Тўрт шамол йўлидаги қабристон (ҳикоя) [Milorad Pavich]

Тўрт шамол йўлидаги қабристон (ҳикоя) [Milorad Pavich]
Тўрт шамол йўлидаги қабристон (ҳикоя) [Milorad Pavich]
Тер томчиларининг иккинчи кўриниши ҳақида мулоҳаза юритиш анча қийин. Оиламиз, насл-насабимизнинг туб томирларига бориб туташувчи ёмғирпўшни узоқ изладим. Унда менинг шахсий ҳаётим сирли табассум қилаётганини ҳис қилиб турардим. Аждодларимнинг қилган ишларидан менда қўрқинч туйғуси, тўғрироғи, ваҳимаси кўпроқ эди. Бобомнинг аянчли вафот этганини, онамнинг етим-есирликда, кўнгли ярим ҳолда катта бўлганини биламан. Мен сизга айтмоқчи бўлган тарихий ҳикояни бобомнинг ўлимига қадар Шабац шаҳри ҳарбий горнизонида хизмат қилган шифокор бувимга ҳикоя қилиб берган. Бобомнинг иқрорномаси нимага айнан шу кўринишда бизга етиб келганини ҳеч тушунолмасдим.
Кечқурун, 1929 йилда – шундай бошланган эди бу воқеа – мен Шабац горнизонидаги беморларни кўриб чиққач, уйга отландим. Кечки овқатга қовурилган жигар тамадди қилиб олгандик. Тепаликка бормай фойтунга ўтирдим. Қаттиқ совуқ бўлганидан бурним остидаги мўйловларим устида музлаган қуш ўтиргандек эди. Қушнинг хўл патлари юз ва бурнимда вижирлаётгандек, қўлларим эса уни олиб ташлашга уринаётгандек туюларди. Иссиқ шинел кийиб олганман, фойтуннинг тепа қисми кўтарилган, шамол бир ёқдан-иккинчи ёққа ўзини урар, совқотган бутоқлар ичкарига киритишни сўраб ялинар, фойтун полига тўкилган муз парчалари гўё рестораннинг синган ойнасига ўхшаб, этик остида ғичирларди. Извошчи менга адёл берди. Адёлга ўраниб, пинакка кетибман, ҳатто терлабман, шинелимдан эса казарма, ошхона ва шаробнинг қоришиқ ҳиди анқирди. Қовурилган жигар ҳидидан уйғондим. Манзилга қачон етиб келишимизни билиш учун ташқарига қараган эдим, фойтун тепасида кимнингдир қўлини кўриб қолдим. Шубҳасиз, кимдир қочишга, шамолга қарши юришга уринарди. «Бундай ёғингарчиликда ким бўлиши мумкин?»–дея ўйладим, шу пайт қулоғим тагида қоронғулик қаъридан бўғиқ товуш эшитилди:
— Мени олиб кет, кўча жудаям совуқ! Уйгача етиб боролмайман.
— Извошчига тўхташни буюрдим. Отлар тўхташи билан ташқаридан ёпирилган қўллар биттаси билан менинг қўлларимни, иккинчиси билан шамширни ушлади. Тик турган кўйи камарини тақиб олдию, ичкарига отилди. Мавсумга мос либосда кийинмаган бу қиз жудаям совқотганди.
— Нега бундай кийингансан? – сўрадим, қиз совуқдан титраб-қақшаб жавоб берди:
— Йил фасллари ўзгараётган пайт ташқарида қандай ҳаво бўлишини билиб бўлмайди.
Уни одеялга ўраб қўйиш истаги туғилди, одеял оёқларим остида чангга беланганди. Қиз совуқдан менга яқин сурилди, бироқ бундан мен негадир ўнғайсизландим.
Шинелимни ечиб, қизни ўраб қўйдим, бироздан сўнг ўзига келди. Ундан сўрадим:
— Кимнинг қизисан?
— Исмим – Деспина, ота – онам Кой ва Драгина Лазаревлар, шу ерга яқинроқ Илерово тор кўчаси 7-уйда яшаймиз.
Фойтундаги қисқа жимликни бузиб, қоронғуликни бармоқлари билан кўрсатди:
— Кўряпсизми, Лайлак қудуқни[1] (шундай расво ҳавода ким ҳам сувга келарди, ўйладим мен), шу ерда тўхтатинг.
Биз тўхтадик, қиз шинелни ечмоқчи бўлган эди, эртага горнизонга кетаётиб, ўзим олишимни айтдим. Извошчи отларни уйига ҳайдади, қиз оёқларини ерга қўяр-қўймас ташаккур билдирди, ҳовлидан ичкарига йўл олди.
Извош жойидан силжиди, эртасига ишга кетаётиб, Илерово тор кўчаси 7-уй эшигини тақиллатдим.
Ажойиб қуёшли кун бўлса-да, унинг учқур игналари қўлқоп ва сочларимиздан тишлаб тортқилаётгандек эди. Эшикни очган мўйсафидга исмини айтиб мурожаат қиларканман, чол тарсаки еган одамдай сапчиб тушди, ўз исмидан қўрққан одамни илк марта кўрганимдан ҳайратландим. Кеча унинг қизи Деспинага берган шинелимни ола кетмоқчилигимни айтдим. У ҳеч нима демасдан ўгирилиб, ичкаридан кимнидир чақирди. Орқасидан кекса бир кампир кўринди, соч ўримининг бири оқ, иккинчиси қора эди.
— Афв этинг, жаноб, Деспинамизнинг ёрқин хотирасини асраб-авайлаб яшаётганимизга яқинда уч йил бўлади. Сиз қандай қилиб қизимизга ўз шинелингизни бериб туришингиз мумкин?
Улар мени калака қилишяптими, деб ўйладим. Қариялар индамай қизининг ўлими ҳақидаги гувоҳномани қўлимга тутқазишди: гувоҳномада унинг исми, берилган санаси, суврати ҳамда 97-қабр майдони қайд этилган эди. «Нима қилиш керак - ўйладим мен, - бу ерни излаб топаман, шинелим бу ҳангомага арзиш-арзимаслигини билишим керак». Чол-кампир билан хайрлашиб, казармага тушкун кайфиятда кириб бордим. Кечқурун уйга қайтаётиб кечаги қудуқ ёнидан ўтмадим. «Тўрт шамол йўналиши»да қад ростлаган меҳмонхонага бурилдим, у қабристон рўпарасида жойлашган. Меҳмонхона ресторанида овқатланмоқчи, бироз исинмоқчи, шу билан бирга ўлим гувоҳномасида кўрсатилган жойнинг бор-йўқлигини аниқламоқчи бўлдим.
Ичкарига кирдим. Зобит Илия Веркович билан капитан Марк Вранеш домино ўйнаб ўтирганига кўзим тушди. Уларнинг ёнига ўтириб, буюртма бердим ва овқатландим. Стол устида пул солинган этик, ёнида ликопчалар турарди. Тамадди қилиб бўлгач, улар нимага шинелсиз кирганимни сўраб қолишди. Бўлган воқеани гапириб бердим. Капитан Вранеш илжайиб шундай деди:
— Икки ярим кумуш танга тикаман, шундай қоронғи ва туманли ҳавода қабристон дарвозасига ҳам яқин боролмайсан.
— Гаров ўйнайман, жаноб капитан, қўрқмайди, - хижолатомуз эътироз билдирди подпоручик Веркович. – Бу воқеада ажабланадиган ғайритабиийлик йўқ, деб ўйлайман.
У мени кичик лавозимда деб ўйладими ё тушкун кайфиятда кўриб руҳлантирмоқчи бўлдими, тушунолмадим.
— Бўлмаган гап, – дедим уларга, – қанча баҳслашманг – сизнинг ишингиз, мени фақат бир нарса қизиқтиради – шинел. Шу учун бу ерга келдим.
— Ўртоқ капитан, – тинчланай демасди Веркович, – сизнинг у ерда бўлганингизни қаердан биламиз?
— Бу – сизнинг ишингиз, – дедим. Қолаверса, хоҳласангиз майдонга 97 шамшир суқиб чиқинг, кейин ўзингизникини излаб топинг. Эрталабгача уларни тозалаб менга қайтаришингизни кутаман.
Биз бир-биримизнинг қўлимизни сиқдик, ресторандан чиқдим. Қўлимда ўлим ҳақидаги гувоҳнома, қабристон томон илдам юриб кетдим. У ерда қабрлар бир-бирига тегиб, зич жойлашган, бўш жой йўқ эди. Бош хиёбондан чапга бурилдим. Майдонларни рақамлар бўйича излай бошладим. Мана, ниҳоят, 97-қабр жойлашган майдон. Ҳушим ўзимда эмас, қўрқув ва ҳаяжонда дағ-дағ титрардим. Ўлим гувоҳномасини енг манжети орасига тиқдим, шамширни ғилофдан олиб, ерга санчдим. Қабрлар орасидан сал узоқроқ кетишга шайлангандим, кимдир шинелим баридан тутиб, қаттиқ силтади. Бақириб юбордим, бироқ товушим ўзимга эшитилмади. Ётган кўйи менга яқинлашган фонар нурларини илғадим, аралаш-қуралаш товушлар эшитилди. Буларнинг ҳаммаси менга жуда яқин жойда, ёнгинамда рўй берди. Менга яқинлашган одамлар энгашиб, тўлқинланиб гапиришарди:
— Бечора, — деди ҳарбий зобит ўз ҳамроҳига, - қаранг, ўртоқ капитан, ҳаммаси кафтдагидай аён, бу ерда ғайритабиий ҳеч нима юз бермаган. У шамширни ерга суқаётиб, шинелининг ҳам ярмини қўшиб санчганини пайқамаган чоғи. Олдинга ҳаракат қилганида шамшир эса унинг баридан маҳкам ушлаб қолган, қўрқиб, ўз зарбига йиқилган. Инсон – финжон каби. Бу жуфтликка хулоса ясаб бўлмайди. Афсус, ғалаба қозонишимни билган эдим.
Баҳсга киришганларнинг иккинчиси – капитан Вранеш сукут сақлаб, жавоб берди:
— Сиз икки томонлама ғолиб бўлдингиз. Ғайритабиий ҳеч нима йўқ, деганмидингиз? Шамширни шунчаки шинелимга қўшиб ерга санчганман, деяпсизми?
— Ҳа, шинел. Кўрмаяпсизми, шамширнинг учи шинелдан чиқиб турибди.
— Мен-ку, кўраяпман, сизнинг кўзингиз қаерда? Капитан қабристонга отланганида эгнида ҳеч қандай шинели бўлмаган. У шинелсиз эди.

* * *
Учинчи – энг асосий қатлам – тер томчилари ёки ёмғирпўш астари менинг қўлимда бўлган асос ва уйдирмани барибир тополмадим. Узоқ вақт, аниқ хулосага келолмай маъюс бошимни эгдим. Бу эса ёмғир-пўшнинг энг муҳим, энг «ески» қисми, агар аскарнинг сўзларини аниқ эслолган бўлсам – унинг ташқи кўриниши бўлмаган, баданга ёпишиб турарди. Айнан бизнинг «қаҳрамонимиз»—ёмғирпўш ҳақида айтилгандай: ўз кўйлагинг — вужудингнинг яқин сирдоши. Бироқ учинчи қатлам ҳеч қаерда йўқ эди. Кунларнинг бирида денгиз тўлқинлари рангидаги ёмғирпўш яна тушимга кирибди. Тўйиб ичибман-у, каравотга чўзилиб, кўзим илинибди. Ҳушимга келаётган лаҳзалар ҳам тушимга кирганмиш. Ҳеч қачон юриб кўрмаганим – Истрия ярим ороллари бўйлаб поездда саёҳатга чиқибман. Бу йўллардан ҳечам ўтмаган бўлсам-да, тинимсиз ёғингарчиликлардан сўнг унинг тўсатдан ўзгарганини ҳис қилибман – денгизни, оролларни, Триест, Алпни, ҳатто тикилиб қарай олмаганим – Двоградни кўрибман. Уйга эмас, Италияга кетаяпман, деб ўйлаётганмишман. Бир-бирига ўхшамайдиган ҳолатларда ҳушимга келдим, уйғондим. Шуларни эсладимки, ортимда нималар қолаётгани, олдимда нималар кутаётганини аниқ ва аён тушда кўрибман. Шунда тушундимки: денгиз тўлқинлари тусидаги ёмғирпўш—қачонки биз харид қилолмаган – учинчи, энг сўнгги тер томчилари эди. Тўғрироғи, ёмғирпўшимнинг астари, янаям аниғи унда астар йўқ, биз уни топа олмагандик. Ҳеч нима менга ҳақиқий тер томчиларидек таъсир қилган эмас. У эса мавжуд.
Бугунги кун ҳавосидан тўйиниб фикрлаётганларидек, яхши ки-йиниш – баданнинг кўринмас қисмини тўлдириши ёки ҳимоя қилишига ишонмайман. Ўша пайтлари менинг моҳиятимга бекиниб олган сирли борлиқ: елкаларимнинг мукаммал орзулари, қалбимнинг тирсак ва тиззаларига мос кийим топилмагани – натижада уларнинг бир умрга тақдир зўравонликларида яланғоч, ҳимоясиз, ташландиқ бир аҳволда қолганини тушуниб етдим. Улар менинг ҳаётимда асосий ўрин тутиши, яшаш тарзимга таъсир этиши мумкин эди. Мавжуд бўлмаган камзулнинг тушимга кириши – ўзимда бир умр тарбиялай олмаган барча ёвузликлардай қаҳратон совуқдан асрайдиган туйғунинг исмидир балки...
Агар ўша маҳалда биз денгиз тўлқинлари тусидаги ёмғирпўшни топганимизда эди, елкаларим узра бошқа қушлар куй чалар эди, демоқчимасман.
Кимнингдир бир хил тушни қайта-қайта кўришини оддий ҳол деб бўлмайди. Бу бекорга эмас.



↑ Лайлак – қудуқдан сув чиқарадиган ричаг шаклидаги мослама.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика