14-бомба (ҳикоя) [Jek Ritchi] |
Каттагина тўртбурчак қути юкларни қабул қилиш бўлими олдидаги бўм-бўш жойда турарди. Бу кейинги олти йилдаги ўн тўртинчи қути бўлиб, бизнинг вазифамиз жабрланувчилар бўлмаслигига эришиш эди. Биз Пит билан биргаликда арқоннинг нариги тарафида турган оломонни кузатардик. Бизнинг асосий ишимиз тўпланганлар ичидан лабини тез-тез ялаб қўяётган одамни топиш эди. -Ҳар сафар шунақа, текин томоша ишқибозлари тўпланиб олишади,-деди Пит сигарасини чайнаганча. Арқонлар томошаталабларни қутидан қирқ метр масофада ажратиб турарди. Махсус гуруҳ бетон зиналарга тахта ётқизди ва сапёрлар жойлашган машина вокзал биноси ичига кириб келди. Машина қутидан беш метрча нарида тўхтади ва О'Браен билан Хейстингз унинг ичидан сакраб тушишди. Пит сигарасини эзғилади. -Асосийси бошланяпти,-деди у ва сапёрлар томон қадам ташлади. О'Браен илжайди: -Камераларни тўғрилашяпти. Мен ўнг томондан жуда чиройли кўринаман. Пит унинг ҳимоя кийимини кийишига ёрдамлашди. О'Браен қути томон юрди. -Тўхта!-қичқирдим мен.-Агар қарши бўлмасанг, Пит иккимиз сал нарироққа бориб олардик. Биз мармар устунлар орқасига ўтиб олдик. Политсиячилардан бири бизга яқинлашди ва аста пичирлади: -Қора курткали анави йигит, қандолат дўкони олдида турган. Қасам ичаманки, ўтган ҳафтада уни кутубхона олдидаги оломон ичида ҳам кўргандим. Биз уни нигоҳларимиз билан излаб топдик. Бўйи унчалик баланд бўлмаган йигит. Унинг кўзлари машинага тикилганди. Пит юришга шайланди, бироқ уни тўхтатдим: -У ҳеч қаерга кетмайди. О'Браен ва Хейстингз машина ичидан учига пўлат саватча ўрнатилган узун таёқ олишди. О'Браен қути устига энгашганида ҳамма нафасини ичига ютди. У қутини эҳтиёткорлик билан кўтарди. Даҳшатли портлаш овози вокзал биноси ичида акс-садо берди. Мен Питнинг сўкинганини эшитдим ва устун орқасидан чиқдим. О'Браен ва Хейстингз худди қўғирчоқлардек мармар полда букилганча ётишарди. Мен оломон орасида турган ҳалиги йигит томон ташландим. У қўлидан тутганимдагина мени сезди. У ўз хаёли билан банд эди. У полда ётганларга илжайганча қараб турарди. Капитан стол устида турган кулдонни бир неча марта у ёқдан-бу ёққа сурди ва бизга нигоҳ ташлади. -Хейстингз ўша ернинг ўзида ҳалок бўлган, О'Браеннинг ҳаёти қил устида, агар тирик қолса ҳам бир умрга ногирон бўлиб қолади. У столдан баённомани олди: «Гумондорнинг исми Ирвин Жеймс Стюарт, 98-кўча, 1368-уй». Уни сизлар қўлга олганингиз учун ўзларингиз шуғулланасизлар. Уилсон бўйнини ишқади. -Стюарт ўттиз олти ёшда, бўйдоқ, онаси билан яшайди. Онаси бизни ваҳшийлар деб ҳисоблаяпти. Унинг ўғилчаси умрида ёмон иш қилмаган. У жуда яхши бола, онасини ҳар байрамда табриклар экан. У қоғозларни титкилай бошлади ва кераклисини топди: -Биз Стюартнинг уйини тинтув қилдик - тўрт дона қўрғошин тсилиндр, ўнта детонатор, уч дона соат механизми ва кичикроқ бочкада порох топилди. Уилсон ўрнидан турди ва хона бўйлаб юра бошлади: -Биз яна кўплаб газета қийқимларини топдик: уларда дастлабки бомбадан бошлаб барча хабарлар ёзилган экан. Кечаги воқеада уч киши бомбадан жароҳатланган, беш киши талотўпда лат еган. Мен сигарет туташтирдим. -Қутини у ерга қандай қўйганини кимдир кўрган бўлиши керак-ку, ахир. Уилсон елкасини қисди: -Вокзал биноси орқали кунига беш мингдан ортиқ киши ўтади. Стюарт айнан мана шуни ҳисобга олган. -У оғир хўрсинди.-Бизда етти нафар гувоҳ ва еттита кўрсатма бор. Улардан беш нафари қутини эркак киши қўйганлигини ва икки нафари аёл киши қўйганлигини айтишган. Пит бир лаҳза ўйланиб қолди. -Улар Стюартни кўришдими? Уилсон кулиб юборди. -Учтаси уни таниди, улар орасида аёл киши эди деб кўрсатма берган гувоҳ ҳам бор. Ҳар қандай тажрибали адвокат уларнинг кўрсатмаларини чиппакка чиқариши мумкин. У бизга қаради. -Айбига иқрор қилдириш - бизга шу керак. Пит иккимиз ўрнимиздан турдик, йўлакка чиқдик ва 618-хонага кирдик. Эшик олдида Пит бирпасга тўхтади: -Фред, сен ўзингни кўнгилчан, меҳрибон терговчидек тутишда давом эт. Менга эса ёмон бўлиш қулайроқ. Стюарт иссиқлик тизими қувурига кишанлаб қўйилганди. Соқчи ундан кўзини узмасди. Пит Стюартнинг олдига келди ва илжайди: -Бу ерда сенга ҳамма илиқ муносабатда бўляпти, мен бу хатони тўғриламоқчиман. Мен Стюартдан кишанни ечдим. -Билакларингизни ишқалаб юборинг, жаноб Стюарт. Анча енгил тортасиз.-Сўнг унинг елкасига қўлимни қўйдим.-Марҳамат, ўтиринг. Бир неча соатдан бери тик туриб чарчагандирсиз. Стюарт стулга ўзини ташлади ва Пит шу заҳоти унинг устига энгашиб масхараомуз оҳангда сўз қотди: -Хўш, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз, жаноби олийлари? Стюартнинг лаблари титради, у юзини ўгирди. -Жаноб Стюарт, - дедим мен, - биз сиздан фақат битта нарсани - саволларимизга аниқ жавоб беришингизни истаймиз. Бомбани қўйганингиздан сўнг қанча вақт ўтгач қўнғироқ қиласиз? Стюарт бош чайқади: -Мен бомбалар ҳақида ҳеч нарса билмайман. Пит бармоқларини қирсиллатди: -Қани, айт-чи, ертўлангда топилган порохларни нима қилмоқчи эдинг? Яна анави тсилиндрлар, детонаторлар, соатларни ҳам. Стюартнинг ранги бўзарди: -Онамнинг уйини тинтув қилишга ҳаққингиз йўқ эди. Умуман, уйимни тинтув қилишга ҳақларинг йўқ. Пит сигарет тутунини унинг юзига пуфлади ва илжайди. Эшик очилиб, ичкарига капитан Уилсон кирди. У Стюартга бир оз қараб турди, кейин бизга юзланди: — Ҳозиргина О'Браеннинг жони узилибди. Пит Стюартни яна қувурга кишанлади ва биз ташқарига чиқдик. — Эёлин касалхонадами? - сўради у. Уилсон бош чайқади: -Унинг у ерда қиладиган иши йўқ эди. Мен бир соат илгари уйига жўнатиб юборгандим. Менимча, бу қайғули хабарни унга сизлар етказишингизга тўғри келади. У бизни лифтгача кузатиб қўйди: -Лабораториядаги йигитлар барча портлашларни таққослаб кўришди. Бу сафар бомба анча қувватлироқ бўлган. Уларнинг ҳисоблашларича, камида учта тсилиндрдан фойдаланилган. -Ҳа, Стюарт портлашларда қурбонлар бўлмаётганидан зериккан кўринади,-минғирлади Пит. Уилсон лифт тугмасини босди: -Яна бир нарса, таймерли механизмдан фойдаланилмаган. Бомба қути кўтарилганда портлайдиган қилиб ўрнатилган. Эёлин О'Браен эшикни очди. Унинг кўриниши хотиржам эди. У бизга диққат билан разм солди, сўнг аста сўради: -Ҳаммаси тугадими? Жерри ўлдими? Мен бош силкидим. У тескари ўгирилди ва уйга кириб кетди. Биз унинг ортидан кирдик ва унинг дераза олдида миқ этмай туришини кузатиб турдик. Сўнг Пит йўталиб қўйди ва сўз қотди: -Балки кетармиз, Фред? Эёлин ўгирилди: -Йўқ, айни дамда ёлғиз қолишни истамайман. Ёнимда кимдир бўлгани яхши. Биламан, сизларга ҳам осонмас. Сизлар Жеррининг энг қадрдон дўстлари эдингизлар. Пит шляпасини ғижимлади. -Биз буни қилган йигитни ушладик. Эёлин стол устида турган кумуш портсигарга эгилди. -У иқрор бўлдими? -Иқрор бўлади,-дедим мен,-бунга эришамиз. Эёлин диванга ўтирди: -Қанақа одам экан? Мен елкамни қисдим. -Қаердан билай? Мен психиатр эмасман. -Тентак,-деди Пит,-ўзини кўрсатишни, бутун шаҳар у ҳақида гапиришини истайдиган тентак. Эёлин бир оз жим қолди, сўнг деди: -Пит, коктейл тайёрламайсанми? Жудаям ичгим келяпти. Пит ошхонага чиқиб кетди. -Биз керакли одамни ушладик, Эёлин, -дедим мен паст овозда,-унинг иқрор бўлиши учун ҳамма нарса етарли. У жилмайди: -Омадингиз келибди-да? -Ҳа. Пит коктейл кўтариб кирди, ўзига эса пиво очди. -Музлаткичда пиво йўқ экан, мен ертўлага тушиб, ўша ердан олдим. Майлими, Эёлин? Жерри пивони музлаткичдамас ертўлада сақлаши ҳақида айтганди. Жерри ўз ишини жудаям яхши кўрган экан. Бомбалар билан ишлашни назарда тутяпман. Эёлин унга қаради: -Ҳа, шунақа. -Пиво олаётганимда эътибор бердим. Ертўла устахонага ўхшаркан. У уйда ҳам бомбалар устида бош қотирармиди? Уйингиз портлаб кетишидан қўрқмасмидинг? Эёлин бош чайқади: -У уйга ҳеч қачон динамит ёки порох олиб келмаган. Шунчаки механизмларни ўрганарди, холос. Биз Пит билан яна ярим соатча ўтирдик, кейин хайрлашдик. Пит машина рулига ўтирди ва калитни буради: -Улар турмуш қуришганига неча йил бўлувди, Фред? -Икки йил, -дедим мен,-ўзинг ҳам яхши биласан-ку. У бош ирғади: -Биласанми, баъзилар кўча хандон, уй зиндон бўлишади. -Уларнинг муносабатлари яхши эди,-жавоб қайтардим мен,-акс ҳолда улар бемалол ажрашишлари мумкин эди. Пит машинани Саккизинчи авеню томон бурди: -Ертўла турли қурилмаларга тўла экан.-У светофорда тўхтади.-Бу даҳшат, Фред. Аммо О'Браен эҳтиёткор эди. Бир куни у ҳаёти ўн беш минг долларга суғурта қилинганини айтганди. -Яхшиси, Стюарт адвокат билан учрашмасидан олдин унинг олдига борайлик,-дедим мен. Стюартнинг ўйлаш учун анча вақти бор эди. Аммо афтидан у ҳеч нарсани ўйламаганди. Пит иккимиз хонага кирганимизда у сакраб тушди. Пит курткасини ечди ва стул суянчиғига ташлади: -Мана мен, Стюарт, мени ўйлаётувдингми? Стюарт кескин бош чайқади: -Айтдим-ку, бомбалар ҳақида ҳеч нарса билмайман. Пит Стюартнинг устига энгашди: -Олдин бундай қилиш қўлингдан келмаганди. Мана энди уддаладинг. Газеталарда сен ҳақингда ҳамма ўқийди энди. Стюартнинг кўзлари чақнади. -Жаноб Стюарт,-дедим мен, -иқрор бўлсангиз бўлди. Сўнгра истасангиз мухбирлар билан гаплашишингиз мумкин. Суратингиз ҳафталаб газеталарнинг биринчи саҳифасидан тушмаслигига ишончим комил. У лабларини ялади. -Йўқ,-деди у ниҳоят,-айтадиган гапим йўқ. -Жаноб Стюарт, -сабр билан давом этдим мен, - биз сизни шунчаки ушлаганимиз йўқ. Илгари ҳам кузатувимизда эдингиз. Масалан, ўтган ҳафтада, кутубхонада. Пит унинг елкасига енгил уриб қўйди: -Бу сафар сен политсиячилар умрига зомин бўлдинг. Агар тан олмасанг калланг билан зина санашга мажбур қиламан. -Жаноб Стюарт, - дедим мен, - биз сизни суд қилмоқчи эмасмиз. Балки сизнинг терговга эътирозларингиз бордир? У эндигина оғиз жуфтлаганди, Пит гапириб юборди. -Биласанми, сени нима кутяпти, Стюарт? Қотилларни нима қилишларини биласанми? Стюартнинг ранги оқариб кетди. Мен Питга қараб қовоғимни уйдим. -Жаноб Стюарт, - дедим мен, - сизни электр стулга ўтқизишмайди. Сизнинг руҳий аҳволингиз чатоқ, буни қонун ҳисобга олади. Бир неча йил клиникада даволанасиз, холос. Биз Стюартга ўйлаш учун бир дақиқа бердик, лекин у қайсарлик билан бош чайқади. -Йўқ, ҳеч нарса айтмайман. Пит Стюартга яқинлашди ва ёқасидан бўғиб мушт туширди. Унинг иш услуби шунақа эди. -Пит, - дедим мен, -бундай қилишга ҳаққимиз йўқ. Пит кафтини ишқалади: -Фред, бор, қаҳва ичиб кел. Ўн беш дақиқадан кейин кирасан. -Йўқ, Пит, -бош чайқадим мен Стюартга диққат билан қарарканман. -Сиз барча газета хабарларини тўплаган экансиз. Бомба сизнинг севимли буюмингиз эканлиги кўриниб турибди. Пит илжайди: -Коллектсиянг тўлиши учун биргина нарса етишмаяпти - сенинг суратинг, Стюарт. -Сизга қойил қолиш керак, Стюарт, - дедим мен, -қандай қилиб шунча йил давомида тутқич бермай юрдингиз? Унинг юзида қониқиш ифодаси пайдо бўлгандек кўринди. -Гувоҳларимиз кўплигини билсангиз ҳайрон қоласиз,-давом этдим,-пастда ўз фотосурати газетада чоп этилишини сабрсизлик билан кутаётган учта гувоҳ ўтирибди. Бу сафар унинг қиёфаси норози тусга кирди. -Ана шунақа, жаноб Стюарт, - дедим юмшоқлик билан, - бунинг устига, доим ёнингизда бўлишга вақтим йўқ. Сиз қачондир Пит билан юзма-юз қоласиз. У эса ўз услуби билан сизни барибир гапиртиради. Мен эса сиз иқрор бўлмагунингизча сизга ёрдам беролмайман. Мен сигарет туташтирдим ва Стюартга ўйлаш учун имкон бердим. У нимани ўйлаётгани аниқ эди: у бошқа биров машҳур бўлишидан ва Пит билан ёлғиз қолишдан қўрқаётганди Стюарт кафтини шимига ишқалади ва полга тикилди. Сўнг чуқур нафас чиқарди: -Яхши, ҳаммасини айтаман. Пит маъюс жилмайди: -Мен кўпроқ охирги бомба ҳақида эшитишни истардим. Стюартнинг юзида ғазаб ифодаси пайдо бўлди: -Сиз бу ерда экансиз, бир оғиз ҳам гапирмайман. -У менга ишора қилди:-Фақат бу кишига айтаман. Пит менга қаради ва елкасини қисди. У ташқарига чиқди ва ўрнига стенографиячини киритди. Стюарт ўн учинчи портлаш ҳақида айтиб бўлган пайтда мен янги сигаретни тутатаётгандим. -Охирги, ўн тўртинчи бомба ҳақида, - дедим мен.-Битта тсилиндр ўрнига учтасини ишлатишга сизни нима мажбур қилди? Олдинги бомбаларнинг таъсири сизни қониқтирмадими? У менга айёрона боқди: -Ҳа, худди шунақа. Мен бурнимдан тутун чиқардим: -Бу сафар сиз таймер ўрнатмагансиз, балки қутини кўтарганда портлайдиган қилгансиз. Буни қандай изоҳлайсиз? У қовоғини уйди: -Шундай қилсам таъсирлироқ бўлади дедим. Стенографиячи тергов жараёни матни туширилган қоғозни узатди. Стюарт матнни эътибор билан ўқиб чиқди ва барча нусхаларга имзо қўйди. Шундан сўнг биз ёлғиз қолдик. Мен дераза олдига бордим, уни очдим ва тоза ҳаводан тўйиб нафас олиш учун бошимни чиқардим. Стюарт ёнимга келди: -Айтайлик, мен сизни алдадим. Шундай бўлиши мумкинми? -Ҳа, мумкин. -Иккита политсиячи ўлдирилган,-деди у,-менинг суратим барча газеталарнинг биринчи саҳифасида чиқиши шарт. Мен бош силкидим. Унинг юзида айёрона табассум пайдо бўлди: -Охирги портлашни мен уюштирмаганман, десам-чи? Олдингиларини тан олиб, бунисини тан олмасам-чи? Суратим барибир барча газеталарда чиқармиди? Мен кўчага ишора қилдим: -Жин урсин! Буни қаранг! У деразадан эгилиб пастга қаради ва кўзи олайди. Бу бир лаҳзалик иш эди. У чинқирганча ерга қулади. Пит курсига ўтирди ва қаҳвага буюртма берди. -Ҳар куни қандайдир янги нарсани биласан. Мен у ўзини пастга ташламайди деб ўйлардим. Мен елкамни қисдим: -Энди у ҳақда ўйламасак ҳам бўлади. У ҳаммасини тан олди. -Биласанми, Фред, шу охирги портлаш ҳақида жуда кўп ўйлаяпман. Мана шу портлаш бўйича ўзим мустақил иш олиб бормоқчиман. -Вақтингни зое кеткизасан, Пит. -Кетса, менинг вақтим кетади, Фред. Стюарт айбсиз демоқчимасман, унинг айбдорлигига далиллар жудаям кўп. Фақат, барчасига у айбдор эмаслигини ҳис қиляпман. У эснаганча соатга қаради: -Уйга бориш керак. Уйдагиларга икки соатларда бораман, дегандим. Соат ўнда уйимда маза қилиб ухлаётган бўламан. Эёлиннинг олдига келганимда соат тўққиз бўлганди. Унинг овозида сабрсизлик сезилди: -Хўш, қалай? -У иқрор бўлди,-дедим мен,-ўн тўртта портлашнинг барчасига. Эёлин жилмайди: -Сен жуда ишонарли гапирган бўлсанг керак-да. -Стюарт иқрорномага имзо қўйгач, ўзини пастга ташлади. Бунга фақат мен гувоҳ бўлдим. Эёлин қовоғини солди: -Балки ҳали ҳаммаси тугамагандир. Пит ҳам бор. У ҳамма нарсага бурнини тиқиши менга ёқмаяпти. У текшириши мумкин. Мен уни қучдим: -Ташвишланма, азизам. Биз бир-биримизга тикилдик. -Ростданми? -Мен яна битта қути тайёрлаб қўйганман ва Пит йўқлигида унинг уйига қўйиб келганман. Уйидаги телефон жиринглаши билан Питдан асар ҳам қолмайди.Соат ўн бирларда Питнинг уйига қўнғироқ қилдим. Ҳар эҳтимолга қарши. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62384 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21568 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |