Иблис тер томчилари (ҳикоя) [Milorad Pavich] |
Илк ўрам – ҳаммамизни ўраб турган ёмғирпўш ҳақида тасодифан билиб қолдим. Аввало, уни атрофимдан, серб императорининг ҳалокатига сабаб бўлган, унинг рамзига айланган «Иблис тер томчилари» қишлоғидан изладим. Сибирда қишнинг 40 даража совуғида терга ботган одамни учратгандим. У XVIII асрга оид энг соф далил, шунинг ўзи тўғри йўлдалигимни кўрсатади. Биз сўз юритаётган одам 1664 йилда, деҳқонлар ҳали-ҳануз ҳайдаладиган шудгорлардан қадимий тангалар топиб оладиган, чақалоқнинг илк қирқилган сочи оловга ташланадиган жойда– Герсеговинада туғилган. Болалигини қум-тупроқ билан тўлдирилиб, узум қаламчаси ўтказилган қайиқчада ўтказган. Ҳар йили кузда, узум пишганида Неретве бўйлаб денгизда, қариндошлари нуфузли савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланадиган Дубровникка қараб йўлга тушади. Бечир – паша Ченгич уларнинг оила аъзоларини қонга бўктирганида ҳикоямиз қаҳрамони Житомислич монастирида ўқирди, ўқишни давом эттириш учун Дубровникка, у ердан Константинопол, Рим, Москва ва бошқа шаҳарларга жўнаб кетади. Бу ёш йигит улкан оила мероси тарқаб кетмаслигини ва аждодларидан ўтиб келаётган катта миқёсдаги савдо иши тўхтаб қолмаслигини истарди. Ватандан олисда яшар экан турк ҳукмронлиги таъсири остига тушди, ўзи учун ғайриоддий, хавфли, бироқ фойдали машғулотни танлади. Бегона шаҳарда ёлланма элчи, сайёҳга айланди. Насронийликка шарқона назокатга тўла эътиқод билан қарар, Портдаги найрангли ҳолатларни тушунишга интилди, Константинополда инглиз элчихонаси қошида тилмочлик билан шуғулланди, кейин узоқ йиллар Россияда хизмат қилди. Унинг иккинчи дипломатлик мавқеи чорак аср давом этди, Россия империясининг муҳим йиғинларида ҳар доим иштирок этди. Буюк Пётр номидан Яссада молдаван князи билан ҳужжат имзолади. Прут султонлари билан шартнома тузди, Полтава жангида иштирок этди. Ниҳоят, насронийлар русумларига кўра Виржиния Тревизан билан никоҳлангач, Римга кетди. У ерда 14 ноябр 1720 йили Папа Климент қабулида бўлди. 1721 йилгача – Папа Климентнинг ўлимигача Россия ва бутхоналар ўртасида музокаралар олиб борди. Ҳаётидаги энг муҳим миссияси – охирги нафасгача Тревизан сулоласига мансуб бўлган рафиқасига садоқатли бўлди. Буни Франческо Гвардининг Тинторетто порти, Дел-Равано кўприги, Прокурацио-векко биносидаги картиналарда кўриш мумкин. Кейинроқ Петербургга кўчиб келади, Буюк Пётрнинг биринчи қизининг туғилиш санасига бағишланган тантанада иштирок этади. Унинг бир маромда кечаётган ҳаётида 1725 йилга келиб ўзгаришлар рўй берди. Азал-азалдан Россиядан Xитойга Буюк ипак йўли ўтган. Бу йўлларда охири кўринмайдиган карвонлар арқондай чизиқ ташлаб ўтишган. Буюк Тартария орқали Xитойга газлама, тери, қундуз ва оқсувсар мўйнаси, атторлик моллари, сахтиён ҳамда қоғоз олиб борилган. Карвонлар Мўғулистондан то Пекингача хитой соқчилари томонидан қўриқланган, орадан вақт ўтиб, чинни, пахта, тилла, олмосга тўлдирилган моллар билан ортига қайтган. Xитойликлар кутилмаганда, 1725 йили карвон йўлларига чек қўйишди. Кейинги гал Xитой ва Россия ўртасида аниқ бир чегара ҳудудларини белгилаш, бу жавобгарликлардан қайси бирини Xитой, қайси бирини Россия савдогарлари ўз зиммасига олиши юзасидан келишмовчилик юзага келди. Подшоҳ саройи уни барча зарурий ҳужжатлар билан таъминлади: дипломатик паспорт, Улуғ Пётрнинг вафот этганлиги гувоҳномаси, Екатерина Биринчининг тахтга ўтириши ҳақидаги кўрсатма, икки император орасида иш юритиш ишонч ёрлиғи, ниҳоят, 30 август 1725 йилда маликанинг Xитой императорига ўз қўли билан ёзган мактуби. У ўзи билан бирга келиб чиқиши Пераст шаҳридан бўлган, Бока-Которск кўрфазида яшовчи, католик мазҳабини қабул қилган шоир Иван Крушалани, бир рус зобитини, Константинопол қул бозорида ўғли билан бирга сотилиб, проваслав мазҳабига чўқинтирилган арабни Буюк Пётрга совға тариқасида келтирган эди. Араб чиройли ва хушбичим эди, айни пайтда катта рус ҳарбий қисмини бошқаради. Бу миссия 1728 йилгача давом этди, ўтган вақт ичида моҳир элчи соқчилар кузатувида Пекинга келди. Xитой императори томонидан қабул қилинди, музокаралар олиб борди, маҳаллий элчилар, маҳфий полиция ходимлари билан алоқа ўрнатди. Xитой вакиллари билан биргаликда 6 минг километрлик чегара масофасини босиб ўтди. У Сибирда ҳаётининг энг оғир дамларини яшади. Бу ерда унинг пешонасига ҳаёт билан видолашув терлари туши, 40 даражали совуқда гир-атрофини қорлар ўраб олганида гарчи Xитой императори номидан музокаралар қилиш учун жўнатилган бўлса-да, булар мутлақо шахсий қизиқишлари туфайли рўй бераётганини ҳис этди. Ўз қизиқишларини сусайтирмай подшо қариндошларидан бирининг тутқун қилиниши сабабли Пекинга чопар юбориб, унинг Xитой офицерлари кузатувида ортга қайтишини кутди. Ҳамма иш охирига етгач, Сибирда Троицкосавск қишлоғига асос солди, Муқаддас Савва Сербский черковини қурди. Чегарада ёзувли ёғоч бут ўрнатди: Муқаддас Белги Россия чегараси ва Xитой империяси ўртасида ўрнатилди. 1727 йил июн ойи 26 санаси Хочга битилган бу ёзув ўша кундан бошлаб, Xитой билан Россия ўртасидаги чегарага айланди. Фламандиялик мусаввир Антонис Ван Дейк бу чегарани ўрнатган одам кексайган чоғларида Венеция либосида қандай кўринганини, олмос тўғнағич билан безатилган бош кийимини, ўз-ўзини туш кўрган қора кўзларини асарларида ифодалаб берган. Кенг қора ёмғирпўш кийган. Унда Ван Дейк[1] картинасининг нафис чизиқлари акс этган. Асарда ҳаммамизни ўраб олган илк қават ифодаланган бўлиб, у олис Сибир кенгликларидаги абадий қорлардай ҳар биримизнинг елкаларимизни эгаллаб ётибди. Бу – менга аскар ҳикоя қилиб берган «Иблис тер томчилари». Унинг сўзларига ишондим, шунда бу менинг ҳам ўз теримга айланди. ↑ Хитой элчихонасининг асосчиларидан бўлган уч нафар шахс адабиётда ўзининг ёрқин изларини қолдиришган: улардан биринчиси элчининг ўзи – Савва Владиславлевич, граф Рагузинский (1664-1738) бўлиб, у ўзининг Xитой саёҳатлари асосида “Хитой ҳукмронлигининг қудрат ва ҳолатларига оид махфий маълумотлар” номли мемуар асарини ёзиб қолдирган; христианликка чўқинтирилган Иван Крушала Xитойни ўз шеърларида тасвирлаган; ёш араб, элчихона кузатувчиси, ҳарбий отряд бошлиғи Абрам Петрович Ганнибал Александр Сергэевич Пушкиннинг она томонидан катта бобоси бўлган. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62425 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57885 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40499 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36638 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23176 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21829 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19541 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18662 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |