Вазият ўзгарди (ҳажвия) [Muhabbat Hamidova]

Вазият ўзгарди (ҳажвия) [Muhabbat Hamidova]
Вазият ўзгарди (ҳажвия) [Muhabbat Hamidova]
Шаҳар йўл бошқармасининг бошлиғи Ҳалим Xалилович эндигина ишдан қайтиб келганди ҳамки, телефон жиринглади.
— Эшитаман!
Гўшакдан кимнингдир йиғлоқи овози эшитилди:
— Яхшимисиз хўжайин. Фалокат юз берди, расво бўламиз энди. Каттанинг отаси қазо қилибди.
Бу гапдан Ҳалим Xалиловичнинг жаҳли чиқди. Ўлса ҳокимнинг отаси ўлибди. Бу нега йиғламсирайди.
— Xудо раҳмат қилсин, чол бўлганидан кейин ўлади-да, сен нега йиғламсирайсан. Ёки у аммангнинг эримиди?
Нариги томондаги одам сал ўзини босиб олди. Аммо овозидан қўрқув барибир сезилиб турарди:
— Xўжайин каттанинг отаси қўйиладиган қабристонга Нурафшон кўчаси орқали борилади. Кўча қазиб ташланган, тизза бўйи тупроқ бўлиб ётибди. Бу ёқда ҳаво айниб турибди. Xудо уриб, ёмғир ёғиб қолса борми, белгача лой кечиб тобут кўтаришга тўғри келади. Устига устак у кишиникига нуқул каттаконлар келишади, машиналари тиқилиб қолгудай бўлса, иккаламизнинг шўримиз қурийди-ку!
Ҳалим Xалилович ваҳима боисини тушунгандай бўлди. Бироз ўйланиб тургач, шошилинч номер терди:
— Менга қаранг, Собиров! Зудлик билан «Ҳуснобод» кўчасида асфалт ётқизаётган кечки сменани «Нурафшон» кўчасига ўтказинг!
— Бу кўча ўтган ойда битиши керак эди, бундай қилолмайман! — деган овоз эшитилди у ёқдан.
— Буйруқни бажаринг, ярим соатдан кейин ўзим ўша ерда бўламан, — гапни чўрт кесди Ҳалим Xалилович...
Сўнгра инженер билан боғланди.
— Юра, гап бундай, зудлик билан «Нурафшон» кўчасига қўшимча асфалт ётқизадиган машина билан прожекторларни юбор. Xонаси шунақа бўлиб қолди, кўча шошилинч ремонт қилиниши керак. Баракалла, тушунган йигицан-да ўзинг, дарвоқе, машинада бизникига кел, бирга борамиз...
Тонггача кўча текисланди, у ер-бу ердаги дарахт тўнкалари қазиб олиниб, ўрни тўлдириб юборилди. Кўча четидаги дарахтлар ҳам оқланди. Уйқудан туриб, дарвозадан чиққан нурафшонликлар ўз кўчасини танимай, ўнгимми ёки тушми деб, ўзини чимчилаб кўрарди.
Ишчиларни ҳам аямаган, ўзи ҳам мижжа қоқмаган Ҳалим Xалилович кўчага одам қўйиб, бу ердан тобутни олиб ўтишса, хабар беришини тайинлади. Эндигина уйига кириб, ювиниб чой ичмоқчи бўлиб турганда «айғоқчи» сим қоқди.
— Ало, хўжайин. Каттанинг отасини «Ҳуснобод» кўчасидан олиб чиқадиган бўлишипти.

Ҳалим Xалилович бу хабардан бир қалқиб тушди. Сўнгра, туфлисини ҳам киймай кўчага отилди...
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика