуяк, ожиз бир чолга ўхшаб қолди. Ўлдирсанг – ўлдир, тезлатма, дейди. Унга буйруқ бериб бўларканми? Эҳ, бир дақиқа манави сабилга ҳаво беришмаса эди, қийналмасдим. Ахир, тўкилгандан томчилаган ёмон экан. Ҳавочинни бурнимга осишган пайтларда кун санардим. Кейин соат. Ҳозир эса сония ҳисоблайман. Ўзимни кўрай десам, кўнглим бормайди. Нартсислик пайт¬лар аллақачон ўтиб бўлган. Термулган кўйи нафратим ошади. Ойна айбдормикин? Ойна, аввало, ғирт телба-тескари нусхангни кўрсатади. Ўнг кўзинг чапи билан, чап кўзинг эса ўнги билан жиққамушт бўлади. Суратинг¬ни томоша қиласан, сийратингдан-да йиғлайсан. Айниқса, мана, бурнинг остида ҳавочининг бўлса! Ўзига-ўзи ўлим тилаган одамни ёмон кўрардим. Бугун бу ҳолат қолган ҳаётимнинг мазмунига айланган. Умрни ҳисоблай бошлаганимдан бери унинг нақадар узун эканига шуб¬ҳам қолмади. Узун йўлни тез босиб ўтиш мумкинми? Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Бир машҳур одамнинг ал-жабр каби ҳаётда ҳам энг тўғри йўл энг қисқа йўлдир, деган гапини ўқиган эдим. Агар мен ўша аблаҳларга қўрс, лекин ҳақ гапларни айтмаганимда эди, бурнимга ҳавочин осишмас, мен ҳам телба-тескари йўллардан гандираклаб, эгри кўчалардан насиба излаб дайдиб юрар, ҳар учраган нокасни, гарчи нолойиқ бўлса ҳам, ҳурмат қилар, ширинроқ сўз айтишга мажбур бўлар, ҳамма қатори қотган муомалада бўлар, оқибат, ўз сўзим, юзимни ўзим ер билан яксон қилар, қиёфам денгизини исқирт чириндиларга тўлган кўлмакдай булғаган бўлардим. Юзсизлик – ўзсизлик, ўзсизлик эса қорақўнғизникидан ҳам баттар ҳаёт демакдир. Одамлар кўрганда кўнгли айниб, бурнини жийиради, эслаганда башараси бужмайиб, қусгиси келади. Хўш, бурнингга ҳавочин тақишса яхшими? Биламан, тўкилган қайта тўлмайди. Бироқ ер қаърига батамом сингиб ҳам кетмас экан. Мана, синголмаяпман. Ўлиш ҳам осонмас экан. Ўлим шоҳу гадога баробар, дейдиганлар жуда адашади. Ўлим — ҳақ. Бироқ сен ўзинг истаганингда ўлолмаслик жуда катта ноҳақликдир. Бугун ана шу ноҳақлик мени қийнаётир. Ўйлаш азобидан қутулишнинг бир йўли нафас олмасликдир. Бу хаёл энг сўнгги қарордек туюлади менга. Нафас олмаслик ўлим эканини яхши биламан. Бунга уриниб кўрарканман, бир неча сонияда кўзларим намланади. Қўлларим бўйнимга югуради. Томирларим бўрта бошлайди. Вужудимда лаззатли бир титроқ сезаман. Миямда бир тозариш рўй беради, кўкрак қафасимданми, товонимданми чиққан бир енгил эпкин бўғзимга келиб қотади. Сўнг унга оёқ-қўлим бармоқларидаги тирноқлардан яшин тезлигида шундай бир нимарса келиб қўшиладики, наҳот, руҳим парчалари бўғзимда, жиғилдонимда бирлашди? У нега муаллақ қолди, отилиб чиқиб кетмаяпти? Қорним, томоғимда вулқондек бир шамол бўрон солади. Оний дақиқа довули нафратим алангасини бирпасда ўчирди-қўйди. Мен енгилдим... Эсимни олган бир ҳикмат мағзи кўнглимни пора-пора қила бошлайди. Зардушт халққами ё халқ Зардуштгамиди-э, шундай деган экан: «Букридан унинг букрисини олиб қўйишганда, унинг руҳини олиб қўйган бўлишади. Кўрга унинг кўз нурини қайтариб беришганда, у ер юзида шунчалар кўп бемазагарчиликларни кўрадики, оқибатда у кўзини тузатган табибни қарғайди. Чўлоқни чопишга ярайдиган қилиб даволаган унга энг оғир зиён етказади, зеро, у иллатлар қувиб ўтиб кетолмайдиган даражада тез югуришга муяссар бўлармикин?». Мен бу чоғда букримни қайтаришларини, кўр кўзимни беришларини, чўлоқ оёғимни бошқатдан ҳадя қилишларини сўрамас эдим. Мен абадий йўл тусаяпман! Абадий манзил! Тушунаяпсизми? Айни дамда мен йўлга чиқиш жилвасидан маст ҳолга тушганида, манзилига етишдан кўра қайтиб келиш ҳақида кўп ўйлайдиган одамлар тоифасидан эмаслигимни сезиб қолдим. Тўғри-да, ҳозиринг – жонинг, ҳозиринг – ҳаётинг, ҳозиринг – тақдиринг. Бошқаси чўпчакдек кўринади менга. Биламан, сиз абадий маконга элтадиган ягона куч томонидан сийланган барча нарсанинг икки томони бор дерсиз: туғилиш ва ўлиш, яхшилик ва ёмонлик, катта ва кичик, кеча ва кундуз, покизалик ва жирканчлик... Агар бурнингизга ҳавочин осишса, бошқача фикрлай бошлайсиз: ҳаёт, яъни туғилиш – ўлимга тайёргарлик вақти; инсоният ўйлаб топган ахлоқий мезонлар – жазосиз қолмайдиган яхшилик эса ёмонликнинг айнан ўзгинаси; туғилган митти гўдак улғаяди, катта бўлиб, вояга етгач, тағин кичрайиб боради, демак, катталик асли кичикликдир; кеча кундуз деган мавҳумотнинг чегарасини билиш учун киприклар юмилган оний лаҳза очилса, ундан асар ҳам қолмайди; покизалик жирканчликнинг хаёлдай учқур, филникидай баҳайбат оёқлари етмаган жой, таассуфки, бундай жой қанча қолди ўзи? Хуллас, ўзимга кучим етмади. Бўғриқиш зарби гарданим деворларини бузолмади. Жоним муаллақ қолди. Ўзига кучи етмаган одам бошқаларни қандай идора қиларди? Буни хаёлига ҳам келтирмасин! Ўзи, бу кучни ким ато қилади одамга? Ягона кучми? Нега у менга бермаган? Қизғанган? Бошқаларга сахийлик қилган-да? Йўқ. Менимча, менга фақат гапириш учунгина куч берганга ўхшайди. Оқибат, мана, ўтирибман ҳавочинни бурнимга қўндириб. Ўзни маҳв этмоққа куч ҳам, ирода ҳам топилмаяпти. Чораси, йўли битта – чидаш, қаттиқ чидаш. Бу бир азоб. Худо яратган ҳаводан ўпкангни тўлдириб нафас ололмайсан; ҳавочиннинг нина учидек келадиган тешигидан кирган ҳаво билан кифояланасан, аниқроғи, шунга мажбурсан. Миянгда фақат бир фикр чарх ураверади: ҳаво, ҳаво, ҳаво... Қўлинг ишга бормайди. Бундоқ олганда, бу хонада иш ҳам йўқ. Нимқоронғи зулматдайин хона. Бир стол ва стул, ранги ўчиб кетган дераза ромларини чирмаб олган, сўлаёзган чирмовуқсифат гулнинг иккита тувагидан бош¬қа ҳеч вақо йўқ. Деразадан мўралайсан. Шу тобда ўзинг¬ни жилла қурса касал мушукка ўхшатолсанг ҳам суюнасан, бундан баттари эмаслигидан хурсанд бўласан. Кўчада ҳаёт қайнайди. Яғири чиқиб кетган торгина асфалт йўлдан одамлар тинмай ўтади. Ҳаммаси асабий кўринади. Бирортаси туртиниб кетса, нақ шапалоқ тортиб юборишдан ҳам тап тортмайди. Оғир сумка кўтарган кампир ҳар куни кўчани шов¬қинга тўлдириб ўтади: – Ифлослар, ярамаслар! Боламни ўлдиришди... Болагинамни ўлдиришди... Ер ютгурлар... Бу кўчанинг доимий йўловчилари кампирнинг гапларига парво ҳам қилмайди. Янгилари бўлса, бири ҳайратда, бири ажабсиниб, бири эса қаҳр билан унга тикилади. Чап оёғини сал оқсаброқ босадиган, эгнида кулранг плаш, бошидан қишин-ёзин тушмайдиган ҳаворанг момиқ рўмолли кампирнинг қарғишлари менга ёд бўлиб кетган. Эшитсам, охирги пайтлар негадир завқланаман. Мени бу ерга келтиришларидан аввал, ҳавочин тақишларидан олдин ҳам билардим кампирнинг ўғли ҳақида... * * * Ҳавочинимни тортиб-тортиб кўрдим. Фойдаси бўлмади. Темирсифат металл қирралари юзим, бўйним аралаш бошимга оғриқ берди. Сабилнинг ҳеч тирқиши йўқки, секингина очиб, тўйиб-тўйиб нафас олсам. Қўлингга чипқон чиққурлар шунақаям шафқатсизларча ясайдими бу матоҳни? «Емоқнинг қусмоғи бор». Буни қанча есанг, шунча қусасан, деб тушунардим. Яъни «емоқ», «қусмоқ»да ҳам МУВОЗАНАТ бор, деб ўйлар эдим. Чумолиникидек «бурун»дан нафас олиб, филникидек «бурун»дан нафас чиқараётган ҳозирги кезда бу борада ҳам адашганимни ҳис этдим. Кам-кам еб, кўп-кўп қусаётганимни ўйлаб, кўзимга нам югурди... «Хурсанд бўласан-а, – дедим ўзимга ўзим. – Кул, кулавер... Тилингга ақлинг, ақлингга кучинг етмагандан кейин кулавер. Бировларнинг устидан кулиб ўлиб кетасан...» Кутилмаганда ўртоқ Чирскин товуш бериб қолди. Хаёлим қочиб, ўйдан тўхтадим. Деразанинг рафига қўйганим – гугурт қутисини қўлимга олдим. Секин очишим билан ўртоқ Чирскин дийдиёни бошлаб юборди. Типирчилаб-типирчилаб ташқарига интиларди. Буткул қўйиб юбордим. Озодликка чиққан ўртоқ Чирскин узо-о-о-қ чириллади. «Ана энди исмингга муносиб бўлдинг, укам». Ўртоқ Чирскин чигиртка зоти орасида энг ботири, чўнг чидамлиси бўлса керак. У билан дастлабки танишувимиздаёқ буни сезгандим. Бурнимга ҳавочин осишгандан роппа-роса бир ҳафта ўтган куни тушга яқин юрагим роса сиқилганидан, қолаверса, миямга ўтириб қолган эски бир фикр – гўёки очсам, тўйибгина нафас оламан деган ўй билан деразани очдим. Дераза ортидаги темир панжара оралаб келаётган, кўкрагимга теккан енгил эпкиндан, таассуфки, нафас ололмадим. Жиғибийроним чиқиб, таш¬қарига, ҳаёт гуркираётган кўчага нафрат билан қараб турар эдим. Кутилмаганда ердан чиқдими, ойдан тушдими – билмайман, бир нарса қаттиқ келиб қабоғимга урилди. Кўзимдан ўт чақнаб кетди. Жон аччиғида қалтираб қолган қўлим билан ушлаб уни отиб юбордим. Қарасам, полга юзтубан тушган нарса, мана шу, чигиртка экан. Оёқларим билан эзғиламоқчи бўлиб қадам ташлашимни биламан, сабил, жонингдан ўргилай, ўлмаган экан, забт билан учиб яна кўзимни нишонга олди. Бу сафар етиб келмасданоқ уриб туширдим. Кейин у анча вақт, бориб хаскашга ўхшаб кетадиган оёқчасидан ушлаб кўргунимча қимир этмай ётди. Бир оёғидан тутиб, кўтарар эканман, иккинчиси билан роса қўлимни тирнаб қаршилик кўрсатди. Бундай жасоратини кўргач, ҳар қандай жаллод ҳам унинг жиноятини кечириб юборса керак, деб ўйладим худди ўзимни мисол қилгандай. Юрагингга балли, жонивор. Мабодо юрагинг иккита эмасми? Қабоғимдаги оғриқ жонимдан ўтавергач, чигирткани барибир ўлдиргим келди. Кейин... ўйланиб қолдим. Куни билан сония санайман, нафас етишмайди. Гаплашадиган одам ҳам йўқ, эрмак ҳам. Боз устига, бундоқ ўйласам, «чигиртка ҳамласи» дамларида ҳаво, нафас олиш ҳақида ўйламаётган эканман. Ана энди каллам ишлаб кетди. Эрмак топилганидан беҳад суюндим... «Энди менга ҳамроҳ ҳам ўзинг, ҳамхона ҳам ўзинг, биродар ҳам ўзинг». Ҳамроҳимга ном топиш учун уч кунимни сарфладим. (Дўстинг учун уч кунлик умр нима деган гап? Ҳозир борлиғимни шунга бағишлашим ҳам мумкин-ку, ахир?) Эҳ-ҳе, қанча буюк инсонларнинг, ҳатто қариндош-уруғларимнинг, энг яқин дўстларимнинг номини унга қўймоқчи бўлдим. Исм¬ларни бир-бир эслар эканман, э-э, нимасини айтай, арзимади... Ҳамроҳ бўлгандан кейин улуғвор, забардаст исм топишим керак. У шунга муносиб. Чирскин деган номда тўхтадим. Луғавий маъноси луғатда йўқ бўлиши мумкин. Майли-да. Чигирткалар ичра ноёб чигиртканинг исми ҳам оригинал бўлиши керак эмасми, ахир? Унга эҳтиром белгиси сифатида «ўртоқ» нисбасини ўйлаб топганимдан сўнггина кўнглим жойига тушди. Дўстимнинг исмини овоз чиқариб, такрорлайман: ўртоқ Чирскин! Ўртоқ Чирскин! Чирскин! Чирскин! Ўртоқ... Ўртоқ... Шу-шу, мен ўртоқ Чирскинга, ўртоқ Чирскин эса менга ўрганиб қолди. Ўта зерикканимда номини айтишим билан гугурт қутиси ичида типирчилаб қолади. Авайлабгина очаман-да, ҳар куни уч мартадан уни озодликка чиқараман. У хонани гир айланиб чиқади. Сўнг дераза рафига қўниб, мен ташлаган нон ушоқларини, овқат қолдиқларини ейишга тушади. Томоша қилиб, ҳузурланаман. Унга нисбатан шунча вақт мана шу хонада туриб сезмаган бир ҳис – меҳрим товланиб кетади... * * * «Ифлослар, ярамаслар! Боламни ўлдиришди... Ёлғизгина болагинамни ўлдиришди... Ер ютгурлар...» * * * «Ўртоқ Чирскин! Мен ўладиганга ўхшайман». «Дунё – орзу-ҳавас уйи, биродар, ўлмайсан. Узоқ яшайсан». «Нималар деяпсан? Мен шунча йил яшасам-да, МУВОЗАНАТларни тушунолмадим, ақлим етмади». «Бурнинг ёпилгач, кўзинг очилмадими?» «Нималар деяпсан, ўртоқ Чирскин? Анави кампирнинг қарғишларини қачонгача деразадан эшитиб ўтираман?» «Сўнгги нафасинггача, биродар...» * * * Ҳар куни эрталаб уйим остонасидан чиқар эканман, погонимга қўндирилган кичик юлдузчаларни силаб қўяман. Атрофдагиларга мағрурона-мағрурона қарайман. «Ҳмм, сен ким-у, мен ким? Ҳаммангнинг тақдиринг қисман бўлса ҳам менинг қўлимда-я. Яшайверларинг жимгина». Бугун ишхонамдаги ҳамкасбларнинг юзида қандайдир безовталик ва ташвиш аломатларини сездим. Сўрасам, аҳвол чатоқ. Бошлиғимиз мен билан гаплашмоқчи, тақдиримни ҳал қилмоқчи эканини айтишди. Тўғри унинг кабинетига йўл олдим. Котиба «кираверинг», деган ишора қилди. Эшикни тақиллатиб, сўнг бош суқдим. Бошлиқ телефонда сўзлашар, кайфияти ҳам анчайин яхши эди. Менга кўзи тушди-ю, авзойи ўзгарди. Кейин ўзим қўнғироқ қиламан, дея гўшакни қўйиб қўйди. Ҳар доим «Фалончиев», деб ҳам сал ҳурмат маъносида, ҳам бир озгина ҳазиллашиб гапирадиган бошлиқ бу сафар бир оғизгина қилиб «Кир!» – деди. Стулга чўкдим. – Хўш, нега топшириқни бажармадинг? – деди у сенсирашга ошкора ўтиб. Жаҳлим чиқса ҳам, унинг авзойидан қўрқдим. Аслида, қилдек айбчам бор эди. Шу боис бошқа такрорланмайди, деб қўя қолдим. – Нима, сенга бу ер катта холангнинг уйими, чўлоқнинг боласи?! – Нима? Чўлоқнинг боласи? Тепа сочим тикка бўлиб кетди. Қалтирай бошладим. Фазабдан кўзимнинг ўти чиқай деди. Титраб кетдим. Ўрнимдан сапчиб туриб тўғри бошлиқнинг олдига бориб, ёқасидан олдим. Энди мен ўзимда эмас эдим. Қайнаб кетган қоним сўзга айланди: – Энағар, ўғри! Иш – иш, уй – уй. Ишимга онамни қўшма, итдан тарқаган! Нима қилаётганим, нега бундай деяётганимни аниқ билмасдим. Қаттиқ жаҳл устида бошлиққа мушт туширдим. Ке¬йин яна, яна... У жонҳолатда столи тагидаги учинчи тугмачани босишга улгурибди. «Тревога» сигнали овози эшитила бошлаганда, бошлиғимиз креслосига бошини суяганича жимиб қолди. Менинг кўзим қонга тўлганди... Ўша куниёқ мени мана шу хонага ташлашди. Топшириққа биноан, бир шарт билан бурнимга ҳавочин тақишди. «Бу аппарат илк бор синовдан ўтаяпти. У ҳар куни бир зайлда пул сарфлайди. Сўнгги чақа қолишидан беш дақиқа аввал сигнал келади. Пул тўланмаса, ҳаво узилади ва сен ўласан. Ўшандай пайтда бошлиқнинг оёғини ялаб, пул сўрамагунингча, бурнингдан ҳавочин олинмайди», дейишди. Нозирдан эшитишимча, зор қақшаб йиғлаган онамга ўғ¬лин¬гиз дом-дараксиз йўқолиб қолди. Қидираяпмиз, топилиб қолар, дейишибди... Онам ишонмаслигини билардим. Ҳавочин билан ўтаётган илк кунларимда онамга жуда ачиндим, раҳмим келди. Ёлғиз ўзи қандай яшаяпти экан, деб роса сиқилдим. Онам ҳақида ўйлашдан ҳам кўра муҳимроқ, кучлироқ муаммо – нафас олиш масаласига келганда, баъзан ундан хафа бўлардим. Мени шундай характер билан туққани, Ягона куч эса шундай тақдир ато этганидан ҳар иккисидан ҳам ранжир, гоҳ нафратлана бошлардим. Нафратим шу даражага етдики, улар ҳақида бошқа ўйламасликка қарор қилдим... * * * «Ифлослар, ярамаслар! Боламни ўлдиришди... Ёлғизгина болагинамни ўлдиришди... Ер ютгурлар...» Бу таниш овоздан чўчиб ўзимга келдим. Қулоғим ғувилларди. Кўзимга ҳеч нима кўринмади. Мен устида ётган столни ушлаб кўрдим. Ҳеч нима сезмадим. Нафасим сиқиларди. Иситмам чиқаётганга ўхшайди. Ўпкам «шиғ-шиғ» этаётганини эшитдим. Очиқ, лекин ҳеч вақони кўрмаётган кўзларимни тағин юмдим. Қулоқларимга жуда-жуда олислардан таниш саслар келарди. Билмайман, бу даҳшатли овозми ё овознинг шунчаки даҳшатими... Дўстимни чақираман, таниш сас эса унинг овозини эшиттирмайди: «Ўртоқ Чирскин!» «Ифлослар, ярамаслар!..» «Ўртоқ...» «Боламни ўлдиришди...» «...Чирскин!» «Ёлғизгина болагинамни ўлдиришди...» «Қаёқдасан?..» * * * Чироқнинг ёруғи тагига тушмаса-да, атрофини ёритади... Тун ярмидан ошганда, нафасим яна қисилиб, бошим гир айланар, кўнглим айниб, қусгим келар, шу тобда ҳаводан бошқа бутун оламни унутган эдим. Алаҳсий бошладим, беихтиёр ўртоқ Чирскин тунги оромини олаётган гугурт қутисини пайпаслаб топдим. Қўлимга олиб, шивирладим: – Мабодо ўлиб қолсам, сен нима қиласан? Ҳолинг нима кечади? Қулоғим остида ўзимникига ўхшаш товуш келади: «Ўлма, отим: ёз келур, йўнғичқа битур...» Ҳавочинимни юзимга маҳкам босаман... |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Havochun (hikoya) [Jasur Kengboyev] 518 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62384 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21568 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |