Одам ўғрилари (ҳикоя) [Jek Ritchi]

Одам ўғрилари (ҳикоя) [Jek Ritchi]
Одам ўғрилари (ҳикоя) [Jek Ritchi]
Адам Карлсоннинг қулоғига итнинг ҳуриган овози базўр чалинди, орадан ўн беш сония ўтиб эса учиб ўтаётган самолётнинг товуши келди. Двигателлар товуши бирдан баландлаб, сўнг эшитилмай қолди. Самолёт шундоққина уй устидан учиб ўтганди.
У соатга қаради: тунги иккию ўттиз икки.
Адам каравотга ўтирди ва хонани яна бир марта диққат билан кўздан кечириб чиқди. Уч яримга тўрт метрли хона. Биронта ҳам деразаси йўқ. Девор, пол ва шифти мустаҳкам бетондан. Қалин эшикли. Ташқаридан келган овоз деярли эшитилмайди.
У қанча вақтдан бери бу ерда? Худди бир неча кундек туюлса-да, аслида, бу ерга келганига саккиз соатча бўлди. Ҳаммаси кеча кечки пайт содир бўлди. Бунинг охири қандай тугайди?

* * *
Адам машинани гаражга қўйди ва узун йўлак бўйлаб уйига йўл олди. Бирдан қоронғилик қаъридан юзига фақат кўзларигина кўриниб турувчи ниқоб кийган, қўлларига тўппонча ушлаган иккита кимса пайдо бўлди.
У чўчиб кетди, лекин ваҳимага тушмади. Қўлларини кўтарди ва «Пулларимни олинглар, ҳужжатларимга тегмасанглар бўлди», деди. У айни пайтда агар ҳужжатларини олиб кетишса, уларни қайта тиклаш машмашаси ҳақида ўйлаётганди.
Лекин босқинчиларни пул ҳам, ҳужжат ҳам қизиқтирмади. Бўйи баланд эркак тўппончаси билан унга юришга имо қилди. Улар орқага қайтишди, дарвозадан кўчага чиқишди ва йўл четида турган машинага ўтиришди.
Адамнинг кўзи ва қўл-оёқларини боғлашиб, орқа ўриндиққа ётқизишди. Аввалига у ҳаракат йўналишини аниқлашга уриниб кўрди, бироқ машина шунчалик кўп бурилишлардан ўтдики, у ҳисобдан адашиб кетди.
Тахминан бир соатча юргач, автомобил тўхтади. Адамнинг оёқларини ечишди.
Кўзлари боғлиқ ҳолда қаергадир етаклаб боришди. Эшикнинг очилгани эшитилди. Зиналардан пастга тушиб, уни мана шу хонага олиб киришди. Унинг қўлларини арқондан бўшатишиб, кўзига боғланган матони олишганида кўзлари чироқ ёруғидан қамашиб кетди. Хонада битта каравот, стол-стулдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Стол устида бир варақ қоғоз ва ручка турарди.
Баланд бўйли эркак сўз қотди.
-Ўтир,-буюрди у.-Хотинингга хат ёз. Бизга икки юз минг доллар керак.
Адам кўзларини пирпиратди.
-Икки юз минг?
-Худди шундай. Энди билгандирсиз, нима учун бу ерга олиб келганимизни,-деди баланд бўйли киноя билан.
Адам қуриб қолган лабларини ялади.
-Хотиним ўтган ҳафтада онаси билан Европага кетган.
Ниқоблилар бир-бирларига қарашди. Баланд бўйли эркак тўппончасини ўқталди.
-Бизга икки юз минг керак. Ким орқали беришингизнинг фарқи йўқ.
Адам стулга ўтирди.
-Пулни фақат Гаролд Баннистер орқали олиш мумкин. У менинг адвокатим ва маслаҳатчим.
Яна у томон тўппонча ўқталди.
-Ручкани ол. Мен айтганимни ёз.
Адам бундай деб ёзди:
«Ҳурматли Гаролд!
Менга икки юз минг доллар керак бўлиб қолди.
Пулни нима қилишингизни телефон орқали айтишади.
Политсияга хабар берманг. Агар политсияга мурожаат қилсангиз, мени қайтиб тирик ҳолда кўрмайсиз.
Адам Карлсон».
Дароз эркак матнни ўқиб чиқди ва бош ирғади. Сўнг иккала ниқобли хонани тарк этишди ва эшикни қулфлашди.

* * *
Адам каравотга ётди ва кўзларини юмди. Балки улар пулни олганларидан кейин уни ўлдиришмоқчидир? Агар ўлдириш ниятлари бўлса, у ҳолда ниқобда юришнинг нима кераги бор? Адам мана шу фикрга ёпишиб олди. Улар юзларидаги ниқобни ечмагунларича унинг ҳаёти хавф остида эмас.
Адам эшик қулфининг шиқирлашидан уйғониб кетди. У соатга қаради. Саккиздан ўн беш дақиқа ўтганди. Унинг юраги дукиллаб ура бошлади.
Баланд бўйли эркак патнис кўтариб кирди. Ниқоб ҳали ҳам юзида эди.
-Нонушта,-деди у.
У Адамнинг нонушта қилиб бўлишини кутиб турди, сўнг чўнтагидан мато чиқариб унинг кўзларини боғлади.
-Ишхонангга қўнғироқ қиласан. Котибангга бир ҳафтадан кейин келишингни айтасан. «Сафарга чиқаман» дейсан.
Уни хонадан олиб чиқишди.
-Котибангнинг телефон рақамини айт,-деди дароз.
Адам айтди ва телефонда рақам терилишини эшитиб турди. Гўшакни унга беришди. Котибасининг чақириққа жавоби эшитилди.
-Маж,-деди Адам,-мен бир ҳафта ишга келмайман. Озгина дам оламан, саёҳатга чиқмоқчиман.
-Хўп, сер,-деди котибаси.-Агар зарурият туғилса сиз билан қандай боғланамиз?
-Зарурият туғилмайди,-деди Адам.-Барча ишлар ва учрашувларни бекор қилинг.
Баланд бўйли гўшакни унинг қўлидан тортиб олди.
-Балки яна бирортасига қўнғироқ қилиб қўярсан? Яхшилаб ўйла, бизга политсия ёрдамида сени қидириб юришларининг кераги йўқ.
Адам бирпас ўйлади ва деди:
-Уй хизматчисига.
У рақамни айтди ва баланд бўйли унга гўшакни берди.
-Риган хоним?
-Ҳа,-жавоб берди аёл.-Сизмисиз, жаноб Карлсон?
-Ҳа.
-Қаердасиз? Нонуштага тушмадингиз, хавотирланиб Жеймсга айтдим. У сизни тополмади. Кеча кечқурун келган экансиз, чунки ҳамма машиналар гаражда турибди.
-Ҳа, келгандим. Тонг саҳарда танишим келганди. Ўша билан чиқиб кетганман. Риган хоним, мен бир ҳафтача уйда бўлмайман. Дам олишга кетаман.
-Яхши. Кеча хотинингиздан хат келганди. Стол устига қўйгандим, кўрмабсиз.
-Ҳа, эътибор бермабман.
Баланд бўйли уни яна хонага қайтариб олиб кирди ва кўзини ечди. Кечки пайт Адамга дарознинг шериги овқат олиб кирди.
«Афтидан, улар эшик олдида навбати билан қўриқчилик қилишади: кундузи баланд бўйли, кечқурун бўйи пастроғи», ўйлади Адам ва сўради:
-Баннистердан хабар борми?
Паст бўйли инкор маъносида бош чайқади. У Адам овқатланиб бўлишини сабрсизлик билан кутди. Ора-орада эса ўнг қўли бармоқларини қисирлатиб қўйди.
Эрталаб дароз Адамга нонушта олиб кирди.
-Пулни олдингизларми?
Баланд бўйли бош чайқади.
-Йўқ. Баннистерга пайшанбагача муҳлат бердик.

* * *
Соатлар, кун ва тунлар имиллаб ўтарди. Пайшанба куни кечқурун баланд бўйли эркак хонага кирди ва жаҳл билан деди:
-Баннистер ишни чўзяпти.-У чўнтагидан мато чиқарди.-Унга айт, эртага ўн иккигача пулни тайёрласин, акс ҳолда кеч бўлади. Тушундингми?
Адамнинг пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди.
-Ҳа, тушундим.
Адам Баннистерга қўнғироқ қилди:
-Гаролд, нимага пулни тайёрламадингиз?
-Адам,-деди Баннистер,-бу сизми?
-Ҳа.
-Тузукмисиз?
-Ҳа,-жавоб қайтарди Адам.-Улар ишни чўзаётганингизни айтишди.
Баннистер дарров жавоб қайтармади.
-Йўқ, Адам. Бунча пулни топиш учун вақт керак. Бундан ташқари, сизга қарашли «Олтилайн Кемиклз» фирмасининг актсиялари нархи бугунги курс билан бор-йўғи йигирма саккиз ярим долларга баҳоланяпти. «Душанбагача нархи кўтарилиб қолармикин» деб ўйлагандим.
-Актсияларни зудлик билан сотинг,-деди Адам қатъий.
Баннистер хўрсинди.
-Хўп, Адам. «Шор Апартмент» фирмангизнинг актсияларига эса Рожерс атиги етмиш беш минг бермоқчи.
-Майли.-Адам гўшакни маҳкам қисди.-Гаролд, эртага ўн иккига пулни етказиб келиш керак. Акс ҳолда кеч бўлади.
Баннистер бир неча сония жим қолди.
-Тушунарли, Адам. Пулни албатта топаман. Менга ишонаверинг.

* * *
Эртасига кундузги соат бирда баланд бўйли тушлик олиб кирганида Адам сўради:
-Баннистер пул топибдими?
Баланд бўйли минғирлади:
-Унга қўнғироқ қилдик, топганини айтди. Кечқурун пулни олсак биламиз аниғини.-У стол устига патнисни қўйди.-Ҳаммаси яхши бўлишини Худодан сўраб тур.

* * *
Кечқурун Адам эшик қулфининг шиқирлаганини эшитди. Унинг юраги қинидан чиқиб кетгудек ура бошлади. Хонага дароз билан пастак бўйли одатдагидек ниқобда кириб келишди.
Ўн дақиқадан сўнг Адам кўзи ва оёқ-қўллари боғлиқ ҳолда машина ичида ётарди. Улар жуда узоқ йўл юришди. Ниҳоят машина тўхтади, уни йўл четидаги ўтлоққа туширишди.
Адам энди нима бўлишини қўрқув билан кутарди. Бир оздан сўнг у машинанинг кетаётганини эшитди.
Бир неча дақиқа ётгач, у тушовдан қутулишга уринди. Арқон ва матони ечгач, атрофга аланглади. Ой ёруғида нарироқда уй борлигини кўрди. У ёрдам сўраш учун уй томонга йўл олди.

* * *
Тунги иккиларга яқин политсия Адамни сўроқ қилишни тугатди ва кетишига ижозат берди. Ташқарида уни Гаролд Баннистер кутиб турарди.
Баннистер кўринишидан жудаям ҳолдан тойганди.
-Политсия мени қийнаб юборди. Сизни ўғирлаб кетишганини билганим заҳоти уларга хабар беришим керак экан.
Улар Баннистернинг машинасига ўтиришди. Адам кўзларини ишқалади. У жудаям чарчаган, аммо қаттиқ ҳаяжонланганидан уйқуси келмасди.
-Бирор нарса ичгим келяпти.
Баннистер машинани юргизди.
-Ҳаммаёқ ёпилган, уйимга борамиз.
Йигирма дақиқадан кейин Адам Баннистернинг уйида ўтирарди. Баннистер ичимликлар турадиган жавон олдига борди.
-Менга қўнғироқ қилган одам шевасидан худди Ўрта ғарбликдек туюлди. Шеригининг шевасини билмадингизми?
-Билмадим,-деди Адам.-У умуман гапирмади.
Шу пайт Адамнинг қулоғига итнинг ҳуригани эшитилди.
Яқинлашиб келаётган самолётнинг овозини эшитгач эса, қотиб қолди. Самолёт шундайгина уй устидан учиб ўтиб кетди.
Адам соатга қаради. Тунги иккидан ўттиз икки дақиқа ўтганди.
Унинг кўзлари чаноғидан чиқиб кетай деди. Итнинг ҳуриши ва самолётнинг овозини у ўтган душанбадан бошлаб ҳар тун худди шу вақтда эшитиб келганди.
Баннистер жавоннинг ичидаги шишаларни кўздан кечираётганди.
-Вермут қаёққа ғойиб бўлдийкин?-У шундай деб ўнг қўли бармоқларини қисирлатиб қўйди.-Мана!-Баннистер шишани олди ва Адамга ўгирилди.-Политсия сизни ўғирлаб кетганларни топишига умид қиламан.
Адам полга тикилди ва унга пастда ертўла бордек туюлди. Сўнг пастак бўйли адвокатига қаради.

-Ҳа,-деди у жилмайиб,-менимча политсия уларни албатта топади.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика