Шимолликлар ва жанубликлар (романдан парча) [Li Xo Chul] |
Ли Хо Чул («Lee Ho Chul») 1932 йили ҳозирги Шимолий Кореянинг Веонсан шаҳрида дунёга келди. Ҳибсга олингунига қадар Корея жангида, Шимолий Корея Армиясида хизмат қилди. 1950 йилда сув йўли орқали жанубга йўл олди ва 50-йилларнинг ўрталарига қадар Қўшма Штатлар Армияси заҳирасида соқчи бўлиб ишлай бошлади. У 1955 йили «Уйдан йироқда» номли кичик ҳикояси билан адабиёт майдонига кириб келди. Мазкур асар ёзувчининг ҳақиқий бадиий истеъдод эгаси эканлигини исботлаб берди ва китобхонларда катта таассурот қолдирди. Ли Хо Чул Кореа Республикаси Миллий Маданият Академиясининг аъзоси, бир қанча мукофотлар совриндори. У энг нуфузли «Замонавий адабиёт» («Панмунжон» асари учун) «Донгин» («Ҳорғинлик» асари учун) мукофотлари совриндори. Ли Хо Чул қарийб 50 йилдан бери яқинларидан йироқда, Жанубий Кореяда яшаб келмоқда. Ёзувчининг «Шимолликлар ва жанубликлар» деб номланган машҳур романи унинг бошидан кечирган оғир ўтмиши, изтироблари, Шимол ва жануб ўртасидаги зиддиятлар, шунингдек умумбашарий муаммолар ҳақида ҳикоя қилади. Роман бир неча тилларга таржима қилинган. 1947 йилнинг баҳори эди. Пак Чонўк мамлакатда бошланган либераллаштиришдан олдин кемасозлар билан ишлаб, кейинги бир-икки йил давомида ишлари ўнгидан кела бошлаганди. У ўқишга бўлган қизиқиши, тиришқоқлигига ишонгани учун ўзининг махсус жомадончасини кўтариб, шаҳар меҳнат биржаси ҳомийлигида мактабимизга «янги бола» бўлиб кириб келди. Бошдан оёғигача кийиб олган қора мактаб кийими анча жулдур, йиртиқларидан осилиб турган ип бўлакчалари бу кўринишни янада ғариброқ кўрсатар, худди кимдир бошига газетани яхшилаб ўраб ундан қолганини қирқиб ташлагандек. Қоп-қора, ҳурпайган сочларининг кирлигига қараб, уни яқин орада ювмаганини билиш қийин эмас, устига устак уларнинг тикка-тикка бўлиб қолгани бир қарашда ҳеч қандай ёқимли таассурот қолдирмаслиги аниқ эди. Унда нафислик ва хушбичимлиликни кўрмоқчи бўлган ҳар қандай киши кўзини қанчалик ишқалаб, очиб- юммасин, бари бефойда эди. Бир кун олдин синф раҳбаримиз кемачилар тарафидан янги бола келишини, уни илиқлик билан кутиб олишимиз лозимлигини уқтириб, акс ҳолда бутун синф олдида кечирим сўраттиришини ва шунга ўхшаш бир қатор жазолар беришини таъкидлаганди. Ўшанда бу бола ҳақида умумий тасаввурга эга бўлсак-да, унинг бу даражада афтодаҳол эканлигини мутлақо кутмаган эдик. Мураббий огоҳлантирмаганида, унинг бу ҳолатидан хандон отиб кулишимиз тайин эди. Раҳбаримизнинг танбеҳига қарамасдан, бир неча орқа ўриндиқдаги болалар Пак Чонўк кириши билан ўзларини тутолмасдан, нафасларини ичларига ютиб қиқирлашди. Мураббий инглиз тилидан дарс берарди. Буржуа даври бўлишига қарамасдан ҳар доим оқ кўйлак билан сариқ рангли тор костюм кийиб, сариқ занжири осилиб турадиган чўнтак соатини олиб юрарди. Аслида бундай кийиниш ўша пайтда шимол шароитига умуман тўгри келмасди. Одамларнинг кийиниш маданияти хусусида тўхталадиган бўлсам, уларнинг ниҳоятда оддий ва соддалигини билсам-да, ўқитувчилар орасида ёшларнинг онги паст ва илмсиз деб қаралганлиги туфайли бу ҳақда гапириш қийин эди. Инглиз тили дарсида, ёзиш машқъулотида доскада гап тузган пайтимиз, «Й» ни эгиб ёзиладиган қисмини қатъийлик билан ёзолмасдан, шошилиб эгиб ёздим-у, охиригача етказа олмадим. Қўрққанимдан дақъ-дақъ титраб, қалтираганимни ҳали ҳам эслайман. Шу сабаб ўқутувчимиз барибир яхши одам эмас, деган тасаввур хаёлимдан кетмайди. Оёғи калта, танасининг тепа қисми миттигина гавдасига мос, қалин лабли Пак Чонўк илк боқишда жуда содда кўринишига қарамасдан, кучли ва бақувват эди. У минбар тепасида тик туриб, икки кўз соққасини тез-тез, таажжуб билан синфнинг у ёғ-бу ёғигача югуртириб, синф ўқутувчимизнинг таништурув сўзини эшитиб бўлгач, навбати келиши биланоқ худди кутиб тургандек «Ўртоқлар, хурсандман, Сон Банг Конг портида яшайман, Пак Чонўк», деб жарангли овозда ўзини таништиришни давом эттирди ва қисқа нутқ сўзлашни бошлади. Синф ўқитувчимиздан тортиб, ўқувчиларгача - ҳаммаси ҳеч нарсага эътибор бермай, шовқин-сурон қилиб, Пак Чонўкни саволларга кўмиб юборди. «Биз нафрат туйғусини ўрганишимиз керак. Ўртоқлар, синфимиз душмандан нафратланмаса, бирор иш ҳам қилолмаймиз. Нафрат туйғусини ўргансакгина, инқилобни амалга оширишимиз мумкин. Бу давлатимиз учун ягона ҳақиқатдир. Бугун сизлар билан илк учрашган мана шу ажойиб даргоҳда мен энг аввало сизларда ана шундай туйғуни уйғотишни хоҳлайман. Сизлардан ҳам шуни кутиб қоламан». -«Жин урсин, бошидаги қўполлигидан асар ҳам қолмади», кўпчилик унинг ўзини тутиши, нутқидан лол бўлиб, ёш боладек уялиб, исмини айтишга ҳам тили айланмай қолганди. Пак Чонўк таъзим қилиб, олдиндан белгилаб берилган жойга бориб ўтирди. Синф ўқитувчимиз ғалати кулиб, хаёли паришон ҳолда мақтовга ўхшаш бир-икки оғиз гапирганда, аллақачон унинг юзи ғазабдан бўзарганди. Хуллас, синфдошларимизнинг кайфияти бузилганлиги боис бир беътайиннинг тўсатдан сингдирмоқчи бўлган «туйғуси» бизга тоғри келмади. Ўша кунлари танаффус бўлиши билан ёши катта, бўйи узун болалар Пак Чонўк томонга яширинча қараб-қараб қўйишар ва ўзларича алланималарни пичирлашишарди: -Ҳа, ҳамма ёмонликларни кўрарканмизда... -Нимасини айтасан, энди бизга бир бало бўлмасайди... -Э, ўзиям ғирт коммунист экан-да! Икки ой ўтар-ўтмас инглиз тили мураббийси ҳеч бир сабабсиз жанубга кетиб қолди. Айтишларича, у кечаси йўлга чиққан, йўл бошловчи ёллаб, тунда 38-параллелдан ўтиб олганмиш. Орадан анча вақт ўтгач, ўқитувчимнинг жанубдаги бир оролда мактаб директори бўлиб ишлаётганидан хабар топдим. Шундан кейин Пак Чонўкнинг мактабимизга келгунга қадар кечирган ҳаёти, туриш турмуши билан қизиқдим. Орадан йиллар ўтиб, 1960 йилнинг ўрталарида жануб томон йўл олган муаллимим Пак Чонўк билан Сеулга келган экан. Мураббий билан учрашганимда ҳар икки-уч гапнинг бирида Пак Чонўк ҳақида берган саволларимга жавоб бериш пайтидаги устознинг кулиб турган юз ифодаси ҳаяжонли эди. Бу табассумнинг сабабларини ўз мушоҳадамдан келиб чиқиб, қуйидагича изоҳлаган бўлардим: ёшлигида Япония университетларидан бирида таҳсил олган муаллим мустақилликка эришганимиздан кейин шимолнинг энг шимолий қисмида яшаб, шаройитга чидолмасдан, жануб сари йўл олганди. Ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида жануб ҳаёти, дилида қолган армон ёхуд тақдирга тан бериш ҳисси акс этмаганмикан бу юз ифодасида?! Афсуски, шундан кейин бу инсон кўп яшамади ва бу дунёни тарк этди. Аслини олганда, мустақилликдан кейинги даврда Пак Чонўк ўз ҳаракатлари, қиладиган ишларига мос исми-шарифининг ҳам қишлоқ аҳлига хослиги, бунинг устига замонавий бўла олмаётгани сабабли бой кўча савдогарларининг ўрта мактабда ўқийдиган ўгиллари орасида ҳар доим кулгига қолиб юрарди. Умумий ҳаммомнинг борлигини ҳам билмаслиги, хитой ошхоналарига ҳатто кириб ҳам кўрмаганлиги, бунинг яна бир исботи эди. Шунга қарамасдан, ҳеч ким уни назардан четда қолдирмасди. Дарсдан кейин бир гуруҳ безори болалар унга уятсиз гаплар айтиб, ҳақорат қилишарди. Айрим ҳолларда эса хунук сўзлар билан масхара қилиб, бемаъни лахжалар билан сийлашарди. Буларнинг таъсирида Пак Чонўк ҳам секин -аста тасаввур ва зеҳнини тиниқлаштириб, нафратини беркитиб ўз талқинидаги табақавий душманларига қарши кураш ўтида ёнарди. У ўқишга қабул қилиниши биланоқ, Минг Чонгнинг бошланғич ташкилоти бошқарувчиси сифатида танилиб, орадан кўп ўтмасдан масъул бошқарувчи мансабига эга бўлди. Шундан сўнг унинг нафратга тўла қалби жазавага туша бошлади. Авваллари писибгина хонага кириб - чиқувчи одамдан бир юмалаб синф лидерига айланди ва бу ўрнини мустаҳкамлай бошлади. Бир оз вақт ўтгач ўқишни йиғиштириб, бизнесга киришиб кетди, натижада ким қўрқоқ, ким қатъиятсиз, ким буржуа қарашларидан қутула олмаган, деган фикрларга барҳам берди. Унинг бу ҳолати жонимизга тегиб, ҳатто қилиқларидан чарчай бошладик. Масалан, ҳар куни дарс тугаб, хайрлашув пайтида ўқитувчи гапини якунлагач, у ўртага чиқиб, уялмасдан «шу куннинг якунловчи сўзи» деб ўттиз-қирқ дақиқа жамоавий ўқиш ҳақида гапирар ва семинар вақтида эса беўхшов товушлар чиқариб бақир-чақир қиларди. Синф мажлисларининг барчасида гўёки у ҳаммадан устундек эди. Мактаб ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтадиган анжуманларда ҳам Пак Чонўк ягона этакчи бўлиб қолди. Мактабда ўтказилган мажлисларда доим биринчи ёки иккинчи ўринда сўзга чиқиб, хотиржам, оҳиста гапирарди. Пак Чонўк ўз синфдошларини қўрқитиб, уларнинг устидан ҳукмронлик қила бошлади ва ҳатто ўқитувчиларнинг аксарияти ундан ҳайиқишгани учун оддий муомила ҳам қила олмай қолдилар. Баъзида назарига бирор киши тушиб қолса, шубҳасиз, уни танқид қилиб, овозининг борича ҳақоратларди. Пак Чонўк мактабимизга келган пайтда синф раҳбари бўлган ўша инглиз тили ўқитувчиси жанубга йўл олганидан бир йилча ўтиб, деярли барча ўқитувчилар унинг изидан ўша томонларга кетиб бўлишганди. Натижада уларнинг ўрнига икки йиллик педагогика институтини тамомлаган янги, ёш ўқитувчилар келишди. Бу ёшлар ўз хоҳиши билан шимолнинг, шунингдек мактабимизнинг янги қоидаларига тезда мослашиб боришарди. Пак Чонўк Минг Чонг бошланғич ташкилотга янги тайинланган, ўқувчи ҳаётига масъул шахс - устоз Че Санг Ҳо билан доим пинҳона сирлашиб турарди. Ҳар доим одмигина жемфер кийиб юрадиган Че Санг Ҳонинг овози ёқимсиз, икки кўзи бежо, нигоҳи қўрқинчли эди. У ўрта мактабни битирган, жуда камбағал деҳқон оиласидан чиққан ёлғиз фарзанд бўлиб, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, анчадан бери кўнглига тугиб қўйган нияти амалга ошиб, Пхенян рус мактабига ўтади. Битирувчиларнинг кўпчилиги зобит сифатида ишга кираётган бир пайтда у армиядан қочиб, юқори ва ўрта мактаб рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлашни лозим топганди. Лекин орадан икки йил ўтиб, қилган ишининг нотўғри эканлигини кеч бўлсада англаб етди. Бу рус мактаби ҳақида гапирадиган бўлсам, унинг жанубдаги инглиз мактабларидан умуман фарқи йўқ, фақатгина номи рус мактаби эди, холос. Мактабнинг мақсади эса, энг зўр махфий агентларни тайёрлашдан иборат бўлган. Че Санг Ҳо онасининг ёлғиз фарзанди эканлиги учун оиласига тиргак бўлишни кўп ўйлар, шунинг учун ҳам армиядан қочиб, ўқитувчи бўлишни истаганди. Икки йил ўтиб, 1950 йилнинг бошида хизматдан қочиб катта хато қилганини тушунганди. Аммо яна аскар бўлиб, йўқотилган вақтни қайтариб бўлмаслигини, ҳаммасини бошқатдан бошлашга энди жуда кеч эканлигини ҳам биларди. Унинг синфдошлари лейтенант ёки капитан бўлишган, унвонлари кундан-кун ошиб борарди. 1950 йил эрта баҳор кунларининг бирида унинг мактабга сочи олинган ҳолатда келганини ҳали-ҳануз унутолмайман. Юз ифодасидан ўтган йили рус тили мактабини битириб, армиядан қочиб, ўқитувчиликни танлагани хато бўлганидан афсусдалигини, иккинчи томондан, ўзининг буржуа ҳолатидан ҳам кўнгли тўлмаётганини билиш қийин эмас эди. Лекин орадан вақт ўтиб, 25 июн воқеаси бошлангач, мамлакат нотинчликка юз тутган паллада, Че Санг Ҳо бирдан маёр бўлиб олди. Бу ўша даврда шимолдаги ҳаёт тарзи, шароит қай аҳволда бўлганлигидан далолат берарди. Шундай қилиб, янги рус тили ўқитувчиси бўлиб мактабимизга келган устоз Че Санг Ҳонинг мактаб ходимлари орасидаги обрўси Пак Чонўкнинг ўқувчилар орасидаги обрўси билан бир хил эди. Унинг жаҳли чиқса икки кўзи доим қизариб, қаттиқ жазавага тушарди. Бир воқеа ҳодисаси шундай бўлган эди: Япониянинг Киёто университетини битириб, мустақилликкача сотсиализм назариётчиси сифатида узоқ-узоқларда ташвиқот олиб борган, озодликдан кейин, профессионал мактабнинг директори бўлиб ишлаган бир киши, мактабимизда директор ўринбосари лавозимида иш бошлади. «Олти тилни билармиш» каби миш-мишлар туфайли ўқувчилар орасида обрўси ошиб кетди. Унинг паст бўйига ўткир нигоҳи мутаносиб, доим бежирим костюм, енгил шляпа кийиб юрадиган, вазмин, ташқи кўриниши билан ҳаммага ўрнак бўладиган олим эди. Лекин янги диреcтор ўринбосари лавозимида бир йил ҳам ишламасдан, мавқеи туширилиб, ишдан бўшатилди ва Чунг Анг партияси нашриётига таржимон этиб тайинланди. Сабаби, бир куни тор юбка, камзул кийиб олган, майхонада ишловчи офитсиант қиз кредит пулини олиш учун директор хонасига кирганида, хонанинг бир бурчагида ҳам ёрдамчи, ҳам «қўриқчи» вазифасини баравар олиб бораётган устоз Че Санг Ҳо кўриб қолади ва ўқитувчилар йиғинида бу воқеъани муҳим ҳодиса деб ҳисоблаб, бош органга етказади, кейин бу ростдан ҳам катта муаммога айланади. Бу воқеага бой одамлар эркинлигининг намунаси деб ҳам тамға босдилар. Бу инсон директор ўринбосари бўлишига қарамасдан, ўз ихтиёри билан адабиётдан дарс беришни истагани, бир куни эса ўқувчилар орасида иқтидорини кўз-кўз қилиш учун немис ва она тилидаги шеърни доскага ёздирганини кўриб, биз у ҳақда энгил табиат ва бир оз мақтанчоқ деб хулоса чиқарган эдик. Директоримиз ишдан бўшаб кетгач, Пенг Канг Гун партиясининг собиқ раиси, баланд бўйли ва очиқ юзли бир киши янги директор бўлиб келди. У фурсат топди дегунча хонасининг бир бурчагида ёрдамчи ва «қўриқчи» васифасини бажараётган ўша ёшгина Че Санг Ҳо билан ҳар бир иш хусусида маслаҳатлашиб оладиган бўлди. Жаҳон классик адабиётини ўқиши лозимлигини уқдиришга қанчалик ҳаракат қилинмасин устоз Че Санг Ҳо барибир адабиётга қизиқа олмади. У бадиий санъатга бўлган қизиқишини бир четга суриб, бутунлай бошқа томонга оғиб бўлганди. Агар ўтиш даврининг ўқувчиси тимсоли сифатида Пак Чонўк тилга олинадиган бўлса, албатта, ўша даврнинг ўқитувчиси тимсолида устоз Че Санг Ҳони кўрсатишимиз мумкин. Бир оғиз сўз билан айтганда, Пак Чонўк синфдошларини қўрқитиб буйруқ берганидек, устоз Че Санг Ҳо ҳам ўқитувчиларни деярли қўрқитиб, ўз амрига бўйсундирарди. Эсимда, ўшанда биринчи синфда ўқирдим. Қайсидир шанба куни ўз одатимга хилоф равишда уйга эрта қайтаётгандим. Тасодифан Пак Чонўкнинг уйи томонга бориб қолдим. Уйимга кетиш йўлида темир йўллар кесишган жой бор эди. Пак Чонўк шу кесишмадан кейинги, битта ҳам дарахт ўсмайдиган, қийшайиб қолган, тошкўприги бор, хароба қишлоқда яшарди. Ҳатто поезддан чиқаётган тутун ҳам бу жойга етганда негадир қуюқлашиб кетарди. Бу қишлоқ асосан қиморбозлар, ўғрилар, эски, ёлғиз майхонада хизмат қиладиган қизлар ва пиёнисталар, хулласи калом, ҳаёти барбод бўлган кишилар яшайдиган бир шарманда макон эди. Томига қора симлар ўралган кулбалар тошкўприк атрофидаги тепаликнинг у ер- бу ерга қурилган бўлиб, бетартиб сочилгандек. Уларга киришинг билан зумда бурнингга бадбўй ҳид уриларди. Ўша куни уйига яқинлашишимиз билан Пак Чонўк мактабдаги фаоллигидан фарқли равишда бирдан гапирмай, жим бўлиб қолди. Қора рангли сумкасидан бир тўп китобни олиб, озгина олдинроқда кетаётган бу болани мен бундай аҳволда ҳеч ҳам кўрмаган эдим ва табиийки, нима бўлаётганини ҳам тушуна олмасдим. Сотсиализмни мақташни унчалик ҳушламайдиган, кўча болаларидан фарқли ўлароқ, катталарга хос ёмон сўзларни ишлатмайдиган Пак Чонўк, назаримда, мен ҳақимда ҳам яхши фикрда эди гўё. Балки, бунинг сабаби мен унинг уйига кетаётганим учун ҳамдир деган ўй ҳам бор эди, менда. Аммо баъзида кўзини бақрайтириб ёвқараш қиладиган бу боланинг ўша кундаги нигоҳи янада қўрқинчлироқ эди. Ўша куни унинг уйигача боргим ҳам келмасди. Пак Чонўк фақат иккимиз бўлишимизга қарамасдан яна одатдаги қилиқларини намойиш қилаётганди. — Шунақа дегин, хўш, Ким Ҳо домланг яна нималар деди? Ёки... — Ҳа, сенинг фикрингга кўра Толстой деганлари шунақа инсон бўлган экан-да?! Ленин фикрларида, ҳатто Улуғ Ватан Уруши дея таъриф берилган даврларда, ҳатто Сталиннинг гапларида ҳам у ҳақида бир неча бор гапирилган экан-да, демак?? Лекин нима учун шундай одам динга, авом учун афюн бўлган динга ишонган?? Унинг бундай саволларига нима деб жавоб беришни билмасдан, бошим қотиб қоларди. Пак Чонўкнинг уйига борганимизда мени ғалати бир ҳис чулғаб олди. Бир қарашдаёқ ночорлиги кўзга ташланиб турарди. Биргина арзигулик манзара шуки, салқин кўча ва денгиз очиқ-ойдин кўз ўнгингизда ястаниб ётарди. Аммо бу манзарани кўрса кўнгил хира бўладиган даражада чанг босган пол бузиб турарди Устига-устак қалин чанг билан қопланган пол юрганингизда ғичирлаб кетарди. Уйнинг бисоти шу ягона хонага қўшни якка ошхонага солинган шолча билан якунланарди. Булардан ташқари уйнинг ҳатто оддийгина бир омборхонаси ҳам йўқ эди. Битта эски қути ва мол терисидан қилинган тоғора турган ш — Ҳа, келдингми?.. Ошхонада қайнатилган иккита картошка бор... Эб ол.... Қари онаизор жудаям заиф, ингичка овозда гапирарди. Отаси ишга чиқиб кетган, укаси эса ҳали мактабдан қайтмаган экан. Пак Чонўк шалоғи чиққан эшикни секингина очиб, ошхонага кирди. Иккита қайнатилган ва совиб қолган картошка солинган оқ идиш билан бир сиқим туз олиб чиқди. Унинг бу ҳолати мактабдаги важоҳатидан бутунлай фарқ қиларди. У содда ва меҳрибон инсон қиёфасига кириб қолганди. Ёш боладай кулиб: — Қани, биттадан олдик. Совиб қолган бўлса ҳам еса бўлади деди-да, битта картошкани менинг олдимга суриб қўйди... Бу воқеадан кейин, мана, деярли ўн йил ўтиб кетган бўлса ҳам ўша куни еган, эзилиб кетган ғалати картошка таъмини ҳалигача унутганим йўқ. Билмайман нега, ўшанда кўзларимда ачиқ ёшни ҳис қилгандим. Шундан сўнг Пак Чонўкнинг мактабда тентираб юришини, ҳар қандай ноодатий қилиқларини тушунгандай бўлардим ва уни кечира олардим. Бинобарин, биз яшаб турган муҳит остида энг асосий ижтимоий турмуш яширинганини ҳам тушуниб этгандим. Пак Чонўк ҳам юқори мактабнинг сўнгги босқичи (3-синфи) ни битириши яқинлашгани сари безовталана бошлади. Олдинда университетга кириш ва Совет Иттифоқига ўқишга бориш турарди. Баҳоларимиз фақат ижтимоий фанлардангина яхши бўлиб, қолганлари айтиб бўлмас даражада эди. Пак Чонўкнинг ўқишга иштиёқи баландлиги учун кечаси билан тинимсиз мутолаа қиларди. Оқибатда тез-тез боши оғриб қолар, унинг бу ҳолатидан эса бирор яхши натижа кутиш амримаҳол эди. Шу пайтга келиб мамлакатда 25 (йигирма бешинчи) июн воқеалари бошланди. 28 (йигирма саккизинчи) июн куни туш пайтида, Пак Чонўк мактаб мажлисида биринчи нутқ сўзловчи бўлиб турарди. Унинг сўзлаган нутқи, гапирган гаплари ва бақирган овози узоқ вақтгача қонимизни қайнатди. Одатдаги жуда кўп мажлисларда меъдага тегадиган гапларини йиғиб келмаганмикан деб нотўғри фикрга борган эдик, бу сафар. Ўша куни битта ҳам ўқувчи дарсдан қочиб кетмади. Булутлар пастлаб, кун қоронғилашиб қолганди. Лекин шу қоронғулик қўйнида ҳам узоқ- яқиндаги тоғлар яна ҳам қорайиб, аниқроқ кориниб турарди. Биз синфдан отилиб чиқиб, маъруза залига кирдикда, бир-биримиз билан пичирлаша бошладик. Ҳамманинг юз кориниши жиддий, ягона муҳит ҳукмрон эди. Сеулнинг босиб олиниши ҳақидаги хунук хабар юрагимизни эзарди. Кун очиқ бўлса ҳам ёруғлик яхши тушмаслиги боис электр ёритгичлари узун арқон билан у ер-бу ерга осиб қўйилган, маъруза залида бўш жой қолдирмасдан зич бўлиб ўтиргандик. Директор ва ўқитувчилар кириб чиқадиган эшик томоннинг охирига ноодатий равишда бир чизиқ бўлиб тизилишдик. Гавжум зал ҳам сув қуйгандай жим -жит эди. Бирдамлик ҳаммамизни бир-биримизга яқинлаштирганини барчамиз ҳис этиб турардик. Шундай қилиб, биринчи бўлиб Пак Чонўк: «Ўртоқлар бизнинг ботир аскарларимиз бугун тонгда Сеулни қайтариб олдилар. Ватанимиз якдиллиги кўз олдимизда яқинлашиб келмоқда. Айни дақиқада биз қандай қилиб шунчаки томошабин бўлиб туришимиз мумкин, дўстлар!«, деб столни мушти билан "тақ" этиб уриб қўйганида қарсак ва олқишлар момақалдироқдай тинмай янгради. Бу каби олқишларнинг ўхшаши йўқ, уларнинг тенги бўлмайди. Охир-оқибатда олқишлар тўфонида портлаш содир бўлиб, атроф гўё тошқин ичида қолгандек, зал важоҳатли тус олди. »Тўғри!!! Тўғри!!!» - қайсидир ўқувчи беихтиёр ўрнидан туриб кетди ва қўлларини бир-бирига уриб бор овози билан қичқирди: — Сеулнинг эгалланишини, бирдамликни биз қўш қўллаб қувватлаб, илиқ кутиб олайлик!! Ҳа, кутиб олайлик!! Кутиб олайлик!! Кутиб олайлик!!! Кимдир тўсатдан туриб унинг даъватини давом эттирди: — Бу шарафли вазифа йўлида биз, биродарлар, вақтни бир кунга ҳам чўза олмаймиз - кетдик!!! Кетдик!!! Кетдик!!! Залда ҳукм сураётган хурсандчилик ва ҳаяжон эритилаётган темирнинг қайнашига ўхшарди. Бирлашиш деганда, ҳамманинг хаёлига жараёнга тезда киришиб, қўшилиб кетиш келарди, ўша онларда. Бирлашиш тушунчаси чархпалагида ҳеч ким ортда бўлмаслиги, чекинмаслиги ва қоқинмаслиги керак эди. У хоҳ Пак Чонўк бўлсин, хоҳ Санг Ҳо бўлсин ёки ҳайдалган диреcтор ёхуд янги келаётгани, хоҳ жанубга кетган ўша инглиз тили ўқитувчиси- ҳамма-ҳаммаси бирлашиш деб аталмиш қайноқ қозон ичида баравар қайнаётганди. Икки кундан кейин, 30-июнда, кўнгилларда ўзгача бир умид ва ҳислар мавжланаётган бир пайтда, мактабимизнинг ҳар бир бурчагида, фавқулодда нохуш хабар тарқалди: БМТ уруш бошланганини эълон қилганди! Бу хабарни эшитиб карахт бўлиб қолгандик. Бу юқоридан пастга тўсатдан йиқилиб тушганда содир бўладиган ҳолатга ўхшарди, қулоқларимиз битиб қолгандек. Бизни бир муддат даҳшатли сукунат чулғаб олди. Барчамиз эсанкираб қолгандик. Товушларимиз титраб, ўзимизни ҳушдан кетаётгандай ҳис қилардик. Барчамизнинг кўз олдимизга куни кеча бўлган йиғилиш ва унда айтилган хушхабар келар, бирлашиш ҳақидаги фикрлар энди бир саробдай туюларди. Аслида бу хабарнинг асл моҳиятини тушунмаганимиз учун ҳам бу гапларнинг бизга умуман дахли йўқдек эди. Ушбу воқеа замиридаги кўнгилсизликлар, ўттиз йил ва ундан ҳам кўпроқ тақдирнинг ўқдек тиғлари кўнглимизни пора-пора қилиши ҳақида ўйлаш ҳаёлимизнинг бир четига ҳам келмаган эди. Ўшанда биз буни эчими йўқ жумбоқ, узлуксиз давом этадиган муаммо эканлигини билмаган эканмиз. Июлнинг бошига келиб кўчамизда аллақачон «Ҳарбий денгиз кучлари бошқармаси» жойлашган ва ҳатто бу бинода дастлабки портлаш ҳам содир бўлган эди. Биз, мактабнинг учинчи - юқори босқич талабалари эканлигимизга қарамасдан икки гуруҳга бўлиниб, ҳамма одамлар қатори урушга тайёргарликни бошлаб юборгандик. Бундан ташқари ялпи вазият ҳам ўзгача тус олган, июлнинг ўрталаридан бошлаб, асосий фронт аллақачон боши берк кўчага кириб қолганди. Шу йилнинг 15 (ўн бешинчи) августини она Ватаннинг бирлашиши йўлидаги байрам сифатида нишонлашни катта мақсад қилдик ва уни Сеулдан бошлашни лозим топдик. Бу ишларнинг олиб борилиши секин - аста Масан, Векван, Йўнгдўк каби шаҳарларга кўча бошлади. Бундан ортиб бош ҳам қимирлатиб бўлмасди. Баъзида фронтдан мақтов аралаш етиб келаётган хабарлар туман каби мавҳум эди. Кичкина ҳарбий қисмнинг оддий аскарлари ёки мустақил мулоҳазага эга бўлмаган зобитлари ҳақидаги миш-мишлар фронт ҳақидаеришни бўетказади. анг Ҳо кўнт қиз кредит пулини олиш учун директор қот олиб борган,____ ғалати хабарлар тарқалишига сабаб бўларди. Бу миш-мишлар асосан зобит йигитларнинг дўстлари орқали этиб келарди. Аслида бундай гап-сўзларсиз ҳам кўз олдимизда бўлаётган ҳодисалар талвасага тушиш учун етарли эди. Деярли ҳар кун бомбардимончи самолётлар шаҳар узра учиб юрар, давлатга қарашли ҳарбий бинолар аллақачон вайронага айланганди. Водийлар, кўчалар ва қишлоқлар пулемётлардан дақиқа сайин тартибсиз отилаётган ўқлар ва пиёда аскар дивизияси билан шу даражада тўлган эдики, тиқилинчдан ҳатто қўзғалиш ҳам мумкин эмас эди. Аскарлар окоп қазиб, яшириниб олган ёки мактаб ва уйларга тарқоқ жойлаштирилганди. Ҳарбий марш ва бошқа ҳарбий манёврларни тунда бажаришга мажбур бўлишарди. Шундагина душман шикаст етказа олмасди. Уруш чегарасидан ташқаридаги барча ҳудудларда ҳам дўзах каби тартибсизлик ҳукмрон эди. Устига-устак жанубдан Сеул томон шимолий йўналишда кўп сонли аскарлар оммавий тарзда йўлга чиқишган, лекин уларда талабга жавоб берадиган кучнинг ўзи йўқ эди. Зобитларнинг этиб келиши оз сонли яроқли одамларни ҳам озиқ-овқат етишмовчилиги қийнаётган пайтга тўғри келганди. Бу жаҳаннам ва дўзах азоби шундай огир вазиятда Жанубдан эндигина кириб келаётган кўнгилли лекин тажрибасиз солдатларнинг сиёсий ва ғоявий ҳаракатларига умид боқълаш ва ишониш натижаси эканлигини тушуниб етдим. Одам сонининг етишмаслиги сабаб армия бригадасига яқиндагина охирги бўлиб қўшилган биз мактаб битирувчиларидан бир нечтасини фавқулодда топшириқ билан жойларга юборишарди. Лекин ўша пайтлари жануб дунёси ҳақидаги мавҳум нарсаларни ўрганишга бўлган қизиқишим тушга ўхшаш, сабабсиз юзага келган, телба бир ҳиссиёт эди. Умуман Сеулга келаётган кўнгилли аскарлар аслида кимлар? Уларнинг кўринишлари қанақа? Кўнгилли бўлишларидан мақсадлари нима? Бундан ташқари сўнгги 5 (беш) йил давомидаги жанубликларнинг ҳаёти умуман қандай кўринишга эга, ҳақиқатан ҳам шимолдан эшитганимиздекми, ёки бошқачами? Буларнинг ҳаммасини билишни истардим. Ваҳшилйлик билан қилинаётган шафқатсиз ҳужум пайтида бирлашиш ҳали ҳам долзарб муаммолигича қолганди. Махсус йиғинларда, аниқ маълумотлар асосида «Ёсудаги қўзғолон«, »Чежудаги исён» ва шунга ўхшаш воқеаларнинг қандай содир бўлганлиги ҳақида қулоқларимизга бир неча бор қуйилиб, улардан безиб ҳам кетгандик. Аслида бизни инқилоб етакчилари кўпроқ қизиқтирарди. Ана шундай қўзғолонларнинг сардорлари ҳисобланмиш Синг Ман Ри ёки Ким Гу ўзи қандай одам экан.?! Совет Иттифоқи қўшинлари томонидан эгаллаб олинган, сотсиализмни илгари сураётган Шимолий Корея тизим турининг, Пак Чонўк, Че Санг Ҳога ўхшаганларнинг сири нимада экан? Демократияни ваъда берган жанубий Корея кимларга таяниб иш кўрмоқда? Буларнинг ҳаммаси мен учун қизиқ эди. Жануб дунёсидаги муҳит, турмуш тарзига ўзим гувоҳ бўлмаганим учун у ҳақида аниқ тассаввурга эга эмас эдим. Лекин ҳамманинг еб-ичиш ва яшаш илинжида 38- параллелни кесиб ўтиб, жанубга йўл олаётгани Жануб ҳақидаги тахминимни қатъий хулосаларга алмаштиришимга етарли асос бўла оларди. Шунингдек, буларнинг ҳаммаси жануб хусусидаги таассуротимни тиниқлаштирарди. Аслида, бундай аниқ хулосаларга келишимнинг асосий сабаби Чонг Санг Донг оғанинг ҳаёти билан ҳам боғлиқ эди ва унинг мисолида жанубдаги ҳаёт кўз олдимда яққол гавдаланарди. Япон мустамлакасининг сўнгги йилларида ўрта мактабнинг 1- (биринчи) курсига киргандим. 4- (тўртинчи) курс ўқувчилари энг катта курс бўлиб, оғалар бошлиғи ҳамма курс ўқувчиларини бирдай назорат қилиб, машқ бажаришга мажбур қилишарди. Чонг Санг Донг исми жисмига монанд миттигина, паст бўйли, лекин ўзига яраша салобатли, келишган йигит эди. Қачон, қаерда кўрманг ҳақиқатгўй обрўлилардан ҳисобланар, бир кўришдаёқ аслзодалардай таассурот қолдирарди. Ўйлаганимдек, у энг бой ҳудуд - Санжедонгда яшаган экан. У одатда камгап ва жиддий бўлиб, икир- чикирларга эътибор бермайдиган одам эди. Лекин мавриди келганда ҳамма мактаб ўқувчиларини муҳим ишларга жалб қилиб, улрага йўлбошчилик ҳам қила оларди. Унга ҳеч ким қаршилик қилмасди. Хулласи калом, ана шундай эътиборли одам эди Чон Санг Донг. Япония чекингандан сўнг, 1945 йилнинг сентабр ойида бўш ўринлар янгитдан тўлдирилиб, мактаб дарвозаси қайтадан очилгандан сўнг, Чон Санг Донг ҳам мактабга одатий, бошқа оддий ўқувчилар кийимида қатнай бошлади. Унинг ўзигагина хос савлат, мулойимлик ҳар бир кишининг кўзига дарров ташланиб турарди. Тез орада Чон Санг Донг ҳеч кимнинг эътирозисиз ўқувчилар жамиятининг раҳбари этиб тайинланди. У залнинг орқа ўриндиқъида ўтирганларга ўз миннатдорчилигини эшитилар-эшитилмас даражада, бир неча сўз билан ифодалаб, сокин гапирарди. Чон Санг Донг нутқидаги хотиржамлик ҳам унинг яна бир ўзига хос фазилатини кўрсатарди. Бир неча ойлардан сўнг, 1946 йилнинг январи бошларида директор мактаб ходимлари ва ўқувчилар ўртасида мактабни бошқариш билан боғлиқ баҳс-мунозаралар, келишмовчиликлардан безиб, бир неча ўқитувчини ўзи билан эргаштириб жанубга кетиб қолди. Унинг ўрнига даотсизм таълимоти тарафдори бўлган одам-туман халқ таълими бўлимининг собиқ мудири директор бўлиб келди. Ўшандан кейин Чон Санг Донг оға ҳам сирли равишда, изсиз йўқолиб қолди. 1946 йил ғалаёнлари пайтида жанубга биринчи бўлиб қочганлар орасида биздан кетиб қолганлар ҳам бўлганмикин-а? Менга қолса мактабимиз вакилларини «қочоқ» деб айтмаган бўлардим. Тахминларимга кўра, 1945 йилнинг сентабридан 1946 йилнинг январ ойи охирларигача бўлган тўрт ой мобайнидаги мактаб муҳитини эсласам, бу қандайдир ўхшовсиз ишланган шиша идишга ёки тутруқсиз эртакка ўхшаб кўринарди. Бу муҳит янгидан ўсиб чиққан пибимпабга[1] ўхшаб жануб ҳаётидан умуман фарқ қилмас, худди Тоисо ва Суоива даврларида Япония бошидан кечирган ҳаётдек эди. Аслида, устозларнинг кўп қисми япон юқори мактаби ёки университет битирувчилари бўлиб, камдан кам ҳолатда Америка ва Европа тузини тотган одамлар қўшилиб қолганди. Домлаларнинг ҳаммаси ҳам Ғарбий Европанинг олийжаноб жентелменлари, ҳар қайси жиҳатдан «қийналиш« деган нарсани билмай ўсган одамлар эди. Эрталабки чошгоҳда кичкина жуссасига ҳамоҳанг кўринишли мактаб ўқитувчиси плаш ичида жойлашган апелсин рангидаги чиройли костюмининг юқори чўнтагида икки бош бармоғи тиқилган ҳолда мовий осмонга аланглаб қараб, »бугун осмон жуда мусаффо, талабалар, сизлар ҳам бугунги тонг каби соф ва мусаффосиз деб», айтганида тушуниб бўлмайдиган бир ҳисни туйгандим, ўшанда. Бир неча йилдан сўнг мен ҳам жанубга қочоқ бўлиб келган вақтимда қачонлардир илк қочоқлар оқимига қўшилиб келиб қолган ўқитувчиларим аллақачон бу ердаги университетларда профессор, олий бошқармалар мутахассиси ва бошқа нуфузли лавозимларда фаолият кўрстаишарди. 1946 йилнинг январ ойи бошларида қатъиятсизлик ва иккиланишлар, чалкашликлардан безиб турган пайтларимиз жануб ғоялари ўрнига орзуларга етакловчи, янги Шимолий Корея тизимини ўрнатиш ҳаракати бизнинг мактабимизга ҳам этиб келганди. Мактабдаги ушбу ҳаракат бошида турган киши, албатта, ўша эски директоримиз ўрнига келган, даотсизм таълимоти тарафдори, собиқ халқ таълими мудири эди. Ўша пайтлари биз унинг икки соатлаб давом этадиган узундан узоқ тарғибот, нутқ ва маърузаларининг дастлабки гувоҳлари эдик. «Ўтмишнинг кишани - япон мустамлакачилиги зулмидан азоб чекиб, 36 (ўттиз олти) йил умримиз ўтди. Ундан кейин ҳукуматимиз ўйин қилиб, бизни аввалгидан ҳам қийнаётганига 3 (уч) ой бўлибди, ваҳоланки, мустақил бўлганимизга 4 (тўрт) ой бўлди, ўртоқ талабалар. Жабр чеккан бутун жаҳон халқларининг озодлигига генерал Сталин бошчилигидаги буюк русларнинг мардонавор кураши билан эришилган«, деб дона-дона сўзлаш услуби, гапириш оҳанги ҳам бошқача эди, янги мактаб директорининг. Унинг биз учун номаълум бўлиб келган фикрлари, сафарбарликка чорловчи (азбаройи нима ҳақида гапираётганини тушинмаган бўлсам-да) қандайдир тарих ва жамият тизими ҳақидаги мафкуравий чақириқлари шу пайтгача қулоғим остида жаранглаб тургандек бўлади. Барча талабалар жамланган жойда бир қўлида кўк дафтар тутиб, тик турганича Ленинникига ўхшаш кўк шляпасини стол устига қўйиб, пешона терини арта-арта, икки соатлаб, узоқ, жўшқин нутқ сўзлаганди. »Ҳа шундай! Энди...Бугун осмон мусаффо. Сиз талабалар, ҳаммангиз шу тонг каби соф ва мусаффо кўринасиз» каби мароқли ва сурурли, шунингед самимий гаплар бизни энди буткул тарк этгандек эди. Чон Санг Донг оға ҳам ўша тартибсиз вазиятларда сирли равишда ғойиб бўлганди. Йўқ, бундай ўзгариш, албатта, ишончли бошқарув борасидаги мунозаралар қуршаб олган мудҳиш вазият билан бир вақтнинг ўзида содир бўлиб қолган эмасди. Оғанинг йўқолиб қолиши навбатдаги зарба эди, холос. Ўзгаришлар аллақачон бошланиб, секин-асталик билан натижа кўрсатаётганди. Олдинига Чон Санг Донг Кўнг Чонг номи билан талабалар уюшмасига раислик қилди. Бу одамнинг ўзи табиатан бошқаларга ўхшмайдиган, туғилганидан бошлаб Ғарбий Европалик жентлмендек фикр юритарди. Дунё чархпалагида ҳеч нарса абадий бўлмаганидек маълум муддатдан кейин раислик яна алмашиб, бошқа бир талаба уюшмага раҳбар этиб тайинланди. Чон Санг Донг оғанинг ўзгаришлар таъсирида ўз ўрнини бўшатиши таъбиий бўлсада, кейин сирли равишда, бирданига йўқолиб қолиши ҳайрон қоларли эди. Унинг ҳам жанубга кетиб қолганини анчадан кейин билдим. Биринчилардан бўлиб жанубга кетган кишилар, аслида биздан фарқли, бошқача одамлар бўлган, деган мавҳум тушунча бор эди бизда, ўша пайтларда. Улардан кейин 1948 йил 38 - параллел ёпилган пайтда орқама-кетин жанубга йўл олганларнинг иккинчи гуруҳи, мен аввалроқ таъкидлаган инглиз тили оқитувчи сингари одамлардан иборат эди.. Қочоқларнинг кейинги, учинчи оқими Кореа Жанги бошлангандан кейин, яқинлашиб келаётган Хитой қўшинларидан қочиб, чегарани кесиб ўтишга мажбур бўлган, жуда катта гуруҳдан иборат бечораҳол қочоқлар бўлган. Юқоридагиларни ҳисобга олиб Чонг Санг Донг оға кетганларнинг аниқ биринчилари бўлса керак, деган хулосага келдим. Шундай қилиб Чонг Санг Донг Жанубга биринчилар қаторида кетган ва кейин, баъзи миш-мишларга қараганда, ҳарбий хизматдан сўнг, Сеул универсисетининг ҳуқуқшунослик факултетига ўқишга кирган эмиш. Унинг табиатидан шундай қарор қабул қилишига ишонса бўларди. Бу воқеалардан кейин, чамаси бир йилдан кўп вақт ўтиб, 1947 йилнинг бошларида ёки Пак Чонўк қайтиб келишидан олдинроқ, кутилмаганда Чон Санг Донг оға таътил олиб, ўзи туғилиб ўсган жойларга қайтиб келди. 38 -чизиқ қаттиқ назорат остига олинганлигига анча вақт бўлган эди. Япон бошқаруви даврида ўзини анча тутиб олган одамлар ўз ўрнини мустаҳкамлаб бўлишган. Бу жанобнинг тасодифан қайтиб келиши мени озгина ҳайратга солиб қўйди. У Сеулга шунчаки университетда ўқиш учун кетгандек эдими? Лекин университет фақатгина Сеулда мавжуд эмасди, балки Ҳенг Янгда ҳам аллақачон янги олийгоҳ очилган бўлиб, узоқ-яқиндаги кўпчилик ёшлар шу эрга ҳужжат топшираётган бир давр эди. Бунинг устига, айнан ўша пайтларда Ён Чонг бўйлаб ўтган 38- параллелни пулга йўл бошловчи йўллаб кесиб ўтаётган бахтсиз одамлар тақдир тақозоси билан рус аскарлари ўқларидан отиб ташланар, ёки қўлга тушиб узундан-узоқ чўзиладиган ҳарбий судга дучор бўлишарди. Шундай хавфли вазиятда, бундан бор ёғи бир неча кун олдин 38 - параллелни кесиб ўтган Чон Санг Донг оғанинг ҳеч қандай асоратсиз ва қийинчиликсиз кириб келгани ажабланарли эди. Унинг юз-кўзларидан гўёки куппа- кундузи, чегарани хотиржам кесиб ўтган-у, йўлига тўғаноқ бўлганларга эса шараф билан: «Мени ўз юртимда қиладиган ишларим бор ва кўнглим ватанимга келишни хоҳлади, истагим она-юртимга қайтиш экан, хўш, ким менга қарши чиқа олади» - деб айтаётгандек бўларди. Чон Санг Донг оға ҳеч нарса бўлмагандек шимолга қайтиб келганди. У жанубга кетиб қолган пайтидагидан умуман фарқ қилмасди. Фақат оганинг ғарб зиёлиларига хос модали костюми ва унга мос бўйинбоғи, ўша пайтларда удум бўлган соч қўйиши уни анча башанг қилиб кўрсатарди. Калта қилиб очилган энсаси ҳам бутунлай бошқача кўринишда бўлиб, айнан Чон Санг Донг услубининг ўзига хослигини эслатарди. Унда талабалар уюшмаси бошлиғи вазифасини эгаллаган вақтлардаги ҳаяжон энди умуман йўқ эди. Ўзи тамомлаган эски мактабга ўз оёги билан яна қайтиб келган одам ҳам айнан Чон Санг Донг, чунки у айнан шуни истаганди. Кейинроқ билсам, Чон Санг Донг, тахмин қилганимдек, 1946 йилнинг бошларида, кўчишнинг илк босқичидаёқ энг биринчилардан бўлиб, оиласи билан яна жанубга кетиб қолган экан. Ўша пайтлари жанубга кетган бўлса ҳам, кейин очиқчасига ўз ватанига қайтиб, ўзи битирган мактабни излаб келган. Уюшма бошлиғи бўлган пайтлари ўзи ёрдам берган талабанинг маслаҳатига кўра мактабнинг ҳар бир бурчагини кўздан кечириб, мамнун ҳолда бошини чайқаб, мийиғида кулиб қўярди. Кўнглида тасодифан уюшма раҳбарлигидан четлаштирилиши, кейин бошқа бировнинг раис этиб тайинланиши ҳақидаги хабар билан боғлиқ аччиқ хотиралар бўлса-да, унда ҳеч қандай норозилик ифодаси ёки бирор кимсага нисбата аламзадалик ҳисси коринмас эди. Бу дунёда нима бўлганда ҳам уларнинг ўзига хос сабаблари бор эканлигини чуқур тафаккур, тиниқ тасаввур билан ҳис этиб, тўғри хулосаларга келиш, унинг хулқ -атвори, ўзини тутиши ва ички оламида намоён бўларди. Ўша куни Чон Санг Донг оғанинг барча мактаб ўқувчилари қаршисида турганлигининг айни ҳақиқат эканлиги мени яна бир бор ажаблантирганди. Дарс тугагандан сўнг, Минг Чонг уюшмаси томонидан берилган тезкор хабарга кўра ҳар бир синфнинг аъзо талабалари жанг сирлари ўргатиладиган залга йиғилишди. Япон бошқаруви даврида қиличбозлик ва дзюдо ўргатиладиган залга ўхшаш бир хил хоналарга ўша замонларда татами[2] тўшалганди. Лекин ҳозир бу жанг кўрпалари олиб ташланган, текис, қоп-қора, очиқ тахтали пол кўриниб турарди. Биз бу ерни Япон бошқаруви давридан қолган ном билан атаб келардик. Аслида бу залдан кўп ҳам фойдаланилмасди. Одатда мактаб ҳовлисида турли маросимлар, талабаларнинг умумий йиғилишлари учун жой керак бўлган ҳолатларда шу залдан фойдаланишарди. Янгилик билан боғлиқ йиғилишлар одатдаги мунозараларсиз бўлмасди. « Хабарлар ҳақидаги йиғилиш»- деган бу атама ҳам, назаримда, бир оз ғалати ва ғайритабиий эди. Йиғилиш тугагач, ташқарига чиққанимизда булутлар пастлагандек, бир оздан кейин қор ҳам ёғиб юборадигандек туюлди. Кеч қиш ҳавоси бўлишига қарамасдан ёқимли бир илиқлик бор эди. Биз китоб, сумкамизни тутганcа гуруҳ-гуруҳ бўлиб мудожан[3] залига кириб бордик. Ҳозиргина тозаланган зал ичини тутун аралаш чанг тутиб кетганди. Турли синф аъзоларидан бўлган ўқувчилар навбат билан, ҳеч нарсаси йўқ, яланғоч тахтали полга тиқилишиб, ёнма -ён ўтирдик. Бироздан сўнг, Минг Чонг уюшмаси раҳбари мийиғида кулиб, нотиқни ичкарига олиб кирди. Не кўз билан кўрайки, қаршимда Чон Санг Донг турарди. Ҳайратдан тилим айланмай қолди. Ундан икки ёш кичик бўлган, аъзоларнинг ҳозирги бошлиғи ён деворда осилган улкан текикки[4] тагидаги тоза стол олдига бориб, оҳиста гап бошлади: «Бугун яна бир махсус ахборот ҳақида хабар бермоқчиман. Нафақат бошқалар, балки сиз жаноблар ҳам яхши биласизларки, биз ҳурмат қиладиган, ўртоқ Чон Санг Донг бир қанча вақт муқаддам Сеоулга кетган эдилар. Бу ҳурматли дўстимиз бир неча кун олдин қайтиб, Миллий Университет ташкил этиш режасига қарши чиққанларнинг этакчиси бўлишда давом этмоқдалар. Шу сабаб дўстимизнинг камтарлик қилишларига қарамасдан уларга сўз беришга қарор қилдик.» Мана шу тарзда Чон Санг Донг Жанубий Кореа давлатининг Сеоул Университетини Миллий Университетга айлантириш режасига қарши кураш ахборотини бериш учун келганди. Бошқача қилиб айтганда, у ушбу жангнинг жасур жангчиси сифатида ахборот бермоқчи эди. Шу тариқа таништирувдан сўнг Чон Санг Донг юзида табассум билан, бироз олдинга одимлади. Ўриндиқнинг икки четига қўлларини тираб, юзида чуқур ҳаяжон акс этганича жим қотиб турди. Ниҳоят охисталик билан гап бошлади: «Ҳозиргина Минг Чонг уюшмаси раҳбари мени шу кунларда Миллий Университет режасига қарши кураш етакчиси сифатида фаолият юритмоқда деб айтдилар. Жаноб «етакчи» деб бироз ошириб юбордилар. Балки этакчиликдан узоқроқ, энг уқувсиз, охиргиларнинг охири дейишим ҳам мумкиндир. Лекин шундай десам ўзимни ҳам, сизларни ҳам камситган бўламан. Шунинг учун, келинг яхшиси, энг охирида юрувчилардан сал яхшироқман, деб айтақолай.» Ушбу сўзларни айтаркан ёнида ўтирган Минг Чонг уюшмаси раҳбарига қараб мийиғида, маъносиз кулиб қўйди. Яланғоч тахта полда ўтирган биз талабалар ҳам унга эргашиб кулдик. Бундай нутқ, бу оҳанг, бу юз ифодаси -буларнинг ҳаммаси жанг майдонидан йироқ бўлсада, у ҳозир ҳақиқий жангчидай сўзлаётганди. «Аввало, сизларни қизиқтираётгани Миллий Университет режаси моҳиятини билишдан иборат деб ўйлайман. Бу ўзи нима? Бунинг ортида кимлар турипти? Миллий Университет режасида қандай сиёсий мақсад бор? Умуман, шунга ўхшаш саволларга бир оз тўхталиб ўтмоқчиман». У ўз нутқини мана шундай жиддий кўринишда давом эттириб, ҳар сафаргидек хотиржам гапирарди. Унинг ҳар бир айтган гаплари содда ва тушуниш осон эди. Қуйилиб келаётган бу сўзлар, фикрлар, бир икки соат давом этадиган, аниқ далилл ва фактларга асосланмаган, қуруқ, умумий гаплардан иборат бўлган одатдаги ахборотлардан бутунлай фарқ қиларди. Бу каби йиғинлардан кўнглимиз бузилиб, зерикиб кетгандик. Лекин Чон Санг Донгнинг Жанубдаги вазият, Миллий Университет режасига қарши олиб борилаётган ҳаракатларнинг ҳолати ҳақидаги нутқи, сўзлаш оҳанги ва услуби бизни бутунлай ром қилиб, қизиқтириб қўйқанди. Чон Санг Донг, жанубдаги Миллий Университет режасига қарши бўлганларнинг бири бўлгани учун бунинг салбий томонларини тушунтиришга ҳаракат қиларди. Бу режа билан боғлиқ муаммолар эчимини секин - аста, бирма-бир топиб келаётгандек эди. Ундаги бу кабу хусусиятлар ўша пайтларда, биз ўрганиб қолган сотсиалистлардек ўриндиқларни силкитиб чиқиб кетиш, ортиқча мағрурлик, ўзини устун қилиб кўрсатиш каби жирканч жиҳатлардан анча йироқ эди Чон Санг Донг айнан шу кўринишда, гўё жанубдаги Миллий Университет барпо этиш режасига қарши жангда қатнашаётганга ўхшарди. Гаплари қисқа ва лўнда бўлсада, қизиқ ҳикоя каби таъсирли эди. Бу нарса мени бир томондан ҳайратга солса, бошқа томондан чалкаштириб юборарди. Шимолий Кореянинг янги тизими тарафдорлари бўлган Че Санг Хо, Пак Чонўкка ўхшаган ғаламис кишилардан қутулиш учун биринчилардан бўлиб жанубга кетган , Чон Санг Донгдек одам, қандай қилиб бир ўзи бутун бошли Миллий Университет барпо этиш режасига қарши курашаётган экан. Бу жануб дунёсида қандай сиёсат ҳукмронки, шундай мукаммалликни яратмоқда. Ўша вақтларда жануб ҳақидаги илк ёрқин тасаввурим айнан Чон Санг Донг оға орқали уйғонганди. Унинг 38-параллелни кесиб ўтиб, яна жанубга кетиб қолганига чамаси 30 (ўттиз) йил бўлди. Ҳозиргача ундан аниқ хабар топмаганман. Балки Сеоулдаги ғалаён пайтида шимоллик ёки жанублик аскарлар томонидан отиб ўлдирилгандир. Ёхуд ўша пайтдаги кўпчилик аскарлар сафига қўшилиб яна шимолга қайтиб келгандир. Тахминлар кўп. Нима бўлганда ҳам бу тахминларнинг қайси биридир ҳақиқат. Чон Санг Донг 1947 йилнинг эрта баҳорида куппа- кундузи, бамайлихотир чегарани кесиб ўтиб, йўлига тўғаноқ бўлганларга шараф билан: «Мен ўз мамлакатим учун қиладиган ишларим бор ва кўнглим юртимга келишни хоҳлади, истагим ватанимга қайтиш экан, хўш, ким менга қарши чиқа олади» - деб, қайтиб кела олмаслиги аниқ эди. Ким билади, балки оиласи билан биринчилардан бўлиб Америкага кўчиб кетган бўлса ҳам керак. Ҳозир ҳам 50 йил олдинги ўзига хос сифатларга эга бўлган Чон Санг Донг Америка фуқаролигини олиб, тинчгина, ҳассасига таяниб, Кимганг ва Пекту тоғларида сайр қилиб юрган бўлиши ҳам мумкиндир. Бу тахмин ҳам ҳеч қандай асосга эга эмас. Менинг Жануб ҳақидаги иккинчи тасаввурим Ли Гуанг Жин ҳаёти орқали намоён бўларди. У Гуангвўндўнинг Тўнгчўн деган жойидаги ўрта мактабдан синфимизга янги келганди. Лекин Ли Гуанг Жинда оддий қишлоқ боласига хос соддаликдан асар ҳам йўқ эди. Бир қарашдаёқ бошқа болалардан кескин ажралиб туришини билиш қийин эмасди. Ли Гуанг Жин озод бўлган йилимиз япон йигитлари ташлаб кетган бўш ўринларни тўлдириш учун ўқувчи йиғиш вақтидан сал кечроқ келганди. Ўша пайтда фақат Ли Гуанг Жингина эмас, балки бошқа узоқ-яқин қишлоқлардан ҳам кўпгина болалар мактабимизга тизилиб кириб келишди. Японлар қайтиб кетгандан кейин, мустақиллик йиллари таълимга катта эътибор берилганлиги учун мактабимиз эшиклари катта очилиши билан бирга янги мактаблар ёмғирдан кейинги қўзиқориндай кўпайиб кетди. Яқин атрофдаги Анбйўн, Мунчўн каби қишлоқлардан келган болалар майлику-я, ҳаттоки жануб томондаги Сепў, Чўрwўндан тортиб шимолдаги Кўвон, Йўнгвонгача бўлган қишлоқ болалари ҳар ой уй ижара ҳақи сифатида 2 (икки) кг. гуруч тўлаб ўқишарди. Бу болаларнинг кўпчилиги гўл ва содда бўлиб, бу эрлик кўча болаларидан бутунлай фарқ қиларди ва кишида бошқач тасаввур қолдирарди. Бир-икки йил ичида бу қишлоқ болаларнинг кўпчилиги Пусан, Жонгё шаҳарларида ташкил этилган Минг Чонг қўмитасида асосий бошқарув ўринларини эгаллаб олишга улгуришганди. Чекка қишлоқ болаларидан бўлган Ли Гуанг Жин улардан кескин фарқ қиларди. Қиш фаслида, кўкрагининг ўртасида оқ тўлқинсимон чизиқлари бор тўқ жигарранг свитер, қайтарма қалпоғи (капюшони) осилиб турадиган қиммат плаш кийиб, унча-мунча шаҳар болаларини ортда қолдирадиган даражада хушбичим эди. Ҳар қандай ишда оддий қишлоқ боласига ўхшамас, қатъиятли, қизиққон ва озода эди. Асли келиб чиқиши ҳақида сўрашганда у ҳардоим «ўртаҳол фермер» деб айтарди. Лекин унинг оиласи қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, савдо-сотиқ ва яна шунга ўхшаш нарсаларни биргаликда олиб борадиган бойлар синфи сифатида маълум бўлган, шаҳарнинг маҳаллий савдогарларидан бири ҳам бўлиши мумкин эди. Ли Гуанг Жиннинг қандай оиладан эканлигини Северанc Тиббиёт мактабини тамомлаб, яхши мутаҳасис бўлиш учун тиббиёт мактаби шифохонасида фаолиятини давом эттираётган катта акасидан ҳам билиш қийин эмасди. Хуллас Ли Гуанг Жингга ўхшаган кўча боласи ҳеч бир маҳаллий савдогарнинг ўғилларидан кам эмас, ҳар қандай шаҳар боласига ҳар жиҳатдан бас кела оларди. Фанлардан олган баҳолари ҳам синфдошларидан анча юқори бўлган. Лекин Ли Гуанг Жиннинг ғалати жиҳати ҳам бор эди. У синфдошлари билан тез-тез урушар, урушганда уларни бигиз билан қўрқитарди. Шундай тез ва қизиққон табиатига мос овози ҳам бўғилганга ўхшаб чиқарди. Иккинчи ярим йилликнинг охирида, она тили фанидан имтиҳон топшираётган пайтимиз Ли Гуанг Жин орқамдаги партада ўтирарди. Мен жавоб варақамни тўлдириб бўлиб, зерикканимдан, чиқиб кетсаммикин, деган ҳаёл билан иккиланиб ўтирганимда, бирдан орқамдан секин-аста, уч-тўрт марта туртди. Аста ўгирилиб қарагандим, у оғзини тез-тез қимирлатиб, «жавоб варақангни партанинг нариги четига суриб қўй, ўзинг суяниб, деворга яқин ўтир« деб пичирлади. Мен имтиҳон кузатувчиси турган жойга қараб, нима қилишни билмай қолдим. Бундан ташқари, Ли Гуанг Жин ижтимоий фанларни мендан кам билмаслиги, ҳатто табиий фанларни мендан-да яхшироқ билиши ҳақида ўйлаб, ҳатто имтиҳон қоидасига риоя қилмаган тақдиримда ҳам, тушуниб бўлмайдиган нарсани илтимос қилаётганди. Мен у билан кўп ҳолларда ким ўзарга мусобақалашиб, баҳслашиб қолардим. Бир икки дақиқа иккиланишдан кейин бирдан ўрнимдан туриб, тўлдирилган жавоблар варақасини имтиҳон кузатувчиси олдига олиб бориб қўйдим ва чиқиб кетдим. Ташқарига чиқиб, кузатиб турдим. Ли Гуанг Жин қалам орқасини тишлаб, чайналар, атрофга аланг-жаланг қараб, нордон нарса еб қўйгандай афтини буриштириб ўтирарди. Анчадан кейин стадионга чиққан Ли Гуанг Жин ғазабдан қаттиқ асабийлашаётганди. Икки кўзи ғазаб ўтида ёниб, бутун бир синф олдида менга мазах аралаш тикилиб турарди. "Пасткаш, ярамассан", деди у. »Синфдаги биринчилик каби нарсаларга бефойда жон куйдириш - бу худбинлигингдан далолат, намунча биринчи бўлишни ёқтирмасанг.»,- деди у жаҳл ва киноя билан. Лекин бирорта бола унинг тарафини олиб гапирмади. Чунки аслида ким биринчилик учун курашаётганлиги ва бошқалардан ўғринча кўчираётганлиги ҳаммага маълум эди. Қолаверса, унга қарши чиққанлар ғашга тегадиган ва асабни бузадиган сўзларга кўмилиши тайин эди. Ли Гуанг Жин ҳар қандай ишда фақат ўзинигина ўйлайдиган худбин ва такаббур бола эди. Синфдаги биринчилик учун кураш шу даражада асабни бузадиган ёқимсиз ва кулгили нарса эканлигини мен ҳам яхши билардим. Аста-секин мактаб тизими шакиллана бошлади. Пак Чонўк кабиларга ҳар жиҳатдан таъсир ўтказа оладиган бола айнан Ли Гуанг Жин эди. Аввал бошидан у Пак Чонўкдан шунчалик нафратланар эдики, уни кўрганда худди шилимшиқ қуртни кўргандай жирканарди. Оппоқ сопол тугмасининг уч донаси осилиб турган, ола-була қорага бўялган каноп палтонинг ёнига қора халтани узун қилиб осиб олган Пак Чонўкнинг шарпаси пайдо бўлиши биланоқ, Ли Гуанг Жиннинг дарҳол ранги ўзгариб, қалтираб кетарди. Ҳар гал уни кўрди дегунча «чирт» этиб туфларди-да, қаергадир секингина қочиб қоларди. Табиийки, Пак Чонўкдан нафратланишда Ли Гуанг Жин ҳам ундан қолишмасди. Ли Гуанг Жинни худди илонни кўргандай ёмон кўрарди. Қачон унга дуч келиб қолса икки кўзидан ғазаб ўти чақнарди. Ит-мушук деганлари худди шу бўлса керак. Бу икки инсон орасидаги муносабат, ҳозирги тахминимча, бундан анча олдин, 1930 йилларда, Германияда натсистларнинг коммунистик партиядан нафратланишининг бир тури эмасмикан деб ўйлайман. Пак Чонўк ва Ли Гуанг Жин орасидаги келишмовчилик уларнинг ижтимоий табақаларидаги фарқ билан ҳам боғлиқ эмас, деб ҳам ўйлардим, ўшанда. Лекин ҳозир Ли Гуанг Жин ва Пак Чонўк ўртасидаги адоват уларнинг ички дунёсидаги фарқдан келиб чиққандек туюларди менга. Ўша пайтларда, ҳар жиҳатдан ахлоқсиз бўлишга улгуриб бўлган Ли Гуанг Жин мендан бир синф юқори ўқийдиган қиз билан ошиқ-маъшуқ бўлиб юрарди. Мухаббатини ҳаммага кўз-кўз қилиб, синфдошлари олдида фахрланиб, оғиз гўпиртириб гапирарди. Севги-муҳаббатларини достон қилиш, аслида, тенгдошлари орасида ҳам тез-тез учраб турадиган ҳолат бўлган. Лекин бу нарса синф бош сардори Пак Чонўкнинг қулоғига етиб борса бирор ишкал чиқиши муқаррар эди. Шанба кунги умумий мажлисда Пак Чонўк фақат Ли Гуанг Жин масаласини тутиб олиб, уни оғзидан кўпик тошиб танқид қилди. Ундан кейин музокара жараёнида ҳам ташкилий сардор, ташвиқот сардори ва улардан ташқари яна уч-тўрттаси чиқиб, бошқа болалар ҳам бош сардорнинг гапларига бутунлай қўшилишларини айтидилар ва Ли Гуанг Жинни қаттиқ қоралашди. Унинг хулқ-атворидаги чидаб бўлмайдиган буржуазик хатти-ҳаракатларни бирма- бир санаб, шахсиятпараст, худбин, муросасиз эканлигини айтиб, буни аниқ мисоллар билан исботлаб беришди. Ҳатто эшитганда ҳам гуноҳ бўладиган уятли ишларнинг икир-чикиригача айтиб ташлашди. Мажлис сўнгида Ли Гуанг Жин танқид стулида туриб, буларга жавоб бериши керак эди. Лекин у бу танқидларга осонликча ён бермади. Бошқа болалардан фарқли, етарлича қатъият ва хотиржамлик билан барча айбловларни рад этди. Ҳақ эканлигини исботлашга ҳаракат қиларди. «Йигит ва қиз бир-бирлари билан учрашиб туришининг нимаси ёмон», деди у хириллаб, сўраш оҳангида. Бундан ташқари Ли Гуанг Жин мактабга узоқдан қатнашини ва ижарада ёлғиз туришини айтиб, бу унинг учун осон эмаслигини, у қиз унга опа ўрнида бўлиб, кийимларини ювиб, у-бу ишда унга қараб туриши аслида мақтовга лойиқ, тенги йўқ муносабатлар дея барча танқидларга қатъий эътироз билдирди. Пак Чонўк ҳам ҳақ эканлигини исботлашда ундан бўш келмасди. "Бу гапларни сен қандай қилиб айтяпсан, ўртоқ Ли Гуанг Жин. Одатдаги дўстларнинг сўз ва амаллари шундай бўладими?. Шу соф опа-укачилик бўлса, буни шундай ифлос буржуазияга хос йўл билан махтаниб айтасанми? Ўртоқ сен ҳали хам ўзингга келмадинг, чоғи? Агар сен ўзингни оқлаб шундай фикрда қолсанг биз буни шундай қолдиролмаймиз. Бу муаммони мактабнинг Минг Чонг уюшмаси умумий йиғилишида муҳокама қилиш учун юбормоқчиман, деди Пак Чонўк. Шундан сўнг Ли Гуанг Жиннинг капалаги учиб, қўрқиб кетди ва жаҳлини ичига ютиб, танқидларга қарши чурқ этмади. Бироқ ўшандан бир неча кун ўтгач, Ли Гуанг Жин бирданига кўздан ғойиб бўлди. Аввалдан ғалати ҳаракатлар қилиб юрган бола бўлгани учун унинг тўсатдан ғойиб бўлгани ҳаммага қизиқ туюлди. Фаол ўқувчилардан бир нечтаси уни ҳатто қидириб, мактаб ташқарисидаги ижара уйига ҳам боришди, лекин ундан бирор хабар топишолмади. Уй эгасининг гапига қараганда, у уч-тўрт кунга ўз уйимга бориб келаман деб, юкларини йиғиштириб, чиқиб кетган экан. Бу воқеадан йигирма кунлар ўтгач, Ли Гуанг Жин кутилмаганда яна мактабда пайдо бўлиб қолди. Билишимизча, у севган қизи билан чегарани кесиб, Совет Иттифоқи ҳудудларига ўтиш ушун Тумен Дарёси томон боради, йўлда қўлга тушиб, қайтиб келади. Дарё бўйидаги Сосура деган жойдан ижарага уй олиб, қайиқ ҳақида суриштириб юрганида шубҳали кўрингани учун чегара қўшинлари томонидан тутиб олинган. Уни сўроқ қилишганида муваффақиятларга эришишнинг энг яхши йўли коммунизм тугилган юрт-Москвада ўқиш кераклигини, бу унинг энг катта мақсади эканлигини очиқ -ойдин айтиб беради. Қўлида қимматбаҳо кумуш безакли буюм бор эди. Ниҳоят ҳар икки талабани маҳаллий бошқарув органига топширишади. Уларни Тонг Чонгдаги уйи ва мактаби тўғрисида суриштириб, сўроқ қилишади. Кейин кузатув остида келган йўлларидан яна поезд орқали қайтариб юборишади. Улар шаҳар текширув буроси томонидан яна сўроқ қилиниб, оз фурсатдан кейин қўйиб юборишади. «Ҳеч нарсадан қўрқмайдиган ёш болалардек, чегарани осонгина кесиб ўтмоқчи бўлишган, бу зумрашалар. Бунда ҳеч қандай жиддий муаммо йўқ», деб ҳисоблайди, ҳукумат. Мактаб ҳам буни ҳеч қандай муаммо сифатида қабул қилмасликка қарор қилишди. Ҳукуматнинг уларга ҳеч қандай жазо бермаганининг сабаби Ли Гуанг Жи билан бирга кетган қизнинг акаси, ўша пайтда туман ҳокими эканлиги бўлса керак. Шундан кейин, бир ой ўтмасдан Ли Гуанг Жин яна йўқ бўлиб қолди. Бу сафар у ҳеч кимга билдирмасдан ғойиб бўлганди. Лекин унинг жанубга кетганлиги аниқ эди. Ўқувчи қиз ўртасидаги муносабатлари қизнинг акаси аралашуви билан тугатилгач, олов характерга эга бўлган Ли Гуанг Жин учун кетишдан бошқа чора йўқ эди. 1948 йилнинг эрта баҳор кунларидан бирида, Ли Гуанг Жин мактабда яна пайдо бўлди. У шаҳар ҳокимлигида ишлаш ва мактабда қайта ўқиш учун ҳужжат топширганди. Ҳеч кимга билдирмасдан кетиб қолгандан кейин, Пече юқори мактабида ўқиб юрган пайтида айрим жиноятларга бош бўлганлиги сабаб политсия томонидан қидилаётганлиги учун бу томонларга яна қочиб келганди. Ли Гуанг Жин мана шундай ярамас ва такаббур бола бўлган. Ли Гуанг Жиннинг бу сафарги кўриниши бутунлай бошқача эди. Унга нима бўлаётганини аниқ айтиш осон бўлмаса-да, ундан жанубнинг ҳиди келаётганлигин билиш қийин эмасди. Туфлисининг тагигача осилиб турган қора шимининг чоки худди пичоқ билан қирқилгандай теп-текис, ундан таралаётган ўткир атир ҳиди қандайдир ғалати ва ёқимсиз, бурунни ачиштириб, кўзни ёшлантирарди. Бу атир ҳиди, бир томондан, декадентларга[5] хос тасаввурни берса, иккинчи жиҳатдан, меъёрдан ортиқ эркинликнинг бузуқ ва ахлоқсиз кўринишини эслатарди. Бу пировардида ҳар бир унсур ўз ҳолича, ҳеч қандай қаршиликсиз озод ва эркин бўлиб, ўз йўлида давом этаётгандек тассурот қолдирарди. Ҳар бир бурчакка сочилиб ётган уруғлардек, ҳеч бир қонун -қоидасиз ўз ҳолича кетаётган олам бизни томоша қилиб тургандек эди. Бир оз вақтдан кейин, 1950 йилнинг декабрида шимол қочоқларидан бири бўлиб Пусанга келдим. Биринҳcи кун тунда иш қидириб, учинчи чизиққа чиққанимда ғарамланган сомон устида ўн етти-ўн саккиз ёшлардаги бир ёш ишчи йигит «Шилланинг ойдинли кечаси« қўшиғини айтаётганди. У бу қўшиқни ҳудди озиқ овқат ғарам бўлган тоғ чўққисида, оёғини тебратиб ўтиргандек, берилиб куйларди. Шу пайт ғалати ҳаяжонни ҳис қилдим. Шунинг баробарида, бу менга яна ўша пайтларда радио орқали мунтазам янграйдиган »Петти саҳифаси» қўшиғини ҳам эслатарди. Ҳар гал ўша қўшиқни тинглаганимда ҳудди ифлос ва жирканч сувда чўмилгандек, ҳис қилардим ўзимни. Эндигина жанубдан келган Ли Гуанг Жин мана шундай ифлос ва жирканч ишлар билан баробар чегара билмас тийракликни ҳам биргаликда олиб борарди. Ли Гуанг Жин Чон Санг Донг оғада мавжуд яхши фазилатлар - соф ва покизалик, тўғриликдан йироқроқ киборли ва такаббур бўлиб кўринарди. Шляпасидаги артиб ташланмаган мумдан тортиб, ташқи кўринишигача ғалати эди. Сеулдан якка кураш сирларини ўрганиб келиб, одамлар орасида ўзини кўрсатишга ҳам улгурди. Унинг ҳар бир ҳаракати бутунлай ўзгача- ахлоқсиз ва бетавфиқ, ҳаддан зиёд фаоллик, чегар билмас эркинлик-буларнинг ҳаммаси Жануб дунёсининг ҳароратидан бўлса керак деган тасаввур уйғонарди, менда. Сеулдаги ўрта мактаб безорилари ўртасида катта жанжал чиққанлиги, тўполонда пичоқдан қурол сифатида фойдалангани ва катта лавозимдаги одамнинг ўғли яралангач, жазодан қўрқиб шимол чегарасидан ўтиб келгани ҳақида гапириб, баланд овоз билан ҳаммага махтанарди. Лекин буларнинг ҳаммаси менга қуруқ гапдек туюларди. Пак Чонўк ва Минг Чонг уюшмасининг бошқа аъзолари Ли Гуанг Жинга қандай жавоб беришни билмай мулзам эдилар. Ва ниҳоят, беихтиёр қаҳрамон жангчи сифатида ном қозонган Ли Гуанг Жинга яхши муомалада бўлишга қарор қилиб, бир пайтнинг ўзида унинг жабр кўрган ҳолатларини бирма-бир ошкор қилиб, айёрлик билан муаммони ўзларидан соқит қилишди. Лекин орадан икки ой ўтар ўтмас Ли Гуанг Жин ишкалли талабалар орасида муаммоларга кўмилиб, бутунлай ажралиб қолди. У энди ҳамма нарсага эътиборсиз, беғам ва бепарво бўлиб қолганди. Тобора кучсизланиб бораётган Ли Гуанг Жин чиндан ҳам ачинарли ҳолга тушиб, кундан кун заифлашиб борарди. Ниҳоят, бир йил ўтмасдан, 1949-йилнинг бошида яна жанубга кетиб қолибди. Ўшандан кейин унинг жанубда нима ишлар билан бандлиги, туриш турмуши ҳақида аниқ бир хабар ололмадим. <references> |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Shimolliklar va janubliklar (romandan pa... [Li Xo Chul] 574 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62927 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 61035 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40732 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37340 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 25210 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 24059 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23669 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 20228 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 19101 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14966 |